1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2026-09-29_14-21-03

МАЪМУРИЙ ОДИЛ СУДЛОВ: ФУҚАРО ВА ТАДБИРКОРЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

2026 йил 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида маъмурий одил судловни янги босқичга олиб чиқиш истиқболларига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди. Унда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, давлат органлари фаолияти устидан суд назоратини кучайтириш ҳамда маъмурий судларнинг ваколатларини кенгайтиришга қаратилган қатор муҳим таклифлар кўриб чиқилди.

Ўзбекистонда маъмурий судлар 2017 йил 1 июлдан фаолият кўрсата бошлаган бўлиб, унинг асосий вазифаларидан бири — давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги натижасида бузилган ҳуқуқларни суд орқали тиклаш, давлат бошқарувида қонунийликни таъминлаш ва фуқаро билан давлат ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларда суд назоратини кучайтиришдан иборат.

Тақдимотда ўтган давр мобайнида маъмурий судлар томонидан қарийб 150 мингта иш кўриб чиқилгани ва 70 мингдан ортиқ ҳолатда давлат органларининг ноқонуний қарорлари бекор қилингани қайд этилди.

Шунингдек, мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан юқори турувчи ёки бошқа ваколатли органларга қарийб 27 мингта хусусий ажрим чиқарилган. Бу рақамлар маъмурий судларнинг давлат органлари фаолияти устидан ҳуқуқий назоратни таъминлашдаги ижобий натижани кўрсатади.

Тақдимотда соҳани янада ривожлантиришнинг кейинги босқичи сифатида илғор хорижий тажриба ва замонавий талаблар асосида қарийб 15 та янги ҳуқуқий институтни жорий этиш таклифи илгари сурилди. Бундан кўзланган асосий мақсад — ҳуқуқи бузилган фуқаронинг судга мурожаат қилиши билан чекланиб қолмасдан, ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш, давлат органларининг қарор қабул қилиш жараёни устидан самарали суд назоратини таъминлашдан иборат.

Эътиборли жиҳатлардан бири — фуқаролар ҳуқуқларини проактив ҳимоя қилиш механизмларини жорий этишдир. Амалда фуқаро ёки тадбиркорнинг маъмурий судга мурожаати асосан бузилган ҳуқуқни тиклашга қаратилган бўлса, янги ёндашув ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш имкониятларини ҳам кенгайтиради. Шу мақсадда судга мурожаат қилишнинг тўрт турдаги даъво шаклини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Ушбу даъво турларидан бири ҳисобланган “тақиқлаш” даъвоси айнан ҳуқуқ бузилишининг олдини олишга қаратилади.

Яна бир муҳим масала — судга мурожаат қилиш муддатларини қайта кўриб бўйича киритилган таклифдир. Яъни ҳозирги тартибда белгиланган олти ойлик муддатни қайта кўриб, хусусан, давлат органи томонидан қонун бузилганини тан олишга қаратилган талаб билан судга мурожаат қилишда муддатни чекламаслик ҳақида таклиф киритилди.

Шунингдек, тақдимотда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари устидан суд назорати масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Чунки амалдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бундай қарорлари устидан судга шикоят бериш тартиби мавжуд бўлмаганлиги сабабли ҳокимлик­ларнинг норматив тусдаги қарорларига фуқаролар ва тадбиркорлар ҳақли эътироз билдирган ҳолатда ҳам низолар кўрилмасдан қолиб кетмоқда.

Таклифга кўра, агар маҳаллий ҳокимият органининг норматив-ҳуқуқий ҳужжати фуқаронинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл қилса, фуқарога бундай ҳужжат устидан бевосита маъмурий судга мурожаат қилиш имконияти берилади. Бу эса, давлат бошқаруви қарорларининг қонунийлиги устидан суд назорати доирасини кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин.

Ислоҳотларнинг яна бир муҳим йўналиши — давлат органларининг дискрецион ваколатларидан фойдаланишини суд томонидан текшириш механизмларини кучайтиришдир. Конституциямизнинг 20-моддасида давлат органлари томонидан шахсга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунда белгиланган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги белгиланган.

Мазкур конституциявий принципдан келиб чиқиб, маъмурий судларга давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан дискрецион ваколатларни амалга оширишда қарорларнинг нафақат қонунийлиги, балки асослилиги ва мутаносиблигини ҳам текшириш ваколатини бериш таклиф қилинмоқда. Бу ёндашув давлат органларига берилган ваколатлардан фойдаланишда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари билан давлат манфаатлари ўртасида ҳуқуқий мувозанатни таъминлашга қаратилган.

Маъмурий одил судлов самарадорлиги фақат суд қарорининг қабул қилиниши билан эмас, балки унинг амалда ижро этилиши билан ҳам белгиланади. Шу сабабли тақдимотда суд қарорларининг сўзсиз ижросини таъминлашга қаратилган таклифлар ҳам билдирилди.

Таклиф этилаётган механизмга кўра, агар давлат органи мансабдор шахси суд қарорини ижро этмагани учун жаримага тортилганидан кейин ҳам қарорни такроран бажармаса, суд бу ҳақда қонуний чора кўриш учун прокурорга хабар беради. Бундай ёндашув суд қарорларининг мажбурийлигини амалда таъминлаш ва давлат органлари мансабдор шахсларининг суд олдидаги масъулиятини оширишга қаратилган.

Маъмурий одил судловни янада такомиллаштиришга қаратилган янги таклифлар фуқаро ва тадбиркорларнинг давлат органлари билан муносабатларида ҳуқуқий ҳимоя воситаларини кенгайтириш, одил судловни таъминлаш ҳамда давлат органлари устидан самарали суд назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

Акмал Муродов,

Олий суд судьяси

Read More
photo_2026-10-22_10-45-17

БУЙРУҚ ҚОНУНГА ТАЯНСА, АДОЛАТЛИ БЎЛАДИ

Суд амалиётида айрим меҳнат низолари шуни кўрсатмоқдаки, иш берувчилар баъзан меҳнат шартномасини бекор қилишда буйруқни расмийлаштиришнинг ҳуқуқий аҳамиятига етарлича эътибор беришмайди. Ҳолбуки, буйруқ — оддий ички ҳужжат эмас, балки ходимнинг меҳнатга оид ҳуқуқий мақомини ўзгартирадиган, уни ишдан бўшатиш оқибатини келтириб чиқарадиган юридик ҳужжатдир.

Шу ўринда фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилган бир иш мисолида фикримизни давом эттирадиган бўлсак, даъвогар О. Назаров дастлаб “Maroqand Neft Bazasi” масъулияти чекланган жамиятда ҳисобчи вазифасига ишга қабул қилинган, кейинчалик ходимлар бўлими бошлиғи лавозимига ўтказилган. Аммо жамият директорининг 2026 йил 26 майдаги буйруғи билан меҳнат шартномаси бекор қилиниб, у эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.

Даъвогар судга мурожаат қилиб, ушбу буйруқни ноқонуний деб топиш, аввалги ишига тиклаш ва маънавий зарар ундириб беришни сўради. Унинг важларига кўра, янги директор тайинлангач, унга нисбатан босимлар бўлган, натижада у меҳнат муносабатларини тугатишга мажбур бўлган.

Жавобгар томон эса, судда даъвони тан олмасдан, ходим билан меҳнат шартномаси қонун талаблари асосида бекор қилинганини таъкидлади.

Бироқ суд учун ҳал қилувчи масала фақат буйруқ чиқарилгани эмас, балки ушбу буйруқнинг қонуний асоси, иш берувчи буни судда исботлай олган-олмагани бўлди. Негаки, ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқда Меҳнат кодексининг қайси нормаси асос қилиб олингани аниқ кўрсатилмаган.

Бу камчилик шунчаки оддий хато эмас. Чунки буйруқда ҳуқуқий асос ноаниқ бўлса, ходим ўзининг нима сабабдан ишдан бўшатилганини тўлиқ англай олмайди. Суд эса, иш берувчи қарори қайси ҳуқуқий мезон бўйича текширилиши кераклигини баҳолашда қийинчиликка дуч келади.

Олий суд Пленуми тушунтиришларига кўра, судлар меҳнат шартномаси бекор қилинишининг қонунийлигини айнан буйруқда кўрсатилган асослар бўйича текшириши лозим. Суд меҳнат муносабатининг бекор қилинишини бошқа асосда кўришга ҳақли эмас.

Демак, иш берувчи буйруқ чиқараётганда ҳуқуқий асосни умумий тарзда эмас, аниқ ва тушунарли шаклда кўрсатиши лозим эди. Бу ўринда “Ишдан бўшатилсин” деган иборанинг ўзи етарли эмас.

Янада аниқроқ айтганда, буйруқда: қайси модда, қандай асос, қайси сана, қандай ҳолат деган саволларнинг барчасига тўлиқ жавоб бўлиши керак.

Меҳнат низосида иш берувчининг энг муҳим вазифаси — ўз ҳаракатининг қонунийлигини исботлашдир. Ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган бўлса, иш берувчи бу қарор нимага асосланганини, қонун талабларига қандай риоя этилганини, процессуал тартиб бузилмаганини судда далиллар билан кўрсатиб бериши шарт.

Мазкур меҳнат низосини кўриш жараёнида суд иш берувчи йўл қўйган хатоларни таҳлил қилар экан, бир нечта муҳим жиҳатга эътибор қаратди.

Хусусан, даъвогарда ишдан кетишга ҳақиқий истак бўлмаган, иш берувчи томонидан ишдан бўшатиш жараёнида тегишли тартибга риоя қилинмаган, директорнинг ўзи ҳам суд мажлисида ходимдан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб беришни сўраганини тан олган, шунингдек, меҳнат шартномасини бекор қилишда ўн тўрт календарь кунлик муддат масаласига амал қилинмаган.

Суд ушбу низони кўришда, аввало, меҳнат қилиш ҳуқуқининг конституциявий мазмунига таянди. Чунки Конституциямизнинг 42-моддасига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун адолатли ҳақ олиш ва ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Бинобарин, ишдан бўшатиш — фақат корхона ички бошқарувига оид масала эмас. Бу инсоннинг конституциявий меҳнат ҳуқуқи билан боғлиқ жиддий ҳуқуқий жараёндир. Агар иш берувчи бу жараёнда қонун талабларини бузса, ходимнинг нафақат меҳнат ҳуқуқи, балки конституциявий кафолатлари ҳам бузилади.

Мазкур ишда суд даъвогар ишлаган даврда интизомий жавобгарликка тортилмагани, раҳбарият топшириқларини бажариб келгани, бироқ кейинчалик ишдан бўшатиш жараёнида қонун талабларига риоя этилмаганини инобатга олди. Шу тариқа суд иш берувчи томонидан ғайриқонуний буйруқ чиқарилиб, ходимнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи бузилгани ўз исботини топган деб ҳисоблади.

Суд даъвогарнинг талабларини қисман қаноатлантирди, “Maroqand Neft Bazasi” масъулияти чекланган жамият директорининг 2026 йил 26 майдаги буйруғи ноқонуний деб топилди ва бекор қилинди. Даъвогар О. Назаров масъулияти чекланган жамият ходимлар бўлими бошлиғи вазифасига ишга тикланди.

Шунингдек, жавобгар ташкилотдан даъвогар фойдасига маънавий зарар учун компенсация ва почта харажати ҳамда давлат фойдасига давлат божи ундирилди. Суднинг ушбу ҳал қилув қарори дарҳол ижрога қаратилди.

Хўш, юқоридагилардан қандай хулоса чиқади?

Биринчидан, меҳнат шартномасини бекор қилиш буйруғи қонун талабларига тўлиқ мос бўлиши керак. Унда меҳнат шартномаси қайси модда, қайси асос ва қандай ҳолатларга кўра бекор қилинаётгани аниқ кўрсатилиши шарт.

Иккинчидан, иш берувчи судда ўз ҳаракатларининг қонунийлигини исботлаб бериши лозим. Ходимни ишдан бўшатишга сабаб бўлган ҳолатлар аниқ далиллар билан тасдиқланмаса, буйруқ ғайриқонуний деб топилиши мумкин.

Учинчидан, ходимни ишдан бўшатиш жараёнида ҳар қандай босим, қистов ёки фаол ундаш кейинчалик суд томонидан меҳнат ҳуқуқининг бузилиши сифатида баҳоланиши эҳтимоли бор.

Тўртинчидан, буйруқ нусхаси, меҳнат дафтарчаси ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма, якуний ҳисоб-китоб ва бошқа ҳужжатлар ходимга қонун талабларига мувофиқ ўз вақтида берилиши керак.

Бешинчидан, ишдан бўшатиш қонунга хилоф деб топилса, иш берувчи ходимни ишга тиклаш, маънавий зарарни қоплаш ва суд харажатларини тўлаш мажбуриятига дуч келади.

Ушбу иш меҳнат муносабатларида ҳуқуқий аниқлик, далил ва исботлаш мажбурияти қанчалик муҳим эканини яна бир бор яққол кўрсатди. Ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ қонунга таянмаса, унда ҳуқуқий асос аниқ кўрсатилмаса ва иш берувчи ўз ҳаракатларининг қонунийлигини судда исботлай олмаса, бундай буйруқ ходим ҳуқуқларини бузувчи ҳужжат сифатида баҳоланишини унутмаслик лозим.

Негаки, меҳнат шартномасини бекор қилишда иш берувчи фақат раҳбарлик ваколатига эмас, биринчи навбатда, Конституция ва қонун талабларига таяниши шарт. Чунки ҳар бир ишдан бўшатиш ортида инсон тақдири, оила даромади ва конституциявий меҳнат ҳуқуқи туради.

Меҳнат муносабатида қонун устувор бўлса, ходим ҳам, иш берувчи ҳам ҳимояланган бўлади. Буйруқ эса, фақат қонунга таянгандагина қонуний, асосли ва адолатли бўлади.

Зафар РАВШАНОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Каттақўрғон туманлараро суди раиси

Read More
photo_2026-10-05_14-06-46

СУДЛАРНИ МОЛИЯЛАШТИРИШНИНГ ЯНГИ ҲУҚУҚИЙ МЕХАНИЗМЛАРИ

Суд ҳокимиятининг мустақиллиги фақат судьянинг процессуал қарор қабул қилишдаги эркинлиги билан белгиланмайди. Суд ўз вазифаларини самарали бажариши учун унинг ташкилий, моддий-техникавий ва молиявий жиҳатдан зарур ресурслар билан таъминланган бўлиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Шу нуқтаи назардан, 2026 йил 11 сентябрда қабул қилинган «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини мо­лия­лаштириш тўғрисида»ги қонун суд тизимини молиявий таъминлашнинг ягона ва аниқ ҳуқуқий асосларини белгилаган муҳим ҳужжатлардан биридир. Янги қонуннинг эътиборга молик жиҳати шундаки, унда суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштиришнинг асосий принциплари бевосита қонун даражасида белгилаб берилди.

Бунда, хусусан, қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик билан бир қаторда одил судловни таъминлаш учун молиявий ресурсларнинг етарлилиги ҳамда судлар фаолиятининг молиявий мустақиллиги асосий принциплар сифатида белгиланди.

Молиявий таъминланганлик – оддий хўжалик масаласи эмас. У одил судловни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш билан бевосита боғлиқ. Қонунга кўра, судлар фаолияти фақат Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.

Конституциявий суд, Олий суд ва Судьялар олий кенгашининг фаолиятини молиялаштириш учун маблағлар ҳар йилги Давлат бюджети тўғрисидаги қонунда алоҳида назарда тутилади. Қонун судларни молиялаштириш одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши кераклигини ҳам белгилайди.

Бу билан суд ҳокимияти органларини молиялаштириш манбаси ва асослари аниқ ҳуқуқий чегараларга эга бўлмоқда. Айни пайтда қонунда маблағларни тақсимлашнинг ҳам аниқ механизмлари белгиланган.

Яъни Конституциявий суд, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши учун ажратилган маблағларни тегишли органларнинг ўзи тақсимлайди. Ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Рес­публикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, шунингдек, туман ва шаҳар даражасидаги судлар учун маблағларни тақсимлаш эса, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти томонидан амалга оширилади.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати — судлар фаолиятини молиялаштириш харажатларини асоссиз қисқартиришга йўл қўймасликка қаратилган кафолатлардир. Жумладан, судлар фаолиятини таъминлаш учун навбатдаги молия йилида ажратиладиган маблағлар, қоида тариқасида, ўтган молия йилида ажратилган маблағлардан кам бўлмаслиги керак.

Бундан ташқари давлат бюджети даромадлари прогнозининг ижросидан келиб чиқиб, судлар фаолиятини молиялаштириш харажатларини камайтириш мумкин эмас. Бюджет кодексига киритилган ўзгартишларда эса, давлат бюджети тақчиллигининг тасдиқланган чекланган миқдори ортиб кетган тақдирда ҳам, судлар фаолиятини молиялаштириш харажатларини қисқартиришга йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Мазкур нормаларнинг амалий аҳамияти шундаки, судларнинг узлуксиз фаолияти бюджет жараёнидаги ўзгаришлар туфайли зарур молиявий ресурслардан маҳрум бўлиб қолишининг олдини олишга ҳуқуқий асос яратади.

Янги қонун судларнинг бюджет маблағларини олиш билан чекланиб қолмасдан, уларни шакллантириш жараёнидаги иштирокини ҳам назарда тутади. Навбатдаги йил учун Давлат бюджети лойи­ҳасининг судлар фаолиятини молиялаштиришга оид қисми бўйича бюджет сўровлари Конституциявий суд, Олий суд, Судьялар олий кенгаши ва Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти томонидан тайёрланади.

Агар бюджет лойиҳасини тайёрлаш жараёнида ўзаро келишмовчиликлар юзага келса, тегишли суд органларининг таклифлари бюджет лойиҳасига илова қилиниши назарда тутилган.

Одил судловнинг сифати, аввало, судья ва суд аппарати ходимларининг профессионал фаолияти билан боғлиқ. Шу сабабли янги қонунда инсон омилига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Давлат бюджети лойиҳасини ишлаб чиқишда судьялар ва суд аппарати ходимларининг иш ҳақи, меҳнатини рағбатлантирувчи тўловлар, судларнинг моддий-техника ва молиявий таъминоти, шунингдек, судьялар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий таъминлаш билан боғлиқ харажатлар инобатга олиниши белгиланган. Қонунчиликка мувофиқ, судьялар ва суд аппарати ходимларига пул мукофотлари ҳамда бир марталик моддий ёрдам учун маблағлар ҳам ажратилади.

Шу билан бирга, судьялар ва суд аппарати ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантириш тартиби Президент томонидан белгиланиши назарда тутилган. Бу ёндашув суд фаолиятини фақат бинолар ва техника билан таъминлаш эмас, балки одил судловни амалга оширадиган кадрларнинг меҳнат шароитларини ҳам тизимли равишда молиялаштиришни назарда тутади.

Ушбу қонуннинг муҳим жиҳатларидан яна бири — ажратилган маблағларни тасарруф этиш масаласида белгиланган мустақилликдир.

Конституциявий суд, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши учун тегишли молия йилига ажратилган маблағлар мазкур органлар томонидан қонунчиликка мувофиқ мустақил равишда тасарруф этилади.

Бу ўринда молиявий мустақиллик ва молиявий интизом бир-бирини тўлдиради. Яъни маблағларни мустақил тасарруф этиш улардан мақсадли, самарали ва қонунчилик талабларига мувофиқ фойдаланиш масъулияти билан уйғун ҳолда амалга оширилади.

Хулоса қилиб айтганда, суд мустақиллиги — ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиларидан бири. Бироқ мустақил суд ҳокимиятини фақат қонун билан ваколат бериш орқали шакллантириб бўлмайди. Унинг самарали фаолияти учун барқарор молиявий асос, муносиб меҳнат шароити, замонавий инфратузилма ва зарур ресурслар талаб этилади.

Бинобарин, «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш тўғрисида»ги қонун ана шу эҳтиёжларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган.

Энг муҳими, қонунда молиялаштириш масаласи суд ҳокимиятининг кундалик хўжалик эҳтиёжи сифатида эмас, балки одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш учун зарур ҳуқуқий шарт-шароит сифатида белгиланмоқда. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, суд тизимининг барқарор ишлаши, судларга мурожаат қилган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш учун зарур ташкилий ва молиявий асосларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Йигитали ТОШЕВ,

Олий суд ҳузуридаги

Судлар фаолиятини таъминлаш

департаменти директори ўринбосари

Read More
photo_2026-10-27_11-40-17

ТАДБИРКОРНИ ОВОРА ҚИЛГАН ҚАРОР СУД ТОМОНИДАН ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИЛДИ

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, соҳа вакилларининг эркин фаолият юритиши, ўз салоҳият ва имкониятларини тўлиқ намойиш этишига қаратилган муҳим чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Зотан, тадбиркорлик тараққиёти халқимиз фаровонлиги, мамлакатимиз ривожининг асосини ташкил этади.

Аммо ҳаётда тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ бўладиган баъзи ҳолатлар ҳам учраб туради.

Шу ўринда суд амалиётдан мисол келтирсак, Фарғона вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосарининг 2026 йил 7 январдаги 00023-хс-сонли буйруғига асосан, “Ishonch sement” масъулияти чекланган жамиятнинг 2023 йил 1 январдан 2026 йил 5 январгача бўлган даврдаги фаолиятида солиқ қонунчилигига риоя этилиши юзасидан солиқ аудити ўтказиш белгиланган. Мазкур аудитни ўтказиш учун бошқарма вакили Б. Тожиусмонов хизмат сафарига юборилган. Буйруқда солиқ аудитини 2026 йил 7 январдан 2026 йил 21 январга қадар ўтказиш қайд қилинган.

Бироқ жамият раҳбари солиқ аудити ўтказилишидан орадан 5 кун ўтгач, яъни вилоят солиқ бошқармасининг 2026 йил 12 январдаги хабарномаси орқали хабардор қилинган.

Қисқаси, Б. Тожиусмонов томонидан корхонада солиқ аудити ўтказилиб, унинг натижаси юзасидан 2026 йил 20 январь куни далолатнома расмийлаштирилган. 2026 йил 11 февраль куни эса, Фарғона вилояти солиқ бошқармасининг 117.1-сонли қарори қабул қилиниб, унга асосан, масъулияти чекланган жамиятга нисбатан 916 миллион 433 минг сўм қўшимча солиқ ҳамда 836 миллион 513 минг сўм молиявий жарима қўллаш белгиланган.

Табиийки, тадбиркор бундан жиддий норози бўлади. Шу боис у Фарғона туманлараро маъмурий судига мурожаат қилиб, солиқ бошқармасининг юқорида келтирилган қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўрайди.

Ўрни келганда шуни айтиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги “Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги 1-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 175-176-бандларида солиқ аудитини ўтказиш жараёнида солиқ органларининг мансабдор шахслари мол-мулкнинг ҳақиқатда мавжудлигини аниқлаш, ҳақиқатда мавжуд мол-мулкни бухгалтерия ҳисоби маълумотлари билан қиёслаш, мажбуриятлар ҳисобда тўғри акс эттирилганлиги юзасидан инвентаризация тайинлаш ва ўтказиш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган.

Бундан ташқари ишлаб чиқариш заҳиралари ва солиқ тўловчига қарашли бўлмаган, бироқ бухгалтерия ҳисобида қайд этилган (масъулиятли сақлашда бўлган, ижарага олинган, қайта ишлаш учун олинган) бошқа турдаги мол-мулк, шунингдек, бирор-бир сабабга кўра, ҳисобга олинмаган мол-мулк инвентаризация қилиниши лозим.

Аммо “Ishonch sement” масъулияти чекланган жамиятда ўтказилган аудитда ушбу Низом талабларига риоя этилмаган. Хусусан, тақдим этилган товар моддий заҳиралар ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот ҳамда электрон ҳисобварақ-фактуралар солиштирилганида, жамият томонидан кирим ҳужжатлари мавжуд бўлмаган товар моддий заҳиралар сотуви амалга оширилмаган. Ушбу товарлар кирим-чиқими ва йил якуни учун кўрсатилган қолдиқ кўрсаткичлар солиштирилганида эса, товар қолдиғида ҳам камомад аниқланмаган. Аудит ўтказган вакил ушбу товарларнинг номларига аҳамият қаратмай, товарларнинг тури бўйича камомад ҳисоблаган.

Янада аниқроқ изоҳласак, солиқ бошқармаси вакили жамиятнинг товар моддий заҳиралари ҳақиқатда мавжудлигини бухгалтерия ҳисоби маълумотлари билан солиштириш чораларини кўрмаган. Оқибатда харид қилинган ва сотилган айнан бир турдаги товарлар аудит баённомасида бир-бирига номутаносиб тарзда қайд этилган. Бу ҳолатга аниқлик киритиш учун солиқ текширув материалларини кўриб чиқиш жараёнига жамият раҳбарининг иштироки таъминланмаган. Бундай вазиятда солиқ органининг тилга олинган қарорини қонуний ва асосли деб бўлмайди.

Солиқ кодексининг 157-моддасида “Солиқ органларининг мансабдор шахслари томонидан ушбу кодексда белгиланган талабларга риоя этмаслик юқори турувчи солиқ органи ёки суд томонидан солиқ органининг қарорини бекор қилиш учун асос бўлиши мумкин. Солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш тартиб-таомилининг муҳим шартларини бузиш юқори турувчи солиқ органи ёки суд томонидан солиқ органининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш ва (ёки) солиқ суммаларини қўшиб ҳисоблаш тўғрисидаги қарорини бекор қилиш учун асос бўлади. Бундай муҳим шартлар жумласига ўзига нисбатан солиқ текшируви ўтказилган шахснинг солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш жараёнида шахсан ва (ёки) ўз вакили орқали иштирок этиш имкониятини таъминлаш ҳамда солиқ тўловчининг тушунтиришлар бериш имконини таъминлаш киради” дея белгиланган.

Юқорида баён этилганлардан ҳам кўриниб турибдики, Фарғона вилояти солиқ бошқармасининг низоли қарори қонун ҳужжатлари талабларига зид тарзда қабул қилинган.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 189-моддасига биноан, суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунчиликка зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади. Ана шу асосларга таянган Фарғона туманлараро маъмурий суди тадбиркорнинг шикоят аризасини қаноатлантириб, вилоят солиқ бошқармасининг 2026 йил 20 февралдаги 117.1-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топди. Шу билан бирга, суд айни қарор қабул қилинишида қонунбузилиш ҳолларига йўл қўйилганлигига вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг эътиборини қаратиб, унинг зиммасига юз берган қонунбузилиш сабаблари ва унга имкон яратган шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш, келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриш мажбуриятини юклаш тўғрисида хусусий ажрим чиқарди. Аммо…

Аммо вилоят солиқ бошқармаси вакиллари ўз хатоларини тан олиш ўрнига Фарғона туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва аризачининг талабларини рад этган ҳолда янги қарор қабул қилишни сўраб, Фарғона вилояти маъмурий судига кассация шикояти билан мурожаат қилишди.

Шуни унутмаслик керакки, аудит ўтказиш натижасида муайян солиқ суммалари ва молиявий жарималар ҳисобланганининг ўзи солиқ органи қарорининг қонунийлиги ҳамда асослилигини тасдиқламайди. Чунки қўшимча солиқ ҳисоблаш ва молиявий жарима қўллашдан олдин солиқ органи ҳуқуқбузарликнинг объектив ҳолатларини, солиқ базаси ва унга таъсир қилувчи товарлар ҳаракатини, товарларнинг кирим-чиқимини, миқдори ҳамда қийматини, бирламчи ҳужжатларни, улар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ишончли ва етарли далиллар билан аниқлаши лозим. Мазкур ишда солиқ аудити натижаларининг асосланганлиги товар номларининг формал фарқи билан эмас, балки товарларнинг ҳақиқий иқтисодий ҳаракати билан баҳоланиши лозим.

Яна бир гап. Товарнинг номи қисқартирилган ёки техник жиҳатдан турлича ифодаланган бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда унинг ўлчов бирлиги, миқдори, тури, нави, ўлчами, физик хусусиятлари, етказиб берувчи ва харидор маълумотлари, электрон ҳисобварақ-фактуралар, шартномалар, товар-транспорт ҳужжатлари, омбор ҳисоботи ҳамда бошқа бирламчи ҳужжатлар ўзаро солиштирилиши лозим. Мабодо, ушбу белгиларнинг асосий қисми ўзаро мувофиқ келса, фақат товар номи тўлиқ бир хил ёзилмаганлигига таяниб, бир товарни бошқа товар деб баҳолаш ва шу асосда уни камомад ёки ҳужжатсиз товар сифатида ҳисоблаш мумкин эмас. “Ishonch sement” масъулияти чекланган жамиятда ўтказилган аудитда ҳам солиқ идораси ходими товар номларининг турлича ифодаланганлигига асосланиб, бир харидни камомад, яна бир реализацияни эса, кирим ҳужжатлари мавжуд бўлмаган товар сифатида баҳолаган.

Бинобарин, вилоят маъмурий суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ва вилоят солиқ бошқармасининг кассация шикоятини рад этиш юзасидан ажрим чиқарди.

Хулоса қилиб айтганда, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш фақат судлар зиммасига юклатилган вазифа эмас, балки ҳар бир давлат органи фаолиятининг устувор йўналиши бўлиши лозим. Назорат қилувчи органлар қонун талабларига қатъий риоя этиши, ҳар бир қарорни холис, пухта ўрганилган далиллар асосида қабул қилиши ва тадбиркорларнинг ортиқча оворагарчиликларга дуч келишининг олдини олиши шарт. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган жойдагина тадбиркорлик ривожланади, давлат идораларига бўлган ишонч мустаҳкамланади.

Акмалхўжа НИЗАМИДИНОВ,

Фарғона туманлараро

маъмурий суди судьяси

Read More
photo_2026-10-06_11-41-23

ДАСТЛАБКИ ЭШИТУВ ИНСТИТУТИ МАЪМУРИЙ СУДЛОВДА ИСЛОҲОТ ҒОЯСИДАН АМАЛДАГИ ПРОЦЕССУАЛ МЕХАНИЗМГА АЙЛАНДИ

Ҳаётда баъзан фуқаронинг қонуний манфаатларига давлат органи томонидан қабул қилинган қарор, мансабдор шахснинг ҳаракати ёки, аксинча, бажарилиши шарт бўлган вазифанинг бажарилмаслиги натижасида зарар етказилиши мумкин.

Масалан, рухсатнома беришнинг рад этилиши, лицензиянинг бекор қилиниши, кадастр, солиқ, қурилиш, ижтимоий таъминот ёки бошқа маъмурий муносабатлар доирасида қабул қилинган қарорлар фуқаро ва тадбиркорнинг ҳуқуқий ҳолатига бевосита таъсир кўрсатиши мумкин.

Бундай вазиятда шахснинг асосий ҳимоя воситаларидан бири — маъмурий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳисобланади. Бироқ замонавий одил судловни фақат суд эшигининг очиқлиги билан баҳолаб бўлмайди.

Мурожаат қабул қилингач, низонинг қанчалик тез, холис ва пухта кўриб чиқилиши, тарафлар қайси масала юзасидан баҳслашаётгани ўз вақтида аниқланиши, далиллар асосий суд муҳокамасига қадар тартибга солиниши ҳам инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Шу жиҳатдан, маъмурий судларда дастлабки эшитув институтининг жорий этилгани муҳим ҳуқуқий қадам бўлди.

Маъмурий суд ишларини юритишга дастлабки эшитув институтини киритиш масаласи дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган эди. Мазкур ҳужжатда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш назарда тутилган.

Мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижроси доирасида 2026 йил 14 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига иқтисодий ва маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар ва тадбиркорлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга ҳамда одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 17-боби “Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш ва дастлабки эшитув” деб қайта номланди ҳамда кодекс 140-1-модда — “Дастлабки эшитув” билан тўлдирилди.

Қонунга кўра, маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар мансабдор шахсларининг фуқаролар ёки юридик шахслар ҳуқуқларига дахл қилувчи қарорлари, ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни суд муҳокамасига тайёрлаш жараёнида дастлабки эшитув ўтказилади. Судья дастлабки эшитувни ариза келиб тушган кундан эътиборан йигирма кундан кечиктирмай ўтказиши лозим.

Ушбу институтнинг аҳамияти, аввало, асосий суд муҳокамасигача ишнинг процессуал ва ҳуқуқий чегараларини аниқлаб олиш имкони билан белгиланади. Аниқроқ айтганда, судья аризачининг талаби нимадан иборат эканлигини, жавобгар қайси важларга эътироз билдиришини аниқлаштиради, аризадаги камчиликларни бартараф этиш чораларини кўради, тарафларга муайян ҳолатларни тасдиқлаш учун қандай далиллар зарурлигини тушунтиради. Зарурат бўлганда, процесс иштирокчилари таркибига оид масалалар ҳам шу босқичда муҳокама қилинади.

Бироқ судьянинг бундай фаоллиги иш тақдирини олдиндан белгилаш ҳуқуқини бермайди. Қонун дастлабки эшитувда ишни мазмунан ҳал этиш юзасидан якуний фикр билдирилишига йўл қўймайди. Бу чегара принципиал аҳамиятга эга. Чунки маъмурий судловда судья бир вақтнинг ўзида ҳам процессни самарали ташкил этиши, ҳам тарафларга нисбатан холисликни сақлаши лозим.

Маъмурий суд ишларининг ўзига хослиги шундаки, низонинг бир томонида, одатда, давлат органи ёки мансабдор шахс туради. Унинг ихтиёрида маъмурий иш ҳужжатлари, хизмат маълумотлари, қарорни қабул қилишга асос бўлган материаллар ва муайян ташкилий ресурслар мавжуд бўлади. Иккинчи томонда эса, ўзининг бузилган ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида судга келган фуқаро ёки тадбиркор туради.

Ўз навбатида, бу ҳолат судьядан пассив кузатувчи бўлиб қолмасликни талаб этади. Низонинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаш, тарафларнинг талаб ва эътирозларини аниқлаштириш ҳамда иш учун зарур материаллар доирасини белгилашда суднинг фаол процессуал роли маъмурий судловнинг мазмунидан келиб чиқади.

Бундай фаоллик қайсидир тарафга ён босишни англатмайди. Судья аризачи ўрнига унинг даъвосини тузиб бермайди ёки давлат органи ўрнига қарорнинг қонунийлигини асосламайди. Унинг вазифаси процессни шундай ташкил этишдан иборатки, якуний қарор тахминга эмас, балки аниқланган ҳолатлар ва текширилган далилларга таяниши зарур. Чунки суднинг фаол позицияси бир тарафни ҳимоя қилиш эмас, балки қонунийлик, холислик ва адолатни таъминлаш воситасидир. Дастлабки эшитув ана шу фаолликни асосий суд муҳокамасидан олдин тартибга солиш имконини беради.

Ташқи томондан қаралса, дастлабки эшитув суд жараёнига яна бир мажлис қўшилгандек таассурот уйғотиши мумкин. Аммо унинг моҳияти, аксинча, асоссиз кечикишларни камайтиришга қаратилган.

Пухта тайёрланмаган иш бўйича асосий суд муҳокамасининг бир неча марта қолдириш эҳтимоли юқори бўлади. Натижада суд ҳам, тарафлар ҳам қимматли вақтини йўқотади.

Тадбиркорлик низосида эса, бундай кечикиш янада кўпроқ зарар келтириши мумкин. Лицензия, рухсатнома, ер ажратиш, солиқ мажбурияти ёки қурилиш билан боғлиқ низонинг бир неча ойга чўзилиши хўжалик фаолиятига реал иқтисодий таъсир кўрсатади. Фуқаро учун ҳам бузилган ҳуқуқнинг кеч тикланиши баъзан ҳуқуқнинг ўзига етказилган зарарни янада чуқурлаштиради.

Шу ўринда хорижий давлатлар тажрибасига назар ташласак, Германия Маъмурий суд ишлари тўғрисидаги қонунининг 86-параграфида суднинг иш ҳолатларини хизмат вазифаси бўйича ўрганиш ваколати белгиланган.

Яъни раислик қилувчи судья формал камчиликларни бартараф этиш, ноаниқ талабларни тушунтириш ва етишмаётган фактик маълумотларни тўлдиришга кўмак­лашиши лозим. Қонуннинг 87-параграфида эса, асосий оғзаки муҳокамадан олдин ишни имкон қадар битта мазмунли мажлисда ҳал қилишга тайёрлаш учун зарур чораларни кўриш назарда тутилган.

Судья тарафлардан қўшимча ҳужжат ва тушунтиришлар талаб қилиши, муайян масалалар юзасидан муддат белгилаши, тарафларни низонинг фактик ва ҳуқуқий ҳолатини муҳокама қилиш мақсадида суд биносига таклиф қилиши мумкин.

Бунда асосий ёндашув эътиборга молик: ишни муҳокамага тайёрлаш судьянинг техник ёрдамчи вазифаси эмас, балки одил судлов самарадорлигини таъминлашнинг муҳим қисми сифатида қаралади.

Юқорида баён этилганлардан кўринадики, дастлабки эшитув институтининг вазифаси ишни ҳал қилиш эмас, балки уни ҳал қилиш учун зарур процессуал шароит яратишдир. Судья қайси ҳолатлар баҳсли экани, қайси далиллар тақдим этилиши лозимлиги ва тарафларнинг ҳақиқий ҳуқуқий позицияси нимадан иборатлигини аниқлайди. Аммо қайси тараф ҳақ экани ҳақидаги якуний хулоса асосий суд муҳокамасида, далиллар тўлиқ текширилганидан сўнг шаклланиши шарт.

Дастлабки эшитувнинг аҳамиятини фақат суднинг ички ишини ташкил этиш билан чеклаш тўғри эмас. У маъмурий органлар фаолиятига ҳам билвосита таъсир кўрсатади. Давлат органи қабул қилган қарор судда текширилиши мумкин экан, қарорнинг ўзи аниқ ҳуқуқий асосга ва ишончли фактик материалларга таяниши талаб этилади. Ваколатнинг мавжудлиги уни исталган тарзда амалга ошириш мумкинлигини англатмайди. Ваколат ҳам қонун белгилаган мақсад, тартиб ва чегаралар доирасида қўлланилиши шарт.

Шу боис судда маъмурий қарорга баҳо беришда фақат “Орган бундай қарор чиқаришга ҳақлими?” деган саволнинг ўзи етарли эмас. Қарор қабул қилишда белгиланган тартибга риоя қилинганми, манфаатдор шахснинг фикри эшитилганми, иш учун зарур ҳолатлар тўлиқ ўрганилганми, қарор далиллар билан асосланганми — ана шу баҳсли масалалар ҳам ҳуқуқий баҳолашнинг таркибий қисмига айланади.

Албатта, дастлабки эшитув жараёнида судья ишнинг ҳақиқий мазмунига кириб бориши, тарафлар ўртасидаги баҳс доирасини аниқ белгилаши, асосий муҳокамага тўсқинлик қилиши мумкин бўлган процессуал масалаларни ўз вақтида ҳал этиши керак. Бунда судьядан икки сифат бир вақтда талаб этилади: фаоллик ва холислик. Фаоллик ишни пухта тайёрлаш, холислик эса, тарафларнинг процессуал тенглиги ва адолатли судлов учун зарур.

Бинобарин, мамлакатимиз маъмурий судларида дастлабки эшитув институтнинг мазмунини амалиётда тўғри қўллаш ниҳоятда муҳим. Негаки, сифатли суд муҳокамаси судья асосий мажлисни очган лаҳзадан эмас, балки унгача бўлган тайёргарлик қанчалик пухта ташкил этилганидан бошланади. Дастлабки эшитувнинг ҳуқуқий аҳамияти ҳам айнан шунда — у адолатли қарор қабул қилиш учун зарур бўлган процессуал заминни олдиндан яратади.

Давлат БОБОНОРОВ,

Навоий вилояти

маъмурий суди судьяси

Read More
photo_2026-09-23_17-55-20

«АСОСЛИ ГУМОН» (PRIMA FACIE): ТЕРГОВ СУДЬЯСИ УЧУН ХАЛҚАРО СТАНДАРТ

Президентимиз томонидан 2026 йил 14 августда имзоланган “Одил судлов – 2030: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги Фармон суд-ҳуқуқ тизимини 2030 йилгача ривожлантиришнинг стратегик ҳужжатидир. Фармон суд соҳасига тааллуқли кўплаб устувор мақсадларни ўзида қамраган.

Ҳужжат олтита устувор йўналиш – “халқчил суд”, “адолат қўрғони”, “кафолатланган адолат”, “адолат посбонлари”, “рақамли одил судлов” ва “халқаро эътироф” асосида суд тизимини тубдан янгилашга қаратилган. Ўз навбатида, буларнинг барчаси моҳият-эътибори билан суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва жамият ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шунингдек, Фармонда “асосли гумон” (Prima Facie) халқаро стандарти биринчи марта миллий қонунчилик даражасида расман эътироф этилди.

Айни халқаро стандартни жорий этиш муддати 2027 йил 1 июль деб белгиланди.

Шу вақтгача бу тушунча фақат илмий-назарий муҳокамаларда кўриб чиқилганини биламиз. Эндиликда тергов судьяси процессуал мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилигини, гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун асосларнинг етарлилигини “prima facie” стандарти асосида текшириши, зарур пайтда, тергов сирини таъминлаган ҳолда қўшимча ҳужжатлар талаб қилиш ваколатига эга бўлади.

Шу ўринда табиий савол туғилади: хўш, “prima facie” ўзи нима, бугунги кунда ҳуқуқшунослар кўп гапираётган бу атама нимани англатади?

Лотинча “биринчи қарашда” маъносини англатувчи бу атама умумий ҳуқуқ тизимида анча илгари шаклланган. Яъни агар тарафлардан бири олдиндан белгиланган элементлар бўйича етарли далил тақдим этса, иш “асосланган” деб топилади.

Халқаро жиноят суди Рим Статутида бу тамойил уч босқичли тизимга бўлинган. Бу ўринда:

– жиноят иши қўзғатиш учун – “оқилона асос” (reasonable basis);

– шахсни ушлаб туриш учун – “ишонишга асос берувчи далиллар” (reasonable grounds to believe), бу Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 5-моддасидаги “асосли гумон” стандартига тенг;

– айбловни тасдиқлаш, яъни ҳукм чиқариш учун эса “жиддий асосли ишонч” (substantial grounds to believe) босқичлари ҳақида сўз бормоқда.

Европа конвенциясининг 5-моддаси 1-банди “с” кичик бандига кўра, шахс фақат жиноят содир этганлиги тўғрисида асосли гумон мавжуд бўлган ҳолларда ушлаб турилиши мумкин. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди томонидан берилган тушунтиришда “асосли гумон” – холис кузатувчини ишонтира оладиган объектив маълумотлар мавжудлиги демакдир, лекин бу айбдорликни исботлашга етарли эмас, деб уқтирилган.

Халқаро тажрибадан миллий жиноят процесси учун “prima facie”нинг қуйидаги босқичма-босқич моделини ўзлаштириш таклиф этилмоқда: иш қўзғатиш ва ушлаб туриш босқичида – “асосли гумон”; қамоққа олишда – “эҳтимоллар мувозанати”; айблов эълон қилишда – терговчининг барқарор ички ишончи; ҳукм чиқаришда эса – “ҳар қандай оқилона шубҳадан ҳоли” даража талаб этилади.

Тергов судьяси “асосли гумон”ни текширар экан, шахснинг айбдорлигини эмас, балки унинг жиноятга алоқадорлигини кўрсатувчи дастлабки далиллар мажмуини баҳолайди. Ўзбекистон Олий суди Пленумининг 2007 йил 14 ноябрдаги 16-сон қарорида бу жараён тартибга солинган, яъни илтимоснома муддати тугашидан 8 соат олдин тақдим этилиши, зарур ҳолда далил тақдим этиш учун ушлаб туриш муддати 48 соатгача узайтирилиши мумкинлиги белгиланган.

Суд назорати амалиётида бу модел икки босқичли баҳолаш тизимига асосланади: аввало “асосли гумон”нинг ўзи, сўнгра ундан алоҳида бўлган ҳолатлар, яъни булар терговдан ёки суддан яшириниши, гувоҳларга таъсир ўтказиш каби умумий хавфлар аниқ далиллар билан баҳоланади.

Хавф мавжудлигининг ўзи автоматик равишда қамоққа олишни танлашга асос бўла олмайди – суд ҳар бир ҳолатда шахсга нисбатан енгилроқ чора (гаров ёки уй қамоғи) қўллаш мумкинлигини алоҳида муҳокама қилиши шарт.

Халқаро амалиётда “асосли гумон” стандарти, одатда, қонун матнида эмас, балки судлар (айниқса, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди) прецедентлари орқали йиллар давомида шаклланиб борган. Халқаро жиноят суди Рим Статутида ҳам “асосли гумон” стандарти алоҳида таърифланмаган, балки уч босқичли далиллилик тизими орқали билвосита мустаҳкамланган.

Ўз навбатида, “prima facie” тушунчасининг бевосита Фармон билан, аниқ муддат ва ваколатлар кўрсатилган ҳолда жорий этилиши тергов судьяси институтининг келгуси ислоҳотлари учун норматив-ҳуқуқий пойдеворга айланади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг яна бир муҳим тамойилига кўра, дастлабки қамоққа олишда “асосли гумон” етарли бўлса-да, вақт ўтиши билан бунинг ўзи шахсни қамоқда сақлашни давом эттириш учун етарли бўлмай қолади. Муддатни узайтиришда судья дастлабки асосларни такрорлаш ўрнига терговнинг ҳозирги ҳолати ва янги, аниқ ҳолатларни аниқлаши лозим.

Мухтасар айтганда, “асосли гумон” стандарти халқаро судлар амалиётида синовдан ўтган, назарий жиҳатдан пухта асосланган воситадир. Уни Ўзбекистон жиноят процессига тўғри, мутаносиб тарзда жорий этиш тергов судьяси суд назоратининг самарадорлигини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.

Зафаржон Омонов,

Одил судлов академияси ўқитувчиси

Read More
photo_2026-09-11_17-29-16

СУД НАЗОРАТИ – ҲИМОЯ ҲУҚУҚИНИ МУСТАҲКАМЛАШНИНГ МУҲИМ ШАРТИ

Аввало шуни айтиш керакки, жиноят процессида инсон ҳуқуқларига энг кучли таъсир кўрсатадиган босқичлардан бири — судга қадар иш юритиш босқичидир. Чунки айнан шу босқичда шахс ушланиши, унга нисбатан гумон билдирилиши, айблов эълон қилиниши, процессуал мажбурлов чоралари қўлланиши ёки унинг конституциявий ҳуқуқларига дахл қилувчи айрим ҳаракатлар амалга оширилиши мумкин.

Шу маънода, жиноят иши судга етиб борганидан сўнг адолатни таъминлаш қанчалик муҳим бўлса, иш судга қадар юритилаётган пайтда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳам шунчалик муҳимдир. Зеро, шахс эркинлигига дахл қиладиган ҳар қандай қарор қонунга, етарли асосларга ва холис назоратга таяниши керак.

Миллий қонунчилигимизда ҳозирга қадар ҳам жиноят процессининг судга қадар босқичида суд назоратига оид муайян ҳуқуқий механизмлар мавжуд эди. Хусусан, амалдаги жиноят-процессуал қонунчиликда тергов судьяси томонидан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатгача узайтириш, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, тинтув ўтказиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш ҳамда мол-мулкни хатлаш каби масалалар суд тартибида кўриб чиқилиши белгиланган.

Давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган “Одил судлов – 2030” стратегияси ушбу мавжуд механизмларни янада такомиллаштириш, суд назоратини фақат санкция бериш билан чекламасдан, шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилигини, гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун етарли асослар мавжудлигини ҳам текшириш даражасига олиб чиқиши билан ғоятда аҳамиятлидир. Яъни янги ёндашув суд назоратини сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтармоқда.

«Одил судлов – 2030» стратегиясида жиноят процессининг судга қадар иш юритиш босқичида суд назоратини кучайтириш алоҳида йўналиш сифатида белгилангани ҳам айнан шу эҳтиёждан келиб чиқади.

Стратегиянинг асосий мақсади — Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларни суд орқали ҳимоя қилишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, суд процессига замонавий ҳуқуқий механизмларни жорий этишдан иборат.

Кўпчилик суд назорати деганда, фақат суд мажлисида ишни кўришни тушунади. Аслида эса, жиноят процессида суд назорати фақат ҳукм чиқариш билан чекланмайди. Суд назорати — инсон ҳуқуқларига дахл қиладиган процессуал қарорлар қонунга мувофиқ қабул қилинаётганини текшириш механизмидир.

Судга қадар босқичда тергов органлари иш учун муҳим далилларни тўплайди, гумон қилинувчи ёки айбланувчининг процессуал мақоми белгиланади, айрим ҳолларда шахс эркинлиги чекланади. Агар бу босқичда етарли назорат бўлмаса, кейин суд муҳокамасида хатоларни тузатиш қийинлашади. Чунки асоссиз ушлаш, етарли далилсиз гумон ёки шошмашошарлик билан қўлланган мажбурлов чораси инсон тақдирига жиддий таъсир кўрсатиши аниқ.

Шунинг учун жиноят процессида ҳақиқатни аниқлаш билан бирга, шахснинг ҳуқуқлари бузилмаслигини таъминлаш ҳам асосий мақсад бўлиши керак. Бу вазифани амалга оширишда тергов судьяси институтининг роли тобора ортиб бормоқда.

“Асосли гумон” стандарти — шубҳа эмас, далилга таянган ёндашув саналади. Фармонда 2027 йил 1 июлдан бошлаб, “асосли гумон” — Prima Facie халқаро стандартига мувофиқ тергов судьясига янги ваколатлар бериш таклифи маъқулланган. Унга кўра, тергов судьяси процессуал мажбурлов чораларини қўллаш, яъни санкция бериш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилигини, гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун асослар етарлилигини текшириши мумкин бўлади.

Бу ерда асосий эътибор “Гумон борми?” деган умумий саволга эмас, балки “Гумон етарли маълумот ва асослар билан тасдиқланганми?” деган ҳуқуқий мезонга қаратилади.

“Асосли гумон” дегани — шахсга нисбатан фақат тахмин, фараз ёки умумий маълумот асосида эмас, балки дастлабки далиллар ва иш ҳолатлари билан боғланган ҳолда процессуал чора кўрилиши лозимлигини англатади.

Бошқача айтганда, шахснинг эркинлигига дахл қилувчи қарор “эҳтимол шундай бўлгандир” деган қарашга эмас, балки судьяни ишонтириши мумкин бўлган дастлабки ҳуқуқий асосларга таяниши керак.

Фармонда белгиланган янги ёндашув тергов судьясининг ролини янада кучайтиради. У процессуал мажбурлов чоралари бўйича илтимосномаларни кўриб чиқар экан, фақат ҳужжат келтирилганини қайд этиб қўймасдан, балки шахсни ушлаб туриш қонуний бўлганми, ушлаш учун асослар етарлими, гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун далиллар борми, деган саволларга эътибор қаратади.

Шубҳа туғилган тақдирда, тергов сирини таъминлаган ҳолда қўшимча ҳужжатлар талаб қилади. Бу судьяга қарор қабул қилишдан аввал иш материалларини янада чуқурроқ текшириш имконини беради.

Мазкур механизм, бир томондан, терговнинг самарали юритилишига халақит бермаслиги; иккинчи томондан, инсон ҳуқуқларини асоссиз чеклашнинг олдини олиши лозим. Яъни суд назорати қонунга хилоф қарорларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий мувозанат воситасидир.

Жиноят процессида процессуал мажбурлов чоралари зарур бўлиши мумкин. Аммо улар ҳар доим қонуний, асосли ва мутаносиб бўлиши шарт.

Шахсни ушлаб туриш ёки унга нисбатан бошқа мажбурлов чорасини қўллашда давлат органи фақат жиноятни очиш манфаатини эмас, инсон ҳуқуқларини ҳам ҳисобга олиши керак.

Фармондаги суд назоратини кучайтиришга оид қоидалар амалга киритилишининг зарурияти шундаки, тергов судьяси шахс эркинлигига дахл қиладиган илтимосномани кўриб чиқар экан, унинг ортида инсон тақдири турганини албатта, инобатга олиши лозим бўлади. Бу ўзгаришлар амалиётда учта муҳим кафолатни кучайтиради.

Биринчидан, шахс асоссиз ушлаб турилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Иккинчидан, гумон ёки айблов етарли асосларга таяниши талабини кучайтиради.

Учинчидан, тергов органларининг процессуал қарорлари устидан холис суд назоратини мустаҳкамлайди.

Фармонда амалдаги “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонун талабларидан келиб чиқиб, шахснинг конституциявий ҳуқуқларини бевосита чеклаш билан боғлиқ тадбирларни ўтказишга санкция судлар томонидан берилишини белгилаш назарда тутилган. Ушбу норма ҳуқуқий давлат учун жуда муҳим.

Чунки тезкор-қидирув тадбирлари айрим ҳолларда шахснинг шахсий ҳаёти, алоқа сирлари, турар жой дахлсизлиги ёки бошқа конституциявий ҳуқуқларига таъсир кўрсатиши мумкин.

Бундай ҳолларда санкцияни суд томонидан бериш амалиёти ҳуқуқларни чеклашда мустақил назорат мавжуд бўлишини таъминлайди.

Бу ўринда асосий ғоя шундай: инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари чекланадиган ҳар қандай ҳолатда қонунга асосланган, мустақил ва холис назорат бўлиши шарт. Тергов ёки тезкор-қидирув мақсади қанчалик муҳим бўлмасин, у инсон ҳуқуқларини асоссиз чеклашга сабаб бўлмаслиги керак.

Фармонда ушбу вазифаларни амалга ошириш учун тегишли қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланган. Жумладан, Олий суд Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда тергов судьяларига юқоридаги ваколатларни бериш бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар юзасидан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиши лозим.

Шунингдек, Президент ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти Олий суд, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда тезкор-қидирув фаолиятида конституциявий ҳуқуқларни чекловчи тадбирларга суд санкциясини жорий этиш бўйича қонунчиликка ўзгартиш киритиш вазифасини бажаради.

Фармонда судга қадар босқичда суд назоратини кучайтириш билан бир қаторда, янги таҳрирдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш доирасида илғор хорижий тажриба асосида айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколатларини маъмурий органларга ўтказиш масаласи ҳам белгиланган.

Албатта, маъмурий органларга ўтказиладиган ваколатлар инсон ҳуқуқларини кафолатловчи процессуал механизмлар билан бирга ишлаб чиқилиши лозим.

Янги ваколат бериш билан бирга, бу ваколатларни амалга оширадиган судьяларнинг иш юкламасини ҳам ҳисобга олиш зарур. Фармонда Олий суд ва Судьялар олий кенгашига 2027 йил 1 июнга қадар тергов судьяларининг амалдаги иш юкламаси ва янги берилаётган ваколатлардан келиб чиқиб, уларнинг штат бирликларини қайта кўриб чиқиш бўйича асослантирилган таклифлар киритиш вазифаси юклатилган.

Бу ўта муҳим амалий масала. Агар тергов судьясига катта ваколат берилса-ю, унинг иш юкламаси ҳаддан ташқари оғир бўлса, суд назоратининг сифати пасайиши мумкин. Шу сабабли, ислоҳот фақат ваколатни кенгайтириш билан эмас, балки уни амалга ошириш учун ташкилий имкониятларни яратиш билан ҳам боғлиқ.

Судга қадар иш юритиш босқичида суд назорати кучайса, ҳимоя ҳуқуқи ҳам мустаҳкамланади. Чунки ҳимоячи шахсни ушлаб туриш, гумон ёки айблов асослари, процессуал мажбурлов чоралари бўйича судда ўз важларини илгари суриш имкониятига эга бўлади.

Натижада айблов ва ҳимоя ўртасидаги мувозанат тенглашади. Тергов органи ўз илтимосномасини асослайди, ҳимоя томони унга муносабат билдиради, судья эса, қонун ва далиллар асосида қарор қабул қилади.

Бундай тизимда процессуал қарорлар фақат бир томоннинг қарашига таянмасдан, суд назорати остида шаклланади. Бу, ўз навбатида, жиноят процессида тарафлар тенглиги ва тортишув принципининг амалий аҳамиятини оширади.

Шу ўринда асосли бир фикр: айримлар суд назоратининг кучайиши тергов жараёнини қийинлаштиради, деб ўйлашлари мумкин.

Аслида эса, қонуний ва асосли тергов учун суд назорати тўсиқ эмас, балки унинг сифатини оширадиган омил. Чунки процессуал қарорлар суд назоратидан ўтса, тергов органлари ҳам илтимосномаларни пухтароқ тайёрлайди, далилларни аниқроқ асослайди, инсон ҳуқуқларига дахл қилувчи чораларни қўллашда эҳтиёткор бўлади.

Бунинг натижасида кейинчалик судда далиллар ва процессуал ҳаракатлар бўйича баҳслар камайиши мумкин. Шу маънода, суд назорати терговни заифлаштирмайди, аксинча, уни қонуний, асосли ва ишончли қилади.

Президентимиз Фармонида белгиланган судга қадар босқичда суд назоратини кучайтириш чораларининг асосий мазмунини қуйидагича ифодалаш мумкин, деган фикрдамиз:

биринчидан, шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилиги судья томонидан текширилади;

иккинчидан, гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун асослар етарлилигига эътибор қаратилади;

учинчидан, шубҳа туғилса, тергов сирини сақлаган ҳолда, қўшимча ҳужжатлар талаб қилиниши мумкин;

тўртинчидан, конституциявий ҳуқуқларни чекловчи тезкор-қидирув тадбирларига суд санкцияси жорий этилиши назарда тутилади;

бешинчидан, тергов судьяларининг иш юкламаси ва штат бирликлари янги ваколатларга мос равишда қайта кўриб чиқилади.

Дилшод РАЖАБОВ,

Самарқанд вилояти суди раиси

Read More
photo_2026-09-08_11-10-44

ОДИЛ СУДЛОВ АКАДЕМИЯСИ – АДОЛАТ ПОСБОНЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШНИНГ ИЛМИЙ-ТАЪЛИМИЙ НЕГИЗИ

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги, одил судловнинг сифат ва самарадорлиги, аввало, судьянинг касбий салоҳияти, ҳуқуқий тафаккури, ҳалоллиги, холислиги ва маънавий-ахлоқий фазилатлари билан белгиланади.

Шу маънода, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири — суд тизими учун замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга, мустақил фикрлайдиган, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини ҳаётининг асосий мезони деб биладиган профессионал кадрларни тайёрлашдир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар айнан шу мақсадга хизмат қилмоқда.

Судларнинг мустақиллигини кучайтириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш, суд қарорларининг сифати ва барқарорлигини таъминлаш, суд жараёнларига рақамли технологияларни жорий этиш, инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш билан бир қаторда судьялар ва суд аппарати ходимларини тайёрлаш тизимини ҳам янги босқичга олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борадаги муҳим қадамлардан бири Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 21 августда қабул қилинган “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонидир. Мазкур ҳужжат асосида Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилди.

Бу оддий ташкилий ўзгариш эмас. Академиянинг ташкил этилиши суд тизими учун кадрлар тайёрлашда таълим, илм-фан ва суд амалиётини ягона тизимга бирлаштиришга қаратилган янги институционал моделнинг шаклланаётганини англатади.

Академиянинг бугунги вазифаси фақат судьяликка номзодларни ўқитиш билан чекланмайди. У судьяликка номзодларни касбий қайта тайёрлаш, амалдаги судьялар ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш, суд-ҳуқуқ соҳасида илмий-тадқиқот ва услубий ишларни ривожлантириш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда уни миллий суд амалиётига тадбиқ этиш каби бир-бири билан узвий боғлиқ вазифаларни қамраб олади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Президентимизнинг 2026 йил 14 августда қабул қилинган “Одил судлов — 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги Фармони бу жараёнларни янада янги босқичга олиб чиқди. Стратегияда ислоҳотларни амалга оширишнинг олтита устувор йўналиши белгиланган.

Ушбу йўналишлар орасида “Адолат посбонлари” йўналиши алоҳида аҳамиятга эга. Чунки суд тизимидаги барча институционал, ташкилий ва технологик янгиланишларни ҳаётга татбиқ этадиган асосий куч — инсон, яъни судья ва суд аппарати ходимидир.

Замонавий судьядан фақат қонун нормаларини билишнинг ўзи талаб этилмайди. У мураккаб ҳуқуқий муносабатларни таҳлил қила олиши, электрон далиллар билан ишлаши, рақамли технологияларни тушуниши, инсон психологияси ва мулоқот маданиятига эга бўлиши, стресс вазиятларида холис қарор қабул қилиши, коррупциявий хавфларга нисбатан муросасиз бўлиши лозим.

Стратегиядаги одил судлов тизими учун узлуксиз кадрлар тайёрлаш занжири бир марталик таълим жараёни эмас, балки инсоннинг суд тизимига киришидан тортиб, унинг бутун касбий фаолияти давомидаги ривожланишини қамраб олувчи узлуксиз жараён сифатида кўришни назарда тутади. Унинг асосий босқичлари: магистратура → касбий қайта тайёрлаш → амалий стажировка → баҳолаш → судьялик лавозимига тавсия этиш → доимий малака ошириш → олий таълимдан кейинги таълимни қамраб олади.

Бундай ёндашувнинг муҳим жиҳати шундаки, судьяликка номзоднинг салоҳияти фақат имтиҳонда олган балли билан эмас, балки унинг назарий билими, амалий кўникмаси, касбий компетенцияси ва шахсий фазилатлари уйғунлиги асосида баҳоланади.

Стратегияда судьяликка номзодлар, амалдаги судьялар ва суд аппарати ходимларининг касбий компетенциялар профилини шакллантириш вазифаси белгиланган. Бундай ёндашув судьяликка танловни “билим синови”дан “касбий ва шахсий компетенциялар баҳоси”га айлантиради.

Чунки судьянинг биргина қарори инсоннинг эркинлиги, мулки, оиласи, бизнеси ёки шаъни билан боғлиқ масалани ҳал қилиши мумкин. Шу боис судья юксак ҳуқуқий билим билан бир қаторда холислик, виждон, масъулият ва психологик барқарорлик каби фазилатларга эга бўлиши шарт.

Бугунги кунда замонавий ҳуқуқий муносабатлар тобора мураккаблашиб бормоқда. Кибержиноятлар, рақамли активлар, электрон далиллар, сунъий интеллектдан фойдаланиш билан боғлиқ низолар, коррупцияга қарши курашиш, халқаро арбитраж ва трансчегаравий ҳуқуқий муносабатлар судьядан анъанавий ҳуқуқий билимлардан ташқари янги соҳаларни ҳам чуқур билишни талаб қилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Стратегияда судьялар ва суд аппарати ходимларини мураккаб тоифадаги ишлар бўйича ихтисослаштириш, уларни чуқурлаштирилган тайёргарлик ва сертификация тизимига жалб этиш масаласига алоҳида эътибор берилган. Бу амалиёт суд ишларини судьяларнинг ихтисослашуви ва касбий компетенцияларига мос равишда тақсимлаш имконини беради.

“Одил судлов — 2030” стратегияси Академиянинг келажакдаги ривожланишини фақат таълим билан чекламайди. Хусусан, Академия битирувчиларини бирлаштирувчи Alumni Association, суд-ҳуқуқ тизимидаги келгуси тенденцияларни илмий асосда ўрганувчи Форсайт маркази, таълим ва илмий-инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватловчи Endowment Fund каби институтларни ташкил этиш режалаштирилган.

Ушбу марказларнинг ташкил этилиши жуда муҳим. Зеро, суд тизими бугунги муаммоларни ҳал қилиш билан чекланиб қолмаслиги, балки эртанги ҳуқуқий чақириқларни ҳам олдиндан кўра билиши керак.

Қолаверса, сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт, электрон шартномалар, криптоактивлар, кибержиноятлар, трансчегаравий маълумотлар алмашинуви каби жараёнлар ҳуқуқ тизими олдига янги саволларни қўймоқда. Бундай шароитда суд амалиётида пайдо бўладиган муаммоларни олдиндан тадқиқ этиш ва илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш стратегик аҳамият касб этади. Шу маънода Академиянинг илмий-тадқиқот функциясини кучайтириш унинг суд тизимидаги ролини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.

Стратегияда 2030 йилга қадар Академия фаолиятига бевосита дахлдор қатор мақсадли кўрсаткичлар белгиланган. Бу ўринда, жумладан:

• Академиянинг камида иккита хал­қаро рейтингда дунёнинг энг яхши 1 мингта таълим муассасаси қаторига кириши;

• таълим жараёнига қамраб олинган контингентни 500 нафарга етказиш;

• битирувчиларни Alumni Association атрофида бирлаштириш;

• судьяликка номзодлар, судьялар ва суд аппарати ходимларини касбий компетенциялар профили билан қамраб олиш;

• судья ва суд аппарати ходимларининг камида 10 фоизини хорижда малака ошириш дастурларига жалб этиш каби вазифалар ҳақида сўз бормоқда.

Шунингдек, судьялар ва суд аппарати ходимларини коррупциявий хавф-хатарларни бошқариш ҳамда коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича ўқитиш билан тўлиқ қамраб олиш вазифаси ҳам суд тизимида ҳалоллик ва комплаенс маданиятини шакллантириш нуқтаи назаридан муҳимдир.

Янгиланаётган суд тизими учун янги авлод судьялари сув ва ҳаводек зарур. Бунинг учун янги давр судьяси барча янгиликлардан хабардор, рақамли муҳитга мослашувчан бўлиши лозим.

Бундай судьяни тайёрлаш эса, анъанавий таълим билан чекланиши мумкин эмас. Суд тизимидаги ҳар қандай ислоҳотнинг якуний баҳоси унинг инсон ҳаётида қандай натижа бериши билан ўлчанади. Шу маънода судьянинг касбий ва шахсий фазилатлари жамиятнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончига бевосита таъсир қилади.

Одил судлов академиясининг стратегик аҳамияти ҳам айнан шунда. У бугун судьяликка номзодни тайёрлаётган бўлса, эртага суд амалиётининг ривожланиш тенденцияларини ўрганадиган, судьяларнинг малакасини узлуксиз оширадиган, илмий тадқиқотлар асосида суд тизими учун янги таклифлар ишлаб чиқадиган, халқаро тажрибани миллий амалиёт билан уйғунлаштирадиган марказга айланиши кўзда тутилмоқда.

Академиянинг ташкил этилгани ва унинг олдига қўйилаётган кенг қамровли вазифалар мамлакатимиз суд тизимида кадрлар сиёсатига муносабат тубдан ўзгараётганидан далолат беради. Бу ўринда асосий мақсад шунчаки судьялар сонини кўпайтириш эмас, балки янги авлод судьясининг профессионал қиёфасини шакллантиришдир.

Энг муҳими, бу жараён судьялик касбининг мазмун-моҳиятига янгича ёндашувни қарор топтиради. Бинобарин, судья — шунчаки қонунни қўлловчи мансабдор шахс эмас, балки инсон ҳуқуқларининг ҳимоячиси, қонун устуворлигининг кафили ва жамиятда адолат мезонларини қарор топтиришга масъул шахсдир.

Бугун Одил судлов академияси ана шу катта мақсаднинг илмий-таълимий пойдеворини яратмоқда. Унинг 2030 йилгача белгиланган аниқ кўрсаткичларга эришиши эса, нафақат Академия фаолияти самарадорлигининг, балки Янги Ўзбекистонда одил судловнинг янги сифат босқичига кўтарилаётганининг муҳим кўрсаткичларидан бири бўлади.

Шерзод АБДУҚОДИРОВ,

Одил судлов академияси ректори,

юридик фанлар доктори

Read More
photo_2026-09-04_19-21-29

МАЪМУРИЙ СУДЛАРДА ДАСТЛАБКИ ЭШИТУВ: ЯНГИ ИНСТИТУТНИНГ АҲАМИЯТИ

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш механизмини кучайтириш борасида муҳим чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2026 йил 14 август куни қабул қилинган қонун билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга қатор принципиал ўзгартишлар киритилди. Булар орасида энг муҳим янгиликлардан бири — маъмурий судларда дастлабки эшитув институтининг жорий этилишидир.

Мазкур янгилик Ўзбекистон маъмурий судлов тизимини халқаро амалиётда шаклланган замонавий процессуал стандартларга яқинлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Зеро, дастлабки эшитув институти дунёнинг тараққий этган давлатлари қонунчилигида аллақачон мавжуд бўлиб, ушбу босқич ишни мазмунан кўришдан олдин унинг процессуал ва ташкилий жиҳатларини тартибга солишга хизмат қилади.

Кодексга киритилаётган янги ўзгартишга кўра, дастлабки эшитув маъмурий ишларни суд муҳокамасига тайёрлаш жараёнида ўтказилади.

Судья дастлабки эшитувни ариза судга келиб тушган кундан эътиборан 20 кундан кечиктирмай ўтказилиши белгиланган. Ушбу босқичда:

– аризачининг талаблари ва жавобгарнинг эътирозлари аниқлаштирилади;

– аризадаги камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади;

– аризачига талабларини тасдиқловчи зарур далилларни тақдим этиш бўйича тушунтириш берилади;

– жавобгарга ўз фикрини ёзма равишда тақдим этиш тушунтирилади;

– аризадаги талаблар ва ишдаги далилларга дастлабки ҳуқуқий баҳо берилади.

Дастлабки эшитув якунига кўра, аризани кўрмасдан қолдириш, келишув битимини тасдиқлаш ёки ишни суд муҳокамасига тайинлаш ҳақида ажрим чиқарилиши мумкин. Шу жиҳатдан, дастлабки эшитувни оддий “қўшимча суд мажлиси” деб эмас, балки ишни мазмунан кўришга тайёрлаш, процессуал тўсиқларни бартараф этиш ва суд муҳокамасининг предметини аниқ белгилашга қаратилган мустақил процессуал босқич сифатида баҳолаш лозим.

Дастлабки эшитув жорий этилгунга қадар маъмурий судларда айрим масалаларни ишни мазмунан кўриш жараёнида ҳал қилишга тўғри келарди. Бу эса, ишнинг сунъий равишда чўзилиши, тарафларнинг қўшимча суд мажлисларига жалб қилиниши ва процессуал ҳаракатларнинг такрорланишига сабаб бўларди.

Агар дастлабки эшитув орқали ишларнинг муайян қисми суд муҳокамасининг тўлиқ босқичига етмасдан процессуал жиҳатдан ҳал этилса, судьянинг вақти, тарафларнинг харажатлари ва суд тизимининг ресурслари тежалади.

Хусусан, аризадаги талаблар ва ишдаги далилларга дастлабки ҳуқуқий баҳо берилганда, аризачи ўзининг талаби асоссиз эканлигини ёки жавобгар аризачининг талаби асосли эканлигини тушуниши, тарафлар низо юзасидан ўзларининг ҳуқуқий позицияларига эга бўлишлари ҳамда йиллар давомида ортиқча вақтларини йўқотмасдан, низони бартараф этиш чораларини кўришлари мумкин бўлади.

Дастлабки эшитув институти фуқаролар ва тадбиркорлар учун қуйидаги ижобий натижаларни беради.

Биринчидан, суд ишлари тезлашади. Дастлабки эшитувда талаблар, эътирозлар, далиллар ва процессуал камчиликлар олдиндан аниқланади.

Шу боис асосий суд мажлисига келиб, “талаб нотўғри қўйилган”, “далил етишмайди” ёки “ишда зарур шахс иштирок этмаяпти” каби масалалар билан вақт йўқотиш эҳтимоли камаяди. Натижада суд муҳокамасига тайёр бўлган ишгина мазмунан кўриб чиқилади.

Иккинчидан, судга мурожаат қилувчининг ҳуқуқий имкониятлари кенгаяди.

Фуқаро ёки тадбиркор кўп ҳолларда маъмурий орган билан низода процессуал жиҳатдан кучсизроқ ҳолатда бўлади.

Дастлабки эшитувда судья аризачига қайси далилларни тақдим этиш зарурлигини тушунтиради, талабларни аниқлаштиришга ёрдам беради. Бу маъмурий судловнинг фақат формал тортишув эмас, балки шахснинг давлат органи билан муносабатида ҳуқуқий ҳимояни таъминлашга қаратилган механизм сифатидаги аҳамиятини оширади.

Учинчидан, давлат органларининг процессуал масъулияти кучаяди. Янги тартибга кўра, низолашилаётган қарор, ҳаракат ёки ҳаракатсизликка алоқадор давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакилининг суд мажлисида иштироки мажбурий этиб белгиланган.

Узрли сабабсиз судга келмаслик ҳолатида муҳокама кейинга қолдирилиши ва суд жаримаси қўлланилиши мумкин. Бу қоида давлат органларини ўз қарорларини судда асослашга жиддийроқ тайёрланишга ундайди.

Бошқача айтганда, давлат органи қабул қилган маъмурий қарорнинг судда ҳимоя қилиниши эҳтимоли уни қабул қилиш жараёнининг ўзида қонунийлик ва асосланганликка бўлган талабни кучайтиради.

Тўртинчидан, ортиқча процессуал ҳаракатлар қисқаради. Дастлабки эшитувда аризадаги камчиликларни бартараф этиш, тарафларнинг процессуал мақомини аниқлаш ва зарур далилларни белгилаш имкони мавжуд.

Бу кейинги суд мажлисларида бир масалани бир неча марта муҳокама қилиш эҳтимолини камайтиради.

Шу маънода янги институт “суд мажлислари сонини кўпайтириш” эмас, балки асосий суд мажлисининг сифатини ошириш воситаси бўлиши керак.

Бешинчидан, одил судловга бўлган ишонч мустаҳкамланади. Дастлабки эшитувда судья тарафларнинг позициясини эрта босқичда эшитади ва ишнинг ҳуқуқий ҳамда процессуал чегараларини белгилаб боради.

Агар ушбу институт амалиётда тўғри қўлланилса, унинг энг муҳим натижаси суд мажлислари сонининг шунчаки камайиши эмас, балки фуқаро ёки тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқини янада қисқа муддатда ва самарали тиклаш мумкин бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, маъмурий судларга дастлабки эшитув институтининг жорий этилиши — суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқини янада содда, тезкор ва адолатли ташкил этиш йўлидаги муҳим қадамдир. Бу ўзгариш судьяларнинг ҳам, давлат органларининг ҳам, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳам вақти ва ресурсларини тежаб, кучли ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишга хизмат қилади.

Акмал Муродов,

Олий суд судьяси

Read More
photo_2026-09-03_16-05-18

«ОДИЛ СУДЛОВ – 2030»: ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯ ҚИЛУВЧИ ХАЛҚЧИЛ ВА АДОЛАТЛИ СУД ТИЗИМИНИ БАРПО ЭТИШ СТРАТЕГИЯСИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Одил судлов – 2030»: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида» 2026 йил 14 августдагиги Фармоннинг қабул қилиниши мамлакатда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим қадам бўлди.

Мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали самарали ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш имкониятини кенгайтириш, судларнинг мустақиллиги ва холислигини янада мустаҳкамлаш, суд хизматларини аҳолига яқинлаштириш, суд иш юритувини рақамлаштириш ҳамда ягона суд амалиётини таъминлашдан иборат.

Фармон билан тасдиқланган Стратегияда суд тизимини ривожлантиришнинг узвий ва ўзаро боғлиқ 6 та устуни белгилаб берилган.

Булар:

1. Халқчил суд – бюрок­ратиядан холи, шаффоф ва очиқ тизим.

2. Адолат қўрғони – ҳар қандай аралашувлардан холи, мустақил суд ҳокимияти.

3. Кафолатланган адолат – фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини судда тиклаш кафолатларини кучайтириш.

4. Адолат посбонлари – юксак маънавий ва профессионал фазилатларга эга судьялар корпуси.

5. Рақамли одил судлов – сунъий интеллект ва замонавий технологиялар ёрдамида тезкор суд муҳокамаси.

6. Халқаро эътироф – илғор халқаро стандартларни миллий амалиётга имплементация қилиш.

Ушбу устунлар суд ҳокимияти фаолиятини нафақат ташкилий жиҳатдан такомиллаштириш, балки суднинг жамият ва инсон ҳаётидаги ўрнини янада кучайтиришга қаратилган.

Қайд этиш лозимки, Стратегия кенг жамоатчилик билан муҳокамалар, аҳолининг таклифлари, ҳуқуқшунос олимлар, амалиётчи юристлар, адвокатлар билан ўтказилган учрашувларда берилган таклифлар, илғор халқаро тажрибани ўрганиш асосида ишлаб чиқилди.

Стратегия ва уни амалга оширишга қаратилган 2026-2028 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар дастури тасдиқланди. У 160 та аниқ чора-тадбирни қамраб олди. Шунингдек, 2030 йилгача эришиладиган 33 та асосий мақсадлар белгиланди.

Стратегияни қабул қилиш зарурати

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш, судга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш ва суд қарорларининг адолатлилиги ҳамда қонунийлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, амалиёт таҳлили суд ҳимоясини янада такомиллаштиришни талаб этаётган бир қатор тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Хусусан, Халқ қабулхоналарига келиб тушган судлар фаолиятига оид 14,5 мингта мурожаат ва таклиф таҳлил қилиниб, аҳолини қийнаётган бир қатор масалалар аниқланди.

Жорий йилнинг ўтган даврида Олий судга қуйи судлар қарорлари устидан 12 мингга яқин шикоят берилган, 27 мингдан ортиқ фуқаро бевосита Олий судга мурожаат қилган. Бундай мурожаатлар сонининг йилдан-йилга ортиб бораётгани суд қарорларини қайта кўриб чиқиш механизмларини янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Шунингдек, амалдаги тартибда вилоят даражасидаги судларда апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларининг жамланиши қарорларни қайта кўриб чиқишнинг холислигига нисбатан жамоатчилик ишончига таъсир қилувчи омиллардан бири сифатида намоён бўлмоқда.

Судга мурожаат қилишдаги айрим процессуал талаблар ҳам фуқаролар учун ортиқча бюрократик тўсиқларни юзага келтирмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида қарийб 166 мингта мурожаат, яъни жами мурожаатларнинг тахминан 12 фоизи процессуал ёки судловга тааллуқли масалалар билан боғлиқ асосларга кўра қайтарилган.

Бундан ташқари мамлакатда фуқаролик ишлари бўйича судларнинг ҳудудий жойлашуви аҳолининг судга мурожаат қилиш имкониятини бир хил даражада таъминлаш учун етарли эмаслиги аниқланган. Айни пайтда 80 та туманлараро, туман ва шаҳар фуқаролик судлари билан бир қаторда 128 та туман ва шаҳарда алоҳида фуқаролик судлари мавжуд эмас.

Мазкур ҳолатлар судни халққа янада яқинлаштириш, судга мурожаат қилиш тартибини соддалаштириш ва суд назоратининг самарадорлигини оширишни талаб этмоқда.

Халқчил суд — суд хизматларини аҳолига яқинлаштириш

Стратегиянинг биринчи устуни – «Халқчил суд» концепцияси бўлиб, унинг асосий мазмуни судларни аҳоли учун очиқ, шаффоф, қулай ва тушунарли институтга айлантиришдан иборат. Шу мақсадда барча судларда босқичма-босқич «Ягона дарча» тамойили асосида фронт-офислар ташкил этилади. Улар орқали фуқаролар:

– судга мурожаат қилиш тартиби ҳақида зарур ахборот олади;

– процессуал ҳужжатларни рас­мий­лаштириш бўйича амалий кўмакка эга бўлади;

– суд ишининг ҳолати ҳақида маълумот олади;

– суд ҳужжатлари нусхаларини олиш имкониятига эга бўлади;

– электрон суд хизматларидан фойдаланиш бўйича ёрдам олади.

Шу тариқа фуқароларнинг турли хоналар ва хизматларга қайта-қайта мурожаат қилишига эҳтиёж камаяди.

Стратегияга кўра, суд тизимида «Суд хизмат кўрсатади» тамойилини қарор топтириш муҳим вазифа сифатида белгиланмоқда. Бу ёндашув судни фақат низоларни ҳал қилувчи орган сифатида эмас, балки инсоннинг ҳуқуқий муаммосини қонуний ва самарали ҳал этишга кўмаклашувчи давлат институти сифатида шакллантиришни назарда тутади.

Хусусан, 2030 йилга қадар судларни очиқлик индексида илғор позицияларга олиб чиқиш, фронт-офислар ташкил этиш ва хизматларни 100 фоиз «Ягона дарча» тамойили асосида кўрсатиш мақсад қилинган.

Бундан ташқари Стратегия фуқароларнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга оширишдаги процессуал тўсиқларни бартараф этишга ҳам қаратилган. Шу мақсадда иш судловга тегишли эмаслиги сабабли даъво аризасини қайтариш амалиётидан воз кечиш назарда тутилмоқда.

Бунда ариза қабул қилиниб, «Ягона дарча» тамойили асосида тегишли судга ўтказилади.

Шунингдек, даъво аризасида жузъий камчиликлар мавжуд бўлган тақдирда уни қайтариш ўрнига, камчиликларни суднинг фаол кўмаги асосида бартараф этиш механизми жорий этилади. Бу ўзгаришларнинг асосий мақсади – фуқаронинг ҳуқуқий масаласини ҳал қиладиган судни излаб сарсон бўлишининг олдини олишдан иборат.

Адолат қўрғони – ҳар қандай аралашувлардан холи, мустақил суд ҳокимияти

Фармондаги муҳим янгиликлардан бири – 2027 йил 1 июлдан ҳудудлараро судларни ташкил этиш масаласидир. Дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона ҳудудларида 5 та ҳудудлараро суд ташкил этиш назарда тутилмоқда. Ушбу судлар вилоят судлари томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича қарорларни тафтиш инстанциясида қайта кўриб чиқади.

Янги тизимнинг асосий афзаллиги — бир суднинг ўзида турли инстанция ваколатларининг жамланишига чек қўйилишидадир. Бунда вилоят судининг қарори алоҳида ҳудудлараро судда бошқа суд таркиби томонидан қайта текширилади. Бу қарорларни қайта кўриб чиқишда холислик ва мустақилликка бўлган ишончни кучайтиради.

Суд қарорларини қайта кўриш тизимини вилоятлар чегарасидан чиқариб, экстерриториал, яъни ҳудудлараро моделга ўтказиш амалиёти дунёда синалган ва самарали натижа берган. Масалан, АҚШ, Германия, Франция, Россия ва Қозоғистонда шу каби судлар ташкил этилган.

Шу билан бирга, Стратегияда фуқаролик ишлари бўйича судларнинг ҳудудий қамровини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Чунончи, 2030 йилга қадар 208 та туман ва шаҳарда фуқаролик судлари фаолиятини босқичма-босқич йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.

Бундан кўзланган асосий мақсад – судни фуқаронинг яшаш жойига яқинлаштиришдир. Масалан, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар айрим ҳолларда суд мажлисида иштирок этиш учун ўнлаб, ҳатто юзлаб километр масофани босиб ўтишга мажбур бўлмоқда.

Масалан, бугунги кунда Мўйноқ туманидан Қўнғирот туманидаги туманлараро судгача масофа ўртача 95 километрни, бориш-келиш эса 190 километрни ташкил этади.

Яъни Мўйноқдаги фуқаро бир марта суд мажлисида иштирок этиш учун 190 километр йўл босишга мажбур. Агар оилавий келишмовчиликлар ёки оддий меҳнат низолари юзасидан суд мажлиси 3-4 марта қўшимча далилларни йиғиш учун қолдирилса, бир фуқаро ёки тадбиркор адолат излаб 600-800 километр йўл босишга, йўлкира, овқатланиш ва ишдан қолиш ҳисобига катта маблағ йўқотишга мажбур бўлмоқда.

Ривожланган давлатларда аҳолига кундалик турмушда энг кўп керак бўладиган фуқаролик судларини максимал даражада яқинлаштириш (“Суд масофаси – инсон қадамида” принципи) устувор ҳисобланади.

Фуқаро кундалик ҳаётий муаммоси (оилавий масалалар, мерос, қарз) учун қўшни туманга ёки шаҳарга бормаслиги муҳим.

Ҳар бир туманда фуқаролик судининг ташкил этилиши судни аҳолига яқинлаштиради, вақт ва йўл харажатларини камайтиради ҳамда энг муҳими, суд ҳимоясидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради.

Шунингдек, Стратегия доирасида судга қадар иш юритиш босқичида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати сифатида «асосли гумон» институтини кучайтириш назарда тутилмоқда. Бунда тергов судьяси:

– шахсни жиноий таъқиб қилишнинг қонунийлиги ва асослилигини;

– шахсни ушлаб туриш учун асосларни;

– гумон ёки айблов эълон қилиш учун далилларнинг етарлилигини;

– эҳтиёт чорасини қўллаш заруратини чуқур текшириш имкониятига эга бўлади.

Зарур ҳолларда судья қўшимча ҳужжат ва материалларни талаб қилиши мумкин. Бу ёндашувнинг моҳияти шундаки, суд қамоққа олиш ҳақидаги илтимосномани фақат расмий ҳужжат сифатида эмас, балки шахс эркинлигини чеклаш учун етарли ҳуқуқий ва фактик асослар мавжудлигини текширган ҳолда кўриб чиқади.

Агар қамоққа олиш учун етарли асос бўлмаса, тилхат, гаров, кафиллик ва бошқа муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш имконияти кенгаяди. Албатта, бундай ҳолат фуқароларнинг шахсий эркинлиги ва дахлсизлигини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиради.

Бундан ташқари Стратегияда судьяларни одил судлов билан бевосита боғлиқ бўлмаган ташкилий вазифалардан озод қилиш мақсадида 2028 йилдан «суд маъмурчилиги» институтини жорий этиш белгиланмоқда.

Янги тизим судларнинг ташкилий, моддий-техник, молиявий, ахборот-технологик таъминотини профессионал бошқаришга ихтисослашади.

Бунинг натижасида судьялар бино таъмири, харидлар, молиявий ва маъмурий масалаларга эмас, балки асосий вазифаси – одил судловни амалга ошириш ва қонуний ҳамда асослантирилган суд қарорларини қабул қилишга кўпроқ вақт ажратади. Шу тариқа суд маъмурчилиги институти суд ҳокимиятининг ташкилий самарадорлиги ва судьяларнинг процессуал мустақиллигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бундай бошқарув тизими АҚШ, Буюк Британия, Финляндия, Россия Федерацияси ва Қозоғистонда жорий этилган. Хусусан, АҚШ федерал суд тизимида АҚШ судларнинг маъмурий бошқармаси судларга молиявий, технологик, бошқарув ва бошқа маъмурий хизматларни кўрсатади.

Финляндияда 2020 йилдан буён Миллий судларнинг маъмурияти барча судларнинг марказлаштирилган маъмурий функцияларини амалга оширади.

Ушбу институт судьяларни одил судлов билан боғлиқ бўлмаган вазифалардан озод этади, суд аппарати бошқарувини ихчамлаштиради ва ташкилий самарадорликни оширади, ресурсларни бошқариш ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш учун мақбул шароит яратди. Масалан, бинони таъмирлаш, харидлар, молия, ахборот тизимлари ёки аппарат ходимларини бошқариш масалаларини профессионал маъмурият ҳал қилади. Судья эса, ўз вақти ва эътиборини ишларни кўриб чиқиш ҳамда асослантирилган қарор қабул қилишга қаратади.

Кафолатланган адолат — бузилган ҳуқуқларни самарали тиклаш

Стратегиянинг яна бир муҳим йўналиши “Кафолатланган адолат”, деб номланади. Бу йўналиш суд қарорларининг қонуний, адолатли ва асослантирилган бўлишини таъминлашга қаратилган. Шу мақсадда:

– ярашув институтидан фойдаланишни кенгайтириш;

– судга қадар келишув механизмларини ривожлантириш;

– фуқаролик ва иқтисодий низоларда медиацияни кенг қўллаш;

– маъмурий органларнинг қонунга зид қарорларини очиқ реестрда акс эттириш каби чоралар белгиланмоқда.

Медиация ва ярашув механизмларининг кенг қўлланилиши тарафларга низони суднинг узоқ давом этадиган муҳокамасисиз ҳал қилиш имконини беради.

Шу билан бирга, маъмурий органларнинг суд томонидан қонунга зид деб топилган қарорларини очиқ реестрга киритиш давлат органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш учун муҳим профилактик механизм бўлиб хизмат қилади. Зеро, суд қарорларининг барқарорлиги ва қонун нормаларининг мамлакат ҳудудида бир хил қўлланилиши — ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиларидан биридир.

Шу мақсадда Олий суд Раёсати томонидан охирги инстанцияда қабул қилинган қарорларни очиқ эълон қилиш ва мунтазам янгилаб боришга асосланган «Прецедентлар реестри»ни жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Ушбу механизм:

– айнан ўхшаш ишлар бўйича турлича суд қарорлари қабул қилинишининг олдини олиш;

– судьяларга ҳуқуқий позицияларни тизимлаштирилган шаклда тақдим этиш;

– суд қарорларининг ҳуқуқий асос­ланганлигини кучайтириш;

– фуқаролар ва адвокатларга суд амалиётини олдиндан тушуниш имконини ошириш учун хизмат қилади.

Ягона суд амалиётини шакллантиришда олимлар, ҳуқуқшунослар, амалиётчи мутахассислар ва фуқаролик жамияти вакилларини жалб қилган ҳолда экспертлар кенгашлари фаолиятини йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, Фармонда ижтимоий хавфлилик даражаси юқори бўлмаган ва санкциясида фақат жарима назарда тутилган айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий органларга ўтказиш масаласи ҳам назарда тутилган.

Амалиётда фуқаро маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича аввал баённома тузиш учун профилактика инспектори ёки масъул органга, иш судга юборилганидан сўнг судга чақирилади. Натижада фуқаро битта ҳуқуқбузарлик бўйича икки марта турли идораларга мурожаат қилиб, ортиқча вақт ва маблағ сарфлайди.

Таҳлилларга кўра, санкциясида фақат жарима назарда тутилган 118 та ҳуқуқбузарлик бўйича шундай ёндашувни жорий этиш имконияти ўрганилмоқда. Судларда эса, маъмурий қамоқ, депортация, мусодара, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш каби жазо ва таъсир чоралари назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар кўриб чиқилади.

Бунда шахснинг судга шикоят қилиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Мазкур ёндашув судларнинг иш ҳажмини мақбуллаштириш, тергов судьяларининг асосий эътиборини инсон эркинлиги билан боғлиқ масалаларга қаратиш, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигини камайтириш, давлат ресурсларидан самарали фойдаланиш имконини беради.

«Адолат посбонлари» — судьялар корпусини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш механизми

Суд тизими ислоҳотларининг самарадорлиги, аввало, судьяларнинг профессионаллиги, ҳалоллиги, мустақиллиги ва юксак маънавий фазилатларига боғлиқ. Шу сабабли, Стратегияда «Адолат посбонлари» йўналиши доирасида судьялар ва суд аппарати ходимларининг касбий компетенцияларини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилган.

Бинобарин, Одил судлов академиясининг халқаро рейтинглардаги нуфузини ошириш, судьялар ва суд аппарати ходимларининг хорижда малака оширишини кенгайтириш, коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқувларни тизимли ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, судьяларнинг касбий компетенциялар профилини шакллантириш муҳим вазифа сифатида белгиланган. Бунда фақат назарий ҳуқуқий билим эмас, балки суд мажлисини самарали бошқариш, суд ҳужжатларини сифатли ва асосли тайёрлаш, процесс иштирокчилари билан тўғри мулоқот қилиш, касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш, коррупциявий хавфларни олдиндан аниқлаш каби амалий кўникмалар ҳам баҳоланади.

Рақамли одил судлов — сунъий интеллект ва замонавий технологиялар ёрдамида тезкор суд муҳокамаси

Стратегиянинг муҳим йўналишларидан яна бири — суд тизимини тўлиқ рақамлаштириш. Зотан, «Рақамли суд» концепцияси доирасида судларга электрон мурожаат қилиш, суд мажлисларига электрон рўйхатдан ўтиш, ишнинг ҳолатини масофадан кузатиш, суд ҳужжатларини электрон шаклда қабул қилиш, суд мажлисларини аудиоёзувга олиш, ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш каби механизмлар ривожлантирилади.

Стратегияга кўра, суд мажлисларини 100 фоиз аудиоёзув орқали қайд этиш, судларга мурожаатларнинг камида 50 фоизини электрон шаклга ўтказиш мақсад қилинган. Бу нафақат суд иштирокчилари учун қулайлик яратади, балки процессуал ҳаракатларнинг шаффофлиги ва назорат қилинишини кучайтиради.

Рақамлаштириш инсон омилини камайтириш, қоғозбозликни қисқартириш ва коррупциявий хавфларни пасайтиришнинг муҳим воситаси сифатида намоён бўлади.

Халқаро эътироф — суд тизимининг халқаро стандартларга уйғунлиги

Стратегия Ўзбекистон суд тизимини халқаро стандартлар билан уйғунлаштиришни ҳам муҳим вазифа сифатида белгилайди. Хусусан, камида 6 та халқаро ташкилот билан ҳамкорликни ривожлантириш, камида 10 та давлат судлари билан халқаро шартномалар тузиш ва хорижий судлар билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш мақсад қилинган.

Бундай ҳамкорлик суд топшириқларини юбориш, далилларни олиш, хориждаги шахслар иштирокидаги процессуал ҳаракатларни амалга ошириш, суд қарорларини тан олиш ва ижро этиш билан боғлиқ масалаларни самарали ҳал этишга хизмат қилади. Шу билан бирга, илғор хорижий тажрибаларни миллий суд амалиётига жорий этиш суд тизимининг институционал ривожланишига хизмат қилади.

«Одил судлов – 2030» стратегияси фақат умумий мақсадларни белгилаб қўйиш билан чекланмайди. Хусусан, уни амалга ошириш доирасида вазифалар, аниқ чора-тадбир ҳамда 2030 йилга қадар эришиладиган асосий мақсадлар белгиланган.

Бу ёндашув суд-ҳуқуқ ислоҳотларини аниқ натижа кўрсаткичлари билан боғлаш имконини беради. Шунинг учун ҳам, «Одил судлов – 2030» стратегияси Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган комплекс ҳуқуқий-институционал ҳужжат сифатида намоён бўлмоқда.

Стратегияда белгиланган олтита устувор устуннинг ўзаро боғлиқлиги суд тизимини бир вақтнинг ўзида ташкилий, процессуал, кадрлар, технологик ва халқаро йўналишларда такомиллаштириш имконини беради. Чунки мазкур ислоҳотларнинг марказида инсон ҳуқуқлари ва одил судловга эришиш имкониятини кенгайтириш ғояси туради.

Айниқса, суднинг аҳолига яқинлашиши, «Ягона дарча» тамойилини жорий этиш, процессуал тўсиқларни камайтириш, суд қарорларини қайта кўриб чиқишнинг холис механизмларини шакллантириш ва судга қадар босқичда суд назоратини кучайтириш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада мустаҳкамлайди.

Шу билан бирга, суд маъмурчилиги институти, судьяларнинг касбий компетенцияларини ривожлантириш, рақамли технологиялардан фойдаланиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш суд ҳокимиятининг институционал салоҳиятини оширади.

Энг муҳими, «Одил судлов – 2030» стратегиясида белгиланган мақсадлар суд тизимининг фақат ички ташкилий самарадорлигини оширишга эмас, балки инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, судга бўлган жамоатчилик ишончини юксалтириш ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган.

Шу нуқтаи назардан, Стратегияда белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ва сифатли ижроси Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига асосланган, мустақил, халқчил, рақамли ва халқаро стандартларга уйғун суд ҳокимияти фалиятининг муҳим ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилади.

Шербек НАЗАРОВ,

Олий суднинг

Одил судлов соҳасидаги

қонунчиликни таҳлил қилиш

департаменти бошлиғи

Read More
Click to listen highlighted text!
Skip to content