ОЛИЙ СУДДА “ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ”

Яккасарой туманидаги бир гуруҳ фаол ёшлар Олий судга ташриф буюришди.
Бундан кўзланган асосий мақсад — ёшларни мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизими фаолияти билан яқиндан таништириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қонунийлик ва адолат тамойилларига ҳурмат руҳида тарбиялашдан иборат бўлди.
Тадбирда Олий суд раҳбарияти, масъул ходимлар ҳамда Яккасарой тумани мутасаддилари иштирок этди.
Дастлаб ёшлар Олий суд биносида самимий кутиб олинди. Шундан сўнг улар суд мажлислари зали билан таништирилди.
Шунингдек, ёшлар Олий суд Пленумининг фаолияти, Пленум залида қабул қилинадиган қарорларнинг аҳамияти ва ҳуқуқий кучига доир батафсил маълумотларга эга бўлдилар.
Ёш волонтёрлар Олий суд музейига ташриф буюриб, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимининг шаклланиши, тарихий босқичлари ҳамда соҳада хизмат қилган фидойи инсонлар ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлдилар.
Айниқса, Олий суд раҳбариятининг Яккасарой тумани фаол ёшлари билан очиқ мулоқоти меҳмонларга унутилмас таассурот бахш этди.
Мулоқот давомида ёшларга Олий суд фаолиятига оид тақдимот ўтказилиб, унинг доирасида ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, адолатли жамият барпо этишда ёшларнинг ўрни ва масъулияти, шунингдек, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Олий суд раҳбарияти билан бўлиб ўтган самимий учрашувда ёш волонтёрлар томонидан берилган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди ҳамда келгусида бундай тадбирларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Ташриф сўнгида меҳмонлар ва мезбонлар биргаликда дарахт экдилар. Бу эса нафақат табиатга меҳр, балки келажакка бўлган масъулият ифодасидир.
“Яккасарой ёшлари” волонтёрлар гуруҳи аъзоларининг Олий судга бугун қилган ташрифи уларнинг ҳуқуқий дунёқарашини кенгайтириш, суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга, қонунга ҳурмат ва адолатга ишонч туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

