Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2026-09-03_11-50-33

ВАКОЛАТ ДОИРАСИДАН ЧЕТГА ЧИҚИШ ҚОНУНИЙ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛДИ

Қонун устуворлиги таъминланган жамиятда ҳар бир давлат хизматчиси, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходими ўз фаолиятида қонунга таяниши, фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати, эркинлиги ва хавфсизлигини ҳимоя қилиши шарт.

Чунки ваколат доирасидан четга чиқиш, қонун талабларига беписандлик билан қараш муқаррар жавобгарликка сабаб бўлади.

Буни қуйида баён этиладиган воқеа мисолида ҳам кўриш мумкин.

Суд ҳужжатларида баён этилишича, уч нафар профилактика инспектори қонун билан берилган ваколатлар доирасидан четга чиқиб, фуқарони асоссиз ушлаб туриш, унга нисбатан зўрлик ишлатиш, оғир тан жароҳатлари етказиш ҳамда содир этилган ҳаракатларга қонуний тус бериш мақсадида сохта ҳужжатлар расмийлаштиришда айбдор деб топилди. Воқеа, аслида, шундай бошланган: жабрланувчи Абдимутал Бўтаев (исм-шарифлар ўзгартирилди) ва унинг турмуш ўртоғи ўртасида муқаддам оилавий низолар бўлиб турган.

Ана шу низолар юзасидан профилактика инспектори сифатида Низом Пирназаров тегишли профилактик чораларни кўриб келган.

Вақт ўтиши билан А. Бўтаевнинг кўнглида негадир турмуш ўртоғи ва профилактика инспектори ўртасида қандайдир муносабат бор, деган гумон пайдо бўлади.

2025 йил 14 август куни кечки пайт А. Бўтаев ўзи истиқомат қиладиган маҳалла ҳудудидаги автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шоҳобчаси ёнида Н. Пирназаровни кўриб қолади ва кўнглидаги шубҳа яна бош кўтаради. Бунинг сабаби ҳам бор эди.

Чунки Н. Пирназаровнинг иш ўрни ўзгарган, бошқа туманга профилактика нозири этиб тайинланганди. Аммо янги иш жойида бўлиш ўрнига бу атрофда юргани А. Бўтаевнинг эски «дарди»ни яна оловлантиради. Чидаб туролмасдан собиқ профилактика инспекторидан яна эски масалага ойдинлик киритишни талаб қилади.

Н. Пирназаровнинг кўнглида эса, А. Бўтаевга нисбатан ғаразли ўй пайдо бўлади ва ундан ўч олиш нияти туғилади. Вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш ўрнига, уни ҳуқуқбузар сифатида кўрсатиш ва суд орқали маъмурий қамоққа ҳукм қилдириш ҳаракатига тушади.

Бунинг учун аввал бирга ишлаган профилактика инспектори Инъомжон Келдибековга қўнғироқ қилади. А. Бўтаев пичоқ кўтариб, таҳдид қилаётганидан ёзғиради ва ундан ёрдам сўрайди.

Кейинроқ Н. Пирназаровнинг илтимосига кўра, И. Келдибеков ва яна бир профилактика инспектори Муҳиддин Холбеков ҳам ички ишлар бўлими маъмурий биносига етиб келади. Улар учрашгач, Н. Пирназаров А. Бўтаевга нисбатан майда безорилик ва ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик каби ҳуқуқбузарликлар бўйича ҳужжат расмийлаштириб, уни маъмурий қамоққа ҳукм қилдиришда амалий ёрдам беришни сўрайди.

Шундан сўнг у А. Бўтаевга қўнғироқ қилиб, Наманган шаҳар 1-сонли ИИБ маъмурий биноси олдига етиб келишини буюради. У келгач, ичкарига мажбурлаб олиб киришади. Унинг ёнида ўткир тиғли жисм борлиги важи билан шахсий тинтув ўтказилади. Бироқ А. Бўтаевнинг ёнидан ҳеч нарса топилмайди.

А. Бўтаев ўзини асоссиз ушлаб, тинтув қилинаётганига эътироз билдиради. Аммо унинг бу эътирози фаол қаршилик кўрсатиш сифатида баҳоланади. Шундан сўнг унинг қўлларини орқасига қайириб, видеокузатувдан четда бўлган “Фуқароларни қабул қилиш хонаси”га олиб боришади.

Хонада бу воқеаларга гувоҳ бўладиган ҳеч ким йўқ эди. Шу сабабли А. Бўтаевни айнан шу хонада уриб-дўппослашган. Бунинг оқибатида унга ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари етказилган. Бу суд-тиббий экспертиза хулосасида ҳам қайд этилади.

Шундан сўнг А. Бўтаевни қўйиб юборишган бўлса керак, деб ўйлаяпсизми?

Йўқ, энди жабрланувчининг эркинлигини чеклашга киришилган. Суд ҳужжатларидан маълум бўлишича, 2025 йил 14 август куни соат ўн саккиздан бошлаб тўрт ярим соат жабрланувчи қонуний асосга эга бўлмаган ҳолда ушлаб турилган.

Қолаверса, Н. Пирназаров жабрланувчи юқори турувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга шикоят қилмаслиги ёки тиббиёт ходимларига айтиб қўймаслиги чораларини ахтарган. Жабрланувчини дастлаб Поп, кейин Косонсой туманларига, гўёки ўз хоҳиши билан дам олишга чиққан қилиб бирга олиб юрган.

Профилактика инспекторининг хизмат хонасида айбсиз айбдорга нисбатан тайёрланган сохта ҳужжатларга мажбурлаб имзо қўйдирилади. Шундан сўнг А. Бўтаев аслида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этмаган бўлса-да, унга нисбатан расмийлаштирилган ҳужжатлар мазмунан кўриш учун судга тақдим этилади.

Бироқ жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди ушбу маъмурий материалларни кўриб чиқиб, тўпланган ҳужжатларда камчиликлар мавжудлиги учун қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказиш учун қайтаради.

Бу томонда эса, олган оғир тан жароҳатлари туфайли А. Бўтаевнинг соғлиғи кун сайин оғирлашиб бораётганди. Судда мақсадларига етолмагач, 2025 йил 16 август куни судланувчилар А. Бўтаевни Наманган шаҳридаги «Марҳабо шифо» хусусий шифохонасига ётқизишади.

Бундан А. Бўтаевнинг онаси ва бошқа яқин қариндошлари хабар топгач, оғир аҳволдаги беморни Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган филиалига ётқизишади. Шифокорлар томонидан кўрсатилган малакали тиббий ёрдам натижасида жабрланувчининг ҳаёти сақлаб қолинади.

Судда аниқланган яна бир муҳим ҳолат — судланувчилар содир этган ҳаракатларига қонуний тус беришга уринилганидир. Бу билан улар ўзларининг зўравонлик ҳаракатларини яшириш, жабрланувчини айбдор шахс сифатида кўрсатиш ва уни маъмурий қамоққа тортилишига уринишган. Ҳужжатларга ёлғон маълумотлар киритилиши, ҳақиқий ҳолатнинг бузиб кўрсатилиши ва сохталаштирилган материалларни судга тақдим этишга ҳаракат қилиниши одил судловга қарши жиноят сифатида баҳоланди.

Суд жараёнида жабрланувчи А. Бўтаев дастлабки терговда берган кўрсатмаларини тасдиқлади. Қайд этилган далиллар бир-бирини тўлдириб, воқеа тасодифий жанжал эмас, балки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, зўрлик ишлатиш ва кейин уни яширишга уриниш билан боғлиқ жиноий ҳаракатлар занжиридан иборат эканини кўрсатди.

Суд иш ҳолатларини ўрганиб, Н. Пирназаров, И. Келдибеков ва М. Холбоевнинг ҳаракатларига Жиноят кодексининг бир нечта моддалари бўйича ҳуқуқий баҳо берди. Улар бир гуруҳ шахслар томонидан қасддан баданга оғир шикаст етказиш, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, далилларни сохталаштириш ва қонунга хилоф равишда ушлаб туришда айбдор деб топилди.

Суд ҳукмига кўра, ҳар учала судланувчи 3 йил муддатга ички ишлар идоралари тизимида, шунингдек, давлат корхона, муассаса ва ташкилотларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Суд Н. Пирназаровга 7 йил, И. Келдибековга 6 йил, М. Холбоевга 5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Суд, шунингдек, жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи борлигини тушунтирди.

Хулоса шуки, қонуний ваколат адолатни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун берилади.

Фуқароларнинг ҳуқуқларига жиддий зиён етказган, мансаб ваколатидан четга чиққан ва ўз қилмишини сохта ҳужжатлар билан яширишга уринган ҳар қандай шахс қонун олдида жавоб беради. Адолатнинг асосий мезони ҳам шу: ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир шахс қонун олдида тенгдир.

Шуҳрат ХУДОЁРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Наманган шаҳар суди судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2026-03-31_12-56-44

ТАДБИРКОРГА ҚАРШИ ДАЪВО СУД ТОМОНИДАН РАД ЭТИЛДИ

Мамлакатимизда хусусий тиббиёт жадал ривожланиб бормоқда. Сўнгги саккиз йилда хусусий клиника ва лабораториялар сони 3 карра кўпайиб, 9 мингга, улардаги шифо ўринлари эса, 57 мингга етди. Бу ҳам бўлса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан соха тараққиётига қаратилаётган юксак эътибор самарасидир.

Пойтахтимизда яшовчи тадбиркор М. Жафаров ҳам яратилган ана шу имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда бундан 5 йил муқаддам “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсата бошлади. Бунинг учун 2021 йил 22 апрелда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан унга 29803167-рақамли лицензия тақдим этилди.

Албатта, ўтган йиллар мобайнида клиникага 300 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция киритилди. Натижада 74 нафар шифокор доимий иш билан таъминланди. Эҳтиёжманд оилалар вакили бўлган беморлар учун 100 га яқин жарроҳлик амалиётлари бепул ўтказиб берилди. Биргина 2025 йил давомида давлат бюджетига 1 миллиард сўмдан ортиқ солиқлар тўланди. Аммо…

Аммо барчанинг кўнглини бирдек олиш қийин. Шу маънода айтганда, фуқаро М. Ҳисомиддинова ўзига кўрсатилган хизматдан кўнгли тўлмай, юқори идорага мурожаат қилади. Оқибатда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасининг тегишли буйруғи асосида 2025 йилнинг 11-20 ноябрь кунлари “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятда текширув ўтказилади. Табиийки, иш бор жойда камчилик ҳам бўлади. Шу боис текширув мобайнида айрим камчиликлар аниқланади.

Хусусан, ассистент врач (пластик хирург) М. Нарзиеванинг хирургия ихтисослиги бўйича, ҳамшира З. Эргашева ҳамда Д. Буртешованинг камида биринчи малака тоифага эга эмаслиги лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузиш, деб топилади. Натижада Соғлиқни сақлаш вазирлиги “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятга берилган лицензияни бекор қилишни сўраб, Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритди.

Айтиш керакки, амалдаги “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуннинг 33-моддасига мувофиқ, лицензия талаби ва шартларини бир марта қўпол равишда бузиш лицензияни бекор қилишга асос бўлади. Шунингдек, қонунда суд айнан қайси ҳолларда лицензияни бекор қилиши ҳам белгиланган. Жумладан, лицензия эгаси ҳужжатнинг амал қилиши тўхтатиб турилишига олиб келган ҳолатларни ваколатли орган ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда, лицензия бериш тўғрисидаги қарорнинг ноқонунийлиги ёки лицензия қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги аниқланганда, лицензия талаблари ҳамда шартлари бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба бузилганда, лицензия талаблари ҳамда шартларини бир маротаба қўпол равишда бузиш фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлиги ҳамда атроф-муҳитга, жамият ва давлат манфаатларига зиён етказса, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солса, бекор қилиниши қайд этилган. Бироқ “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятдаги текширишда бундай ҳолат аниқланмаган. Қолаверса, текшириш ўтказишга асос бўлган аризачи М. Ҳисомиддинованинг ҳам ҳаёти ва соғлиғига зиён етмаган. Иш ҳужжатларида унинг “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятга нисбатан даъвоси йўқлиги ҳақида тилхати мавжуд. Ана шу асосларга таянган суд даъвони рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Президентимиз 2025 йил 10 ноябрь куни тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан бўлган учрашувда тиббий хизматларнинг 30 фоизи хусусий сектор томонидан кўрсатилаётгани, илғор ташаббуслар ҳам улардан чиқаётгани қувонарли ҳол эканини таъкидлади.

Бундан ташқари давлатимиз раҳбари томонидан судлар зиммасига тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоялаш долзарб вазифалардан бири сифатида юкланган. Зеро, республикамиз тараққиётини тадбиркорлик фаолиятисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Муҳиддин СУЛТОНОВ,

Тошкент туманлараро

иқтисодий суди раиси ўринбосари

photo_2026-06-22_11-56-31

АНИҚЛАШТИРИЛМАГАН ХАТОЛИК СУДДА ҚОНУНИЙ ЕЧИМИНИ ТОПДИ

Файзулла Мамараимовнинг уйида кутилмаганда электр энергияси узилиб қолди. Қўни-қўшниларда эса, электр токи бор эди. У қарасаки, электр ҳисоблагич ишламаётган экан.

Унинг чақирувига асосан келган электр таъминоти ходимлари электр токининг узилишига дарҳол “ташхис” қўйишди: электр ҳисоблагичнинг пастки қопқоқ қисми очилган. Шу сабабли автоматик тарзда блокланган ва электр токи узилиб қолган.

Шундан сўнг энергия сотиш корхонаси муҳандиси Ш. Холмуҳаммедов (исм-шарифлар ўзгартирилган) электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати юзасидан Ф. Мамарайимовга нисбатан далолатнома расмийлаштиради. Ўтган йилнинг 3 декабрь куни расмийлаштирилган ҳужжатлар дастлабки суриштирув органи томонидан кўриб чиқилиб, Ф. Мамараимовнинг ҳаракатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддаси 1-қисм билан малакаланади ва судга ўтказилади.

Қонун мазмунига кўра, электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик ҳолатини кодекснинг ушбу моддаси билан малакалаш учун ўша шахс умумий фойдаланишдаги электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланган ёки электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузган ёхуд электрни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан, уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказган, ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартиришга уринган бўлиши керак.

Ф. Мамараимовни кодекснинг ушбу моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузар сифатида айбдор деб топиш қонуннинг айни талабларига мос келадими?

Бу саволга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 307-моддасидан тўлиқ жавоб топиш мумкин.

Мазкур моддада маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш вақтида тегишли орган ё мансабдор шахс маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган-этилмаганлигини, ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жойни, мазкур шахс уни содир этишда айбдор-айбдор эмаслигини, унинг маъмурий жавобгарликка тортилиш-тортилмаслигини, жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар бор-йўқлигини, мулкий зарар етказилган-етказилмаганлигини, шунингдек, ишни тўғри ҳал этишда аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни аниқлаши шартлиги қатъий белгилаб қўйилган.

Шу маънода, ишни судда кўриш жараёнида Ф. Мамараимов томонидан умумий фойдаланишдаги электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланганлик ҳолати аниқланмади. Электрни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан, уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёки электр ҳисоблагич кўрсаткичларини ўзгартиришга уринилмаган. Шунингдек, амалдаги “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 133-бандида кўрсатилган, яъни электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари мавжуд эмас.

Аслида, аввалда электр ҳисоблагичнинг қопқоқ қисми пломбаланмаган бўлган. Бир дона винт ёрдамида маҳкамланиши уни бурашдан олдин пломба ёки ҳимоя қисмини бузишга имкон бермайди. Истеъмолчининг судда айтишича, у электр ҳисоблагичнинг пломбасини бузмаган.

Аслида электр ҳисоблагичнинг пастки қопқоғини ушлаб турувчи винти у ўрнатилган пайтда электр таъминоти ходими томонидан плонбаланмаган.

Ҳатто корхона ходимлари далолатнома расмийлаштирганларидан сўнг ҳам, пастки қопқоқни ушлаб турувчи винтни пломбалаб қўймаган.

Энергия сотиш корхонаси муҳандиси, гувоҳ Ш. Холмуҳаммедов электр таъминоти корхонаси ходимлари чақирувга асосан хонадонга келганида, электр ҳисоблагичга ташқаридан таъсир кўрсатилгани – синдирилган, ёқиб юборилган, кўрсаткичларни ўзгартириш мақсадида уларга аралашиш ҳолатлари аниқланмаганини судда тан олди.

Агар Ф. Мамараимов томонидан тегишли қоидалар талабларига зид равишда пломба бузилган ёки ҳисоблагичдан ташқари уланиш бўлганида, албатта, истеъмолчи жавобгар ҳисобланарди. Бу эса, ўз навбатида, уни маъмурий жавобгарликка тортишга асос бўларди.

Мазкур маъмурий ҳуқуқбузарлик иши бўйича “Энергосавдо” филиали Самарқанд бўлинмаси Қўшработ тумани бўлими 2026 йил 5 февраль куни судга маълумотнома тақдим этди. Унда “АСКУЕ” тизимига мос маиший истеъмолчилар учун мўлжалланган электр ҳисоблагичларнинг клинма қопқоғи пломба вазифасини бажариши, электр таъминоти томонидан ушбу турдаги ҳисоблагичларга пломба қўйилмаслиги маълум қилинган.

Бироқ ушбу маълумотнома Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 16-банди талабларига тўғри келмайди.

Чунки мазкур Қоидаларда электр таъминоти шартномаси асосида электр энергиясини сотиш ва тақсимлаш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахс истеъмолчиларга ўрнатилган ҳисоблагичларни белгиланган тартибда алмаштириш, ўрнатиш ва уларни пломбалашга мажбур эканлиги белгилаб қўйилган.

Демак, судга тақдим этилган маълумотнома амалда белгилаб қўйилган, мамлакатимизда ҳамма бирдек бажариши лозим қоидалар талабларига зид равишда, судни чалғитиш ҳамда истеъмолчи Ф. Мамараимовга нисбатан тузилган далолатноманинг қонунийлигига судни ишонтириш мақсадида тақдим этилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 1-бандига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки аломати йўқ бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса, тугатилиши лозим.

Суд қонуннинг адолатли мезонларига асосланди ва Ф. Мамараимовнинг ҳаракатида ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд эмас, деб ҳисоблади. Унга нисбатан юритилган ишни юритишдан тугатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Конституция ва қонунларга асосланган, кучли фуқаролик жамияти барпо этилаётган, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари устувор саналган, шахс қадри сарбаланд тутилаётган диёримизда айбсиз одам асоссиз равишда жавобгарликка, хусусан, маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги шарт.

Мамлакатимизда олиб борилаётган халқчил сиёсат, давлатимиз раҳбарининг қатъий талаби шундай.

Хулоса қилиб айтганда, шундай саволлар туғилади: айбсиз шахсга нисбатан нега маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди? Хатоликнинг туб сабаби нима билан изоҳланади?

Кўриниб турибдики, ҳар икки жамоада ҳам ходимларга хизмат вазифасини тўлақонли бажаришлари юзасидан тушунтириш ишлари етарли даражада ташкил этилмаган. Қонун ва қонуности ҳужжатларига ходимларнинг риоя қилишлари қатъий назоратга олинмаган. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш қоидаларини доимий тушунтириб бориш ишлари амалга оширилмаган. Оқибатда адолат тамойиллари бузилган.

Бинобарин, суд шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, юқоридаги каби хато ва камчиликларга йўл қўйилишининг олдини олиш, ходимларнинг ўз хизмат вазифаларини тўғри бажаришлари устидан етарли даражада назорат қилиш чораларини кўриш, муҳандис Ш. Холмуҳаммедов ва профилактика инспектори С. Эгамовнинг хатти-ҳаракатларини йиғилишда муҳокама қилиш ҳамда тегишли чора-тадбирлар белгилашлик учун электр таъминоти корхонаси туман бўлими, шу каби туман ички ишлар бўлими раҳбарлари номига тақдимномалар киритди.

Зеро, ҳеч кимга адолат тамойилларини бузишга, бирон-бир шахсни асоссиз ва ноҳақ маъмурий ҳуқуқбузарга чиқаришга изн берилмаган.

Баҳодир АҲМЕДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қўшработ тумани суди тергов судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

“Куч — адолатда” мухбири

photo_2026-03-31_12-49-18

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ: ХАЛҚАРО СТАНДАРТЛАР, СУД АМАЛИЁТИ ВА МИЛЛИЙ ТАЖРИБА

Мамлакатимизда жамият тараққиётига жиддий хавф солаётган, адолат мезонини оғдираётган ва инсон виждонини синовдан ўтказаётган иллат — коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилмоқда.

Президентимиз бу иллатни “давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид” деб баҳолаб, 2026 йил коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган чора-тадбирларни мустаҳкамлаш мақсадида, мамлакатда коррупцияга қарши “фавқулодда ҳолат” эълон қилиш ҳақида мурожаат қилганлиги бежиз эмас. Чунки коррупция — бу фақат пора олиш ё бериш эмас, балки омонатга хиёнат, ўзаро ишончга зарба ва адолат тарозисининг қасддан оғдирилиши ҳамдир.

Аслида, ҳар қандай жиноят, аввало, нопок кўнгилда пайдо бўлади, яъни «қасд» пайдо бўлади. Демак, коррупция — фақат қонунбузарлик эмас, балки зудлик билан ислоҳ қилинишга муҳтож маънавий таназзулдир.

Шунинг учун ҳам, бугунги глобаллашув шароитида коррупция фақат миллий муаммо эмас, балки халқаро хавф сифатида эътироф этилмоқда.

Чунончи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган Коррупцияга қарши Конвенция коррупцияга қарши курашда ягона универсал ҳуқуқий механизм сифатида хизмат қилмоқда. Ушбу Конвенция давлатлар олдига: коррупциянинг олдини олиш, жазо муқаррарлигини таъминлаш, халқаро ҳамкорлик ва активларни қайтариш сингари долзарб устувор вазифаларни қўяди. Негаки, коррупциянинг таркибий таҳлили пора олиш ва бериш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, давлат активларини ўзлаштириш ва қонунни айланиб ўтиш каби шаклларда намоён бўлади.

Шу маънода суд амалиёти таҳлилига назар ташласак, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича туман судлари томонидан 2025 йил давомида коррупциявий жиноятлар билан боғлиқ 462 нафар шахсга нисбатан 264 та жиноят иши кўриб, тамомланган, 453 нафар шахсга 256 та айблов ҳукми чиқарилган, 3 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинган, 6 нафар шахсга нисбатан ишлар тугатилган. Албатта, бу рақамлар судларнинг айблов ва оқлов ўртасида холис мувозанат сақлаётганини кўрсатади. Шу билан бирга жазо тайинлашда ҳам мутаносиблик ва индивидуал ёндашув таъминланган: судланганларнинг 19,6 фоизи — жарима, 12,6 фоизи — ахлоқ тузатиш ишлари, 22,1 фоизи — озодликдан чеклаш, 33,3 фоизи озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилган бўлса, 8 фоизига шартли жазо тайинланган. Шунингдек, 188 нафар судланувчи қўшимча жазо сифатида муайян ҳуқуқдан ҳам маҳрум этилган. Бу амалиёт халқаро стандартларга, хусусан, давлат хизматининг шаффофлиги ва жавобгарликни оширишга қаратилган халқаро Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) тавсия этган жазонинг муқаррарлиги ва самарадорлиги принципларига мос келади.

Шу ўринда мисолларга эътибор қаратадиган бўлсак, Қ. Қосимов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Тошкент халқаро аэропортида масъул лавозимида фаолият юритган. Аммо у мансабдор шахс сифатида ўз хизмат мавқеидан ғаразли ниятда фойдаланган ҳолда чет эл ва юртимиз фуқароларига чиқиш визаларини расмийлаштириб бериш эвазига турли миқдордаги пулларни пора сифатида талаб қилиб келган.

Масалан, чет эллик фуқаро М. А.дан ўзининг хизмат хонасида 1 000 000 сўм олиб, унга “Exit” визасини расмийлаштириб берган.

Умуман айтганда, А. Қосимов 31 та ҳолатда фуқаролардан пора олган. 

Кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, 2025 йил 19 июль куни у фуқаро А. С.дан 200 АҚШ долларини пора сифатида олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди ҳукми билан А. Қосимовга 2 йил муддатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, солиқ тизимида фаолият юритган С. Толибов ва У. Хурсандов ўзаро жиноий тил бириктириб, порахўрлик жиноятини содир этишган.

Яъни улар ўз хизмат мавқеидан қасддан фойдаланиб, Яккасарой туманида жойлашган умумий овқатланиш шохобчасини ўрганиб, унинг иш юритувчисига солиқ текширувларини ўтказмаслик ва шохобча фаолиятига раҳнамолик қилиш эвазига 600 АҚШ доллари талаб қилишган. Аммо улар бу маблағни пора сифатида олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Суд томонидан ҳар иккала судланувчи Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “г” банди билан айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга солиқ соҳасида раҳбарлик, моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, коррупцияга қарши кураш — бу фақат жазо чораси эмас, балки ҳуқуқий маданият, шаффоф бошқарув ва жамоатчилик назоратини мустаҳкамлаш жараёни ҳамдир. Шу боисдан ўтган 2025 йил натижалари суд амалиётида жазонинг муқаррарлиги, зарарни қоплаш механизмининг самарадорлиги, профилактиканинг кучайтирилгани каби ижобий тенденцияларни намоён этганини эътироф этиш жоиз. Зеро, адолат устувор бўлган жамиятда ишонч шаклланади.

Ишонч бор жойда эса, барака ва фаровонлик қарор топади.

Фарҳод Ғаниев,

Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари –

жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

photo_2026-06-22_12-19-22

ҲАЙВОНОТ ДУНЁСИГА НОҚОНУНИЙ МУНОСАБАТ ЁКИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТИТУТИНИНГ ОДИЛ СУДЛОВНИ ТАЪМИНЛАШДАГИ ЎРНИ

Баъзан бир қарашда оддий кўринган қилмиш ортида катта ижтимоий хавф яширинган бўлади. Айтайлик, бир нечта балиқ овлаш кимгадир шунчаки майда қоидабузарлик бўлиб туюлиши мумкин. Аммо ҳамма бирдек амал қилиши лозим бўлган қонун талабига енгил-елпи қараб бўлмайди. Айниқса, гап табиий сув ҳавзаларида тақиқланган усул — электр токи билан балиқ овлаш ҳақида кетса, бу бутун экотизимга етказилган зарар сифатида баҳоланади.

Биз мисол тариқасида келтираётган жиноий ҳодиса ўтган йилнинг 12 сентябрь куни Сирдарё дарёсининг Гулистон тумани “Теракзор” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида содир бўлган. Бобоқул Ширинбоев (исм-шарифлар ўзгартирилди) ўзининг жиноий шериклари Ихтиёр ва Бахтиёр Даминов билан резина қайиқ, иккита аккумулятор, электр қармоқ, ёритиш мосламаси ва бошқа воситаларда электр токи ёрдамида ноқонуний балиқ овлаётганда экология соҳаси ходимлари томонидан ушланган.

Ҳолат бўйича беш турда – 16 дона товонбалиқ, 12 дона сазан, 6 дона лаққа, 1 дона мой балиқ ва 1 дона Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган Туркистон мўйлабдори, жами 36 дона балиқ ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Судланувчилар «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг табиий ҳавзаларида балиқ овлаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори талабларига зид равишда ноқонуний ов қилган. Оқибатда ҳайвонот дунёси объектларига 69 миллион 442 минг сўм зарар етказилган.

Сирдарё вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган қарори билан тасдиқланган «Табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш қоидалари» талабларидан келиб чиқиб, етказилган зарар қийматини ўн бараварга ошириш коэффиценти билан ҳисоблаган. Шунда ҳайвонот дунёсига етказилган зарар 694 миллион 220 минг сўмни ташкил этган.

Жиноят ишлари бўйича Гулистон тумани суди 2025 йил 17 декабрдаги ҳукм билан Бобоқул Ширинбоев ва Бахтиёр Даминовни Жиноят кодексининг 202-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топган ҳамда уларга 1 йил муддатга барча овчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда ҳар бирига 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Судланувчи Ихтиёр Даминов уч йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган.

Ҳар учала судланувчига ҳайвонот дунёсига етказилган 694 миллион 220 минг сўмлик зарарни солидар тартибда тўлаш мажбурияти юклатилган.

Яқинда Б. Ширинбоев ва Б. Даминов ҳамда уларнинг ҳимоячиси вилоят суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъатига шикоят билан мурожаат қилиб, биринчи босқич суди айрим ҳолатларни етарлича инобатга олмагани, хусусан, судланувчиларнинг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, иштирокчилик даражаси, оилавий аҳволи, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар қаторида туриши, вояга етмаган фарзандлари борлиги ва зарарнинг бир қисми қопланганини важ қилиб, уларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради.

Даставвал айтиш ўринлики, судлов ҳайъати апелляция шикояти асосида ишни кўришда ўз ваколатидан келиб чиқиб, фақат ҳукм қонуний ва адолатлими ёки ноқонунийми, деган савол билан чекланмади. Балки ҳукмнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта баҳолади.

Биринчи босқич судининг ҳукмидан сўнг зарарнинг қопланганлик ҳолатига алоҳида эътибор қаратди.

Маълум бўлдики, биринчи босқич судида қайд этилган хулосалар асосли, ишнинг ҳақиқий ҳолатига мос. Иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширилиб, Б. Ширинбоев ва Б. Даминовнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 202-моддаси 4-қисми билан тўғри ва асосли малакаланган.

Содир этилган жиноят оқибати юзасидан тушунтириш берадиган бўлсак, электр токи билан балиқ овлашнинг хавфи катта. Яроқсиз усул сувдаги бошқа тирик организмларни ҳам нобуд қилади, майда балиқлар, тухумлар, сув жониворларининг табиий кўпайиш занжирига салбий таъсир этади.

Шунинг учун бу усулда балиқ овлаш қатъиян тақиқланган. Яна бир томони бу ерда масала “қанча балиқ овланди” деган савол билан чекланмайди.

Аксинча, жамиятимизда табиатдан фойдаланиш маданияти, экологик масъулият ва келажак авлодлар олдидаги бурч ва мажбуриятга қай даражада қаралаётгани аҳамиятли.

Апелляция судлов ҳайъати миллий қонунчиликда белгилаб қўйилган қонун мезонларига таянди. Хусусан, Жиноят кодексининг 8-моддасига асосан, жиноят содир этган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши кераклиги, 54-моддасида эса, жазо тайинлашда жиноятнинг хусусияти, ижтимоий хавфлилик даражаси, қилмиш сабаби, етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдори, айбдорнинг шахси, енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олиниши белгиланган.

Бироқ биринчи босқич суди Б. Ширинбоев ва Б. Даминовга нисбатан айбига иқрорлиги, муқаддам судланмаганлиги, қилмишидан пушаймонлиги, содир этилган жиноятнинг хусусиятини, етказилган зарар миқдорини эътиборга олмасдан бир қадар оғир жазо тайинлаган. Биринчи босқич судининг ҳукмидан кейин ҳайвонот дунёсига етказилган зарарнинг 268 миллион 400 минг сўми судланувчиларнинг қариндошлари томонидан қопланган.

Апелляция судлов ҳайъати юқорида қайд этилганларни инобатга олиб, биринчи босқич суди ҳукмининг Б. Ширинбоев ва Б. Даминовга оид қисмини ўзгартирди. Уларга тайинланган 5 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига 1 йил муддатга барча овчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 3 йилдан муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Шунингдек, уларнинг 2025 йил 17 декабрдан 2026 йил 6 февралга қадар қамоқда сақланган 1 ой 19 куни Жиноят кодексининг 62-моддаси асосида озодликни чеклаш жазосидан чегирилиб, ўташ учун 2 йил 10 ой 11 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Назаримизда, бу ўзгаришни жазони адолатли шаклда қайта белгилаш деб тушунилса, тўғри бўлади. Чунки озодликдан маҳрум қилиш жазоси озодликни чеклаш жазосига алмаштирилса-да, судланувчилар айбли деб топилган ҳолат сақланди, овчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси ҳам қолдирилди. Шу каби улар зиммасига қопланмаган 425 миллион 820 минг сўм моддий зарарни бир йил муддатда солидар тартибда тўлиқ қоплаш мажбурияти юклатилди.

Кўриниб турибдики, апелляция суди судланувчилар зиммасидан жавобгарликни соқит қилмаган ҳолда қонунларимизнинг инсонпарварлик тамойилларига асосланганлигини амалда ифодалади ва жавобгарликни реал ҳаёт билан боғлади. Судланувчилар гарданида энди озодликда юриб, чекловлар доирасида яшаш, меҳнат қилиш, зарарни қоплаш ва қонунга итоат қилиш мажбурияти бор.

Мухтасар айтганда, жиноят ишларини апелляция тартибида кўриш биринчи босқич судида йўл қўйилган хато-камчиликларни тузатиш, адолат ва инсонпарварликни мувозанатлаштиришгагина эмас,қонун устуворлигини таъминлаш, судланган шахс тақдирига таъсир қилувчи жазо масаласини қайта баҳолаш, жабрланган тараф манфаатини ҳимоялаш сингари қатор вазифаларни тўлақонли бажармоқда, шу тариқа халқимизнинг одил судловга бўлган ишончини оширмоқда.

Жавлон ЖАББОРОВ,

Сирдарё вилояти

суди судьяси

photo_2026-02-05_11-25-25

ОЛИЙ СУДДА МАТБУОТ АНЖУМАНИ

Олий судда 2025 йилда одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолият юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоялаш борасида қилинаётган ишлар, соҳадаги ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда «Инсон қадри» ғояси асосида ўтказилган муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараёнларда янги таҳрирдаги Конституция қабул қилиниб, унда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясининг кафолатлари янада кучайтирилди.

Фуқаролар ва тадбиркорларга одил судловдан фойдаланиш имкониятлари янада кенгайтирилгани алоҳида қайд этилди.

Хусусан, аҳолининг судга мурожаат қилишига оид масалалар тўлиқ рақамлаштирилди. Ариза йўллаш, ишда иштирок этиш, суд ҳужжатларини олиш ва ишларни кўрилиши ҳақида маълумот олиш каби суд томонидан кўрсатиладиган хизматлар Олий суднинг интерактив хизматлар портали орқали электрон шаклда амалга оширилиши йўлга қўйилди.

Натижада, судлар фаолиятининг очиқлиги таъминланиши билан бирга аҳолининг ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий онги ва маданиятини ошишига эришилмоқда.

Инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш тизимини янада яхшилаш, одил судлов соҳасидаги кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, суд соҳасини рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, судларда фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида бир қатор муҳим қарор ва фармонлар имзоланди.

Жиноят иш юритувида инсонпарварлик тамойиллари асосида «Хабеас корпус» институтини янада кенг татбиқ этиш мақсадида 2025 йил 1 январдан тергов судьялари институти миллий амалиётга жорий этилди.

Бугунги кунда, 205 та жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларида 263 нафар тергов судьялари фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиб, одил судловни амалга оширмоқда.

Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ва маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиқиб такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш Концепцияси тасдиқланди.

Суд соҳасини рақамлаштириш, суд тизимининг моддий таъминотини яхшилаш, судьялар корпусини малакали кадрлар билан таъминлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонлари қабул қилинди.

«Рақамли суд» концепцияси асосида «Ақлли суд» заллари ташкил этиш, судлар фаолиятига энг илғор сунъий интеллект технологиялари жорий этиш, судларга замонавий бинолар қуриш, шунингдек, одил судлов соҳаси учун кадрлар тайёрлашнинг замонавий, ихчам ва оптимал тизими йўлга қўйиш белгиланди.

Олий суд томонидан ишларни кўриш жараёнида суд амалиётида аниқланаётган муаммолар доимий равишда ўрганилиб, «суд кўзи билан» таҳлил этиб бориш йўлга қўйилди.

Ўтказилаётган таҳлиллар асосида аниқланган камчиликлар ва қонунчиликдаги зиддиятларни бартараф этиш, шунингдек одил судлов самарадорлигини ошириш ва суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Олий суд Пленуми томонидан суд амалиётида қонунчиликни қўллашнинг долзарб масалалари юзасидан тушунтиришлар берилиб, давлат органлари ва ташкилотлар учун ягона суд амалиётини яратишга доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Олий суд Пленуми томонидан 28 та қарор қабул қилиниб, уларнинг 20 тасида бевосита қонунчиликни қўллаш масалалари бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Ушбу тушунтиришларнинг мазмун-моҳиятида жамиятдаги энг долзарб масалалар бўйича ягона суд амалиётини ўрнатиш мақсад қилинган.

Олий суд Раёсати томонидан 2025 йилда 21 та масала кўрилиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинган.

Фуқароларга янада кўпроқ қулайликлар яратиш мақсадида судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича тизимли чоралар кўрилмоқда.

Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.

 

photo_2026-04-21_10-36-38

КЎЗИ ОЧИЛМАГАН ҲАМТОВОҚЛАР ТАКРОРАН ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРИШДИ

Риштон туманининг “Жалойир” маҳалласида яшовчи, вояга етмаган Жавоҳир Аъламов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2025 йил 2 октябрь куни кечки овқатдан сўнг ўз хонасига кириб, қўл телефони хотирасидаги видеоларни кўриб ётади. Сўнг соат чамаси, 22.30 ларда телефонини қувват олдириш учун қўйиб, ухлайди. Аммо…

Туманнинг Хуррамобод қишлоғида яшовчи Руфатжон Бобораҳимов 2021 йилда таниши Авазбек Мансуржонов билан бирга ўғирлик ва ўғирликка суиқасд қилиш жиноятларини содир этган. Оқибатда уларга жиноят ишлари бўйича Риштон туман судининг 2021 йил 5 ноябрдаги ҳукмига мувофиқ, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди ва 25,169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, ушбу кодекснинг 57, 59, 62, 84-1-моддалари тартибида тегишли муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Р. Бобораҳимов жиноят ишлари бўйича Риштон тумани судининг 2023 йил 18 августдаги ажрими билан Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан, А. Мансуржонов эса, жиноят ишлари бўйича Олтиариқ тумани судининг 2022 йил 29 августдаги ажримига мувофиқ айни кодекснинг 89-моддаси тартибида муддатидан илгари шартли равишда жазодан озод қилинган.

Аслида, бу бағрикенглик ҳар икки судланувчига қилмишидан тўғри хулоса чиқариш, ҳаётда тўғри йўлни топиши учун берилган имконият эди. Бироқ ҳамтовоқлар буни хаёлларига ҳам келтиришмади, аксинча, янада оғирроқ жиноятга қўл уришди.

Гап шундаки, А. Мансуржонов қонуний жазодан муддатидан илгари озод бўлгач, хорижга ишлагани кетади ва 2025 йил 1 октябрь куни Ўзбекистонга қайтиб келади. Келади-ю, эски ҳамтовоғи Р. Бобораҳимовга қўнғироқ қилади. Икковлон “маслаҳат”лашгач, эртаси куни шом маҳали А. Мансуржонов ўзи туғилиб ўсган Риштон туманига боришади.

Буёғини сўрасангиз, у хорижга ишлагани кетмасидан олдин тумандаги “Жалойир” маҳалласида Наима Йўлчиеванинг хонадонида устачилик ишларини бажарганди. Ўшанда бу аёлнинг анчагина бадавлат эканини кўз остига олиб қўйганди. Бинобарин, Р. Бобораҳимовга ҳамтовоғи Н. Йўлчиеванинг хонадонига ўғирликка тушишни таклиф қилади. Бу таклиф жиноий шеригига ҳам маъқул келади.

Шундан сўнг ҳамтовоқлар тунги соат 23.30 ларда Р. Бобораҳимовнинг “Москвич” русумли автомашинасида Наима Йўлчиеванинг уйи яқинига келишади. Кейин маҳалла ичидаги йўллар орқали хонадоннинг томорқасига ўтишади. Чунки бу жой девор билан ўралмаганлиги учун ҳовлига киришга қулай эди. Улар ҳовлига, сўнг эса, рўпарадаги хонага бостириб киришади. Бу хонада Н. Йўлчиеванинг вояга етмаган ўғли Жавоҳир Аъламов ухлаб ётганди. Қарашсаки, стол устида “Iphone 15 Pro Max” русумли уяли алоқа воситаси турибди. А. Мансуржонов дарров телефонни олиб, ҳамтовоғига беради. Лекин шу маҳал Жавоҳир уйғониб қолиб, унинг қўлига ёпишади. Кейин бақириб, онасини ёрдамга чақиради.

Буни кутмаган А. Мансуржонов ва Р. Бобораҳимов Ж. Аъламовнинг юзи ва танасининг турли соҳаларига уриб-тепкилайди. Сўнг хонадан ўқдек отилиб чиққанча томорқа томонга қочишади. Уларни ҳовлида кўрган Наима Йўлчиева қўрққанидан хонасидаги парда ортига яширинади. Аммо қўрқувга тушганидан оёқ-қўли қалтираса ҳам, бир амаллаб, Тошкент шаҳрида яшовчи қизи Манзура Аъламовага қўнғироқ қилади. Манзура эса, дарҳол ички ишлар идорасига хабар беради.

Албатта, ушбу хабарга асосан ички ишлар бошқармаси тезкор ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб боради. Сўнг уларнинг ёрдами билан Н. Йўлчиева жароҳатланган ўғлини тез ёрдам автомашинасида шифохонага жўнатади.

Буни қарангки, эртаси куни А. Мансуржонов ўғирланган қўл телефонини Фарғона шаҳри марказида мобил қурилмалар савдоси билан шуғулланувчи дўкон соҳибига 1,5 миллион сўмга сотиб юборади. Бироқ қонун ҳимоячилари махсус техникалар ёрдамида уяли телефон айнан қаерда эканлигини топишади. Шу орқали жиноят тез орада очилади.

Оқибатда А. Мансуржонов ва Р. Бобораҳимовга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Яқинда ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Риштон туман судида кўриб чиқилиб, иккала судланувчи Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисмининг тегишли бандлари билан айбдор деб топилди. Суд уларнинг ҳар бирига 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги йилларда аксарият оғир ва ўта оғир жиноятлар муқаддам судланган шахслар томонидан содир этилмоқда. Бу, ўз навбатида, жазодан озод этилган шахсларга пробация чора-тадбирлари кўрсатиш, уларни иш билан таъминлаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш зарурати мавжудлигини кўрсатади.

Мазкур воқеа енгил йўл билан бойлик орттиришга уриниш қандай аянчли оқибатларга олиб келишини яна бир бор кўрсатди. Қонунга зид ҳаракат нафақат жиноят содир этган шахслар тақдирига, балки жабрланувчилар ҳаётига ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Шу боис ҳар бир фуқаро, айниқса, аввал хатога йўл қўйганлар, берилган имкониятни қадрлаб, тўғри йўлни танлаши зарур. Акс ҳолда, жиноят йўли охири муқаррар равишда жазо билан якунланади.

Одилжон ИСМОИЛОВ,

жиноят ишлари бўйича

Риштон тумани суди раиси

photo_2026-02-24_17-44-27

ТАЪМАГИРЛИК ҚОНУНИЙ ЖАЗОГА САБАБ БЎЛДИ

Маълумки, коррозия ҳодисаси — металлни, коррупция эса, жамиятни емиради. Жамиятни емириши шунда намоён бўладики, фуқароларнинг давлатга, амалдаги қонунларга бўлган ишончи сусаяди. Бинобарин, биз, судьялар коррупцияга оид жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан жазо тайинлашда қатъиятлик билан жазонинг муқаррарлигини таъминлашимиз шарт.

Шу ўринда фикримизни бир жиноят иши мисолида давом эттирсак, пойтахтимизнинг Юнусобод туманида яшовчи Талъат Бекқулов (исм-шарифлари ўзгартирилган) 1998 йилда ички ишлар органлари тизимига ишга киради. Кейинчалик ИИБ тезкор вакили лавозимини эгаллайди.

Мазкур хизмати мобайнида ошна-оғайнилари, маҳалла-кўй ва бошқа таниш-билишлари ўртасида ўзига яраша ҳурмат-эътибор қозонади. Шу тариқа Т. Бекқулов тизимда 18 йил ишлайди. Аммо нафс қутқусига учраб, шунча йил мисқоллаб йиққан обрўсини ўзи тўкиб қўяди. Аниқроғи, 2016 йилда Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 2-қисмида назарда тутилган “Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш” жиноятини содир этади. Оқибатда жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг 2017 йил 24 январдаги ҳукмига кўра, мазкур модда билан айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинади. Бироқ 2016 йил 12 октябрдаги амнистия акти қўлланган ҳолда жазодан озод қилинади.

Аслида, амнистия актининг қўлланилиши ўша шахсга қилмишидан ўзига тегишли хулоса чиқариб олиши ва такроран жиноятга қўл урмаслиги учун берилган имкониятдир. Афсуски, Т. Бекқуловнинг кўзи очилмаган экан.

Ачинарлиси, бу гал ҳам у нафс қутқусига учиб, жиноят содир этади.

Гап шундаки, анчадан буён Т. Бекқулов тумандаги тадбиркорлик субъектларидан бирида ишлаб келаётганди. 2025 йил август ойларида эски бир таниши унга Шаҳноза Нажимовани рўбарў қилади. Аниқроғи, Ш. Нажимова ўзининг шахсий муаммоси юзасидан маслаҳат сўрайди.

— Дугонам сизни илгари ички ишлар идорасида ишлаганингизни айтиб қолди. Шунинг учун менга йўл-йўриқ кўрсатсангиз, — дейди у.

— Сизга қанақа йўл-йўриқ керак? — аёлнинг гапни узоқдан бошлаганидан таажжубланади Т. Бекқулов.

Маълум бўлишича, Ш. Нажимова муқаддам — 2020 йилда жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг ҳукми асосида судланган эди.

Бинобарин, аёл ўзининг судланганлик ҳолатини олиб ташлаш йўли бор-йўқлигини сўрайди. Бироқ Т. Бекқулов аёлга қонуний маслаҳат бериш ўрнига вазиятдан “унумли” фойдаланиб қолишни ўйлайди.

— Харажатини берсангиз, мен вазирликдаги ҳамкасбларим билан гаплашаман. Судланганлик ҳолатингизни компьютердан ўчириб ташлашади, — дея оғиз тўлдириб гапиради у.

— Қанча беришим керак? — сўрайди Ш. Нажимова бироз иккиланиб.

— Биласиз, электрон база фақат уларнинг қўлида. Ҳар ким ҳам ҳал қилиб беролмайди бу муаммони, — дейди собиқ ходим.

У шундай деб 4 000 АҚШ доллари эвазига ички ишлар органларида юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали масалани ҳал қилиб беришини айтади. Лекин аёл бу таъмагирликни қабул қилолмайди. Бинобарин, Т. Бекқуловнинг талабидан норози бўлиб, ички ишлар идорасига мурожаат қилади. Оқибатда мазкур ҳолат юзасидан тезкор тадбир ўтказилади. Унда кўзи очилмаган Т. Бекқулов 2025 йил 11 сентябрь куни Мирзо Улуғбек тумани, Оққўрғон кўчасида жойлашган ишхонаси ёнида Ш. Нажимовадан 4 000 АҚШ долларини олган вақтида ушланади.

Шундан сўнг Т. Бекқуловга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди эса, уни Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 2-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, қонуний жазога маҳкум этди.

Хулоса ўрнида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 27 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидаги бир фикрига эътиборингизни қаратмоқчиман. Давлатимиз раҳбари “Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл қўйиш эса — ислоҳотларимизга хиёнатдир. Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз” дея алоҳида таъкидлади.

Демак, жамиятимизда хавфсиз муҳитни таъминлаш, коррупция иллатига қарши муросасиз курашиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканини унутмайлик.

Дилноза ХОЛИҚНАЗАРОВА,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани

суди судьяси

photo_2026-09-07_12-28-21

ЖИНОЯТНИНГ ИЛДИЗИ ҚАЕРДА? Ёки бир фожиа ортидаги аччиқ ҳақиқат

Бу ҳаётда инсон учун энг катта бойлик мол-дунё эмас, балки унинг виждони, ҳалоллиги ва одамлар ишончидир. Чунки бойлик йўқолса, топилади, мол кўпайиб ҳам, камайиб ҳам туради. Аммо бир марта синган ишончни қайта тиклаш мушкул. Судда кўрилган навбатдаги жиноят иши ҳам айнан ишончнинг суиистеъмол қилиш қандай оғир оқибатларга олиб келишини яна бир марта амалда кўрсатди.

Ҳаммаси оддийгина «Қўйларимни боқиб берсангиз», деган илтимосдан бошланди.

Гап шундаки, судланувчи Жавоҳир Тўраев (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2023 йил апрель ойидан бошлаб, Паркент туманидаги тоғаси Ё. Шокировга тегишли фермер хўжалигида норасмий равишда чўпонлик қилган. У 2023 йил ноябрь ойида синфдоши Учқун Тоҳировга агар қўй олиб берса, унинг қўйларини ҳам фермер хўжалигига тегишли отарга қўшиб боқиб, кўпайтириб беришга ваъда қилади.

Шундан сўнг у У. Тоҳировдан 9 та қўй, кейинчалик 40 бош қўйни сотиб олиш учун 60 миллион сўм олади. Шунингдек, фуқаро Акбар Худойқуловга ҳам худди шундай ваъда бериб, унинг 31 500 000 сўмлик 9 бош қўйини боқади. Аммо у бўйнида катта миқдорда қарзи бўлганлиги сабабли, 2024 йил декабрь ва 2025 йил январь ойларида бу қўйларнинг ҳаммасини сотиб юбориб, қарзини тўлайди. У бу ҳаракатлари билан ўзининг ихтиёрида бўлган ўзганинг жами 203 миллион сўмлик 58 бош қўйларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш жиноятини содир қилади.

Шундан сўнг 2025 йил ёз ойида қўй эгалари ўзларига тегишли қўйларни қайтаришни талаб қилгач, Ж. Тўраев уларни ҳам қасддан ўлдиришни режалаштиради. Шундай ғаразли ниятда у 2025 йил 30 сентябрь куни У. Тоҳиров ва А. Худойқуловни қўйларини кўрсатиш ва қайтариб беришини важ қилиб, соат 23:00 ларда Паркент тумани, “Кумушкон” маҳалласи ҳудудидаги Олтинбел қир-адирлигига бошлаб боради.

Қисқаси, у қоп-қоронғи тун қўйнида кутилмаганда Акбар Худойқуловга ташланади, унинг қўлларини орқага қайириб, бошига ура бошлайди. Аммо А. Худойқулов унга қаршилик кўрсатади. Айни шу пайтда У. Тоҳиров ёрдамга келади. Бироқ Ж. Тўраев уни уриб йиқитиб, бошига тош билан икки марта уради… Яъни унга оғир жароҳат етказиб, қасддан ўлдиради.

Сўнг у яна Акбар Худойқуловга ташланади, бироқ А. Худойқулов ҳодиса жойидан қочиб кетганлиги сабабли, у ўз жиноятини охирига етказа олмайди.

Шу тариқа Жавоҳир Тўраев ихтиёрида бўлган Учқун Тоҳиров ва Акбар Худойқуловнинг мулкини такроран ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, шунингдек, Учқун Тоҳировни таъмагирлик ниятида ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдириш ҳамда Акбар Худойқуловга нисбатан ўлдиришга суиқасд қилиш жиноятини содир этган.

Бундан ташқари Ж. Тўраев таниши Б. Икромовни ҳам ёлғон ваъдалар билан алдаб, 2024 йил октябрь ойидан 2025 йил март ойига қадар жами 60 миллион сўм маблағини олган. Аниқроғи, у ушбу пулларга гўёки қўй сотиб олгани ва боқиб келаётганини айтиб, алдаган.

Суд ҳужжатларида акс этган воқеалар таҳлил қилинганда, жиноят бир лаҳзада содир бўлмаганини кўрамиз. Унинг илдизи анча аввал бошланган: дастлаб ўзганинг мулкига нисбатан масъулият ҳисси йўқолган. Сўнгра «кейин қайтариб бераман» деган алдамчи тасалли пайдо бўлган.

Пировардида эса, нафс инсон қалбидаги виждон овозини секин-аста сўндирган.

Бу ўринда ҳам шундай бўлди. Моддий мажбуриятдан қутулиш истаги одамийликдан устун қўйилди. Қарздан қочиш учун ишонч қурбон қилинди.

Кейин эса, содир этилган қилмишнинг оқибатидан қутулишга бўлган ноқонуний интилиш янада оғир жиноятларга олиб келди.

Бу воқеада энг оғир йўқотиш моддий зарар эмас, инсон ҳаётидир. Энг оғир мусибат — фарзандларнинг отасиз қолиши. Энг катта фожиа — бир онанинг фарзанд доғини кўтариши. Энг аламлиси эса, бир пайтлар бир синфда ўқиган, бир дастурхон атрофида ўтирган, бир-бирига ишонган одамларнинг ҳаёти адоват ва кулфат билан якун топганидир.

Суд томонидан қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, жиноятнинг оғир оқибатлари, етказилган моддий зарар ҳамда бошқа барча ҳолатлар атрофлича баҳоланиб, қонун доирасида жазо тайинланди. Жавоҳир Тўраев 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

Мазкур суд ҳукми барчамизга битта ҳақиқатни яна бир бор эслатади: ҳалоллик — инсонни ҳимоя қилувчи энг мустаҳкам қалъадир. Виждон  адолат мезонидир. Нафс агар ўз вақтида жиловланмаса, инсонни аввал жиноятга, кейинчалик муқаррар ҳалокатга бошлайди.

Фарҳод ҲАЙИТОВ,

жиноят ишлари бўйича

Паркент тумани суди судьяси

photo_2026-02-24_13-08-41

АВЕЗОВ АЙБДОР ЭМАС!

Бугунги кунда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида жорий этилган янгиланиш ва ўзгаришлар амалда кутилган самараларни бермоқда. Жумладан, судлар томонидан 2025 йилда 422 нафар шахс оқлангани судьялар мустақил қарор қабул қилаётганидан далолатдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2026 йил 27 январь куни Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида давлат ҳамда жамият хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид қилаётган уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятлар ва яширин иқтисодиёт бўйича таъсирчан чораларни белгилаш юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида судьяларнинг хизматини ана шундай эътироф этгани бежиз эмас.

Бинобарин, жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судлари томонидан 2024 йилда — 16 нафар, 2025 йилда 19 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилди. Ўтган йили 10 нафар шахсга нисбатан чиқарилган оқлов ҳукмлари биринчи босқич судлари ҳиссасига тўғри келган бўлса, апелляция босқичида — 5 нафар, кассация ва тафтиш инстанцияси судлов ҳайъатлари суд мажлисларида 4 нафар шахс оқланган.

Суднинг адолатли қарори билан оқланган шахслар орасида “Бухоро қурилиш моллари савдо маркази” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ғайбулла Авезов ҳам бор.

Бу ҳақда батафсил фикр юритадиган бўлсак, Ғ. Авезов 2020 йил 14 сентябрда “Бухоро сув таъминот” масъулияти чекланган жамияти шаҳар филиали билан ичимлик суви етказиб бериш ва тўловни амалга ошириш бўйича тузилган шартномага кўра, ҳар ойнинг 20-25 санаси оралиғида сарфланган ичимлик суви бўйича ҳисобот топшириши, сув таъминоти учун 100 фоиз олдиндан тўловни амалга ошириши керак эди. Аммо 2023 йил 25 апрель ҳолатида истеъмол қилинган ичимлик суви учун 15 миллион 256 минг сўмлик қарздорлик юзага келади.

Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги “Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори 109-бандига асосан, Ғ. Авезов раҳбарлигидаги масъулияти чекланган жамиятга қарашли хўжалик юритувчи субъектлар тармоқдан узиб қўйилади. Бироқ улар умумий фойдаланишдаги сув қувури тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 2023 йил 15 июндан 19 июнга қадар 88 миллион 561 минг 285,6 сўмлик ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланилган. Бу ўзбошимчалик оқибатида “Бухоро сув таъминот” масъулияти чекланган жамият шаҳар филиалига жами 1 миллиард 217 миллион 717 минг 677,9 сўм – жуда кўп миқдорда моддий зарар етказилган.

Тергов органи томонидан ана шу ҳисобланган зарар айбловга асос қилиб олинган. Ўз навбатида, масъулияти чекланган жамият раҳбари Ғ. Авезовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судга ўтказилган.

Биринчи босқич судининг 2024 йил 7 мартдаги ҳукмига кўра, Ғ. Авезов Жиноят кодексининг 185-2-моддаси 4-қисми ва 169-моддаси 2-қисми “б”, “д” бандлари билан айбдор деб топилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 3 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Судланувчидан “Бухоро сув таъминот” масъулияти чекланган жамият фойдасига 1 миллиард 217 миллион 717 минг 677,9 сўм етказилган зарарни ундириш белгиланган.

Қонун мезонларига эътибор қаратадиган бўлсак, ишни айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси билан судга юбориш ва айблов ҳукми чиқариш учун Жиноят–процессуал кодексининг 82-моддасида назарда тутилган талаблар исботланган бўлиши керак. Бунда жиноят объекти, жиноят туфайли етказилган зиённинг хусусияти ва миқдори, содир этилган жиноятнинг вақти, жойи, усули, қилмиш ва рўй берган ижтимоий хавфли оқибатлар ўртасидаги сабабий боғланиш, шунингдек, жиноятнинг ушбу шахс томонидан содир этилганлиги, жиноят тўғри ёки эгри қасд билан ёхуд бепарволик ёки ўз-ўзига ишониш оқибатида содир этилганлиги, жиноятнинг сабаблари ва мақсадлари аниқланиши шарт.

Шунингдек, Олий суд Пленумининг 2014 йил 23 майдаги “Суд ҳукми тўғрисида”ги қарори 4-бандидаги раҳбарий тушунтиришларга кўра, иш бўйича ҳукм иш материалларида маълум бўлиб қолган барча камчиликлар тўлдирилгандан кейингина чиқарилиши мумкин.

Бунда иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши керак.

Судланувчининг жиноят содир қилганлигини ҳам фош этадиган, ҳам оқлайдиган ҳар бир далил, Жиноят–процессуал кодексининг 95-моддасига мувофиқ, ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозим.

Афсуски, Ғ. Авезовга нисбатан юритилган жиноят ишида юқоридаги процессуал қонун талаблари исботланмаган. Шунингдек, Олий суд Пленуми қароридаги раҳбарий тушунтиришларига риоя этилмаган.  

Иш ҳолатидан англашилишича, Ғ. Авезов раҳбарлигидаги масъулияти чекланган жамиятга қарашли бозор ҳудудида 100 га яқин тадбиркорлик субъекти қурилиш моллари савдоси фаолияти билан шуғулланади. Ҳар бирига алоҳида-алоҳида сув ҳисоблаш ускунаси ўрнатилган.

Фойдаланилган ичимлик суви учун назоратчилар тадбиркорлик субъектларидан пул йиғиб чиқишади ва бухгалтерия орқали ёки тўғридан-тўғри “Бухоро сув таъминот” масъулияти чекланган жамият шаҳар филиали ҳисоб рақамига тўлаб берилади.

Судланган Ғ. Авезов иш жойида ичимлик сувидан қарздорлик юзага келганлигидан хабарсиз бўлган. Қарздорликни Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Бухоро шаҳар бўлимига чақиртирилиб, ҳолат юзасидан тушунтириш хати олганларида билган.

“Бухоро сув таъминоти” масъулияти чекланган жамият шаҳар филиали томонидан сув қувури муҳри бузилганлиги ҳолати бўйича далолатнома расмийлаштирилганини ҳам ўша ерда эшитган.

Ғ. Авезов судда берган баёнотида таъкидлашича, сув таъминоти жамияти билан тузилган шартномага у имзо қўймаган. У шартнома шартлари билан ҳам таниш эмас.

Ғ. Авезов ёки у раҳбари бўлган масъулияти чекланган жамиятга сув қувури тармоғидан яширинча фойдаланишдан ҳеч қандай манфаат йўқ, чунки сувдан тижорат мақсадида фойдаланилмайди. Ҳар бир тадбиркор ишлатган сувнинг пулини ўзи тўлайди.

Мантиқан олганда, сув қувури тармоғи муҳрларига қасддан шикаст етказиб, ўзбошимчалик билан уланиш ва ундан ноқонуний фойдаланиш Ғ. Авезовга ўзи нимага керак?

Судланган Ғ. Авезовга қўйилган Жиноят кодексининг 185-2 ва 169- моддаларида кўрсатилган жиноятлар эса, қасддан содир этилган ҳисобланади. Нега деганда, ушбу жиноятлар субъектив томондан ҳамма вақт қасддан содир этилади. Бироқ на тергов органи ва на биринчи босқич судида айнан Ғ. Авезов томонидан сув қувурининг муҳри бузилганлиги ва ичимлик сувдан ноқонуний фойдаланилганлиги ҳақида бирор-бир далил тўпланмаган.

Янада қизиғи, сув қувурининг муҳри тўрт марта ким ёки кимлардир томонидан бузилиб, ичимлик сувидан ўзбошимчалик билан фойдаланилганлиги юзасидан “Бухоро сув таъминоти” масъулияти чекланган жамият ходимлари Ғ. Юнусов, М. Юнусов, С. Шоҳимардонов, Ҳ. Товбаев, “Туткунда” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Б. Тўраев (исм-шарифлар ўзгартирилган) томонидан далолатномалар расмийлаштирилган. Истеъмолчи вакили сифатида Л. Элмуродов баъзи далолатномаларга киритилган, аммо у имзо қўйишдан бош тортганлиги қайд этилган.

Л. Элмуродовнинг далолатномага имзо қўйишдан бош тортганлигининг сабаби бор. У шу яқин атрофидаги “Когон сардор сервис савдо” жамияти раҳбари вазифасида ишлайди, Ғ. Авезов раҳбар масъулияти чекланган жамиятга алоқадор эмас. Л. Элмуродов уни чақирганлари учун сув таъминоти ходимлари олдига борган, маҳалла фуқаролар йиғини раисига ҳам, сув таъминоти жамиятидагиларга ҳам, гўёки бозорнинг раҳбари Ғ. Авезов эканлигини айтган.

Шу ўринда яна иш ҳолатларига қайтадиган бўлсак, далолатномаларни расмийлаштиришда жамият вакили иштирок этмаган, ушбу қоидабузарлик ҳақида жамиятга маълум ҳам қилинмаган. 2023 йил 19 июнь куни расмийлаштирилган далолатномада қувур муҳри бузилганлиги қайд этилган бўлса-да, ана шу муҳрнинг рақами кўрсатилмаган. Қувур қайтадан муҳрланганда ҳам, қандай рақамдаги муҳр қўйилганлиги ёзилмаган.

Суднинг сўровига “Бухоро сув таъминоти” акциядорлик жамияти томонидан бу ҳақда маълумот тақдим этилмаган.

Бухоро вилояти ИИБ ЭКМнинг хатшунослик экспертиза хулосаси сув таъминоти жамияти билан тузилган шартномадаги имзо бошқа шахсга тегишли эканлигини кўрсатди. Бундай ҳолатда Ғ. Авезов тузилган шартнома юзасидан бирор-бир мажбуриятга эга эмас.

Шу тариқа Ғ. Авезов қувурнинг муҳрини бузиб, ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланганлиги ўз исботини топмаган. Унинг айбдорлигига оид шубҳаларни бартараф этиш имкониятлари эса, тугаган. Шунинг учун судлов ҳайъати биринчи босқич судининг Ғ. Авезовга нисбатан чиқарган ҳукмини бекор қилди ва содир этилган жиноятга дахли бўлмаганлиги сабабли уни Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 3-бандига асосан, оқлади.

Хулоса шуки, бировнинг жиноий қилмиши учун айбсиз одам жазоланмаслиги керак. Ғайбулла Авезов жамиятимизда қонун устуворлиги, одил судлов таъминланаётганлиги, жиноятга дахли йўқлиги сабаб оқланди. Оиласи, яқинлари, маҳалла-кўй, таниш-билишлари олдида юзи ёруғ бўлишига эришди.

Лекин жиноятни ким ёки кимлар содир этган? Айбдор ёки айбдорлар топилиши, жиноятга жазонинг муқаррарлиги таъминланиши керак. Судлов ҳайъати, Жиноят-процессуал кодексининг 470-моддасига кўра, мазкур жиноятни содир этган шахсларни аниқлаш ва уларни жиноий жавобгарликка тортиш учун ишни прокурорга юборди.

Илёсжон УСМОНОВ,

Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари –

жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

#thegov_button_6aa59fd4e27d9 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6aa59fd4e27d9:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6aa59fd4e27d9 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6aa59fd4e27d9:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); }
Skip to content Click to listen highlighted text!