Click to listen highlighted text!

МУЛОҚОТДАН НАТИЖАГА, ТАЖРИБАДАН ОДИЛ СУДЛОВГА

photo_2026-07-10_18-24-35

Олий судда Аёл судьялар ассоциацияси фаолияти бошлангани муносабати билан халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди

Тадбирни очган Олий суд раиси Р. Махмудова, бугун мамлакатимиз суд тизими ҳаётида муҳим институционал ҳодиса — Ўзбекистон Аёл судьялари ассоциацияси фаолиятининг расмий бошланишига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу йўл осон кечгани йўқ. Бундан тўрт йил аввал, Халқаро аёл судьялари кунига бағишланган конференцияда биз мамлакатимизда аёл судьяларни бирлаштирадиган мустақил касбий платформани шакллантириш масаласини муҳокама қилган эдик. Ўшанда бу келажакка қаратилган эзгу мақсад эди. Бугун эса биз ушбу мақсадга эришдик! Бу натижа, энг аввало, мамлакатимизда суд ҳокимиятида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, давлатимиз раҳбарининг гендер тенгликни таъминлашга қаратилган қатъий сиёсати ҳамда халқаро ҳамкорларимиз билан кўп йиллик самарали шериклигимиз самарасидир, – деди.

“Гендер тенглиги фақат рақамлар масаласи эмас. У суд тизимининг сифати, жамоатчилик ишончи ва одил судлов самарадорлиги масаласидир. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, таркиби хилма-хил бўлган суд тизими турли ижтимоий гуруҳларнинг ҳуқуқий эҳтиёжларини яхшироқ англайди, қарор қабул қилиш жараёнида кенгроқ ёндашувларни таъминлайди ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда янада самарали фаолият юритади”, – дея таъкидлади Р. Махмудова.

Олий суд раиси қайд этганидек, “бизнинг мақсадимиз — суд тизимида профессионализм, раҳбарлик, хилма-хиллик ва тенг имкониятларни мустаҳкамлаш орқали ҳар бир фуқаро учун янада сифатли ва адолатли одил судловни таъминлашдир. Ассоциация аёл судьяларнинг касбий ривожланиши, лидерлик салоҳиятини юксалтириш, устоз-шогирд анъаналарини ривожлантириш, ёш ҳуқуқшунос қизларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам институционал платформага айланади. Шу билан бирга, Ассоциация гендерга сезгир суд амалиётини ривожлантириш, илмий-таҳлилий фаолиятни кучайтириш ва илғор халқаро тажрибани миллий амалиётга татбиқ этишда ҳам муҳим ўрин тутади”.

БМТ Тараққиёт дастурининг ваколатхонаси билан ҳамкорликда ўтказилган халқаро анжуман Ўзбекистон ва бошқа давлатларнинг судлов тизимлари вакилларини бир жойда жамлаб, судья аёллар уюшмалари, халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқшунос экспертлар билан халқаро ҳамкорлик ва шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда инновацион ҳуқуқий ва институционал ёндашувлар орқали хотин-қизлар ва эҳтиёжманд гуруҳларнинг одил судловдан тенг фойдаланиш имкониятини яратиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш платформасига айланди.

Аёл судьялар, давлат органлари, фуқаролик жамияти, манфаатдор идора ва муассасалар, халқаро ташкилотлар вакиллари ва қатор дипломатик миссиялар раҳбарлари ҳамда маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирок этган тадбирда асосий эътибор гендер тенглик стандартларининг миллий қонунчилик ва суд амалиётига татбиқ этилишини қўллаб-қувватлаш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва суд институтларига жамоатчилик ишончини оширишда аёл судьяларнинг ролини кучайтиришга қаратилди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари гендер тенглик стандартларини миллий суд тизимларига интеграция қилиш борасидаги халқаро илғор тажриба бўйича фикр алмашиб, гендер жиҳатларини ҳисобга олувчи суд тизимини яратиш масалаларига тўхталиб ўтдилар.

Ўзбекистонда хотин-қизларнинг одил судловдан фойдаланиш имконияти ва уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳам муҳокама қилинди.

Конструктив ва дўстона муҳитда бўлиб ўтган давра суҳбати мавжуд масалалар муҳокамаси билан чекланмади. Анжуман якунида мавзуга доир узоқ муддатли стратегик тавсиялар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Аёл судьялар ассоциацияси (АСА) мамлакатнинг одил судлов тизимида гендер тенглик ва инклюзив ёндашувларни илгари суриш мақсадида жорий йилнинг 5 март куни ташкил этилди.

#thegov_button_6a5a941060f1e { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a5a941060f1e:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a5a941060f1e { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6a5a941060f1e:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); }
Skip to content Click to listen highlighted text!