
СУДДА БАРҲАМ ТОПГАН НИЗО
Қонунларимиз жазонинг оғирини эмас, енгилини кўзлайди ва бу билан кечиримлилик, бағрикенглик, дарёдиллик намуналарини назарда тутади. Энг муҳими, мамлаклакатимизда жазоларни айнан шу тартибда либераллаштиришга қаратилган саъйҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда.
Башарти бундай бўлмаганида, 1970 йили Янгиариқ туманида туғилган Ёдгор Отаназаров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ва 1986 йили Боғот туманида таваллуд топган Ғанижон Иброҳимовнинг қисмати бир мунча оғир кечиши тайин эди.
Судга тақдим этилган ҳужжатлар, далил-исботларга қараганда, Янгиариқ туманининг “Боёт” маҳалласида яшайдиган Ё. Отаназаров томонидан содир қилинган жиноий қилмиш жиддий жазо чорасини тақозо қилади. У Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари” ва “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун талабларини қўпол тарзда бузган.
Аниқроқ айтганда, Ё. Отаназаров йўлнинг айланма қисми бўйлаб ҳаракатланаётган автоуловни ўтказиб юбориш, ўзи бошқараётган “Нексия” автомашинасининг ҳаракатини эса чеклаш ўрнига рулни ён тарафдан келаётган “Кобалт” русумли автотранспорт воситаси томон буриб юборади. Воқеа жорий йил 27 апрель куни Хонқа тумани ҳудудидан ўтган Д 213-автомобиль йўлининг 13-километрида юз берган.
Ҳайдовчи Ё. Отаназаров “Йўл ҳаракати қоидалари”да белгиланган тартибга беписандлик билан қараган. Катта чорраҳага яқинлашса-да, ҳаракат тезлигини пасайтирмаган. Қоидага кўра, айланма йўлга ўзидан олдин кириб келган транспорт воситасини ўтказиб юбормаган.
Бундай беписандлик фалокатга етаклади: автомашинаси Хонқа туманида яшовчи яшовчи Мирзабек Масимов бошқариб келаётган “Кобалт” транспорт воситаси билан тўқнашиб кетган.
Оқибатда “Кобалт” автомашинаси салонида ўтирган Маржона Шоназарова “ўртача оғир” даражада жароҳат олган. Бундай фалокатдан қоидабузар Ё. Отаназаров бошқарган автомашинада бўлган турмуш ўртоғи Меҳрибон Бойжонова ҳам четда қолмаган. У енгил даражада тан жароҳати олган.
Энг ёмони, тўқнашув оқибатида “Кобалт” автомашинасига салкам 27 миллион сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Судда Ё. Отаназаров айбига иқрорлик ва пушаймонлик билдирди. Рўй берган фалокатнинг оқибати ва асоратларини, гарчи кеч бўлса-да, англаб етгани, юзага келган моддий зарарларни тўлиқ қопланганини билдираркан, жабрланувчи билан ярашиб олганини таъкидлади. Ўз навбатида, суддан, жабрланувчилардан кечирим сўради.
Шунингдек, жабрланувчилар М. Бойжонова, Б. Масимов, М. Шоназарова судланувчи Ё. Отаназаровга нисбатан даъвоси йўқ эканини таъкидлашди.
Айни шундай ҳолат 1986 йили Боғот туманида туғилган Ғанижон Иброҳимовнинг номуносиб хатти-ҳаракати устидан ўтказилган суд жараёнида ҳам рўй берди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, низо суд залида хайрли якун топди.
Аниқланишича, Ғ. Иброҳимов 2011 йил май ойида Меҳринисо Юнусова билан турмуш қурган. Ўртада 1 нафар фарзанд дунёга келган. Шундан сўнг рўй берган оилавий келишмовчиликлар боис М. Юнусова фарзандини олиб, уйдан чиқиб кетган. Бундай оилавий низонинг жабрини ўртадаги беайб фарзанд татиган. У можаро боис ота меҳридан буткул мосуво бўлган, янада ачинарлиси, йиллар давомида моддий таъминотсиз қолиб кетган.
Эрининг фарзандига нисбатан меҳри-оқибатини кута-кута тоқати тоқ ўлган М. Юнусова 2021 йил судга мурожаат қилди: боласининг таъминоти учун тегишли тартибда алимент ундириб беришни сўради. Онанинг талаби қаноатлантирилди. Суд томонидан Ғ. Иброҳимовнинг зиммасига фарзанди таъминоти учун ҳар ойлик даромадининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент тўлаш мажбурияти юклатилди.
Бироқ “яхши отга бир қамчи”, деган нақл Ғ. Иброҳимовга мутлақо ёт экан.
Нега деганда, суд тарафидан жавобгарнинг зиммасига юклатилган тўлов мажбурияти ора йўлда қолиб кетди. 2025 йил июнь ойига келиб, тўланмасдан қолган алимент пуллари миқдори 20 миллион 842 минг сўмга етди.
Иш яна судга кўчди. Меҳрсиз ота Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-моддаси 1-қисмига асосан 15 сутка муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Аммо бу жазо ҳам унинг кўзларини очмади.
Алимент тўлови бўйича умумий қарздорлик ҳажми эса, ортгандан ортди ва 2026 йилнинг 1 апрел ҳолатига кўра, 36 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Суд қарорини менсимаслик ҳеч қачон изсиз кетмайди, аксинча, муқаддам тайинланган жазони янада оғирлаштиришга олиб келади. Ғ. Иброҳимов ҳам ниҳоят буни ҳис этмай қолмади. Обдон ўйлади, қилмишлари ножоиз, янада оғирроқ жазо чораси ҳам муқаррар эканлигини англади. Шу аснода аёл ва фарзанди олдидаги қарзини адо этишга киришди. Натижада таъминотга кўз тикиб яшаётган она ва боланинг уйларига нур кирди.
Айни жараёнда бошқа яна бир хайрли воқеа ҳам юз берди. Жабрланувчи М. Юнусова судга мурожаат қилиб, айбланувчи Ғ. Иброҳимов зиммасидаги қарзни тўлиқ узгани, бунинг устига, ўзи содир этган қилмиш учун астойдил кечирим сўрагани, у билан ярашгани, даъво-эътирозга ортиқ ўрин қолмаганини маълум қилди. Ғ. Иброҳимовга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини ярашув аҳди асосида тугатишни сўради, шу ҳақда ёзилган аризани судга тақдим этди. Албатта, судда буларнинг бари инобатга олинди.
Ниҳоят, Ғ. Иброҳимов ва М. Юнусова ўртасидаги можаро барҳам топди.
Бунга Жиноят кодексининг ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилишга оид 66-1-моддасида ифодасини топган кечиримлилик ва бағрикенглик ҳолатлари асос бўлди.
Суд адолат ва қонунийлик тамойилларига таянди. Ғ. Иброҳимовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши тарафларнинг ўзаро ярашгани муносабати билан тугатилди.
Айни шундай тартибда номи мақоламиз аввалида зикр қилинган Ё. Отаназаров ҳам тайинланиши муқаррар бўлган жазодан қутулиб қолди.
Эришилган ярашув акти бунинг учун ҳуқуқий асос бўлди. Жиноят иши тугатилди.
Мухтасар қилиб айтганда, ярашув институти қонунчиликдаги инсонпарварлик ва кечиримлилик тамойилларининг ёрқин ифодасидир. У инсонга ўз хатосини англаш, етказилган зарарни қоплаш ва ҳаётини тўғри йўлга солиш имконини беради. Кўриб чиқилган суд ишлари ҳам қонуний ярашув орқали нафақат низолар барҳам топиши, балки бузилган муносабатлар тикланиши мумкинлигини кўрсатади. Зеро, адолатнинг моҳияти фақат жазолашда эмас, инсонни тўғри йўлга қайтаришда ҳам намоён бўлади.
Бекзот Ёқубов,
жиноят ишлари бўйича
Боғот тумани суди раиси

