Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00
photo_2024-06-25_15-18-39

ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ

Олий суд Пленуми мажлиси бўлиб ўтди. 

Мажлисда Олий суд ва қуйи судлар судьялари, Бош прокурор, Конституциявий суд ва Судьялар ассоциацияси раислари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда Судьялар олий кенгаши, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.

Олий суд раиси Б. Исломов раислик қилган йиғилишда мамлакатимизда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари судларни фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи орган сифатида халққа янада яқинлаштириш билан бир қаторда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ҳамда судлар фаолияти самарадорлигини ошириш имконини берганлиги алоҳида қайд этилди.

Маълумки, жорий йилнинг бошидан судлар фаолиятига суд қарорларининг қонуний, асосли ва адолатлилигини текширишнинг фуқароларга қулай янги тартиби жорий этилди.

Процессуал қонунчиликка суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартиби жорий этилганлиги, ушбу тартиб бўйича ягона суд амалиётини таъминлаш лозимлиги инобатга олиниб, суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўришда қонунларни тўғри қўллаш юзасидан тушунтиришлар бериш эҳтиёжи юзага келди.

Тегишли йўналишлар бўйича тажрибали амалиётчи ва назариётчи, Илмий-маслаҳат кенгаши аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан ушбу институтни татбиқ этишда юзага келаётган масала ва тушунмовчиликлар, статистик маълумотлар, чиқарилган суд қарорлари, шунингдек бевосита жойларга чиқиш орқали йўл қўйилган хатолар юзасидан ўтказилган таҳлиллар натижасида аниқланган муаммоли масалалар бўйича судлардан, суд фахрийларидан, мазкур масалаларга оид манфаатдор идоралардан фикр ва мулоҳазалар олинди, амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, илғор хорижий тажриба ўрганилди.

Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан жиноят ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”, “Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни тафтиш тартибида кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”, “Судлар томонидан фуқаролик ишларини тафтиш тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”, “Судлар томонидан иқтисодий ишларни тафтиш тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида” ҳамда “Судлар томонидан маъмурий ишларни тафтиш тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.

Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан жиноят ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қароридан қонун нормаларини судларда қўллашда эътибор қаратилиши зарур бўлган муҳим тушунтиришлар ўрин олган. Ушбу тушунтиришларда тафтиш инстанцияси судида жиноят ишларини тафтиш тартибида кўриш учун нафақат шикоят ва протест, балки хусусий шикоят ҳамда хусусий протест асос бўлиши мумкинлиги, тафтиш инстанциясига берилган ваколатларга кўра ишнинг ҳақиқий ҳолатлари тўлиқ аниқланганлиги ва Жиноят кодекси нормалари тўғри қўлланилганлиги, иш юритишни амалга ошириш чоғида Жиноят-процессуал кодекси нормаларига риоя этилган-этилмаганлиги қўшимча равишда текширилган далиллар бўйича текширилиши шартлиги алоҳида белгилаб қўйилган.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг тафтиш тартибида кўрилиши бўйича қонун нормаларининг бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни тафтиш тартибида кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Пленум қарорида бу тоифадаги ишлар тафтиш тартибида тўғридан-тўғри Олий судда кўриб чиқилиши, бунинг учун тарафларнинг шикоят ва протести қандай тартиб ва муддатлардан кечиктирилмай тақдим этилиши зарурлиги, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўриб чиқишда ундаги важлар билан чегараланмасдан, ишда мавжуд, шунингдек судга тақдим этилган ёхуд суд томонидан талаб қилиб олинган янги далиллар билан бирга ишни тўла ҳажмда текшириши кераклиги ҳақида муҳим тушунтиришлар берилган.

Судлар томонидан фуқаролик ишларини тафтиш тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарорда фуқаролик ишларини тафтиш тартибида қайта кўриш жараёнида судлар томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилишини ва процессуал қонун талабларига риоя этилишини текширишга доир муҳим тушунтиришлар ўз ифодасини топган. Ушбу тушунтиришлар қаторида, айниқса, амалиётда кенг муҳокама бўлаётган, яъни давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар фақат даъво ариза (ариза) улар томонидан берилган ҳолдагина суд ҳужжати устидан тафтиш тартибида шикоят бериши мумкинлиги, акс ҳолда шикоятни қабул қилиш рад этилиши кераклиги, айни пайтда Савдо-саноат палатаси ўз аъзолари манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилган ёки қилмаганлигидан қатъи назар, суд ҳужжати устидан тафтиш тартибида шикоят бериши мумкинлигига оид масалалар ўз ечимини топганлигини алоҳида таъкидлаш ўринли.

Иқтисодий судларда кўрилаётган низолар кўламининг кенглиги шикоят (протест) келтириш ҳуқуқига эга бўлган шахслар аниқ доирасини белгилашда амалиётда доимо низоли масала бўлиб келган. “Судлар томонидан иқтисодий ишларни тафтиш тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарорда тафтиш тартибида қайта кўриш қуйи инстанция судлари ҳужжатларининг қонунийлиги ва асослилигини текширишда инобатга олинишига доир зарур тушунтиришлар билан бир қаторда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шароитлар яратиш борасида шикоят ёки протест билан тафтиш инстанциясига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларни аниқлашда ўзига хос хусусиятлар масаласи алоҳида ёритиб берилган. Жумладан, ишда иштирок этувчи шахслардан бири низоли ёки суд ҳужжати билан аниқланган ҳуқуқий муносабатдан чиқиб кетган бўлса, ушбу шахснинг ҳуқуқий вориси ҳам тафтиш тартибидаги шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги, давлат органлари ва бошқа шахслар даъво улар томонидан тақдим этилган ҳолдагина суд ҳужжати устидан тафтиш тартибида шикоят бериши мумкинлиги, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Савдо-саноат палатаси эса бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатини кўзлаб, судга даъво аризаси (ариза) билан мурожаат қилган ёки қилмаганлигидан қатъи назар, суд ҳужжати устидан тафтиш тартибида шикоят бериши мумкинлиги бўйича тегишли тушунтиришлар берилган.

Пленумнинг “Судлар томонидан маъмурий ишларни тафтиш тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарорида бу тоифадаги ишларни тафтиш тартибида кўришнинг асосий жиҳатларига, шу жумладан тафтиш инстанциясининг ваколатларига доир тушунтиришлар ўз аксини топган. Шу билан бирга тафтиш тартибидаги мурожаатларни билдириш муддатларига ойдинлик киритиш мақсадида шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкинлиги, ўтказиб юборилган муддатни тиклаш масаласини кўриб чиқиш механизми батафсил ёритиб берилган.

Пленум қарорлари матнлари Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ахборотномаси” ва “Куч – адолатда” газетасида эълон қилинади.

photo_2024-09-24_12-48-25

МУЛКДОРЛАР ҲУҚУҚИ — СУД ҲИМОЯСИДА

Адолатли қарор — жамият равнақининг кафолати. Ўз навбатида, бу том маънода демократик аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда мулк­дорларнинг ҳуқуқлари кафолатланган.

Хусусан, Бош Қомусимизнинг 65-моддасига мувофиқ барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади. Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас.

Бугунги кунда судлар томонидан хусусий мулк эгалари ва мулкдорларнинг ҳуқуқлари кафолатли ҳимоя қилинмоқда. Шу ўринда фикримизни Пастдарғом туманлараро иқтисодий судида кўрилган бир иш мисолида давом эттирамиз.

Аввало иш тафсилотларига тўхталадиган бўлсак, Самарқанд шаҳар адлия бўлими «Toxir-R» хусусий корхонаси манфаатини кўзлаб, Пастдарғом тумани ҳокимлигига нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилган ва жавобгардан Пастдарғом тумани, Жума шаҳри, Амир Темур кўчасида жойлашган 1 242,75 кв. метрдан иборат ер майдонидаги бузилган автоуловлар тўхташ жойи ва музқаймоқ павильони бино-иншоотлари эвазига 908 462 000 сўм компенсацияни ундириб беришни сўраган.

Иш ҳолатларига кўра, Пастдарғом тумани ҳокимининг 2001 йил 31 августдаги 185/8-сонли қарори билан Пастдарғом тумани, Жума шаҳри, Амир Темур кўчасидан Т. Раҳмоновга шахсий автоуловлар тўхташ жойи қуриш учун 2 200 кв. метр ер майдони ажратиш тўғрисидаги туман ер танлаш ҳайъатининг 2001 йил 24 августдаги далолатномаси тасдиқланган.

Шунингдек, 2002 йил 22 апрелда ушбу бино-иншоотларни фойдаланишга топшириш тўғрисидаги давлат қабул ҳайъати аъзоларининг далолатномаси тасдиқланиб, автоуловлар тўхташ жойи 2 200 кв. метр, музқаймоқ павильони 193,6 кв. метр қилиб умумий майдони кўрсатилган.

Аниқланишича, Пастдарғом тумани ҳокимининг 2004 йил 13 апрелдаги 268-Қ-сонли қарори билан мазкур бино-иншоотлар эгаллаб турган 1 242,75 кв. метр ер майдони доимий фойдаланишга бириктириб берилиб, мулк ҳуқуқи белгиланган. Орадан кўп ўтмай, аниқроғи, 2004 йил 25 апрелда Самарқанд вилояти Бино-иншоотлар ва ер давлат кадастри бош бошқармаси томонидан «Toxir-R» хусусий корхонасига Пастдарғом тумани, Жума шаҳри, Амир Темур кўчасида жойлашган автоуловлар тўхташ жойи ва музқаймоқ павильони ер участкасига бўлган ҳуқуқи 0011521-сон, бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқи 003743-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, кейинчалик ушбу бино-иншоотлар жойлашган ер майдони маъмурий бино қурилиши учун берилгани сабабли бузиб ташланган, лекин мулк эгасига компенсация тўлови тўланмаган.

Бинобарин, Фуқаролик кодексининг 206-моддаси биринчи қисмига кўра, давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга бевосита қаратилмаган қарори муносабати билан, шу жумладан, мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки экинлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига қонунда белгиланган ҳоллар ва тартибдагина йўл қўйилади, бунда мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг қимматли мол-мулк мулк ҳуқуқи асосида берилади ва унинг кўрган бошқа зарарлари тўланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши билан етказилган зарар тўлиқ ҳажмда қопланади.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 206-моддаси иккинчи ва учинчи қисмларида олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйлар, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки экинларнинг, шунингдек, ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматини аниқлаш белгиланган тартибда баҳоловчи ташкилотлар томонидан амалга оширилиши зарарларнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қоплангунига қадар уларни бузишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Бундан ташқари «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасига кўра, давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган қарори, шу жумладан, мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтлар жойлашган ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига фақат қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Яъни етказилган зарарнинг ўрни эгалик қилувчига тўлиқ қопланиши шарт. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарори фақат адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирда қабул қилинади.

Шу муносабат билан бериладиган компенсациянинг миқдори, тури ва уни бериш муддати назарда тутиладиган келишув мажбурий равишда нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.

Аниқланишича, «Самарқанд вилояти кўчмас мулк ва сармоялар агентлиги» масъулияти чекланган жамиятининг 2023 йил 7 августдаги 74-сонли ҳисоботига кўра, «Toxir-R» хусусий корхонасига тегишли бўлган автоуловлар тўхташ жойи ва музқаймоқ павильони бино-иншоотлари бузилиши муносабати билан мулкдорга етказилган зарарнинг бозор қиймати 908 462 000 сўмни ташкил қилган.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Самарқанд вилоят бўлимининг 2023 йил 22 декабрдаги хулосасида “Самарқанд вилояти кўчмас мулк ва саромоялар агентлиги» масъулияти чекланган жамияти томонидан 2023 йил 7 августда тузилган кўчмас мулкни баҳолаш ҳисоботи илмий асослангани, ягона миллий баҳолаш стандарти ва меъёрий ҳужжатларига мос келиши қайд этилган.

Ўз ўрнида «Toxir-R» хусусий корхонаси раҳбари Самарқанд вилояти ҳокимлигига 2023 йил 8 июлда ариза билан мурожаат қилиб, автоуловлар тўхташ жойи ва музқаймоқ павильони бино-иншоотлари бузилгани муносабати билан корхонага компенсация ажратиб берилишида амалий ёрдам кўрсатишни сўраган. Мазкур мурожаат 2023 йил 13 июлда Пастдарғом тумани ҳокимлигига кўриб чиқиш учун юборилган. Бироқ Пастдарғом тумани ҳокимлиги томонидан компенсация тўлови тўлаб берилмаганлиги сабабли «Toxir-R» хусусий корхонаси судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 908 462 000 сўм компенсация тўловини тўлаб беришни сўраган.

Пастдарғом туманлараро иқтисодий судининг 2024 йил 10 январдаги ҳал қилув қарорига мувофиқ, ушбу даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилиб, Пастдарғом тумани ҳокимлиги ҳисобидан «Toxir-R» хусусий корхонаси фойдасига 908 462 000 сўм компенсация тўловини ундириш белгиланди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, мамлакатимизда мулкдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг қонуний, асосли ва адолатли қарорлар қабул қилиши жамиятда ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг судларга нисбатан ишончи янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Луқмонбой Асатов,

Пастдарғом туманлараро

иқтисодий суди раиси

photo_2024-09-24_10-41-41

НОТЎҒРИ ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТИ АСОРАТИ МОДДИЙ ВА МАЪНАВИЙ ЗАРАРЛАРНИ ТЎЛАШГА САБАБ БЎЛДИ

Инсоннинг ҳаётдаги энг катта бойлиги унинг саломатлигидир. Агар соғлигига путур етса, бутун умр даволанишу дард тортишдан боши чиқмай қолади.

Бинойидек умргузаронлик қилиб юрган Маъруфжон Сулаймоновни кутилмаганда бел умуртқаси билан боғлиқ касаллик қийнай бошлади.

Баъзан оғриқ кучайганда ҳеч нарса, ҳатто овқатланиш ҳам юрагига сиғмай қоладиган даражага боргач, иложсизликдан жарроҳлик амалиёти йўли билан даволанишга қарор қилди. Аммо жарроҳлик амалиёти ҳақида гапирганда, қариндош-уруғ, таниш-билишлари турлича фикр билдиришди.

Кимдир “Жуда яхши ўйлабсиз, кечиктирманг” деса, бошқа биров “Фойдаси йўқ, тиғ теккизманг” дея куйинчаклик қилди. Шунга қарамай, М. Сулаймонов барибир жарроҳлик усулини маъқул кўрди. Бинобарин, 2022 йил 29 августда Тошкент шаҳридаги “Ezgu niyat” кўп тармоқли тиббиёт марказига мурожаат қилади.

Шундан сўнг унга “Умуртқа поғонаси бел-думғаза қисми остеохондрози, 4, 5-бел умуртқалари диск чурраси” ташхиси қўйилган. Даволаниш жараёнида беморда “Транспедикуляр фиксацияси билан 2, 4, 5-бел умуртқалари спондилодези” жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Шу билан бирга, умуртқаларига имплантлар қўйилади. 2022 йил 6 сентябрда эса М. Сулаймонов шифохонадан амбулатор даволанишга чиқарилган.

Лекин бу муолажа унга заррача фойда бермайди. Аксинча, беморнинг бел соҳасидаги оғриқлар кучайиб, юриш-туриши янада қийинлашади.

Натижада бутун вужудида умумий ҳолсизлик юзага келади.

Оқибатда у 2023 йил февраль ойида бошқа тиббиёт муассасаси — “Akfa Medline medical centre” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хусусий клиникасида текширувларидан ўтади. Шундан сўнг Ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт Марказига мурожаат қилади. У ерда унга “Умуртқа поғонаси бел-думғаза қисми остеохондрози, 4-бел умуртқаси ретролистези, 2, 4, 5-бел умуртқаларида ўтказилган операциядан кейинги ҳолат” ташхислари қўйилади. Аниқроғи, М. Сулаймоновда нотўғри жарроҳлик амалиёти ўтказилгани аниқланади.

Шунинг учун 2023 йил 25 март куни жаррохлик амалиёти қайтадан ўтказилади.

Табиийки, такрорий жарроҳлик амалиётида ҳам бемор анчагина азоб чекади. Бунинг устига дастлабки жарроҳлик амалиёти нотўғри ўтказилганидан қаттиқ руҳий изтироб чекади. Шу боис Маъруфжон Сулаймонов фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Ezgu niyat” кўп тармоқли тиббиёт марказидан 41 миллион сўм моддий, 200 миллион сўм миқдорида маънавий зарар ундириб беришни сўрайди.

Таъкидлаш жоизки, суд жараёнида чиндан ҳам, “Ezgu niyat” кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокорлари М. Сулаймоновга нисбатан нотўғри жарроҳлик амалиёти ўтказишгани аён бўлгач, суд томонидан суд-тиббий экспертизаси тайинланди. Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиалининг 2023 йил 18 августдаги комиссиявий экспертизаси хулосасида қайд этилишича, М. Сулаймоновга “Ezgu niyat” кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокорлари томонидан “Умуртқа поғонаси бел-думғаза қисми остеохондрози, 4, 5-бел умурт­қалари дисклари чурраси, 4-бел умуртқаси ретролистези” ташхиси нотўғри қўйилган.

Тиббиётда “люмбализация” деб номланган умуртқа поғонасининг туғма нуқсони мавжуд. Бу 1-думғаза умуртқасини қисман ёки тўлиқ думғаза умуртқаларидан ажралиб, қўшимча 6-бел умуртқасига айланишидир. М. Сулаймоновда биринчи думғаза умуртқасини люмбализацияси инобатга олинмаган. Люмбализация ҳисобига “Умуртқа поғонаси бел-думғаза қисми остеохондрози, 5-бел ва 1-думғаза умуртқалари дисклари чурраси, 5-бел умуртқаси ретролистези” ташхиси қўйилиши керак бўлган.

Шунингдек, экспертиза хулосасида “Ezgu niyat” кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан ўтказилган жарроҳлик амалиётида М. Сулаймоновнинг 4, 5, 6-бел умуртқаларига зарур имплант қўйилмагани, бу хато эса, Ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт марказида кечган амалиётда бартараф этилгани кўрсатилган. Бу факт ҳам беморга дастлаб сифатсиз тиббий хизмат кўрсатилганидан далолат беради.

Судга тақдим этилган ҳужжатлар бўйича даъвогар “Ezgu niyat” кўп тармоқли тиббиёт марказига барча тиббий муолажалар ва даволаниш учун 23 миллион 10 минг сўм, “Akfa Medline medical centre” МЧЖдаги текширувлар учун 788 000 сўм тўлаган.

Фуқаролик кодексининг 706-моддасига асосан, ижрочи ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасини умуман ёки тегишли даражада бажармаган ҳолларда, келтирилган зарарни буюртмачига батамом тўлаши шарт, лекин бу тўлов шартномада назарда тутилган хизматлар баҳосининг икки бараваридан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Кодекснинг 1022-моддасида “Маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятига, шунингдек, айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб, суд томонидан аниқланади” деб қайд этилган. Албатта, бунда оқилоналик ва адолатлилик талаблари эътиборга олиниши лозим. Бинобарин, суд даъвони қисман қаноатлантириб, “Ezgu niyat” кўп тармоқли тиббиёт марказидан Маъруфжон Сулаймонов фойдасига етказилган моддий зарар учун 23 миллион 798 минг сўм, маънавий зиён сифатида 30 миллион сўм компенсация ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилади.

Хулоса қилиб айтганда, Бош Қомусимизнинг 48-моддасига биноан, ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Шунинг учун ҳам, инсон саломатлиги — жамиятимизда бош мезон, бу тамойилни бузишга эса ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

Баҳодир САИДМУРАТОВ,

Тошкент шаҳар суди судьяси

photo_2024-09-18_17-23-43

ИШ ҲАҚИДАН УШЛАБ ҚОЛИШ ҚАНДАЙ ТАРТИБДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?

Маълумки, ҳаётимиздаги энг муҳим ҳуқуқ ва эркинликларимиздан бири меҳнат муносабатлари билан боғлиқ. Бинобарин, меҳнат ҳуқуқига оид масалалар ҳеч кимни беэътибор қолдирмайди. Иш ҳақидан ушлаб қолиш тартиби ҳам шулар жумласидандир.

Амалдаги Меҳнат кодексининг 269-моддасига биноан, ходимнинг ёзма розилиги билан иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин. Шунингдек, ходимнинг ёзма розилигидан қатъи назар, иш ҳақидан ушлаб қолиш мумкин бўлган ҳолатлар ҳам бор. Хусусан, солиқлар ва йиғимларни ундириш, қонунда белгиланган тартибда суд қарорлари ҳамда бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш, қолаверса, ваколатли органларнинг қонуний талабларини бажариш учун иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.

Бундан ташқари иш ҳақи ҳисобига берилган бўнакни ушлаб қолиш, бошқа жойдаги ишга кўчиб ўтгани муносабати билан хўжалик эҳтиёжлари, хизмат сафарларига берилган, сарфланмаган ва ўз вақтида қайтарилмаган бўнакни ҳамда ҳисоб-китобдаги хатолар оқибатида ортиқча тўланган маблағни қайтариб олиш учун иш ҳақидан ушлаб қолинади.

Бундай ҳолларда иш берувчи бўнакни қайтариш, қарздорликни тўлаш учун белгиланган муддат тамом бўлган кундан ёки тўлов нотўғри ҳисоблаб чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай ушлаб қолиш ҳақида буйруқ чиқаришга ҳақли. Агар бу муддат ўтиб кетган бўлса ёки ходим бўнакни тўлаш учун ушлаб қолиш асосларига ёхуд миқдорига эътироз билдираётган бўлса, қарзни тўлаш суд тартибида амалга оширилади.

Меҳнат кодексининг 269-моддасига кўра, ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун, агар етказилган зарарнинг миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошмаса, ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жаримани ундириш, ходим қайси иш йили ҳисобига таътил олган бўлса, ўша йил тугагунига қадар меҳнат шартномаси бекор қилинганда таътилнинг ишлаб берилмаган кунлари учун ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам иш ҳақидан ушлаб қолиниши белгиланган.

Башарти, ишга қабул қилишга доир белгиланган қоидаларнинг бузилиши ёхуд якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатнинг давом этишига монелик қилувчи ҳолатларнинг юзага келиши ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ бўлмаса, меҳнат шартномаси ишга қабул қилишга доир қоидалар бартараф этиш имкони бўлмаган ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қиладиган ҳолда бузилса ҳам, иш ҳақидан ушлаб қолиш амалга оширилмайди.

Ходимга ортиқча тўланган иш ҳақи (шу жумладан, меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар нотўғри қўлланилганда) ундан ундирилиши мумкин эмас. Шунингдек, ҳисоблашдаги хатолик, агар якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқувчи орган томонидан ходимнинг меҳнат нормаларини бажармаганликдаги айби эътироф этилган ёки ходимнинг суд томонидан белгиланган ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) сабабли ходимга ортиқча иш ҳақи тўланганлик ҳолатлари бундан мустасно. Солиқ кодексига мувофиқ, солиқ солинмайдиган тўловлардан ушлаб қолишлар амалга оширилиши мумкин эмас.

Меҳнат кодексининг 270-моддасида ҳар бир тўлов чоғида иш ҳақидан ушлаб қолинган маблағларнинг умумий суммаси ходимга ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақининг эллик фоизидан ошиши мумкин эмас. Мазкур модданинг биринчи қисмида белгиланган чеклов алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни, шунингдек, ахлоқ тузатиш ишлари тарзида жазо тайинланган ходимнинг иш ҳақини ушлаб қолишга нисбатан татбиқ этилмайди. Бундай ҳолларда жазодан ва алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликдан ушлаб қолиш миқдори ходимга ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақининг етмиш фоизидан ошмаслиги шарт.

Ходимнинг хоҳишига кўра, иш ҳақи ёки унинг муайян қисми ходимнинг ёзма аризасида кўрсатилган миқдорларда ва муддатларда кредиторларга банк муассасаларидан олинган ссудалар, кредитлар, коммунал тўловлар ва бошқа харажатларни тўлаш учун юборилиши мумкин. Кўриниб турганидек, қонунчиликда иш ҳақидан ушлаб қолишнинг ҳуқуқий тартиблари аниқ белгиланган. Шу боис уларга қатъий амал қилиш зарур.

Фазлиддин АЛЛАЁРОВ,

фуқаролик ишлари бўйичаТермиз туманларо суди судьяси

photo_2024-09-17_09-09-47

ЯШИРИН ЦЕХДАГИ ҚОТИЛЛИК

Аввалига ҳаммаси оддий, одатдаги ҳолда кечган эди: Янги Наманган тумани ички ишлар бўлими профилактика инспектори А. Камолов 2023 йил 6 июль куни топшириққа биноан тунги хизматга жалб этилади. Шу боис, у ўзи билан бирга хизмат ўташи белгиланган профилактика инспектори М. Исмоилов билан учрашиш учун “Келажак тонги” маҳалласи идорасига келади. Ҳамкасбини кутиб турган пайтда эса ёнига “Дамас” русумли автомашина келиб тўхтайди.

— Машина бозори яқинида уч-тўртта барзанги йигитлар ғала-ғовур қилиб туришибди. Негадир улар менга шубҳали туюлди. Балки бир текшириб кўрарсизлар?!, — дейди нотаниш ҳайдовчи.

— Раҳмат, ака. Албатта, ўрганамиз. Сиз бораверинг, — дейди инспектор.

“Дамас” машинаси жўнаб кетгач, профилактика инспектори М. Исмоиловга қўнғироқ қилиб, ҳайдовчи айтган манзилга етиб келишини тайинлайди. Шу билан бирга, ўзи ҳам ўша томонга йўл олади.

Чиндан ҳам, тилга олинган манзилда, “Жентра” русумли автомашинаси тўхтаб турар, ёнида 3-4 нафар нотаниш йигитлар алланималарни муҳокама қилишаётганди. Ҳам­касби етиб келгач, икковлашиб нотаниш фуқароларга ўзларини таништиришади. Ўз навбатида, ўша йигитлардан бири ҳам ўзининг ички ишлар бўлими ходими эканлигини айтади.

Шундан сўнг хизмат юзасидан автомашинани кўздан кечиришади.

Натижада автомашина юкхонасининг за­хира балони турадиган жойидан бири 60 сантиметр, иккинчиси 1 метрдан узунроқ ўлчамдаги ёғоч бута топилади. А. Камолов бу хусусда сўраганида ўзини ички ишлар бўлими ходими сифатида танитган фуқаро ёғоч буталарни хизмат юзасидан олиб юришини маълум қилади. Бинобарин, профилактика инспектори унинг исм-шарифи ва бошқа маълумотларини ёзиб олади. Орадан салкам 3 ҳафта ўтгач эса, айнан ўша кимсалар томонидан босқинчилик ва қотиллик жинояти содир этилади.

*   *   *

Наманган шаҳрида яшовчи Абдулла Муҳиддинов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2021 йил ёз ойларида Поп туманининг Резаксой қишлоғига дам олиш учун келади. Шу ерда у Жасур Шерматов билан танишиб қолади. Ўзаро суҳбат асносида Жасур меҳмонга қум аралашмасидан кумуш ажратиб олиш мумкинлигини айтади. Бу фикр эса, А. Муҳиддиновни жуда қизиқтириб қўяди. Бинобарин, у шаҳарга қайтгач, заргар қариндоши Икром Юсуповга маслаҳат солади.

— Ўша қум аралашмасини кўришим керак. Шунда аниқ фикр айта оламан, — дейди заргар.

Шундан сўнг Абдулла  Муҳиддинов И. Юсуповга Поп туманидан 1 та қопда қум аралашмасини келтириб беради. Қум таркибини текшириб кўрган заргар ундан фойдаланиш мумкинлигини айтади.

Бу фикрни эшитган А. Муҳиддинов таниши Қ. Солиевнинг нотурар жойини ижарага олиб, яширин равишда кумуш ишлаб чиқаришни бошлаб юборади. Ж. Шерматовнинг поччаси Нодир Каримов нақ икки йил мобайнида, яъни ўша пайтдан 2023 йил ёз ойларигача Поп туманининг Қўшминор маҳалласи ҳудудидаги ташландиқ кондан Наманган шаҳрига бир-икки қопдан қум аралашмасини етказиб бериб турди. А. Муҳиддинов  ҳар бир қоп қумни 3-3,5 миллион сўмга сотиб олади. Аммо шаҳарлик “тадбиркор” ишлаб чиқариш цехини ошкор қилмаслик мақсадида Н. Каримовга манзилни кўрсатмаган. 2023 йилнинг ёз фаслига келиб, Н. Каримов катта даромад келтираётган яширин цеҳ жойлашган манзилни билиб қолган. Оқибатда яширин цеҳ раҳбари бир ҳийла ўйлаб топади.

Гап шундаки, у Нодирга охирги келтирган қопларидаги қум таркибидан кумуш моддаси чиқмаганини айтади. Буни эшитиб, қум таъминотчиси тарвузи қўлтиғидан тушиб, ортига қайтади. Бироқ унинг миясида кумуш маҳсулотини қўлга киритиш режаси пайдо бўлади.

Дастлаб Н. Каримов қайноғаси Ж. Шерматов, танишлари Мақсуд Аҳмедов, Асқар Раҳмонов, Муҳриддин Нажмиддинов, Оғабек Ирисбоев ва Озод Эминовлар билан пухта режа тузади. Сўнгра атрофидаги вазиятни ўрганиш мақсадида Жасур, Мақсуд ва Асқар билан бирга яширин цех жойлашган Янги Наманган туманининг Шербулоқ маҳалласига боради.

Яширин цех яқинида ўралашиб юришганда эса, юқорида тилга олганимиздек, профилактика инспекторларига дуч келишади. Бинобарин, ҳеч нарса билмагандек изларига қайтишади.

Шу тариқа нақ 15-16 кун мобайнида жиноий режа “пишитилади”. 2023 йил 23 июль куни шом маҳали – соат 19:30 ларда жиноий гуруҳ аъзолари “Ангрен-Поп” темир йўлининг “Қўшминор” вокзали ёнида учрашишади. Яна бир карра вазифалар тақсимлаб олингач, Наманган шаҳри томон йўлга чиқишади. Тунги соат 00:30 ларда Нозимжон бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашинада Тўрақўрғон туманининг Еттикон маҳалласига етиб келишади.

Жиноий гуруҳ ўша ерда фуқаро А. Нуритдиновнинг кўчада қаровсиз қолдирилган “Ласетти” русумли автомашинанинг давлат рақамини ечиб олиб, ўзларининг автомашинасига ўрнатишади.

Бундан ташқари жиноий гуруҳ соат тунги 00:50 ларда Янги Наманган туманининг Мингтерак маҳалласида яшовчи М. Мирзаевга тегишли “Нексия-2” автоуловининг давлат рақамини ҳам ечиб олиб кетишади.

Хуллас, жиноий гуруҳ белгиланган манзилга тунги соат 02:00 ларда етиб келади. Сўнг Нодир, Асқар, Жасур, Мақсуд ва Муҳриддин яширин цех яқинида ниқоб ва қўлқопларни кийиб, ёғоч таёқ билан қуролланиб олишади. Бу пайтда цеҳда Нодир, Маъруф, Ҳожиакбар ва Абдулазиз исмли ишчилар ишлашаётганди. Шунда жиноий гуруҳ аъзолари девор ошиб ичкарига кириб, ишчиларга тўсатдан ҳужум қилишади. Яъни уларнинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, таёқлар билан уриб-дўппослашади. Лекин Нодир ва Ҳожиакбар уларга қаршилик кўрсатиб, қочиб кетишади. Мақсуд, Асқар ва Муҳриддин Абдулазиз Жалоловни ерга йиқитиб, калтаклашади, тан жароҳати етказишади.

Шундан сўнг Мақсуд Аҳмедов яширин цехидаги хоналарга кириб, қиймати 740 000 сўм бўлган “Dahua” русумли, қиймати 570 000 сўм бўлган “NVR” русумли видеокузатув камераси хотирасини (“DVR” винти), Асқар Раҳмонов эса Маъруф Тўхтабаевга тегишли қиймати 3 050 000 сўмлик “Xiaomi 12 Lifte” русумли, Ҳожиакбар Нажмиддиновнинг баҳоси 2 680 000 сўмлик “Iphone XS” русумли уяли телефонини, Нодир, Жасур ва Муҳриддинлар эса, учта идишда ярим тайёр ҳолатдаги қимматбаҳо кумуш маҳсулотини босқинчилик йўли билан эгаллашади.

Худди шу маҳал кутилмаган қабиҳлик юз беради. Яъни Асқар Раҳмонов яширин цех ишчиси Маъруф Тўхтабоевнинг орқасидан қувиб бориб, қўлидаги таёқ билан унинг бошига зарба беради. Оқибатда М. Тўхтабоев ерга йиқилиб, ҳушини йўқотади. Энг ачинарлиси, кўз очиб, юмгунча фурсат ичида М. Тўхтабоев ҳодиса жойида вафот этади. Бундан қўрқиб кетган жиноятчилар эса дарҳол қочиб қолишади.

Аммо тез орада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олиниб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Мазкур ишни жиноят ишлари бўйича Поп тумани судида кўриб чиқиш чоғида, судланувчиларнинг қилмишлари рад этиб бўлмас далиллар билан ўз исботини топди. Бинобарин, суд уларни Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, одам боласи ҳаддан ташқари молу дунё ва мўмай даромад топишга муккасидан кетмай борига — топганига, ато қилганига қаноат қилса, турмуши файзли, ҳаёти тинч ва осойишта кечади. Қинғир ишнинг қийиғи эса, қирқ йилдан кейин бўлса ҳам, албатта, чиқади — юзшувут қилади.

Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.

Жасур ҚУРБОНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Поп тумани суди раиси

photo_2024-09-16_08-27-37

ЮТУҚ ВА ҲАМКОРЛИК ГАРОВИ ЁХУД ШАРТНОМАВИЙ МУНОСАБАТЛАРНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Маълумки, ҳар бир тадбиркор ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида бошқа тадбиркорлик фаолияти субъект­лари билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга киришиб, муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади. Табиийки, ушбу ҳуқуқ ва мажбуриятлар ўз вақтида виждонан адо этилса, бундан икки томон ҳам бирдек манфаатдор бўлади.

Афсуски, ҳаётда баъзан ижро этувчи томонидан шартнома мажбуриятлари талаб даражада бажарилмай қолган ҳолатлар ҳам учраб туради. Бунинг натижасида тарафларнинг ўзаро муносабатларига путур етади, ишонч йўқолади ва низо пайдо бўлади.

Ўрни келганда шуни айтиш керакки, Иқтисодий процессуал кодекс талабига кўра, тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўртасида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Шу ўринда бевосита ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, «Ҳ. М.» масъулияти чекланган жамияти судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Х. С.» масъулияти чекланган жамиятидан 36 000 000 сўм асосий қарз, 9 432 000 сўм пеня ундириб беришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, тарафлар ўртасида маҳсулот етказиб бериш тўғрисида 2023 йил 15 май куни 149 968 000 сўмлик 09/01-сонли шартнома имзоланган.

Даъвогар томонидан шартномавий мажбуриятларни бажариш мақсадида 2023 йил 23 октябрда 23/10-сонли ҳисоб-фактурага асосан, жами 36 000 115 сўмлик маҳсулот етказиб берилган, аммо жавобгар ушбу маҳсулотлар ҳақини тўламаган.

Ваҳоланки, шартноманинг 2.1-бандига кўра, “маҳсулот етказиб берувчи” маҳсулотларни “сотиб олувчи”га етказиб бериш, 3.2-бандига кўра, “сотиб олувчи” маҳсулот ҳақини ўз вақтида тўлаш мажбуриятини олган.

Бунинг устига даъвогарнинг қарзни тўлаб бериш юзасидан талаблари жавобгар томонидан эътиборсиз қолдирилган. Натижада даъвогар даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Судда даъвогарнинг даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилди.

Жавобгар шартномавий мажбуриятини ўз вақтида бажармагани натижасида даъвогар фойдасига асосий қарздан ташқари пеня ҳамда ишни судда кўриш билан боғлиқ харажатлар ҳам ундириладиган бўлди.

Ачинарли жиҳати шундаки, тарафлар ўртасидаги доимий ҳамкорликка путур етди, ўзаро ишонч йўқолди. Зеро, Фуқаролик кодексининг 9-моддасида фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилиши, фуқаролар ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат қилишлари, тадбиркорлар эса иш одоби қоидаларига ҳам қатъий риоя этишлари зарурлиги алоҳида қайд этилган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, қонун талаблари асосида тузилган шартнома бўйича олинган мажбурият тўла-тўкис бажарилиши лозим. Мажбуриятнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли равишда адо этилиши ўзаро ишончни мустаҳкамлаш билан бирга, томонларнинг фаолияти янада жадал ривожланиши ва тобора кенгайишида муҳим омил бўлади.

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро

иқтисодий суди раиси

photo_2024-09-13_19-27-43

БОШИ БЕРК КЎЧА ЁКИ ГУМРОҲЛИК ФОЖИАСИ

Нафс қутқусига учиб, енгил йўл билан мўмай даромад топишга уринганлар аксарият ҳолларда  боши берк кўчага кириб қолади…

Ўтган йилнинг 4 июнь куни ярим тунда Жомбой туманида яшовчи Воҳид Умаровга (исм-шарифлар ўзгартирилди) қўшниси Даврон Маматалимов қўнғироқ қилиб, пойинтар-сойинтар равишда шериги билан маҳалласидаги боққа ўғирликка тушгани, шу боис қоровуллар унга тан жароҳати етказганини билдиради.Сўнгра шеригининг “Дамас” русумли автомашинасини уйининг олдига олиб келиб қўйишни илтимос қилади. Ўзи эса аллақаёққа шошилинч кетаётганини айтади.

В. Умаров унинг илтмосига йўқ дея олмайди ва маҳалладоши Элшод Саидқуловга қўнғироқ қилиб, сайҳонликда қолдирилган машинани олиб келишга ёрдам сўрайди.

Улар айтилган манзилга етиб боришганда, оқ рангли “Дамас-2” русумли автомашина турганини кўришади. Улар автомашина эшигини очгач, ҳайдовчи ўриндиғи қонга ботгани, калит ўт олдириш жойида эканига кўзлари тушади. Олд ўнг ўриндиқнинг пастида қора рангли сумка очиқ ҳолда ётарди.

Шу пайт Д. Маматалимов В. Умаровга яна қўнғироқ қилиб, қон изини ювиб, автомашинани тезроқ уйга олиб боришни, машинадаги телефон аппаратини ариққа ташлаб юборишни тайинлайди.

Бу гапдан шубҳаланган В. Умаров ва Э. Саидқулов автомашинанинг эшикларини қулфлаб, уйларига қайтиб кетишади.

Шу ўринда Даврон Маматалимовнинг шахсига тўхталадиган бўлсак, ўттиз икки ёшли бу кимса илгари фирибгарлик ва баданга қасддан енгил шикаст етказиш жиноятларини содир этиб, икки марта судланган. Тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг 1 йил 10 ойи ҳали ўталмаган. Аслида, бу кимса ўзига нисбатан кўрсатилган бағрикенглик ва мурувватдан хулоса чиқариб, тўғри йўлга тушиб олиши, гулдек оиласи, икки нафар вояга етмаган фарзандини пешона тери эвазига топган ризқ-насиба билан боқишни ҳаёт тарзига айлантириши лозим эди. Аммо у бунинг ўрнига жиноий йўл билан бойлик орттиришдек нопок йўлни танлади.

Ўтган йил май ойининг ўрталарида Қашқадарё вилоятига тарвуз сотиш учун борган Д. Маматалимов қамашилик Улуғбек Нурмаматов билан танишиб қолади. Ўзаро суҳбат давомида У. Нурмаматов Тошкентдан гуруч маҳсулоти олиб келиб, Қашқадарё вилоятида сотиши, шунинг ортидан рўзғор тебратаётганини айтади. Д. Маматалиев тарвуз экиб етиштириши, бошқа пайтларда ҳўл мева савдоси билан шуғулланишини маълум қилади. Шундан сўнг улар ҳамкорлик қилишга келишишади.

Бу пайтда Д. Маматалимов қишлоқдошларидан 29 минг АҚШ доллари миқдорида қарздор эди. Шу боис, айрим қишлоқдошлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилишган. Д. Маматалимов икки оёғи бир этикка тиқилгач, қарздан қутулишга чора излашга тушади.

Шунда бехосдан бундан бир неча ой аввал танишган У. Нурмаматов ёдига тушади-ю, ўй-фикри бузилади: “Улуғбек Тошкентдан гуруч олиб келиш учун катта миқдордаги пул билан йўлга чиқади, пичоқ билан қўрқитиб, пулини қўлга киритсам, қарз балосидан қутулардим”…

Д. Маматалимов ана шу ғаразли ниятини амалга ошириш учун У. Нурмаматовга қўнғироқ қилиб, Тошкент шаҳрига гуруч олиб келиш учун қачон боришини сўрайди. У. Нурмаматов 4 июнь куни йўлга чиқишини айтгач, ўзини ҳам бирга олиб кетишини илтимос қилади.

2023 йил 4 июнь куни У. Нурмаматов йўлга чиқаётгани ҳақида хабар беради. Улар кечаси Самарқанд тумани ҳудудидаги нон растаси олдида учрашишга келишишади.

Д. Маматалимов жиноий ниятини амалга ошириш учун уйдан ошхона пичоғини олиб чиқади. Булунғур тумани ҳудудида автомашинанинг мотор қисмида носозлик юзага келиб, У. Нурмаматов уни йўл четига тўхтатади.

Шунда Д. Маматалимов чўнтагидан пичоқни чиқариб, У. Нурмаматовга ўқталади. Бундай кутилмаган таҳдиддан Улуғбек сергак тортиб, унинг пичоқ ушлаган қўлини маҳкам ушлаб олади. Аммо пичоқнинг ўткир тиғи қўлини кесиб кетади. Оғриққа чидаёлмай пичоқни қўйиб юборгач, Д. Маматалиев уни жабрланувчи танасининг дуч келган жойига кетма-кет санчий бошлайди.

Бирпасда қонга бўялган У. Нурмаматов автомашинадан тушиб, йўлнинг қарама-қарши томонига қоча бошлайди, одамларни ёрдамга чақиради.

Ваҳшийлашган Д. Маматалимов унинг ортидан етиб олиб, бўйин соҳасига яна икки марта пичоқ уради.

Ниҳоят, нотаниш ҳайдовчилар автомашиналарини тўхтатиб, уларнинг олдига яқинлаша бошлагач, Д. Маматалимов У. Нурмаматовнинг автомашинасига ўтирганича воқеа жойидан қочиб кетади.

Ҳаёт учун хавфли бўлган тан жароҳати олган У. Нурмаматов беҳуш ҳолда шифохонага олиб борилади ва шифокорлар ёрдамида ҳаёти сақлаб қолинади.

Д. Маматалимов У. Нурмаматовнинг автомашинасини босқинчилик йўли билан олиб қочиб, қора рангли сумкадаги 62 миллион сўмни қўлга киритади. Сўнгра жазодан қутулиб қолиш мақсадида Фарғона вилоятига йўл олади. Аммо тез орада қўлга олинади.

Суд Д. Маматалимовни Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми “г” банди ва 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) 3-қисми “в” бандидаги жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди ва унга нисбатан 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, бу дунёда ҳар қандай муаммонинг ечими бор. Фақат ақл-идрок билан иш тутиш, бир ишни бошлашдан олдин оқибатини кўра олиш лозим. Борди-ю, боши берк кўчага кириб қолганда ҳам жиноят содир этиш йўли билан ундан чиқиб кетишга уриниш калтабинликдан бошқа нарса эмас. Шу маънода баён этилган воқеа тафсилотлари бошқалар учун сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас.

Абдусаттор АБДУРАЗЗОҚОВ,

жиноят ишлари бўйича

Жомбой тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2024-09-04_12-45-06

АДОЛАТЛИ ЖАЗО ҲЕЧ КИМДА ЭЪТИРОЗ УЙҒОТМАЙДИ

Ҳаётда кишининг бошига кутилмаган ташвишлар тушиши, кимдир билиб-билмай, эҳтиётсизлик оқибатида, бошқа биров эса, оқибатни ўйламай жиноят содир этиши мумкин. Шундай паллада одил судлов мезонлари ва қонунчиликда ўз ифодасини топган инсонпарварлик тамойиллари кун тартибига чиқади.

Навоий шаҳрида яшовчи Абдужалол Ҳусанов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўн йилдан буён паррандачилик фаолияти билан шуғулланиб келади. У ҳовлисининг адоғидаги товуқхонада, 600-700 бош “Бройлер” зотли товуқларни боқиб, гўштини бозорга чиқаради. Шунинг ортидан даромад топиб, рўзғор тебратади.

Маълумки, қишда товуқхонани иситиш қийин бўлади. Шу сабабли у хонадонга уланган газ қувуридан резина шланг орқали газни товуқхона биносидаги қўлбола иситиш тизимига улайди. Аммо тез орада А. Ҳусановнинг ҳийласи фош бўлади.

Гап шундаки, шу йилнинг 20 март куни маҳаллага бириктирилган ички ишлар бўлими профилактика инспектори Ш. Қобилов икки нафар газ идораси ходими билан А. Ҳусановнинг уйига боришади. Ш. Қобилов газ идораси ходимларини таништираркан, газ ҳисоблагич ускунасини кўрсатишни сўрайди.

Масъул ходимлар газ ҳисоблагич ускунасини текшириб кўришгач, товуқхона биносига газ тармоғи қаердан уланганини аниқламоқчи бўлишади.

Шунда А. Ҳусанов уларнинг товуқхона биносига киришига қаршилик кўрсатади. Устига устак, профилактика инспектори Ш. Қобиловнинг юзига шапалоқ тортиб юборади. Бунинг натижасида Ш. Қобилов енгил тан жароҳати олади.

Шундан сўнг А. Ҳусановга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми, 140-моддаси 3-қисми “а” банди ва 169-моддаси 2-қисми “б”, “д” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлик тўғрисида айблов эълон қилинади ва иш судга юборилади.

Судда судланувчи, жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмалари эшитилди, мавжуд далилларга баҳо берилди.

Суд дастлабки тергов органи томонидан А. Ҳусановнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан нотўғри малакаланган деб ҳисоблади. Чунки Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми диспозициясида қаршилик кўрсатиш, яъни хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қандай шаклда бўлмасин, ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек, қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш бошланган вақтдан бошлаб, оқибат келиб чиқишидан қатъи назар, тугалланган ҳисобланиши, агар қаршилик кўрсатиш жараёнида жабрланувчига ўртача оғир ёки оғир тан жароҳати етказилган бўлса, айбдорнинг қилмиши жиноятлар мажмуи бўйича Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисми ва 105-моддаси ёки 104-моддаси билан малакаланиши шарт.

Судда аниқланган ҳолатларга кўра, А. Ҳусанов хизмат вазифасини бажараётган профилактика инспектори Ш. Қобиловнинг қонуний фаолиятига қаршилик қилиб, унга енгил тан жароҳати етказган. Шу вақтда унинг ҳаракатлари тугалланган бўлиб, жиноий ҳаракатларида хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига қандай шаклда бўлмасин, ўзининг хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга, қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш белгилари мавжудлиги аниқланмади.

Юқоридаги қонуний асосларга кўра, суд А. Ҳусановнинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисмидан шу модданинг 1-қисмига қайта малакалашни лозим топди.

Бундан ташқари суд дастлабки тергов органи томонидан А. Ҳусановнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисми “а” банди билан ҳам асоссиз малакаланган, деган хулосага келди. Чунки судда жабрланувчи Ш. Қобилов судланувчининг хонадонида хизмат вазифасини бажараётган вақтида уни ҳақорат қилганини тасдиқловчи бирор-бир далил аниқланмади. Шунингдек, судда жабрланувчи Ш. Қобилов А. Ҳусановнинг ўзини ҳақорат қилмагани, гувоҳ С. Илҳомов ва Ф. Райимқулов ҳам шундай мазмунда кўрсатма берганини инобатга олди.

Бинобарин, суд А. Ҳусановнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд эмас, деган хулосага келди. А. Ҳусановга нисбатан эълон қилинган ушбу айблов бўйича Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандини қўллаб, уни оқлашни лозим деб топди.

Энди судланувчига нисбатан қўйилган кейинги айбловга тўхталадиган бўлсак, дастлабки тергов органи томонидан А. Ҳусановнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б”, “д” бандлари билан тўғри малакаланган. Судланувчи А. Ҳусанов оилавий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш давомида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори талабларига зид равишда умумий фойдаланишдаги табиий газ қувуридан яширин равишда янги уланиш манбасини очиб, товуқхонага ўрнатилган 2 дона қўлбола иситиш ускунасига ўзбошимчалик билан улаган. “Ўзэнергоинспекция” Навоий вилояти бошқармасининг 2024 йил 30 апрелдаги хулосасига кўра, А. Ҳасанов 38 515 кубометр, яъни 45 миллион 85 минг сўмлик табиий газни талон-торож қилиши оқибатда “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали манфаатларига катта миқдорда зарар етказган.

Маълумки, ҳар қандай жиноят ишини мазмунан муҳокама қилиш жараёнида судланувчига нисбатан тайинланадиган жазо тури ва миқдори масаласи муҳим аҳамиятга эга. Шу боис суд жиноят ишини кўришда янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 20-моддасига таянди. Ушбу моддада шахсга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарори 1-бандида судларнинг эътибори жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилишга қаратилиши лозимлиги, 3-бандда Жиноят кодексининг 8, 54-моддалари мазмунига кўра, жазо адолатли бўлиши – ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши лозимлиги ҳақида раҳбарий тушунтириш берилган.

Суд қонун талаблари ва Пленум қарорининг раҳбарий тушунтиришларига риоя қилиб, судланувчи А. Ҳусановга нисбатан жазо тайинлашда жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас, деб ҳисоблади. Жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани, етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплангани, жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарнинг даъволари йўқлигини инобатга олди.

Суд А. Ҳусановни Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисми ва 169-моддаси 2-қисми “б”, “д” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор топиб, унга нисбатан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади. Унинг қамоқда сақланган 2 ой 23 куннинг бир куни ахлоқ тузатиш ишларининг уч кунига тенглаштириб, ахлоқ тузатиш ишларининг 8 ой 8 куни ўталган деб ҳисобланди. А. Ҳусановга нисбатан қўлланилган “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залидан озод қилинди.

Жиноят ишининг адолатли якунлангани, судланувчига қилмиши учун тегишли жазо тайинлангани ҳеч кимда эътироз уйғотмади. Бу уларнинг суддан рози бўлгани ва одил судловга нисбатан ишончнинг ортганидан далолатдир.

Баҳодир АЛИҚУЛОВ,

жиноят ишлари бўйича

Навоий шаҳар суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2024-08-27_14-45-16

СУД ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ОДИЛ СУДЛОВГА ЭРИШИШ ИМКОНИЯТЛАРИ УЧУН МУҲИМ ОМИЛ

Мамлакатимизда сўнги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида тарихий ислоҳотлар қатъият билан амалга оширилмоқда. Айниқса, судларнинг мустақиллигини таъминлаш ва соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган кўплаб норматив ҳужжатлар қабул қилинди.

Суд тарихига назар соладиган бўлсак, ислоҳотлар давомида Олий суд ва Олий хўжалик суди, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритув соҳасида Олий судга бирлаштирилди. Судьялар олий кенгаши, маъмурий судлар, Олий суд ҳузурида Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этилди. Жиноят ишини қўшимча тергов юритиш учун қайтариш институти бекор қилинди ва далилларга баҳо бериш инс­титути такомиллаштирилди. Бу, ўз навбатида, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилган ҳолда оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратди.

2017 йилга­ қадар олтита суд инстанциясида суд қа­рорлари қай­та кў­риб чиқилган. Ўтган тўрт йилдан буён бу инстанциялар со­ни учтага келтирилди.

Суд тизимига «бир суд — бир инстанция» тамойили жорий қилинди. Унга кўра, аввало, халқаро стандартларга мос равишда уч бос­қичли суд тизими яратилди. Инстанция (туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича — вилоят судлари), апелляция инстанция (ви­лоят даражасидаги судлар) ва кассация инстанцияси (Олий суд) шулар жумласидандир. Иккинчидан, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирозига сабаб бўлаётган назорат инстанцияси тўлиқ бекор қилинди.

Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳам­да рақобатга оид ишларни кў­риш бўйича судлов таркиби тузилди. Бу билан инвесторлар, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштирилди.

Бундан ташқари Олий су­д фаолиятида фуқаролар ва юридик шахсларнинг одил судловга эришишида кенг имкониятлар яратилди. Илгари Олий судга назорат тартибида келиб тушган шикоятлар судьялар томонидан ўрганилиб, асос мавжуд эмас, деб ҳисобланган ҳолларда шу ҳақда ёзма жавоб хати йўллаш билан кифояланган. Кейинчалик эса суд тизимида жорий этилган «бир суд — бир инстанция» тамойили асосида, Олий суднинг назорат инстанцияси ту­гатилиб, ишларни кассация тартибида кўриш ваколати жорий этилди.

Шу билан бирга, ҳар бир кассация шикояти судлов ҳайъатлари томонидан суд мажлисида кў­рилиб, қарор қабул қилиниши тартиби жорий этилди.

Бунинг натижасида Олий суд судьяларининг иш ҳажми юкламаси аввалгига қараганда бир неча баробар ортди, шунингдек, ишларни кўриш жараёнларида фуқароларга бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқарди.

Бинобарин, ҳар бир туман-шаҳар судларига масофавий видеоконференцалоқа режими ўрнатилган бўлсада, кассация шикоятини берган тарафнинг бевосита суд мажлисида қатнашиш истагига кўра Тошкент шаҳрига боришига тўғри келаётган эди.

Суд ислоҳотлари давомида Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 сентябрдаги «Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунига асосан 2024 йил 1 январдан бошлаб, суд тизимида апелляция, кассация ва тафтиш инстанциялари жорий қилинди ва биринчи инстанция судининг ҳукмлари, ажримлари устидан дастлаб апелляция тартибида, агар апелляция тартибида кўрилмаган бўлса, қонуний кучга кирган ҳукмлар, ажримлар устидан кассация тартибида шикоят ё протест беришлари, апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган жиноят ишлари бўйича чиқарилган ҳукмлар, ажримлар устидан эса, тафтиш тартибида шикоят ё протест бериш, шунингдек, тафтиш тартибида такроран шикоят ё протест билдириш юзасидан илтимоснома билан мурожаат қилиш имконини яратди.

Бундан ташқари, ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят ёки протест бериш муддати йигирма суткадан ўн суткага қисқартирилди. Жиноят ишини кассация ва тафтиш тартибида кўриш натижалари юзасидан янги оқлов ёки айблов ҳукми чиқариш ваколатлари берилди.

Киритилаётган ўзгартириш суд қарорларини бекор қилиб, янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига қайтариш амалиётига чек қўйди ва фуқароларнинг сарсон бўлиши олди олинди. Бу билан судда ҳар бир иш бўйича якуний хулосага келиш учун замин яратилди.

Муҳтарам юртбошимиз томонидан қабул қилинган «Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга асосан судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатини янада кучайтириш юзасидан 2025 йил 1 январдан бошлаб, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида тергов судьялари жорий қилинмоқда.

Тергов судьялари зиммасига жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масалалари, яъни, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш ҳамда прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги ва бошқа илтимосномалар ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиш ваколати юклатилмоқда.

Бу билан жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция судлар судьялари ўртасида иш ҳажми мутаносиблигини тўлиқ таъминлашга эришилади.

Судьялар томонидан жиноят ишларини кўриш давомида иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан тўла ва холисона текшириб чиқилиши, судланувчиларнинг барча важлари текширилиши ва тарафлар томонидан келтирилган илтимосномаларни тўлиқ кўриб чиқилиши учун замин яратади.

Юқоридаги ислоҳотларнинг туб моҳияти янгиланган бош қомусимизда белгилаб қўйилган нормаларга асосланмоқда ва ўз навбатида Конституция тўғридан-тўғри ишлайдиган ҳужжат бўлиши, яъни унинг нормаларини судларда тўғридан-тўғри қўллаш амалиётини йўлга қўйиш мақсадида Олий суд Пленумининг қарорлари ҳам қабул қилинди.

Дарҳақиқат, бугун юртимизда олиб борилаётган барча йўналишдаги ислоҳотларнинг марказида инсон омили турибди. Бу ҳаётий ҳақиқатни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасидаги «Инсон манфаатлари ва яна бир бор инсон манфаати ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди», дея айтган сўзлари ҳам исботлаб турибди.

Зеро, ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад шу муқаддас заминда истиқомат қилаётган ҳар бир инсонинг орзуларини рўёбга чиқариш ҳамда унинг учун муносиб турмуш шароитларини яратишдан иборатдир.

Ҳусанбой Омонов

жиноят ишлари бўйича

Марғилон шаҳар судининг

 судья ёрдамчиси

photo_2024-07-01_15-25-18

ТЕЗКОР-ҚИДИРУВ ФAОЛИЯТИНИ AМAЛГA ОШИРИШДА СУДЛAРНИНГ ЎРНИ

Кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш борасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Президентимиз томонидан 2024 йил 10 июнда имзоланган “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқи ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янда кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Ушбу Фармонга асосан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди.

Биринчидан, жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби жорий этилади. Жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими киритилади.

Иккинчидан, жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, ҳарбий суд томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартиби белгиланди.

Учинчидан, тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилади. Тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.

Шу ўринда тергов судьяси ким, унинг ваколатлари нималардан иборат, деган савол туғилиши табиий. Бунга жавобан шуни айтиш керакки, тергов судьяси – жиноят ишларини юритишнинг судга қадар бўлган босқичларида фаолият юритувчи, айблов ва ҳимоя тарафининг ҳаракатларини мувофиқлаштириб, назорат қилиб турувчи ҳамда уларнинг ўз ҳуқуқ ва ваколатларини амалга ошириши учун зарурий шарт-шароитларни яратиб берувчи масъул мансабдор шахсдир.

Ваколат доирасига кўра, тергов судьяси зиммасига Жиноят процессуал кодексида кўрсатилган ишни судга қадар юритиш жараёнида суднинг қарори ё ажрими талаб қилинадиган процессуал ҳаракатлар бўйича суд ваколатларининг барчаси ўтказилади.

Президент Фармонига мувофиқ, тергов судьяси бир қатор жиноят материаллар юзасидан санкциялар қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколатига эга бўлади. Бу ўринда, жумладан:

• қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома;

• қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлиқ илтимоснома;

• паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома;

• мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома;

• почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;

• тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома;

• телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмаларидаги сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома;

• мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома ҳақида сўз бормоқда.

Тергов судьясига қуйидаги жиноят материалларини, шу жумладан:

– айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома;

– шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома;

– айбланувчининг тиббий муассасада бўлиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси;

– ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимоснома бўйича мажбурлов чоралари қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилади.

Шунингдек, у прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчи ёки фуқаровий даъвогарнинг кўрсатмаларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқиш ваколатига ҳам эга бўлади.

Суд тизимининг мустақиллиги унинг бошқа бирор-бир органга бўйсунмаслиги кераклигини англатади. Суд тизимининг мустақиллиги барча демократик мамлакатларда одамларнинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун муҳим ҳисобланади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 136-моддасида судьялар мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши белгиланган. Шу сабабли тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди.

Тергов судьяси ўзига юклатилган вазифаларни адолатли ва холисона бажариши шарт.

Судьялар суд жараёнида ҳал қилувчи ўрин тутади. Улар адолатни таъминлаш ва барча иштирок этувчи томонларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши учун жавобгардир. Aдолатли ва холис судьялар миллий ҳуқуқий тизим фаолияти учун жуда муҳим, чунки улар зиммасига одамлар ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатадиган қарорларни қабул қилиш вазифаси юклатилган.

Ҳуқуқий нуқтаи назардан, судьялар қарор қабул қилишда объектив ва холис бўлиши ва қарорларини фақат қонун ва судда келтирилган далилларга асослаши керак. Aдолатли ва холис судьялар суд ҳокимиятининг бошқа ҳокимият тармоқларидан мустақил бўлишини таъминлайди.

Тергов судьяси қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқароларни тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга масъулдир.

Қонун устуворлиги – барча давлат ҳокимияти органлари фаолиятида Конституция ва қонунлар олий юридик кучга эга бўлиб, уларнинг бошқа ҳамма меъёрий ҳужжатлар ҳамда йўриқномалардан устун туришидир.

Қонун устуворлиги жамиятда демократия ва қонунчилик таъминланишига хизмат қилади.

Конституциямизда белгиланган қонун устуворлиги принципи жамиятимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг муҳим кафолатидир. Қонун устуворлиги принципи ҳеч ким ҳеч қайси давлат органи мансабдор шахси ёки фуқаро қонунга бўйсуниш мажбуриятидан холи эмаслигини ва қонунни бузган тақдирда жавобгарликка тортилиши муқаррарлигини ифодалайди.

Тергов судьяси фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилади.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиз суд-тергов фаолияти соҳасидаги ислоҳотлар келгусида Конституция устуворлиги, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш, тергов устидан суд назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

Адҳамжон Мирзаев,

Наманган вилояти суди раисининг ўринбосари —

жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

#thegov_button_69e45a19b97b4 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69e45a19b97b4:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69e45a19b97b4 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69e45a19b97b4:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!