Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00
photo_2026-01-13_22-44-14

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2025 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ЖИНОЯТ ИШЛАРИ ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Ҳисобот даврида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 79 554 нафар шахсга нисбатан 63 177 та жиноят иши кўриб чиқилди.

422 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинди.

Жиноят ишларининг салмоқли қисми Тошкент шаҳри, Фарғона, Тошкент, Самарқанд ва Наманган вилоятларида кўрилди.

Судланган шахслар сони 63 340 нафарни ташкил этиб, шундан 18 816 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 43 531 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди, 993 нафар шахс шартли ҳукм қилинди. Судланган шахсларнинг 55 829 нафари эркак, 7 511 нафари аёл, 23 973 нафари ёшлар (шу жумладан 2 431 нафари вояга етмаган) ва 2 830 нафари 60 ёшдан ошган шахслар.

8 085 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинди ва 15 992 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.

86 нафар шахсга (ёшлар, аёллар ва бошқалар) кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

35 572 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниб, 11 421 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди.

Кўрилган жиноят ишларнинг аксариятини фирибгарлик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ўғрилик, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш, қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш, тақиқланган экинларни етиштириш, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар ташкил этади.

Жиноятлар сабабларини ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида 45 323 та хусусий ажрим чиқарилиб, тегишлилиги бўйича юборилган.

Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 13 224 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.

Апелляция тартибида 10 423 нафар шахсга нисбатан 7 723 та жиноят иши кўриб чиқилди. 340 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 2 375 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Кассация тартибида 6 197 нафар шахсга нисбатан 5 505 та жиноят иши кўриб чиқилди. 379 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 1 383 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Тафтиш тартибида 6 587 нафар шахсга нисбатан 5 573 та жиноят иши кўриб чиқилди. 173 нафар шахсга нисбатан томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 813 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 1 072 нафар шахсга нисбатан 915 та жиноят иши кўриб чиқилди. 213 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 325 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

 

photo_2026-01-13_22-44-14

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2025 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРГА ОИД ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Ўтган йилда туман ва шаҳар жиноят ишлари бўйича судларнинг тергов судьялари томонидан 825 050 нафар шахсга нисбатан 690 879 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилиб, 509 146 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазолар қўлланилди.

Хусусан, 415 531 нафар шахсга нисбатан жарима, 91 663 нафарига нисбатан маъмурий қамоқ жазолари тайинланган.  

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг салмоқли қисми Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Андижон вилоятларида кўрилди.

Ярашилганлиги муносабати билан 121 906 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод этилди.

Кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг аксариятини майда безорилик, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, ҳақорат қилиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш, транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар ташкил этади.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 13 031 та тақдимнома чиқарилиб, тегишлилиги бўйича юборилган.

Апелляция тартибида 8 988 нафар шахсга нисбатан 7 780 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 2 512 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 2 565 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Кассация тартибида 11 437 нафар шахсга нисбатан 10 834 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 5 093 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 2 415 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 2 563 нафар шахсга нисбатан 2 441 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 587 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 304 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

photo_2026-01-13_22-44-14

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2025 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Ҳисобот даврида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 10,8 трлн. сўмдан зиёд мажбурий тўловлар (вояга етмаган болалар учун алимент, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган талаблар, коммунал хизматлар бўйича қарздорлик тўловлари ва бошқалар) ни ундириш ҳақида 1 519 814 та суд буйруғи чиқарилди.

Шунингдек, 649 652 та фуқаролик иши кўриб чиқилиб, уларнинг 506 135 таси бўйича талаблар қаноатлантирилган бўлса, 76 138 таси бўйича талабларни қаноатлантиришдан рад қилинган, 60 373 таси бўйича даъволар кўрмасдан қолдирилган бўлса, 7 006 таси бўйича ишни юритиш тугатилган.

Энг кўп фуқаролик низолари Тошкент шаҳар, Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Андижон вилоятларида кўрилди.

Кўриб тамомланган фуқаролик ишлардан 206 399 таси битимлар (олди-сотди, кредит, қарз ва бошқалар), 70 535 таси никоҳдан ажратиш, 26 960 таси уй-жой муносабатлари, 19 914 таси алоҳида тоифадаги ишлар, 12 982 таси ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузиш билан боғлиқ ва бошқа тоифадаги ишларни ташкил қилади.

Никоҳдан ажратишга оид кўрилган ишлар таҳлилига кўра, кўриб тамомланган ишларнинг 37 544 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган (никоҳлар бекор қилинган), 24 244 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган (никоҳлар бекор қилинмаган), 6 239 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 2 508 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.

3 119 та ишга тиклашга доир кўриб тамомланган ишларнинг 1 356 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган, 1 229 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган, 473 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 61 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.

6 452 та хусусий ажрим чиқарилиб, тегишлилиги бўйича юборилган.

Вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида 12 956 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 2 312 та қарор бекор қилиниб, 757 та суд қарори ўзгартирилди. Кассация тартибида 8 457 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 1 668 та қарор бекор қилиниб, 708 та суд қарори ўзгартирилди. Тафтиш тартибида 5 670 та иш кўриб чиқилди. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 482 та қарор бекор қилиниб, 161 та суд қарори ўзгартирилди.

Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 363 та иш кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 171 та қарор бекор қилиниб, 53 та суд қарори ўзгартирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

 

photo_2026-01-13_22-44-14

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2025 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

2025 йилда иқтисодий судлар томонидан биринчи инстанцияда 690 750 та иш кўриб чиқилиб, ҳал этилди. Шундан даъвогарлар фойдасига 27,7 трлн. сўм ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган.

Ўтган даврда энг кўп ишлар Тошкент шаҳар, Тошкент, Самарқанд, Наманган ва Фарғона вилоятлари иқтисодий судлари томонидан кўриб, ҳал этилган.

Инвестициявий низоларга оид 144 та иш кўрилиб, 88 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 73 371 та иқтисодий иш кўриб чиқилди ҳамда улар фойдасига 10,8 трлн. Сўм миқдорида маблағ ундирилиши белгиланди.

Ҳисобот даврида иқтисодий судларда кўрилган ишларнинг асосий қисмини банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш, маҳсулот етказиб бериш, коммунал хизмат кўрсатиш, тўловга қобилиятсизликка оид ҳамда кредит шартномаларидан келиб чиқадиган низолар ташкил этди.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 4 140 та хусусий ажрим чиқарилиб, тегишлилиги бўйича юборилган.

Апелляция тартибида 6 305 та иқтисодий иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 862 та қарор бекор қилиниб, 450 та суд қарори ўзгартирилди.

Кассация тартибида 3 400 та иқтисодий иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 658 та қарор бекор қилиниб, 352 та суд қарори ўзгартирилди.

Тафтиш тартибида 2 934 та иқтисодий иш кўриб чиқилди. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 357 та қарор бекор қилиниб, 96 та суд қарори ўзгартирилди.

Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 648 та иш кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 237 та қарор бекор қилиниб, 50 та суд қарори ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

 

photo_2026-01-13_22-44-14

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2025 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ОММАВИЙ-ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАРДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Ҳисобот даврида маъмурий судлар томонидан 17 714 та оммавий низо кўриб чиқилиб, бунинг натижасида 6 999 та фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди.

Маъмурий ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари устидан шикоят қилиш тўғрисидаги 8 646 та ариза (шикоят) кўрилган бўлиб, ҳақиқий эмас деб топилган қарорлар 3 730 тани ташкил этган.

Жумладан, маҳаллий ҳокимликларнинг 2 043 та қароридан 611 таси, солиқ органларининг 1 593 та қароридан 743 таси, кадастр агентлигининг 1 594 та қароридан 449 таси ҳақиқий эмас деб топилган.

Шунингдек, 7 049 та ариза (шикоят) асосида мансабдор шахсларининг 2 750 та ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф деб топилган.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 3 314 та хусусий ажрим чиқарилиб, маъмурий ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига юборилган.

Вилоят ва унга тенглаштирилган маъмурий судлар томонидан апелляция тартибида 3 120 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 394 та қарор бекор қилиниб, 22 та қарор ўзгартирилди. Кассация тартибида 1 417 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 230 та қарор бекор қилиниб, 9 та қарор ўзгартирилди. Тафтиш тартибида 1 671 та иш кўриб чиқилди. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 141 та қарор бекор қилиниб, 4 та қарор ўзгартирилди.

Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 1 531 та шикоят ва протест ўрганиб чиқилиб, шундан 289 таси иш материаллари асосида кўриб чиқилди. Натижада қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорларнинг 125 таси бекор қилинди, 1 та қарор ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

 

#thegov_button_6a0f377070184 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a0f377070184:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a0f377070184 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6a0f377070184:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!