photo_2026-11-03_05-25-44

АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТКАЗИЛМАГАН ИШ ЖОЙИ

Инсон саломатлиги учун хавфли ва зарарли меҳнат шароитларида фаолият юритиш катта масъулият ва матонат талаб этади. Айниқса, юқумли касалликларга қарши курашиш муассасаларида меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари ҳар куни ўз соғлиғини хавф остига қўйиб, инсонлар саломатлиги йўлида хизмат қиладилар.

Шундай экан, уларнинг меҳнати муносиб баҳоланиши, қонун билан белгиланган имтиёз ва ҳуқуқлари таъминланиши лозим. Аммо айрим ҳолларда иш берувчи томонидан ўз вақтида бажарилмаган мажбуриятлар ходимнинг қонуний манфаатларига таъсир кўрсатиши мумкин. Ана шундай вазиятда адолатни тиклаш ва фуқаронинг ҳуқуқини ҳимоя қилишда судлар муҳим ўрин тутади.

Тамара Мамасолиева (исм-шарифлар ўзгартирилган) тиббиёт ходими.

Сил касалликларига қарши диспансерда фелдшер-фтизиатр вазифасида фаолият юритиб келади. У қонун талабларидан келиб чиқиб, имтиёзли пенсия тайинлаш масаласида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига мурожаат қилади. Бироқ аризасига рад жавобини олади. Бунинг сабаби сифатида иш жойларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги кўрсатилади.

Шундан сўнг Т. Мамасолиева ўз меҳнат фаолияти даврини имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берувчи зарарли касбда ишлаганлик даври сифатида эътироф этишини сўраб, судга мурожаат қилди.

Суд мажлисида гувоҳлар аризачи билан бирга ишлашини, уларнинг меҳнат фаолияти зарарли шароитларда амалга оширилиши ва бундай меҳнат учун қўшимча тўловлар белгиланганини баён қилдилар.

Манфаатдор шахс вакиллари ҳам аризачининг талабини асосли деб ҳисоблаб, уни қаноатлантиришни сўрадилар.

Суд иш ҳужжатларини, тақдим этилган маълумотномаларни ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини ўрганиб, қонунчилик талабларини таҳлил қилди.

Эслатма: Конституциямизнинг 46-моддасида ҳар кимнинг ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи кафолатланган. “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасида эса, меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимларга белгиланган талаблар асосида ёшга доир пенсияни имтиёзли шартларда тайинлаш назарда тутилган. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 октябрдаги 637-сон қарори билан тасдиқланган рўйхатда сил ва юқумли касалликлар муассасаларида ишловчи ўрта ва кичик тиббиёт ходимларининг айрим лавозимлари имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берувчи касблар қаторига киритилган.

Муҳим жиҳати, иш жойларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш ходимнинг эмас, балки иш берувчининг зиммасидаги мажбуриятдир. Амалдаги Меҳнат кодексининг 359-моддасида ҳам бу талаб белгиланган. Демак, иш берувчи томонидан ушбу қонуний мажбурият ўз вақтида бажарилмагани ходимнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласини четлаб ўтиш учун асос бўлмаслиги керак.

Хўш, суд айни қонуний талабларга кўз юмиши керакмиди?

Асло!

Иш ҳолатлари баҳоланишида айнан шу жиҳатларга эътибор қаратилди.

Аризачининг меҳнат фаолияти сил касалликларига қарши курашиш муассасасида амалга оширилгани, унинг лавозими имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берувчи ишлар рўйхатига мувофиқ келиши ҳамда иш жойларини аттестациядан ўтказиш ходимнинг айби билан боғлиқ эмаслиги инобатга олинди.

Ариза қаноатлантирилди. Суднинг ҳал қилув қарори меҳнат фаолияти давомида инсон саломатлиги учун хавфли шароитларда ишлаётган ходимларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, иш берувчи зиммасидаги мажбуриятларнинг бажарилмагани ходим ҳуқуқларига салбий таъсир кўрсатмаслиги лозимлигини яна бир бор кўрсатди.

Бахтигул МАТМУРОТОВА,

фуқаролик ишлари бўйича

Боғот туманлараро суди судьяси

#thegov_button_6aef515f15de0 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6aef515f15de0:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6aef515f15de0 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6aef515f15de0:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Click to listen highlighted text!
Skip to content