
БИР ЛАҲЗАЛИК БЕПАРВОЛИК БУТУН УМРЛИК АРМОНГА АЙЛАНГАНИ ХУСУСИДА
Автоулов бугунги кунда турмушимизнинг ажралмас қисмига айланган. У инсоннинг узоғини яқин, оғирини енгил қилади.
Бироқ транспорт воситаси қулайлик манбаи бўлиши билан бирга, уни бошқариш катта масъулият ҳам талаб этади. Айниқса, ҳаётий тажрибаси, ҳайдовчилик малакаси ва тегишли ҳуқуқи бўлмаган вояга етмаганларнинг автомобиль бошқариши баъзан фожиаларга сабаб бўлмоқда.
Айрим ота-оналар фарзандининг машина ҳайдашга қизиқишини унинг улғайгани, мустақилликка интилаётгани сифатида қабул қилади. Ҳатто баъзан “ўғлим машина ҳайдашни билади”, “ички йўлда нима ҳам бўларди” деган қарашлар билан бундай ҳаракатнинг хавфига етарлича эътибор беришмайди.
Ҳолбуки, рулни бошқаришни билиш билан транспорт воситасини қонунан ва хавфсиз бошқариш ҳуқуқига эга бўлиш бошқа-бошқа тушунчалардир.
Самарқанд вилоятининг туманларидан бирида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси бу ҳақиқатни яна бир бор эслатди.
Равшан Умаралиев (исм-шарифлар ўзгартирилди) 2008 йилда туғилган.
У 2025 йил 19 июль куни, ҳали 17 ёшга ҳам тўлмаган пайтида онасига тегишли “Дамас” русумли автомашинани ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқариб, соат тахминан, йигирма уч-у ўттизларда йўлга чиққан. Йўлда ҳаракатланиш пайтида йўлнинг четки қисмида келаётган пиёда Ш. Жомуродовни уриб юборади.
Судланувчининг кўрсатмасига кўра, автомобиль, тахминан, соатига 65–70 километр тезликда ҳаракатланган. У автомашина тормозини босган, бироқ бошқарувни йўқотиб, пиёдани уриб юборган ва автомобиль йўл четига ағдарилган.
Ҳодисадан сўнг Р. Умаралиев тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилган. Жабрланувчи шифохонага олиб кетилган. Афсуски, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, Ш. Жомуродов оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Шу тариқа ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган ўсмирнинг тунги сафаридан бир инсон ҳаётдан бевақт кўз юмди, бир оила оғир мусибатга дучор бўлди.
Ёш йигитнинг ўзи эса қонун олдида жавоб беришига тўғри келди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”га мувофиқ, “B” тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олиш учун шахс белгиланган тартибда тайёргарликдан ўтиши, тегишли имтиҳонларни топшириши ва 18 ёшга тўлган бўлиши керак.
Ёш чегараси шунчаки расмиятчилик учун эмас. Транспорт воситасини бошқариш ҳайдовчидан нафақат техник кўникма, балки йўл вазиятини тез баҳолаш, хавфни олдиндан сезиш, масофа ва тезликни тўғри танлаш, фавқулодда ҳолатларда вазмин қарор қабул қилишни талаб этади.
Мазкур жиноят ишида суд Р. Умаралиев “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 11-банди (пиёдаларга нисбатан эҳтиёткорлик кўришга оид талаби) ҳамда 77-банди (белгиланган хавфсиз тезликни танлаш ва ҳаракатни доимий назорат қилиш)да белгиланган қоидаларни бузганлигини аниқлади.
Биринчи босқич суди унинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми, яъни транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш орқали одам ўлимига сабаб бўлиш, деб тўғри малакалаган.
Жазо тайинланишда судланувчининг вояга етмагани, айбига тўлиқ иқрорлиги, пушаймонлиги, муқаддам судланмагани ҳамда жабрланувчи томонига етказилган моддий ва маънавий зарар қоплангани инобатга олинди. Жиноят кодексининг вояга етмаганларга жазо тайинлашга оид нормалари ва 57-моддаси қўлланилиб, икки йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Шунингдек, муайян жойларга бормаслик, алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик, назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ва Самарқанд вилояти ҳудудини тарк этмаслик каби чекловлар белгиланди.
Бу ҳолат суднинг жиноят оқибатига ҳуқуқий баҳо бериш билан бирга, вояга етмаган шахсни жамиятдан ажратмасдан тарбиялаш имкониятини ҳам ҳисобга олганини кўрсатмоқда.
Аммо инсон ҳаётига етган талафотни ҳеч қандай жазо ёки моддий товон билан тўлиқ қоплаб бўлмайди. Ушбу ҳодиса транспорт воситаси эгалари, айниқса, ота-оналар учун ҳам жиддий огоҳлантиришдир.
Суд ҳукмида “Дамас” автомашинаси судланувчининг онасига тегишли эканлиги қайд этилган. Бироқ ҳукмда онаси автомобилни ўғлига айнан ўзи бошқариш учун топширгани исботланган ҳолат сифатида кўрсатилмаган.
Шу сабабли ушбу воқеада автомобиль эгасини жавобгар деб хулоса чиқаришга асос йўқ.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси 2-қисмига кўра, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахснинг уни бошқариши, шунингдек, бундай шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Бошқача айтганда, қонун нафақат ҳайдовчилик ҳуқуқисиз рулга ўтирган шахсга, балки автомобилни бошқаришни унга топширган шахсга нисбатан ҳам жавобгарлик белгилайди.
Албатта, бундай вазиятда автомобиль эгасининг жавобгарлиги масаласи унинг транспорт воситасини, ҳақиқатан ҳам, бошқа шахсга топширгани ва ҳуқуқбузарликнинг бошқа зарур ҳолатлари аниқланганидан кейингина ҳал этилади.
Мазкур қоиданинг ҳаётий аҳамияти шундаки, автомобиль калитини фарзандига бериш ёки унинг ҳайдовчилик ҳуқуқисиз транспорт бошқаришига онгли равишда йўл қўйиш шунчаки оилавий муносабат доирасидаги масала эмас. Бундай бепарволик бошқа инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиши мумкин.
Ҳайдовчилик ҳуқуқисиз фарзандни рулга ўтқазишни унга билдирилган ишонч сифатида кўрсатиш тўғри эмас. Болага ҳақиқий ғамхўрлик — уни қонунга риоя қилишга, ўзининг ва ўзгаларнинг ҳаёти учун масъулиятли бўлишга ўргатишдир.
Мазкур ишда гувоҳи бўлганингиз бир томонда — яқин инсонидан айрилган оила, иккинчи томонда — ҳали вояга етмаган фарзандининг жиноят иши бўйича судланиши билан юзлашган хонадон бор. Йўл-транспорт ҳодисаларининг энг аянчли жиҳати ҳам шунда: бир кишининг ҳаракати ёки эҳтиётсизлиги бошқа инсонларнинг тақдирига ҳам таъсир қилади.
Шунинг учун амалий ҳайдаш кўникмалари фақат белгиланган қонуний тартиб ва хавфсиз ўқув шароитида шакллантирилиши шарт.
Хулоса қилиб айтганда, автомобиль калити фарзанд қўлига топширилганда, унинг ёши, малакаси ва қонуний ҳуқуқи ҳам ҳисобга олиниши керак. Акс ҳолда, бир лаҳзалик бепарволик бутун умрлик армонга айланиши мумкин.
Илҳом ҚОРАБОЕВ,
Самарқанд вилояти суди судьяси

