1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2026-08-10_17-52-48

СИЗНИНГ МУРОЖААТИНГИЗ – СУД ЭЪТИБОРИДА

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифалардан бири — аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни тизимли равишда йўлга қўйишдан иборат. Мазкур йўналишда суд органлари фуқаролар билан бевосита мулоқотни таъминлаш, аҳоли мурожаатларини атрофлича ўрганиш, келиб тушган ариза ва шикоятларни қонунчилик талаблари асосида ўз вақтида кўриб чиқиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш ҳамда суд ҳокимияти билан аҳоли ўртасидаги очиқ мулоқотни янада кучайтириш мақсадида Олий суд ва Судьялар олий кенгаши раҳбарияти томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолиси учун оммавий сайёр қабул ўтказилди.

Унда Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят судлари раҳбарияти, судьялар ҳамда масъул ходимлар ҳам иштирок этиб, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳар бир масалага аниқ ҳуқуқий ечим топишга алоҳида эътибор қаратилди.

Сайёр қабул фуқаролар учун қулай шаклда ташкил этилди. Мурожаатчилар суд органлари раҳбарияти билан юзма-юз мулоқот қилиб, ўзларини қийнаётган масалаларни бевосита баён қилиш имкониятига эга бўлди.

Тадбир давомида 854 та иш бўйича 1279 мурожаатчи қабул қилинди.

403 та шикоят (ариза) қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун кабул килиниб, 410 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди.
 
Мурожаатларнинг 41 таси қабул жараёнининг ўзида ижобий ҳал этилди.

Сайёр қабуллар аҳоли билан давлат органлари ўртасидаги мулоқотни янада мустаҳкамлаш, фуқароларни қийнаётган муаммоларга қонунний ечим топиш ҳамда суд органлари фаолиятининг очиқлиги ва самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Read More
photo_2026-07-31_17-17-07

ОЛИЙ СУДДА “МАЪРИФАТ СОАТИ”

Бўлиб ўтган «Маърифат соати» ўзининг ғоявий моҳияти ва кўлами билан алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Зеро, тадбир бевосита давлатчилигимиз асосларини, маънавиятимизни, юксак ватанпарварлик туйғуларини ҳамда миллий қадриятларимизни янада мустаҳкамлашдек улуғвор мақсадларга қаратилди.

Сабаби, маънавият ва маърифатга бағишланган галдаги мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси — Спичрайтер Хайриддин Султонов иштирок этди.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси ва давлат арбоби Х. Султонов ўзининг давлат хизмати йўлидаги кўп йиллик фаолияти ҳамда ижодий хотираларидан сўзлаб, бугунги куннинг долзарб маънавий-маърифий масалалари, миллий давлатчилигимиз ва юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Маълумки, ижодкорнинг барча асарларида тарихий хотира, инсон қадри ва миллий ғурур мавзулари етакчи бўлиб келмоқда.

Республиканинг барча судлари жамоалари иштирок этган тадбирда муаллифнинг асарлари, уларнинг бадиий, тарихий қиймати ва аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди. Иштирокчилар муаллифнинг ҳаётий йўли ва ижодий фаолияти юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Ватанимизнинг буюк сиймолари Амир Темур, Захириддин Мухаммад Бобур ҳам тилга олиниб, уларнинг тарихий мероси ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, судья ва суд ходимлари билан бўлган мулоқот чоғида муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилаётган “Инсон қадри учун” тамойили, энг аввало, адолатли суд тизими, қонун устуворлиги ва виждонли судьяларни талаб этиши қайд этилди.

Таъкидланганидек, судья ҳам, адиб ҳам – сўз масъулиятини зиммасига олган касб эгалари. Ёзувчининг сўзи қалбга таъсир қилса, судьянинг сўзи тақдирга дахл қилади.

Мулоқот якунида бундай маърифий тадбирларнинг мунтазам ўтказиб борилиши суд тизими ходимларининг касбий билими билан бир қаторда, уларнинг маънавий-маърифий салоҳиятини оширишга, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билдирилди.

Read More
photo_2026-07-29_09-06-25

ҲАМКОРЛИК МЕМОРАНДУМИ ИМЗОЛАНДИ

Бугун Олий суд ва Ёшлар ишлари агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Имзолаш маросимида маълум қилинганидек, суд тизимида 1 905 нафар ёки 42 фоиз ёшлар ўз меҳнат фаолиятини олиб бормоқда.

Тадбирда ёшларнинг манфаатларини таъминлаш ва уларга кенг имкониятлар яратиш ҳурматли Президентимизнинг энг устувор ва доимий эътибордаги сиёсати эканлиги таъкидланиб, бу вазифаларни Олий суд ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида амалга оширилиши ҳамда бу борада юқори натижаларга эришишга ишонч билдирилди.

Бугун имзоланган меморандум ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ёшлар ўртасида қонун устуворлиги ва одил судлов тамойилларига ҳурматни шакллантириш, суд ҳокимиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, ёшларнинг суд-ҳуқуқ тизимига бўлган қизиқишини ошириш ҳамда уларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, бу борадаги асосий йўналишларни белгилаб бермоқда.

Хусусан, судлар томонидан кўрилаётган ишлар юзасидан амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ сайёр суд мажлисларини ташкил этиб, уларга ёшларнинг кенг жалб қилишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу билан бирга ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти даражасини юксалтириш, фуқаролик позициясини ривожлантириш, шунингдек, халқаро даражадаги лойиҳаларда иштирок этиш учун тайёрлаш мақсадида барча ҳудудларда “Адолат” дебат гуруҳларини ташкил этиш белгиланди.

Маросим якунида қайд этилганидек, билимли, истеъдодли ва шижоатли ёшлар – мамлакатимизнинг энг катта бойлиги ва ёруғ истиқболи гаровидир. Имзоланган меморандум эса чинакам шериклик белгисига айланиб, ёшларимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Меморандумни Олий суд раиси Робахон Махмудова ва Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев имзоладилар.

Read More
photo_2026-07-27_11-22-54

ЗАКОВАТ – ЗИЙРАКЛИК ВА ҲАМЖИҲАТЛИК БАЙРАМИ

25 июль – Судьялар ва суд аппарати ходимлари фаровонлиги халқаро куни муносабати билан “Заковат” интеллектуал клубида Олий суд ва вилоят судларининг жамоалари ўз билим ва маҳоратини синовдан ўтказди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Н. Хакимова, Олий суди раиси Р. Махмудова, Судьялар олий кенгаши раиси Х. Ёдгоров судья ва суд аппарати ходимларини байрам билан муборакбод этиб, уларнинг саломатлиги, руҳий хотиржамлиги ҳамда муносиб меҳнат шароитларига эга бўлиши Давлатимиз раҳбарининг эътиборида эканлигини алоҳида таъкидладилар.

Интеллектуал ўйин қатнашчилари вилоят босқичида ўзининг топқирлиги билан ғалаба қозониб, республика босқичидаги беллашувда куч синашди.

Қизғин ва кескин беллашувда юксак билим ва заковат кўрсатиб, 3 та жамоа ғолибликни қўлга киритди:

1-ўрин – Қорақалпоғистон Республикасининг «Арал» жамоаси;

2-ўрин – Навоий вилоятининг «Туркистон» жамоаси;

3-ўрин- Наманган вилоятининг «Триумф» жамоаси.

Интеллектуал беллашув ўйин иштирокчиларига суд залларининг жиддий муҳитидан бир нафас чиқиб, ҳамкасблар билан янада яқинлашиш ва тажриба алмашиш имконини берди.

Read More
photo_2026-09-15_11-26-43

ИСМИ – ҲАЛИМА, ТАҚДИРИ – МАТОНАТ ТИМСОЛИ

Инсон умрининг қадри унинг қандай яшагани, кимларга яхшилик қилгани ва ўзидан қандай из қолдирганида намоён бўлади. Ўзини ва ўзлигини англашга интилган киши бир саволга жавоб излайди: умрнинг моҳияти нимада?

Умр – гоҳ равон, гоҳ ўнқир-чўнқир йўллардан ўтадиган сафар. Бу йўлда инсон ҳар қадамда ўз виждони билан юзлашади. Қийинчилик қаршисидаги саботи, ўзганинг дардига эътибори ва ҳақиқатни ҳимоя қилишдаги жасорати унинг кимлигини намоён этади.

Инсоннинг ҳақиқий бойлиги – пок виждони, ҳалол меҳнати, одамларга кўрсатган меҳри ва ҳақиқат йўлидаги жасоратидир. Ана шу маънавий бойлик умрга мазмун бағишлайди.

Эзгуликка бағишланган бир кун ҳам одамлар хотирасида йиллар давомида яшаши мумкин.

Бурчга садоқат ва зиммасидаги масъулиятни виждонан адо этиш инсонни улуғлайди. Адолат тарозисини тўғри тутиш масъулияти юкланган киши учун бу фазилатлар бутун ҳаётнинг бош мезонидир.

Зеро, ҳар бир суд қарори ортида инсон тақдири, унинг орзу-умидлари, шаъни ва қадр-қиммати туради. Одил қарор инсоннинг ҳақ-ҳуқуқини тиклаш билан бирга, одамларнинг адолатга бўлган ишончини ҳам мустаҳкамлайди.

Умрини ана шундай масъулиятли ва шарафли хизматга бағишлаган матонатли аёл – Ҳалима Қодировна Муҳитдинова ҳақида ҳикоя қиламиз.

У кишининг ҳаёт йўлида адолатга садоқат, метин ирода ва инсонга меҳр бир-бирини тўлдириб, ибратли бир тақдирни яратган.

Бу улкан тақдирнинг маънавий илдизларини теранроқ англаш учун қаҳрамонимиз туғилиб ўсган заминга, уни улғайтирган оила ва муҳитга назар ташлаш лозим. Зотан, инсон қалбидаги эзгуликнинг илк уруғлари она юрт тупроғида, ота-она меҳри ва тарбияси билан униб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси архивида сақланаётган Ҳалима Муҳитдинованинг шахсий йиғмажилдида 1953 йил 9 июлда рус тилида ўз қўли билан ёзган таржимаи ҳоли мавжуд.

Унда қаҳрамонимизнинг 1916 йил 1 январда Наманган вилояти Уйчи туманининг Бирлашкан қишлоғида туғилгани қайд этилган. 

Шу ўринда Ҳалима опанинг ушбу таржимаи ҳоли оддий бир маълумот эмас, балки қаҳрамонимизнинг машаққатли болалиги, ўта оғир дамлардаги масъулияти, билимга интилиши ва юксак давлат лавозимларигача босиб ўтган шарафли йўлини ўз овози орқали ҳикоя қилувчи бебаҳо тарихий ҳужжат эканлигини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз.

Ҳалима Муҳитдинованинг осон кечмаган шарафли ҳаёт йўли, самарали меҳнат фаолиятини холис ва ҳаққоний ёритиш, энг муҳими, у кишининг юксак инсоний фазилатлари, бошқаларга кўрсатган меҳру-муҳаббати, одамийлиги, ғамхўрлиги ва ниҳоятда баланд интеллектуал салоҳиятининг илдизларини излаб топиш ва теранроқ англаш мақсадида, Опа туғилиб ўсган юртга йўл олдик.

Наманган вилояти, Уйчи туманининг Ғайрат қишлоғига шу йил 22 июль куни эрта тонгда етиб бордик. Аҳоли тилида айни пайтда Наримонов участкаси деб юритиладиган бу қишлоқ илгари Бирлашкан қишлоғи деб аталган.

Опа туғилиб ўсган қишлоқда бўлганимизда, матонатли бу аёлни нафақат қавму-қариндошлари, балки қишлоқ аҳолисининг жуда кўпчилиги яқиндан билиши, у кишининг номини чексиз ҳурмат ва самимий ифтихор билан тилга олишининг гувоҳи бўлдик ва бундан ниҳоятда қувондик.

Ҳалима опа ҳақида сўз очилиши билан суҳбатдошларимизнинг кўзларида аллақандай чақин, юзларида илиқлик пайдо бўлар, гўзал хотиралари тилларига кўчгани сайин, мана шундай ҳурматли бир инсон билан бир қишлоқда туғилиб ўсганликлари улар учун қанчалик фахр эканини чуқур ҳис этиб борардик.

Зеро, инсоннинг асл тийнатини фақат эгаллаган лавозимлари, ижтимоий ҳаётда эришган ютуқлари ёки унга берилган китобий таърифлар белгилаб бера олмайди.

Унинг ким экани, аввало, ўзи туғилиб ўсган юрт, бирга улғайган инсонлар, меҳри ва ғамхўрлигини ҳис этган яқинлари берадиган баҳода намоён бўлади.

Шу маънода, ғайратлик юртдошларининг хотиралари Опанинг нафақат юксак салоҳиятли ҳуқуқшунос ва фидойи раҳбар, балки оқибатли қариндош, меҳрибон қишлоқдош ва камтар инсон бўлганини ёрқин очиб берди.

Ҳалима Муҳитдинова ҳаётининг салмоқли қисми пойтахт Тошкент шаҳрида ўтган. Камдан-кам инсонларга насиб этадиган турли масъулиятли лавозимлар:

Ўзбекистон Коммунистик Партияси Марказий қўмитаси котиби;

Ўзбекистон ССР Адлия вазири ўринбосари;

Ўзбекистон ССР Олий суди раиси ўринбосари;

Ўзбекистон ССР Олий суди раиси каби вазифаларда самарали фаолият юритган.

Бир сўз билан айтганда, серташвиш хизмат фаолияти ва катта шаҳар ҳаёти уни тақдир тақозоси билан туғилиб ўсган қишлоғидан анча олисга олиб кетган. Аммо бу олис масофа унинг оловқалби билан она қишлоғи ўртасидаги боғлиқликни заррача сусайтиролмайди.

Ҳалима опа учун Наримонов қишлоғи шунчаки бир туғилган манзил эмас, балки болалиги, илк орзулари, ота-она меҳри ва инсон сифатида шаклланишининг мустаҳкам илдизлари мужассам бўлган муқаддас маскан эди. Ҳалима опа умрининг охиригача қишлоғидан “қадами узилмагани” ҳам айнан шу садоқатнинг ёрқин ифодасидир.

Опа қанчалик юксак мансаб ва мартабаларга эришмасин, қандай масъулиятли лавозимларда ишламасин, ўзининг оддий қишлоқ фарзанди эканини ҳеч қачон унутмаган. Қавму қариндошлари билан алоқаларини сақлайди, қишлоқдошларига меҳр ва эътибор кўрсатади, туғилиб ўсган юртига бўлган муҳаббатини бир умр қалбида авайлаб келади.

Аслида, инсоннинг ҳақиқий юксаклиги фақат унинг қанчалик баланд лавозимларга кўтарилгани билан эмас, балки ўшандай мансабларда туриб ҳам, ўзининг тарихий илдизларига қандай муносабатда бўлгани билан ҳам ўлчанади. Ҳалима Муҳитдинованинг ҳаёт йўли шу ҳақиқатнинг ҳаётий тасдиғидир: у мансаб ва мавқени элу халқидан узоқлашиш учун эмас, инсонлар билан меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлаш учун хизмат қилдирадиган имконият деб билган. Шунинг учун ҳам ғайратликлар уни бугунга қадар фақат машҳур қишлоқдоши сифатида эмас, балки ўзларидан ҳеч қачон узилмаган, меҳрини аямаган азиз инсон сифатида ёдга олишади.

Шу ўринда дунёга машҳур адиб Чингиз Айтматовнинг мазкур пурмаъно ҳикмати ёдга тушади: “дарҳақиқат, инсон туғилиб ўсган отаюртда тақдирга дастлаб пойдевор қўйилади. Муҳими – отаюртдан олган ва юқтирган нарсаларни қалб қўри билан илитиб, худди бол тўплаётган асалари мисоли юракка жойлаб олишинг керак.

Шубҳасиз, ҳар қандай инсоннинг дунёқараши бир кунда ёки бир йилда тўлиқ шаклланиб қолмайди: унинг қалбига муҳрланган қадриятлар, меҳнатга муносабати, бошқаларнинг дардига бефарқ бўлмаслик туйғуси, аввало, оила ва ўзи улғайган муҳит бағрида камол топади”.

Ҳалима опанинг умр йўли фақатгина ютуқ ва амалий натижалардан ёки эгалланган лавозимлардангина иборат эмас. Бу йўлда суронли даврнинг турли синовлари ҳам, тақдирнинг аччиқ имтиҳонлари ҳам, аёл қалбига оғирлик қиладиган ташвишлар ҳам бор эди. Аммо ҳаёт бу матонатли аёлни қанчалик синамасин, асло иродасини эга олмаган. Аксинча, ҳар бир машаққат Ҳалима Муҳитдинованинг бардошини мустаҳкамлайди, ҳар бир тўсиқ матонатини тоблаб боради, ҳар бир имтиҳон бу инсоннинг ҳақиқатга ва адолатга бўлган ишончини кучайтиради.

Инсон ҳаётида шундай бир ниҳоятда муҳим палла бўладики, унгача босиб ўтилган барча йўллар, енгиб ўтилган турли синовлар, орттирилган билим ва бой ҳаётий тажриба, гўёки, бир нуқтада бирлашади.

Ҳалима Муҳитдинова ҳаётида ҳам шундай бир ўта муҳим давр бор: Ҳалима опа болалигида кўп азоб-уқубатларни, айрилиқларни, ҳатто маълум бир муддат муҳтожликни ҳам бошидан ўтказган. Уруш йилларининг оғир синовларидан мардона яшаб ўтган.

Аммо буларнинг барчаси унинг ҳаётидаги энг масъулиятли давр – Ўзбекистон Олий суди раҳбариятидаги йигирма икки йиллик самарали фаолият учун катта ҳаёт мактаби вазифасини бажарган.

Бу масъулиятли йиллардан нақ ўн икки йили Олий суд раиси ўринбосари, кейинги ўн йили эса, Олий суд раиси сифатида кечган.

Шу ўринда бир ҳақиқатни алоҳида таъкидлаш лозим: Ҳалима Муҳитдинованинг Олий суддаги фаолияти ҳақида фикр юритишда “фидойи ишлади”, “катта ҳисса қўшди”, “юксак обрў қозонди” каби умумий, қуруқ гап-сўзларга таянишдан осони йўқ…

Лекин тарих умумий гапдан кўра далилни яхши кўради. Бахтимизга, бу далиллар керагидан ортиқчаси билан бор…

Ўзбекистон давлат архивида сақланаётган Ҳалима Муҳитдинованинг шахсий йиғма жилдида унинг Олий суддаги фаолиятига дахлдор юзлаб фармойишлар, буйруқлар, тавсифномалар, шахсий варақалар, таржимаи ҳоллар, хизмат сафарларига оид ҳужжатлар ва бошқа ноёб материаллар сақланиб қолган.

Сарғайган бу саҳифалар орадан ярим асрдан зиёд вақт ўтиб, бугун бир мўътабар инсон ҳақида сўзламоқда.

Давлат архивида сақланаётган энг муҳим тарихий ҳужжатлардан бири – 1960 йил 1 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиумининг 791-сон Фармонидир.

Унда шундай қарор қилинган: Олий Советнинг навбатдаги сессияси тасдиқлагунга қадар Ҳалима Кадировна Муҳитдиновага Ўзбекистон ССР Олий суди раиси ўринбосари вазифасини бажариш юклатилсин.

Мазкур Фармонга ўз даврининг машҳур раҳбар аёлларидан бири, таниқли давлат ва жамоат арбоби Ёдгора Насриддинова имзо чеккан.

Орадан ўн икки кун ўтиб, 1960 йил 13 декабрда Олий суд раиси вазифасини бажарувчи Ш.Усмановнинг 228-сон буйруғи чиққан. Ушбу ҳужжатга кўра, Ҳалима Муҳитдинова 1960 йил 6 декабрдан Ўзбекистон ССР Олий суди штатига раис ўринбосари лавозимида қабул қилинган.

Буйруқнинг ҳуқуқий асоси сифатида ҳам Олий Совет Президиумининг юқоридаги фармони кўрсатилган. Ташқаридан бир қарашда, бу икки ҳужжат Олий суд тизимида навбатдаги кадрлар тайинланишига оид расмий қоғоздек кўриниши мумкин.

Аслида эса, улар Ҳалима Муҳитдинова тақдирида янги ва улкан бир даврнинг бошланганини тасдиқловчи тарихий гувоҳномалар эди.

Шубҳасиз, Ҳалима Муҳитдинова Олий суд раиси ўринбосари лавозимига қандайдир бир тасодиф билан келмаган. Айни шу вақтга келиб, Ҳалима Муҳитдинова ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда, адлия тизимида (вазир ўринбосари), давлат ва партия идораларида катта тажриба орттирган эди.

Айниқса, у кишининг 1949-1952 йилларда Ўзбекистон ССР адлия вазирининг кадрлар масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлагани ҳам алоҳида эътиборга молик.

Кейинчалик хотин-қизлар билан ишлаш, тарғибот-ташвиқот ва ташкилий соҳалардаги раҳбарлик вазифалари уни “одамларни таниш”, кадрлар билан ишлаш ва катта жамоалар олдида масъулият ҳис қилишга ўргатганлиги — бор гап.

1964 йил 14 майда Ҳалима опага берилган расмий тавсифнома бу фик­римизнинг нечоғлик тўғри эканлигини исботлаб беради.

Энг аҳамиятлиси, ушбу тавсифномада унга қуйидагича баҳо берилган:

“Ўз ишини жуда яхши билади, юридик ва сиёсий жиҳатдан саводли, ишда принципиал…”

Бу ҳар қандай ходимга бериб келинадиган одатдаги мақтов сўзлари эмас эди. Уни Олий суд раиси, бошланғич партия ташкилоти раҳбарияти ва маҳаллий қўмита раиси имзолаган расмий тавсифнома тасдиқларди: “ишда принципиал”.

Айнан ана шу икки сўздан иборат таъриф Ҳалима опанинг кейинги бутун суд тизимидаги самарали фаолиятини тушуниш учун ўзига хос калит вазифасини бажаради. Ва шунинг баробарида бу аёлнинг энг муҳим ҳаётий тутумини ҳам кўрсатиб туради.

Арслон ЭШМУРОДОВ,

журналист

Read More
photo_2026-09-07_11-06-39

АСОССИЗ АЙБЛОВ СУД ТОМОНИДАН РАД ЭТИЛДИ, ШАХС ОҚЛАНДИ

Инсон шаъни, қадр-қиммати ва обрўси — ҳар қандай ҳуқуқий давлатда энг устувор қадрият саналади. Айниқса, шахсга нисбатан жиноий айблов қўйилаётганда, ҳар бир сўз, ҳар бир ҳужжат, ҳар бир гувоҳ кўрсатмаси ва ҳар бир далил синчковлик билан текширилиши шарт.

Чунки асоссиз айблов нафақат инсоннинг ҳуқуқий мақомига, балки унинг оиласи, иш фаолияти, жамоадаги обрў-эътибори ва руҳий ҳолатига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатади.

Шу ўринда фикримизни ҳаётий мисол асосида давом эттирадиган бўлсак, Зомин тумани ҳокимлиги молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўлими бош мутахассиси Муҳаммадали Ибодуллаев кутилмаганда тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “а” банди ва 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди ва жиноят иши судга ўтказилди.

Аниқроқ айтсак, М. Ибодуллаев туман ҳокимлиги томонидан “Халқ депутатлари Зомин тумани совети ижроия комитети” номидан расмийлаштирилган 1988 йил 31 мартдаги 68а/3-сонли ҳамда 1991 йил 10 апрелдаги 286 к-сонли қарорлар фуқаролар қўлида қолиб кетган, деган важ билан 2024 йил 8 июль ва 2024 йил 9 августда давлат архивига топшириш тўғрисида қалбаки далолатномалар тайёрлаганликда айбланган.

Далолатномаларда туман ҳокими ўринбосари С. Маҳмадиёров (гувоҳларнинг исм-шарифлари ўзгартирилди) номидан сохта имзо қўйган.

Қисқаси, у хизмат мавқеидан фойдаланиб, туман ҳокими муҳрини босган ва қалбаки далолатномаларни Ш. Рашидов тумани давлат архивига топширган.

Тергов органи М. Ибодуллаев ушбу сохта далолатномалар орқали 1988 йил 31 мартдаги 68а/3-сонли ҳамда 1991 йил 10 апрелдаги 286 к-сонли қарорларни давлат архивига киритишга эришган, кейинчалик эса, бу ҳужжатлардан ер майдонига эгалик қилиш ёки архив маълумотларини олиш мақсадида фойдаланишни кўзлаган, деган хулосага келган.

Албатта, тергов органининг бундай тўхтамга келишига бир тарафдан қараганда асос ҳам бор эди. Чунки 1991 йил 10 апрелдаги 286 к-сонли қарорда М. Ибодуллаевнинг отаси А. Маматқулов исм-шарифи қайд этилганди. Шундан келиб чиққанда, айбланувчи келгусида “Дуоба” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 8 сотих ер майдонига эгалик қилишни мўлжаллаган. Чунки давлат хизматлари маркази орқали архив маълумотларини олишда ушбу ҳужжатлардан фойдаланиш мақсадида уларни архивга топширишга эришган.

Кўриниб турибдики, М. Ибодуллаевга нисбатан эълон қилинган айблов жиддий. Чунки расмий ҳужжатни қалбакилаштириш ёки ундан била туриб фойдаланиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади. Аммо суд асосий эътиборни айбловнинг оғирлигига эмас, балки унинг ишончли ва мақбул далиллар билан тасдиқланганига қаратди.

Суд мажлисида М. Ибодуллаев ўзига қўйилган айбловни рад этди. У далолатномаларни тайёрламагани, уларни кўрмагани, С. Маҳмадиёровнинг имзосини сохталаштирмаганини таъкидлади. Бунинг устига у далолатномаларни давлат архивига топширмагани, архив ходимларини танимаслигини билдирди.

Судда маълум бўлишича, ҳокимлик муҳри баъзан фуқаролар оворагарчилигининг олдини олиш мақсадида ҳоким ўринбосари ёки бошқа масъул ходимларда вақтинча сақланган. Бироқ муҳр буйруқ асосида айнан М. Ибодуллаевнинг номига сақлаш учун берилмаган. Айбловда қайд этилган ер майдони ёки қарорлар ҳақида у тергов жараёнида хабар топган.

Суд жараёнида Шароф Рашидов тумани давлат архиви директори қарорлар 2024 йилда архивга топширилгани, аммо уларни айнан ким олиб келганини эслай олмаслигини билдирди. У М. Ибодуллаевни олдин кўрмаган, танимайди, ҳужжатларни архивда сақлашни у илтимос қилмаган.

Туман ҳокимлигида ишловчи айрим гувоҳлар далолатномалардаги баъзи имзолар ўзларига тегишли эканини тасдиқлаган бўлса-да, уларнинг ҳеч бири М. Ибодуллаев ҳоким ўринбосари имзосини сохталаштиргани, ҳокимлик муҳрини босгани ёки ҳужжатларни архивга топширганини кўрмаган. Хусусан, ҳоким ўринбосари С. Маҳмадиёров далолатномалардаги имзо ўзига тегишли эмаслигини қайд этаркан, ушбу имзони ким сохталаштирганини билмаслигини таъкидлади. М. Ибодуллаевнинг далолатномаларни расмийлаштиргани ёки олиб юрганини кўрмаган.

Суддаги кўрсатмалар, гувоҳи бўлганингиздек, айбловни тўлиқ тасдиқлаш ўрнига, аксинча, муҳим саволларни очиқ қолдирди: имзони ким қўйган, муҳрни ким босган, далолатномаларни архивга ким топширган? Бу ҳаракатларда М. Ибодуллаевнинг аниқ иштироки нимада кўринади?

Суд иш материалларини таҳлил қилар экан, дастлабки тергов органи айбловни асослашда асосан гувоҳ Б. Саимовнинг кўрсатмаси ва 1991 йилдаги қарорда М. Ибодуллаевнинг отаси номи қайд этилганига таянган, деган қатъий тўхтамга келди. М. Ибодуллаевнинг отаси А. Маматқулов билан боғлиқ тафсилотдан юқорида хабардор бўлгандингиз. Энди туман ҳокимлиги бош мутахассиси Б. Саимовнинг кўрсатмасига тўхталадиган бўлсак, гувоҳнинг айтишича, далолатномалардан бирини унга М. Ибодуллаев имзо қўйдириш учун олиб кирган. Аммо иккинчи далолатномани ким олиб кирганлигини эслай олмайди.

Мазкур ишда тергов органи М. Ибодуллаев келгусида ер майдонидан манфаатдор бўлиш мақсадида ҳужжатларни архивга топширган, деган тахминий хулосага келган. Аммо ушбу мақсадни тасдиқловчи аниқ далил суд муҳокамасида ўз тасдиғини топмади. Ўз навбатида, ҳужжатда айбланувчининг отаси номи борлиги ўз-ўзидан унинг қалбакилаштиришда иштирок этганини билдирмайди. Бу ҳолат қўшимча текширув, ишончли далил ва ҳуқуқий боғлиқлик талаб қилади.

Иш бўйича ўтказилган хатшунослик экспертизаси далолатномалардаги С. Маҳмадиёровнинг имзоси, ҳақиқатан ҳам, бошқа шахс томонидан қўйилганини тасдиқлади. Техник-криминалистик экспертиза эса, далолатномадаги муҳр изи Зомин тумани ҳокимлигининг юмалоқ муҳри изи билан бир хил эканини кўрсатди.

Бироқ бу хулосалар М. Ибодуллаевнинг айбдорлигини исботламайди.

Чунки экспертизада имзо, ҳақиқатан ҳам, С. Маҳмадиёровга тегишли эмаслиги тасдиқланган бўлса-да, уни айнан ким қўйгани аниқланмаган.

Худди шунингдек, муҳрни айнан М. Ибодуллаев босгани исботланмай қолган.

Суд айнан шу нуқтага эътибор қаратди: тергов органи томонидан имзони ким сохталаштирган, далолатномалардаги ёзувлар кимга тегишли экани ва ҳужжатларни архивга ким топширгани аниқланмаган. Жиноят ишида “кимдир сохталаштирган” деган умумий хулоса етарли эмас. Айблов аниқ шахснинг аниқ ҳаракати билан боғланиши лозим. Акс ҳолда, шахсни жиноий жавобгарликка тортиш қонун талабларига зид бўлади.

Ишнинг яна бир муҳим ҳуқуқий жиҳати — 2024 йил 8 июль ва 9 августдаги далолатномалар жиноят қонуни нуқтаи назаридан “расмий ҳужжат” ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслиги масаласи бўлди. Негаки, Жиноят кодексининг 228-моддаси бўйича жавобгарлик юзага келиши учун қалбакилаштирилган ҳужжат муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод қиладиган расмий ҳужжат бўлиши талаб этилади.

Суд ушбу далолатномаларнинг ҳуқуқий табиатини таҳлил қилиб, улар фақат ҳужжатларни давлат архивига топшириш ҳолатини қайд этувчи йўлланма хат ёки ахборот-ҳисобот хусусиятига эга эканини қайд этди.

Улар мустақил равишда шахсга муайян ҳуқуқни бермайди, уни бирор-бир мажбуриятдан озод қилмайди ва бевосита ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди. Шу сабабли, суд ушбу далолатномалар Жиноят кодексининг 228-моддасида назарда тутилган жиноят предметини ташкил этмайди, деган хулосага келди.

Бу ҳуқуқий хулоса ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Чунки агар ҳужжат қонун нуқтаи назарида расмий ҳужжат сифатида баҳоланмаса, уни қалбакилаштириш бўйича айблов ҳам тегишли ҳуқуқий асосини йўқотади.

Жиноят ишида 1988 йил 31 мартдаги 68а/3-сонли ва 1991 йил 10 апрелдаги 286 к-сонли қарорлар ҳам тилга олинганидан хабарингиз бор.

Тергов органи улар архивга киритилиши орқали келгусида ер майдонига эгалик қилиш имконияти юзага келиши мумкин, деган фикрни илгари сурган.

Бироқ ушбу қарорларнинг қалбакилаштирилгани М. Ибодуллаевга қўйилган айбловнинг ўзаги сифатида кўрсатилмаган. Қолаверса, ушбу қарорларнинг ҳақиқий ёки қалбаки эканлиги бўйича тегишли экспертиза тайинланмаган, уларнинг қонунийлиги, ҳаққонийлиги ва ҳуқуқий мақоми ҳар томонлама текширилмаган.

Бундан ташқари судда 1991 йил 10 апрелдаги 286 к-сонли қарор асосида бошқа фуқароларга ҳам ер участкалари бўйича кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилгани маълум бўлди. Бу эса, айбловнинг “фақат шахсий манфаат учун қилинган” деган хулосасини янада шубҳа остига қўйди.

Ваҳоланки, айблов ҳукми тахминларга асосланиши мумкин эмас. Ҳар қандай шубҳа-гумон бартараф қилиниши, қарама-қаршиликлар текширилиши, фақат ишончли далиллар асосида ҳуқуқий хулоса чиқарилиши лозим.

Суд Жиноят-процессуал кодексининг ушбу муҳим талабларига таянди.

Унга кўра, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширилди. Суд айблов материалларини таҳлил қилиб, М. Ибодуллаев далолатномаларга муҳр босгани, имзони сохталаштиргани ёки ҳужжатларни архивга топширганини тасдиқловчи рад этиб бўлмайдиган далиллар мавжуд эмас, деган хулосага келди. Шу билан бирга, айблов хулосасида ишлатилган айрим ибора ва хулосалар айблов йўналишида тузилгани, ҳақиқий ҳолатдан йироқ экани суд томонидан қайд этилди. Натижада М. Ибодуллаев қилмишида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги ва жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли оқланди.

Оқлов ҳукми — бу шунчаки айбланувчини жазодан озод қилиш эмас, балки инсоннинг айбсизлиги давлат номидан эътироф этилиши, унинг ҳуқуқлари тикланиши ва асоссиз айблов оқибатларини бартараф этиш йўли очилишидир. Зеро, ҳуқуқий давлатда энг муҳим қоида шу: инсон фақат айби қонунда белгиланган тартибда, ишончли далиллар асосида исботланган тақдирдагина жавобгар бўлади. Акс ҳолда, ҳар қандай шубҳа инсон фойдасига ҳал этилиши шарт.

Хулоса қилиб айтганда, ҳақиқат суд залида қарор топди. Оқлов ҳукми инсон ҳуқуқлари ва адолатли судлов кафолати сифатида янгради.

Тўлқин ЭШОНҚУЛОВ,

жиноят ишлари бўйича

Янгиобод тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Read More
photo_2026-10-12_10-05-39

СУИИСТЕЪМОЛ ҚИЛИНГАН ИШОНЧ

Мамлакатимизда кейинги йилларда коррупцияга қарши қатъият билан кураш олиб борилмоқда. Бу борада ёш авлодни ушбу иллатга нисбатан муросасиз, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, илк конституциявий билимлар ва ҳуқуқий тушунчалар таълимнинг дастлабки бўғини ҳисобланган мактабгача таълим ташкилотларида болажонлар онгига сингдирилмоқда.

Афсуски, Янгибозор туманидаги 15-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси Шоира Рўзимбетова (исм-шарифлар ўзгартирилди) ўзининг шахсий манфаатини ўйладию, аммо қўл урган қилмиши қора доғ бўлиб тушишини хаёлига келтирмади.

Гап шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 январдаги “Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Низом асосида боғча тарбияланувчиларини аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш белгиланган. Аутсорсинг хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъекти эса, тендер танлови асосида аниқланади.

Мазкур Низомда қайд этилишича, таомнома ҳар 10 кунда мактабгача таълим ташкилоти томонидан тасдиқланади. Аутсорсер, яъни тадбиркор тасдиқланган таомнома ҳамда ҳисоб-варақ фактураларини туман, шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимига тақдим этгач, унга ҳақ тўланади.

Хуллас, 2025 йил август ойида Янгибозор туманида ўтказилган тендер танловида “Smart meat shop” масъулияти чекланган жамият тумандаги бошқа муассасалар сингари 15-давлат мактабгача таълим ташкилотига хизмат кўрсатиш бўйича ҳам ғолиб деб топилади. Бинобарин, тадбиркор белгиланган талаблар бўйича хизмат кўрсатишни бошлайди. Аммо боғча мудираси Шоира Рўзимбетова аввалига таомномани тасдиқлашни пайсалга солади-ю, кейин имзолаб беради.

Ҳаш-паш дегунча кунлар ўтиб, сентябрь ойи ҳам охирлайди. Шунда мудира “Smart meat shop” масъулияти чекланган жамият вакили Қ. Қулжоновга масалани кўндаланг қўяди.

– Ҳар ойлик хизмат ҳақингизнинг йигирма фоизини менга берасиз. Йўқса, таомномангизни имзоламайман. Мен тасдиқламасам, сизга бир сўм ҳам пул тўланмайди, – дейди у.

– Опа, ўзимизга ҳам йигирма фоиз фойда қолмайди. Шундай экан, қанақасига сизга йигирма фоиз берамиз? Қолаверса, боғчангизга сифатли маҳсулот етказиб беряпмиз. Барча ишларимиз қонуний, – дея эътироз билдиради Қ. Қулжонов.

Бироқ Ш. Рўзимбетова ўз гапида туриб олади.

– Майли, мен ўйлаб кўраман…

Қ. Қулжонов шундай деб кетгач, мудиранинг талаби ноқонуний эканлигини англаб етади. Шунинг учун мудира билан қилган кейинги мулоқотларини уяли телефони диктофонига ёздириб олади. Сўнгра бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилади. Оқибатда ушбу ҳолат бўйича тезкор тадбир ўтказилади.

Маълум бўлишича, 2025 йил сентябрь ойида “Smart meat shop” масъулияти чекланган жамият томонидан 15-давлат мактабгача таълим ташкилотига 75 миллион сўмлик хизмат кўрсатилган. Шу боис Ш. Рўзимбетова 2025 йил 6 октябрь куни туманнинг “Янгиёп” маҳалласида, яъни яшаш хонадони ёнида Қ. Қулжоновдан кўрсатилган хизмат ҳақининг 20 фоизи – 15 миллион сўмни пора тариқасида олган вақтида ушланади.

Оқибатда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Албатта, жиноятга жазо муқаррар. Бинобарин, жиноят ишлари бўйича Янгибозор тумани суди Ш. Рўзимбетовани Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “в” банди билан айбдор деб топиб, кодекснинг 45 ва 57-моддалари тартибида 2 йил муддатга давлат мактабгача таълим ташкилотлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Хулоса қилиб айтганда, таълим ва тарбия масканида фаолият юритаётган ҳар бир раҳбар, аввало, ўзига билдирилган юксак ишонч ва масъулиятни чуқур англаши лозим. Айниқса, болалар тарбияси ва уларнинг соғлом овқатланишидек муҳим вазифани шахсий манфаатга айлантиришдек қилмишни мутлақо кечириб бўлмайди.

Шоира Рўзимбетованинг қилмиши нафақат қонунга хилоф ҳаракат, балки унга ишониб топширилган вазифа ва жамоа ишончига хиёнат бўлди. Суд томонидан унга нисбатан қонун доирасида жазо тайинлангани эса, мансаб ва лавозим шахсий манфаат орттириш воситаси эмаслигини яна бир бор кўрсатади.

Зеро, коррупцияга қарши кураш фақат жиноят содир этилгандан кейин жазо қўллаш билан эмас, балки ҳар бир раҳбар ва ходимда ҳалоллик, виждон, қонунга ҳурмат ва масъулият туйғусини шакллантиришдан бошланади. Болалар ишончи топширилган жойда эса, бу масъулият янада юксак бўлиши шарт.

Ҳикмат САИДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Янгибозор тумани суди раиси

Read More
photo_2026-07-20_18-14-25

АЁЛЛАР ОДИЛ СУДЛОВ ТИЗИМИДА: МУЛОҚОТ, РИВОЖЛАНИШ ВА АДОЛАТ

Душанбе шаҳрида “Аёллар одил судлов тизимида: мулоқот, ривожланиш ва адолат” мавзусида халқаро конференцияси бўлиб ўтди.

Анжуманда Озарбайжон, Беларус, Қозоғистон, Россия, Туркманистон, Қирғиз Республикаси суд органлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари қаторида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Малика Каландарова бошчилигидаги делегация иштирок этди.

Конференция доирасида ўтказилган сессияларда гендерга мослашган одил судлов тизимини ривожлантириш, одил судловни рақамлаштириш ва уни одил судловга эришишга таъсири, аёл судьяларнингсалоҳиятини кучайтириш ҳамда дискриминация билан боғлик ишларда одил судловга ишончни ошириш масалалари кенг муҳокама қилинди.

Иштирокчилар аёл судьялар бирлашмаларининг суд тизими жозибадорлигини ошириш, аёлларни суд ҳокимиятига жалб қилиш ҳамда уларни ҳуқуқий ва институционал тарзда қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратдилар.

Шу билан бирга кун тартибидан ўрин олган бошқа масалалар юзасидан ҳам анжуман делегатлари фикр алмашиб, судлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, алоқаларни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар.

Конструктив ва дўстона муҳитда бўлиб ўтган тадбирда мавжуд масалалар муҳокамаси билан чекланмади. Анжуман якунида мавзуга доир хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Read More
photo_2026-07-15_16-34-16

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ИНСОНПАРВАР ДЕМОКРАТИК ДАВЛАТ: ИНСОННИНГ ОЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИ, АЁЛЛАР ВА БОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ  ИШОНЧЛИ ТАЪМИНЛАШ МАСАЛАЛАРИ СУД-ҲУҚУҚ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ АСОСИ

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий судида “Янги Ўзбекистон – инсонпарвар демократик давлат: инсоннинг олий қадриялари, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш масалалари суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг асоси” мавзусидаги давра суҳбати ташкил этилди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Робахон Махмудова, раис ўринбосари Шухрат Полванов, Олий суд судьялари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов ҳамда депутатлар иштирок этди.

Давра суҳбати доирасида вояга етмаган жабрланувчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини янада самарали таъминлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда процессуал қарорларни қабул қилишда боланинг энг устун манфаатлари тамойилини тўлиқ таъминлашга қаратилган ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш мақсадида вакиллик институтини ислоҳ қилиш; болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ ишларда ярашув институтини такомиллаштириш хусусан, болаларга дўстона одил судлов тизимини изчил шакллантириш;

Зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган боланинг кўрсатуви махсус тайёргарликдан ўтган мутахассис томонидан, психолог иштирокида, болага мослаштирилган хонада, видеоёзувга олинган ҳолда бир марта олинишини мажбурий стандартга айлантириш ҳамда суд муҳокамасида айнан шу видеоёзувдан фойдаланиб, болани айбланувчи билан юзма-юз қилмаслик;

аёллар ва болаларнинг зўравонликдан ҳимоя қилишда судьяларнинг ихтисослашувини жорий қилиш;

Шунингдек, парламент ва Олий суд ўртасидаги доимий қонунчилик мулоқотини институционаллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 Тадбир якунида иштирокчилар томонидан билдирилган таклифлар асосида аёллар ва вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича тегишли таклифлар шакллантирилди.

Read More
photo_2026-07-14_14-38-42

ОЛИЙ СУД РАИСИ UNICEF ВАКИЛИ БИЛАН УЧРАШДИ

Олий суд раиси Робахон Махмудова БМТ Болалар жамғармасининг (UNICEF) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Рехина Мария Кастижио билан учрашди.

Мулоқот аввалида меҳмонга сўнгги йилларда мамлакатимизда Президент Ш. Мирзиёев раҳбарлигида инсон қадрини улуғлаган ҳолда унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, халқ манфаатини таъминлашга қаратилган амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳамда улар туфайли одил судлов соҳасида юз берган катта ўзгаришлар ҳақида маълумотлар берилди.

Ўзбекистонда болалар меҳнатига барҳам берилганлиги, оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарлик киритилганлиги ҳамда аёллар ва болалар ҳимояси кучайтирилганлиги бу борада олиб борилаётган ислоҳотларнинг яққол намунаси эканлиги таъкидланди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда инсон, айниқса вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг, шунингдек халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Шунингдек, сўнгги йиллар давомида Олий суд томонидан UNICEFнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар, хусусан болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилинишига доир бир қатор долзарб масалалар юзасидан ўтказилган тадбирлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтилди.

Бу соҳада мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилиб, “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 декабрдаги Фармони билан 2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқланди.

Мазкур ҳужжат мамлакатимизнинг Богота ҳаракатлар чақируви ҳамда Болаларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш бўйича глобал альянс доирасида олган халқаро мажбуриятлари ижросига хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг 3 мартида қабул қилинган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармонда эса судлар олдига ҳам аниқ вазифалар қўйилди.

2024 йил 1 февралдан фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган “Оила судьялари” институти жорий этилиб, бугунги кунда улар барча ҳудудларда фаолият юритмоқда.

UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда 2020 йил 18 февралда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида ишлар кўрилаётган вақтда жабрланувчи ёки жиноят гувоҳи бўлган болаларга дўстона муҳитли хона ташкил этилганлиги алоҳида қайд қилинди.

Учрашув давомида томонлар ҳамкорликда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида келгусида амалга ошириш мумкин бўлган масалалар ҳақида фикр алмашди.

Шу ўринда ўзаро ҳамкорликни тизимли ва институционал босқичга олиб чиқиш мақсадида Олий суд ва UNICEF ўртасида 2026–2030 йилларга мўлжалланган ҳамда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси ва миллий қонунчиликда судларга юклатилган вазифалар ижроси бўйича қўшма чора-тадбирларни қамраб оладиган ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ва имзолаш таклифи билдирилди.

Болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ишончли ҳимоя қилиш масаласи доимо Олий суднинг диққат-эътиборида эканлиги алоҳида қайд этилиб, ушбу йўналишда UNICEFнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳар томонлама ва амалий ҳамкорликка тайёр эканлиги таъкидланди.

Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Read More
Click to listen highlighted text!
Skip to content