Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00
photo_2026-06-30_10-17-35

СУД ҲОКИМИЯТИДА “ТЎРТИНЧИ ҲОКИМИЯТ” ФАОЛИЯТИ ЭЪТИРОФИ

Олий судда 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.

Олий суд раиси Р. Махмудова ўзининг соҳа вакиллари билан биринчи маротаба ўтаётган ушбу мулоқот аввалида судлар фаолиятини ёритишда алоҳида фаоллик кўрсатаётган журналистларни касб байрамлари билан самимий муборакбод этди.

“Адолат ва эркин матбуот, моҳиятан, бир хил эзгу мақсадга — ҳақиқатни юзага чиқариш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва жамиятда адолат туйғусини қарор топтиришга хизмат қилади. Суд ўз фаолиятини жамият кўз ўнгида, ошкора юритгандагина одамларнинг унга бўлган ишончи мустаҳкамланади. Шу маънода, журналист ва блогерлар суд билан халқ ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини бажаради”, – деди Олий суд раиси.

Р. Маҳмудова оммавий ахборот воситалари вакилларига юзланиб: “Олий суднинг эшиклари сиз учун доимо очиқ. Биз очиқ мулоқотга, саволларингизга холис ва ўз вақтида жавоб беришга, ишончли ахборот билан таъминлашга тайёрмиз. Журналистларни одил судловни амалга оширишдек масъулиятли ишда фаол ҳамкор деб биламиз. Жамиятнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, одамларга ўз ҳуқуқларини англатиш ишида сизлар билан ҳамжиҳат бўлишни истаймиз”, – деди.

Тадбирда таъкидланганидек, Президентимиз Ш. Мирзиёев томонидан илгари сурилган Янги Ўзбекистонни бунёд этиш ва жамиятимизда инсон қадрини таъминлашда халқимиз томонидан “Тўртинчи ҳокимият” дея эътироф этилган оммавий ахборот воситалари ҳеч шубҳасиз, муҳим ўрин тутади.

Очиқлик сиёсати — Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг ажралмас қисми эканлиги алоҳида қайд этилди.

Тадбирга таклиф этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази директорининг ўринбосари Ж.Абдураҳмонов, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Ш.Қудратхўжа ҳамда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Ж.Азимов судларнинг жамоатчиликка очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича муҳим қадамлар ташланаётганлигини эътироф этиб, жамиятнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришда суд ва матбуот ҳамжиҳат бўлишини таъкидладилар.

Очиқ ва самимий мулоқот шаклида ўтказилган учрашув давомида жамоатчилик ўртасида судлар фаолияти юзасидан тўғри ва холисона фикрларни шакллантириш мақсадида суд органлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги конструктив ҳамкорлик изчил давом эттирилиши алоҳида қайд этилди.

Кўтаринки кайфиятда ўтган тадбир сўнгида соҳа вакилларига эсдалик совғалари топширилди.

photo_2026-08-10_17-55-36

ҲУҚУҚИЙ ЖАМИЯТДА КОРРУПЦИЯГА ЎРИН ЙЎҚ

Аввало шуни айтиш керакки, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 22 июнь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун жамиятда коррупция иллатига қарши муросасиз курашни янги босқичга олиб чиқди.

Ушбу янги қонунга кўра, Жиноят кодексига бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, Жиноят кодексининг 73-моддаси янги “в1” банд билан тўлдирилди. Гап шундаки, 73-модда “Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш” дея номланган. Унда нафақат жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш талаблари, балки ушбу модда қўлланилмайдиган шахслар тоифаси ҳам қайд этилган.

Бинобарин, янги киритилган “в1” бандга асосан, ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлик, шунингдек, фирибгарлик учун ҳукм қилинган ва содир этган жинояти туфайли етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопламаган шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод этилмаслиги белгиланди.

Бундан ташқари кодексга “Коррупцияга оид жиноятлар” атамаси ҳам киритилди. Қолаверса, коррупцияга оид жиноятлар рўйхати ҳам ўз аксини топди. Шунингдек, ушбу кодекснинг 243-моддасида назарда тутилган жиноят коррупцияга оид жиноятларни содир этиш натижасида олинган даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ ҳолда содир этилган бўлса, бу ҳам коррупциявий жиноят сифатида баҳоланади.

Айтиш керакки, юқорида қайд этилган янги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш” деб номланган 175-8-моддаси ҳам мазмунан ва ҳажман бойитилди. Унга кўра, давлат хариди предметининг бошланғич нархи ва унинг ўртача бозор нархи ўртасида йўл қўйиладиган тафовутнинг энг кўп миқдорига нисбатан белгиланган талабни бузиш, бундан талон-торож қилиш ҳоллари мустасно, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.

Бундан ташқари янги қонун билан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчаларга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида — коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар, давлат органлари ва ташкилотларида эса, комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ташкил этилади.

Яна бир янгилик. Давлат органлари ва ташкилотлари, ҳудудлар ва соҳалар кесимида коррупция даражасини аниқлаш ва уни минималлаштириш мақсадида, коррупцияга оид хавф-хатарлар харитаси шакллантирилади.

Бунда коррупцияга оид жиноятчилик статистикаси, коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили, аҳолининг коррупцияга бўлган муносабати, коррупцияга қарши курашиш бўйича сиёсатнинг самарадорлигига доир маълумотлар, айни масалага масъул ҳамда дахлдор ташкилотларнинг ахборотига таянилади. Коррупцияга оид хавф-хатарлар харитаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан юритилади.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик натижасида тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш қонунда белгиланган тартибда, ваколатли давлат органининг, манфаатдор шахснинг аризасига асосан, суд томонидан амалга оширилади.

Ўзи меҳнат фаолиятини олиб бораётган давлат органида коррупцияга оид жиноят тўғрисида асосли хабар берган шахсга Коррупцияга қарши курашиш агентлигини олдиндан хабардор этмасдан 2 йил давомида интизомий жазо чораларини қўллашга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, ушбу янги қонун билан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг электрон реестри” деб номланган 27-1-модда билан тўлдирилди. Бунга кўра, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларнинг электрон реестри юритилади. Яъни Ички ишлар вазирлиги коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларга нисбатан айблов ҳукми қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан 3 иш куни ичида реестрга шахс ҳақидаги маълумотларни киритади.

Электрон реестрга киритилган шахслар тўғрисидаги маълумотлар Жиноят кодексида белгиланган судланганлик муддати давомида сақланади.

Қолаверса, бундай шахсларга нисбатан бир қатор чекловлар ҳам белгиланади. Хусусан, айни тоифадаги шахс давлат хизматига ишга қабул қилинмайди ва давлат мукофотлари билан тақдирланмайди. Унинг номзоди сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга кўрсатилмайди. Давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзоси бўлолмайди. Шунингдек, ўзи таъсис этган ва устав фондидаги улушининг 50 фоизидан кўпроқ қисмига ўзи эгалик қиладиган тадбиркорларнинг давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда иштирок этолмайди. Давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотларда ва давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларига тайинланмайди.

Электрон реестр Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда юритилади.

Албатта, бу борадаги ҳуқуқий асослар янада такомиллаштирилиб борилаверади. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган жамиятда коррупцияга ўрин йўқ.

Нодиржон КИМСАНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Косонсой тумани суди тергов судьяси

photo_2026-09-15_11-22-53

ЙЎЛ ТАЛАШИШ ФОЖИАСИ ЁКИ ЎЗАРО ҲУРМАТСИЗЛИКНИНГ АЧЧИҚ ОҚИБАТИ

Бу ҳаётда инсон умридан кўра азиз ва қимматли неъмат бўлмаса керак. Аммо баъзан арзимасдек кўринган гап-сўз, йўл талашиш, бир-бирига ён беришни истамаслик ёки жамоат жойидаги оддий одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этмаслик, оғир фожиага сабаб бўлади. Бир лаҳзалик ғазаб, ўйланмай айтилган ҳақорат, сабрсизлик ва қўлга совуқ қурол олиш — буларнинг барчаси инсон тақдирини бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин.

Наманган шаҳрида содир бўлган воқеа мисолида ҳам ана шу аччиқ ҳақиқатлар яна бир бор ўз тасдиғини топди. Йўлдаги оддий келишмовчилик, икки ҳайдовчининг бир-бирига йўл бермаслиги ва кейинги оғзаки тортишув охир-оқибат — инсон ўлими билан якунланди. Бир оила яқинидан айрилди, бошқа бир оила эса, судланган ота, турмуш ўртоқ ва фарзандлар тақдири билан юзма-юз қолди…

Суд ҳужжатларига кўра, Ҳасан Саримсоқов (исм-шарифлар ўзгартирилди) шу йил 22 март куни “Deepal SL03” русумли автомашинасида Наманган шаҳридаги бир томонлама йўналишли кўчада қарама-қарши ҳаракатланаётганида, “Дамас” автомашинасини бошқариб келаётган Алишер Турдиқулов билан йўл талашиб қолади. Оқибатда оғзаки тортишувдан сўнг вазият кескин тус олади.

А. Турдиқулов судланувчи Ҳ. Саримсоқовнинг чап юзига бир неча марта уради. Бундан Ҳ. Саримсоқовнинг ғазаби қўзийди ва у чўнтагидаги канцелярия пичоғини олиб, А. Турдиқуловнинг кўкрак қафаси чап томонига бир марта санчади. Ана шу зарба бир инсон ҳаётига нуқта қўйди.

Жароҳат ҳаёт учун муҳим аъзо соҳасига етказилгани сабабли А. Турдиқулов оғир аҳволда шифохонага олиб борилади. Аммо у Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалининг жонлантириш бўлимида вафот этади.

Фожиа шуни кўрсатадики, кўчада, йўлда ёки жамоат жойида юзага келган ҳар қандай низода энг муҳими, сабр, вазминлик ва ўзини тута билишдир.

Агар ўша куни икки томондан бири бир қадам ортга чекинганида, эҳтимол, бу фожиа юз бермасмиди?

Судланувчи судда қилмишидан пушаймонлиги, марҳумни ўлдириш нияти бўлмагани, уни шунчаки қўрқитмоқчи эканини билдирди. Аммо ҳуқуқий нуқтаи назардан ҳаёт учун муҳим аъзо — кўкрак қисмига пичоқ билан зарба бериш ўта хавфли ҳаракат ҳисобланади.

Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, жароҳат оғирлик даражасига кўра, ўлимга сабаб бўлувчи оғир тан жароҳати ҳисобланган.

Шу боис бундай воқеаларда “мен ўлдирмоқчи эмасдим” деган важ ҳуқуқий оқибатни енгиллаштирмайди. Чунки инсон ҳаёти учун хавфли жойга ўткир тиғли буюм билан зарба беришнинг оқибати қандай бўлиши мумкинлигини ҳар бир ақли расо инсон англаши аниқ.

Судда гувоҳ сифатида сўралган шахсларнинг кўрсатмалари воқеа қандай кечганини тўлиқ ойдинлаштирди. Гувоҳлардан бири Ҳ. Саримсоқов билан хўжалик моллари дўконига борганини ва қоғоз кесиш учун мўлжалланган ўткир тиғли пичоқ сотиб олинганини билдирган.

Шундан сўнг йўлда “Дамас” ҳайдовчиси билан тортишув содир бўлган. Ҳ. Саримсоқов йўлда давом этмоқчи бўлган, аммо марҳум уларни тўхтатиб, автомашина олдига келган ва жанжал давом этган. Жанжалдан сўнг гувоҳ ерда қон доғларини кўрган, Ҳ. Саримсоқов эса қўлидаги қоғоз кесишга мўлжалланган пичоқни кўрсатиб, уни А. Турдиқуловга санчиб олганини айтган.

Бу кўрсатмалардан маълум бўладики, йўлдаги тортишув, юзма-юз жанжал, қўл кўтариш ва пичоқ ишлатиш — ҳаммаси қисқа вақт ичида содир бўлган. Аммо шу қисқа вақт бир инсоннинг ҳаётдан бевақт кўз юмишига, иккинчисини эса, узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилишга етарли бўлган.

Дастлаб Ҳ. Саримсоқовга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “л” банди билан айб қўйилган. Бу банд, одатда, безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириш ҳолатларига нисбатан қўлланилади.

Бироқ суд иш ҳолатларини синчковлик билан ўрганиб, низо қандай бошлангани, ким жанжални давом эттиргани, воқеада безорилик аломатлари бор-йўқлигини таҳлил қилди. Суд хулосасига кўра, жанжал ўзаро йўл талашиш ва кейинги шахсий низо оқибатида юзага келган.

Шу сабабли суд Ҳ. Саримсоқовнинг ҳаракатини Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “л” бандидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисмига қайта малакалади. Яъни суд уни безорилик оқибатида одам ўлдиришда эмас, балки қасддан одам ўлдиришда айбдор деб топди.

Бу ерда суднинг ёндашуви муҳим: айблов ҳукми тахминларга эмас, ишончли далилларга асосланиши керак. Жиноят ишида ҳар бир ҳолат — судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам уни оқлайдиган, жавобгарлигини енгиллаштирадиган ёки оғирлаштирадиган омиллар ҳар томонлама текширилиши лозим.

Жазо тайинлашда суд иш ҳолатлари, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, судланувчининг шахси, воқеанинг келиб чиқиш сабаблари, жабрланувчининг қонуний вакили даъво қилмагани ва бошқа ҳолатларни инобатга олди. Натижада Ҳ. Саримсоқовга суд ҳукми билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини тута билиши керак. Йўл — муштлашиш майдони эмас. Кўча — ҳақорат қилиш жойи эмас. Жамоат жойи — бировга ўзини кўрсатиш, кучини намойиш қилиш ёки ғазабини кўрсатиш майдони эмас.

Гувоҳи бўлганингиздек, жамоат жойида бир-бирини ҳурмат қилмаслик охир-оқибат кескин муносабатларга олиб келади. Айниқса, йўл ҳаракатида бу ҳолат янада хавфли. Чунки ҳайдовчи асабийлашса, нафақат ўзи, балки йўловчи, пиёда ва бошқа ҳаракат иштирокчилари ҳаётини ҳам хавф остига қўяди.

Йўлдаги маданият — фақат қоидага амал қилиш эмас. У инсоннинг ички тарбияси, бошқаларга муносабати ва жамоат хавфсизлигига масъулият билан қараши ҳамдир.

Ота-оналар фарзандларига ёшлигидан жамоат жойида ўзини қандай тутишни, бировни ҳақорат қилмасликни, муаммони муомала билан ҳал қилишни ўргатишлари зарур. Мактаб, маҳалла, оила ва оммавий ахборот воситалари ҳам бу масалада доимий тарғибот ишларини олиб боришлари керак, назаримизда.

Чунки одамлар бир-бирини ҳурмат қилмаган жойда низо кўпаяди. Низо кўпайган жойда зўравонлик хавфи ортади. Зўравонлик эса, кўпинча ўзидан оғир оқибатлар қолдиради.

Иброҳимжон ЖАББОРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Наманган шаҳар суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2026-07-22_14-41-37

ЭРНИНГ АЁЛИ ОЛДИДАГИ МАЖБУРИЯТИ – НАФАҚАТ МАЪНАВИЙ БУРЧ, БАЛКИ ҚОНУН ТАЛАБИ ҲАМДИР

Тасаввур қилинг, эр-хотин ўзаро келишмовчилик ёки бошқа сабабларга кўра, маълум вақтдан буён бирга яшамаяпти. Аёл ҳомиладор. Ана шундай вазиятда, бўлажак она, гарчи ҳали фарзанди туғилмаган бўлса ҳам, турмуш ўртоғидан ҳомиладорлик даврида ўзининг таъминоти учун алимент ундириши мумкин. Чунки қонун талаби шундай.

Яқинда фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро судида айни шу мазмундаги иш кўриб чиқилди. Фарида Холмуродова (исм-шарифлар ўзгартирилган) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар Зойирбек Рустамов билан 2025 йил октябрь ойида қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурганлигини, бироқ ҳозирда иккиси бирга яшамаётгани, айни вақтда ҳомиладор эканлиги сабабли меҳнат қилиш имконияти йўқлигини маълум қилган ҳамда турмуш ўртоғи унинг таъминоти учун моддий ёрдам бермаётгани боис ундан ҳар ойда 2 миллион сўмдан алимент ундириб беришни сўраган.

Туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси мутахассисларининг текширув хулосаларига кўра, даъвогар ҳақиқатан ҳам, олти ойлик ҳомиладор эканлиги маълум бўлган.

Ўз навбатида, Зойирбек Рустамов даъвони тан олмай, ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда эр-хотин бирга яшамаётганини билдирган. Айни чоғда, бир ойда ўртача 6-7 миллион сўм даромад қилишини, агар аёли у билан бир оила бўлиб яшаса, таъминот беришини, акс ҳолда, алимент тўлашга қарши эканлигини баён қилган.

Хўш, бундай вазиятда қонун талаби нимадан иборат?

Бунга жавобан айтиш керакки, Оила кодексининг 117-моддасига кўра, эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Бундай ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин, шунингдек, хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб, уч йил давомида, ўртадаги ногирон бола ўн саккиз ёшга тўлгунча ёки болаликдан I гуруҳ ногирони бўлган ўртадаги болага қараган ёрдамга муҳтож эр (хотин) ёрдам беришга қодир бўлган хотин (эр)дан суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга.

Мазкур кодекснинг 119-моддаси талабига кўра, эр-хотин (собиқ эр-хотин) ўртасида алимент тўлаш тўғрисида келишув мавжуд бўлмаган ҳолларда, эр ёки хотинга (собиқ эр ёки хотинга) суд тартибида ундириб бериладиган алимент миқдори суд томонидан эр ёки хотиннинг (собиқ эр ёки хотиннинг) моддий ва оилавий аҳволини ҳамда тарафларнинг эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини инобатга олиб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади, бироқ бу сумма қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг 11,5 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.

Суд иш ҳолатини батафсил ўрганиб, қонун талабларига асосан, даъвогар Фарида Холмуродованинг фойдасига жавобгардан ҳомиладорлик даври тугагунига қадар ҳар ойда 500 минг сўм миқдорида алимент ундиришни лозим деб топди.

Хулоса қилиб айтганда, қонунларимиз инсонийлик тамойиллари, миллий ва умуминсоний қадриятлар мезонларига таянади. Бунда ҳуқуқ объектига тааллуқли ҳеч бир ҳолат эътибордан четда қолмайди.

Жасуриддин Абдусаттаров,

фуқаролик ишлари бўйича

Ғаллаорол туманлараро суди раиси

photo_2026-07-08_10-34-06

ГИЁҲВАНДЛИКДЕК ХАВФЛИ ИЛЛАТГА ҚАРШИ КУРАШИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

Гиёҳвандлик фақат бир шахснинг соғлиғига эмас, балки оила, маҳалла, жамият хавфсизлиги ва миллат генофондига таҳдид соладиган оғир ижтимоий иллатдир. Бу иллат инсонни ҳалол меҳнатдан, илмдан, оиладан ва охир-оқибат ҳаёт неъматидан ҳам батамом маҳрум қилади.

Шу боис, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки бутун жамиятнинг масъулиятли вазифасидир.

Президентимиз томонидан 2026 йил 11 июнда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашишга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун айни шу мақсадга қаратилган.

Мазкур қонун билан гиёҳвандликка қарши курашиш соҳасида жавобгарлик чораларини аниқлаштириш ва кучайтиришга оид муҳим ҳуқуқий механизм белгилаб берилди.

Айтиш керакки, ушбу янги қонун билан Жиноят кодексига янги жиноят таркиблари билан боғлиқ муҳим ўзгартишлар киритилмоқда. Шу билан бирга, Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан боғлиқ махсус қонун ҳужжатларига ҳам мувофиқлаштирувчи ўзгартишлар киритилди.

Бунинг эътиборли жиҳати шундаки, Жиноят кодексининг XIX боби “Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар” йўналишида такомиллаштирилмоқда. Бундай ёндашув гиёҳвандликка қарши курашиш фақат жиноятчиликни жиловлаш эмас, балки аҳоли саломатлиги, ёшлар келажаги ва миллий генофондни ҳимоя қилиш масаласи ҳам эканини кўрсатади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 276-1-моддасидан 276-13-моддасигача янги нормалар билан тўлдирилмоқда. Жумладан, кодекснинг 276-1-моддаси “Ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш”, 276-1-модда “Бангихона ташкил қилиш ёки сақлаш”, 276-3-модда “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ёки кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига ҳомийлик қилиш” каби нормалар билан тўлдирилди.

Бу нормалар наркожиноятчилик занжирининг фақат сотиш ёки истеъмол босқичини эмас, балки ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, тарғиб қилиш, ҳомийлик қилиш ва вояга етмаганларни жалб этиш каби хавфли кўринишларини ҳам қамраб олади.

Янги қонундаги энг муҳим янгиликларидан бири – гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш ёхуд қайта ишлаш мақсадида, ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш алоҳида жиноят сифатида белгиланганидир.

Бундай қилмиш учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Агар жиноят такроран, бир гуруҳ шахслар томонидан, кўп миқдорда ёки бошқа оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилса, жавобгарлик янада кучайтирилади.

Нарколаборатория оддий сақлаш жойи эмас, балки гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни тайёрлаш, қайта ишлаш ёки кимёвий синтез қилишга хизмат қиладиган яширин жиноий марказдир.

Бундай нарколабораторияда тайёрланган моддаларнинг таркиби кўпинча номаълум бўлади. Уларнинг инсон организмига салбий таъсирини олдиндан аниқлаб бўлмайди, бир марталик истеъмол ҳам оғир заҳарланиш, руҳий бузилиш, қарамлик ёки ўлимга олиб келиши мумкин.

Шунинг учун нарколабораторияни алоҳида жиноят ўчоғи сифатида белгилаш амалиёт учун ҳам, профилактика учун ҳам муҳим қадамдир.

БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси – UNODC маълумотларига кўра, 2023 йилда дунё бўйича 316 миллион нафар киши алкогол ва тамакидан ташқари гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилган.

Бу 15-64 ёшдаги дунё аҳолисининг 6 фоизини ташкил этади. Энг кўп истеъмол қилинган гиёҳвандлик моддаси каннабис бўлиб, ундан 244 миллион киши фойдаланган. Ундан кейин опиоидлар – 61 миллион, амфетаминлар – 30,7 миллион, кокаин – 25 миллион ва экстази – 21 миллион киши қайд этилган.

Гиёҳвандликнинг энг фожиали оқибати – ўлим. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда, тахминан, 600 минг ўлим гиёҳвандлик моддалари истеъмоли билан боғлиқ бўлиб, шуларнинг қарийб 450 минги опиоидлар “ҳиссаси”га тўғри келади.

Бугунги кунда дунё бўйича 64 миллионга яқин киши гиёҳвандликка қарамлик ва у билан боғлиқ касаллик­лардан азият чекмоқда. Бу рақамлар гиёҳванд­лик фақат оғир жиноят эмас, балки жаҳон соғлиқни сақлаш тизими учун катта хавф эканини англатади.

Айтиш керакки, янги қонун билан бангихона ташкил қилиш ёки сақлаш учун ҳам жавобгарлик аниқ белгиланди. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилиш ёхуд тарқатиш мақсадида, махсус жой ташкил этган ёки сақлаган шахслар 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ушбу норма бундай жойларнинг ижтимоий хавфини тўғри баҳолайди.

Чунки бангихона фақат истеъмол жойи эмас, балки янги истеъмолчиларни жалб қилиш, гиёҳвандликни тарқатиш ва жиноий муҳитни шакллантириш нуқтасидир.

Шунингдек, янги қонунда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига ҳомийлик қилиш учун ҳам алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланган. Бундай ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.

Бу муҳим янгиликдир, чунки наркожиноятчилик, одатда, фақат сотувчи ва харидордан иборат эмас. Унинг ортида молиялаштирувчи, жой билан таъминловчи, ташишга кўмаклашувчи, алоқа ўрнатувчи ва жиноий фаолиятни яширин бош­қарувчи шахслар ҳам туради.

Бундан ташқари янги қонунда кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни ўғирлик ёки фирибгарлик орқали қонунга хилоф равишда эгаллаш учун ҳам жавобгарлик назарда тутилган. Бу норма, айниқса, дорихона, тиббиёт муассасаси, омбор, лаборатория ёки бошқа махсус жойларда сақланадиган кучли таъсир этувчи моддаларнинг ноқонуний айланмага чиқиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади.

Бугунги кунда гиёҳвандлик жиноятчилиги тобора рақамлашиб бормоқда.

Интернет, мессенжерлар, яширин тўловлар, сохта дорилар, ниқобланган реклама ва ижтимоий тармоқлар орқали ёшларни алдов йўли билан жалб қилиш ҳолатлари кўпаяётгани дунё ҳамжамиятини хавотирга солмоқда.

Шунинг учун содир этилган жиноятга нисбатан жазони кучайтириш билан бирга, профилактика, ҳуқуқий тарғибот, таълим муассасаларида огоҳлик ишлари, ота-она ва маҳалла назорати ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Гиёҳвандликка қарши курашда энг самарали йўл – жиноят содир этилгандан кейин жазолаш билан чекланиш эмас, балки унинг олдини олишдир. Ёшларга “бир марта синаб кўриш” ҳам бутун умрни заволда қолдирадиган фожиага айланиши мумкинлигини барвақт тушунтириш шарт. Наркотик модда инсонни аввал қизиқиш, кейин қарамлик, сўнгра жисмоний ва маънавий таназзул сари етаклашини ҳеч қачон унутмаслик керак.

Хулоса қилиб айтганда, нарколаборатория ташкил этиш учун жавобгарликнинг алоҳида жиноят сифатида белгиланиши ҳуқуқий сиёсатда муҳим қадамдир. Бу қадам гиёҳвандликнинг илдизига – уни ишлаб чиқариш, тайёрлаш ва тарқатиш манбаларига қарши қаратилган.

Қонуннинг мақсади — фақат жазолаш эмас, балки аҳоли саломатлигини, жамоат хавфсизлигини ва келажак авлодни ҳимоя қилишдир.

Гиёҳвандлик, ҳақиқатан ҳам, умр заволи, унга қарши курашиш эса, ҳар бир фуқаронинг виждоний ва ҳуқуқий бурчидир.

Зарифа Аҳмедова,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд шаҳар суди судьяси

photo_2026-06-16_11-31-52

СУД ТИЗИМИДА КОМПЛАЕНС: ОДОБ-АХЛОҚ ВА ҲАЛОЛЛИКНИНГ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТЛАРИ

Суд залига кирган ҳар бир инсон, аввало, манфаати, ҳуқуқи тикланиши ёки тақдири ҳал бўлишини кутади. Шу пайтда у нафақат судьяга, балки бутун бир тизимга ишонади.

Ана шу ишонч — ҳуқуқий давлатнинг энг нозик, лекин энг муҳим устуни. Уни сақлаб қолиш учун фақат адолатли ҳукм чиқариш кифоя қилмайди. Бунда суд муассасасининг ҳар бир ходими, ҳар бир жараёни ва ҳар бир қарори ҳам шу ишонч тасдиғи учун хизмат қилиши шарт.

Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Президенти томонидан 2026 йил 8 июнда имзоланган «Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармоннинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки ушбу муҳим ҳужжат айнан суд тизимида коррупцияга қарши «фавқулодда ҳолат» эълон қилинган масъулиятли бир даврда қабул қилинди.

Судья сифатида кундалик амалиётда шуни кузатаманки, суд тизимига бўлган умумий ишонч кўп жиҳатдан нафақат чиқарилган ҳукм ёки қарорнинг сифатига, балки суд муассасасини бошқарувчи ички маданият ва тизимга ҳам боғлиқ бўлади. Шу маънода, мазкур Фармон аввало ана шу ички тизимни ислоҳ қилишга қаратилгани билан ғоятда аҳамиятлидир.

Фармонда учта стратегик мақсад белгиланди. Яъни:

биринчи мақсад — судларда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашнинг профессионал тизимини жорий этиш орқали коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт бартараф этиш;

иккинчи мақсад — суд аппарати ишга қабул қилишда шаффоф тартиб-таомилларга асосланган танлов ва меритократия тамойилини жорий этиш;

учинчи мақсад — суд тизимига жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ва суд органларини Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотларнинг амалий иштирокчисига айлантиришдан иборат.

Фармонда белгилаб берилган вазифалар тўрт асосий йўналишга қаратилган. Бу ўринда суд аппарати ходимлари ўртасида коррупциянинг олдини олиш; Комплаенс назорат хизматини таъсис этиш; судьялар корпусида коррупцияга муросасизлик маданиятини шакллантириш ва Фармон ижросини таъминловчи механизмлар ҳақида сўз бормоқда.

Ҳар бир йўналиш учун аниқ муддатлар, масъул идоралар ва «йўл харитаси» белгиланган. Бу, ўз навбатида, Фармоннинг том маънода тизимли асосда ижро этилишини таъминлайди.

Фармоннинг энг муҳим ташкилий янгилиги — Олий суд аппаратида Комплаенс назорат хизматини таъсис этишдир. Хизмат Олий суд раисига бевосита бўйсунади ва 3 та штат бирлигидан иборат.

Бундан ташқари Ҳарбий суд, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида жами 15 та комплаенс инспектори лавозими жорий этилади.

Комплаенс назорат хизматининг вазифалари кенг. Хизмат, хусусан, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш; касб этикасига риоя этилишини доимий кузатиш; ишга қабул қилиш жараёнида ошкоралик ва холисликни таъминлаш; ходимлар ва уларнинг оила аъзолари — турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини юритиш билан шуғулланади.

Айниқса, пора таклиф этиш ҳолатлари ҳақида ходим томонидан хабар бериш тизимини ва фуқаролар учун хавфсиз алоқа каналларини жорий этиш талаб­лари алоҳида диққатга сазовор. Бу янги ташаббуслар халқаро комплаенс амалиётининг тамал тоши ҳисобланади.

Фармонда суд аппаратини бошқаришда тубдан янги HR-меритократик ёндашув кўзда тутилмоқда. Жумладан, «vacancy.sud.uz» порталини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш назарда тутилган. Мазкур платформа орқали суд аппаратидаги барча вакант лавозимлар очиқ рақобатли танлов асосида эълон қилинади. Номзодлар сунъий интеллект ёрдамида саралаш, тест ва кўникмалар баҳолашидан ўтказилади.

«SudHR» электрон платформаси эса, суд тизимида ходимлар билан ишлашнинг замонавий услубларини жорий этишга қаратилган. Ходимнинг фаолияти мониторинги, касбий ўсиш йўли, малака ошириш режаси ва самарадорлик баҳоси — буларнинг барчаси рақамли, шаффоф ва объектив тарзда амалга оширилади.

Дунё тажрибасига назар ташласак, комплаенс тизими самарадорлигини яққол исботлаган давлатлар кўплигини кўрамиз.

АҚШда федерал судьялар учун молиявий ошкоралик ва манфаатлар тўқнашуви бўйича қатъий талаблар амал қилади. Германия ва Францияда давлат хизматчилари фаолиятида коррупциявий хавфларни баҳолаш ва ички назорат тизимлари кенг йўлга қўйилган.

Сингапур тажрибаси бу борада алоҳида ўрин тутади. Бугун Сингапур дунёнинг коррупция даражаси энг паст мамлакатлари қаторида турибди.

Аммо бу ҳолат ўз-ўзидан вужудга келмаган. Ўн йиллар давомида давлат бошқарувида комплаенс ва ички назоратга тизимли ёндашилган: жазолашдан кўра жиноятнинг олдини олиш принципи белгиланган, давлат хизматчилари учун юқори ахлоқ-одоб стандартлари жорий этилган, декларация тизими ва меритократия тамойили қатъий таъминланган.

Рақамлаштириш эса, инсон омили таъсирини минималлаштирган.

Жанубий Корея ҳам давлат хизматини рақамлаштириш, ички аудит ва профилактик чоралар орқали бошқарув самарадорлигини сезиларли оширди.

Ўзбекистон Президентининг Фармонида назарда тутилган чора-тадбирлар айнан шу хорижий тажрибаларнинг мантиғига таянади ва уни юртимиз суд тизимига мослаштиради. Шу нуқтаи назардан, Фармон чуқур ўйланган стратегик қадамдир.

Фармон суд тизимида коррупцияга қарши курашни янги поғонага кўтаришга қаратилган. Энди бу кураш фақат интизомий жазо ва тергов орқали эмас, тизимли профилактика, шаффоф жараёнлар ва мус­тақил ички назорат орқали олиб борилади.

Эътибор беринг: комплаенс хизматини таъсис этиш, vacancy.sud.uz ва SudHR платформалари, декларация тизими, ISO 37001 стандарти — буларнинг барчаси бир-бирини тўлдирувчи яхлит тизим ҳисобланади.

Фармоннинг энг муҳим жиҳати шундаки, у коррупцияни фақат индивидуал иллат сифатида эмас, балки тизимли муаммо сифатида кўради ва унга қарши курашда тизимли ечимни таклиф қилади.

Хулоса қилиб айтганда, комплаенс суд тизимининг ҳар бир ходими ва судьянинг кундалик хатти-ҳаракатларида мунтазам акс этадиган қадрият, яъни халқ ишончини қозонишга хизмат қиладиган етук маданиятдир.

Президент Фармони ана шу маданиятни шакллантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратди.

Зиёда Иноятова,

Тошкент туманлараро

маъмурий суди судьяси

photo_2026-06-16_11-31-52

ЯНГИ ФАРМОН: СУДЛАРДА КОМПЛАЕНС НАЗОРАТ ТИЗИМИ САМАРАДОРЛИГИ ТУБДАН ОШИРИЛАДИ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, одил судловнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, судларга нисбатан жамият ишончини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, давлат органлари ва ташкилотларида комплаенс-назорат тизимлари босқичма-босқич жорий этилди.

Бироқ суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, хизмат этикаси талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш ҳамда ходимларнинг шахсий масъулиятини ошириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари томонидан 2026 йил 8 июнда “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди.

Фармон мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлиб, у суд тизимида ҳалоллик, шаффофлик ва ҳисобдорлик муҳитини янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Фармоннинг биринчи бўлимида учта стратегик мақсад белгилаб берилган.

Биринчи мақсад – судларда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашнинг профессионал тизимини яратиш ҳамда коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт бартараф этиш. Бу ўринда асосий эътибор коррупция оқибатларига эмас, балки унинг сабабларини бартараф этишга қаратилмоқда.

Иккинчи мақсад – суд аппарати ходимларини ишга қабул қилишнинг мутлақо янги, очиқ ва шаффоф тизимини жорий этиш. Энди кадрларни танлашда меритократия, яъни билим, қобилият, малака ва шахсий фазилатлар асосий мезон бўлади.

Учинчи мақсад – суд тизимига бўлган жамоатчилик ишончини янада мустаҳкамлаш ва суд органларини Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг фаол иштирокчисига айлантиришдан иборат.

Фармоннинг энг муҳим янгиликларидан бири суд тизимида Комплаенс назорат хизматининг ташкил этилишидир. Ушбу хизмат суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олиш, манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва тартибга солиш билан шуғулланади.

Гап шундаки, Олий суд аппаратида бевосита Олий суд раисига бўйсунувчи 3 нафар ходимдан иборат Комплаенс назорат хизмати ташкил этилмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси суди, ҳарбий суд, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида жами 15 та комплаенс инспектори лавозими жорий этилмоқда.

Бу тузилманинг бевосита Олий суд раисига бўйсуниши унинг мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, Фармонга мувофиқ:

– судьялар корпусида коррупциянинг олдини олиш вазифаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Суд инспекциясига;

– суд аппарати ходимлари ўртасида коррупциянинг олдини олиш вазифаси эса, Олий суднинг Комплаенс назорат хизматига юклатилмоқда.

Бу ваколатларнинг аниқ ажратилиши масъулиятни кучайтиради ҳамда назорат самарадорлигини оширади.

Фармоннинг 4-бандида Комплаенс назорат хизматининг кенг кўламли вазифалари белгиланган. Улар жумласига:

– коррупциявий хавфларни аниқлаш ва баҳолаш;

– коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш;

– ходимлар томонидан касб этикасига риоя қилинишини назорат қилиш;

– ишга қабул қилиш жараёнларида шаффофликни таъминлаш;

– номзодларни коррупцияга қарши текширувдан ўтказиш;

– ходимларда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш;

– даромад ва мол-мулк декларацияси тизимини юритиш;

– маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчиликнинг олдини олиш;

– коррупция ҳақида хабар берувчиларни ҳимоя қилиш;

– хавфсиз алоқа каналларини жорий этиш каби муҳим вазифалар киради.

Мазкур вазифалар халқаро антикоррупция стандартларига тўлиқ мос келади.

Фармон асосида декларация тизими жорий қилинмоқда. Яъни энди судьялар, суд аппарати ходимлари, уларнинг турмуш ўртоқлари, вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулки ҳақида маълумотлар тақдим этилади.

Бу тизим коррупция хавфларини барвақт аниқлаш ва яширин манфаатларнинг олдини олиш имконини беради.

Фармон билан илк бор суд тизимида коррупция ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш механизми жорий этилмоқда.

Бу норма халқаро амалиётда “Whistleblower protection” деб аталади.

Энди коррупция ёки пора таклифи ҳақида хабар берган ходим давлат ҳимоясида бўлади. Бу эса, яширин коррупция ҳолатларини фош этиш имкониятларини кенгайтиради.

Фармонда суд аппарати ходимларига нисбатан янги чекловлар ҳам белгиланди. Бу чекловлар суд тизими ходимларининг мустақиллиги ва холислигини таъминлашга қаратилган. Жумладан:

– коррупция жиноятлари учун судланган шахсларни ишга қабул қилиш тақиқланади;

– давлат органларидан ножўя хатти-ҳаракатлари учун бўшатилган шахслар уч йил мобайнида қабул қилинмайди;

– тадбиркорлик билан шуғулланиш тақиқланади;

– хорижда ҳисобварақ ва мол-мулкка эга бўлиш чекланади;

– сиёсий ва бошқа манфаатлар йўлида хизмат вазифасини бажаришга йўл қўйилмайди.

Фармон кадрлар сиёсатида туб ўзгаришларни назарда тутади. Хусусан, 2026 йил якунига қадар очиқ танлов тизими жорий этилади; “vacancy.sud.uz” портали ишга туширилади; “SudHR” электрон платформаси яратилади; сунъий интеллект асосида номзодларни саралаш механизмлари жорий қилинади.

Буларнинг барчаси, ўз навбатида, инсон омилини камайтириш ва таниш-билишчилик ҳолатларига барҳам беришга хизмат қилади.

Фармон билан судьялар корпусига ҳам қатор янги вазифалар юкланди.

Жумладан:

– коррупцияга қарши барқарорлик диагностикаси ўтказилади;

– судьяликка номзодларнинг ҳалоллик даражаси баҳоланади;

– “реал кейслар” асосида ўқув дастурлари жорий қилинади;

– Одил судлов академиясида ички хавфсизлик хизмати ташкил этилади;

– Академия ISO 37001 халқаро стандарти бўйича аудитдан ўтказилади.

Бу чоралар судьялар корпусининг профессионал ва ахлоқий барқарорлигини таъминлашга қаратилганлигини англатади.

Фармонда суд ишларини автоматик тақсимлаш тизимини янада такомиллаштириш вазифаси ҳам белгиланди. Бунинг натижасида ишларни тақсимлаш мезонлари аниқ белгиланади; қайта тақсимлаш жараёни шаффоф бўлади; ишларни асоссиз бошқа судьяга ўтказиш ҳолатлари бартараф этилади.

Бу эса, одил судловнинг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади.

Фармонда коррупциявий хавфларни бошқариш бўйича махсус электрон тизим яратиш назарда тутилган. Ушбу тизим:

– шубҳали операцияларни аниқлайди;

– интизом бузилишларини мониторинг қилади;

– коррупция хавфларини баҳолайди;

– профилактик чораларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Мазкур Фармон суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг янги институционал моделини яратмоқда. Аввал асосий эътибор ҳуқуқбузарликни аниқлаш ва жазолашга қаратилган бўлса, эндиликда коррупциянинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш устувор вазифага айланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Президентининг “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Фармоннинг тўлиқ ва самарали ижроси натижасида:

– коррупциявий хавфлар камаяди;

– суд тизимида меритократия қарор топади;

– кадрлар сиёсати шаффофлашади;

– судьялар ва суд аппарати ходимларининг масъулияти ортади;

– аҳолининг судларга бўлган ишончи мустаҳкамланади;

– Янги Ўзбекистонда адолатли суд тизимини шакллантиришга мустаҳкам замин яратилади.

Акмал Муродов,

Олий суд судьяси

photo_2026-07-13_16-14-02

ГИЁҲВАНДЛИК — АСР ВАБОСИ

Инсоният неча минг йиллик тараққиёти давомида илмий изланишлари ва амалий фаол фаолияти туфайли барча соҳалар каби маданият ва маърифатда ҳам юксак натижаларга эришди. Бироқ шундай бир иллат борки, у илмни ҳам, маърифатни ҳам, умуман олганда, барча инсоний қадриятларни бир зумда вайрон қилиб юборади. Бу — гиёҳвандлик иллати. Унинг зарари бутун оила, жамият, миллат ва инсоният ҳаётини таҳлика остида қўйиши мумкин.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, гиёҳванд моддалар, энг аввало, инсон миясини бузади: аввалига “бахт гормони” деб аталган дофаминни сунъий кўпайтириб, юзаки лаззат ҳиссини беради. Бир неча дақиқалик “фароғат” туйғусидан кейин эса, азобли занжир қисми бошланади: юрак ва қон томир тизими бузилиши натижасида қон босими кескин ўзгариб, томирлар тортилади, юрак “чарчаб” ишдан чиқади, жигар ва буйрак фаолияти сусаяди, иммун тизими заифлашади, организмнинг вирус ва бактерияларга қарши курашиш қобилияти пасайиб, энг кичик инфекция ҳам оғир хасталикларни келтириб чиқаради. Бундан ҳам ёмони, гиёҳвандлик инсон руҳини сўндиради, у оилага меҳр-муҳаббатни, ота-­онани, яқин оғайниларни, ҳаёт мазмунини ҳис этмай қўяди. Ана шу руҳий қарамлик уни жиноятга етаклайди: пул учун на ўғирликдан, на фирибгарликдан, на хиёнатдан — ҳеч нарсадан тап тортмайди.

Афсуски, сўнгги йилларда дунё миқёсида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи кескин ортиб бормоқда.

Бу иллатга қарши курашиш учун давлат даражасида чора-тадбирлар кўрилаётгани бежиз эмас. Ҳаётимизда наркожиноятлар билан боғлиқ ташвишли ҳолатлар учраб турибди. Жумладан, жиноят ишлари бўйича Кўкдала туман судида гиёҳвандлик ўсимликларини етиштириб, парваришлаб келган шахсга доир жиноят иши кўриб чиқилгани ҳам бунга бир мисолдир.

Гап шундаки, Ғ. Жумаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) етиштириш тақиқланган “каннабис” ўсимлигини ўзининг Кўкдала тумани, Сойбўйи маҳалласидаги ҳовлисида экиб, парваришлаб келаётган экан.

Шу ўринда Ғ. Жумаевнинг шахсига оид маълумотларга назар ташласак, унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судининг 2009 йил 10 июлдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан 10 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Кейинчалик у амнистия актига асосан, жазодан озод этилган.

Буни айтишдан мақсад шуки, у суд томонидан тайинланган ушбу жазодан тегишли хулоса чиқариб, ҳаётда тўғри йўлни топиш ўрнига яна жиноий қилмишга қўл урди. Аниқроқ айтганда, 2026 йил 23 февралда Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган махсус тезкор профилактик тадбир давомида Ғ. Жумаев томорқасида 65 дона “каннабис” ўсимлигини етиштириб келаётгани аниқланди ва холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

Шунингдек, унинг хонадонидан 1 дона оқ рангли қоғозга ўралган 2 грамм миқдордаги марихуанна гиёҳвандлик воситаси ҳам топилган.

Судда судланувчининг айби гувоҳларнинг кўрсатмалари, жиноят ишида мавжуд далиллар билан тўлиқ исботини топди.

Суд Ғ. Жумаевга Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми, 276-моддаси 1-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан, Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Мазкур жиноят иши яна бир бор гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳар қандай қонунбузарлик муқаррар равишда жавобгарликка сабаб бўлишини кўрсатади.

Гиёҳвандлик инсоннинг нафақат соғлиғини, балки унинг келажаги, оиласи ва жамиятдаги ўрнини ҳам издан чиқаради. Шунинг учун ҳар бир фуқаро бу иллатнинг аянчли оқибатларини англаб, қонунларга риоя қилиши, ёшларни эса, соғлом турмуш тарзи ва эзгу қадриятлар руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиши зарур.

Ўктам РАСУЛОВ

жиноят ишлари бўйича

Кўкдала тумани суди раиси

photo_2026-06-08_16-33-44

МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚ БЎЙИЧА ЕВРООСИЁ КОНГРЕССИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Остона шаҳрида “Маъмурий судлов ва унинг қонун устуворлигини таъминлашдаги ўрни” форуми бўлиб ўтди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев форум делегатларини қутлар экан, маъмурий судловнинг аҳамияти ҳақида сўз юритиб, тадбирда соҳага доир муҳим таклиф ва ташаббуслар ишлаб чиқилишига ишонч билдирди.

Анжуманда Германия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия, Тожикистон судлари вакиллари қаторида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Шуҳрат Полванов бошчилигидаги делегация иштирок этди.

Форум доирасида Маъмурий ҳуқуқ бўйича Евроосиё конгрессини ташкил этиш юзасидан Остона декларацияси имзоланди.

Имзоланган декларация келгусида Евросиё конгрессини ҳар йили ўтказиб бориш, оммавий ҳуқуқий муносабатлар бўйича судлар томонидан одил судловни амалга ошириш, қонунийликни мустаҳкамлаш ва адолатни қарор топтириш, шунингдек самарали суд ҳимоясини кафолатлаб, судьяларнинг доимий касбий тайёргарлиги ва малакасини оширишни назарда тутади.

Тадбирда Олий судлар делегациялари ўртасида маъмурий судлов бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, ишонч ва дўстликка асосланган алоқаларни янада ривожлантириш муҳимлиги таъкидланиб, суд фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтириш, одил судловни амалга оширишда ҳуқуқий масалалар бўйича маълумот ва тажриба алмашиш ҳамда бу борадаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга келишиб олинди.

photo_2026-09-10_17-50-02

САРХУШЛИК КЕЛТИРГАН НОХУШЛИК

Маълумки, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголи ичимликдан мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқариши кутилмаган фожеаларга сабаб бўлиши мумкин. Шу боисдан ҳам, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддасига мувофиқ, бундай ҳолатлар транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан уч йил муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга асос бўлади.

Агар худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса-чи?

Бундай вазиятда айни ҳуқуқбузарлик базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солиш ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланишига олиб келади.

Шунингдек, 2025 йил 20 февралдаги қонун билан Жиноят кодексига ҳам транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Аниқроқ айтганда, Жиноят кодексининг 261-1-моддасига кўра, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқариши, шундай қилмиш ёхуд мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл­идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида эканлигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаганлиги учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар ҳайдовчи биринчи маротаба маст ҳолатда транспорт воситасини бошқарса, унинг ҳаракатлари маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида квалификация қилинади. Аммо ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилгандан кейин такроран транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарса, унинг ҳаракатлари жиноят сифатида баҳоланади ва у жиноий жавобгарликка тортилади.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, Қ. Бобожонов (исм-шарифлар ўзгартирилди) транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаса-да, 2026 йил 1 январь куни ўғлига тегишли бўлган “COBALT” русумли автома­шинани амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 12 ва 77-бандлари талабларини бузиб, маст ҳолда бошқариши оқибатида йўл транспорт ҳодисасини содир этган.

Аниқроғи, Ш. Абдуллаев бошқарувидаги автомашина билан тўқнашган.

Мазкур маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш 2026 йил 9 январь куни жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир тумани суди томонидан кўриб чиқилди. Суд Қ. Бобожоновни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси 2-қисми ва 133-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир қилганликда айбдор деб топди ва узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.

Шунингдек, Қ. Бобожоновга қонун талаблари, жумладан, такроран спиртли ичимлик исмеъмол қилиб транспорт воситаларини бошқариш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши тушунтирилган. Лекин “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек, Қ. Бобожонов суд томонидан тайинланган маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиққач, яна спиртли ичимлик истеъмол қилиб транспорт воситасини бошқарган ва йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Аниқроқ айтганда, у 2026 йил 12 апрелда ўғлига тегишли “COBALT” русумли автомашинани “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 8-банди ҳамда 12-банди талабларини қўпол равишда бузиб, маст ҳолатда бошқарган.

Қўшкўпир тумани Кўктом маҳалласи ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган А. Эркинов бошқарувидаги “Дамас” автомашинаси билан тўқнашган.

Мазкур жиноят иши 2026 йил 21 май куни жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир тумани суди томонидан кўриб чиқилди.

Бунда Қ. Бобожонов Жиноят кодексининг 261-1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-2-моддасини қўллаган ҳолда, 1 йил 6 ой муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Унга нисбатан 1 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, суд залидан қамоққа олинди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш нафақат ҳайдовчининг ўз ҳаёти ва соғлиғи, балки йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари хавфсизлигига ҳам жиддий таҳдид солади.

Қонунчиликда бундай қилмишлар учун жавобгарликнинг кучайтирилаётгани бежиз эмас. Ҳайдовчи рулга ўтиришдан аввал нафақат ўз тақдирини, балки йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари хавфсизлигини ҳам ўйлаши шарт. Зеро, бир лаҳзалик масъулиятсизлик оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Қонун талабига риоя қилиш эса, жазодан қўрқиш эмас, аксинча, инсон ҳаётини асраш ва жамият олдидаги масъулиятни англашдир.

Бахтиёр Рўзметов,

жиноят ишлари бўйича

Қўшкўпир тумани тергов судьяси

#thegov_button_6ab06cfe7e0ee { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6ab06cfe7e0ee:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6ab06cfe7e0ee { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6ab06cfe7e0ee:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); }
Skip to content Click to listen highlighted text!