“БАРНАХУС” МОДЕЛИ: ЎЗБЕКИСТОН ОДИЛ СУДЛОВИГА ҚАНДАЙ ЯНГИ ЁНДАШУВ ОЛИБ КИРАДИ?

Сўнгги йилларда мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли таъминлаш, уларни турли хил тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2025 йил 24 декабрдаги Фармони билан тасдиқланган “2026 – 2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси” ҳам айни шу мақсадга қаратилган.
Стратегияда халқаро ҳуқуқ нормаларини инобатга олган ҳолда болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашишда “Барнахус” сингари илғор халқаро моделларни жорий этиш, маъмурий, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни қайта кўриб чиқиш вазифаси белгиланди.
Айтиш керакки, “Барнахус” модели миллий амалиётимизга алоҳида бир хорижий лойиҳа сифатида эмас, балки болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш миллий тизимининг янги бўғини сифатида жорий этилмоқда.
Хорижий давлатларнинг “Барнахус” ёндашуви «бола — марказда» деган иборага асосланади. Бу ўринда бола жиноят ҳақида маълумот берувчи «объект» эмас, аксинча, ҳуқуқ «субъекти»дир. Демакки, бу турдаги ишни кўрадиган судья ҳам махсус билимга эга бўлиши зарур. Жинсий зўравонликдан жабрланган бола иштирок этадиган ишни кўриш оддий жиноят ишини кўришдан кескин фарқ қилишини эътибордан четда қолдирмаслик лозим.
Бола суд залининг ўзи, судья либоси, нотаниш одамлар, айбланувчининг иштироки, юридик атамалар ва савол бериш услубидан ҳам қўрқиши мумкин. Шу сабабли бундай ишларни кўрувчи судья фақат жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни билиши билан чекланмаслиги керак.
Боланинг психологияси, жароҳатнинг хотира ва нутққа таъсири, болага савол бериш методикаси, жинсий зўравонликдан кейинги руҳий реакциялар ва иккиламчи жабрланиш хавфи бўйича ҳам махсус кўникма талаб этилади.
2026 йил 7-8 июль кунлари Болалар омбудсмани ва Олий суд томонидан ЕХҲТ ҳамда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда “Жинсий зўравонлик ва одам савдоси қурбони бўлган болаларга оид жиноят ишларини судда кўриб чиқишда болалар манфаатларини ҳисобга олувчи ёндашувларни қўллаш” мавзусида икки кунлик амалий семинар-тренинг ташкил этилди.
Тренингда болага дўстона одил судлов, уни қайта жароҳат олишига йўл қўймасдан жиноят ишини юритиш, жинсий зўравонликнинг болага таъсири ҳамда суд-тергов жараёнида бола билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди.
Шу ўринда яна ҳақли савол туғилади: хўш, “Барнахус” модели амалиётга қандай жорий этилади, ушбу институт мамлакатимиз одил судловига қандай ижобий ёндашувларни олиб киради?
Энди шу саволларга жавоб излайдиган бўлсак, масалан, бола жинсий зўравонликка учрагани ҳақида хабар берди, дейлик. Айни пайтдаги анъанавий тизимда у зудлик билан турли идораларга олиб борилиши мумкин. “Барнахус” моделида эса, асосий мутахассислар бир жойда ёки ягона мувофиқлаштирилган тизимда ҳаракат қилади.
Яъни бунда бола учун махсус тайёрланган, суд ёки ички ишлар идорасининг расмий муҳитини эслатмайдиган хона мавжуд бўлади.
Суҳбатни болалар билан ишлаш бўйича махсус тайёргарликдан ўтган мутахассис ўтказади. Саволлар боланинг ёши, ривожланиш даражаси, тили ва индивидуал хусусиятларига мос равишда танланади.
Суҳбат аудио-видео воситалари билан қайд этилади. Зарур процессуал кафолатлар таъминланган ҳолда терговчи, прокурор ёки бошқа тегишли мутахассислар суҳбатни алоҳида хонадан кузатишлари мумкин. Натижада болани ҳар бир идора алоҳида чақириб, бир хил воқеани қайта-қайта сўрашга зарурат қолмайди. Бир вақтнинг ўзида болага тиббий текширув, психологик баҳолаш ва терапевтик ёрдам ҳам ташкил қилинади.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, “Барнахус” модели биринчи марта 1998 йилда Исландияда ташкил этилган. Аслида, бу модел АҚШдаги «Child Advocacy Center» тажрибасига асосланган бўлса-да, Исландияда ушбу ғоя ижтимоий ҳимоя ва одил судлов тизими билан бирлаштирилди.
Кейинчалик ушбу модел Швеция, Норвегия, Дания ва Финляндияда ҳам жорий этилди. Европа Кенгашининг сўнгги қиёсий маълумотларига кўра, бугунги кунда “Барнахус” ёки унга ўхшаш хизматлар Европа Кенгашининг 22 та аъзо давлатида амал қилмоқда.
Исландия моделининг энг муҳим хусусияти — судья, прокурор, полиция, ижтимоий хизмат, психолог ва суд-тиббий мутахассислари фаолиятини болага дўстона муҳитда бирлаштиришдан иборатдир. Содда қилиб айтганда, бола суд муҳитига мослашишга мажбур қилинмайди, аксинча, мутахассислар унинг олдига келади.
Бунда суд-тиббий аҳамиятга эга суҳбат аудио-видео тарзда қайд қилинади ва бу болани кейин яна бир неча бор сўроқ қилиш эҳтиёжини камайтиради.
Европа Кенгаши Исландияда жорий этилган Барнахус моделини жиноий ва ижтимоий ҳимоя йўналишларини болага хавфсиз муҳитда мувофиқлаштирадиган энг яхши амалиёт сифатида эътироф этади.
Негаки, ғоя жуда аниқ: жиноят иши учун боладан маълумот олиш зарурати туғилса, давлат бу маълумотни болага имкон қадар кам зарар етказган ҳолда олиши керак.
Швеция “Барнахус” моделини 2000 йилнинг ўрталарида қўллай бошлаган.
Бу мамлакатда ушбу модел полиция, прокуратура, ижтимоий хизмат ва тиббиёт соҳаларининг маҳаллий ҳамкорлигига кўпроқ таянади.
“Барнахус” моделининг одил судловни таъминлашдаги ўзига хос жиҳатларининг энг муҳим шарти боланинг устувор манфаатидир.
Иккинчидан, идоралараро ва кўп тармоқли ҳамкорлик, болага дўстона муҳит, такрорий сўроқларни имкон қадар камайтириш, тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдамнинг кечиктирилмаслиги, боланинг фикрини эшитиш ва унга тушунарли ахборот бериш, махфийлик ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги таъминланади.
Европанинг “Барнахус” модели сифат стандартларида ҳам боланинг энг устувор манфаати, иштирок этиш ҳуқуқи, асоссиз кечикишларга йўл қўймаслик, идоралараро ҳамкорлик, болага дўстона муҳит, ишни биргаликда бошқариш, махсус сўроқ, тиббий кўрик, терапевтик хизмат ва мутахассислар малакасини ошириш асосий йўналишлар сифатида белгиланган.
Фикримизча, Ўзбекистонда “Барнахус” моделининг амалий механизми миллий Жиноят-процессуал кодекс, суд амалиёти ва ҳимоя ҳуқуқи кафолатлари билан уйғунлаштирилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Хулоса ўрнида айтганда, “Барнахус” моделининг мамлакатимизда жорий этилиши болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимида оддий ташкилий янгилик эмас. У жиноят процессига бўлган ёндашувни ўзгартириш имкониятидир. Шундай экан, болалар учун дўстона одил судлов жиноят содир этилганидан кейин фақат адолатни қарор топтириш эмас, балки жиноятдан жабрланган боланинг келажагини ҳам асраб қолишдир.
Зарифа АҲМЕДОВА,
жиноят ишлари бўйича
Самарқанд шаҳар суди судьяси

