ДАСТЛАБКИ ЭШИТУВ ИНСТИТУТИ МАЪМУРИЙ СУДЛОВДА ИСЛОҲОТ ҒОЯСИДАН АМАЛДАГИ ПРОЦЕССУАЛ МЕХАНИЗМГА АЙЛАНДИ

Ҳаётда баъзан фуқаронинг қонуний манфаатларига давлат органи томонидан қабул қилинган қарор, мансабдор шахснинг ҳаракати ёки, аксинча, бажарилиши шарт бўлган вазифанинг бажарилмаслиги натижасида зарар етказилиши мумкин.
Масалан, рухсатнома беришнинг рад этилиши, лицензиянинг бекор қилиниши, кадастр, солиқ, қурилиш, ижтимоий таъминот ёки бошқа маъмурий муносабатлар доирасида қабул қилинган қарорлар фуқаро ва тадбиркорнинг ҳуқуқий ҳолатига бевосита таъсир кўрсатиши мумкин.
Бундай вазиятда шахснинг асосий ҳимоя воситаларидан бири — маъмурий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳисобланади. Бироқ замонавий одил судловни фақат суд эшигининг очиқлиги билан баҳолаб бўлмайди.
Мурожаат қабул қилингач, низонинг қанчалик тез, холис ва пухта кўриб чиқилиши, тарафлар қайси масала юзасидан баҳслашаётгани ўз вақтида аниқланиши, далиллар асосий суд муҳокамасига қадар тартибга солиниши ҳам инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Шу жиҳатдан, маъмурий судларда дастлабки эшитув институтининг жорий этилгани муҳим ҳуқуқий қадам бўлди.
Маъмурий суд ишларини юритишга дастлабки эшитув институтини киритиш масаласи дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган эди. Мазкур ҳужжатда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш назарда тутилган.
Мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижроси доирасида 2026 йил 14 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига иқтисодий ва маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар ва тадбиркорлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга ҳамда одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 17-боби “Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш ва дастлабки эшитув” деб қайта номланди ҳамда кодекс 140-1-модда — “Дастлабки эшитув” билан тўлдирилди.
Қонунга кўра, маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар мансабдор шахсларининг фуқаролар ёки юридик шахслар ҳуқуқларига дахл қилувчи қарорлари, ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни суд муҳокамасига тайёрлаш жараёнида дастлабки эшитув ўтказилади. Судья дастлабки эшитувни ариза келиб тушган кундан эътиборан йигирма кундан кечиктирмай ўтказиши лозим.
Ушбу институтнинг аҳамияти, аввало, асосий суд муҳокамасигача ишнинг процессуал ва ҳуқуқий чегараларини аниқлаб олиш имкони билан белгиланади. Аниқроқ айтганда, судья аризачининг талаби нимадан иборат эканлигини, жавобгар қайси важларга эътироз билдиришини аниқлаштиради, аризадаги камчиликларни бартараф этиш чораларини кўради, тарафларга муайян ҳолатларни тасдиқлаш учун қандай далиллар зарурлигини тушунтиради. Зарурат бўлганда, процесс иштирокчилари таркибига оид масалалар ҳам шу босқичда муҳокама қилинади.
Бироқ судьянинг бундай фаоллиги иш тақдирини олдиндан белгилаш ҳуқуқини бермайди. Қонун дастлабки эшитувда ишни мазмунан ҳал этиш юзасидан якуний фикр билдирилишига йўл қўймайди. Бу чегара принципиал аҳамиятга эга. Чунки маъмурий судловда судья бир вақтнинг ўзида ҳам процессни самарали ташкил этиши, ҳам тарафларга нисбатан холисликни сақлаши лозим.
Маъмурий суд ишларининг ўзига хослиги шундаки, низонинг бир томонида, одатда, давлат органи ёки мансабдор шахс туради. Унинг ихтиёрида маъмурий иш ҳужжатлари, хизмат маълумотлари, қарорни қабул қилишга асос бўлган материаллар ва муайян ташкилий ресурслар мавжуд бўлади. Иккинчи томонда эса, ўзининг бузилган ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида судга келган фуқаро ёки тадбиркор туради.
Ўз навбатида, бу ҳолат судьядан пассив кузатувчи бўлиб қолмасликни талаб этади. Низонинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаш, тарафларнинг талаб ва эътирозларини аниқлаштириш ҳамда иш учун зарур материаллар доирасини белгилашда суднинг фаол процессуал роли маъмурий судловнинг мазмунидан келиб чиқади.
Бундай фаоллик қайсидир тарафга ён босишни англатмайди. Судья аризачи ўрнига унинг даъвосини тузиб бермайди ёки давлат органи ўрнига қарорнинг қонунийлигини асосламайди. Унинг вазифаси процессни шундай ташкил этишдан иборатки, якуний қарор тахминга эмас, балки аниқланган ҳолатлар ва текширилган далилларга таяниши зарур. Чунки суднинг фаол позицияси бир тарафни ҳимоя қилиш эмас, балки қонунийлик, холислик ва адолатни таъминлаш воситасидир. Дастлабки эшитув ана шу фаолликни асосий суд муҳокамасидан олдин тартибга солиш имконини беради.
Ташқи томондан қаралса, дастлабки эшитув суд жараёнига яна бир мажлис қўшилгандек таассурот уйғотиши мумкин. Аммо унинг моҳияти, аксинча, асоссиз кечикишларни камайтиришга қаратилган.
Пухта тайёрланмаган иш бўйича асосий суд муҳокамасининг бир неча марта қолдириш эҳтимоли юқори бўлади. Натижада суд ҳам, тарафлар ҳам қимматли вақтини йўқотади.
Тадбиркорлик низосида эса, бундай кечикиш янада кўпроқ зарар келтириши мумкин. Лицензия, рухсатнома, ер ажратиш, солиқ мажбурияти ёки қурилиш билан боғлиқ низонинг бир неча ойга чўзилиши хўжалик фаолиятига реал иқтисодий таъсир кўрсатади. Фуқаро учун ҳам бузилган ҳуқуқнинг кеч тикланиши баъзан ҳуқуқнинг ўзига етказилган зарарни янада чуқурлаштиради.
Шу ўринда хорижий давлатлар тажрибасига назар ташласак, Германия Маъмурий суд ишлари тўғрисидаги қонунининг 86-параграфида суднинг иш ҳолатларини хизмат вазифаси бўйича ўрганиш ваколати белгиланган.
Яъни раислик қилувчи судья формал камчиликларни бартараф этиш, ноаниқ талабларни тушунтириш ва етишмаётган фактик маълумотларни тўлдиришга кўмаклашиши лозим. Қонуннинг 87-параграфида эса, асосий оғзаки муҳокамадан олдин ишни имкон қадар битта мазмунли мажлисда ҳал қилишга тайёрлаш учун зарур чораларни кўриш назарда тутилган.
Судья тарафлардан қўшимча ҳужжат ва тушунтиришлар талаб қилиши, муайян масалалар юзасидан муддат белгилаши, тарафларни низонинг фактик ва ҳуқуқий ҳолатини муҳокама қилиш мақсадида суд биносига таклиф қилиши мумкин.
Бунда асосий ёндашув эътиборга молик: ишни муҳокамага тайёрлаш судьянинг техник ёрдамчи вазифаси эмас, балки одил судлов самарадорлигини таъминлашнинг муҳим қисми сифатида қаралади.
Юқорида баён этилганлардан кўринадики, дастлабки эшитув институтининг вазифаси ишни ҳал қилиш эмас, балки уни ҳал қилиш учун зарур процессуал шароит яратишдир. Судья қайси ҳолатлар баҳсли экани, қайси далиллар тақдим этилиши лозимлиги ва тарафларнинг ҳақиқий ҳуқуқий позицияси нимадан иборатлигини аниқлайди. Аммо қайси тараф ҳақ экани ҳақидаги якуний хулоса асосий суд муҳокамасида, далиллар тўлиқ текширилганидан сўнг шаклланиши шарт.
Дастлабки эшитувнинг аҳамиятини фақат суднинг ички ишини ташкил этиш билан чеклаш тўғри эмас. У маъмурий органлар фаолиятига ҳам билвосита таъсир кўрсатади. Давлат органи қабул қилган қарор судда текширилиши мумкин экан, қарорнинг ўзи аниқ ҳуқуқий асосга ва ишончли фактик материалларга таяниши талаб этилади. Ваколатнинг мавжудлиги уни исталган тарзда амалга ошириш мумкинлигини англатмайди. Ваколат ҳам қонун белгилаган мақсад, тартиб ва чегаралар доирасида қўлланилиши шарт.
Шу боис судда маъмурий қарорга баҳо беришда фақат “Орган бундай қарор чиқаришга ҳақлими?” деган саволнинг ўзи етарли эмас. Қарор қабул қилишда белгиланган тартибга риоя қилинганми, манфаатдор шахснинг фикри эшитилганми, иш учун зарур ҳолатлар тўлиқ ўрганилганми, қарор далиллар билан асосланганми — ана шу баҳсли масалалар ҳам ҳуқуқий баҳолашнинг таркибий қисмига айланади.
Албатта, дастлабки эшитув жараёнида судья ишнинг ҳақиқий мазмунига кириб бориши, тарафлар ўртасидаги баҳс доирасини аниқ белгилаши, асосий муҳокамага тўсқинлик қилиши мумкин бўлган процессуал масалаларни ўз вақтида ҳал этиши керак. Бунда судьядан икки сифат бир вақтда талаб этилади: фаоллик ва холислик. Фаоллик ишни пухта тайёрлаш, холислик эса, тарафларнинг процессуал тенглиги ва адолатли судлов учун зарур.
Бинобарин, мамлакатимиз маъмурий судларида дастлабки эшитув институтнинг мазмунини амалиётда тўғри қўллаш ниҳоятда муҳим. Негаки, сифатли суд муҳокамаси судья асосий мажлисни очган лаҳзадан эмас, балки унгача бўлган тайёргарлик қанчалик пухта ташкил этилганидан бошланади. Дастлабки эшитувнинг ҳуқуқий аҳамияти ҳам айнан шунда — у адолатли қарор қабул қилиш учун зарур бўлган процессуал заминни олдиндан яратади.
Давлат БОБОНОРОВ,
Навоий вилояти
маъмурий суди судьяси

