МАЪМУРИЙ СУДЛАРДА ДАСТЛАБКИ ЭШИТУВ: ЯНГИ ИНСТИТУТНИНГ АҲАМИЯТИ

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш механизмини кучайтириш борасида муҳим чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2026 йил 14 август куни қабул қилинган қонун билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга қатор принципиал ўзгартишлар киритилди. Булар орасида энг муҳим янгиликлардан бири — маъмурий судларда дастлабки эшитув институтининг жорий этилишидир.
Мазкур янгилик Ўзбекистон маъмурий судлов тизимини халқаро амалиётда шаклланган замонавий процессуал стандартларга яқинлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Зеро, дастлабки эшитув институти дунёнинг тараққий этган давлатлари қонунчилигида аллақачон мавжуд бўлиб, ушбу босқич ишни мазмунан кўришдан олдин унинг процессуал ва ташкилий жиҳатларини тартибга солишга хизмат қилади.
Кодексга киритилаётган янги ўзгартишга кўра, дастлабки эшитув маъмурий ишларни суд муҳокамасига тайёрлаш жараёнида ўтказилади.
Судья дастлабки эшитувни ариза судга келиб тушган кундан эътиборан 20 кундан кечиктирмай ўтказилиши белгиланган. Ушбу босқичда:
– аризачининг талаблари ва жавобгарнинг эътирозлари аниқлаштирилади;
– аризадаги камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади;
– аризачига талабларини тасдиқловчи зарур далилларни тақдим этиш бўйича тушунтириш берилади;
– жавобгарга ўз фикрини ёзма равишда тақдим этиш тушунтирилади;
– аризадаги талаблар ва ишдаги далилларга дастлабки ҳуқуқий баҳо берилади.
Дастлабки эшитув якунига кўра, аризани кўрмасдан қолдириш, келишув битимини тасдиқлаш ёки ишни суд муҳокамасига тайинлаш ҳақида ажрим чиқарилиши мумкин. Шу жиҳатдан, дастлабки эшитувни оддий “қўшимча суд мажлиси” деб эмас, балки ишни мазмунан кўришга тайёрлаш, процессуал тўсиқларни бартараф этиш ва суд муҳокамасининг предметини аниқ белгилашга қаратилган мустақил процессуал босқич сифатида баҳолаш лозим.
Дастлабки эшитув жорий этилгунга қадар маъмурий судларда айрим масалаларни ишни мазмунан кўриш жараёнида ҳал қилишга тўғри келарди. Бу эса, ишнинг сунъий равишда чўзилиши, тарафларнинг қўшимча суд мажлисларига жалб қилиниши ва процессуал ҳаракатларнинг такрорланишига сабаб бўларди.
Агар дастлабки эшитув орқали ишларнинг муайян қисми суд муҳокамасининг тўлиқ босқичига етмасдан процессуал жиҳатдан ҳал этилса, судьянинг вақти, тарафларнинг харажатлари ва суд тизимининг ресурслари тежалади.
Хусусан, аризадаги талаблар ва ишдаги далилларга дастлабки ҳуқуқий баҳо берилганда, аризачи ўзининг талаби асоссиз эканлигини ёки жавобгар аризачининг талаби асосли эканлигини тушуниши, тарафлар низо юзасидан ўзларининг ҳуқуқий позицияларига эга бўлишлари ҳамда йиллар давомида ортиқча вақтларини йўқотмасдан, низони бартараф этиш чораларини кўришлари мумкин бўлади.
Дастлабки эшитув институти фуқаролар ва тадбиркорлар учун қуйидаги ижобий натижаларни беради.
Биринчидан, суд ишлари тезлашади. Дастлабки эшитувда талаблар, эътирозлар, далиллар ва процессуал камчиликлар олдиндан аниқланади.
Шу боис асосий суд мажлисига келиб, “талаб нотўғри қўйилган”, “далил етишмайди” ёки “ишда зарур шахс иштирок этмаяпти” каби масалалар билан вақт йўқотиш эҳтимоли камаяди. Натижада суд муҳокамасига тайёр бўлган ишгина мазмунан кўриб чиқилади.
Иккинчидан, судга мурожаат қилувчининг ҳуқуқий имкониятлари кенгаяди.
Фуқаро ёки тадбиркор кўп ҳолларда маъмурий орган билан низода процессуал жиҳатдан кучсизроқ ҳолатда бўлади.
Дастлабки эшитувда судья аризачига қайси далилларни тақдим этиш зарурлигини тушунтиради, талабларни аниқлаштиришга ёрдам беради. Бу маъмурий судловнинг фақат формал тортишув эмас, балки шахснинг давлат органи билан муносабатида ҳуқуқий ҳимояни таъминлашга қаратилган механизм сифатидаги аҳамиятини оширади.
Учинчидан, давлат органларининг процессуал масъулияти кучаяди. Янги тартибга кўра, низолашилаётган қарор, ҳаракат ёки ҳаракатсизликка алоқадор давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакилининг суд мажлисида иштироки мажбурий этиб белгиланган.
Узрли сабабсиз судга келмаслик ҳолатида муҳокама кейинга қолдирилиши ва суд жаримаси қўлланилиши мумкин. Бу қоида давлат органларини ўз қарорларини судда асослашга жиддийроқ тайёрланишга ундайди.
Бошқача айтганда, давлат органи қабул қилган маъмурий қарорнинг судда ҳимоя қилиниши эҳтимоли уни қабул қилиш жараёнининг ўзида қонунийлик ва асосланганликка бўлган талабни кучайтиради.
Тўртинчидан, ортиқча процессуал ҳаракатлар қисқаради. Дастлабки эшитувда аризадаги камчиликларни бартараф этиш, тарафларнинг процессуал мақомини аниқлаш ва зарур далилларни белгилаш имкони мавжуд.
Бу кейинги суд мажлисларида бир масалани бир неча марта муҳокама қилиш эҳтимолини камайтиради.
Шу маънода янги институт “суд мажлислари сонини кўпайтириш” эмас, балки асосий суд мажлисининг сифатини ошириш воситаси бўлиши керак.
Бешинчидан, одил судловга бўлган ишонч мустаҳкамланади. Дастлабки эшитувда судья тарафларнинг позициясини эрта босқичда эшитади ва ишнинг ҳуқуқий ҳамда процессуал чегараларини белгилаб боради.
Агар ушбу институт амалиётда тўғри қўлланилса, унинг энг муҳим натижаси суд мажлислари сонининг шунчаки камайиши эмас, балки фуқаро ёки тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқини янада қисқа муддатда ва самарали тиклаш мумкин бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, маъмурий судларга дастлабки эшитув институтининг жорий этилиши — суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқини янада содда, тезкор ва адолатли ташкил этиш йўлидаги муҳим қадамдир. Бу ўзгариш судьяларнинг ҳам, давлат органларининг ҳам, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳам вақти ва ресурсларини тежаб, кучли ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишга хизмат қилади.
Акмал Муродов,
Олий суд судьяси
