Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00
photo_2024-05-21_18-40-40

ОЛИЙ СУДДА УЧРАШУВ

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котибининг ўринбосари Нуран Ниязалиев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Конструктив мулоқот давомида ШҲТга аъзо давлатлар Олий судларининг ўзаро ишонч ва шерикликка асосланган амалий ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув ишчан ва дўстона руҳда ўтиб, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди.

photo_2024-05-21_17-44-31

ОЛИЙ СУДДА УЧРАШУВ

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов Хитой Халқ Республикаси Олий халқ суди раиси Чжан Цзюнь билан учрашди.

Икки мамлакат Олий судлари ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган мулоқот давомида тарафлар суд-ҳуқуқ соҳасида самарали идоралараро ҳамкорлик учун мавжуд салоҳият ва имкониятлар яратилганлигига алоҳида эътибор бериб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Хусусан, судларнинг ихтисослашуви, суд тизимида замонавий ахборот технологиялари ва инновацион усулларни жорий қилиш ва шу каби бошқа долзарб масалалар муҳокама этилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси Олий судлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.

Ушбу ҳужжат ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва такомиллаштиришга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши ҳамда икки томонлама шерикликни янги босқичга кўтаришга мустаҳкам замин яратиши таъкидланди.

photo_2024-05-21_15-11-05

ОЛИЙ СУДДА УЧРАШУВ

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов ва Тожикистон Республикаси Олий суди раиси Шермуҳаммад Шоҳиён ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Тожикистонлик меҳмонлар сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни кучайтириш, одил судлов самарадорлигини таъминлаш, шунингдек судьялар ҳамжамияти ролини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар таништирилди.

Конструктив мулоқот давомида томонлар икки мамлакат олий суд органлари ўртасидаги ўзаро ҳуқуқий ҳамкорлик масалаларини, шунингдек алоқаларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиб, суд тизимини такомиллаштириш соҳасида тажриба алмашинуви орқали фаол ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Тожикистон Республикаси Олий суди ўртасида 2018 йилда Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган бўлиб, унинг доирасида суд тизимини инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим институти сифатида такомиллаштиришни илмий-таҳлилий ҳамда ахборот жиҳатидан таъминлаш орқали суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишга кўмаклашиш билан боғлиқ тадбирлар кўзда тутилган.

Айни пайтда мазкур ҳужжат икки мамлакат суд ҳокимияти олий органлари ўртасида ҳамкорлик ва ўзаро англашувнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатлар самарадорлигини оширишга хизмат қилиб келмоқда.

Учрашув ишчан ва дўстона руҳда бўлиб ўтди.

photo_2024-05-21_12-26-48

ОЛИЙ СУДДА УЧРАШУВ

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов Ҳиндистон Республикаси Олий суди раиси Дхананджая Йешвант Чандрачуд билан учрашди.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов Ҳиндистон Республикаси Олий суди раиси Дхананджая Йешвант Чандрачуд билан учрашди.

Учрашув давомида ҳиндистонлик меҳмонларга мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида, хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, тарафлар ўзаро манфаатли масалаларни муҳокама қилиб, ШҲТ доирасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари хусусида фикр алмашдилар.

Хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасида тажриба ва маълумот алмашинуви, суд тизимида ахборот–коммуникация технологияларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

Томонлар икки мамлакат Олий судлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада такомиллаштириш юзасидан келишиб олдилар.

photo_2024-05-21_12-01-55

ШАНХАЙ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИГА АЪЗО ДАВЛАТЛАР ОЛИЙ СУДЛАРИ РАИСЛАРИНИНГ ЙИҒИЛИШИ ҲАҚИДА

23 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон раислигида ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг ўн тўққизинчи йиғилиши бўлиб ўтади.

Тадбирда Ҳиндистон Республикаси, Эрон Ислом Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси ва Тожикистон Республикаси Олий судлари делегациялари иштирок этади.

Шунингдек, йиғилишда ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи мамлакат – Беларусь Республикаси Олий суди, ШҲТ Котибияти ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси вакиллари қатнашади.

Тадбир давомида ШҲТга аъзо давлатлар Олий судларининг қонун устуворлиги, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида ҳамкорлигини янада фаоллаштиришга қаратилган қатор долзарб масалалар кўриб чиқилади.

photo_2024-07-29_16-35-13

УНУТИЛГАН БУРЧ

Бир неча ой илгари ижтимоий тармоқларда шофирконлик аёлнинг вояга етмаган, ожиз аҳволдаги фарзандини ўта шафқатсизлик билан муттасил равишда уриб-дўппослаб келгани ҳақидаги хабар тарқалган эди. Дастлабки тергов ва суриштирув чоғида бу ҳолатлар ростдан рўй бергани тасдиқланди. Яқинда ушбу жиноят иши судда кўриб чиқилди.

Тартибсиз енгил-елпи турмуш кечириш, миллий ва умуминсоний қадриятларни унутиш кишини турли хил ташвишларга рўбарў қилиб, эл орасида иснодга қолдиради. Бухоролик Насиба Облоқулова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам оилага енгил-елпи муносабатда бўлгани, оила қуришда миллий қадриятларимизга риоя қилмагани, энг ачинарлиси, аёл шаънига доғ бўлиб тушадиган чекиш, спиртли ичимликлар ичишдек иллатларга рўжу қўйгани, шарм-ҳаё, ибо ва андишани унутгани изсиз кетмади. Буни унинг ўтган йиллардаги ҳеч ким ҳавас қилмайдиган кечмиши ҳам кўрсатиб турибди.

Н. Облақулова 2016 йилдан Ғиждувон туманида яшовчи Рустам Қаландаров билан шаръий никоҳ асосида яшаб келган. Аммо никоҳнинг мўртлиги, оиланинг омонатлиги сабабли орадан кўп ўтмай Н. Облоқулова тугунини кўтариб, Р. Қаландаровнинг хонадонидан чиқиб кетади. Бироқ аллақачон шаънига доғ туширган аёлни ота-онаси ҳам уйга киритмайди.

Шундан сўнг у 2017 йилда ишлаш мақсадида хорижга кетади. У ерда Қарши шаҳрида яшовчи Бекзод исмли йигит билан танишади ва у билан бирга яшайди. 2018 йилнинг сентябрь ойида улар ўғил фарзандли бўлишади. Лекин навбатдаги жанжалдан сўнг Н. Облақулова чақалоғини олиб, Ғиждувонга қайтиб келади ва турли жойларда яшаб юради.

— Онам Зилола Зулфиқорова Н. Облақуловага ёш боласи борлиги учун уйимиздан жой берган эди, — деди суд мажлисида Шофиркон туманидаги “Қўрғони Вардонзе” маҳалласида яшовчи гувоҳ Ш. Шамсиева. — У дастлаб биз билан аҳил яшади. Кейинчалик унинг чекиш ва спиртли ичимликлар ичиш одати борлигини сезиб қолдик. 2022 йилнинг март ойи­дан бошлаб у вояга етмаган ўғлини уриб, дўппослай бошлади. Бу ҳол кунига тўрт-беш марта такрорланарди. Шунда онам болани ҳимоя қилиш мақсадида Н. Облақуловани бир неча марта огоҳлантирди. Боланинг оёғи синганини билганимиздан сўнг онам ўзининг телефон аппаратида Н. Облақулованинг болани ураётганини видеотасвирга олган.

— Мен видеотасвирларни бирон жойга тақдим қилмаганман, — деди судда гувоҳлик берган З. Зулфиқорова. — Вояга етмаган боланинг оёғини уриб синдирганини бизга тўнкамасин, туҳматга қолмайлик деган мақсадда тасвирга олгандим. Боланинг оёғини айнан Н. Облоқулованинг ўзи уриб синдирган.

Жиноят ишини судда кўриш жараёнида Н. Облоқулова яна бир ижтимоий хавфли қилмишни содир этгани маълум бўлди. Гап шундаки, З. Зулфиқорованинг гувоҳлик беришича, тўғри йўлдан адашган бу аёл 2023 йилда туғилган қизини Бухоро шаҳрида яшовчи “Бектемир”исмли шахсга 500 АҚШ долларига сотган…

Қисқаси, судда Н. Облоқулованинг қилмишлари қонун доирасида батафсил кўриб чиқилди. Суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда содир этилган жиноятнинг хусусияти ва хавфлилик даражаси, шароит ва сабаблари, шахси, оилавий шароити ва моддий аҳволи, муқаддам судланмагани ҳамда хулқ-атворини инобатга олди. Н. Облоқулова Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “ в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, суд Н. Облоқулованинг 2023 йилда туғилган вояга етмаган фарзандини Бухоро шаҳрида яшовчи “Бектемир” исмли нотаниш шахсга 500 АҚШ долларига сотгани ҳолатига қонуний баҳо бериш учун иш материалларини туман прокуратурасига юборди. Шу тариқа фарзандини муносиб даражада тарбиялаш конституциявий бурчи ва мажбурияти эканини унутган, ўз жигарбандига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган Н. Облақулова қонуний жазога тортилди. Бола давлат қарамоғига олинди. Бу юртимизда ҳар бир инсон қонун ҳимоясида эканининг амалдаги тасдиғидир.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, мамлакатимизда ҳеч ким, жумладан, вояга етмаган болалар ҳам эътибордан четда эмас. Лекин бола тарбиясида онанинг ўрни беқиёс. Судланувчи Н. Облақулова ножўя хатти-ҳаракатлари билан нафақат оналик шаънига доғ туширди, балки фарзанд меҳридан ҳам мосуво бўлди. Бу бошқалар учун сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас…

Улуғбек БОЗОРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Шофиркон тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2024-07-29_16-29-16

МАЪМУРИЙ СУДЛАРГА МУРОЖААТ ҚИЛИШДА ФУҚАРОЛАР УЧУН ЯРАТИЛГАН ШАРОИТЛАР

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотлар, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.

Маъмурий судларнинг вазифаси маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини таъминлаш билан бирга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади.

Бу ҳақда сўз борганда, “2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” ҳақида алоҳида тўхталиш лозим.

Чунки ушбу Тараққиёт стратегиясида мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантиришнинг асосий мақсадларидан бири сифатида маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтириш назарда тутилган.

Ўз навбатида, Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида 5 та устувор йўналиш ва 100 та мақсад белгиланган бўлиб, 4-устувор йўналиш “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” деб номланди.

Муҳими, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясидаги мазкур устувор йўналишнинг асосий мақсадларидан бири давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантиришдир. Бунда маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни 2030 йилгача тўлиқ бартараф этиш ушбу мақсадга эришишнинг самарадорлик кўрсаткичи сифатида белгиланди.

Шу асосда 2024 йил 16 январдаги қонунга мувофиқ “Давлат божи тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддаси биринчи қисми 11-банд билан тўлдирилди. Унга кўра, жисмоний шахслар:

• ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг;

• республика ижро этувчи ҳокимияти органларининг;

• маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг;

• фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари ё ҳаракатсизлиги устидан маъмурий судга мурожаат қилганда, давлат божини тўлашдан озод қилинди.

Шундай қилиб, фуқароларнинг маъмурий судларга мурожаат қилиши учун яна бир қулайлик яратилди. Яъни уларнинг судга мурожаат қилишига тўсқинлик қилаётган омил бартараф этилди.

Акмал МУРОДОВ,

Навоий вилояти маъмурий суди раиси

photo_2024-07-29_16-16-02

“КОМПЬЮТЕР САБОТАЖИ” ҚАНДАЙ ЖИНОЯТ?

Аксарият ҳолларда “жиноят” деганда ҳамюртларимиз ўғрилик, фирибгарлик, босқинчилик, товламачилик, қотиллик ёки порахўрлик сингари оғир ва ўта оғир жиноятларни тушунишади. Аммо кундалик ҳаётимизда бизга арзимасдек бўлиб туюлган ноқонуний хатти-ҳаракатлар ҳам борки, Жиноят кодексида улар учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланган.

Масалан, кодекснинг 179-моддасида қайд этилган “Сохта тадбиркорлик” жиноятини олайлик. Сохта тадбиркорлик, яъни уставида кўрсатилган фаолиятни амалга ошириш мақсадини кўзламасдан ссудалар, кредитлар олиш, фойдани (даромадни) солиқлардан озод қилиш (солиқларни камайтириш) ёки бошқача мулкий манфаат кўриш мақсадида корхоналар ва бош­қа тадбиркорлик ташкилотлари тузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Таърифланишидан келиб чиққанда, унчалик ваҳимали ёки оқибати аянчли кўринмаса-да, мазкур қилмишнинг давлат ва жамият манфаати учун келтирадиган зарари аҳамиятсиз эмас.

Ёки кодекснинг “Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш” дея номланган 202-моддаси 3-қисми “ж” бандига мувофиқ, ов қилиш ва балиқ овлаш ёки ҳайвонот дунё­сининг бошқа турларини тутиш қоидаларини бузиш, кам­ёб ва йўқолиб бораётган ҳайвон турларини тутишнинг ёхуд ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг доривор, озуқавий ва манзарали (декоратив) турларини йиғиш ёки тайёрлашнинг белгиланган тартибини ёки шартларини, шунингдек, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардаги ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган ҳайвонот ёки ўсимлик дунё­си турларини нобуд қилган ҳолда содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлади.

Етказилган моддий зарарнинг ўрни уч карра миқдорда, Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб бораётган ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёси турларига нисбатан етказилган зарарнинг ўрни эса беш карра миқдорда қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.

Ахборот технологиялари тараққий этган айни пайтда “Компьютер саботажи” дея номланган жиноят ҳам юз бермоқда. Хўш, бу нима дегани?

Жиноят кодексининг 278-5-моддаси “Компьютер саботажи” дея номланган. Унда қайд этилишича, ўзганинг компьютер ускунасини ёки хизматда фойдаланиладиган компьютер ускунасини қасддан ишдан чиқариш, шунингдек, компьютер тизимини бузиш (компьютер саботажи) уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Борди-ю ўша ҳаракатлар бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, ёинки такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, айбдорга икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Хулоса қилиб айтганда, жиноятнинг катта-кичиги бўлмайди. Бинобарин, ҳар бир ишни қонунга мувофиқ амалга оширган инсон фақат фойда кўради, зарар эмас. Айни ҳақиқатни асло унутмаслик керак. 

Баҳромжон БЕРДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туман суди судьяси

photo_2024-07-22_15-31-35

ТОВЛАМАЧИ «ОШИҚ» ЁХУД НОЖЎЯ ҚАДАМ ТАШЛАШ ОҚИБАТИ

Бугунги кунда ахборот технологиялари юксак даражада ривожланди, ҳозир одамлар ўз ҳаётини интернетсиз тасаввур ҳам қилолмайди. Албатта, бу жараённинг жуда кўп қулай ва афзалликлари бор. Аммо ахборот технологиялари ютуқларидан ҳамма ҳам бирдек эзгу мақсад йўлида фойдаланмайди, аксинча, бу қулайликлардан ғаразли ниятда фойдаланишни кўзлайдиганлар ҳам йўқ эмас. Қуйидаги воқеа тафсилоти ана шу ҳақида.

Хонқа туманида яшовчи Маҳмуд Омонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2020 йили хорижда ишлаётган чоғида Интернет тармоғидаги Телеграм-канали орқали Беруний туманида истиқомат қилувчи Нодира Қодирова билан танишиб қолади. Дастлаб оддий мулоқотдан бошланган танишув орадан кўп вақт ўтмасдан қуюқлашиб, севги-муҳаббат муносабатларига айланади.

Н. Қодированинг М. Омоновдан тўрт ёш катта экани, бунинг устига оиласидан ажрашгани ўртадаги муносабатларга тўсиқ бўлиши мумкин эди.

Аммо М. Омонов бунга эътибор ҳам бермайди, аксинча, муҳаббати орадаги ғовлардан устун эканини таъкидлайди. Бундай жўмардликдан боши осмонга етган Н. Қодирова уни уйига таклиф этади. Бу таклиф М. Омоновга ҳам маъқул тушади ва у тез орада хориждан қайтади. Шундан сўнг у Н. Қодированинг уйига танда қўйиб қолади. Табиийки, бундай узлуксиз “учрашув”лар оқибатида ўртадаги муносабатлар янада қуюқ тортади. Аммо орадан кўп ўтмай бошқа бир муаммо пайдо бўлади-ю, ўртадаги муносабатларга дарз кетади.

Гап шундаки, М. Омоновнинг ота­онаси уйлантириш тараддудига тушишгач, у икки ўт орасида қолади. Чунки ота-онанинг раъйини қайтариб бўлмайди, иккинчи томондан, Н. Қодировадан воз кечишнинг оқибати бундан-да катта можарони келтириб чиқариши тайин. Бунинг устига берунийлик “келин” билан ўрталаридаги сирнинг ошкор этилиши йигитнинг номини бадном этиши турган гап. Дарҳақиқат, ўйламай ташланган қадамнинг оқибати оғир ва асоратли кечмаслигига кафолат йўқ. Бунинг амалдаги ифодаси тез орада намоён бўлади.

М. Омоновнинг бошқа қизга унаштирилаётгани ҳақидаги хабарни эшитиб, Н. Қодирова қаттиқ жазавага тушади. У тутоққанча “ота-онангнинг олдига бориб, маҳалла раиси ва профилактика инспекторини чақираман. Бор ҳақиқатни айтиб, тўйингни бузаман, бутун элга шарманда қиламан, ножўя ҳолатдаги видео тасвирларингни интернет тармоғига жойлайман” дея ўдағайлади. Сўнгра “ҳомиладор” эканини ҳам пеш қилади. Бундай таҳдидлардан М. Омонов қаттиқ қўрқувга тушади ва аёлдан “Нима қилсам сендан қутуламан?” деб сўрайди.

Бунга жавобан Н. Қодирова нақд 200 миллион сўм берса, ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтади. Аммо М. Омонов бундай катта миқдордаги маблағни беришга имкони йўқлигини маълум қилади. Бундан жаҳли чиққан Н. Қодирова М. Омоновнинг отаси Каримбой Ҳожиевга телефон қилиб, ўзи билан ўғли ўртасида “олди-берди” борлигини билдиради. Бу гапни эшитиб, эсанкираб қолган ота дарҳол Н. Қодированинг олдига етиб келади. Аёл ундан М. Омоновнинг 200 миллион сўмлик қарзини тўлашни талаб қилади.

Иложсиз қолган ота унга 10 миллион сўм беришга мажбур бўлади. Лекин Н. Қодирова бунга кўнмайди ва М. Омоновга таҳдид қилишда давом этади.

Ўзаро келишувга кўра, ўтган йилнинг 9 апрель куни М. Омонов ва Н. Қодирова Урганч шаҳридаги “Тўмарис-Нур” гипермаркети биноси олдида учрашишади. М. Омонов Н. Қодировага 9 минг АҚШ доллари ва 1 миллион сўм беради. Н. Қодирова пулни санаётганда ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинади. Шундан сўнг унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Яқинда ушбу жиноят иши судда кўриб чиқилди. Суд Н. Қодировани Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” бандига асосан айбдор деб топиб, унга 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Халқимиз доно, оқила, ҳаёли, иффатли, ҳалол ва пок фазилатли аёлларни бошига кўтаради, азиз ва мукаррам хилқатга менгзайди. Улар орасида ўзининг намунали хулқ-атвори, садоқат ва матонати, жасорати, фидоийлиги, меҳнатсеварлиги, ватанпарварлиги, фарзанд ва оиласеварлиги билан бутун элга довруғ таратаётган, ном қозонаётганлар жуда кўп. Афсуски, ҳаётда баъзан аёллик шаънини топтаётган, макру ҳийла орқали ўзгалар йўлига тузоқ қўяётган, ҳаётига рахна солаётган кимсалар ҳам учраб туради. Товламачилик жиноятига қўл урган Н. Қодирова ҳам ўз қилмиши билан аёллик шаънига доғ туширди.

Шу ўринда жарбланувчига айланган М. Омоновнинг тутган йўлини ҳам оқлаб бўлмаслигини таъкидлаш жоиз. Чунки у бошиданоқ ўткинчи ҳою-ҳавасларга берилиб, нопок йўлга кирмаганда, бу ташвишларга гирфтор бўлмасди. Бу эса, ўз навбатида, ҳалоллик, ҳаё, садоқат ва ор-номус каби инсоний туйғуларнинг нақадар юксак экани, беҳаёлик, қинғирлик ва баднафслик охир-оқибат кишини бадном этишини кўрсатади. Бинобарин, бу бошқалар учун сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас.

Муродбек ҲАСАНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Урганч шаҳар судининг раиси,

Абдулла СОБИРОВ,

журналист

photo_2024-07-22_15-23-49

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДА ОНАНИНГ ЎРНИ

Аввало шуни айтиш керакки, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 78-моддасига биноан бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлиқ ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир. Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза этилади.

Бола тарбияси ҳақида фикр юритганда, бу жараёнда онанинг ўрни беқиёс эканини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шу боис судларда фарзандни олиб бериш билан боғлиқ ишларда онага устуворлик берилиши ҳам халқимизга хос эзгу қадриятларга асосланади.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Муслим Маматов ва Муножатхон Юсупова 2015 йил 12 ноябрда қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қуришган.

Аввалига эр-хотин ва қуда-андаларнинг муносабатлари жуда яхши, ҳамма ҳавас қилгудек бўлган. Чунки ёш келин-куёв бир-бирини тушуниб, қайнона ва қайнотаси уларга тўғри йўл кўрсатган ҳолда яшаб келишган.

Биргаликдаги турмушларида 2017 йил 27 июнда Ҳаётбек Иномжонов ҳамда 2020 йил 24 мартда Диёрбек Иномжонов исм-шарифли ўғилли бўлишган.

Аммо орадан йиллар ўтгач, оиладан тинч-тотувлик ва файзу барака кўтарилди. Бунга М. Маматовнинг тўю-тантаналарда ҳофизлик қилиши сабаб бўлган. Яъни у тўй ва маросимларда кўп ичадиган одат чиқарган.

Оқибатда бу хонадон жанжалнинг уясига айланади. Бинобарин, оиласини сақлаб қолишга кўзи етмаган М. Юсупова 2023 йил апрель ойида фарзандларини олиб, ота уйига кетиб қолади. Шундан буён улар бирга яшашмаган.

2023 йил август ойида М. Маматов фарзандларини дам олиш кунларини бирга ўтказиш учун ўз уйига олиб кетади. Бироқ шундан сўнг Ҳаётбек ва Диёрбекни онасига қайтармайди. Шу боис М. Юсупова фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, фарзандларини ўз тарбиясига қайтариб олиб беришни сўрайди.

– М. Маматов тўйлардан маст ҳолда келиб, болаларимни ҳақорат қилар экан. Қолаверса, отаси тўйга кетган пайтда қаровсиз қолиб кетишган, — деди М. Юсупова суд жараёнида.

Шу ўринда қонун талабига эътибор қаратсак, амалдаги Оила кодексининг 75-моддасида “Ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганини, боланинг ёшини, ота­онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота­онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олади”, дея қайд этилган.

Бинобарин, суд даъвони қаноатлантириб, Ҳаётбек ва Диёрбек Иномжоновларни отаси М. Маматовдан онаси М. Юсупова тарбиясига олиб бериш хусусида ҳал қилув қарори чиқарди. Лекин жавобгар М. Маматов суд қароридан норози бўлиб, кассация шикояти билан мурожаат қилди.

Айтиш керакки, Фуқаролик кодексининг 21-моддасига кўра, ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганларнинг (кичик ёшдаги болаларнинг) ёки васийликда бўлган фуқароларнинг қонуний вакиллари – ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки васийлари яшайдиган жой вояга етмаганлар ёки васийликда бўлган фуқароларнинг яшаш жойи ҳисобланади. Ушбу қонун талабидан келиб чиққан биринчи инстанция суди Ҳаётбек ва Диёрбек ёш бўлгани боис онанинг ғамхўрлиги ва эътибори кўпроқ зарурлиги, улар онасининг қарамоғида камолотга етиши мақсадга мувофиқлигини инобатга олиб, М. Маматовнинг фарзандларини аёлининг қарамоғига қайтаришга тўсқинлик қилганлигини танқидий баҳолаган ҳолда даъво талабини қаноатлантириб асосли хулосага келган.

Олий суди Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Болалар тарбияси билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, суд ота ёки онанинг боласининг тегишлича, тарбиясини таъминлай олиш имкониятлари, ота ёки онанинг боласи билан ўзаро муносабатлари хусусиятлари, боланинг ўз ихтиёрида бўлган шахсларга қанчалик кўнгил қўйгани ва бошқа муайян ҳолатларни эътиборга олади.

2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорида ҳам ваколатли органлар (шахслар) боланинг манфаатига тааллуқли масалани ҳал қилишда боланинг энг устун манфаатларини назарда тутувчи қарор қабул қилиши шартлиги белгиланган.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Ёзёвон тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг 2024 йил 5 февралдаги хулосасида Ҳаётбек ва Диёрбек Иномжоновларни онасининг уйида парвариш қилиш учун барча шароитлар мавжудлиги, фарзандларни онасига олиб бериш учун тўсқинлик қилувчи омиллар мавжуд эмаслиги қайд этилган. Ана шу асосларга таянган Фарғона вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, боланинг ўсиб-улғайишида она меҳри ва тарбияси муҳим аҳамиятга эга. Миллий қонунчилигимизда ана шу ҳаётий қоиданинг ўз ифодасини топгани она ва бола манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Бузрукхон АБРОРОВ,

Фарғона вилояти

суди судьяси

#thegov_button_69e41f55ef0a7 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69e41f55ef0a7:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69e41f55ef0a7 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69e41f55ef0a7:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!