Click to listen highlighted text!

АСОССИЗ АЙБЛОВ СУД ТОМОНИДАН РАД ЭТИЛДИ, ШАХС ОҚЛАНДИ

photo_2026-09-07_11-06-39

Инсон шаъни, қадр-қиммати ва обрўси — ҳар қандай ҳуқуқий давлатда энг устувор қадрият саналади. Айниқса, шахсга нисбатан жиноий айблов қўйилаётганда, ҳар бир сўз, ҳар бир ҳужжат, ҳар бир гувоҳ кўрсатмаси ва ҳар бир далил синчковлик билан текширилиши шарт.

Чунки асоссиз айблов нафақат инсоннинг ҳуқуқий мақомига, балки унинг оиласи, иш фаолияти, жамоадаги обрў-эътибори ва руҳий ҳолатига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатади.

Шу ўринда фикримизни ҳаётий мисол асосида давом эттирадиган бўлсак, Зомин тумани ҳокимлиги молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўлими бош мутахассиси Муҳаммадали Ибодуллаев кутилмаганда тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “а” банди ва 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди ва жиноят иши судга ўтказилди.

Аниқроқ айтсак, М. Ибодуллаев туман ҳокимлиги томонидан “Халқ депутатлари Зомин тумани совети ижроия комитети” номидан расмийлаштирилган 1988 йил 31 мартдаги 68а/3-сонли ҳамда 1991 йил 10 апрелдаги 286 к-сонли қарорлар фуқаролар қўлида қолиб кетган, деган важ билан 2024 йил 8 июль ва 2024 йил 9 августда давлат архивига топшириш тўғрисида қалбаки далолатномалар тайёрлаганликда айбланган.

Далолатномаларда туман ҳокими ўринбосари С. Маҳмадиёров (гувоҳларнинг исм-шарифлари ўзгартирилди) номидан сохта имзо қўйган.

Қисқаси, у хизмат мавқеидан фойдаланиб, туман ҳокими муҳрини босган ва қалбаки далолатномаларни Ш. Рашидов тумани давлат архивига топширган.

Тергов органи М. Ибодуллаев ушбу сохта далолатномалар орқали 1988 йил 31 мартдаги 68а/3-сонли ҳамда 1991 йил 10 апрелдаги 286 к-сонли қарорларни давлат архивига киритишга эришган, кейинчалик эса, бу ҳужжатлардан ер майдонига эгалик қилиш ёки архив маълумотларини олиш мақсадида фойдаланишни кўзлаган, деган хулосага келган.

Албатта, тергов органининг бундай тўхтамга келишига бир тарафдан қараганда асос ҳам бор эди. Чунки 1991 йил 10 апрелдаги 286 к-сонли қарорда М. Ибодуллаевнинг отаси А. Маматқулов исм-шарифи қайд этилганди. Шундан келиб чиққанда, айбланувчи келгусида “Дуоба” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 8 сотих ер майдонига эгалик қилишни мўлжаллаган. Чунки давлат хизматлари маркази орқали архив маълумотларини олишда ушбу ҳужжатлардан фойдаланиш мақсадида уларни архивга топширишга эришган.

Кўриниб турибдики, М. Ибодуллаевга нисбатан эълон қилинган айблов жиддий. Чунки расмий ҳужжатни қалбакилаштириш ёки ундан била туриб фойдаланиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади. Аммо суд асосий эътиборни айбловнинг оғирлигига эмас, балки унинг ишончли ва мақбул далиллар билан тасдиқланганига қаратди.

Суд мажлисида М. Ибодуллаев ўзига қўйилган айбловни рад этди. У далолатномаларни тайёрламагани, уларни кўрмагани, С. Маҳмадиёровнинг имзосини сохталаштирмаганини таъкидлади. Бунинг устига у далолатномаларни давлат архивига топширмагани, архив ходимларини танимаслигини билдирди.

Судда маълум бўлишича, ҳокимлик муҳри баъзан фуқаролар оворагарчилигининг олдини олиш мақсадида ҳоким ўринбосари ёки бошқа масъул ходимларда вақтинча сақланган. Бироқ муҳр буйруқ асосида айнан М. Ибодуллаевнинг номига сақлаш учун берилмаган. Айбловда қайд этилган ер майдони ёки қарорлар ҳақида у тергов жараёнида хабар топган.

Суд жараёнида Шароф Рашидов тумани давлат архиви директори қарорлар 2024 йилда архивга топширилгани, аммо уларни айнан ким олиб келганини эслай олмаслигини билдирди. У М. Ибодуллаевни олдин кўрмаган, танимайди, ҳужжатларни архивда сақлашни у илтимос қилмаган.

Туман ҳокимлигида ишловчи айрим гувоҳлар далолатномалардаги баъзи имзолар ўзларига тегишли эканини тасдиқлаган бўлса-да, уларнинг ҳеч бири М. Ибодуллаев ҳоким ўринбосари имзосини сохталаштиргани, ҳокимлик муҳрини босгани ёки ҳужжатларни архивга топширганини кўрмаган. Хусусан, ҳоким ўринбосари С. Маҳмадиёров далолатномалардаги имзо ўзига тегишли эмаслигини қайд этаркан, ушбу имзони ким сохталаштирганини билмаслигини таъкидлади. М. Ибодуллаевнинг далолатномаларни расмийлаштиргани ёки олиб юрганини кўрмаган.

Суддаги кўрсатмалар, гувоҳи бўлганингиздек, айбловни тўлиқ тасдиқлаш ўрнига, аксинча, муҳим саволларни очиқ қолдирди: имзони ким қўйган, муҳрни ким босган, далолатномаларни архивга ким топширган? Бу ҳаракатларда М. Ибодуллаевнинг аниқ иштироки нимада кўринади?

Суд иш материалларини таҳлил қилар экан, дастлабки тергов органи айбловни асослашда асосан гувоҳ Б. Саимовнинг кўрсатмаси ва 1991 йилдаги қарорда М. Ибодуллаевнинг отаси номи қайд этилганига таянган, деган қатъий тўхтамга келди. М. Ибодуллаевнинг отаси А. Маматқулов билан боғлиқ тафсилотдан юқорида хабардор бўлгандингиз. Энди туман ҳокимлиги бош мутахассиси Б. Саимовнинг кўрсатмасига тўхталадиган бўлсак, гувоҳнинг айтишича, далолатномалардан бирини унга М. Ибодуллаев имзо қўйдириш учун олиб кирган. Аммо иккинчи далолатномани ким олиб кирганлигини эслай олмайди.

Мазкур ишда тергов органи М. Ибодуллаев келгусида ер майдонидан манфаатдор бўлиш мақсадида ҳужжатларни архивга топширган, деган тахминий хулосага келган. Аммо ушбу мақсадни тасдиқловчи аниқ далил суд муҳокамасида ўз тасдиғини топмади. Ўз навбатида, ҳужжатда айбланувчининг отаси номи борлиги ўз-ўзидан унинг қалбакилаштиришда иштирок этганини билдирмайди. Бу ҳолат қўшимча текширув, ишончли далил ва ҳуқуқий боғлиқлик талаб қилади.

Иш бўйича ўтказилган хатшунослик экспертизаси далолатномалардаги С. Маҳмадиёровнинг имзоси, ҳақиқатан ҳам, бошқа шахс томонидан қўйилганини тасдиқлади. Техник-криминалистик экспертиза эса, далолатномадаги муҳр изи Зомин тумани ҳокимлигининг юмалоқ муҳри изи билан бир хил эканини кўрсатди.

Бироқ бу хулосалар М. Ибодуллаевнинг айбдорлигини исботламайди.

Чунки экспертизада имзо, ҳақиқатан ҳам, С. Маҳмадиёровга тегишли эмаслиги тасдиқланган бўлса-да, уни айнан ким қўйгани аниқланмаган.

Худди шунингдек, муҳрни айнан М. Ибодуллаев босгани исботланмай қолган.

Суд айнан шу нуқтага эътибор қаратди: тергов органи томонидан имзони ким сохталаштирган, далолатномалардаги ёзувлар кимга тегишли экани ва ҳужжатларни архивга ким топширгани аниқланмаган. Жиноят ишида “кимдир сохталаштирган” деган умумий хулоса етарли эмас. Айблов аниқ шахснинг аниқ ҳаракати билан боғланиши лозим. Акс ҳолда, шахсни жиноий жавобгарликка тортиш қонун талабларига зид бўлади.

Ишнинг яна бир муҳим ҳуқуқий жиҳати — 2024 йил 8 июль ва 9 августдаги далолатномалар жиноят қонуни нуқтаи назаридан “расмий ҳужжат” ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслиги масаласи бўлди. Негаки, Жиноят кодексининг 228-моддаси бўйича жавобгарлик юзага келиши учун қалбакилаштирилган ҳужжат муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод қиладиган расмий ҳужжат бўлиши талаб этилади.

Суд ушбу далолатномаларнинг ҳуқуқий табиатини таҳлил қилиб, улар фақат ҳужжатларни давлат архивига топшириш ҳолатини қайд этувчи йўлланма хат ёки ахборот-ҳисобот хусусиятига эга эканини қайд этди.

Улар мустақил равишда шахсга муайян ҳуқуқни бермайди, уни бирор-бир мажбуриятдан озод қилмайди ва бевосита ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди. Шу сабабли, суд ушбу далолатномалар Жиноят кодексининг 228-моддасида назарда тутилган жиноят предметини ташкил этмайди, деган хулосага келди.

Бу ҳуқуқий хулоса ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Чунки агар ҳужжат қонун нуқтаи назарида расмий ҳужжат сифатида баҳоланмаса, уни қалбакилаштириш бўйича айблов ҳам тегишли ҳуқуқий асосини йўқотади.

Жиноят ишида 1988 йил 31 мартдаги 68а/3-сонли ва 1991 йил 10 апрелдаги 286 к-сонли қарорлар ҳам тилга олинганидан хабарингиз бор.

Тергов органи улар архивга киритилиши орқали келгусида ер майдонига эгалик қилиш имконияти юзага келиши мумкин, деган фикрни илгари сурган.

Бироқ ушбу қарорларнинг қалбакилаштирилгани М. Ибодуллаевга қўйилган айбловнинг ўзаги сифатида кўрсатилмаган. Қолаверса, ушбу қарорларнинг ҳақиқий ёки қалбаки эканлиги бўйича тегишли экспертиза тайинланмаган, уларнинг қонунийлиги, ҳаққонийлиги ва ҳуқуқий мақоми ҳар томонлама текширилмаган.

Бундан ташқари судда 1991 йил 10 апрелдаги 286 к-сонли қарор асосида бошқа фуқароларга ҳам ер участкалари бўйича кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилгани маълум бўлди. Бу эса, айбловнинг “фақат шахсий манфаат учун қилинган” деган хулосасини янада шубҳа остига қўйди.

Ваҳоланки, айблов ҳукми тахминларга асосланиши мумкин эмас. Ҳар қандай шубҳа-гумон бартараф қилиниши, қарама-қаршиликлар текширилиши, фақат ишончли далиллар асосида ҳуқуқий хулоса чиқарилиши лозим.

Суд Жиноят-процессуал кодексининг ушбу муҳим талабларига таянди.

Унга кўра, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширилди. Суд айблов материалларини таҳлил қилиб, М. Ибодуллаев далолатномаларга муҳр босгани, имзони сохталаштиргани ёки ҳужжатларни архивга топширганини тасдиқловчи рад этиб бўлмайдиган далиллар мавжуд эмас, деган хулосага келди. Шу билан бирга, айблов хулосасида ишлатилган айрим ибора ва хулосалар айблов йўналишида тузилгани, ҳақиқий ҳолатдан йироқ экани суд томонидан қайд этилди. Натижада М. Ибодуллаев қилмишида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги ва жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли оқланди.

Оқлов ҳукми — бу шунчаки айбланувчини жазодан озод қилиш эмас, балки инсоннинг айбсизлиги давлат номидан эътироф этилиши, унинг ҳуқуқлари тикланиши ва асоссиз айблов оқибатларини бартараф этиш йўли очилишидир. Зеро, ҳуқуқий давлатда энг муҳим қоида шу: инсон фақат айби қонунда белгиланган тартибда, ишончли далиллар асосида исботланган тақдирдагина жавобгар бўлади. Акс ҳолда, ҳар қандай шубҳа инсон фойдасига ҳал этилиши шарт.

Хулоса қилиб айтганда, ҳақиқат суд залида қарор топди. Оқлов ҳукми инсон ҳуқуқлари ва адолатли судлов кафолати сифатида янгради.

Тўлқин ЭШОНҚУЛОВ,

жиноят ишлари бўйича

Янгиобод тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

#thegov_button_6a9e946d98e7c { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a9e946d98e7c:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a9e946d98e7c { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6a9e946d98e7c:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); }
Skip to content Click to listen highlighted text!