
ЖИНОЯТ ТАКРОРЛАНДИ, ЖАЗОНИНГ МУҚАРРАРЛИГИ ТАЪМИНЛАНДИ
Бу ҳаётда тўғри йўл қолиб, нопок йўлга қадам қўйиш, нафс қутқусида турли хил қилмишларга қўл уриш ҳеч қачон изсиз кетмайди. Буни 1985 йил Қўшкўпир туманида туғилган Ибрат Раҳимовнинг қилмишлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
И. Раҳимов (исм-шарифлар ўзгартирилди) ғўр ёшликнинг дастлабки қадамларидаёқ ҳаётга тўғри назар билан қарамади, аксинча, доимо нопок йўллар билан мўмай даромад топиш пайида бўлди. Оқибатда эса, гиёҳванд воситалари олди-сотдиси устида қўлга тушди.
Воқеа 2007 йил охирида қўшни мамлакат ҳудудида рўй бергани боис И. Раҳимов 2008 йил март ойида содир этган жинояти учун ушбу мамлакат суди томонидан 23 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
У 12 йилдан ортиқ умри ҳибсда ўтгач, афв туфайлигина барвақт озодликка чиқарилди.
Эркинликдан мосуво умр — ўзи ва ўзлигини англаган, ақлини пешлаган фаҳму фаросатли кишилар учун ҳаётий муҳим сабоқ. Афсуски, И. Раҳимов бундан тегишли хулоса чиқариб олмади. Унинг кўнгли тағин қора қилмишларни тусади.
Бундай қараса, дилидаги шум ниятни амалга ошириш имкони ҳам йўқ эмас. Жазони ўташ муассасасида танишган ўзига ўхшаш нияти эгри кимсалар – қўшни Афғонистон фуқаролари бўлмиш Муҳаммад Мерган ва Ҳожи Мамадуллога “сим қоқиш”нинг ўзи кифоя.
И. Раҳимов, табиийки, нафсини жиловлай олмади. Шу кўйи “WhatsApp” мессенжери орқали собиқ ҳамхоналари билан алоқа боғлаб, улардан кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаси топиб беришни сўради.
Панжара ортида тил топишганлар шу тариқа хуфя “ҳамкорлик”ка бел боғладилар. Қўшни юртда истиқомат қилаётган икки гиёҳфуруш белгиланган нархдаги тўлов эвазига сўралган миқдордаги “дори” воситасини муҳайё этиш, хоразмлик мижоз эса, пулни нақд ёки банк йўли билан тўлаш мажбуриятини зиммасига олди.
Хуфя ишларга бемалол елка тута оладиган садоқатли “дастёр”ликка ҳамқишлоқ Санжар Каримов ҳам топила қолди.
Жорий йил 4 апрель куни икковлон гиёҳфуруш томонидан сўралган “тарьяк”нинг дастлабки 500 грамми сифатини аниқлаш учун уларга “тортиқ” қилинди. Гиёҳвандлик моддаси яшириб қўйилган Урганч тумани маҳалласи ҳудудидаги хуфя манзилни топиш қийин бўлмади. Муҳаммад Мерган ва Ҳожи Мамадулло томонидан ўзларига ҳавола этилган “локация” ёрдам берди.
Бунинг устига ҳамтовоқлар харидор излаб узоққа боришмади.
“Тарьяк”нинг 100 граммига И. Раҳимовнинг яна бир ҳамқишлоғи Жалол талабгор бўлди. Харидор “мол”нинг 100 граммини 2 минг АҚШ доллари эвазига насия тарзида сотиб олди.
Заҳри қотилнинг 400 граммдан кўпроғи ҳам кўтарасига пулланди. Уни И. Раҳимовнинг жиноий шериги Санжар Каримов 100 миллион сўм миқдоридаги насия пул эвазига харид қилди. “Тарьяк”нинг яна 380 граммига ўз танишларидан Хурсанд исмли кимса 100 миллион сўм билан харидор бўлди.
Дастлабки савдо ҳамтовоқларнинг оч нафсини баттар қўзғаб юборди.
Орадан уч кун ўтмаёқ улар яна савдога киришишди. Бу гал харид қилинажак молнинг нархи 20 минг доллар миқдорида белгиланди.
Келишув силлиққина кечди.
Сўралган маблағнинг ярми бир неча соат ичида И. Раҳимов ва С. Каримовнинг умумий таниши Фаррух Ҳасанов номидан сотувчи тарафнинг ишончли гумаштаси – Туркия фуқароси Туркман Алининг ҳисоб рақамига ўтказиб берилди. Навбатдаги манзил “Миллий банк”нинг Урганч филиали эди. Пулнинг қолган 10 минг доллари айни шу банк орқали яна ўша одам номига юборилиши керак эди.
Аммо пулни ўтказиш асносида муаммо пайдо бўлди. Электрон пул кўчириш тизими ўз хотирасига жамланган дастурга мувофиқ бир шахснинг номига бир куннинг ўзида бунча катта миқдордаги пулни ўтказиб бериш ҳақидаги сўровни рад этди. Шунинг учун 8 минг долларни монеликсиз қабул қилди ва хорижлик шахснинг ҳисоб рақамига жойлаб берди.
Яна 2 минг доллар эса, ора йўлда қолди. Начора, бу ҳақда Ҳожи Мамадуллога хабар берилди. Шундан сўнг орадан 20 дақиқа ўтмаёқ, И. Раҳимов ва С. Каримовнинг қаршисида сотув томоннинг одами сирли равишда пайдо бўлди. Сотувчилар йирик миқдордаги “Опий” гиёҳвандлик воситаси ер остига кўмиб қўйилган яширин манзилни маълум қилдилар.
Ҳамтовоқлар шоша-пиша манзилга отланди. “Мол” беркитилган жойидан олиниб, қопга жойланди. Шу тобда, ердан чиқдими, осмондан тушдими, уч-тўрт нафар нотаниш одам рўпарасида пайдо бўлганини кўрган И. Раҳимовнинг ҳуши бошидан учди…
Қилмиш фош этилди. Тегишли экспертиза муассасаси жиноий гуруҳдан олинган ва 5 та бўлакка қадоқланган жигарранг модда, аслида, вазни 4 минг 407,51 граммга тенг “тарьяк” гиёҳвандлик воситаси эканлигини аниқлади.
Икковлон гиёҳфурушнинг кирдикори Жиноят кодексининг инсон баданига оғир ва ўта кучли таъсир қилувчи моддаларни сотиш, ташиш ва таъминлашга доир 25,273-моддаси 5-қисми бўйича малакаланди.
Ҳукм Жиноят кодексининг судланувчиларга нисбатан татбиқ этилган моддаси талаблари доирасида тайинланди. Ўта хавфли рецидивист, деб топилган И. Раҳимов — 14, унинг жиноий шериги С. Каримов 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Нафсга эрк бериш, осон ва мўмай даромад илинжида қонунга хилоф йўлни танлаш охир-оқибат инсонни фожиали қисмат сари етаклайди.
Ибрат Раҳимов бир вақтлар панжара ортида ўтказган йилларидан тегишли хулоса чиқариб, озодликнинг қадрига етиши мумкин эди. Афсуски, у берилган имкониятни қадрлаш ўрнига яна жиноят йўлига қайтди.
Энди эса, унинг олдида яна узоқ йиллик қамоқ ҳаёти турибди. Жиноят ортидан келадиган вақтинчалик манфаат ҳеч қачон йўқотилган йиллар, барбод бўлган орзулар ва оиладан айро ўтган умрнинг ўрнини боса олмайди.
Жамол Жуманиёзов,
жиноят ишлари бўйича
Хива шаҳар суди раиси,
Абдулла Собиров,
журналист

