ТАРБИЯДАГИ КЕМТИКЛИК ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ОЛИБ КЕЛДИ

Бугунги кунда мамлакатимизда эртанги кунимизнинг эгалари — ёшлар ўз иқтидори ва салоҳиятларини тўлиқ рўёбга чиқариши, замонавий билим ва касб-ҳунар сирларини пухта эгаллашлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Албатта, бу имкониятларидан оқилона фойдаланиб, ўз салоҳиятини намойиш этаётган ёшлар жуда кўпчиликни ташкил этади.
Аммо ҳаётда ўткинчи ҳавою ҳавасларга берилиб, нафақат қимматли вақтини елга совураётган, балки келажагини ҳам барбод қилаётган айрим ёшларнинг ҳам учраб туриши жуда афсусланарлидир.
Айниқса, айрим ёшларнинг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар истеъмолига ружу қўйиши уларни боши берк кўчага киритиб қўймоқда.
Масалан, Ангрен шаҳрида яшовчи Диёр Ғайратов (исм-шарифлар ўзгартирилган) таниши Зафар Луқмонов билан бирга кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан шуғулланиш ва шу орқали мўмай даромад топишни режалаштиради.
— Ҳали кўрасан, тезда бойиб кетамиз. Чўнтагимиздан пул узилмайди, — дейди Д. Ғайратов Зафарни қизиқтириб.
Шундай ғаразли ниятда улар терговда шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган номаълум шахс билан жиноий тил бириктиришади. Ваҳоланки, улар бундай иллатга қўл уриш тегишли жавобгарликка сабаб бўлишини яхши билишарди.
Хуллас, 2025 йил 19 октябрь куни Юқори Чирчиқ тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган “Қорадори — 2025” профилактик тадбир давомида Д. Ғайратов ва З. Луқмоновларнинг қилмиши фош этилади. Аниқроғи, шу куни соат 13.30 ларда туманнинг Файзобод маҳалласи ҳудудидан ўтган “Бектемир-Ғазалкент” автомобиль йўлининг ўнг томонида тўхтаб турган Д. Ғайратовга қарашли автомашина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимларида шубҳа уйғотади. Бинобарин, холислар иштирокида кўздан кечирилган пайтда автомашина юкхонасида 68 дона оқ рангли, ичида суюқлик бўлган флаконлар, 87 дона қора рангли, бўлаклаб ўралган капсуласимон моддалар ҳамда 536 дона оқ рангли капсулалар борлиги аниқланади. Бу воситалар текшириб кўриш учун ашёвий далил тариқасида олинади. Кейинчалик эса, Д. Ғайратов ва З. Луқмонов бу воситаларни сотиш орқали мўмай даромад орттириш мақсадида сақлаб келаётганига иқрор бўлишади.
Таъкидлаш лозимки, судга оид кимёвий экспертиза хулосасида қора рангли 86 дона ўрамлар ичидан чиққан капсулалар таркибида “прегабалин” гиёҳвандлик моддаси борлиги қайд этилди. Айтиш керакки, ушбу модда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 19 августдаги қарори билан кучли таъсир қилувчи моддалар туркумига киритилган.
Шундан сўнг Д. Ғайратов ва З. Луқмоновга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Тергов жараёнида ўтказилган судга оид наркологик экспертиза хулосалари З. Луқмоновнинг гиёҳвандлик касаллигига чалингани, шу боис мажбурий тартибда даволанишга муҳтож эканлигини кўрсатди.
Яқинда жиноят ишлари бўйича Юқори Чирчиқ тумани судида ушбу жиноий қилмишга қонуний баҳо берилди: иккала судланувчи Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 5-қисми билан айбдор деб топилиб, уларга нисбатан тегишли муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 96-моддаси талабидан келиб чиқиб, З. Луқмоновга нисбатан жазони ўташ муассасаларида гиёҳвандликдан мажбурий тартибда даволаниш чоралари қўлланиладиган бўлди.
Кези келганда, бошқаларга сабоқ бўлиши учун бир мулоҳазани билдириб ўтишни лозим топдик. Бу оғир жиноий қилмишга қўл урган Д. Ғайратов — 25, З. Луқмонов эса, 26 ёшда. Иккаласи ҳам ҳали оила қурмаган, бироқ улар катта ҳаётга эндигина қадам қўяётган пайтда бундай аянчли қисматга дучор бўлиши ҳар қандай кишини ўйлантиради. Айниқса, З. Луқмоновнинг гиёҳвандликка чалингани ўта ачинарли ҳол.
Бу ҳақда ўйлаганда, шундай ҳақли савол туғилади: хўш, уларнинг ота-онаси, яқинлари нега аҳвол шу даражага етгунча фарзандларини назорат қилишмаган?
Ҳарқалай, нима бўлганда ҳам, ҳаммаси оилавий тарбиядаги кемтикликка, фарзандлар олдидаги масъулият унутилганига бориб тақалади.
Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, униб-ўсиб келаётган ёшларнинг таълим-тарбиясига масъулият билан қараш, уларни турли хил иллатлардан асраб-авайлаш — ҳар биримизнинг масъулиятли бурчимиздир. Зеро, бугун ёшлар тарбиясига фидойилик билан ёндошишимиз ёруғ ва фаровон келажагимизни барпо этишга қўшаётган ҳиссамиз эканини унутмайлик.
Дилноза ЖУМОНОВА,
жиноят ишлари бўйича
Юқоричирчиқ тумани
суди судьяси

