Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2024-06-06_10-11-18

ХУФИЯ КЕЛИШУВ ЖИНОИЙ ШЕРИКЛАРГА ҚИММАТГА ТУШДИ

Асли Тожикистон Республикасининг Панжикент туманида туғилиб, вояга етган, кейинчалик оиласи билан Ургут туманига кўчиб келиб, муқим яшай бошлаган Мустафоқул Мамашукуров (исм-шарифлар ўзгартирилди) ўғлини уйлантирганда тўйга қўшни республикадан қариндошлари, яқин танишлари ҳам келишди. Меҳмонлар орасида синфдоши Бўрон Исматов ҳам бор эди.

Тўй маросими тугаб, меҳмонлар тарқалаётганида М. Мамашукуров Бўрон Исматов билан хайрлашаётиб, муддаосини айтди: “Шўрнавога ўтсангиз, Сайдуллонинг ўғли ёки қизига тайинланг, менинг олдимга бир келиб кетсин”…

Шўрнаво — Панжикент туманидаги қишлоқлардан бири. Сайдулло Шомирзаев ҳам худди Бўрон Исматов сингари М. Мамашукуров билан болаликдан бирга ўсган, бир синфда ўқиган. Илгари улар оилавий борди-келди қилишарди. М. Мамашукуров Ўзбекистонга кўчиб келганидан сўнг ҳам алоқалари узилмади.

Буёғини сўрасангиз, С. Шомирзаевнинг ҳаётда нопок қилмишлардан боши чиқмади — у гиёҳвандлик моддаси истеъмолига рўжу қўйгани етмаганидек, бу заҳри қотилнинг савдосига ҳам қўл ургани туфайли жиноий жавобгарликка тортилди.

С. Шомирзаев М. Мамашукуровни бошқа танишларига нисбатан ўзига яқин олар, унга қаттиқ ишонгани учун гиёҳвандлик моддасини чегарадан яширинча олиб ўтгач, унинг уйида сақлаш учун қолдириб кетар, бунинг учун мўмайгина хизмат ҳақи беришни ҳам унутмасди.

Бу орада М. Мамашукуровнинг ўзи ҳам гиёҳвандлик моддасининг ноқонуний савдосига қўл ургани учун жинойи жавобгарликка тортилади. У жазони ўтаб қайтгач, С. Шомирзаев унинг аҳволидан хабар олгани уйига келади ва “ёрдам” дея бир килоча заҳри қотилни текинга қолдириб кетади.

Умрини нопок ишга сарфлаган С. Шомирзаев орадан кўп ўтмай бедаво дардга йўлиқади ва қийналиб ҳаётдан кўз юмади.

Қисқаси, М. Мамашукуров ана шу ҳамтовоғининг фарзандларини кутилмаганда йўқлаб қолиши бежизга эмасди…

Орадан ўн кунлар ўтгач, С. Шомирзаевнинг қизи Моҳирўй Ургут туманига етиб келади ва қуюқ зиёфат устида М. Мамашукуровдан қандай мақсадда чақирганини сўрайди.

Шунда мезбон муддаосини айтади: марҳум ҳамтовоғининг қизига гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланишда ҳамкорлик қилишни таклиф этади.

Буёғини сўрасангиз, Моҳирўй ҳам отаси сингари мўмай бойлик учун ҳар қандай разил ишга қўл уришдан тоймайдиган аёл эди. Шу боис у ўйлаб ҳам ўтирмай М. Мамашукуровнинг таклифига розилик билдирди.

Шу ўринда “оғу” билан ўзгалар ҳаётини заҳар-заққумга айлантириш, оилаларни пароканда қилиш, норасида гўдакларнинг кўз ёши эвазига нопок йўл билан бойлик орттиришдан тап тортмайдиган бу маънан қашшоқ аёлнинг жиноятга мойиллигининг яна бир қатор сабаблари борлигини таъкидлаш жоиз. Халқимиз “Қуш инида кўрганини қилади”, дея бежиз айтмаган. Моҳирўй ҳам шундай нопок оилада вояга етган, отаси С. Шомирзаев гиёҳвандлик воситалари савдосига қўл ургани учун жиноий жавобгарликка тортилган, бунинг устига бангилик касофати ўзига уриб, олтмиш ёшга етмасдан бу ёруғ оламни тарк этганди. Бу ҳам етмагандек, онаси ҳам шундай нопок ишга қўл уриб, жиноий жавобгарликка тортилганди.

Энг ёмони, Моҳирўйнинг ўзи ҳам 2017 йилда икки кило “опий” гиёҳвандлик воситасини Хўжанд шаҳрида сотаётган чоғида Тожикистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинган ва ўн икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди. Фақат 2019 йилда Тожикистон Республикасида оммавий амнистия эълон қилингани боис у жазонинг қолган қисмини ўташдан озод этилганди.

Шунингдек, унинг турмуш ўртоғи З. Рофиев ҳам айнан шундай нопок ишга қўл ургани учун Қозоғистон Республикасида 2015 йилдан буён узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётганди.

М. Шомирзаева ана шундай чиркин муҳитда яшаган. Афсусланарли томони шундаки, у бошига тушган бу кулфатларга аввало ўзи сабабчи эканини ўйлаб кўриб, хулоса чиқаришни хаёлига ҳам келтирмаганди.

Айни дамда у М. Мамашукуровнинг ғаразли таклифини рад этмайди, аксинча, катта миқдордаги гиёҳванлик моддасини топиш қийин эканини айтади. Ўз навбатида, ҳамтовоғи “молни мен топаман, сен ишончли харидор топсанг бўлди” дейди. Шунингдек, у харидор топилса, гиёҳвандлик моддаси тайёр эканига ишора ҳам қилади.

Қисқаси, ушбу хуфя келишувдан сўнг Моҳирўй ўзининг қўл телефони рақамини қолдириб, уйига кетади.

Халқимиз “Ўхшатмасдан учратмас” деб бежизга айтмаган. Бундай дейишимизнинг сабаби шундаки, Моҳирўй пинҳона тарзда харидор излаб юрганда, харидор оёғи остидан чиқиб қолади. Аниқроғи, кутилмаганда нотаниш бир аёл унга қўнғироқ қилади.

Гап шундаки, Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшайдиган Гулбону Эрдонова унинг телефон рақамини турмуш ўртоғининг Тожикистонда яшовчи Улуғбек деган танишидан олиб, қўнғироқ қилади. Гулбонунинг айтишича, Моҳирўйнинг қариндоши Маҳсиддиндан анча вақт буён қарзини ололмаётган экан, излаб борай деса, манзилини билмайди. Хуллас, Г. Эрдонова Моҳирўйдан Маҳсиддиндан қарзини олишда ёрдам беришни сўрайди.

— Маҳсиддин билан маҳалладошмиз, — дейди Гулбонуни кутиб олган Моҳирўй. — У турмуш ўртоғимнинг қариндоши, устачилик билан шуғулланади, кечроқ уйига борамиз.

Қисқаси, улар Маҳсиддинни уйига қайта-қайта излаб боришади, аммо топишолмайди. Ниҳоят, учинчи кун уни тасодифан кўчада учратиб қолишади. Маҳсиддин қарзининг бир қисмини беради, қолганини тез орада етказишга ваъда қилади.

Буёғини сўрасангиз, икки аёл уч кун бир уйда яшаб, гаплашмаган гаплари қолмайди. Моҳирўй гап орасида гиёҳвандлик моддасига харидор излаётганини ҳам айтиб ўтади. Бу Гулбонуни қизиқтириб қўяди. У Моҳирўйга қўшни Қозоғистон Республикасида танишлари борлигини айтаркан, ўша пайтнинг ўзида “Мурод” исмли шахсга “WhatsApp” мессенжири орқали қўнғироқ қилиб,гаплашади.

— “Опий” гиёҳвандлик воситаси бўлса, ўн кило оламан, – дейди “Мурод”. — Агар нархи маъқул келса, Самарқандга бориб молни ўзим олиб келишим мумкин.

Моҳирўй харидор топилганидан қувониб эртаси куниёқ М. Мамашукуровнинг олдига югуради. Гулбону харидор келадиган куни Самарқандга етиб боришини айтиб, уйига қайтади.

Дастлаб М. Мамашукуров “харидор ишончлими?” — деб сўрайди. Моҳирўй эса, Гулбону билан харидор ўртасидаги суҳбатни, шунингдек, пули ҳам тайёр эканини айтгач, у “товар”нинг нархини аввалдан ўзаро келишиб олиш зарурлигини уқтиради.

Шундан сўнг Моҳирўй яна телефон орқали Гулбону билан боғланади. Кўп миқдордаги “опий” гиёҳвандлик воситасини келгусида Самарқанд шаҳри ҳудудида сотиш хусусида учовлон олдиндан жиноий тил бириктиришади, жиноий режа тузиб, вазифаларни ўзаро тақсимлаб олишади.

Жиноий режага мувофиқ, М. Мамашукуров ўн кило “опий” гиёҳвандлик воситасини терговда шахсини аниқлаш имкони бўлмаган шахслардан олиб, жиноий шериги М. Шомирзаевага 70 минг АҚШ долларига, уни қабул қилиб олган М. Шомирзаева ҳамтовоғи Г. Эрдоновага 80 минг АҚШ долларига сотишга келишишади. Ўз навбатида, Г. Эрдонова таниш харидорга 100 минг АҚШ долларига пуллашни режалаштиради.

Орадан икки кун ўтиб, М. Шомирзаева М. Мамашукуровга қўнғироқ қилиб, Гулбону хабар бергани, харидор йўлда келаётганини айтади. М. Мамашукуров ваъда қилгандек, ўн кило эмас, балки етти кило “опий” тайёрлаб қўйган экан. “Товар”нинг миқдори ҳақида Моҳирўй Гулбонуга хабар беради, у эса, ўз навбатида, буни харидор “Мурод”га етказади.

Судланувчи М. Мамашукуров табиатан ўта қув ва айёр одам эди. У ўтган йилнинг 5 октябрь куни ваъда қилинган “опий” гиёҳвандлик воситасининг бир килосини олиб, ўзининг бошқарувидаги “LADA” русумли автомашинада Самарқанд шаҳридаги “Зафар” ресторани олдига етиб келади ва заҳри қотилни жиноий шериклари М. Шомирзаева ва Г. Эрдоновага беради. Ҳамтовоқларининг “чўғи кам-ку?” — дегандек савол назари билан қараганига жавобан шундай дейди: “Аввал бир килоси учун кўкидан 10 минг олинглар, кейин қолганини гаплашамиз”.

Харидор “Зилол бахт” меҳмонхонасининг 14-хонасида жойлашган экан.

Унинг илтимосига кўра, М. Мамашукуров жиноий шериклари М. Шомирзаева ва Г. Эрдонова билан бирга 1 кило гиёҳвандлик воситасини 10 минг АҚШ доллари эвазига сотиш мақсадида меҳмонхона ичкарисига кирган чоғида тегишли идора ходимлари томонидан ушланади.

974,16 грамм миқдордаги “опий” гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинади.

Судда ушбу жиноий қилмишнинг барча ҳолатларига тўлиқ ойдинлик киритилди. Жумладан, судланувчилар гиёҳвандлик воситасини шартли харидорга сотишга улгурмаган, М. Шомирзаева ва Г. Эрдонова “товар” учун тўланадиган пулни қабул қилиб олмаган. Яъни жиноий гуруҳ гиёҳвандлик воситаларини сотиш жиноятини ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатга кўра, охирига етказа олмаган.

Суд судланувчиларга нисбатан жазо тайинлашда иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холис текшириб чиқди. Жиноят кодексининг 25-моддаси 2-қисмидаги “Қасддан содир этиладиган жиноят бошланиб, шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказилмаган бўлса, жиноят содир этишга суиқасд деб топилади” деган меъёрга амал қилди. Судланувчиларнинг гиёҳвандлик воситаларини сотишга суиқасд қилишда ифодаланган ҳаракатларини Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмидан кодекснинг 25,273-моддаси 5-қисмига қайта малакалашни лозим топди.

Суд гиёҳвандлик воситасини сотиш жиноятини ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказолмаган жиноий гуруҳ аъзолари М. Мамашукуровга ўн уч, М. Шомирзаева ва Г. Эрдоновага ўн икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, бутун дунёда гиёҳвандлик ва психотроп моддалари билан боғлиқ жиноятларга қарши қатъий кураш олиб борилмоқда. Мамлакатимизда ҳам бу борада кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилиб, мудҳиш оқибатли жиноятнинг пайи қирқилмоқда. Баён этилган воқеа тафсилоти бунинг исботидир.

Жонибек РАУПОВ,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд шаҳар суди судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2024-06-05_15-14-51

УНДИРИЛГАН СУҒУРТА ПУЛИ: МУЛКИ ЁНИБ КЕТГАН ТАДБИРКОРГА СУҒУРТА ТАШКИЛОТИ ЭМАС, СУД ЁРДАМ БЕРДИ

Суғурта полисини қўлга олар эканмиз, турли хил нохуш вазиятларга тушиб қолганда, шу суғурта ташкилоти кўмакка келишига ишонамиз. Тўғри, мол-мулки, соғлиғига зарар етаётган кишиларнинг кўпчилигига суғурта пули тўлаб берилади. Лекин баъзан суғурта пулини тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари ҳам учраб туради…

Бекобод туманида яшовчи Сафарой Бердиева “Мis parvina” ишлаб чиқариш кооперативи (тикув цехи)ни 2021 йилда ташкил этган. Тадбиркор аёл тикувчилик, тўқилган ва трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга асосланган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келмоқда.

Корхона давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 12 июндаги “Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.

Бугунги кунда С. Бердиева Бекобод туманида кооперация асосида 100 нафар қишлоқ аёлини иш билан таъминлаган. Бундан ташқари шароити оғир ва ногиронлиги бўлган аёлларнинг уйларига тикув машиналари ва ярим тайёр маҳсулотлар етказиб бериб, уларни даромадли меҳнат билан таъминламоқда.

Тадбиркор аёл тайёр маҳсулотларни нафақат ички бозорга, балки бошқа давлатларга экспорт қилиш мақсадида фаолият юритаётган эди.

Афсуски, ўтган йил тадбиркорнинг бошига ташвиш тушиб қолди.

Корхонанинг ишлаб чиқарилган маҳсулотлари сақланадиган омборхонасида 2023 йил 12 июлда электр симларидаги қисқа туташув оқибатида ёнғин содир бўлиб, тайёр маҳсулотлар ёниб кетган ва яроқсиз ҳолга келган.

Корхонанинг суғурта шартномасига асосан, содир бўлган ёнғин (суғурта ҳодисаси) туфайли етказилган зарарни қоплаб бериш ҳақидаги мурожаатлари суғурта ташкилоти томонидан турли баҳоналар рўкач қилинган ҳолда оқибатсиз қолдирилган, суғурталанган мол-мулклар қиймати қоплаб берилмаган.

Оқибатда, тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилган. Суғурта ташкилотининг ҳаракатсизлиги сабабли тадбиркорнинг унга бўлган ишончи йўқолган.

Судда одил судловни амалга ошириш йўли билан тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинди.

Аниқроқ айтганда, Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси “Мis parvina” ишлаб чиқариш кооперативи манфаатини кўзлаб, даъво аризаси билан судга мурожаат қилди ва суғурта компаниясидан 805 миллион 150 минг сўм ундиришни сўраган.

Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2024 йил 23 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилган.

Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2024 йил 26 мартдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, суғурта компаниясининг апелляция шикояти қаноатлантирмасдан қолдирилган.

Аммо судда ютқазган иккинчи томон бундан норози бўлиб, тафтиш тартибида шикоят йўллади.

Ишдаги ҳужжатлардан аниқланишича, суғурта компанияси номидан ишончнома асосида фаолият кўрсатувчи Бекобод суғурта маркази ва “Mis parvina” ишлаб чиқариш кооперативи ўртасида мол-мулкни суғурталаш шартномаси тузилган.

Ушбу шартномага кўра, суғурталовчи шартномада шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига шартномада назарда тутилган воқеа (суғурта ҳодисаси) содир бўлганда бошқа тарафга (суғурта қилдирувчига) ёки шартнома қайси шахснинг фойдасига тузилган бўлса, ўша шахсга бу ҳодиса оқибатида суғурталанган мулкка етказилган зарарни ёхуд суғурта қилдирувчининг бошқа мулкий манфаатлари билан боғлиқ зарарни шартномада белгиланган сумма (суғурта пули) доирасида тўлаш мажбуриятини олган.

Суғурта шартномасининг 4.1-бандида ушбу бандда кўрсатилган ҳодисалар натижасида суғурталанган мол-мулкнинг доимий сақланиш жойида зарарланиши, нобуд бўлиши ёки йўқотилиши суғурта ҳодисаси ҳисобланиши, 5.1-бандида суғурталанаётган мол-мулкнинг суғурта қиймати 805 миллион 150 минг сўмни ташкил этиши белгиланган.

Ушбу шартнома асосида даъвогарга 0081895-сонли суғурта полиси берилган бўлиб, унда суғурта қиймати 805 миллион 150 минг сўм, суғурта мукофоти 4 миллион 25 минг 750 сўм, полиснинг амал қилиш даври 2023 йил 17 апрелдан 2024 йил 16 апрелга қадар белгиланган.

Бекобод тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимининг маълумотномасига кўра, 2023 йил 12 июль куни соат 08:35 да даъвогарга қарашли тикув цехи омборхонасида ёнғин содир бўлган.

Даъвогар 2023 йил 17 июлда ариза билан суғурталовчининг Тошкент вилоят филиалига мурожаат қилган ва тикув цехи омборида юз берган ёнғин натижасида суғурта қилинган мулклари ёниб кетганини қайд этиб, суғурта товонини тўлашни сўраган.

Аммо жавобгарнинг 2023 йил 14 августдаги хатига кўра, суғурта ҳодисаси тан олинмагани сабабли суғурта товонини тўлаш рад этилган. Бундан норози бўлган даъвогар Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига мурожаат қилган. Шундан сўнг Палата “Mis parvina” ишлаб чиқариш кооперативи манфаатида даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Ишдаги далиллар суғурта шартномасига асосан даъвогар томонидан жавобгарга суғурта ҳодисаси тўғрисида хабар берилгани, аммо жавобгар ўз зиммасига олган шартномавий мажбуриятни бажармасдан, суғурта товони тўлаб бермаганидан далолат беради.

Ваҳоланки, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига кўра, суғурталовчи суғурта ҳодисаси юз берган тақдирда, қонунчиликда ёки суғурта шартномасида назарда тутилган муддатларда барча зарур ҳисоб-китобларни ва суғурта товони тўловларини амалга ошириши шарт.

Фуқаролик кодексига мувофиқ, мулкий суғурта шартномаси бўйича суғурта қилдирувчи суғурта ҳодисаси юз бергани ўзига маълум бўлганидан кейин бу ҳақда дарҳол суғурталовчини ёки унинг вакилини хабардор қилиши шарт. Агар шартномада хабар қилиш муддати ва (ёки) усули назарда тутилган бўлса, бу шартлашилган муддатда ва шартномада кўрсатилган усулда амалга оширилиши лозим.

Судлов ҳайъати тарафлар ўртасидаги ушбу низо жавобгарнинг ўз шартномавий мажбуриятларини бажармаганидан келиб чиққан ва унинг ҳаракатсизлиги оқибатида тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилган, деб ҳисоблади.

Судлов ҳайъати суғурта компанияси вакилининг илтимосномасини қаноатлантиришни рад этди. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2024 йил 23 январдаги ҳал қилув қарори, Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2024 йил 26 мартдаги қарори ўзгаришсиз, тафтиш тартибидаги шикоят эса, қаноатлантирмасдан қолдирилди.

Шу тариқа адолат қарор топди. Мулки ёнган тадбиркорнинг манфаати эндиликда суд қарори ижроси орқали таъминланди.

Иброҳим Алимов,

Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари –

иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси

photo_2024-06-05_08-06-31

ТЎЛОВГА ҚОБИЛИЯТСИЗЛИК ЖАРАЁНИ: ХОРИЖИЙ ТАЖРИБА ВА МИЛЛИЙ АМАЛИЁТ УЙҒУНЛИГИ

Маълумки, юртимизда юридик ва жисмоний шахсларни тўловга қобилиятсиз деб эътироф этиш ва ундан кейинги жараёнлар “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонун ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Хусусан, юқорида қайд этилган қонунда тўловга қобилиятсизлик аломатлари белгилаб қўйилган. Бу аломатлар мавжуд бўлган ҳолларда ваколатли шахслар томонидан судга мурожаат қилиш орқали тўловга қобилиятсизлик иши қўзғатилиши мумкин ва бу турдаги низолар иқтисодий судларда кўриб чиқилади.

Тўловга қобилиятсизлик ҳолатининг кузатув, суд санацияси, ташқи бошқарув, тугатишга доир иш юритиш каби тартиб-таомиллари мавжуд.

Айни босқичлар тўловга қобилиятсизлик ишини қўзғатиш юзасидан судга мурожаат қилган пайтдан бошлаб то қарздор юридик шахслар давлат реестридан чиқарилгунига қадар бўлган босқичгача ва 2 йилдан ортиқ вақт мобайнида давом этиши мумкин.

Мазкур тартиб-таомиллар қарздор юридик шахснинг молиявий ҳолати ва кредиторлар олдидаги мажбуриятларини бажара олиш қобилиятидан келиб чиққан ҳолда суд томонидан белгиланади ҳамда суд ҳужжатига асосан тайинланади. Ҳар бир таомил алоҳида ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, тайинланиш муддати ҳам турлича.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, судлар томонидан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни кўришнинг асосий мақсади корхонани тугатиш эмас, балки уни соғломлаштириш ва тўловга қобилиятини тиклаш ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодиёт ривожи учун муҳим аҳамиятга эга.

Шу ўринда корхоналарнинг тўловга қобилиятсизлик ҳолати хорижий давлатларда қандай ҳал этилаётганига тўхталсак. Ушбу ҳуқуқий муносабатлар Европа қитъасининг бир қатор мамлакатларида алоҳида банкротликка оид кодекслар, АҚШда эса, алоҳида кодекс ва Банкротлик жараёнлари федерал қоидалари билан тартибга солинади. Шу боис АҚШ ва илғор хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, миллий қонунчилигимизда тўловга қобилиятсизликка доир барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзида жамлаган “Тўловга қобилиятсизлик кодекси”ни ишлаб чиқишга катта эҳтиёж бор. Чунки ушбу соҳа ҳам кўлами ва долзарблиги жиҳатидан кодекс билан тартибга солинадиган бошқа соҳалардан асло кам эмас.

Бундан ташқари судгача санация институтини янада ривожлантириш эҳтиёжи мавжуд. Агар қарздор ва кредиторлар ўртасида судгача санация тартиби жорий қилинса, ушбу ҳолатда қарздорнинг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар, хусусан, банк қарздорлиги ва улар бўйича неустойка қарздорлигини санация муддати тугагунча тўхтатиб туриш зарур. Ҳозирги пайтда судгача санация институти амалиётда деярли қўлланилмайди.

Осиё қитъаси давлатларида ҳам бу борада муайян ижобий тажриба тўпланган. Масалан, Сингапурда тўловга қобилиятсизлик ҳолатига тушиб қолган корхоналарни соғломлаштириш ва тугатиш билан боғлиқ хизматлар давлат томонидан бериладиган лицензия асосида фаолият кўрсатадиган махсус хизмат орқали ҳал этилади.

Японияда юридик ва жисмоний шахсларни тўловга қобилятсиз деб топиш жараёни анча мукаммал тартибга солинган. Ушбу мамлакатда тўловга қобилиятсизликка доир масалаларни суд эмас, балки ҳукумат ҳал қилади.

Ана шу хорижий тажрибаларнинг илғор жиҳатларини ўрганиб чиққан ҳолда миллий қонунчилигимизга ҳам тўловга қобилиятсиз деб топиш жараёнини фақат суд орқали эмас, балки маълум бир ижро ҳокимияти томонидан ҳам амалга ошириш амалиётини жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Масалан, тўловга қобилиятсизликка доир ишларни солиқ органлари соддалаштирилган тартибда амалга ошириши мумкин. Бундай ўзгартириш вақт ва маблағни тежаш баробарида умумий тартибдаги тўловга қобилиятсизлик билан боғлиқ суд ишларидаги юкламаларнинг камайишига ҳам ёрдам беради.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Чунки юртимизда иқтисодиётни юксалтириш, тинчлик ва барқарорлик, ижтимоий тотувликни мустаҳкамлашда тадбиркорлик соҳаси муҳим аҳамият касб этади.

Корхоналарнинг тўловга қобилиятсизлик масаласини қонуний тартибга солиш механизми ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.

Саида Маҳмудова,

Фарғона туманлараро

иқтисодий суди судьяси

photo_2024-05-31_12-15-25

ҚАРОР ТОПГАН ҲАҚИҚАТ: СУД ҚАРОРИ БИЛАН АЁЛНИНГ ЯШАШ ЖОЙИГА БЎЛГАН ҲУҚУҚИ ТАЪМИНЛАНДИ

Мингбулоқ туманида яшовчи Назокат Акмалова (исм-шарифлар ўзгартирилган) 1996 йилда Анвар Акмалов билан турмуш қуриб, уч нафар фарзандли бўлди. Бироқ асоссиз шубҳа-гумонларга берилган эри уни 2021 йилда кенжа фарзанди билан уйидан чиқариб юборди.

“Уят ўлимдан қаттиқ”, деганларидек, Н. Акмалова маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар олдида мулзам бўлишни истамай дастлаб ота ҳовлисида, кейинчалик ижара уйида яшаб юрди. Ўтган йилнинг охирида у оиласини сақлаб қолиш ва фарзандлари тақдирини ўйлаб, умид билан уйи эшигини таққиллатди. Турмуш ўртоғидан оилани тиклаш ва бирга яшашга изн сўради. Бироқ онаизорнинг ўтинчи, ялиниб-ёлворишлари тошбағир эркакнинг кўнглини юмшата олмади. Устига-устак, А. Акмалов ҳали қонуний никоҳини бекор қилмай туриб, шаърий никоҳ асосида бошқа аёлга уйланиб олган экан.

Вояга етмаган фарзанди билан уйидан чиқариб юборилган Н. Акмалова охир-оқибат судга мурожаат қилиш энг тўғри йўл эканини англаб етди.

Фуқаролик ишлари бўйича Нманган туманлараро суди унинг даъво аризасини кўриб чиқиб, қаноатлантирди. Суд қарорига асосан Назокат Акмалова бир нафар вояга етмаган фарзанди билан ҳовлидаги барча иморатлар ва коммунал хизмат объектларидан фойдаланиш ҳуқуқи билан ўз уйига киритиб қўйилди. Шу тариқа аёлнинг ҳуқуқлари тикланди.

Конституциямиз ва миллий қонунчилигимизда ҳар бир инсоннинг яшаш, уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланган. Уларга дахл қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Зеро, мамлакатимизда инсон қадри ва ҳуқуқлари ҳамма нарсадан устундир.

Майрамхон СИДИҚОВА,

фуқаролик ишлари бўйича

Наманган туманлараро

суди судьяси

photo_2024-05-31_09-12-36

МАНСАБ СОХТАКОРЛИГИ БОШ ҲИСОБЧИНИ МУЛЗАМ ҚИЛДИ

Юртимизда инсон қадрини улуғлаш, унинг манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг асосий йўналиши этиб белгиланган. Юртимизда ҳар бир одамнинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши учун зарур шароит ва имконият яратилмоқда. Бу ўз навбатида, ҳар бир юртдошимизни мамлакатимиз равнақи ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш, амалдаги қонунларга риоя қилиб, ҳалол яшашга ундайди.

Аслини олганда, ўзи, оиласи ва фарзандлари тинчини ўйлаган, эртанги ҳаёти осуда кечишини истаган одам ҳеч қачон жиноий қилмишларга қўл урмайди, ҳалолликни фао­лиятининг асосий мезони деб билади.

Афсуски, ҳаётда баъзан бунинг тескарисини ҳам учратиш мумкин.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан Ховос туманидаги 14-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида текшириш ўтказилганда, ушбу ўқув даргоҳида 2020 йил 1 январдан 2022 йил 10 сентябргача бўлган даврда ишчи-ходимларга 151 миллион 397 минг 424 сўм ортиқча тўловга йўл қўйилгани аниқланди.

Бунга мактаб бош ҳисобчиси Ж. Салоҳиддинованинг мансаб мақеини суиистеъмол қилгани сабаб бўлган. У мактаб директори Жавлон Искандаров билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, ўзига ишониб топширилган, ихтиёридаги ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини такроран талон-торож қилиш ҳамда содир этилган ўзлаштириш жиноятини яшириш мақсадида расмий ҳужжатларга сохта ёзув ва маълумотлар киритган.

Хусусан, ҳамтовоқлар ўзаро келишган ҳолда Бюджет кодекси, “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонун, Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 22 декабрда 2169-рақам билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Бюджет таш­килотларида бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги йўриқнома, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 апрелдаги 232-сонли ва 2020 йил 21 сентябрдаги 575-сонли қарорларида ходимларга 2020 йил 16 апрелдан 2022 йил 11 октябрга қадар, кейинчалик 2021 йил 1 январгача Моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси ҳамда Директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисобланишини тўхтатиб туриш белгиланган бўлса-да, мазкур талабларга зид равишда иш тутган. Бунинг натижасида йигирма тўрт нафар ўқитувчи ва мактаб директори Ж. Искандаровга 35 миллион 253 минг 187 сўм ортиқча рағбатлантириш пули тўланган.

Бундан ташқари Ж. Салоҳиддинова Ж. Искандаров билан яна тил бириктириб, 2020 йилнинг мартидан декабрь ойига қадар 9 ҳолатда 23 миллион 733 минг 600 сўм маблағни “UzAsbo” электрон дастурига ёлғон маълумотларни киритиш орқали ортиқча ҳисоблаган. Ушбу жиноий ҳаракат орқали улар 23 миллион 733 минг 600 сўм бюджет маблағини растрата қилиш йўли билан ўзлаштиришган.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. “Ўзини хон, кўланкасини майдон” санаган Ж. Салоҳиддинова 2021 йил январидан август ойига қадар мактаб директори ва ўринбосарига 8 ҳолатда 14 миллион 224 минг 500 сўмни бирон-бир асослантирувчи ҳужжатсиз тўлаб берган. Бу тарзда давлат бюджет маблағлари ҳисобидан ҳотамтойлик қилиш 2022 йилда ҳам давом этган.

Аниқроғи, 8 ҳолатда 14 миллион 224 минг 500 сўм талон-торож қилинган.

Яқинда мусиқа ва санъат мактабида бюджет маблағларини ўзлаштириш ва талон-торож этилгани билан боғлиқ қинғирликлар бўйича қўзғатилган жиноят иши судда кўриб чиқилди. Суд Ж. Салоҳиддиновани Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди.

Етказилган зарар қоплангани ҳамда жиноят ишининг Ж. Искандаровга тегишли қисми тергов чоғида тугатилгани инобатга олиниб, унга нисбатан икки йил муддатга давлат органларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, ўзига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини такроран талон-торож этиш ҳамда расмий ҳужжатларга сохта ёзув ва маълумотлар киритиш бир оиланинг бекаси, икки нафар фарзанднинг онаси Ж. Салоҳиддиновани ана шундай мулзам қилди.

Бу жиноят иши тафсилотларини баён этишдан кўзланган мақсад қинғирлик ҳеч қачон яхшиликка олиб бормаслигини таъкидлашдан иборат.

Зеро, бу бошқалар учун сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас.

Жавлон ЖАББОРОВ,

Сирдарё вилояти

суди судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,журналист

photo_2024-05-30_17-26-02

БИТИМНИНГ ҲУҚУҚИЙ ОҚИБАТЛАРИ БУРЧ ВА МАСЪУЛИЯТНИ ТАЛАБ ЭТАДИ

Мамлакатимизда барча соҳаларда қатъият билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, хусусий мулк дахлсизлиги ва шартнома тузиш эркинлиги кафолатлари турли кўринишдаги ҳуқуқий муносабатларни янада кенгайтирмоқда.

Маълумки, амалдаги Фуқаролик кодексининг 101-моддасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатлари битим ҳисобланиши қайд этилган. Битим ҳуқуқ ва мажбуриятларни юзага келтиради. Шу боис битим тузишда ҳар бир фуқаро ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатларни чуқур англаб етиши лозим. Ана шунда битим билан боғлиқ низоларнинг олди олинади.

Суд амалиётида битимни ҳақиқий эмас, деб топиш, битим тузиш асосида мулкка эгалик қилган шахс иккинчи тарафни турар жой ёки бошқа бинодан кўчириш ҳақидаги ишлар ҳам кўп учрайди. Жиззах вилояти судлари томонидан 2023 йилда битимни ҳақиқий эмас, деб топиш билан боғлиқ 104 та, уйдан кўчириш бўйича 108 та иш мазмунан кўриб чиқилган.

Масалан, Жалол Холматов (исм-шарифлар ўзгартирилган) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарлар И. Холматова, Г. Эргашев, Д. Эргашевани ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган Шароф Рашидов тумани, “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини, Зиёкор кўчасида жойлашган уйдан мажбуран чиқаришни сўраган.

Аниқланишича, Шароф Рашидов туманида жойлашган хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус томонидан 2022 йил 5 июнда қайд этилган олди-сотди шартномасига асосан Ж. Холматов ушбу уйни И. Холматовадан сотиб олган. Ушбу турар-жой Кадастрлар палатаси Жиззах вилояти бошқармаси томонидан 2022 йил 16 июнда Ж. Холматовнинг номига давлат рўйхатидан ўтказилган. Аммо уйнинг собиқ эгаси уни қонунчиликда белгиланган вақтда бўшатиб бермаган. Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси қаноатлантирилган.

Яна бир ҳолатда Маҳфуза Фармонова судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Умид Давроновни оила аъзолари билан бирга Дўстлик тумани, “Саноатчилар” маҳалла фуқаролар йиғини, Абдулла Авлоний кўчаси, 5-уй, 9-хонадондан мажбурий тартибда кўчиришни сўраган.

Ишда тўпланган ҳужжатлардан аниқланишича, Мирзачўл тумани ҳокимининг 2020 йил 14 апрелдаги қарорига асосан ушбу хонадон У. Давроновга тегишли бўлган. У 2020 йил 5 декабрда хонадонни М. Фармоновага сотган. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ Кадастрлар палатаси Жиззах вилояти бошқармаси томонидан 2022 йил 14 июлда М. Фармонова номига давлат рўйхатидан ўтказилган.

Суд мажлисида жавобгар тараф аслида хонадонни сотмагани, пулга муҳтож бўлгани сабабли М. Фармоновадан қарз олгани, унинг талаби билан гаров сифатида уй-жой олди-сотди қилингани, қарз узилиши билан у уйни қайтариб беришга ваъда бергани, аммо ҳозирда буни тан олмаётганини маълум қилди.

Шу ўринда айтиш керакки, битимнинг турли шакллари бўлиб, тарафлар ҳақиқатда қандай муносабатга киришса, битимни шунга мос равишда тузиши лозим. Акс ҳолда у ортиқча ташвиш ва муаммоларни юзага келтиради.

Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади. Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.

Бундан ташқари ушбу кодекснинг 733-моддасига мувофиқ фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши зарур. Шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида қарз суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт.

Баён этилган ҳолатда фуқаролар олди-сотди шартномаси эмас, балки қарз шартномаси тузиши лозим эди. Қолаверса, низони судда кўриш жараёнида ҳар бир тараф ўзининг важ ва эътирозларини исботлаб бериши керак. Суд қарз билан боғлиқ важлар ўз исботини топмагани, нотариал тартибда олди-сотди шартномаси тузилгани ва у давлат рўйхатидан ўтказилганини инобатга олиб, даъво аризасини қаноатлантирди.

Хулоса ўринда таъкидлаш жоизки, ҳар бир киши шартнома тузишда унинг келгусидаги ҳуқуқий оқибатини чуқур англаб етиши лозим. Акс ҳолда биргина нотўғри ҳаракат унга қимматга тушиши мумкин.

Нодиржон РАСУЛОВ,

Жиззах вилояти суди

раиси ўринбосари

photo_2024-03-29_16-49-13

СУД-ҲУҚУҚ ИСЛОҲОТЛАРИНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ: СУД ҚАРОРЛАРИНИ ТЕКШИРИШ ИНСТИТУТИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 29-моддаси 5-қисмида жиноят учун ҳукм қилинган ҳар ким қонунда белгиланган тартибда ҳукмнинг юқори турувчи суд томонидан қайта кўриб чиқилиши, шунингдек, афв этиш ёки жазони енгиллаштириш тўғрисида илтимос қилиш ҳуқуқига эга деб белгилаб қўйилган.

Одил судлов соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида, аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини кафолатли таъминлаш сингари эзгу мақсадлар мужассам. “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам айни шу мақсадда қабул қилинди.

Ушбу қонунда қонуний кучга кирмаган суд қарорларини шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўришга, шунингдек, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриш бўйича ваколатларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларга ўтказишга ҳамда юқори судлар томонидан суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига юбориш амалиётини тугатишга доир процессуал нормаларни Жиноят-процессуал кодексга киритиш назарда тутилган.

Бу каби ислоҳотлардан кутилаётган мақсадлардан бири судларга келиб тушган ҳар бир ишнинг судьялар томонидан ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш ҳисобланади.

Шунингдек, ушбу қонун меъёрларини амалда тўғри ва бир хилда қўллашни таъминлаш мақсадида Олий суд Пленумининг “Жиноят ишларини апелляция, кассация тартибида кўриш амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди.

Шу ўринда бу ҳақда батафсил фикр юритадиган бўлсак, Пленум қарорида, аввало, биринчи инстанция судининг ҳукми, ажрими устидан апелляция, кассация тартибида шикоят бериш (протест билдириш), апелляция, кассация инстанцияси судларида иш юритиш масалалари батафсил ёритилган.

Қонун талабига кўра, ишда тараф бўлмаган шахслар ҳам суд ҳукмининг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қисми устидан апелляция ёки кассация тартибида шикоят келтириши мумкин.

Шу сабабли Пленум қарорининг 2-банди иккинчи ва учинчи хатбошисига кўра, апелляция, кассация тартибида иш юритиш Жиноят-процессуал кодекснинг 497-2-моддаси тўртинчи қисми ҳамда 499-моддаси бешинчи қисмига мувофиқ ҳукмнинг ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига дахлдор қисми устидан шикоят бериш ҳуқуқига эга бошқа шахслар томонидан ҳам қўзғатилиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш берилди.

Булар жумласига қонунда белгиланган тартибда процесснинг у ёки бу иштирокчиси сифатида эътироф этилмаган, бироқ ўзининг ҳақиқий ҳолатига кўра, суд ҳимоясига муҳтож бўлган шахслар – гаров берувчи, мулки хатланган шахс ва бошқалар киради.

Мазкур қоида талабидан келиб чиқиб, биринчи инстанция суди шикоятни қабул қилиш пайтида апелляция, кассация шикояти берган шахснинг бундай ҳуқуққа эга эканини текшириши шарт эканлиги талаб қилинади.

Шунингдек, шикоятда ёки протестда оғирроқ жиноят тўғрисидаги қонунни қўллаш зарурлиги, жазони кучайтириш, маҳкумнинг аҳволи ёмонлашишига олиб келадиган бошқа ўзгаришлар ҳақидаги қонунни қўллаш тўғрисидаги масала қўйилган бўлса, қонунда суднинг айблов ҳукмини ёхуд ажримини кассация тартибида қайта кўришга, шунингдек, суднинг оқлов ҳукмини ёки ишни тугатиш тўғрисидаги ажримини кассация тартибида қайта кўришга фақат улар қонуний кучга кирганидан кейин бир йил ичида йўл қўйилиши белгиланган.

Бироқ амалиётда ушбу масала юзасидан судлар томонидан муддатни аниқлашда турли ёндашувлар мавжуд.

Бу тушунмовчилик юзасидан Пленум қарорининг 5-бандида тегишли тушунтириш берилди. Унга кўра, бир йиллик муддат тегишли ҳукм, ажрим қонуний кучга кирган кундан бошлаб кассация инстанцияси суди томонидан қарор қабул қилинган кун қўшилган ҳолда ҳисобланади.

Бунда бир йиллик муддат ўтгандан сўнг берилган кассация шикояти (протести) қўриб чиқилмасдан қайтарилиши, агар кассация шикояти (протести) Жиноят-процессуал кодекснинг 501-моддасида кўрсатилган бир йиллик муддат ўтганга қадар берилган бўлиб, ушбу муддат иш бўйича қарор қабул қилингунга қадар ўтиб кетса, у қаноатлантирилмасдан қолдирилиши ва бу ҳақда шикоят (протест) берган шахсга маълум қилиниши мумкин.

Маълумки, қонунда биринчи инстанция судининг ҳукми бекор қилиниши ва ўзгартирилиши учун умумий асослар белгиланган. Жумладан, апелляция, кассация инстанцияси судлари, агар чиқарилган ҳукм қонуннинг барча талабларига амал қилинган ҳолда ва қонун асосида чиқарилган бўлса, қонуний деб эътироф этилиб, уни ўзгаришсиз қолдиради.

Ҳукм ўзгаришсиз қолдирилганда апелляция, кассация инстанцияси судлари Жиноят-процессуал кодекснинг 533-моддаси биринчи қисми 1-4-бандларида кўрсатилган асос мавжуд бўлганда, ҳукмнинг ижросини кечиктиришга, амнистия актини қўллашга ҳақли. Шунингдек, апелляция, кассация инстанцияси судлари томонидан қуйи инстанция суди ҳукми, ажримининг тавсиф ёки қарор қисмига ўзгартириш киритилганда ҳам, башарти бу айблов ҳажми, қилмишнинг квалификацияси, тайинланган жазо тури ва миқдори ўзгаришига олиб келмаса, суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилади.

Жиноят-процессуал кодекснинг 497-26, 509-9-моддаларига мувофиқ, апелляция, кассация инстанцияси судларига:

• жиноят ишини кўриш натижаларига кўра, ҳукмни ўзгаришсиз, апелляция шикоятини, протестини эса, қаноатлантирмасдан қолдириш тўғрисида;

• 5-8-бандларида назарда тутилган ҳолларда, яъни ҳукмни бекор қилиш ва жиноят ишини тугатиш тўғрисида;

• ушбу кодекснинг 493-моддаси тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлганда, суднинг айблов ҳукмини бекор қилиш ва жиноят ишини биринчи инстанция судига юбориш тўғрисида;

• ҳукмни ўзгартириш тўғрисида, шунингдек, шикоят, протест қайтариб олинган ҳолларда, апелляция, кассация тартибида иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим қабул қилиш ваколатлари берилган.

Мазкур моддалар биринчи қисмининг 2-4-бандларида назарда тутилган ҳолларда, яъни айблов ҳукмини бекор қилиш ва оқлов ҳукмини чиқариш тўғрисида, айблов ҳукмини бекор қилиш ва янги айблов ҳукмини чиқариш тўғрисида, шунингдек, оқлов ҳукмини бекор қилиш ва айблов ҳукмини чиқариш тўғрисида ҳукм чиқариш ваколатига эга.

Бироқ амалиётда бир вақтнинг ўзида ҳар икки ҳолат юзасидан қарор қабул қилиш лозим бўлган ҳолатларда айрим судлар томонидан ҳукм, айрим судлар томонидан эса, ажрим чиқариш ҳолатлари кузатилмоқда.

Шу сабабли Пленум қарорининг 36-бандида бир вақтнинг ўзида ҳар икки ҳолат юзасидан қарор қабул қилиш лозим бўлса, тегишлича, алоҳида­алоҳида ҳукм ва ажрим чиқариш юзасидан аниқ тушунтириш берилди.

Айтиш керакки, Олий суд Пленумининг ушбу қарорини тайёрлаш жараёнида суд ва бошқа идоралар томонидан билдирилган кўплаб таклиф ва фикр-мулоҳазалар инобатга олинди.

Бу ўз навбатида, амалдаги қонун талаблари юзасидан Пленум қарорида берилган тушунтиришлар мукаммал бўлишга хизмат қилди.

Шу маънода айтганда, ушбу қарорнинг қабул қилиниши келгусида судлар фаолиятида, судьяларнинг бу борадаги ишларни кўриб чиқишида ягона амалиётни шакллантиришда ижобий таъсир кўрсатади.

Муроджон Абабакиров,

Олий суд судьяси

photo_2024-05-29_10-53-31

ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ ҚАРОРИ СУД АМАЛИЁТИНИ БИРХИЛЛАШТИРИШ, ҚОНУНЛАРНИ АНИҚ ВА ТЎҒРИ ҚЎЛЛАШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга доир кенг кўламли чора-тадбирлар қатъият билан амалга оширилмоқда.

Суд қарорларини қайта кўриш институтини такомиллаштирилиши муносабати билан 2023 йил 25 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун билан суд қарорларига нисбатан фуқароларнинг апелляция, кассация ва тафтиш тартибида шикоят келтириш ҳуқуқи ҳамда Конституцияда белгиланган судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланди.

Ўтган қисқа вақт ичида судларда суд қарорларига нисбатан келтирилган апелляция ёки кассация шикоятларини кўриб чиқиш амалиёти шаклланди.

Ўз навбатида, суд амалиётини бирхиллаштириш, судларга қонунни амалда тўғри қўллаш юзасидан тушунтириш бериш зарурати юзага келди.

Шу муносабат билан Олий суд Пленумининг “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни апелляция, кассация тартибида кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Ушбу Пленум қарорида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни апелляция, кассация тартибида кўриб чиқиш суд процесси иштирокчиларининг биринчи инстанция суди қарори устидан шикоят беришга бўлган ҳуқуқини кафолатловчи муҳим ҳуқуқий институт эканлигидан келиб чиқиб, судларга тушунтиришлар берилди.

Хусусан, Пленум қарорида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 324-2, 324-14-моддалари талабларидан келиб чиқиб, апелляция, кассация инстанцияси судлари сифатида қуйидагилар эътироф этилиши кўрсатилди:

• жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича – тегишлича, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати;

• иқтисодий судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича – тегишлича, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати;

• фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича – тегишлича, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати;

• ҳудудий ҳарбий судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича – Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди.

Шунингдек, қонунда вилоят суди ва унга тенглаштирилган судлар томонидан ишларни биринчи инстанцияда, апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқиш чоғида чиқарилган қарор устидан бериладиган шикоят (протест) қайси судлар томонидан кўрилиши белгиланмаганлиги суд амалиётида муаммоларга сабаб бўлиши назарда тутилган ҳолда бундай шикоят ва протестлар Олий суднинг тегишли судлов ҳайъати томонидан кўрилиши ҳақида тушунтириш берилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 324-3-моддасида апелляция шикояти (протести) бериш муддати ўтказиб юборилганда, 324-14-моддасида кассация шикояти (протести) бериш муддати ўтказиб юборилганда, шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномасига асосан ўтказиб юборилган муддат узрли деб топилса, муддат тикланиши мумкинлиги, бу ҳақда ажрим чиқарилиши белгиланган.

Бироқ қайси ҳолатлар узрли деб топилиши ва муддатни тиклаш ҳақидаги илтимоснома қандай тартибда кўриб чиқилиши қонунда белгиланмаган.

Бу бўйича суд амалиётини бир хиллаштириш мақсадида Пленум қарорида процессуал ҳаракатни амалга оширишга объектив тўсқинлик қилувчи ҳолатлар узрли сабаблар деб топилиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш берилди.

Масалан, фавқулодда ҳолатлар, сув тошқинлари, эпидемия, пандемия, карантин, қилмишда жиноят аломатлари аниқлангани, шахснинг касаллиги, оилавий аҳволи, яъни оила аъзоларининг ўлими ёки оғир касаллиги, шунингдек, бошқа ҳолатлар, агар улар қонунда белгиланган муддатда апелляция, кассация шикояти беришни истисно этган ёхуд жиддий тарзда қийинлаштирган бўлса, узрли ҳолатлар деб топилиши мумкин.

Шу билан бирга, апелляция, кассация шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимоснома суд мажлисида судья томонидан тарафларнинг иштирокида кўриб чиқилади. Бунда муддатни ўтказиб юборишнинг суд томонидан узрли деб топилиш сабаблари ажримда кўрсатилиши керак.

Пленум қарорининг 22-бандида апелляция, кассация инстанцияси судлари суд қарорини ўзгартирганда, қуйидагиларга:

• маъмурий ҳуқуқбузарлик квалификациясини маъмурий жазо чорасини ўзгартирмаган ҳолда ўзгартиришга;

• маъмурий ҳуқуқбузарлик квалификациясини маъмурий жазо чорасини енгиллаштирган ҳолда ўзгартиришга;

• маъмурий жазо чорасини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг Махсус қисми моддаси санкцияси доирасида ўзгартиришга;

• Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси тартибида жазоларни қўшишда мазкур моддада белгиланган талаблар бузилган ҳолатларда қонунга мувофиқлаштириб ўзгартиришга;

• Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг Махсус қисми муайян моддасини ёки ҳуқуқбузарлик эпизодларини чиқаришга;

• моддий зарар миқдорини кўпайтириш ёки камайтиришга, шунингдек, ҳуқуқбузарлик ашёлари тўғрисидаги масалани ҳал қилишга.

• апелляция, кассация инстанцияси судлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 33-моддасига мувофиқ, бундай қарор қабул қилиниши сабаблари ва асосларини кўрсатган ҳолда, ушбу Кодекс Махсус қисми муайян моддаси санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазони ёки мазкур моддада назарда тутилмаган бошқа жазони қўллашга ҳақли эканлиги белгиланди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 278-моддасида, башарти ишни кўриб чиқиш пайтида орган ё мансабдор шахс ҳуқуқбузарлик ҳолатида жиноят аломатлари бор, деган хулосага келса, материалларни прокурорга топширилиши назарда тутилган. Бироқ бу қандай тартибда амалга оширилиши аниқ белгиланмаган. Шу сабабли судларда бу борада турли хил амалиёт шаклланган.

Бу борадаги амалиётни бирхиллаштириш мақсадида Пленум қарорининг 24-бандида, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 278-моддасига мувофиқ, агар ишни кўриб чиқиш пайтида апелляция, кассация инстанцияси судлари ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бор, деган хулосага келса, биринчи инстанция суди қарорини бекор қилиши ва иш ҳужжатларини асослантирилган қарор билан бирга прокурорга юбориши тўғрисида тушунтириш берилди.

Шунингдек, тергов ёки суриштирув органи иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиш ва текшириш натижаси бўйича ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқ, деган хулосага келган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш судга жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарори билан бирга юборилиши белгиланди.

Бундан ташқари судлар томонидан ишни юқори инстанцияда кўриш вақтида, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддасига асосан, ишни тугатиш билан боғлиқ турли амалиёт шаклланганлигидан келиб чиқиб, Пленум қарорининг 26-бандида, агар апелляция, кассация шикоятини (протестини) кўриб чиқиш пайтида мазкур Кодекснинг 271-моддасида (10, 10-1-бандларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно) назарда тутилган маъмурий жавобгарликни истисно қилувчи ҳар қандай ҳолат аниқланса, биринчи инстанция судининг қарори бекор қилиниши, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш эса, тугатилиши лозимлиги ҳақида тушунтириш берилганлиги диққатга сазовордир.

Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 324-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўришни тугатиш орқали қарорни бекор қилиш ундириб олинган пул суммаларини, ҳақи тўлаб олиб қўйилган ва мусодара қилинган нарсаларни қайтариб беришга, шунингдек, илгари қабул қилинган қарор билан боғлиқ бошқа чеклашларни бекор қилишга асос бўлиши, нарсани қайтариб бериш мумкин бўлмаган ҳолларда унинг қиймати, башарти бу нарсалар тадбиркорлик учун мўлжалланган бўлса, бой берилган фойдаси ҳам қопланиши белгиланди.

Мухтасар айтганда, ушбу Пленум қарори судларда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни апелляция, кассация инстанциясида кўришда одил судловни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, айни ҳужжат суд амалиётини бир хиллаштириш, қонунларни аниқ ва тўғри қўллашга хизмат қилади.

Элбек ТУРҒУНБОЕВ,

Олий суд судьяси

photo_2024-03-29_16-49-13

СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ ҚАЙТА КЎРИШ ИНСТИТУТИГА ОИД НОРМАЛАР МУКАММАЛАШТИРИЛМОҚДА

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чоралари изчил кучайтирилмоқда. Жумладан, суд қарорларини қайта кўриш институтини такомиллаштириш мақсадида амалдаги тартиб қайта кўриб чиқилди.

Шу маънода яқинда қабул қилинган “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳим аҳамиятга эга. Чунки айни қонун билан суд ҳужжатларини қайта кўриш институтига оид нормаларга бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Айни йўналишда Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан иқтисодий ишларни апелляция ва кассация тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарори қабул қилингани бежиз эмас. Бу ўринда Иқтисодий процессуал кодекс нормаларига киритилган ўзгартиришларнинг тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш ҳақида сўз бормоқда.

Айтиш керакки, Иқтисодий процессуал кодекснинг 50-моддаси биринчи қисмига кўра, Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ўз аъзоларининг манфаатини кўзлаб, судга киритган даъво бўйича даъвогарнинг барча ҳуқуқларидан фойдаланади ва мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Шу сабабли судларнинг эътибори Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ўзлари киритган даъво бўйича низодаги жавобгарнинг манфаатида апелляция ёки кассация шикояти тақдим эта олмаслигига қаратилиши зарур.

Яъни бунда Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари судга берилган низо бўйича бир вақтнинг ўзида ҳам даъвогар, ҳам жавобгар манфаатида иштирок эта олмаслиги назарда тутилмоқда.

Маълумки, иқтисодий судларда кўриладиган тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Ушбу тоифадаги ишлар бўйича чиқариладиган суд ҳужжатлари устидан шикоят бериш Иқтисодий процессуал кодексдан ташқари “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунда ҳам белгиланган.

Шу муносабат билан Олий суд Пленуми қарорининг 13-бандида тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунда кўрсатилган ажримлар устидан ҳам апелляция ва кассация тартибида шикоят берилиши ёки протест келтирилиши мумкинлиги белгиланмоқда. Бу, ўз навбатида, банкротлик иши доирасида тарафларнинг бузилган деб ҳисобланган ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишни таъминлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари Пленум қарорининг 19-банди иккинчи хатбошисида иш суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган бирор-бир ишда иштирок этувчи шахс йўқлигида кўрилгани ёки ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилингани апелляция ёки кассация инстанцияси суди томонидан ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўриш учун асос бўлиши белгилаб қўйилди.

Бунда жавобгар ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўриш давомида судга қарши даъво тақдим этиш ва даъво муддатини қўллаш каби ҳуқуқлардан фойдаланиши ҳақида тушунтириш берилмоқда.

Моддий ҳуқуқ нормаларини бузиш ёки нотўғри қўллаш деганда, биринчи инстанция суди томонидан қўлланилиши лозим бўлган қонун ёки бошқа қонунчилик ҳужжатини қўлламаслик ёхуд қўлланилиши лозим бўлмаган қонун ёки бошқа қонунчилик ҳужжатини қўллаш тушунилади.

Шу боис Пленум қарорининг 26-бандида агар апелляция ё кассация инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан ишни кўришда ишнинг фактик ҳолатлари тақдим этилган далилларни ҳар томонлама, тўлиқ ва объектив текшириш асосида аниқланган, суднинг хулосалари ушбу ҳолатларга мувофиқ, бироқ суд томонидан моддий ҳуқуқ нормаларини қўллашда хатога йўл қўйилган деб топса, бундай ҳолда апелляция ёки кассация инстанцияси суди ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмини ўзгартириши зарурлиги ҳақида тушунтириш берилмоқда.

Бундан ташқари Пленум қарорининг 28-банди учинчи хатбошисида:

• агар биринчи инстанция суди ҳал қилув қарори билан билдирилган талаблардан бирини ёки бир нечтасини кўрмасдан қолдирган, бошқа талаблар бўйича иш юритишни тугатган, қолган талабларни эса, мазмунан кўрган бўлса;

• апелляция ёки кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг кўрмасдан қолдирилган ёки иш юритиш тугатилгани ҳақидаги хулосаси билан келишмаса, Иқтисодий процессуал кодекснинг 279-моддаси бешинчи қисми 6-банди ва 302-моддаси бешинчи қисми 6-банди талаблари бўйича ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўриб, ҳал этилиши белгиланмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан иқтисодий ишларни апелляция ва кассация тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарори суд амалиётида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларга нисбатан тўғри ва уйғун амалиётни қўллашда муҳим ўрин тутади.

Равшан САГАТОВ,

Олий суд судьяси

photo_2024-03-29_16-49-13

СУДЛАРДА АПЕЛЛЯЦИЯ ВА КАССАЦИЯ ТАРТИБИДА ИШ ЮРИТИШ УЧУН МУҲИМ ҲУЖЖАТ

Кейинги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганини текширишнинг фуқаролар учун қулай ва соддалаштирилган тартиби яратилди. Вилоят ва унга тенглаштирилган судларда кассация ва тафтиш инстанциялари, Олий судда тафтиш ва Раёсат инстанциялари жорий этилиб, ўрта бўғин судларида иш юритиш тартиби тубдан ўзгарди.

Бу, ўз навбатида, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг амалиётини бир хил ва тўғри йўлга қўйишга қаратилган раҳбарий кўрсатмаларни ишлаб чиқиш, шунингдек, апелляция ва кассация тартибида иш кўришга оид амалдаги Пленум қарорларини процессуал қонунчиликдаги ўзгартиришларга мувофиқлаштириш заруратини келтириб чиқарди.

Шу маънода яқинда бўлиб ўтган Олий суд Пленуми мажлисида “Судлар томонидан маъмурий ишларни апелляция ва кассация тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилингани муҳим аҳамиятга эга.

Айтиш керакки, Пленум қарорида қонуний кучга кирмаган суд қарорларини шикоят ёки протест асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида қайта кўришнинг асосий жиҳатлари, иш юритишнинг ўзига хос хусусиятлари очиб берилган. Шунингдек, ушбу ҳужжатда судларда ягона амалиётни шакллантиришга оид муҳим тушунтиришлар ҳам ўз ифодасини топган.

Масалан, процессуал қонунчиликда шикоят келтирилиши мумкин бўлган ва шикоят келтирилмайдиган суд ажримлари назарда тутилган бўлиб, айни ҳолат амалиётда нафақат фуқаролар, балки баъзи адвокат ва ҳуқуқшунослар ўртасида ҳам айрим тушунмовчиликларни келтириб чиқараётган эди. Шу сабабли Пленум қарорида устидан шикоят бериш назарда тутилмаган ажримда тегишли кодексда шикоят қилиш назарда тутилган процессуал масалалар ҳам ҳал этилган бўлса, ажримнинг шу қисми бўйича шикоят қилиниши мумкинлиги тўғрисида тушунтириш берилмоқда.

Шикоят иш юритишга қабул қилиниши ва ажримда шикоятни имзолаш ваколатини тасдиқловчи далилларни тақдим этиш талаб этилиши ва бундай далил тақдим этилмаган тақдирдагина шикоят кўрмасдан қолдирилиши тўғрисида ҳам тушунтириш берилмоқда. Бундан мақсад — шикоятни имзолаган шахснинг бунга ваколати мавжудлиги борасида шубҳа туғилганда, фуқаро ва тадбиркорлар оворагарчилигига барҳам бериш кўзда тутилган.

Қонун талабига кўра, апелляция, кассация шикояти берган шахс суд ҳужжати чиқарилгунига қадар шикоятдан воз кечишга, прокурор протестни чақириб олишга ҳақли.

Шу боис суд ҳужжатига нисбатан бир неча шахслар томонидан шикоят (протест) берилган бўлиб, уларнинг айримлари шикоятдан воз кечганлиги воз кечишни қабул қилмасликка асос бўлмайди. Бундай ҳолда воз кечилган шикоят (протест) қисми бўйича иш юритиш тугатилиб, бошқа шахснинг шикояти (протести) умумий асосларда кўриб чиқилади.

Амалиётда апелляция, кассация шикоятига (протестига) алоқадор қўшимча ҳужжатлар ёки бошқа шахслардан апелляция, кассация шикояти келиб тушиши ва ҳал қилув қарори қабул қилган суд томонидан ушбу хужжатларни тегишли инстанция судига кечиктириб юбориш ҳолатлари учраб туради.

Бунинг олдини олиш мақсадида Пленум қарорига шикоятга алоқадор қўшимча ҳужжатлар ёки бошқа шахслардан шикоят келиб тушган тақдирда, улар келиб тушган куннинг эртасидан кечиктирмай шикоят (протест) кўриб чиқилаётган суд инстанциясига юборилиши ҳақидаги қоида киритилди.

Бу, шубҳасиз, юқорида таъкидланган ҳужжатларнинг қисқа муддатларда тегишли инстанция судларига юборилишини таъминлаш билан бирга қуйи инстанция суди қарорларининг қонунийлиги ва асослилиги юзасидан келтирилган важларни тўлиқ текшириш ҳамда иш бўйича барча ҳақиқий ҳолатларни ҳар томонлама ва тўлиқ аниқлаш имконини беради.

Маълумки, маъмурий процессуал қонунчиликка янги институт сифатида апелляция, кассация инстанцияси судларининг ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтишга оид нормалар киритилди. Бунда апелляция ва кассация инстанция судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун қуйи инстанцияларга юбориш амалиётига чек қўйиш, ўрта бўғин судларига ишнинг якуни бўйича қарор чиқариш масъулиятини юклаш, энг муҳими, битта ишнинг қуйи инстанция судларида қайта-қайта кўрилиши борасидаги фуқаролар норозилигининг олдини олиш мақсадларидан келиб чиқилди.

Мазкур институт маъмурий судлар учун янгилик бўлди. Шунинг учун бу борада қуйи судлардан кўплаб саволлар келиб тушаётганини инобатга олган ҳолда, уни тўғри қўллашга оид раҳбарий кўрсатмалар ишлаб чиқилди. Жумладан, қонунда назарда тутилган асослар аниқланганда, апелляция, кассация инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтади ва бу ҳақда асослантирилган ажрим чиқарилади. Бунда ушбу ажрим билан шикоят (протест) берилган суд ҳужжати бекор қилинмайди.

Шунингдек, ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туриш масаласи нафақат шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномасига кўра, балки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномаси асосида ҳам иш юритишнинг ҳар қандай босқичида ҳал қилиниши мумкин.

Шикоят (протест) иш юритишга қабул қилинганидан сўнг ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туриш ҳақида илтимоснома келиб тушганда, ушбу масала якка судья томонидан эмас, балки судлов ҳайъати томонидан ҳал этилади.

Пленум қарорида апелляция, кассация шикояти бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимоснома билан бир вақтда бошқа, мисол учун суд харажатларини тўлашни кечиктириш, суд ҳужжатларининг ижросини тўхтатиб туриш, дастлабки ҳимоя чораларини кўриш ҳақида илтимосномалар келиб тушган ҳолларда дастлаб шикоят бериш муддатини тиклаш масаласини ҳал этиш борасида ҳам зарур тушунтиришлар берилди.

Ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки юридик шахснинг ўз талабларини судда исботлаб бериш бўйича имкониятлари давлат органларининг ресурсларига қараганда бирмунча чекланганига ҳам эътибор қаратиш жоиз.

Шунга кўра, “суднинг фаол иштироки” принципидан келиб чиқиб, апелляция, кассация шикоятини (протестини) кўриб чиқишда биринчи инстанция суди томонидан айрим талаблар кўрмасдан қолдирилган ёки иш юритишдан тугатилган ҳолларда, ишнинг якунига қадар ишда иштирок этувчи шахсларга талабнинг бир қисмини иш юритишдан тугатиш ёки кўрмасдан қолдириш ҳақидаги ажрим устидан ҳам шикоят келтириш ҳуқуқини тушунтиришга оид қоидалар кўзда тутилди. Бу, албатта, фуқароларнинг Конституциямизнинг 55-моддаси билан кафолатланган одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга шарт-шароит яратади.

Янада муҳими шундаки, Пленум қарорида ҳал қилув қарори бекор қилинганда апелляция, кассация инстанцияси суди хусусий ажримнинг қонунийлиги ва асослантирилганини, гарчанд унинг устидан шикоят (протест) келтирилмаган бўлса ҳам, текшириш ва уни бекор қилишга ҳақлилиги борасида долзарб раҳбарий кўрсатмалар берилмоқда. Ушбу тушунтириш бугунги кун амалиётида учраётган айрим муаммоларга амалий ечим бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, янги Пленум қарори ўрта бўғин судларида апелляция ва кассация тартибида иш юритиш учун муҳим ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилади.

Нодира Ҳакимова,

Баҳодир Эргашев, Олий суд судьялари

#thegov_button_69cbba1203ecf { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cbba1203ecf:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cbba1203ecf { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cbba1203ecf:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!