Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2024-06-20_11-55-18

ЮЗШУВУТЛИК ЁХУД ЎҒИРЛИК ОҚИБАТИ

Бировнинг мулкини ўғирлаш хавфли қилмиш ҳисобланади. Шу сабабли бундай қилмишга нисбатан қонунчиликда жиноий жавобгарлик белгиланган.

Наманган шаҳрида яшовчи Сайёра Солиева (исм-шарифлар ўзгартирилган) илгари ўғирлик жиноятига қўлга ургани учун жиноий жавобгарликка тортилган. Суд унинг ёшлигини инобатга олиб, енгил жазо турини қўллаган ва унга ҳалол яшаш учун имкон берганди. Афсуски, у бу имкониятдан тўғри хулоса чиқариб олмади. Ҳаётда тўғри йўлни топиш, ҳалол меҳнат билан кун кечириш ўрнига яна эски “ҳунар”ини қумсаб қолди.

У бу гал бир уйда яшаётган ҳамхоналарини тунади.

С. Солиева ижарада яшайдиган уйда уй бекасидан ташқари 2 нафар талаба қиз ҳам истиқомат қиларди. Ҳамма бир-бирига ишонгани учун уйда ҳеч нарса беркитиб қўйилмас эди. Айни шу ҳолат С. Солиевага қўл келади.

У пайт пойлаб, хонадон эгасининг 600 минг, яна бир ижарачи қизнинг 1 миллион сўмлик телефон аппаратлари ва 700 минг сўм пулини ўғирлаб кетади. Телефон аппаратларини бозорда номаълум шахсларга сотиб, пулини ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборади.

Жабрланувчилар ички ишлар идораларига мурожаат қилгандан сўнг С. Солиеванинг қилмиши фош бўлади ва унга нисбатан жиноят иши очилади.

Яқинда ушбу жиноят иши судда кўриб чиқилди. Суд етказилган зарар тўлиқ қоплангани, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги, С. Солиеванинг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олиб, унга жарима жазоси тайинланди.

Энди С. Солиева ушбу инсонпарварлик ва бағрикенгликни оқлармикан?

Қилмишидан тўғри хулоса чиқариб, ҳаётда тўғри йўлни топиб олармикан?

Албатта, буни вақт кўрсатади. Лекин ҳаёт ҳақиқати шуки, ўғрининг ҳеч қачон косаси оқармайди. Зеро, бировнинг ҳақи ҳеч қачон ўзгага асло буюрмаган.

Самад Қодиров,

жиноят ишлари бўйича

Наманган шаҳар

суди раиси

photo_2024-06-20_11-43-47

ҚАРИЙБ 2 МИЛЛИАРД СЎМ СУД ТОМОНИДАН ТАДБИРКОРГА УНДИРИБ БЕРИЛДИ

Маълумки, судлар зиммасидаги муҳим вазифалардан бири амалдаги қонунлар талабидан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишдан иборатдир. Айниқса, иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ҳар бир иш соҳа вакиллари ҳуқуқлари устуворлиги принципи асосида кўриб чиқилиб, адолатли ҳал этилмоқда.

Жумладан, Хўжаобод туманлараро иқтисодий судининг Жалақудуқ тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда тадбиркор Умиджон Юсупов раҳбарлигидаги “NEW BUILDING” масъулияти чекланган жамияти ўртасида юзага келган низо бўйича қабул қилган адолатли қарори ҳам фикримизни яққол тасдиқлайди.

Шу ўринда бу ҳақда батафсилроқ фикр юритадиган бўлсак, 2023 йил 4 сентябрда тарафлар ўртасида тумандаги 10 ва 29-сонли давлат мактабгача таълим муассасалари ҳамда 19, 27-умумтаълим мактаблари биносини жорий таъмирлаш тўғрисида 10, 11, 12, 13-сонли шартномалар тузилган. Шунга асосан, тадбиркор 10-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси биносида 1 миллиард 201 миллион сўмлик, 27-умумтаълим мактаби биносида 156 миллион, 29-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси биносида 164 миллион, 19-сонли умумтаълим мактаби биносида 397 миллион сўмлик таъмирлаш ишларини бажарган. Бу тўғрисида тегишли далолатномалар ҳам тузилган. Қолаверса, Жалақудуқ тумани прокуратурасининг 2023 йил 20 октябрдаги 10.6/23-сонли талабномасига асосан “Norma qurilish nazorat” масъулияти чекланган жамияти мутахассислари томонидан бажарилган ишлар назорат ўлчовидан ҳам ўтказилган. Аммо Жалақудуқ тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими кўр-кўрона иш тутиб, “NEW BUILDING” масъулияти чекланган жамиятининг ҳақини тўлаб бермайди. Шундан сўнг тадбиркор У. Юсупов Хўжаобод туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилиб, Жалақудуқ туманидаги таълим муассасаларида бажарган ишлари учун 1 миллиард 918 миллион 485 минг сўмлик иш ҳақини ундириб беришни сўради.

Янгиланган Конституциямизнинг 55-моддасига мувофиқ, ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ҳар қимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар, улар мансабдор шахсларининг қонунга ҳилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Айтиш керакки, юқорида баён этилган низони судда кўриш жараёнида Андижон вилояти Иқтисодиёт ва молия бошқармаси ишга жалб қилинган бўлса-да, судга келмади, фақат даъвогар ва жавобгар ўртасида тузилган пудрат шартномалари Жалақудуқ тумани ғазначилик бўлимидан рўйхатдан ўтказилмаганини билдириш билан кифояланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 28 февралдаги “Давлат бюджетининг ғазна ижроси тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 6-бандида бюджет ташкилотларининг товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилар билан шартномалари, шунингдек, буюртмачиларнинг Давлат бюджети маблағлари ҳисобига капитал қурилишга оид шартномалари мажбурий тартибда ғазначиликда рўйхатга олиниши шартлиги ва фақат у амалга оширилгандан сўнг кучга кириши белгиланган.

Бюджет кодексининг 122-моддасида эса, “Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджетдан ажратиладиган маблағлар бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан тузган шартномалари, шунингдек, уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар улар ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилганидан кейин кучга киради”, дея қайд этилган. Бу қоида Олий хўжалик суди Пленумининг 2016 йил 23 декабрдаги “Иқтисодий судлар томонидан қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори 3-бандида ҳам ўз ифодасини топган. Яъни ғазначилик бўлинмасида рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиққан низони ҳал этишда шартнома рўйхатдан ўтказилмагани аниқланса, судлар ушбу Пленум қарорининг 2.3-бандида белгиланган қоидаларни қўллаши лозим. Унга кўра, қурилиш пудрати шартномасида муҳим шартларнинг мавжуд бўлмагани ва шартнома тузилмаган деб ҳисобланиши, агар бундай ишларнинг бажарилгани ҳолати тақдим этилган далиллар билан исботланса, бажарилган ишлар қийматини ундириш тўғрисидаги талабни рад этишга асос бўлмайди. Бироқ бундай қурилиш пудрати шартномаси шартлари ва (ёки) қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарлик чорасини (неустойка, фоизлар ундириш, зарарни қоплаш) қўллаш тўғрисидаги талабни қаноатлантириш рад этилади.

Суд юқорида баён этилган қонуний асосларга таянган ҳолда Жалақудуқ тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан “NEW BUILDING” масъулияти чекланган жамияти фойдасига 1 миллиард 918 миллион 485 минг сўм ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса ўрнида айтганда, давлат органлари, корхона, ташкилот ва муассасалар, шунингдек, банклар билан ўзаро муносабатларда тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш муҳим аҳамият эга. Бу тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш ва уларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга кенг имконият яратади.

Иброҳим ЖЎРАЕВ,

Хўжаобод туманлараро

иқтисодий суди раиси

photo_2024-06-20_11-33-47

БЕКОР БЎЛГАН БУЙРУҚ: ХОДИМ ИШГА ТИКЛАНДИ

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 42-моддасига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Бинобарин, юртимизда ҳар бир фуқаронинг муносиб ҳаёт кечириши, меҳнат қилиши, касб ва фаолият турини эркин танлаши учун кенг имкониятлар яратилган. Бироқ ҳаётда баъзан меҳнат қонунчилигига амал қилмаслик ҳолатлари ҳам учраб туради. Бундай лоқайдлик эса, фуқароларнинг оворагарчилигига сабаб бўлади.

Мисол учун айтадиган бўлсак, Наргиза Хўжамова судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, Учқудуқ тумани спорт мактаби раҳбарининг 2023 йил 20 июндаги буйруғини ноқонуний деб топиб, бекор қилиш, ўзини йўриқчи-услубчи вазифасига ишга тиклаш, етказилган маънавий зарар учун 250 000 000 сўм товон пули, мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ундириб беришни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, Н. Хўжамова 2017 йилда Учқудуқ тумани Болалар-ўсмирлар спорт мактабига йўриқчи-услубчи лавозимига ишга қабул қилинган.

Спорт мактаби раҳбарининг 2023 йил 20 июндаги буйруғига асосан, Н. Хўжамова билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 168-моддаси 1-қисми 4-бандига асосан ишга қабул қилишга доир белгиланган қоидаларнинг бузилгани, уни бартараф этиш имконияти бўлмагани, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 сентябрдаги 211-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 62-бандига асосан бекор қилинган.

Айтиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 сентябрдаги 211-сонли қарори 1-иловасидаги Низомнинг 62-бандида “Спорт мактабида ташкилий, тарбиявий, соғломлаштириш ва методик ишларни жисмоний тарбия бўйича олий маълумотли, камида бир йил тренер-ўқитувчилик бўйича иш тажрибасига эга бўлган мутахассислардан тайинланадиган йўриқчи-услубчи амалга оширади” деб белгиланган. Иш берувчининг ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруғида ушбу Низом талаби асос сифатида келтирилган.

Бундан ташқари Навоий вилояти Ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси ходимлари томонидан тузилган далолатномада Н. Хўжамовага мактабда мавжуд бўлган бошқа иш ўрни таклиф қилингани, бироқ у буни рад этгани қайд этилган.

Аммо Н. Хўжамова суд мажлисида берган кўрсатмасида иш берувчи томонидан унга бошқа иш ўрни оғзаки равишда таклиф қилингани, лекин у бунга рози бўлмагани, чунки ўз лавозими вазифаларини яхши билишини билдирди.

Суд иш ҳолати ва қонун талабларидан келиб чиқиб, Н. Хўжамова йўриқчи-услубчи лавозимида 2017 йил 3 январдан буён ишлаб келиши, олий маълумотли экани, йўриқчи-услубчи лавозими тренер-ўқитувчи лавозимидан юқори туриши, қонунда иш берувчининг меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 168-моддаси биринчи қисми 4-бандига мувофиқ бекор қилиши учун ишга қабул қилишнинг қоидалари бузилганини бартараф этиб бўлмаганда йўл қўйилиши назарда тутилганини эътироф этди. Ана шу қонуний асосларга таянган ҳолда Н. Хўжамова билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни ғайриқонуний деб топди ва уни ишлаб келган вазифасига ишга тиклаш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди. Шунингдек, суд Н. Хўжамовага етказилган маънавий зарар учун товон пули ҳамда мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ундиришни ҳам лозим топди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ҳар бир идора ва ташкилотда меҳнат қонунчилигига қатъий амал қилинса, ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатлари бузилмайди. Бу эса, ўз навбатида, судлардаги иш юкламасини камайтиришга ҳам хизмат қилади.

Анвар Жумаев,

фуқаролик ишлари бўйича

Учқудуқ тумани суди раиси

photo_2024-06-20_11-25-29

КОРПОРАТИВ ҲУҚУҚЛАРНИ СУД ОРҚАЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ: МУАММО ВА ЕЧИМ

Аввало шуни айтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг “Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори иштирокчилик асосидаги бизнесни ташкил этиш ва юритиш, корпоратив муносабат субъектларининг ҳуқуқларини амалга ошириш, ҳимоя қилиш, уларнинг жавобгарлиги чегараларини белгилаш, корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, замонавий корпоратив бош­қарув усулларини жорий этиш, корпоратив бош­қарувга эга хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти ва улар билан муносабатда бўлган кредиторларнинг ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжат ҳисобланади.

Масъулияти чекланган жамият иштирокчисининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – бу иштирокчининг (шу жумладан, улуш эгасининг) ҳуқуқни амалга ошириш жараёнидаги тўсиқларни бартараф этиш, бузилган корпоратив ҳуқуқларини тиклаш, ҳуқуқи бузилиши натижасида етказилган зарарни қоплаш, ҳуқуқбузарликнинг туридан (маъмурий, жиноий, фуқаровий) келиб чиқиб, айбдорларга нисбатан жавобгарлик чораларини белгилаш ҳамда корпоратив ҳуқуқлар бузилишининг олдини олишга қаратилган юридик хатти-ҳаракатлар мажмуи ҳисобланади. Албатта, масъулияти чекланган жамият иштирокчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судлар муҳим ўрин тутади. Чунки корпоратив низолар вужудга келганда иштирокчилар ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш энг самарали усул саналади. Бироқ бугунги суд амалиёти таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, масъулияти чекланган жамият иштирокчиларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишда ечимини кутаётган айрим муаммолар ҳам мавжуд.

Шулардан бири масъулияти чекланган жамият уставини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида талаб бўйича иқтисодий судлар томонидан турли асослар билан иш юритиш тугатилиб келинаётганидир. Масалан, “Betiz universal servis” масъулияти чекланган жамиятининг “Ko’rkam qurilish” масъулияти чекланган жамияти ва “Kelajakka qadam” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома ва уставни ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган иш бўйича қабул қилинган ажримда устав ҳуқуқий оқибат келтириб чиқарувчи ҳужжат ҳисобланмаслиги сабабли ушбу низо иқтисодий судга тааллуқли эмас, деб иш юритиш тугатилган. Шунингдек, “Buxorota’mirloyiha” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси М. Аҳмедовнинг “Buxorota’mirloyiha” масъулияти чекланган жамияти уставининг 9.1.-бандини қисман ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги даъвоси бўйича қўзғатилган иш бўйича апелляция инстанцияси судининг қарорида қонунчилик ҳужжатларида жамият устави юзасидан низолашиш назарда тутилмагани тўғрисидаги асос билан ушбу талаб мазмунан кўриб чиқилмаган.

Бундан ташқари “Заркон” масъулияти чекланган жамиятининг таъсисчиси Х. Хўжаеванинг 2023 йил 27 августдаги 1-сонли умумий йиғилиш қарори ва 2023 йил 25 сентябрдаги янги таҳрирдаги уставини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган ишда ҳам умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги талаб мазмунан кўриб чиқилиб, уставни ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги талаб бўйича иш юритиш тугатилган. Бу каби ҳолатни Ш. Шодиевнинг “33-автокорхона” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиларининг 2020 йил 10 декабрдаги 14-сонли умумий йиғилиши баёни, 2020 йил 11 декабрдаги янги таҳрирдаги устави, 2020 йил 10 декабрдаги олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас, деб топиш ва Б. Тошевни таъсисчилар сафидан чиқариш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган ишни кўриб чиқиш жараёнида ҳам кўриш мумкин. Аниқроғи, суд томонидан уставни ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги талаб бўйича иш юритиш тугатилиб, даъво аризасидаги талабларнинг қолган барчаси мазмунан кўриб чиқилган.

Бунинг оқибатида жамият уставидаги қонунга зид бўлган айрим бандларни суд орқали низолашиш имконияти йўқотилмоқда.

Ўрни келганда шуни қайд этиш жоизки, амалиётда уставни ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги талаб мазмунан ҳал қилинган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Фикримизча, масъулияти чекланган жамият устави юзасидан низолашиш корпоратив низо сифатида қуйидагиларга асосан иқтисодий судларда кўриб чиқилиши лозим:

1. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 55-моддасига асосан ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли.

2. Иқтисодий процессуал кодексга 2023 йил 26 апрелда киритилган ўзгартиришларга асосан, иш иқтисодий, фуқаролик ёки маъмурий судга тааллуқли бўлмасагина иш юритишдан тугатилади.

Олий суд Пленумининг “Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори 22-бандига кўра, Иқтисодий процессуал кодексининг 110-моддаси 1-бандига мувофиқ, агар иш иқтисодий суд, фуқаролик ишлари бўйича суд ёки маъмурий судда кўриш учун тааллуқли бўлмаса, суд иш юритишни тугатади. Яъни иш судларнинг эмас, балки бошқа органларнинг (масалан, ҳокимлик, нотариус ва бошқалар) ваколатига тегишли бўлганда, шунингдек, билдирилган талаб ҳуқуқни ҳимоя қилишга қаратилмаган тақдирда иқтисодий суд иш юритишни юқоридаги асосга кўра, тугатади, дея тушунтириш берилган. Шундан келиб чиқиб айтиш керакки, устав юзасидан низолашиш бошқа органнинг ваколатига кирмайди, шунингдек, устав ёки унинг бир қисмини ҳақиқий эмас, деб топиш орқали ҳуқуқни ҳимоя қилишга эришилади.

3. Аксарият хорижий давлатларда устав (унинг алоҳида қисмлари)ни ҳақиқий эмас, деб топиш арбитраж ва хўжалик судлари томонидан кўриб чиқилади. Бундай тоифадаги ишларнинг аксарият қисмини масъулияти чекланган жамият уставидаги иштирокчиларнинг улушларини бошқариш (тасарруф этиш), шунингдек, масъулияти чекланган жамиятдан чиқиш шартлари ва тартибини белгиловчи бандлар ташкил этади.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Олий хўжалик суди Пленумининг 2014 йил 20 июндаги “Иқтисодий судлар томонидан корпоратив низоларни ҳал этишнинг айрим масалалари тўғрисида” қарорига устав (унинг алоҳида бандлари) юзасидан низолашиш иқтисодий судларга тааллуқлилиги тўғрисида ўзгартириш киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ушбу ўзгартиш судга мурожаат қилиш имкониятларини янада кенгайтириш билан бирга тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаши шубҳасиз.

Мақсудбек Саидов,

Ғиждувон туманлараро

иқтисодий суди судьяси

photo_2024-06-20_10-40-36

САВДОГАР НИҚОБИДАГИ ФИРИБГАР

Элдор Зарипов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Шаҳрихон туманидаги “Дилбар ун” савдо марказида ун маҳсулотларини сотиш билан шуғулланарди. Бундоқ олиб қараганда топиш-тутиши ёмон эмасди. Аммо борган сари нафси ўпқон отиб, тадбиркорликнинг савдо айланмаси уни қаноатлантирмай қўяди. Оқибатда ҳалол савдога фирибгарлик ва ғирромлик аралашди.

Дастлаб Э. Зарипов 2022 йил декабрь ойида фуқаро Ф. Мамажоновдан қарз сўрайди.

– Пул бериб турсангиз, улгуржи нархда ун олиб келардим. Кейин бир ҳафтага қолмай, қарзимни узаман.

Ф. Мамажонов ваъдага ишониб, бир ой мобайнида – 2023 йил 10 январга қадар Э. Зариповга 43 минг АҚШ доллари миқдорида қарз беради. Бироқ унфуруш йигит лафзида турмай, савдодан тушган пулларни шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборади.

Кейинги гал Элдор Зарипов қўшни Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида истиқомат қилувчи И. Гулматовнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиради. Аниқроғи, бир ҳафта муддатда сотиб, пулини беришини ваъда қилган ҳолда 200 қоп “Эко маркс” навли 48 миллион сўмлик ун маҳсулотини олиб кетади. Ҳақдорни ишонтириш учун 10 миллион сўм пул беради, холос. Қолган қарзини эса бир ҳафта тугул бир ойда ҳам қайтармайди. Негаки, унни аллақачон сотиб, пулини ҳазм қилиб юборган эди.

Буни қарангки, Олтинкўл тумани “Меҳнат” маҳалласида яшовчи А. Абдужабборовнинг бошига ҳам худди И. Гулматовнинг куни тушади. Э. Зарипов уни ҳам аввалги усулда алдаб, 100 қоп ун учун 24 миллион сўм пулни олиб кетади-ю, лекин қайтаришни “унутиб” қўяди. 

Бундан ташқари, фирибгар савдогар ўзининг маҳалладоши Л. Мамажоновдан ун олди-сотдиси учун 10 минг АҚШ доллари миқдорида қарз олади. 

– Пулингизни уч кунда қайтараман, – дея одатдаги ёлғонини ишлатади у.

Аслида Л. Мамажонов фуқаро Ф. Мамажоновнинг укаси бўлиб, бир маҳаллада яшаса-да, Элдорнинг устаси фаранг фирибгарга айланиб кетганидан бехабар эди. Шунинг учун 114 миллион 200 минг сўмга тенг 10 минг АҚШ долларини унфуруш йигитга қўш қўллаб топширади. Берган пулини эса қайтариб ололмайди.

Шу тариқа кунлар кетидан кунлар ўтиб, 2023 йил ҳам яримлаб қолади.

Аммо Э. Зарипов ҳақдорларга қарзини қайтаришни хаёлига ҳам келтирмайди. Аксинча, 2023 йил 15 июнь куни қувалик таниши, тадбиркор У. Эшматовни лақиллатиб, 200 қоп – 49 миллион сўмлик унни олиб кетади. Маҳсулот пули бўлса…

Шундан кейин А. Абдужабборов ва Л. Мамажонов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилишади. Оқибатда тилга олинган ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман суди эса Элдор Зариповни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Шу билан бирга, суд ҳукмида судланувчидан жабрланувчилар – Л. Мамажоновга 123 миллион 451 минг сўм, Ф. Мамажоновга 269 миллион 740 минг сўм, И. Гулматовга 38 миллион сўм, У. Эшматовга 49 миллион сўм миқдоридаги моддий зарарни ундириш ҳам белгиланди.

Султонмақсуд ХОЛБОТИРОВ,

жиноят ишлари бўйича 

Шаҳрихон туман судининг судьяси

photo_2024-06-20_10-05-58

ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИДАГИ ТЎСИҚ

Тараққиётга ғов бўладиган иллатлардан бири – коррупция инсониятнинг ўзи қадар қадимийдир. У замону маконга қараб фақат шаклу шамойи­лини янгилаб боради, холос. Коррупцияга қарши кураш олиб борилаётган бўлса-да, унга бутунлай барҳам берган бирорта ҳам давлат йўқ. Халқаро валюта жамғармасининг маълумотларида дунёда коррупция ва порахўрлик натижасида йилига 1,5-2 триллион доллар маблағ ўзлаштирилиб, жаҳон иқтисодиётига жуда катта зарар етказилаётгани қайд этилган. 

Бугунги кунда кўпчилик коррупция деганда фақатгина иш битириш учун пул олди-бердини назарда тутади. Бунинг сабаби шуки, коррупциянинг бу кўриниши жамиятнинг қуйи қатламида кенг тарқалган. Аслида коррупция маиший (фуқаролар билан мансабдор шахслар ва давлат хизматчиларининг кундалик иш фаолиятидаги манфаатлар тўқнашуви), ишбилармонлик (тадбиркорлик субъ­ект­лари билан ҳокимият вакилларининг муносабатларида учрайдиган) ва юқори ҳокимият органлари коррупцияси (сиёсий ҳукмрон доиралар ҳамда одил судлов тизими фаолиятида кўзга ташланадиган) каби бир қанча турларга бўлинади. Коррупция­нинг келиб чиқиш сабаблари сифатида тадқиқотчилар тўртта омилни кўрсатадилар. 

Биринчиси – иқтисодий сабаб­лар. Коррупциянинг бу кўриниши ижтимоий ва иқтисодий ҳаётни бевосита маъмурий йўл билан бошқаришга интилган ҳокимият ва бюрократиянинг мавқеи баланд бўлган давлат шароитида ривож топади. Иқтисодий фаолиятга нисбатан ўрнатилган турли хилдаги чеклашлар, амалдорларнинг кенг, назоратдан холи, чекланмаган ёки рухсат бериш, ёки тақиқлаш ваколати коррупцияга замин яратади. Шу билан боғлиқ ҳолда, йирик маблағларга эга бўлган айрим ишбилармонлар ўз даромадларини кўпайтириш мақсадида ва рақобатда алоҳида имтиёзларга эга бўлиш учун ҳукумат амалдорларини пора эвазига сотиб олиб, уларни ўз ихтиёрларига бўйсундиришга интиладилар. 

Иккинчиси – ҳуқуқий сабаблар. Коррупциянинг ривожи қонунларнинг сифатига боғлиқ. Мукаммал бўлмаган қонунлар ишламайди ва айрим шахслар уддабуронлик, яъни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги назарда тутилмаган ёки тартибга солинмаган, умумий маънода ҳуқуқий бўшлиқни топиб, бундан усталик билан фойдаланадилар. 

Учинчиси – институционал сабаб­лар бўлиб, уларга, аввало, давлат бошқаруви тизимидаги нуқсонлар, демократик институтларнинг кучсизлиги, натижада ҳукумат фаолиятининг ёпиқлиги ёки фуқаролик назоратидан холилиги киради. 

Тўртинчиси – ижтимоий сабаб­лар ёки жамиятдаги муҳит, аҳолининг ҳуқуқий билими, маданият даражаси, маънавияти ва жамоавий фаоллиги пастлиги каби омиллардир. 

Ўзбекистонда таълим, тиббиёт ва банк сектори соҳаларида порахўрлик иллати кенг учрайди. Бунинг сабаби нима? Таълим ва тиббиётда бу иллатнинг авж олиши сабабларидан бири ва асосийси ишсизлик, иш ўринларининг етарли эмаслиги, аҳолининг кичик бўлса-да, муқим маош ва тайинли иш ўрнига эга бўлиш истагидир. Боғбонлик бўладими, фаррошликми ё ўт ёқувчилик, нима бўлса ҳам тайинли ишга кириш истаги кишиларни йиллаб йиққан-терганларини қўшқўллаб бировга топширишга ундайди. Айниқса, ўрта махсус маълумотли кишилар орасида қандай йўл билан бўлса-да, ишга жойлашиш истаги кучли ва бу юқоридаги соҳаларда коррупцияни ривожлантирмоқда. Тиббиётда эса инсон саломатлиги омили борки, у оловни янада алангалатади.

Қолаверса, ҳуқуқий саводхонлигимиз билан ҳам мақтана олмаймиз.

Негаки, қонунан ўзимизники бўлган нарсани ҳуқуқларимизни билмаслигимиз сабабли пул ёки таниш-билишчилик эвазига қўлга киритишга ҳаракат қиламиз. 

Статистик маълумотларга кўра, ўтган йилда Ўзбекистонда коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг ҳаммаси ҳам оммага очиқланган эмас.

Очиқланганлари таҳлили бўйича хулоса қилинганда эса сон жиҳатдан мамлакатимизда кузатилган энг кўп коррупция ҳолати ЙПХ ходимларига тақдим этилган поралардир. Рақамларга қарайдиган бўлсак, ўтган йилда энг кам пора миқдори атиги 100 минг сўмни, энг кўп миқдордагиси эса 1,3 миллиард. сўмни ташкил қилган. 

Коррупция ҳолатларига барҳам бериш борасида турли қарашлар мавжуд. Албатта, бундай иллатни таг-томири билан йўқ қиламан деган давлатлар бошқа ривожланган мамлакатларнинг тажрибаларига ҳам таянадилар. Айримлар коррупция ҳолатларига нисбатан жиноий жазоларни кескин кучайтириш тарафдори бўлса, баъзилар ўлим жазоси ёки тан жазоси чораларини қўллаш кутилган натижаларни беришини айтадилар. 

Айрим ҳудудлар мазкур иллатга қарши кескин чора-тадбирлари билан ажралиб туради. Хусусан, Хитойда пора учун бир умрлик қамоқ ёки ўлим жазоси жорий этилган. Маълумотларга кўра, 2003 йилдан бери бу давлатда 10 мингга яқин мансабдор отувга ҳукм қилинган, 120 минг нафари эса узоқ муддатларга қамалган. Айрим ҳолатларда пора билан ушланган амалдорларнинг қўллари чопилган. Бошқа давлатларда ҳам шунга ўхшаган кес­кин чораларни кузатишимиз мумкин. Буларнинг барчасидан мақсад битта – коррупцияга барҳам бериш.

Мамлакатимизда Ўзбекистон Рес­публикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни 2017 йилда 4 январдан бошлаб кучга кирган. Жиноят кодексида пора берган ва олган, пора олди-бердисида воситачилик қилган шахсга нисбатан БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари белгиланган. Бундан ташқари, пора олган мансабдор шахс лавозимидан ва унга берилган ҳуқуқлардан маҳрум қилинади. Қўшимча қилиш жоизки, пора олган шахсга нисбатан содир этган жиноятидан келиб чиқиб, товламачилик бўйича ҳам айблов қўйилиши мумкин.

Албатта, қонун устуворлигининг таъминланиши, коррупцияга қарши қонунларнинг ишлаши, қонунни қўлловчилар, яъни прокуратура, ички ишлар, адлия ва одил судлов тизими вакилларининг адолат тамойилларидан чекинмаслиги коррупцияга барҳам беришда муҳим омил бўлади. Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишга мураккаб жараён сифатида қаралиб, тадқиқот институтлари, ижтимоий тадқиқот марказлари ишлаши керак. Улар жамият аъзоларининг хатти-ҳаракатларини ҳар томонлама таҳлил қилишлари лозим. Жумладан, эндигина мансаб пиллапояларидан кўтарилаётган шахс феъл-атворидаги қайси жиҳатларга мойиллик устунлигини ўз вақтида англаш ва керакли тадбирларни кўриш ҳам бу йўлда керакли одим бўлиши мумкин. 

Жамиятда коррупцияга қарши кураш қонунийлик ва илмийликка асосланган бўлиши керак. Унутмаслик керакки, жиноятга жазо муқаррар. 

Зафар ТЎХТАСИНОВ

Андижон вилоят

маъмурий суди судьяси

photo_2024-06-11_12-28-09

БАДНАФСЛИК ЁХУД СУИИСТЕЪМОЛ  ҚИЛИНГАН ИШОНЧ

Нафс қутқусига берилиш кишини тўғри йўлдан адаштириши тайин. Буни Мажбурий ижро бюросининг Хива тумани бўлимида депозит бўйича мутахассис вазифасида фаолият юритган Дониёр Оллаёровнинг қилмишлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Бўлимнинг айланма ҳисоб рақамидаги катта миқдордаги пул маблағи унинг тинчини ўғирлади. Шу тариқа у нафсининг қутқусига учиб, ушбу маблағни ўзлаштириш йўлини излай бошлади.

Маълумки, суд ҳужжатлари асосида келиб тушган маблағлар мажбурий ижро бўлими орқали ўз эгалари: турли ташкилот ва идоралар, жисмоний шахслар ихтиёрига топширилади, унгача эса, бўлимнинг депозит ҳисоб рақамида сақланади. Бу маблағларнинг катта қисмини эгаларига қонуний тартибда етказиб бериш Д. Оллаёровнинг хизмат вазифаси саналади.

Аммо айни шу жараёнда унинг хаёли бузилди: шунча маблағ қўлидан ўтса-ю, у индамай турса, бунинг устига электрон ғазнани очиш мурвати — логин-парол ҳам унинг қўлида бўлса, ношудлик эмасми?!

У жиноий қилмишнинг қоронғи кўчасига ана шу тариқа кирди. “Банк-Мижоз” дастурининг ўзига ишониб топширилган махфий “ЭРИ” калити имкониятидан ғаразли ниятда фойдаланди.

Алимент ундирувчи Гулнора Вафоева (исм-шарифлар ўзгартирилган)нинг телефонига кутилмаганда қўнғироқ бўлди. У ўзини мажбурий ижро бюросининг Хива тумани бўлими мутахассиси Дониёр Оллаёров, деб таништиргач, дарҳол муддаога кўчди: ўзидан катта хатолик ўтгани, шошма-шошарлик оқибатида нақ 20 миллион сўм пулни унинг шахсий банк пластик картасига ўтказиб юборганини билдирди. Сўнг хижолатомуз овозда иложи бўлса, ушбу пулни ўзининг банк пластик картасига қайта ўтказиб юборишни илтимос қилди. Г. Вафоева ҳам унга эътироз билдирмади, аксинча, картасига “адашиб” тушган маблағни шу заҳотиёқ ортга қайтарди. Бу маблағ бир зумда Д. Оллаёровнинг шахсий ҳисоб картасидан жой олди.

Албатта, баъзан иш бор жойда хато ҳам бўлади. Буни тушуниш мумкин, аммо бир хил хато такрор-такрор содир этилаверса, энди бу хато эмас, қасддан содир этилган қилмиш ҳисобланади. Буни қарангки, Г. Вафоева айнан шундай ҳолатга дуч келди. Д. Оллаёровнинг “паришонхотирлиги” изи узилмас “адашув”ларга уланди. Масъул ходимнинг бу қабилдаги “ҳиммати” ортидан Г. Вафоеванинг банк пластик картаси “адашиб” келиб қолган омонат маблағлар билан тўлиб-тошди. Аммо Г. Вафоева ўзганинг ҳаққига хиёнат қилмади, пулларни Д. Оллаёровнинг илтимос ва узрҳохлиги остида канда қилмай қайтариб турди. Бу ёғини сўрасангиз, 2022 йилнинг август ойидан бошланган “англашилмовчилик”лар то 2023 йилнинг май ойига қадар давом этди.

Аниқроғи, ушбу давр ичида Г. Вафоеванинг банк пластик картасига такрор-такрор 56 марта маблағ келиб тушди. Бу маблағнинг жами миқдори 929,5 миллион сўмни ташкил этди. Бу ўз навбатида, ижро тизими орқали амалга ошириладиган ундирувларни кутаётган кўплаб жисмоний ва юридик шахсларга шунча миқдорда зарар етганини кўрсатади.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Г. Вафоева Д. Оллаёровнинг мажбурий ижро бўлимида салкам 2,5 йиллик фаолияти мобайнидаги давомли “янгилишувлар”га рўбарў келган 13 нафар алимент ундирувчи фуқаронинг бири, холос. Аниқроқ айтганда, Д. Оллаёров ушбу нуфузли маҳкамадаги фаолияти мобайнида бу фуқароларнинг шахсий пластик картасига “янгилишган” ҳолда 127 марта пул маблағи ўтказади. Бу жараёнда атай нотўғри ҳисоблаш орқали биргина Д. Сапарованинг ўзига 5 марта, яъни 50 миллион сўм миқдорида пул маблағи жўнатилди. Яна бир алимент ундирувчи С. Пирниёзовага “шошма-шошарлик” боис икки ҳолатда ўтказилган пулнинг миқдори 19 миллион сўмни ташкил этади. Алдов ва сохтакорликка асосланган жиноий фаолият асносида ўзлаштирилган, талон-торож этилган маблағнинг умумий миқдори 1 миллиард 799,4 миллион сўмга етди.

Аслида текин луқма нафс қутқусига учган кимса учун тузоқ саналади. Ўз нафсининг қурбонига айланган Д. Оллаёров ҳам шу тузоққа тушди.

Аввалига у қилмишлари ошкор бўлиб қолишдан чўчиб, содир этган жиноятининг изларини ёпиш учун ўзича чора излади. Шу мақсадда ўз шахсий электрон картасига қайтариб юборилган маблағнинг бир қисмини ими-жимида яна ўз ўрнига қўйди. Қайтарилган маблағ ҳажми 624 миллион сўмни ташкил этди. “Чап чўнтак”дан жой олган маблағнинг ҳажми нақд 1 миллиард 175,4 миллион сўм эди. Энди бундай катта миқдордаги пулни истаган нарсасига сарфлаши мумкин. Д. Оллаёров “1xBet” букмекер сайти орқали пул тикиш йўли билан ўйналадиган қиморбозликни танлади.

Бошқача айтганда, нопок қилмиш яна бир нопокликка бошлади.

Афсусланарли томони шундаки, у бу қилмишлари билан чекланмади.

Ҳакалак отган нафсини жиловлашни хаёлига ҳам келтирмади. У ўзича жиноий қилмишнинг янги бир усулини ўйлаб топди. Илгари узлуксиз равишда “янгилишиб” пул жўнатиши оқибатида аллақачон таниш бўлиб қолган Г. Вафоева ва алимент ундирувчи бошқа фуқароларнинг банк пластик карталарини турли хил важ-баҳоналарни рўкач қилган ҳолда муайян муддатга сўраб олди. Сўнг хизмат хонасида ўтирган куйи мўмай миқдордаги маблағни бир қўли билан ушбу пластик карталарга жойлаш, иккинчи қўли билан эса, ўз ҳисобига қайтариш амалини пухта ўзлаштирди.

У айнан шундай йўл билан катта миқдордаги маблағни талон-торож қилди.

Охир-оқибат барибир унинг жиноий қилмишлари ошкор бўлди ва у қонун олдида жавоб беришига тўғри келди.

Айтиш керакки, Д. Оллаёров суд ва терговда содир этган жиноий қилмишларининг барини тан олди. Судда Мажбурий ижро бўлимида рўй берган жиноий ҳодисалар тафсилотига тўлиқ ойдинлик киритилди.

Фуқаровий даъвогар ва гувоҳлар ҳам вазиятга холис назар билан қарашди.

Дастлабки босқич суди бу ҳолатларнинг барини жиддий жиноий ҳодиса сифатида баҳолади. Шу билан бирга айбланувчи Д. Оллаёровнинг оилавий аҳволи, 3 нафар фарзанди борлиги, шунингдек, у истиқомат қилган фуқаролар йиғинининг кафолат хати ва етказилган зарар қисман қопланганини инобатга олди. Айни пайтда жиноят учун жазо муқарралиги тамойилини ҳам назарда тутди. Д. Оллаёров томонидан салкам 2,5 йил давомида узлуксиз равишда содир қилиб келинган кирдикорларни Жиноят кодексининг ўзлаштириш ва талон-торожликка тааллуқли 167-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандлари, қалбакилаштиришга оид 228-моддаси 1-қисмига асосан малакалади. Судланувчига ҳар икки модда талабига биноан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ҳукмга кўра, етказилган зарарнинг 624 миллион сўми судланувчи томонидан қоплангани инобатга олинди. Шунингдек, 1 миллиард 175,4 миллион сўмлик молиявий зарарни қоплаш мажбурияти унинг зиммасида қолдирилди.

Дастлабки босқич судининг шу юзадан чиқарган ҳукми кейинчалик Хоразм вилояти судининг жиноят ишлари бўйича аппеляция ҳайъатида ҳам кўриб чиқилди. Ҳайъат дастлабки босқич судининг ҳукми қонуний ва асосли эканлигини эътироф этди ва уни ўз кучида қолдирди.

Ўзгалар ҳаққига хиёнат қилиш, қонун талаби, инсонийлик таомилларини назар-писанд этмасликнинг ҳуқуқий оқибатлари ана шундай якун топди.

Музаффар Самандаров,

Хоразм вилояти суди судьяси

photo_2024-06-11_12-03-09

АСОССИЗ АЙБЛОВ СУДДА РАД ЭТИЛДИ

Ўтган йили Мирзо Улуғбек туманидаги 49-умумтаълим мактаби директори Наргиза Рустамованинг бошига жиддий ташвиш тушди. Бунга 10-синф ўқувчиси Т. Жўраевнинг асоссиз кўп дарс қолдириши таълим сифатига салбий таъсир кўрсатгани туфайли уни синфдан-синфга ўтказмасликка қарор қилгани сабаб бўлди.

Айблов хулосасида ёзилишича, ўқувчининг отаси Нодир Бобоназаров директор 300 АҚШ доллари миқдорида пора сўрагани ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат этади. Шундан сўнг тезкор тадбир ўтказилади. Тадбир мобайнида Н. Бобоназаров Н. Рустамованинг хонасига кириб, унга билдирмай, дафтар остига 300 АҚШ долларини қўйиб чиқиб кетади. Сўнгра гўёки директор пора олган вақтда ушлангандек қўлга олинади. Оқибатда унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу ишни судда кўриш жараёнида Н. Рустамованинг айбсиз экани аён бўлди.

Н. Бобоназаров дастлабки терговда мактаб директори фарзандини синфдан-синфга қолдирмаслик ва кейинги ўқув йилининг дарс соатларига эркин қатнашиш имкониятини яратиб бериш эвазига 300 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилгани тўғрисида Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғига ариза билан мурожаат қилганидан сўнг тезкор тадбирда иштирок этганини билдирган.

Қолаверса, Н. Бобоназаровнинг аризаси бўйича ўтказилган тезкор тадбир 2023 йил 6 июнь куни соат 11:40да бошланиб, шу куни соат 14:09да якунланган. Буни тезкор тадбирда иштирок этган холислар И. Адашов ва Ш. Арзиев ҳам тасдиқлаган. Ваҳоланки, Н. Бобоназаровнинг Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи номига ёзган аризаси Ички ишлар вазирлигининг электрон порталига 2023 йил 6 июнь куни соат 13:32да келиб тушган. Сўнгра мазкур мурожаат шу куни соат 14:11да “E-material” электрон дастурига тегишли рақам билан қайд қилиниб, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бўлими бошлиғи А. Фозилов томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Мирзо Улуғбек тумани бўлими тезкор вакили Р. Тўраевга йўналтирилган.

Яъни фуқаро ҳали мурожаат қилмасдан ва ариза тегишли тартибда қайд этилмасидан олдин мактаб директорига нисбатан тезкор тадбир ўтказиш бошланган. Шунингдек, Н. Бобоназаровнинг аризасида сана кўрсатилмаган. Энг эътиборлиси, Ички ишлар вазирлигининг 2016 йил 12 ноябрдаги 180-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Ички ишлар органларида жиноят ва ҳодисаларга оид аризалар, хабарлар ҳамда бошқа маълумотларни қабул қилиш, рўйхатга олиш, кўриб чиқиш ва ҳисобини юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 45-бандида “Жиноят ва ҳодисалар ҳақидаги мурожаатларни навбатчилик қисмидаги 1-шакл китоби ёки 2-шакл журналига қайд этмасдан туриб текшириш, ижро этиш учун ходимларга топшириш қатъиян тақиқланади” дея белгиланган.

Бундан ташқари холис И. Адашов “Стенограмма кўринишидаги аудиоёзувларни кўздан кечириш ва эшитиб қўриш” ҳамда “Аризани текшириш мақсадида тезкор тадбир ўтказиш, далилий ашёларни кўздан кечириш ва олиш” ҳаракатларида холис сифатида иштирок этмаган.

Шунингдек, холислардан яна бири Ш. Арзиев ушбу ҳаракатлар бўйича тузилган баённомалардаги имзо унга тегишли эмаслигини билдирди. Бу эса, баённомалар сохта эканини англатади.

Шунингдек, холислар Н. Рустамованинг Н. Бобоназаровдан пул олганини ўз кўзлари билан кўрмагани ҳамда овоз эшитиш мосламаси орқали эшитмаганини ҳам тасдиқлашди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 20-моддасига мувофиқ, давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак. Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади. Асосий қонунимизнинг 55-моддасида эса, “Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади” деб қайд этилган. Ана шу асосларга таянган жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди Н. Рустамовани айбсиз деб топиб, оқлади.

Лекин тергов органи томонидан оқлов ҳукмига нисбатан апелляция протести келтирилди. Айтиш керакки, апелляция инстанцияси суди томонидан суд-хатшунослик экспертизаси тайинланди. Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг 2024 йил 23 февралдаги хулосаси ҳам тергов органи томонидан тўпланган аксарият далиллар номақбул эканини кўрсатди.

Амалдаги “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасида “Маълумотларни тўплаш ва тизимлаштириш, тезкор-қидирув фаолияти натижаларини текшириш ва баҳолаш, шунингдек, улар асосида ушбу қонуннинг 15-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, тегишли қарорлар қабул қилиш мақсадида тезкор-қидирув иш юритуви ишлари юритилади” деб белгиланган. Бироқ жиноят иши бўйича тезкор-қидирув тадбири ўтказилган пайтда бу ҳақда қарор мавжуд бўлмаган.

Бундан ташқари судда Н. Рустамова ва Н. Бобоназаров ўртасидаги суҳбат 2023 йил апрель ойида бўлиб ўтгани маълум қилинди. Лекин бу вақтда Н. Бобоназаровга диктофон тақдим этилмаган. Аммо баённомада диктофон тақдим этилгани қайд қилинган. Шунингдек, Н. Бобоназаров Н. Рустамова билан бўлган аудио суҳбатни ички ишлар ходимига “Телеграм” мессенжери орқали ўтказиб берган. Баённомада унинг суҳбати ёзилган дискни тақдим этгани кўрсатилган. Бу ҳолатда ҳам 2023 йил 6 июнда тузилган “Стенограмма кўринишидаги аудио­ёзувларни кўздан кечириш ва эшитиб кўриш ҳақида”ги баённома номақбул далил деб топилади.

Бинобарин, Тошкент шаҳар суди апелляция протестини қаноатлантиришни рад этиб, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судининг оқлов ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кечаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, адолатни юзага чиқаришга қаратилган. Судларда ноҳақ айбланган шахсларнинг оқланаётгани ана шу ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир.

Баҳром БЕРДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси

photo_2024-06-11_11-30-52

ДАЪВОНИ ТАЪМИНЛАШ ИНСТИТУТИНИНГ ЎЗИГА ХОС ТАЛАБЛАРИ НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?

Маълумки, суд амалиётида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, одил судловни амалга оширишда даъвони таъминлаш институти ҳам муҳим ўрин тутади.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, даъво нима? Уни таъминлашнинг усуллари нималардан иборат?

Аввало шуни айтиш керакки, даъво – бузилган ҳақ-ҳуқуқни талаб қилиш ёки уни ҳимоя этиш ҳақида судга қилинадиган мурожаатдир. Даъвогарнинг талаблари жавобгар тарафидан ихтиёрий бажарилмаслиги даъвонинг асосий шарти саналади.

Таъкидлаш лозимки, баъзан даъво қаноатлантирилган қарорни ижро этиш жуда қийин ёки имконсиз бўлиши мумкин. Бундай ҳолатнинг олдини олиш мақсадида қонунчиликда даъвони таъминлаш институти жорий этилган.

Амалдаги Фуқаролик процессуал кодексининг 105-моддасига асосан, суд даъвони таъминлаш чораларини ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризаси ёки ўз ташаббуси билан кўриши мумкин. Агар даъво давлат фойдасига мулкий ундирувлар билан боғлиқ бўлса, суд уни таъминлаш чораларини кўриши шарт. Бунга суд процессининг ҳар қандай босқичида йўл қўйилади.

Айтиш керакки, даъвони таъминлашнинг бир нечта усуллари мавжуд.

Аниқроқ айтганда, Фуқаролик процессуал кодексининг 106-моддасига кўра, жавобгарга тегишли бўлган ва унинг ўзида ёки бошқа шахсда турган мол-мулкни ёхуд пул маблағларини хатлаш, жавобгар муайян ҳаракатларни амалга оширишини ҳамда бошқа шахсларнинг жавобгарга мол-мулк беришини ёки унга нисбатан бошқа мажбуриятларни бажаришини тақиқлаш мумкин. Мол-мулкни хатлашдан чиқариш тўғрисида даъво қилинган тақдирда, уни реализация қилишни тўхтатиш, қарздор ижро ҳужжати юзасидан суд тартибида низолашаётган бўлса ва агар бунга қонун йўл қўйса, бу ҳужжат бўйича ундирувни тўхтатиш ҳам шулар жумласидандир.

Шунингдек, низоли мол-мулк бузилиши, ҳолати ёмонлашишининг олдини олиш мақсадида жавобгарга муайян ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини юклатиш, низоли мол-мулкни сақлаш учун учинчи шахсга (сақловчига) топшириш ҳам мумкин. Суд зарур ҳолларда даъвони таъминлаш бўйича бошқа чораларни ҳам кўради.

Юқоридаги қоидаларга биноан, судья мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги аризани қабул қилгач, даъвони таъминлаш мақсадида низоли мулкка нисбатан ижро ҳаракатларини тўхтатиш ҳақида ажрим чиқариши ва унинг нусхасини Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлимига юбориши лозим. Ушбу тартиб Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан мулкни рўйхат (арест)дан чиқариш ҳақидаги ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланиши тўғрисида”ги 13-сонли қарори 8-бандида белгиланган.

Бундан ташқари даъвони таъминлаш чоралари арз қилинган талабга мутаносиб бўлиши керак. Суд зарур ҳолларда даъвони таъминлаш чорасининг бир нечта турини қўллаши мумкин. Лекин уларнинг умумий суммаси даъвонинг баҳосидан ошиб кетмаслиги шарт.

Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза судья томонидан ариза келиб тушган куниёқ жавобгар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларни хабардор қилмаган ҳолда ҳал этилади.

Фуқаролик процессуал кодексининг 108-моддасига мувофиқ, суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини эшитиб, даъвони таъминлашнинг бир турини бошқаси билан алмаштириши мумкин. Айни масала ишда иштирок этаётган шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида ҳал этилади. Бироқ бу шахсларнинг келмагани даъвони таъминлашни бекор қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.

Шу ўринда яна айтиб ўтиш керакки, даъво рад қилинса, даъвони таъминлаш чоралари ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига қадар сақланиб қолади. Аммо суд даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори билан бир вақтда ёки у қабул қилинганидан сўнг ажрим чиқариши мумкин. Даъво қаноатлантирилган тақдирда, даъвони таъминлаш чоралари ҳал қилув қарори амалда ижро этилгунига қадар ўз кучини сақлаб қолади. Бошқа тоифадаги ишлар сингари даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажрим устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин. Лекин бу чиқарилган ажримнинг ижросини тўхтатиб туриш учун асос бўлмайди.

Хуллас, даъвони таъминлашнинг бундай тартиби инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш баробарида одил судлов сифатининг ошишига ҳам хизмат қилади.

Бобир ИСЛАМОВ,

Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари —

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

photo_2024-06-11_11-22-08

ЯРАШУВ ИНСТИТУТИНИ ҚЎЛЛАШНИ КЕНГАЙТИРИШ МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ОҚИБАТЛАРИНИ КАМАЙТИРИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Инсонпарварлик ва кечиримлилик каби умумбашарий қадриятларни ўзида мужассам этган ярашув институти бугунги кунда миллий қонунчилигимиздан мустаҳкам ўрин олган эзгу мақсад — инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатли ҳимоясига хизмат қилмоқда.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасида муҳим вазифа – ўтмиш асоратларидан имкони борича тезроқ қутулиш, шахс, унинг яқинларига жисмоний ва маънавий азоб берадиган, унинг қадр-қимматини камситадиган жазо турлари, жазолашнинг репрессив усулларидан воз кечиш, озодликдан маҳрум қилиш ҳолларини қисқартириш ҳисобига қонунчиликнинг адолат ва инсонпарварлик тамойилларини кучайтириш ҳамда амалда қўлланишини таъминлаш зарур эди. Шу мақсадда ривожланган демократик мамлакатларда қўлланиб келинаётган тамойил ва талабларга жавоб берадиган мезонлар асосида ҳуқуқбузарлик ва жазо тизими қайта кўриб чиқилиб, амалдаги Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга янги қоидалар киритилгани, айниқса, 2001 йил 29 августдаги жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши ҳақидаги қонун муҳим аҳамиятга эга бўлганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Ушбу қонун асосида миллий қонунчилигимизда илк бор ярашув институти жорий этилди, Жиноят кодексининг 66-1-моддасида ярашилгани муносабати билан шахсни жиноий жавобгарликдан озод қилиш назарда тутилди.

Мазкур ҳуқуқий институт жорий этилгандан буён ўтган қарийб йигирма уч йил давомида қонунчилик янада такомиллаштирилиб, жиноят процессларида уни қўллаш доираси тобора кенгайиб бораётгани унинг вақт синовларидан муваффақиятли ўтаётгани, жиноий ҳуқуқий муносабатларни эркинлаштириш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда самарали восита сифатида хизмат қилаётганидан дарак беради.

Мазкур институт эндиликда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишларда ҳам қўлланила бошланганини алоҳида таъкидлаш керак. Бунга 2021 йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”даги қонун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Қонунга асосан ярашилгани муносабати билан шахсни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш асослари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-2-моддасида белгилаб қўйилди. Унга кўра, 12 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар — туҳмат (40-модда), ҳақорат қилиш (41-модда), фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш (45-модда), фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш (46-модда), шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш (46-1-модда), енгил тан жароҳати етказиш (52-модда), мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш (61-2-модда), экинзорларни пайҳон қилиш, қишлоқ хўжалик экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиш ёки уни йўқ қилиб юбориш, кўчатларга шикаст етказиш (104-модда), транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши (133-модда), ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситалари ёки бошқа мол-мулкнинг шикастланишига олиб келиши (134-модда), майда безорилик (183-модда) ҳамда ўзбошимчалик (200-модда) содир этган шахс ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, суд уни маъмурий жавобгарликдан озод қилиб ишни тугатиши мумкин.

Эслатиш жоизки, ушбу қонун қабул қилингунга қадар маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар бўйича юқорида кўрсатилган ярашув шартлари бажарилган ҳолларда ҳам шахсни маъмурий жавобгарликдан озод қилиб бўлмас эди. Эр-хотин, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, таниш-билишлар ва ҳамкасблар ўртасида арзимаган келишмовчилик туфайли содир бўладиган жанжаллар оқибати бартараф этилгандан сўнг аксарият ҳолларда тарафлар ярашган бўлса ҳам ҳуқуқбузарлар маъмурий жазога тортилар эди.

Жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни ҳал қилишдаги номутаносиб процессуал тартиблар, яъни жиноят процессида ярашув институти қоидаларини татбиқ этиш мумкин бўлган айни вақтда маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир ишларда қўллаб бўлмаслиги номутаносиб ҳолатни юзага келтирар эди. Маъмурий ишларга ярашув институти жорий этилиши билан бу каби ҳолатларга қисман барҳам берилди.

“Қисман” дейилишининг сабаби шундаки, ҳозирда маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларда ярашув институтини қўллаш доираси анча тор. Аниқроқ айтганда, буни ярашув институти татбиқ этиладиган Жиноят кодексининг моддалари сони 47 та бўлгани ҳолда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексидаги атиги 12 та моддада назарда тутилган ҳуқуқбузарликларга нисбатан ярашув қоидалари қўлланишидан ҳам яққол кўриш мумкин.

Бу ҳолатни ҳаётий мисоллар асосида таҳлил этадиган бўлсак, Ж. уйида бир рўзғор асосида яшаётган Н. билан жанжаллашиб қолади ва унга соғлиғи қисқа вақтга бузилишига сабаб бўлган енгил тан жароҳати етказиб, оилавий зўравонлик содир қилган. Дастлабки терговда Ж. айбига иқрор ва қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, кечирим сўраб, жабрланувчига етказилган моддий зарарни қоплаган.

Суднинг ажримига кўра, Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 3-қисми билан юритилган жиноят иши тарафлар ярашгани муносабати билан тугатилиб, у жиноий жавобгарликдан озод қилинган.

Бошқа бир ҳолатда Д. турмуш ўртоғи М. билан арзимаган сабабга кўра, жанжаллашиб, унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаб, яқин қариндошларидан ажратиб, оилавий зўравонлик содир этган. Кейинчалик Д. қилмишидан пушаймон бўлиб, жабрланувчи билан ярашиб, етказилган зарарни қоплаган. Жабрланувчи М. судга ярашув ҳақида ариза тақдим қилганига қарамасдан, Д. маъмурий жазога тортилган. Чунки оилавий зўравонлик (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси) содир этган шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-2-моддаси татбиқ этилмайди.

Аҳамиятли томони шундаки, маъмурий жавобгарликдан фарқли равишда жиноий жавобгарликни юзага келтирадиган оилавий (маиший) зўравонлик (Жиноят кодексининг 126-1-моддаси биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлари) ҳаракатларини содир этган шахс Жиноят кодексининг 66-1-моддасида назарда тутилган ярашув шартларини бажарган тақдирда, у жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

Ярашув институтининг амалда кенг қўлланиб келинаётганининг асосий сабаби унинг халқимизнинг кечиримлилик, бағрикенглик каби фазилатларига монандлиги ҳисобланади. Ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни жабрланувчи билан ярашгани туфайли жавобгарликдан озод қилиниши нафақат унинг ўзи, балки яқинлари учун ҳам катта маънавий ва тарбиявий аҳамият касб этади.

Шунинг учун эр-хотин, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, таниш-билишлар ва ҳамкасблар ўртасидаги арзимас келишмовчиликларнинг адоватга айланиб кетишининг олдини олиш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида ярашув институти қўлланиладиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар доираси янада кенгайтирилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бинобарин, маъмурий ишлар бўйича ярашув институтининг кенгроқ жорий этилиши юқорида қайд этилган салбий оқибатларнинг олдини олиш, оилаларнинг тинчлик-тотувлигини таъминлаш, эр-хотин, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, таниш-билишлар ва ҳамкасблар ўртасидаги зиддиятларнинг барҳам топиши, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг камайиши, энг муҳими, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Хайруллохон Камолов,

жиноят ишлари бўйича

Чирчиқ шаҳар суди раиси

#thegov_button_69cbd77dc9520 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cbd77dc9520:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cbd77dc9520 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cbd77dc9520:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!