Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00
photo_2026-04-06_18-41-59

СУДГА НИСБАТАН ҲУРМАТСИЗЛИК МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛДИ

Маълумки, ҳар қандай ҳуқуқий давлатда фуқаролар ўртасида келиб чиқадиган низолар суд тартибида ҳал қилинади. Яъни тарафлардан бири судга ариза билан мурожаат қилади. Натижада суд томонидан ишни кўриш куни, вақти ва жойи белгиланиб, бу хусусда ажрим чиқарилади.

Буни айтишдан мақсад шуки, даъвогар ва жавобгар ёки уларнинг қонуний вакиллари суд мажлисига келмаслиги ҳам судга, ҳам қонунга нисбатан ҳурматсизлик сифатида баҳоланади.

Афсуски, ҳаётда бундай ҳолатлар учраб туради. Яқинда фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судида судга ҳурматсизлик билан муносабатда бўлган даъвогарларнинг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилди.

Гап шундаки, Чуст туманида яшовчи Алишер Исмоилов (исм-шарифлар ўзгартирилган) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Давлат кадастрлар палатасининг Чуст тумани филиалига нисбатан ўзига тегишли бўлган – Чуст тумани “Зарафшон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 2 та уйда жойлашган нотурар объектларга нисбатан қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектдан фойдаланиш рухсатномаси ҳамда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш мажбуриятини юклашни сўраган. Албатта, суд ажрими билан ушбу даъво аризаси юзасидан фуқаролик иши қўзғатилди.

Дастлабки суд мажлиси 2025 йил 5 август кунига тайинланган. Бироқ жавобгар тараф вакили судга келмагани боис ишни кўриш 2025 йил 12 августга қолдирилган. Бу ҳақида тарафлар тегишли тартибда хабардор қилинган. Лекин жавобгар тараф вакили иккинчи маротаба ҳам судга келмаган. Оқибатда суд мажлиси 2025 йил 19 август кунига тайинланган.

Ўша кунги суд мажлисида Давлат кадастрлар палатаси Чуст тумани филиали мутахассиси Аббос Тошматов иштирок этиши учун берилган ишончнома судга тақдим этилган. Аммо кадастр идораси вакили учинчи марта ҳам суд чақирувига итоатсизлик қилган. Даъвогар эса, ҳар гал судга келиб, суд мажлиси бўлишини кутиб, овораю сарсон бўлиб қайтиб кетаверган.

Шу ўринда иккинчи мисолга эътибор қаратсак, Кадастр агентлиги Наманган вилояти бошқармаси фуқаролар А. Аҳмаджонов, Ҳ. Мамажонов, Ш. Хонхўжаев, А. Убайдуллаев, Н. Эргашовга нисбатан ноқонуний қурилмани ўз ҳисобидан бузиш ва ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонини дастлабки ҳолатига қайтариш мажбуриятини юклашни сўраб, судга даъво аризаси киритган.

Шу боис суд томонидан қонун талабига кўра, фуқаролик иши қўзғатиш ва суд мажлисини тайинлаш, тарафларни суд мажлисининг жойи ва вақти тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилиш юзасидан ажрим чиқарилган. Кадастр агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи томонидан имзоланган тегишли ишончномага биноан, ушбу суд мажлисида Кадастр агентлиги Тўрақўрғон тумани бўлими ходимлари Ж. Маҳмудов ҳамда Н. Бойқўзиев иштирок этиши белгиланган.

Лекин икки ходим ҳам такрор-такрор суд мажлисига келмаган, фақатгина учинчи марта суд мажлисига 2 соатча кеч қолиб келган.

Бу, ўз навбатида, даъвогарларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган.

Айтиш керакки, Фуқаролик процессуал кодексининг 150-моддасига кўра, суд мажлисида тартибни бузган ёки судга бошқача тарзда ҳурматсизлик билдирган шахс суд томонидан маъмурий жавобгарликка тортилади.

Янада аниқроқ айтганда, судга ҳурматсизлик гувоҳ, даъвогар, жавобгар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг судга келишдан қасддан бўйин товлашида ёки ушбу шахслар ҳамда бошқа фуқароларнинг раислик қилувчининг фармойишига бўйсунмаслигида ёхуд суд мажлиси вақтида тартибни бузишида намоён бўлади. Судга ҳурматсизлик кўрсатилганлиги факти аниқланганлиги тўғрисида ушбу ҳуқуқбузарлик содир этилган суд мажлисининг ўзида, алоҳида маслаҳатхонага кирмасдан, судья ё суд таркиби томонидан ҳуқуқбузарга дарҳол эълон қилинади. Мазкур факт суд мажлиси баённомасида қайд этилади. Бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилмайди.

Судга ҳурматсизлик кўрсатилганлиги факти аниқланган шахс, шунингдек, ишда иштирок этувчи бошқа шахслар ўз тушунтиришларини беришга ҳақли бўлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245-4-моддасига асосан, фуқаролик ишлари бўйича судлар фуқаролик ишларининг муҳокамаси чоғида маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаган ҳолларда ушбу кодекснинг 180 ва 181-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади. Кодекснинг 180-моддасига асосан, гувоҳ, жабрланувчи, даъвогар, жавобгар, ишда қатнашувчи бошқа шахсларнинг судга келишдан қасддан бўйин товлашида ёки мазкур шахсларнинг ва бошқа фуқароларнинг раислик қилувчи фармойишига бўйсунмаслигида ёхуд суд мажлиси пайтида тартибни бузишда ўз ифодасини топган судга ҳурматсизлик – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Юқорида қайд этилган ҳуқуқий асосларга кўра, суд Давлат кадастрлар палатасининг Чуст тумани филиали бошлиғи Жавоҳир Абдулҳамидов, филиал мутахассиси Аббос Тошматов ва Кадастр агентлиги Тўрақўрғон туман бўлими ходими Жобирхон Маҳмудовга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида ҳамда Нодиржон Бойқўзиевга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида маъмурий жарима қўллаш хусусида қарор қабул қилди.

Бинобарин, суд мажлисининг тайинланиши, вақти ва жойи бўйича чиқарилган суд ажрими бажарилиши мажбурийдир. Негаки, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 138-моддасида “Суд ҳокимиятининг ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар учун мажбурийдир”, дея қайд этилган. Шундай экан, суд мажлисига келмай ёки унга бошқача тарзда ҳурматсизлик қилиш кечирилмас ҳолатдир. Буни ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак.

Отамурод СИДДИҚОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Чуст туманлараро суди судьяси

photo_2026-03-04_10-13-10

ФИРИБНИНГ ЯНГИ УСУЛИ СУДЛАНУВЧИНИ ТЕМИР ПАНЖАРА ОРТИГА РАВОНА ҚИЛДИ

Қиш фасли тугаб, баҳор ойи бошланган паллада Рамзиддиннинг (исм-шарифлар ўзгартирилди) отаси тўсатдан вафот этди. Бу кутилмаган мусибатдан унинг боши гангиб қолди. Отасининг маъракаларини ўтказишга пул керак.

Қарз кўтариши мумкин бўлган маҳалладошларини кўз ўнгидан ўтказаркан, Бахтишодга келганида тўхтади. Минг бир истиҳола билан унга қўнғироқ қилди ва муддаосини айтди. Бахтишод йўқ демади, маҳалладаги ошхонада учрашиб, келишиб оладиган бўлишди.

Ошхонада эса Элёр деган йигит билан танишиб қолади. У дабдурустдан суҳбатга аралашади:

— Мен банкда ишлайман. Онлайн кредит олиб беришим мумкин.

Янги танишининг таклифи Р. Абдусатторовга маъқул тушади. Элёр эса, вақтни ўтказмайди, ўзининг қўл телефонида уни суратга олади.

Кейин улар Р. Абдусатторовнинг уйига келиб, фуқаролик паспортини ҳам расмга туширади. Элёр бу орада “Сиз опен бюджетга овоз бериб юборинг” дея Бахтишодни ҳам суратга туширади. Бахтишоднинг фуқаролик паспорти ёнида экан, уни ҳам суратга тушириб олади.

Орадан уч-тўрт ойлар ўтгач, Р. Абдусатторов ўзининг номига кредит маблағи ажратилганлигини эшитади. Аммо Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида 1997 йилда туғилган Э. Дониёров ҳеч қандай банк муассасаси ходими эмас экан. Атиги ўрта маълумотли, иш жойининг тайини йўқ, оилали, икки нафар вояга етмаган фарзанднинг отаси бўлган бу кимса енгил йўл билан пул топишни ўзига касб қилиб олган фирибгар бўлиб чиқди.

Айтиш керакки, онлайн кредит олишнинг аниқ тартиблари бор. Жумладан, кредит маблағи доимий иш жойига эга, ойлик иш ҳақи мавжуд фуқароларгагина ажратилади. Р. Абдусатторов эса, доимий иш жойига эга эмас.

Шундай бўлса-да, Э. Дониёров ахборот тизимидан ва ахборот технологияларидан фойдаланиб, уни “Shodiyona Yasina Islombek” масъулияти чекланган жамият ходими сифатида кўрсатган. Унинг номига 2024 йил 15 мартда “AVO BANK” акциядорлик жамиятидан 3 миллион 700 минг сўм, шу куни “Yangi Finance” микромолия ташкилотидан 1 миллион 500 минг сўм, 2024 йил 16 мартда “Агробанк”нинг Поп тумани филиалидан 31 миллион 900 минг сўм, эртасига, яъни 17 мартда “Invest Finance Bank” акциядорлик жамиятидан 21 миллион сўм, 2024 йил 5 апрелда “Агробанк”нинг Поп тумани филиалидан яна 9 миллион 700 сўм, жами 67,8 миллион сўм миқдоридаги маблағни кредит сифатида қўлга киритган.

Кейинчалик бу маблағнинг 20 миллион сўмини Р. Абдусатторовнинг пластик картасига ўтказган, дастлабки ойлик тўловлар учун 5 миллион 200 минг сўм миқдоридаги пулларни ҳам тўлов қилган. Қолган маблағни ўзининг шахсий манфаатларига сарфлаб юборган.

Бу фирибгар кимса Бахтишод Мардиқуловни ҳам худди Р. Абдусатторов сингари ушбу масъулияти чекланган жамият ходими сифатида кўрсатади.

Сўнгра унинг номига “INVEST FINANCE BANK” акциядорлик жамиятидан 2024 йил 17 мартда 21 миллион сўм, “AVO BANK” акциядорлик жамиятидан 2024 йил 15 мартда 3 миллион 700 минг сўм, жами 24,7 миллион сўм миқдоридаги маблағни кредит сифатида олади. 10 миллион сўмини Б. Мардиқуловга етказиш учун унинг таниши Бекзоднинг пластик картасига кўчириб беради, қолганини ўз манфаатига сарфлайди.

Судланувчи такроран содир этган жиноят тафсилотлари бир хил. Гап шундаки, Э. Дониёров Н. Мамажонов ва Р. Аннақулов билан ҳам жиноий тил бириктирган. Уларнинг номига онлайн кредит чиқариб, пулнинг бир қисмини беришга ва қолган асосий қисмини ўзига ишлатишга келишган.

Турли банк муассасаларидан Н. Мамажонов номига тўрт йил давомида 38 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан 50 миллион сўм, Р. Аннақулов номига 63,3 миллион сўм миқдоридаги маблағни кредит сифатида олган.

Суд амалиётидан маълумки, ҳар қандай жиноят ўз-ўзидан содир этилмайди, бунинг учун шароит, имконият юзага келиши керак. Агар мазкур жиноят иши бўйича бу ҳолатларга аниқлик киритадиган бўлсак, номи тилга олинган фуқаролар, аслида, ҳеч қаерда ишламаса-да, “Shodiyona Yasina Islombek” масъулияти чекланган жамият ходими сифатида кўрсатилишида ушбу жамият ходими “Камола” исмли шахснинг қўли бўлган. “Камола” иш ҳақи тўғрисидаги сохта маълумотларни тайёрлаб берган. Аммо терговда унинг шахсини аниқлаш имкони бўлмаган.

Суд судланувчи Э. Дониёровни такроран, бир гуруҳ шахслар томонидан аввалдан жиноий тил бириктириб, ўзганинг анча миқдордаги мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ахборот тизимидан ва ахборот технологияларидан фойдаланиб талон-торож қилишда ифодаланган жиноий ҳаракатларини Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б”, “г” бандлари билан малакалади. Унга етти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Суд ҳукмида судланувчидан “Даврбанк”нинг Наманган вилояти филиали фойдасига 50 миллион сўм, “Инфинбанк”нинг Наманган вилояти филиали фойдасига 60 миллион сўм, “Агробанк”нинг Наманган вилояти филиали фойдасига 51 миллион 300 минг сўм, “AVO BANK” акциядорлик жамияти фойдасига 7 миллион 400 сўм, “YANGI FINANCE” микромолия ташкилоти фойдасига 1 миллион 500 минг сўм жиноят оқибатидан етказилган зарарлар ундирилиши белгиланди.

Гувоҳи бўлганингиздек, судланувчининг фириби аввало ўзининг оёғига тушов бўлди. Энди у оиласи, фарзандларидан олисда кун санаб, суд томонидан тайинланган жазони ўташга мажбур. Жиноят содир қилишнинг оқибати бундан бошқача тугаши ҳам мумкин эмас.

Шуҳрат ХУДОЁРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Наманган шаҳар суди судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

 

photo_2025-09-02_16-47-27

ЎЗБЕКИСТОН ОЛИЙ СУДИНИНГ БИРИНЧИ РАИСИ ВА УНИНГ АЯНЧЛИ ҚИСМАТИ

Саъдулла Қосимов ёхуд «Қосимовчилар иши»

Сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган шиддатли ва қамровдор ислоҳотлар суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди.

Шу билан бирга “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш — суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.

Судлар фаолияти, аввало, инсон тақдирига, барча соҳалар тартиби ва тараққиётига дахлдор масаладир. Шунинг учун ҳам, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида қисқа фурсатларда эришилган беқиёс янгиликлардан ҳақли равишда фахр-ифтихор ҳиссини туйиш баробарида, тизимнинг яқин ўтмишдаги аҳволи билан боғлиқ тарихни ҳам синчиклаб ўрганиш тақозо этилади.

Ушбу мақолада Ўзбекистон Олий судининг биринчи раиси Саъдулла Қосимовнинг аянчли қисмати билан боғлиқ воқеалар хусусида архив ҳужжатлари асосида мухтасар сўз юритишни лозим топдик.

Саъдулла Қосимов 1901 йил Тошкент шаҳрида дунёга келган. 1909 йилдан — машҳур муаллим Эшонхўжа Хонийнинг янги усулдаги “Хония” бошланғич мактабида, 1916 йилгача таниқли маърифатпарвар Мунавварқори Абдурашидхоновнинг “Намуна” мактабида ва айни пайтда рус-тузем мактабида ўқиб, замонавий фанларни ҳам ўзлаштирган. 1918-1920 йилларда “Ўзбек педагогика билим юрти”да таҳсил олган.

У 1919 йил декабрь ойигача ўқитувчи бўлиб, 1919 йил апрель ойида Мунавварқорининг тавсияси билан большевиклар фирқасига кирган. Сўнг Туркфронт сиёсий бўлимига сафарбар этилиб, 1919 йил охиригача Туркфронтнинг мактаб ишлари бўйича инструктори бўлиб ишлаган. 1920-1921 йиллар ҳарбий хизматда бўлган. Ҳарбий хизматдан қайтгач, 1922 йили Эски шаҳар ижроия қўмитасида маориф бўлими раисининг ўринбосари вазифасида ишлаган.

Саъдулла Қосимов 1923 йилда суд бошқарув тизимида ислоҳотлар ўтказиш даврида кекса тажрибали қозилар билан бирга тергов-тафтиш ишларини олиб боради. У ислом ҳуқуқи ва замонавий ҳуқуқ тизимини чуқур таҳлил асосида ўрганади. Бу эса, унинг кейинги фаолиятида катта мактаб бўлди.

Саъдулла Қосимов 1923 йилдан Тошкент вилоят суди аъзоси, 1924 йил декабрь ойидан вилоят суди раиси ўринбосари ва 1925 йил мартдан Тошкент вилояти суди раиси лавозимида фаолият юритган. У 25 ёшида, яъни 1925 йил декабрдан ЎзССР Олий суди раиси вазифасида иш бошлаган.

Саъдулла Қосимов ўта ғайратли инсон, ҳуқуқшунос сифатида ҳақиқий истеъдод соҳиби эди. 1925-29 йиллар ЎзССР Олий суди раиси сифатида ҳали Самарқандда, ҳали Андижонда, ҳали Қашқадарёда, ҳали Бухорода бўлар, ҳар бир ишни диққат билан ўрганиб, адолатли ва холис ечимга келар эди.

1929 йил бошларида Саъдулла Қосимовнинг устидан миллатчилик ва порахўрликда айблаб, шикоят тушган деган баҳона билан Марказ унинг меҳнат фаолияти юзасидан текшириш ўтказади. Шу мақсадда Москвадан ОГПУ ходимлари Растопчин, Корнилов ва маҳаллий вакил Аҳмадбек Мавлонбековдан иборат комиссия тузилади. Комиссия 1929 йил 3 март куни С. Қосимовни ўз вазифасидан расман озод қилиб, қамоққа олади.

Уч ой давом этган текшириш ва терговда бирорта айблов ўз исботини топмайди. Натижада Саъдулла Қосимов озодликка чиқиб, ҳатто ўз ишига тикланишга эришади. Аммо комиссия Москвага бориши билан танқидга учрайди. Улар учун ҳақиқат эмас, ҳар қандай ҳолда ўзининг сиёсатига қарши чиққан С. Қосимов маҳв этилиши керак эди…

С. Қосимов ўша кунларни кейинроқ терговда қуйидагича эслайди: озодликка чиққанимдан хурсанд бўлиб, Тошкентга бордим. Мени кўргани дўстим, Германияда олий маълумот олиб қайтган агроном Абдуваҳоб Муродий келди. Биз устозимиз Усмонхўжа Тўхтахўжаев билан учрашишни хоҳладик ва Усмонхўжа домла билан эртасига соат 10.00 да Революция сквери (ҳозирги Амир Темур хиёбони)да учрашишга келишдик. Муродий мен билан уйимда қолди. Эртаси келишилган жойга бориб, у кишини кута бошладик. Аммо у киши келмади. Ғани Мусахонов келиб, у кишини қамашмоқчи эканлигини ва туман партия қўмитасидан одам келиб, уни ишдан олганини айтиб кетибди. Шунга, келса, сизларга ҳам ёмонлиги тегиши мумкинлиги учун келмаслигини айтиб юборди, деди. Биз ташвишландик. Муродий ана энди қама-қама бошланади, деб алам устида ўзининг тажриба станциясига йўл олди. Мен эски шаҳарга, устозимнинг уйига йўл олдим. У киши эса, меникига йўлга чиққан экан. Биз трамвайда, йўлда учрашдик. Нимагадир аҳволимизни кўриб, кўзимга ёш келди. У киши ҳам ўзини босолмай йиғлаб юборди. Атрофдаги одамларнинг эътиборини тортмаслик учун Тарновбошидаги масжидга кирдик. Муродийнинг айтгани бўлди. Икки кун ўтиб, Усмонхўжа Тўхтахўжаев қамоққа олинди. Кейин ҳаммани қайтадан қамашга киришдилар. Мени ҳам олиб келишди, дейди.

Шу тариқа қийноқ ва таҳқирли терговлар яна бошланади.

1930 йил март куни С. Қосимов айблов баённомаси СССР Олий суди прокуратурасининг муҳим ишлар бўйича терговчиси томонидан тузилади.

Самарқандда очилган суд иши 1930 йил 25 мартдан 21 июнгача бўлиб ўтади. Уч ой давом этган бу суд инсоният тарихидаги энг манфур саҳна суди бўлди. Давлат қораловчиси Р. Катаняннинг ҳиссиётга тўла нутқларида ҳуқуқшуносликка оид лотинча терминлар қанчалик кўп бўлса, ҳақиқатдан, адолатдан, энг оддий инсонийликдан заррача нишон йўқ эди.

Суд залида С. Қосимовни атайлаб таҳқирловчи сўзлар билан кесатишлар бўлди. У ҳақидаги мақолаларда С. Қосимовни шўролар мамлакатини ағдариб ташловчи кучга эга ҳақиқий халқ душмани деб айюҳаннос солдилар. Аммо Саъдулла Қосимов асло ўзини йўқотиб қўймади. Тиз чўкмади. Минг марта талаб қилишса ҳам бирон марта ҳеч кимдан кечирим сўрамади.

Каруский суд залида “мана ўзини худди миллий қаҳрамон, бургут қилиб тутаяпти, ҳеч нарса демайди”, деди. Шунда С. Қосимов тилга кириб, «уйимни тинтув қилишганида ҳамма қоғозларимни олиб кетишган эди. Қолганларини ҳам кўзимнинг олдида ёқиб ташладилар. Бугун менинг номимга айтилаётган бўҳтон ва ёлғонларни ҳужжатларимсиз қандай қилиб исботлайман?! Тўғри, судда менга қанча бўҳтон айтишса ҳам, индамадим. Хўш, нимани гапираман? Кимгадир мен ҳам туҳмат қилайинми? Виждонсиз яшагандан, мен учун пок виждон билан ўлиш афзал-ку!», дейди.

Суд номигагина очиқ, унга керакли одамлар киритилмаган бўлса-да, С. Қосимов ўзини дадил ҳимоя қилади. Ҳар замонда ёзма саволлар билан суд жараёнининг тубан аҳволини фош қилиб туради. С. Қосимов ва Р. Катаняннинг қуйидаги савол-жавоби ҳам шўро судининг асл башарасини айнан ифодалайди.

С. Қосимов: “Агар мен аксилинқилобчи бўлсам, буни менга исбот қилиб беринглар!” деса, қораловчи “Сиз ўз хатти-ҳаракатларингизнинг оқибатлари қандай бўлишини олдиндан кўргансиз, сиз ўз фаолиятингиз билан совет ҳокимиятининг обрўйига путур етказаётганингизни олдиндан билгансиз. Шунинг ўзи бизга кифоя!”, деб ўшқиради…

Саъдулла Қосимов шаънига қарши 1930 йил 25 мартдан бошланган матбуотдаги “шовқин” уч йилгача тиним билмайди. Шўро матбуотида “Қосимовчилар иши” жараёнининг тайёрланиши ва амалга оширилиши бўйича, гўёки мусобақа ташкил этилади. Биргина “Қизил Ўзбекистон” газетасида 1930 йил апрель-сентябрь ойларида суд жараёни ҳақида 75 та мақола босилгани шундан далолатдир.

Судга раислик қилган СССР Олий суди судьяси Южин Васильев Саъдулла Қосимовни қоралар экан, асосий айблов сифатида у Андижонда бир эл оқсоқоли бўлган бойнинг ишини кўрганида бойга енгил жазо бергани, Убайдулла Хўжаевнинг яқин дўсти эканлиги, бир неча судда унга оқловчилик вазифасини топширганлиги, шунингдек, қайнотаси савдогар бўлгани, Эшонхўжа Хоний қози бўлганида унга ҳурмат кўрсатгани каби важларни келтиради.

1931 йил 21 июнь куни Саъдулла Қосимов, Бадриддин Шарипов, Насриддин Олимов, Вячеслав Спиридонов олий жазога ҳукм қилинди.

Бу воқеадан сўнг миллий зиёлилар ҳам даҳшатга тушдилар. Улар энди ГПУ хоҳлаган айбини ўйлаб топиб, хоҳлаган инсонни йўқ қилиб ташлайди.

Яхшиси, таълимни қўйиб, энг қора ишларга кирамиз. Шу йўл билангина жонимизни сақлаб қолишимиз мумкин экан, деган хулосага келадилар.

Хуллас, замонлар ўтди, қанча сувлар оқиб кетди. Ниҳоят, адолат қарор топди: 2024 йил 6 май куни Олий суд томонидан реабилитация қилиниб, оқланган 198 нафар қатағон қурбони рўйхатида Саъдулла Қосимов ҳам бор.

Суд мажлисида С. Қосимовнинг набираси Ф. Саъдуллаев томонидан юқоридаги ҳукм устидан берилган кассация шикояти ҳам кўриб чиқилди.

Натижада С. Қосимов ва бошқаларга нисбатан чиқарилган айблов ҳукми бекор қилиниб, уларнинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги ҳамда жиноий ҳодиса юз бермагани сабабли “Қосимовчилар”нинг барчаси айбсиз деб топилди ва оқланди.

Баҳром Ирзаев,

тарих фанлари бўйича

фалсафа доктори

photo_2025-10-15_09-32-22

РАҚАМЛИ СУД – АДОЛАТНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДАГИ МУҲИМ ҚАДАМ

Бугунги кунда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар изчил ва аниқ мақсадлар йўлида амалга оширилмоқда. Жорий йил 21 августда Президентимиз томонидан имзоланган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон ушбу жараёнларни янги босқичга кўтарди.

Мазкур Фармон асосида қабул қилинган “Рақамли суд” концепцияси мамлакатимиз суд тизимини рақамлаштириш, самарадорлигини ошириш ва одил судловни таъминлашга йўналтирилган муҳим қадам ҳисобланади.

Энди суд ишлари қоғозсиз ва тўлиқ электрон шаклда юритилади.

Бу, ўз навбатида, судда ишларни тезкор ва шаффоф тарзда кўриб чиқиш имконини беради. Сунъий интеллект технологиялари ёрдамида суд харажатлари ва суд муҳокамасининг эҳтимолий натижаси олдиндан таҳлил қилиниб, суд мажлисларида масофавий иштирок этиш имкониятлари ҳам кенгайтирилади.

Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун судларга мурожаат қилиш, ҳужжатлар юбориш, иш материаллари билан онлайн танишиш ва ҳатто баённомаларни реал вақтда автоматик тайёрлаш каби хизматлар рақамли форматга ўтказилмоқда.

Бундан ташқари “my.sud.uz” интерактив платформаси орқали ҳуқуқий маслаҳатлар, виртуал маслаҳатчи ва бош­қа инновацион хизматлар жорий этилади. Бундай янгилик жамоатчилик учун суд жараёнларини янада очиқ ва тушунарли қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Суд тизимини замонавий техник база билан таъминлаш ва судьялар ҳамда суд ходимларининг рақамли саводхонлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам Фармонда алоҳида қайд этилган.

Шунингдек, “Кибер ҳуқуқ” соҳасидаги илмий тадқиқотлар кенг йўлга қўйилади. Суд биноларини қуриш ва таъмирлаш ишлари, “Рақамли суд” талабларига мос суд залларини яратиш 2025–2030 йилларда босқичма-босқич амалга оширилади. Бу борада Тошкентда бошланган тажрибавий лойиҳа 2026–2027 йилларда бутун мамлакат бўйлаб кенгайтирилади.

Шундай қилиб, “Рақамли суд” тизимини жорий этиш нафақат судлар фаолиятида самарадорлик ва шаффофликни оширади, балки инсон хатоларини камайтиради, адолатни таъминлашда замонавий технологияларнинг ўрнини мустаҳкамлайди. Бу, шубҳасиз, ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар тарихида том маънода янги ва муҳим саҳифа очилди, деганидир.

Бинобарин, Президентимизнинг Фармонига кўра, амалга оширилаётган мазкур ислоҳотлар — одил судловни рақамли замон талаби даражасида янада такомиллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкам ҳимоя қилиш, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга хизмат қиладиган муҳим дастурдир.

Акрам Шукуров,

Жиззах вилояти

суди раиси

photo_2025-08-27_21-24-41

ВАТАН УЧУН, МИЛЛАТ УЧУН, ХАЛҚ УЧУН!

Бугун Олий судда мамлакатимиз Мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Олий суд раиси Б. Исломов, Судьялар олий кенгаши раиси Х. Ёдгоров ва Судьялар ассоциацияси раиси У. Мингбоев судья ва суд ходимларини самимий қутлар экан, Мустақиллик байрамининг шонли 34 йиллиги арафасида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғоя халқимизнинг юксак кўтаринки кайфиятини яққол ифодалаётгани, юртдошларимизнинг эртанги кунга ишончи тобора мустаҳкамланаётганини алоҳида таъкидладилар.

Қайд этилганидек, истиқлол йилларида юртимизда янги ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлида улкан ишлар бажарилди. Замонавий давлатчилик асослари, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари шаклланди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб миллий давлатчилигимизни шакллантириш, ижтимоий адолат, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашдек эзгу мақсадларга эришиш йўлида жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилди.

Бугунги кунда суд ҳокимияти билан боғлиқ ташаббусларнинг асосий жиҳатлари суд ҳокимияти ва судьялар мустақиллиги кафолатларига, судлар фаолияти ва суд тизимига ҳамда судьялар корпусини шакллантиришга қаратилган бўлиб, унинг негизида “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимига эришиш истаги мужассамдир.

Таъкидланганидек, Президент Ш. Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтиришда одил судлов алоҳида ўрин тутишини эътиборга олган ҳолда, сўнгги саккиз йилда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга қаратилган кенг кўламли ҳуқуқий-ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, 2017 – 2025 йилларда Олий суд томонидан 280 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилиб, суд тизимига оид 65 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Улар асосида суд тизими тубдан такомиллаштирилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 21 август куни имзоланган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ҳамда “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг изчил давоми сифатида судлар учун тарихий ҳужжат бўлиб киргани мамнуният билан эътироф этилди.

Муболағасиз, мазкур фармонлар судлар фаолиятини рақамлаштириш, судья ва суд ходимларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек одил судловни амалга ошириш тизимини янги босқичга олиб чиқишда истиқболли дастур бўлади.

Ушбу ҳужжатлардан кўзланган асосий мақсад – судлар фаолиятига замонавий технологиялар, хусусан сунъий интеллектни кенгроқ жорий этиш, суд тизими учун юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт узвийлигини таъминлаш орқали профессионал судьялар корпусини шакллантириш, шунингдек, одил судлов самарадорлигини ошириш, фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш каби ислоҳотлар назарда тутилган.

Шунинг баробарида судьялар мустақиллиги, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш йўлида ҳам муҳим ишлар олиб борилмоқда. Буни ҳар бир судья ва суд ходими ўз фаолиятида аниқ ҳис этиб турибди.

Судья ва суд ходимларининг масъулиятли фаолияти давлатимиз томонидан доимо юксак қадрланиб келинмоқда. Давлатимиз томонидан мустақиллик йилларида ўз касбига муносиб бўлган 70 га яқин судья ва суд ходимларининг давлат мукофотларига сазовор бўлгани ҳам бу фикрнинг амалий тасдиғидир.

Президент томонидан Мустақиллик байрами муносабати билан фидокорона хизмат қилаётган бир гуруҳ судьяларнинг давлат мукофотига муносиб деб топилгани суд тизимига бўлган ишончнинг яққол тимсоли, десак хато бўлмайди.

Хусусан, Олий суд судьяси Ибрагим Таджиев – “Содиқ хизматлари учун” медали ҳамда Андижон туманлараро иқтисодий судининг раиси Сардорбек Рустамов ва Навоий вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Рохила Худойбердиева – “Шуҳрат” медалига сазовор бўлиб, уларга давлат мукофотлари тантанали равишда топширилди.

Бугунги байрам тадбирида бир гуруҳ суд фахрийлари, судья ва ходимлар, бошқа идора вакиллари Олий суд раисининг Фармойиши билан таъсис этилган “Бенуқсон хизмати учун” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шунингдек, бир гуруҳ судья ва суд ходимларига фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Тадбир доирасида бир гуруҳ судья ва суд фахрийлари Судьялар олий кенгаши томонидан ҳам мукофотланди.

photo_2025-10-07_15-13-11

СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ИМКОНИЯТЛАРИДАН ЭНДИ СУДЛАР ҲАМ ФОЙДАЛАНАДИ

Бугунги кунда сунъий интеллект кундалик ҳаётимизга тобора кенгроқ кириб келмоқда. Чунки у беқиёс имкониятларга эга. Президентимизнинг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳам фикримиз далилидир.

Мазкур ҳужжат асосида судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришнинг устувор мақсадлари белгиланди.

Хўш, бу нималардан иборат?

Аввало, суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида, “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларнинг юритилиши босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказилади. Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини ошириб бориш, суд ҳужжатларидан нусха олиш, суд ишлари билан танишиш, аризанинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилигини аниқлаш, сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имкониятини яратиш, шунингдек, суд томонидан тақиқланган манба ва контентларнинг электрон реестри юритилади.

Шулар билан биргаликда, Олий суднинг ахборот тизимлари негизида суд ҳужжатлари архиви модули ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилади.

Судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича “Кибер ҳуқуқ” йўналишида илмий тадқиқотлар ўтказилади. Бунинг учун эса, судьялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакаси доимий равишда ошириб борилади. Қолаверса, “Рақамли суд” концепцияси асосида босқичма-босқич суд мажлиси заллари ташкил этилади ҳамда аҳоли ва судьялар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратилади. Шу билан бирга, судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилади.

Таъкидлаш лозимки, “Рақамли суд” концепцияси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш ҳамда суд ишларини кўришни соддалаштириш мақсадида амалга оширилади. Бунда судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлар рўйхати шакллантирилади. Мурожаатлар судга электрон шаклда юборилади. Энг муҳими, ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмайди ва суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этади.

Бундан ташқари тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади. Суд харажатлари электрон шаклда ҳисобланади ва тўланади, шунингдек, ижро варақалари автоматик равишда ижрога юборилади. Суд ишлари замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритилади. Сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланиб, суд ҳужжатлари лойиҳалари автоматик шакллантирилади.

Фармоннинг яна бир эътиборли жиҳати, 2025-2027 йилларга мўлжалланган суд соҳасини рақамлаштириш ва одил судлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш дастури тасдиқланганидир. Дастур доирасида 2025 йил 1 декабрдан бошлаб, фуқаролар, адвокатлар, юристлар, судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформаси ишга туширилади. Йил якунига қадар эса, суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш махсус ахборот дастури яратилади. 2026 йил 1 январдан бошлаб, “my.sud.uz” интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модули жорий этилиб, бунда сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчи яратилади. Ҳуқуқий мурожаатларга жавоб бериш ҳамда суд маълумотлари автоматик тарзда етказилади.

Яна бир гап. 2026 йил 1 мартдан бошлаб, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имконияти яратилади. Қолаверса, 2026 йил якунига қадар фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида, 5 та янги интерактив хизматлар йўлга қўйилади. Суднинг ахборот тизимидаги “Шахсий кабинет” платформасининг фойдаланувчилар учун янада қулай бўлган янги версиясини ишлаб чиқиш ҳам шулар жумласидандир.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, юқорида қайд этилган Фармоннинг қабул қилиниши “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойилининг амалдаги ифодасидир. Зеро, тизимдаги ислоҳотларнинг бош мақсади — фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришдан иборатдир.

Нодиржон КИМСАНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Косонсой тумани суди

тергов судьяси

photo_2025-09-22_16-53-58

РАҚАМЛАШТИРИЛАЁТГАН СУД ТИЗИМИ: АДОЛАТ САРИ ИШОНЧЛИ ҚАДАМЛАР

Президентимиз ташаббуси ва раҳбарлигида мамлакатимизда судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича тизимли ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бу, ўз навбатида, инсон омилини кескин камайтириш орқали одил судловни таъминлаш сари ниҳоятда муҳим қадамлар қўйилаётганидан далолат беради.

Кейинги йилларда суд интерактив хизматларидан шахсий алоқа воситалари орқали ва суд биноларида мустақил фойдаланиш имконияти яратилди. Судларда электрон навбат тизими ишга туширилди. Суд мажлислари ҳақида онлайн тарзда хабардор бўлиш хизматидан ҳам фуқаролар кенг фойдаланмоқда.

Олий суднинг Интерактив хизматлар портали орқали давлат божлари ва суд харажатларини электрон тизим орқали тўлаш имконияти яратилди.

Суд мажлиси иштирокчиларига суд муҳокамалари ва унинг натижалари ҳақидаги маълумотлар «SMS» хабар орқали юборилиши йўлга қўйилди.

Аҳоли томонидан барча тоифадаги ишлар бўйича судларга дастлабки мурожаатларни ҳамда юқори инстанция судларига бўладиган шикоятларни электрон тарзда юбориш таъминланмоқда. Айни вақтда ишни судда кў­риб чиқиш босқичлари ва натижалари ҳақида маълумотларни онлайн билиб бориш имконияти мавжуд.

Президентимиз 2025 йил 21 августда имзолаган тарихий ҳужжат соҳадаги тизимли ислоҳотларнинг янги ва янада юксак босқичини бошлаб берди. Бу ўринда давлатимиз раҳбарининг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳақида сўз бормоқда.

Шу асосда судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга қаратилган “Рақамли суд” концепцияси тасдиқланди. Эндиликда судга ариза беришдан аввал сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлар шакллантирилади.

Шунингдек, мурожаатлар судга фақат электрон шаклда юборилади, ишда иштирок этувчи шахслар суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этади. Тарафлар ва ишда иштирок этувчи шахсларга ишга доир материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади. Суд харажатлари электрон шаклда ҳисобланади ва ижрога қаратилади.

Мазкур концепция коррупциянинг олдини олиш, фуқаролар ва тадбиркорларга оворагарчиликсиз одил судловга эришиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.

Бундан ташқари 2025-2027 йилларга мўлжалланган суд соҳасини рақамлаштириш ва одил судлов жараёнларида замонавий ахборот технологияларини жорий этиш дастури билан фуқаролар, адвокатлар, юристлар, судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформасини ишга тушириш белгиланмоқда. Қолаверса, суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш махсус ахборот дастури ҳамда “mу.sud.uz” интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модулини яратиш кўзда тутилмоқда.

Рақамли ҳукумат билан тўлиқ интеграция йўлга қўйилгач, судда кўрилаётган ҳар қандай низо бўйича маълумотларни реал вақт режимида электрон олиш имконияти туғилади.

Бу билан ишларни судда кўриш муддатлари кескин камаяди. Судга мурожаат қилган шахсларга кенг қулайликлар яратилиб, ортиқча қоғозбозликка чек қўйилади.

Шунингдек, Президент Фармонига кўра, фуқаролик ва иқтисодий судлардаги низосиз ишларни тегишли ташкилотларга ўтказиш орқали судлар иш юкламаси енгиллаштирилади. Яъни бу тоифадаги низолар нотариуслар ваколатига ўтказилади, келгусида низо келиб чиқса, уларни суд тартибида кўриб чиқиш мумкин бўлади.

Бу, ўз навбатида, мураккаб ишларни вақтида, сифатли ва адолатли кўриш имконини беради.

Иқтисодий судлар тузилмасининг мақбуллаштирилиши натижасида эса, вилоят марказларида иқтисодий судлар ташкил қилинади. Ўз навбатида, суд ишларини кўришда ягона амалиёт шаклланиши орқали, тадбиркорлик субъектларини сифатли одил судлов билан таъминлашга шароит яратилади.

Шунингдек, ислоҳотлар жараёнида судьялар ва суд ходимларининг мавқеини ошириш, уларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминлаш, судларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни пайтда янги ташкил этилган судлар учун биноларнинг етишмаслиги ҳолати мавжуд эди.

Биноларнинг аксарияти суд учун мўлжаллаб қурилмаган, яъни кўпчилик суд бинолари бошқа давлат идораларидан судларга фойдаланиш учун топширилган. Шунинг учун ҳозирги давр талабига мос келмай қолган.

Президентимиз томонидан қабул қилинган ушбу Фармон суд тизимининг моддий-техник базасини янада кучайтиришга қаратилган бўлиб, унга асосан, 2025–2030 йилларга мўлжалланган Манзилли дастур тасдиқланади ва барча фойдаланишга яроқсиз, маънан эскирган ёки суд учун мўлжаллаб қурилмаган суд бинолари ўрнига янги замонавий суд бинолари барпо этилиб, замонавий техника воситалари билан жиҳозланади.

Янги суд биноларини қуришда ва мавжудларини мукаммал таъмирлашда “Рақамли суд” концепцияси асосида суд мажлиси залларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ва судья­лар учун қулай, замонавий шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, илғор хорижий мамлакатлар тажрибаларини ўрганиш асосида судда иштирок этувчи барча шахслар учун қулай бўлган намунавий лойиҳалар ишлаб чиқилади.

Намунавий лойиҳаларда бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, фуқароларни қабул қилиш хоналари, кутиш заллари, видеоконференцалоқа тизими орқали суд процессларини онлайн тарзда кузатиш хонаси, адвокат ва прокурор хоналари, она ва бола хонаси, тиббиёт хонаси, судья ва суд ходимларига алоҳида хоналар, маслаҳат хонаси, судга ташриф буюрувчилар учун алоҳида автотранспорт воситаларига тўхташ жойлари ва бошқа омиллар эътиборга олинади.

Бир сўз билан айтганда, Фармонда суд тизимининг моддий-техника базасини янада такомиллаштиришга қаратилган муҳим вазифалар назарда тутилган бўлиб, мазкур чора-тадбирларнинг сифатли бажарилиши судларнинг замонавий қиёфасини шакллантиришда, аҳолининг суд ҳокимиятига ишончини мустаҳкамлашда ва одил судловнинг самарали амалга оширилишида муҳим аҳамият касб этади.

Йигитали Тошев,

Судлар фаолиятини таъминлаш

департаменти директори ўринбосари

photo_2025-09-02_15-46-07

ОДИЛ СУДЛОВГА ЭРИШИШ КАФОЛАТЛАРИ КУЧАЙТИРИЛМОҚДА

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, юртдошларимиз ва тадбиркорларга янада қулай шароит яратиш мақсадида судлар фаолияти билан боғлиқ янги ҳуқуқий ҳужжатларни ҳаётга татбиқ этишга киришилди. Бу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қабул қилинган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ҳамда «Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари ҳақида сўз бормоқда.

Бу ҳақда сўз юртишдан олдин мамлакатимиз суд тизимида сўнгги 8 йилда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганлигини таъкидлаш лозим.

Жумладан:

– судлар жазоловчи органдан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи тизимга айлантирилди;

– фуқаролар ва тадбиркорларнинг давлат органлари ва мансабдор шахслари томонидан бузилган ҳуқуқларини тиклашга қаратилган маъмурий судлар ташкил этилди;

– маиший зўравонликнинг олдини олишга қаратилган самарали механизмлар жорий этилди;

– оилавий масалаларга ихтисослаштирилган судьялар корпуси яратилди;

– инвестициявий низолар бўйича алоҳида судлов таркиби ташкил этилди, йирик инвестициявий низолар тўғридан-тўғри Олий судда кўрилиши имконияти яратилди.

Бундай салмоқли натижаларни яна кўплаб санаш мумкин. Муҳими, тизимдаги шиддатли ислоҳотларнинг бу каби ёрқин самараларини нафақат юртимиз фуқаролари ва миллий мутахассислар юқори баҳоламоқда, балки хорижий экспертлар ҳам эътироф этиб турибди.

Айни чоғда, бугунги кунда судларга ҳар доимгидан ҳам юксак талаблар қўйилмоқда. Булар қаторида одил судловнинг очиқлиги ва шаффофлиги, халқчиллигини таъминлаш, суд мажлисларининг тарбиявий-профилактик аҳамиятини таъминлаш каби муҳим талабларни алоҳида таъкидлаш мақсадга мувофиқдир.

Давлатимиз раҳбари ҳузурида бўлиб ўтган тақдимотда суд тизимини ислоҳ этишга қаратилган 6 та асосий йўналишдаги ислоҳотлар ва уларни амалга ошириш механизмлари таништирилгани бежиз эмас.

Хусусан, биринчи масала – Судлар фаолиятига “Рақамли суд” концепцияси ва сунъий интеллектни жорий этиш лойиҳасини олайлик.

Маълумки, коррупциянинг олдини олиш, фуқаролар ва тадбиркорларга “контактсиз суд” тамойили асосида одил судловга ҳеч бир тўсиқ ва сарсонгарчиликсиз эришишнинг бирдан-бир йўли – суд соҳасини рақамлаштиришдир. Шу маънода, Ўзбекистон Президентининг топшириқларига асосан судлар фаолиятини рақамлаштириш борасида Хитой, Жанубий Корея, Япония ва Қатар каби давлатлар тажрибаси ўрганилиб, шунингдек, миллий ўзига хос жиҳатларимиздан келиб чиқиб, “Рақамли суд” концепцияси ишлаб чиқилди.

Иккинчи масала – фуқаролик ва иқтисодий судларнинг иш юритувидаги низосиз ишларни тегишли органлар ваколатига ўтказиш йўли билан судларнинг иш юкламасини камайтириш.

Бугун Ўзбекистонда беш йўналишдаги судлар: жиноят, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ва ҳарбий судлар фаолият юритиб, 2024 йилда ушбу судларда кўрилган жами 3 миллиондан ортиқ ишнинг ярми, яъни қарийб 1,5 миллионтаси фуқаролик судлари, 450 мингга яқин иш эса, иқтисодий судлар томонидан кўрилган.

Бу – бир нафар судьяга бир ойда ўртача 400 та, айрим ҳудудларда эса, 700 тагача иш тўғри келади, деганидир. Иш ҳажмининг ўта кўплиги ишларнинг шошма-шошарлик билан ўрганилишига, барвақт хулосага келинишига, суд қарорларини ўз вақтида ёзишнинг имконсизлигига, оқибатда иш самарадорлигининг пасайишига сабаб бўлмоқда.

Таҳлил натижаларига қараганда, судларда кўрилаётган ишларнинг катта бир қисми низосиз ишлар ҳисобланади. Яъни маиший техникалар учун майда кредитларни, коммунал қарздорликларни ундириш сингари ишлар бўйича 99 фоиз ҳолатда қарздорлар қарзини тан олганлиги сабабли судга келмайди ва суд қарорига нисбатан шикоят ҳам келтирмайди.

Шунга кўра, айни масалаларни нотариуслар ваколатига ўтказиш таклиф этилмоқда. Келгусида, башарти низо келиб чиққан тақдирда, бундай ишлар судда кўриб чиқилади.

Энг муҳими, бу билан суднинг ресурсларидан унумли ва рационал фойдаланишга йўл очилади. Судларнинг вақти ва эътиборини фақат мураккаб низоли ишларни сифатли ва адолатли ҳал этилишига қаратишга имкон яратилади.

Учинчи масала – Маъмурий ва иқтисодий ишларда экстерриториал судловга тегишлилик механизмини яратиш.

Гап шундаки, умумий тартибга кўра, ишлар жавобгар жойлашган ҳудуддаги судда кўрилиши белгиланган. Бироқ айрим ҳолатларда фуқаролар ва тадбиркорлар даъволари бошқа ҳудуд судида кўрилишини илтимос қилишади. Биргина 2024 йилда 11 мингга яқин иш тарафларнинг аризаларига асосан бир суддан бошқа ҳудуддаги судга ўтказилган.

Бугунги рақамлаштириш ва видеоконференцалоқа имкониятлари асрида иқтисодий ва маъмурий ишнинг муайян ҳудуд судида кўрилиши ўз аҳамиятини деярли йўқотмоқда. Нега деганда, қонунлар бутун республика миқёсида бир хилда амал қилади ва қўлланилади.

Шунга кўра, аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш мақсадида даъвогарларга айнан муайян ҳудуд судига мурожаат қилиши шартлигига оид бюрократик тўсиқни бартараф этиш ва фуқароларга танлаш имконини бериш мавриди келгани табиийдир.

Тўртинчи масала – Судьялар олий кенгаши фаолияти бўйича қонунчиликни янада такомиллаштириш.

Судьяларни чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада кенгайтириш ва давом эттириш, бунда нуфузли халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг, шунингдек, олимларимиз ва соҳа мутахассисларининг тавсияларини ўрганиш, халқаро стандартларга интилишда ўринли ва асосли таклифларга қулоқ тутишимиз, аҳолининг судларга ишончини оширишга, мамлакатимиз имижини янада яхшилашга хисса қўшадиган ислоҳотларда собитқадам бўлишимиз керак.

Хусусан, бугун:

• судьялик лавозимининг барқарорлиги тамойили асосида судьяликка тайинлаш муддатларини ислоҳ этиш, унга кўра, илк бор тайинланган судьяларнинг 5 йиллик муддати тугагач, монелик қилувчи салбий ҳолатлар аниқланмаган тақдирда, судьялик лавозимининг муддатсиз даврига тайинлаш тартибини жорий этиш;

• судьяларни янги ваколат муддатига тайинлаш шартлари сифатида аниқ мезонларни белгилаш;

• Судьялар олий кенгаши таркибига номзодларни таклиф этишда, судлар раисларини сайлашда судьялар ҳамжамияти иштироки орқали ушбу жараёнларга демократик элементларни жорий этиш каби масалаларни кўриб чиқишни давр тақозо этмоқда.

Бешинчи масала – вилоят судларидаги тафтиш инстанциясида – холислик ва беғаразлик тамойилларини янада кенг жорий қилиш, фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг судга бўлган ишончини ошириш мақсадида уларни такомиллаштириш зарурати мавжуд.

Давлатимиз раҳбари ҳузуридаги тақдимот доирасида барча йўналишлар судлари бўйича минтақавий тафтиш судларини ташкил этиш, шу муносабат билан вилоят ва унга тенглаштирилган судлардаги тафтиш инстанцияларини тугатиш таклиф этилди. Бунда вилоят ва унга тенглаштирилган судларда фақатгина апелляция ва кассация инстанцияси фаолият юритиши, тафтиш инстанцияси эса, 5 та ҳудуддаги минтақавий судларда ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Президентининг қабул қилинган “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу тизимли ислоҳотларнинг мантиқий давоми ва муҳим босқичи бўлди.

Мазкур Фармон суд тизими учун юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт узвийлигини таъминлаш орқали профессионал судьялар корпусини шакллантиришга қаратилган.

Фармонда суд-ҳуқуқ соҳасида малакали кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини жорий этишдаги қатор устувор мақсадлар белгилаб берилган.

Суд тизими учун ҳар томонлама етук, замонавий билим ва зарур касбий кўникмаларга эга, юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини ташкил этиш; судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш, судья ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш, раҳбарлик лавозимини эгаллаш учун захирадаги судьяларни қайта тайёрлаш, таълим олувчиларда судьялик касбий маданиятини шакллантиришга қаратилган дастурларни жорий этиш шулар жумласидандир.

Фармонда, шунингдек, бўлажак судьяларда мустақил, холис, беғараз, фақат қонунга таянган ҳолда ва адолат билан иш юритишнинг касбий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган интерфаол ўқитиш услубларини таълим жараёнига татбиқ этиш сингари бошқа муҳим вазифалар ҳам назарда тутилган.

Фармонга кўра, Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилмоқда. Албатта, бу шунчаки ном ўзгариши эмас, балки суд тизими ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини бутунлай янги, сифатли босқичга олиб чиқишга қаратилган стратегик ислоҳотдир.

Академияда таълим жараёни “устоз-шогирд” анъанаси асосида, “бўлажак судьяни судья ўқитади” тамойилига мувофиқ ташкил этилади. Бу, ўз навбатида, назарий билимларни амалиёт билан узвий боғлаш, ёш кадрларнинг судьялик фаолиятидаги нозик жиҳатларни тажрибали устозлардан ўрганишини таъминлайди.

Энди судьялик лавозимига номзодлар мазкур академиянинг олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларида давлат гранти асосида тайёрланади.

Бу жараёнда касбий қайта тайёрлаш курсларига киришдан олдин номзодларнинг бенуқсон обрў-эътибори, ҳалоллиги ва лаёқати Судьялар олий кенгаши томонидан ўрганилади. Натижада судьялик лавозимига фақат юксак ахлоқий фазилатларга эга, виждонли ва ҳалол номзодлар танлаб олиниши таъминланади.

Яна бир муҳим жиҳат: судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш дуал таълим шаклида, “назария — амалиёт — имитация” тамойили асосида ташкил этилади. Дуал таълим услуби тингловчиларнинг орттирган билимини амалиётда қўллаш кўникмасини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, қатор хорижий давлатларда кенг қўлланилади.

Масалан, Германияда судьяларни тайёрлашда “икки босқичли тайёргарлик” моделига таянилади. Бунда асосий эътибор назария ва амалиётнинг узвийлигини таъминлашга қаратилади.

Одил судлов академиясида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб суд фаолияти мутахассислиги бўйича амалий магистратура дастури асосида ўқитиш жорий этилади. Бу олий юридик таълим тизимида янги босқич бўлиб, назарияни амалиёт билан уйғунлаштирган ҳолда суд ишларини юритиш бўйича чуқур билим ва амалий кўникмага эга, юқори малакали мутахассисларни тайёрлайди.

Шундай қилиб, Президентимизнинг мазкур Фармони тизимда изчил татбиқ этилаётган одил судловни таъминлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Айни ҳужжат юртимизда юқори малакали, ҳалол ва адолатли судьялар корпусини шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, Янги Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг мустақиллиги, адолатлилиги ва холислигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Дилшод ТАДЖИБАЕВ,

Тошкент вилояти

суди раиси

photo_2025-08-28_16-33-27

ЭКСТЕРРИТОРИАЛ ТАРТИБДА МУРОЖААТ ҚИЛИШ СУДЛАРДА ИШЛАР ТЕНГ ТАҚСИМЛАНИБ, ИШ ЮКЛАМАСИНИ КАМАЙИШИГА ОЛИБ КЕЛАДИ

“Барча ислоҳотларимиз негизида, энг аввало, инсон қадри, тадбиркорларимизнинг манфаатлари ётибди. Шу боис суд мустақиллигини таъминлаш бўйича қатъий сиёсат олиб борамиз. Бугунги тадбиркор, бу – кечаги тадбиркор эмас. Уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ошганини судларга мурожаат кўпайганида ҳам кўриш мумкин”. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 20 август куни тадбиркорлар билан бўлиб ўтган V очиқ мулоқотда шундай деб таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, эндиликда тадбиркорлар иқтисодий ва маъмурий судларга экстерриториал тартибда мурожаат қилиши мумкин бўлади.

Тадбирда судларнинг моддий зарарни ундириш бўйича қарорлари ижроси кечикаётган ҳолатлар борлигига ҳам эътибор қаратилди.

Аслида, ундирилиши керак бўлган қарздорликнинг ҳар бир кечиккан куни тадбиркорнинг зарарига ишламоқда. Шунинг учун халқаро тажриба асосида “астрент” тизими жорий қилинади. Бунда моддий зарарни қоплаш кечиктирилган ҳар бир кун учун қарздор ҳисобидан пеня ундириш суд қарорида аниқ белгилаб қўйилади.

Ушбу мулоқотда тадбиркорлик субъектларидан келиб тушган 15 мингта мурожаатда кўтарилган тизимли муаммоларнинг ечими юзасидан устувор вазифалар белгилаб олинди. Бинобарин, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, барча ислоҳотларимиз негизида, энг аввало, инсон қадри, тадбиркорларимизнинг манфаатлари ётибди.

Ўз навбатида, шу куннинг ўзида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Фармонда тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш мақсадида банк, солиқ ва бошқа соҳалар билан бирга суд-ҳуқуқ тизимида ҳам тегишли ислоҳотлар амалга оширилиши белгиланди.

Хусусан, Фармоннинг 15-бандида Олий суд Бизнес-омбудсман билан биргаликда 2025 йил якунига қадар тадбиркорлик субъектларига иқтисодий ва маъмурий судларга экстерриториал тартибда мурожаат қилиш имкониятини яратиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди. Шу ўринда табиий савол туғилиши мумкин: Судларга экстерриториал тартибда мурожаат қилиш дегани нима ўзи?! Бу тартиб қандай ижобий натижа беради?

Бу саволларга жавобан шуни айтиш керакки, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 32-моддасига кўра, фуқаронинг ёки юридик шахснинг аризаси ё шикояти қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилинаётган маъмурий орган жойлашган ер ёхуд мансабдор шахснинг иш жойи бўйича судга тақдим этилади.

Судларга экстерриториал тартибда мурожаат қилишда эса, ариза (шикоят)  маъмурий орган жойлашган ер ёхуд мансабдор шахснинг иш жойи бўйича судга эмас, исталган ҳудуддаги судга тақдим этилиши мумкин бўлади. Судларга бундай мурожаат қилиш тартиби амалдаги процессуал кодексларимизда мавжуд бўлмаганлиги сабабли, бу албатта, Президентимиз томонидан илгари сурилган, суд тизимидаги янги амалиёт ҳисобланади.

Халқаро тажрибага назар ташлайдиган бўлсак, Қозоғистон Республикасининг 2021 йил 20 декабрдаги қонунига асосан Фуқаролик процессуал кодексига экстерриториал судловга тегишлилик тушунчаси киритилган. Ушбу кодекснинг 32-моддасига кўра, тарафлар ўзаро келишувга биноан мазкур иш учун экстерриториал судловга тегишлиликни танлашлари мумкин бўлади.

Ушбу нормани амалга ошириш мақсадида Қозоғистон Республикаси Олий суди томонидан ишларни экстерриториал судловга тегишлилик бўйича тақсимлашнинг алгоритми, яъни ўзига хос тартиб-қоидалари ишлаб чиқилган. Унга кўра, фуқаролик иши электрон ахборот тизимининг автоматик тақсимланишига қўйилади ва шу куннинг ўзида иш ахборот тизими танлаган судга юборилади.

Аслида олганда, экстерриториал тамойил фуқаролар ва тадбиркорларимиз учун бегона тушунча эмас. Чунки Президентимизнинг 2021 йил 23 мартда қабул қилинган “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони айни масалага тааллуқлидир.

Фармон билан давлат хизматлари кўрсатиш тизимида бир қатор янгиликлар, шу жумладан, экстерриториал тамойил амалиётга жорий қилинди. Яъни 2021 йил 1 июндан бошлаб фуқароларнинг доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар туғилиш, никоҳ, ўлим ва никоҳдан ажратишни қайд этиш бўйича исталган ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилиши мумкин бўлди.

Мухтасар айтганда, судларга экстерриториал тартибда мурожаат қилиш тартибининг жорий этилиши тадбиркорлик субъектларига бир қатор қулайликлар яратади. Шу билан бирга, суд тизимида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга, судга бўлган ишончнинг ортишига, ишни кўраётган судьяга нисбатан ҳар хил шубҳа-гумонлар бўлмаслигига, ишлар тенг тақсимланиб, судларнинг иш юкламасини камайишига олиб келади.

Акмал Муродов,

Навоий вилояти

маъмурий суди раиси

photo_2025-09-02_16-41-20

СУД ТИЗИМИ – ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯСИНИ ТАЪМИНЛОВЧИ МУҲИМ ИНСТИТУТГА АЙЛАНДИ

Суд ҳокимиятининг чинакам мус тақиллигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришдаги муҳим шартлардан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти бошлиғи Отабек ИСМОИЛОВ билан суд тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашдик.

– Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш учун мустақил суд тизимини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишлари этиб белгиланди. Шу мақсадда мустақиллик йилларида суд-ҳуқуқ тизими тубдан такомиллаштирилди.

2017-2025 йилларда Олий суд томонидан 280 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиб, суд тизимига оид 65 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Бу ҳужжатлар билан “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизими шакллантирилди. Халқимиз, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд ҳимоясига бўлган эҳтиёжи таъминлаб келинмоқда. 

– Давлат органлари қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фуқароларнинг судга шикоятлари қандай кўриб чиқилмоқда?

– Бу ҳуқуқ конституциявий даражада кафолатланган. Уни амалда таъминлашга хизмат қиладиган маъмурий судлар ташкил этилди. Бу фуқаролар ва тадбиркорларнинг суд ҳимоясига эришиш даражасини янада оширди.

Мисол учун 2017-2024 йилларда маъмурий судлар томонидан 102 мингдан ортиқ иш кўрилган бўлса, шундан 61 мингга яқин ёки 60 фоиз талаблар қаноатлантирилган. Ўтган йилнинг ўзида ушбу кўрсаткич 41 фоизни ташкил этди.

Туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилди. 2017 йилга қадар хўжалик судлари фақат вилоят даражасида фаолият кўрсатган. Айрим туманлар суд биносидан узоқ масофада жойлашгани сабабли тадбиркорлар даъво аризасини берган пайтдан низо судда кўриб чиқилгунига қадар вилоят марказига бир неча маротаба қатнашга мажбур бўлган. Бу эса, уларнинг моддий харажат ва ортиқча вақт сарфлашларига сабаб бўлган.

Ташкил этилган иқтисодий судлар жойлашуви узоқ ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд ҳимоясига эришиш даражасини оширди.

– Хусусий мулк ҳимояси ва дахлсизлигини таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Хусусий мулк ҳимояси ва дахлсизлигини суд орқали ҳимоялаш кучайтирилди. Хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи, мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий этишга тўсқинлик қилувчи тартиблар, талаблар ва чекловлар бекор қилинди.

Жумладан, ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан, прокурор протес­ти асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш амалиётига чек қўйилди.

Ушбу ҳужжатлар фақат суд томонидан бекор қилинади ёки ҳақиқий эмас, деб топилади.

– Суд қарорларини қайта кўриш босқичлари қандай самара бермоқда?

– Суд қарорларининг узил-кесил адолатли бўлиши учун уларни қайта кўриш босқичлари мавжуд. Бу кейинги йилларда такомиллаштирилиб, вилоят даражасида ишларни қайта кўришнинг янги босқичлари (кассация, тафтиш инстанциялари), Олий судда эса, тафтиш инстанцияси жорий этилди. Ушбу ислоҳот 2024 йил 1 январдан эътиборан амалиётга татбиқ этилди. Бу билан фуқароларга вилоят даражасида ишларни апелляция ёки кассацияда ва тафтиш тартибида, Олий судда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш имконияти яратилди.

Бунда юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартиби бекор қилинди ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулияти юкланди.

Ислоҳот натижасида суд ишларини кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам берилди. Ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилгани аҳолининг ортиқча вақт ва харажатлари тежалишига олиб келди.

– Судларни рақамлаштириш ишлари қай даражада?

– Судларда ишларни кўриб чиқишда адолатни, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш учун “Электрон одил судлов” тизими яратилди.

Судьялар ўртасида ишларни инсон омилисиз, автоматик равишда тақсимлаш, судларга электрон мурожаат ва суд ҳужжатларини тарафларга электрон шаклда юбориш, суд мажлисларини аудиоёзувда қайд этиб бориш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятини кенгайтириш каби замонавий ёндашувлар натижасида одил судлов самарадорлигига эришилмоқда.

Судларнинг ахборот тизими билан вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ўртасида маълумотларни электрон шаклда олиш тартиби амалиётга жорий этилиб, улар билан маълумотлар алмашинуви 100 фоиз рақамли шаклга ўтказилди.

Шунингдек, Олий суднинг Интерактив хизматлар портали ишга туширилиб, у орқали фуқароларга 49 турдаги интерактив хизматлар кўрсатилмоқда.

Унда судларга электрон шаклда мурожаат қилиш, суд харажатларини электрон тарзда тўлаш, қонуний кучга кирган суд қарорлари билан танишиш, ишлар ҳолатини онлайн кузатиб бориш, суд чақирув қоғозини электрон олиш, суд мажлиси жадвали билан онлайн танишиб бориш, дунёнинг исталган нуқтасидан туриб, суд мажлисларида мобил видеоконференцалоқа тизими орқали иштирок этиш каби интерактив хизматлар йўлга қўйилди.

Айни пайтда судлар фаолиятига фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, суд ҳужжатлари лойиҳаларини автоматик тайёрлаш ва суд амалиётини таҳлил қилиш йўналишида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

– Судлар фаолияти очиқлигини таъминлаш борасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилди?

– Судлар фаолияти ҳақида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида, ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.

Қабул қилинган суд ҳужжати ўқиб эшиттирилганидан сўнг унинг мазмун-моҳияти суд процесси иштирокчиларига тушунтирилмоқда. Судлар чиқарган қарорлар Олий суд веб-сайтида мунтазам равишда эълон қилиниб борилади.

Олий судда Жамоатчилик билан ҳамкорлик маркази ҳамда вилоят ва унга тенглаштирилган судларда матбуот хизматларининг ташкил этилгани аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ва суд ҳокимиятининг очиқлигини ошириш йўлида кўрилган муҳим чора бўлди.

Жамоатчиликни ҳар чоракда судлар фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб бориш тартиби жорий этилди.

Конституцияда белгиланган суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида, судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоида бекор қилинди.

Ушбу ислоҳот натижасида одил судловнинг давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқларидан мустақил ҳолда иш юритишига оид демократик принцип амалда рўёбга чиқди.

– Суд ишларини юритишда амалиётга янги институтлар киритилди. Бу қандай натижа бермоқда?

– Жиноят процессида ярашув институти кенгайтирилди, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари лавозимлари киритилди. Жиноят иши бўйича – дастлабки эшитув, фуқаролик ва иқтисодий судларда – судгача мажлис, соддалаштирилган тартибда иш юритиш, медиация институтлари жорий қилинди.

Инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, жиноят иш юритувида инсонпарварлик тамойиллари асосида “Хабеас корпус” институтини янада кенг татбиқ этиш мақсадида, 2025 йил 1 январдан тергов судьялари фаолияти йўлга қўйилди.

Судга қадар иш юритиш даврида процессуал қарорларга санкция бериш ҳамда жиноят ишини кўриб чиқиш вазифаси жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларнинг ваколатига берилди.

Тергов судьяси институтининг амалиётга жорий этилиши тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга имконият яратди.

Оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми сифатида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судьялар корпусини шакллантириш мақсадида, 2024 йил 1 февралдан тажриба тариқасида “Оила судьялари” ташкил этилди.

Айтиб ўтиш керакки, қонун ҳужжатларини амалиётда бир хилда қўллаш, ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида, Олий суд Пленуми қарорлари қабул қилинади. Кейинги икки йилда бу борада 20 дан ортиқ қарор қабул қилинди ва муҳим тушунтиришлар берилди.

Хулоса қилиб айтганда, суд соҳасидаги ислоҳотлар инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

ЎзА мухбири

Норгул АБДУРАИМОВА

суҳбатлашди

#thegov_button_6a10b1fb8bea4 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a10b1fb8bea4:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a10b1fb8bea4 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6a10b1fb8bea4:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!