Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00
photo_2024-04-08_15-30-31

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚДАГИ ОЛҒИР 24 НАФАР ЭЪЛОН БЕРУВЧИНИ ЧУВ ТУШИРДИ

“ҚАРМОҚ”

Бекорчининг хаёлига нималар келмайди, дейсиз. Айниқса, у пешона тери тўкмай мўмай даромад топиш, ҳамиша оғирни остидан, енгилни устидан юриш пайида бўлса, табиийки, ғайриқонуний қилмишга қўл уради.

Содиқ Диёров (исм-шарифлар ўзгартирилган) бекорчиликдан уззу-кун уйда ётавериб зерикди, шекилли, ўзича қандайдир “янгилик” қилишни ўйлади. Шу мақсадда у телефонини титкилади, турли сайтларга кирди.

“Olx.uz!” Шу сайтга кўзи тушиши билан бирдан жонланиб қолди. Ва шу ондаёқ хаёлига келган мақсад сари илк қадам ташлади. Ушбу сайт орқали ўзига тегишли буюмларни сотиш ниятида эълон берган шахслардан бирининг телефон рақамини терди. Нариги томондан “лаббай”, деган жавоб эшитилгач, гап бошлади:

– Тикув машиналарингизни сотмоқчимисиз?

– Ҳа, худди шундай, турли русумдаги 15 та машинам бор, пул зарур эди, ҳаммасини кўтарасига олган кишига арзон нархда сотаман, – деди Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида истиқомат қилувчи Дилобар Ниёзова.

– Яқинда тикув цехи очгандим, агар уларни Тошкент шаҳрига олиб келсангиз, ҳаммасини сотиб олардим, — деди С. Диёров.

Таклиф сотувчига маъқул келди. Эртаси куниёқ товарларини автомашинасига юклаб, пойтахтга олиб келди.

– Синглим, минг бор узр, олдингизда хижолатдаман, сизниям овора қилдим, – деди С. Диёров хижолатомуз оҳангда. – Бир танишимда анчагина пулларим бор эди, сал муаммоси чиқиб қолибди, шунга…

Аёл тикув машиналарининг ҳаммасини кўтарасига сотаман, деган ниятда шунча йўл босиб келган эди. Аммо харидорнинг сўзларини эшитиб, бирдан ҳафсаласи пир бўлди. Бунинг устига тикув машиналарини яна уйга қайтариб олиб кетиш ҳам харажат талаб қилади.

У шуларни хаёлидан ўтказаркан, нима қилишни билмай қолди. Шу чоғ харидор С. Диёров ғалати таклифни айтди.

– Агар рози бўлсангиз, пулларни бир ҳафтада етказаман. Ҳатто тилхат ҳам ёзиб беришим мумкин, — деди у.

Аёл унинг таклифига ноилож рози бўлди. У 41,5 миллион сўмлик тикув машиналарини қолдириб, тилхатни олганча уйига қайтди.

Фирибгар тикув машиналарини уйига олиб қайтаркан, буларни сотиб, қанча фойда олиш ҳақида ҳузурланиб хаёл сурарди.

ХАЙРИЯ НИҚОБИ ОСТИДА…

Орадан кўп вақт ўтмай у яна “Olx.uz”да бир эълонга кўзи тушиб, дарҳол қўнғироқ қилди. Ўзаро суҳбатдан сўнг Юнусобод тумани, “Отчопар” маҳалласи, Бўзсув бўйи кўчасидаги хонадонлардан бирига йўл олади.

– Опажон, мен новвосингизни яхши ниятда сотиб оламан, уни сўйиб, етимларга хайрия тариқасида тарқатаман, – деди у уй бекасига. – Новвосни сиз айтган нархда сотиб оламан, фақат битта илтимос, пулини 10 кундан сўнг бераман. Савоб ишга сиз ҳам шерик бўлинг, дуода қоласиз.

Аввалига аёл унинг таклифини рад этмоқчи бўлди, аммо савоб сўзини эшитгач, индамай розилик билдирди. Қисқаси, аёл фирибгар қўлига тутқазган паспорт нусхаси ва тилхат эвазига 14 миллион сўмлик бир бош қорамолини бериб юборди.

Ишлари юришиб кетганидан ҳаволанган С. Диёров эълонлар сайтидан чиқолмай қолди. У содда ва ишонувчан мижозларни излар, савдолашар, телефонда сўзлаша туриб, уларнинг соддаликларига ишонгач, ғараз мақсадини амалга оширишга киришарди.

Бахтиёр Мўминов ҳам фирибгар С. Диёров усталик билан қўйган тузоққа қандай тушганини билмай қолди. Фирибгар унинг 6 миллион сўмга сотмоқчи бўлгани 2 та “Redmi note 9 t” телефон аппарати учун олдиндан 800 минг сўм, қолганини 4 ой давомида ҳар ойда 1 300 000 сўмдан бериб боришини айтиб, охири кўндирди.

Фирибгарнинг ўлжасига айланганлардан яна бири Юнусобод туманида яшовчи Ҳусан Раҳимовдир. У пулини бир ҳафта ичида олишига ишониб, 36 миллион сўмлик 2 бош ҳўкизини “хайрия”чининг қўлига қандай қўшқўллаб топширганини ўзи ҳам билмай қолди.

Қисқаси, фирибгар С. Диёров ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ўзганинг мол-мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида яна кўплаб содда ва ишонувчан кишиларни қармоғига илинтирган. Хусусан, у паркентлик Э. Раимовнинг турли русумдаги 8 та тикув машинасини 10 кунда пулини беришга ишонтириб, тилхат ёзиб бериб, 18 934 038 сўмга чув туширган. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Фирибгар В. Зулфиқорованинг 2 та (9 475 000 сўмлик), Д. Ўтанованинг 12 та (33 760 481 сўмлик), Х. Асфандиёровнинг 1 та (6 839 095 сўмлик), Р. Собиржоновнинг 2 та (8 345 436 сўмлик), Д. Маликовнинг 10 та (60 миллион сўмлик), М. Тўраеванинг 1 та (6 миллион сўмлик), М. Мирзаеванинг 1 та (3 миллион сўмлик), Д. Собировнинг 1 та (8 миллион сўмлик), Д. Солиеванинг 4 та (2 100 АҚШ долларилик), Н. Туропованинг 1 та (3,5 миллион сўмлик), С. Тоштемировнинг 7 та (2 250 АҚШ долларилик) тикув машинасини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган. Шунингдек, у яна ушбу сайтдаги эълонлар орқали кўплаб кишиларнинг мобил телефонлари, компьютер жамланмаси ва бошқа ашёларини шу тахлит қўлга киритган.

“ТОТАЛИЗАТОРГА ЮТҚАЗИБ ҚЎЙГАНДИМ”

Судда Содиқ Диёров айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Буёғини сўрасангиз, унинг фирибгарлик қилмишини содир этишида илгари айни шундай товарларнинг олди-сотдиси билан шуғуллангани қўл келган. Яна унинг айтишига қараганда, 2021 йил тотализатор ўйинида катта миқдорда пул ютқазиб қўйгани сабабли бу қилмишларга қўл уришга мажбур бўлган…

Албатта, суд унинг қилмишларига қонуний баҳо берди. У Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми б бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт тумани суди томонидан С. Диёровга узил-кесил ўташ учун 7 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суд ҳукмида фирибгар томонидан етказилган моддий зарарнинг бир қисми қоплангани эътироф этилган ҳолда яна 20 нафар жабрланувчи ҳисобига 225 609 906 сўм ундириш қайд этилди.

Хулоса ўрнида

Албатта, жиноятчи қилмишига яраша жазо олди, адолат қарор топди.

Аммо шу ўринда айрим фикр-мулоҳазалар туғилади. Гап шундаки, ўта соддалик ва қонун талабларини яхши билмаслик оқибатида 24 нафар киши фирибгарга чув тушган. Бу кичкина рақам эмас! У шунча хонадонда хотиржамлик йўқолгани, асаббузарлик юзага келганини англатади. Демак, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунчилик тарғиботини кучайтиришга катта эҳтиёж бор. Бу эса, ўз навбатида, мутасаддилардан бу борада самарали чора-тадбирлар кўришни тақоза этади. Ана шунда доно халқимизнинг “Ўзингни маҳкам тут, қўшнингни ўғирликда айблама”, деган ҳикматли нақлнинг амалдаги ифодаси намоён бўлади.

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,

журналист

photo_2024-05-29_10-53-31-840×620-840×620

ЭЪЛОН!

ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ВА БЛОГЕРЛАР ДИҚҚАТИГА!

2024 йил 20 февраль куни соат 11.00 да Ўзбекистон Республикаси Олий судида (Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Абдулла Қодирий кўчаси, 1 уй) республика судларининг 2023 йилда одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти ҳамда суд тизимини янада такомиллаштириш бўйича келгусидаги вазифалар юзасидан матбуот анжумани ўтказилади.

Маълумот учун телефон: (71) 239-02-43.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

photo_2024-04-08_15-07-23

ПРАГМАТИК КАДРЛАР СИЁСАТИ ТИЗИМ РИВОЖИНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судлов сифатини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад — адолатли суд тизимини ривожлантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтиришдан иборат.

Суд-ҳуқуқ тизими учун малакали мутахассисларни мақсадли тайёрлаш ва олий маълумотли кадрларнинг етишмовчилиги муаммосига концептуал жиҳатдан ёндашилаётгани янги ишга қабул қилинган ходимларнинг хизмат фаолиятига мослашиши учун талаб этиладиган вақтни тежаш ва иш сифатини янги босқичга олиб чиқиш имконини бермоқда.

Ўтган йили Олий суд ҳузурида ташкил этилган “Бўлажак суд ходимлари клуби” келгусида муносиб кадрларни танлаб олишга хизмат қилади.

Шу ўринда айтиш керакки, жамиятда суд тизими ходимларининг ижтимоий мавқеи ва обрў-эътиборини ошириш ҳамда меритократия тамойили асосида юқори малакали кадрлар корпусини шакллантириш Олий суд раҳбарияти олдида турган долзарб вазифа саналади. Чунки “меритократия” тушунчаси касбга оид сифатлари, алоҳида хизматларини одилона ҳамда объектив баҳолаш асосида энг муносиб ва қобилиятли шахсларни танлаб олиш, деган маънони англатиши бежиз эмас Бу жараёнда ишдаги сифат ва натижа, энг аввало, фаолият юритаётган кадрларга бевосита боғлиқ эканини унутмаслик даркор.

Албатта, жамоаларда ишчанлик муҳитини яратиш билан бир қаторда соҳа ходимларининг дунёқараши, маънавияти, касбий одоб-ахлоқи ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу борада суд органлари “устоз-шогирд” анъаналарига қатъий амал қилиб келмоқда.

Олий суд раҳбариятининг ушбу йўналишдаги асосий мақсади олий таълим ташкилотларининг “юриспруденция” таълим йўналишида таҳсил олаётган талабаларни суд органлари фаолияти ва судьялик касбига оид қонунчиликда белгиланган талаблар билан таништириш, назарий билимлардан келиб чиққан ҳолда қонунни амалда қўллаш кўникмаларини шакллантириш ҳамда мустаҳкамлаш, назария ва амалиётнинг узвийлигини таъминлаш, талабаларни касбий фаолиятига мос равишда виждонли, ҳалол, очиқ кўнгил, фидойи ҳамда муносиб мутахассис сифатида тарбиялашдир. Бундай эзгу мақсадга эришишда “Бўлажак суд ходимлари клуби” яқиндан ёрдам бермоқда.

Талабалар билан учрашувларда уларга суд тизимида амалга оширилаётган очиқ кадрлар сиёсати, бўш иш ўринлари ҳамда судларда яратилган шарт-шароитлар яқиндан таништирилмоқда. Бундай ёндашув ва услуб судлардаги кадрлар сиёсати самарадорлигини оширмоқда.

Суд органларида кадрлар билан ишлаш жараёнига замонавий HR-менежмент элементларининг кириб келаётганини ҳам таъкидлаш зарур.

Хусусан, “хедхантинг”, яъни давлат органлари, ташкилотлар ҳамда хусусий секторда муваффақиятли фаолият юритаётган малакали мутахассисларни ишга жалб қилиш, шунингдек, “рекрутинг” – юқори малакали ва амалий тажрибага эга мутахассисларни қидириш, танлаш ҳамда ишга фаол жалб қилиш жараёни каби янги унсурлар шулар жумласидандир.

Суд органлари вакиллари талабалар билан учрашувлар билан бир қаторда иш берувчилар учун ташкил этилаётган “Карьера кунлари”да ҳам фаол иштирок этмоқда. Бундай ҳамкорлик нафақат кадрларни тайёрлаш, балки илмий тадқиқотлар ва изланишлар учун ҳам янгича муҳитни яратмоқда.

2022-2023 йилларда Тошкент давлат юридик университети, Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетлари билан юридик кадрларни тайёрлаш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.

Ахборот технологиялари соҳасида кадрларни тайёрловчи “Alfraganus university” нодавлат олий таълим ташкилоти билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Олий суд ташаббуси билан Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган юртдошларимиз ўртасида “Ёшлар ва қонун” ҳуқуқий танлови мунтазам ўтказиб келинаётгани жамиятда амалдаги қонунларга ҳурмат, судларга нисбатан ишончнинг шаклланишида муҳим омил бўлмоқда. Бунда ёшлар танлов шартларини бажариш учун ҳудудлардаги очиқ суд жараёнларида қатнашиб, тажрибали судьялардан ҳуқуқий-амалий маслаҳатлар олиш орқали ўз билимларини янада бойитишга муваффақ бўлишмоқда.

Бундай кенг кўламли чора-тадбирлар ёшларимизнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш билан бирга, уларда суд ҳокимиятига бўлган ишонч ва келажакда шу соҳада меҳнат қилишга бўлган қизиқишни кучайтирмоқда. Бу келгусида суд тизими салоҳиятли кадрлар билан тўлдирилишидан далолатдир.

Музаффар Муҳитдинов,

Олий суд Кадрлар бошқармаси

бошлиғи

photo_2024-04-08_13-27-44

ОИЛА СУДЬЯЛАРИ: ХОРИЖИЙ ТАЖРИБА ИБРАТИ ВА МИЛЛИЙ АМАЛИЁТ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Мамлакатимизда оилани асраш ва мустаҳкамлаш, бола ҳуқуқларини таъминлаш, хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган.

Бинобарин, янги таҳрирдаги Конституциямизда оила жамиятнинг асосий бўғини экани, давлат оиланинг тўлиқ ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитларни яратиши, оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши қатъий белгилаб қўйилган.

Давлатимиз раҳбарининг бир қатор фармон ва қарорларида ҳам бу йўналишда амалга оширилаётган ишларни изчил давом эттириш талаби ўз ифодасини топган. Жумладан, Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрда қабул қилинган “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2030 йилга қадар ижро этувчи ҳокимият, суд тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда бошқарув ходимлари орасида хотин-қизларнинг улуши 30 фоизга етказилади. Ушбу талаб директорлар кенгаши ва кузатув кенгашларини шакллантиришга ҳам татбиқ этилади.

Шунингдек, ушбу қарорнинг 9-бандида Олий суд, Судьялар олий кенгашининг илғор хорижий тажриба асосида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судьялар корпусини шакллантириш ҳақидаги таклифига розилик берилди.

Шу асосда жорий йил 1 февралдан мавжуд штат бирликлари доирасида тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларининг икки нафардан судьясини оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган ҳолда, ушбу судларда “Оила судьялари” ташкил этиш белгиланди.

Президентимиз қарори ижросини таъминлаш мақсадида Олий суд Раёсатининг 2024 йил 23 январда “Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларида оилавий низоларни кўришга ихтисослашган “Оила судьялари” ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Раёсат қарорида “Оила судьялари” томонидан кўриладиган оилавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар ва уни кўрадиган судьялар рўйхати, судьялар таркибига ўзгартириш киритиш, улар фаолиятини самарали ташкил этиш учун амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилган.

Суд соҳасида янги институт, яъни “Оила судьялари”ни ташкил қилиш масаласи замирида бир қатор мақсадлар ўз ифодасини топган. Бунда, хусусан:

биринчидан, судьяларнинг оилавий низоларни кўришга ихтисослашуви ушбу йўналиш бўйича малакали мутахассис бўлиб шаклланишига замин яратади, бу тоифа низоларни ижобий ҳал қилишда бой амалий тажриба тўпланади.

иккинчидан, судьялар алоҳида эътибор қаратган ҳолда ҳар бир оилавий низони чуқур ўрганиш, унинг юзага келиш сабаблари, моҳиятини тўлиқ тушуниб етиш, мухтасар айтганда, фуқаролик ишини атрофлича ўрганиш имконига эга бўлади;

учинчидан, оилавий низоларнинг ўзига хос томони шундаки, ушбу тоифадаги низонинг юзага келиши бошқа низо турларини ҳам бевосита келтириб чиқаради. Масалан, оилавий жанжал сабаб судга берилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ариза, кейинчалик томонлар ўртасида алимент ундириш, бола уч ёшга тўлгунга қадар таъминот ундириш, алимент миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, бола билан кўришиш тартибини белгилаш, ҳатто ота-оналик ҳуқуқини чеклаш ёхуд маҳрум қилиш каби “занжирли низолар” юзага келиши мумкин.

Шундай экан, судьялар ушбу тоифадаги ишларни кўриб чиқишда тарафларни имкон қадар яраштириш чораларини кўриши, медиация институтини кўпроқ қўллаши талаб этилади. Бу, ўз навбатида, оилавий низолар камайиши, тинч ва аҳил оилалар сонининг кўпайишига хизмат қилади;

тўртинчидан, судьялар оилавий ишларни кўриб чиқишда юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф қилиш баробарида, уларнинг олдини олиш борасида ҳокимликлар, оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, маҳалла еттилиги ва фаоллари, диний уламолар, бандликка кўмаклашиш, соғлиқни сақлаш каби соҳа мутасаддилари билан ҳамкорлик механизмларини ҳам йўлга қўйиши зарур.

Бунда оилавий низо келиб чиқишига сабаб бўлаётган омиллар: томонлардан бирининг оила қуришга тайёр эмаслиги, эр ва хотин бир-бирини тушунмаслиги, учинчи шахсларнинг аралашуви, фарзандсизлик, ишсизлик, моддий етишмовчилик каби ҳолатларни бартараф этиш юзасидан масъуллар билан ҳамкорликда муайян чоралар кўрилади. Зарур ҳолатларда тарғибот-ташвиқот ишлари, турли ижтимоий роликлар орқали профилактик ишлар доимий равишда ўтказилиб борилади.

Бугунги кунда дунёнинг бир қатор ривожланган давлатлари, хусусан, Америка Қўшма Штатлари, Германия, Япония, Хитой, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Австралия каби мамлакатларда оила судлари муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Хусусан, АҚШнинг Шимолий Каролина штатида ташкил қилинган оила судида вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар, гиёҳвандлик, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, оиладаги зўравонлик, болага васийлик қилиш ҳуқуқи, болани қўллаб-қувватлаш, алимент ундириш, эр-хотин ўртасидаги мулкни тақсимлаш каби ишлар кўриб чиқилади. Эътиборли жиҳати шундаки, оилавий суд судьялари оилавий муаммоларни ҳал этишда катта тажрибага эга бўлиши ва махсус тайёргарликдан ўтишлари талаб этилади.

Австралияда Оила суди никоҳдан ажратиш, ота-она ўртасидаги мулкни тақсимлаш каби оилавий-ҳуқуқий масалалар билан шуғулланади.

Ҳиндистонда оила судлари 1984 йилдаги қонун асосида фаолият олиб боради. Оила судлари аҳоли бир миллиондан ортиқ бўлган ҳудудларда ташкил этилади. Ушбу судлар никоҳ, эр-хотиннинг ҳуқуқларини тиклаш, васийлик, мулкий ва никоҳ мақоми билан боғлиқ низоларни кўриб чиқади.

Японияда оила судлари 1947-1948 йиллар оралиғида ташкил қилинган бўлиб, ушбу судлар туман суд тизимидан алоҳида тарзда фаолият кўрсатади. Уларнинг ваколати 14 ёшдан 20 ёшгача бўлган вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш каби ишларни қамраб олади.

Мамлакатимизда янги ташкил қилинган “Оила судьялари”да оилавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 32 турдаги фуқаролик ишлари кўриб чиқилмоқда. Бу ўринда, жумладан, алимент ундириш, ота-оналик ҳуқуқини чеклаш ёки ундан маҳрум этиш, бола билан кўришиш тартибини белгилаш, оталикни белгилаш, фарзандликка олиш, никоҳдан ажратиш, никоҳни ҳақиқий эмас, деб топиш, никоҳ шартномасини бекор қилиш ёки ўзгартириш каби оилавий-ҳуқуқий муносабатлар ҳақида сўз бормоқда.

Хулоса қилиб айтганда, “Оила судьялари” ўзининг ижобий самарасини бериши жамиятимизда тинч ва мустаҳкам оилалар сони кўпайишига хизмат қилади. Қолаверса, мазкур янги институт хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда, ёш авлодни соғлом оилавий муҳитда камол топишида муҳим аҳамият касб этади.

Умидбек Умурзақов,

Олий суд катта консультанти

photo_2024-04-05_11-56-21

ТУҲМАТГА УНДАГАН ФИРИБГАРЛИК

Ёлғон. Бу сўз нақадар хунук эшитилади. Чунки ёлғон инсонларнинг бир-бирига бўлган ишончини сўндирувчи, аниқроғи, йўққа чиқарувчи, турли низо, можаро, ҳатто оғир жиноятларни ҳам юзага келтирувчи иллатдир. Масалан, бугунги кунда эпидемия сингари кенг тарқалган фирибгарлик жиноятининг асосини ёлғон ваъдалар бериб ишонтириш, алдаш ташкил қилади.

Пахтаободлик Ғолибжон Нурматов (судланувчининг исм-шарифлари ўзгартирилган) ҳам аввалига фирибгарликка қўл уриб, сўнгра жиноятини хаспўшлаш ҳамда жиноий жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсадида иккинчи ва учинчи жиноятларни содир этди.

Аввало шуни таъкидлаш лозимки, Ғолибжон бундан икки-уч йил олдин автомашина олди-сотдиси билан шуғуллана бош­лади. Аммо мазкур йўналишда сўнгги йилларда пайдо бўлган насия савдо муҳити унинг феълини айнитди. Акс ҳолда оила, бола-чақа боқаман, деб яхши ният билан бошлаган савдосига ёлғон аралаштирмаган бўларди.

Гап шундаки, Ғ. Нурматов 2022 йил апрель ойида туманнинг “Нодирабегим” маҳалласида яшовчи Азизбек Абдураҳимовнинг “Labo” русумли автомашинасини 7 000 АҚШ долларига насияга сотиб олади.

Яъни, пулини 2022 йил 10 август кунига қадар тўлаб беришини айтиб, “Labo”ни олиб кетади. Бироқ келишилган муддат қарзини бермай,  автомашина соҳибига 7 000 АҚШ долларининг ўша кунларда миллий валютамиздаги қиймати – 79 537 570 сўм миқдорида моддий зарар етказади.

Бундан ташқари, у 2022 йил сентябрь ойида Пахтаобод тумани “Файзиобод” маҳалласида истиқомат қилувчи Раънохон Мамадалиеванинг “Nexia” автомобилига харидор бўлади.

– Тўрт минг долларга берсангиз, оламан, – дейди у Раъно опа билан телефон орқали савдолашиб.

Аслида Р. Мамадалиева фойда кўриш мақсадида “Nexia”ни фуқаро Фароғатхон Раззоқовадан сотиб олганди. Ғолибжон айт­ган пул сотиб олган нархидан ортиқроқ бўлгани боис дарҳол рози бўлади аёл. Шу боис Ғ. Нурматов автомобилни осонликча олиб кетади. Сўнг ўзиники эканлигини айтиб, машинани Азизбек Абдураҳимовга тенг ярим баҳоси – 2 000 АҚШ долларига сотиб юборади. Олган пулининг 1 000 АҚШ долларини Раъно опадан қарзи эвазига бериб, қолган 1 000 АҚШ долларини ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлайди. Шу тарзда Р. Мамадалиевага 32 992 830 сўмга тенг 3 000 АҚШ доллар миқдорида зарар келтиради. 

Аниқланишича, Фароғат Раззоқова 2022 йил февраль ойида тилга олинган “Nexia” автомашинасини Пахтаобод туманининг Ўртақўрғон маҳалласида яшовчи Ж. Ҳасановдан сотиб олган. Орадан 3 ой ўтиб – май ойида эса транспорт воситасини Раъно Мамадалиевага 3 500 АҚШ долларига сотган. Р. Мамадалиева савдолашган заҳотиёқ 500 АҚШ доллари берган. Келишувга кўра, 2022 йил июль ойида 500 АҚШ доллари, ноябрда эса қолган 2 500 АҚШ долларини бериши лозим бўлган. Шунинг учун харидор июль ойида 500 АҚШ долларини берган.

Лекин ноябрь ойидан ўтиб кетса ҳам қарзини узмаган. Сабаби, Ғолибжон Нурматов унга қолган 3 000 АҚШ доллар қарзини бермай кетади.

– Мен машинани бир танишимга сотгандим. У эса самарқандлик Воҳиджон исмли йигитга пуллаган. Аммо Воҳид пулини бермай, Россияга қочиб кетибди, – дея тушунтиради Ғ. Нурматов Раъно опага.

Буни қарангки, “Ўғрини қароқчи урибди” деганларидек, Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи Воҳиджон исмли йигит сўраб-суриштириб, автомашина Жасур Ҳасановнинг номида эканлигини аниқлайди. Сўнг­ра Жасурни алдаб, машинанинг пулларини тўлиқ берганини айтади.

Оқибатда Балиқчи тумани марказида жойлашган нотариал идорада олди-сотди шартномаси тасдиқланиб, автомашина Воҳиджоннинг номига расмийлаштирилади.

Бу гап-сўзлардан хабар топган Фароғат Раззоқова дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилади. Бинобарин, мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув мобайнида Ғолибжон яна бир жиноятга қўл уради. Яъни, у жиноий жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсадида Азизбек Абдураҳимовни аврашга тушади.

 – Мабодо сизни терговчи чақирса, “Nexia”ни Раъно опанинг укаси Ҳусанбойдан олганман, минг доллар пулни ҳам унга берганман, денг. Шунда опа-ука Фароғат Раззоқованинг олдида қарздор бўлиб қолишади. Сиз ва мен ўйиндан чиқиб кетамиз. Агар тўғрисини айтсангиз, терговчи мени жавобгарликка тортиши мумкин. Мен қамалиб кетсам, “Labo” машинангизни пулини беролмайман. Бекорга пулга куйганингиз қолади, – дейди Ғ. Нурматов ваҳима қилиб.

У шундай деб А. Абдураҳимовни терговга қадар текширув жараёнида ёлғон кўрсатув беришга мажбур қилади. Қолаверса, ўзи ҳам терговчи чақиртирган пайтда Азизбек Абдураҳимов “Nexia” автомашинасини опа-ука Мамадалиевлардан олганини айтиб, Ҳусан Мамадалиевга туҳмат қилади.

Шундан сўнг Ғолибжон Нурматовга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман суди эса уни Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б” банди, 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “г” банди ва 238-моддаси (ёлғон гувоҳлик бериш) 2-қисми билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди.

Шунингдек, судланувчи томонидан дастлабки тергов мобайнида банкка топширилган жами 122 000 000 сўм пулдан жабрланувчи Ф. Раззоқова фойдасига 2 500 АҚШ доллари (1 АҚШ долларининг 2023 йил 27 декабрь кунги сўмга нисбатан қиймати 12 354 сўм) 30 885 020 сўм, жабрланувчи А. Абдураҳимов фойдасига 4 500 АҚШ доллари ҳисобидан 55 593 037 сўм ўтказилди. Қолган 35 521 943 сўм пул айбдорнинг ўзига қайтарилди.

Ҳамюртларимизга сир эмаски, автомашина бозорида ёки олди-сотдисида фирибгарлик тез-тез учрайди. Бунга ҳаётий мисоллар жуда кўп. Шундай экан, ҳар бир харидор автомашина ҳужжатларини синчиклаб текшириб, у билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқлигига ишонч ҳосил қилгандан кейин савдолашса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Фурқатжон СОБИРОВ,

жиноят ишлари бўйича 

Балиқчи туман суди раиси

photo_2024-03-29_16-18-44

ЎЗГАНИНГ ҲАҚИ ЁХУД ФОШ БЎЛГАН ҚИНҒИРЛИК

Бугунги кунда “Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун” тамойили асосида фаолият юритиш банкларнинг энг муҳим вазифаси ҳисобланади. Бу табиийки, ҳар бир банк ходими зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Афсуски, бу жараёнда ўз манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган, ҳатто ўзгаларнинг мулкига кўз олайтирадиган айрим кимсалар ҳам учраб туради.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, “Қишлоқ қурилиш банк”нинг Янгиобод филиали кредитлаш бўлими етакчи мутахассиси Нуриддин Қўлдошев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ана шундай қилмишга қўл урди.

У ҳужжатларни сохталаштириш орқали таниш­лари ва қариндошлари Д. Бегимқулова, А. Тожиқулова, Х. Қўлдошев, М. Қўлдошева, К. Қўлдошев, Ш. Наврўзова, А. Қўлдошев, М. Отақулова, Д. Юнусова, М. Қўлдошеванинг номига 251 409 600 сўмлик кредит шартномаларини расмийлаштирган.

Сўнгра ушбу маблағни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаган.

Бундан ташқари Н. Қўлдошев даромад олиш мақсадида онасининг номига “Dilnura shukrona fayzi” номли фермер хўжалигини ташкил этиб, “Қишлоқ қурилиш банк”нинг Янгиобод филиалидан чорва молларини сотиб олиш учун кредит маблағи олган. 500 миллион сўм миқдоридаги ушбу кредит маблағининг 350 миллион сўмига 46 бош йирик шохли чорва моллари, 30 миллион сўмига 3 минг дона дағал хашак боғи, 120 миллион сўмига 30 тонна ем харид қилинган. Аммо орадан кўп ўтмай Н. Қўлдошев 46 бош йирик шохли чорва молларини сотиб юбориб, пулини шахсий манфаатлари учун  сарфлаган.

Албатта, тез орада қинғир ишнинг қийиғи чиқади ва Н. Қўлдошевга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Яқинда ушбу жиноят иши судда кўриб чиқилди. Суд Н. Қўлдошевни Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “а” бандига асосан айбдор деб топди ва унга нисбатан 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Буни баён этишдан мақсад шуки, нопок йўл билан топилган бойлик фақат ташвиш келтиришини яна бир марта таъкидлашдир. Ҳолбуки, инсон фақат ҳалол меҳнати билан обрў-эътиборга, улуғлик мартабасига эришади. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.

Бахтиёр Мамадаминов,

жиноят ишлари бўйича

Янгиобод тумани суди раиси

photo_2024-03-29_16-10-42

ТАДБИРКОРНИНГ ҚОНУНИЙ МАНФААТИ СУДДА ҲИМОЯ ҚИЛИНДИ

Фарғона вилояти прокуратураси томонидан Фарғона туманлараро иқтисодий судига киритилган даъво аризасида вилоят “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти зиммасига 2022 йилнинг январь ва февраль ойларида “Rolled stell plus” масъулияти чекланган жамияти томонидан сарфланган 401 минг 654 куб метр табиий газни шартномада белгиланган нархлар асосида қайта ҳисоблаш мажбуриятини юклаш сўралган.

Суд мажлисида маълум бўлишича, 2022 йил 21 февралда газ таъминоти филиали ва масъулияти чекланган жамияти ўртасида табиий газни улгуржи истеъмолчиларга етказиб бериш ҳамда қабул қилиш бўйича 02/179-сонли шартнома тузилган. Шартномада таъминотчи корхона ҳар бир куб метр табиий газни тадбиркорлик субъектига 660 сўмдан етказиб бериши белгиланган. Аммо 2022 йилнинг январь ва февраль ойида “Rolled stell plus” корхонасида сарфланган табиий газнинг ҳар бир метр куби 924 сўмдан ҳисобланган.

Бошқача айтганда, корхонага етказиб берилган маҳсулот учун 106 миллион 86 минг 656 сўмлик ортиқча тўлов талаб этилган. Табиийки, бундан норози бўлган корхона 2022 йил 11 февраль куни эътироз хатини юборган. Аммо у оқибатсиз қолдирилган. Шундан сўнг тадбиркорлик субъекти Фарғона вилояти прокуратурасига мурожаат қилган.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 55-моддасига мувофиқ, ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади.

Фуқаролик кодексининг 357-моддасида “Шартнома тузилган пайтидан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий бўлиб қолади” дея қайд этилган. Бундан ташқари Иқтисодий процессуал кодекснинг 184-моддасида пул маблағларини ундириш ёки мол-мулкни топшириш билан боғлиқ бўлмаган муайян ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини юклатиш тўғрисидаги талаб қаноатлантирилганда суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида амалга оширилиши керак бўлган ҳаракатларни, шу ҳаракатларни амалга ошириши шарт бўлган шахсни, шунингдек, уларнинг амалга оширилиш жойи ва муддатини кўрсатиши белгиланган. Шу боис Фарғона туманлараро иқтисодий суди даъвони қаноатлантириб, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти зиммасига ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, беш кунлик муддатда “Rolled stell plus” корхонасига етказиб берилган 401 654 куб метр табиий газни шартномада белгиланган нархда қайта ҳисоб-китоб қилиш мажбуриятини юклади.

Буни қарангки, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти масъуллари “Oliy sifat sari savdo” масъулияти чекланган жамиятининг ҳам ҳуқуқларини бузган экан. Аниқланишича, 2022 йил 25 декабрда икки корхона ўртасида табиий газни улгуржи истеъмолчиларга етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Табиий газдан фойдаланиш” қоидаларига мувофиқ, табиий газ истеъмолчиларининг бошқа тоифаларига табиий газ фақат шартномалар асосида етказиб берилади.

Бироқ таъминотчи Адлия вазирлигида 2018 йил 1 июнда 3018-сон билан рўйхатдан ўтган “Табиий газ етказиб бериш, транспартировка қилиш, тақсимлаш ва сотишдаги йўқотишларни аниқлаш тартиби тўғрисида”ги Йўриқномани асос қилиб, истеъмолчига 2023 йил август ойи учун 44 552 куб метр газни қўшимча ҳисоблаган. Оқибатда “Oliy sifat sari savdo” корхонаси ҳисоб рақамидан 44 миллион 551 минг сўм маблағ асоссиз ечиб олинган. Бундан норози бўлган тадбиркорлик субъекти Фарғона туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритиб, “Ҳудудгазтаъминот” АЖдан асоссиз ечиб олинган маблағни ундириб беришни сўраган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, суд мажлисига мутахассис сифатида жалб қилинган “Ўзнефтгазинспекция”си Фарғона вилояти бошқармаси вакили “Oliy sifat sari savdo” корхонаси ҳисоб рақамидан асоссиз равишда маблағ ечиб олинганини эътироф этди. Қолаверса, даъвогарнинг шахсий варақаси кўчирмалари ҳам тадбиркорнинг ҳуқуқи бузилганини кўрсатди.

Ана шу асосларга таянган суд “Oliy sifat sari savdo” корхонаси фойдасига “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти ҳисобидан 44 миллион 551 минг сўм ундириш хусусида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари суд орқали ишончли ҳимоя қилиниши иқтисодиётни юксалтириши баробарида янги иш ўринларини яратиб, жамиятнинг ижтимоий барқарорлигига салмоқли ҳисса қўшади.

Тоҳиржон МАМАТОЖИЕВ,

Фарғона туманлараро

иқтисодий суди раиси

photo_2024-03-29_16-03-48

ҚАЙТА МАЛАКАЛАШ СУДЛАНУВЧИНИНГ СУД ЗАЛИДА ҚАМОҚДАН ОЗОД ҚИЛИНИШИГА АСОС БЎЛДИ

Миллий қонунчилигимизда инсонпарварлик, адолатпарварлик, кечиримлилик каби кўплаб олижаноб тамойиллар ўзининг теран ифодасини топган. Масалан, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва жиноятни очишга фаол ёрдам берган, етказилган зиённи қоплаган шахслар жавобгарлик ва жазодан озод қилиниши мумкин. Бунга қуйидаги воқеа тафсилоти ҳам яққол мисол бўлади.

Нарпай туманида яшовчи Элбек Одиловнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) қишлоқдоши Адиба Раҳматова билан унаштирилганига кўп вақт бўлмаган.

Ўтган йилнинг кузида А. Раҳматовага опаси телефон қилиб, поччаси Сарвар Қодиров хориждан келгани муносабати билан уйига танишларини меҳмондорчиликка таклиф этгани, шунга ёрдам бериш зарурлигини айтади. Табиийки, А. Раҳматова опасининг гапини ерда қолдирмайди.

Зиёфат тугаб, Адиба вояга етмаган укаси Алишер ва жияни Лочинбек билан уйга қайтаётганда поччаси С. Қодиров ҳам уларни кузатиш учун кўчага чиқади. Шу пайт кўча четида турган автомашинадан тушган Э. Одилов А. Раҳматовага “Ярим тунда кўчада нима қилиб юрибсан?” — дея бақира бошлайди. Хорижга ишга кетган Сарвар Қодиров бошқа маҳаллада яшовчи Элбек Одиловни танимас эди. Шу боис у Э. Одиловнинг қўлидан тортиб, бу ҳаракатнинг сабабини сўрамоқчи бўлади. Аммо бундан жаҳли чиққан Э. Одилов С. Қодировнинг чап юз соҳасига зарб билан мушт туширади. Кутилмаган зарба туфайли С. Қодиров ерга йиқилиб, боши бетон тўсиққа урилади. Бошидан қон оқаётганини кўрган Э. Одилов С. Қодировнинг ўрнидан туришига ёрдам беради ва ундан кечирим сўрайди.

Кейинчалик даволаниш учун зарур бўлган дори-дармонларни ҳам олиб беради.

Шундан сўнг Э. Одиловга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, унинг хатти-ҳаракати тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “б” банди билан малакаланади.

Яқинда ушбу жиноят иши судда кўриб чиқилди. Суд муҳокамасида С. Қодиров Э. Одиловни кечиргани, унга нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилди. Судда гувоҳ тариқасида сўралган суд-тиббий экспертиза эксперти Ш. Воитовнинг кўрсатмаси ҳақиқий ҳолатни тўлиқ ойдинлаштирди. У С. Қодиров енгил тан жароҳати олгани ҳақида хулоса берди.

Суд далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, Э. Одиловнинг содир этган жиноий ҳаракати тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “б” банди билан нотўғри малакаланган, деган хулосага келди. Чунки Олий суд Пленумининг 2007 йил 27 июндаги “Баданга қасддан шикаст етказишга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 6-сонли қарори 2-бандида “баданга шикаст етказишга оид ишлар бўйича қилмишни тўғри квалификация қилиш учун айб шакли, баданга шикаст етказиш мотиви, мақсади ва усули, айбдорнинг қилмиши билан келиб чиққан оқибат ўртасида сабабий боғланиш мавжудлиги, шунингдек, ишнинг тўғри ҳал этилиши ва айбдорга адолатли жазо белгиланиши учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатлар батафсил аниқланиши лозим” дея қайд этилган.

Суд ушбу қарорнинг 22-банди 1-хатбошисида қайд этилган раҳбарий тушунтиришларга ҳам таянди. Унда айбдор қўллаган зўрлик унинг айби билан қамраб олинмаган ҳолатлар бўйича келиб чиққан бўлса, Жиноят кодексининг 111 (эҳтиётсизлик орқасида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш) ёки 102 (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) оддалари билан малакаланиши белгиланган. Бундай пайтда баданга қасддан етказилган шикастлар алоҳида юридик баҳоланиши керак. Бундай ҳаракатларда жиноий жазога тегишли қилмиш белгилари мавжуд бўлса, жавобгарлик жиноятлар мажмуи бўйича келиб чиқади.

Воқеа тафсилотидан маълумки, Э. Одилов С. Қодировни ургани натижасида у зинапояга йиқилган. Йиқилиши оқибатида бошидан жароҳат олган. Бироқ Э. Одилов С. Қодировга ўрнидан туришига ёрдам берган. Бу эса, унинг қилмиши оқибатларига бефарқ бўлмагани ва бундай оқибатлар рўй беришини истамаганини кўрсатади. Шу боис суд Э. Одиловнинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 111-моддаси 2-қисми билан қайта малакалади.

Бундан ташқари Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарори 2-бандига мувофиқ Э. Одилов намунали хулқи билан ўзини кўрсатганини инобатга олиб, у содир этган жиноят ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган деб ҳисоблади. Жиноят кодексининг 70-моддаси (шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши муносабати билан уни жазодан озод қилиш) га асосан Э. Одиловни жазодан озод қилди ва у суд залида қамоқдан озод этилди.

Шу тариқа қонунларимизда ўз ифодасини топган инсонпарварлик тамойиллари туфайли навқирон ёшдаги Э. Одилов жазодан озод этилди.

Бундай бағрикенглик унга келгусида адашмаслик, ҳаётини тўғри йўлга солишга катта ёрдам бериши шубҳасиз.

Баҳодир АҲМЕДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Нарпай тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2024-03-29_15-48-22

АЛИМЕНТ ТЎЛАМАЙ ЮРГАН… ОНА

Одатда алимент қарздорлиги ҳақида гап кетганда собиқ рафиқасига зарда қилиб, фарзандини моддий таъминлашдан бош тортиб юрган, бу билан унинг хунобини ошираётган эркак кўз олдимизда гавдаланади. Аммо баъзан қарздор аёл киши ҳам бўлиши мумкин.

Андижон шаҳрида яшовчи Ёрқиной Долимова (исм-шарифлари ўзгартирилган) ана шундай оналик мажбуриятини бажармаган ҳамюртларимиздан бири эканига нима дейсиз?

Маълум бўлишича, Ёрқиной бир неча йил муқаддам фуқаро Қобилжон Долимов билан қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қурган. Натижада 2007 йилда қизи Маликахон Қобулжонова, 2010 йилда эса ўғли Муҳаммаджон Қобулжонов туғилишган. Аммо вақт ўтиши билан эр-хотиннинг ўртасига совуқчилик тушиб, оиладан жанжал аримай қолади. Охир-оқибат Қобилжон билан Ёрқиной 2016 йилда ажрашиб кетишади. Ҳатто икки фарзанд­ ҳам уларни бир-бирига боғлаб қололмайди. Энг ачинарлиси, аёл жигарбандларини хўжайинига ташлаб кетади. Бундай бағритошлик бутун маҳаллани, қариндош-уруғ ва таниш-билиш­ларнинг ҳам дилини хуфтон қилади. 

Шундан сўнг Қ. Долимов Ё. До­лимовадан алимент ундириш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судига ариза билан мурожаат қилади. Суднинг 2016 йил 13 октябрдаги суд буйруғига асосан бераҳм онадан собиқ хўжайини фойдасига 2 нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланади. Лекин…

Лекин Ёрқиной бошқа шахс билан турмуш қуриб, яна 3 нафар фарзандли бўлади. Малика ва Муҳаммаджоннинг моддий таъминоти ҳақида эса умуман ўйламайди. Яъни, зиммасидаги мажбуриятини йиллар мобайнида бажармайди. Аниқроғи, 2022 йилга келиб, унинг алиментдан қарздорлиги 85 миллион 896 минг сўмга етади. Оқибатда 2022 йил 15 декабрда жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг қарорига асосан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-моддаси (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) билан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари – 300 минг сўм миқдорида жарима жазосига тортилади.

Аммо Ё. Долимова шунда ҳам ўзига тегишли хулоса чиқармай, 2023 йил 13 апрелдан 2023 йил 1 декабр­га қадар алиментни тўламайди.

Қарабсизки, ҳаш-паш дегунча аёлнинг бўйнида яна 15 миллион 677 минг сўм қарздорлик пайдо бўлади. Оқибатда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади… 

Яқинда мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судида кўриб чиқилди. Суд Ёрқиной Долимовани Жиноят кодексининг 122-моддаси (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) 1-қисми билан айбдор деб топиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари – 1 миллион 700 минг сўм жарима жазосига маҳкум этди. Шунинг­дек, суд ҳукмида судланувчидан Қ. Долимов фойдасига 15 миллион 677 минг сўм алимент пулларини ундириш ҳам белгиланди. 

Муҳайёхон ТУРДИЕВА,

жиноят ишлари бўйича 

Андижон шаҳар судининг судьяси

photo_2024-03-29_15-36-39

ГУЛТУВАКДАГИ “ОҒУ”

Гиёҳвандлик инсон ҳаётини издан чиқариб, жамиятда турли оғир муаммоларни юзага келтирадиган хавфли жиноий қилмиш ҳисобланади. Шу боис дунё миқёсида ушбу иллатга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда. Шунга қарамасдан унинг домига тушиб қолаётган кимсалар йўқ эмас.

Шаҳрисабзлик Манзура Усмонова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам ўзи англаб-англамаган ҳолда ноқонуний қилмишга қўл урди. Аниқроғи, айни пайтда дунё ҳамжамиятининг долзарб муаммосига айланган гиёҳвандлик балосига қарши курашиш  ҳар бир шахс учун ҳам фарз, ҳам қарз бўлган бир даврда у ўз хонадонида гиёҳвандлик моддаси бўлган “марихуана” ўсимлигини гултувакда экиб, пинҳона парваришлаб келган. Бу қалтис ишни умр йўлдоши ва фарзандларидан ҳам сир тутгани ҳам унинг қинғир ниятда эканини яққол исботлайди. Аммо ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилганда унинг қилмиши ошкор бўлди.

Суриштирув ва тергов жараёнида Манзура Усмонова тегишли жазодан қутулиш илинжида турли хил важ ва баҳоналарни рўкач қилиб, сувдан қуруқ чиқиб кетишга уринди. Аммо рад этиб бўлмас далиллар унинг важларини тўлиқ инкор этди.

Айтиш керакки, жиноий қилмиш қай кўринишда бўлмасин, унга нисбатан жазонинг муқаррарлиги тайин. Шу боис судда Манзура Усмоновага нисбатан қонуний жазо тайинланди.

Азал-азалдан шоиру фузалолар, аҳли донишлар ўз асарларида аёл қалбини, унинг кўрку латофатини масъумлик тимсоли бўлган гулга қиёслаб келган. Бироқ М. Усмонованинг анвойи гуллар экиб, атрофни чаманзорга айлантириш ўрнига инсонни залолат  чоҳига етакловчи оғуни ўз қўли билан экиб, парваришлаб келаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Хулоса сифатида таъкидлаш жоизки, ўзи, оиласи, яқинлари, бутун жамият тақдирини ўйлаган ҳар бир киши гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиши зарур. Зеро, гиёҳвандлик инсон ҳаётига таҳдид солувчи энг хавфли иллатдир.

Шавкат ТУРДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Шаҳрисабз тумани суди раиси,

Абдунаби  БОБОЁРОВ,

журналист

#thegov_button_69cd73f1c1642 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cd73f1c1642:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cd73f1c1642 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cd73f1c1642:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!