ОЛИЙ СУДДА “МАЪРИФАТ СОАТИ”

Бўлиб ўтган «Маърифат соати» ўзининг ғоявий моҳияти ва кўлами билан алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Зеро, тадбир бевосита давлатчилигимиз асосларини, маънавиятимизни, юксак ватанпарварлик туйғуларини ҳамда миллий қадриятларимизни янада мустаҳкамлашдек улуғвор мақсадларга қаратилди.
Сабаби, маънавият ва маърифатга бағишланган галдаги мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси — Спичрайтер Хайриддин Султонов иштирок этди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси ва давлат арбоби Х. Султонов ўзининг давлат хизмати йўлидаги кўп йиллик фаолияти ҳамда ижодий хотираларидан сўзлаб, бугунги куннинг долзарб маънавий-маърифий масалалари, миллий давлатчилигимиз ва юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Маълумки, ижодкорнинг барча асарларида тарихий хотира, инсон қадри ва миллий ғурур мавзулари етакчи бўлиб келмоқда.
Республиканинг барча судлари жамоалари иштирок этган тадбирда муаллифнинг асарлари, уларнинг бадиий, тарихий қиймати ва аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди. Иштирокчилар муаллифнинг ҳаётий йўли ва ижодий фаолияти юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Ватанимизнинг буюк сиймолари Амир Темур, Захириддин Мухаммад Бобур ҳам тилга олиниб, уларнинг тарихий мероси ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, судья ва суд ходимлари билан бўлган мулоқот чоғида муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилаётган “Инсон қадри учун” тамойили, энг аввало, адолатли суд тизими, қонун устуворлиги ва виждонли судьяларни талаб этиши қайд этилди.
Таъкидланганидек, судья ҳам, адиб ҳам – сўз масъулиятини зиммасига олган касб эгалари. Ёзувчининг сўзи қалбга таъсир қилса, судьянинг сўзи тақдирга дахл қилади.
Мулоқот якунида бундай маърифий тадбирларнинг мунтазам ўтказиб борилиши суд тизими ходимларининг касбий билими билан бир қаторда, уларнинг маънавий-маърифий салоҳиятини оширишга, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билдирилди.
