1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00
photo_2026-09-03_10-14-06

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНГА МОС МЕЗОН: СУДЛАР — АДОЛАТ ҚЎРҒОНИ БЎЛСИН!

Ҳар қандай давлатнинг тараққиёт даражаси, аввало, унинг фуқароларига нисбатан қай даражада адолатли, инсонпарвар ва самарали ҳуқуқий тизимга эга эканлиги билан белгиланади. Шу маънода, мустақиллик йилларида мамлакатимизда жиноят ҳуқуқи, жиноят-процессуал ҳуқуқи ва жиноят-ижроия ҳуқуқи соҳаларида амалга оширилган ислоҳотларни шартли равишда бир нечта даврларга ажратиш мумкин. Аввало, миллий қонунчиликнинг шаклланиши, жиноий жазоларни босқичма-босқич либераллаштириш ва инсонпарварлаштириш йўлида тарихий ўзгаришлар амалга оширилди.

Ўз навбатида, суд ҳокимиятининг мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалиётга тадбиқ этилди. Шу билан бирга, суд-ҳуқуқ тизимини тубдан модернизация қилиш бўйича янги тизимли ислоҳотлар аниқ самаралар берганини қайд этиш лозим.

Энг муҳими, 2016 йилдан бошланган даврни Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизими тарихидаги шиддатли ва натижадор босқич сифатида баҳоласак, тўғри бўлади.

Бу борада эришилган натижалар нафақат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сонининг кўплиги, балки уларнинг мазмунан чуқур ислоҳ этувчи характерга эга эканлиги билан ҳам алоҳида ажралиб туради.

Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг сифат жиҳатидан янги, юксак босқичини бошлаб берди. Мазкур Фармон судьяларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсуниши ҳақидаги конституциявий норманинг амалда тўлиқ рўёбга чиқарилишига йўл очди ҳамда суд тизимини институционал жиҳатдан қайта қуриш бўйича кенг қамровли ва изчил дастурнинг бошланғич нуқтаси бўлди.

Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармони билан 2017–2021 йилларга мўлжалланган бешта устувор йўналиш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди. Унинг иккинчи йўналиши — «Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш» деб номланди.

Шу йўналиш доирасида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш; маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш; алоҳида жиноий қилмишларни декриминаллаштириш; жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпарварлаштириш; жиноят процессида тортишув принципини тўлақонли жорий этиш; адвокатура институтини ривожлантириш каби устувор вазифалар аниқ ва мақсадли тарзда бажарилди.

Шунингдек, 2017 йил 6 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонун билан илгари Президент ҳузурида фаолият юритган ва фақат судьяларни лавозимга тавсия этиш вазифасини бажарган Олий малака комиссияси ўрнига мустақил, конституциявий-ҳуқуқий мақомга эга Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Бу – суд ҳокимияти мустақиллигини институционал жиҳатдан мустаҳкамлашнинг ёрқин намунаси бўлди.

Кенгаш судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлаш, уларни лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги масалаларини кўриб чиқиш каби кенг ваколатларга эга бўлди.

Шу билан бирга, «Маъмурий суд иши юритуви тўғрисида»ги ва «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонунлар лойиҳалари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Бу ҳужжатлар давлат органлари фаолиятидаги қонунийликни мустаҳкамлаш ва фуқаролар ҳуқуқларини маъмурий суд йўли билан ҳимоя қилишнинг замонавий тартиб-таомилларини жорий этишга хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 14 майдаги «Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори жиноят ва жиноят-процессуал ҳуқуқи соҳасидаги ислоҳотларнинг илмий асосланган концептуал дастури бўлди.

Қарорда 1994 йилда қабул қилинган кодексларнинг замонавий талабларга тўлиқ жавоб бермайдиган жиҳатлари очиб берилиб, жиноят қонунчилиги нормаларини унификация қилиш, жиноий жавобгарлик ва жазо тизимини такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалда ишончли ҳимоя қилишни таъминлайдиган механизмларни жорий этиш каби устувор йўналишлар белгиланди.

Олий суд Пленумининг 2018 йил 24 августдаги «Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори жиноят процессида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим амалий воситасига айланди. Ушбу қарорда суд амалиётида қонунга хилоф равишда, жумладан, қийноқ, зўравонлик ёки бошқа ноқонуний усуллар қўлланилиб олинган маълумотлардан далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмаслиги, бундай ҳолатлар тўғрисидаги мурожаатлар суд-тиббий ёки бошқа экспертиза ўтказилган ҳолда мажбурий тарзда текширилиши лозимлиги мустаҳкамланди.

Янада муҳими, Президентимизнинг 2018 йил 11 ноябрдаги «Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори жиноят-ижроия ҳуқуқи соҳасидаги ислоҳотларга кучли туртки берди. Қарор доирасида жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларни сақлаш шароитларини яхшилаш, уларнинг меҳнат ва таълим олиш ҳуқуқларини таъминлаш, жазони ижро этиш жараёнида инсонпарварлик тамойилини кенг жорий этиш, шунингдек, жазони ўтаб бўлган шахсларни жамиятга ижтимоий мослаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланди.

Бу қарор жазони ижро этиш сиёсатида «репрессив-жазоловчи» ёндашувдан «тарбиявий-реинтеграцион» ёндашувга ўтишни мустаҳкамлади. Кейинги йилларда пробация хизматини ташкил этиш, маҳкумларни жамиятга қайтариш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш каби амалий қадамларга асос бўлди.

Ушбу даврда Президентимиз томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида суриштирув ва дастлабки тергов органларининг фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармон жиноят процессида тезкор-қидирув ва тергов фаолиятининг шаффофлигини ошириш борасида муҳим қадам бўлди.

Фармонда жиноят процессида судлар томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчиларга нисбатан «муайян ҳаракатларни тақиқлаш» деб номланган янги, енгилроқ эҳтиёт чорасининг жорий этилиши, шунингдек, кўплаб процессуал ҳаракатларни холислар иштирокисиз, лекин мажбурий тарзда видеоёзув воситаларидан фойдаланган ҳолда қайд этиш тартибининг йўлга қўйилиши назарда тутилди. Бу ислоҳотлар терговнинг дастлабки босқичидан бошлаб шахс ҳуқуқларини кафолатлаш даражасини оширишга қаратилган.

Бундан ташқари 2021 йил 12 январдаги қонун билан Жиноят-процессуал кодексининг мурдани эксгумация қилиш тартибини белгиловчи нормалари такомиллаштирилди, жумладан, ушбу масалани кўриб чиқиш ваколати аниқ судьялар доирасига бириктирилди ва судьянинг тегишли ажрими устидан шикоят қилиш муддати қатъий белгилаб қўйилди. Бундай аниқ процессуал муддатларнинг белгиланиши жиноят процессида ишларни кўриб чиқиш тезлигини ошириш ва фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқини самарали амалга оширишни таъминлашга хизмат қилди.

Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 28 январдаги «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармони суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг навбатдаги, «Инсон қадри учун» деб номланган олижаноб тамойилга асосланган босқичини бошлаб берди. Тараққиёт стратегиясида «Адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш» алоҳида устувор йўналиш сифатида белгиланиб, унинг доирасида жиноят, жиноят-процессуал ва жиноят­ижроия қонунчилигини такомиллаштириш сиёсатини изчил давом эттириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тизимига инсонпарварлик тамойилини кенг жорий этиш назарда тутилди.

Стратегияда белгиланган муҳим вазифалардан бири — қийноқларнинг олдини олиш бўйича превентив механизмларни такомиллаштириш ва бу йўналишда алоҳида қонун қабул қилишдир. Бундан ташқари, ювенал адлия тизимини шакллантириш ҳамда болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликни кодификациялаш, «Хабеас корпус» институтини янада ривож­лантириш орқали тергов устидан суд назоратини кучайтириш, шунингдек, маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириш орқали давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан суд назоратини кенгайтириш вазифалари белгилаб қўйилди.

Жазони ўтаб бўлган шахсларни жамиятга қайта мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, жазони ўтаб чиққан шахсларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакетини бериш тизими, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни ҳисобга олиш бўйича ягона онлайн электрон реестр каби рақамлаштиришга асосланган янги механизмлар жорий этилди.

Электрон тартибда суд ва ижро ишини юритиш, суд мажлисларини видеоконференцалоқа орқали ўтказиш имконияти каби йўналишлар устувор вазифалар сифатида белгиланди. Бу борада тизимда эришилган самаралар одил судловга эришиш даражасини ошириш ва судлов жараёнларининг очиқлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг 2026 йил 16 февралда қабул қилинган «Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони соҳа ривожида алоҳида муҳим аҳамият касб этди. Ушбу Фармон билан суд-ҳуқуқ ислоҳотлари 2030 йилгача мўлжалланган янги, юксак босқичга кўтарилди.

Фармонда белгиланган йўналишлар орасида:

• жиноят процессида халқаро тан олинган «Хабеас корпус» институтини янада такомиллаштириш мақсадида тергов судьяларига қамоққа олиш, уй қамоғи ва бошқа эҳтиёт чоралари ҳамда процессуал мажбурлов чораларини ўзгартиш ва бекор қилиш ваколатини бериш;

• ўта оғир ва жамоатчилик эътиборини тортган жиноят ишларини судда жамоатчилик вакилларидан иборат халқ вакиллари ҳайъати иштирокида кўриб чиқиш амалиётини босқичма-босқич жорий этиш;

• ҳимоячига жиноят ишида ўз ҳимояси остидаги шахс иштирокида ўтказилган процессуал ҳаракатларга оид ҳужжатлар ва далиллар билан танишиш ҳамда улардан нусха олиш ҳуқуқини бериш орқали ҳимоя тарафининг процессуал имкониятларини кенгайтириш;

• жиноят иши юритувида ярашув институтидан фойдаланиш кўрсаткичини ошириш;

• судлар ва тергов органлари фаолиятида процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга оширишдан фойдаланиш даражасини 50 фоизга етказиш вазифалари алоҳида эътиборга лойиқ.

Мамлакатимизда жорий 2026 йил «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилингани муносабати билан Президент Фармони асосида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тасдиқланди. Бунда жиноят қонунчилигини янада қатъийлаштиришга қаратилган муҳим ижтимоий чоралар ҳам белгиланди.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистоннинг суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасидаги давлат сиёсати изчил, узоқ муддатли стратегик режалаштиришга асосланган бўлиб, ҳар бир кейинги босқич олдинги босқичда эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш ва янада ривожлантиришга қаратилган.

Айниқса, сўнгги ўн йилликда – 2016 йилдан буён амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами, чуқурлиги ва самарадорлиги жиҳатидан алоҳида ажралиб туради. Буларнинг барчаси фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидаги изчил давлат сиёсатининг амалий ва самарали ифодасидир.

Шерзод АБДУҚОДИРОВ,

Одил судлов академияси ректори,

юридик фанлар доктори

Read More
photo_2026-09-03_11-50-33

ВАКОЛАТ ДОИРАСИДАН ЧЕТГА ЧИҚИШ ҚОНУНИЙ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛДИ

Қонун устуворлиги таъминланган жамиятда ҳар бир давлат хизматчиси, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходими ўз фаолиятида қонунга таяниши, фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати, эркинлиги ва хавфсизлигини ҳимоя қилиши шарт.

Чунки ваколат доирасидан четга чиқиш, қонун талабларига беписандлик билан қараш муқаррар жавобгарликка сабаб бўлади.

Буни қуйида баён этиладиган воқеа мисолида ҳам кўриш мумкин.

Суд ҳужжатларида баён этилишича, уч нафар профилактика инспектори қонун билан берилган ваколатлар доирасидан четга чиқиб, фуқарони асоссиз ушлаб туриш, унга нисбатан зўрлик ишлатиш, оғир тан жароҳатлари етказиш ҳамда содир этилган ҳаракатларга қонуний тус бериш мақсадида сохта ҳужжатлар расмийлаштиришда айбдор деб топилди. Воқеа, аслида, шундай бошланган: жабрланувчи Абдимутал Бўтаев (исм-шарифлар ўзгартирилди) ва унинг турмуш ўртоғи ўртасида муқаддам оилавий низолар бўлиб турган.

Ана шу низолар юзасидан профилактика инспектори сифатида Низом Пирназаров тегишли профилактик чораларни кўриб келган.

Вақт ўтиши билан А. Бўтаевнинг кўнглида негадир турмуш ўртоғи ва профилактика инспектори ўртасида қандайдир муносабат бор, деган гумон пайдо бўлади.

2025 йил 14 август куни кечки пайт А. Бўтаев ўзи истиқомат қиладиган маҳалла ҳудудидаги автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шоҳобчаси ёнида Н. Пирназаровни кўриб қолади ва кўнглидаги шубҳа яна бош кўтаради. Бунинг сабаби ҳам бор эди.

Чунки Н. Пирназаровнинг иш ўрни ўзгарган, бошқа туманга профилактика нозири этиб тайинланганди. Аммо янги иш жойида бўлиш ўрнига бу атрофда юргани А. Бўтаевнинг эски «дарди»ни яна оловлантиради. Чидаб туролмасдан собиқ профилактика инспекторидан яна эски масалага ойдинлик киритишни талаб қилади.

Н. Пирназаровнинг кўнглида эса, А. Бўтаевга нисбатан ғаразли ўй пайдо бўлади ва ундан ўч олиш нияти туғилади. Вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш ўрнига, уни ҳуқуқбузар сифатида кўрсатиш ва суд орқали маъмурий қамоққа ҳукм қилдириш ҳаракатига тушади.

Бунинг учун аввал бирга ишлаган профилактика инспектори Инъомжон Келдибековга қўнғироқ қилади. А. Бўтаев пичоқ кўтариб, таҳдид қилаётганидан ёзғиради ва ундан ёрдам сўрайди.

Кейинроқ Н. Пирназаровнинг илтимосига кўра, И. Келдибеков ва яна бир профилактика инспектори Муҳиддин Холбеков ҳам ички ишлар бўлими маъмурий биносига етиб келади. Улар учрашгач, Н. Пирназаров А. Бўтаевга нисбатан майда безорилик ва ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик каби ҳуқуқбузарликлар бўйича ҳужжат расмийлаштириб, уни маъмурий қамоққа ҳукм қилдиришда амалий ёрдам беришни сўрайди.

Шундан сўнг у А. Бўтаевга қўнғироқ қилиб, Наманган шаҳар 1-сонли ИИБ маъмурий биноси олдига етиб келишини буюради. У келгач, ичкарига мажбурлаб олиб киришади. Унинг ёнида ўткир тиғли жисм борлиги важи билан шахсий тинтув ўтказилади. Бироқ А. Бўтаевнинг ёнидан ҳеч нарса топилмайди.

А. Бўтаев ўзини асоссиз ушлаб, тинтув қилинаётганига эътироз билдиради. Аммо унинг бу эътирози фаол қаршилик кўрсатиш сифатида баҳоланади. Шундан сўнг унинг қўлларини орқасига қайириб, видеокузатувдан четда бўлган “Фуқароларни қабул қилиш хонаси”га олиб боришади.

Хонада бу воқеаларга гувоҳ бўладиган ҳеч ким йўқ эди. Шу сабабли А. Бўтаевни айнан шу хонада уриб-дўппослашган. Бунинг оқибатида унга ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари етказилган. Бу суд-тиббий экспертиза хулосасида ҳам қайд этилади.

Шундан сўнг А. Бўтаевни қўйиб юборишган бўлса керак, деб ўйлаяпсизми?

Йўқ, энди жабрланувчининг эркинлигини чеклашга киришилган. Суд ҳужжатларидан маълум бўлишича, 2025 йил 14 август куни соат ўн саккиздан бошлаб тўрт ярим соат жабрланувчи қонуний асосга эга бўлмаган ҳолда ушлаб турилган.

Қолаверса, Н. Пирназаров жабрланувчи юқори турувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга шикоят қилмаслиги ёки тиббиёт ходимларига айтиб қўймаслиги чораларини ахтарган. Жабрланувчини дастлаб Поп, кейин Косонсой туманларига, гўёки ўз хоҳиши билан дам олишга чиққан қилиб бирга олиб юрган.

Профилактика инспекторининг хизмат хонасида айбсиз айбдорга нисбатан тайёрланган сохта ҳужжатларга мажбурлаб имзо қўйдирилади. Шундан сўнг А. Бўтаев аслида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этмаган бўлса-да, унга нисбатан расмийлаштирилган ҳужжатлар мазмунан кўриш учун судга тақдим этилади.

Бироқ жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди ушбу маъмурий материалларни кўриб чиқиб, тўпланган ҳужжатларда камчиликлар мавжудлиги учун қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказиш учун қайтаради.

Бу томонда эса, олган оғир тан жароҳатлари туфайли А. Бўтаевнинг соғлиғи кун сайин оғирлашиб бораётганди. Судда мақсадларига етолмагач, 2025 йил 16 август куни судланувчилар А. Бўтаевни Наманган шаҳридаги «Марҳабо шифо» хусусий шифохонасига ётқизишади.

Бундан А. Бўтаевнинг онаси ва бошқа яқин қариндошлари хабар топгач, оғир аҳволдаги беморни Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган филиалига ётқизишади. Шифокорлар томонидан кўрсатилган малакали тиббий ёрдам натижасида жабрланувчининг ҳаёти сақлаб қолинади.

Судда аниқланган яна бир муҳим ҳолат — судланувчилар содир этган ҳаракатларига қонуний тус беришга уринилганидир. Бу билан улар ўзларининг зўравонлик ҳаракатларини яшириш, жабрланувчини айбдор шахс сифатида кўрсатиш ва уни маъмурий қамоққа тортилишига уринишган. Ҳужжатларга ёлғон маълумотлар киритилиши, ҳақиқий ҳолатнинг бузиб кўрсатилиши ва сохталаштирилган материалларни судга тақдим этишга ҳаракат қилиниши одил судловга қарши жиноят сифатида баҳоланди.

Суд жараёнида жабрланувчи А. Бўтаев дастлабки терговда берган кўрсатмаларини тасдиқлади. Қайд этилган далиллар бир-бирини тўлдириб, воқеа тасодифий жанжал эмас, балки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, зўрлик ишлатиш ва кейин уни яширишга уриниш билан боғлиқ жиноий ҳаракатлар занжиридан иборат эканини кўрсатди.

Суд иш ҳолатларини ўрганиб, Н. Пирназаров, И. Келдибеков ва М. Холбоевнинг ҳаракатларига Жиноят кодексининг бир нечта моддалари бўйича ҳуқуқий баҳо берди. Улар бир гуруҳ шахслар томонидан қасддан баданга оғир шикаст етказиш, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, далилларни сохталаштириш ва қонунга хилоф равишда ушлаб туришда айбдор деб топилди.

Суд ҳукмига кўра, ҳар учала судланувчи 3 йил муддатга ички ишлар идоралари тизимида, шунингдек, давлат корхона, муассаса ва ташкилотларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Суд Н. Пирназаровга 7 йил, И. Келдибековга 6 йил, М. Холбоевга 5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Суд, шунингдек, жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи борлигини тушунтирди.

Хулоса шуки, қонуний ваколат адолатни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун берилади.

Фуқароларнинг ҳуқуқларига жиддий зиён етказган, мансаб ваколатидан четга чиққан ва ўз қилмишини сохта ҳужжатлар билан яширишга уринган ҳар қандай шахс қонун олдида жавоб беради. Адолатнинг асосий мезони ҳам шу: ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир шахс қонун олдида тенгдир.

Шуҳрат ХУДОЁРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Наманган шаҳар суди судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Read More
photo_2026-09-24_11-22-14

АЖАЛ ОҒУСИ ЁКИ БИР ИНСОН ТАҚДИРИ, ОИЛА ИЗТИРОБИ ВА ОҒРИҚЛИ САБОҚ

Четдан қараганда, Жавлон Худойназаровнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳаёти бошқа тенгқурлариникидан деярли фарқ қилмайди. Мактабни тугатиб, олий таълим даргоҳида таҳсил олган, сўнг нуфузли муассасада ишлаган, оила қурган. Кейинчалик эса, савдо-сотиқ билан шуғулланган.

Аммо кейинчалик нимадир бўлдию, Ж. Худойназаров тўғри йўлдан адашди, кутилмаганда, гиёҳвандлик моддасини истеъмол қила бошлади; аввалига оз-оздан, сўнг эса, бутунлай ружу қўйди. Бу иллат домига тушгач, табиийки, ҳаёти буткул издан чиқди. Аниқроқ айтганда, у гиёҳвандфуришлар билан алоқага киришди, алоқа савдога, савдо эса, оғир жиноятга етаклади.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Ж. Худойназаров терговда шахсига аниқлик киритиш имкони бўлмаган “Аъзам” исмли шахс билан кўп миқдордаги “героин” гиёҳвандлик воситасини Хоразм вилоятининг Тўрткўл туманига олиб бориш ва кейинчалик бошқа шахсларга ўтказишни режалаштиради.

Албатта, бу текинга эмас, балки бир кило “героин” гиёҳвандлик моддасини 1 500 АҚШ доллари эвазига манзилга етказишга рози бўлади.

Хуфя режага асосан, 15 сентябрь куни у гиёҳвандлик воситасини Ургут туманидаги яшаш хонадонига олиб келиб, яшириб қўяди. Эртаси куни эса, ўзининг бошқарувидаги “Gentra” русумли автомашина юкхонасига яшириб, Хоразм томон йўл олади.

Аммо йўлда унинг гиёҳвандликка ружу қўйгани панд беради, аниқроғи, у чидолмай гиёҳванд моддадан истеъмол қилади ва табиийки, оғу таъсирига тушади. Шу боис ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ўтказилаётган тадбир чоғида у қочишга уринади ва оқибатда “Дамас” автомашинаси билан тўқнашиб кетади. Унинг автомашинасидан ашёвий далил сифатида олинган “героин” гиёҳвандлик моддасининг соф оғирлиги 981,47 граммни ташкил қилади.

Дастлабки тергов жараёнида у қилмишидан пушаймон эканини билдириб, ариза билан мурожаат қилади ва Самарқанд шаҳридаги хонадонида ҳам гиёҳвандлик воситаларини сақлаб келаётганига иқрор бўлади. Ҳақиқатан ҳам, унинг хонадони кўздан кечирилганда, соф оғирлиги 1,9 грамм “опий” ва 0,5 грамм “марихуана” топилди.

Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг наркология хизмати бўйича Самарқанд вилояти филиали хулосасига кўра, М. Худойназаров гиёҳвандлик дардига чалинган ва у мажбурий даволанишга муҳтож.

Бу ҳолат ўз навбатида, гиёҳвандликнинг икки томонлама фожиали оқибатини кўрсатади.

Яъни, биринчидан, судланувчи оғу таъсирида жиноят содир этди.

Иккинчидан, унинг ўзи ҳам даволанишга муҳтож ҳолатга тушган. Бошқача айтганда, гиёҳвандлик воситаси инсонни фақат жиноий қилмишга етакламай, балки уни иродаси заиф кимсага ҳам айлантириб қўйган.

Судланувчининг қарамоғида кекса ота-онаси, турмуш ўртоғи ва бир нафар вояга етмаган фарзанди борлиги ўқувчини ўйлантириши табиий. Чунки гиёҳвандлик ва унга боғлиқ жиноятлар фақат судланувчининг шахсий муаммоси эмас, балки бу иллатнинг оқибати оиласига ҳам оғир юк бўлиб тушади.

Албатта, ҳаётда ҳар қандай жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Шу маънода, дастлабки тергов органи томонидан Ж. Худойназаровнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми ҳамда 273-моддаси 5-қисми билан малакаланди.

Судда эса, иш ҳолатлари батафсил таҳлил қилинди: ажал оғуси манзилга етказилиши режалаштирилган бўлса-да, судланувчи ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, жиноий ҳаракатини охирига етказа олмаган. Шу сабабли суд унинг ҳаракатини Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмидан ушбу кодекснинг 25,273-моддаси 5-қисмига, яъни жиноят содир этишга суиқасд сифатида қайта малакалади.

Суд ҳайъати Конституциямиз ва амалдаги қонунлар талабларидан келиб чиқиб, судланувчига нисбатан қилмишига яраша қонуний ва адолатли жазо тайинлади. У 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Шунингдек, судланувчига Жиноят кодексининг 96-моддасига кўра, жазони ўташ давомида гиёҳвандликдан мажбурий даволаниш чоралари белгиланди.

Биз юқорида гиёҳвандлик иллатининг бир инсон ҳаётида қолдирган аянчли излари ҳақида баён қилдик. Зотан, бу иллат соғлом турмуш тарзини пароканда қилиши билан ўта хавфлидир. Демак, бу иллатга қарши кураш, соғлом турмуш тарзи, оилалар тинчлик-хотиржамлигини асраб-авайлаш ҳар биримиз учун масъулиятли вазифадир.

Бекзод ЖУМАБОЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Нарпай тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Read More
photo_2026-03-31_12-56-44

ТАДБИРКОРГА ҚАРШИ ДАЪВО СУД ТОМОНИДАН РАД ЭТИЛДИ

Мамлакатимизда хусусий тиббиёт жадал ривожланиб бормоқда. Сўнгги саккиз йилда хусусий клиника ва лабораториялар сони 3 карра кўпайиб, 9 мингга, улардаги шифо ўринлари эса, 57 мингга етди. Бу ҳам бўлса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан соха тараққиётига қаратилаётган юксак эътибор самарасидир.

Пойтахтимизда яшовчи тадбиркор М. Жафаров ҳам яратилган ана шу имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда бундан 5 йил муқаддам “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсата бошлади. Бунинг учун 2021 йил 22 апрелда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан унга 29803167-рақамли лицензия тақдим этилди.

Албатта, ўтган йиллар мобайнида клиникага 300 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция киритилди. Натижада 74 нафар шифокор доимий иш билан таъминланди. Эҳтиёжманд оилалар вакили бўлган беморлар учун 100 га яқин жарроҳлик амалиётлари бепул ўтказиб берилди. Биргина 2025 йил давомида давлат бюджетига 1 миллиард сўмдан ортиқ солиқлар тўланди. Аммо…

Аммо барчанинг кўнглини бирдек олиш қийин. Шу маънода айтганда, фуқаро М. Ҳисомиддинова ўзига кўрсатилган хизматдан кўнгли тўлмай, юқори идорага мурожаат қилади. Оқибатда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасининг тегишли буйруғи асосида 2025 йилнинг 11-20 ноябрь кунлари “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятда текширув ўтказилади. Табиийки, иш бор жойда камчилик ҳам бўлади. Шу боис текширув мобайнида айрим камчиликлар аниқланади.

Хусусан, ассистент врач (пластик хирург) М. Нарзиеванинг хирургия ихтисослиги бўйича, ҳамшира З. Эргашева ҳамда Д. Буртешованинг камида биринчи малака тоифага эга эмаслиги лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузиш, деб топилади. Натижада Соғлиқни сақлаш вазирлиги “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятга берилган лицензияни бекор қилишни сўраб, Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритди.

Айтиш керакки, амалдаги “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуннинг 33-моддасига мувофиқ, лицензия талаби ва шартларини бир марта қўпол равишда бузиш лицензияни бекор қилишга асос бўлади. Шунингдек, қонунда суд айнан қайси ҳолларда лицензияни бекор қилиши ҳам белгиланган. Жумладан, лицензия эгаси ҳужжатнинг амал қилиши тўхтатиб турилишига олиб келган ҳолатларни ваколатли орган ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда, лицензия бериш тўғрисидаги қарорнинг ноқонунийлиги ёки лицензия қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги аниқланганда, лицензия талаблари ҳамда шартлари бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба бузилганда, лицензия талаблари ҳамда шартларини бир маротаба қўпол равишда бузиш фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлиги ҳамда атроф-муҳитга, жамият ва давлат манфаатларига зиён етказса, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солса, бекор қилиниши қайд этилган. Бироқ “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятдаги текширишда бундай ҳолат аниқланмаган. Қолаверса, текшириш ўтказишга асос бўлган аризачи М. Ҳисомиддинованинг ҳам ҳаёти ва соғлиғига зиён етмаган. Иш ҳужжатларида унинг “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятга нисбатан даъвоси йўқлиги ҳақида тилхати мавжуд. Ана шу асосларга таянган суд даъвони рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Президентимиз 2025 йил 10 ноябрь куни тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан бўлган учрашувда тиббий хизматларнинг 30 фоизи хусусий сектор томонидан кўрсатилаётгани, илғор ташаббуслар ҳам улардан чиқаётгани қувонарли ҳол эканини таъкидлади.

Бундан ташқари давлатимиз раҳбари томонидан судлар зиммасига тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоялаш долзарб вазифалардан бири сифатида юкланган. Зеро, республикамиз тараққиётини тадбиркорлик фаолиятисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Муҳиддин СУЛТОНОВ,

Тошкент туманлараро

иқтисодий суди раиси ўринбосари

Read More
photo_2026-06-22_11-56-31

АНИҚЛАШТИРИЛМАГАН ХАТОЛИК СУДДА ҚОНУНИЙ ЕЧИМИНИ ТОПДИ

Файзулла Мамараимовнинг уйида кутилмаганда электр энергияси узилиб қолди. Қўни-қўшниларда эса, электр токи бор эди. У қарасаки, электр ҳисоблагич ишламаётган экан.

Унинг чақирувига асосан келган электр таъминоти ходимлари электр токининг узилишига дарҳол “ташхис” қўйишди: электр ҳисоблагичнинг пастки қопқоқ қисми очилган. Шу сабабли автоматик тарзда блокланган ва электр токи узилиб қолган.

Шундан сўнг энергия сотиш корхонаси муҳандиси Ш. Холмуҳаммедов (исм-шарифлар ўзгартирилган) электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати юзасидан Ф. Мамарайимовга нисбатан далолатнома расмийлаштиради. Ўтган йилнинг 3 декабрь куни расмийлаштирилган ҳужжатлар дастлабки суриштирув органи томонидан кўриб чиқилиб, Ф. Мамараимовнинг ҳаракатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддаси 1-қисм билан малакаланади ва судга ўтказилади.

Қонун мазмунига кўра, электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик ҳолатини кодекснинг ушбу моддаси билан малакалаш учун ўша шахс умумий фойдаланишдаги электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланган ёки электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузган ёхуд электрни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан, уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказган, ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартиришга уринган бўлиши керак.

Ф. Мамараимовни кодекснинг ушбу моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузар сифатида айбдор деб топиш қонуннинг айни талабларига мос келадими?

Бу саволга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 307-моддасидан тўлиқ жавоб топиш мумкин.

Мазкур моддада маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш вақтида тегишли орган ё мансабдор шахс маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган-этилмаганлигини, ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жойни, мазкур шахс уни содир этишда айбдор-айбдор эмаслигини, унинг маъмурий жавобгарликка тортилиш-тортилмаслигини, жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар бор-йўқлигини, мулкий зарар етказилган-етказилмаганлигини, шунингдек, ишни тўғри ҳал этишда аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни аниқлаши шартлиги қатъий белгилаб қўйилган.

Шу маънода, ишни судда кўриш жараёнида Ф. Мамараимов томонидан умумий фойдаланишдаги электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланганлик ҳолати аниқланмади. Электрни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан, уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёки электр ҳисоблагич кўрсаткичларини ўзгартиришга уринилмаган. Шунингдек, амалдаги “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 133-бандида кўрсатилган, яъни электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари мавжуд эмас.

Аслида, аввалда электр ҳисоблагичнинг қопқоқ қисми пломбаланмаган бўлган. Бир дона винт ёрдамида маҳкамланиши уни бурашдан олдин пломба ёки ҳимоя қисмини бузишга имкон бермайди. Истеъмолчининг судда айтишича, у электр ҳисоблагичнинг пломбасини бузмаган.

Аслида электр ҳисоблагичнинг пастки қопқоғини ушлаб турувчи винти у ўрнатилган пайтда электр таъминоти ходими томонидан плонбаланмаган.

Ҳатто корхона ходимлари далолатнома расмийлаштирганларидан сўнг ҳам, пастки қопқоқни ушлаб турувчи винтни пломбалаб қўймаган.

Энергия сотиш корхонаси муҳандиси, гувоҳ Ш. Холмуҳаммедов электр таъминоти корхонаси ходимлари чақирувга асосан хонадонга келганида, электр ҳисоблагичга ташқаридан таъсир кўрсатилгани – синдирилган, ёқиб юборилган, кўрсаткичларни ўзгартириш мақсадида уларга аралашиш ҳолатлари аниқланмаганини судда тан олди.

Агар Ф. Мамараимов томонидан тегишли қоидалар талабларига зид равишда пломба бузилган ёки ҳисоблагичдан ташқари уланиш бўлганида, албатта, истеъмолчи жавобгар ҳисобланарди. Бу эса, ўз навбатида, уни маъмурий жавобгарликка тортишга асос бўларди.

Мазкур маъмурий ҳуқуқбузарлик иши бўйича “Энергосавдо” филиали Самарқанд бўлинмаси Қўшработ тумани бўлими 2026 йил 5 февраль куни судга маълумотнома тақдим этди. Унда “АСКУЕ” тизимига мос маиший истеъмолчилар учун мўлжалланган электр ҳисоблагичларнинг клинма қопқоғи пломба вазифасини бажариши, электр таъминоти томонидан ушбу турдаги ҳисоблагичларга пломба қўйилмаслиги маълум қилинган.

Бироқ ушбу маълумотнома Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 16-банди талабларига тўғри келмайди.

Чунки мазкур Қоидаларда электр таъминоти шартномаси асосида электр энергиясини сотиш ва тақсимлаш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахс истеъмолчиларга ўрнатилган ҳисоблагичларни белгиланган тартибда алмаштириш, ўрнатиш ва уларни пломбалашга мажбур эканлиги белгилаб қўйилган.

Демак, судга тақдим этилган маълумотнома амалда белгилаб қўйилган, мамлакатимизда ҳамма бирдек бажариши лозим қоидалар талабларига зид равишда, судни чалғитиш ҳамда истеъмолчи Ф. Мамараимовга нисбатан тузилган далолатноманинг қонунийлигига судни ишонтириш мақсадида тақдим этилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 1-бандига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки аломати йўқ бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса, тугатилиши лозим.

Суд қонуннинг адолатли мезонларига асосланди ва Ф. Мамараимовнинг ҳаракатида ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд эмас, деб ҳисоблади. Унга нисбатан юритилган ишни юритишдан тугатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Конституция ва қонунларга асосланган, кучли фуқаролик жамияти барпо этилаётган, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари устувор саналган, шахс қадри сарбаланд тутилаётган диёримизда айбсиз одам асоссиз равишда жавобгарликка, хусусан, маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги шарт.

Мамлакатимизда олиб борилаётган халқчил сиёсат, давлатимиз раҳбарининг қатъий талаби шундай.

Хулоса қилиб айтганда, шундай саволлар туғилади: айбсиз шахсга нисбатан нега маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди? Хатоликнинг туб сабаби нима билан изоҳланади?

Кўриниб турибдики, ҳар икки жамоада ҳам ходимларга хизмат вазифасини тўлақонли бажаришлари юзасидан тушунтириш ишлари етарли даражада ташкил этилмаган. Қонун ва қонуности ҳужжатларига ходимларнинг риоя қилишлари қатъий назоратга олинмаган. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш қоидаларини доимий тушунтириб бориш ишлари амалга оширилмаган. Оқибатда адолат тамойиллари бузилган.

Бинобарин, суд шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, юқоридаги каби хато ва камчиликларга йўл қўйилишининг олдини олиш, ходимларнинг ўз хизмат вазифаларини тўғри бажаришлари устидан етарли даражада назорат қилиш чораларини кўриш, муҳандис Ш. Холмуҳаммедов ва профилактика инспектори С. Эгамовнинг хатти-ҳаракатларини йиғилишда муҳокама қилиш ҳамда тегишли чора-тадбирлар белгилашлик учун электр таъминоти корхонаси туман бўлими, шу каби туман ички ишлар бўлими раҳбарлари номига тақдимномалар киритди.

Зеро, ҳеч кимга адолат тамойилларини бузишга, бирон-бир шахсни асоссиз ва ноҳақ маъмурий ҳуқуқбузарга чиқаришга изн берилмаган.

Баҳодир АҲМЕДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қўшработ тумани суди тергов судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

“Куч — адолатда” мухбири

Read More
photo_2026-03-31_12-49-18

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ: ХАЛҚАРО СТАНДАРТЛАР, СУД АМАЛИЁТИ ВА МИЛЛИЙ ТАЖРИБА

Мамлакатимизда жамият тараққиётига жиддий хавф солаётган, адолат мезонини оғдираётган ва инсон виждонини синовдан ўтказаётган иллат — коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилмоқда.

Президентимиз бу иллатни “давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид” деб баҳолаб, 2026 йил коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган чора-тадбирларни мустаҳкамлаш мақсадида, мамлакатда коррупцияга қарши “фавқулодда ҳолат” эълон қилиш ҳақида мурожаат қилганлиги бежиз эмас. Чунки коррупция — бу фақат пора олиш ё бериш эмас, балки омонатга хиёнат, ўзаро ишончга зарба ва адолат тарозисининг қасддан оғдирилиши ҳамдир.

Аслида, ҳар қандай жиноят, аввало, нопок кўнгилда пайдо бўлади, яъни «қасд» пайдо бўлади. Демак, коррупция — фақат қонунбузарлик эмас, балки зудлик билан ислоҳ қилинишга муҳтож маънавий таназзулдир.

Шунинг учун ҳам, бугунги глобаллашув шароитида коррупция фақат миллий муаммо эмас, балки халқаро хавф сифатида эътироф этилмоқда.

Чунончи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган Коррупцияга қарши Конвенция коррупцияга қарши курашда ягона универсал ҳуқуқий механизм сифатида хизмат қилмоқда. Ушбу Конвенция давлатлар олдига: коррупциянинг олдини олиш, жазо муқаррарлигини таъминлаш, халқаро ҳамкорлик ва активларни қайтариш сингари долзарб устувор вазифаларни қўяди. Негаки, коррупциянинг таркибий таҳлили пора олиш ва бериш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, давлат активларини ўзлаштириш ва қонунни айланиб ўтиш каби шаклларда намоён бўлади.

Шу маънода суд амалиёти таҳлилига назар ташласак, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича туман судлари томонидан 2025 йил давомида коррупциявий жиноятлар билан боғлиқ 462 нафар шахсга нисбатан 264 та жиноят иши кўриб, тамомланган, 453 нафар шахсга 256 та айблов ҳукми чиқарилган, 3 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинган, 6 нафар шахсга нисбатан ишлар тугатилган. Албатта, бу рақамлар судларнинг айблов ва оқлов ўртасида холис мувозанат сақлаётганини кўрсатади. Шу билан бирга жазо тайинлашда ҳам мутаносиблик ва индивидуал ёндашув таъминланган: судланганларнинг 19,6 фоизи — жарима, 12,6 фоизи — ахлоқ тузатиш ишлари, 22,1 фоизи — озодликдан чеклаш, 33,3 фоизи озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилган бўлса, 8 фоизига шартли жазо тайинланган. Шунингдек, 188 нафар судланувчи қўшимча жазо сифатида муайян ҳуқуқдан ҳам маҳрум этилган. Бу амалиёт халқаро стандартларга, хусусан, давлат хизматининг шаффофлиги ва жавобгарликни оширишга қаратилган халқаро Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) тавсия этган жазонинг муқаррарлиги ва самарадорлиги принципларига мос келади.

Шу ўринда мисолларга эътибор қаратадиган бўлсак, Қ. Қосимов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Тошкент халқаро аэропортида масъул лавозимида фаолият юритган. Аммо у мансабдор шахс сифатида ўз хизмат мавқеидан ғаразли ниятда фойдаланган ҳолда чет эл ва юртимиз фуқароларига чиқиш визаларини расмийлаштириб бериш эвазига турли миқдордаги пулларни пора сифатида талаб қилиб келган.

Масалан, чет эллик фуқаро М. А.дан ўзининг хизмат хонасида 1 000 000 сўм олиб, унга “Exit” визасини расмийлаштириб берган.

Умуман айтганда, А. Қосимов 31 та ҳолатда фуқаролардан пора олган. 

Кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, 2025 йил 19 июль куни у фуқаро А. С.дан 200 АҚШ долларини пора сифатида олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди ҳукми билан А. Қосимовга 2 йил муддатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, солиқ тизимида фаолият юритган С. Толибов ва У. Хурсандов ўзаро жиноий тил бириктириб, порахўрлик жиноятини содир этишган.

Яъни улар ўз хизмат мавқеидан қасддан фойдаланиб, Яккасарой туманида жойлашган умумий овқатланиш шохобчасини ўрганиб, унинг иш юритувчисига солиқ текширувларини ўтказмаслик ва шохобча фаолиятига раҳнамолик қилиш эвазига 600 АҚШ доллари талаб қилишган. Аммо улар бу маблағни пора сифатида олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Суд томонидан ҳар иккала судланувчи Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “г” банди билан айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга солиқ соҳасида раҳбарлик, моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, коррупцияга қарши кураш — бу фақат жазо чораси эмас, балки ҳуқуқий маданият, шаффоф бошқарув ва жамоатчилик назоратини мустаҳкамлаш жараёни ҳамдир. Шу боисдан ўтган 2025 йил натижалари суд амалиётида жазонинг муқаррарлиги, зарарни қоплаш механизмининг самарадорлиги, профилактиканинг кучайтирилгани каби ижобий тенденцияларни намоён этганини эътироф этиш жоиз. Зеро, адолат устувор бўлган жамиятда ишонч шаклланади.

Ишонч бор жойда эса, барака ва фаровонлик қарор топади.

Фарҳод Ғаниев,

Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари –

жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

Read More
photo_2026-06-22_12-19-22

ҲАЙВОНОТ ДУНЁСИГА НОҚОНУНИЙ МУНОСАБАТ ЁКИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТИТУТИНИНГ ОДИЛ СУДЛОВНИ ТАЪМИНЛАШДАГИ ЎРНИ

Баъзан бир қарашда оддий кўринган қилмиш ортида катта ижтимоий хавф яширинган бўлади. Айтайлик, бир нечта балиқ овлаш кимгадир шунчаки майда қоидабузарлик бўлиб туюлиши мумкин. Аммо ҳамма бирдек амал қилиши лозим бўлган қонун талабига енгил-елпи қараб бўлмайди. Айниқса, гап табиий сув ҳавзаларида тақиқланган усул — электр токи билан балиқ овлаш ҳақида кетса, бу бутун экотизимга етказилган зарар сифатида баҳоланади.

Биз мисол тариқасида келтираётган жиноий ҳодиса ўтган йилнинг 12 сентябрь куни Сирдарё дарёсининг Гулистон тумани “Теракзор” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида содир бўлган. Бобоқул Ширинбоев (исм-шарифлар ўзгартирилди) ўзининг жиноий шериклари Ихтиёр ва Бахтиёр Даминов билан резина қайиқ, иккита аккумулятор, электр қармоқ, ёритиш мосламаси ва бошқа воситаларда электр токи ёрдамида ноқонуний балиқ овлаётганда экология соҳаси ходимлари томонидан ушланган.

Ҳолат бўйича беш турда – 16 дона товонбалиқ, 12 дона сазан, 6 дона лаққа, 1 дона мой балиқ ва 1 дона Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган Туркистон мўйлабдори, жами 36 дона балиқ ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Судланувчилар «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг табиий ҳавзаларида балиқ овлаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори талабларига зид равишда ноқонуний ов қилган. Оқибатда ҳайвонот дунёси объектларига 69 миллион 442 минг сўм зарар етказилган.

Сирдарё вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган қарори билан тасдиқланган «Табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш қоидалари» талабларидан келиб чиқиб, етказилган зарар қийматини ўн бараварга ошириш коэффиценти билан ҳисоблаган. Шунда ҳайвонот дунёсига етказилган зарар 694 миллион 220 минг сўмни ташкил этган.

Жиноят ишлари бўйича Гулистон тумани суди 2025 йил 17 декабрдаги ҳукм билан Бобоқул Ширинбоев ва Бахтиёр Даминовни Жиноят кодексининг 202-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топган ҳамда уларга 1 йил муддатга барча овчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда ҳар бирига 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Судланувчи Ихтиёр Даминов уч йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган.

Ҳар учала судланувчига ҳайвонот дунёсига етказилган 694 миллион 220 минг сўмлик зарарни солидар тартибда тўлаш мажбурияти юклатилган.

Яқинда Б. Ширинбоев ва Б. Даминов ҳамда уларнинг ҳимоячиси вилоят суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъатига шикоят билан мурожаат қилиб, биринчи босқич суди айрим ҳолатларни етарлича инобатга олмагани, хусусан, судланувчиларнинг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, иштирокчилик даражаси, оилавий аҳволи, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар қаторида туриши, вояга етмаган фарзандлари борлиги ва зарарнинг бир қисми қопланганини важ қилиб, уларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради.

Даставвал айтиш ўринлики, судлов ҳайъати апелляция шикояти асосида ишни кўришда ўз ваколатидан келиб чиқиб, фақат ҳукм қонуний ва адолатлими ёки ноқонунийми, деган савол билан чекланмади. Балки ҳукмнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта баҳолади.

Биринчи босқич судининг ҳукмидан сўнг зарарнинг қопланганлик ҳолатига алоҳида эътибор қаратди.

Маълум бўлдики, биринчи босқич судида қайд этилган хулосалар асосли, ишнинг ҳақиқий ҳолатига мос. Иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширилиб, Б. Ширинбоев ва Б. Даминовнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 202-моддаси 4-қисми билан тўғри ва асосли малакаланган.

Содир этилган жиноят оқибати юзасидан тушунтириш берадиган бўлсак, электр токи билан балиқ овлашнинг хавфи катта. Яроқсиз усул сувдаги бошқа тирик организмларни ҳам нобуд қилади, майда балиқлар, тухумлар, сув жониворларининг табиий кўпайиш занжирига салбий таъсир этади.

Шунинг учун бу усулда балиқ овлаш қатъиян тақиқланган. Яна бир томони бу ерда масала “қанча балиқ овланди” деган савол билан чекланмайди.

Аксинча, жамиятимизда табиатдан фойдаланиш маданияти, экологик масъулият ва келажак авлодлар олдидаги бурч ва мажбуриятга қай даражада қаралаётгани аҳамиятли.

Апелляция судлов ҳайъати миллий қонунчиликда белгилаб қўйилган қонун мезонларига таянди. Хусусан, Жиноят кодексининг 8-моддасига асосан, жиноят содир этган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши кераклиги, 54-моддасида эса, жазо тайинлашда жиноятнинг хусусияти, ижтимоий хавфлилик даражаси, қилмиш сабаби, етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдори, айбдорнинг шахси, енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олиниши белгиланган.

Бироқ биринчи босқич суди Б. Ширинбоев ва Б. Даминовга нисбатан айбига иқрорлиги, муқаддам судланмаганлиги, қилмишидан пушаймонлиги, содир этилган жиноятнинг хусусиятини, етказилган зарар миқдорини эътиборга олмасдан бир қадар оғир жазо тайинлаган. Биринчи босқич судининг ҳукмидан кейин ҳайвонот дунёсига етказилган зарарнинг 268 миллион 400 минг сўми судланувчиларнинг қариндошлари томонидан қопланган.

Апелляция судлов ҳайъати юқорида қайд этилганларни инобатга олиб, биринчи босқич суди ҳукмининг Б. Ширинбоев ва Б. Даминовга оид қисмини ўзгартирди. Уларга тайинланган 5 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига 1 йил муддатга барча овчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 3 йилдан муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Шунингдек, уларнинг 2025 йил 17 декабрдан 2026 йил 6 февралга қадар қамоқда сақланган 1 ой 19 куни Жиноят кодексининг 62-моддаси асосида озодликни чеклаш жазосидан чегирилиб, ўташ учун 2 йил 10 ой 11 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Назаримизда, бу ўзгаришни жазони адолатли шаклда қайта белгилаш деб тушунилса, тўғри бўлади. Чунки озодликдан маҳрум қилиш жазоси озодликни чеклаш жазосига алмаштирилса-да, судланувчилар айбли деб топилган ҳолат сақланди, овчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси ҳам қолдирилди. Шу каби улар зиммасига қопланмаган 425 миллион 820 минг сўм моддий зарарни бир йил муддатда солидар тартибда тўлиқ қоплаш мажбурияти юклатилди.

Кўриниб турибдики, апелляция суди судланувчилар зиммасидан жавобгарликни соқит қилмаган ҳолда қонунларимизнинг инсонпарварлик тамойилларига асосланганлигини амалда ифодалади ва жавобгарликни реал ҳаёт билан боғлади. Судланувчилар гарданида энди озодликда юриб, чекловлар доирасида яшаш, меҳнат қилиш, зарарни қоплаш ва қонунга итоат қилиш мажбурияти бор.

Мухтасар айтганда, жиноят ишларини апелляция тартибида кўриш биринчи босқич судида йўл қўйилган хато-камчиликларни тузатиш, адолат ва инсонпарварликни мувозанатлаштиришгагина эмас,қонун устуворлигини таъминлаш, судланган шахс тақдирига таъсир қилувчи жазо масаласини қайта баҳолаш, жабрланган тараф манфаатини ҳимоялаш сингари қатор вазифаларни тўлақонли бажармоқда, шу тариқа халқимизнинг одил судловга бўлган ишончини оширмоқда.

Жавлон ЖАББОРОВ,

Сирдарё вилояти

суди судьяси

Read More
photo_2026-11-03_13-45-32

БИР ЛАҲЗАЛИК БЕПАРВОЛИК БУТУН УМРЛИК АРМОНГА АЙЛАНГАНИ ХУСУСИДА

Автоулов бугунги кунда турмушимизнинг ажралмас қисмига айланган. У инсоннинг узоғини яқин, оғирини енгил қилади.

Бироқ транспорт воситаси қулайлик манбаи бўлиши билан бирга, уни бошқариш катта масъулият ҳам талаб этади. Айниқса, ҳаётий тажрибаси, ҳайдовчилик малакаси ва тегишли ҳуқуқи бўлмаган вояга етмаганларнинг автомобиль бошқариши баъзан фожиаларга сабаб бўлмоқда.

Айрим ота-оналар фарзандининг машина ҳайдашга қизиқишини унинг улғайгани, мустақилликка интилаётгани сифатида қабул қилади. Ҳатто баъзан “ўғлим машина ҳайдашни билади”, “ички йўлда нима ҳам бўларди” деган қарашлар билан бундай ҳаракатнинг хавфига етарлича эътибор беришмайди.

Ҳолбуки, рулни бошқаришни билиш билан транспорт воситасини қонунан ва хавфсиз бошқариш ҳуқуқига эга бўлиш бошқа-бошқа тушунчалардир.

Самарқанд вилоятининг туманларидан бирида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси бу ҳақиқатни яна бир бор эслатди.

Равшан Умаралиев (исм-шарифлар ўзгартирилди) 2008 йилда туғилган.

У 2025 йил 19 июль куни, ҳали 17 ёшга ҳам тўлмаган пайтида онасига тегишли “Дамас” русумли автомашинани ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқариб, соат тахминан, йигирма уч-у ўттизларда йўлга чиққан. Йўлда ҳаракатланиш пайтида йўлнинг четки қисмида келаётган пиёда Ш. Жомуродовни уриб юборади.

Судланувчининг кўрсатмасига кўра, автомобиль, тахминан, соатига 65–70 километр тезликда ҳаракатланган. У автомашина тормозини босган, бироқ бошқарувни йўқотиб, пиёдани уриб юборган ва автомобиль йўл четига ағдарилган.

Ҳодисадан сўнг Р. Умаралиев тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилган. Жабрланувчи шифохонага олиб кетилган. Афсуски, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, Ш. Жомуродов оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.

Шу тариқа ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган ўсмирнинг тунги сафаридан бир инсон ҳаётдан бевақт кўз юмди, бир оила оғир мусибатга дучор бўлди.

Ёш йигитнинг ўзи эса қонун олдида жавоб беришига тўғри келди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”га мувофиқ, “B” тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олиш учун шахс белгиланган тартибда тайёргарликдан ўтиши, тегишли имтиҳонларни топшириши ва 18 ёшга тўлган бўлиши керак.

Ёш чегараси шунчаки расмиятчилик учун эмас. Транспорт воситасини бошқариш ҳайдовчидан нафақат техник кўникма, балки йўл вазиятини тез баҳолаш, хавфни олдиндан сезиш, масофа ва тезликни тўғри танлаш, фавқулодда ҳолатларда вазмин қарор қабул қилишни талаб этади.

Мазкур жиноят ишида суд Р. Умаралиев “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 11-банди (пиёдаларга нисбатан эҳтиёткорлик кўришга оид талаби) ҳамда 77-банди (белгиланган хавфсиз тезликни танлаш ва ҳаракатни доимий назорат қилиш)да белгиланган қоидаларни бузганлигини аниқлади.

Биринчи босқич суди унинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми, яъни транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш орқали одам ўлимига сабаб бўлиш, деб тўғри малакалаган.

Жазо тайинланишда судланувчининг вояга етмагани, айбига тўлиқ иқрорлиги, пушаймонлиги, муқаддам судланмагани ҳамда жабрланувчи томонига етказилган моддий ва маънавий зарар қоплангани инобатга олинди. Жиноят кодексининг вояга етмаганларга жазо тайинлашга оид нормалари ва 57-моддаси қўлланилиб, икки йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Шунингдек, муайян жойларга бормаслик, алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик, назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ва Самарқанд вилояти ҳудудини тарк этмаслик каби чекловлар белгиланди.

Бу ҳолат суднинг жиноят оқибатига ҳуқуқий баҳо бериш билан бирга, вояга етмаган шахсни жамиятдан ажратмасдан тарбиялаш имкониятини ҳам ҳисобга олганини кўрсатмоқда.

Аммо инсон ҳаётига етган талафотни ҳеч қандай жазо ёки моддий товон билан тўлиқ қоплаб бўлмайди. Ушбу ҳодиса транспорт воситаси эгалари, айниқса, ота-оналар учун ҳам жиддий огоҳлантиришдир.

Суд ҳукмида “Дамас” автомашинаси судланувчининг онасига тегишли эканлиги қайд этилган. Бироқ ҳукмда онаси автомобилни ўғлига айнан ўзи бошқариш учун топширгани исботланган ҳолат сифатида кўрсатилмаган.

Шу сабабли ушбу воқеада автомобиль эгасини жавобгар деб хулоса чиқаришга асос йўқ.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси 2-қисмига кўра, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахснинг уни бошқариши, шунингдек, бундай шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Бошқача айтганда, қонун нафақат ҳайдовчилик ҳуқуқисиз рулга ўтирган шахсга, балки автомобилни бошқаришни унга топширган шахсга нисбатан ҳам жавобгарлик белгилайди.

Албатта, бундай вазиятда автомобиль эгасининг жавобгарлиги масаласи унинг транспорт воситасини, ҳақиқатан ҳам, бошқа шахсга топширгани ва ҳуқуқбузарликнинг бошқа зарур ҳолатлари аниқланганидан кейингина ҳал этилади.

Мазкур қоиданинг ҳаётий аҳамияти шундаки, автомобиль калитини фарзандига бериш ёки унинг ҳайдовчилик ҳуқуқисиз транспорт бошқаришига онгли равишда йўл қўйиш шунчаки оилавий муносабат доирасидаги масала эмас. Бундай бепарволик бошқа инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиши мумкин.

Ҳайдовчилик ҳуқуқисиз фарзандни рулга ўтқазишни унга билдирилган ишонч сифатида кўрсатиш тўғри эмас. Болага ҳақиқий ғамхўрлик — уни қонунга риоя қилишга, ўзининг ва ўзгаларнинг ҳаёти учун масъулиятли бўлишга ўргатишдир.

Мазкур ишда гувоҳи бўлганингиз бир томонда — яқин инсонидан айрилган оила, иккинчи томонда — ҳали вояга етмаган фарзандининг жиноят иши бўйича судланиши билан юзлашган хонадон бор. Йўл-транспорт ҳодисаларининг энг аянчли жиҳати ҳам шунда: бир кишининг ҳаракати ёки эҳтиётсизлиги бошқа инсонларнинг тақдирига ҳам таъсир қилади.

Шунинг учун амалий ҳайдаш кўникмалари фақат белгиланган қонуний тартиб ва хавфсиз ўқув шароитида шакллантирилиши шарт.

Хулоса қилиб айтганда, автомобиль калити фарзанд қўлига топширилганда, унинг ёши, малакаси ва қонуний ҳуқуқи ҳам ҳисобга олиниши керак. Акс ҳолда, бир лаҳзалик бепарволик бутун умрлик армонга айланиши мумкин.

Илҳом ҚОРАБОЕВ,

Самарқанд вилояти суди судьяси

Read More
photo_2026-10-22_13-51-26

ҲУШЁРЛИК БОЙ БЕРИЛСА… ФАЛОКАТ ОЁҚ ОСТИДАН ЧИҚАДИ

Ҳовлида тун чўккан, хонадон аҳли эртанги кун ташвишини ўйламай ширин ухламоқда. Уйнинг бир бурчагида икки қизалоқ — Мафтуна ва Нигора (исм-шарифлар ўзгартирилди) ҳам бехавотир уйқуда эди.

Аммо инсон ҳаётида шундай воқеалар рўй берадики, атиги бир неча дақиқа бутун умрнинг мазмунини ўзгартириб юбориши мумкин. Ўрта Чирчиқ туманидаги бир хонадонда 2025 йил 9 сентябрдан 10 сентябрга ўтар кечаси ана шундай фожиа юз берди.

Оилавий келишмовчиликлар, бир-бирига айтилган оғир сўзлар, йиллар давомида йиғилган алам ва энг ачинарлиси, ғазабни ақлдан устун қўйиш оқибати бир инсон ҳаётдан бевақт узилишига, яна бир инсоннинг эса, ўн етти йиллик қамоқ жазосига маҳкум бўлишига олиб келди.

Суд ҳужжатида маълум бўлишича, Евгений Шаханов аммаси Гулмира Шахановани пичоқлаб ўлдирган ва кейин воқеа жойидан қочиб, яширинган. Бир қарашда, бу — жиноят ҳақидаги навбатдаги суд ҳужжати.

Унда моддалар, далиллар, гувоҳларнинг кўрсатмалари, экспертиза хулосалари жамланган.

Аммо ҳужжатнинг расмий сатрлари ортида бир оиланинг иссиқ уйи, қариндошларнинг ўзаро муносабати, болаларнинг қўрқуви ва онадан айрилган фарзандларнинг изтироблари турибди.

Ҳар қандай фожиа бирдан пайдо бўлмайди. Кўпинча унинг илдизи анча олдин бошланади.

Суд ҳужжатларида қариндошлар ўртасида аввалдан келишмовчиликлар бўлгани, марҳума Гулмира Шаханова Евгений Шахановнинг спиртли ичимлик истеъмол қилиши ва турмуш тарзи ҳақида танқидий фикрлар билдириб келгани, бу гаплар кейинчалик ўзаро тортишувларга сабаб бўлгани қайд этилган. Гувоҳларнинг кўрсатмаларида ҳам марҳума билан Евгений Шаханов ўртасида ўзаро низо бўлгани қайд этилган.

Судланувчининг суддаги кўрсатмаларига кўра, у ўша куни спиртли ичимлик истеъмол қилганидан сўнг аммасининг олдига борган, мақсади оиласига нисбатан айтилган гаплар юзасидан гаплашиб олиш бўлган.

Аммо бу кутилмаган ташриф фожиа билан тугаган.

Қарасаки, соат тун ярмини кўрсатаяпти. Ҳамма ухлаяпти: бир хонада Гулмира Шаханова, унинг ёнида эса икки ёш бола — Мафтуна ва Нигора ухлаб ётибди. Е. Шаханов ғараз мақсадини амалга ошириш учун аммаси Г. Шахановага ошхона пичоғи билан ташланади ва ожиз аҳволдаги аёлга 6 марта тиғ санчади. Бу хунрезлик оқибатида оғир тан жароҳати олган аёл воқеа жойида ҳаётдан кўз юмади. Қотил эса қочиб, яширинади.

Вояга етмаган гувоҳлар — марҳума Гулмира Шаханованинг қизлари Мафтуна ва Нигоранинг кўрсатмаларига кўра, улар уйқудан кучли бақириқ овозидан уйғониб кетган, сўнг қоронғи хонада қора кийимдаги одамни кўрган, кейин у хонадан қочиб чиқиб кетган, марҳума эса, қонга беланган ҳолда ётган…

Судда Евгений Шаханов қилмишидан пушаймон эканини билдираркан, марҳуманинг яқинларидан кечирим сўради. Суд эса, унинг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги ва муқаддам судланмаганини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳолаб, маст ҳолатда жиноят содир этганини эса, оғирлаштирувчи ҳолат деб топди.

Лекин пушаймонликнинг ҳам ўз мавриди бўлади. Айрим пушаймонликлар эзгуликка эришиш имкониятидан кеч қолади. Аниқроғи, энди ҳеч қандай пушаймонлик Гулмира Шахановани ҳаётга қайтаролмайди. Қизлари онасининг меҳридан баҳраманд бўлолмайди.

Энг ёмони, қотилликка гувоҳ бўлган болалар ўша тунни бир умрга хотираларидан ўчира олмаслиги мумкин.

Инсоннинг энг катта ғалабаси рақибини енгиш эмас, балки ўз ғазабини жиловлашдир. Донишмандлар асрлар давомида инсонни айнан шу ҳақиқатга даъват этиб келганлар. Инсоннинг комиллиги ўзини тийиш, бошқаларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва инсонийликни сақлаш билан белгиланади.

Қолаверса, бу воқеага фақат “қотил” ва “қурбон” деган икки тушунча орқали қараш ҳам етарли эмас. Чунки жиноят содир этган одам ҳам бир вақтлар ёш бола бўлган. Уни кимдир бағрига босган, кимдир биринчи марта қўлидан тутган, кимдир “ўғлим” деб меҳр берган. Қачондир унинг қалбида ҳам яхшилик ва ёмонлик ўртасида ихтиёрий танлов бўлган.

Демак, инсонийлик тарбияси — бир кунлик иш эмас. У аввало оилада бошланади: фарзандга айтилган ҳар бир сўз, унга кўрсатилган ҳар бир муносабат, катталарнинг бир-бирига бўлган муомаласи унинг келажакдаги маънавий қиёфасига ибратомуз таъсир кўрсатади.

Шунинг учун ҳам, халқимиз “қуш уясида кўрганини қилади”, деб нақл қилади. Бу ҳикматнинг маъноси жуда теран: бола аввало эшитганини эмас, кўрганини ўрганади: агар уйда ўзаро меҳр бўлса, меҳрли бўлиб ўсади; агар уйда ҳурмат бўлса — ҳурматни, кечиримли муҳит бўлса — кечиришни ўрганади.

Мабодо уйда ҳақорат, адоват ва зўравонлик бўлса, унинг қалбида ҳам шу муҳит из қолдириши аниқ. Шунинг учун инсонийлик ҳақида гап кетганда, фақат жиноят содир бўлгандан кейин жазо ҳақида эмас, жиноятга олиб борувчи маънавий муҳит ҳақида ҳам ўйлашимиз керак.

Суд ҳукмига кўра, Евгений Шаханов Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Баъзан кимларгадир кўрсатилган меҳр ҳам жавобсиз қолиб кетар, бироқ яхшилик инсонни инсонлигича сақлаб қолади. Шундай экан, Ўрта Чирчиқда содир бўлган бу фожиа фақатгина бир оиланинг бахтсизлиги эмас. У барчамиз учун сабоқ бўлиши лозим.

Чунки инсонпарварлик катта минбарларда айтилган баландпарвоз сўзлардан эмас, ўзаро инсоний муносабатлардан бошланади: ота-она ва фарзандлар ўртасида; ака ва ука, умуман, барча туғишганлар, бир дастурхондан насиба еганлар орасида; қайнона ва келин муносабатларида; қўшнилар ҳамжиҳатлигида намоён бўлади.

Акс ҳолда, яъни инсонийлик сўнса, энг тинч хонадон ҳам хавф-хатарлар остида қолади. Инсонийлик туйғулари барқарор бўлса, энг оғир вазиятда ҳам кечириш, сабр ва раҳм учун йўл топилади.

Шундай экан, инсонийликни асрайлик. Чунки уни йўқотиш учун баъзан бир дақиқа кифоя, қайта тиклаш учун эса, бутун умр ҳам етмаслиги мумкин.

Саъдулла АШИРМАТОВ,

жиноят ишлари бўйича

Ўрта Чирчиқ тумани суди раиси

Read More
photo_2026-02-05_11-25-25

ОЛИЙ СУДДА МАТБУОТ АНЖУМАНИ

Олий судда 2025 йилда одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолият юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоялаш борасида қилинаётган ишлар, соҳадаги ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда «Инсон қадри» ғояси асосида ўтказилган муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараёнларда янги таҳрирдаги Конституция қабул қилиниб, унда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясининг кафолатлари янада кучайтирилди.

Фуқаролар ва тадбиркорларга одил судловдан фойдаланиш имкониятлари янада кенгайтирилгани алоҳида қайд этилди.

Хусусан, аҳолининг судга мурожаат қилишига оид масалалар тўлиқ рақамлаштирилди. Ариза йўллаш, ишда иштирок этиш, суд ҳужжатларини олиш ва ишларни кўрилиши ҳақида маълумот олиш каби суд томонидан кўрсатиладиган хизматлар Олий суднинг интерактив хизматлар портали орқали электрон шаклда амалга оширилиши йўлга қўйилди.

Натижада, судлар фаолиятининг очиқлиги таъминланиши билан бирга аҳолининг ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий онги ва маданиятини ошишига эришилмоқда.

Инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш тизимини янада яхшилаш, одил судлов соҳасидаги кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, суд соҳасини рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, судларда фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида бир қатор муҳим қарор ва фармонлар имзоланди.

Жиноят иш юритувида инсонпарварлик тамойиллари асосида «Хабеас корпус» институтини янада кенг татбиқ этиш мақсадида 2025 йил 1 январдан тергов судьялари институти миллий амалиётга жорий этилди.

Бугунги кунда, 205 та жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларида 263 нафар тергов судьялари фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиб, одил судловни амалга оширмоқда.

Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ва маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиқиб такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш Концепцияси тасдиқланди.

Суд соҳасини рақамлаштириш, суд тизимининг моддий таъминотини яхшилаш, судьялар корпусини малакали кадрлар билан таъминлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонлари қабул қилинди.

«Рақамли суд» концепцияси асосида «Ақлли суд» заллари ташкил этиш, судлар фаолиятига энг илғор сунъий интеллект технологиялари жорий этиш, судларга замонавий бинолар қуриш, шунингдек, одил судлов соҳаси учун кадрлар тайёрлашнинг замонавий, ихчам ва оптимал тизими йўлга қўйиш белгиланди.

Олий суд томонидан ишларни кўриш жараёнида суд амалиётида аниқланаётган муаммолар доимий равишда ўрганилиб, «суд кўзи билан» таҳлил этиб бориш йўлга қўйилди.

Ўтказилаётган таҳлиллар асосида аниқланган камчиликлар ва қонунчиликдаги зиддиятларни бартараф этиш, шунингдек одил судлов самарадорлигини ошириш ва суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Олий суд Пленуми томонидан суд амалиётида қонунчиликни қўллашнинг долзарб масалалари юзасидан тушунтиришлар берилиб, давлат органлари ва ташкилотлар учун ягона суд амалиётини яратишга доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Олий суд Пленуми томонидан 28 та қарор қабул қилиниб, уларнинг 20 тасида бевосита қонунчиликни қўллаш масалалари бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Ушбу тушунтиришларнинг мазмун-моҳиятида жамиятдаги энг долзарб масалалар бўйича ягона суд амалиётини ўрнатиш мақсад қилинган.

Олий суд Раёсати томонидан 2025 йилда 21 та масала кўрилиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинган.

Фуқароларга янада кўпроқ қулайликлар яратиш мақсадида судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича тизимли чоралар кўрилмоқда.

Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.

 

Read More
Click to listen highlighted text!
Skip to content