Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2026-07-08_10-34-06

ГИЁҲВАНДЛИКДЕК ХАВФЛИ ИЛЛАТГА ҚАРШИ КУРАШИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

Гиёҳвандлик фақат бир шахснинг соғлиғига эмас, балки оила, маҳалла, жамият хавфсизлиги ва миллат генофондига таҳдид соладиган оғир ижтимоий иллатдир. Бу иллат инсонни ҳалол меҳнатдан, илмдан, оиладан ва охир-оқибат ҳаёт неъматидан ҳам батамом маҳрум қилади.

Шу боис, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки бутун жамиятнинг масъулиятли вазифасидир.

Президентимиз томонидан 2026 йил 11 июнда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашишга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун айни шу мақсадга қаратилган.

Мазкур қонун билан гиёҳвандликка қарши курашиш соҳасида жавобгарлик чораларини аниқлаштириш ва кучайтиришга оид муҳим ҳуқуқий механизм белгилаб берилди.

Айтиш керакки, ушбу янги қонун билан Жиноят кодексига янги жиноят таркиблари билан боғлиқ муҳим ўзгартишлар киритилмоқда. Шу билан бирга, Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан боғлиқ махсус қонун ҳужжатларига ҳам мувофиқлаштирувчи ўзгартишлар киритилди.

Бунинг эътиборли жиҳати шундаки, Жиноят кодексининг XIX боби “Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар” йўналишида такомиллаштирилмоқда. Бундай ёндашув гиёҳвандликка қарши курашиш фақат жиноятчиликни жиловлаш эмас, балки аҳоли саломатлиги, ёшлар келажаги ва миллий генофондни ҳимоя қилиш масаласи ҳам эканини кўрсатади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 276-1-моддасидан 276-13-моддасигача янги нормалар билан тўлдирилмоқда. Жумладан, кодекснинг 276-1-моддаси “Ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш”, 276-1-модда “Бангихона ташкил қилиш ёки сақлаш”, 276-3-модда “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ёки кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига ҳомийлик қилиш” каби нормалар билан тўлдирилди.

Бу нормалар наркожиноятчилик занжирининг фақат сотиш ёки истеъмол босқичини эмас, балки ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, тарғиб қилиш, ҳомийлик қилиш ва вояга етмаганларни жалб этиш каби хавфли кўринишларини ҳам қамраб олади.

Янги қонундаги энг муҳим янгиликларидан бири – гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш ёхуд қайта ишлаш мақсадида, ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш алоҳида жиноят сифатида белгиланганидир.

Бундай қилмиш учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Агар жиноят такроран, бир гуруҳ шахслар томонидан, кўп миқдорда ёки бошқа оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилса, жавобгарлик янада кучайтирилади.

Нарколаборатория оддий сақлаш жойи эмас, балки гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни тайёрлаш, қайта ишлаш ёки кимёвий синтез қилишга хизмат қиладиган яширин жиноий марказдир.

Бундай нарколабораторияда тайёрланган моддаларнинг таркиби кўпинча номаълум бўлади. Уларнинг инсон организмига салбий таъсирини олдиндан аниқлаб бўлмайди, бир марталик истеъмол ҳам оғир заҳарланиш, руҳий бузилиш, қарамлик ёки ўлимга олиб келиши мумкин.

Шунинг учун нарколабораторияни алоҳида жиноят ўчоғи сифатида белгилаш амалиёт учун ҳам, профилактика учун ҳам муҳим қадамдир.

БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси – UNODC маълумотларига кўра, 2023 йилда дунё бўйича 316 миллион нафар киши алкогол ва тамакидан ташқари гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилган.

Бу 15-64 ёшдаги дунё аҳолисининг 6 фоизини ташкил этади. Энг кўп истеъмол қилинган гиёҳвандлик моддаси каннабис бўлиб, ундан 244 миллион киши фойдаланган. Ундан кейин опиоидлар – 61 миллион, амфетаминлар – 30,7 миллион, кокаин – 25 миллион ва экстази – 21 миллион киши қайд этилган.

Гиёҳвандликнинг энг фожиали оқибати – ўлим. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда, тахминан, 600 минг ўлим гиёҳвандлик моддалари истеъмоли билан боғлиқ бўлиб, шуларнинг қарийб 450 минги опиоидлар “ҳиссаси”га тўғри келади.

Бугунги кунда дунё бўйича 64 миллионга яқин киши гиёҳвандликка қарамлик ва у билан боғлиқ касаллик­лардан азият чекмоқда. Бу рақамлар гиёҳванд­лик фақат оғир жиноят эмас, балки жаҳон соғлиқни сақлаш тизими учун катта хавф эканини англатади.

Айтиш керакки, янги қонун билан бангихона ташкил қилиш ёки сақлаш учун ҳам жавобгарлик аниқ белгиланди. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилиш ёхуд тарқатиш мақсадида, махсус жой ташкил этган ёки сақлаган шахслар 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ушбу норма бундай жойларнинг ижтимоий хавфини тўғри баҳолайди.

Чунки бангихона фақат истеъмол жойи эмас, балки янги истеъмолчиларни жалб қилиш, гиёҳвандликни тарқатиш ва жиноий муҳитни шакллантириш нуқтасидир.

Шунингдек, янги қонунда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига ҳомийлик қилиш учун ҳам алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланган. Бундай ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.

Бу муҳим янгиликдир, чунки наркожиноятчилик, одатда, фақат сотувчи ва харидордан иборат эмас. Унинг ортида молиялаштирувчи, жой билан таъминловчи, ташишга кўмаклашувчи, алоқа ўрнатувчи ва жиноий фаолиятни яширин бош­қарувчи шахслар ҳам туради.

Бундан ташқари янги қонунда кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни ўғирлик ёки фирибгарлик орқали қонунга хилоф равишда эгаллаш учун ҳам жавобгарлик назарда тутилган. Бу норма, айниқса, дорихона, тиббиёт муассасаси, омбор, лаборатория ёки бошқа махсус жойларда сақланадиган кучли таъсир этувчи моддаларнинг ноқонуний айланмага чиқиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади.

Бугунги кунда гиёҳвандлик жиноятчилиги тобора рақамлашиб бормоқда.

Интернет, мессенжерлар, яширин тўловлар, сохта дорилар, ниқобланган реклама ва ижтимоий тармоқлар орқали ёшларни алдов йўли билан жалб қилиш ҳолатлари кўпаяётгани дунё ҳамжамиятини хавотирга солмоқда.

Шунинг учун содир этилган жиноятга нисбатан жазони кучайтириш билан бирга, профилактика, ҳуқуқий тарғибот, таълим муассасаларида огоҳлик ишлари, ота-она ва маҳалла назорати ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Гиёҳвандликка қарши курашда энг самарали йўл – жиноят содир этилгандан кейин жазолаш билан чекланиш эмас, балки унинг олдини олишдир. Ёшларга “бир марта синаб кўриш” ҳам бутун умрни заволда қолдирадиган фожиага айланиши мумкинлигини барвақт тушунтириш шарт. Наркотик модда инсонни аввал қизиқиш, кейин қарамлик, сўнгра жисмоний ва маънавий таназзул сари етаклашини ҳеч қачон унутмаслик керак.

Хулоса қилиб айтганда, нарколаборатория ташкил этиш учун жавобгарликнинг алоҳида жиноят сифатида белгиланиши ҳуқуқий сиёсатда муҳим қадамдир. Бу қадам гиёҳвандликнинг илдизига – уни ишлаб чиқариш, тайёрлаш ва тарқатиш манбаларига қарши қаратилган.

Қонуннинг мақсади — фақат жазолаш эмас, балки аҳоли саломатлигини, жамоат хавфсизлигини ва келажак авлодни ҳимоя қилишдир.

Гиёҳвандлик, ҳақиқатан ҳам, умр заволи, унга қарши курашиш эса, ҳар бир фуқаронинг виждоний ва ҳуқуқий бурчидир.

Зарифа Аҳмедова,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд шаҳар суди судьяси

photo_2026-06-16_11-31-52

СУД ТИЗИМИДА КОМПЛАЕНС: ОДОБ-АХЛОҚ ВА ҲАЛОЛЛИКНИНГ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТЛАРИ

Суд залига кирган ҳар бир инсон, аввало, манфаати, ҳуқуқи тикланиши ёки тақдири ҳал бўлишини кутади. Шу пайтда у нафақат судьяга, балки бутун бир тизимга ишонади.

Ана шу ишонч — ҳуқуқий давлатнинг энг нозик, лекин энг муҳим устуни. Уни сақлаб қолиш учун фақат адолатли ҳукм чиқариш кифоя қилмайди. Бунда суд муассасасининг ҳар бир ходими, ҳар бир жараёни ва ҳар бир қарори ҳам шу ишонч тасдиғи учун хизмат қилиши шарт.

Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Президенти томонидан 2026 йил 8 июнда имзоланган «Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармоннинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки ушбу муҳим ҳужжат айнан суд тизимида коррупцияга қарши «фавқулодда ҳолат» эълон қилинган масъулиятли бир даврда қабул қилинди.

Судья сифатида кундалик амалиётда шуни кузатаманки, суд тизимига бўлган умумий ишонч кўп жиҳатдан нафақат чиқарилган ҳукм ёки қарорнинг сифатига, балки суд муассасасини бошқарувчи ички маданият ва тизимга ҳам боғлиқ бўлади. Шу маънода, мазкур Фармон аввало ана шу ички тизимни ислоҳ қилишга қаратилгани билан ғоятда аҳамиятлидир.

Фармонда учта стратегик мақсад белгиланди. Яъни:

биринчи мақсад — судларда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашнинг профессионал тизимини жорий этиш орқали коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт бартараф этиш;

иккинчи мақсад — суд аппарати ишга қабул қилишда шаффоф тартиб-таомилларга асосланган танлов ва меритократия тамойилини жорий этиш;

учинчи мақсад — суд тизимига жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ва суд органларини Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотларнинг амалий иштирокчисига айлантиришдан иборат.

Фармонда белгилаб берилган вазифалар тўрт асосий йўналишга қаратилган. Бу ўринда суд аппарати ходимлари ўртасида коррупциянинг олдини олиш; Комплаенс назорат хизматини таъсис этиш; судьялар корпусида коррупцияга муросасизлик маданиятини шакллантириш ва Фармон ижросини таъминловчи механизмлар ҳақида сўз бормоқда.

Ҳар бир йўналиш учун аниқ муддатлар, масъул идоралар ва «йўл харитаси» белгиланган. Бу, ўз навбатида, Фармоннинг том маънода тизимли асосда ижро этилишини таъминлайди.

Фармоннинг энг муҳим ташкилий янгилиги — Олий суд аппаратида Комплаенс назорат хизматини таъсис этишдир. Хизмат Олий суд раисига бевосита бўйсунади ва 3 та штат бирлигидан иборат.

Бундан ташқари Ҳарбий суд, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида жами 15 та комплаенс инспектори лавозими жорий этилади.

Комплаенс назорат хизматининг вазифалари кенг. Хизмат, хусусан, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш; касб этикасига риоя этилишини доимий кузатиш; ишга қабул қилиш жараёнида ошкоралик ва холисликни таъминлаш; ходимлар ва уларнинг оила аъзолари — турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини юритиш билан шуғулланади.

Айниқса, пора таклиф этиш ҳолатлари ҳақида ходим томонидан хабар бериш тизимини ва фуқаролар учун хавфсиз алоқа каналларини жорий этиш талаб­лари алоҳида диққатга сазовор. Бу янги ташаббуслар халқаро комплаенс амалиётининг тамал тоши ҳисобланади.

Фармонда суд аппаратини бошқаришда тубдан янги HR-меритократик ёндашув кўзда тутилмоқда. Жумладан, «vacancy.sud.uz» порталини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш назарда тутилган. Мазкур платформа орқали суд аппаратидаги барча вакант лавозимлар очиқ рақобатли танлов асосида эълон қилинади. Номзодлар сунъий интеллект ёрдамида саралаш, тест ва кўникмалар баҳолашидан ўтказилади.

«SudHR» электрон платформаси эса, суд тизимида ходимлар билан ишлашнинг замонавий услубларини жорий этишга қаратилган. Ходимнинг фаолияти мониторинги, касбий ўсиш йўли, малака ошириш режаси ва самарадорлик баҳоси — буларнинг барчаси рақамли, шаффоф ва объектив тарзда амалга оширилади.

Дунё тажрибасига назар ташласак, комплаенс тизими самарадорлигини яққол исботлаган давлатлар кўплигини кўрамиз.

АҚШда федерал судьялар учун молиявий ошкоралик ва манфаатлар тўқнашуви бўйича қатъий талаблар амал қилади. Германия ва Францияда давлат хизматчилари фаолиятида коррупциявий хавфларни баҳолаш ва ички назорат тизимлари кенг йўлга қўйилган.

Сингапур тажрибаси бу борада алоҳида ўрин тутади. Бугун Сингапур дунёнинг коррупция даражаси энг паст мамлакатлари қаторида турибди.

Аммо бу ҳолат ўз-ўзидан вужудга келмаган. Ўн йиллар давомида давлат бошқарувида комплаенс ва ички назоратга тизимли ёндашилган: жазолашдан кўра жиноятнинг олдини олиш принципи белгиланган, давлат хизматчилари учун юқори ахлоқ-одоб стандартлари жорий этилган, декларация тизими ва меритократия тамойили қатъий таъминланган.

Рақамлаштириш эса, инсон омили таъсирини минималлаштирган.

Жанубий Корея ҳам давлат хизматини рақамлаштириш, ички аудит ва профилактик чоралар орқали бошқарув самарадорлигини сезиларли оширди.

Ўзбекистон Президентининг Фармонида назарда тутилган чора-тадбирлар айнан шу хорижий тажрибаларнинг мантиғига таянади ва уни юртимиз суд тизимига мослаштиради. Шу нуқтаи назардан, Фармон чуқур ўйланган стратегик қадамдир.

Фармон суд тизимида коррупцияга қарши курашни янги поғонага кўтаришга қаратилган. Энди бу кураш фақат интизомий жазо ва тергов орқали эмас, тизимли профилактика, шаффоф жараёнлар ва мус­тақил ички назорат орқали олиб борилади.

Эътибор беринг: комплаенс хизматини таъсис этиш, vacancy.sud.uz ва SudHR платформалари, декларация тизими, ISO 37001 стандарти — буларнинг барчаси бир-бирини тўлдирувчи яхлит тизим ҳисобланади.

Фармоннинг энг муҳим жиҳати шундаки, у коррупцияни фақат индивидуал иллат сифатида эмас, балки тизимли муаммо сифатида кўради ва унга қарши курашда тизимли ечимни таклиф қилади.

Хулоса қилиб айтганда, комплаенс суд тизимининг ҳар бир ходими ва судьянинг кундалик хатти-ҳаракатларида мунтазам акс этадиган қадрият, яъни халқ ишончини қозонишга хизмат қиладиган етук маданиятдир.

Президент Фармони ана шу маданиятни шакллантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратди.

Зиёда Иноятова,

Тошкент туманлараро

маъмурий суди судьяси

photo_2026-06-16_11-31-52

ЯНГИ ФАРМОН: СУДЛАРДА КОМПЛАЕНС НАЗОРАТ ТИЗИМИ САМАРАДОРЛИГИ ТУБДАН ОШИРИЛАДИ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, одил судловнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, судларга нисбатан жамият ишончини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, давлат органлари ва ташкилотларида комплаенс-назорат тизимлари босқичма-босқич жорий этилди.

Бироқ суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, хизмат этикаси талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш ҳамда ходимларнинг шахсий масъулиятини ошириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари томонидан 2026 йил 8 июнда “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди.

Фармон мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлиб, у суд тизимида ҳалоллик, шаффофлик ва ҳисобдорлик муҳитини янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Фармоннинг биринчи бўлимида учта стратегик мақсад белгилаб берилган.

Биринчи мақсад – судларда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашнинг профессионал тизимини яратиш ҳамда коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт бартараф этиш. Бу ўринда асосий эътибор коррупция оқибатларига эмас, балки унинг сабабларини бартараф этишга қаратилмоқда.

Иккинчи мақсад – суд аппарати ходимларини ишга қабул қилишнинг мутлақо янги, очиқ ва шаффоф тизимини жорий этиш. Энди кадрларни танлашда меритократия, яъни билим, қобилият, малака ва шахсий фазилатлар асосий мезон бўлади.

Учинчи мақсад – суд тизимига бўлган жамоатчилик ишончини янада мустаҳкамлаш ва суд органларини Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг фаол иштирокчисига айлантиришдан иборат.

Фармоннинг энг муҳим янгиликларидан бири суд тизимида Комплаенс назорат хизматининг ташкил этилишидир. Ушбу хизмат суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олиш, манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва тартибга солиш билан шуғулланади.

Гап шундаки, Олий суд аппаратида бевосита Олий суд раисига бўйсунувчи 3 нафар ходимдан иборат Комплаенс назорат хизмати ташкил этилмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси суди, ҳарбий суд, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида жами 15 та комплаенс инспектори лавозими жорий этилмоқда.

Бу тузилманинг бевосита Олий суд раисига бўйсуниши унинг мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, Фармонга мувофиқ:

– судьялар корпусида коррупциянинг олдини олиш вазифаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Суд инспекциясига;

– суд аппарати ходимлари ўртасида коррупциянинг олдини олиш вазифаси эса, Олий суднинг Комплаенс назорат хизматига юклатилмоқда.

Бу ваколатларнинг аниқ ажратилиши масъулиятни кучайтиради ҳамда назорат самарадорлигини оширади.

Фармоннинг 4-бандида Комплаенс назорат хизматининг кенг кўламли вазифалари белгиланган. Улар жумласига:

– коррупциявий хавфларни аниқлаш ва баҳолаш;

– коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш;

– ходимлар томонидан касб этикасига риоя қилинишини назорат қилиш;

– ишга қабул қилиш жараёнларида шаффофликни таъминлаш;

– номзодларни коррупцияга қарши текширувдан ўтказиш;

– ходимларда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш;

– даромад ва мол-мулк декларацияси тизимини юритиш;

– маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчиликнинг олдини олиш;

– коррупция ҳақида хабар берувчиларни ҳимоя қилиш;

– хавфсиз алоқа каналларини жорий этиш каби муҳим вазифалар киради.

Мазкур вазифалар халқаро антикоррупция стандартларига тўлиқ мос келади.

Фармон асосида декларация тизими жорий қилинмоқда. Яъни энди судьялар, суд аппарати ходимлари, уларнинг турмуш ўртоқлари, вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулки ҳақида маълумотлар тақдим этилади.

Бу тизим коррупция хавфларини барвақт аниқлаш ва яширин манфаатларнинг олдини олиш имконини беради.

Фармон билан илк бор суд тизимида коррупция ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш механизми жорий этилмоқда.

Бу норма халқаро амалиётда “Whistleblower protection” деб аталади.

Энди коррупция ёки пора таклифи ҳақида хабар берган ходим давлат ҳимоясида бўлади. Бу эса, яширин коррупция ҳолатларини фош этиш имкониятларини кенгайтиради.

Фармонда суд аппарати ходимларига нисбатан янги чекловлар ҳам белгиланди. Бу чекловлар суд тизими ходимларининг мустақиллиги ва холислигини таъминлашга қаратилган. Жумладан:

– коррупция жиноятлари учун судланган шахсларни ишга қабул қилиш тақиқланади;

– давлат органларидан ножўя хатти-ҳаракатлари учун бўшатилган шахслар уч йил мобайнида қабул қилинмайди;

– тадбиркорлик билан шуғулланиш тақиқланади;

– хорижда ҳисобварақ ва мол-мулкка эга бўлиш чекланади;

– сиёсий ва бошқа манфаатлар йўлида хизмат вазифасини бажаришга йўл қўйилмайди.

Фармон кадрлар сиёсатида туб ўзгаришларни назарда тутади. Хусусан, 2026 йил якунига қадар очиқ танлов тизими жорий этилади; “vacancy.sud.uz” портали ишга туширилади; “SudHR” электрон платформаси яратилади; сунъий интеллект асосида номзодларни саралаш механизмлари жорий қилинади.

Буларнинг барчаси, ўз навбатида, инсон омилини камайтириш ва таниш-билишчилик ҳолатларига барҳам беришга хизмат қилади.

Фармон билан судьялар корпусига ҳам қатор янги вазифалар юкланди.

Жумладан:

– коррупцияга қарши барқарорлик диагностикаси ўтказилади;

– судьяликка номзодларнинг ҳалоллик даражаси баҳоланади;

– “реал кейслар” асосида ўқув дастурлари жорий қилинади;

– Одил судлов академиясида ички хавфсизлик хизмати ташкил этилади;

– Академия ISO 37001 халқаро стандарти бўйича аудитдан ўтказилади.

Бу чоралар судьялар корпусининг профессионал ва ахлоқий барқарорлигини таъминлашга қаратилганлигини англатади.

Фармонда суд ишларини автоматик тақсимлаш тизимини янада такомиллаштириш вазифаси ҳам белгиланди. Бунинг натижасида ишларни тақсимлаш мезонлари аниқ белгиланади; қайта тақсимлаш жараёни шаффоф бўлади; ишларни асоссиз бошқа судьяга ўтказиш ҳолатлари бартараф этилади.

Бу эса, одил судловнинг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади.

Фармонда коррупциявий хавфларни бошқариш бўйича махсус электрон тизим яратиш назарда тутилган. Ушбу тизим:

– шубҳали операцияларни аниқлайди;

– интизом бузилишларини мониторинг қилади;

– коррупция хавфларини баҳолайди;

– профилактик чораларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Мазкур Фармон суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг янги институционал моделини яратмоқда. Аввал асосий эътибор ҳуқуқбузарликни аниқлаш ва жазолашга қаратилган бўлса, эндиликда коррупциянинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш устувор вазифага айланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Президентининг “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Фармоннинг тўлиқ ва самарали ижроси натижасида:

– коррупциявий хавфлар камаяди;

– суд тизимида меритократия қарор топади;

– кадрлар сиёсати шаффофлашади;

– судьялар ва суд аппарати ходимларининг масъулияти ортади;

– аҳолининг судларга бўлган ишончи мустаҳкамланади;

– Янги Ўзбекистонда адолатли суд тизимини шакллантиришга мустаҳкам замин яратилади.

Акмал Муродов,

Олий суд судьяси

photo_2026-07-13_16-14-02

ГИЁҲВАНДЛИК — АСР ВАБОСИ

Инсоният неча минг йиллик тараққиёти давомида илмий изланишлари ва амалий фаол фаолияти туфайли барча соҳалар каби маданият ва маърифатда ҳам юксак натижаларга эришди. Бироқ шундай бир иллат борки, у илмни ҳам, маърифатни ҳам, умуман олганда, барча инсоний қадриятларни бир зумда вайрон қилиб юборади. Бу — гиёҳвандлик иллати. Унинг зарари бутун оила, жамият, миллат ва инсоният ҳаётини таҳлика остида қўйиши мумкин.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, гиёҳванд моддалар, энг аввало, инсон миясини бузади: аввалига “бахт гормони” деб аталган дофаминни сунъий кўпайтириб, юзаки лаззат ҳиссини беради. Бир неча дақиқалик “фароғат” туйғусидан кейин эса, азобли занжир қисми бошланади: юрак ва қон томир тизими бузилиши натижасида қон босими кескин ўзгариб, томирлар тортилади, юрак “чарчаб” ишдан чиқади, жигар ва буйрак фаолияти сусаяди, иммун тизими заифлашади, организмнинг вирус ва бактерияларга қарши курашиш қобилияти пасайиб, энг кичик инфекция ҳам оғир хасталикларни келтириб чиқаради. Бундан ҳам ёмони, гиёҳвандлик инсон руҳини сўндиради, у оилага меҳр-муҳаббатни, ота-­онани, яқин оғайниларни, ҳаёт мазмунини ҳис этмай қўяди. Ана шу руҳий қарамлик уни жиноятга етаклайди: пул учун на ўғирликдан, на фирибгарликдан, на хиёнатдан — ҳеч нарсадан тап тортмайди.

Афсуски, сўнгги йилларда дунё миқёсида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи кескин ортиб бормоқда.

Бу иллатга қарши курашиш учун давлат даражасида чора-тадбирлар кўрилаётгани бежиз эмас. Ҳаётимизда наркожиноятлар билан боғлиқ ташвишли ҳолатлар учраб турибди. Жумладан, жиноят ишлари бўйича Кўкдала туман судида гиёҳвандлик ўсимликларини етиштириб, парваришлаб келган шахсга доир жиноят иши кўриб чиқилгани ҳам бунга бир мисолдир.

Гап шундаки, Ғ. Жумаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) етиштириш тақиқланган “каннабис” ўсимлигини ўзининг Кўкдала тумани, Сойбўйи маҳалласидаги ҳовлисида экиб, парваришлаб келаётган экан.

Шу ўринда Ғ. Жумаевнинг шахсига оид маълумотларга назар ташласак, унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судининг 2009 йил 10 июлдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан 10 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Кейинчалик у амнистия актига асосан, жазодан озод этилган.

Буни айтишдан мақсад шуки, у суд томонидан тайинланган ушбу жазодан тегишли хулоса чиқариб, ҳаётда тўғри йўлни топиш ўрнига яна жиноий қилмишга қўл урди. Аниқроқ айтганда, 2026 йил 23 февралда Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган махсус тезкор профилактик тадбир давомида Ғ. Жумаев томорқасида 65 дона “каннабис” ўсимлигини етиштириб келаётгани аниқланди ва холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

Шунингдек, унинг хонадонидан 1 дона оқ рангли қоғозга ўралган 2 грамм миқдордаги марихуанна гиёҳвандлик воситаси ҳам топилган.

Судда судланувчининг айби гувоҳларнинг кўрсатмалари, жиноят ишида мавжуд далиллар билан тўлиқ исботини топди.

Суд Ғ. Жумаевга Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми, 276-моддаси 1-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан, Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Мазкур жиноят иши яна бир бор гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳар қандай қонунбузарлик муқаррар равишда жавобгарликка сабаб бўлишини кўрсатади.

Гиёҳвандлик инсоннинг нафақат соғлиғини, балки унинг келажаги, оиласи ва жамиятдаги ўрнини ҳам издан чиқаради. Шунинг учун ҳар бир фуқаро бу иллатнинг аянчли оқибатларини англаб, қонунларга риоя қилиши, ёшларни эса, соғлом турмуш тарзи ва эзгу қадриятлар руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиши зарур.

Ўктам РАСУЛОВ

жиноят ишлари бўйича

Кўкдала тумани суди раиси

photo_2026-06-08_16-33-44

МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚ БЎЙИЧА ЕВРООСИЁ КОНГРЕССИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Остона шаҳрида “Маъмурий судлов ва унинг қонун устуворлигини таъминлашдаги ўрни” форуми бўлиб ўтди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев форум делегатларини қутлар экан, маъмурий судловнинг аҳамияти ҳақида сўз юритиб, тадбирда соҳага доир муҳим таклиф ва ташаббуслар ишлаб чиқилишига ишонч билдирди.

Анжуманда Германия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия, Тожикистон судлари вакиллари қаторида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Шуҳрат Полванов бошчилигидаги делегация иштирок этди.

Форум доирасида Маъмурий ҳуқуқ бўйича Евроосиё конгрессини ташкил этиш юзасидан Остона декларацияси имзоланди.

Имзоланган декларация келгусида Евросиё конгрессини ҳар йили ўтказиб бориш, оммавий ҳуқуқий муносабатлар бўйича судлар томонидан одил судловни амалга ошириш, қонунийликни мустаҳкамлаш ва адолатни қарор топтириш, шунингдек самарали суд ҳимоясини кафолатлаб, судьяларнинг доимий касбий тайёргарлиги ва малакасини оширишни назарда тутади.

Тадбирда Олий судлар делегациялари ўртасида маъмурий судлов бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, ишонч ва дўстликка асосланган алоқаларни янада ривожлантириш муҳимлиги таъкидланиб, суд фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтириш, одил судловни амалга оширишда ҳуқуқий масалалар бўйича маълумот ва тажриба алмашиш ҳамда бу борадаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга келишиб олинди.

photo_2026-06-30_17-48-53

ОИЛА – МЕҲР-ОҚИБАТ МАСКАНИ

Жамиятдаги ялпи тотувлик, баҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат намуналари даставвал оиладан бошланади. Чиндан ҳам, оила — инсонийлик неъматлари қўрғони, шу каби фазилатларининг бари ана шу масканда шаклланади. Табиийки, бунда отаонанинг ўрни беқиёсдир.

Оиладаги аҳиллик муҳитига дарз етса, унинг асорати бутун элга, жамият тараққиётига зиён етказади. Юртимизда оилавий зўравонликка қарши кураш давлат ҳамда жамият аҳамиятига молик энг муҳим ва долзарб масалалар даражасига кўтарилгани боисини ҳам шунда кўрамиз.

Амалдаги қонунларимизда мададга муҳтож шахсни зўравон ёки тажовузкор кимсанинг хуружи, таҳдид ва тазйиқидан муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари белгиланган. Кўпчиликка яхши аёнки, бу сингари қилмишлардан, асосан, аёллар ва болалар азият чекади.

Бунга шу йил бошида Урганч шаҳрида яшовчи Муродовлар (исм-шарифлар ўзгартирилган) оиласида рўй берган можаро мисол бўла олади. Эр-хотин Ж. Муродов ва С. Тожиева ўртасидаги гап талашувлар қўл жангига уланди. Одатда, бундай вазиятда хонадондаги ёши улуғ кайвони инсонларнинг аралашуви, панд-насиҳатлари асносида можаро барҳам топади. Афсуски, бу гал бунинг акси юз берди.

Эр-хотиннинг уруши хонадоннинг кекса ёшли соҳиби М. Муродовнинг ножоиз аралашуви: тилию қўлига эрк бергани боис авжига чиқди. Ўртадаги даҳанаки жанжал келин С. Тожиевага етказилган тан жароҳати билан якун топди. Унинг соғлиғига путур етди, вақтинчалик меҳнат қобилиятини йўқотди, қадр-қиммати камситилди.

Тавба-тазарруга етаклаган ҳолатлар эса, таассуфки, иш маъмурий тартибда кўриб чиқиш учун судга ҳавола қилинганидан сўнг рўй берди.

Ота-ўғил Муродовлар қасддан содир қилинган зўравонлик учун суд ва жабрланувчидан кечирим сўрашди, қилмишига иқрорлик билдиришди.

Бу каби қилмишдан пушаймонлик ҳолати шу пайтгача ўз турмуш ўртоғи Н. Олланиёзовани такрор-такрор камситиш ва ҳақоратлаш билан чекланмай, калтаклаб, жароҳат етказиб келган урганчлик М. Матниёзовнинг иқрорлик кўрсатмасида ҳам кузатилди. У бундай кирдикорга шу йил март ойида ҳам қўл урди. Хотини Н. Олланиёзовани куракда турмас сўзлар билан ҳақоратлади, унга қўл кўтарди.

Бунинг оқибатида аёлга шикаст етди. Бироқ аёл шу оғир вазиятда ҳам одамийлик намуналаридан воз кечмади. Судда кўрсатма берар экан, у ўз турмуш ўртоғига нисбатан даъвосидан воз кечганлигини билдирди.

Суд жараёнларида ҳимоя ордерига эга бўлган инсонларга қарши куч ишлатишдан тап тортмаган урганчлик Р. Бобониёзов ва Т. Солиев ҳам шу тариқа ўз қилмишига иқрорлик ва пушаймонлик билдирди. Улар турмуш ўртоқлари бўлмиш С. Рўзиматова ва Л. Комиловадан астойдил кечирим сўрашди.

Шу ўринда зўравонлик, тазйиқ ва таҳдидлардан азият чеккан шахслар, хусусан, аёллар учун Президентимиз ташаббусига биноан, бир қатор енгилликлар, яъни ҳимоя ордери жорий этилгани ва қонунчилигимизга тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилганини алоҳида таъкидлаш зарур. Бунда фавқулодда вазиятлар юзага келган пайтларда жабрланувчиларга алоҳида алоқа воситалари орқали тегишли органларга зудлик билан хабар йўллаш ва шу асосда тезкор ҳуқуқий ёрдам уюштириш; тажовузкор шахслар зиммасига эса, муайян мажбуриятларни юклаш асносида уларни эҳтимол тутилган ножўя хатти-ҳаракатлардан тийиб туриш чоралари кўзда тутилган.

Аммо Р. Бобониёзов ва Т. Солиев ҳимоя ордерида назарда тутилган ана шу талабларга беписандлик билан қарашди. Улар ўз жуфти ҳалоллари – ожиз аҳволдаги аёлларига яна қўл кўтардилар. Маъмурий ҳуқуқбузар Р. Бобониёзов бу қилмишни жазони оғирлаштирувчи ҳолат, яъни мастлик асносида содир қилган бўлса, Т. Солиев ҳимоя ордери талабларини мутлақо менсимаслигини очиқдан-очиқ намоён этди.

Қонунга кўра, оилавий зўравонлик – хонадон аъзоларидан бирининг бошқасига нисбатан жисмоний, руҳий, иқтисодий ёки жинсий тазйиқ ўтказиши, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаши ҳамда қадр-қимматини камситиши билан боғлиқ ҳаракатларда ифодаланади. Мамлакатимиз қонунчилиги ва халқимиз бу ҳолни инсонийликка ҳам, миллий қадриятларимизга ҳам ёт иллат, деб билади.

Оилада ўзаро ҳурмат, меҳр-муҳаббат ва ишонч муҳити устувор бўлиши лозим. Шундагина юқорида қайд этилгани каби можаро ва зўравонлик ҳолатлари юз бермайди. Бинобарин, Конституциямизда қайд этилганидек, ҳар бир фуқаро яшаш, соғлиғини муҳофаза қилиш, қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.

Судларда кўрилаётган ишлар таҳлили бундай зўравонлик қурбонлари аёллар ва болалар бўлиб қолаётганлигини кўрсатмоқда. Жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида Урганч шаҳрида 10 дан ортиқ оилавий зўравонлик ҳолатлари юз берди.

Бу қилмишларнинг айбдорлари қонун олдида жавоб бердилар. Хусусан, Ж. Муродов, М. Матниёзов, Р. Бобониёзов, Т. Солиев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-, 187-, 206-1-моддалари тегишли бандлари бўйича маъмурий қамоқ жазосини ўтаган бўлса, келини билан можарода ўғлига фаол кўмаклашган М. Муродов ушбу кодекснинг 41-моддасига асосан жарима жазосига тортилди.

Мухтасар айтганда, оилавий зўравонлик – фақат бир хонадоннинг қисмати эмас. У жамиятнинг маънавий салоҳиятига қаратилган таҳдид ҳамдир. Шу маънода, бундай салбий ҳолатларга бефарқ бўлмаслигимиз шарт. Агар зўравонликка гувоҳ бўлсак, тегишли органларга албатта, хабар бериш даркор.

Хурсанд Хожаев,

жиноят ишлари бўйича

Урганч шаҳар суди

тергов судьяси

photo_2026-07-21_10-58-19

ИШОНЧГА КИРГАН АЛДОҚЧИ ТЕМИР ПАНЖАРА ОРТИГА РАВОНА БЎЛДИ

Бугунги кунда ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш кўпчилик учун ҳаётий заруриятга айланган. Кимдир ишга бориш-келиш, кимдир оилавий эҳтиёж, яна бошқа биров касб тақозоси билан автомобилга зарурат сезади. Аммо шуни унутмаслик керакки, автомобил бошқариш оддий хоҳиш эмас, балки катта масъулият талаб этади.

Мамлакатимизда ҳайдовчилик гувоҳномасини олишнинг аниқ ва шаффоф тизими йўлга қўйилган. Унга кўра, фуқаро дастлаб махсус лицензияга эга бўлган автомактабларда назарий ва амалий машғулотларни ўташи, тиббий кўрикдан ўтиб, соғлом эканлигини исботлаши шарт. Шундан сўнг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг замонавий имтиҳон марказларида инсон омилидан холи, тўлиқ автоматлаштирилган назарий ва амалий имтиҳонларини муваффақиятли топширган шахслар ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлади.

Бироқ ҳаётда бу жараённи қонуний тартибда эмас, аксинча, эгри йўл билан айланиб ўтишга уринадиган кимсалар ҳам учраб туради.

Хусусан, Баҳром Сариевнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) жиноий қилмишлари бу фикримизга мисол бўлади.

Иштихон туманида туғилган, олий маълумотли, 5 нафар фарзанднинг отаси Б. Сариев ўтмишига ҳам ҳавас қилиб бўлмайди. Нега деганда, у муқаддам фирибгарлик жиноятини содир этгани учун бир эмас, етти маротаба жиноий жавобгарликка тортилган. Аммо афсусланарли томони шундаки, у жиноий қилмишларидан тўғри хулоса чиқаришни хаёлига ҳам келтирмаган. Бу сафар фирибгар бу кимса, гўёки «Ватанпарвар» ташкилоти Иштихон тумани ўқув спорт техника клуби ходими сифатида ўзини таништириб, содда одамларни ишонтирган. Аниқроқ айтганда, одамларни ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бераман дея алдаб, уларнинг катта миқдордаги маблағини қўлга киритган. Жумладан, С. Зафаровнинг «В» ва «А» тоифали гувоҳномалар ваъда қилиб, 100 АҚШ доллари ва 3 миллион сўм маблағини, А.Арабовнинг «Б, С» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси ва сертификат ваъда қилиб, жами 7 миллион сўм маблағини, И. Мамараимовнинг Жиззах вилояти орқали гувоҳнома чиқариб беришни айтиб, 600 АҚШ доллари ва 6 миллион сўм (автомактаб тўлови билан бирга) пулини, А. Зуҳриддиновнинг (бобоси З. Худойқулов орқали) 250 АҚШ доллари, М. Мамановнинг 200 АҚШ доллари, Р. Илҳомовнинг (ўзи ва укаси учун) 1 минг 200 АҚШ доллари, Р. Нурмуродовнинг 1 минг 500 АҚШ доллари, Ж. Алимовнинг 600 АҚШ доллари, Д. Нурмуродовнинг 800 АҚШ доллари миқдоридаги маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Ўрни келганда шуни айтиш керакки, фирибгарликнинг хавфли томони шундаки, алдов ҳар доим ҳам очиқ кўринишда бўлмайди. Б. Сариев ҳам жабрланувчиларда шубҳа уйғонмаслиги учун ҳеч кимнинг хаёлига келмаган алдов усулларини қўллаган. Жабрланувчиларни автомашиналарни бошқаришни ўргатиш майдончаларига олиб бориб, хусусий машиналарда ҳайдатиб кўрсатган. Бу билан у ўзини, ҳақиқатан ҳам, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш жараёнига алоқадор шахс сифатида кўрсатишга уринган.

Аммо ёлғоннинг умри қисқа, фош бўлмасдан қолмайди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Кутавериб, тоқати тоқ бўлган фуқаролар алданганликларини тушуниб етишгач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилишди.

Шундан сўнг фирибгар Б. Сариевга нисбатан жиноият иши қўзғатилди.

Бу жиноят ишини очиқ суд мажлисида кўриб чиқиш жараёнида судланувчи ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдирди, бирор-бир давлат ходимига пора бериш нияти бўлмаганини тан олди ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, суддан енгиллик беришларни сўради.

Суднинг ҳукмига кўра, Б. Сариев Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди ва жиноят ишлари бўйича Нарпай туман судининг 2025 йил 10 декабрдаги ҳукми билан тайинланган жазолар қисман қўшилган ҳолда, узил-кесил 5 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳамда 93 миллион 750 минг сўм жарима жазоси тайинланди.

Шунингдек, суд ҳукми билан Б. Сариевдан жабрланувчилар фойдасига моддий зарарлар ундирилиши ҳам белгиланди.

Албатта, фирибгар Б. Сариев қилмишига яраша қонуний жазо олди. Аммо бу жиноий қилмишнинг рўй беришида жабрланувчиларнинг ҳам айби йўқ деб бўлмайди. Агар жабрланувчилар ҳайдовчилик гувоҳномасини фақат қонуний тартибда олишга ҳаракат қилишганда, табиийки, фирибгарнинг тузоғига тушишмасди.

Ахир, мамлакатимизда ҳайдовчилик гувоҳномаси олишнинг энг замонавий, шаффоф тизими йўлга қўйилган ҳозирги кунда бировнинг ёрдамига кўз тикиш калтабинликдан бошқа нарса эмас.

Қиссадан ҳисса шуки, алдов йўли билан фуқароларнинг ишончига кирган судланувчига нисбатан содир этган жинояти учун жазонинг муқаррарлиги таъминланди, у суд ҳукми билан темир панжара ортига равона бўлди.

Ўйлаймизки, бу бошқалар учун сабоқ бўлади.

Жонибек РАУПОВ,

жиноят ишлари бўйича

Иштихон тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2026-06-01_16-04-33

ЯНГИ СУДЬЯЛАР ҚАСАМЁД ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Олий суд Пленумининг мажлисида айрим жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича шаҳар, туман ва туманлараро ҳамда туманлараро иқтисодий ва маъмурий судларга илк бор судьялик лавозимига тайинланган судьяларнинг қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди.

Мажлисда Судьялар олий кенгашининг 2026 йил 6, 7, 8 майдаги қарорларига муфовиқ судьялик лавозимда бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинланган 35 нафар судьянинг қасамёди эшитилди.

Тадбирда иштирок этган судьяларнинг яқинлари уларга эзгу тилакларни билдирди.

Қасамёд қабул қилган янги судьяларга судьялик гувоҳномалари билан бирга “Судьялар одоби кодекси” топширилди.

Шунингдек, Олий суд Пленумининг мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини маъқуллаш ва уларни белгиланган тартибда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига киритилиши ҳақидаги қарорлар қабул қилинди.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қонун лойиҳаси билан Жиноят-процессуал кодекси ҳамда “Адвокатура тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилиб, уларга мувофиқ жиноят ишини судларга айблов хулосаси (айблов далолатномаси) ва ҳимоя фикри билан бирга тақдим этиш ҳамда уни тақдим этиш тартиби, шунингдек ушбу ҳужжатнинг мазмунига доир талаблар белгиланмоқда. Таклиф этилаётган тартибга кўра, дастлабки тергов ёки суриштирув тамомлангандан сўнг, ҳимоячи жиноят иши материаллари билан танишиб бўлгач, ҳимоя фикрини бевосита жиноят иши материаллари иш юритувида бўлган прокурорга ёки ишни судда кўриб чиқиш бошлангунга қадар судга тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлади.

“Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида Иқтисодий процессуал кодексига қўшимча киритилиб, қонуний кучда бўлган ва юқори инстанция судида низолашилаётган суд ҳужжатининг ижросини юқори инстанция суди томонидан тўхтатиб туриш учун ишда иштирок этувчи шахс ўз илтимосномасида суд ҳужжатининг ижросини тўхтатиб туриш бўйича чораларни кўрмаслик унинг қайтарма ижросини қийинлаштириши ёки бажариб бўлмайдиган қилиб қўйиши мумкинлигини асослаб бериши лозимлиги белгиланмоқда.

photo_2026-06-08_10-22-53

ТЎЛОВГА ҚОБИЛИЯТСИЗЛИК ИНСТИТУТИДА ЯНГИ ИНСТИТУЦИОНАЛ ЎЗГАРИШЛАР

Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодий муносабатларни либераллаштириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини модернизация қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Мазкур ислоҳотлар доирасида тўловга қобилиятсизлик институтини такомиллаштириш масаласи алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Ушбу институт иқтисодиётда молиявий барқарорликни таъминлаш, кредиторлар ва қарздорлар манфаатлари ўртасида мувозанатни сақлаш, иқтисодий фаолиятни қайта тиклаш ҳамда самарасиз фаолият юритаётган субъектларнинг ҳуқуқий тақдирини ҳал этишда муҳим ҳуқуқий механизм ҳисобланади. Айниқса, бозор муносабатларининг чуқурлашуви, иқтисодий айланманинг кенгайиши ва корпоратив муносабатларнинг мураккаблашуви шароитида тўловга қобилиятсизлик институтининг самарали фаолият юритиши иқтисодий хавфларни камайтириш ва инвестиция муҳити барқарорлигини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.

Айни чоғда мазкур соҳадаги ҳуқуқий механизмларни халқаро стандартлар ва замонавий рақамли иқтисодиёт талаблари асосида қайта кўриб чиқиш объектив заруратга айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг 2026 йил 6 майдаги “Тўловга қобилиятсизлик институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши соҳада мутлақо янги институционал босқични бошлаб берди.

Фармонга мувофиқ, тўловга қобилиятсизлик соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органи сифатида Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги ташкил этилмоқда. Агентлик Адлия вазирлиги ҳузурида фаолият юритиши ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиши назарда тутилган. Бу эса, тўловга қобилиятсизлик соҳасида марказлашган институционал бошқарув тизимини шакллантиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий ва ташкилий қадамдир.

Илгари тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги айрим ваколатлар турли давлат идоралари ўртасида тақсимланганлиги сабабли, амалиётда ваколатлар такрорланиши, қарор қабул қилиш жараёнларининг чўзилиши ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида турлича ёндашувлар юзага келаётгани кузатилаётганди. Бу эса, соҳада ягона институционал сиёсат ва самарали назорат механизмларини шакллантириш заруратини келтириб чиқарди.

Шу маънода, янги Агентликнинг ташкил этилиши тўловга қобилиятсизлик муносабатларини комплекс ва тизимли тартибга солишга қаратилган.

Соҳада ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, назорат ва тартибга солиш механизмларини таъминлаш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш, иш юритиш жараёнларини рақамлаштириш ҳамда ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириш унинг асосий вазифалари этиб белгиланган.

Бунда, хусусан, жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш орқали маълумот алмашинувини автоматлаштириш, процессуал ҳаракатларнинг шаффофлигини таъминлаш ва инсон омилини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, иш юритиш тартиб-таомилларини соддалаштириш орқали тўловга қобилиятсизлик ишларини кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш ва иш самарадорлигини ошириш мақсад қилинган.

Фармоннинг муҳим институционал янгиликларидан бири – Ўзбекистон Суд бошқарувчилари палатасининг ташкил этилишидир. Палата барча суд бошқарувчиларининг мажбурий аъзолигига асосланган ягона ўзини ўзи бошқариш ташкилоти сифатида фаолият юритиши белгиланган. Бу эса, суд бошқарувчилари институтини давлат назорати билан бир қаторда касбий ўзини ўзи бошқариш механизмлари асосида ривожлантиришга қаратилган янги ёндашувни ифодалайди.

Шу билан бирга, палатанинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий тузилмаларини ташкил этиш назарда тутилган бўлиб, бу мамлакат миқёсида ягона касбий стандартлар ва қоидалар ҳамда фаолият мезонларини шакллантириш имконини беради. Мазкур тизим суд бошқарувчилари фаолияти устидан ички касбий назоратни кучайтириш, уларнинг масъулияти ва ҳисобдорлигини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 июлдан бошлаб, Палата ҳамда махсус таълим муассасаларига суд бошқарувчиларини тайёрлаш ҳуқуқи берилиши назарда тутилган. Қолаверса, палатага аъзоликни тўхтатиш ёки аъзоликдан чиқариш ҳақида қарор қабул қилиш ваколатининг берилиши касбий интизом ва масъулият механизмларини кучайтириш имконини яратади.

Бундан ташқари палатага суд бошқарувчисини ўз вазифасидан озод қилиш ҳақида судга мурожаат қилиш ҳуқуқининг тақдим этилиши белгиланган. Бундай процессуал ваколат суд бошқарувчилари фаолияти устидан таъсирчан касбий назорат механизмларини шакллантиришга йўналтирилган.

Эндиликда суд бошқарувчиси ўз вазифаларини лозим даражада бажармаган тақдирда, судга кредиторлар йиғилиши қарори асосида унга тўланадиган ҳақ миқдорини камайтириш ваколатининг берилиши назарда тутилмоқда.

Мазкур меъёр суд бошқарувчилари фаолиятига нисбатан иқтисодий таъсир механизмларини жорий этиш орқали уларнинг процессуал интизоми ва касбий масъулиятини оширишга хизмат қилиши баробарида, амалда суд бошқарувчисининг самарасиз ёки суст фаолияти учун таъсирчан иқтисодий жавобгарлик механизмлари тарзида намоён бўлади.

Санация қилувчи бошқарувчи номзоди кредиторлар йиғилиши ёки ваколатли орган томонидан тақдим этилмаган ҳолларда, уни махсус электрон тизим орқали Суд бошқарувчилари палатаси томонидан танлаш тартибининг жорий этилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мазкур механизм суд бошқарувчиларини танлаш жараёнида инсон омилини қисқартириш ҳамда суд бошқарувчилари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш имконини беради.

Айниқса, электрон танлов механизмининг жорий этилиши рақамли технологияларга асосланган автоматлаштирилган тақсимлаш тизимларини қўллаш орқали субъектив ёндашувларни чеклаш ва коррупциявий хавфларни камайтиришга хизмат қилади. Бу эса, халқаро амалиётда кенг қўлланилаётган рақамли бошқарув моделлари билан мазмунан уйғун бўлиб, тўловга қобилиятсизлик соҳасида очиқлик ва самарадорликни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири сифатида намоён бўлади.

Фармонда тўловга қобилиятсизлик соҳасини рақамлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Зеро, катта ҳажмдаги молиявий ахборотлар, кўп субъектли ҳуқуқий муносабатлар ва мураккаб процессуал жараёнлар билан боғлиқ тўловга қобилиятсизлик ишларини рақамли технологияларсиз самарали ташкил этиш тобора мураккаблашиб бормоқда.

Шу нуқтаи назардан, рақамлаштириш тўловга қобилиятсизлик ишларини юритишнинг деярли барча босқичларини қамраб олади. Хусусан, электрон ариза топшириш, онлайн кредиторлар йиғилишларини ўтказиш, электрон ҳужжат айланишини йўлга қўйиш, молиявий таҳлилни автоматлаштириш, суд назоратини рақамли мониторинг қилиш ҳамда суд бошқарувчиларини автоматик тақсимлаш каби йўналишларда муҳим аҳамият касб этади.

Хорижий давлатлар тажрибаси ҳам рақамли платформаларга асосланган тўловга қобилиятсизлик тизимларининг юқори самарадорлигини кўрсатмоқда. Жумладан, АҚШ, Сингапур, Жанубий Корея ҳамда Европа Иттифоқига аъзо айрим давлатларда тўловга қобилиятсизлик ишларининг катта қисми электрон платформалар орқали амалга оширилиб, бу иш юритиш тезкорлиги ва шаффофлигини таъминлашда муҳим омил сифатида баҳоланмоқда.

Шу жиҳатдан, Ўзбекистонда ҳам рақамли технологияларни жорий этиш суд юкламасини камайтириш, кредиторлар ҳуқуқларини тезкор ҳимоя қилиш, маълумотлар очиқлигини таъминлаш ҳамда инвесторлар учун ишончли ва прогноз қилинадиган ҳуқуқий муҳит яратишга хизмат қилиши тайин.

Шунингдек, суд бошқарувчилари фаолиятини рағбатлантириш ва баҳолашнинг мутлақо янги механизми – KPI (Key Performance Indicators) асосида ҳақ тўлаш тизими жорий этилмоқда. KPI тизими хусусий секторда бошқарув самарадорлигини баҳолашнинг энг замонавий ва таъсирчан воситаларидан бири сифатида кенг қўлланилади.

Ушбу тизимни тўловга қобилиятсизлик институтига тадбиқ этиш соҳада натижадорликка асосланган бошқарув моделини шакллантириш, суд бошқарувчилари фаолиятида ҳисобдорлик ва масъулиятни кучайтириш ҳамда умумий иш самарадорлигини ошириш имконини беради. Мазкур тизимга кўра, суд бошқарувчисининг ҳақи икки қисмдан, яъни базавий ҳақ ҳамда эришилган натижаларга боғлиқ қўшимча тўловдан иборат бўлади.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Президентининг “Тўловга қобилиятсизлик институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тўловга қобилиятсизлик соҳасини комплекс модернизация қилишга қаратилган муҳим ҳуқуқий ва институционал чора-тадбирлар асосидир. Фармон ижроси доирасидаги ислоҳотлар иқтисодиётда молиявий барқарорликни таъминлаш, тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, кредиторлар ва инвесторлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Шу билан бирга, Фармонда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ҳамда тўлиқ бажарилиши тизимни кенг қамровли рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини босқичма-босқич жорий этишни таъминлайди. Қолаверса, халқаро стандартларга мос замонавий ва самарали тўловга қобилиятсизлик институтини шакллантириш учун мустаҳкам замин яратади.

Раҳматжон Бердиёров,

Одил судлов академияси

доценти в. б.

photo_2026-06-01_16-18-01

ОЛИЙ СУДДА АДВОКАТЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ БЎЛИБ ЎТДИ

Олий суд раҳбарияти республикада фаолият юритаётган адвокатлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Аҳолининг одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасига оид бошқа долзарб масалалари муҳокамасига бағишланган учрашувда таъкидланганидек, амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда малакали ва билимли адвокатлар сони сезиларли даражада ортиб, пировардида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳимоя ҳуқуқи муносиб таъминланаётгани алоҳида қайд этилди.

Очиқ мулоқот чоғида суд жараёнида жисмоний ва юридик шахсларни ишончли ва малакали ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлаш чоғида юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари, одил судловга эришиш борасида адвокатларнинг ўрни ва ролини янада ошириш ҳамда суд мажлисларида тортишув тамойилига тўлиқ риоя этилишига доир масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашга тўсқинлик қилаётган омиллар ва уларни бартараф этиш борасида зарур таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Келгусида уларнинг қонуний ечимини топиш юзасидан икки томонлама ҳамкорликни давом эттириш ва тегишли чоралар ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.

Конструктив руҳда ўтган тадбир сўнгида иштирокчилар томонидан билдирилган умумманфаатли таклифларни амалга татбиқ этиш ва бу каби мулоқотларни яна давом эттиришга келишиб олинди.

#thegov_button_6a661479695fb { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a661479695fb:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a661479695fb { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6a661479695fb:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); }
Skip to content Click to listen highlighted text!