Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2024-10-21_12-41-01

МУДҲИШ ҚИЛМИШ БЕГУНОҲ БОЛАНИНГ УМРИГА ЗОМИН БЎЛДИ

Судлов амалиёти жиноятларнинг аксари қасддан ёки ўзини-ўзи идора қила олмаслик натижасида содир этилишини кўрсатади. Бундай қилмишлар орасида ўткинчи ҳис-туйғулар оқибатида содир этилганлари ҳам учрайди. Ана шундай мудҳиш қилмишларнинг бири Тупроққалъа туманида рўй берди. Кўрганнинг ҳам, эшитганнинг ҳам этини жунжиктирувчи бу мудҳиш ҳодиса арзимас оилавий тортишув асносида келиб чиқди.

Сиртдан қараганда, 1980 йили Ҳазорасп туманида туғилган Музаффар Матниёзов ва Питнак шаҳрида истиқомат қилувчи Насиба Ёқубоваларнинг оилавий турмуши тинчгина кечарди, ўртада оддий баҳс-мунозаралардан ташқари айтишга арзигулик жиддий муаммолар кўзга ташланмасди. Бу оила Питнак шаҳридаги хонадонлардан бирида ижарада турарди.

Афсуски, бу мудҳиш воқеа оддий жанжал оқибатида келиб чиқди. Ўша куни спиртли ичимлик истеъмол қилган Музаффар уйига қайтгач, хотини Насибадан қандай таом тайёрлаётганини сўради. Аммо таомнинг номини эшитиб, негадир бирдан жазаваси қўзиди. Жаҳл аралаш бунақа овқатни емаслигини айтиб, уй ичига кириб кетди. Уй ичида эндигина 7 ёшни қаршилаган Беҳрузбек (2016 йили Насибанинг аввалги турмушидан туғилган) аллақандай ўйин ўйнаб ўтирарди. Асабий ҳолатдаги Музаффар болага кўзи тушиб, баттар тутоқиб кетди. У болани аввалига бўралатиб сўкди, сўнг зарб билан унинг белига тепди. Бола оғир зарбнинг таъсирида ерга юзтубан йиқилди. Бола унга нисбатан ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмасди. Энг ёмони, ақлини буткул йўқотиб, қутуриб кетган Музаффар қўллари билан болани томоғидан бўға бошлади. Шўрлик боланинг жон ҳолатда типирчилаши ҳам унинг тош қотган юрагини юмшатолмади… Бир зумда боланинг нафаси сўнди. Ошхонада куймаланиб юрган Насиба ичкарида содир бўлган бу мудҳиш воқеадан бехабар қолди. Музаффар эса, боланинг жонсиз жасадини ўриндиққа ётқизиб, устидан сув сепди, болада ҳеч қандай жонланиш аломати сезилмагач, устига кўрпа ёпиб қўйди. Сўнг у ҳеч нарса рўй бермагандек, нариги хонага ўтди. Шовқин солиб ўйнаётган боланинг бирданига тинчиб қолгани онанинг эътиборини тортмай қолмади. Шу боис, у эрини сўроққа тутди ва унинг “ухлаб қолди” деган гапини эшитиб, хавотири бироз босилди. Музаффар кечки овқатни ҳам кутмай дўконга бориб-келаман дея кўча сари йўналди. Аммо у шу кетганча қайтиб келмади.

Она эмасми, анчайин тўполончи фарзандининг ҳеч кутилмаганда овози чиқмай қолгани Насибанинг кўнглига барибир ғулғула солди. У Беҳрузбек ётқизиб қўйилган хона томон ошиқди. Кира солиб, ҳали-ҳамон “ухлаётган” боласига сўз қотди: овқат тайёрлигини айтди, тез туриб, юз-қўлингни юв, овқатланамиз, ўғлим, деди. Афсуски, боладан бирон сас-садо эшитилмади. Унинг шифтга қадалган кўзлари аллақачон бир нуқтада қотиб қолганди. Бироздан сўнг онанинг аччиқ фарёди еру кўкни тутди. Бир зумда қўни-қўшнилар йиғилишди. “Тез ёрдам” ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага хабар беришди.

Аммо боланинг қотилини ҳеч қаердан топиб бўлмади. Унга нисбатан қидирув эълон қилинди ва тез орада гумонланувчи қўлга олинди. Тергов жараёнида М. Матниёзов барча айбини тан олди: спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда уйига келгани, хотини билан сан-манга боргани, болани тўполон қилгани учун койигани, бироқ бу билан кифояланмай уни тепиб, ерга қулатгани ва пировардида бўғиб, умрига зомин бўлганини очиқ баён қилди. У бундай мазмундаги кўрсатмасини ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш ва адвокат Д. Эшёзов иштирокидаги учрашув чоғида ҳам бирма-бир сўзлаб берди. Аммо орадан кўп ўтмай гумонланувчи сўзидан тониб, кўрсатмасини инкор этди. Суд ва тергов эса, гувоҳлар кўрсатмалари ва далил-исботларга таянди. Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Хоразм вилояти филиалининг Ҳазорасп-Тупроққалъа бўлими тиббий эксперти О. Бобоев судда гувоҳлик беришича, 2016 йили туғилган Б. Отахановнинг ўлими бўйин аъзоларининг ташқи куч, қўл бармоқлари таъсирида қаттиқ сиқилгани ва нафас етишмовчилиги натижасида рўй берган. Эксперт тадқиқодлари натижасида аниқланган бу ҳолатлар лаборатория текшируви якунида ҳам ўз тасдиғини топди. Вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими катта терговчиси Ш. Сейдамов гумонланувчининг дастлабки терговдаги баёноти рўй берган мудҳиш қотиллик тафсилотларини аниқлаш чоғи юзага қалқиб чиққан ҳолатларга мутлақо ва мантиқан мос эканлигини таъкидлади. Айни пайтда бошқа бир ҳолат: қотиллик жинояти рўй берган пайтда хонада М. Матниёзовнинг ўзидан ташқари ҳеч ким бўлмагани ойдинлашди. Боланинг онаси Н. Ёқубова кечки овқат тайёрлаш билан банд бўлиб, ичкарида юз берган машъум воқеадан бехабар қолган.

М. Матниёзов эса, мантиқан тасдиқланган бу ҳолатларнинг барини инкор этди. Боланинг ўлимида айбдор эмаслигини терговдан ташқари ўтказилган барча суд мажлислари чоғи ҳам тинимсиз такрорлади.

Унинг адвокати тарафидан ана шу раддия асосида келтирилган шикоят пировардида вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш босқичида муҳокама этилди. Шу тариқа ҳозирда узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган маҳкумнинг рўй берган қотиллик ҳаракатига дахли йўқлиги ҳақидаги даъвоси ва боланинг жасадини текшириш якунлари юзасидан чиқарилган суд-тиббий экспертизасига бўлган эътирози синчиклаб ўрганилди. Унда судга тақдим қилинган ҳужжатлар, далиллар, гувоҳлик кўрсатмаларининг ҳақиқат ва мантиққа нечоғли мослиги алоҳида ўрганилди. Унинг якунлари маҳкумга қўйилган айб ва шу айб юзасидан тайинланган жазо мутлақо асосли ва қонуний эканлигини кўрсатди. Шу аснода боланинг ўлими ўткир касаллик ёки оддий тутқаноқ натижасида келиб чиққани ҳақидаги тахминлар ҳам чиппакка чиқди.

Муҳокама чоғи судланувчининг шахсига алоҳида эътибор қаратилди.

Маълум бўлишича, М. Матниёзов аввал ҳам уч марта судланиб, ўз жиноий қилмишларининг жазосини тортган. Даставвал (2015 йил 26 июнь) жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман судининг ҳукмига биноан, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” бандига асосан, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 2017 йили муддатидан олдин жазодан озод қилингач, тағин ўғирлик кўчасига кирган. Бу галги қилмиши ҳам мазкур кодекснинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди бўйича малакаланган ва яна 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. 2019 йили тағин судланиб, жазога тортилган: бу гал учинчи такрорий қилмиши учун 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган.

Ўтказилган суд жараёнлари айбланувчи ўзининг айбини ўзгаларга тўнкаш асносида ўзига тайинланиши муқаррар бўлган жазодан қутулиб қолишга уринганини кўрсатди. Бинобарин, дастлабки босқич судининг машъум жиноят юзасидан чиқарган ҳукмини бекор қилиш ва жазони енгиллаштиришнинг имкони йўқ. Шу муносабат билан дастлабки босқич судининг М. Матниёзовни Жиноят кодексининг қасддан одам ўлдиришга оид 97-моддаси 2-қисми “в” банди бўйича 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташга қарата чиқарган ҳукми ўз кучида қолдирилди.

Адолат ва ҳақиқат тамойили ана шу тариқа қарор топди.

Акбар Аминов,

Хоразм вилоят судининг

жиноят ишлари бўйича судлов

ҳайъати судьяси,

Абдулла Собиров,

журналист

photo_2024-10-21_11-57-22

УНДИРИЛГАН ҚАРЗДОРЛИК

Маълумки, ҳар бир корхона ва ташкилот ўзаро иқтисодий муносабатларга киришганда, аввало, шартнома қонунчилиги талабларига қатъий риоя этиши муваффақият гарови ҳисобланади. Аксинча, тарафлар томонидан шартнома шартларини талаб даражасида бажармаслик оқибатида турли хил низолар келиб чиқади.

Мисол учун айтадиган бўлсак, Нурота тумани Ободонлаштириш бўлими ва “Young Ideal” масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2023 йил декабрь ойида учта олди-сотди шартномаси тузилган. Бироқ ушбу шартномалар Нурота тумани Ғазначилик бўлимида рўйхатдан ўтказилмаган.

Ҳолбуки, Бюджет кодексининг 122-моддасида бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджетдан ажратиладиган маблағлари бўйича товарларни етказиб берувчилар билан тузилган шартномалар, шунингдек, уларга киритилган ўзгартишлар ва қўшимчалар ғазначилик бўлимларида рўйхатдан ўтказилганидан сўнг кучга кириши белгиланган.

Шундай бўлса-да, масъулияти чекланган жамияти шартнома талабига кўра, Ободонлаштириш бўлимига 85 781 150 сўмлик маҳсулот етказиб берган. Аммо Нурота тумани молия бўлими ушбу шартномаларнинг Ғазначилик бўлимида ўтказилмаганини рўкач қилиб, тўловларни амалга оширишга рухсат бермаган, масъулияти чекланган жамиятининг қарзни тўлаш ҳақидаги талаблари ҳам жавобсиз қолган. Шундан сўнг корхона судга мурожаат этишга мажбур бўлган.

Айтиш керакки, Фуқаролик кодексининг 234-моддасига кўра, мажбурият фуқаровий ҳуқуқий муносабат бўлиб, унга асосан, бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи, мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади. Қолаверса, кредитор қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Олий хўжалик суди Пленумининг “Хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори 8-бандида тарафларнинг шартномавий-ҳуқуқий муносабатларга киришгани ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқланса, шартноманинг мавжуд эмаслиги даъвогарнинг етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар қийматини ундириш ҳақидаги талабларини қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўла олмаслиги кўрсатилган.

Ана шу қонуний талабларни инобатга олган суд “Young Ideal” масъулияти чекланган жамияти фойдасига Нурота тумани Ободонлаштириш бўлимидан 85 781 150 сўм ундиришни лозим деб топди.

Бундан ташқари Иқтисодий процессуал кодекснинг 200-моддасига асосан, ишни кўриш вақтида давлат органи ёки бошқа орган, юридик шахс, мансабдор шахс ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилгани аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақли.

Суд аниқланган қонунбузилиш ҳолатларида давлат идораларининг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаркатсизлиги)нинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини фақатгина қўшимча текшириш, дастлабки терговолди суриштирув ишлари орқали аниқлаш мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда, Нурота тумани прокуратурасига хусусий ажрим киритди. Унга асосан, мазкур ҳолатга қонуний баҳо берилиб, айбдор шахсларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, қонун талабларига амал қилмаслик нафақат низо, балки қонунбузилиш учун жавобгарликни ҳам келтириб чиқаради. Бу эса, тарафларга ҳар томонлама зарар келтиради. Буни ҳеч қачон унутмаслик зарур.

Бекзод Жумаев,

Навбаҳор туманлараро

иқтисодий суди раиси

photo_2024-10-14_15-11-00

ЖИНОЯТ КЎЧАСИДАН ҚАЙТМАГАНЛАР ЎЗГАЛАРГА ЭМАС, ЎЗЛАРИГА ЖАБР ҚИЛИШАДИ

Халқимиз кекса бор уйнинг файзи, баракаси бўлади, деб бежизга айтмаган. Чунки пиру бадавлат отахону онахонларнинг доно ўгиту маслаҳатлари, бой тажрибаси ҳаётимизда доимо асқотади, айниқса, ёшлар тарбиясида бу бебаҳо қадрият ўта муҳим ўрин тутади.

Шу боис бугунги кунда юртимизда кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, соғлиқларини асраб-авайлаш, турмушларида рози бўлишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Аммо ҳаётда фарзанду набираларининг қуршовида кексалик гаштини суриш, ўгиту насиҳатлари билан ёшларга тўғри йўл кўрсатиш ўрнига турли хил жиноий қилмишларга қўл ураётган кимсалар ҳам учраб туриши жуда афсусланарлидир.

Яқинда очиқ суд мажлисида 68 ёшли Очил Тешаев (исм-шарифлар ўзгартирилди) ва 71 ёшли Бердиназар Холдоровларга нисбатан айблов ҳукми ўқилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Қисқаси, суд ҳукми билан О. Тешаевга — 10 йил, Б. Холдоровга 6 йилу 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Улар энди суд томонидан тайинланган жазони махсус тартибли колонияларда ўтайди.

Суд томонидан қатъий тартибдаги жазо тури белгиланганидан ҳам сезган бўлсангиз керак, уларнинг иккаласи ҳам бир пайтлар суд ҳукми билан Жиноят кодексининг 34-моддасига асосан, ўта хавфли рецидивист деб топилган. Аниқроғи, О. Тешаев 1985 йилдан ҳозирга қадар — беш марта, унинг жиноий шериги Б. Холдоров эса, 1996 йилдан буён тўрт марта гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат ўта оғир жиноятларни содир этиб, умрининг кўп қисмини қамоқда ўтказишган. О. Тешаев — уч, Б. Холдоров эса, беш нафар вояга етган фарзанднинг отаси.

Агар муқаддам содир этган қилмишидан сабоқ чиқариб, тўғри йўлга кирганида Очил Тешаев ҳам, Бердиназар Холдоров ҳам кўп йиллик азиз умрини темир панжаралар ортида ўтказмасди. Бундай кимсалар қайта жиноят содир этиб, жамиятга зарар етказмаслиги учун яккаю ягона йўл — бу қилмиши учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш. Бундан ўзга чора йўқ.

Судланувчиларнинг кейинги жиноий қилмиши ҳақида фикр юритганда, кўр кўрни қоронғуда топади, деганларидек, cурхондарёлик Очил Тешаев билан самарқандлик Бердиназар Холдоровлар Олмалиқ туманида жойлашган қаттиқ тартибли жазони ўташ муассасасида танишиб қолишади. Жазони ўтаб, бирин-кетин озодликка чиққач, улар бир-бири билан мунтазам хабарлашиб туришган.

Судланувчи О. Тешаев нопок йўл билан бойлик орттириш мақсадида 2023 йил май ойида Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида яшовчи таниши С. Абдурозиқовнинг олдига боради ва ундан 23,62 грамм “опий” гиёҳвандлик воситасини сотиб олади. Шундан сўнг у заҳриқотилни келгусида сотиш ниятида яшириб қўяди.

Буни қарангки, айни ўша пайтда эски таниши Бердиназар Холдоров унга қўнғироқ қилиб, гиёҳвандлик воситаси топиб беришни сўрайди. Албатта, О. Тешаев кутилмаганда харидор топилгани, тағин денг, унинг синашта ва ишончли эканидан қувониб кетади. Қисқаси, ҳамтовоқлар 2023 йилнинг 30 август куни соат 20.00ларда келишилган манзил — Самарқанд тумани Конигул маҳалласидаги автошоҳбекатда учрашишади. Б. Холдоров О. Тешаевдан 23,62 грамм “опий” гиёҳвандлик моддасини уч миллион сўмга сотиб олади ва унинг таъмини татиб кўраётганида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ҳодиса содир бўлган жойда ашёвий далиллар билан ушланади.

Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси Эксперт криминалистика бўлимининг 816-сонли хулосасида қайд этилишича, Б. Холдоровдан далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинган тўқ жигар рангли, юмшоқ ҳолдаги модда таркибида гиёҳванд модда — “опий” алкалоидлари гуруҳига кирувчи морфин, кодеин ва тебаин мавжуд бўлиб, соф оғирлиги 23,62 граммга тенг. Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят минтақавий филиали суд-наркологик экспертиза далолатномаларида ҳар иккала судланувчида опий гиёҳвандлик белгилари мавжудлиги қайд этилган.

Суд мазкур жиноят ишини мазмунан кўриш жараёнида дастлабки тергов органи томонидан О. Тешаевнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан — тўғри, Б. Холдоровнинг жиноий ҳаракатлари эса, Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми билан нотўғри малакаланган деб топди. Негаки, дастлабки тергов органи иш тафсилотларини тўғри аниқлаб, Б. Холдоровнинг айби исботлангани ҳақида асосли хулосага келган бўлса-да, бироқ унинг ҳаракатларини малакалашда хатоликка йўл қўйган.

Хусусан, дастлабки тергов органи Б. Холдоровнинг содир этган жиноий ҳаракатига етарлича ҳуқуқий баҳо бермасдан, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холис текширмасдан, унинг гиёҳвандлик воситасини айнан қандай ва қай тариқа сотишга суиқасд қилганлик ҳолатини тасдиқловчи бирон-бир далилни келтирмаган ва натижада тахминий қарор қабул қилган.

Ваҳоланки, иш материалларида Б. Холдоровнинг кўп миқдордаги “опий” гиёҳвандлик воситасини сотиш ҳақида бирон-бир шахс билан келишгани ёки сотиш йўли билан ўтказиш мақсади бўлганини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас.

Суд ҳайъати қонун талабидан келиб чиқиб, Б. Холдоровга нисбатан жазо тайинлашда унинг жиноий ҳаракатларини Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисмидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 3-қисми “а” бандига қайта малакалади.

Шундай қилиб, жиноятчиларга қилмишига яраша қонуний ва адолатли жазо тайинланди. Гувоҳи бўлганингиздек, нопок йўлга қадам босган, жиноят кўчасига киришдан ор қилмаган одам, аввало, ўзгаларга эмас, балки ўзига жабр қилади. Бу ҳаётий мисол кўпчиликка, айниқса, ёшидан қатъи назар, жиноят содир қилишга мойиллиги бўлган инсонларга сабоқ бўлиши лозим.

Нодиржон РАЖАБОВ,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2024-07-05_17-30-21

ОЛИЙ СУДНИНГ ОТИЛГАН РАИСИ

Саъдулла Қосимов 1901 йил Тошкент шаҳрида дунёга келган. 1909 йилдан машҳур муаллим Эшонхўжа Хонийнинг янги усулдаги “Хония” бошланғич мактабида, 1916 йилгача Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг “Намуна” мактабида ўқиган. Айни пайтда рус-тузем мактабида ўқиб, рус тили ва замонавий фанларни ҳам ўзлаштирган. 1918-1920 йилларда “Ўзбек педагогика билим юрти”да таҳсил олган. 1919 йил декабрь ойигача ўқитувчи бўлиб ишлаган, 1919 йил апрель ойида Мунаввар қорининг тавсияси билан большевиклар фирқасига кирган. Сўнг Туркфронт сиёсий бўлимига сафарбар этилиб, 1919 йил охиригача Туркфронтнинг мактаб ишлари бўйича инструктори бўлиб ишлаган. 1920-1921 йиллар ҳарбий хизматда бўлган. Ҳарбий хизматдан қайтгач, 1922 йил Эски шаҳар ижроия қўмитасида маориф бўлими раисининг ўринбосари вазифасида ишлаган. 

Саъдулла Қосимов 1923 йилда суд бошқарув тизимида ислоҳотлар ўтказиш даврида кекса тажрибали қозилар билан бирга тергов-тафтиш ишларини олиб боради. У ислом ҳуқуқи ва замонавий ҳуқуқ тизимини чуқур таҳлил асосида ўрганади. Бу эса унинг кейинги фаолиятида катта мактаб бўлди. 

Саъдулла Қосимов 1923 йилдан Тошкент вилоят суди аъзоси, 1924 йил декабрдан вилоят суд раиси ўринбосари ва 1925 йил мартдан Тошкент вилоят суди раиси бўлди. У 25 ёшида 1925 йил декабрдан ЎзССР МИК Президиумининг қарори асосида ЎзССР Олий суди раиси бўлиб иш бошлайди. 

Саъдулла Қосимов ўта ғайратли инсон, ҳуқуқшунос сифатида ҳақиқий истеъдод соҳиби эди. 1925-1929 йиллар ЎзССР Олий суди раиси сифатида ҳали Самарқандда, ҳали Андижонда, ҳали Қашқадарёда, ҳали Бухорода бўлар, ҳар бир ишни диққат билан ўрганиб, ҳалол, адолатли ва холис ечимга келар эди. У виждон қонунини пролетар қонунлардан юз бор устун қўярди. Бу эса пролетар диктатураси қонунларига зид эди. 

1929 йил бошларида Саъдулла Қосимовни миллатчилик ва порахўрликда айблаб, “шикоят тушган” деган баҳона билан Марказ унинг меҳнат фаолияти устидан текшириш белгилайди. Шу мақсадда Москвадан Растопчин, Корнилов (ОГПУ)лар ҳамда маҳаллий вакил Аҳмадбек Мавлонбековдан иборат комиссия тузилади. Комиссия 1929 йил 3 март куни С. Қосимовни ўз вазифасидан расман озод қилиб, қамоққа олади. Уч ой давом этган текшириш ва терговларда бирорта айблов ўз исботини топмайди. Натижада Саъдулла Қосимов озодликка чиқиб, ҳатто ўз ишига тикланишга эришади. Комиссия Мос­квага бориши билан танқид­га учрайди. Улар учун ҳақиқат эмас, ҳар қандай ҳолатда ўзининг сиёсатига қарши чиққан С. Қосимов маҳв этилиши керак эди…

С. Қосимов ўша кунларни кейинроқ терговда қуйидагича эслайди:

“Озодликка чиққанимдан хурсанд бўлиб, Тошкентга бордим. Мени кўргани дўстим, Германия­да олий маълумот олиб қайт­ган агроном Абдуваҳҳоб Муродий келди. Биз устозимиз Усмонхўжа Тўхтахўжаев билан учрашишни хоҳладик ва Усмонхўжа домла билан эртасига соат 10.00 да Революция скверида учрашишга келишдик. Муродий мен билан уйимда қолди. Эртаси келишилган жойга бориб, у кишини кута бошладик. У киши келмади. Ғани Мусахонов келиб “у кишини қамашмоқчи экан, туман партия қўмитасидан одам келиб, унинг ишдан олинганини айтиб кетибди. Шунга келса, сизларга ҳам ёмонлиги тегиши мумкинлиги учун келмаслигини айтиб юборди”, деди. 

Биз ташвишландик. Муродий ана энди қама-қама бошланади, деб алам устида ўзининг тажриба станциясига йўл олди. Мен эски шаҳарга, устозимнинг уйига йўл олдим. У киши эса меникига йўлга чиққан экан.

Биз трамвайда, йўлда учрашдик. Нимагадир аҳволимизни кўриб, кўзимга ёш келди. У киши ҳам ўзини босолмай йиғлаб юборди. Атроф­даги одамларнинг эътиборини тортмаслик учун Тарновбошидаги масжидга кирдик. Муродийнинг айтгани бўлди. Икки кун ўтиб Усмонхўжа Тўхтахўжаев қамоққа олинди. Кейин ҳаммани қайтадан қамашга киришдилар. Мени ҳам олиб келишди”. 

Шу тариқа қийноқ ва таҳқирли терговлар яна бошланади.

1930 йил 10 март куни С. Қосимовнинг айблов баённомаси СССР Олий суди прокуратурасининг муҳим ишлар бўйича терговчиси томонидан тузилди. Самарқандда очилган суд иши 1930 йил 25 мартдан 21 июнгача бўлиб ўтади. Уч ой давом этган бу суд инсоният тарихидаги энг манфур саҳна суди бўлди. Давлат қораловчиси Р. Катаняннинг ҳиссиётга тўла нутқларида ҳуқуқшуносликка оид лотинча терминлар қанчалик кўп бўлса, ҳақиқатдан, адолатдан, энг оддий инсонийликдан заррача нишон йўқ эди. 

Суд залида С. Қосимовни атайлаб таҳқирловчи сўзлар билан кесатишлар бўлди. У ҳақидаги мақолаларда С. Қосимовни шўролар мамлакатини ағдариб ташловчи кучга эга ҳақиқий халқ душмани, деб айюҳаннос солдилар. Саъдулла Қосимов асло ўзини йўқотмади. Тиз чўкмади. Минг марта талаб қилишса ҳам бир марта ҳеч кимдан кечирим сўрамади. Каруцкий суд залида “Мана, ўзини худди миллий қаҳрамон бургут қилиб тутаяпти, ҳеч нарса демайди”, деди. Шунда С. Қосимов тилга кириб, “уйимни тинтув қилишганида ҳамма қоғозларимни олиб кетишган эди. Қолганларини ҳам кўзимнинг олдида ёқиб ташлашдилар.

Бугун менинг номимга айтилаётган бўҳтон ва ёлғонларни ҳужжатларимсиз қандай қилиб исботлайман. Тўғри, судда менга қанча бўҳтон айтишса ҳам индамадим. Хўш, нимани гапираман? Кимгадир мен ҳам туҳмат қилайинми? Виж­донсиз яшагандан мен учун пок виж­дон билан ўлим афзал”, дейди. 

Албатта, судда гарчи очиқлигига қарамай, керакли одамлар киритилмаса-да, С. Қосимов ўзини жуда яхши ҳимоя қилади. Ҳар замонда ёзма саволлар билан суднинг қанчалик тубан аҳволини фош қилиб турар эди. Қуйидаги С. Қосимов ва Р. Катаняннинг савол-жавоби совет судининг асл башарасини айнан ифодалайди. “Агар мен аксилинқилобчи бўлсам, буни менга исбот қилиб беринглар!” деса, қораловчи: “Сиз ўз хатти-ҳаракатларингизнинг оқибатлари қандай бўлишини олдиндан кўргансиз, сиз ўз фаолиятингиз билан совет ҳокимиятининг обрўйига путур етказаётганингизни олдиндан билгансиз. Шунинг ўзи бизга кифоя!”.

1930 йил 25 мартдан бошланган матбуотдаги шовқин 3 йилгача тиним билмади. Совет матбуотида “Қосимовчилар суди” жараёнининг тайёрланиши ва амалга оширилиши ҳақида пойга ташкил этилди. “Қизил Ўзбекистон”, “Правда Востока”, “Шарқ ҳақиқати”, “Янги Фарғона” газеталарида кенг миқёсда тинимсиз мақола ва хабарлар босилди. Биргина “Қизил Ўзбекистон” газетасида (1930 йил, апрель-сентябрь) суд жараёни ҳақида 75 та мақола босилди. Албатта, бу мақолаларнинг номи қанчалик хилма хил бўлмасин, ичида зарра ҳақиқат йўқ, фақат халқнинг кўзини бўяш ва қўрқувда ушлаш учун ёзилган эди.

Судга раислик қилган СССР Олий суди судьяси Василев Южин Саъдулла Қосимовни қоралар экан, асосий айблари сифатида Андижонда бир эл оқсоқоли бўлган бойнинг ишини кўрганида халқ унинг ўлимини кутаётган бир вақтда бойга 6 йил қамоқ жазоси бергани, Убайдулла Хўжаевнинг яқин дўс­ти эканлиги, бир неча судда унга оқловчилик вазифасини топширганлиги, хатто суратни кўрсатиб, мана, унинг ёнида суюкли шогирд сифатида турибди каби заҳарханда гап­лар ҳамда қайнотасининг савдогарлиги, Эшонхўжа Хоний қози бўлганида унга катта ҳурмат кўрсатгани кабилардан нарига ўта олмади.

1931 йил 21 июнь куни СССР Олий суди номидан Саъдулла Рашидович Қосимов, Бадриддин Шарипов, Нас­риддин Олимов, Вячеслав Петрович Спиридоновлар олий жазога ҳукм қилинди. “Қизил Ўзбекистон” саҳифаларида катта ҳарфлар билан эълон қилинган С. Қосимов иши ҳақидаги сўнгги ҳукм барчани ларзага солди. Самарқандда мактаб болалари кўчаларга жамланишиб “Қосимовни отиш ҳукми тўхтатилсин” деб йиғлаб қичқиришар эди. Бу воқеадан сўнг миллий зиёлилар ҳам даҳшатга тушдилар. Улар энди “ГПУ хоҳлаган айбини ўйлаб топиб, хоҳлаган инсонни йўқ қилиб ташлайди. Яхшиси таълимни қўйиб, энг қора ишларга кирамиз. Шу йўл билангина жонимизни сақлаб қолишимиз мумкин экан”, деган хулосага келадилар. 

Албатта, Ўзбекистоннинг ҳукумат раҳбарлари, жумладан, Акмал Икромов ҳам болаликдан дўсти бўлган С. Қосимовни ташлаб қўя олмас эди. Бироқ осмон баланд, ер қаттиқ. У қосимовчилик билан боғлиқ нутқида бу ҳолни “ГПУ мустамлакачилиги” деб таърифлайди. А. Ик­ромов С. Қосимов иши билан боғлиқ жараёнга яқинлаштирилмади. Ҳатто судга ҳам ҳеч ким йўлатилмади. Улар бу ишни ўз билганларича тўқиб бичдилар.

Аслида “қосимовчилик иши” Сталиннинг А. Икромовга совғаси эди.

Фикримизни асослаш учун Д. Ризаевнинг гувоҳлигидан келтириш мумкин:

“Москвада, V қурултой асносида Ўзбекистоннинг доимий вакили Муҳиддин Турсунхўжаевни кўрган эдим. Унга “Халқ “Қосимов иши” учун А. Икромовдан норози, турли хил гаплар кўпайиб кет­япти, “Қосимов иши” энди нима бўлади”, дедим. Муҳиддин: “Тамом, у отилади. Мос­квада Саъдулланинг қариндоши Абдулҳай Тожиев ҳам бутунлай тамом бўлган, мурдадай бир аҳволда. А. Икромов ҳам кетиши мумкин. Ишларни Москванинг ўзи кузатиб, ташкиллаштириб турган бўлиши мумкин”, деди…” 

Хуллас, замонлар ўтди, қанча сувлар оқиб кетди. 

Ниҳоят адолат қарор топди: 2024 йил 6 май куни Олий суд томонидан реабилитация қилиниб, оқланган 198 қатағон қурбони рўйхатида Саъдулла Қосимов ҳам бор. 

Ўтказилган суд мажлисида С. Қосимовнинг набираси Ф. Саъдуллаев томонидан юқоридаги ҳукм устидан берилган кассация шикояти ҳам кўриб чиқилди. Натижада С. Қосимов ва бошқаларга нисбатан чиқарилган айблов ҳукми бекор қилиниб, уларнинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги ҳамда жиноий ҳодиса юз бермагани сабабли айбсиз деб топилди ва оқланди. 

Баҳром ИРЗAЕВ,

Қатағон қурбонлари хотираси 

давлат музейи бош илмий ходими

(“Адолат” газетаси,

2024 йил 5 июль)

 

photo_2024-10-14_14-57-42

АСОССИЗ ДАЪВО СУД ТОМОНИДАН РАД ЭТИЛДИ

Ўтган йили Боғот туманидаги “Bog’ot Silk Co” масъулияти чекланган жамияти қўшни республикадаги ҳамкорлари билан тузган ташқи савдо шартномаси пировардида катта можарога сабаб бўлган эди. Аслида, бу низонинг келиб чиқиши томонлар ўртасидаги муносабатларга эмас, балки солиқ идорасининг шикоят хатига бориб тақалди.

Бу низо тарафлар эришилган битим шартларини бажаришга астойдил киришган, тўлов шартлари бажарилаётган бир паллада рўй берди. Хоразм вилояти Солиқ бошқармаси судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Bog’ot Silk Co” масъулияти чекланган жамияти қўшни республикадаги ҳамкорлари билан тузилган шартномага асосан, харид қилувчи томонга қиймати 1 миллион АҚШ долларига тенг ипак маҳсулотларини етказиб бергани, аммо бунинг ҳақини ундириш чораларини кўрмаганини қайд этиб, бундай ҳаракатсизлик учун корхонага нисбатан 633 миллион 592 минг сўм миқдорида молиявий жарима қўллашни сўради.

Даъво аризасида қайд этилишича, боғотлик тадбиркорлар Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги 283-сонли қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига риоя этмаган. Аниқроқ айтганда, етказиб берилган маҳсулотнинг пулини Низомда белгиланган 180 кунлик муддат ичида ундириш чораларини кўрмаган.

Дастлабки босқич суди томонидан ушбу ариза бўйича аниқланган ҳолатларга қараганда, боғотлик ҳамкорлар хорижий сармоядор билан тузилган ташқи савдо шартномасига асосан, қиймати 1 миллион доллар бўлган ипак маҳсулотларини 2023 йил 29 июнда расмийлаштирилган божхона юк декларациясига асосан қўшни республикага экспорт қилишган.

Бироқ орадан салкам бир йил вақт ўтишига қарамасдан экспорт маҳсулотининг пули ундирилмаган. Суд бу ҳолатни эътибордан четда қолдирмади. Юзага келган дебиторлик қарзи учун айбни “Bog’ot Silk Co” корхонаси зиммасига юклади. Солиқ идорасининг масъулияти чекланган жамият ҳисобидан 633,6 миллион сўмлик молиявий жарима ундириш ҳақидаги талабини қаноатлантирди.

Суд қарори албатта, бажарилиши шарт. Лекин шундай бўлса-да, боғотлик тадбиркорлар қабул қилинган суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлиб, юқори инстанцияга шикоят аризаси билан мурожаат қилишди. Хусусан, кассация шикоятида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги 283-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари “Bog’ot Silk Co” корхонасига нисбатан ноўрин татбиқ этилгани, Президентимизнинг 2023 йил 24 февралдаги “Ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-73-сонли қарорининг ушбу низо ечимига хизмат қилувчи 14-банди умуман қўлланилмагани, унда ифодасини топган қоида эътибордан четда қолгани баён этилган. Кассация шикоятида қайд этилишича, Президент қарорининг ушбу банди низони ҳал этишнинг асосий омили ҳисобланади. Унга кўра, 2023 йилнинг 1 апрелидан бошлаб “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган ипак маҳсулотларини экспорт қилиш операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлишини ҳисоблашнинг ягона муддати божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан бошлаб 360 кун этиб белгиланган.

Ўз навбатида, кассация инстанцияси ушбу эътирозни муҳокама этаркан, “Bog’ot Silk Co” масъулияти чекланган жамиятиниг ҳуқуқий мақомига эътибор қаратди. “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг 2024 йил 3 июлдаги 4-3/722-сонли маълумотномасига асосланган ҳолда ушбу корхона ана шу уюшма аъзоси экани ва унинг таркибидаги корхоналар рўйхатидан жой олганини аниқлади. Бу эса, ўз навбатида, Президентимизнинг юқорида қайд этилган қарори талабларини ушбу корхонага нисбатан ҳам тўлиқ татбиқ этиш ҳуқуқини беради. Афсуски, солиқ идораси томонидан ҳам, дастлабки суд жараёнида ҳам бунга эътибор берилмаган. Натижада адолат тамойиллари бузилган.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 15-моддасида Ўзбекистон Республикасида Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олинади, деб белгиланган.

Кассация босқич суди ана шу таомилнинг устуворлигини таъминлади.

Биринчи босқич суди томонидан Президент қарорига риоя этилмаган ҳолда тайинланган 633 миллион 592 минг сўм миқдордаги жарима ва шу ҳақда қабул қилинган ҳал қилув қарори бекор қилинди ва Хоразм вилоят солиқ бошқармасининг жарима ундириш тўғрисидаги аризасини қаноатлантириш рад қилинди.

Кассация ҳайъати айни пайтда вилоят солиқ бошқармаси мутасаддиларининг хатти-ҳаракатига ҳам алоҳида баҳо бериб, хусусий ажрим чиқарди.

Ўрни келганда шуни қайд этиш керакки, юқорида қайд этилганидек, қонунбузилиш ҳолатлари ҳеч кимга наф келтирмайди. Аксинча, тадбиркорлик фаолияти учун жиддий тўсиққа айланади. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.

Баҳодир Давлатов,

Хоразм вилоят суди

иқтисодий ишлар бўйича

судлов ҳайъати судьяси,

Абдулла Собиров,

журналист

photo_2024-10-14_14-51-40

МАНЗИЛ-КОЛОНИЯСИДАГИ МАҲКУМ МЕҲНАТ ТАЪТИЛИГА ЧИҚИШИ МУМКИН

Одатда, меҳнат таътили хусусида гап кетганда, ходимга ҳар йили муайян муддатга бериладиган таътил кунларини тушунамиз. Хўш, манзил-колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкум ҳам меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эгами? Бу ҳақида қонунчиликда қандай меъёрлар белгиланган?

Аввало шуни айтиш жоизки, амалдаги Жиноят ижроия кодексининг 9-моддасида маҳкумнинг ҳуқуқлари ўз ифодасини топган. Шулар қаторида меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, маҳкум хавфсиз меҳнат шароитига эга бўлиш, дам олиш, таътилга чиқиш, шунингдек, меҳнатига яраша ҳақ олиш ҳуқуқига эга экани белгиланган.

Маҳкум ўзининг меҳнат ҳуқуқларидан Жиноят ижроия кодекснинг 88-96-моддаларида қайд этилган қоидалар асосида фойдаланади.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар жинси, ёши, соғлиғининг ҳолати, меҳнат қобилияти ва иложи борича, ихтисослиги инобатга олинган ҳолда ишлаши керак.

Маҳкумларнинг меҳнатга оид муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонунчилик билан бирга, ушбу кодексда назарда тутилган истисно ва чеклашларни ҳисобга олган ҳолда, тартибга солинади. Олтмиш ёшдан ошган эркаклар, эллик беш ёшдан ошган аёллар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатга ўз хоҳишларига кўра, жалб этиладилар.

Ҳомиладор ёки кўзи ёриган маҳкума аёллар қонунчиликда белгиланган муддатга ишдан озод қилинадилар. Тақиқланган ишларда аёл ва вояга етмаган маҳкумлар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Маҳкумлар топширилган ишни ҳалол, виждонан бажаришга, меҳнат ва технология интизомига, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича талабларга риоя этишлари шарт. Уларнинг меҳнатга оид ва бошқа низоларни ҳал этиш мақсадида ишни тўхтатиб қўйиши тақиқланади.

Кодекснинг 89-моддасида маҳкумларни иш билан таъминлаш тартиби белгиланган. Яъни Вазирлар Маҳкамаси корхона, муассаса ва ташкилотларда меҳнат қилаётган маҳкумларга ёзиладиган иш ҳақи миқдорини белгилаб беради. Маҳкумларни иш билан таъминлаш жазони ижро этиш муассасаларида ёки улардан ташқарида иш ўринларини ташкил этиш йўли билан амалга оширилади.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгилаб қўйилган иш вақтининг энг кўп нормасига риоя этган ҳолда, одатда, олти кунлик иш ҳафтаси белгиланади.

Кодекснинг 91-моддасига биноан, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган, меҳнатга жалб этилган маҳкумларга ҳар ҳафтада камида бир дам олиш куни берилади. Улар байрам (ишланмайдиган) кунларида ишдан озод қилинади. Борди-ю, маҳкумлар иш вақтидан ташқари, дам олиш ва байрам (ишланмайдиган) кунларидаги ишларга жалб этилса, икки ҳисса ҳақ тўланади.

Манзил-колониялардаги маҳкумлар муддати ўн беш иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга. Таътил ушбу кодекснинг 82-моддасида белгиланган тартибда манзил-колония доирасидан четга чиқиш ҳуқуқи билан берилади. Маҳкум жазони ижро этиш колониясининг интизомий бўлинмаси турар жойларида сақланган вақт ҳақ тўланадиган ҳар йилги меҳнат таътили бериш учун зарур муддатга қўшиб ҳисобланмайди.

Маҳкумлар жазони ижро этиш муассасаларини ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, шунингдек, маданий-маиший шароитни яхшилаш ишларигагина меҳнат ҳақи тўламай жалб этилиши мумкин.

Маҳкумлар меҳнат ҳақи тўланмайдиган ишга, одатда, навбатма-навбат, ишдан ташқари вақтда, ҳафтасига кўпи билан икки соатга жалб этилади.

Нодиржон КИМСАНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Косонсой туман суди судьяси

photo_2024-10-14_13-49-54

КЕЛИШУВ ИНСТИТУТИ МАЪМУРИЙ СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШДА ҚАНДАЙ ЎРИН ТУТАДИ?

Маълумки, давлат органларида низоларни судгача кўриб чиқишнинг ягона тизимини яратиш, медиация, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражларни фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ишончига сазовор бўладиган низоларни ҳал этувчи самарали муқобил институтларга айлантиришни тақозо этди.

Шу муносабат билан 2019 йил 20 мартда бу борада янги қонун қабул қилинди. Унга кўра, Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларига медиатив келишув иститути киритилиб, ишларни медиатив келишув асосида ҳал қилиш тартиби жорий этилди.

Ўз навбатида, Президентимиз томонидан 2020 йил 17 июнда қабул қилинган “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг асосий мақсади — жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, низоларни ҳал қилишнинг муқобил имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда медиация институти, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган.

Суд-ҳуқуқ тизимидаги шиддатли ислоҳотлар фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида маъмурий судларда янги институтни амалиётга татбиқ этиш заруратини келтириб чиқарди. Бу ўринда, албатта, келишув институти ҳақида сўз бормоқда.

Шу сабабли 2023 йил 26 апрелдаги қонунга мувофиқ, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс “Келишув битими” деб номланувчи 151-боб билан тўлдирилди.

Қонунга кўра, тарафлар маъмурий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида низони келишув битимини тузган ҳолда тўлиқ ҳажмда ёки қисман ҳал этиши мумкин.

Тарафларнинг келишуви ихтиёрийлик, ҳамкорлик ва тенг ҳуқуқлилик принциплари асосида амалга оширилади.

Маъмурий суд ишларини юритишдаги келишув битими фуқаролик ҳамда процессуал кодексларда назарда тутилган келишув битимидан фарқ қилади. Хусусан, келишув битими Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодекслар талаби бўйича судда кўрилаётган ҳар қандай низо юзасидан тузилиши мумкин бўлса, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда ушбу кодекснинг 27-моддаси биринчи қисми 1, 3, 4 ва 5-бандларида назарда тутилган ишлар бўйича келишув битимини тузишга йўл қўйилмаслиги кўрсатилган.

Демак, қонун талаби бўйича маъмурий судларда:

– идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш;

– сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари ё қарорлари юзасидан низолашиш;

– нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ёхуд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари ё ҳаракатсизлиги юзасидан низолашиш;

– давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишлар бўйича келишув битимини тузишга йўл қўйилмайди.

Ҳар уччала кодексдаги келишув битими тузиш мумкин бўлмайдиган ҳолатлар ўхшашлиги шундаки, келишув битимининг шартлари учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлса, уни тузишга йўл қўйилмайди.

Келишув битимини тасдиқлашни рад қилиш асослари Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс, Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларда келтирилган. Фуқаролик процессуал кодекси талабларида келишув битими тасдиқлашни рад этишнинг 2 та, Иқтисодий процессуал кодексда 3 та асоси мавжуд бўлса, бундай асослар Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс талаби бўйича 5 та ҳисобланади.

Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодекслар талаблари бўйича ишда иштирок этаётган жавобгар вакили келишув битимини тақдиқлаши мумкин. Аммо маъмурий суд ишларини юритишда келишув битимини вакил орқали тасдиқлашга йўл қўйилмайди.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс талаби бўйича тарафларнинг келишувига фақат жавобгарда маъмурий ихтиёрийлик, яъни дискрецион ваколат мавжуд бўлганда йўл қўйилади.

Маъмурий ихтиёрийлик деганда, бу маъмурий органнинг қонунийлик ва мақсадга мувофиқлигини ўз баҳолашига асосланиб, қонун билан рухсат этилган чоралардан бирини қўллаш ёки қўллашдан бош тортиш ҳуқуқи тушунилади.

Шу сабабли Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодекслардан фарқли равишда, жавобгарда маъмурий ихтиёрийлик мавжуд бўлмаслиги, ўз-ўзидан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс талаби бўйича келишув битими тасдиқлашни рад этиш учун асос бўлади.

Юқорида баён этилганлардан кўринадики, келишув битими институтининг амалга жорий этилиши томонлар манфаатини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.

Акмал Муродов,

Навоий вилояти

маъмурий суди раиси

photo_2024-08-05_16-52-07

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҚОИДА ТАДБИРКОРЛАРНИНГ ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ СУД ОРҚАЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШДА МУҲИМ ЎРИН ТУТАДИ

Жорий йил биринчи ярмида иқтисодий судлар томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 35 минг 424 та иш кўриб чиқилиб, улар фойдасига 3,6 триллион сўм миқдорида маблағ ундирилиши белгиланган.

Шу ўринда бевосита ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, Андижон вилояти ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ва “Экин-тикинлик қурувчи” масъулияти чекланган жамияти ўртасида юзага келган иқтисодий низо ҳам шундай тоифага мансуб.

Аниқланишича, 2018 йил 25 июнда инжиниринг компанияси ва масъулияти чекланган жамияти ўртасида 305-сонли пудрат шартномаси тузилган.

Ушбу шартномага мувофиқ, буюртмачи 2018 йил 28 июнь куни 207 миллион 450 минг сўмлик олдиндан тўловни амалга оширган. Шундан сўнг тадбиркор Асака тумандаги “Ниёзботир” маҳалласи ҳудудида жойлашган 42-умумтаълим мактаби биносида 374 миллион 384 минг 384 сўмлик таъмирлаш ишларини бажарган. Аммо инжиниринг компанияси қолган 166 миллион 934 минг 384 сўм маблағни тўлашни 5 йил мобайнида пайсалга солиб келган.

Шу боис масъулияти чекланган жамияти қолган ҳақини ундириш юзасидан Асака туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилган. Суднинг 2023 йил 9 январь кундаги ҳал қилув қарори билан инжиниринг компаниясидан корхона фойдасига 166 миллион 934 минг 384 сўм асосий қарз ва почта харажатларини ундириш белгиланган. Шундай бўлса-да, жавобгар қарзини яна 8 ой кечиктирган, яъни 2023 йил 9 август куни тўлаган. Бу ҳолат тадбиркорнинг ҳам соғлиғига, ҳам ишларига путур етказган. Бинобарин, у Хўжаобод туманлараро иқтисодий судига киритган даъво аризасида жавобгар ўз мажбуриятларини 5 йил давомида бажармаганини билдириб, кечиктирилган 166 миллион 934 минг 384 сўм асосий қарзнинг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда — 83 миллион 467 минг сўм пеня ҳамда Марказий банкнинг 14 фоизлик қайта молиялаш ставкасидан келиб чиққан ҳолда 116 миллион 854 минг сўм фоиз ундиришни сўраган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, суд ушбу ишни кўришда масъулияти чекланган жамиятининг конституциявий ҳуқуқи устуворлигини инобатга олди. Зеро, Бош қомусимизнинг 55-моддасида “Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади” дея белгиланган.

Шунингдек, Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисида”ги қарори 3-бандида агар шартномада айнан битта мажбуриятнинг бузилиши учун неустойкани ҳам жарима, ҳам пеня кўринишида тўлаш назарда тутилган бўлса, даъвогар фақатгина бир шаклдаги неустойкани талаб қилишга ҳақли экани қайд этилган.

Ушбу Пленум қарорининг 5-бандида эса, “Фуқаролик кодексининг 327-моддасида назарда тутилган бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғариқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш пул мажбуриятини бажармаганлик учун қўлланиладиган мулкий жавобгарлик бўлиб ҳисобланади”, дея қайд этилган.

Бундан кўринадики, инжиниринг компаниясига нисбатан банк фоизи ҳисоб ставкасини қўллаш мулкий жавобгарлик чораси ҳисобланади.

Қолаверса, юқоридаги Пленум қарорининг 11-бандига биноан, агар пул мажбуриятларини бажармаганлик ёки унинг бажарилишини кечиктирганлик учун Фуқаролик кодексининг 327-моддасида белгиланган фоизлар миқдори(ставкаси) пул мажбуриятлари бажарилишини кечиктириш оқибатларига очидан-очиқ номутаносиб бўлса, суд фоизларни қоплаш табиатини ҳисобга олиб, Фуқаролик кодексининг 326-моддасига мос ҳолда, кодекснинг 335-моддаси асосида фоизлар миқдорини (ставкаси) камайтиришга ёки кредиторга уни ундиришни бутунлай рад этишга ҳақли.

Юқорида қайд этилган асосларга таянган суд даъвони қисман қаноатлантириб, Андижон вилояти ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясидан “Экин-тикинлик қурувчи” масъулияти чекланган жамияти фойдасига 80 миллион сўм фоиз ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш судлар зиммасидаги энг долзарб вазифалардан биридир. Зеро, тадбиркорлик фаолияти қанчалик ривожланса, халқимиз турмуш фаровонлиги, давлатнинг иқтисодий салоҳияти ҳам юксалиб бораверади.

Иброҳим ЖЎРАЕВ,

Хўжаобод туманлараро

иқтисодий суди раиси

photo_2024-10-07_12-13-42

ФИРИБГАРНИНГ «ПАРВОЗИ» СУДДА ҚОНУНИЙ ЯКУН ТОПДИ

Урганч шаҳрида яшовчи Яшнар Полвонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2022 йилда Урганч халқаро аэропортида фаолият юритувчи “ALAN AMIRA TRAVEL” хусусий корхонасини ташкил этади. Аммо авиачипталар савдоси тегарасида фаолият юритса-да, бу борада имкониятлари тор эди. Аниқроғи, самолёт чипталарини сотиш бўйича авиакомпаниялар билан шартнома тузмагани бунга монелик қиларди.

Шу боис чипталарни оғзаки келишувга асосан аввалига шу иш билан шуғулланувчи бошқа корхоналардан харид қилади, сўнгра бевосита йўловчиларга сотади.

Қисқаси, у расман фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларининг авиачипталарини сотиш билан шуғулланди, шу орқали аста-секин уларнинг ишончини қозонди. Авиачипталар савдоси билан шуғулланувчи “Atlas avia tour” масъулияти чекланган жамияти Я. Полвонов билан ҳамкорликка ишонч билдирган ҳолда ўша йилнинг декабрь ойида у бошқараётган хусусий корхонага 30 миллион сўм маблағни кейинчалик қайтариш шарти билан ўтказиб берди. Я. Полвонов ҳам бу пулларни беҳудага совурмади. Барини улгуржи тарздаги авиачипталар харидига сарфлайди ва уларни тезда сотувга ҳам қўяди. Чипталарнинг бари шу аснода ўз харидорини топади. Аммо навбат оларнинг берарига етганда, Я. Полвонов ўйланиб қолди. Хуллас, у ваъдасини унутиб, чипталар сотувидан тушган 30 миллион сўмни “Atlas avia tour”га қайтариш ўрнига ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборди. Мазкур масъулияти чекланган жамият томонидан моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказиб берилган пул шу тариқа шамолга учди. Я. Полвонов бу пулнинг атиги 7,6 миллион сўминигина эгасига қайтарди, холос. Ваҳоланки, бу маблағ ўзаро келишувга мувофиқ чипталар сотилгач, икки кунлик муҳлат ичида қайтарилиши керак эди. Натижада эришилган битим бузилди, “Atlas avia tour” корхонаси пули тўланмагани боис аллақачон мижозларга сотиб юборилган авиачипталарнинг бир қисмини бекор қилди.

Шундан сўнг фирибгар бу кимса ўзига янги ҳамкор излашга киришди. Узоқ таниши – Урганч шаҳрида фаолият юритаётган “Dovud avia turistik” масъулияти чекланган жамияти раҳбари А. Комилов Я. Полвоновнинг авиачипталар савдосига кўмаклашиш ҳақидаги таклифини оғринмай қабул қилди ва унга 40 миллион сўмлик авиачипталарни қўшқўллаб топширди.

Ўз навбатида, фирибгар бу кимса сотилган авиачипталарнинг пулини 1-2 кун ичидаёқ ўз қўли билан келтириб топширишга қуюқ ваъда берди. Буни қарангки, чипталар тезда сотилиб кетди. Навбат яна маблағни қайтаришга келганда, Я. Полвонов шошилмади. Уни қўллаб–қуваватлаган, ёрдамини дариғ тутмаган А. Комилов ўз шеригидан буни кутмаганди. У аввалига сотилган авиачипталарнинг пулини талаб қилди. Пул унавермагач, ҳамкорликка чек қўймоқчи эканлигини айтди. Я. Полвонов ҳам анойилардан эмасди, у ўз ҳамкорининг қўйнидан кириб, қўнжидан чиқди.

Чипталар қанчалик кўп сотилса, унинг даромади ҳам шунча мўл бўлиши ва қарзни узиш учун бемалол кифоя қилишини тушунтирди. Ҳамкор тараф унинг сўзларига ишонди ва бироз шаштидан тушди. Ҳамкорликни давом эттириш мақсадида 40 миллион сўмлик қарз устига яна 45 миллион сўмлик авиачипталарни, пулини имкон қадар тез фурсатда қайтариш шарти билан, насияга бериб юборди. Я. Полвонов икки оғизгина “ширин сўз” эвазига қўлга кирган чипталарни иштиёқ билан сотишга киришди. Бу гал ҳам чипталар тезда сотилиб кетди. Аммо қарзни қайтаришга келганда, Я. Полвонов бу гал ҳам сўзидан тонди. Ҳамкорини алдади. А. Комилов эса, бугал қараб турмади. Орадаги битим бузилганлигини маълум қилди ва 85 миллион сўм қарзни қайтаришни талаб қилди. Бироқ фирибгар бу кимса буни ўзига фожиа деб билмади. Аксинча, қинғирликни яна давом эттирди. Хусусий корхона эгасимасми, гарчи ҳеч қаерда ҳисобга олинмаган бўлса-да, ўз чипта дафтарига эга. Аммо тегишли авиакомпаниялар билан ҳамкорлик шартномалари мавжуд бўлмаган вазиятда уни расмий чипта сифатида сотиб бўлмайди. Сотилгани эса қалбаки ҳисобланади. Я. Полвонов масаланинг бу жиҳатига эътибор бермади. Гарчи қалбаки бўлса-да, рўйхатга олинмаган чипталарни сотишга киришди. Сонда бор-у, саноқда йўқ чипталарни айни шу йўсинда “расмийлаштириш” орқали 2023 йилнинг апрелидан ноябрь ойигача А. Сейдназаров ва И. Сотлиқовнинг 3 миллион 800 минг, Г. Қуриёзованинг 3 миллион, А. Сафоевнинг 6 миллион 760 минг, Д. Оллабергановнинг 9 миллион 900 минг, А. Қурбонбоевнинг 4 миллион 400 минг, М. Худойбергановнинг 2 миллион 400 минг, Д. Искандаровнинг 3 миллион 300 минг, Д. Назаровнинг 3 миллион 500 минг, А. Рўзмаматовнинг 6 миллион 800 минг, А. Йўлдошевнинг 3 миллион 992 минг, Ж. Йўлдошевнинг 2 миллион 100 минг, И. Қиличевнинг 3 миллион 550 минг, С. Жуманиёзовнинг 2 миллион 300 минг, Д. Оллаёровнинг 3 миллион 550 минг, А. Раҳимовнинг 2 миллион 200 минг, Баҳодир ва Бахтиёр Абдимуродовларнинг 4 миллион 4 минг, Х. Собировнинг 2 миллион 150 минг, Ф. Рўзиматовнинг 4 миллион, Б. Собировнинг 2 миллион, У. Жуманиёзовнинг 2 миллион 65 минг сўм миқдоридаги маблағини қўлга киритди. Энг ёмони, фирибгар бу кимса нопок йўл билан топган бу пулларни шахсий эҳтиёжи ва интернет тизимидаги “1 XBET” қимор ўйинига сарфлади. Қалбаки чипталарни сотиб олган мижозлар эса аросатда қолишди. Энг ачинарли воқеа улар ўз манзилларига учиб кетиш учун Урганч халқаро аэропортига келиб, ўз чипталарини рўйхат учун тақдим этган чоғда юз берди. Я. Полвоновдан чипта сотиб олган йўловчиларнинг деярли бари самолётга чиқарилмади, чунки чипталар рўйхатдан ўтмаган, яъни қалбаки эди.

Шундан сўнг қалбаки чипта боис самолётга чиқолмай қолган йўловчилар ўзлари тўлаган пулларни қайтаришни сўраб Я. Полвоновга мурожаат қилишади. Аммо Я. Полвонов чиптахонасини аэропорт ҳудудидан шаҳар марказига кўчириб, ўзи ўйлаб топган “ўйин”ни яна давом эттиради. У Х. Жуманиёзовга 2 миллион 280 минг, С. Ортиқовга 1 миллион 650 минг, М. Матёқубовага 4 миллион, Қ. Жумабоевга 1 миллион 600 минг, Ш. Раҳимов ва М. Йўлдошевага 2 миллион 900 минг, М. Ҳайитбоевага 2 миллион 400 минг, Ж. Нурматовга 1 миллион 670 минг, С. Маъмуржоновга 2 миллион 350 минг сўмлик қалбаки чипталарни сотади.

Ниҳоят, Я. Полвоновнинг ноқонуний хатти-ҳаракатидан азият чеккан фуқаролар ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилишди.

Шу асосда Я. Полвоновга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Унга Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б”, “в” бандлари, 167-моддаси 2-қисми “б” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а” банди бўйича айб эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши судда кўриб чиқилиб, Я. Полвоновга нисбатан 6 йил-у 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бундан ташқари ундан фуқаровий даъвогарларга етказилган 180,6 миллион сўм ундириладиган бўлди.

Ҳаётда қинғирлик ҳеч қачон жазосиз қолмайди. Фирибгарлик ва қаллоблик йўлини танлаган Я. Полвонов ҳам қилмишига яраша жазоланди. Бу бошқалар учун сабоқ вазифасини ўташи шубҳасиз.

Бунёд Ёқубов,

жиноят ишлари бўйича

 Урганч тумани суди раиси,

Абдулла Собиров,

журналист

photo_2024-10-07_11-17-34

ОТА-ОНАДАН АЛОҲИДА ЯШАЁТГАН БОЛА БИЛАН КЎРИШИБ ТУРИШ ҲУҚУҚИГА КИМЛАР ЭГА?

Бугунги кунда юртимизда болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, ота-онасининг келиб чиқиши ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, ҳимоя қилишга оид конституциявий тамойилларни амалда таъминлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Ҳеч кимга сир эмаски, ҳар бир болага муносиб тарбия бериш ва унинг камол топишида нафақат ота-она, балки бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошлар ҳам муҳим ўрин тутади.

Буни таъкидлашдан мақсад шуки, амалдаги оила қонунчилигида нафақат боладан алоҳида яшаётган ота (она)нинг бола билан кўришиши, балки бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошларнинг ҳам бола билан кўришиб туриш ҳуқуқи белгилаб қўйилган.

Аниқроқ айтганда, Оила кодексининг 77-моддасига кўра, бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошлари бола билан кўришиб туриш ҳуқуқига эга. Яъни ота-она (улардан бири) яқин қариндошларининг бола билан кўришишига имконият бермаса, васийлик ва ҳомийлик органи ота-онани (улардан бирини) бундай имконият беришга мажбур қилиши мумкин. Агар ота-она (улардан бири) васийлик ва ҳомийлик органининг қарорини бажармаса, боланинг яқин қариндошлари ёки васийлик ва ҳомийлик органи бола билан кўришиб туришга тўсқинлик қилувчи ҳолатларни бартараф қилиш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин. Ўз навбатида, суд боланинг манфаатлари ва унинг фикрини инобатга олган ҳолда низони ҳал қилади. Суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаган тақдирда, айбдор ота (она)га нисбатан қонунчиликда назарда тутилган чоралар қўлланилади.

Юқорида баён этилганлардан ҳам кўринадики, мамлакатимизда боланинг барча ҳуқуқ ва қонуний манфатлари кафолатли таъминланган. Бу, ўз навбатида, ҳар бир бола муносиб тарбия олиш, ўзининг иқтидори ва салоҳиятини рўёбга чиқаришига хизмат қилади.

Анвар Жумаев,

фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ тумани суди раиси

#thegov_button_6a1202547dc62 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a1202547dc62:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a1202547dc62 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6a1202547dc62:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!