photo_2026-10-29_12-16-48

ДАЪВОНИ ТАЪМИНЛАШ — СУД ҚАРОРИ ИЖРОСИНИНГ МУҲИМ КАФОЛАТИ

Аввало шуни айтиш керакки, фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг асосий мақсади — бузилган ҳуқуқларини тиклаш, қонуний манфаатини ҳимоя қилиш ва етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга эришишдан иборат. Бироқ судда даъвонинг қаноатлантирилиши ҳар доим ҳам ҳуқуқнинг амалда тикланганини англатмайди.

Нега?

Чунки суд томонидан ҳал қилув қарори чиққунига қадар жавобгар мол-мулкини бошқа шахснинг номига ўтказиб юбориши, пул маблағларини тасарруф этиши, низоли ашёни яшириши ёки унга бошқача тарзда зарар етказиши эҳтимолдан холи эмас. Бундай ҳолатда даъвогар судда ютган тақдирда ҳам, қабул қилинган қарорни ижро этиш қийинлашиши, айрим вазиятларда эса, умуман имконсиз бўлиб қолиши мумкин.

Масалан, бир шахсга катта миқдорда пул қарз бердингиз, аммо у қарзини қайтармаяпти. Судга мурожаат қилдингиз. Иш кўрилаётган вақтда қарздор ўзига тегишли мол-мулкни сотиб юборса ёки бошқа шахс номига расмийлаштирса, кейинчалик ундирувни амалга ошириш мураккаблашади.

Ана шундай хавфларнинг олдини олиш учун фуқаролик процессуал қонунчилигида даъвони таъминлаш чоралари назарда тутилган. Бундан кўзланган мақсад — низони олдиндан ҳал қилиш эмас, балки келгусида қабул қилиниши мумкин бўлган суд ҳужжатининг реал ижросини таъминлаш учун мавжуд ҳолатни вақтинча сақлаб туришдир.

Фуқаролик процессуал кодексининг 105-моддасига мувофиқ, агар даъвони таъминлаш чораларини кўрмаслик суд ҳужжатининг ижросини қийинлаштириши ёки уни ижро этишни имконсиз қилиб қўйиши мумкин бўлса, суд бундай чораларни қўллашга ҳақли.

Даъвони таъминлаш доирасида жавобгарга тегишли мол-мулк ёки пул маблағларини хатлаш, муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш, низоли мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш ёки сотишнинг олдини олиш, зарур ҳолларда уни сақлаш учун бошқа шахсга топшириш ҳамда ишнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда бошқа чораларни қўллаши мумкин.

Бунда муҳим бир жиҳатни унутмаслик лозим: даъвони таъминлаш — жавобгарни олдиндан айбдор деб топиш ёки даъвогарнинг талаби албатта қаноатлантирилади, деган хулосани англатмайди. Бу вақтинчалик процессуал ҳимоя чораси бўлиб, унинг мақсади суд қарори қабул қилингунига қадар низо предметининг сақланишини ва келгусидаги ижро имкониятини таъминлашдир.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга мурожаат этсак, Д. Муродов фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилган. Даъвогарнинг кўрсатишича, у яқинларидан қарз ва банкдан кредит олиб, жавобгар С. Ғуломов (исм-шарифлар ўзгартирилди) билан автомашина олди-сотдиси юзасидан келишган.

Жорий йил 21 март куни у жавобгарга 245 миллион 500 минг сўм берган.

Келишувга кўра, “Hovo Max” русумли автомашина даъвогар номига расмийлаштирилиши лозим эди.

Аммо жавобгар автомашинани даъвогарга бермаган ва кейинчалик уни бошқа шахсга сотиб юборган. Пул маблағини ҳам қайтармаган. Даъвогар бир неча марта пулни қайтаришни талаб қилганида, жавобгар автомашинани бошқа шахсга бўлиб тўлаш шарти билан сотганини билдирган. Шундай вазиятда даъвогар фақат пулни ундиришни эмас, балки келгусида суд қарорини ижро этиш қийинлашиб қолмаслиги учун даъвони таъминлаш чораларини қўллашни ҳам сўраган.

Суд иш ҳолатларини ва жавобгар мол-мулкни тасарруф этиши натижасида кейинги ижро жараёни қийинлашиши мумкинлигини инобатга олиб, унинг мол-мулкига банд солиш чорасини қўллаган.

Мазкур чоранинг аҳамияти айнан шу ерда намоён бўлади. Суд ҳали низони мазмунан ҳал қилмасдан туриб, келгусида қабул қилиниши мумкин бўлган қарор қоғозда қолиб кетмаслиги учун зарур процессуал кафолатни яратган.

Кейинчалик иш мазмунан кўриб чиқилиб, тарафлар ўртасида автомашина олди-сотдиси юзасидан оғзаки келишув бўлгани, даъвогар жавобгарга пул маблағини бергани, аммо жавобгар ўз зиммасига олган мажбуриятни бажармагани аниқланган.

Суднинг 2026 йил 14 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман асосли деб топилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига тегишли пул маблағи ҳамда суд харажатларини ундириш белгиланган.

Эътиборли томони, кейинчалик мазкур низо тарафларнинг ўзаро келишуви билан якунланган. Даъвогар 2026 йил 21 августда тегишли маблағларни олганини билдириб, келишув битимини тасдиқлашни сўраб, судга мурожаат қилган. Суд 2026 йил 24 август куни низога барҳам берилганини инобатга олиб, тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаган.

Бу ҳолатда даъвони таъминлаш чорасининг қўлланилиши жавобгарнинг мулкий ҳолати ўзгариб кетишининг олдини олиш билан бирга, тарафлар ўртасидаги низони амалий ҳал этишга ҳам туртки бўлганини кўриш мумкин.

Даъвони таъминлаш фақат пул ёки мол-мулк билан боғлиқ низоларда қўлланилмайди. Айрим ҳолларда унинг марказида инсоннинг шахсий ҳуқуқлари, хусусан, боланинг манфаатлари туради. Фикримизга фуқаролик ишлари бўйича Зарбдор туманлараро судининг 2026 йил 9 июлдаги ажрими мисол бўла олади.

Даъвогар Т. Алиқулова судга жавобгар Л. Ғафуровга нисбатан болани олиб бериш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилган. Низо 2023 йил 11 мартда туғилган, яъни ҳали жуда кичик ёшда бўлган Билол исмли болага дахлдор.

Иш мазмунан ҳал этилгунига қадар болани яшириш ёки унинг турган жойини ўзгартириш эҳтимоли суд қарори ижросини қийинлаштириши мумкин эди. Шу сабабли суд, энг аввало, боланинг манфаатларидан келиб чиқиб, низо ҳал этилгунига қадар уни жавобгар қарамоғидан даъвогар қарамоғига олиб беришни мақсадга мувофиқ деб топган.

Мазкур мисол даъвони таъминлаш институтининг вазифаси фақат мол-мулкни сақлаб қолиш билан чекланмаслигини кўрсатади.

Зарур ҳолларда у бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини низо ҳал этилгунига қадар дастлабки тарзда ҳимоя қилиш воситаси сифатида ҳам хизмат қилади.

Фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро суди амалиётида ҳам шунга ўхшаш ҳолатга дуч келинди. Гап шундаки, суднинг 2026 йил 2 мартдаги ажрими билан даъвогар Т. Ашурованинг келинлик сепи ва ўзига тегишли мол-мулкларни олиб бериш ҳақидаги даъвоси доирасида даъвони таъминлаш чоралари қўлланилган.

Бундай низоларда иш судда кўрилаётган даврда мол-мулк бошқа шахсга бериб юборилиши, йўқолиши, сотилиши ёки яроқсиз ҳолга келиши эҳтимоли мавжуд. Агар шундай ҳолат юз берса, кейинчалик даъво қаноатлантирилган тақдирда ҳам, ҳуқуқни амалда тиклаш мушкуллашади.

Шу сабабли суд низоли мол-мулкка дарҳол банд солган. Бу билан мол-мулкнинг иш якунига қадар сақланиши ва келгусидаги суд ҳужжатини реал ижро этиш учун зарур шароит яратилган.

Жиззах вилояти фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 2026 йилнинг дастлабки саккиз ойи давомида даъвони таъминлаш билан боғлиқ 90 дан ортиқ ҳолатда тегишли чоралар қўлланилган. Бу рақам даъвони таъминлаш институти назарий норма бўлиб қолмаётганини, аксинча, фуқароларнинг мулкий ва шахсий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда амалий аҳамият касб этаётганини кўрсатади.

Бироқ бундай чораларнинг кенг қўлланилиши уларни автоматик ёки ҳар бир даъво бўйича қўллаш керак, деган маънони англатмайди. Чунки суд ҳар бир ҳолатда даъвони таъминлашга ҳақиқий зарурат бор-йўқлигини баҳолаши лозим. Яъни чора кўрилмаса, келгусида суд ҳужжатини ижро этиш, ҳақиқатан ҳам, қийинлашадими? Танланган чора даъво талабига мутаносибми? У бошқа шахсларнинг ҳуқуқларига зарар етказмайдими?

Албатта, жавобгарнинг миллионлаб сўмлик мол-мулкига банд солиш кичик миқдордаги талаб учун номутаносиб бўлиши мумкин. Шунингдек, шахснинг хўжалик фаолиятини бутунлай тўхтатиб қўядиган чора ҳам низонинг мазмуни ва эҳтимолий хавф билан асослантирилиши лозим.

Шунинг учун даъвони таъминлашда икки манфаат ўртасида ҳуқуқий мувозанат сақланиши керак: бир томонда даъвогарнинг келгусида суд қарорини реал ижро эттириш манфаати; иккинчи томонда эса, жавобгарнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари туради. Одил судловнинг самараси фақат қонуний ва асосли қарор қабул қилиниши билан тугамайди. Фуқаро учун энг муҳим натижа бу —  қарорнинг амалда ижро этилишидир.

Суд даъвогар фойдасига юз миллион сўм ундириш ҳақида қарор чиқарса-ю, қарздорнинг ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки аввалдан бошқа шахсларга ўтказиб юборилган бўлса, фуқаро судда ғалаба қилган, амалда эса, ўз ҳуқуқини тиклай олмаган бўлади. Шу маънода, даъвони таъминлаш суд қарори ижросидан олдин ишлайдиган ҳуқуқий ҳимоя механизмидир. У келгусидаги ижро учун мулкий ёки ҳуқуқий ҳолатни сақлаб туради ва суд ҳимоясининг реал натижа бериш имкониятини оширади.

Айни пайтда даъвони таъминлаш тарафларни келишувга мажбурлаш воситаси бўлмаслиги керак. Лекин низоли мол-мулк сақлаб қолингани ёки уни тасарруф этиш чеклангани тарафларга ишнинг ҳуқуқий оқибатларини реал баҳолаш имконини бериши мумкин. Бу эса, айрим ҳолларда низони суднинг якуний қароригача ўзаро мақбул шартларда ҳал этишга ҳам олиб келади.

Жиззах туманлараро судида кўрилган Д. Мансуров ва жавобгар С. Қосимов ўртасидаги ишда ҳам даъвони таъминлаш чораси қўлланганилганидан сўнг тарафлар ўртасида ҳисоб-китоб амалга оширилиб, низо келишув битими билан якунлангани бунинг амалий мисолидир.

Суд амалиётида қарз маблағларини ундиришдан тортиб, сеп мол-мулкини сақлаш ёки боланинг манфаатларини дастлабки ҳимоя қилишгача бўлган турли муносабатларда ушбу институтнинг аҳамияти намоён бўлмоқда. Шу билан бирга, даъвони таъминлаш чораси ҳар бир ҳолатда асосли, зарур ва даъво талабига мутаносиб бўлиши шарт. Фақат шунда у бир тарафнинг манфаатини ҳимоя қилиш воситасидан чиқиб, одил судловнинг ҳақиқий процессуал кафолатига айланади.

Хулоса қилиб айтганда, суд ҳимоясининг ҳақиқий қиймати қарор қабул қилинганида эмас, балки бузилган ҳуқуқ амалда тикланганида намоён бўлади.

Нодиржон РАСУЛОВ,

Жиззах вилояти суди раисининг ўринбосари –

фуқаролик ишлари бўйича судлов

#thegov_button_6ae317fd81da2 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6ae317fd81da2:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6ae317fd81da2 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6ae317fd81da2:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Click to listen highlighted text!
Skip to content