Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2025-11-24_12-30-43

ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ

Бугун Олий суд Пленуми мажлиси бўлиб ўтди. 

Олий суд раиси Б. Исломов раислик қилган йиғилишда Олий суд ва қуйи судларнинг судьялари, Бош прокурор, Конституциявий суд, Судьялар ассоциацияси ва Адвокатлар палатаси раислари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакиллари, Судьялар олий кенгаши, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.

Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш амалиёти ҳақида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ва айримларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.

Олий суд Пленумининг бугун қабул қилинган “Судлар томонидан шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш амалиёти ҳақида”ги Қарори инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласига доир қонунчиликни судлар томонидан тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди. Ушбу масалага бағишланган амалдаги Олий суд Пленумининг қарори 33 йил аввал, яъни 1992 йил 19 декабрда қабул қилинган бўлиб, охирги ислоҳотлар давридаинсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қатор қонун нормалари қабул қилинганлиги, айниқса, ижтимоий соҳада кенг кўламли ўзгаришлар рўй берганлиги боис, мазкур Пленум қарорини ҳам қайтадан кўриб чиққан ҳолда унинг янги таҳририни қабул қилиш заруриятини юзага келтирди.

Янги Пленум қарорида шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқлари, шахснинг номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматларини ҳам ҳимоя қилиш юзасидан тушунтиришлар берилган.

Хусусан, фуқаронинг шахсий номулкий ҳуқуқларининг бузилиши мулкий оқибатларга олиб келишидан қатъи назар, суд орқали ҳимоя қилиниши лозимлигидан келиб чиқиб, Пленум қарорида бундай шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматлар тушунчаси ёритилиб, ҳар битта асос бўйича кейинги бандларида алоҳида тушунтиришлар берилди.

Суд ҳимоясининг шакли ва усули – бузилган ҳуқуқни тан олиш; бузилишдан олдинги ҳолатни тиклаш; кейинги ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни, жумладан шахснинг розилигисиз ахборот, тасвирлар, шахсий маълумотлардан фойдаланиш, уларни тарқатишни тақиқлаш; ҳуқуқни бузувчи ахборотларни ўчириш, йўқ қилиш ёки блоклаш, моддий ва маънавий зарар учун товон ундириш ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа чоралардан иборат эканлиги ҳақида тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, хаёт ва соғлиққа бўлган ҳуқуқ Конституция, фуқаролик, жиноий ва маъмурий қонунчилиги, шунингдек, халқаро шартномалар билан ҳимояланадиган асосий ва мутлақ шахсий номулкий ҳуқуқлар сирасига кириши, бу ҳуқуқнинг бузилиши фаол ғайриқонуний ҳаракатлар (зўравонлик, ўз жонига қасд қилишга ундаш, тан жароҳати етказиш) шаклида ҳам, соғлиққа зарар етказилишига олиб келган ғайриқонуний ҳаракатсизлик (масалан, тиббий ёрдам кўрсатишни рад этиш) шаклида ҳам намоён бўлиши мумкинлиги, мазкур ҳуқуқни ҳимоя қилиш моддий ва маънавий зарар учун жавобгарлик юклаш, аралашувнинг қонунга хилофлигини тан олиш, шунингдек бузилган ҳуқуқни тиклашга қаратилган бошқа чораларни қўллаш орқали таъминланиши мумкинлиги, бунда ҳаракатлар билан етказилган салбий оқибатлар ўртасидаги сабабий боғланиш бор-йўқлиги аниқланиши шартлигига судларнинг эътибори қаратилди.

Айтиш жоизки, хусусий ва оилавий сирга бўлган ҳуқуқ шахсий муносабатлар ҳақидаги махфий маълумотларни, жумладан никоҳ, фарзандлар, фарзандликка олиш, тиббий ва фуқаро ҳаётининг шахсий соҳасини ташкил этувчи бошқа ҳолатлар тўғрисидаги ахборотларни ҳимоя қилишни ўз ичига олиши, бундай аралашувга фақат қонун асосида ёки шахснинг ихтиёрий равишда берган розилиги билангина йўл қўйилади.

Шу муносабат билан қарорда шахснинг розилигисиз ёки бундай розилик берилган мақсадлардан ташқари кўрсатилган маълумотларни ноқонуний йиғиш, тарқатиш, эълон қилиш ёки улардан фойдаланиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланиши, болалар ва оилавий муносабатлар ҳақидаги маълумотларни ошкор этилиши шаън, қадр-қиммат, обрў ва бошқа шахсий ҳуқуқларга жиддий зарар етказиш деб баҳоланиши ва бундай маълумотлар алоҳида ҳимоя қилиниши лозимлиги ҳақида тушунтиришлар берилди.

Бундан ташқари, шахсий номулкий ҳуқуқларни ва бошқа номоддий бойликларни ҳимоя қилиш ҳақидаги талабларга даъво муддати татбиқ қилинмаслиги, ушбу ҳуқуқларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги аризалар судларда кўрилиши ва судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар ҳақида тушунтиришлар берилди.

Низоли маълумотларни ҳар қандай шаклда (шу жумладан Интернет тармоғи ва бошқа ахборот каналлари орқали) тарқатишни вақтинча тақиқлаш; даъвогарнинг ҳуқуқларини бузувчи маълумотларни ўз ичига олган веб-саҳифа, аккаунт ёки бошқа рақамли ресурсга киришни тўсиб қўйиш; шахсий маълумотларни қайта ишлаш, сақлаш ёки тарқатишни тўхтатиб туриш ёки бошқача тарзда чеклаш каби ҳолатлар даъвони таъминлаш чораларига кириши мумкинлиги ҳақида тушунтиришлар берилди.

Судлар томонидан жиноят учун қонуний ва адолатли жазо тайинланиши одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган шахсга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги ҳақидаги конституциявий норма судлар томонидан жазо тайинланишида асосий мезон бўлмоғи лозим.

Дарҳақиқат, адолатли жазо тайинланиши жиноят содир қилган шахсларни ахлоқан тузатиш, маҳкум ва бошқа шахслар томонидан янги жиноятлар содир этилишининг олдини олишга эришиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Ҳозирда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши суд амалиётида қонун нормалари тўғри қўлланилишини қайта таҳлил қилиш ва судларга керакли тушунтиришлар беришни тақозо қилади.

“Ўзбекистон 2030” стратегиясида озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш вазифаси қўйилган. Бу нафақат миқдорий кўрсаткич, балки жиноят учун жазо тайинлаш сиёсатидаги туб ўзгаришларни англатади.

Судлар томонидан жазо тайинлаш амалиётида юзага келаётган масалалар муносабати билан, шунингдек қонун нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланишини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарор қабул қилинди.

Ушбу қарор суд амалиётини бирхиллаштиришга, жиноий жазо тизимининг замонавийлашишига, инсон ҳуқуқлари ҳамда жамият хавфсизлиги ўртасидаги мувозанатни самарали таъминлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Ресубликаси Президенти томонидан қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорлар асосида қонунчиликка жиддий ўзгартиришлар киритилди. Фуқаролик кодекси, Ер кодекси, суд ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига янги нормалар қўшилди. Бу эса, мавжуд Пленум қарорларини янги қонунчиликка мослаштиришни тақозо этади.

Олий суд Пленумининг “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ва айримларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қароридаги ўзгартиришлар уч асосий йўналишни қамраб олади: кредит муносабатлари ва гаров масалалари, суд ҳужжатларини ижро этиш тартиби ҳамда ерга оид ҳуқуқий муносабатлар. Ушбу соҳаларнинг ҳар бири иқтисодий ҳаёт ва фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу Пленум қарори мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган бўлиб, у судларга аниқ йўл-йўриқлар беради, қонунчиликка киритилган қўшимча ва ўзгартишларни инобатга олган ҳолда амалдаги Пленум қарорлари тушунтиришлари бойитилиши самараси ўлароқ қонунларни тўғри ва бир хилда қўллаш, ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилади.

Қабул қилинган қарорлардаги тушунтиришлар келгусида қонунчилик нормаларини тўғри ва бир хилда қўллашга хизмат қилиб, одил судловни амалга ошириш, қонуний ва адолатли қарорлар қабул қилиниши билан бир қаторда судлар томонидан қонун нормалари бир хилда талқин қилиниши ва ягона суд амалиётини яратишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Пленум қарорлари матнлари Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ахборотномаси” ва “Куч -адолатда” газетасида эълон қилинади.

 

photo_2026-01-13_23-07-06

ҚАРЗДОР ФАОЛИЯТИ ТИКЛАНДИ

Сўнгги йилларда юртимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, рақобатни оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётгани самараси ўлароқ иқтисодиётимиз янада мустаҳкамланиб, аҳоли даромади ортиб бормоқда.

Албатта, замонавий дунёда мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва барқарорлигини таъминлашда тадбиркорлик фаолияти ривожи ўта муҳим ўрин тутади.

Тадбиркорлик фаолияти эса, моҳиятан, таваккалчиликка асосланганлиги боис бизнес режа ва мақсадларни кўзланган муддат ва миқдорда амалга ошириш шартнома тарафларининг ўз мажбуриятларини ўз вақтида тўлиқ бажаришига, турли хил кўринишдаги форс-мажор ҳолатлар ва бошқа шу каби омилларга бевосита боғлиқдир.

Ҳатто тадбиркорлик субъекти фаолияти давомида турли хил қийинчиликларга дуч келиши, баъзан тўловга қобилиятсизлик ҳолатига ҳам тушиб қолиши мумкин.

Албатта, бундай вазиятда амалдаги қонунларимизда тадбиркорлик субъектини қўллаб-қувватлаш, унинг тўлов қобилиятини тиклашга қаратилган бир қатор қоидалар белгиланган. Жумладан, амалдаги “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун айнан шундай ҳолатга тушиб қолган корхоналарга ўз фаолиятини қайта ташкил этиш ва тўлов қобилиятини тиклашга имкон бериш орқали иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, кредитор — Навоий вилоят солиқ бошқармаси иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарздор «Qizilqum agro klaster» хусусий корхонасини соддалаштирилган таомил бўйича тўловга қобилиятсиз деб топишни сўради.

Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг 2024 йил 22 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан қарздор корхона тўловга қобилиятсиз деб топилган ва тугатишга доир иш юритиш бошланган.

Айтиш керакки, тугатиш ишлари жараёнида қарздор корхонанинг молия-хўжалик фаолияти суд томонидан доимий равишда таҳлил қилиб борилиб, ўз фаолиятини қайта тиклаш учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.

Бунинг натижасида қарздор бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалардан 42 716 829 сўм, давлат божидан 1 125 000 сўм, почта харажатидан 37 500 сўм кредиторлик қарзини тўлаб, тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш истагини билдирди. Яъни қарздорнинг тўлов қобилияти тикланганлиги сабабли суд томонидан тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги иш юритишни тамомлаш ва қарздор фаолиятини тиклаш лозим деб топилган.

Бу, ўз навбатида, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун талабига қатъий риоя этилганининг амалдаги самарасидир.

Зеро, ушбу қонуннинг қабул қилиниши иқтисодий жиҳатдан танг аҳволга тушиб қолган тадбиркорлик субъектларини тугатиб юбориш эмас, балки уларни молиявий соғломлаштириш, шу билан бирга, соҳада вужудга келаётган янги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда муҳим ўрин тутмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, ушбу қонун тўловга қобилиятсизлик ҳолатидаги корхоналарга нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллаш орқали уларнинг фаолиятини тиклаш ва мамлакатимизнинг халқаро рейтингларда тўловга қобилиятсизлик индикаторидаги ўрнини ошириш имконини бермоқда.

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро

иқтисодий суди раиси

photo_2026-01-13_17-33-25

ЖИЗЗАХ ШАҲРИДА “АДОЛАТ САРОЙИ” ҚАД РОСТЛАДИ

Жиззах вилояти судларининг янги биноси тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Жамоатчилик вакиллари, суд фахрийлари ва турли соҳа масъуллари иштирок этган тантанали очилиш маросимида Олий суд раиси Б. Исломов, Судьялар олий кенгаши раиси Х. Ёдгоров, Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари З. Азимов ва суд фахрийси Б. Норхўжаев сўзга чиқиб, янги суд биносининг очилиши билан барчани қутлади.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, одил судловни амалга оширилиши учун судларга ташриф буюрувчи фуқаролар ҳамда суд процессларининг барча иштирокчилари учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратилишига алоҳида эътибор берилмоқда.

Хусусан, суд тизимини ислоҳ қилиш доирасида судлар моддий-техника базасини янада яхшилаш, соҳада рақамлаштиришни кенгайтириш, ахборот тизимларини такомиллаштириш орқали одамларга қулайликлар яратиш бўйича қатор ижобий ишлар олиб борилмоқда.

Жиззах вилояти судларининг янги маъмурий биноси замон талаблари асосида қурилиб, фойдаланишга топширилгани ҳам амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси десак муболаға бўлмайди.

Мазкур суд биноси видеоконференцалоқа тизими, аудиофиксация, инфокиоск, корпоратив тармоқ каби энг замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган бўлиб, бу, авваламбор, суднинг очиқлиги, шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

Тантанали тадбирда қайд этилганидек, янги бинода фаолият олиб борадиган ҳар бир судья ва ходим давлатимиз раҳбарининг “Суд биносига келган ҳар бир фуқаро Ўзбекистонда адолат борлигига ишонч ҳосил қилиб кетиши керак” деган сўзларини доимо ёдда тутиши керак.

Шунингдек, бу кўркам ва замонавий бинода доимо адолат ҳукм суришига, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояланиши тўлиқ таъминланишига ишонч билдирилди.

Тадбирда бино қурилишида жонбозлик кўрсатган қурувчиларга алоҳида миннатдорлик билдирилиб, эҳтиром кўрсатилди.

Сўнгра тантанали очилиш маросимининг рамзий тасмалари кесилиб, ташриф буюрган меҳмонлар суд биносида яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

photo_2025-11-18_14-26-24

ИНСОНПАРВАРЛИК ТАМОЙИЛИ СУД ҲУКМЛАРИНИНГ АСОСИНИ ТАШКИЛ ЭТАДИ

Бугунги кунда ҳар бир иш бўйича адолатни юзага чиқариш ва қонун устуворлигини таъминлаш судлар олдига қўйилган энг муҳим вазифадир. Зеро, Янги Ўзбекистон инсон қадри устувор бўлган давлатдир.

Судлар томонидан кейинги уч йилда 3 000 нафардан зиёд фуқарога оқлов ҳукми чиқарилгани ҳам инсон қадрини улуғлаш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.

Буни пойтахтимизнинг Юнусобод туманида яшовчи Сардор Роминов суд томонидан оқланиб, ҳуқуқлари ҳимоя қилингани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Шу ўринда бу ҳақида батафсил тўхталадиган бўлсак, тергов органи томонидан эълон қилинган айбловга кўра, 2022 йил декабрь ойи бошида Достон Тўлқинов С. Роминовдан 130 000 АҚШ доллари қарз бериб тура оладиган одам топиб беришини илтимос қилади. Бинобарин, С. Роминов уни анчагина бадавлат Олег Ни билан таништириб қўяди. Шундан сўнг 2022 йил 9 декабрь куни Олег Ни ва Д. Тўлқиновнинг қариндоши У. Каримов ўртасида 1 миллиард 841 миллион сўмлик қарз ва гаров шартномалари имзоланади. Аммо С. Роминов билан таниши Бахтиёр Юлдошев ушбу пулнинг 6 200 АҚШ долларини олиб қолишади. Оқибатда Д. Тўлқинов 69 миллион сўм зарар кўради.

Бундан ташқари С. Роминов 2023 йил 5 январь куни Владимир Лимдан Ю. Ибрагимовга қарзга 70 000 АҚШ доллари олиб беради. Бунинг учун эса В. Лим ва Ю. Ибрагимовнинг отаси Д. Ибрагимов ўртасида 1 миллиард 145 миллион сўмлик қарз ва гаров шартномалари нотариал тартибда  тасдиқланади. Бироқ С. Роминов ушбу қарзнинг 10 000 АҚШ долларини ўзбошимчалик билан олиб қолади. Бу ҳаракати билан у қарздорга 112 миллион сўм зарар етказилишига сабабчи бўлади.

Орадан 4 ой ўтиб, Б. Жўраев ҳам унга бирор танишидан 130 000 АҚШ доллари миқдорида қарз олиб беришини илтимос қилади.

Ўз навбатида, С. Роминов Б. Жўраевни ҳам Олег Ни билан учраштиради.

Фақат бу гал Олег Ни қарз ва гаров эвазига эмас, балки мулк олди-сотди шартномаси асосида қарз беришини айтади. Албатта, чорасиз қолган Б. Жўраев бунга рози бўлади. Натижада 2023 йил 29 апрель куни ҳақдор ва бўлажак қарздорнинг таниши Б. Бузруков ўртасида 1 миллиард 700 миллион сўмлик олди-сотди шартномаси имзоланади. С. Роминов ва Бахтиёр Юлдошев эса, бу пулнинг 6 900 АҚШ долларини олиб қолишади.

Бунинг оқибатида Б. Жўраев 78 миллион 127 минг сўм зарар кўради.

Буни қарангки, 2023 йил май ойида Достон Тўлқинов яна С. Роминовнинг олдига илтимос билан келади. Бу сафар у 120 000 АҚШ доллари қарз бера оладиган шахсни топиб беришини сўрайди. Бинобарин, С. Роминов уни Юрий Ан билан таништириб қўяди. Бу танишувдан сўнг Юрий Ан билан Д. Тўлқиновнинг отаси Д. Каримов ўртасида 1 миллиард 632 миллион сўм миқдорида қарз ва гаров шартномалари нотариал тартибда расмийлаштирилади. Кейин эса, одатдагидек, С. Роминов ва Б. Юлдошев Юрий Ан берган пулдан 6 000 АҚШ долларини олиб қолишади. Тергов органи томонидан бу Д. Тўлқиновга етказилган 68 миллион 102 минг сўм зарар сифатида баҳоланган.

Айтиш керакки, тергов органи томонидан эълон қилинган айбловда фуқаро Гўзал Султонова билан боғлиқ ҳолат ҳам ўрин олган. Аниқроқ айтганда, бу аёл 2023 йил ноябрь ойида С. Роминовдан кимдандир 120 000 АҚШ доллари қарз олиб беришни илтимос қилади. Шундан сўнг С. Роминов уни Владимир Лим билан таништириб қўяди. Бироқ В. Лим худди Ю. Ибрагимов билан бўлгани сингари қарзни нотариал тартибда расмийлаштириб беришини айтади. Бинобарин, Владимир Лим ҳамда Г. Султонованинг қизи Ф. Абдулҳамидова ўртасида 1 миллиард 420 миллион сўмлик қарз ва гаров шартномалари тузилади. 2024 йил 27 январь куни эса, ушбу шартномаларга тузатиш киритилиб, қарз миқдорини 2 миллиард сўм деб тан олиш ҳақидаги келишув имзоланади. Албатта, С. Роминов бу маблағ ҳисобидан 5 400 АҚШ доллари олиб қолади. Оқибатда Г. Султоновага 65 миллион 327 минг сўм зарар етади.

Кейинчалик қарздорлар С. Роминовнинг ҳаракатларидан норози бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилишади. Бинобарин, унга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари билан 3 та, 168-модда 4-қисми “а”, “в” бандлари билан 3 та, 168-модда 4-қисми “а”, “в” бандлари билан эса, 3 та жиноят иши қўзғатилади.

Аммо тергов органи С. Роминовга Жиноят кодексининг ушбу моддалари билан айб эълон қилиб, барвақт хулосага келган. Чунки суд мажлисида гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган Ю. Ан, В. Лим ва О. Ни С.Роминов билан жиноий тил бириктиришмагани ва у томонидан олиб қолинган пуллардан манфаатдор бўлишмаганини маълум қилишди.

Қолаверса, иш ҳужжатларида С. Роминовнинг бошқалар билан жиноий тил бириктирганини тасдиқловчи бирон-бир объектив далил мавжуд эмас.

Шунингдек, суд мажлисига қадар жабрланувчи Ю. Ибрагимов ва Б. Жўраев томонидан қарз, гаров ва олди-сотди шартномаси мажбуриятлари бажарилгани сабабли мол-мулклар гаровдан ечилган.

Олий суд Пленумининг “Иқтисодиёт соҳасидаги жиноий ишлар бўйича суд амалиётида юзага келган айрим масалалар тўғрисида”ги қарори 12-бандига мувофиқ, қонунга биноан товламачилик ўзганинг мулкини ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни тақозо қилишини судлар эътиборга олишлари керак. Шу билан бирга, қарздордан қарзни талаб қилиш Жиноят кодексининг 165-моддаси билан тавсифланиши мумкин эмас. Лекин айрим ҳолларда ўзбошимчалик тариқасида баҳоланиши лозим. Борди-ю, қарздор ва қарз берувчи ўртасида фоизлар тўлаш бўйича олдиндан келишув бўлмаса, берилган қарз учун фоиз талаб қилиш товламачилик жинояти таркибини ташкил қилади.

Аммо юқорида баён этилган ҳолатларда жабрланувчилардан қарз, гаров ва олди-сотди шартномаларида белгиланганидан ортиқ пул талаб қилинмаган.

Бундан ташқари Сардор Роминов ва Бахтиёр Юлдошев ҳақдорлар томонидан қарздорларга берилган пуллардан ўзбошимчалик билан 69 146 038 сўм, 112 034 100 сўм, 78 127 656 сўм, 68 102 880 сўм ҳамда 65 327 852 сўмни келгусидаги тўланмай қолиши мумкин бўлган фоизлар учун гаров тариқасида олиб қолишган.

Жиноят кодексининг 229-моддасида ўзбошимчалик, яъни ҳақиқий ёки фараз қилинган ҳуқуқларни ўзбошимчалик билан амалга ошириш фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлгани учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Суд ҳукми чиқарилган кунда базавий ҳисоблаш миқдори 375 000 сўмни, кўп миқдор эса 112 миллион 500 минг сўмни ташкил этган. Бу ҳолат С. Роминов ва Б. Юлдошев томонидан жиноят содир этилганини инкор этади. Яъни уларнинг ҳаракатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-моддаси билан малакаланиши лозим.

Қисқаси, суд юқорида баён этилган асосларга таяниб, Сардор Роминовни айбсиз деб топиб, оқлади. Бинобарин, унга нисбатан қўлланилган қамоқда сақлаш эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залидан озод қилинди.

Қолаверса, оқланувчига ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини бартараф этиш учун Жиноят процессуал кодексининг 304-312-моддалари тартибида судга мурожаат қи­лиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Шунингдек, С. Роминовнинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлгани боис иш материаллари Тошкент шаҳар прокурорига юборилди.

Албатта, судлар фаолиятидан бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Шуни эътироф этиш лозимки, айбсизлиги исботланиб, оқланган фуқаролар ҳамда уларнинг яқинлари ҳақиқат эгилиши ёки букилиши, лекин синмаслигига, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг инсонпарварлигига ишонч ҳосил қилишяпти. Аслида, тизимдаги ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳам шу.

Дилноза ҲОЛИҚНАЗАРОВА,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси

 

photo_2025-12-02_16-39-44

ФОЖИАГА УНДАГАН РАШК

Бундан уч йил муқаддам – 2022 йилнинг март ойида пойтахтимизда яшовчи Зарифа Эралиева (исм-шарифлар ўзгартирилган) “Нексия-3” русумли автомашинасида енгил йўл транспорт ҳодисасига учрайди. Оқибатда воқеа жойига етиб келган ИИБ йўл патрул хизмати ходимлари томонидан ҳужжатлар расмийлаштирилади.

Шундан сўнг автомашина устахонага олиб бориш учун эвакуаторга юкланади. Йўлда кетаётиб, З. Эралиева эвакуатор ҳайдовчиси Ихтиёр Исомов билан танишиб қолади ва ўзаро телефон рақамларини алмашишади.

Орадан бир неча кун ўтгач, З. Эралиева автомашинасини устахонадан олиб кетади. Аммо транспорт воситаси одатдагидан бошқачароқ ҳаракатланаётгани боис усталарнинг ишидан кўнгли тўлмайди.

Бинобарин, у И. Исомовга қўнғироқ қилади.

— Бу усталарнинг иши менга ёқмади. Яна бир талай эҳтиёт қисмлари сўрашяпти, — дейди норози овозда.

— Бошқа таниш усталарим бор, ўша ерга олиб борамиз, — дейди эвакуатор ҳайдовчиси.

И. Исомов ўша куннинг ўзида З. Эралиеванинг автомашинасини Мирзо Улуғбек туманида жойлашган автомобилларни таъмирлаш устахонасига олиб боради. Бу устахонада усталар автомашинани кўнгилдагидек таъмирлаб беришади. Бунинг учун З. Эралиева И. Исомовга ҳам миннатдорчилик билдиради.

Шундан сўнг З. Эралиева билан И. Исомов телефон орқали тез-тез гаплашиб туришади. Охир-оқибат эса уларнинг ўртасида яқин муносабат пайдо бўлади. З. Эралиева ёлғиз аёл эди.

Орадан беш-олти ой ўтгач, уларнинг ўзаро муносабатидан И. Исомовнинг рафиқаси К. Исомова хабар топади. Аниқроғи, у эрининг қадам олиши ўзгариб, уйга тун ярмида қайтадиган одат чиқаргани, баъзан турли хил баҳоналар билан умуман келмай қолишидан шубҳаланади. Бинобарин, К. Исомова яширинча эрининг уяли телефон аппаратини текшириб кўради.

Оқибатда ижтимоий тармоқнинг “Telegram” иловасида И. Исомовнинг З. Эралиева билан қаҳвахона ва ресторанларда бирга ўтиргани, шунингдек, уларнинг бир-бирига севги изҳор қилиб, кўнгилхушлик қилиб юришгани акс этган видеолар ва аёлнинг ахлоқсиз суратларига кўзи тушади. Табиийки, бундан К. Исомованинг фиғони фалакка чиқади ва қўллари титраб, З. Эралиевага қўнғироқ қилади.

— Эрим билан қачондан буён танишсиз, — дейди у дағдаға билан.

— Эринг менга керак эмас, — дейди З. Эралиева ўзини оқлаб. — Керак бўлса йиғиштириб ол.

— Сиз билан кўришиб, гап­лашиб олсак, бўладими? — сўрайди К. Исомова.

— Мен ҳозир йўлдаман, Самарқандга кетаяпман, — дея З. Эралиева учрашишни рад этади.

Аммо К. Исомова барибир ўзини босолмайди, у ўша заҳотиёқ эрини сўроққа тутади.

— Бўлмаган гап, — дея эри айбини тан олмайди. Ўз навбатида, у хотинига дўқ-пўписа қилади: – Сен нега рухсатсиз телефонимни титкиладинг? Ҳали шошмай тур, қўлингни синдираман…

Гап шундаки, ўша пайтда К. Исомова оғироёқ эди. Шунинг учун эрининг хиёнати, оиладаги машмашалардан асаби қаттиқ бузилиб, касалхонага тушиб қолади. Аммо И. Исомов Зарифа билан учрашишдан ўзини тиймайди. Бундан баттар эзилган К. Исомова яна З. Эралиевага қўнғироқ қилади.

— Аёл сифатида менинг аҳволимни, касал эканимни тушунинг, илтимос. Сиз эримни чақирмасангиз, қўлидан ҳеч нарса келмайди, — дейди йиғлаган кўйи.

Аммо ўзининг ҳою-ҳавасидан бошқа нарсани ўйламайдиган З. Эралиева унинг гапларига парво қилмади. Охир-оқибат К. Исомова аламдан ўзини қаерга қўйишни билмай З. Эралиевадан ўч олишни ўйлайди. Яъни у эрининг телефон рақами орқали “Instagram” ижтимоий тармоғида З. Эралиева номига янги профил очади. Сўнгра ушбу профил орқали аёлнинг ахлоқсиз суратларини тарқатиб юборади. Қарабсизки, кўп ўтмай З. Эралиеванинг суратлари “Instagram” фойдаланувчилари ўртасида жиддий муҳокамага айланади.

Аммо З. Эралиева негадир аввалига бу ҳақда ҳеч кимга ҳеч нарса демайди. Фақат кейинчалик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади. Бинобарин, ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилади.

Суд-лингвистика экспертизаси хулосасига кўра, К. Исомованинг ҳаракатлари инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳолат эканлиги тасдиқланади. Шу боис жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди К. Исомовани Жиноят кодексининг 141-3-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топди.

Таъкидлаш керакки, бу қилмиш ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят ҳисобланади. Жиноят кодексининг 64-моддасига кўра, бу тоифадаги жиноят содир этилган кундан бошлаб, икки йил ўтган бўлса, шахс жавобгарликдан озод этилади. К. Исомова З. Эралиеванинг суратларини 2023 йил 30 сентябрь куни ижтимоий тармоқда тарқатган. Шундан келиб чиққан ҳолда суд К. Исомовани айбдор деб топиш баробарида кодекснинг юқоридаги моддаси асосида жазодан озод қилди.

Албатта, жазодан озод қилингани судланувчига қилмишидан тегишли хулоса чиқариб олиши учун берилган бир имкониятдир.

Аммо И. Исомов ва З. Эралиеванинг хатти-ҳаракатини мутлақо оқлаб бўлмайди. Айниқса, И. Исомовнинг хиёнат кўчасига қадам босгани оиласига нисбатан масъулиятни ҳис этмаслиги, ахлоқий мезонларни кўр-кўрона топташини кўрсатади.

Ҳолбуки, оила — муқаддас даргоҳ. Оиланинг устуни — эр ва хотин аввало намунали одоб-ахлоқи, масъулият ва жавобгарликни чуқур ҳис этиши билан фарзандларга ибрат бўлиши лозим.

Баҳромжон БЕРДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани

суди судьяси

 

photo_2026-03-04_09-58-07

МАККОР АЁЛНИНГ ҲИЙЛАСИ

Халқимизнинг шарқона табиатида ҳаётда қийналган одамга ёрдам қўлини чўзиш, беминнат мурувват кўрсатиб, оёққа туриб олишига кўмаклашишдек эзгу ва хайрли амаллар азалдан мавжуд.

Бироқ ўзини меҳр-оқибатли, саховатли, савобталаб қилиб кўрсатиб, содда одамларнинг ишончига кирадиган, сўнгра ана шу ишончни суиистеъмол қилиб, унинг ортидан пул ишлаб олишга уринадиган кимсалар ҳам йўқ эмас.

Сорахон (исм-шарифлар ўз­гартирилди) қўлида тайин ҳунари йўқ, шу сабабли муқим бир ишда ишламайди, кекса ота-онаси билан яшаса-да, уларга оғири тушмаслиги учун одамларнинг майда-чуйда ишларини қилиб, оз-моз пул топади. Ўтган йил 16 май куни тасодифан Мавжуда Тешаева исмли аёл билан танишиб қолади. Бунга М. Тешаеванинг худди эски қадрдонлардек меҳрибонларча сўрашгани, оилавий шароити билан қизиққани сабаб бўлганди.

Ҳаётда бироз бўлса-да, қийналган содда қиз меҳрибон аёлни тақдир кутилмаганда ўзига рўбарў қилганидан қувониб кетади. Чунки М. Тешаева Самарқанд шаҳар, Қорасув масканидаги кўп қаватли уйлардан бирида хонадони борлиги, ўзи билан бирга яшаб, ҳар куни ишга чиқиб келиши мумкинлигини айтганди.

Шу куни Сорахон М. Тешаеванинг уйида тунайди. Кечқурун иккаласи бирга овқатланишади. М. Тешаеванинг уйқу олдидан худди ўз уйидек эмин-эркин, тортинмай яшаши мумкинлиги ҳақидаги гапларини Сорахон такрор эсларкан, хонадон эгасига нисбатан меҳри тобора ошиб бораётганди.

Эртаси куни эрталаб нонуштадан сўнг Сорахон М. Тешаевадан уйидан кийим-кечакларини олиб келиш учун такси чақириб беришини сўрайди.

Кўп ўтмай М. Тешаева такси келганлигини айтгач, улар бирга кўп қаватли уйнинг ҳовлисига тушишади. “Матиз” русумли автомашина экан.

Автомашина эгаси М. Тешаеванинг таниши бўлса керак, улар “Матиз”нинг салонида ўтириб, нималарнидир узоқ гаплашишади.

Кейин М. Тешаева автомашинадан тушади ва “таксига ўтиринг, сизни уйингизга олиб бориб, олиб келади” дейди. Аммо автомашина ҳали ҳаракатланмасидан кутилмаган воқеа рўй беради, М. Тешаевани ички ишлар ходимлари ушлайди. Тинтув чоғида унинг ёнидан 2 миллион сўм чиқади. Сорахон кейинчалик билса, М. Тешаева уни 2 миллион сўм эвазига “Темур” исмли кимсага саунада ишлатиш ва жирканч иш билан шуғулланиши учун сотган экан…

Шу ўринда ушбу жиноий ҳодиса тафсилотлари баёнини кейинга қолдириб, одам савдоси жинояти ва унга қарши курашиш борасидаги халқаро ҳамда мамлакатимизда амалда бўлган ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар хусусида бироз фикр юритсак.

Маълумки, одам савдоси жинояти дунё миқёсида глобал муаммо сифатида кенг жамоатчиликни ташвишлантирмоқда. Жиноятчиликнинг ушбу мудҳиш турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қатор тавсиявий ҳамда бажарилиши мажбурий ҳужжатлари қабул қилинган.

Мисол учун БМТнинг 1949 йилги ”Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисида”, 1956 йилда қабул қилинган ”Қуллик ва қул савдосини, қулликка ўхшаш институтлар ва одатларни бекор қилиш тўғрисида”ги қўшимча Конвенциялари, шунингдек, 2000 йилда расмийлаштирилган “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳақида”ги Конвенцияни тўлдирувчи “Одамлар, айниқса, аёллар ва болалар савдосини тўхтатиш, олдини олиш ва унинг учун жазо тўғрисида”ги баённомани кўрсатиш мумкин.

Мамлакатимиз миллий қонунчилигида одам савдоси, шу каби мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Энг асосийси, бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Буни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларига киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалардан ҳам билиб олиш мумкин.

Айниқса, 2020 йил 17 августда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилинганлиги муҳим воқеа сифатида эътироф этилди. Янги таҳрирдаги қонунда одам савдосига қарши курашиш бўйича муҳим тамойиллар билан биргаликда, асосий тушунчаларга аниқ таъриф берилганки, бу одам савдоси билан шуғулланувчиларни жиноий таъқиб этиш, шу каби жабрланувчиларнинг манфаатларини мустаҳкам ҳимоялашда ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда.

Энди юқоридаги воқеа тафсилотларига қайтадиган бўлсак, судланувчи М. Тешаева кўчадан уйига бошлаб келган С. Мамаражабовани одам савдоси, яъни одамни ундан фойдаланиш мақсадида топшириш орқали сотиб, бойлик орттиришни мақсад қилган. Хўш, ўзини сахий, ҳожатбарор, савобталаб қилиб кўрсатган бу аёл аслида ким ўзи?

Очиғини айтганда, “қаҳрамонимиз”нинг турмуши биров ҳавас қиладиган эмас. Оиласидан ажрашган, 2 нафар вояга етмаган фарзанди бор, якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланган, муқаддам судланмаган.

Самарқанд вилоят ИИБ эксперт криминалистика бўлимининг 2025 йил 26 майдаги судга оид кимёвий экспертиза хулосаси М. Тешаевани айбдор эканлигини очиқлаганки, бу ҳақда ўқувчининг қимматли вақтини олишга ҳожат йўқ кўринади.

Судда сўроқ қилинган судланувчи айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. С. Мамаражабова билан танишгач, унга раҳми келиб, ўзи яшаб турган Самарқанд шаҳридаги хонадонга олиб келган. Шу куни унга олдиндан таниш бўлган саунада ишловчи “Темур” қўнғироқ қилиб, қиз кераклигини айтган. Шунда Сорахондан “СПА” салонида ишлашга розилигини сўраб, сўнг “Темур”га қўнғироқ қилган ва 2 миллион сўм эвазига уни топширишини билдирган.

Суд тергов органи томонидан судланувчи М. Тешаевага Жиноят кодексининг 135-моддаси 1-қисми билан қўйилган айбловни муҳокама қилди. Иш ҳужжатларидан ва суд муҳокамасида судланувчининг жиноий қилмиши тўлиқ исботини топди.

Бир қарашда, М. Тешаеванинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “к” бандида назарда тутилган фоҳишалик билан шуғулланишга жалб этиш мақсадида одам савдоси жиноятини содир этишда ифодаланган жиноят аломатлари бордек кўринади. Аммо ушбу банд, яъни Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисмига 2025 йил 19 майдаги 1065-сонли қонун билан ўзгартиш киритилган. Бу жиноий қилмиш эса, ушбу қонун қабул қилинишидан илгари, яъни 2025 йил 17 май куни содир этилган. Ана шу сабабга кўра, суд тергов органи томонидан унинг ҳаракатлари жиноят содир этилган вақтда амалда бўлган қонун, яъни Жиноят кодексининг 135-моддаси 1-қисми билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблади.

Суд судланувчига нисбатан жазо тури ва меъёрини белгилашда Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарори раҳбарий тушунтиришларига асосланди. Суд М. Тешаевага нисбатан жазонинг муқаррарлигини таъминлади, унга уч йил олти ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Гувоҳи бўлганингиздек, кутилмаган мурувват, аслида, маккор аёлнинг ҳийласи бўлиб чиқди.

Донишманд халқимиз “Одамнинг оласи ичида” деб бежизга айтмаган.

Бундан шундай хулоса келиб чиқади: танимаган, билмаган, оғзидан бол томиб гапирган, ўзини меҳрибон қилиб кўрсатган одамга ишонавермаслик керак. Соддалик ва ўта ишонувчанлик одам савдоси қурбонига айланиб қолишга сабаб бўлиши мумкин.

Жаҳонгир Арсланов,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд шаҳар суди

раисининг ўринбосари,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

 

photo_2025-12-19_17-32-38

МЕДИАЦИЯНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири — бу низоларни судгача ҳал этиш механизмларини ривожлантириш, жумладан, медиация институтини кенг жорий этишдир.

Медиация институтининг замонавий тенденциялари, яъни унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш; институционал жиҳатларини мустаҳкамлаш; процессуал нормалар таъсирини кучайтириш; иқтисодий ва инвестициявий аҳамиятини ошириш; қўллаш соҳасини рақамлаштириш; халқаро ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш орқали низоларни судгача самарали ҳал этиш имкониятларини кенгайтиришда намоён бўлмоқда.

Шу сабабли медиаторлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, медиатив келишувларнинг ҳуқуқий аҳамиятини кучайтириш ва уларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифага айланди.

Шу мақсадда 2025 йил 20 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига низоларни муқобил ҳал этишда медиация институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун медиация амалиётини ҳуқуқий, институционал ва процессуал жиҳатдан сезиларли даражада такомиллаштирувчи муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Ушбу қонун билан амалдаги «Медиация тўғрисида», «Нотариат тўғрисида», «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида», «Давлат божи тўғрисида»ги қонунлар, шунингдек, Оила, Солиқ, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал кодексларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, “Медиация тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар:

биринчидан, қонуннинг амал қилиш доирасини кенгайтирди ва у фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан, мижоз ва банк (кредит ташкилотлари) ўртасидаги муносабатлардан, суғурта шартномасидан юзага келадиган муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга, меҳнат ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланди;

иккинчидан, медиация соҳасини давлат сиёсати даражасида тартибга солиш мақсадида, қонунга «11-боб. Медиация соҳасини тартибга солиш” банди киритилди, унга кўра, Адлия вазирлиги медиация соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

учинчидан, медиаторга доир талаблар кучайтирилди, унга мувофиқ, олий маълумотга эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, малака имтиҳонини топширган ва Медиаторлар реестрига киритилган жисмоний шахс Ўзбекистон Республикасида медиаторлик фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Ўзбекистон Республикасида адвокат ёки нотариус мақомига эга бўлган шахсларнинг малака имтиҳонини топшириши талаб этилмайди.

Шунингдек, қуйидагилар медиатор бўлиши мумкин эмаслиги аниқ белгиланди: а) давлат хизматида турган шахс, бундан педагогик, илмий, ижодий, нотариал фаолият билан шуғулланувчи шахс мустасно; б) муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлган шахс; в) судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс. Бундан, айбсизлик презиумциясини эътиборган олган ҳолда, “ўзига нисбатан жиноий таъқиб амалга оширилаётган шахс” чиқариб ташланди; тўртинчидан, қонун Медиаторлар реестрига киритиш бўйича малака имтиҳонини ўтказиш, Медиаторлар реестридан чиқариш тартиби ва шартлари ҳамда медиаторнинг жавобгарлиги тўғрисида янги нормалар билан тўлдирилди;  

бешинчидан, медиация низони кўриб чиқишга ваколатли органда, ҳакамлик судида ва арбитражда низони кўриш жараёнида ҳам уларнинг қарорлари қабул қилингунига қадар қўлланилиши мумкинлиги, шунингдек, қонунда назарда тутилган ҳолларда, тарафлар томонидан медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув низони кўриб чиқишга ваколатли органга тақдим этилганда мазкур орган ишнинг муҳокамасини қолдириб, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш учун муддат тайинлаши лозимлиги қатъий белгиланди;

олтинчидан, медиатив келишув мазмуни ва уни тузишга йўл қўйилмайдиган ҳолатлар белгиланди. Унга кўра, медиатив келишувда қуйидагилар кўрсатилиши шарт: а) медиатив келишув тарафларининг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), яшаш жойи ёки турган жойи (почта манзили), шунингдек, агар медиатив келишув вакил томонидан тузилаётган бўлса, вакилнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи; б) медиатив келишув тарафларининг келишувни бажариш билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятлари; в) медиатив келишув тарафлари томонидан келишилган мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари. Медиатив келишув келишувнинг тарафлари томонидан имзоланган ва медиатор томонидан тасдиқланган бўлиши шарт.

Қуйидагиларни назарда тутувчи медиатив келишувни тузишга йўл қўйилмайди: 1) агар унинг шартлари қонунчиликка зид бўлса; 2) агар унинг шартлари медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қилса ёки дахл қилиши мумкин бўлса.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида ижро этиладиган медиатив келишувлар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлиши керак;

еттинчидан, қонунга киритилган қўшимчага мувофиқ, медиатив келишув ихтиёрий равишда бажарилмаган тақдирда, тарафлар медиатив келишувни мажбурий ижрога қаратишни сўраб, судга мурожаат этишга ҳақли эканлиги белгиланди.

Шу сабабли Иқтисодий процессуал кодексига иқтисодий судга тааллуқли ишлар жумласига медиатив келишув­ни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишлар ҳам киритилиб, кодекс 29-2-боб билан тўлдирилди.

Худди шундай нормалар Фуқаролик процессуал кодексига (40-1-боб) ҳам киритилди.

Суднинг медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ажримининг дарҳол ижро этилиши медиация жараёнини тезкор, самарали ва амалий механизмга айлантиради. Бу меъёрлар бизнес ва фуқаролар учун медиатив келишувнинг ишончли ҳуқуқий кафолатини яратади, шу билан бирга, судларнинг юкламасини камайтириб, низоларни судгача ҳал этиш имкониятларини кенгайтиради.

Мазкур қонун билан киритилган ўзгартиришларга кўра, медиатор солиқ назоратини амалга ошириш жараёнида гувоҳ сифатида жалб этилиши мумкин эмаслиги; нотариус нафақат фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар, шу жумладан, мулкий ва мерос масалалари бўйича ўзаро мақбул қарор қабул қилиш учун тарафларнинг ихтиёрий розилиги асосида низода медиатор сифатида иш юритиши, балки «Медиация тўғрисида»ги қонунда белгиланган тартибда медиатор вазифасини бошқа медиаторлар каби бажаришга ҳақли эканлиги; ота-она боладан алоҳида яшайдиган отанинг (онанинг) ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш тартиби тўғрисида ёзма равишда келишув тузишга ҳақлилиги, бу борадаги низо ота-онанинг (ёки улардан бирининг) талабига биноан, судга мурожаат қилингунига қадар медиация тартиб-таомилини амалга ошириш орқали ҳал қилиниши мумкинлиги; медиатив келишувни мажбурий ижро этиш юзасидан судлар берадиган ижро варақалари ижро ҳужжатлари ҳисобланиши ва олти ой мобайнида ижрога топширлиши мумкинлиги; медиатив келишувни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризалардан БҲМнинг 2 баравари миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, медиациянинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги низоларни самарали ва тезкор равишда ҳал этишга, медиация тартиб-таомилларининг ҳамма жойда қўлланилишини рағбатлантириш орқали судлардаги юкламани мақбуллаштиришга хизмат қилади.

Фозилжон Отахонов,

Ўзбекистон Республикаси

Одил судлов академияси

Иқтисодий-ҳуқуқий фанлар

кафедраси профессори,

юридик фанлар доктори

 

photo_2025-10-17_18-00-00

АСОССИЗ АЙБЛОВ СУД ТОМОНИДАН РАД ЭТИЛДИ, ШАХС ОҚЛАНДИ

Латиф Ўроқов қишлоқдаги ҳовлисини сотиб, шаҳардан уй олиш ниятида эди. Нияти яхши эди-ю, бироқ уй сотаман деб боши ташвишдан чиқмай қолди. Энг ёмони, у фирибгарликда айбланиб, биринчи босқич судининг ҳукми билан иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда олти ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилди…

Хўш, аслида, қандай воқеа рўй берганди? Л. Ўроқов нега жавобгарликка тортилди? Ҳақиқатан ҳам, у айбдорми ё бу англашилмовчиликми?

Аслида, бу воқеа шундай бошланганди: Л. Ўроқов пулга эҳтиёж сезгани боис Фориш туманидаги ҳовлисини сотиш ниятида эълон беради.

Ижтимоий тармоқдаги эълон билан танишган А. Алимардонов (жабрланувчи ва гувоҳларнинг исм-шарифлари ўзгартирилди) ҳовлини келиб кўргач, сотиб олмоқчи бўлади.

Яшаш биноси ва 6 сотих ер майдонига эга бўлган ҳовлининг умрбод эгалик ҳуқуқи мавжуд бўлиб, давлат рўйхатидан ўтказилганди. Шунингдек, Л. Ўроқов ҳовли атрофидаги олти сотихдан ташқари ер майдонида мевали дарахтлар экиб, боғ барпо қилганди. Қисқаси, улар ўзаро савдолашиб, ҳовлини 27 минг АҚШ долларига баҳолашади.

Харидор А. Алимардонов уй ичидаги мебел жиҳозларини ташлаб кетишни сўрайди. Ўз навбатида, Л. Ўроқов бу жиҳозларни 17 миллион 800 минг сўмга сотишини айтади. А. Алимардоновнинг хотини ва қизи мебел жиҳозларини келиб кўргач, уй эгаси айтган нархга рози эканликларини билдиришади.

Шу тариқа 2024 йилнинг 29 январь куни Жиззах шаҳридаги нотариал идорада уй-жой олди-сотди шартномаси расмийлаштирилади. А. Алимардонов гувоҳлар иштирокида Л. Ўроқовга 27 минг АҚШ доллари беради. Мебел жиҳозларининг келишилган нархини 2024 йил 10 май кунига қадар бериши ҳақида тилхат ёзиб беради.

Шундан сўнг харидор Л. Ўроқовдан энди уйни бўшатиб берасизми, деб сўрайди. Бунга жавобан Л. Ўроқов “бугун туғилган куним, уч кун ичида уйни бўшатиб бераман” деб ваъда беради. Бироқ унинг кўчиб кетиши чўзилиб кетади.

Аслида, бунинг сабабини икки оила ўртасида келиб чиққан низо билан изоҳлаш жоиз. Аниқроқ айтганда, ҳалиги мебель жиҳозлари пулини беришни А. Алимардонов пайсалга солавергач, Л. Ўроқов фуқаролик судига мурожаат қилади ва суднинг ҳал қилув қарори билан 17 миллион 800 минг сўмни олади. Шундан сўнг А. Алимардоновнинг кўнглида адоват пайдо бўлади.

Бундан ташқари уларнинг ўртасида низога сабаб бўлган яна бир воқеа рўй беради. Гап шундаки, уй-жой тегишли тартибда олди-сотди шартномаси расмийлаштирилиб, А. Алимардоновнинг номига ўтказилгач, туман кадастр ходимлари маҳаллага келади. А. Алимардонов кадастр ходимларига ҳовлининг дарахт экилган қисмини кўрсатиб, “Шу жойда ўғлимга уй қурсам бўладими?” деб сўрайди. Кадастр ходимлари “Бу ер давлат захирасида, 6 сотихдан ташқарида қурилиш қилиш мумкин эмас, агар аукционда сотиб олсангиз, мумкин” деб жавоб беришади.

Буни эшитиб, А. Алимардоновнинг кўнглида Л. Ўроқов менга уй-жойни алдов йўли билан қиммат нархда сотган, деган шубҳа уйғонади. Унинг бундай шубҳа-гумонга боришига ўзича асос­лари ҳам бор эди. Шу боис у 27 минг АҚШ долларидан 80 миллион сўмни олиб ташлаб, ҳужжати йўқ ер учун ўзлаштирилган пулни олиб беришни, Л. Ўроқовни эса, фирибгарлик жиноий қилмиши учун тегишли жавобгарликка тортишни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади.

Хуллас, жабрланувчи сифатида эътироф этилган А. Алимардоновнинг аризасини очиқ суд мажлисида муҳокама қилган биринчи босқич суди ишни кўришда ўзига юклатилмаган вазифага қўл уради. Аниқроқ айтганда, нотариал тартибда расмийлаштирилган шартномани ўзгартиради. Яъни уйнинг нархини 27 минг АҚШ доллари қийматидан келиб чиқиб, 328 миллион 566 минг 695 сўмга ўзгартиради ва айбловга киритади. Оқибатда Л. Ўроқов 6 миллион 233 минг 305 сўмни алдов йўли билан ўзлаштирганликда айбланиб, судланади.

Бундан ташқари ушбу жиноят иши апелляция суд мажлисида кўрилаётган чоғида ҳам А. Алимардонов яна шикоят билан мурожаат қилиб, Л. Ўроқовни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айблаш керак, деган важларни илгари суради.

Апелляция инстанцияси судида иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилди. Натижада биринчи босқич судининг шу йил 4 мартдаги Л. Ўроқовга нисбатан чиқарган айблов ҳукми бекор қилинди.

Ҳаракатларида Жиноят кодексининг 168-моддасида назарда тутилган жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Л. Ўроқов Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан, айбсиз деб топилиб, оқланди.

Жабрланувчи А. Алимардоновнинг шикояти эса, қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

Энди судлов ҳайъати нега бундай тўхтамга келганига эътибор қаратсак, Жиззах шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус О. Эргашевнинг суддаги кўрсатмасига қараганда, ушбу иш бўйича уй-жойни олди-сотди шартномаси қонуний тартибда, икки тараф учун ҳам ўзаро моддий манфаатни назарда тутувчи муайян шартлар асосида тузилган.

Тарафлар нотариал ҳаракатларни онгли равишда амалга оширган, ернинг 6 сотихига эгалик ҳуқуқи мавжудлигини билишган, бирон-бир эътироз билдиришмаган. Уларнинг бармоқ излари ҳам сақланган.

Шунингдек, коммунал ташкилотлар ва солиқ идорасига сўров хатлари юборилган, ўз навбатида, улардан олинган жавоблар мулк тўғрисидаги ҳужжатларга мутаносиблиги аниқланган, қарздорлиги бўлмагани учун шартнома расмийлаштирилган. Фуқаролик кодексининг 354-моддасида белгиланганидек, шартнома тузишда фуқароларнинг эркинлиги тамойилига амал қилинган.

Ўрни келганда шуни айтиш керакки, қонуний жиҳатдан нарх эркин белгиланиши боис шартномада белгиланган нархга нотариуснинг аралашиши таъқиқланади. Нотариал жараёнда нархга аралашиш рўй бермаганлиги сабабли О. Эргашев ушбу жиноят иши бўйича терговга ҳам чақирилмаган.

Бу ҳақда фикр юритганда, Жиноят кодексининг 21-моддаси 3-қисмига эътибор қаратиш зарур. Нега деганда, унда шахс ўз қилмишининг ижтимоий хавфли хусусиятини англаган, унинг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етган ва уларнинг юз беришини истаган бўлса, бундай қилмиш тўғри қасддан содир этилган ҳисобланади, дея қайд этилган.

Бундай ҳолда Л. Ўроқовнинг ҳаракатларини фирибгарлик сифатида баҳолаш учун А. Алимардоновнинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсади бўлиши лозим эди. Бироқ Л. Ўроқовда А. Алимардоновнинг маблағини ўзлаштириш қасди бўлмаган, агар шундай ният бўлганда, у уйни нотариус орқали расмийлаштириб бермаган бўларди.

Энди тергов материалларининг қонуний ва асослилигига баҳо берадиган бўлсак, шахсни жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарор Жиноят-процессуал кодексининг 361-моддаси талабларига хилоф тарзда тузилган. Аввало, қарорда Л. Ўроқовнинг Жиноят кодексининг 168-моддасида назарда тутилган жиноятни қай ҳолатда содир этгани, айбловнинг мазмуни, ушбу жиноятлар қайси далиллар асосида ўз исботини топгани аниқ кўрсатилмаган. Фақат жабрланувчи А. Алимардоновнинг далилларсиз баён қилинган кўрсатмаси инобатга олиниб, Жиноят кодексининг 168-моддаси билан айб эълон қилинган.

Жиноят кодексининг 10-моддасида қилмишида жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шарт деб кўрсатилган. Ана шу қонун талабидан келиб чиққанда судланувчи Л. Ўроқов жабрланувчи А. Алимардоновнинг 27 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритмаган.

Аксинча, у Фориш тумани “Эгизбулоқ” қишлоғидаги 6 сотих ер майдонига эга уйини нотариал тартибидаги олди-сотди шартномасига кўра, сотган.

Ушбу ҳолатда унинг ҳаракатларини ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қонунга хилоф равишда қўлга киритишда ифодаланган жиноий ҳаракат деб баҳолаб бўлмайди.

Жиноят-процессуал кодексининг 464-моддасида жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса, судланувчи содир этган қилмишда жиноят таркиби бўлмаса, судланувчига қўйилган айблов иш ҳолатлари батафсил текширилганидан кейин ишонарли тарзда ўз тасдиғини топмаса, суд ушбу модда биринчи қисмининг 3-бандида назарда тутилган асосларга кўра, судланувчини оқлаши белгилаб қўйилган.

Суд ҳайъати жабрланувчи А. Алимардоновнинг уй учун Л. Ўроқовга 27 минг АҚШ доллари бериб, шу пулдан 6 сотихлик уй учун 80 миллион сўм, қолган пулни ҳужжати йўқ бўш ер учун бергани ҳақидаги важларини Конституциямизнинг 28-моддаси ва Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида белгиланган “Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак” деган талабидан келиб чиқиб, асоссиз деб ҳисоблади. Шу сабабли биринчи босқич судининг Л. Ўроқовга нисбатан чиқарган айблов ҳукми бекор қилинди.

Мухтасар қилиб айтганда, далилларсиз кўрсатма асоссиз айбловга сабаб бўлди. Бироқ ҳақиқат қарор топди, одил судлов таъминланди, апелляция судлов ҳайъатининг оқлов ҳукми билан Л. Ўроқовнинг зиммасидан асоссиз айблов олиб ташланди. Бу юртимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойиллари тараққиётнинг асосий ҳамда зарур шартига айланганлиги ва унинг асосида мулк ҳуқуқи дахлсизлиги ишончли ҳимоя қилинаётганлигининг яққол исботидир.

Қаҳрамон ХОЛМУРОДОВ,

Жиззах вилояти судининг

 жиноят ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси,

Хуршид ИБОТОВ,

судья катта ёрдамчиси

photo_2025-11-18_09-59-31

ХУСУСИЙ АЖРИМ ҚИЛМИШНИНГ САБАБИ ВА ОҚИБАТЛАРИНИ БАРТАРАФ ҚИЛИШ, ЖАМИЯТДА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ МУҲИМ ВОСИТАСИДИР

Мамлакатимиз судларининг асосий вазифаси – фуқароларнинг Конституция ва қонунларда, халқаро шартномалар ҳамда инсон ҳуқуқларига оид ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилишдан иборат. Айни пайтда жамиятда қонунга ва судга нисбатан ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби муҳим вазифаларни ҳам бажаради.

Ушбу мақсадни амалга оширишда судлар томонидан қўлланиладиган муҳим ҳуқуқий воситалардан бири – хусусий ажримдир. Бу ҳужжат орқали суд муайян ишни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ёки унга туртки бўлган омиллар, шарт-шароитларга ўз муносабатини билдиради, шу юзасидан тегишли органларга мурожаат қилиб, уларни бартараф этиш ёхуд келгусида содир бўлиши эҳтимол тутилган қилмишларнинг олдини олиш бўйича муайян талабларни илгари суради.

Амалдаги Жиноят-процессуал кодексининг 298-моддасига кўра, суд қилмишнинг сабаблари ва уни содир этишга имкон берган ҳолатларни аниқласа, хусусий ажрим чиқариш орқали давлат органлари ёки мансабдор шахслар олдига шу иш юзасидан тегишли чоралар кўриш талабини қўяди. Айни шу мазмундаги талаб қонунга биноан прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг тақдимномаси орқали ҳам тегишли органлар эътиборига ҳавола этилиши мумкин.

Ажрим ёки тақдимнома масъул идора ва ташкилотлар томонидан бир ой муддат ичида кўрилиб чиқилиши ва уни юборган органга белгиланган тартибда хабар берилиши шарт. Агар бу талаб бажарилмаса ёки виждонан амалга оширилмаса, айбдор шахс қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, суднинг хусусий ажрими ушбу органнинг бошқа ҳужжатлари каби барча давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролар учун бажарилиши мажбурий бўлган ҳужжат ҳисобланади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 181-моддасига кўра, хусусий ажримни кўриб чиқмаган ёки унда белгиланган талабларни бажармаган, шунингдек, ўз вақтида жавоб бермаган масъул ва мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилади.

Айтиш жоизки, хусусий ажрим тарбия, тарғибот-ташвиқот ва содир этилиши эҳтимол тутилган қилмишларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади, ўз вақтида муҳокама этилиб, таъсирчан чора-тадбирлар белгиланган ҳар бир хусусий ажрим замирида жиловланган, бартараф қилинган кўпдан-кўп ножоиз хатти-ҳаракатлар ётади.

Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти шаҳар ва туман судлари жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этишга қаратилган 1 447 та суд иши бўйича хусусий ажрим чиқарди.

Бугунги кунга қадар бу хусусий ажримларнинг 1 191 таси тегишли тартибда кўриб чиқилди.

Айтиш керакки, юртимизда коррупциявий жиноий қилмишлар билан боғлиқ ҳолатларга қарши муросасиз курашиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, кенг жамоатчилик билан бир қаторда судларнинг ҳам асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Йил бошидан буён судлар томонидан жиноятчиликнинг ана шу турини бартараф этиш, профилактик ва тарғибот-ташвиқот тадбирлари асносида унинг олдини олиш мақсадида, тегишли идора ва ташкилотларга 155 та хусусий ажрим юборилди. Бу суд ҳужжатининг 55 таси бевосита масъул суд ходимлари иштирокида муҳокама қилинди. Муҳокамалар чоғи ёшларни бундай жиноий қилмишларга нисбатан муросасиз руҳда тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилди. Бинобарин, бунинг учун асослар ҳам бор. Масалан, урганчлик Аҳад Азизов (исм-шарифлар ўзгартирилди)нинг жиноий қилмиши – бунинг яққол далили бўлади. Эндигина 20 ёшга тўлган А. Азизов ўтган йил охирида гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноий қилмишга қўл урди. Бу оғир қилмиш камлик қилганидек, унга 2007 йил туғилган ва ҳали вояга етмаган С. Бахтиёровни ҳам жалб қилади.

Албатта, А. Азизовнинг бу ножўя қадамлари гиёҳвандлик ва гиёҳфурушликка қарши кураш тизими ходимларининг эътиборидан четда қолмади. Назорат тариқасида ўтказилган тадбир чоғида унинг чўнтагидан 6,89 грамм оғирликдаги 9 бўлак “гашиш” гиёҳвандлик воситаси топилди.

А. Азизовнинг вояга етмаган ўсмирни ақл ва соғлиқни фалажловчи гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишга ўргатиши ва ушбу воситаларни ғаразли мақсадларда сақлаш (Жиноят кодексининг 127-моддаси 2-қисми, 273-моддаси 1-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми)га қаратилган жиноий қилмиши изсиз кетмади. Суд томонидан унга нисбатан 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу жиноят кўпчиликнинг назаридан холи равишда ва пинҳона тарзда пишиб етилгани ҳамда шу аснода содир қилингани йўқ.

Айбланувчининг ножўя қадамларини у яшаган Урганч тумани Янги ҳаёт маҳалласида ҳеч ким кўрмай, билмай ва сезмай қолди, десак, муболаға бўлади. Бу қилмиш тафсилотларини кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди айни шу ҳолатни назарда тутди. Фақат судланувчига жазо тайинлаш билан кифояланмай ушбу қилмишни юзага келтирган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф қилиш, келгусида бундай ножўя ҳолат қайта рўй бермаслиги учун тегишли чора-тадбирларни белгилаш мақсадида, ушбу маҳалла фуқаролар йиғинига хусусий ажрим юборди.

Шунингдек, судлар томонидан оилавий зўравонлик, шаҳвоний таҳдид, тазйиқ ва шилқимлик каби жиноий қилмишларга нисбатан ҳам жазонинг муқаррарлиги таъминланиб келинмоқда. Жорий йилда жиноий қилмишнинг бу кўринишига қарши курашни янада кучайтириш мақсадида мутасадди идора ва ташкилотларга юборилган хусусий ажримлар сони бир мунча ошди.

Урганч шаҳридаги Жамбул маҳалласида истиқомат қилган Фаррух Рўзиматовнинг қилмиши хусусида ушбу маҳалла фуқаролар йиғинига юборилган хусусий ажрим ана шу мазмундаги суд талабномаларининг бири бўлди. Унда қайд қилинишича, судланувчи Ф. Рўзиматов ёши аллақачон 50 дан ўтганига қарамай ақли ҳануз қуюлмаган. Нега деганда, у жорий йилнинг 23 февраль куни спиртли ичимлик таъсирида хотини – 3 нафар фарзандининг онаси Ойша Ибодуллаева билан анчадан буён давом этиб келаётган оилавий можарони авжига чиқаради. Аввалига очиқ-ошкор тазйиқ ва таҳдид қилди, сўнг эса, бу билан алами босилмади, чоғи, ошхона пичоғини ишга солди… Хайриятки, шифокорларнинг саъй-ҳаракати билан аёлнинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Зўравон эр эса, Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 7-қисми “ж” бандига асосан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Таассуфки, бу жиноий қилмиш ҳам жамоатчилик кўз ўнгида рўй берди.

Хонадон яқинлари, фаоллар, жумладан, маҳалла фуқаролар йиғини, профилактика нозири ушбу оиладаги носоғлом вазиятга панжа орасидан қарашди. Ажабланарлиси, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва нозир бу оиладаги носоғлом муҳитдан хабардор эмаслигини қандай изоҳлаш жоиз?! Жамиятдаги тинч-осойишталик ва барқарорлик оилалар тинчлиги, иноқлиги, аҳиллиги каби омиллар билан таъминланади. Бу борада маҳалла фуқаролар йиғини, участка нозирлари зиммасига ўта масъулиятли вазифалар юклатилган. Бунда эътиборсизлик ва лоқайдликка берилиш, зиммадаги масъулиятни ҳис этмаслик эса, кутилмаган нохушликларга сабаб бўлади.

…Тавсиф ва тафсилоти ҳукмингизга ҳавола этилган ҳар иккала ҳолат бўйича келиб тушган хусусий ажримлар тегишли фуқаролар йиғинларида атрофлича муҳокама қилинди. Қайд этилгани сингари қилмишлар ортиқ такрорланмаслиги учун амалий чора-тадбирлар белгилангани ва унинг ижросини таъминлашга изчил киришилгани, нотинч ва ноаҳил хонадонлар, жумладан, жиноий ҳодисалар рўй берган оилаларга алоҳида эътибор қаратилаётгани, одамлар билан яккама-якка суҳбатлар ўтказилаётгани мазкур ажримлар бўйича судга йўлланган жавоб хатларида ўз аксини топди. Ушбу тадбирлар келгусида беиз кетмаслиги ва ўз самарасини беришига астойидил ишонамиз. 

Хулоса қилиб айтганда, суднинг хусусий ажрими – ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва суд ҳокимияти обрўсини мустаҳкамлашда муҳим восита.

У фақат ҳуқуқий таъсир чораси эмас, балки тарбиявий аҳамиятга эга бўлган амалий механизмдир. Хусусий ажрим, уқтирилганидек, нафақат судлар, балки қонунга нисбатан ҳам ҳурмат туйғусини мустаҳкамлайди, давлат ва жамоат ташкилотларининг масъулиятини оширади ҳамда номуносиб ҳолатларга сабаб бўлаётган ҳолатларнинг барҳам топиши омилига айланади.

Акбар Аминов,

Хоразм вилояти суди

жиноят ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси,

Абдулла Собиров,

журналист

photo_2025-10-15_09-40-22

ТЕРГОВ СУДЬЯЛАРИ: ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ ЯНГИ КАФОЛАТИ

Мамлакатимизда кейинги 9 йил мобайнида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари илғор жаҳон андозалари асосида амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра 2025 йил 1 январдан бошлаб, жиноят ишини юритишга масъул бўлган мансабдор шахслар рўйхатида “тергов судьяси” деган янги лавозим жорий этилгани шу янгиланишлар йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Энди асосий вазифа — “тергов судьяси” институтининг амалиётда самарали ишлашини таъминлашдан иборат. Бунда қарорлар шаффофлиги, судьяларнинг малакасини ошириш ва жамоатчилик ишончини мус­таҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади.

Ушбу янги ҳуқуқий институтнинг муҳим афзалликлари ҳақида сўз борганда, аввало, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, адолатли терговни кафолатлаш ва давлат органлари устидан қонуний назоратни кучайтириш сингари долзарб вазифаларга алоҳида урғу бериш айни муддаодир. Шу билан бирга, халқаро тажрибалар кўрсатганидек, тергов судьяларининг мустақиллиги, малакаси ва иш юкламаси каби масалаларга ҳам жиддий эътибор қаратиш талаб этилади.

Тергов судьяси институти тарихига мухтасар назар солайлик. Бу ўринда, айниқса, Францияда juge d’instruction модели ўз тарихий илдизига эгалигини қайд этиш лозим. Бу мамлакатда айни институт давлат ва жамият ҳаётида мустаҳкам ўрин тутган ҳамда ишни судга қадар юритишда тортишув принципининг амал қилишини таъминлайдиган холис, мустақил институт намунаси сифатида шаклланган.

АҚШда эса, шу мақомдаги магистрат судьялари ордер бериш, ҳибс санкцияси каби чекланган вазифаларни самарали адо этмоқда. Ҳар икки моделда ҳам умумий мақсад — инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва шаффофликни таъминлашга қаратилган.

Бугунги кунда Белгия, Греция, Ироқ, Испания, Нидерландия ва Хорватия давлатларида тергов судьялари ўз фаолиятини муваффақиятли амалга ошириб келмоқда. Шунингдек, ушбу институт Литва, Молдавия, Эстония, Латвия, Украина, Қозоғистон, Грузия ва Қирғизистонда ҳам жорий этилган.

Президентимизнинг юқорида қайд этилган Фармонига мувофиқ, бир қатор муҳим ваколатлар тергов судьясига берилди. Яъни тергов судьяси энди судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш, мажбурлов чораларини қўллаш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш, шундан келиб чиққан ҳолда, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳамда қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлиқ илтимосномаларни ҳал этади.

Тергов судьяси, шунингдек, паспортнинг ёки ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш каби илтимосномалар бўйича санкциялар бериш ваколатига эга.

Бундан ташқари у айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимосномалар бўйича мажбурлов чораларини қўллаш, прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг ёки фуқаровий даъвогарнинг кўрсатмаларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаси каби жиноят материалларини қўллаш масаласини кўриб чиқади.

Мазкур янги ҳуқуқий институтнинг яна бир муҳим жиҳатига алоҳида тўхталмаслик мумкин эмас. Бу ўринда гап жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритиш даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши ҳақида бормоқда.

Фикримизча, айрим хорижий давлатларнинг жиноят процессуал қонунларида тергов судьяларига бериладиган ваколатларни ўрганиб чиқиб, қонунчиликка самарали таклифлар бериш лозим. Чунки мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида ушбу институтнинг 2025 йил 1 январдан жорий этилганини инобатга олсак, ижобий хорижий амалиётларни миллий қонунчиликка татбиқ этиш имконияти мавжуд.

Умуман олганда, тергов судьялари — жиноят ишини тергов қилиш жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлик­ларини ҳимоя қилиш учун махсус ваколатга эга бўлган судьялардир. Улар ишни судда кўриб чиқишдан аввалги босқичда фаолият юритадилар.

Муҳими, бу тартиб билан фуқароларнинг ҳуқуқлари янада кучли ҳимоя қилинади ва судлар ўртасида мутаносиб назорат механизмидан кенг фойдаланилади. Бундай янгича ҳуқуқий тартиб-таомиллар, шубҳасиз, судлар томонидан адолатли қарор чиқарилишига кафолат яратади.

Айни пайтда Тошкент вилояти судларида 27 нафар тергов судьяси фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг ўтган 9 ойида Тошкент вилояти судларида тергов судьялари томонидан 3 минг 389 та жиноятга оид санкция материаллари кўриб чиқилган ва 3 минг 261 таси қаноатлантирилган.

Мазкур амалиётнинг бошқа судьялар фаолиятидан фарқли жиҳатлари шундаки, тергов судьялари иш ҳали суд муҳокамасига етиб бормай туриб, тергов босқичидаги қонунбузилишларни назорат қилиш орқали тергов жараёнида адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, фуқароларнинг эркинликлари, шахсий дахлсизлиги, мулк ҳуқуқи сингари конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чоғида терговчи ва прокурорнинг ортиқча ёки асоссиз ҳаракатларини бартараф этиб, кўрилаётган жиноят ишларида шаффофлик ва қонунийлик мезонларини оширишга кўмаклашади.

Шундай қилиб, мазкур янги институт инсон ҳуқуқлари тергов босқичидаёқ суд ҳимоясида бўлишига, халқаро қонунлар тамойиллари, хусусан, айбсизлик презумпцияси амалда таъминланишига ёрдам беради. Шунинг учун ҳам, тергов судьялари — жиноят процессининг муҳим “ҳуқуқий кўзгуси”, десак, тўғри бўлади.

Янада содда қилиб айтганда, бошқа судьялар ишни якуний тартибда кўриб чиқиб, ҳукм чиқаради, тергов судьялари эса, иш судгача етиб бормасдан, фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига чек қўяди. Албатта, бундай тартиб-таомилларнинг судларда қўлланилиши — жамият аъзоларининг конституциявий ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш билан бирга, кенг жамоатчилик орасида судларнинг адолат қўрғони эканлигига ишончни янада мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшади.

Дилшод ТАДЖИБАЕВ,

Тошкент вилояти

суди раиси

#thegov_button_69cb8f7c5f155 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cb8f7c5f155:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cb8f7c5f155 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cb8f7c5f155:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!