Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2026-05-26_14-33-58

МЕҲРСИЗЛИК ФОЖИАСИ

Инсон қадри ҳамма нарсадан устун. Давлат, жамият ва оила бор экан, энг аввало, инсон ҳаёти, унинг шаъни, қадр-қиммати ва эркинлиги ҳимоя қилиниши шарт. Айниқса, эндигина дунёга келган, ўзини ҳимоя қилишга ожиз, ўз хоҳишини билдиришга қодир бўлмаган чақалоқ тақдири ҳақида гап кетганда, бу масъулият янада ортади. Яқинда судда мазмунан муҳокама қилинган бир жиноят иши юртимизда инсон қадри муқаддас эканлиги ҳақидаги ҳақиқатни яна бир марта кўрсатди.

Аввало, судда кўрилган ушбу жиноят ишига тўхталадиган бўлсак, судланувчи Ҳанифа Остонова (исм-шарифлар ўзгартирилди) ўзининг 13 кунлик набирасини 300 миллион сўмга сотган ва ушбу маблағнинг 1 минг АҚШ долларини олаётган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ушланган.

Бу қилмишни оддий жиноят сифатида баҳолаб бўлмайди, чунки гап мулк, буюм ёки моддий бойлик тўғрисида эмас, балки кечагина дунёга келган, онанинг қайноқ бағри, меҳри ва алласига муҳтож жажжи чақалоқ ҳақида кетмоқда.

Ҳолбуки, юрагида зиғирдек меҳри, инсофи бор кимса ҳеч қачон бундай қабиҳ ва тубан қилмишга қўл урмайди.

Суд ҳукми билан Ҳ. Остонова Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «б» бандида назарда тутилган хавфли қилмишни содир этганликда айбдор деб топилди ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ҳаётда ҳеч қачон олма дарахтининг остига бошқа мева тушганини кўрганмисиз? Бу саволга «йўқ, олманинг остига фақат олма тушади» деб жавоб беришингиз аниқ.

Биз халқимизнинг ушбу ҳикматини бежизга келтираётганимиз йўқ. Чунки юқорида тафсилоти баён этилган жиноий қилмиш ҳам ўз-ўзидан рўй бергани йўқ, аксинча, унинг бир томони оилавий тарбиядаги кемтикларга бориб тақалади.

Аслида, Ҳанифа Остонова ҳам турмушга енгил-елпи қарагани, оила ва никоҳни муқаддас билмаслиги боис аччиқ қисматга рўбарў бўлди. Биринчи турмуш ўртоғи Ш. Хайриев билан узоқ яшамади, ўзаро келишмовчилик сабабли қизи Ҳакимага ҳомиладор бўлган пайтда ажрашиб кетди.

«Халқимиз биринчи бахтинг — ой бахтинг, кейинги бахтинг — сувга оқдинг» деб бежизга айтмаган. Аммо Ҳ. Остонова қизи дунёга келгач, орадан кўп ўтмай яна Х. Тоғаев деган кимсага турмушга чиқади. Афсуски, иккинчи шаръий никоҳ ҳам узоқ давом этмайди.

Шундан сўнг Ҳ. Остонова қизи билан Бухоро вилоятининг Пешку туманига боради ва аёллар ижтимоий ётоқхонасида яшай бошлайди.

Бу пайтда Ҳ. Остонованинг қизи — Ҳакиманинг ҳам бўйи етиб қолганди.

Аслида, онасининг ҳаётда йўл қўйган хатоси қизига аччиқ сабоқ бўлиши, бундан тегишли хулоса чиқариб олиши керак эди. Аммо Ҳакима бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмайди, охир-оқибат эса, унинг тақдири ҳам айнан онасининг қисматидек кечди.

Гап шундаки, Ҳакима 2024 йилнинг декабрь ойида Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткул туманида яшайдиган Зиёдулло исмли йигитга шаръий никоҳ асосида турмушга чиқади. Аммо уларнинг оилавий турмуши бир ойга ҳам етмайди. Зиёдулло Ҳакимани ахлоқсизликда айблаб, онасиникига ташлаб кетади. Маълум бўлишича, у бу орада ҳомиладор бўлиб қолганди. 2025 йилнинг 25 сентябрь куни эса, ўғил фарзанд дунёга келади. Чақалоққа Феруз деб исм қўйишади.

Албатта, янги туғилган чақалоқ, одатда, оилага қувонч, умид, ёруғлик ва меҳр олиб келади. Бироқ бу хонадонда бундай эмас эди, аксинча, гўдакнинг кейинги тақдири ҳақида хавотирли гап-сўзлар айлана бошлайди…

Ҳар сафар қизига сўзини ўтказиб келган Ҳ. Остонова чақалоқни сотишдек ғаразли мақсадни режалаштиради ва бу ҳақда танишларига айтишга ҳам улгуради. Орадан кўп ўтмай чақалоққа Самарқанд вилоятида яшовчи «Малика» исмли аёл харидор бўлади. У чақалоқни эсон-омон дунёга келтириши учун гўёки ёрдам тариқасида аҳён-аҳёнда Ҳакиманинг банк пластик картасига 100 минг сўмдан пул ўтказиб туради. Табиийки, Ҳакима буни беғараз ёрдам деб тушунади. Чунки Ҳакима онаси билан «Малика» ўртасидаги ҳуфёна келишувдан хабарсиз эди.

Аслида, маккор аёл Ҳ. Остонова чақалоқни 300 миллион сўмга сотишини айтган, «шартли харидор» «Малика» эса, бунга рози бўлганди.

Келишувга кўра, 2025 йилнинг 7 октябрь куни кутилмаганда Ҳанифа қизи ва чақалоқ билан бирга автомашинада Навоий шаҳрига йўл олади.

Уларни «Малика» кутиб олади ва йўл ҳақи учун ҳайдовчига 280 минг сўм беради. Шундан сўнг у она-бола ва чақалоқни ўзи келган автомашинага ўтқазади.

Улар ўтирган автомашина Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманига етиб келгач, Ҳ. Остонова «Малика»га савол назари билан қарайди. Бунинг сабаби бор эди. Куни кеча қўнғироқлашганда «Малика» Навоий шаҳрини тилган олган, «савдо» шу жойда бўлишини айтганди.

Қисқаси, улар автомашинадан тушиб, «Биллур» номли ошхонага овқатланиш учун киришади. Шу орада «Малика» Ҳакимани ташқарига таклиф қилади. Ичкарида қўлида чақалоқни кўтарган Ҳанифа Остонова билан ўзини «Малика»нинг қайнисинглисиман деб таништирган «Зебо» қолади. Шу пайт «Зебо» сумкасидан 100 АҚШ долларлик купюралардан иборат пулларни чиқаради ва уларни санаб, Ҳ. Остоновага узатади. 1 минг АҚШ долларини олган Ҳ. Остонова уларни чақалоқнинг буюмлари солинган сумкага жойлайди. Афсуски, бу тубан қилмишга қўл урган аёлнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмайди: у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан жиноят устида қўлга олинади.

Маккор аёлнинг ғаразли қилмиши шу тариқа якун топди.

Судда судланувчининг айби фақат унинг иқрорлиги билан эмас, балки гувоҳларнинг кўрсатмалари, тезкор тадбир баённомалари, кимёвий экспертиза хулосаси, аудио ва видеоёзувлар, ашёвий далиллар ва бошқа ҳужжатлар мажмуи билан тўлиқ исботини топди. Шу асосда суд Ҳ. Остонованинг ҳаракатларини одам савдоси, яъни ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсга нисбатан содир этилган жиноят сифатида баҳолаб, қонуний жазо тайинлади.

Сўнгги сўзга тўхталганда, ушбу жиноий ҳодисанинг оғриқли бир нуқтасидан азиз газетхонни хабардор этиш лозим. У ҳам бўлса, ёш она ўз фарзанди тақдири атрофидаги пулли келишувдан хабарсиз бўлган.

Чақалоқ ҳақиқий онасининг иродасисиз хавфли келишув марказига тушиб қолган.

Меҳрсизлик фожиаси, дея эътироф этиш мумкин бўлган бу воқеанинг ҳуқуқий ва маънавий хулосаси битта: инсон, шу жумладан, норасида бола ҳеч қачон савдо предмети бўлиши мумкин эмас. Қонунларимиз худди юқоридаги сингари инсон қадрини қатъий ҳимоя қилади. Бола ҳуқуқлари ҳар қандай баҳона ёки ҳар қандай моддий манфаатдан устун эканлигини ҳеч ким, ҳеч қачон унутмаслиги керак.

Алишер ХОЛБОЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Пахтачи тумани суди раиси,

 Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2026-04-27_11-51-39

ЎЗБОШИМЧАЛИК ТЕГИШЛИ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛАДИ

Маълумки, амалдаги қонунларда табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Яъни ерга ва бошқа табиий ресурсларга нисбатан ўзбошимчалик билан муносабатда бўлиши шахснинг ҳуқуқбузарлик содир этганлигидан далолат беради.

Пойтахтимиз ҳудудларида ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган фуқаролар билан бу борада мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бир қаторда, бундай ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмоқда.

Масалан, жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси талабларини бузган бир неча нафар фуқарога нисбатан маъмурий жарималар тайинланди.

Аниқроқ айтганда, Н. Назирова (исм­шарифлар ўзгартирилганган) 2023 йилда 309 квадрат метр ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлиги учун жарима жазосига тортилган бўлишига қарамай, бундан ўзига тегишли хулоса чиқариб олмаган экан. Нега деганда, 2025 йил 12 ноябрда мутасадди идоралар томонидан ўтказилган текширувда у яна 309 квадрат метр ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олгани ва 50 квадрат метрда иморат қурганлиги ҳолати аниқланди.

Н. Назирова судда Кадастр агентлиги ходимлари фақат ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун жавобгарликка тортганлигини, ҳозирда эгаллаб олинган ер майдони ва қурилмани қонунийлаштириш бўйича ишчи гуруҳига мурожаат қилганлигини, қилмишидан пушаймонлиги, эри иккинчи гуруҳ ногиронлигини, оилада ягона боқувчи эканини баён қилиб, енгиллик беришни сўради.

Н. Назированинг айби ўзининг қилмишига иқрорлик билдириб берган кўрсатмаларидан ташқари иш ҳужжатларидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, тушунтириш хатлари, далолатнома, фотосурат ва бошқа далиллар билан ўз исботини топди.

Суд Н. Назировани Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топди. Унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 33-моддасини қўлланиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида жарима солинди.

Ҳуқуқбузарга қонун талабига кўра, жарима солиш тўғрисидаги қарорни ижро этишнинг соддалаштирилган тартиби тушунтирилди. Яъни ўн беш кун ичида жарима миқдорининг эллик фоизини ёки ўттиз кун ичида жарима миқдорининг етмиш фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади.

Бундан ташқари Кадастр агентлиги ходимлари томонидан Д. Азизов Бектемир тумани 2-уй олдида ўзбошимчалик билан 300 квадрат метр ер майдонини эгаллаб олиб, 30 квадрат метр майдонга бостирма қурганлиги аниқланди. Суд томонидан Д. Азизов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топилди.

Суд Д. Азизовга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 33-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима тайинлади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, ерга ва табиат ресурсларига нисбатан ўзбошимчалик билан муносабатда бўлиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.

Фахриёр Пўлатов,

жиноят ишлари бўйича

Бектемир тумани суди тергов судьяси

photo_2026-04-06_18-06-24

ТАДБИРКОР ЙЎЛИГА ҚЎЙИЛГАН ТЎСИҚ ҚОНУН АСОСИДА БАРТАРАФ ҚИЛИНДИ

Афсуски, шундай масъулиятли бир пайтда Гурлан тумани солиқ инспекцияси инспектори Равшан Раҳмонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) бу тизимнинг ривожию эмин-эркин фаолиятига кўмак бериш ўрнига тадбиркорлик йўлига тўсиқ қўйиш пайида бўлди. Шу ниятда Хоразм вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж. Ниёзовнинг “Erkatoy center” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини солиқ аудити тарзида тафтиш қилиш тўғрисида 2025 йил 11 февралдаги буй­руғини пеш қилган ҳолда мазкур жамият ҳисоботини атрофлича ўрганди.

Кошкийди, солиқ идораси ходими ушбу тафтишни қонун ва ўзига берилган ваколатлар доирасида амалга оширган бўлса? Йўқ, бундай бўлмади.

Атиги бир кунлик тафтиш-текшириш ва тегишли мазмундаги далолатномани расмийлаштириш асносида бир талай ҳуқуқбузарликларга йўл қўйди.

Аниқроқ айтганда, бу солиқ текшируви гарчи юқори турувчи маҳкаманинг қарори мавжуд бўлса-да, ваколатли органни хабардор қилмаган ҳолда амалга оширилди. Тафтиш тадбири қоидага кўра, видеотасвир орқали ёки холислар иштироки таъминланган ҳолда ўтказиш зарур бўлса-да, бу тартибга ҳам риоя этилмади.

Текшириш якунлари бўйича тузилган далолатноманинг бир нусхаси тафтиш этилган тарафга тақдим қилинмагани ҳам чакки иш бўлди. Буниси камлик қилгандек, мазкур ҳужжатни расмийлаштириш муддати кечиктирилди, масъулияти чекланган жамият раҳбари номига маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида 2025 йил 24 мартда битилган баённома ва чиқарилган қарор эса, ўз муддатидан ўн ой кечиктирилган ҳолда, яъни 2026 йилнинг 23 январь куни ахборот тизимига жойлаштирилди.

Хайриятки, бу йўсиндаги бошбошдоқликлар тафтишчининг ўзини тафтиш этиш ва тадбиркорнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан амалга оширилган ҳуқуқий тадбирлар асносида тўлиқ барҳам топди.

Тафтишчининг қилмиши суд муҳокамасига қўйилди.

Суд жараёнига маъмурий ҳуқуқбузар сифатида жалб қилинган Р. Раҳмонов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-2-моддаси бўйича қўйилган айбга қисман иқрор эканини билдирди. Бу борадаги ҳуқуқбузарлик ҳоллари, ҳақиқатан ҳам, унинг иштирокида рўй берганини тан олди. Бироқ ушбу ҳолатлардан келиб чиқадиган мажбуриятлар ўзининг вазифаси доирасидан ташқарида эканини иддао қилди.

Судда кўрсатма берган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д. Хўжаев жавобгарнинг бу дастаги тамомила ноўрин экани, айни шу мажбурият амалдаги хизмат йўриқномасига кўра, унинг зиммасига юклатилгани, тафтишни шу юзадан чиқарилган буйруқ ахборот тизимида рўйхатга олинганини шахсан аниқлаганидан сўнг ўтказиши зарур бўлгани, аммо бу тартибга риоя қилмаганини баён этди.

Гап масаланинг ҳуқуқий жиҳати хусусида кетар экан, қонуннинг бу борадаги йўриғини албатта, назарда тутиш даркор. Бинобарин, унда солиқ текширувчисининг ҳуқуқи, ваколати ва мажбуриятлари ҳам ўз ифодасини топган. Чунончи, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 39-моддаси 5-қисмига кўра, ягона электрон тизимда рўйхатга олинмаган ҳолда ўтказилган текширувлар қонунга хилофдир.

Солиқ кодексининг 153-моддасида эса, тегишли назоратни амалга оширишга доир ҳаракатларнинг холислиги видеотасвирга олиш қурилмаларидан фойдаланиш йўли билан текширилиши, бундай имконият мавжуд бўлмаган ҳолларда, холисларнинг гувоҳлиги таъминланиши белгиланган. Бу мажбурият текширувчи шахснинг зиммасига юклатилган.

Солиқ идораси масъули ходими Р. Раҳмоновнинг жавобгарлигига оид масала ана шу норма ва тегишли тартиб-таомиллар асосида атрофлича кўриб чиқилди. Унинг айби ўз тасдиғини топди. Жавобгар шахсга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари, яъни 4 миллион 120 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 14-моддасига кўра, давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида қонунийлик, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари асосида амалга оширади. Асосий Қонунимизда ифодасини топган ана шу тамойил бу гал ҳам тантана қилди.

Баҳром Ҳайитбоев,

жиноят ишлари бўйича

Янгибозор тумани суди тергов судьяси

photo_2026-04-06_18-50-41

ИШОНЧ ОРТИДАГИ ХИЁНАТ ЁХУД «FACE ID» ОРҚАЛИ СОДИР ЭТИЛГАН ЎҒИРЛИК

Кейинги йилларда ахборот технологиялари ҳаётимизда чуқур ўрин эгалламоқда. Айниқса, “Face ID”, яъни шахснинг юзини таниш орқали шахсини аниқлаш тизими кўплаб қурилмаларда қўлланила бошлади. Албатта, бу тизим фойдаланувчиларга бир қатор қулайлик яратиб, парол ва кодлардан воз кечиш имконини берди.

Бироқ ҳар қандай қулайлик ортида маълум хавф ҳам яширинган. Буни айнан “Face ID” қурилмасидан ғараз ниятда фойдаланиб, фирибгарлик жиноятлари содир этилаётгани мисолида кўриш мумкин.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, фирибгар кимсалар бу қурилмадан ғаразли ниятда фойдаланишида одамларнинг соддалиги, ишонувчанлиги ва технология ҳақидаги етарли билимга эга эмаслиги қўл келмоқда. “Face ID” бу — оддий қурилма эмас, балки шахсий биометрик калит ҳисобланади. Шу маънода, уни бошқаларга бериш — шахсий ҳужжатингизни ўз қўлингиз билан топшириш билан баробар.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунё миқёсида биометрик маълумотлар билан боғлиқ кибержиноятлар сони қарийб 40 фоизга ошган.

Айниқса, юзни таниш тизимларидан фойдаланиш орқали амалга оширилаётган фирибгарликлар тез суръатларда кўпайиб бормоқда.

Халқаро киберхавфсизлик ташкилотлари таҳлилларига қараганда, 2024-2025 йилларда онлайн фирибгарлик ҳолатларининг 60 фоиздан ортиғи биометрик ёки шахсий маълумотларни қўлга киритиш билан боғлиқ.

Фойдаланувчиларнинг 70 фоизга яқини номаълум ҳаволалар орқали шахсий маълумотларини ўзлари ошкор қилган. Ёки “Deepfake” технологиялари билан боғлиқ фирибгарликлар сони сўнгги бир йилда уч бараварга кўпайган. Онлайн кредит олишда фирибгарлик ҳолатларининг катта қисми “Face ID” тасдиғи орқали амалга оширилган.

Яқинда судда кўриб чиқилган бир жиноят иши бугунги кунда ахборот хавфсизлиги ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш масаласи нечоғли долзарб эканлигини яна бир марта кўрсатди.

Имрон (исм-шарифлар ўзгартирилди) Гулнисо билан 2024 йилнинг ноябрь ойида кўчада тасодифан танишиб қолади. Аммо бу оддийгина танишув кейинчалик анчайин жиддийлашади, бора-бора ўрталарида илиқ муносабат пайдо бўлади.

Буёғини сўрасангиз, Гулнисонинг ота-онаси ва акалари хорижда ишлаб, унинг номига пул жўнатиб туришарди. Гулнисо банк муассасасига пулларни омонатга қўйиб, ўзининг телефон аппаратига ўрнатилган “Зоомрад” иловаси орқали уни назорат қилиб борарди. Аниқ ёдида, 2025 йилнинг 19 ноябрь куни банкдаги омонатга 2 минг 200 АҚШ доллари қўйгач, маблағнинг жами миқдори 317 миллион сўмга етганди.

Орадан ўн кун ўтиб, телефони орқали омонатдаги пулларни текшириб кўрса, 100 миллион сўм йўқ. Аввал 20 миллион сўм, кейинроқ бўлиб-бўлиб яна 80 миллион, жами 100 миллион сўмни кимдир ечиб олганди.

Гулнисо кутилмаганда бундай катта миқдордаги пулидан айрилиб қолганидан қаттиқ ташвишга тушади. Ҳақиқий ҳолат ойдинлашганида эса, буткул ўзини йўқотиб қўяди…

Юқорида Имрон билан Гулнисо ўртасида илиқ муносабат юзага келганини айтгандик. Кунлардан бир кун улар Тошкент шаҳрига бориб, айланиб келишни режалаштиришади. Имрон билан ўртоғи Шоҳруҳ, Гулнисо билан дугонаси Жасминалар беш кун давомида пойтахтда сайр қилишади.

Имрон ўзига қимматбаҳо кийим-кечак, янги русумдаги телефон аппарати сотиб олади. Гулнисога ҳам янги телефон аппаратидан ташқари кийим-кечаклар сотиб олиб, совға қилади.

Воқеа баёнидан ўқувчида бирон-бир жойда ишламайдиган ёш йигит бунча сарф-харажатлар учун маб­лағни қаердан олди, деган савол туғилиши тайин.

Ҳақиқатан ҳам, судланувчи Имрон Боқиев Гулнисо Имомова билан яқин муносабатларидан фойдаланиб, унинг мобил телефонига ноқонуний равишда кириш имкониятини қўлга киритган. У “Face ID” тизими орқали ўзининг юзи тасвирини қурилмага киритиб, телефондаги иловаларга тўсиқсиз кириш ҳуқуқига эга бўлган. Шу орқали у жабрланувчига тегишли “Зоомрад” банк иловасига кириб, бир неча кун давомида маблағларни ўзлаштирган. Натижада жами 100 миллион сўм маблағни талон-торож қилган.

Судда ушбу жиноий қилмишга ҳуқуқий баҳо берилди. И. Боқиев Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбдор деб топилди.

Судланувчининг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, етказилган зарар унинг отаси томонидан тўлиқ қоплангани ва жабрланувчининг даъвоси йўқлиги каби ҳолатлар инобатга олинди.

Судланувчига нисбатан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Юқорида тафсилоти баён этилган жиноий қилмиш бугунги кунда яна бир бор ахборот хавфсизлиги масаласига жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади. Яширишга ҳожат йўқ, бугунги кунда кўпчилик фуқаролар мобиль қурилмалардан фойдаланишда оддий хавфсизлик қоидаларига амал қилмайди. Хусусан, телефонни бошқаларга бериш, паролларни ошкор қилиш ёки биометрик ҳимоя тизимларига бошқа шахсларни киритиш каби ҳолатлар юқорида баён этилгани сингари жиноий қилмишлар рўй беришига сабаб бўлади.

Мутахассислар тавсиясига кўра, мобил қурилмалардан фойдаланишда бир қатор оддий қоидаларга амал қилиш орқали бундай ҳолатларнинг олдини олиш мумкин. Жумладан, биометрик ҳимояга фақат ўзининг маълумотларини киритиш, телефонни назоратсиз қолдирмаслик, банк ва тўлов иловаларида қўшимча ҳимоя воситаларини ёқиш, шунингдек, молиявий операцияларни мунтазам текшириб бориш муҳим.

Хулоса қилиб айтганда, судда кўрилган ушбу жиноят иши барчамиз учун сабоқ бўлиши керак. Масаланинг яна бир муҳим томони, бугунги кунда хавф кўчада эмас, балки қўлимиздаги қурилмада эканлигини унутмаслигимиз даркор. Ҳар биримиз ахборот хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиб, ўз шахсий маълумот ва молиявий манфаатларимизни ҳимоя қилсак, шубҳа йўқки, жабрдийда бўлиб, муаммолар гирдобига қолмаймиз.

Зарифа АҲМЕДОВА,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд шаҳар суди судьяси

photo_2026-03-31_12-56-44

ТАДБИРКОРГА ҚАРШИ ДАЪВО СУД ТОМОНИДАН РАД ЭТИЛДИ

Мамлакатимизда хусусий тиббиёт жадал ривожланиб бормоқда. Сўнгги саккиз йилда хусусий клиника ва лабораториялар сони 3 карра кўпайиб, 9 мингга, улардаги шифо ўринлари эса, 57 мингга етди. Бу ҳам бўлса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан соха тараққиётига қаратилаётган юксак эътибор самарасидир.

Пойтахтимизда яшовчи тадбиркор М. Жафаров ҳам яратилган ана шу имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда бундан 5 йил муқаддам “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсата бошлади. Бунинг учун 2021 йил 22 апрелда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан унга 29803167-рақамли лицензия тақдим этилди.

Албатта, ўтган йиллар мобайнида клиникага 300 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция киритилди. Натижада 74 нафар шифокор доимий иш билан таъминланди. Эҳтиёжманд оилалар вакили бўлган беморлар учун 100 га яқин жарроҳлик амалиётлари бепул ўтказиб берилди. Биргина 2025 йил давомида давлат бюджетига 1 миллиард сўмдан ортиқ солиқлар тўланди. Аммо…

Аммо барчанинг кўнглини бирдек олиш қийин. Шу маънода айтганда, фуқаро М. Ҳисомиддинова ўзига кўрсатилган хизматдан кўнгли тўлмай, юқори идорага мурожаат қилади. Оқибатда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасининг тегишли буйруғи асосида 2025 йилнинг 11-20 ноябрь кунлари “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятда текширув ўтказилади. Табиийки, иш бор жойда камчилик ҳам бўлади. Шу боис текширув мобайнида айрим камчиликлар аниқланади.

Хусусан, ассистент врач (пластик хирург) М. Нарзиеванинг хирургия ихтисослиги бўйича, ҳамшира З. Эргашева ҳамда Д. Буртешованинг камида биринчи малака тоифага эга эмаслиги лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузиш, деб топилади. Натижада Соғлиқни сақлаш вазирлиги “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятга берилган лицензияни бекор қилишни сўраб, Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритди.

Айтиш керакки, амалдаги “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуннинг 33-моддасига мувофиқ, лицензия талаби ва шартларини бир марта қўпол равишда бузиш лицензияни бекор қилишга асос бўлади. Шунингдек, қонунда суд айнан қайси ҳолларда лицензияни бекор қилиши ҳам белгиланган. Жумладан, лицензия эгаси ҳужжатнинг амал қилиши тўхтатиб турилишига олиб келган ҳолатларни ваколатли орган ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда, лицензия бериш тўғрисидаги қарорнинг ноқонунийлиги ёки лицензия қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги аниқланганда, лицензия талаблари ҳамда шартлари бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба бузилганда, лицензия талаблари ҳамда шартларини бир маротаба қўпол равишда бузиш фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлиги ҳамда атроф-муҳитга, жамият ва давлат манфаатларига зиён етказса, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солса, бекор қилиниши қайд этилган. Бироқ “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятдаги текширишда бундай ҳолат аниқланмаган. Қолаверса, текшириш ўтказишга асос бўлган аризачи М. Ҳисомиддинованинг ҳам ҳаёти ва соғлиғига зиён етмаган. Иш ҳужжатларида унинг “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятга нисбатан даъвоси йўқлиги ҳақида тилхати мавжуд. Ана шу асосларга таянган суд даъвони рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Президентимиз 2025 йил 10 ноябрь куни тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан бўлган учрашувда тиббий хизматларнинг 30 фоизи хусусий сектор томонидан кўрсатилаётгани, илғор ташаббуслар ҳам улардан чиқаётгани қувонарли ҳол эканини таъкидлади.

Бундан ташқари давлатимиз раҳбари томонидан судлар зиммасига тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоялаш долзарб вазифалардан бири сифатида юкланган. Зеро, республикамиз тараққиётини тадбиркорлик фаолиятисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Муҳиддин СУЛТОНОВ,

Тошкент туманлараро

иқтисодий суди раиси ўринбосари

photo_2026-06-22_11-56-31

АНИҚЛАШТИРИЛМАГАН ХАТОЛИК СУДДА ҚОНУНИЙ ЕЧИМИНИ ТОПДИ

Файзулла Мамараимовнинг уйида кутилмаганда электр энергияси узилиб қолди. Қўни-қўшниларда эса, электр токи бор эди. У қарасаки, электр ҳисоблагич ишламаётган экан.

Унинг чақирувига асосан келган электр таъминоти ходимлари электр токининг узилишига дарҳол “ташхис” қўйишди: электр ҳисоблагичнинг пастки қопқоқ қисми очилган. Шу сабабли автоматик тарзда блокланган ва электр токи узилиб қолган.

Шундан сўнг энергия сотиш корхонаси муҳандиси Ш. Холмуҳаммедов (исм-шарифлар ўзгартирилган) электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати юзасидан Ф. Мамарайимовга нисбатан далолатнома расмийлаштиради. Ўтган йилнинг 3 декабрь куни расмийлаштирилган ҳужжатлар дастлабки суриштирув органи томонидан кўриб чиқилиб, Ф. Мамараимовнинг ҳаракатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддаси 1-қисм билан малакаланади ва судга ўтказилади.

Қонун мазмунига кўра, электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик ҳолатини кодекснинг ушбу моддаси билан малакалаш учун ўша шахс умумий фойдаланишдаги электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланган ёки электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузган ёхуд электрни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан, уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказган, ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартиришга уринган бўлиши керак.

Ф. Мамараимовни кодекснинг ушбу моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузар сифатида айбдор деб топиш қонуннинг айни талабларига мос келадими?

Бу саволга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 307-моддасидан тўлиқ жавоб топиш мумкин.

Мазкур моддада маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш вақтида тегишли орган ё мансабдор шахс маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган-этилмаганлигини, ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жойни, мазкур шахс уни содир этишда айбдор-айбдор эмаслигини, унинг маъмурий жавобгарликка тортилиш-тортилмаслигини, жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар бор-йўқлигини, мулкий зарар етказилган-етказилмаганлигини, шунингдек, ишни тўғри ҳал этишда аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни аниқлаши шартлиги қатъий белгилаб қўйилган.

Шу маънода, ишни судда кўриш жараёнида Ф. Мамараимов томонидан умумий фойдаланишдаги электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланганлик ҳолати аниқланмади. Электрни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан, уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёки электр ҳисоблагич кўрсаткичларини ўзгартиришга уринилмаган. Шунингдек, амалдаги “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 133-бандида кўрсатилган, яъни электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари мавжуд эмас.

Аслида, аввалда электр ҳисоблагичнинг қопқоқ қисми пломбаланмаган бўлган. Бир дона винт ёрдамида маҳкамланиши уни бурашдан олдин пломба ёки ҳимоя қисмини бузишга имкон бермайди. Истеъмолчининг судда айтишича, у электр ҳисоблагичнинг пломбасини бузмаган.

Аслида электр ҳисоблагичнинг пастки қопқоғини ушлаб турувчи винти у ўрнатилган пайтда электр таъминоти ходими томонидан плонбаланмаган.

Ҳатто корхона ходимлари далолатнома расмийлаштирганларидан сўнг ҳам, пастки қопқоқни ушлаб турувчи винтни пломбалаб қўймаган.

Энергия сотиш корхонаси муҳандиси, гувоҳ Ш. Холмуҳаммедов электр таъминоти корхонаси ходимлари чақирувга асосан хонадонга келганида, электр ҳисоблагичга ташқаридан таъсир кўрсатилгани – синдирилган, ёқиб юборилган, кўрсаткичларни ўзгартириш мақсадида уларга аралашиш ҳолатлари аниқланмаганини судда тан олди.

Агар Ф. Мамараимов томонидан тегишли қоидалар талабларига зид равишда пломба бузилган ёки ҳисоблагичдан ташқари уланиш бўлганида, албатта, истеъмолчи жавобгар ҳисобланарди. Бу эса, ўз навбатида, уни маъмурий жавобгарликка тортишга асос бўларди.

Мазкур маъмурий ҳуқуқбузарлик иши бўйича “Энергосавдо” филиали Самарқанд бўлинмаси Қўшработ тумани бўлими 2026 йил 5 февраль куни судга маълумотнома тақдим этди. Унда “АСКУЕ” тизимига мос маиший истеъмолчилар учун мўлжалланган электр ҳисоблагичларнинг клинма қопқоғи пломба вазифасини бажариши, электр таъминоти томонидан ушбу турдаги ҳисоблагичларга пломба қўйилмаслиги маълум қилинган.

Бироқ ушбу маълумотнома Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 16-банди талабларига тўғри келмайди.

Чунки мазкур Қоидаларда электр таъминоти шартномаси асосида электр энергиясини сотиш ва тақсимлаш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахс истеъмолчиларга ўрнатилган ҳисоблагичларни белгиланган тартибда алмаштириш, ўрнатиш ва уларни пломбалашга мажбур эканлиги белгилаб қўйилган.

Демак, судга тақдим этилган маълумотнома амалда белгилаб қўйилган, мамлакатимизда ҳамма бирдек бажариши лозим қоидалар талабларига зид равишда, судни чалғитиш ҳамда истеъмолчи Ф. Мамараимовга нисбатан тузилган далолатноманинг қонунийлигига судни ишонтириш мақсадида тақдим этилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 1-бандига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки аломати йўқ бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса, тугатилиши лозим.

Суд қонуннинг адолатли мезонларига асосланди ва Ф. Мамараимовнинг ҳаракатида ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд эмас, деб ҳисоблади. Унга нисбатан юритилган ишни юритишдан тугатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Конституция ва қонунларга асосланган, кучли фуқаролик жамияти барпо этилаётган, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари устувор саналган, шахс қадри сарбаланд тутилаётган диёримизда айбсиз одам асоссиз равишда жавобгарликка, хусусан, маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги шарт.

Мамлакатимизда олиб борилаётган халқчил сиёсат, давлатимиз раҳбарининг қатъий талаби шундай.

Хулоса қилиб айтганда, шундай саволлар туғилади: айбсиз шахсга нисбатан нега маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди? Хатоликнинг туб сабаби нима билан изоҳланади?

Кўриниб турибдики, ҳар икки жамоада ҳам ходимларга хизмат вазифасини тўлақонли бажаришлари юзасидан тушунтириш ишлари етарли даражада ташкил этилмаган. Қонун ва қонуности ҳужжатларига ходимларнинг риоя қилишлари қатъий назоратга олинмаган. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш қоидаларини доимий тушунтириб бориш ишлари амалга оширилмаган. Оқибатда адолат тамойиллари бузилган.

Бинобарин, суд шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, юқоридаги каби хато ва камчиликларга йўл қўйилишининг олдини олиш, ходимларнинг ўз хизмат вазифаларини тўғри бажаришлари устидан етарли даражада назорат қилиш чораларини кўриш, муҳандис Ш. Холмуҳаммедов ва профилактика инспектори С. Эгамовнинг хатти-ҳаракатларини йиғилишда муҳокама қилиш ҳамда тегишли чора-тадбирлар белгилашлик учун электр таъминоти корхонаси туман бўлими, шу каби туман ички ишлар бўлими раҳбарлари номига тақдимномалар киритди.

Зеро, ҳеч кимга адолат тамойилларини бузишга, бирон-бир шахсни асоссиз ва ноҳақ маъмурий ҳуқуқбузарга чиқаришга изн берилмаган.

Баҳодир АҲМЕДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қўшработ тумани суди тергов судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

“Куч — адолатда” мухбири

photo_2026-03-31_12-49-18

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ: ХАЛҚАРО СТАНДАРТЛАР, СУД АМАЛИЁТИ ВА МИЛЛИЙ ТАЖРИБА

Мамлакатимизда жамият тараққиётига жиддий хавф солаётган, адолат мезонини оғдираётган ва инсон виждонини синовдан ўтказаётган иллат — коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилмоқда.

Президентимиз бу иллатни “давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид” деб баҳолаб, 2026 йил коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган чора-тадбирларни мустаҳкамлаш мақсадида, мамлакатда коррупцияга қарши “фавқулодда ҳолат” эълон қилиш ҳақида мурожаат қилганлиги бежиз эмас. Чунки коррупция — бу фақат пора олиш ё бериш эмас, балки омонатга хиёнат, ўзаро ишончга зарба ва адолат тарозисининг қасддан оғдирилиши ҳамдир.

Аслида, ҳар қандай жиноят, аввало, нопок кўнгилда пайдо бўлади, яъни «қасд» пайдо бўлади. Демак, коррупция — фақат қонунбузарлик эмас, балки зудлик билан ислоҳ қилинишга муҳтож маънавий таназзулдир.

Шунинг учун ҳам, бугунги глобаллашув шароитида коррупция фақат миллий муаммо эмас, балки халқаро хавф сифатида эътироф этилмоқда.

Чунончи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган Коррупцияга қарши Конвенция коррупцияга қарши курашда ягона универсал ҳуқуқий механизм сифатида хизмат қилмоқда. Ушбу Конвенция давлатлар олдига: коррупциянинг олдини олиш, жазо муқаррарлигини таъминлаш, халқаро ҳамкорлик ва активларни қайтариш сингари долзарб устувор вазифаларни қўяди. Негаки, коррупциянинг таркибий таҳлили пора олиш ва бериш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, давлат активларини ўзлаштириш ва қонунни айланиб ўтиш каби шаклларда намоён бўлади.

Шу маънода суд амалиёти таҳлилига назар ташласак, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича туман судлари томонидан 2025 йил давомида коррупциявий жиноятлар билан боғлиқ 462 нафар шахсга нисбатан 264 та жиноят иши кўриб, тамомланган, 453 нафар шахсга 256 та айблов ҳукми чиқарилган, 3 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинган, 6 нафар шахсга нисбатан ишлар тугатилган. Албатта, бу рақамлар судларнинг айблов ва оқлов ўртасида холис мувозанат сақлаётганини кўрсатади. Шу билан бирга жазо тайинлашда ҳам мутаносиблик ва индивидуал ёндашув таъминланган: судланганларнинг 19,6 фоизи — жарима, 12,6 фоизи — ахлоқ тузатиш ишлари, 22,1 фоизи — озодликдан чеклаш, 33,3 фоизи озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилган бўлса, 8 фоизига шартли жазо тайинланган. Шунингдек, 188 нафар судланувчи қўшимча жазо сифатида муайян ҳуқуқдан ҳам маҳрум этилган. Бу амалиёт халқаро стандартларга, хусусан, давлат хизматининг шаффофлиги ва жавобгарликни оширишга қаратилган халқаро Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) тавсия этган жазонинг муқаррарлиги ва самарадорлиги принципларига мос келади.

Шу ўринда мисолларга эътибор қаратадиган бўлсак, Қ. Қосимов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Тошкент халқаро аэропортида масъул лавозимида фаолият юритган. Аммо у мансабдор шахс сифатида ўз хизмат мавқеидан ғаразли ниятда фойдаланган ҳолда чет эл ва юртимиз фуқароларига чиқиш визаларини расмийлаштириб бериш эвазига турли миқдордаги пулларни пора сифатида талаб қилиб келган.

Масалан, чет эллик фуқаро М. А.дан ўзининг хизмат хонасида 1 000 000 сўм олиб, унга “Exit” визасини расмийлаштириб берган.

Умуман айтганда, А. Қосимов 31 та ҳолатда фуқаролардан пора олган. 

Кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, 2025 йил 19 июль куни у фуқаро А. С.дан 200 АҚШ долларини пора сифатида олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди ҳукми билан А. Қосимовга 2 йил муддатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, солиқ тизимида фаолият юритган С. Толибов ва У. Хурсандов ўзаро жиноий тил бириктириб, порахўрлик жиноятини содир этишган.

Яъни улар ўз хизмат мавқеидан қасддан фойдаланиб, Яккасарой туманида жойлашган умумий овқатланиш шохобчасини ўрганиб, унинг иш юритувчисига солиқ текширувларини ўтказмаслик ва шохобча фаолиятига раҳнамолик қилиш эвазига 600 АҚШ доллари талаб қилишган. Аммо улар бу маблағни пора сифатида олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Суд томонидан ҳар иккала судланувчи Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “г” банди билан айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга солиқ соҳасида раҳбарлик, моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, коррупцияга қарши кураш — бу фақат жазо чораси эмас, балки ҳуқуқий маданият, шаффоф бошқарув ва жамоатчилик назоратини мустаҳкамлаш жараёни ҳамдир. Шу боисдан ўтган 2025 йил натижалари суд амалиётида жазонинг муқаррарлиги, зарарни қоплаш механизмининг самарадорлиги, профилактиканинг кучайтирилгани каби ижобий тенденцияларни намоён этганини эътироф этиш жоиз. Зеро, адолат устувор бўлган жамиятда ишонч шаклланади.

Ишонч бор жойда эса, барака ва фаровонлик қарор топади.

Фарҳод Ғаниев,

Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари –

жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

photo_2026-06-22_12-19-22

ҲАЙВОНОТ ДУНЁСИГА НОҚОНУНИЙ МУНОСАБАТ ЁКИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТИТУТИНИНГ ОДИЛ СУДЛОВНИ ТАЪМИНЛАШДАГИ ЎРНИ

Баъзан бир қарашда оддий кўринган қилмиш ортида катта ижтимоий хавф яширинган бўлади. Айтайлик, бир нечта балиқ овлаш кимгадир шунчаки майда қоидабузарлик бўлиб туюлиши мумкин. Аммо ҳамма бирдек амал қилиши лозим бўлган қонун талабига енгил-елпи қараб бўлмайди. Айниқса, гап табиий сув ҳавзаларида тақиқланган усул — электр токи билан балиқ овлаш ҳақида кетса, бу бутун экотизимга етказилган зарар сифатида баҳоланади.

Биз мисол тариқасида келтираётган жиноий ҳодиса ўтган йилнинг 12 сентябрь куни Сирдарё дарёсининг Гулистон тумани “Теракзор” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида содир бўлган. Бобоқул Ширинбоев (исм-шарифлар ўзгартирилди) ўзининг жиноий шериклари Ихтиёр ва Бахтиёр Даминов билан резина қайиқ, иккита аккумулятор, электр қармоқ, ёритиш мосламаси ва бошқа воситаларда электр токи ёрдамида ноқонуний балиқ овлаётганда экология соҳаси ходимлари томонидан ушланган.

Ҳолат бўйича беш турда – 16 дона товонбалиқ, 12 дона сазан, 6 дона лаққа, 1 дона мой балиқ ва 1 дона Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган Туркистон мўйлабдори, жами 36 дона балиқ ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Судланувчилар «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг табиий ҳавзаларида балиқ овлаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори талабларига зид равишда ноқонуний ов қилган. Оқибатда ҳайвонот дунёси объектларига 69 миллион 442 минг сўм зарар етказилган.

Сирдарё вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган қарори билан тасдиқланган «Табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш қоидалари» талабларидан келиб чиқиб, етказилган зарар қийматини ўн бараварга ошириш коэффиценти билан ҳисоблаган. Шунда ҳайвонот дунёсига етказилган зарар 694 миллион 220 минг сўмни ташкил этган.

Жиноят ишлари бўйича Гулистон тумани суди 2025 йил 17 декабрдаги ҳукм билан Бобоқул Ширинбоев ва Бахтиёр Даминовни Жиноят кодексининг 202-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топган ҳамда уларга 1 йил муддатга барча овчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда ҳар бирига 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Судланувчи Ихтиёр Даминов уч йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган.

Ҳар учала судланувчига ҳайвонот дунёсига етказилган 694 миллион 220 минг сўмлик зарарни солидар тартибда тўлаш мажбурияти юклатилган.

Яқинда Б. Ширинбоев ва Б. Даминов ҳамда уларнинг ҳимоячиси вилоят суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъатига шикоят билан мурожаат қилиб, биринчи босқич суди айрим ҳолатларни етарлича инобатга олмагани, хусусан, судланувчиларнинг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, иштирокчилик даражаси, оилавий аҳволи, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар қаторида туриши, вояга етмаган фарзандлари борлиги ва зарарнинг бир қисми қопланганини важ қилиб, уларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради.

Даставвал айтиш ўринлики, судлов ҳайъати апелляция шикояти асосида ишни кўришда ўз ваколатидан келиб чиқиб, фақат ҳукм қонуний ва адолатлими ёки ноқонунийми, деган савол билан чекланмади. Балки ҳукмнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта баҳолади.

Биринчи босқич судининг ҳукмидан сўнг зарарнинг қопланганлик ҳолатига алоҳида эътибор қаратди.

Маълум бўлдики, биринчи босқич судида қайд этилган хулосалар асосли, ишнинг ҳақиқий ҳолатига мос. Иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширилиб, Б. Ширинбоев ва Б. Даминовнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 202-моддаси 4-қисми билан тўғри ва асосли малакаланган.

Содир этилган жиноят оқибати юзасидан тушунтириш берадиган бўлсак, электр токи билан балиқ овлашнинг хавфи катта. Яроқсиз усул сувдаги бошқа тирик организмларни ҳам нобуд қилади, майда балиқлар, тухумлар, сув жониворларининг табиий кўпайиш занжирига салбий таъсир этади.

Шунинг учун бу усулда балиқ овлаш қатъиян тақиқланган. Яна бир томони бу ерда масала “қанча балиқ овланди” деган савол билан чекланмайди.

Аксинча, жамиятимизда табиатдан фойдаланиш маданияти, экологик масъулият ва келажак авлодлар олдидаги бурч ва мажбуриятга қай даражада қаралаётгани аҳамиятли.

Апелляция судлов ҳайъати миллий қонунчиликда белгилаб қўйилган қонун мезонларига таянди. Хусусан, Жиноят кодексининг 8-моддасига асосан, жиноят содир этган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши кераклиги, 54-моддасида эса, жазо тайинлашда жиноятнинг хусусияти, ижтимоий хавфлилик даражаси, қилмиш сабаби, етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдори, айбдорнинг шахси, енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олиниши белгиланган.

Бироқ биринчи босқич суди Б. Ширинбоев ва Б. Даминовга нисбатан айбига иқрорлиги, муқаддам судланмаганлиги, қилмишидан пушаймонлиги, содир этилган жиноятнинг хусусиятини, етказилган зарар миқдорини эътиборга олмасдан бир қадар оғир жазо тайинлаган. Биринчи босқич судининг ҳукмидан кейин ҳайвонот дунёсига етказилган зарарнинг 268 миллион 400 минг сўми судланувчиларнинг қариндошлари томонидан қопланган.

Апелляция судлов ҳайъати юқорида қайд этилганларни инобатга олиб, биринчи босқич суди ҳукмининг Б. Ширинбоев ва Б. Даминовга оид қисмини ўзгартирди. Уларга тайинланган 5 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига 1 йил муддатга барча овчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 3 йилдан муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Шунингдек, уларнинг 2025 йил 17 декабрдан 2026 йил 6 февралга қадар қамоқда сақланган 1 ой 19 куни Жиноят кодексининг 62-моддаси асосида озодликни чеклаш жазосидан чегирилиб, ўташ учун 2 йил 10 ой 11 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Назаримизда, бу ўзгаришни жазони адолатли шаклда қайта белгилаш деб тушунилса, тўғри бўлади. Чунки озодликдан маҳрум қилиш жазоси озодликни чеклаш жазосига алмаштирилса-да, судланувчилар айбли деб топилган ҳолат сақланди, овчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси ҳам қолдирилди. Шу каби улар зиммасига қопланмаган 425 миллион 820 минг сўм моддий зарарни бир йил муддатда солидар тартибда тўлиқ қоплаш мажбурияти юклатилди.

Кўриниб турибдики, апелляция суди судланувчилар зиммасидан жавобгарликни соқит қилмаган ҳолда қонунларимизнинг инсонпарварлик тамойилларига асосланганлигини амалда ифодалади ва жавобгарликни реал ҳаёт билан боғлади. Судланувчилар гарданида энди озодликда юриб, чекловлар доирасида яшаш, меҳнат қилиш, зарарни қоплаш ва қонунга итоат қилиш мажбурияти бор.

Мухтасар айтганда, жиноят ишларини апелляция тартибида кўриш биринчи босқич судида йўл қўйилган хато-камчиликларни тузатиш, адолат ва инсонпарварликни мувозанатлаштиришгагина эмас,қонун устуворлигини таъминлаш, судланган шахс тақдирига таъсир қилувчи жазо масаласини қайта баҳолаш, жабрланган тараф манфаатини ҳимоялаш сингари қатор вазифаларни тўлақонли бажармоқда, шу тариқа халқимизнинг одил судловга бўлган ишончини оширмоқда.

Жавлон ЖАББОРОВ,

Сирдарё вилояти

суди судьяси

photo_2026-02-05_11-25-25

ОЛИЙ СУДДА МАТБУОТ АНЖУМАНИ

Олий судда 2025 йилда одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолият юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоялаш борасида қилинаётган ишлар, соҳадаги ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда «Инсон қадри» ғояси асосида ўтказилган муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараёнларда янги таҳрирдаги Конституция қабул қилиниб, унда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясининг кафолатлари янада кучайтирилди.

Фуқаролар ва тадбиркорларга одил судловдан фойдаланиш имкониятлари янада кенгайтирилгани алоҳида қайд этилди.

Хусусан, аҳолининг судга мурожаат қилишига оид масалалар тўлиқ рақамлаштирилди. Ариза йўллаш, ишда иштирок этиш, суд ҳужжатларини олиш ва ишларни кўрилиши ҳақида маълумот олиш каби суд томонидан кўрсатиладиган хизматлар Олий суднинг интерактив хизматлар портали орқали электрон шаклда амалга оширилиши йўлга қўйилди.

Натижада, судлар фаолиятининг очиқлиги таъминланиши билан бирга аҳолининг ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий онги ва маданиятини ошишига эришилмоқда.

Инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш тизимини янада яхшилаш, одил судлов соҳасидаги кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, суд соҳасини рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, судларда фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида бир қатор муҳим қарор ва фармонлар имзоланди.

Жиноят иш юритувида инсонпарварлик тамойиллари асосида «Хабеас корпус» институтини янада кенг татбиқ этиш мақсадида 2025 йил 1 январдан тергов судьялари институти миллий амалиётга жорий этилди.

Бугунги кунда, 205 та жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларида 263 нафар тергов судьялари фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиб, одил судловни амалга оширмоқда.

Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ва маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиқиб такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш Концепцияси тасдиқланди.

Суд соҳасини рақамлаштириш, суд тизимининг моддий таъминотини яхшилаш, судьялар корпусини малакали кадрлар билан таъминлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонлари қабул қилинди.

«Рақамли суд» концепцияси асосида «Ақлли суд» заллари ташкил этиш, судлар фаолиятига энг илғор сунъий интеллект технологиялари жорий этиш, судларга замонавий бинолар қуриш, шунингдек, одил судлов соҳаси учун кадрлар тайёрлашнинг замонавий, ихчам ва оптимал тизими йўлга қўйиш белгиланди.

Олий суд томонидан ишларни кўриш жараёнида суд амалиётида аниқланаётган муаммолар доимий равишда ўрганилиб, «суд кўзи билан» таҳлил этиб бориш йўлга қўйилди.

Ўтказилаётган таҳлиллар асосида аниқланган камчиликлар ва қонунчиликдаги зиддиятларни бартараф этиш, шунингдек одил судлов самарадорлигини ошириш ва суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Олий суд Пленуми томонидан суд амалиётида қонунчиликни қўллашнинг долзарб масалалари юзасидан тушунтиришлар берилиб, давлат органлари ва ташкилотлар учун ягона суд амалиётини яратишга доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Олий суд Пленуми томонидан 28 та қарор қабул қилиниб, уларнинг 20 тасида бевосита қонунчиликни қўллаш масалалари бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Ушбу тушунтиришларнинг мазмун-моҳиятида жамиятдаги энг долзарб масалалар бўйича ягона суд амалиётини ўрнатиш мақсад қилинган.

Олий суд Раёсати томонидан 2025 йилда 21 та масала кўрилиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинган.

Фуқароларга янада кўпроқ қулайликлар яратиш мақсадида судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича тизимли чоралар кўрилмоқда.

Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.

 

photo_2026-04-21_10-36-38

КЎЗИ ОЧИЛМАГАН ҲАМТОВОҚЛАР ТАКРОРАН ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРИШДИ

Риштон туманининг “Жалойир” маҳалласида яшовчи, вояга етмаган Жавоҳир Аъламов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2025 йил 2 октябрь куни кечки овқатдан сўнг ўз хонасига кириб, қўл телефони хотирасидаги видеоларни кўриб ётади. Сўнг соат чамаси, 22.30 ларда телефонини қувват олдириш учун қўйиб, ухлайди. Аммо…

Туманнинг Хуррамобод қишлоғида яшовчи Руфатжон Бобораҳимов 2021 йилда таниши Авазбек Мансуржонов билан бирга ўғирлик ва ўғирликка суиқасд қилиш жиноятларини содир этган. Оқибатда уларга жиноят ишлари бўйича Риштон туман судининг 2021 йил 5 ноябрдаги ҳукмига мувофиқ, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди ва 25,169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, ушбу кодекснинг 57, 59, 62, 84-1-моддалари тартибида тегишли муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Р. Бобораҳимов жиноят ишлари бўйича Риштон тумани судининг 2023 йил 18 августдаги ажрими билан Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан, А. Мансуржонов эса, жиноят ишлари бўйича Олтиариқ тумани судининг 2022 йил 29 августдаги ажримига мувофиқ айни кодекснинг 89-моддаси тартибида муддатидан илгари шартли равишда жазодан озод қилинган.

Аслида, бу бағрикенглик ҳар икки судланувчига қилмишидан тўғри хулоса чиқариш, ҳаётда тўғри йўлни топиши учун берилган имконият эди. Бироқ ҳамтовоқлар буни хаёлларига ҳам келтиришмади, аксинча, янада оғирроқ жиноятга қўл уришди.

Гап шундаки, А. Мансуржонов қонуний жазодан муддатидан илгари озод бўлгач, хорижга ишлагани кетади ва 2025 йил 1 октябрь куни Ўзбекистонга қайтиб келади. Келади-ю, эски ҳамтовоғи Р. Бобораҳимовга қўнғироқ қилади. Икковлон “маслаҳат”лашгач, эртаси куни шом маҳали А. Мансуржонов ўзи туғилиб ўсган Риштон туманига боришади.

Буёғини сўрасангиз, у хорижга ишлагани кетмасидан олдин тумандаги “Жалойир” маҳалласида Наима Йўлчиеванинг хонадонида устачилик ишларини бажарганди. Ўшанда бу аёлнинг анчагина бадавлат эканини кўз остига олиб қўйганди. Бинобарин, Р. Бобораҳимовга ҳамтовоғи Н. Йўлчиеванинг хонадонига ўғирликка тушишни таклиф қилади. Бу таклиф жиноий шеригига ҳам маъқул келади.

Шундан сўнг ҳамтовоқлар тунги соат 23.30 ларда Р. Бобораҳимовнинг “Москвич” русумли автомашинасида Наима Йўлчиеванинг уйи яқинига келишади. Кейин маҳалла ичидаги йўллар орқали хонадоннинг томорқасига ўтишади. Чунки бу жой девор билан ўралмаганлиги учун ҳовлига киришга қулай эди. Улар ҳовлига, сўнг эса, рўпарадаги хонага бостириб киришади. Бу хонада Н. Йўлчиеванинг вояга етмаган ўғли Жавоҳир Аъламов ухлаб ётганди. Қарашсаки, стол устида “Iphone 15 Pro Max” русумли уяли алоқа воситаси турибди. А. Мансуржонов дарров телефонни олиб, ҳамтовоғига беради. Лекин шу маҳал Жавоҳир уйғониб қолиб, унинг қўлига ёпишади. Кейин бақириб, онасини ёрдамга чақиради.

Буни кутмаган А. Мансуржонов ва Р. Бобораҳимов Ж. Аъламовнинг юзи ва танасининг турли соҳаларига уриб-тепкилайди. Сўнг хонадан ўқдек отилиб чиққанча томорқа томонга қочишади. Уларни ҳовлида кўрган Наима Йўлчиева қўрққанидан хонасидаги парда ортига яширинади. Аммо қўрқувга тушганидан оёқ-қўли қалтираса ҳам, бир амаллаб, Тошкент шаҳрида яшовчи қизи Манзура Аъламовага қўнғироқ қилади. Манзура эса, дарҳол ички ишлар идорасига хабар беради.

Албатта, ушбу хабарга асосан ички ишлар бошқармаси тезкор ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб боради. Сўнг уларнинг ёрдами билан Н. Йўлчиева жароҳатланган ўғлини тез ёрдам автомашинасида шифохонага жўнатади.

Буни қарангки, эртаси куни А. Мансуржонов ўғирланган қўл телефонини Фарғона шаҳри марказида мобил қурилмалар савдоси билан шуғулланувчи дўкон соҳибига 1,5 миллион сўмга сотиб юборади. Бироқ қонун ҳимоячилари махсус техникалар ёрдамида уяли телефон айнан қаерда эканлигини топишади. Шу орқали жиноят тез орада очилади.

Оқибатда А. Мансуржонов ва Р. Бобораҳимовга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Яқинда ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Риштон туман судида кўриб чиқилиб, иккала судланувчи Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисмининг тегишли бандлари билан айбдор деб топилди. Суд уларнинг ҳар бирига 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги йилларда аксарият оғир ва ўта оғир жиноятлар муқаддам судланган шахслар томонидан содир этилмоқда. Бу, ўз навбатида, жазодан озод этилган шахсларга пробация чора-тадбирлари кўрсатиш, уларни иш билан таъминлаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш зарурати мавжудлигини кўрсатади.

Мазкур воқеа енгил йўл билан бойлик орттиришга уриниш қандай аянчли оқибатларга олиб келишини яна бир бор кўрсатди. Қонунга зид ҳаракат нафақат жиноят содир этган шахслар тақдирига, балки жабрланувчилар ҳаётига ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Шу боис ҳар бир фуқаро, айниқса, аввал хатога йўл қўйганлар, берилган имкониятни қадрлаб, тўғри йўлни танлаши зарур. Акс ҳолда, жиноят йўли охири муқаррар равишда жазо билан якунланади.

Одилжон ИСМОИЛОВ,

жиноят ишлари бўйича

Риштон тумани суди раиси

#thegov_button_6a662162e6af2 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a662162e6af2:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a662162e6af2 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6a662162e6af2:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); }
Skip to content Click to listen highlighted text!