СУД ТИЗИМИДА КОМПЛАЕНС: ОДОБ-АХЛОҚ ВА ҲАЛОЛЛИКНИНГ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТЛАРИ

Суд залига кирган ҳар бир инсон, аввало, манфаати, ҳуқуқи тикланиши ёки тақдири ҳал бўлишини кутади. Шу пайтда у нафақат судьяга, балки бутун бир тизимга ишонади.
Ана шу ишонч — ҳуқуқий давлатнинг энг нозик, лекин энг муҳим устуни. Уни сақлаб қолиш учун фақат адолатли ҳукм чиқариш кифоя қилмайди. Бунда суд муассасасининг ҳар бир ходими, ҳар бир жараёни ва ҳар бир қарори ҳам шу ишонч тасдиғи учун хизмат қилиши шарт.
Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Президенти томонидан 2026 йил 8 июнда имзоланган «Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармоннинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки ушбу муҳим ҳужжат айнан суд тизимида коррупцияга қарши «фавқулодда ҳолат» эълон қилинган масъулиятли бир даврда қабул қилинди.
Судья сифатида кундалик амалиётда шуни кузатаманки, суд тизимига бўлган умумий ишонч кўп жиҳатдан нафақат чиқарилган ҳукм ёки қарорнинг сифатига, балки суд муассасасини бошқарувчи ички маданият ва тизимга ҳам боғлиқ бўлади. Шу маънода, мазкур Фармон аввало ана шу ички тизимни ислоҳ қилишга қаратилгани билан ғоятда аҳамиятлидир.
Фармонда учта стратегик мақсад белгиланди. Яъни:
биринчи мақсад — судларда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашнинг профессионал тизимини жорий этиш орқали коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт бартараф этиш;
иккинчи мақсад — суд аппарати ишга қабул қилишда шаффоф тартиб-таомилларга асосланган танлов ва меритократия тамойилини жорий этиш;
учинчи мақсад — суд тизимига жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ва суд органларини Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотларнинг амалий иштирокчисига айлантиришдан иборат.
Фармонда белгилаб берилган вазифалар тўрт асосий йўналишга қаратилган. Бу ўринда суд аппарати ходимлари ўртасида коррупциянинг олдини олиш; Комплаенс назорат хизматини таъсис этиш; судьялар корпусида коррупцияга муросасизлик маданиятини шакллантириш ва Фармон ижросини таъминловчи механизмлар ҳақида сўз бормоқда.
Ҳар бир йўналиш учун аниқ муддатлар, масъул идоралар ва «йўл харитаси» белгиланган. Бу, ўз навбатида, Фармоннинг том маънода тизимли асосда ижро этилишини таъминлайди.
Фармоннинг энг муҳим ташкилий янгилиги — Олий суд аппаратида Комплаенс назорат хизматини таъсис этишдир. Хизмат Олий суд раисига бевосита бўйсунади ва 3 та штат бирлигидан иборат.
Бундан ташқари Ҳарбий суд, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида жами 15 та комплаенс инспектори лавозими жорий этилади.
Комплаенс назорат хизматининг вазифалари кенг. Хизмат, хусусан, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш; касб этикасига риоя этилишини доимий кузатиш; ишга қабул қилиш жараёнида ошкоралик ва холисликни таъминлаш; ходимлар ва уларнинг оила аъзолари — турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини юритиш билан шуғулланади.
Айниқса, пора таклиф этиш ҳолатлари ҳақида ходим томонидан хабар бериш тизимини ва фуқаролар учун хавфсиз алоқа каналларини жорий этиш талаблари алоҳида диққатга сазовор. Бу янги ташаббуслар халқаро комплаенс амалиётининг тамал тоши ҳисобланади.
Фармонда суд аппаратини бошқаришда тубдан янги HR-меритократик ёндашув кўзда тутилмоқда. Жумладан, «vacancy.sud.uz» порталини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш назарда тутилган. Мазкур платформа орқали суд аппаратидаги барча вакант лавозимлар очиқ рақобатли танлов асосида эълон қилинади. Номзодлар сунъий интеллект ёрдамида саралаш, тест ва кўникмалар баҳолашидан ўтказилади.
«SudHR» электрон платформаси эса, суд тизимида ходимлар билан ишлашнинг замонавий услубларини жорий этишга қаратилган. Ходимнинг фаолияти мониторинги, касбий ўсиш йўли, малака ошириш режаси ва самарадорлик баҳоси — буларнинг барчаси рақамли, шаффоф ва объектив тарзда амалга оширилади.
Дунё тажрибасига назар ташласак, комплаенс тизими самарадорлигини яққол исботлаган давлатлар кўплигини кўрамиз.
АҚШда федерал судьялар учун молиявий ошкоралик ва манфаатлар тўқнашуви бўйича қатъий талаблар амал қилади. Германия ва Францияда давлат хизматчилари фаолиятида коррупциявий хавфларни баҳолаш ва ички назорат тизимлари кенг йўлга қўйилган.
Сингапур тажрибаси бу борада алоҳида ўрин тутади. Бугун Сингапур дунёнинг коррупция даражаси энг паст мамлакатлари қаторида турибди.
Аммо бу ҳолат ўз-ўзидан вужудга келмаган. Ўн йиллар давомида давлат бошқарувида комплаенс ва ички назоратга тизимли ёндашилган: жазолашдан кўра жиноятнинг олдини олиш принципи белгиланган, давлат хизматчилари учун юқори ахлоқ-одоб стандартлари жорий этилган, декларация тизими ва меритократия тамойили қатъий таъминланган.
Рақамлаштириш эса, инсон омили таъсирини минималлаштирган.
Жанубий Корея ҳам давлат хизматини рақамлаштириш, ички аудит ва профилактик чоралар орқали бошқарув самарадорлигини сезиларли оширди.
Ўзбекистон Президентининг Фармонида назарда тутилган чора-тадбирлар айнан шу хорижий тажрибаларнинг мантиғига таянади ва уни юртимиз суд тизимига мослаштиради. Шу нуқтаи назардан, Фармон чуқур ўйланган стратегик қадамдир.
Фармон суд тизимида коррупцияга қарши курашни янги поғонага кўтаришга қаратилган. Энди бу кураш фақат интизомий жазо ва тергов орқали эмас, тизимли профилактика, шаффоф жараёнлар ва мустақил ички назорат орқали олиб борилади.
Эътибор беринг: комплаенс хизматини таъсис этиш, vacancy.sud.uz ва SudHR платформалари, декларация тизими, ISO 37001 стандарти — буларнинг барчаси бир-бирини тўлдирувчи яхлит тизим ҳисобланади.
Фармоннинг энг муҳим жиҳати шундаки, у коррупцияни фақат индивидуал иллат сифатида эмас, балки тизимли муаммо сифатида кўради ва унга қарши курашда тизимли ечимни таклиф қилади.
Хулоса қилиб айтганда, комплаенс суд тизимининг ҳар бир ходими ва судьянинг кундалик хатти-ҳаракатларида мунтазам акс этадиган қадрият, яъни халқ ишончини қозонишга хизмат қиладиган етук маданиятдир.
Президент Фармони ана шу маданиятни шакллантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратди.
Зиёда Иноятова,
Тошкент туманлараро
маъмурий суди судьяси
