Click to listen highlighted text!

ҚОНУНИЙ ВА АСОСЛИ ДАЪВО СУДДА ҚАНОАТЛАНТИРИЛДИ

photo_2024-08-12_10-41-53

Конституциямизда белгилаб қўйилган бошқарувнинг республика шаклига эга суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат бўлган мамлакатимизда ҳар бир иш қонуний ва асосли бўлиши, ҳеч кимнинг манфаатига зарар етказилмаслиги керак. Акс ҳолда, турли низо ва келишмовчиликлар келиб чиқади. Ўз навбатида, бундай низолар судда қонуний ечимини топади.

Шу ўринда бевосита ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, Алишер Бегмаматов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ва Жамила Саидбоева ўзларининг қонуний манфаатлари бузилганидан норози бўлиб, судга даъво аризаси билан мурожаат қилишди.

Маълум бўлишича, Ж. Саидбоева билан Ю. Бегмаматов 1984 йилда қонуний асосда оила қуришган. Оилада 1985 йилда Алишер Бегмаматов туғилган.

Аммо Юнус Бегмаматов оиланинг қадрига етмай Саломат Ғаффорова билан ҳам шаръий никоҳ асосида яшаб келган. Уларнинг турмушидан 1987 йилда Қаландар, 1988 йилда Самандар, 1993 йилда Бекзод, 2001 йилда Элзод туғилган. 2020 йилнинг 15 август куни Юнус Бегмаматов вафот этган.

Шу ўринда судга тақдим этилган даъво аризасига эътибор қаратадиган бўлсак, даъвогар Ж. Саидбоева марҳум эри Ю. Бегмаматов билан ўрталаридаги қонуний никоҳ бекор қилинмагани, унинг вафотидан сўнг мерос қолган автомашинага нисбатан Нарпай туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Ш. Пирназаров уларни хабардор қилмай туриб, мерос мулкига нисбатан мерос ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома расмийлаштиргани, бунинг оқибатида ўзи ҳамда ўғлининг манфаатлари бузилганини қайд этган.

Шу боис қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.

Иш ҳужжатларида қайд этилишича, Ж. Саидбоева марҳум Ю. Бегмаматов билан 1984 йил 23 июль куни қонуний ниқоҳдан ўтган. Ўрталаридаги турмушларидан 1985 йил 24 март куни туғилган Алишер Бегмаматов исм-шарифли фарзанди бор. Марҳум Ю. Бегмаматов С. Ғаффорова билан қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб келган, тўрт нафар фарзанди бор.

Нарпай тумани Фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ёзуви бўлимининг 2020 йил 15 октябрь кунидаги 4-1401-20-00821-сонли ўлим ҳақидаги гувоҳномасида Ю. Бегмаматовнинг 2020 йил 15 августда 57 ёшида вафот этгани қайд қилинган.

Марҳумнинг ҳаётлик пайтида 2009 йилда ишлаб чиқарилган, “Lacetti” русумли енгил автомашинаси бўлган. Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан 2016 йилнинг 17 декабрида Ю. Бегмаматовга берилган ААС 6907410-сонли транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси автомашинанинг унга тегишли эканлигини тасдиқлайди.

Аммо тумандаги хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Ш. Пирназаров 2021 йил 5 июнда 202102291000659-сонли реестр рақами билан қайд қилинган қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани рамийлаштирган ва марҳум Ю. Бегмаматовга тегишли ана шу автомашинага нисбатан жавобгар Э. Юсупов меросхўр деб топилган.

Бу ўринда қонун талабларига, хусусан, Оила кодексининг 23-моддасига эътибор қаратиш лозим бўлади. Чунки кодекснинг ушбу моддасига мувофиқ, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек, никоҳ қайд этилгунга қадар бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳолат кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолияти, тадбиркорлик фаолияти ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек, махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам умумий мол-мулк ҳисобланади.

Бундан ташқари ушбу кодекснинг 24-моддаси 1-қисмига кўра, эр ва хотин уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишда тенг ҳуқуқларга эга.

Шу ўринда кимлар меросхўр деб топилиши ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Жумладан, Фуқаролик кодексининг 1118-моддаси 1-қисмига асосан мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлиши мумкин.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 1135-моддасига кўра, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан, фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўлади. Мерос қолдирувчининг вафотидан сўнг туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига киради.

Шу ўринда юқорида баён этилган низо ҳақида фикр юритадиган бўлсак, Э. Юсупов марҳум отасининг қонуний никоҳида бўлган турмуш ўртоғи ва фарзанди борлигини билса-да, буни нотариусдан яширган.

Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан мерос ҳуқуқига оид қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида”ги қарори 3-бандида Фуқаролик кодексининг 1113-моддасида мерос таркибига мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчар ва кўчмас мулк, ашёлар, шу жумладан, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлар, чунончи, хусусий мулк ҳуқуқи, кредит муассасаларида сақланаётган омонатларга бўлган ҳуқуқ, деҳқон хўжалиги ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи ва бошқалар кириши ҳақида тушунтириш берилган.

Фуқаролик кодексининг 115,116-моддаларига кўра, битимнинг қонун талаб қиладиган шаклига риоя этмаслик қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳолдагина унинг ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлади. Қонунчилик талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.

Бинобарин, Э. Юсупов номига нотариус томонидан берилган қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномада Фуқаролик кодексининг 1118, 1135-моддаларида назарда тутилган меросхўрлар меросхўр деб эътироф этилиши керак. Лекин Э. Юсупов меросхўрларни мерос ҳуқуқидан маҳрум этган, қайд қилинган қонун талабларини қўпол равишда бузиб, низоли мерос автомашинани ўз номига давлат рўйхатидан ўтказган ва бошқа фуқарога сотиб юборган.

Суд амалдаги қонунчилик ва Олий суд Пленумининг қарори талабларига таянган ҳолда А. Бегмаматов ва Ж. Саидбоеванинг даъво аризасини қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Ш. Пирназаров томонидан 2021 йил 5 июнь куни 202102291000659-сонли реестр рақами билан қайд қилинган қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома ҳақиқий эмас, деб топилди. Э. Юсуповдан давлат фойдасига 2 миллион 983 минг 122,4 сўм давлат божи ундирилди.

Шу тариқа ғайриқонуний ҳаракатга барҳам берилди. Қонуний ва асосли даъво судда адолатли ечим топди. Бу ҳар қандай ишда қонунга риоя этиш зарурлигини яна бир бор исботлади.

Зафар Равшанов,

фуқаролик ишлари бўйича

Каттақўрғон туманлараро суди раиси,

Абдуҳамид Худойбердиев,

журналист

#thegov_button_675e982de4468 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_675e982de4468:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_675e982de4468 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_675e982de4468:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!