Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2024-08-12_12-10-38

ХУСУСИЙЛАШТИРИЛГАН УЙ-ЖОЙ МАҚОМИ: МУАММО ВА ЕЧИМ

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, хусусий мулкнинг бир қатор шакли ва турлари юзага келди. Хусусан, давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш институти амалиётга жорий этилди, давлат мол-мулкини хусусийлаштириш асосида фуқароларнинг мулк ҳуқуқини қўлга киритиш асослари белгиланди.

Шу ўринда айтиш керакки, давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш борасидаги ҳуқуқий муносабатлар Уй-жой кодекси, “Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш ҳақида”ги қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий хужжатлар билан тартибга солиб келинмоқда.

Жумладан, Уй-жой кодексининг 32-моддасида хусусийлаштирилган квартира ёки уй мулкдорининг вояга етган оила аъзолари ва уй-жойнинг хусусийлаштирилишига розилик берган шахслар ҳам уларнинг умумий мулки бўлмиш хусусийлаштирилган квартира ёки уйга нисбатан қонунда белгиланган тартибда тенг ҳуқуқларга эга бўлиши ҳамда тенг мажбуриятларни бажариши белгиланган.

Бундан ташқари хусусийлаштирилган квартирани ёки уйни сотиш, айирбошлаш, ҳадя қилиш ёки ижарага бериш квартира ёки уй мулкдорининг вояга етган оила аъзолари ва квартирани ёки уйни хусусийлаштириш учун розилик берган шахсларнинг розилиги билан амалга оширилади. Уй-жойни хусусийлаштиришга розилик берган шахснинг турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи унинг вафотидан кейин очиладиган мерос таркибига кирмайди. Хусусийлаштирилган уй-жой мулкдорининг вояга етмаган оила аъзолари манфаатларини уларнинг ота-онаси, улар бўлмаган тақдирда васийлик ва ҳомийлик органлари ҳимоя қилади.

Хусусийлаштирилган квартира ёки уйда турар жой мулк­дорлари бирга яшай олмаса, суднинг қарорига биноан мулкдорлардан бири кўчирилиб, бошқасининг зиммасига квартира ёки уйнинг тегишли қисми учун кўчирилган мулк­дорга суд ишни кўриб чиққан кундаги бозор баҳосида пулини тўлаш ёки унинг умумий мулкдаги улушига мос келадиган бошқа турар жойни сотиб олиб бериш мажбурияти юкланиши мумкин.

“Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, давлат уй-жой фонди таркибидаги уйларда ижара шартномаси асосида турар жойни эгаллаб турган фуқаролар биргаликда яшаб турган барча балоғат ёшидаги оила аъзолари ва турар жой майдонида ҳақи бўлган бошқа шахсларнинг розилиги билан шу турар жойни ушбу қонунда кўзда тутилган шартларда ўз мулки қилиб, шу жумладан, биргаликда ёки улушбай асосида эгалик қилиш учун сотиб олишга ҳақлидир.

Хусусийлаштирилган турар жой эгасининг оила аъзолари ҳамда турар жой майдонига ҳақли бўлиб, уни хусусийлаштиришга розилик берган шахслар шу турар жой майдонидан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Хусусийлаштирилган уй-жойни сотиш ёки ижарага бериш уларнинг розилиги билан амалга оширилади.

Юқорида баён этилганлардан кўринадики, турар жойни хусусийлаштиришда розилик берган шахслар ва уй ижарачисининг вояга етмаган оила аъзолари шу мулкка нисбатан умумий мулк иштирокчиси бўлиб қолади. Бироқ бу ҳолат қонунда тўғридан-тўғри белгилаб қўйилмаган. Бошқача айтганда, хусусийлаштирилган турар жойга нисбатан битимлар тузишда хусусийлаштиришга розилик берган шахсларнинг розилиги олиниши билвосита тартибда шартлиги қайд этилган, холос.

Бундан ташқари фуқаролик ҳуқуқининг умумий қоидасида мулк умумий, биргаликдаги ва улушли бўлиши мумкинлиги эътироф этилган бўлса-да, хусусийлаштирилган турар жой қайси тоифага кириши белгиланмаган.

Олий суд Пленумининг 1997 йил 2 майдаги “Хусусийлаштирилган турар жойларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф қилиш билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарорида бу борада қуйидагича тушунтириш берилган: «Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, хусусийлаштирилган турар жойда уни хусусийлаштирилишига розилик берган уй эгасининг бошқа оила аъзолари яшаётган бўлса, уларнинг ҳаммаси шу турар жойнинг эгаси ҳисобланади, эгаллаб келинаётган турар жой эса хусусийлаштириш натижасида умумий мулкка айланади. Бу қоида турар жой эгасининг вақтинча бу ерда яшамаётган оила аъзоларига нисбатан ҳам татбиқ қилинади.

Ижарачи билан бирга яшаётган ва унинг оила аъзоси ёки собиқ оила аъзоси бўлиб ҳисобланган вояга етмаган шахслар ижарага олиш шартномасидан келиб чиқадиган барча ҳуқуқлардан тенг фойдаланиши сабабли улар эгаллаб турган турар жой хусусийлаштирилган тақдирда вояга етган фойдаланувчилар билан тенг равишда шу турар жойга нисбатан умумий эгалик ҳуқуқига эга бўлади.

Турар жой оила аъзоларининг бири томонидан бепул хусусийлаштирилган тақдирда ҳам юқорида кўрсатилган шахслар шу асосларга кўра, умумий мулкнинг тенг ҳуқуқли иштирокчилари бўлиб қолади”.

Таъкидлаш жоизки, Олий суд Пленумининг ушбу қарори норматив-ҳуқуқий хужжатлар тоифасига киритилмаган бўлса-да, у фактик жиҳатдан янги қонун талабини белгилаб берган. Чунки хусусийлаштирилган турар жойларга оид низолар бўйича суд амалиёти таҳлили шуни кўрсатадики, фуқаролар юқорида қайд этилган асосларга мувофиқ қўлга киритилган мулкни тасарруф қилишда ёки мулк ҳуқуқи универсал-ҳуқуқий ворислик асосида бошқа шахсга ўтаётганида нотариал идоралар турар жойдаги улушлар белгиланмаганини рўкач қилган ҳолда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этган. Бунинг оқибатида судларга турар жойни хусусийлаштириш натижасида улушли мулк деб топиш ҳақидаги кўплаб даъво аризалари киритилган. Эътиборлиси, судлар ушбу аризаларни кўриб чиқишда аксарият ҳолларда юқорида кўрсатилган Пленум қарори талабларига таянган.

Ушбу чалкашликни бартараф этиш ва ягона суд амалиётини шакллантириш учун қонунчиликка хусусийлаштирилган уй-жойнинг мақомини аниқ белгилайдиган қоидаларни киритиш зарур. Бу қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириши баробарида хусусийлаштирилган уй-жойларга оид низоларни ҳал этишнинг аниқ механизмини жорий этишга қонуний асос яратади.

Аброр Раҳматов,

фуқаролик ишлари бўйича

Учтепа туманлараро

суди судьяси

photo_2024-08-12_12-03-50

АЛИМЕНТ ТЎЛОВЧИЛАРНИНГ ЧЕТ ЭЛГА ЧИҚИШИГА ОИД ТАҚИҚНИ ОЛИБ ТАШЛАШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

Маълумки, ҳаётда муайян сабабларга кўра, оиласидан қонуний тартибда ажрашган ва фарзандларига алимент тўлаётган шахсларнинг хорижга чиқишига таъқиқ қўйилгани ёки йўқлиги ҳақидаги гап-сўзларни тез-тез эшитиш мумкин. Қуйида айни шу мавзуга оид қонунчилик талаблари ҳақида маълумот берамиз.

Айтиш керакки, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 42-1-моддасига мувофиқ, ҳужжат асосида берилган ижро ҳужжатидаги ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра, ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг мамлакатимиздан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Давлат ижрочисининг қарори катта давлат ижрочиси томонидан тасдиқланади.

Мазкур қарорнинг кўчирма нусхалари қарздор жисмоний шахсга (агар унинг турган жойи маълум бўлса), ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига (бошқармасига) ҳамда Давлат чегарасини қўриқлаш органларига юборилади.

Агар ижро ҳужжати суд ҳужжати бўлмаса ва суд ҳужжати асосида берилмаган бўлса, ундирувчи қарздор жисмоний шахснинг мамлакатимиздан чиқишини вақтинча чеклашни белгилаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Давлат ижрочисининг қарори устидан шикоят қилиниши ёки протест келтирилиши мумкин.

Қарздор жисмоний шахснинг хорижга чиқишини вақтинча чеклашга асос бўлган ижро ҳужжатининг талаблари амалда ижро этилганда ёхуд у бўйича ижро иши юритиш ушбу қонунда белгиланган асосларга кўра, тугатилганда ёки тамомланганда, давлат ижрочиси кейинги кундан кечиктирмасдан қарздор жисмоний шахсни, ички ишлар органларини ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларини қарздор жисмоний шахснинг мамлакатимиздан чиқишини чеклаш олиб ташланганлиги тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади.

Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, давлат ижрочиси тўлов ёки гаров шартномаси тўғрисидаги тегишли ҳужжат олинган куннинг эртасидан кечиктирмасдан манфаатдор шахслар, ички ишлар органлари ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларини қарздор жисмоний шахснинг мамлакатимиздан чиқишини чеклаш олиб ташлангани тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади. Бунда гаров қиймати қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим.

Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, чиқиб кетишга чеклашни олиб ташлаш учун алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Қарздор жисмоний шахснинг хорижга чиқишини вақтинча чеклашни таъминлаш юзасидан давлат ижрочилари, ички ишлар органлари ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларининг ҳамкорлиги тартиби Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати томонидан белгиланади.

“Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабига мувофиқ алиментлар олдиндан тўланган ёки бу бўйича гаров шартномаси тузилган бўлса, хорижга чиқишга оид чеклов олиб ташланади.

Шунингдек, қонун талабига кўра, алиментларни олдиндан тўлаш 5 йилдан кам бўлмаган муддатга амалга оширилиши лозим. Болалар вояга етгунигача бўлган давр 5 йилдан кам бўлса, алиментларни олдиндан тўлаш қолган давр учун амалга оширилади. Алиментни тўлашни гаров билан таъминлаш учун судга ариза тақдим қилинади. Гаров қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 250 бараваридан кам бўлмаслиги лозим.

Ҳар қандай мол-мулк (автомобил, дўкон, уй-жой, квартира) гаров бўлиши мумкин.

Кўриниб турганидек, қонунчилигимизда нафақат болалар манфаати, балки алимент тўловчиларнинг ҳуқуқлари ҳам инобатга олинган. Шундай экан, бу борада қонун талабларига қатъий риоя этилса, ҳеч қандай муаммога ўрин йўқ.

Ш. МУЛЛАЖОНОВ,

Жиззах вилояти суди судьяси

photo_2024-08-12_10-41-53

ҚОНУНИЙ ВА АСОСЛИ ДАЪВО СУДДА ҚАНОАТЛАНТИРИЛДИ

Конституциямизда белгилаб қўйилган бошқарувнинг республика шаклига эга суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат бўлган мамлакатимизда ҳар бир иш қонуний ва асосли бўлиши, ҳеч кимнинг манфаатига зарар етказилмаслиги керак. Акс ҳолда, турли низо ва келишмовчиликлар келиб чиқади. Ўз навбатида, бундай низолар судда қонуний ечимини топади.

Шу ўринда бевосита ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, Алишер Бегмаматов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ва Жамила Саидбоева ўзларининг қонуний манфаатлари бузилганидан норози бўлиб, судга даъво аризаси билан мурожаат қилишди.

Маълум бўлишича, Ж. Саидбоева билан Ю. Бегмаматов 1984 йилда қонуний асосда оила қуришган. Оилада 1985 йилда Алишер Бегмаматов туғилган.

Аммо Юнус Бегмаматов оиланинг қадрига етмай Саломат Ғаффорова билан ҳам шаръий никоҳ асосида яшаб келган. Уларнинг турмушидан 1987 йилда Қаландар, 1988 йилда Самандар, 1993 йилда Бекзод, 2001 йилда Элзод туғилган. 2020 йилнинг 15 август куни Юнус Бегмаматов вафот этган.

Шу ўринда судга тақдим этилган даъво аризасига эътибор қаратадиган бўлсак, даъвогар Ж. Саидбоева марҳум эри Ю. Бегмаматов билан ўрталаридаги қонуний никоҳ бекор қилинмагани, унинг вафотидан сўнг мерос қолган автомашинага нисбатан Нарпай туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Ш. Пирназаров уларни хабардор қилмай туриб, мерос мулкига нисбатан мерос ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома расмийлаштиргани, бунинг оқибатида ўзи ҳамда ўғлининг манфаатлари бузилганини қайд этган.

Шу боис қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.

Иш ҳужжатларида қайд этилишича, Ж. Саидбоева марҳум Ю. Бегмаматов билан 1984 йил 23 июль куни қонуний ниқоҳдан ўтган. Ўрталаридаги турмушларидан 1985 йил 24 март куни туғилган Алишер Бегмаматов исм-шарифли фарзанди бор. Марҳум Ю. Бегмаматов С. Ғаффорова билан қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб келган, тўрт нафар фарзанди бор.

Нарпай тумани Фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ёзуви бўлимининг 2020 йил 15 октябрь кунидаги 4-1401-20-00821-сонли ўлим ҳақидаги гувоҳномасида Ю. Бегмаматовнинг 2020 йил 15 августда 57 ёшида вафот этгани қайд қилинган.

Марҳумнинг ҳаётлик пайтида 2009 йилда ишлаб чиқарилган, “Lacetti” русумли енгил автомашинаси бўлган. Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан 2016 йилнинг 17 декабрида Ю. Бегмаматовга берилган ААС 6907410-сонли транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси автомашинанинг унга тегишли эканлигини тасдиқлайди.

Аммо тумандаги хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Ш. Пирназаров 2021 йил 5 июнда 202102291000659-сонли реестр рақами билан қайд қилинган қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани рамийлаштирган ва марҳум Ю. Бегмаматовга тегишли ана шу автомашинага нисбатан жавобгар Э. Юсупов меросхўр деб топилган.

Бу ўринда қонун талабларига, хусусан, Оила кодексининг 23-моддасига эътибор қаратиш лозим бўлади. Чунки кодекснинг ушбу моддасига мувофиқ, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек, никоҳ қайд этилгунга қадар бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳолат кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолияти, тадбиркорлик фаолияти ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек, махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам умумий мол-мулк ҳисобланади.

Бундан ташқари ушбу кодекснинг 24-моддаси 1-қисмига кўра, эр ва хотин уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишда тенг ҳуқуқларга эга.

Шу ўринда кимлар меросхўр деб топилиши ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Жумладан, Фуқаролик кодексининг 1118-моддаси 1-қисмига асосан мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлиши мумкин.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 1135-моддасига кўра, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан, фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўлади. Мерос қолдирувчининг вафотидан сўнг туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига киради.

Шу ўринда юқорида баён этилган низо ҳақида фикр юритадиган бўлсак, Э. Юсупов марҳум отасининг қонуний никоҳида бўлган турмуш ўртоғи ва фарзанди борлигини билса-да, буни нотариусдан яширган.

Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан мерос ҳуқуқига оид қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида”ги қарори 3-бандида Фуқаролик кодексининг 1113-моддасида мерос таркибига мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчар ва кўчмас мулк, ашёлар, шу жумладан, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлар, чунончи, хусусий мулк ҳуқуқи, кредит муассасаларида сақланаётган омонатларга бўлган ҳуқуқ, деҳқон хўжалиги ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи ва бошқалар кириши ҳақида тушунтириш берилган.

Фуқаролик кодексининг 115,116-моддаларига кўра, битимнинг қонун талаб қиладиган шаклига риоя этмаслик қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳолдагина унинг ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлади. Қонунчилик талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.

Бинобарин, Э. Юсупов номига нотариус томонидан берилган қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномада Фуқаролик кодексининг 1118, 1135-моддаларида назарда тутилган меросхўрлар меросхўр деб эътироф этилиши керак. Лекин Э. Юсупов меросхўрларни мерос ҳуқуқидан маҳрум этган, қайд қилинган қонун талабларини қўпол равишда бузиб, низоли мерос автомашинани ўз номига давлат рўйхатидан ўтказган ва бошқа фуқарога сотиб юборган.

Суд амалдаги қонунчилик ва Олий суд Пленумининг қарори талабларига таянган ҳолда А. Бегмаматов ва Ж. Саидбоеванинг даъво аризасини қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Ш. Пирназаров томонидан 2021 йил 5 июнь куни 202102291000659-сонли реестр рақами билан қайд қилинган қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома ҳақиқий эмас, деб топилди. Э. Юсуповдан давлат фойдасига 2 миллион 983 минг 122,4 сўм давлат божи ундирилди.

Шу тариқа ғайриқонуний ҳаракатга барҳам берилди. Қонуний ва асосли даъво судда адолатли ечим топди. Бу ҳар қандай ишда қонунга риоя этиш зарурлигини яна бир бор исботлади.

Зафар Равшанов,

фуқаролик ишлари бўйича

Каттақўрғон туманлараро суди раиси,

Абдуҳамид Худойбердиев,

журналист

photo_2024-06-06_11-49-33

БЎРТТИРИЛГАН “ҚОСИМОВЧИЛАР ИШИ” ЁХУД АБДУЛЛА ҚОДИРИЙНИ ОҚЛАГАН СУД РАИСИ

Яқинда 12 та жиноят иши бўйича 205 нафар шахсга нисбатан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг оқлов ҳукми чиқарилди. Хўш, мустабид тузум даврида қатағон қилинган бу ватандошларимиз ким бўлган? Уларнинг айби нима эди? Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя­сини таъминлаш, шунингдек, одил судловга эришиш даражасини ошириш борасида қилинаётган ишлар ва истиқболдаги вазифалар хусусида, шунингдек, юқоридаги каби саволларга жавоб олиш мақсадида Олий суд раисининг ўринбосари Икром МУСЛИМОВ билан суҳбатлашдик.

– Аввало, Олий суд томонидан яқинда кўриб чиқилган ишлар тафсилотларига тўхталсак. Биринчи жиноят иши ҳужжатларида қайд этилишича, эски маҳаллий бойлар ҳисобланган Дадабой Умаралиев ва бошқалар Носирхон тўра Камолхонтўра ишига алоқадор шахслар сифатида 1929-1930 йилларда Наманган туманида аксилинқилобий ҳаракати аъзоларини қўллаб келган. Улар совет ҳудудида қуролли қўзғолон ёки аксилинқилобий мақсаддаги ҳаракатларни амалга оширганликда айбланган ва отувга ҳукм қилинган.

Иккинчи жиноят ишида эса, Хоразм вилоятида Эрниёз Жуманиёзов ва бошқалар босмачилик аксилинқилобий ҳаракати аъзолари билан доимий алоқа ўрнатганликда айбланган. Улар гўёки босмачилик гуруҳларини уйларида қабул қилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб, совет ҳокимияти томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларга ўзларида сақланган қуролларни топширмаслик ҳамда коллективлаштиришга қарши тарғибот қилиш орқали қаршилик кўрсатган.

Учинчи жиноят иши бўйича Матчонбек Матмуродов ва бошқалар 1931 йил февраль ойи бошларида совет ҳокимиятини ағдариш, унга қарши қуролланган босмачилик-исёнчилик курашини ташкил этиш ҳамда олдинги хонлик бошқаруви тартибини тиклаш мақсадида Афғонистондан Хива ҳудудига ўтган Жунаидхоннинг ўғли Эшимхоннинг қуролланган гуруҳларини кучайтириш учун янги кадрлар билан таъминлаш мақсадида алоқа ўрнатганликда айбланган.

Тўртинчи жиноят ишида Исмоил Юсупов (Казаков) ва бошқалар 1937 йилда Хива тумани, Жундиён қишлоғида жойлашган “Хон Исмоил ота” масжидида йиғилишлар ўтказиб, аксилинқилобий режалар тузган ҳамда “Жунаидхон”ни таниган эски бойлар сифатида қуролли тўда шакллантириб, совет ҳудудида қуролли қўзғолон ёки аксилинқилобий ҳаракатлар содир этишида айбланган. Уларнинг аксариятига ўлим жазоси берилган, баъзилари ўзга юртларга сургун қилинган.

– Кўриб чиқилган жиноят ишлари ичида Саъдулла Қосимовга тегишли иш алоҳида ажралиб туради. Шу ҳақда батафсил тўхталсангиз?

– Суд С. Қосимовни 1924 йилдан 1925 йилга қадар Тошкент вилояти суди раиси ҳамда 1925 йил 23 декабрдан 1929 йил 3 мартга қадар Ўзбекистон ССР Олий суди раиси лавозимида ишлаб, шахсий бойлик орттириш мақсадида талон-торожлик, порахўрлик, тизимли равишда таъмагирлик жиноятларини содир этганликда ҳамда миллий озодлик ҳаракати (“босмачилик”), “Миллий иттиҳод” аксилинқилобий ташкилотининг фаол аъзоларини қўллаб-қувватлашда айбли деб топган.

Бироқ С. Қосимовга тегишли жиноят иши ҳужжатлари ўрганилганда, унинг айбдорлиги суд муҳокамаси давомида исботини топмасдан, жиноий жавобгарликка тортилгани аниқланди. Ўшанда ушбу жиноят иши бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширилмаган. Судланувчини пора олиш эпизоди бўйича ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатларни аниқлаб, уларни ҳисобга олиш чоралари кўрилмаган.

С. Қосимов дастлабки тергов ва биринчи инстанция судида қўйилган айбловни инкор қилган. Шундай бўлса-да, уни айблаш учун фақатгина гувоҳларнинг дастлабки терговдаги кўрсатмалари асос қилиб олинган, холос.

Суд мажлисидаги текширув натижасида С. Қосимов келтирилган жиноятларни содир этганлигини тасдиқловчи, ҳақиқатга мувофиқ мақбул ва ишончли далиллар аниқланмади. Қолаверса, унинг мазкур жиноятларни содир этганликда айбли деб топиш учун асос қилинган далиллар етарли эмас ва ҳозирги кунда қўшимча далилларни тўплаш имконияти қолмаган.

Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда олимларимизнинг илмий ўрганишлари натижалари, шунингдек, жиноят иши материаллари С. Қосимовга нисбатан юритилган жиноят иши “марказ”нинг қатъий назорати ҳамда топшириғи асосида, бирор объектив далилларсиз, қандай бўлмасин жиноий жавобгарликка тортиб, унга нисбатан энг оғир жазони тайинлаш ҳамда шу орқали мустабид тузум сиёсатига қарши шахсларнинг иродасини синдириш мақсадини кўзлаганини тасдиқлайди.

Бу борада тадқиқ этилган иш материаллари, тарихий-илмий ҳужжат ва мақолалар шуни кўрсатадики, ўша даврда ҳар қандай миллий озодлик ҳаракатини шафқатсизлик билан бостирилиб, бошқаларга ўрнак бўлиши учун ҳаракат иштирокчиларига отув ёки бошқа энг оғир жазолар тайинлаш Ўрта Осиёга нисбатан “марказ” сиёсатининг асосий мақсадларидан бири бўлган. Бундай вазиятда, табиийки, ишларни холис кўриб, эълон қилинган айбни инкор этадиган ёки енгиллаштирадиган судьяларнинг кераги бўлмаган.

С. Қосимов эса, нафақат унга эълон қилинган айб эпизодлари, балки бошқа ҳолатлар бўйича ҳам судланувчиларга нисбатан инсонпарварлик тамойилларини қўллаб келган.

Бунга биргина мисол.

Ўзбекистон жумҳурияти Олий суди жиноят ишлари ҳайъатининг 1926 йил 16 июндаги ҳукмига кўра, РСФСР Жиноят кодекси асосида 2 йил озодликдан маҳрум қилинган буюк адиб, ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирий ҳам С. Қосимов томонидан 1926 йил 17 июнь куни киритилган тақдимномага асосан, жазо муддатини ўтамасдан қамоқдан озод этилган. Пировардида Олий суд апелляция инстанциясининг 2023 йил 1 декабрдаги ҳукми билан Абдулла Қодирий оқлангани ҳам С. Қосимовнинг ўз даврида ҳақиқатни тиклашда изчил бўлганини кўрсатади.

Бундан ташқари, Жиноят-процессуал кодексининг қонунсиз қийноқ ва қатағонларга чек қўйишга йўналтирилган суд-ҳуқуқ тизимида қонунийлик ва адолатни ўрнатиш учун прокурор ва судларга кенгроқ имконият бериш назарда тутилган ислоҳоти ҳақидаги саволларга жавоб беришни сўраб С. Қосимов 1928 йил 20 июнда Москвага мурожаат юборади. Ушбу мурожаат шусиз ҳам С. Қосимовнинг ҳаракатлари билан муроса қила олмаётган “марказ”нинг тоқатини тоқ қилади ҳамда 1929 йил бошларида унинг фаолияти устидан текшириш ўтказиш учун комиссия юборилади.

Комиссиянинг 1929 йил 3 мартдаги қарори асосида С. Қосимов лавозимидан озод қилиниб, қамоққа олинади. Бироқ 3 ой давом этган текширув ва тергов натижаларига кўра, унга қўйилган айбловларнинг бирортаси исботини топмагани сабабли қамоқдан озод қилинади.

Ҳақиқатни аниқлашдан кўра, С.Қосимовни қандай бўлмасин жазолашни мақсад қилган “марказ” томонидан комиссиянинг текширув ва тергов фаолияти қаттиқ танқидга олиниб, С. Қосимовга нисбатан қайтадан жиноят иши очилади. Мазкур жиноят иши доирасида, бирор-бир ишончли ва холис далилсиз судсиз ва терговсиз “босмачилар” ниқоби остида ўн нафар айбсиз деҳқонни отиб ташлаганлик, “босмачилар”ни қурол ва ўқ-дорилар билан таъминлаганлик, пора олиш, турли моддий бойликлар эвазига фирибгарлик ва мансаб сохтакорлиги жиноятларини содир этиш каби ўйлаб топилган айбловлар эълон қилинган. Шу орқали мазкур жиноят ишига сиёсий тус берилиб, “Қосимовчилар иши” сифатида бўрттириб кўрсатилган.

Ўзбекистон Олий судида ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан барча айбланувчиларга нисбатан жиноят ишлари ҳужжатлари ўрганилганда, ушбу ватандошларимизнинг айби суд ҳукми билан аниқланмасдан туриб, судсиз жиноий жавобгарликка тортилгани аниқ бўлди. Иш ҳужжатлари улар ўз даврида ватан ҳимояси, юрт мустақиллиги, дини, эътиқоди, маданияти ва миллат ғурури учун курашганини тўлиқ тасдиқлайди.

Афсусланарлиси шундаки, уларнинг эзгу интилишлари мустабид тузум томонидан топталган, ўзлари эса энг оғир жазоларга мустаҳиқ этилган.

Дастлабки тергов даврида жиноят ишида айбланувчи тариқасида ўтган барча шахслар аввалбошда айбловни инкор қилиб келган бўлса-да, кейинчалик қийноқлар остида иқрорлик кўрсатмасини беришга мажбур бўлганини сўроқ баённомасида ҳам кўриш мумкин.

Бундан ташқари, уларни айбдор деб топишда – ишга тааллуқли бўлган ҳолатлар атрофлича ўрганилмай, текшириб чиқилмай ва баҳоланмай, биргина иқрорлик кўрсатмаларига асосланган ҳолда ҳукм чиқарилган. Иш ҳужжатларида айрим айбдор шахслар фақат ўзбек ёки бошқа тилни билиб, ўз кўрсатмаларини араб алифбосида ёзган. Шундай бўлса-да, тергов ҳаракатлари рус тилида юритилиб, гўёки уларнинг кўрсатмалари ўзбек тилига таржима қилингани қайд этилган.

Ҳолбуки, жиноят ишини тергов қилган шахслар араб алифбосида ёзишни ҳамда ўзбек тилини билганлигини ҳам тасдиқловчи бирор далил мавжуд эмас. Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини юритишга масъул шахслар томонидан ишга таржимон (тилмоч) жалб қилинмаган. Бундай ҳолатда чиқарилган қарорларни қонуний ва асосли деб бўлмайди.

— Мустабид тузум томонидан шафқатсиз қатағон қилинган давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт намояндалари, оддий касб эгаси бўлган минглаб юртдошларимиз номини абадийлаштириш, уларнинг жасорати, матонати мисолида ёш авлодни ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

— Жуда тўғри. Буни мустабид тузум даврида ноҳақ айбланган, мол-мулки мусодара этилиб, ўзлари қатағону қувғинга дучор этилган аждодларимизнинг пок номи оқланиб, тарихий адолат тикланаётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Бу ҳақда гап борганда, Олий судда 31 та жиноят иши доирасида қатағон қурбони бўлган 1 031 ватандошимизга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилиб, тарихий адолат тикланганини таъкидлаш жоиз.

Шу ўринда халқимизнинг миллий ўзликни англаш, янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида қўяётган қутлуғ қадамлари мукаррам инсон зотига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, инсон хотирасига нисбатан адолат ва ҳақиқатни қарор топтиришдек эзгу амаллар билан узвий боғлиқ эканини алоҳида қайд этиш зарур.

Бу эзгу ташаббуснинг туб моҳиятига эътибор қаратадиган бўлсак, ўтган аср бошларида юртпарвар, миллатпарвар боболаримиз янгиланиш ва эркинлик, адолат ва тенглик, илм-маърифат ва миллий ўзликни англаш ғояларига таяниб, озодлик учун мардонавор кураш майдонига чиққанини кўрамиз. Бу фаолият жадидчилик ҳаракати номи билан машҳур бўлган.

Аслида, ушбу улуғ зотларнинг мақсади жаҳолат ва қолоқлик гирдобида қолган халқни дунёвий илм-фан, илғор касб-ҳунарлар билан қуроллантириб, умумбашарий ривожланиш йўлига, янги тараққиёт манзилига олиб чиқишдан иборат эди. Маърифатпарвар боболаримиз саъй-ҳаракати билан ташкил этилган янги усулдаги мактаблар, театр, кутубхона ва музейлар, газета ва журналлар, юрт фарзандларини чет элларга ўқишга юбориш мақсадида тузилган хайрия жамиятлари халқимизни неча асрлик ғафлат уйқусидан уйғотиб, миллий озодлик ҳаракати учун беқиёс куч берган.

Аммо юртимизда большевиклар диктатураси ўрнатилгач, чор мустамлакачилик сиёсати янгича шаклда давом эттирилди. Бу эса маърифатпарвар боболаримизга ўз мақсад-муддаоларини тўлиқ амалга ошириш имконини бермади.

Энг ачинарлиси, маърифатпарвар аждодларимиз шаъни “босмачи” деган ноҳақ тавқи лаънат билан топталди. Уларнинг аксарияти ноҳақ айблов, сохта далиллар билан қатағон қилинди. Бундан ҳам даҳшатлиси, маърифатпарвар боболаримизнинг кўпчилиги “учлик” деган тузилма буйруғи билан суд-сўроқсиз ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Шукрки, бу аждодларнинг эзгу орзу-ниятлари халқимизнинг қон-қонида, тарихий хотирасида сақланиб қолди ва ҳануз яшамоқда. Бугунги кунда бутун элимиз қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган янги Ўзбекистон ғояси замирида уларнинг орзу-интилишлари ва армонлари мужассам.

Шу маънода, Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона курашган, азиз жонларини фидо қилган, мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, фаолияти ва меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани — тарихий адолат тикланаётгани ҳар қанча таҳсинга сазовор.

Бу бежиз эмас. Чунки айни мавзудаги тарихий маълумотларни холис ва ҳаққоний ўрганиш мустақиллик қандай оғир ҳамда машаққатли курашлар билан қўлга киритилганини янада чуқур англашга хизмат қилади. Шу билан бирга, бугунги эркин, озод ва обод ҳаётимизни асраб-авайлаб, қадрлаб яшаш кераклигидан сабоқ беради. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, халқимизнинг фидойи фарзандлари, маърифатпарвар аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ҳақиқатни тўлиқ юзага чиқариш, уларга нисбатан тарихий адолатни тиклаш, бу борадаги ишларнинг кўлами ва самарасини оширишни тақозо этади.

Мустабид тузум даврида ноҳақ айбланган, мол-мулки мусодара этилиб, ўзи қувғину қатағонга дучор этилган аждодларимиз жуда кўп. Улар орасида пок номлари ҳамон қора рўйхатларда қолиб кетган, яъни оқланмаганлари бор. Ноҳақ айбланган бундай одамларни оқлаш, хотирасига ҳурмат кўрсатиш, авлодларига таскин ва умид бериш мақсадида уларга тегишли ҳужжатлар синчковлик билан ўрганилди ва ўрганилмоқда.

— Бугун жамиятнинг барча соҳаларида кенг татбиқ этилаётган “Инсон қадри учун” эзгу тамойили суд-ҳуқуқ тизими фаолиятига қанчалик чуқур кириб бормоқда?

— “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тизимли ва кенг қамровли ислоҳотларимизнинг мантиқий давоми бўлди. Мазкур дастуриламал ҳужжатнинг “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” деб номланган йўналишида биз фикр юритаётган соҳага тааллуқли муҳим вазифалар белгилаб берилган.

Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ҳақида сўз борганда, бу борадаги асосий мақсадлардан бири давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантиришдан иборат. Ушбу мақсадга эришиш учун 2030 йилгача маъмурий судларга бевосита мурожаат этишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш, судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоиз ошириш, судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низолар юзасидан судларга келиб тушадиган ишлар сонини 50 фоиз камайтириш каби вазифалар белгиланган.

Ана шу устувор вазифалар ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши суднинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, унга нисбатан ишончни ошириш ва фуқароларнинг судга мурожаат қилиш имкониятини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Бу эзгу амалларнинг амалиётга изчил татбиқ этилаётгани янги Ўзбекистон ғояси негизида, аввало, инсон омили мужассамлигининг яна бир ёрқин ифодасидир. Инсон шаъни, қадр-қиммати ва хотирасини ҳар қандай тажовузлардан кўз қорачиғидек асраш вазифаси ҳар доим устувор бўлиб қолаверади.

Суҳбатни Лутфулла СУВОНОВ ёзиб олди.

(“Янги Ўзбекистон” газетаси,
2024 йил 25 май)

photo_2024-08-05_16-19-47

ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИ ҲИМОЯСИ ЖАРАЁНИДА АДВОКАТНИНГ МАЖБУРИЙ ИШТИРОКИНИ ТАЪМИНЛАШ ЗАРУРАТИ

Маълумки, тергов ва суд жараёнида адвокат иштироки муҳим аҳамиятга эга. Чунки ушбу ҳуқуқий институт тарафларнинг тенглиги, тортишув ва ҳимоя ҳуқуқини таъминлашнинг энг самарали воситаси ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизда адвокатура институти такомиллаштириб, янги таҳрирдаги Конституциямизда унга алоҳида боб ажратилди. Бу орқали адвокатуранинг ҳуқуқий мақоми том маънода кафолатланди.

Суд жараёнида адвокатнинг иштироки ҳақида гап кетганда, амалдаги Жиноят-процессуал кодексининг 51-моддасида бир қатор тоифадаги шахслар ва ишларда ҳимоячи иштирок этиши шартлиги қайд этилган.

Бироқ тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ҳуқуқий нормаларда бундай талаб белгиланмаган. Бу эса, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини тўлақонли таъминлашга тўсқинлик қилмоқда.

Чунки амалиётда тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ содир этиладиган жиноятлар мураккаб тоифадаги жиноятлар ҳисобланади.

Тергов ва суд муҳокамасида турли соҳа мутахассисларини жалб этиш, уларнинг билим ва хулосаларига таянишга тўғри келади. Қонунчиликдаги ушбу бўшлиқни бартараф этиш учун Жиноят-процессуал кодексининг 51-моддасига “тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирок этиши шарт”, деган бандни киритиш мақсадга мувофиқдир.

Ушбу таклиф “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор мақсадларга ҳам тўлиқ мос келади ва келгусида тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш имкониятларини янада кенгайтиради.

Жасур Норқобилов,

жиноят ишлари бўйича

Ўртачирчиқ тумани суди судьяси

photo_2024-05-23_16-41-15

ШҲТга АЪЗО ДАВЛАТЛАР ОЛИЙ СУДЛАРИ РАИСЛАРИНИНГ ЙИҒИЛИШИ

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг йиғилишига Ўзбекистон раислик қилди.

Бугун Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг ўн тўққизинчи йиғилиши бўлиб ўтди. 

Тадбирда Ҳиндистон Республикаси Олий суди раиси Дхананджая Йешвант Чандрачуд, Эрон Ислом Республикаси Суд ҳокимияти раисининг ўринбосари Козим Ғарибободий, Қозоғистон Республикаси Олий суди раиси Асламбек Мергалиев, Хитой Халқ Республикаси Олий халқ суди раиси Чжан Цзюнь, Қирғизистон Республикаси Олий суди раиси Замирбек Базарбеков, Покистон Ислом Республикаси Олий суди раиси Кази Фаез Иса, Россия Федерацияси Олий суди раиси Ирина Подносова, Тожикистон Республикаси Олий суди раиси Шермуҳаммад Шоҳиён иштирок этди.

Шунингдек, йиғилишда ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи мамлакат вакили – Беларусь Республикаси Олий суди раиси Валентин Сукало ва меҳмонлар – ШҲТ бош котиби ўринбосари Нуран Ниязалиев ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев қатнашди.

Йиғилиш аввалида унинг иштирокчилари авиаҳалокат туфайли вафот этган Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий ва бошқа расмий шахсларнинг хотирасига сукут сақладилар.

Тадбир муқаддимасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг йиғилиш иштирокчиларига йўллаган мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Дониёр Кадиров ўқиб эшиттирди.

Тадбирда қайд этилганидек, ШҲТ умумий манфаатларни ҳимоя қилишнинг самарали тизимидир. Яхши қўшничилик ва дўстликни мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда бу нуфузли тузилма муҳим роль ўйнамоқда.

ШҲТ ташкил этилганидан буён унга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва тушуниш, юқори даражадаги ишонч ва биргаликда қарорлар қабул қилиш руҳи шаклланди.

Олий суд органлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик умумий мақсадга эришиш, яъни ШҲТ маконида қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим омилидир.

Ўзбекистон раислиги даврида одил судлов самарадорлигини ошириш борасидаги масалалар қаторида, суд-ҳуқуқ тизимида қонун устуворлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, ҳуқуқни қўллаш, қонунчиликни такомиллаштириш ва судлар фаолиятига доир бошқа муҳим масалалар юзасидан фаол равишда маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилди. Бу жараён ташрифлар, шунингдек, кўп томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишларини қамраб олган 40 дан ортиқ йирик тадбирлар иштирок этиш орқали амалга оширилди.

Тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар Олий судларининг қонун устуворлиги, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги ҳамкорлигини янада фаоллаштиришга қаратилган қатор долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Миллат ва чегара билмас иллат саналадиган одам савдосига қарши курашиш доимий равишда дунё ҳамжамияти, шу жумладан ШҲТ давлатлари учун долзарб муаммо эканлиги инобатга олиниб, одам савдоси билан боғлиқ жиноят ишларини кўриб чиқиш амалиёти муҳокама қилинди. Бу борада тизимли равишда ўзаро тажриба алмашинуви аҳамиятли экани алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, фуқаролик судлови соҳасида медиация институтидан кенг фойдаланиш бўйича чоралар қабул қилиш масаласи атрофлича муҳокама этилди. Шу билан бирга низони ҳал этиш ва унинг тарафлари учун ўзаро маъқул келувчи қарор қабул қилишга эришишнинг асосий механизмларидан бири бўлган медиацияни янада чуқур ўрганиш ва унинг моҳиятини англаш умумманфаатли экани эътироф этилди.

Йиғилиш иштирокчилари мулк ҳуқуқи ҳимояси ва хусусий мулк дахлсизлигини одил судлов воситасида таъминлаш чораларини ишлаб чиқиб, амалга ошириш масаласини ҳам кўриб чиқдилар.

Давлат органлари билан ўзаро муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоясини таъминлаш ҳамда унинг кафолатларини кучайтириш борасида катта аҳамият касб этувчи маъмурий одил судловни шакллантириш ва ривожлантириш истиқболларига тўхталиб ўтилди.

Суд жараёнларида янги технологияларни қўллаш орқали одил судловни рақамлаштириш истиқболлари масаласи ҳам мажлис кун тартибидан ўрин олди. Бу борада ШҲТга аъзо мамлакатлар Олий судлари келгусида илғор тажриба ва одил судловни амалга оширишда ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича янги билимлар билан алмашишга тайёрлиги таъкидланди.

Мажлис иштирокчилари якдиллик билан қайд этганидек, Олий судлар раисларининг кенг кўламли масалалар бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ва ташаббуслари халқаро майдонда ШҲТнинг обрўсини ва глобал мавқеини янада оширишга ҳам хизмат қилади.

Зотан, дунё аҳолисининг ярмидан кўпини бирлаштирган ШҲТнинг минтақавий ва глобал сиёсатни шакллантиришнинг механизми сифатида Евроосиё қитъасининг хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлашдаги ўрни мустаҳкамланиб бормоқда.

Томонлар ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ишонч, дўстлик ва яқин қўшничилик, ўзаро англашув, ШҲТ Хартияси, ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган яхши қўшничилиги, дўстлиги ва ҳамкорлиги тўғрисидаги шартнома ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотини 2025 йилгача ривожлантириш Стратегиясига мувофиқ минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш тамойиллари асосида амалга оширилаётганини таъкидлади. 

ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари ўртасидаги амалий ҳамкорлик фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги биргаликдаги фаолиятни янада такомиллаштириш, адолат, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга хизмат қилиб, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини чуқурлаштириш учун муҳим омил бўлаётгани қайд этилди. 

Йиғилиш якуни бўйича ШҲТга аъзо давлатлар суд ҳокимиятининг олий органлари ҳамкорлиги истиқболлари тўғрисида Қўшма баёнот имзоланди. 

Якуний ҳужжатда кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳамда ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг 20-йиғилишини 2025 йилда Хитой Халқ Республикасида ўтказиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг ўн тўққизинчи йиғилиши тўлиқ ўзаро англашув руҳи ва дўстона муҳитда, юқори даражада мазмунли ўтди.

photo_2024-05-22_19-26-39

ОЛИЙ СУДДА УЧРАШУВ

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов Покистон Ислом Республикаси Олий суди раиси Кази Фаез Иса билан учрашди.

Мулоқот давомида икки давлат Олий судларининг ўзаро ишонч ва шерикликка асосланган амалий ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Конструктив ва дўстона руҳда ўтган учрашувда, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди.

photo_2024-05-22_18-27-04

ОЛИЙ СУДДА УЧРАШУВ

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов Эрон Ислом Республикаси Суд ҳокимияти раисининг ўринбосари Козим Ғарибободий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашув аввалида ўзбек томони эронлик меҳмонларга Президент Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган шахсларнинг фожиали ҳалок бўлгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди.

Конструктив мулоқот давомида тарафлар икки мамлакат суд идоралари ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек алоқаларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилдилар.

Томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди.

Учрашув ишчан ва дўстона руҳда ўтди.

photo_2024-05-22_15-44-04

ОЛИЙ СУДДА УЧРАШУВ

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов Беларусь Республикаси Олий суди раиси Валентин Сукало билан учрашди.

Икки мамлакат Олий судлари ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган мулоқот давомида тарафлар суд-ҳуқуқ соҳасида самарали идоралараро ҳамкорлик учун мавжуд салоҳият ва имкониятлар яратилганлигига алоҳида эътибор бериб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Хусусан, фуқаролик, иқтисодий, меҳнат, оилавий ва жиноят ишлари бўйича одил судловни амалга ошириш борасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, суд соҳасига доир қонун ҳужжатларига оид маълумотлар ҳамда судлар фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш юзасидан тажриба алмашиш ва бошқа долзарб масалалар муҳокама этилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси Олий судлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.

Ушбу ҳужжат ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва такомиллаштиришга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши ҳамда икки томонлама шерикликни янги босқичга кўтаришга мустаҳкам замин яратиши таъкидланди.

photo_2024-05-22_12-44-51

ОЛИЙ СУДДА УЧРАШУВ

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов Қирғиз Республикаси Олий суди раиси Замирбек Базарбеков бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашув давомида томонлар суд тизимини такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг роли ва обрў-эътиборини мустаҳкамлаш ҳамда судларнинг мустақиллигини таъминлаш, судьяларни тайёрлаш ва судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш каби масалалар юзасидан фикр алмашди.

Шунингдек, мулоқот мобайнида икки давлат Олий судлари ўртасида мунтазам равишда ҳуқуқий ахборот алмашишни амалга ошириш ва ўзаро манфаатларни ифодаловчи бошқа масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказишга келишиб олинди.

Учрашув сўнгида ҳар икки мамлакат Олий судларининг ўзаро манфаатларини ифодаловчи соҳалардаги ҳамкорлик ва алоқаларнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берадиган Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Қирғиз Республикаси Олий суди ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

#thegov_button_69d62ce77d2f4 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69d62ce77d2f4:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69d62ce77d2f4 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69d62ce77d2f4:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!