ЙЎЛ ТАЛАШИШ ФОЖИАСИ ЁКИ ЎЗАРО ҲУРМАТСИЗЛИКНИНГ АЧЧИҚ ОҚИБАТИ

Бу ҳаётда инсон умридан кўра азиз ва қимматли неъмат бўлмаса керак. Аммо баъзан арзимасдек кўринган гап-сўз, йўл талашиш, бир-бирига ён беришни истамаслик ёки жамоат жойидаги оддий одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этмаслик, оғир фожиага сабаб бўлади. Бир лаҳзалик ғазаб, ўйланмай айтилган ҳақорат, сабрсизлик ва қўлга совуқ қурол олиш — буларнинг барчаси инсон тақдирини бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин.
Наманган шаҳрида содир бўлган воқеа мисолида ҳам ана шу аччиқ ҳақиқатлар яна бир бор ўз тасдиғини топди. Йўлдаги оддий келишмовчилик, икки ҳайдовчининг бир-бирига йўл бермаслиги ва кейинги оғзаки тортишув охир-оқибат — инсон ўлими билан якунланди. Бир оила яқинидан айрилди, бошқа бир оила эса, судланган ота, турмуш ўртоқ ва фарзандлар тақдири билан юзма-юз қолди…
Суд ҳужжатларига кўра, Ҳасан Саримсоқов (исм-шарифлар ўзгартирилди) шу йил 22 март куни “Deepal SL03” русумли автомашинасида Наманган шаҳридаги бир томонлама йўналишли кўчада қарама-қарши ҳаракатланаётганида, “Дамас” автомашинасини бошқариб келаётган Алишер Турдиқулов билан йўл талашиб қолади. Оқибатда оғзаки тортишувдан сўнг вазият кескин тус олади.
А. Турдиқулов судланувчи Ҳ. Саримсоқовнинг чап юзига бир неча марта уради. Бундан Ҳ. Саримсоқовнинг ғазаби қўзийди ва у чўнтагидаги канцелярия пичоғини олиб, А. Турдиқуловнинг кўкрак қафаси чап томонига бир марта санчади. Ана шу зарба бир инсон ҳаётига нуқта қўйди.
Жароҳат ҳаёт учун муҳим аъзо соҳасига етказилгани сабабли А. Турдиқулов оғир аҳволда шифохонага олиб борилади. Аммо у Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалининг жонлантириш бўлимида вафот этади.
Фожиа шуни кўрсатадики, кўчада, йўлда ёки жамоат жойида юзага келган ҳар қандай низода энг муҳими, сабр, вазминлик ва ўзини тута билишдир.
Агар ўша куни икки томондан бири бир қадам ортга чекинганида, эҳтимол, бу фожиа юз бермасмиди?
Судланувчи судда қилмишидан пушаймонлиги, марҳумни ўлдириш нияти бўлмагани, уни шунчаки қўрқитмоқчи эканини билдирди. Аммо ҳуқуқий нуқтаи назардан ҳаёт учун муҳим аъзо — кўкрак қисмига пичоқ билан зарба бериш ўта хавфли ҳаракат ҳисобланади.
Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, жароҳат оғирлик даражасига кўра, ўлимга сабаб бўлувчи оғир тан жароҳати ҳисобланган.
Шу боис бундай воқеаларда “мен ўлдирмоқчи эмасдим” деган важ ҳуқуқий оқибатни енгиллаштирмайди. Чунки инсон ҳаёти учун хавфли жойга ўткир тиғли буюм билан зарба беришнинг оқибати қандай бўлиши мумкинлигини ҳар бир ақли расо инсон англаши аниқ.
Судда гувоҳ сифатида сўралган шахсларнинг кўрсатмалари воқеа қандай кечганини тўлиқ ойдинлаштирди. Гувоҳлардан бири Ҳ. Саримсоқов билан хўжалик моллари дўконига борганини ва қоғоз кесиш учун мўлжалланган ўткир тиғли пичоқ сотиб олинганини билдирган.
Шундан сўнг йўлда “Дамас” ҳайдовчиси билан тортишув содир бўлган. Ҳ. Саримсоқов йўлда давом этмоқчи бўлган, аммо марҳум уларни тўхтатиб, автомашина олдига келган ва жанжал давом этган. Жанжалдан сўнг гувоҳ ерда қон доғларини кўрган, Ҳ. Саримсоқов эса қўлидаги қоғоз кесишга мўлжалланган пичоқни кўрсатиб, уни А. Турдиқуловга санчиб олганини айтган.
Бу кўрсатмалардан маълум бўладики, йўлдаги тортишув, юзма-юз жанжал, қўл кўтариш ва пичоқ ишлатиш — ҳаммаси қисқа вақт ичида содир бўлган. Аммо шу қисқа вақт бир инсоннинг ҳаётдан бевақт кўз юмишига, иккинчисини эса, узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилишга етарли бўлган.
Дастлаб Ҳ. Саримсоқовга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “л” банди билан айб қўйилган. Бу банд, одатда, безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириш ҳолатларига нисбатан қўлланилади.
Бироқ суд иш ҳолатларини синчковлик билан ўрганиб, низо қандай бошлангани, ким жанжални давом эттиргани, воқеада безорилик аломатлари бор-йўқлигини таҳлил қилди. Суд хулосасига кўра, жанжал ўзаро йўл талашиш ва кейинги шахсий низо оқибатида юзага келган.
Шу сабабли суд Ҳ. Саримсоқовнинг ҳаракатини Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “л” бандидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисмига қайта малакалади. Яъни суд уни безорилик оқибатида одам ўлдиришда эмас, балки қасддан одам ўлдиришда айбдор деб топди.
Бу ерда суднинг ёндашуви муҳим: айблов ҳукми тахминларга эмас, ишончли далилларга асосланиши керак. Жиноят ишида ҳар бир ҳолат — судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам уни оқлайдиган, жавобгарлигини енгиллаштирадиган ёки оғирлаштирадиган омиллар ҳар томонлама текширилиши лозим.
Жазо тайинлашда суд иш ҳолатлари, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, судланувчининг шахси, воқеанинг келиб чиқиш сабаблари, жабрланувчининг қонуний вакили даъво қилмагани ва бошқа ҳолатларни инобатга олди. Натижада Ҳ. Саримсоқовга суд ҳукми билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини тута билиши керак. Йўл — муштлашиш майдони эмас. Кўча — ҳақорат қилиш жойи эмас. Жамоат жойи — бировга ўзини кўрсатиш, кучини намойиш қилиш ёки ғазабини кўрсатиш майдони эмас.
Гувоҳи бўлганингиздек, жамоат жойида бир-бирини ҳурмат қилмаслик охир-оқибат кескин муносабатларга олиб келади. Айниқса, йўл ҳаракатида бу ҳолат янада хавфли. Чунки ҳайдовчи асабийлашса, нафақат ўзи, балки йўловчи, пиёда ва бошқа ҳаракат иштирокчилари ҳаётини ҳам хавф остига қўяди.
Йўлдаги маданият — фақат қоидага амал қилиш эмас. У инсоннинг ички тарбияси, бошқаларга муносабати ва жамоат хавфсизлигига масъулият билан қараши ҳамдир.
Ота-оналар фарзандларига ёшлигидан жамоат жойида ўзини қандай тутишни, бировни ҳақорат қилмасликни, муаммони муомала билан ҳал қилишни ўргатишлари зарур. Мактаб, маҳалла, оила ва оммавий ахборот воситалари ҳам бу масалада доимий тарғибот ишларини олиб боришлари керак, назаримизда.
Чунки одамлар бир-бирини ҳурмат қилмаган жойда низо кўпаяди. Низо кўпайган жойда зўравонлик хавфи ортади. Зўравонлик эса, кўпинча ўзидан оғир оқибатлар қолдиради.
Иброҳимжон ЖАББОРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Наманган шаҳар суди раиси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист

