Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00
photo_2025-09-16_12-38-51

ОИЛА МУСТАҲКАМ БЎЛСА, МИЛЛАТ ҚУВВАТЛИ, ДАВЛАТ БАРҚАРОР БЎЛАДИ

Оила – жамиятнинг асосий устуни. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 76-моддасида «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир», деган норма мустаҳкамлаб қўйилгани бежиз эмас. Оила мустаҳкам бўлса, миллат қувватли, давлат барқарор бўлади.

Бироқ ҳаётда учраб турадиган айрим муаммолар, яъни қайнона-келин ўртасидаги тортишув, эр-хотин орасидаги келишмовчилик, мерос талашиш ёки фарзанд тарбиясидаги қарашлар билан боғлиқ зиддиятлар пировардида оиланинг ички муҳитига салбий таъсир қилиши мумкин.

Шундай қалтис пайтда жавобгарликни ўз зиммасига оладиган, ҳақ билан ноҳақни ажратадиган, икки томонни ўзаро бир-бирини тушунишга чорлаб, муросага келтиришда оила судьясининг ўрни катта.

Оила ишларига ихтисослашган судлар илк бор АҚШда 1910-1920 йилларда, асосан, маблағ тўлашдан бўйин товлаш каби оддий ҳуқуқбузарликлар ва ёшлар ишларини ҳал этиш мақсадида ташкил этилган. Бу ғояни илгари сурганлар эса, истеъмолга хос суд тизимидаги пробация ходимлари бўлган.

Кейинчалик, 1933 йилда Нью-Йоркда алоҳида «Оилавий муносабатлар суди» ташкил қилинган. Бу орган оилавий масалаларни жиноят ҳуқуқи доирасидан чиқариб, фуқаролик ҳуқуқи соҳасига ўтказишга йўналтирган.

Натижада фуқаролик ҳуқуқи – ижтимоий муносабатлар, мулк, шартнома, мерос, оилавий муносабатлар билан боғлиқ қонунчилик бўйича янада салмоқли ютуқларга эришилган.

Оила судьяси – давлат суд тизимидаги бир бўғин эмас, балки маҳалла ва жамоатчилик ичида обрў қозонган, ҳаётий тажрибага эга, инсофли ва адолатли шахсдир. Унинг асосий вазифаси – низолашган оила аъзоларини суд эшигига етказмасдан, низони мулоқот ва маслаҳат йўли билан ҳал қилишга қаратилган.

Ўзбекистонда “оила судьялари”ни ташкил этиш Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрда қабул қилинган «Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида амалга оширилди.

Ушбу қарор ижроси доирасида 2024 йил 1 февралдан тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судьялар корпуси шакллантирилди. Хусусан, Самарқанд шаҳар, Наманган туманлараро ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларида ҳар бирига 2 нафардан судья ажратилди.

Мазкур қарорда қайд этилганидек, ҳозирда “оила судьялари” деб номланган янги институтнинг мақсади – оила низоларини тезкор, гуманитар ёндашув асосида ҳал қилиш, оилалар тинчлигини таъминлаш ва жамиятнинг мустаҳкам пойдеворини шакллантиришдир.

Бу борадаги мавжуд вазият таҳлилига кўра, 2024 йилнинг биринчи чорагида оиладаги зўравонлик бўйича 4 минг 477 шахс жавобгарликка тортилган. Ушбу рақам, ўз навбатида, оилавий соҳада ҳам судларга юклама катта эканидан далолат беради.

Жорий йил биринчи чорагида 9 минг 63 та никоҳ расман бекор қилинган.

Бу эса, айни соҳада ихтисослашувнинг долзарблиги нақадар зарур эканлигини яққол намоён қилади.

Суд амалиёти таҳлили яна шуни кўрсатадики, одатдаги суд ишларида йиллаб чўзилиши мумкин бўлган иш оила судьяси воситачилигида бир-икки кун ичида ҳал бўлади. Бунга инсон қалбини тинглаш, хатоларни тузатишга ёрдамлашиш ва икки тарафни ўзаро яраштиришга астойдил уриниш туфайли эришилади.

Қолаверса, оила судьялари фаолияти орқали икки ёш ўртасидаги муносабатлар мўътадиллиги сақлаб қолинади. Қуда-андалар, қариндош-уруғлар орасида пайдо бўлган совуқчилик юмшатилади. Янада муҳими, болалар етим бўлиб қолишининг олди олинади, натижада бутун жамиятда аҳиллик ва ҳамжиҳатлик мустаҳкамланади.

Бунга бир ҳаётий мисол: турмушда учраб турадиган икир-чикир масалаларда эр ва хотиннинг фикри бир жойдан чиқмай тортишиб қолишади. Бундай ҳолат бир неча марта такрорлангач, феъл-атворимиз тўғри келмади, деб икки ёш ажрашишга тушиб қолади.

Маҳаллага чақирилган оила судьяси эса, улар билан дилдан суҳбатлашади, ҳар иккисини тинглайди, уларга бир-бирини тушуниш зарурлигини англатади. Шундай қилиб, бир хонадоннинг пароканда бўлишига йўл қўйилмайди.

Шу маънода, таъбир жоиз бўлса, оила судьялари бугунги замоннинг ҳуқуқий тарбиячиларидир. Улар адолат билан меҳрни уйғунлаштирган ҳолда, жамиятдаги энг катта неъмат – тинчлик ва барқарорликни муҳофаза қилади.

Оиладаги тотувлик – бутун миллатнинг бахти ва тақдири. Шундай экан, оила судьясининг бурчи ҳам одатдаги ҳуқуқий вазифагина эмас, балки ёш авлод камолотини белгиловчи тинч-тотув оила келажагини муҳофаза этишга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.

Статистик маълумотларга қараганда, 2025 йилнинг 1 август кунига қадар фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг оилавий судьялари томонидан 2 минг 345 та фуқаролик иши кўриб чиқилган.

Шундан 1 170 таси қаноатлантирилган ва 737 тасини қаноатлантириш рад этилган.

Шунингдек, ушбу даврда судьялар томонидан оилавий муносабатлар билан боғлиқ 723 та суд буйруғи қабул қилинган ва ижрога қаратилган.

Оилавий низоларнинг судлар томонидан кўриб чиқилишида, фақатгина маълум бир тарафга мажбурият юклашдан ташқари, тарафларни яраштириш ва оилаларни мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Хусусан, судлар томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларида фаоллар иштирокида сайёр қабул ўтказилиши, сайёр суд ва давра суҳбатлари ташкил этилиши сингари ижтимоий-гуманитар тадбирларнинг барчаси ҳар бир оила мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилганлиги билан жуда муҳим ҳисобланади.

Бу янги жараён ўз самарадорлигини аллақачон кўрсатди, яъни оила ишларини мустақил суд органига ўтказиш – жараёнларни анча тезроқ ва мўътадил ҳал этиш имконини яратди. Судлар оилавий низоларни суд сессияларисиз, кўпроқ маслаҳат ва медиация йўли билан ҳал қилишга йўналтирган ҳолда амалга оширмоқда. Натижада оиладаги зўравонлик, турмуш тарзидан келиб чиққан муаммолар тезкор ва самарали бартараф этилишига эришилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, судлар томонидан оилавий масалаларда юзага келадиган нозик ва қалтис муносабатларга жиддий эътибор қаратилиб, масъулият ва бағрикенглик асосида иш юритилиши йўлга қўйилди. Бу, ўз навбатида, бутун жамиятимизда ижтимоий мувозанатни сақлашга ёрдам бермоқда.

Бобур ИСЛАМОВ,

Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари –

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

photo_2025-12-15_10-39-35

СОЛИҚҚА “ЧАП” БЕРОЛМАЙСАН

Тўлаётган солиқларимиз давлатимиз қудратини ошириш, халқимиз турмуш шароитини яхшилашга дахлдорлигини баъзи ҳамюртларимиз тушунмайди. Натижада даромадни яшириб, солиқ тўлашдан бўйин товламоқчи бўладилар. Қонунга зид ишлари билан ноқонуний даромад топмоқчи бўлаётганлар сири кўп ўтмай фош этилмоқда.  

Судланувчи У. М. 2021-2024 йиллар давомида “DRY MIXES” МЧЖ орқали бошқа шахслар билан тил бириктириб, 17 482 376 600 сўмлик товарларни чек ва квитанциясиз нақд пулга сотиб, даромадни банкка киритмасдан шахсий эҳтиёжларига сарфлаган. Бу билан у Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгиланган савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузган.

Шунингдек, У. М. 2021-2024 йиллар давомида МЧЖнинг ягона раҳбари ва таъсисчиси сифатида бошқа шахслар билан тил бириктириб, 17 482 376 600 сўмлик юқори ликвидли товарларни солиқ ҳисоботларида акс эттирмай, 12% ставка бўйича 2 097 885 100 сўмлик қўшилган қиймат солиғини қасддан тўлашдан бўйин товлаган. Натижада Солиқ кодекси ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари талабларини қўпол равишда бузиб, давлатга жуда кўп миқдорда зарар етказган.

Бундан ташқари, У. М. 68 542 543 300 сўмлик товар ва хизматлар реализациясидан 8 225 105 200 сўмлик қўшилган қиймат солиғини солиқ ҳисоботларида акс эттирмай, 12% ставка бўйича ушбу суммани қасддан яширган. Қолаверса, У. М. 2024 йил давомида 10 281 381 400 сўмлик юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини қасддан яшириб, Солиқ кодекси ва амалдаги қонун-қоидаларни қўпол равишда бузиб, давлатга жуда кўп миқдорда зарар етказган.

Судланувчи У. М. суд мажлисида айбига қисман иқрор бўлиб, 2023 йил октябрь-ноябрь ойларида Наманган вилоятидаги автомашиналарни ювиш шохобчасида “Абдулазизшох” билан танишиб, унинг таклифига кўра, 2024 йил ёз ойларида Тошкент шаҳрига келиб, “DRY MIXES” МЧЖни Яшнобод тумани Давлат хизматлари марказида ўз номига қайта рўйхатдан ўтказган.“DRY MIXES” МЧЖнинг расмий раҳбари бўлса-да, унинг фаолиятига аралашмаган. Устав, йиғилиш баённомаси ва далолатномадаги имзолар унга тегишли эканлигини, лекин жамият номидан бошқа ҳужжатларга имзо қўймагани ва муҳр ишлатмаганлигини, ҳозирда ушбу ҳаракатидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, қарамоғида бир нафар фарзанди борлигини инобатга олиб, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраб, кўрсатма берди.

Суд дастлабки тергов органи томонидан У. М.нинг товарлар савдоси қоидаларини жуда кўп миқдорда бузишда ифодаланган жиноий ҳаракати Жиноят кодексининг 189-моддаси авдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан, жуда кўп миқдордаги солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлашда ифодаланган жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 184-моддаси олиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) 3-қисми билан тўғри квалификация қилинган, деб ҳисоблади.

Суд судланувчи У. М.га жазо тури ва миқдорини тайинлашда, ғаразли ёки бошқача паст ниятларда жиноят содир этганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб, айбига қисман иқрорлик билдириб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий ва моддий шароити оғирлигини, қарамоғида бир нафар фарзанди борлигини, оиласида ягона боқувчи эканлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар, деб баҳолади. Содир этган жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражаси ва хусусиятини, шу билан бирга етказилган зарар қопланмаганлигини инобатга олди. 

Суд У. М.га Жиноят кордексининг 59, 61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 4 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Савдо қоидаларини қўпол равишда бузиб, солиқларга “чап” бермоқчи бўлган МЧЖ раҳбарининг сири ҳужжатли текширув жараёнида фош этилди. Агарда у қонуний фаолият юритганда бошига бундай савдолар тушмас эди.

Бахтиёр АЛИМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Яшнобод туман судининг раиси

 

photo_2025-08-25_15-53-36

ШАЪН, ҚАДР-ҚИММАТ ВА ИШЧАНЛИК ОБРЎСИНИ СУД ОРҚАЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШДА ҚОНУНЧИЛИКНИ ҚЎЛЛАШ АМАЛИЁТИ ВА МУАММОЛАРИ

Айнан шу долзарб мавзу Олий судда бўлиб ўтган конференцияда кенг муҳокама этилди.

Маълумки, шахснинг шаъни, қадр-қиммати, ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш – шахснинг ва унинг эзгу номини муҳофаза этишнинг энг муҳим конституцион кафолатларидан биридир. Конституциямизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланиб, биринчи ўринга қўйилган. Ушбу қадриятлар миллий қонунчилик ҳамда халқаро ҳужжатлар томонидан тан олинган. Шу билан бирга, ахборот технологиялари, ижтимоий тармоқлар ва аноним алоқа тармоқларининг шиддатли ривожланиши натижасида суд ишлари янада мураккаблашиб, судьяларнинг бу борадаги масъулияти ошиб бормоқда.

Олий суд раиси Б. Исломов конференцияни кириш сўзи билан очар экан, инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг бош мақсадига айлангани, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган еттита устувор йўналишнинг айнан биринчиси – инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этишга бағишланганида ҳам ўзига хос маъно борлигини алоҳида таъкидлади.

Олий суд раисининг ўринбосари О. Исмаилов, Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси М. Кадирханова, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ф. Эшматова, Бош прокурор ўринбосари С. Артикова, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси вазифасини бажарувчиси Х. Салимов, фуқаролик ишлари бўйича судьялар, ҳуқуқшунос олимлар ва адвокатлар, қатор вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари иштирок этган бугунги тадбирда маълум қилинганидек, 2023 ва 2024 йилларда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш билан боғлиқ 44 та иш кўриб чиқилган бўлса, жорий йил биринчи ярмининг ўзида бу рақамлар 47 тани ташкил қилган ва мазкур ишларнинг 37 таси бўйича жавобгарлардан 23,7 млн. сўм моддий ва 403,6 млн. сўм маънавий зарар ундириш белгиланган.

Жиноят ишлари бўйича судларда охирги икки ярим йил ичида ҳақорат қилиш билан боғлиқ 2 071 та иш ҳамда туҳмат билан боғлиқ 370 та иш кўрилган.

Бундан ташқари, сўнгги икки ярим йил ичида кўриб чиқилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг 133 945 таси ҳақорат қилиш, 10 544 таси туҳмат билан боғлиқ ишларни ташкил этади.

Статистик маълумотлардан кўриниб турибдики, инсон қадр – қиммати ва шаънини менсимаслик каби салбий иллатлар кенг тус олаётгани табиийки, кенг жамоатчиликни ташвишга солмоқда.

Конференцияда шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш бўйича низолар юзасидан суд амалиёти қандай шаклланаётганлиги, бу соҳада қандай муаммоларга дуч келинаётганлиги ҳамда қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш учун қандай чора-тадбирлар кўриш зарурлиги ҳақида ўзаро фикр алмашинилди.

Шунигдек, замонавий тенденцияларга мутаносиб равишда Олий суд Пленумининг амалдаги “Суд амалиётида фуқаро ва ташкилотларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонунларни қўллаш тўғрисида”ги Қарорининг янги таҳририни ишлаб чиқиш зарурати вужудга келганлиги сабабли ушбу масаладаги янги Пленум қарорини қабул қилиш борасида ишлар олиб борилаётгани алоҳида қайд этилди.

Бугунги тадбирда йиғилган судьялар, мутахассис ва экспертлар мавзуга оид масалалар юзасидан ўзаро тажриба алмашиб, шаън, қадр-қимматни ҳимоя қилиш ҳуқуқи ва сўз эркинлиги ўртасидаги мувозанат мезонларини атрофлича муҳокама қилди.

Конференция якуни бўйича хулосалар, амалий таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

photo_2025-08-26_12-36-08

ЯНГИ ТАЙИНЛАНГАН СУДЬЯЛАР ҚАСАМЁД ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Бугун Олий суд Пленумининг мажлисида айрим фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар ҳамда туманлараро маъмурий судларга илк бор судьялик лавозимига тайинланган судьяларнинг қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди. 

Мажлисда Судьялар олий кенгашининг 2025 йил 24-25 июлдаги қарорларига муфовиқ судьялик лавозимда бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинланган 41 нафар судьянинг қасамёди эшитилди.

Қасамёд қабул қилган янги судьяларга судьялик гувоҳномалари билан бирга “Судьялар одоби кодекси” топширилди.

photo_2025-12-02_17-24-51

КОРРУПЦИЯ ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИДАГИ ХАВФЛИ ИЛЛАТ БЎЛИБ, УНГА ҚАРШИ КУРАШИШ ҲАР БИРИМИЗНИНГ МАСЪУЛИЯТЛИ БУРЧИМИЗДИР

Бугунги кунда халқимизнинг бутун диққат-эътибори Янги Ўзбекистонни қонун устувор бўлган, коррупциядан холи, адолатли, шаффоф жамиятга айлантиришга қаратилган. Аввало бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди ва изчил такомиллаштириб келинмоқда.

Биргина ўтган йилнинг ўзида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлашга қаратилган 8 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Жумладан, 2024 йил 5 июнда “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бинобарин, коррупцияга оид ҳар қандай жиноят билан муроса қилиб бўлмайди. Бундай қилмишни содир этган шахслар муқаррар жазога тортилади.

Яқинда суд томонидан Бекзод Элмаматов (исм-шарифлар ўзгартирилди) Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганлиги учун унга оид жиноят иши мазмунан кўриб чиқилди. Суд судланувчини икки йил муддатга давлат иштирокидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда моддий жавобгарлик ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиб, икки йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм чиқарди.

Судланувчи Б. Элмаматов “Жиззах иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи лавозимига 2024 йил 14 ноябрь куни тайинланган. Бироқ нафс измига юрган Б. Элмаматов мансабдор шахс бўла туриб, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ноқонуний йўллар билан моддий бойлик орттириш мақсадида порахўрлик жиноятини содир этган.

Воқеа баёни шуки, Жиззах вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясининг буюртмасига асосан “Сангзор таъминот инвест” масъулияти чекланган жамияти томонидан Зомин туманининг ”Қайирма” маҳалласи ҳудудида жойлашган Тиббиёт коллежи иситиш қозонхонасида қиймати 163 миллион 761 минг 184,30 сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилган.

“Сангзор таъминот инвест” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шербек Жалилов Давлат унитар корхонаси раҳбари вазифасини бажарувчиси Б. Элмаматовга учрашиб, қозонхонада таъмирлаш ишларини бажарилганини айтган ва ушбу объектда синов ўтказиб, далолатнома расмийлаштириб беришни сўраган. Б. Элмаматов қўл остидаги мутахассисларни жалб этиб, синов ўтказиб, унинг асосида далолатнома расмийлаштириб берганида ҳеч бир муаммога ўрин қолмасди.

Аксинча, у масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ш. Жалиловнинг ўзига иши тушганидан бойиб қолишни ўйлаган ва жиноят кўчасига қадам қўйган.

Гарчи объектда тегишли тартибда синов ишлари амалга оширилмаган бўлса-да, қонунга зид равишда 2025 йил 14 март куни ўтиб кетган муддат – 2024 йил 14 ноябрь санаси билан синов далолатномасини расмийлаштиради ва Ш. Жалиловдан хизмати учун 500 АҚШ доллари талаб қилади.

Шундан сўнг Ш. Жалилов бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилади.

Ўша куннинг ўзида Б. Элмаматов синов далолатномаси учун талаб қилган 450 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида ушланади.

Коррупцияга дахлдор яна бир жиноят иши тафсилоти билан танишсак.

Судланувчи Ўткир Омонбоев Суд-тиббий экспертиза маркази Жиззах вилоят филиали суд-тиббий эксперти лавозимида ишлаб келган. Эгаллаб турган лавозимига кўра, у мансабдор шахс ҳисобланган Ў. Омонбоев ҳам хизмат мавқеидан фойдаланиб, ноқонуний йўллар билан бойлик орттиришни кўзлаган.

Унинг иш юритувида Жиззах шаҳар ИИБ ЙҲХБ инспектори М. Қодировнинг фуқаро С. Саъдуллаев бошқарувидаги “Нексия-2” автомашинаси билан 2025 йил 13 март куни соат 16-30ларда шаҳар шоҳкўчасида пиёдалар ўтиш йўлагини кесиб ўтаётган, 2003 йилда туғилган А. Аҳмедовни уриб юбориб, тан жароҳати етказганлиги ҳолати юзасидан тайинланган суд-тиббий экспертиза иши бор эди.

Ў. Омонбоев ўзганинг бошига тушган ташвишдан фойдаланиб қолишни кўзлайди. Ҳайдовчи С. Саъдуллаевдан йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан тўпланган ҳужжатлар бўйича унинг фойдасига экспертиза хулосасини енгиллаштириб ёзиб бериш эвазига 200 АҚШ доллари ва яшаш уйи учун 100 долларлик мебель ясаб беришни талаб қилади.

Шундан сўнг Ў. Омонбоев пора тариқасида талаб қилган пулларни таниши, пора олиш-беришда воситачилик қилаётган вилоят патологик анатомия бюроси кичик тиббий ходими Ш. Ҳайдарова орқали олишини айтади. Гўёки, Ш. Ҳайдарова билан ўрталарида олди-бердиси борлигини билдираркан, пулларни унга бериб қўйишни тайинлайди.

С. Саъдуллевнинг аризасига асосан Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти Жиззах шаҳар бўлими ва Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилади. Ш. Ҳайдарова Ў. Омонбоевнинг топшириғига асосан Жиззах шаҳрининг Янгиобод кўчасида С. Саъдуллаевдан пора тариқасида талаб қилган 200 долларни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Суд судланувчи Ў. Омонбоевни Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисмида кўзда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор топиб, икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. У икки йил муддатга суд-тиббий экспертиза муассасаларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилди.

Судланувчи Ш. Ҳайдарова эса, Жиноят кодексининг 25,212-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб, икки йил муддатга озодликни чеклаш жазосини ўташга ҳукм қилинди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, ушбу иллат инсон ҳуқуқларининг бузилиши, мамлакат тараққиёти ва жамият равнақига жиддий таъсир этар экан, коррупцияга қарши курашиш, юртимизни коррупциядан холи ҳудудга айлантириш биргина давлат идораси ёки жамоат ташкилотининг вазифаси эмас, балки шу давлат фуқароси, жамият аъзоларига бирдек тегишли бўлган вазифа, масъулият ҳисобланади.

Ирода МУҲАМЕДОВА,

жиноят ишлари бўйича

Бахмал тумани суди тергов судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2026-02-17_15-21-41

СУД АЙБЛОВНИ ЕНГИЛЛАШТИРДИ

Бу ҳақда фикр юритганда, аввало, рўй берган воқеа тафсилотига эътибор қаратиш жоиз. Маълум бўлишича, С. Эрмаматов таниши Л. Отажанованинг бошқа шахслар билан гаплашиб юрганидан хабар топгач, рашк туфайли 2025 йил 8 январь куни соат 21.00ларда Яшнобод тумани, Авиасозлар 3-даҳасида жойлашган “Лор 24/7” номли клиника биносида жанжаллашган. Натижада у Л. Отажановага енгил шикаст етказган.

Бу ҳолатни республика Суд тиббий илмий амалий маркази экспертининг хулосаси ҳам тасдиқлайди.

Бироқ дастлабки тергов органи томонидан судланувчи С. Эрмаматовнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а” банди билан нотўғри квалификация қилинади.

Шу ўринда қайд этиш керакки, Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасида суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шартлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозимлиги белгиланган.

Жиноят-процессуал кодексининг 26-моддасига мувофиқ, жиноят ишини мазмунан кўриб чиқаётган суд далилларни бевосита текшириши, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларни сўроқ қилиши, фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиб ҳукм чиқариши шартлиги қайд этилган.

Бундан ташқари Жиноят кодексининг 164-моддасида босқинчилик, яъни ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида, унга ҳужум қилиб, ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, содир этилганлик ҳолати юзасидан жавобгарлик белгиланган.

Қонун мазмунига кўра, объектив томондан, босқинчилик ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида, шу мулкнинг эгалланишига қаршилик кўрсатган шахснинг ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўлган жисмоний зўрлик ишлатиш ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, ҳужум қилишда ифодаланади. Шунга кўра, босқинчиликнинг моҳияти айбдорнинг ўзганинг мол-мулкини жабрланувчига зўрлик ишлатиб эгаллашида ифодаланади.

Бундай жиноят таркибида ўзганинг мол-мулкини эгаллашга йўналтирилган ҳаракат асосий аҳамият касб этади, ўзга шахсга тажовуз қилиш ўзганинг мол-мулкини эгаллаш воситаси сифатида ифодаланади.

Энди юқорида баён этилган воқеага қайтсак, суд мажлисида аниқланган ва иш ҳужжатлари билан тасдиқланган ҳолатларга кўра, С. Эрмаматов таниши Л. Отажонованинг бошқа шахслар билан ўзаро гаплашиб юрганидан хабар топгач, 2025 йил 8 январь куни соат 21.00ларда Яшнобод тумани, Авиасозлар 3-даҳасида у билан рашк туфайли ўзаро жанжаллашиб, уни бир неча маротаба урган ва қасддан соғлиғининг қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига сабаб бўлган енгил шикаст етказган.

Бундай қилмиш учун Жиноят кодексининг 109-моддасида жавобгарлик белгиланган.

Аниқроқ айтганда, қонун талабига кўра, агар айбдорнинг ҳаракатлари жабрланувчи баданига енгил шикаст етказиб, унинг соғлиғини қисқа муддатга ишдан чиқарса ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқотилишига олиб келса, айбдорнинг ҳаракатлари айнан Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан малакаланади.

Аммо дастлабки тергов органи томонидан С. Эрмаматовнинг босқинчилик жиноятини содир этишдаги айбини исботлайдиган далиллар тўлиқ текширилмаган, шунингдек, иш ҳужжатларида босқинчилик билан боғлиқ айбловни шубҳа остида қолдирадиган аниқ далиллар мавжуд бўлганлигини инобатга олмаган, тергов ҳаракатлари нохолис равишда фақат босқинчилик жиноятини содир этишда айблаш йўналишида олиб борилиб, мавжуд ҳолатларни тўлиқ, ҳар томонлама ва холисона ўрганиш, шунингдек, аниқ ҳуқуқий баҳо бериш чоралари кўрилмаган.

Иш ҳолатига кўра, С. Эрмаматовнинг жабрланувчи Л. Отажоновага тегишли пул маблағи ёки бошқа мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилганлигини, жабрланувчи ушбу мол-мулки эгалланишига қаршилик кўрсатганлигини тасдиқловчи ҳолатлар мавжуд эмас.

Аслида ҳам С. Эрмаматовнинг мақсади жабрланувчи Л. Отажонованинг мол-мулкини талон-торож қилиш эмас, балки рашки туфайли келиб чиққан жанжалда унга енгил тан жароҳати етказган.

Бундан ташқари бу воқеа 2025 йил 8 январь куни содир этилган бўлса-да, жабрланувчи Л. Отажонова судланувчи С. Эрмаматов билан бир ҳафта давомида ўзаро яхши муносабатда бўлган.

Шунингдек, воқеа содир бўлган куни судланувчи С. Эрмаматов клиникадан чиқиб кетгач, бироздан сўнг қайтиб келиб эшикни тақиллатгани, Л. Отажонова эшикни очмаганида унинг дугонаси Ильмирага ўзи қўнғироқ қилиб чақиргани С. Эрмаматов босқинчилик жиноятини содир қилиш мақсади бўлмаганини тасдиқлайди.

Юқорида баён этилган ҳолатлар дастлабки терговни юритишда жиддий камчиликларга йўл қўйилгани, ҳақиқий иш ҳолати етарли даражада текширилмагани ва ҳақиқатни аниқлаш тамойиллари бузилганини кўрсатади.

Ўз навбатида, суд келтирилган асосларга кўра, судланувчи С. Эрмаматовнинг ҳаракатларида ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида шахснинг ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб ҳужум қилиш мавжуд эмас, деб ҳисоблади. Қонун талабларидан келиб чиқиб, қасддан баданга енгил шикаст етказганликда ифодаланган ҳаракатларини Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а” бандидан 109-моддаси 2-қисми “в” бандига қайта малакалашни лозим топди ва икки йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда ҳар бир фуқаро — қонун ҳимоясида. Шундай экан, кимнингдир ҳаётида қонунбузилиши ҳолати содир бўлган тақдирда ҳам, унинг қилмишини адолатли баҳолаш вазифаси одил судлов зиммасидадир.

Жасурбек УБАЙДУЛЛАЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Яшнобод тумани

суди судьяси

photo_2025-12-15_18-07-28

ПИШМАГАН САВДО

Элёр Тоҳиржонов (исми-шарифлар ўзгартирилган) олти йилдан буён Избоскан туманидаги мактабларнинг бирида директор лавозимида фаолият юритиб келарди. Аммо бинойидек фаолият олиб бораётган директорни кутилмаганда негадир нафс қутқуси тўғри йўлдан адаштирди…

Ҳаммаси мактаб жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Акмал Исроиловнинг ўз ҳисобидан уч ойлик таътилга чиқишидан бошланди. Бу гап пайдо бўлгандаёқ, директор унинг икки соат дарсини анча пайтдан буён кўзлаб юрган ўқитувчи Собира Араловага олиб берадиган бўлди. Қолган тўрт соати Насибахон Араловага насиб этди. Агар директор бу ишни қонуний тартибда виждонан бажарганда, ҳеч қандай муаммога ўрин қолмасди.

Аммо у бунинг эвазига ҳар икки ўқитувчидан (аслида, улар опа-сингил) 100 АҚШ доллари тама қилди.

Устаси фарангроқ эканми, директор ўқитувчиларни пул беришга осонгина, хамирдан қил суғургандек кўндирди-қўйди. Яна денг, уларнинг розилик аризаларини ҳам олиб улгурди. Фақат опа-сингиллар айни дамда ўзларида бунча пул йўқлигини айтишди. Директор бироз “юмшади” – миллий валютада бир миллион сўм беришса, кифоя!

— Иккалангиз овора бўлмай, битта қилиб бериб қўяқолинглар, — деди директор. — Мен тезда буйруқ чиқараман, дарсни ўтаверасизлар, кўнглингизни хотиржам қилинглар, Акмал Исроилов ҳали-вери қайтиб келмаса керак.

Албатта, ҳар бир жамоада, ўзаро мулоқотларда ҳар кимнинг, айниқса, раҳбарнинг хатти-ҳаракатлари, ўзини тутиши, ҳамкасбларнинг феъл-атвори ва турмушидаги ўзгаришлар муҳокама қилинади, таҳлил этилади.

Бинобарин, Насибахон Аралова ҳам синглисига юқоридаги ҳолат бўйича гап чиққанида, “Акмал Исроиловнинг ўзи ишлайвермабди, унинг ўқувчилари анча шўх эди, бизларга кўникармикан”, деб қолди.

— Ким билсин, бир амаллаб эплаймиз, — деди С. Аралова.

Сўнг гап айланиб, директор сўраётган бир миллион сўмга бориб тақалди.

Бу қанчалик қонуний?! Аслида-ку, улар бировнинг дарсини олиб бер, деганлари ҳам йўқ. Шундай экан, бу яхшиликми ё ёмонлик?! Ўй кўп, мулоҳаза кўп, жўяли жавоб эса, қиш кунидаги қуёшдек ҳадеганда юз кўрсатавермасди.

Барибир, раҳбарнинг гапи гап, қолаверса, розилик аризаси ҳам ёзиб бўлинди. Уларни ҳеч ким мажбурлагани ҳам йўқ, ўзлари дарров қўл қўйиб бера қолишди. Ўзи кўпинча шунақа бўлади: бир иш қилиб қўйилади-да, кейин шуни қилмасам бўларкан, деган ўй кишини тарк этмай юради. Юрса ҳам, турса ҳам, шу ўй уни теграсида айланаверади-айланаверади…

— Шу директор ҳеч пулга тўймади-да, — деди Н. Аралова норози оҳангда.

— Ҳадеб тама қилгани қилган.

— Қўяверинг, — деди синглиси.

Буёқда директор ҳам қилмишини хаспўшлашга тушди: “Ўзимга сўраяпманми бир миллионни, мактабни ободонлаштириш, гул экиш учун ишлатамиз. Бир сўми ҳам чўнтагимга тушмайди!”

Шу йил апрел ойида директор Н. Араловадан пулни сўрайди.

Аммо бу маблағ нафс измига кирган директорга насиб этмади, у шу куни воқеа жойининг ўзида ашёвий далиллар билан ушланди.

Э. Тоҳиржоновнинг қилмишига жиноят ишлари бўйича Андижон туман суди томонидан қонуний баҳо берилди. Яъни тамагир раҳбарга икки йил моддий жавобгарлик ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Бу жиноят ишини баён этишдан мақсад — ҳаётда ҳар бир жиноий қилмиш жазосиз қолмаслигини таъкидлашдир.

Шоҳруҳ Ваҳобов,

жиноят ишлари бўйича

Андижон тумани суди

 тергов судьяси

 

photo_2025-11-26_15-47-08

НОҚОНУНИЙ БУЙРУҚ СУД ТАРТИБИДА БЕКОР ҚИЛИНДИ, ХОДИМНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНДИ

Инсонпарвар, кучли демократик давлат барпо этиш йўлида дадил одимлаётган, жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари билан бўйлашаётган она диёримизда эришилаётган юксак марралар, қўлга киритилаётган ютуқлар ҳеч шубҳасиз, юртимизда Конституция ва қонун устуворлиги таъминланаётгани билан чамбарчас боғлиқ. Инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимояси мустаҳкам кафолатлаб қўйилгани фуқароларда адолат ва ҳақиқатнинг ҳамиша бардавомлигига бўлган ишончни тобора ошириб, юксак мақсадлар сари янада самарали меҳнат қилишга даъват этмоқда.

Гап қонун устуворлиги ҳақида кетар экан, мамлакатимизда ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги меҳнат муносабатлари Конституция ҳамда қонунлар асосида тартибга солинганлигини алоҳида таъкидлаш керак.

Жумладан Конституциямизнинг 42-моддасига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Ҳаётда баъзан ходим билан тузилган меҳнат шартномаси қонунга хилоф равишда бекор қилинган ҳолатлар ҳам учраб туради. Бундай вазиятда ходим иш берувчига мурожаат қилиши ёки меҳнат шартномасининг бекор қилиниши устидан белгиланган тартибда, шу жумладан, суд тартибида шикоят қилиши мумкин. Бу қоида Меҳнат кодексининг 174-моддасида белгилаб қўйилган.

Масалан, яқинда судда даъвогар Нажмиддин Пўлатов (исм-шарифлар ўзгартирилди)нинг жавобгар “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти Шимолий кон бошқармасига нисбатан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқни ноқонуний деб топиш, ишга тиклаш, мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги аризаси кўриб чиқилиб, даъвони қисман қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Шу ўринда бу ҳақида батафсилроқ тўхталадиган бўлсак, акциядорлик жамиятининг Шимолий кон бошқармаси “Даугизтау” очиқ усулда қазиб олиш кони участка механиги Н. Пўлатов шу йил 31 январь куни участка бошлиғи Ф. Ҳайдаровнинг топшириғи билан омборхонадан 209 литр мотор мойини олиб, участка ҳудудига келтиради.

Участка ҳудудида кузатув камераси ўрнатилгани боис Н. Пўлатов ҳеч ким тегинмайди, деган фикрда мотор мойи солинган бочкани қаровсиз қолдириб, бошқа ишларга чалғиб кетади. Қайтиб келса,бочка жойида йўқ, талон-торож қилинган.

Шундан сўнг корхона мулки талон-торож қилинганлик ҳолати юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилади ва жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судига юборилади. Суд қарори билан Н. Пўлатов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилади.

Ўз навбатида, акциядорлик жамияти Шимолий кон бошқармаси директорининг ўринбосари суд қарорига асосланиб, Н. Пўлатов билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқни қабул қилади.

Аммо орадан кўп ўтмай туман судининг ушбу қарори Навоий вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида муҳокама этилиб, бекор қилинади ва иш қўшимча суриштирувга қайтарилади. Охир-оқибат эса, жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг шу йил 27 июндаги қарорига асосан Н. Пўлатовга нисбатан юритилган маъмурий иш ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 1-бандига асосан ҳаракатдан тугатилади.

Энди тасаввур қилиш мумкин: агар иш берувчи Н. Пўлатовнинг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд эмаслиги ҳақида суд қарори чиқарилган заҳотиёқ хатони тузатганида, бирон-бир муаммога ўрин қолмаган.

Даъвогар даъво аризасида қайд этишича, у 2012 йилдан то меҳнат шартномаси бекор қилинган 2025 йилга қадар корхонада турли лавозимларда фаолият юритиб, жамоада обрў-эътибор қозонган. Ишдан асоссиз бўшатилгани сабабли руҳан эзилган, тушкунликка тушган. Бир неча ой ишсиз қолиб, моддий томондан қийналган. Бунинг устига у билан корхона ўртасида моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома имзоланмаган.

Н. Пўлатов суд қарори билан айбдорлиги исботини топмаганлиги сабабли акциядорлик жамияти Шимолий кон бошқармасининг 2025 йил 31 январдаги меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғини ноқонуний деб топиб бекор қилишни, участка механиги вазифасига ишга қайта тиклашни, жавобгардан мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ва 50 миллион сўм маънавий зарар ундириб беришни сўради.

Судда аниқланган ҳолатлардан кўринишича, Н. Пўлатовнинг айбдор эмаслигини унга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги иш суд қарорига асосан иш юритувдан тугатилгани тўлиқ тасдиқлайди.

Суд амалдаги қонунлар ва Олий суд Пленуми қарорининг раҳбарий кўрсатмалари талабларидан келиб чиқиб, жавобгар “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти Шимолий кон бошқармасининг даъвогар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги 2025 йил 31 январдаги буйруғини ноқонуний деб топди. Даъвогар Н. Пўлатовни 2025 йил 31 январдан бошлаб, ўз ишига қайта ишга тиклади.

Даъвогарнинг фойдасига мажбурий прогулда юрган кунлари учун 101 миллион 2 минг 907 сўм иш ҳақи (мажбурий чегирмалар ушлаб қолинган ҳолда) ундириладиган бўлди.

Шунингдек, суд маънавий зарар етказилганлигини акс эттирувчи ҳақиқий ҳолатларни эътиборга олиб, оқилоналик ва адолатлилик тамойилларидан келиб чиқиб, қопланиши лозим бўлган маънавий зарар миқдорини баҳолади ва унга кўра, 19 миллион сўм товон пули ундириладиган бўлди.

Шу каби Фуқаролик-процессуал кодексининг 141-моддаси 1-қисмига кўра, ишни кўриш билан боғлиқ бўлган ва даъвогар тўлашдан озод қилинган суд чиқимлари ҳамда давлат божи жавобгардан арз қилинган талабларнинг қаноатлантирилган қисмига мутаносиб равишда давлат даромадига ундирилди.

Ҳал қилув қарорининг буйруқни ғайриқонуний деб топиб, ишга тиклаш ҳақидаги қисми дарҳол ижрога қаратилди.

Гувоҳи бўлганингиздек, меҳнат муносабатларида йўл қўйилган хато иш берувчи томонидан ўз вақтида, тўғри изга солинмагани, шошқалоқлик билан ноқонуний буйруқ чиқарилгани қимматга тушди. Демак, меҳнат қонунчилиги талабларига ҳар доим қатъий риоя этиш асло панд бермайди.

Баҳодир БОБОҚУЛОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Хатирчи тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,журналист

 

photo_2025-08-07_10-54-33

ВЕЛОСИПЕД “ОВИ”ГА ЧИҚИБ…

23 ёшли Алексей Х. муқаддам “қўли эгрилиги” учун жиноий жавобгарликка тортилганди. Аммо у бундан ўзига тегишли хулоса чиқариб олмади. Нега деганда, у шу йил 27 май куни, тахминан, 16:30 ларда Миробод тумани, Афросиёб кўчаси ҳудудида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирининг йўлагига кириб, қаровсиз қолдирилган велосипедни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган. Бу қилмиши билан у велосипед эгасига 7 622 808 сўм миқдорда моддий зарар етказган.

Ўша куни Алексей Х. ярим тунда Яккасарой тумани Бобур кўчасидаги хонадонлардан бирининг олдида турган 2 000 000 сўмлик велосипедни ҳам яширинча ўғирлаб кетган. Бу ҳам етмагандек, у жиноий ҳаракатларини 28 май куни ҳам давом эттирган: Сафдош кўчасидаги хонадон олдига суяб қўйилган Ф. Ҳамроевга тегишли 1 900 000 сўмлик велосипедни ҳайдаб, кўздан ғойиб бўлган.

Буни қарангки, ҳеч нарсадан тап тортмай қўйган Алексей Х. Кичик Бешёғоч кўчасида С. Фитисовга тегишли, баҳоси 2 400 000 сўмлик велосипедга ҳам ўзбошимчалик билан “эгалик” қилган.

“Ови” бароридан келаётган Алексей Х. яна жиноятга қўл уради: у 28 майдан 29 майга ўтар кечаси Чилонзор тумани Чарх Камолон кўчасида қаровсиз қолдирилган велосипедни ҳайдаганча қочиб қолган. Шунингдек, у 30 май куни Шота Руставели кўчасидаги болалар майдончасида турган нархи 1 000 000 сўмлик велосипедни ҳам ўғирлаб “қуён” бўлган. Алексей Х. жиноий фаолиятини яна давом эттириб, 1 июнь куни “Космонавтлар” метросига кириш йўлагида турган М. Элмуродовга тегишли 1 500 000 сўмлик велосипедни ҳам ўғирлаб кетган. Унинг навбатдаги “манзили” Нукус кўчасидаги кўп қаватли уйга қаратилади. Жорий йилнинг 3 июнь куни Алексей Х. 1 500 000 сўмлик велосипедни миниб, “ови” ўнгидан келганидан хурсанд бўлиб, ортига қайтган.

Албатта, унинг бу жиноий қилмиши узоққа чўзилмади, охир-оқибат қўлга тушди. Суд мажлисида судланувчи Алексей Х. айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Ўғирлаган велосипедларни номаълум шахсларга сотиб, пулини шахсий эҳтиёжларига сарфлаганини тан олди.

Суднинг ҳукми билан унга 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

“Ов”га чиқиб, унинг орттиргани шу бўлди. Энди қилмишидан оқилона хулоса чиқариб олса, ажаб эмас.

Баҳодир ҚАЮМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Яккасарой тумани суди судьяси

photo_2025-11-10_16-29-12

ҚОНУН ТАЛАБИГА РИОЯ ЭТМАСЛИК ТЕГИШЛИ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛДИ

Аввало шуни қайд этиш керакки, ҳар бир фуқаро, ўз ҳуқуқларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт. Бу қоида янги таҳрирдаги Конституциямиз ва Фуқаролик кодексида белгилаб қўйилган. Ўз навбатида, бу фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг асосий мазмун-моҳиятини ўзида акс эттирадиган қоидалардан бири саналади.

Бугунги кунда фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар ривожлангани ва кенгайиб боргани сари унда ўзга шахсларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ҳамда субъектив мажбуриятларни ўз вақтида тўлиқ бажариш билан бир қаторда шартномавий муносабатларни тўғри, ўз вақтида расмийлаштиришда ҳуқуқ ва қонун талаби бузилиши ҳолатлари ҳам учраб туради.

Хўш, бунга нималар сабаб бўлмоқда?

Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, Конституциямизнинг 15-моддасида Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устуворлиги сўзсиз тан олиниши, давлат ва унинг органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш юритиши белгиланган.

Бироқ суд амалиётида кўрилган айрим ишлар таҳлилидан давлат органлари ва муассасаларида қонунчиликнинг ушбу талабларига етарлича эътибор қаратилмаётгани оқибатида фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилаётганини кўриш мумкин.

Мисол учун Савдо-саноат палатасининг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси «O. E.» масъулияти чекланган жамияти манфаатини кўзлаб, судга даъво аризаси билан мурожаат қилган ва Навоий давлат университетидан 464 588 186 сўм бажарилган ишлар қийматини ундириб беришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлар ва суд муҳокамасида аниқланган ҳолатларга кўра, жавобгарга қарашли биноларда даъвогар томонидан қурилиш-монтаж ишлари бажарилгани юзасидан жами 464 588 186 сўмлик далолатномалар расмийлаштирилиб, ушбу сумма доирасида қарздорлик мавжудлиги ҳақида икки томонлама тасдиқланган солиштирма далолатнома тузилган.

Қизиқ томони шундаки, судга тақдим этилган даъво аризасига даъвогар томонидан 2024 йил 23 сентябрдаги 74 970 000 сўмлик В1043885-сонли шартнома илова қилинган бўлса-да, ушбу шартнома тарафларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланмаган, шунингдек, 464 588 186 сўмлик қурилиш-монтаж ишларини бажариш юзасидан шартнома ҳам тузилмаган.

Ҳолбуки, Фуқаролик кодексининг 108-моддасида юридик шахсларнинг ўзаро ва фуқаролар билан битимлари оддий ёзма шаклда тузилиши зарурлиги белгиланган.

Шунингдек, жавобгар бюджетдан маблағ олувчи ташкилот бўлганлиги боис тарафлар ўртасида қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиши юзасидан тегишли тартибда шартнома тузилиши ва у Ғазначиликда рўйхатга олиниши лозим эди.

Аммо Навоий вилояти Ғазначилик хизмати бошқармаси томонидан тарафлар ўртасида 2024 йил 23 сентябрдаги В1043885-сонли шартнома Ғазначилик бошқармасида рўйхатдан ўтказилмагани маълум қилинди.

Ваҳоланки, Бюджет кодексининг 122-моддаси учинчи қисмига кўра, бюджет ташкилотлари ва бюджет маб­лағлари олувчиларнинг бюджетдан ажратиладиган маблағлар бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан тузган шартномалари, шунингдек, уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар улар ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилганидан кейин кучга киради.

Юқорида баён этилган ҳолатлардан шундай хулосага келиш мумкинки, тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг Ғазначиликда рўйхатдан ўтказилмагани, бунинг оқибатида ушбу битим кучга кирмагани ва тузилмагани сабабли ушбу шартнома доирасида жавобгарнинг тўловларни амалга ошириш мажбурияти ҳам юзага келмаган.

Натижада Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан даъво аризасини қаноатлантириш рад қилинди.

Айтиш керакки, Иқтисодий процессуал кодексининг 200-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, ишни кўриш вақтида давлат органи ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир.

Шунга кўра, суд ушбу иш доирасида юқоридаги каби ҳолатларнинг келиб чиқиш сабабларини батафсил ўрганиш мақсадида, Навоий давлат университети масъул ходимлари ва бошқа шахсларга нисбатан хусусий ажрим чиқарди ва Навоий вилояти прокуратурасига юборди.

Хусусий ажрим ижроси юзасидан тақдим этилган маълумотда Навоий давлат университети масъулларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-8-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судига юборилганлиги маълум қилинди.

Ўрни келганда шуни айтиш жоизки, суднинг хусусий ажрим чиқаришдан кўзлаган мақсади — кимнидир жазолаш эмас, балки қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш ва унга келгусида йўл қўймасликни таъминлашдир.

Ҳолбуки, суднинг вазифаси нафақат корхона, муассаса, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, балки қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишдан ҳам иборатдир.

Хўш, судда кўрилган ва юқорида келтириб ўтилган низонинг келиб чиқишига аслида ким айбдор?

Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, масъул мансабдор шахсларнинг қонун талабига эътиборсиз қараши, зиммаларидаги масъулиятни ҳис этмаслиги ушбу низонинг келиб чиқишига сабаб бўлган.

Ушбу мақолада иш ҳолатларини кенгроқ ёритишдан асосий мақсадимиз — даъвогар ёки жавобгарнинг ишчанлик обрўсига путур етказиш эмас, балки кўтарилган ушбу ҳолат бошқаларга ҳам сабоқ бўлади, деган умиддамиз.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш ўринлики, ҳуқуқимиз бузилишининг олдини олиш учун, энг аввало, ҳар биримиз амалдаги қонунларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва унинг талабларига мувофиқ иш юритишимиз лозим. Шунда ортиқча низога ўрин қолмайди.

Тимур Абдраманов,

Навоий вилояти

суди раиси ўринбосари,

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро

иқтисодий суди раиси

#thegov_button_69cda7f5ae51d { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cda7f5ae51d:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cda7f5ae51d { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cda7f5ae51d:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!