Адолат – давлатнинг мустаҳкам маънавий пойдевори ва ҳуқуқий устунидир. Шу маънода, юртимизда судларни чинакам адолат қўрғонига айлантириш йўлидаги кенг кўламли ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Натижада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Судьялар қонунларнинг толмас ҳимоячилари, адолатнинг мустаҳкам устунлари бўлиши лозим” деган сўзлари жамиятимиз ҳаётида тобора ўзининг ёрқин ифодасини топиб бормоқда.
Янги Ўзбекистонга хос шиддатли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари самараларини Сирдарё вилояти судлари фаолиятида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, 2026 йилнинг дастлабки 6 ойи мобайнида 65 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинди.
Шунингдек, 613 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган бўлса, 216 нафарига тайинланган жазо енгилроғи билан алмаштирилди.
Яна 368 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.
Бундан ташқари юқори инстанция судларида 481 шахсга нисбатан 369 та жиноят иши кўриб чиқилди. Шундан 18 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 67 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Айниқса, дастлабки терговда қилмиши нотўғри малакаланган ёки муқаддам ноҳақ айбланган шахсларнинг оқланиши даражаси ортмоқда. Бу ҳам бўлса, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсати ҳамда “Инсон қадри учун” тамойилининг амалдаги яққол намунасидир.
Модомики, гап оқлов ҳукмлари ва ажримлари хусусида борар экан, бунда судья масаланинг ҳамма жиҳатига эътибор қаратиб, тарафларни атрофлича эшитиб, ҳар бир ҳолат ва далилни синчиклаб ўрганиб, сўнг барчасини адолат тарозисига қўйган ҳолда қарор қабул қилишини алоҳида эътироф этиш лозим. Келинг, мисол тариқасида бир жиноят ишига эътибор қаратайлик.
Фуқаро Александр Коваленко (исмшарифлар ўзгартирилган) Янгиер шаҳар деҳқон бозорида сув ва салқин ичимликлар идишини териб юрган маҳали савдо дўкони олдидаги ўриндиқда қаровсиз қолдириб кетилган “Redmi A2+” русумли уяли алоқа воситасига кўзи тушади. Сўнгра телефонни олиб, чўнтагига солади.
Унинг мақсади йиққан идишларини қабул пунктига топширгач, телефонни ҳудуддаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси ходимларига элтиб бериш эди. Бироқ ҳали ишларини битирмасидан А. Коваленкони ушлаб кетишади. Маълум бўлишича, фуқаро Султонқул Мамадкаримовга тегишли ушбу уяли телефон нархи 1 миллион 800 минг сўм экан.
Шундан сўнг А. Коваленкога нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилади. Тергов жараёни якунлангач, иш судга юборилади.
Таъкидлаш лозимки, судда А. Коваленконинг ўғирлик қилмагани аён бўлди. Судланувчи чиндан ҳам, ишларини битиргач, телефонни қонун ҳимоячиларига топшириб кетишни кўзлаганини билдирди. Жабрланувчи Султонқул Мамадкаримов ҳам бир нечта маҳалладошлари билан ўриндиқда суҳбатлашиб ўтирган пайтда телефонини унутиб қолдирганлигини маълум қилди.
Энг муҳими, тасодифан топилган буюм (топилма) талон-торож қилиш предмети бўла олмайди. Яъни А. Коваленконинг ўриндиқда унутиб, қаровсиз қолдириб кетилган, қолаверса, қўриқланмаётган ёки кимнингдир эгалигида бўлмаган ашёни тасодифан топиб олган ҳолда келгусида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага топшириш мақсадида яшириб қўйганлигида ўғирлик жиноятининг зарурий белгилари мавжуд, деган асосли хулосага келиб бўлмайди.
Чунки ички ишлар идораси ходимлари дўконлардаги видеотасвирларни текшириш орқали телефонни А. Коваленко олганлиги ҳолатини аниқлаб, уни расмийлаштирганликлари ўртасидаги вақт тафовути қисқа. Бу вақтда А. Коваленко телефонни яшириб қўйган жойидан олиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага топширишга улгурмаган. Бундай ҳолатда ўғирлик жиноятининг на объектив, на субъектив белгилари мавжуд эмас.
Шу маънода, тергов органи унинг хатти-ҳаракатларини Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан малакалаб, нотўғри айблов эълон қилган. Ана шу асосларга таянган жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар суди А. Коваленкони айбсиз деб топиб, оқлади.
Шунинг баробарида унга етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқибатларини тегишли тартибда бартараф қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 62-моддасига мувофиқ, топиб олинган ёки тасодифан қўлига тушиб қолган қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан ортиқ бўлган ўзганинг мол-мулкини яшириш базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бинобарин, А. Коваленкони маъмурий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиш учун жиноят ишидан тегишли ҳужжатлар ажратилиб, Янгиер шаҳар прокуратурасига юборилди.
Тизимда узоқ йиллар ишлаб, айни пайтда кексалик гаштини сураётган суд фахрийлари, бой тажрибага эга устозлар шогирдларга бир жиҳатни қайта-қайта уқтириб келадилар: “Ўз устингизда шундай ишлангки, қарорингиз ҳам қонуний, ҳам адолатли бўлсин!”
Бу каби ибратли панду ўгитлар судьялар фаолиятида муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, Сирдарё вилояти судлари томонидан 2026 йилнинг ўтган 6 ойи давомида бир нечта шахсларга нисбатан қонун санкциясида кўрсатилганидан камроқ жазо тайинланганлиги ёки жазо енгилроғи билан алмаштирилгани бежиз эмас.
Бу каби жиҳатлар давлатимиз сиёсатининг кечиримлилик, инсонпарварлик тамойилларига хос ва мосдир. Зеро, ярашиш, келишиш ва кечиримли бўлиш халқимиз қадриятларига хос фазилатлардан ҳисобланади. Мана шундай яхшиликка ундовчи урф-одатлар судлар томонидан ишларни кўриш жараёнида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йилнинг биринчи ярмида 178 нафар шахсга нисбатан жиноят иши Жиноят кодексининг 66-1-моддасига асосан, тарафлар ярашганликлари муносабати билан тугатилганлиги ҳам бу фикримизни исботлаб турибди.
Жумладан, 2026 йил 28 январда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда “Энергосавдо” акциядорлик жамияти Боёвут туман бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган рейд тадбирида 60 ёшли Зарифа Халилова Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги қарори билан тасдиқланган “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидалари”га зид равишда хонадонига ўрнатилган электрон ҳисоблагичдан ташқари яширин равишда электр тармоғига ўзбошимчалик билан тўғридан-тўғри уланиб, умумий қуввати 3,5 кВт бўлган кондиционердан фойдаланиб келганлиги аниқланган.
Натижада унинг Боёвут тумани электр таъминоти корхонасига етказган зарари 52 миллион 980 минг сўмни ташкил қилган. Шу боис, З. Халиловага нисбатан Жиноят кодексининг 1852-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов жараёнида З. Халилова электр таъминоти корхонасига етказган зарарини қоплаган. Бинобарин, у суд мажлисида айбига иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, фуқаровий даъвогар билан ўзаро ярашиб олганлиги сабабли жиноят ишини ярашув асосида тугатишни сўради. Ўз навбатида, туман электр таъминоти корхонаси вакили ҳам унинг фикрларини тасдиқлаб, судланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини маълум қилган ҳолда ярашувга розилигини билдирди.
Жиноят кодексининг 66-1-моддасида ушбу кодекснинг 185-2-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс ўз айбига иқрор бўлиб, фуқаровий даъвогар билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкинлиги қайд этилган. Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддасига биноан, фуқаровий даъвогар Жиноят кодексининг 66-1-моддасида назарда тутилган жиноятларга оид ишлар бўйича айбланувчи, судланувчи билан ярашган тақдирда, жиноят иши суд томонидан айблилик ҳақидаги масала ҳал қилинмай тугатилиши мумкинлиги белгиланган. Шунга кўра, суд З. Халиловага нисбатан қўзғатилган жиноят ишини ярашув актига асосан тугатиш тўғрисида ажрим чиқарди.
Яна бир эътиборли масала. Шу йил 8 июнда давлатимиз раҳбари томонидан “Судларда комплеанс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармоннинг имзолангани тизимда коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш ишларини янги босқичга олиб чиқишга замин яратди. Албатта, бундан кўзланган асосий мақсад — судларда коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт бартараф этиш, суд аппарати ходимларини ишга қабул қилиш жараёнини шаффоф тартиб-таомиллар ва очиқ танловга асосланган тарзда ташкил этиш, уларнинг салоҳияти, иқтидори, касбий сифатлари ҳамда алоҳида хизматларини одилона ва ҳаққоний баҳолаш (меритократия) асосида касбий ўстириш, суд тизимига жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ва суднинг нуфузи ва обрўсини ошириш, суд органларини Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотларнинг кўмакчисига айлантиришдан иборат.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари судларнинг мустақиллиги, адолатли қарорлар қабул қилиниши ва инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга хизмат қилмоқда. Оқлов ҳукмларининг кўпайиши, асоссиз айбловларнинг бартараф этилиши, жазоларни инсонпарварлик тамойиллари асосида қўллаш ҳамда ярашув институтининг самарали ишлаётгани судларда қонунийлик ва адолат устуворлигини янада мустаҳкамламоқда.
Энг муҳими, ҳар бир ишни кўриб чиқишда инсон тақдирига алоҳида эътибор қаратилаётгани, суд қарорлари қонун талаблари билан бирга адолат мезонларига ҳам таянаётгани халқнинг судларга бўлган ишончини оширмоқда. Бу эса, Янги Ўзбекистонда «Инсон қадри учун» тамойилининг ҳаётдаги амалий ифодаси бўлиб, судларни ҳақиқий адолат қўрғонига айлантириш йўлидаги ислоҳотлар изчил давом этаётганидан далолат беради.
Фарруҳ АБДУРАИМОВ,
Сирдарё вилояти суди раиси