Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00
photo_2024-06-20_12-17-19

ТЕРГОВ СУДЬЯСИ: ТИЗИМДА ЯНГИ ИНСТИТУТ

Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари замирида аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини кафолатли таъминлаш каби эзгу мақсадлар мужассам.

Шу йилнинг 10 июнь куни имзоланган «Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Мазкур фармонга мувофиқ Судьялар олий кенгашига Олий суд билан биргаликда 2025 йил 1 январига қадар тергов судьяси лавозими жорий этиладиган судларнинг юқори малакали ва масъулиятли кадрлар билан таъминлаш вазифаси юклатилди.

Демак, 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида иш бошлайдиган тергов судьялари жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масалалари — қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш ҳамда прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатмаларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаларини кўриб чиқади. Шунингдек, тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиш ваколати ҳам юклатилмоқда. Бу орқали жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция суди судьялари ўртасида иш ҳажми мутаносиблиги таъминланади.

Қолаверса, бу жиноят ишларини кўриш жараёнида иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан тўлиқ ва холисона текшириб чиқиш, судланувчиларнинг барча важларини текшириш ва тарафлар томонидан келтирилган илтимосномаларни батафсил кўриб чиқишга мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади.

Энг асосийси, Фармонда тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсуниши ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Қисқаси, суд-ҳуқуқ тизимидаги бу муҳим ўзгартиришлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, жиноят ишлари бўйича судларнинг иш юкламасини камайтириш ҳамда судьяларнинг жиноят ишларини кўриб чиқиш жараёнларида қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилиши учун кенг имкониятлар яратади.

Дилдора Пўлатова,

жиноят ишлари бўйича

Урганч шаҳар суди судьяси

photo_2024-09-04_11-39-33

НОҚОНУНИЙ ҚАРОР СУДДА ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИЛДИ ВА ТАДБИРКОРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНДИ

Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасининг 2023 йил 15 декабрдаги 20/5-91729-сонли қарори ноқонуний тарзда қабул қилингани боис судгача етиб келди.

Гап шундаки, Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасининг 2023 йил 24 октябрдаги 00321-хс-сонли буйруғига асосан “Great Master Building” масъулияти чекланган жамиятига тегишли шаҳобчада 2023 йил 25 октябрдан бошлаб 8 иш куни мобайнида солиқ текшируви ўтказилган.

Текшириш жараёнида корхона рўйхатга олинган юридик манзилда фаолият юритмаётгани аниқланган.

Шу боис тадбиркорнинг фаолияти мавжуд маълумотлар асосида таҳлил қилинган. Жумладан, корхона томонидан 2022 йил якуни бўйича солиқ органларига тақдим қилинган баланс ҳисоботида 13 миллиард 213 миллион 63 минг сўмлик товар-моддий бойликлари захираси акс эттирилган. Шундан ишлаб чиқариш захираси 11 миллиард 292 миллион 906 минг сўм, тугалланмаган ишлаб чиқариш 1 миллиард 920 миллион 157 минг сўм миқдорида экани кўрсатилган. Лекин корхона масъуллари товар-моддий бойликлари сақланаётган омборлар тўғрисида маълумотни тақдим этмагани сабабли 13 213 063 000 сўмлик товар-моддий бойликлар камомад деб баҳоланган. Бунга жавобан корхона 2023 йил 21 ноябрда солиқ бошқармасига 60-сонли эътироз хатини тақдим этган. Унда корхона камомад дея баҳоланган 13 213 063 000 сўмлик қурилиш материаллари 2023 йилда фойдаланишга топширилган турар-жойлар учун сарфланганини билдирган. Исбот тариқасида Давлат кадастрлар палатаси Қўқон шаҳар филиали томонидан тайёрланган кадастр ҳужжатларини ҳам илова қилган. Бироқ солиқ органи корхонанинг кўчмас мулк ва омборлари ижара шартномаси “E-IJARA” электрон дастурида рўйхатдан ўтмаганини асос қилиб, эътироз хатини инобатга олмаган.

Қолаверса, солиқ хизмати ходимлари Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасининг 2023 йил 13 мартдаги 203-хс-сонли буйруғига асосан корхонада солиқ аудити ҳам ўтказилиб, бошқарманинг 2023 йил 14 июлдаги 99-сонли қарори билан молиявий жарималар қўлланганига эътибор қаратишган. Яъни корхона 2020 йилдан бошлаб умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиши лозимлиги важи билан жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатда молиявий жарима қўллаш тўғрисида хулосага келинган.

Шундан сўнг Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасининг 2023 йил 15 декабрдаги 20/5-91729-сонли қарорига асосан корхонага нисбатан 13 миллиард 213 миллион 63 минг сўмнинг 12 фоизи – 1 миллиард 585 миллион 567 минг сўм миқдорида қўшимча қиймат солиғи ҳисобланган.

Шунингдек, 44 миллиард 738 миллион 702 минг сўмлик умумий солиқ базасининг 20 фоизи – 8 миллиард 947 миллион 740 минг сўм ҳамда Солиқ кодексининг 216 ва 223-моддаларига мувофиқ 13 миллиард 213 миллион 63 минг сўм камомад миқдорининг 40 фоизи – 5 миллиард 285 миллион 225 минг сўм молиявий жарималар қўлланилган. Кейинчалик солиқ бошқармасининг 2023 йил 23 декабрдаги 20/5-93255-сонли қарорига мувофиқ дастлабки ҳужжатдаги хатолик тузатилиб, корхонага нисбатан 8 миллиард 947 миллион 740 минг сўм молиявий жарима қўллаш ҳақидаги қисми чиқариб ташланган.

Албатта, бундай ноқонуний ёндошув тадбиркорга катта зарар етказган. Шу боис у Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасининг 2023 йил 15 декабрдаги 20/5-91729-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраб, Фарғона туманлараро маъмурий судига мурожаат қилган.

Суд мажлисида ҳақиқатан ҳам, Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасининг юқоридаги қарори қонунга зид равишда қабул қилингани аён бўлди. Аниқланишича, Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасининг 2023 йил 14 июлдаги 99-сонли қарори асосида корхона 2020 йилдан бошлаб умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиши лозим деб топилган ҳамда унга нисбатан молиявий жарималар қўлланилган.

Аммо Фарғона туманлараро маъмурий судининг 2023 йил 18 декабрдаги ҳал қилув қарори билан солиқ бошқармасининг ушбу қарори ҳақиқий эмас, деб топилган. Апелляция инстанцияси 2024 йил 23 январдаги ажрими билан биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Ушбу суд ҳужжатларида солиқ бошқармасининг корхона 2020 йилдан бошлаб умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиши кераклиги ҳақидаги хулосаси рад этилган.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 72-моддасига мувофиқ, маъмурий суднинг илгари кўрилган иш бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатлар суд шу шахслар иштирок этаётган бошқа ишни кўраётганида янгидан исбот қилинмайди.

Бундан ташқари тадбиркорнинг 13 миллиард 213 миллион 63 минг сўмлик товар-моддий бойликлари турар-жой биноси сифатида корхона балансига қабул қилинган бўлса-да, лекин уларнинг реализация этилмагани ҳолати Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасининг низоли қарорида исботлаб берилмаган. Шундай экан, бу ҳужжатни қонуний ва асосли деб бўлмайди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 63-моддасида “Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги керак” дея қайд этилган.

Бундан ташқари Фуқаролик кодексининг 12-моддасига биноан давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин. Ана шу асосларга таянган Фарғона туманлараро маъмурий суди Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасининг 2023 йил 15 декабрдаги 20/5-91729-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Элмурод ОРТИҚОВ,

Фарғона туманлараро

маъмурий суди судьяси

photo_2024-09-04_11-25-13

ЭР ВА ХОТИН АЛОҲИДА ЯШАГАН ДАВРДА ОРТТИРГАН МОЛ-МУЛК ҚОНУНЧИЛИКДА ҚАНДАЙ ҲАЛ ЭТИЛАДИ?

Эр ва хотин қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қуриши натижасида ўзаро оилавий муносабатга киришади. Ўз навбатида, никоҳ тузилиши натижасида эр ва хотин ўртасида мулкий муносабатлар ҳам юзага келади. Оила ҳуқуқи таркибининг бир қисмини ташкил этувчи эр-хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари оилавий муносабатлардаги долзарб масалалардан биридир.

Амалдаги Оила кодексининг 23-моддасига мувофиқ, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек, никоҳ қайд этилгунга қадар бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳолат кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.

Шу билан бирга Оила кодексининг 25-моддасига мувофиқ, эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек, улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулки улардан ҳар бирининг ўз мулки саналади.

Баъзан эр-хотин ўртасида низо келиб чиқиши натижасида улар турмушлари давомида қўлга киритган мол-мулкни тақсимлаш бўйича келишмовчилик юзага келиши мумкин. Бу низо ўз навбатида, судда қонуний ечимини топади.

Шу ўринда эр ва хотин алоҳида яшаган даврда орттирган мол-мулк бўйича низолар қандай тартибда ҳал этилиши ҳақида тўхталадиган бўлсак, Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш ҳақидаги ишларни кўришда қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарори 7-бандида бу борада батафсил тушунтириш берилган. Жумладан, агар эр-хотин никоҳдан ажратилгунга қадар оилавий муносабатларни тугатган, яъни алоҳида яшаган ва ўз маблағларидан алоҳида фойдаланган, умумий маблағлари ҳисобига мол-мулк олмаган бўлса, суд Оила кодексининг 27-моддаси бешинчи қисмига мувофиқ, эр ёки хотиннинг бири томонидан оилавий муносабатлар тугатилган даврда орттирилган мол-мулкни улардан ҳар бирининг ўз мулки деб топиши ва фақат эр-хотин томонидан оилавий муносабатлар тугатилган вақтга қадар орттирилган мол-мулкни бўлиши мумкин.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Жаҳонгир Сангиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ва Ақида Йўлдошева 2020 йил 18 майда қонуний никоҳдан ўтишган. Уларнинг биргаликдаги турмушидан фарзанд туғилмаган.

Тарафлар ўзаро келишмовчилик туфайли 2022 йил июн ойидан бошлаб бирга яшамаган.

Жиззах шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус томонидан 2023 йил 10 сентябрда расмийлаштирилган шартномасига асосан А. Йўлдошева уй сотиб олган ва 2023 йил 14 сентябрда ушбу низоли уйни ўзининг номига давлат рўйхатидан ўтказган.

Шундан сўнг А. Йўлдошева судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, сотиб олган уйни ўзининг мулки деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция суди даъво талабини рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилган. Бундан норози бўлган А. Йўлдошева апелляция шикояти билан мурожаат қилган.

Апелляция инстанциясида тарафлар бирга яшаган даврда ҳам, ундан кейин ҳам уйни сотиб олиш юзасидан ўзаро келишмагани, балки даъвогарнинг ўзи уйни Ж. Сангиров билан оилавий муносабатлари тугаганидан сўнг сотиб олгани, бунга Ж. Сангировнинг улуш қўшгани ўз тасдиғини топмаганини инобатга олиб, низоли уйни А. Йўлдошеванинг ўзининг мулки деб топиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, қонунчиликда эр-хотин ўртасида мулкий низоларни судсиз тартибида ҳал этиш институти ҳам мавжуд. Бунинг учун тарафлар никоҳ шартномаси тузиши ва ўзаро мулкий муносабатларини ушбу шартномада акс эттириши шарт.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳар қандай муносабатга киришаётган шахс ўзининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тегишли тартибда қонуний белгилаб олиши келгусида турли низоларнинг келиб чиқишининг олдини олади. Бу эса, ўз навбатида, судлардаги иш юкламасининг камайишига ҳам хизмат қилади.

Собир Набиев,

Жиззах вилояти суди судьяси

photo_2024-09-04_10-33-07

РАД ЭТИЛГАН ДАЪВО

Ҳаётда қонун талабига риоя этмаслик охир-оқибат турли муаммо ва низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Чунки қонунларда барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар ўзининг аниқ ифодасини топган.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, пойтахтимизнинг Миробод туманида яшовчи Нурбек Жумаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) Анатолий ва Дмитрий Сергеевларга нисбатан 2018 йилда тузилган хонаки олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2023 йил 5 декабрдаги ҳал қилув қарорига асосан даъво талабини қаноатлантириш рад этилган. Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 28 мартдаги ажрими билан суднинг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Бундан норози бўлган даъвогар Н. Жумаев кассация шикояти билан мурожаат қилган.

Суд муҳокамаларида аниқланишича, низога сабаб бўлган Миробод тумани, Фарғона йўли кўчасидаги 52-уйнинг 29-хонадони 1993 йил 12 февралдаги 03-21/75-сонли Давлат далолатномасига асосан Пётр Сергеевга тегишли бўлган. Тақдим этилган тилхат нусхасида П. Сергеев ушбу хонадонни Н. Жумаевга 5 000 АҚШ долларига сотгани, пулни тўлиқ олгани, хонадонни расмийлаштириб бериши қайд этилган.

Аммо 2016 йил 17 апрелда П. Сергеев вафот этган. 2018 йил 13 декабрда Миробод тумани 5-сонли давлат нотариал идорасида расмийлаштирилган “Қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақида”ги гувоҳномага асосан ушбу хонадонга ака-ука Сергеевлар меросхўр деб топилган ва 2018 йил 29 декабрда у давлат рўйхатидан ўтказилган.

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2012 йил 12 ноябрдаги 894-сонли “Фарғона йўли кўчасида қайта таъмирлаш, кенгайтириш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш ҳақида”ги қарорига асосан низоли 29-хонадон бузиб ташланган.

Амалдаги Фуқаролик кодексининг 112-моддасига кўра, агар тарафлардан бири нотариал тасдиқлаш орқали талаб қилинадиган битимни тўлиқ ёки қисман бажарган бўлса, иккинчи тараф битимни нотариал расмийлаштиришдан бош тортса, суд битимни бажарган тарафнинг талаби бўйича уни ҳақиқий деб ҳисоблашга ҳақлидир. Бу ҳолатда битимни кейинчалик нотариал расмийлаштириш талаб қилинмайди.

Агар давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинадиган битим керакли шаклда тузилган бўлиб, аммо тарафлардан бири уни рўйхатдан ўтказишдан бош тортса, суд бошқа тарафнинг талаби билан битимни рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли. Бундай ҳолатда битим суд қарорига мувофиқ рўйхатдан ўтказилади.

Ҳозирги пайтда низоли 29-хонадон бузиб ташлангани сабабли амалда мавжуд эмас. Бундай вазиятда ҳақиқатда фактик жиҳатдан мавжуд бўлмаган хонадон бўйича иккинчи томон битимни нотариал расмийлаштиришдан бош тортмоқда, деб бўлмайди ва суд тартибида битимни ҳақиқий эмас, деб топиш учун қонуний асослар мавжуд эмас.

Қолаверса, суд тартибида ҳақиқий эмас, деб топиладиган битим кейинчалик шу қарор асосида давлат рўйхатидан ўтказилиши мумкин бўлиши лозим. Мазкур ҳолатда эса, кўчмас мулкнинг ўзи мавжуд эмаслиги сабабли хонадоннинг олди-сотдисини ҳақиқий эмас, деб топиш учун ҳам, давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳам қонуний асослар мавжуд эмас.

Бундан ташқари даъво аризасида Н. Жумаев ўзи билан А. Сергеев ва Д. Сергеевлар ўртасида 2018 йилда тузилган хонаки олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган бўлса-да, судга уй-жойни олди-сотди қилиш юзасидан тузилган ёзма далиллар ҳамда тегишли ҳужжатларни тақдим этмаган. Ўз навбатида, суд муҳокамалари жараёнида ака-ука Сергеевлар бу ҳолатни инкор этишган.

Марҳум П. Сергеев сотгани тўғрисидаги тилхат ёзиб берган хонадон мерос тариқасида бошқа мулкдорлар эгалигига ўтгани туфайли судлар даъвогарга марҳумнинг ворисларига нисбатан уй-жой учун тўланган пулни ундириш ҳақида даъволашиши мумкинлигини тушунтирган. Бинобарин, судлар ишда аниқланган ҳолатлар ва қонун талабларидан келиб чиқиб, даъвони рад қилиш ҳақида қонуний ва асосли хулосага келишган.

Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ҳам даъвогарнинг шикоятда келтирган важлари қонуний ва асосли бўлган суд ҳужжатларини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўла олмайди деб ҳисоблади ва суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдирди.

Кўриниб турганидек, даъвогарнинг қонуний олди-сотди шартномасини тузмагани ва уни давлат рўйхатидан ўтказмагани ўзига қимматга тушди.

Шу боис ҳар бир ишда қонун талабларига қатъий риоя этиш зарур. Зеро, қонун барчага баробар бўлиб, унда ҳуқуқ ва мажбуриятлар аниқ белгилаб қўйилган.

Икром Алманов,

Тошкент шаҳар

суди судьяси

 

photo_2024-08-19_17-04-59

ЭЛЕКТРОН ФИРИБГАРЛИК

Бугунги кунда юксак даражада ривожланган илм-фан ва замонавий технология воситалари инсоният камолотига хизмат қилмоқда. Шу билан бирга айрим ғараз ниятли кимсалар бу қулайликлардан ўзларининг чиркин мақсади йўлида фойдаланаётгани ғоятда афсусланарлидир. Қуйидаги воқеа тафсилотлари ана шу ҳақида.

Қўшкўпир туманида яшовчи Акбар Иброҳимов (исм-шарифлар ўзгартирилган) электрон технологиялари имкониятларидан ғараз ниятда фойдаланиб, ўзгаларнинг жуда кўп миқдордаги пули, мол-мулкини ўзлаштиришдек тубан қилмишни содир этди.

Ўтган йилнинг бошида у тумандаги “Ўрта ёп” маҳалласида яшовчи Ғайрат Тожиевга имтиёзли кредит маблағи эвазига кичик мототранспорт воситасини сотиб олишни таклиф қилади. Бу ниятини амалга оширишда у ҳоким ёрдамчиси Бобур Қаландаров ва “Хоразм сити” масъулияти чекланган жамиятининг норасмий раҳбари Сардор Матёқубов билан ўзаро тил бириктирди. Шундан сўнг Ғ. Тожиевнинг номига www.e-imzo.uz веб-сайти орқали муқаддам очилган электрон имзони тақдим этган ҳолда банкдан 33 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратилишига эришади. Ўзаро жиноий келишувга кўра, ушбу маблағ “Хоразм сити” корхонаси ҳисоб рақамига ўтказилади. Сўнгра нақдлаштирилиб, шахсий эҳтиёжлар учун сарфланади.

Орадан кўп вақт ўтмай “Ғалаба” қишлоғида яшовчи Э. Хўжамуродов ҳам А. Иброҳимовнинг фириб тўрига илинади. У ҳам имтиёзли кредит асосида мотокултиватор ускунасини сотиб олиш учун А. Иброҳимовдан ёрдам сўрайди. “Ҳожатбарор” дарҳол ишга киришади. Э. Хўжамуродовнинг банкдаги электрон рақамли имзо калитини қўлга киритган “ҳожатбарор” унинг номига 33 миллион сўмлик имтиёзли кредит расмийлаштиради ва ҳамтовоқлари Б. Қаландаров ва С. Матёқубов ёрдамида қалбаки электрон ҳисобварақ-фактураси орқали сотиб олинган техника воситасини бошқа бировга пуллайди.

Фирибгарлик қилмишлари бароридан келаётганидан руҳланган А. Иброҳимов Қўшкўпир туманидаги хусусий савдо корхонаси ҳисобчиси Бекзод Саиджоновга “Агробанк”нинг туман филиалидан турмуш ўртоғи Шарофат Ибодуллаева номига Хонқа туманидаги таъминотчи корхонадан аравачали юк мотоцикли сотиб олиш учун 22 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратилганини маълум қилади. Фирибгар ўзини банк ходими деб таништиргач, ушбу савдо шартномаси нотўғри тузилгани учун уни бекор қилиш ва банк томонидан мототранспорт воситасини сотиб олиш учун ажратилаётган имтиёзли кредит маблағини Қўшкўпир туманидаги “Triton Mega Lyuks” масъулияти чекланган жамияти ҳисобига ўтказиш учун Ш. Ибодуллаеванинг банкдаги электрон рақамли имзоси зарурлигини тушунтиради. Бу гапга ишонган Ш. Ибодуллаева электрон имзосини А. Иброҳимовга тақдим этади. Ўз навбатида, А. Иброҳимов ушбу электрон имзо билан мотоциклни дўкондан олиб кетади ва уни бошқа кишига сотиб юборади.

А. Иброҳимов фирибгарлик йўли билан яна уч нафар кишини чув туширади.

Охир-оқибат жабрланувчилар А. Иброҳимовга қонуний чора кўришни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ариза билан мурожаат этишди. Суриштирув ва тергов чоғида А. Иброҳимов аввал ҳам фирибгарлик жиноятини содир этгани учун Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а” бандига асосан айбдор деб топилиб, 3 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига маҳкум этилгани, ҳозирда ана шу жазони ўтаётгани, қилмишидан тегишли хулоса чиқармагани маълум бўлди.

Шунингдек, айрим фуқароларга ажратилган кредит маблағи ва унинг эвазига сотиб олинган техника воситалари уларнинг ихтиёрига берилмагани учун масъулиятни ўз зиммасига олган “Ўртаёп” маҳалласи фуқаролар йиғини бўйича ҳоким ёрдамчи Б. Қаландаров ва “Хоразм сити” масъулияти чекланган жамиятининг норасмий раҳбари С. Матёқубов банкка етказилган молиявий зарарни ўз ҳисобидан қоплашди. Суд А. Иброҳимовни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари бўйича айбдор деб топди ва унга 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Бундан ташқари унинг зиммасига фуқаровий даъвогар мақомидаги Ш. Жуманиёзов, Х. Ниматов, Б. Ражабов ҳамда “Triton Mega Lyuks” жамиятига етказилган 129,7 миллион сўмлик молиявий зиённи қоплаш мажбурияти юклатилди.

Ушбу иш аппеляция инстанцияси судида ҳам муҳокама этилди ва биринчи босқич судининг ҳукми ўз кучида қолдирилди.

Шахсий манфаат йўлида ўзгаларнинг пули ва мол-мулкига тажовуз қилишнинг оқибати шундай тарзда якун топди. Бу бошқалар учун ҳам сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас.

Зафар Ёқубов,

Хоразм вилояти

суди судьяси,

Абдулла Собиров,

журналист

photo_2024-08-19_15-49-39

ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ ВА ОДИЛ СУДЛОВГА БЎЛГАН ИШОНЧ ТАФТИШ ТАРТИБИДА КЎРИЛГАН ИШДА ТЎЛИҚ ТАЪМИНЛАНДИ

Фуқаролик ишларини тафтиш тартибида судларда қайта кўриш амалиётининг жорий этилгани биринчи ва апелляция инстанцияси судлари ҳужжатларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишда ниҳоятда муҳим ўрин тутмоқда. Ушбу тартиб моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилиши ҳамда процессуал қонун талабларига риоя этилишини таъминлаш, қонун устуворлиги ва одил судловга эришишда ҳуқуқий инс­титутнинг муҳим қисми сифатида қисқа вақт ичида ўзининг қулай ва афзаллиги билан ижобий натижа бера бошлади. Қуйидаги фуқаролик иши ҳам фикримизнинг ёрқин исботидир.

Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 2023 йил 27 февралдаги ажримлари билан К. Урдушев, О. Тўраев, Н. Файзуллаев, Д. Турдимурадова, Б. Юсупов, А. Насриддинов, Ў. Умрзоқов, Х. Мансуров, Ф. Холмўминов, Ф. Аҳроров, М. Қаюмов, А. Пирматов, Х. Очилов ва Ф. Холбўтаевнинг “Jizzaxdonmaxsulotlari” акциядорлик жамиятига нисбатан мукофот пуллари ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги ўн тўртта фуқаролик иши даъвогар О. Маматқуловнинг жавобгар — “Jizzaxdonmaxsulotlari” акциядорлик жамиятига нисбатан шу тоифадаги фуқаролик ишига бирлаштирилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 2023 йил 2 мартдаги ҳал қилув қарори ҳамда Жиззах вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 3 майдаги ажрими билан даъвогарларнинг акциядорлик жамиятига нисбатан мукофот пуллари ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво талабларини қаноатлантириш рад қилинган.

Шундан сўнг суднинг ушбу ажрими устидан даъвогар Б. Юсупов ва бошқалар томонидан берилган тафтиш тартибидаги шикоятда суд қарорларини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилиш сўралган.

Шу ўринда даъво моҳиятига тўхталадиган бўлсак, О. Маматқулов, К. Урдушев, О. Тўраев, Н. Файзуллаев, Д. Турдимуродова, Б. Юсупов, А. Насриддинов, Ў. Умрзоқов, Х. Мансуров, Ф. Холмўминов, Ф. Аҳроров, М. Қаюмов, А. Пирматов, Х. Очилов ва Ф. Холбўтаев “Jizzaxdonmaxsulotlari” акциядорлик жамиятида турли лавозимларда фаолият юритиб келишган.

Аммо иш берувчи томонидан тузилган меҳнат шартномаси Б. Юсупов пенсия ёшига етгани ва қолганлар билан тузилган меҳнат шартномаси ишлаб чиқаришдаги штат бирликлари қисқарганлиги муносабати билан бекор қилинган.

Айтиш керакки, фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 2022 йилнинг 6 октябрь, 10, 25 ва 29 ноябрь ҳамда 6 декабрдаги ҳал қилув қарорларига асосан О. Маматқулов, К. Урдушев, О. Тўраев, Д. Турдимуродова, Б. Юсупов, А. Насриддинов, Ў. Умрзоқов, Х. Мансуров, Ф. Холмўминов, Ф. Аҳроров, М. Қаюмов, А. Пирматов, Х. Очилов ва Ф. Холбўтаев ишга тикланган.

“Jizzaxdonmaxsulotlari” акциядорлик жамияти бошқарув раисининг 2022 йил 18 августдаги 6-сонли буйруғига кўра, жамиятдаги барча доимий ишчи ва ходимлар энг кам базавий ҳисоблашнинг икки баравари миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилган.

Ушбу буйруқнинг 3-бандида корхонада ишлаган, 2022 йил 6 майдаги 27-сонли буйруқ бўйича, шунингдек, “Ички меҳнат тартиб қоидалари”нинг 3.8-банди талабларига асосан меҳнат шартномаси бир тарафлама – иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинган ходимлар суд томонидан қайта тикланган тақдирда, уларга мазкур буйруқда белгиланган моддий рағбатлантириш маблағлари ажратилмаслиги белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари акциядорлик жамияти бошқарув раисининг 2022 йил 20 октябрдаги 61-сонли буйруғига кўра, 2022 йил тўққиз ойлик молиявий-хўжалик фаолиятидан келиб чиққан ҳолда иловада кўрсатилган корхона ишчи — ходимларини ижтимоий-моддий қўллаб-қувватлаб, жорий йил қиш мавсуми учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харид қилиш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг тўрт баравари миқдорида, яъни 3 миллион 680 минг сўмдан моддий ёрдам пули бериш белгиланган.

Ушбу буйруқда, аниқроғи, унинг 4-бандида яна ўша ҳолат такрорланган.

Ушбу корхонада ишлаган ҳамда 2022 йил 6 майдаги 27-сонли буйруқ ижроси бўйича меҳнат шартномаси бир тарафлама — иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинган ходимлар ва “Ички меҳнат тартиб қоидалари”нинг 3.8-банди талабларига асосан меҳнат шартномаси бир тарафлама — иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинган ходимлар суд томонидан қайта тикланган тақдирда, ушбу ходимларга мазкур буйруқда белгиланган моддий ёрдам ажратилмаси алоҳида кўрсатилган.

Биринчи босқич суди даъво талабларини қаноатлантиришни рад қилиш ҳақида хулосага келган.

Апелляция босқич суди жавобгар — иш берувчи раҳбари даъвогарлар, яъни ишчи ва ходимларга буйруқ асосида моддий рағбатлантириш бериш ёки моддий ёрдам ажратиш ваколатига эга экани, раҳбарнинг ушбу маблағлар берилиши ҳақидаги буйруқларига илова қилинган рўйхатда даъвогарларнинг фамилияси ва исми кўрсатилмагани, айнан қайси ходимларга рағбатлантириш ва моддий ёрдам берилиши аниқ кўрсатилгани, мазкур буйруқлар юзасидан тарафлар низолашмагани ва улар ўз кучида эканини инобатга олган ва биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Даъвогарлар томонидан келтирилган тафтиш тартибидаги шикоятда судлар иш ҳолатларини тўлиқ ўрганмасдан қарор қабул қилгани, Жиззах шаҳар прокуратурасининг 2023 йил 9 январдаги тақдимномаси инобатга олинмагани, Б. Юсупов буйруқ чиқарилишидан олдин, яъни 2022 йил 6 октябрда ишга тиклангани, иш берувчини мукофот пулларини бермаслик ҳақидаги буйруғи қонунга хилофлиги ва ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги ҳақида важлар таъкидланган.

Амалдаги Фуқаролик-процессуал кодексининг 419-моддасига кўра, тафтиш инстанция суди суд ҳужжатини тўлиқ ҳажмда текшириб чиқиши шарт. Шунингдек, судлов ҳайъати суд қарорларига нисбатан барча даъвогарлар шикоят бермаган бўлса-да, уларнинг қонунийлигини ҳам тўлиқ ҳажмда текшириши лозим.

Аниқланишича, “Jizzaxdonmaxsulotlari” акциядорлик жамиятининг жамоа шартномасида барча ходимлар байрамлар, қишки мавсумда мукофот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун моддий ёрдам олишга ҳақли экани белгиланган. Шу боис Жиззах шаҳар прокуратураси 2023 йилнинг 9 январида мазкур акциядорлик жамияти раиси номига мукофот пулларини тўлаб бериш ҳақида тақдимнома киритган. Бироқ прокуратуранинг қонуний талаби корхона томонидан рад этилган.

Шунингдек, даъвогар Б. Юсупов пенсия ёшига етгани, қолган даъвогарлар билан тузилган меҳнат шартномаси штат бирликлари қисқаргани муносабати билан бекор қилинган.

Яъни улар томонидан айбли хатти-ҳаракатлар содир этилмаган. 2022 йил 20 октябрдаги буйруқ чиқарилгунга қадар Б. Юсупов ишга тикланган бўлса-да, иш берувчи 2022 йил 18 августдаги 6-сонли буйруғининг 2-банди ва 2022 йил 20 октябрдаги 61-сонли буйруғининг 3-бандида мазкур буйруқнинг 3 ва 4-бандида назарда тутилганлардан ташқари барча ишчи — ходимларга моддий ёрдам берилишини таъминлаш жамият масъул ходимлари зиммасига юклатилган.

Судлов ҳайъати мажлисида жавобгар вакиллари корхона собиқ раиси даъвогарларга мукофот пули тўлашни лозим деб топмагани, қолган барча ходимларга бундай пуллар тўлаб берилгани, даъвогарлар билан иш берувчи ўртасида иш ҳақи тўлаш ва судга ишга тиклаш ҳақида даъво қўзғатгани учун низо келиб чиққанини маълум қилишди.

Шу ўринда амалдаги Меҳнат кодексининг 17-моддаси, ушбу кодекс 13-моддасининг иккинчи қисми, 14-моддасининг биринчи, иккинчи ва тўртинчи қисмлари ҳамда 15-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган талабларга риоя қилмаслик ходимнинг ҳолатини ёмонлаштиришга сабаб бўлишини алоҳида таъкидлаш даркор.

Ушбу кодекснинг 16-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган талабларга риоя этмаслик ходимнинг ҳолатини ёмонлаштирадиган меҳнат шартномаси шартларининг ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлади. Ҳақиқий бўлмаган меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидалари, шунингдек, меҳнат шартномасининг шартлари қўлланилмайди. Бундай қоида ва шартлар қабул қилинган пайтдан эътиборан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Тафтиш босқич судлов ҳайъати иш берувчининг юқоридаги буйруқлари ходимларнинг аҳволини ёмонлаштиргани, ходимларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойилини бузганини эътироф этди. Қолаверса, бундай ҳолатда буйруқларнинг ҳақиқий эмаслиги юзасидан алоҳида низолашилмайди.

Бундай қонунга хилоф қабул қилинган буйруқлар қабул қилинган пайтдан бошлаб ўз-ўзидан ҳақиқий эмас ҳисобланади.

Биринчи ва апелляция босқич судлари юқоридаги ҳолатларга етарлича ҳуқуқий баҳо бермасдан, даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида нотўғри хулосага келган.

Меҳнат кодексининг 565-моддасида, ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилиши унга маънавий ёки жисмоний азоб-уқубат етказилишига сабаб бўлган ҳолларда, суд ходимнинг талабига кўра, иш берувчи томонидан ходимга етказилган маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақлилиги белгилаб қўйилган. Маънавий зиённинг миқдори суд томонидан белгиланади.

Судлов ҳайъати иш берувчи қонунга хилоф буйруқлар чиқариб, даъвогарларнинг ҳуқуқларини чеклаган, улар ҳуқуқларини тиклаш учун узоқ йиллар овора бўлиб, маънавий азият чеккани учун компенсация миқдорини ҳар бир даъвогар учун 1 миллион сўмдан товон сифатида белгилашни ва корхона ҳисобидан ундиришни лозим деб топди.

Бундан ташқари даъвогарлар О. Маматқулов, Х. Мансуров ва М. Қаюмов судлов ҳайъатига ариза билан мурожаат қилиб, арз қилган даъво талабларидан воз кечгани, шу сабабли фуқаролик ишини уларга бўлган қисмини иш юритувдан тугатишни сўраган. Суд фуқаролик ишининг уларга тегишли қисмини амалдаги Фуқаролик-процессуал кодексининг 124-моддаси 1-қисми 3-бандига асосан иш юритувидан тугатди.

Судлов ҳайъати биринчи ва апелляция судларининг хулосаси иш ҳолатларига мувофиқ келмагани, тафтиш тартибида берилган шикоятдаги важлар асосли эканини инобатга олди. Мазкур иш юзасидан қабул қилинган фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг ҳал қилув қарори ҳамда Жиззах вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажримини бекор қилди. Фуқаролик ишлари бўйича тафтиш инстанцияси судлов ҳайъатининг янги ҳал қилув қарори чиқарилди.

Ажримга кўра, даъвогарлар Қ. Урдушев, О. Тўраев, Д. Турдимурадова, Б. Юсупов, А. Насриддинов, Ў. Умрзоқов, Ф. Холмўминов, Ф. Аҳроров, А. Пирматов, Ҳ. Очилов, Ф. Холбўтаевнинг ҳар бири фойдасига акциядорлик жамиятидан 4 миллион 200 минг сўмдан, Н. Файзуллаев фойдасига 3 миллион 680 минг сўм мукофот пули ундириладиган бўлди. Шунингдек, судлов ҳайъати ажрими билан юқорида номлари зикр этилган даъвогарларнинг ҳар бири фойдасига жавобгардан маънавий зарар учун компенсация сифатида 1 миллион сўмдан товон пули ундирилди.

Тафтиш тартибидаги шикоятнинг қаноатлантирилгани йиллар давомида чўзилган ва одамларнинг оворагарчилигига сабаб бўлган низога барҳам берди. Табиийки, бу мамлакатимизда қонун ҳамиша устувор эканини исботлаши баробарида одил судловга нисбатан бўлган ишончнинг янада ошишига хизмат қилади.

Нодиржон РАСУЛОВ,

Жиззах вилояти суди раиси

ўринбосари — фуқаролик ишлари

бўйича судлов ҳайъати раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,журналист

photo_2024-08-12_12-22-57

ФАРЗАНДЛАРДАН УНДИРИЛГАН ТАЪМИНОТ ЁРДАМГА МУҲТОЖ ОТАНИНГ МУШКУЛИНИ ЕНГИЛЛАТАДИ

Ота-онани эъзозлаш, айниқса, кексалик чоғида уларга ғамхўрлик кўрсатиш халқимиз томонидан юксак қадрият сифатида эътироф этилади. Бу қадрият ўз навбатида, жамиятда эзгулик, аҳил-иноқлик ва инсонпарварлик муҳитининг барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Албатта, ҳаётда фарзандлик  бурчини адо этиб, кекса ота-она дуосини олаётган фарзандлар жуда кўп. Афсуски, баъзида ана шу эзгу одатга амал қилмаётган кишилар ҳам учраб туради. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Каттақўрғон шаҳрида яшовчи Шариф Умрзоқов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Эътибор Умрзоқова билан қонуний никоҳдан ўтиб, уч нафар фарзандли бўлган. 2023 йилда эр-хотин ўртасидаги никоҳ қонуний тарзда бекор қилинган. Ш. Умрзоқов сурункали касалликка чалингани сабабли даволаниши учун моддий ёрдамга эҳтиёж туғилади. Аммо фарзандлари ўз ташвишлари билан бўлиб, унга ёрдам беришмайди.

Муҳтожлик туфайли Ш. Умрзоқов вояга етган уч фарзанди – қизи Зулхумор, ўғиллари Аслиддин ва Фахриддиндан қонунда белгиланган тартибда алимент ундириб бериш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилади.

Амалдаги Оила кодексининг 109-моддасига кўра, вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот бериши ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилиши шарт. Бундан ташқари ушбу кодекснинг 110-моддасида вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласа, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланиши қайд этилган. Бундай ҳолатда ота-она алимент ундириш ҳақидаги талабни ўз болаларининг бири ёки бир нечтасига нисбатан қўйганидан қатъи назар, суд алимент миқдорини белгилашда вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг барчасини ҳисобга олади.

Суд ана шу қонун талабларига таянган ҳолда З. Умрзоқова, А. Умрзоқов ва Ф. Умрзоқовнинг ҳар биридан даъвогар Ш. Умрзоқовнинг фойдасига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ўзгаришига мутаносиб равишда ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, қонунчиликда ўз ифодасини топган инсонпарварлик тамойиллари ёлғиз, кекса ва ёрдамга муҳтож кишиларнинг манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган. Баён этилган воқеа тафсилоти мамлакатимизда ҳар бир инсон қонун ҳимоясида экани, ҳеч ким эътибордан четда эмаслигидан далолатдир. Зеро, жамиятимизда инсон шаъни улуғ қадрият бўлиб, унинг манфаатлари барча нарсадан устун ҳисобланади.

Суҳроб ТУРСУНОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Каттақўрғон туманлараро

суди судьяси

photo_2024-08-12_12-16-23

ТОВЛАМАЧИ ТАЛАБА СУДДА ҚОНУНИЙ ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ

Маълумки, Жиноят кодексининг “Ўзгалар мулкини талон-торож қилиш” деб номланган Х-бобида ўз ифодасини топган қилмишлардан бири товламачилик деб аталади. Аниқроғи, ушбу кодекснинг 165-моддасида товламачилик жинояти учун тайинланадиган жазолар аниқ кўрсатилган.

Бу ҳақда фикр юритишдан кўзланган мақсад шуки, кейинги пайтларда айнан товламачилик жинояти тез-тез содир этилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Албатта, бунинг ҳам ўзига хос сабаблари бор. Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, Учкўприк туманида яшовчи Беҳруз Жуманазаров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам айнан шундай қилмишни содир этди.

Аниқроғи, Б. Жуманазаров 2019 йилда Фарғона политехника институтининг “Кимё­технология” факультетига ўқишга киради. Аммо орадан 7 ой ўтгач, бутун дунёда бошланган пандемия туфайли ўқишга боролмай қолади. Карантин жорий этилгани боис дарслар ҳам онлайн режимга ўтказилади. Шу тариқа 1-босқичнинг қолган ойлари ва 2-босқич деярли онлайн тартибда ўқиш билан ўтиб кетади. Фақат 3-босқичга ўтгач, эпидемиологик вазият барқарорлашиб, талабалар яна одатдаги тартибда ўқишга қайтишади.

Ўқув йили бошланган пайтда Б. Жуманазаров ҳам курсдошлари қатори олийгоҳ ётоқхонасига жойлашади. Ётоқхонада у 2-босқич талабаси, Данғара туманида яшовчи Комила Абдураҳимова билан танишади.

Орадан кўп вақт ўтмай уларнинг кўнглида бир-бирига нисбатан илиқлик уйғонади. Бора-бора йигит билан қиз бирга дарс қиладиган бўлишади.

Улар тез-тез шаҳар айланиб, бирга суратга тушиб, ёшликнинг гўзал дамларини бирга ўтказишади. Бироқ орадан олти ой ўтгач, ошиқ талабанинг асл мақсади ойдинлашади.

Январь ойининг бошларида нимадир бўлади-ю, иккала ёш ўзаро тортишиб қолади. Шу боис йигит қизнинг телефон рақамини “қора рўйхат”га киритиб, кириш қўнғироқларини чеклаб қўяди. Сўнгра К. Абдураҳимовага ўзи билан бирга тушган суратларини “Телеграм” ижтимоий тармоғи орқали жўнатиб, товламачилик қилади.

– Эртагача икки юз доллар олиб келмасанг, суратларингни “Телеграм” канали орқали тарқатиб юбораман. Шунда ота-онанг ва қариндошларинг олдида шарманда бўласан, – дея таҳдид қилади Б. Жуманазаров.

– Нега бундай қиляпсиз? Бир маротаба аразлашиб қолганимизга аламингизни оляпсизми? – дейди қиз йиғлаган кўйи.

Лекин сохта ошиқ муросага келмайди ва 200 АҚШ долларини олиб келишни талаб қилади.

Шундан сўнг К. Абдураҳимова Б. Жуманазаровга қонуний чора кўришни сўраб, Қўқон шаҳар ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилади. Ушбу ариза асосида Б. Жуманазаровга нисбатан тезкор тадбир ўтказилади.

Эртаси куни Б. Жуманазаров белгиланган манзилга “Дамас” русумли автомашинада келади. Шу боис қиз автомашинанинг ўрта ўриндиғига чиқиб ўтиради.

– Пулни олиб келдингми?, – ўдағайлайди Б. Жуманазаров қизга.

– Ҳа, мана, – дея К. Абдураҳимова кимёвий ишлов берилган 200 АҚШ долларини ҳайдовчи ёнидаги ўриндиқ устига қўяди.

Шунда ошиқ ниқобидаги товламачининг чеҳраси ёришади. Аммо пулни чўнтагига солаётган вақтда қонун ҳимоячилари томонидан қўлга олинади.

Ушбу ҳолат юзасидан Б. Жуманазаровга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди уни Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, қонуний жазо тайинлади.

Қонунчилик талабига кўра, жабрланувчига ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкига шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд жабрланувчининг ахборот ресурсини йўқ қилиш, ўзгартириш, эгаллаб олиш ёки тўсиб қўйиш ёки жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш, уни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўзининг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш товламачилик ҳисобланади. Товламачилик оғир ва ўта оғир жиноятлар тоифасига киради. У қандай усул ва вазиятда содир этилмасин, ҳеч қандай омил билан оқлаб бўлмайди. Шу маънода Б. Жуманазаровнинг жиноий қилмиши бошқалар учун ҳам сабоқ вазифасини ўташи шубҳасиз.

Қобилжон АБДУЛЛАЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Қўқон шаҳар суди судьяси

photo_2024-08-12_12-10-38

ХУСУСИЙЛАШТИРИЛГАН УЙ-ЖОЙ МАҚОМИ: МУАММО ВА ЕЧИМ

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, хусусий мулкнинг бир қатор шакли ва турлари юзага келди. Хусусан, давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш институти амалиётга жорий этилди, давлат мол-мулкини хусусийлаштириш асосида фуқароларнинг мулк ҳуқуқини қўлга киритиш асослари белгиланди.

Шу ўринда айтиш керакки, давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш борасидаги ҳуқуқий муносабатлар Уй-жой кодекси, “Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш ҳақида”ги қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий хужжатлар билан тартибга солиб келинмоқда.

Жумладан, Уй-жой кодексининг 32-моддасида хусусийлаштирилган квартира ёки уй мулкдорининг вояга етган оила аъзолари ва уй-жойнинг хусусийлаштирилишига розилик берган шахслар ҳам уларнинг умумий мулки бўлмиш хусусийлаштирилган квартира ёки уйга нисбатан қонунда белгиланган тартибда тенг ҳуқуқларга эга бўлиши ҳамда тенг мажбуриятларни бажариши белгиланган.

Бундан ташқари хусусийлаштирилган квартирани ёки уйни сотиш, айирбошлаш, ҳадя қилиш ёки ижарага бериш квартира ёки уй мулкдорининг вояга етган оила аъзолари ва квартирани ёки уйни хусусийлаштириш учун розилик берган шахсларнинг розилиги билан амалга оширилади. Уй-жойни хусусийлаштиришга розилик берган шахснинг турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи унинг вафотидан кейин очиладиган мерос таркибига кирмайди. Хусусийлаштирилган уй-жой мулкдорининг вояга етмаган оила аъзолари манфаатларини уларнинг ота-онаси, улар бўлмаган тақдирда васийлик ва ҳомийлик органлари ҳимоя қилади.

Хусусийлаштирилган квартира ёки уйда турар жой мулк­дорлари бирга яшай олмаса, суднинг қарорига биноан мулкдорлардан бири кўчирилиб, бошқасининг зиммасига квартира ёки уйнинг тегишли қисми учун кўчирилган мулк­дорга суд ишни кўриб чиққан кундаги бозор баҳосида пулини тўлаш ёки унинг умумий мулкдаги улушига мос келадиган бошқа турар жойни сотиб олиб бериш мажбурияти юкланиши мумкин.

“Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, давлат уй-жой фонди таркибидаги уйларда ижара шартномаси асосида турар жойни эгаллаб турган фуқаролар биргаликда яшаб турган барча балоғат ёшидаги оила аъзолари ва турар жой майдонида ҳақи бўлган бошқа шахсларнинг розилиги билан шу турар жойни ушбу қонунда кўзда тутилган шартларда ўз мулки қилиб, шу жумладан, биргаликда ёки улушбай асосида эгалик қилиш учун сотиб олишга ҳақлидир.

Хусусийлаштирилган турар жой эгасининг оила аъзолари ҳамда турар жой майдонига ҳақли бўлиб, уни хусусийлаштиришга розилик берган шахслар шу турар жой майдонидан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Хусусийлаштирилган уй-жойни сотиш ёки ижарага бериш уларнинг розилиги билан амалга оширилади.

Юқорида баён этилганлардан кўринадики, турар жойни хусусийлаштиришда розилик берган шахслар ва уй ижарачисининг вояга етмаган оила аъзолари шу мулкка нисбатан умумий мулк иштирокчиси бўлиб қолади. Бироқ бу ҳолат қонунда тўғридан-тўғри белгилаб қўйилмаган. Бошқача айтганда, хусусийлаштирилган турар жойга нисбатан битимлар тузишда хусусийлаштиришга розилик берган шахсларнинг розилиги олиниши билвосита тартибда шартлиги қайд этилган, холос.

Бундан ташқари фуқаролик ҳуқуқининг умумий қоидасида мулк умумий, биргаликдаги ва улушли бўлиши мумкинлиги эътироф этилган бўлса-да, хусусийлаштирилган турар жой қайси тоифага кириши белгиланмаган.

Олий суд Пленумининг 1997 йил 2 майдаги “Хусусийлаштирилган турар жойларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф қилиш билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарорида бу борада қуйидагича тушунтириш берилган: «Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, хусусийлаштирилган турар жойда уни хусусийлаштирилишига розилик берган уй эгасининг бошқа оила аъзолари яшаётган бўлса, уларнинг ҳаммаси шу турар жойнинг эгаси ҳисобланади, эгаллаб келинаётган турар жой эса хусусийлаштириш натижасида умумий мулкка айланади. Бу қоида турар жой эгасининг вақтинча бу ерда яшамаётган оила аъзоларига нисбатан ҳам татбиқ қилинади.

Ижарачи билан бирга яшаётган ва унинг оила аъзоси ёки собиқ оила аъзоси бўлиб ҳисобланган вояга етмаган шахслар ижарага олиш шартномасидан келиб чиқадиган барча ҳуқуқлардан тенг фойдаланиши сабабли улар эгаллаб турган турар жой хусусийлаштирилган тақдирда вояга етган фойдаланувчилар билан тенг равишда шу турар жойга нисбатан умумий эгалик ҳуқуқига эга бўлади.

Турар жой оила аъзоларининг бири томонидан бепул хусусийлаштирилган тақдирда ҳам юқорида кўрсатилган шахслар шу асосларга кўра, умумий мулкнинг тенг ҳуқуқли иштирокчилари бўлиб қолади”.

Таъкидлаш жоизки, Олий суд Пленумининг ушбу қарори норматив-ҳуқуқий хужжатлар тоифасига киритилмаган бўлса-да, у фактик жиҳатдан янги қонун талабини белгилаб берган. Чунки хусусийлаштирилган турар жойларга оид низолар бўйича суд амалиёти таҳлили шуни кўрсатадики, фуқаролар юқорида қайд этилган асосларга мувофиқ қўлга киритилган мулкни тасарруф қилишда ёки мулк ҳуқуқи универсал-ҳуқуқий ворислик асосида бошқа шахсга ўтаётганида нотариал идоралар турар жойдаги улушлар белгиланмаганини рўкач қилган ҳолда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этган. Бунинг оқибатида судларга турар жойни хусусийлаштириш натижасида улушли мулк деб топиш ҳақидаги кўплаб даъво аризалари киритилган. Эътиборлиси, судлар ушбу аризаларни кўриб чиқишда аксарият ҳолларда юқорида кўрсатилган Пленум қарори талабларига таянган.

Ушбу чалкашликни бартараф этиш ва ягона суд амалиётини шакллантириш учун қонунчиликка хусусийлаштирилган уй-жойнинг мақомини аниқ белгилайдиган қоидаларни киритиш зарур. Бу қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириши баробарида хусусийлаштирилган уй-жойларга оид низоларни ҳал этишнинг аниқ механизмини жорий этишга қонуний асос яратади.

Аброр Раҳматов,

фуқаролик ишлари бўйича

Учтепа туманлараро

суди судьяси

photo_2024-08-12_12-03-50

АЛИМЕНТ ТЎЛОВЧИЛАРНИНГ ЧЕТ ЭЛГА ЧИҚИШИГА ОИД ТАҚИҚНИ ОЛИБ ТАШЛАШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

Маълумки, ҳаётда муайян сабабларга кўра, оиласидан қонуний тартибда ажрашган ва фарзандларига алимент тўлаётган шахсларнинг хорижга чиқишига таъқиқ қўйилгани ёки йўқлиги ҳақидаги гап-сўзларни тез-тез эшитиш мумкин. Қуйида айни шу мавзуга оид қонунчилик талаблари ҳақида маълумот берамиз.

Айтиш керакки, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 42-1-моддасига мувофиқ, ҳужжат асосида берилган ижро ҳужжатидаги ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра, ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг мамлакатимиздан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Давлат ижрочисининг қарори катта давлат ижрочиси томонидан тасдиқланади.

Мазкур қарорнинг кўчирма нусхалари қарздор жисмоний шахсга (агар унинг турган жойи маълум бўлса), ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига (бошқармасига) ҳамда Давлат чегарасини қўриқлаш органларига юборилади.

Агар ижро ҳужжати суд ҳужжати бўлмаса ва суд ҳужжати асосида берилмаган бўлса, ундирувчи қарздор жисмоний шахснинг мамлакатимиздан чиқишини вақтинча чеклашни белгилаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Давлат ижрочисининг қарори устидан шикоят қилиниши ёки протест келтирилиши мумкин.

Қарздор жисмоний шахснинг хорижга чиқишини вақтинча чеклашга асос бўлган ижро ҳужжатининг талаблари амалда ижро этилганда ёхуд у бўйича ижро иши юритиш ушбу қонунда белгиланган асосларга кўра, тугатилганда ёки тамомланганда, давлат ижрочиси кейинги кундан кечиктирмасдан қарздор жисмоний шахсни, ички ишлар органларини ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларини қарздор жисмоний шахснинг мамлакатимиздан чиқишини чеклаш олиб ташланганлиги тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади.

Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, давлат ижрочиси тўлов ёки гаров шартномаси тўғрисидаги тегишли ҳужжат олинган куннинг эртасидан кечиктирмасдан манфаатдор шахслар, ички ишлар органлари ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларини қарздор жисмоний шахснинг мамлакатимиздан чиқишини чеклаш олиб ташлангани тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади. Бунда гаров қиймати қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим.

Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, чиқиб кетишга чеклашни олиб ташлаш учун алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Қарздор жисмоний шахснинг хорижга чиқишини вақтинча чеклашни таъминлаш юзасидан давлат ижрочилари, ички ишлар органлари ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларининг ҳамкорлиги тартиби Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати томонидан белгиланади.

“Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабига мувофиқ алиментлар олдиндан тўланган ёки бу бўйича гаров шартномаси тузилган бўлса, хорижга чиқишга оид чеклов олиб ташланади.

Шунингдек, қонун талабига кўра, алиментларни олдиндан тўлаш 5 йилдан кам бўлмаган муддатга амалга оширилиши лозим. Болалар вояга етгунигача бўлган давр 5 йилдан кам бўлса, алиментларни олдиндан тўлаш қолган давр учун амалга оширилади. Алиментни тўлашни гаров билан таъминлаш учун судга ариза тақдим қилинади. Гаров қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 250 бараваридан кам бўлмаслиги лозим.

Ҳар қандай мол-мулк (автомобил, дўкон, уй-жой, квартира) гаров бўлиши мумкин.

Кўриниб турганидек, қонунчилигимизда нафақат болалар манфаати, балки алимент тўловчиларнинг ҳуқуқлари ҳам инобатга олинган. Шундай экан, бу борада қонун талабларига қатъий риоя этилса, ҳеч қандай муаммога ўрин йўқ.

Ш. МУЛЛАЖОНОВ,

Жиззах вилояти суди судьяси

#thegov_button_69e43c7fa6f82 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69e43c7fa6f82:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69e43c7fa6f82 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69e43c7fa6f82:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!