ЭГРИ ЙЎЛНИНГ ОХИРИ ТЕГИШЛИ ЖАЗО БИЛАН ЯКУН ТОПДИ

Бугунги кунда ахборот технологияларининг шитоб билан ривожланиши аҳолига кенг қулайликлар яратиш билан бирга айрим кимсалар ундан ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланаётгани жуда афсусланарлидир. Масалан, кибержиноятчилик, хусусан, ижтимоий тармоқларда ташкил этилаётган қимор ўйинларида иштирок этган кўплаб фуқаролар ўз маблағларидан айрилиб қолмоқда.
Қарши шаҳрида яшовчи Хўжамберди Қаҳҳоров (исм-шарифлар ўзгартирилган) гарчи ижтимоий тармоқда қимор ташкил этмаган бўлса-да, бошқача тарзда кибержиноятга қўл урди. Гап шундаки, у Косон туманининг Гулобод маҳалласида жойлашган хўжалик моллари дўконида ишларди. Дўконда ишлаш асносида 2025 йил март ойида “Telegram” мессенжерида қимор ва таваккалчиликка асосланган “1XBET” ўйини фойдаланувчиларининг депозит ҳисобларини тўлдириб берувчи “bot”ларни яратади. Сўнг у дўконда сақлаб келаётган Озода Дониёрова, Сурайё Аширова, Зилола Ботирова, Саида Ботирова, Маҳфуза Шараповага тегишли паспорт нусхаларини таниши, “Xaлқ банки”нинг Косон универсал банк хизматлари маркази бош мутахассиси Ҳ. Тошпўлатовга беради. Ўз навбатида, Ҳ. Тошпўлатов ҳамкасби Ш. Шодмонов билан бирга О. Дониёрова, С. Аширова, З. Ботирова, С. Ботирова ва М. Шарапованинг номига янги банк пластик карталарини очиб беради. Пластик карта очиш учун берилган аризаларга юқорида исм-шарифи қайд этилган аёллар номидан Х. Каримовнинг ўзи сохта имзо қўяди. Оқибатда ҳар бири эвазига ойига 2 миллион сўмдан ҳақ олиб туриш шарти билан янги банк пластик карталарини “Telegram”да “DEZOS” номли профилни юритувчи Н. Муталовга сотиб юборади. Чунки Н. Муталов “Uzb_kassa” номли боти орқали қимор ва таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлар иштирокчиларининг ҳисобини тўлдириш ва ютуқларни чиқариб бериш билан шуғулланарди. Бу ҳаракати билан Х. Қаҳҳоров ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳамда қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш жиноятини содир этади.
Орадан 2 ой ўтиб, Х. Қаҳҳоров яна шу жиноятга қўл уради. Бу гал у фуқаро Г. Йўлдошеванинг паспортини қўлга киритади ва “Ipak yo‘li banki”нинг Қарши филиали “Косон” экспресс марказида ишловчи таниши И. Жўраев ва банк бош мутахассиси М. Давронова ёрдамида янги пластик карта очишга эришади. Кейин аввалгидек, ҳар ойда 2 миллион сўмдан бериш шарти билан Н. Муталовга сотади. Х. Қаҳҳоров ҳужжатларни қалбакилаштиргани ва улардан фойдалангани етмагандек, шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун талабини ҳам бузади.
Албатта, ҳар ойда келиб турадиган мўмай даромад кимга ҳам ёқмайди, дейсиз?! Бинобарин, Х. Қаҳҳоровнинг “иштаҳа”си янада очилиб кетади. Натижада у 2025 йилнинг май, июль ва август ойларида яна 15 нафар фуқаронинг номига банк пластик картасини расмийлаштириб, Н. Муталовга сотади. Бироқ…
Бироқ орадан кўп ўтмай бу қинғир қилмишнинг қийиғи чиқади: республикамиз миқёсида ўтказилган “Долзарб 10 кунлик” махсус тадбирлари доирасида Х. Қаҳҳоровнинг кирдикорлари Тошкент шаҳар ИИББ тезкор ходимлари томонидан фош этилади. Аниқроқ айтганда, махсус топшириқ асосида Қашқадарё вилоятига хизмат сафарига юборилган бошқарма тезкор ходимлари томонидан номларига банк пластик картаси расмийлаштирилган 21 нафар фуқаро билан суҳбат ўтказилганда, бу сирларнинг ҳаммаси сув юзига қалқиб чиқади.
Шундан сўнг Х. Қаҳҳоров Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялар соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармасига чақиртирилади.
Лекин пойтахтга келгач, Х. Қаҳҳоров калондимоғларча иш тутади: айбини бўйнига олиб, қилмишидан пушаймон бўлиш ўрнига бошқарма бошлиғи Б. Тиллахўжаевга пора таклиф қилади. Буни эшитган бошлиқ пора бериш ҳам худди пора олиш каби оғир жиноят эканлигини унга тушунтиради.
Аммо Х. Қаҳҳоров ўз билганидан қолмайди, у оқ қоғозга ёзиш орқали ноқонуний таклифини такрорлайверади. Охир-оқибат Б. Тиллахўжаев Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилади. Ушбу билдирги асосида тезкор тадбир ўтказилади. Пировардида Х. Қаҳҳоров Б. Тиллахўжаевнинг хизмат хонасида 50 000 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтида ушланади. Натижада Х. Қаҳҳоров ва унинг жиноий шериги Ж. Эгамназаровга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Таъкидлаш лозимки, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди Х. Қаҳҳоровни Жиноят кодексининг 211-моддаси 3-қисми “а” банди, 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 141-2-моддаси 2-қисми “а”, “б”, “в” бандлари, Ж. Эгамназаровни эса, Жиноят кодексининг 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, уларни тегишли муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Пора тариқасида берилган 50 000 АҚШ доллари эса, давлат фойдасига ўтказилди.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида “Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл қўйиш эса – ислоҳотларимизга хиёнатдир. Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз” дея алоҳида таъкидлади. Шундай экан, пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш сингари иллатларга нафақат қонун ҳимоячилари, балки ҳар юртдошимиз ҳам муросасиз бўлиши шарт.
Дилноза ҲОЛИҚНАЗАРОВА,
жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек
тумани суди судьяси
