1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2026-06-01_16-41-45

ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ЯНГИ “АДОЛАТ УЙИ” ҚАД РОСТЛАДИ

Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг янги биноси тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Жамоатчилик вакиллари, суд фахрийлари ва турли соҳа масъуллари иштирок этган тантанали очилиш маросимида Олий суд раиси Б. Исломов, Судьялар олий кенгаши раисининг ўринбосари Н. Бобохонова ва бошқалар сўзга чиқиб, янги суд биносининг очилиши билан барчани қутлади.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда одил судлов соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш имконини бермоқда. Ислоҳотларнинг асосий ғояси чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш орқали унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, одил судловни амалга оширилиши учун судларга ташриф буюрувчи фуқаролар ҳамда суд процессларининг барча иштирокчилари учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратилишига алоҳида эътибор берилмоқда.

Давлатимиз Раҳбарининг тегишли Фармони билан 2030 йилга қадар суд биноларини мамлакатнинг нуфузи ва одил судловни амалга ошириш вазифаларига мос, қулай, хавфсиз ва замон талабларига жавоб берадиган намуна асосида бунёд этиш бўйича аниқ манзилли дастур қабул қилинди. Келгусида 2030 йил якунига қадар 162 та янги суд биноси қурилади, 82 та суд биноси қайта реконструкция қилинади ва 32 та суд биноси мукаммал таъмирланади.

Қайд этилганидек, эндиликда суд бинолари нафақат замонавий тежамкор лойиҳалар асосида қурилади, балки улар халқаро талаблар асосида тўлиқ рақамлашган ҳолда фаолият кўрсатади.

Бугун туман судининг биноси замон талаблари асосида қурилиб, фойдаланишга топширилгани ҳам муболағасиз амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасидир.

Мазкур суд биноси энг замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган бўлиб, бу, авваламбор, суднинг очиқлиги, шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

Тантанали тадбирда қайд этилганидек, янги бинода фаолият олиб борадиган ҳар бир судья ва ходим давлатимиз раҳбарининг “Суд биносига келган ҳар бир фуқаро Ўзбекистонда адолат борлигига ишонч ҳосил қилиб кетиши керак” деган сўзларини доимо ёдда тутиши керак.

Шунингдек, бу кўркам ва замонавий бинода доимо адолат ҳукм суришига, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояланиши тўлиқ таъминланишига ишонч билдирилди.

Тантанали очилиш маросимининг рамзий тасмалари кесилиб, ташриф буюрган меҳмонлар суд биносида яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Read More
photo_2026-10-02_10-47-27

«ЎЗ ХОҲИШИГА КЎРА ЁЗИЛГАН АРИЗА» ҚИСТОВ НАТИЖАСИ БЎЛИБ ЧИҚДИ

Мамлакатимиз судларида меҳнат муносабатлари билан боғлиқ ишларни кўришда энг кўп учрайдиган низолардан бири — ходимнинг “ўз хоҳишига кўра” ишдан бўшатилиш ҳолатидир. Ҳақиқатан ҳам, бир қарашда, бу тариқа ишдан бўшатиш жуда осон кўринади.

Яъни ходим ариза ёзади, иш берувчи буйруқ чиқаради ва шу тариқа меҳнат шартномаси бекор қилинади. Аммо ҳар бир “ўз хоҳишига кўра” ёзилган ариза ходимнинг ҳақиқий, эркин ва мустақил иродасини англатадими?

Бу саволга жавобни апелляция судида кўрилган бир иш мисолида излаймиз. Гап шундаки, М. Мейлиев 2021 йил 4 октябрдан Пастдарғом тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимида марказлашган молиявий бухгалтерия хизмати бош мутахассиси вазифасида ишлаб келган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2025 йил 13 июндаги буйруғига кўра, Пастдарғом тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда тасарруфидаги умумтаълим мактаблари ва давлат мактабгача таълим ташкилотида бюджет қонунчилигига риоя этилиши юзасидан ички аудит тадбирлари ўтказилган. Аудит текширувлари чоғида бир қатор молиявий хато ва камчиликлар аниқланган.

Самарқанд вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси зиммасига бир неча ходим, шу жумладан, М. Мейлиев билан амалдаги меҳнат қонунчилигига асосан меҳнат шартномасини бекор қилиш чорасини кўриш вазифаси юклатилган.

Бироқ, ажабланарли томони шундаки, М. Мейлиев билан меҳнат шартномасини бекор қилиш лозимлиги ҳақидаги тақдимнома туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига расман келиб тушмаган.

М. Мейлиев фаолияти давомида йўл қўйган хато-камчиликлари учун интизомий ёки суд томонидан бирон-бир жазога тортилмаган. Шундай бўлса-да, ходимлар бўлими бошлиғи “ишдан бўшашга ўз хоҳишинг билан ариза ёзиб бер, акс ҳолда, қонун талаби асосида бўшатамиз” дея М. Мейлиевнинг ҳол-жонига қўймаган.

Бу ҳол бир неча кун давом этган, аммо у талабни бажармай юрган. Бир куни ходимлар бўлими бошлиғи уни ўзининг хонасига бошлаб кириб, ишдан бўшатишни сўраб ариза ёзган ҳамкасби Ж. Эгамбердиевнинг аризасини намуна тариқасида қўлига тутқазган ва худди шу тарзда ёзиб беришни тайинлаган.

Бундай пайтда М. Мейлиев ночор қолади ва шу сабабли ариза ёзиб беради. Бу тушликка қадар бўлган гап. Куннинг иккинчи ярмига ўтиб, соат ўн беш-у ўттизларда ёзган аризаси моҳиятини англаб, қаттиқ тушкунликка тушади ва яна қўлига қоғоз-қалам олади. Бу сафар у Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи номига ёзган аризасига қарши ариза ёзади.

Раҳбарнинг қабулхонасига кирса, бўлим бошлиғи хонасида йўқ, қаергадир иш билан чиқиб кетган экан. Аризани котибага қолдиради. Аммо кейинги ёзган аризаси натижасиз қолади.

Қисқаси, Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғининг 2025 йил 29 августдаги буйруғига кўра, М. Мейлиев билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади. Буйруқда ишдан бўшатишга асос сифатида Меҳнат кодексининг 160-моддаси 8-қисми ҳамда ходимнинг аризаси кўрсатилган.

Демак, расмий ҳужжатларга кўра, ишдан бўшатишнинг асоси — ходимнинг ташаббуси, яъни “ўз хоҳишига кўра” ёзилган ариза. Аммо эътибор қилган бўлсангиз, низонинг асосий моҳияти шундаки, ходим бу аризани, ҳақиқатан ҳам, ўз хоҳиши билан ёзмаган, аксинча, ариза иш берувчи томонидан қистов натижасида ёздирилган.

М. Мейлиев судга мурожаат қилиб, аризани ихтиёрий равишда эмас, балки қистов остида ёзганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, ташкилотдаги текширувлардан кейин бир неча ходимдан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиш талаб қилинган.

Даъвогарнинг сўзларига кўра, ходимлар бўлими ходими унга бошқа бир ходимнинг аризасини намуна сифатида кўрсатган ва шунга ўхшатиб ариза ёзишни айтган. Ходим эса, кейинчалик ўз аризасини қайтариб олишга ҳаракат қилгани, лекин ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ барибир чиқарилганини таъкидлайди.

Шунингдек, даъвогар буйруқ билан расман таништирилмагани, меҳнат дафтарчаси ўз вақтида берилмагани, якуний ҳисоб-китоб ва бошқа тўловлар бўйича ҳам ҳуқуқлари бузилганини билдирди. Ўзини ишга тиклаб, мажбурий прогул учун иш ҳақи, компенсация ва маънавий зарар ундириб беришни сўради.

Бунда биринчи босқич суди ходим ўз хоҳиши билан ариза ёзган, иш берувчи томонидан босим ўтказилгани исботланмаган, деган хулосага келган. Ташкилотда ички аудит текшируви давомида бир қатор молиявий хато-камчиликлар аниқланганлигини инобатга олиб, даъвогарнинг талабларини рад этган.

Апелляция судлов ҳайъати ишни қайта кўриб чиқиб, биринчи босқич судининг бу хулосасини етарлича асосланмаган деб баҳолади.

Иш учун муҳим ҳолатларни тўлиқ аниқланмаган, ходимнинг аризаси, ҳақиқатан ҳам, эркин ирода асосида ёзилганми-йўқми деган масалага етарлича баҳо берилмаган, деган хулосага келди. Бу ўринда энг муҳим далиллардан бири — жавобгар вакили Ж. Б.нинг апелляция судида ҳақиқатни юзага чиқарувчи, адолатли тўхтамга келишга йўл очган кўрсатмаси бўлди.

У даъвогар М. Мейлиевга раҳбар номидан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишини айтганини тан олди.

Олий суд Пленумининг меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича тушунтиришларида ходимнинг ариза ёзишга мажбурлангани ҳақидаги важлар синчковлик билан текширилиши лозимлиги кўрсатилган. Бунда фақат очиқ мажбурлаш, қўрқитиш ёки тазйиқ эмас, балки ходимда ишдан кетиш истаги бўлмаса-да, иш берувчининг уни ариза ёзишга фаол равишда ундаши ҳам қистов сифатида баҳоланиши мумкин.

Шу сабабли апелляция суди “ходим ариза ёзган экан, демак, ишдан бўшатиш қонуний” деган ёндашувни етарли деб топмади. Чунки иш берувчи ходимни интизомий ёки бошқа қонуний асослар билан ишдан бўшатиш ўрнига, ундан “ўз хоҳишига кўра” ариза олиш йўлини танлаган.

Яна бир муҳим жиҳат — даъвогар М. Мейлиев билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда Меҳнат кодексининг 160-моддаси 8-қисми қўллангани ўринсиз. Ушбу норма, асосан, ходим ишни давом эттира олмайдиган ҳолатларда, масалан, таълим ташкилотига қабул қилинганда, пенсияга чиққанда, сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганда ёки бошқа шунга ўхшаш ҳолатларда меҳнат шартномасини ходим сўраган муддатда бекор қилишни назарда тутади. М. Мейлиевнинг аризасида эса, бундай ҳолатлар кўрсатилмаган.

Самарқанд вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси биринчи босқич судининг 2026 йил 28 январдаги ҳал қилув қарорини бекор қилди ва янги қарор қабул қилди. Унга кўра, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғининг 2025 йил 29 августдаги буйруғи ноқонуний деб топилди ва бекор қилинди.

М. Мейлиев Пастдарғом тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими Марказлашган молия-бухгалтерия маркази бош мутахассиси вазифасига ишга тикланди.

Жавобгар ташкилотдан даъвогар фойдасига 45 миллион 942 минг 364 сўм мажбурий прогул вақти учун иш ҳақи ундирилиши белгиланди. Шунингдек, даъвогар фойдасига 6 миллион сўм маънавий зарар ундирилди.

Бундан ташқари жавобгар ташкилотдан давлат фойдасига 5 миллион 228 минг 541 сўм давлат божи ундириладиган бўлди. Суд даъвони қисман қаноатлантирди, даъвогарнинг меҳнат дафтарчасини ўз вақтида олмаганлиги ва якуний ҳисоб-китоблар кечиктирилгани учун компенсациялар ундириш ҳақидаги талаблари рад этилди.

Хулоса қилиб айтганда, “ўз хоҳишига кўра” ёзилган ариза қистов натижаси бўлиб чиқди. Мазкур меҳнат низоси шуни кўрсатадики, бу тарзда ишдан бўшатиш қонуний бўлиши учун ариза, ҳақиқатан ҳам, ходимнинг эркин хоҳиши билан ёзилган бўлиши лозим. Агар ходим ишдан кетишни истамаган бўлсаю, иш берувчи уни ариза ёзишга ундаган ёки қистов ўтказган бўлса, бундай ишдан бўшатиш ғайриқонуний ҳисобланади.

Отабек ТЕМИРОВ,

Самарқанд вилояти суди судьяси

Read More
photo_2026-06-30_17-51-03

ТАДБИРКОРНИНГ ҲАЛОЛ ҲАҚИ АППЕЛЯЦИЯ СУДИ ҚАРОРИГА АСОСАН ЭГАСИГА ҚАЙТАРИЛДИ

Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун белгиланган тартибда судга мурожаат қилишга ҳақли. Судлар ишларни ошкора кўриш орқали ҳар бир фуқаро ва тадбиркорлик субъектларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кафолат яратади.

Хива туманидаги “Help Avto” хусусий корхонасининг даъво аризаси айни шундай тартибда даставвал биринчи, пировардида эса, Хоразм вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича аппеляция босқичи томонидан кўриб чиқилди.

Даъвогар ўз талабини илгари сурар экан, ҳақсизликка дуч келгани, бунга “Бизнесни ривожлантириш” акционерлик тижорат банки масъулларининг ножоиз хатти-ҳаракати сабаб бўлгани, дастлабки босқич суди ҳам бу масалага қонуний ечим топа олмагани, оқибатда нақд 169 миллион сўм миқдоридаги пули ассосиз равишда ушлаб қолинганини баён этди.

Масаланинг бошқа жиҳатлари суд жараёнида аниқланди. Унда асосий эътибор тарафлар ўртасида 2021 йил 9 декабрда имзоланган кредит шартномаси ҳамда шу куннинг ўзида банк ва мижоз ўртасида “On-time” хизматларини кўрсатиш юзасидан расмийлаштирилган оферта шартномасига қаратилди.

Шу ўринда томонлар ўртасидаги низо даъвогар “Help Avto” хусусий корхонасининг 169,1 миллион сўм миқдоридаги маблағи ана шу иккала ҳужжат ижросини таъминлаш жараёнида жавобгар мақомидаги “Бизнесни ривожлантириш банки” томонидан ушлаб қолинганидан сўнг вужудга келганини эслатиш зарур.

Суд мажлисида иштирок этган тадбиркорлик субъекти вакиллари банк мутасаддилари мавжуд шартномавий ҳужжатларда ифодасини топган ҳолатларни четлаб ўтган ҳолда ўз мижозига “On-time” хизматларини кўрсатмагани, шундай бўлса-да, 169,1 миллион сўм миқдоридаги маблағни чегириб қолгани, дастлабки босқич суди бу ҳолатга эътиборсиз қарагани, даъвони рад этиш ҳақида асоссиз хулосага келганини билдириб, мазкур суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш, юқорида қайд этилган маблағни қайтариш, бундан ташқари 32,1 миллион сўмлик фоиз тўлови ҳамда адвокат хизмати учун сарфланган 5 миллион сўмни ундириб беришни сўради.

Жавобгар тарафнинг вакили эса, тадбиркорлик субъектининг пули юқорида зикр этилган кредит ҳамда оферта шартномалари асосида ушлаб қолингани, даъвогарнинг “НUMANS” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги алоқа операторига тегишли бўлган уяли алоқа рақами орқали хизматлар кўрсатилганини таъкидлаб, апелляция шикоятини рад этишни сўради.

Амалдаги қонун талаби ҳамда ўртадаги оммавий оферта шартномасининг 3-бандига асосан, жавобгар тараф банк ва мижоз муносабатларига боғлиқ бир қатор онлайн хизматларни кўрсатиши, чунончи, ажратилган кредит миқдори ҳамда уни тўлиқ сўндириш санаси, фойдаланиш шартлари, тўлов жадваллари, асосий қарз ва унга ҳисобланган фоизларнинг миқдори, жумладан, тўлов ҳажмининг ойма-ой ва кунма-кун ўзгариб бориши тўғрисидаги хабарларни юборишни, ўз навбатида, даъвогар кўрсатилган хизматлар учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириши шарт. Буларнинг бари тегишли тартибда ва ҳужжатли асосда қайд этиб борилиши зарур.

Афсуски, жавобгар тараф банк ва мижоз муносбатларига доир бу сингари ҳужжатларни судга тақдим эта олмади. Судда иштирок этган “НUMANS” масъулияти чекланган жамияти вакили мазкур муассаса Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2025 йил 14 октябрдаги ҳал қилув қарорига асосан банкрот деб топилгани ва унга нисбатан тугатишга доир иш юритиш бошлангани, айни пайтда муқаддам ушбу жамиятда ишлаган шахслар ҳозирга келиб, ўз вазифасидан озод этилгани, шу муносабат билан талаб қилинган маълумотларни судлов ҳайъатига тақдим этиш имконияти мавжуд эмаслигини билдирди.

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ҳам мурожаатни ўрганиш якунида даъвогарнинг 169,1 миллион сўм миқдоридаги маблағи ассосиз ушлаб қолинганини маълум қилди.

Томонлар ўртасида юзага келган вазият Марказий банкнинг Хоразм вилояти бош бошқармаси томонидан ҳам ўрганилди. Судда кўрсатма берган ушбу муассаса вакили даъвогарга қарашли пул маблағи ўртадаги шартномавий ҳужжатларга асосан ушлаб қолинганлигини таъкидласа-да, даъвогарга “On-time” хизматлари кўрсатилган ёки кўрсатилмаганига оид маълумотлар жавобгар ташкилот томонидан тақдим этилмаганини баён этди.

Суд томонларнинг бу каби далилларига таянди. Шу аснода рўй берган низо борасида ким ҳақу, ким ноҳақ эканига оид шубҳа-гумонлар, мавҳумликларга ҳам аниқлик киритилди. Масаланинг адолатли ва ҳаққоний ечимига доир қонун талаби эса, устувор ўринга кўтарилди.

Даъвогарнинг талаби дастлабки паллада инобатга олинмагани ҳам юзага қалқиб чиқди. Бундай ҳолатда унинг 169 миллион сўмдан зиёдроқ маблағи банк томонидан ушлаб қолинганини адолат ва қонунийлик мезони сифатида эътироф этишниннг иложи йўқ. Бу маблағ эгасига қайтарилмоғи лозим. Бироқ даъвогарнинг жавобгардан 32,1 миллион сўм миқдорида банк фоизи ва 5 миллион сўмлик адвокат хизмати ҳақини ундириш ҳақидаги талаби ўринли эмас.

Аппеляция судлови жараёнида даъвогар банкка ариза билан мурожаат қилиб, мажбурий ижро бўғини томонидан ундирилган ҳамда банкнинг транзит ҳисоб рақамига жойланган 23,4 миллион сўм маблағини шартномада кўрсатилган хизматлар учун ўтказишни сўрагани, адвокат хизмати ҳақи эса, бевосита даъвогар эмас, балки ўзга юридик шахс тарафидан тўлангани аён бўлди.

Фуқаролик кодексининг 335-моддасига кўра, агар кредитор қасддан ёки эҳтиётсизлик туфайли мажбуриятни бажариш мумкин бўлмаслиги юз беришига ёки бажармаслик туфайли етказилган зарар миқдорининг кўпайишига кўмаклашган бўлса, шунингдек, кредитор мажбуриятни бажармасликдан етказилган зарарни камайтириш чораларини қасддан ёки эҳтиётсизлик туфайли кўрмаган бўлса, суд ишнинг ҳолатларига қараб тўланадиган ҳақ миқдорини камайтиришга ёки кредиторга ҳақ тўлашни батамом рад этишга ҳақли.

Даъвогарнинг юқоридаги мурожаати 169,1 миллион сўмлик маблағнинг ундирилишига унинг ўзи ҳам кўмаклашганидан далолат беради. Бу эса, 32,1 миллион сўм ҳажмидаги маблағни жавобгарнинг ҳисобидан ундиришга қаратилган даъво талабини истисно қилади.

Адвокат хизматига оид 5 миллион сўмлик маблағга келганда, амалдаги тартиб-таомиллар ўз чўнтагидан сарфланмаган маблағни ўзга бир шахснинг ҳисобидан ундиришни тақозо этмаслиги ўз-ўзидан аён.

Суд бу ҳолатларни назарда тутар экан, дастлабки босқич суди иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқланмагани; аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларни эса, исботланмагани; ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосалар иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги; моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилгани ёхуд нотўғри қўлланилганига эътиборни қаратди.

Апелляция суди ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони қисман қаноатлантирди. Шу тариқа “Help Avto” хусусий корхонаси фойдасига асоссиз чегириб қолинган 169 миллион 056 минг сўм миқдоридаги пул ҳамда 5 миллион 71 минг сўмлик давлат божи харажатини тўлаш мажбурияти “Бизнесни ривожлантириш банки” зиммасига юклатилди.

Воҳиджон Қозоқов,

Хоразм вилояти суди

иқтисодий ишлар бўйича судьяси

Read More
photo_2026-05-21_15-12-28

ҲАКАМЛИК СУДЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА БЮДЖЕТ ИНТИЗОМИНИ КУЧАЙТИРИШ: ЯНГИ ҲУҚУҚИЙ БОСҚИЧ

Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда низоларни муқобил ҳал қилиш механизмларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада ҳакамлик судлари институти фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим восита сифатида шаклланиб бормоқда. Мазкур институтнинг ҳуқуқий асоси, аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган.

Мамлакатимизда ҳакамлик судлари институтининг ҳуқуқий пойдевори 2006 йилда қабул қилинган «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги қонун билан яратилган бўлиб, ушбу ҳужжатда ҳакамлик судлари нодавлат орган сифатида белгиланиб, улар фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги иқтисодий низоларни ҳал этиши мустаҳкамланган.

Шунингдек, қонун ҳакамлик муҳокамасининг асосий принципларини — қонунийлик, мустақиллик, ҳакамлик муҳокамаси маълумотларининг ошкор қилинмаслиги, ҳакамлик судьяларининг холислиги, диспозитивлик, ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилигини белгилаб берди.

Қонунда доимий фаолият кўрсатувчи ва муваққат ҳакамлик судларини ташкил этиш тартиби, ҳакамлик битими институти, ҳакамлик судьяларига қўйиладиган талаблар ҳамда низоларни кўриб чиқиш жараёни ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгилаб қўйилди. Шу билан бирга, амалиёт таҳлили ҳакамлик судлари фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва айрим чекловларни аниқ белгилаш зарурлигини кўрсатди.

Хусусан, ҳакамлик судларида қонунга хилоф равишда давлат ҳокимияти органлари иштирокидаги, давлат харидлари билан боғлиқ шартномалардан келиб чиққан низоларни ҳам кўриб чиқилиш ҳолатлари аниқланди.

Бунинг натижасида солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилиши, мансабдор шахсларнинг ўз хизмат вазифаларини суиистеъмол қилиши кузатилди. Айрим ҳакамлик судьяларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди. Ваколатли судлар томонидан ҳакамлик судлари ҳал қилув қарорларини бекор қилиш ҳолатлари кўпайди. Агар иқтисодий судларда 2020 йилда 7 та ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори бекор қилинган бўлса, бу кўрсаткич 2023 йилда – 53 та, 2024 йилда эса – 391 тани ташкил қилди. Бу ҳолат ҳакамлик муҳокамаси жараёнида процессуал талабларга риоя этилиши ва ҳал қилув қарорлари сифатини янада ошириш зарурлигини кўрсатади.

Ўз навбатида, бу ҳакамлик судлари фаолиятини ташкил қилишнинг қонуний асослари ва улар томонидан қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат механизмларини такомиллаштириш, бу борадаги талабларни аниқлаштириш, халқаро стандартларга мослаштириш зарурияти мавжудлигини кўрсатди.

Шу муносабат билан 2026 йил 21 апрелда “Ҳакамлик судлари фаолияти янада такомиллаштирилиши ҳамда бюджет интизоми кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Мазкур қонун билан амалдаги бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, ҳакамлик судлари фаолиятини тартибга солиш янги босқичга кўтарилди.

Биринчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 175-9-модда киритилди. Унга кўра, ҳакамлик судларини қонунга хилоф равишда ташкил этиш, давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳакамлик битими тарафлари сифатида иштирок этиши, шунингдек, ушбу субъектлар томонидан ҳакамлик суди қарорларининг қонунга хилоф равишда ихтиёрий ижро этилиши учун мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш назарда тутилди. Шу билан бирга, ушбу ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран содир этилса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима қўлланилиши белгиланди. Мазкур норма ҳакамлик судлари фаолиятида қонунийлик ва интизомни мустаҳкамлаш, давлат манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи муҳим ҳуқуқий кафолат ҳисобланади.

Иккинчидан, «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги қонунга қуйидаги ўзгартишлар киритилди. Биринчи, «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасига киритилган ўзгартишлар орқали доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг ҳуқуқий мақоми аниқлаштирилди. Хусусан, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг низоми уни ташкил этган нодавлат-нотижорат ташкилоти томонидан тасдиқланадиган локал ҳужжат сифатида белгиланди. Шунингдек, қонундаги «юридик шахс» атамаси «нодавлат-нотижорат ташкилоти» атамасига, «нодавлат орган» атамаси эса, «нодавлат тузилма» атамасига алмаштирилди. Бу ўзгаришлар ҳакамлик судларининг институционал мақомини аниқроқ белгилашга хизмат қилади. Иккинчи, қонуннинг 5-моддаси янги таҳрирда баён қилиниб, давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳакамлик судларини ташкил этиши ёки ҳакамлик битими тарафлари бўлиши мумкин эмаслиги мустаҳкамланди. Мазкур норма давлат манфаатларини ҳимоя қилиш ва ҳакамлик муҳокамасини хусусий-ҳуқуқий муносабатлар доирасида сақлашга қаратилган. Учинчи, қонуннинг 6-моддасига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари фақат нодавлат-нотижорат ташкилотлари томонидан ташкил этилиши белгиланди. Шу билан бирга, бундай судни ташкил этиш учун ҳакамлик суди қоидалари ва камида уч нафар ҳакамлик судьясидан иборат рўйхатни тасдиқлаш талаби жорий этилди ҳамда суд ташкил этилганлиги ҳақидаги ҳужжатларни тегишли адлия органига тақдим этиш мажбурияти белгиланди. Тўртинчи, қонуннинг 9-моддаси янги таҳрирда баён қилиниб, ҳакамлик судларининг ваколат доирасига муҳим чекловлар киритилди. Жумладан, маъмурий, оилавий ва меҳнат муносабатларидан келиб чиқувчи низолар, ер билан боғлиқ ишлар, бинолар ва иншоотларга эгалик ҳуқуқини белгилашга оид низолар, шунингдек, бюджет тизими маблағларини ундириш билан боғлиқ ишлар ҳакамлик судлари томонидан кўриб чиқилмаслиги мустаҳкамланди.

Бешинчи, қонуннинг 14-моддасига мувофиқ, ҳакамлик судьялари учун махсус ўқув курсларидан ўтиш ва касбий малакасини мунтазам ошириб бориш мажбурияти жорий этилди. Олтинчи, қонуннинг 35-моддаси янги норма билан тўлдирилиб, муайян ҳакамлик муҳокамасида ҳакамлик судьяси сифатида иштирок этган шахс кейинчалик шу ишда тарафларнинг вакили бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди. Бу манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва муҳокама холислигини таъминлашга хизмат қилади. Еттинчи, қонуннинг 46-моддаси янги таҳрирда баён қилиниб, ваколатли судга ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўраб, ариза бериш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доираси кенгайтирилди ва процессуал кодексларга тўлиқ мослаштирилди. Хусусан, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахслар эса, ҳакамлик суди ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги уларга маълум бўлган кундан эътиборан ўттиз кун ичида ваколатли судга ушбу ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўраб, ариза бериши мумкинлиги белгиланди. Саккизинчи, қонуннинг 49-моддасига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ҳакамлик суди қарорларини ихтиёрий ижро этишга йўл қўйилмаслиги белгиланди. Бу давлат маблағи ва манфаатларини ҳуқуқий жиҳатдан қўшимча ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ҳуқуқий кафолат ҳисоб­ланади.

Учинчидан, Бюджет кодексининг 29-моддасига киритилган қўшимчага мувофиқ, бюджет тизими маблағларини ундириш билан боғлиқ суд муҳокамаларида ваколатли молия ва ғазначилик органларининг иштироки кучайтирилди. Энди улар қонунда белгиланган тартибда судларда иштирок этиши, бюджет манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида аризалар, даъво аризалари ва шикоятлар киритиши, шунингдек, жиноят аломатларини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши белгиланди.

Шунингдек, Бюджет кодексининг 187-моддасига киритилган ўзгартишлар орқали ғазначилик назорати тизими мустаҳкамланди. Жумладан, ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилмаган ёки рўйхатдан ўтказиш рад этилган шартномалар, шунингдек, уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар асосида товарлар, ишлар ёки хизматларни қабул қилиб олиш тақиқланди. Бу эса, давлат маблағларининг мақсадсиз сарфланиши, молиявий интизом бузилиши ва асоссиз мажбуриятлар юзага келишининг олдини олишга қаратилган муҳим ҳуқуқий механизм ҳисобланади.

Тўртинчидан, Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларига киритилган ўзгартишлар суд ҳимоясининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган. Биринчи, Фуқаролик процессуал кодексининг 56-моддасига (Иқтисодий процессуал кодекснинг 65-моддасига) киритилган қўшимчага мувофиқ, ҳакамлик судьялари ҳакамлик муҳокамаси давомида ўзларига маълум бўлган ҳолатлар юзасидан гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмаслиги белгиланди. Мазкур норма ҳакамлик муҳокамасининг махфийлиги ва мустақиллигини таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий кафолат ҳисобланади. Иккинчи, Фуқаролик процессуал кодексининг 70-моддасига киритилган янги нормага кўра, муайян низо бўйича ҳакамлик муҳокамасида ҳакамлик судьяси сифатида иштирок этган шахс кейинчалик шу иш юзасидан суд муҳокамасида вакил сифатида қатнашиши мумкин эмас. Бу манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва суд муҳокамасининг холислигини таъминлашга хизмат қилади. Учинчи, Фуқаролик процессуал кодексининг 349-моддасига (Иқтисодий процессуал кодекснинг 223-моддасига) киритилган қўшимчага мувофиқ, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида ҳакамлик суди ҳал қилув қарори қабул қилинган, аммо ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларга ҳам мазкур қарор устидан шикоят қилиш ҳуқуқи берилди. Тўртинчи, Фуқаролик процессуал кодексининг 350-моддаси (Иқтисодий процессуал кодекснинг 224-моддаси) янги норма билан тўлдирилиб, ишда иштирок этмаган шахслар ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақида ариза берганда зарур ҳужжатларни тақдим эта олмаган тақдирда, суд мазкур ҳужжатларни уларни сақлаётган шахслардан мустақил равишда талаб қилиб олиши мумкинлиги белгиланди. Бу эса, суд ҳимоясидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва процессуал адолатни таъминлашга хизмат қилади.

Бешинчидан, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг 27-моддасига киритилган ўзгартишга мувофиқ, давлат харидлари жараёнида тузилган шартномаларни тегишли ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказиш талаби қўшимча равишда мустаҳкамланди. Мазкур норма давлат харидлари соҳасида молиявий интизом ва шаффофликни кучайтириш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан назоратни таъминлаш ҳамда асоссиз ёки қонун талабларига зид шартномалар тузилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Умуман олганда, ушбу қонун ҳакамлик суди институтини ривожлантириш ва уни замонавий талабларга мослаштиришда муҳим босқич бўлди.

Аниқроқ айтганда, қонун Конституциямизда белгиланган ҳуқуқий кафолатларни амалда таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат молиявий манфаатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу маънода, ушбу қонунни Янги Ўзбекистонда низоларни муқобил ҳал этиш тизимини янада ривожлантиришга қаратилган муҳим комплекс ислоҳот сифатида баҳолаш мумкин.

Фозилжон Отахонов,

юридик фанлар доктори,

профессор, ҳакамлик судьяси

Read More
photo_2026-06-08_16-20-05

ЯРАШУВ ИНСТИТУТИ – БУЗИЛГАН ҲУҚУҚЛАРНИ ТИКЛАШ, ЖАБРЛАНУВЧИГА ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАРНИ ҚОПЛАШ, ЖАМИЯТДА МУРОСА ВА ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТНИ МУСТАҲКАМЛАШНИНГ МУҲИМ АСОСИ

Мамлакатимизда судларнинг вазифаси фақат жиноят содир этган шахсга нисбатан жазо тайинлашдан иборат эмас. Суд адолатни тиклайди, бузилган ҳуқуқларни муҳофаза қилади, жабрланувчининг дардини эшитади, айбдорнинг қилмишига ҳуқуқий баҳо беради ва жамиятда тинчликни сақлашга хизмат қилади.

Шу маънода, ярашув институти – жиноят ҳуқуқида инсонпарварлик, масъулият ва адолатни бир нуқтада бирлаштирадиган муҳим механизм.

Ярашув институти мамлакатимиз жиноят судлови амалиётига 2001 йил жиноий жазоларни либераллаштириш жараёни доирасида киритилган.

Кейинги йилларда ушбу институт доираси тубдан кенгайди.

Яқинда судда муҳокама қилинган Ф.Тўлановга (исм-шарифлар ўзгартирилган) оид иш жамиятимизда ярашув институтининг амалий аҳамиятини яна бир бор кўрсатди. Гап шундаки, Ф. Тўланов шу йил 17 январь куни “Тико” русумли автомашинасини бошқариб бораётган вақтда йўл ҳаракати қоидаларининг бир қатор талабларига риоя қилмагани оқибатида қарама-қарши йўналишдан келаётган “Нексия-2” русумли автомашинаси билан тўқнашиб кетган. Ҳодиса натижасида “Тико” автомашинасида йўловчи сифатида ҳаракатланаётган вояга етмаган Д. Абдужабборов оғир тан жароҳати олган. “Нексия-2” автомашинасига 11 миллион 453 минг 184 сўм миқдорида моддий зарар етказилган.

Иш судга етиб келгунига қадар Ф. Тўланов жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ихтиёрий равишда бартараф этди. Шунингдек, у қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жабрланувчилардан кечирим сўради.

Судда Ф. Тўлановнинг ўзи, жабрланувчи, унинг қонуний вакили ҳамда фуқаровий даъвогар ярашувга рози эканини билдириб, ариза берганлар.

Шу сабабли суд жиноят ишини ярашганлик муносабати билан тугатди.

Ярашув институти судлар ишини енгиллаштиради, деган фикр бор. Бу қисман тўғри: айрим ишлар бўйича узоқ судлашувлар, ортиқча процессуал сарф-харажатлар ва тарафлар ўртасидаги кескинлик камаяди. Аммо ярашувнинг асосий мақсади суд юкини камайтириш эмас. Асосий мақсад — бузилган ҳуқуқни тиклаш, жабрланувчига етказилган зарарни қоплаш, айбдорни пушаймонлик ва масъулият орқали тузатиш, жамиятда муроса ва ҳуқуқий маданиятни мустаҳкамлашдир.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, Халқаро ҳуқуқий адабиётларда бундай ёндашув “тикловчи адолат” — restorative justice деб аталади. Европа Кенгашининг 2018 йилдаги тавсиясида тикловчи адолат жиноятдан зарар кўрган шахс ва ушбу зарар учун жавобгар шахс ихтиёрий розилик асосида, холис учинчи шахс ёрдамида ҳуқуқбузарликдан келиб чиққан масалаларни ҳал қилиш жараёнида фаол иштирок этиши сифатида тушунтирилади.

Жабрланувчи ва айбдор ўртасидаги муроса, ярашув механизмлари дунёнинг кўплаб давлатларида турли хил ном ва процессуал шаклларда қўлланиб келинмоқда. Мисол учун Германияда жабрланувчи ва айбланувчи рози бўлса, уларнинг ярашуви амалга оширилиши мумкин.

Германия амалиётида прокурор ва суд ҳар бир босқичда айбланувчи ва жабрланувчи ўртасида муроса имкониятини кўриб чиқиши, тегишли ҳолларда бунга кўмаклашиши назарда тутилган. Бу жараён, одатда, жиноят процессидан ташқарида махсус тайёрланган медиаторлар иштирокида ўтказилади, айбланувчи эса, қилмиши учун муайян масъулиятни қабул қилиши лозим.

Францияда жиноий медиация институти мавжуд. Расмий маълумотларга кўра, прокурор унча оғир бўлмаган ҳуқуқбузарликлар бўйича жиноий медиацияни таклиф қилиши мумкин. Бундан мақсад — жабрланувчига етказилган зарарни қоплаш, ҳуқуқбузарлик оқибатида юзага келган низони бартараф этиш ва ҳуқуқбузарни қайта жиноят содир этмасликка йўналтиришдан иборат. Албатта, бу жараён жабрланувчининг розилигини талаб қилади.

Англия ва Уэльсда тикловчи адолат жабрланувчи ҳуқуқлари тизими билан чамчамбарчас боғлиқ. Бунда жабрланувчи жиноят ҳақида хабар берганда, унга жиноят процесси ва жабрланувчилар учун хизматлар ҳақида маълумот берилиши, шу жумладан, гумон қилинувчи ёки ҳуқуқбузар билан мулоқот қилиш имконини берадиган тикловчи адолат хизматлари ҳақида хабар қилиниши мумкин.

Янги Зеландияда тикловчи адолат конференциялари кенг қўлланилади. Мамлакат Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, бундай конференция жабрланувчи, ҳуқуқбузар, уларни қўллаб-қувватловчи шахслар ва бошқа тегишли иштирокчилар ўртасида ўтказиладиган норасмий учрашув бўлиб, унда ҳуқуқбузар жавобгарликни қабул қилиши, жабрланувчидан кечирим сўраши, зарарни қандай тузатишни келишиши ва қайта ҳуқуқбузарлик содир этмаслик йўлларини муҳокама қилиши мумкин. Бу жараён, одатда, ҳукм чиқарилишидан олдин бўлиб ўтади, судья жазо тайинлашда ушбу келишувни инобатга олади.

Юқорида баён этилган мисоллардан яққол кўриниб турибдики, хорижий давлатлар ҳуқуқий тизимида фақат жазолаш эмас, балки жабрланувчига етказилган зарарни қоплаш, айбдорни масъулиятга чақириш ва ижтимоий муносабатларни тиклаш ғояси мавжуд ва устувор.

Хулоса қилиб айтганда, миллий қонунчилигимиздан ўрин олган ярашув институти халқимизга хос бағрикенглик, кечиримлилик каби қадриятларнинг амалий ифодаси бўлиб, ушбу институтни янада такомиллаштириб бориш айни муддаодир.

Бекзод ЖУМАБОЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Нарпай тумани суди раиси

Read More
photo_2026-05-12_17-32-46

ТАРБИЯДАГИ КЕМТИКЛИК ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ОЛИБ КЕЛДИ

Бугунги кунда мамлакатимизда эртанги кунимизнинг эгалари — ёшлар ўз иқтидори ва салоҳиятларини тўлиқ рўёбга чиқариши, замонавий билим ва касб-ҳунар сирларини пухта эгаллашлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Албатта, бу имкониятларидан оқилона фойдаланиб, ўз салоҳиятини намойиш этаётган ёшлар жуда кўпчиликни ташкил этади.

Аммо ҳаётда ўткинчи ҳавою ҳавасларга берилиб, нафақат қимматли вақтини елга совураётган, балки келажагини ҳам барбод қилаётган айрим ёшларнинг ҳам учраб туриши жуда афсусланарлидир.

Айниқса, айрим ёшларнинг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар истеъмолига ружу қўйиши уларни боши берк кўчага киритиб қўймоқда.

Масалан, Ангрен шаҳрида яшовчи Диёр Ғайратов (исм-шарифлар ўзгартирилган) таниши Зафар Луқмонов билан бирга кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан шуғулланиш ва шу орқали мўмай даромад топишни режалаштиради.

— Ҳали кўрасан, тезда бойиб кетамиз. Чўнтагимиздан пул узилмайди, — дейди Д. Ғайратов Зафарни қизиқтириб.

Шундай ғаразли ниятда улар терговда шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган номаълум шахс билан жиноий тил бириктиришади. Ваҳоланки, улар бундай иллатга қўл уриш тегишли жавобгарликка сабаб бўлишини яхши билишарди.

Хуллас, 2025 йил 19 октябрь куни Юқори Чирчиқ тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган “Қорадори — 2025” профилактик тадбир давомида Д. Ғайратов ва З. Луқмоновларнинг қилмиши фош этилади. Аниқроғи, шу куни соат 13.30 ларда туманнинг Файзобод маҳалласи ҳудудидан ўтган “Бектемир-Ғазалкент” автомобиль йўлининг ўнг томонида тўхтаб турган Д. Ғайратовга қарашли автомашина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимларида шубҳа уйғотади. Бинобарин, холислар иштирокида кўздан кечирилган пайтда автомашина юкхонасида 68 дона оқ рангли, ичида суюқлик бўлган флаконлар, 87 дона қора рангли, бўлаклаб ўралган капсуласимон моддалар ҳамда 536 дона оқ рангли капсулалар борлиги аниқланади. Бу воситалар текшириб кўриш учун ашёвий далил тариқасида олинади. Кейинчалик эса, Д. Ғайратов ва З. Луқмонов бу воситаларни сотиш орқали мўмай даромад орттириш мақсадида сақлаб келаётганига иқрор бўлишади.

Таъкидлаш лозимки, судга оид кимёвий экспертиза хулосасида қора рангли 86 дона ўрамлар ичидан чиққан капсулалар таркибида “прегабалин” гиёҳвандлик моддаси борлиги қайд этилди. Айтиш керакки, ушбу модда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 19 августдаги қарори билан кучли таъсир қилувчи моддалар туркумига киритилган.

Шундан сўнг Д. Ғайратов ва З. Луқмоновга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Тергов жараёнида ўтказилган судга оид наркологик экспертиза хулосалари З. Луқмоновнинг гиёҳвандлик касаллигига чалингани, шу боис мажбурий тартибда даволанишга муҳтож эканлигини кўрсатди.

Яқинда жиноят ишлари бўйича Юқори Чирчиқ тумани судида ушбу жиноий қилмишга қонуний баҳо берилди: иккала судланувчи Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 5-қисми билан айбдор деб топилиб, уларга нисбатан тегишли муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 96-моддаси талабидан келиб чиқиб, З. Луқмоновга нисбатан жазони ўташ муассасаларида гиёҳвандликдан мажбурий тартибда даволаниш чоралари қўлланиладиган бўлди.

Кези келганда, бошқаларга сабоқ бўлиши учун бир мулоҳазани билдириб ўтишни лозим топдик. Бу оғир жиноий қилмишга қўл урган Д. Ғайратов — 25, З. Луқмонов эса, 26 ёшда. Иккаласи ҳам ҳали оила қурмаган, бироқ улар катта ҳаётга эндигина қадам қўяётган пайтда бундай аянчли қисматга дучор бўлиши ҳар қандай кишини ўйлантиради. Айниқса, З. Луқмоновнинг гиёҳвандликка чалингани ўта ачинарли ҳол.

Бу ҳақда ўйлаганда, шундай ҳақли савол туғилади: хўш, уларнинг ота-онаси, яқинлари нега аҳвол шу даражага етгунча фарзандларини назорат қилишмаган?

Ҳарқалай, нима бўлганда ҳам, ҳаммаси оилавий тарбиядаги кемтикликка, фарзандлар олдидаги масъулият унутилганига бориб тақалади.

Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, униб-ўсиб келаётган ёшларнинг таълим-тарбиясига масъулият билан қараш, уларни турли хил иллатлардан асраб-авайлаш — ҳар биримизнинг масъулиятли бурчимиздир. Зеро, бугун ёшлар тарбиясига фидойилик билан ёндошишимиз ёруғ ва фаровон келажагимизни барпо этишга қўшаётган ҳиссамиз эканини унутмайлик.

Дилноза ЖУМОНОВА,

жиноят ишлари бўйича

Юқоричирчиқ тумани

суди судьяси

Read More
photo_2026-06-16_14-46-25

ИНТЕРНЕТДАГИ БУЗҒУНЧИ ҒОЯЛАР: ИЖТИМОИЙ ХАВФЛИ ҚИЛМИШ ВА ҲУҚУҚИЙ БАҲО

Бугунги кунда интернет ва ижтимоий тармоқлар инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланган. Миллионлаб одамлар ҳар куни турли ахборотларни қабул қилади, билим олади, мулоқотда қатнашади ва ҳатто кундалик ҳаётининг кўплаб масалаларини онлайн тарзда ҳал этади.

Айниқса, тезкор хабар алмашиш, турли маълумотларга бир зумда эга бўлиш имконияти одамлар учун катта қулайлик яратмоқда. Бироқ ахборот технологияларининг бундай кенг имкониятлари билан бир қаторда, улардан нотўғри ва ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда.

Ҳозирги кунда айрим кучлар интернет майдонидан экстремистик, террорчилик ва радикал ғояларни тарқатиш, аҳоли онгига таъсир ўтказиш ҳамда жамоат тартибига рахна солиш мақсадида фойдаланишга уринаётгани жиддий ташвиш уйғотади. Шу сабабли, интернет фақат ахборот алмашинув воситаси эмас, балки мафкуравий таъсир майдонига ҳам айланиб бораётгани эътибордан четда қолмаслиги лозим.

Мутахассислар таъкидлашича, замонавий экстремистик оқимлар одамларни ўз таъсирига олиш учун қуролдан ҳам кўра кўпроқ ахборотдан фойдаланмоқда. Турли аудио ва видеомаърузалар, ижтимоий тармоқлардаги каналлар ва гуруҳлар орқали инсон онгига таъсир кўрсатишга ҳаракат қилинмоқда.

Ҳаётий тажрибаси кам бўлган ёшлар бундай таъсирга тез берилиши мумкин. Шу боисдан, мамлакатимиз қонунчилигида жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намо­йиш этиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Бундан кўзланган асосий мақсад — фуқароларнинг тинчлиги, осойишталиги ва давлат хавфсизлигини таъминлашдан иборат.

Шундай ҳолатлардан бири жиноят ишлари бўйича Зарбдор туман суди томонидан кўриб чиқилган мазкур жиноят иши интернет тармоғидаги фаолият ҳам қонун доирасида баҳоланишини яна бир бор кўрсатди.

Суд ҳужжатларига кўра, судланувчи Ш. Б. дастлаб интернет тармоғидаги турли экстремистик ва террорчилик руҳидаги аудио ҳамда видеомаърузаларни мунтазам равишда кузатган. Ушбу материаллар билан узоқ вақт давомида танишиб бориши оқибатида унинг дунёқарашига ақидапарастлик ғоялари таъсир кўрсатган.

Кейинчалик Ш. Б. «Telegram» мессенжерида «Muslim» номли алоҳида канал ташкил этиб, ундан диний мазмундаги материалларни жойлаштириш ва тарқатиш воситаси сифатида фойдаланган.

Суд муҳокамасида аниқланишича, ушбу канал орқали турли аудио ва видеоматериаллар жойлаштириб борилган. Бу далиллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан 2025 йил май ойида интернет мониторинги ўтказилиши давомида аниқланган. Шундан сўнг тезкор тадбирлар ташкил қилиниб, текширув жараёнида бу каналда бир неча нафар обуначи мавжудлиги, шунингдек, кўплаб расм, видео, файл, ҳавола, аудиоёзув ва бошқа электрон материаллар сақланаётгани маълум бўлган.

Каналнинг аудиоматериаллар бўлимида жойлаштирилган бир қатор аудиоёзувлар экспертлик тадқиқоти учун ажратиб олинган. Материаллар белгиланган процессуал тартибда нусхаланиб, махсус экспертизага юборилган.

Экспертлар томонидан ўтказилган тадқиқот хулосасида текширувга тақдим этилган аудиоматериалларда ақидапарастлик ғоялари мавжудлиги қайд этилган. Бу хулоса судга материалларнинг мазмунига ҳуқуқий баҳо бериш имконини яратди.

Судланувчи фақат материалларни сақлаш билан чекланиб қолмаган. У махсус канал ташкил этган, унга материаллар жойлаштирган ва бошқа фойдаланувчилар учун очиқ ахборот майдони яратган. Бу эса, унинг ҳаракатларида тарқатиш мақсади мавжуд бўлганлигини кўрсатган муҳим ҳолат сифатида баҳоланди.

Суд муҳокамаси давомида жиноят иши бўйича тўпланган далиллар, тезкор тадбирлар натижалари, электрон маълумотлар, экспертлар хулосалари ҳамда бошқа исботлар ҳар томонлама текширилди. Натижада суд судланувчининг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноят таркиби мавжуд деган хулосага келди.

Суднинг ҳукми билан судланувчи Ш. Б. айбдор деб топилиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Шунингдек, интернетдан фойдаланмаслик, назорат қилувчи орган рухсатисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ҳамда вилоят ҳудудидан четга чиқмаслик каби қўшимча чекловлар ҳам белгиланди.

Афсуски, бугунги кунда экстремистик ва ақидапарастлик ғоялари кўпинча интернет орқали тарқатилмоқда. Бундай ҳолатларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилаётган интернет мониторинги, рақамли далилларни йиғиш ва экспертлик тадқиқотлари жиноятларни фош этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Энг муҳими, мазкур суд амалиёти интернетдаги ҳар қандай ҳаракат виртуал муҳитда содир этилса ҳам, унинг ҳуқуқий оқибатлари реал ҳаётда намоён бўлишини кўрсатади. Шу боис, ҳар бир фуқаро, айниқса, ёшлар, интернет тармоғидаги ахборотларни танлаш ва тарқатишга юксак масъулият билан ёндашиши зарур.

Тинчлик-осойишталик — юрт тараққиётининг энг муҳим шарти. Уни асраш эса, ҳар бир фуқародан ҳушёрлик, масъулият ва қонунларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб этади. Ахборот майдонидаги ҳушёрлик бугунги кунда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим кафолатларидан бири эканлигини унутмаслик лозим.

Қувондиқ Мамараҳимов,

жиноят ишлари бўйича

Зарбдор тумани суди раиси

Read More
photo_2026-10-26_13-09-53

ЭГРИ ЙЎЛНИНГ ОХИРИ

Гиёҳвандликни бежизга “аср вабоси” деб атамайдилар. Чунки унинг хавфи фақат гиёҳванд моддани истеъмол қилаётган шахснинг соғлиғига зиёни билан чекланмайди. Балки бу иллат соғлом турмуш тарзига хавф солади, оилаларни пароканда қилади, ёшлар келажагини издан чиқаради, уюшган жиноятчиликни озиқлантиради, коррупция ва бошқа турдаги жиноятлар учун муҳит яратади.

БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси — UNODCнинг 2026 йилдаги Жаҳон гиёҳвандлик ҳисоботи маълумотларига кўра, 2024 йил давомида дунё бўйича, тахминан, 331 миллион киши камида бир марта гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилган. Бу 2014 йилга нисбатан 34 фоиз кўп. Фақат каннабис истеъмол қилувчилар сони 256 миллион, тиббий мақсаддан ташқари опиоид истеъмол қилувчилар эса, 63 миллион киши атрофида тахмин қилинмоқда.

Ноқонуний гиёҳвандлик бозори кўламини аниқ пул ифодасида ҳисоблаш осон эмас. Чунки савдонинг асосий қисми яширин ва жиноий тармоқлар орқали амалга оширилади. Лекин UNODCнинг сўнгги маълумотлари вазиятнинг кўламини аниқ кўрсатиб турибди.

Яъни 2025 йилда асосан гиёҳвандлик моддаси савдосига хизмат қилувчи даркнет бозорларининг ўзидаги савдо айланмаси қарийб 2,5 миллиард АҚШ долларига етган. 2024 йилда амфетамин туркумидаги стимуляторларни мусодара қилиш ҳажми рекорд даража — 604 тоннага чиққан.

Бу ўринда гап алоҳида бир мамлакат ёки муайян ёш тоифаси ҳақида бораётгани йўқ.

Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда мамлакатимизда 15 минг 412 та гиёҳвандлик моддаси билан боғлиқ жиноят қайд этилган, 3 тонна 775 килограмм гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган ва 15 та яширин нарколаборатория аниқланган.

2026 йилнинг дастлабки уч ойидаёқ гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 4 минг 80 та жиноят иши қўзғатилиб, 872 килограмм гиёҳвандлик воситаси, жумладан, 33 килограмм синтетик модда муомаладан олинган.

Гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳар бир жиноят ишининг ортида инсон тақдири туради.

Бу хавфли иллат фақат ушбу турдаги жиноятга қўл урган одамнинг ўзигагина эмас, балки кўплаб оилаларни барбод этиши, минглаб кишиларнинг саломатлигига зарба бериши ва жамиятга жиддий зарар етказишини ўйлаганда ташвишланмаслик, хавотирга тушмаслик асло мумкин эмас.

Буни Хоразм вилояти судлари амалиётидан икки жиноят иши мисолида кўриб чиқамиз.

Одил Бердиёров (исм-шарифлар ўзгартирилди) 2003 йилда туғилган, оилали, олий маълумотли, муқаддам судланмаган, 2024 йил 9 июлдан Урганч шаҳар ички ишлар бўлимига қарашли қўриқлаш гуруҳида назоратчи лавозимида ишлаб келган. Албатта, қўриқлаш хизматида ишлайдиган ходимдан қонунларга риоя қилиш, жамоат хавфсизлиги ва мулкни ҳимоя қилиш, фуқароларга виждонан муносабатда бўлиш талаб этилади.

Бироқ суд ҳужжатларида баён этилишича, О. Бердиёров хизмат мавқеидан фойдаланиб, С. Иноятуллаеванинг ишончига кирган ва 2025 йил 21 август куни унинг таниши Ш. Ибодуллаевни ўзи ишлайдиган қўриқлаш хизматига ишга киритиб қўйишга ваъда бериб, бунинг эвазига 1 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Урганч шаҳридаги қаҳвахонада ўтказилган тезкор тадбир давомида О. Бердиёров махсус харидордан ушбу маб­лағни олган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ушланган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 25-моддаси ва 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Аммо бу воқеанинг энг хавотирли қисми шу билан якун топмаган. Аниқроқ айтганда, тезкор тадбир жараёнида О. Бердиёровнинг яна бир қилмиши ошкор бўлди. У махсус харидорга тамаки қутисида жойланган, соф оғирлиги 0,3 грамм бўлган гашиш гиёҳвандлик моддасини 700 минг сўмга сотган. Кейин унинг пайпоғидан ҳам 0,26 грамм гиёҳвандлик моддаси топилган. Суд О. Бердиёров ушбу гашиш моддасини кейинчалик сотиш мақсадида сақлаган деб баҳолади.

Суд-кимёвий экспертиза хулосасига кўра, О. Бердиёровдан олинган ҳар иккала гиёҳванд моддаси таркибида тетрагидроканнабинол мавжуд бўлган. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган рўйхатга кўра, гашишнинг 0,2 граммдан 2 граммгача бўлган миқдори “озгинадан кўпроқ миқдор” сифатида баҳоланади.

Айни вақтда экспертиза жараёнида О. Бердиёровнинг қонидан гиёҳвандлик моддаси қолдиғи топилмаган, у наркологик ҳисобда турмаган ва мажбурий даволанишга муҳтож эмас. Шунинг учун ушбу воқеани “у гиёҳванд бўлган” деган соддалаштирилган хулоса билан эмас, балки гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний савдоси ва уни сотиш мақсадида сақлаш билан боғлиқ жиноят сифатида баҳолангани — ҳуқуқий жиҳатдан тўғри.

Суд судланувчининг қилмиши Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми билан тўғри малакаланган деб топди. Апелляция инстанцияси судлов ҳайъати ҳам ҳимоя томонининг қилмишни енгилроқ моддага қайта малакалаш ҳақидаги важларини рад этди.

Мазкур жиноий ишнинг ҳуқуқий томонидан ташқари муҳим ижтимоий жиҳати ҳам бор. Аниқроқ айтадиган бўлсак, жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимида хизмат қиладиган ходимга давлат ҳам, фуқаро ҳам ишонч билдиради. Унинг вазифаси қонунбузарликка қарши қатъий туриш, қўриқланаётган объектлар хавфсизлигини таъминлаш, қонун талабларига риоя этишда, аввало, ўзи бошқаларга намуна бўлишдан иборат.

Биринчи босқич суди жиноятлар мажмуи бўйича О. Бердиёровга 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш, шунингдек, 2 йил муддатга ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Хоразм вилоят суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъати ушбу ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди. Судланувчига нисбатан тайинланган қўшимча жазонинг ўзи ҳам жиноят билан хизмат мавқеи ўртасидаги боғлиқликка берилган ҳуқуқий баҳодир.

Шу ўринда иккинчи мисолга эътибор қаратсак, Муаттар Отаниёзовани ёш, етарли ҳаёт тажрибасига эга эмас, деб бўлмайди. 1965 йилда туғилган, оилали, уч нафар фарзанднинг онаси, таълим тизимида узоқ йиллар ишлаб, нафақага чиққан бу аёл қариндошининг илтимосига кўра, Тошкент шаҳридан Хоразм вилоятига героин гиёҳвандлик моддасини етказиб беришга рози бўлган.

У ўтирган “Эпика” русумли автомашина Хоразм томон ҳаракатланиб келаётганда Урганч туманидаги “Чолиш” йўл патрул хизмати постида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан тўхтатилган.

Аёлнинг сумкасидан икки бўлак, жами 985 грамм героин гиёҳвандлик моддаси топилган. Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси Хоразмга етказилгач, сотишга мўлжалланган. М. Отаниёзова жиноятни содир этишда ёрдамчи сифатида иштирок этган.

Энди бир тасаввур қилайлик: агар гиёҳвандлик моддаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан тўхтатиб қолинмаганида, нима бўлар эди?

Заҳри қотил манзилга етарди, кейин майда қисмларга ажратилиши, сотувчилар орқали тарқатилиши, ўнлаб-юзлаб истеъмолчилар қўлига тушиши мумкин эди. Қарийб бир килограмм гиёҳвандлик моддасининг муомалага кириши қанча янги қарамлик, қанча оилавий фожиа, қолаверса, қанчадан-қанча саломатлик муаммосига сабаб бўлишини олдиндан ҳисоблаб бўлмайди.

Ушбу жиноий қилмишнинг кишини ўйлантирадиган яна бир жиҳати бор.

Яъни бу жиноий қилмиш аёл томонидан содир этилганидир. Ҳолбуки, аёл — оиланинг меҳрибон бекаси, фарзандларини оқ ювиб, оқ тараб, вояга етказадиган зотдир. Айниқса, узоқ йиллар давомида таълим соҳасида меҳнат қилган, уч фарзандни вояга етказган аёлни бундай жиноий қилмишга қўл уришини сира оқлаб бўлмайди.

Биринчи босқич суди М. Отаниёзованинг айбига қисман иқрорлиги ва пушаймонлигини, оилавий аҳволи, пенсия ёши, соғлиғи ҳамда муқаддам судланмаганини енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳолади. Шу сабабли Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, модда санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо тайинланди.

Суд судланувчининг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 28-моддаси ҳамда 25,273-моддаси 5-қисми бўйича, яъни кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситасини сотишга суиқасд қилишда ёрдамчилик сифатида малакалаб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Кассация инстанцияси судлов ҳайъати ҳукмнинг ушбу қисмини ўзгаришсиз қолдирди. Чунки шундай ҳуқуқий ёндашув ўта муҳим: инсоннинг оилавий аҳволи ва ижобий ўтмиши жазони индивидуаллаштиришда ҳисобга олинади, аммо улар содир этилган жиноятни оқлаш воситасига айланмайди. Қонун гиёҳвандлик воситасини фақат бевосита сотувчисини эмас, балки уни ташиш, сақлаш ёки сотишга ёрдам бериш орқали жиноят содир этилишига кўмаклашган шахсларни ҳам жавобгарликдан четда қолдирмайди.

Хулоса қилиб айтганда, гиёҳвандлик савдосидан олинган ҳар қандай моддий манфаат вақтинчалик. Бундан чиқадиган катта ва ягона сабоқ шуки, гиёҳвандлик воситасини сотиш ёки сотишга олиб бораётган жиноий занжирнинг бир бўғинига айланиш — осон даромад топиш эмас, аксинча, инсон тақдири учун жуда қимматга тушадиган нотўғри танловдир.

Даврон МУРОТОВ,

Хоразм вилояти суди судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Read More
photo_2026-05-05_09-31-16

ҚОНУН МОҲИЯТИ ВА ТАЛАБИНИ АНГЛАШ ТУРЛИ ХИЛ НИЗОЛАРНИНГ БАРВАҚТ ОЛДИНИ ОЛИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Мамлакатимизда бошқа соҳаларда бўлгани каби уй-жой қуриш, ер участкаларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, фуқароларга тегишли турар жойларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг мустаҳкам қонуний асослари яратилган.

Хусусан, уй-жойга доир ҳуқуқларнинг амалга оширилиши ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, фуқароларга тегишли бўлган турар жойларни давлат рўйхатидан ўтказишда кўмаклашиш мақсадида, 2024 йил 5 августда “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Қонунда бир қатор ҳолатларда фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва унда қурилган бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқлари эътироф этилиши назарда тутилган.

Бироқ ҳаётда айрим кишилар ушбу қонунни дастак қилиб, янги қурилаётган ноқонуний объектлар ҳам қонунийлаштирилиши керак, деган важни келтираётган ҳолатлар ҳам учраб туради. Бу эса, фуқаролар ўртасида турли хил нотўғри тушунчалар шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Шу боис ушбу қонунда фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва у ерда қурилган бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқлари қандай ҳолатларда эътироф этилиши ҳақида имкон қадар маълумот беришни ўринли, деб ўйлаймиз.

Қонунга кўра:

– Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва мамлакат ҳудудида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган шахслар 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга;

– фуқаролар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва резидент бўлган юридик шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ажратилган ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган ер участкаси майдонидан 2018 йил 1 майга қадар ортиқча эгаллаган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга;

– ўзбошимчалик билан қурилган якка тартибдаги уй-жойларга бўлган мулк ҳуқуқини, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, ташкил этилган Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари томонидан эътироф этиш мумкин деб топилганлиги ҳолларига ёки уни эътироф этиш рад этилганлиги ёхуд аризаларнинг кўриб чиқилиши бир марталик умумдавлат акциясининг муддати ўтганлиги сабабли якунига етмаганлиги ҳолларига;

– 2021 йил 8 июнга қадар туман (шаҳар) ҳокимининг қарорига кўра, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фуқароларга, якка тартибдаги тадбиркорларга ёки резидент бўлган юридик шахсларга ажратилган, тасдиқлаш масаласи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан кўриб чиқилмаган ер участкасига (бундан шундай ер участкасида икки йил ичида бинолар ва иншоотлар қурилмаган ёки уларнинг қурилиши бошланмаган ёхуд ер участкасидан мақсадсиз фойдаланилган ҳоллар мустасно);

– фуқароларнинг боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойларига ҳамда улар эгаллаган ер участкасига;

– 2020 йил 9 мартга қадар кичик саноат зоналари ҳудудида жойлаштирилган тадбиркорлик субектларининг яшаш учун мўлжалланмаган бинолари ва иншоотлари ёки уларнинг қисмлари жойлашган ер участкасига;

– хусусийлаштирилган бинолар ва иншоотлар эгаллаган ер участкасига;

– фуқаролар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва резидент бўлган юридик шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи эътироф этилган бинолари ва иншоотлари эгаллаган ер участкасига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш асослари ва тартиби белгилаб берилди.

Натижада ушбу қонунга асосан, кўплаб фуқароларнинг илгари қуриб, фойдаланиб келаётган уй-жойларига нисбатан мулк ҳуқуқлари қонунийлиги эътироф этилди. Уларнинг қатор йиллардан буён давом этиб келган муаммолари шу тариқа ечим топди.

Ушбу қонундаги имтиёзлар фақат юқорида қайд этилган олдинги даврга оид ҳолатларгагина тааллуқли эканлиги кўриниб турибди. Янги ноқонуний қурилишларга нисбатан мазкур қонун қўлланилмайди ва улар мулк ҳуқуқи объекти сифатида эътироф этилмайди.

Бу каби қурилмалар, Фуқаролик кодексининг 212-моддасига асосан, қонунчиликда белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек, иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.

Шунингдек, бундай иморатлар ўзбошимчалик билан иморат қуриш оқибатида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвосига асосан, суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланади.

Бундан ташқари бундай қонунбузилиши ҳолатини содир этган айбдор шахсларга нисбатан нафақат фуқаролик-ҳуқуқий, балки маъмурий чоралар ҳам қўлланилади. Аниқроғи, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддасига кўра, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари, мансабдор шахсларга эса, етмиш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Мисол учун даъвогар Кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси жавобгар Ш. Х.га нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган қурилмани буздириш ва ерни яроқли ҳолатга келтириш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Маълум бўлишича, даъвогар томонидан ер майдонларидан мақсадли ва оқилона фойдаланилишининг аҳволи ўрганилганда, жавобгар Ш. Х. Бахмал тумани ҳудудида ўзбошимчалик билан 180 квадрат метр ўлчамдаги ер участкасига уй-жой қуриб олганлиги аниқланган. Мазкур ноқонуний қурилмани бартараф этиш юзасидан жавобгарга огоҳлантириш хати берилган. Аммо ноқонуний қурилма унинг томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилмаган. Шу сабабли даъвогар судга мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро судининг 2025 йил 18 августдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилиб, жавобгарга ноқонуний қурилмани бузиш ҳамда ер майдонини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш мажбурияти юклатилган.

Жавобгар Ш. Х. қурилмани у қурмаганлиги, қурилма онаси М. Х. томонидан қурилганлиги ҳақидаги важ келтирганлиги сабабли апелляция инстанция суди биринчи босқич суди қоидаларига ўтиб, ишга М. Х.ни жалб қилган.

Кадастр агентлиги Бахмал тумани бўлимининг 2025 йил 8 октябрдаги қарорига кўра, фуқаро М. Х. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисми билан ҳуқуқбузар деб топилиб, унга нисбатан маъмурий жарима жазоси қўлланилган.

Жиззах вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2025 йил 8 октябрдаги ажрими билан суднинг ҳал қилув қарори хулоса қисмида жавобгар сифатида М. Х. кўрсатилиб, суд қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Ўз навбатида, судда жавобгар М. Х. уй-жойни аҳоли пункти ер майдонида қурганлиги, бу қурилмага нисбатан “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун талабларига асосан мулк ҳуқуқи берилиши кераклиги ҳақида важ келтирган.

Лекин жавобгар М. Х.да ер ажратиш ҳақида ваколатли орган қарори мавжуд эмас, ер участкаси чегараси жойи­да белгиланмаган ҳамда ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилмаган. Шу каби ер майдони ва бино-иншоотга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилмаган ёки мазкур қонун татбиқ этилиши мумкин бўлган ер тоифаси ёхуд бино хатловдан ўтказилмаганлиги сабабли Жиззах вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2025 йил 13 ноябрдаги ажрими билан суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилди.

Худди шу каби ҳолат: Жиззах шаҳар прокуратураси шаҳарнинг Ўратепалик маҳалласида жойлашган “Зиннур маркет” биносига туташ, шаҳар ҳокимлиги захирасида бўлган ҳудуддан жавобгар И. М. ўзбошимчалик билан 117,25 квадрат метр ўлчамдаги ер участкасини эгаллаб олгани ҳамда енгил турдаги айвон ва бир қаватли бино қургани юзасидан судга даъво ариза киритди. Даъво аризада жавобгарга ноқонуний қурилмани бузиш мажбуриятини юклатишни сўради.

Суд қарори билан мазкур қурилма жавобгар ҳисобидан буздирилиши белгиланди. Мазкур иш жавобгарнинг шикояти асосида Жиззах вилоят судининг тафтиш инстанциясида ўрганиб чиқилганида ҳам, жавобгар ҳеч қандай ҳужжатларсиз ер майдонини эгаллаб, қурилиш қилиб олганлиги ўз тасдиғини топди.

Айтмоқчимизки, ҳар бир фуқаро муҳим бир ҳақиқатни унутмаслиги керак: қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди. Бу фикрни бежизга айтаётганимиз йўқ. Жиззах вилоят суди, фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан ўтган йил давомида ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларни бузиш билан боғлиқ 928 та фуқаролик иши кўриб чиқилган. Уларнинг 788 таси ёки 85 фоизи қаноатлантирилган.

Мухтасар қилиб айтганда, қурилиш ишларини амалга оширишда турли гап-сўзларга эмас, балки амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ иш юритиш муҳим. Шунда одам турли муаммоларга дучор бўлмайди, ортиқча чиқимларга учрамайди.

Нодиржон РАСУЛОВ,

Жиззах вилояти суди раиси ўринбосари –

фуқаролик ишлари бўйича

Read More
photo_2026-07-27_17-17-15

ДАЪВО ИНСТИТУТИНИ МАЪМУРИЙ СУДЛАР ФАОЛИЯТИГА ЖОРИЙ ЭТИШНИНГ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Ҳуқуқий давлат барпо этиш жараёнида давлат идоралари билан ўзаро муносабатларда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бу вазифани амалга оширишда маъмурий судлар фаолияти алоҳида ўрин тутади.

Маъмурий суд ишларини юритишнинг замонавий моделида даъво институтининг жорий қилиниши суд ҳимояси механизмларини такомиллаштириш, тарафларнинг процессуал ҳуқуқларини аниқ белгилаш ҳамда суд амалиётида ягона ёндашувни шакллантиришга хизмат қилади.

Ўзбекистонда маъмурий суд ишларини юритиш тизими босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда. Бу жараёнда даъво институти ва даъво турларининг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши маъмурий судловнинг самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим ислоҳотлардан бири ҳисобланади.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 5-моддасига кўра, фуқаролар ва юридик шахслар ўзларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий ишлар бўйича судга ариза (шикоят) билан мурожаат қилади. Яъни ҳозирги кунда маъмурий судга мурожаат қилишнинг даъво институти мавжуд эмас.

Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 30 январдаги қарори билан “Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси” тасдиқланган бўлиб, унда маъмурий суд иш юритувига даъво институтини киритиш орқали маъмурий органлар устидан бериладиган даъво турларини аниқ белгилаш, ҳар бир даъво тури бўйича иш юритишнинг ўзига хос процессуал қоидаларини назарда тутиш вазифаси белгиланган. Шу муносабат билан янги таҳрирдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс лойиҳасида судга мурожаат қилишнинг даъво шакли ва даъво турлари белгиланмоқда.

Хўш, даъво институти нима?

Даъво институти — шахснинг бузилган ёки баҳсли ҳуқуқи, эркинлиги ёки қонуний манфаатини суд орқали ҳимоя қилиш ҳақидаги талабини ифодаловчи процессуал институтдир. Маъмурий суд ишларида даъво фуқаро ёки юридик шахснинг давлат органи, маҳаллий давлат ҳокимияти ёки мансабдор шахснинг қарорлари, ҳаракатлари ё ҳаракатсизлиги устидан судга мурожаат қилиш шакли сифатида намоён бўлади.

Даъво институтининг жорий қилиниши бир қатор муҳим вазифаларни ҳал этади:

биринчидан, маъмурий судга мурожаат қилиш шаклини аниқ белгилайди;

иккинчидан, даъвогар ва жавобгарнинг процессуал мақомини аниқлаштиради;

учинчидан, суд муҳокамаси предметини белгилайди;

тўртинчидан, суд қарорининг ижросини таъминлашга хизмат қилади;

бешинчидан, суд амалиётида ҳуқуқий аниқлик ва барқарорликни таъминлайди.

Маъмурий судловда турли хил ҳуқуқий низолар учрайди. Шу сабабли даъво турларини ҳуқуқий жиҳатдан ажратиш низонинг хусусиятига мос процессуал тартибни қўллаш имконини беради.

Халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистонда маъмурий суд ишларини юритишда қуйидаги даъво турларини киритиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади:

• низолашиш тўғрисидаги даъво. Ушбу даъво орқали даъвогар суддан маъмурий акт, маъмурий органнинг ижро ҳужжати ёки маъмурий шикоятнинг мустақил предметини ташкил этадиган маъмурий органнинг процессуал ҳужжатини тўлиқ ёки қисман бекор қилишни талаб қилиши мумкин;

• тақиқлаш тўғрисидаги даъво. Ушбу даъво орқали даъвогар суддан маъмурий органга муайян маъмурий актни, маъмурий органнинг ижро ҳужжатини қабул қилишни ёки муайян маъмурий ҳаракатни амалга оширишни тақиқлашни талаб қилиши мумкин бўлади;

• мажбурият юклаш тўғрсидаги даъво. Бу турдаги даъво давлат органини муайян ҳаракатни амалга ошириш ёки қонун бўйича тегишли вазифани бажаришга мажбур қилишга қаратилган бўлади. Масалан, лицензия бериш, рўйхатдан ўтказиш ёки маълумот тақдим этиш мажбурияти;

• тан олиш тўғрисидаги даъво. Ушбу даъво орқали даъвогар суддан маъмурий актнинг, маъмурий органнинг бошқа ҳужжатининг ёки маъмурий ҳаракатнинг ғайриқонунийлигини тан олишни, шунингдек, маъмурий актни ҳақиқий эмас, деб топишни талаб қилиши мумкин.

Маъмурий судларда даъво институтини жорий қилиш, ҳеч шубҳасиз, бир қатор ижобий натижаларни беради. Хусусан, бу янги институт суд ҳимоясининг самарадорлигини оширади; давлат органларининг қонунийликка риоя қилиш масъулиятини кучайтиради; фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлайди; суд амалиётининг бир хилда қўлланилишини таъминлайди; инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро стандартларига яқинлашишга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, маъмурий судларда даъво институти ва даъво турларининг жорий этилиши мамлакатимизда маъмурий адлия тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. Ушбу институт давлат органлари фаолияти устидан самарали суд назоратини таъминлаш, фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, қонунийлик ва одил судлов принципларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Даъво турларининг аниқ ҳуқуқий тартибга солиниши суд амалиётининг бир хил қўлланилишини таъминлайди. Шунингдек, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади.

Акмал Муродов,

Олий суд судьяси

Read More
Click to listen highlighted text!
Skip to content