ҲАЙВОНОТ ДУНЁСИГА НОҚОНУНИЙ МУНОСАБАТ ЁКИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТИТУТИНИНГ ОДИЛ СУДЛОВНИ ТАЪМИНЛАШДАГИ ЎРНИ

Баъзан бир қарашда оддий кўринган қилмиш ортида катта ижтимоий хавф яширинган бўлади. Айтайлик, бир нечта балиқ овлаш кимгадир шунчаки майда қоидабузарлик бўлиб туюлиши мумкин. Аммо ҳамма бирдек амал қилиши лозим бўлган қонун талабига енгил-елпи қараб бўлмайди. Айниқса, гап табиий сув ҳавзаларида тақиқланган усул — электр токи билан балиқ овлаш ҳақида кетса, бу бутун экотизимга етказилган зарар сифатида баҳоланади.
Биз мисол тариқасида келтираётган жиноий ҳодиса ўтган йилнинг 12 сентябрь куни Сирдарё дарёсининг Гулистон тумани “Теракзор” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида содир бўлган. Бобоқул Ширинбоев (исм-шарифлар ўзгартирилди) ўзининг жиноий шериклари Ихтиёр ва Бахтиёр Даминов билан резина қайиқ, иккита аккумулятор, электр қармоқ, ёритиш мосламаси ва бошқа воситаларда электр токи ёрдамида ноқонуний балиқ овлаётганда экология соҳаси ходимлари томонидан ушланган.
Ҳолат бўйича беш турда – 16 дона товонбалиқ, 12 дона сазан, 6 дона лаққа, 1 дона мой балиқ ва 1 дона Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган Туркистон мўйлабдори, жами 36 дона балиқ ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Судланувчилар «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг табиий ҳавзаларида балиқ овлаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори талабларига зид равишда ноқонуний ов қилган. Оқибатда ҳайвонот дунёси объектларига 69 миллион 442 минг сўм зарар етказилган.
Сирдарё вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган қарори билан тасдиқланган «Табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш қоидалари» талабларидан келиб чиқиб, етказилган зарар қийматини ўн бараварга ошириш коэффиценти билан ҳисоблаган. Шунда ҳайвонот дунёсига етказилган зарар 694 миллион 220 минг сўмни ташкил этган.
Жиноят ишлари бўйича Гулистон тумани суди 2025 йил 17 декабрдаги ҳукм билан Бобоқул Ширинбоев ва Бахтиёр Даминовни Жиноят кодексининг 202-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топган ҳамда уларга 1 йил муддатга барча овчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда ҳар бирига 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Судланувчи Ихтиёр Даминов уч йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган.
Ҳар учала судланувчига ҳайвонот дунёсига етказилган 694 миллион 220 минг сўмлик зарарни солидар тартибда тўлаш мажбурияти юклатилган.
Яқинда Б. Ширинбоев ва Б. Даминов ҳамда уларнинг ҳимоячиси вилоят суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъатига шикоят билан мурожаат қилиб, биринчи босқич суди айрим ҳолатларни етарлича инобатга олмагани, хусусан, судланувчиларнинг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, иштирокчилик даражаси, оилавий аҳволи, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар қаторида туриши, вояга етмаган фарзандлари борлиги ва зарарнинг бир қисми қопланганини важ қилиб, уларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради.
Даставвал айтиш ўринлики, судлов ҳайъати апелляция шикояти асосида ишни кўришда ўз ваколатидан келиб чиқиб, фақат ҳукм қонуний ва адолатлими ёки ноқонунийми, деган савол билан чекланмади. Балки ҳукмнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта баҳолади.
Биринчи босқич судининг ҳукмидан сўнг зарарнинг қопланганлик ҳолатига алоҳида эътибор қаратди.
Маълум бўлдики, биринчи босқич судида қайд этилган хулосалар асосли, ишнинг ҳақиқий ҳолатига мос. Иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширилиб, Б. Ширинбоев ва Б. Даминовнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 202-моддаси 4-қисми билан тўғри ва асосли малакаланган.
Содир этилган жиноят оқибати юзасидан тушунтириш берадиган бўлсак, электр токи билан балиқ овлашнинг хавфи катта. Яроқсиз усул сувдаги бошқа тирик организмларни ҳам нобуд қилади, майда балиқлар, тухумлар, сув жониворларининг табиий кўпайиш занжирига салбий таъсир этади.
Шунинг учун бу усулда балиқ овлаш қатъиян тақиқланган. Яна бир томони бу ерда масала “қанча балиқ овланди” деган савол билан чекланмайди.
Аксинча, жамиятимизда табиатдан фойдаланиш маданияти, экологик масъулият ва келажак авлодлар олдидаги бурч ва мажбуриятга қай даражада қаралаётгани аҳамиятли.
Апелляция судлов ҳайъати миллий қонунчиликда белгилаб қўйилган қонун мезонларига таянди. Хусусан, Жиноят кодексининг 8-моддасига асосан, жиноят содир этган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши кераклиги, 54-моддасида эса, жазо тайинлашда жиноятнинг хусусияти, ижтимоий хавфлилик даражаси, қилмиш сабаби, етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдори, айбдорнинг шахси, енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олиниши белгиланган.
Бироқ биринчи босқич суди Б. Ширинбоев ва Б. Даминовга нисбатан айбига иқрорлиги, муқаддам судланмаганлиги, қилмишидан пушаймонлиги, содир этилган жиноятнинг хусусиятини, етказилган зарар миқдорини эътиборга олмасдан бир қадар оғир жазо тайинлаган. Биринчи босқич судининг ҳукмидан кейин ҳайвонот дунёсига етказилган зарарнинг 268 миллион 400 минг сўми судланувчиларнинг қариндошлари томонидан қопланган.
Апелляция судлов ҳайъати юқорида қайд этилганларни инобатга олиб, биринчи босқич суди ҳукмининг Б. Ширинбоев ва Б. Даминовга оид қисмини ўзгартирди. Уларга тайинланган 5 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига 1 йил муддатга барча овчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 3 йилдан муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Шунингдек, уларнинг 2025 йил 17 декабрдан 2026 йил 6 февралга қадар қамоқда сақланган 1 ой 19 куни Жиноят кодексининг 62-моддаси асосида озодликни чеклаш жазосидан чегирилиб, ўташ учун 2 йил 10 ой 11 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.
Назаримизда, бу ўзгаришни жазони адолатли шаклда қайта белгилаш деб тушунилса, тўғри бўлади. Чунки озодликдан маҳрум қилиш жазоси озодликни чеклаш жазосига алмаштирилса-да, судланувчилар айбли деб топилган ҳолат сақланди, овчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси ҳам қолдирилди. Шу каби улар зиммасига қопланмаган 425 миллион 820 минг сўм моддий зарарни бир йил муддатда солидар тартибда тўлиқ қоплаш мажбурияти юклатилди.
Кўриниб турибдики, апелляция суди судланувчилар зиммасидан жавобгарликни соқит қилмаган ҳолда қонунларимизнинг инсонпарварлик тамойилларига асосланганлигини амалда ифодалади ва жавобгарликни реал ҳаёт билан боғлади. Судланувчилар гарданида энди озодликда юриб, чекловлар доирасида яшаш, меҳнат қилиш, зарарни қоплаш ва қонунга итоат қилиш мажбурияти бор.
Мухтасар айтганда, жиноят ишларини апелляция тартибида кўриш биринчи босқич судида йўл қўйилган хато-камчиликларни тузатиш, адолат ва инсонпарварликни мувозанатлаштиришгагина эмас,қонун устуворлигини таъминлаш, судланган шахс тақдирига таъсир қилувчи жазо масаласини қайта баҳолаш, жабрланган тараф манфаатини ҳимоялаш сингари қатор вазифаларни тўлақонли бажармоқда, шу тариқа халқимизнинг одил судловга бўлган ишончини оширмоқда.
Жавлон ЖАББОРОВ,
Сирдарё вилояти
суди судьяси

