Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00
photo_2026-07-08_16-56-01

ҚИММАТГА ТУШГАН МАСЪУЛИЯТСИЗЛИК

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, соҳа вакиллари эркин фаолият юритиши, ўз бизнесини янада кенгайтириш учун барча қулайлик ва шарт-шароитлар яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, банклар томонидан имтиёзли асосларда ажратилаётган кредит маблағлар тадбиркорлар ўз фаолиятини ривожлантириш, янги ишчи ўринлари яратишда муҳим омил бўлмоқда.

Гап кредит маблағи ҳақида кетаркан, шуни айтиш керакки, банклар ажратаётган кредит ҳадя эмас, балки ундан муайян муддат оқилона фойдаланиб, сўнг банкка қайтарилиши шарт бўлган маблағдир.

Бошқача айтганда, банк томонидан ажратилаётган кредит маблағи ҳар бир тадбиркордан алоҳида масъулият, омилкорлик ва ҳалоллик талаб қилади.

Бундай дейишдан мақсад шуки, ҳаётда бу борада омилкорлик ва масъулиятни унутиб қўйиб, банклар олдида қарздор бўлиб қолган тадбиркорлар ҳам учраб туради.

Масалан, Хоразм вилоятидаги “ЕKO PROM” масъулияти чекланган жамияти раҳбари ҳам бундан 5 йил муқаддам “Ҳамкорбанк”дан кредит маблағи олади.

2020 йил 10 мартда банк ва “ЕKO PROM” масъулияти чекланган жамияти ўртасида 78-сонли кредит шартномаси имзоланади. Кредит таъминоти сифатида эса, шу куни “Ҳамкорбанк”, “ЕKO PROM” ҳамда “AVTO GAZ SERVIS” масъулияти чекланган жамиятлари ўртасида 78-сонли кафиллик шартномаси ҳам имзоланади. Натижада “ЕKO PROM” масъулияти чекланган жамиятига бетон ва газобетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш ускунаси сотиб олиш учун 60 ой муддатга, йиллик 9 фоиз устама тўлаш шарти билан 157 079 АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилади.

Юқоридаги кафиллик шартномасига асосан “AVTO GAZ SERVIS” масъулияти чекланган жамияти банк олдида 1 миллиард 600 миллион сўмлик солидар мажбурият­ни зиммасига олади.

Аммо қарздор – “ЕKO PROM” масъулияти чекланган жамияти кредит мажбуриятига масъулиятсизлик билан қарайди, оқибатда 2024 йилга келиб, кредит фоизлари ва асосий қарзларини ўз вақтида тўламай қўяди.

Оқибатда 2024 йил 20 ноябрдан 2025 йил 11 мартга қадар банк томонидан кафил – “AVTO GAZ SERVIS” масъулияти чекланган жамияти ҳисоб рақамидан жами 273 миллион 350 минг сўм маблағ ундириб олинади.

Ўз навбатида, “AVTO GAZ SERVIS” масъулияти чекланган жамияти кафиллик шартномаси талабларидан келиб чиққан ҳолда ўзидан ундириб олинган маблағни тўлаб беришни сўраб, “ЕKO PROM” масъулияти чекланган жамиятга талабнома юборади. Бироқ жавобгар бу талабномани жавобсиз қолдиради.

Конституциямизнинг 55-моддасида “Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади” дея қайд этилган. Шу боис, “AVTO GAZ SERVIS” масъулияти чекланган жамияти Урганч туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритди.

Фуқаролик кодексининг 292-моддасига асосан, кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўлиқ ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади.

Кодекснинг 295-моддасида эса, мажбуриятни бажарган кафилга кредиторнинг ушбу мажбурият бўйича ҳуқуқлари ҳамда гаровга олувчи сифатида кредиторга тегишли бўлган ҳуқуқлар кафил кредиторнинг талабини қанча ҳажмда қаноатлантирган бўлса, шунча ҳажмда ўтиши, кафил кредиторга тўланган суммага фоизлар тўлашни ва қарздор учун жавобгарлик муносабати билан кўрган бошқа зарарини тўлашни қарздордан талаб қилишга ҳақли эканлиги белгиланган.

Таъкидлаш лозимки, иқтисодий судга мурожаат қилишда “AVTO GAZ SERVIS” масъулияти чекланган жамияти “Жуманиёзов Яқуббой” адвокатлик бюросининг ҳуқуқий ёрдамига таянган. Яъни 2025 йил 18 апрелда даъвогар ва адвокат ўртасида юридик хизмат кўрсатиш хусусида 17-сонли шартнома тузилиб, бунинг учун масъулияти чекланган жамият 3 миллион сўм маблағ тўлаган. Буни 2025 йил 18 апрелдаги тўлов чеки ҳам тасдиқлайди. Ана шу асосларга таянган суд “ЕKO PROM” масъулияти чекланган жамиятдан “AVTO GAZ SERVIS” корхонаси фойдасига 273 миллион 350 минг сўм асосий қарз ҳамда адвокат хизмати учун тўланган 3 000 000 сўмни ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилди.

Бу низонинг тафсилотини баён этишдан мақсад шуки, тадбиркорлик, аввало, ҳар бир шахсдан масъулият талаб қилади. Айниқса, кредит маблағидан фойдаланишда масъулиятни унутиш, амалдаги тартиб-қоидаларга беписандлик билан қараш ҳеч шубҳасиз, тегишли ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради. Ҳолбуки, банк томонидан ажратилган кредит маблағи ҳадя эмас. Буни доимо ёдда тутиш лозим.

Музаффар БОБОНАЗАРОВ,

Урганч туманлараро

иқтисодий суди судьяси

photo_2026-05-22_18-55-41

НАФС ҚУТҚУСИ ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛДИ

Бугунги кунда дунё ҳамжамияти тараққиётнинг янги босқичига кўтарилди: ҳар бир соҳада рақамлаштириш орқали илгари кузатилмаган улкан ютуқларга эришилмоқда. Бироқ, афсуски, эски иллатлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, коррупция — жамият танасига ёпишиб, уни ичидан емирадиган хавфли иллатдир.

Айтиш керакки, коррупция фақат пора олиш ёки беришдан иборат жиноят эмас, балки ўзаро ишончга хиёнат, жамиятдаги устувор адолатга ғубор, тараққиётга қарши қўйилган ғовдир.

Президентимиз таъбири билан айтганда, бу иллат – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдиддир.

Бинобарин, давлатимиз раҳбари 2026 йилда мамлакатимизда коррупцияга қарши “фавқулодда ҳолат” эълон қилгани бежиз эмас. Бундан мақсад — коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган чора-тадбирларни мустаҳкамлаш ва тубдан кучайтиришдир.

Янги Ўзбекистон сиёсати “Инсон қадри учун” тамойилига асосланган экан, демак, ҳар қандай коррупциявий ҳолатга — айнан шу тамойилга қарши чиқиш, деб қаралиши табиий. Зеро, инсон қадри — унинг адолатли тизимда яшаш ҳуқуқи, деганидир.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, 2021 йил 17 ноябрдан буён Чирчиқ шаҳар ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келган Ш. Шониёзов (исм-шарифлар ўзгартирилди) шаҳарда инвестиция сиёсатини юритиш, лойиҳаларни шакллантириш ва амалга оширишга кўмаклашиш ваколатига эга мансабдор шахс сифатида танилган, яхшигина обрў-эътибор орттирган эди. Аммо орадан атиги уч йил ўтиб-ўтмай у нафс қутқусига учиб, жиноий қилмишга қўл урди.

Бу ҳақида батафсилроқ фикр юритадиган бўлсак, фуқаро Ш. Холованинг билдиришича, у афғонистонлик инвестор — “Чингиз” исмли тадбиркорнинг 40 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиб, шу туманда балиқ ва товуқ гўштини қайта ишлаш заводи қуриш режаси билан танишгач, унга бу лойиҳа учун, тахминан, 20 гектар ер зарур бўлишини билган. Сўнгра, аниқроғи, 2024 йил 24 майда Тошкент вилояти ҳокимининг қарори билан “Чирчиқ дала-ўқув” майдони ҳудудидаги 60 гектар ер давлат захирасига олиниб, Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилган ва электрон онлайн-аукцион орқали тадбиркорлик субъектларига ажратилиши белгиланган.

Қонунга кўра, ер фақат очиқ аукцион орқали берилади. Бироқ Ш. Шониёзов ушбу 60 гектарлик ер майдонининг 20 гектарини аукционга чиқариш ва ғолиб бўлишда кўмаклашиш эвазига инвестордан ҳар сотих учун 1 000 доллардан — жами 2 миллион АҚШ доллари талаб қилган.

Буни қарангки, судда Ш. Шониёзов турли важларни рўкач қилиб, сувдан қуруқ чиқишга, ҳатто у шундай катта миқдордаги порага ўз ҳайдовчисини гумондор сифатида тиқиштиришга уринди. Аммо судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳақиқатга тўлиқ ойдинлик киритди. Хусусан, судланувчи Э. Хонтўраев инвестор ва ваколатли шахс ўртасидаги учрашувларни ташкил этганини тан олди. Унинг айтишича, Ш. Холова у билан биринчи марта учрашганда, унга темир ўриндиқ буюртма қилган, кейинчалик улар ўртасида жами қиймати 40 миллион долларлик инвестиция режаси ҳақида гап очилган. У ҳокимликда таништирувчи сифатида қатнашганини, аммо пул масаласига аралашмаганини билдирди. Бироқ у терговда Ш. Шониёзов дастлаб 2,5 миллион, кейинчалик 2 миллион АҚШ доллари талаб қилганини тасдиқлади.

Бундан ташқари гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган Ш. Холова судда дастлабки кўрсатмаларини тасдиқлаб, улар 2 миллион доллар талаб қилишганини, шундан 1 миллион долларни “планшет” деб шартли тилга олишганини, сўнгра у бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизматига хабар берганини, 2024 йил 1 ноябрь куни 1 миллион АҚШ долларига махсус ишлов берилиб, махсус хизмат ходимлари назорати остида уларга топширилганини қайд этди. Ҳақиқатан, ушбу пул ҳоким ўринбосарининг ҳайдовчиси орқали қабул қилинган пайтда тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Суд муҳокамалари чоғида туман кадастр тизими ва ким-ошди савдоси жараёнлари бўйича гувоҳлар инвесторларга ер фақат белгиланган тартибда — электрон аукцион орқали берилишини, бу ҳақдаги маълумотларни комиссияга юбориш мажбурий эканини, бироқ ушбу 20 гектар ерни тизимдан ўчириш бўйича хат тайёрланганини баён қилишди.

Бу кўрсатма ушбу 20 гектар ерни аукционсиз ўзлаштиришга уриниш бўлганини тасдиқлайди, албатта.

Банк соҳаси вакиллари эса, инвестор томонидан устав фонди учун банк орқали расмий маблағ жойлаштириш бўйича таклиф билдирилмаганини таъкидлашди. Бундан кўринадики, аукционда қатнашиш мақсадида инвестор томонидан ушбу пулни банкка топшириш кўзда тутилмаган.

Келтирилган далиллардан яққол кўриниб турибдики, бу ишда икки қарама-қарши манзарада икки ҳолат ифодаси намоён бўлади: бир томонда — 40 миллион долларлик йирик сармоя ва юзлаб янги иш ўринлари ваъдаси; иккинчи томонда — 2 миллион долларлик поранинг иддаоси, яъни шахсий манфаат тамаси. Охир-оқибат судланувчи Ш. Шониёзов судни чалғитиш орқали жазодан қутулиб қолишга уриниб, яна бир хатога йўл қўйди.

Башарти, у ўз айбини тан олиб, қилган ишидан пушаймонлик билдирганида, бу ҳолат унинг айбини енгиллаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланар ва жазо миқдорига сезиларли ижобий таъсир кўрсатарди.

Суд муҳокамаси давом этар экан, ҳақиқат тарозиси далиллар, гувоҳлар кўрсатмалари ва экспертиза хулосаларига суянди. Шунга кўра, судланувчи Ш. Шониёзов Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди ва 3 йил муддатга мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Шунингдек, жазонинг 2024 йил 1 ноябрдан, яъни айбланувчи ашёвий далиллар билан қўлга олиниб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган кундан ҳисобланиши ва эҳтиёт чорасининг аслича қолдирилиши — тергов босқичидан бошлаб, қонуний тартибга қатъий риоя этилганини кўрсатади.

Э. Хонтўраевга нисбатан эса, 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Суд унинг ушбу жиноий қилмишдаги иштирокини асосий ижрочидан фарқлаб, қонун доирасида баҳолади. Шу билан бирга, яшаш жойини тарк этмаслик, оммавий тадбирларда иштирок этмаслик, алкоголли ичимликлар ичиладиган жойларга бормаслик ва ҳоказо талаблар мисолидаги қўшимча чекловлар орқали унга нисбатан профилактик таъсир чоралари кучайтирилди.

Хулоса қилиб айтганда, коррупция ва порахўрлик жамият тараққиётига жиддий тўсиқ бўладиган хавфли иллатлардир. Бу иллат қонун устуворлигига путур етказиб, халқнинг давлатга бўлган ишончини камайтиради. Шунинг учун ҳар бир фуқаро ҳалоллик ва адолат тамойилларига амал қилиб, коррупцияга қарши курашда фаол иштирок этиши лозим. Фақатгина ҳамжиҳатлик ва онгли муносабат орқали соғлом ва адолатли жамиятни барпо этиш мумкин.

Арофат АЛИМОВА,

жиноят ишлари бўйича

Қибрай тумани суди судьяси

photo_2026-03-13_18-18-47

ОДАМ САВДОСИ: ГЛОБАЛ ТАҲДИД ВА УНИНГ ОҚИБАТЛАРИ

Кейинги пайтларда Хуршиданинг (исм-шарифлар ўзгартирилди) кўнглига чироқ ёқса, ёришмайди. “Бошингга неки келса, тилингдан кўр” деган нақл тез-тез ёдига тушаркан, ўз-ўзидан хафа бўлиб кетади. “Сарвиноз билан Зоҳиданинг ёлғон сўзларига қаёқдан ҳам ишондим?” — бу оғриқли савол уни баттар қийноқ–қистовга олади.

Ҳар гал у хорижий давлатлардан даромадли иш топиб беришни сўраб, ўзининг тилидан илингани, сўнг бегона юртда тубан ишларни қилишга мажбур бўлганини ўйласа, дарду дунёси баттар қоронғи тортиб кетади.

Охир-оқибат эса, Хуршида Қурбонова ўзини алдов йўли билан хорижга жўнатган С. Норбўтаева ва чет элда шаҳвоний мақсадларда фойдаланган З. Орифжонова устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилди.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда дунёда одам савдоси сингари тубан қилмишнинг кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Бундан ҳам ачинарлиси, дунёда одам савдоси қурбонларининг 61 фоизини аёллар ва қизлар ташкил этади.

Оғир меҳнатга мажбурлаш, жинсий қийнаш одам савдосининг энг оғир кўриниши саналади. Бу иллат домига тушганларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқлари аёвсиз топталади. Одам савдоси қурбонлари орасида болалар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Аниқроғи, одам савдоси қурбонларининг 38 фоизини вояга етмаганлар ташкил этиши ҳам бу иллат нечоғли хатарли эканини кўрсатади.

Шу ўринда жабрланувчи Х. Қурбонова масаласига қайтадиган бўлсак, унинг аризаси асосида Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми тегишли бандлари билан айбдор деб топилган С. Норбўтаева ва З. Орифжоноваларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судда кўриб чиқилди.

Шу ўринда бу ҳақда батафсил фикр юритсак, бошқалар каби Х. Қурбонова ҳам яхши яшашни, даромадли ишларда ишлашни истарди. Шу сабабдан, у 2024 йилнинг март ойи бошларида таниши С. Норбўтаева билан бу ҳақда гаплашиб қолади. Қарангки, С. Норбўтаеванинг Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида Зоҳида исмли таниши бор экан.

Хуллас, С. Норбўтаева Ҳ. Қурбоновага Дубайга бориб, Зоҳида билан бирга ишлашни хоҳласа, ёрдам беришини айтади. Аммо Х. Қурбонова авиачипта сотиб олишга ҳам пули йўқлигини айтгач, С. Норбўтаева “сиз бундан ташвиш қилманг, Зоҳиданинг ўзи чипталарни олиб беради, бундан ташқари, чет элда ётоқ жойи ва иш билан ҳам таъминлайди” дейди.

Шунингдек, ойига 1 500-2 000 АҚШ доллари миқдорида даромад топишини айтади.

Қисқаси, Хуршида С. Норбўтаеванинг ёлғон ваъдаларига ишониб, хорижда ишлашга розилик билдиради. 2024 йилнинг 9 март куни С. Норбўтаеванинг уйида тунаган Хуршида эртасига Тошкент халқаро аэропортидан Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига самолётда учиб кетади. Уни Зоҳиданинг ўзи кутиб олади, “Al-Nur building” номли турар жой мажмуасидаги хонадонлардан бирига жойлаштиради.

Хонадонда ундан ташқари яна 3-4 нафар қизлар ҳам бор эди. Эҳтиёт юзасидан Хуршида фуқаролик паспорти ва бозор баҳоси 300 АҚШ долларлик узугини Зоҳидага бериб қўяди.

Зоҳида унга шу уйда яшашини, яшаш ва еб-ичиш харажатларини ўзи тўлашини айтади ва иш тартибини тушунтиради: уйдаги қизлар билан шу яқиндаги меҳмонхонанинг тунги клубида хизмат қилиши керак экан.

Мабодо мижозлар сўраб қолса, ”менинг менежерим бор” деб айтиши ва Зоҳиданинг олдига бошлаб келиши керак. Улар билан Зоҳиданинг ўзи гаплашади…

Айтишича, Зоҳида бу ерга келгунича Хуршида учун 10 минг АҚШ доллари харажат қилган. Яна яшаш, кунлик еб-ичиш харажатлари ҳам Зоҳиданинг ҳисобидан. Қарзларни ишлаб тўламаса, бўлмайди.

Хуллас, одамфуриш З. Орифжонова беш ой давомида Хуршидани эркакларга фаҳш иши учун сотган, агар эътироз билдирса, унга қарзидан қутулиши кераклигини юзига солган, дашном бериб, уришган, тубан иш билан шуғулланишга мажбур қилган.

Кунлардан бир кун Хуршида таниши С. Норбўтаевага Телеграм мессенжери орқали боғланади ва бошидан кечирганларни оқизмай-томизмай айтади ва бу ердан кетишга ёрдам беришни сўрайди. С. Норбўтаева эса, унинг гапларини эшитиб пинак ҳам бузмайди, аксинча, ҳадемай қийинчиликларга ўрганиб кетишини, индамай ишлаб юриши зарурлигини билдиради.

Хуллас, Хуршида иложсиз аҳволда қолади, юртига қайтай деса, қўли калта – авиачипта олишга пули йўқ. Буни қарангки, ўша пайтда у тунги клубда бир ҳамюрт йигит билан гаплашиб қолади ва ундан ёрдам сўрайди. Мусофир юртда қийналиб юрган Хуршидага йигитнинг раҳми келади ва уйга қайтиш учун авиачипта олиб беради. Хуршида 2024 йилнинг 10 август куни Дубайдан Россияга учиб кетади. Аввал фабрикада, кейинчалик ошхоналарда бир муддат ишлаб, бироз маблағ топгач, 2024 йил 26 ноябрь куни Ўзбекистонга қайтиб келади.

Судда аниқланган ҳолатлар ва иш ҳужжатларига кўра, судланувчи С. Норбўтаевага жабрланувчи Х. Қурбонова моддий ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлмаган. Ўз навбатида, С. Норбўтаева ундан фақат шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш учун таниши З. Орифжонова билан олдиндан жиноий тил бириктирган. Жабрланувчини хорижда тунги клубларда раққоса бўлиб ишлаши, яхши иш ҳақи олиши ҳақида ишонтирган ва Дубай шаҳрига жўнатиб юборган. Хорижда уни З. Орифжонова кутиб олиб, тан сотишдек жирканч ишга мажбурлаган, ундан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиб келган.

Шу ўринда оғир ва хавфли қилмишга қўл урган, ҳаром луқмадан ҳазар қилмаган судланувчилар ҳақида бир қадар маълумот бериш керак.

Судланувчи С. Норбўтаева оилали, бир нафар вояга етмаган фарзанди бор, муқаддам одам савдоси жиноятини  содир этган ва унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов тумани судининг 2024 йил 20 июндаги ҳукмига кўра, 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят-процессуал кодексининг 533-моддасига асосан, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси вояга етмаган фарзанди уч ёшга тўлгунича, яъни 2027 йил 27 майга қадар кечиктирилган.

Суд С. Норбўтаевани бу галги жиноий қилмишини Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “е” банди билан малакалади. Озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, муқаддам тайинланган жазони Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми талабига кўра, қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3 йил 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди. Қонун талабига кўра, С. Норбўтаевага нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси фарзанди Сожида Норбўтаева уч ёшга тўлганига қадар кечиктирилди. 2027 йил 28 майда уч ёшга тўлганидан сўнг ҳукмни ижро қилиш Жиззах шаҳар ички ишлар органлари пробация гуруҳи зиммасига юклатилди.

Судланувчи З. Орифжоновага тўхталганда, шуни айтиш керакки, бу маккор аёл тергов давомида жабрланувчига фуқаролик паспорти ва тилла узугини қайтариб берган. Оиласидан ажрашган, икки нафар фарзандли З. Орифжонова Дубай шаҳрида араб миллатига мансуб шахс билан шаръий никоҳ асосида яшаб келиш давомида, гувоҳи бўлганингиздек, тубан ишлар билан шуғулланган.

Суд судланувчи З. Орифжоновани Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “а”, “г”, “е” бандларида кўзда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор топиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Судланувчига тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси вояга етмаган фарзанди Мадҳия Орифжонова уч ёшга тўлгунига қадар — 2028 йил 1 мартгача кечиктирилди.

Айтиш керакки, Конституциямизнинг 29-моддасида “Давлат жабрланувчиларга ҳимояланишни ва одил судловдан фойдаланишни таъминлайди, уларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун шарт-шароит яратади” дея таъкидланган.

Ушбу конституциявий нормани келтиришдан мақсад шуки, жабрланувчи Х. Қурбонова жиноят натижасида етказилган моддий ва маънавий зарарлар масаласида бирор-бир ҳужжат тақдим қилмагани сабабли унга жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Хулоса қилиб айтганда, одам савдоси жинояти — хавфли иллат. Бундай қилмишга қўл урганлар ҳеч қачон жазосиз қолмайди.

Ўлмасжон САТТОРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Пахтакор тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

 

photo_2025-10-07_08-05-42

ДУНЁНИ ТАҲЛИКАГА СОЛАЁТГАН ИЛЛАТ

Дунё ахборот маконида лаҳза сайин янги-янги маълумотлар пайдо бўлмоқда. Уларнинг орасида умуминсоният манфаатларига хизмат қиладиганлари кўп, бироқ эришилган илмий-интеллектуал ютуқларни барбод этиб, ташвиш-таҳлика келтирадиганлари ҳам учрайди. Бу ўринда гап кибержиноятчилик ҳақида кетмоқда.

Маълумки, жиноятчиликнинг бу тури компьютерлар, интернет, мобил қурилмалар ёки бошқа ахборот технологиялари имкониятларидан ғаразли мақсадда фойдаланиш орқали содир этилади. Афсуски, ахборот технология­лари замонавийлашиб, ривожлангани сари бундай жиноий қилмишларнинг сони ҳам ортиб бормоқда.

Айниқса, ижтимоий ҳаётдаги фаол соҳаларнинг аксарияти рақамли майдонда фаолият юритаётгани, истаймизми-йўқми, орамизда содда одамларнинг борлиги молиявий онлайн фирибгарликка замин яратмоқда.

Натижада бутун дунё бўйлаб кибержиноятчилик кўлами йил сайин жуда тез суръатларда ўсиб бормоқда. Шунинг учун ҳам, бундай қилмиш айни пайтда глобал хавфсизлик муаммоларидан бири ҳисобланади.

Расмий маълумотларга мурожаат қилсак, Жаҳон иқтисодий форуми (World Economic Forum) тақдим этган 2024 йилдаги ҳисоботга кўра, кибержиноятчилик халқаро миқёсдаги энг йирик хавфлар бешлигидан ўрин олганлиги ҳам унинг нақадар хатарли эканлигидан далолат беради.

Шунингдек, “Cybersecurity Ventures” тахминларига кўра, жорий 2025 йилда кибержиноятлардан келадиган иқтисодий зарар 10,5 триллион АҚШ долларига етади. Шу ўринда таққослаш учун мисол келтирсак, бундан ўн йил олдин, яъни 2015 йилда бу кўрсаткич 3 триллион АҚШ доллари атрофида бўлган.

Энди ҳақли савол туғилади: нима учун кибержиноятчилик халқаро миқёсда бу қадар тез ошиб бормоқда? Унга замин яратаётган омиллар нималардан иборат? Бу саволнинг жавоби Интернет фойдаланувчиларининг кўлами билан боғлиқ. Статистик маълумотларга қараганда, бугунги кунда дунё бўйича 5,3 миллиард нафар кишининг интернетга иши тушади. Қолаверса, кибержиноятчиларнинг трансмиллий тарзда ҳаракат қилиши уларга қарши кураш натижаларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бошқача айтганда, уларни қўлга олиш қийин бўлишига қарамай инсон ҳуқуқи ҳимоячилари дадил фаолият юритиб, глобал кибержиноятчилик зарарини камайтиришга ҳаракат қилишмоқда.

Мамлакатимизда ҳам бу борада жиддий қадамлар қўйилмоқда. Хусусан, Президентимиз томонидан 2022 йилда имзоланган “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонунда кибержиноятчилик оғир жиноятлар тоифасига киритилган. Шунингдек, ушбу қонун билан киберхавфсизлик соҳасида ягона давлат сиёсати ва ваколатли орган белгиланди. Шунингдек, 2025 йил 30 апрелдаги “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори билан мамлакатимизда кибержиноятларнинг олдини олиш, уларни фош этишнинг самарадорлигини ошириш; кибержиноятчиликка қарши ягона ишлаш амалиётини йўлга қўйиш; ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар бўйича жавобгарликни кучайтириш; амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш ва ташкилий-техник чораларни кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Умуман олганда, мамлакатимизда гарчи кам миқдорда бўлса ҳам, айрим ёшлар томонидан кибержиноятга қўл уриш ҳолатлари учраб туради.

Мисол тариқасида айтсак, Санжар Йўлчиев (исм-шарифлар ўзгартирилган), ўзига суд томонидан белгилаган жазо муддатини ўтаётган бўлишига қарамасдан, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, ўзига олдиндан таниш бўлган, Пскент тумани, “Бекобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи, 2002 йилда туғилган Козимжон Нодировнинг ишончига киради ва унинг “Redmi Not 12” русумли уяли алоқа воситасини, гўёки ўзининг ижтимоий тармоғидаги саҳифасига киришини айтиб, алдаб олади.

Сўнг ушбу уяли алоқа воситаси орқали “АVО” мобиль иловасини юклаган ҳолда, К. Нодиров номидан онлайн кредит олиш ҳақида “АVО BANK” акциядорлик жамиятига сўровнома жўнатади. Айнан ана шу сўровномага кўра, К. Нодировнинг номига 5 йил муддатга 48 фоиз устама ҳақи тўлаш шарти билан 3 200 000 сўм маблағни олиш бўйича онлайн кредит шартномаси тузишга эришади. Натижада бу фирибгар кимса К. Нодировнинг номидан 3 200 000 сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Бундан телефон эгаси К. Нодиров мутлақо бехабар қолади.

Шундай қилиб, молиявий фирибгарликни ўзига касб қилиб олган Санжар Йўлчиев қўлга киритилган пул маблағни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.

Охир-оқибат бу фирибгар кимсанинг қилмишлари фош бўлди ва у қонун олдида жавоб берди.

Судланувчи С. Йўлчиевнинг айби гувоҳларнинг кўрсатмалари, ашёвий далилни олиш ва кўздан кечириш баённомаси, юзлаштириш баённомаси, шунингдек, жиноят ишида тўпланган бошқа далиллар билан тўлиқ тасдиғини топди.

Суд судланувчи С. Йўлчиевнинг жиноий қилмиши дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “г” банди билан тўғри малакаланган деб топди. Судланувчининг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, жабрланувчига етказилган моддий зарарлар тўлиқ қопланганлигини – айбини енгиллаштирувчи ҳолатлар, деб топди.

Шу билан бирга, суд унинг муқаддам судланган бўлса-да, бундан тегишли хулоса чиқармасдан, қасддан янги жиноят содир этганини оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисоблади.

Ҳолбуки, С. Йўлчиевга Олмалиқ шаҳар судининг ҳукми билан икки йил муддатга ахлоқ тузатиш жазоси тайинланган, у айнан ушбу жазони ўтаётганда яна қасддан жиноят содир этганди.

Албатта, суд буни инобатга олди, яъни С. Йўлчиевга ўталмай қолган жазо муддатини қўшиб ҳисоблаган ҳолда янги жазо тайинлади.

Юқорида баён этилган жиноят иши тафсилотларидан кўринадики, бундай иллатларга қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Негаки, кундалик ҳаётда интернет ва электрон ахборот технологияларидан ҳаммамиз фойдаланамиз. Бунда юқорида қайд этилган хатолардан огоҳ бўлиш лозим.

Музаффар БАЗАРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Пскент тумани суди раиси

photo_2025-05-13_16-00-38

АХБОРОТ ТАРҚАТИШ ЭРКИНЛИГИ СУИИСТЕЪМОЛ ҚИЛИНМАСЛИГИ КЕРАК

Кейинги пайтларда айрим манбаларда, асосан, ижтимоий тармоқларда муайян давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари фаолияти ҳақида нохолис, ҳақиқатга зид, айтиш мумкин бўлса, бўҳтон ва иғводан иборат маълумотлар тарқатилаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Айниқса, давлат ва жамият ҳаётида адолат қарор топишида ниҳоятда муҳим ўрин тутадиган орган – суд тизими ва судьялар фаолияти ҳам бундай “нишон”лардан бирига айланаётгани жуда ачинарли…

Ваҳоланки, бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда судьянинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш тегишли жавобгарликни келтириб чиқариши тўғрисидаги ҳуқуқий нормалар белгиланган.

Суд тизимида узоқ йиллардан буён ишлаб келаётган фахрий судья сифатида судьяларимизнинг шаънига путур етказишга сабаб бўладиган асоссиз маълумотларни тарқатиш билан шуғулланаётганларни, умуман, барча фуқароларни қонунларимизда ўз ифодасини топган муайян талаблардан хабардор этишни ўзимнинг бурчим деб топдим.

Биз қонун асосида бошқариладиган ҳуқуқий демократик давлатда яшаяпмиз. Шундай экан, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи органи бўлган парламент томонидан қабул қилинган қонунларга, айниқса, Конституция талабларига сўзсиз риоя қилиш — ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз бўлиши керак. Юртимиздаги барча фуқаролар, ким бўлишидан, қайси мансабда ишлашидан қатъи назар, тегишли қонун талабларидан хабардор бўлса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Тўғри, ҳамма соҳаларда ҳам объектив, субъектив сабабларга кўра, баъзи бир камчилик ва нуқсонлар учраши ҳеч кимга сир эмас. Албатта, қонунларимизда судья ҳар бир ишни чуқур ўрганиб, мазмунан кўриб чиқишда тарафлар ва гувоҳларни эринмасдан батафсил эшитиб, инкор этиб бўлмайдиган далиллар асосида у ёки бу шахснинг айби тасдиқлангандан сўнг қонунларимиздаги афзалликлардан тўғри фойдаланиб, ҳақиқий содир этган ҳаракатига қонуний баҳо бериб, адолатли жазо чорасини тайинлаши лозимлиги кўрсатилган.

Камчиликни рўкач қилиб, бирон-бир шахсга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган, айниқса, судга, судьяга нисбатан камситувчи, бирёқлама ва нохолис, шунингдек, жамоатчиликда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан ишончсизлик кайфиятини уйғотадиган маълумотларни очиқдан-очиқ тарқатиш қонун билан тақиқланади.

Ахборотни тарқатишда унинг холислиги, ҳаққонийлиги ва тўғрилиги учун масъулиятни унутмаслик керак. Акс ҳолда, амалдаги қонунларимизда бундай ҳаракатлар учун маъмурий, ҳатто жиноий жавобгарлик белгиланган.

Судлар ва судьялар томонидан маслаҳатхонасида чиқарилган ҳукм ва қарорларга баҳо бериб, танқид қилиш орқали ижтимоий босим ўтказишга уриниш асло мумкин эмас. Бундай ҳуқуқ ҳеч кимга берилмаган. Фақат қонунда кўрсатилган шахсларгина суд қарорларидан норози бўлса, тегишли тартибда юқори инстанция судига мурожаат қилиши процессуал қонунларимизда аниқ кўрсатилган.

Конституциямизнинг 60-моддасида “Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар”, деган қоида ўрнатилган.

Шу ўринда ўзимизга савол бериб кўрайлик-чи, барчамиз ҳам Конституциямизнинг ушбу талабига риоя қилаяпмизми?

Шунингдек, Конституциямизнинг 136-моддасида судьяларнинг мустақил экани, фақат Конституция ва қонунга бўйсуниши, уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш, қонунга мувофиқ, жавобгарликка сабаб бўлиши, ушбу модданинг иккинчи қисмида эса, судьяларнинг дахлсизлиги қонун билан кафолатланиши белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 65-моддасида судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланган. Яъни давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар судьяларни ҳурмат қилиши ва уларнинг мустақиллиги принципига қатъий риоя этиши шарт. Судьяга ҳурматсизлик қилиш, худди шунингдек, уни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар, қонунга мувофиқ, жавобгарликка сабаб бўлади.

Шу ўринда яна бир муҳим масала ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.

Юртимизда фаолият кўрсатаётган журналистлар, айниқса, ижтимоий тармоқларда фаол бўлган шахслар (блогерлар) мамлакатимизда суднинг мустақил эканлигини ёдда тутишлари лозим. Суднинг ишига улар бирон-бир тарзда аралашмасликлари, аралашганларни эса, фош қилишга камарбаста бўлишлари мақсадга мувофиқдир.

Фуқаролик кодексининг 1021-моддаси бешинчи қисмида ҳар қандай фуқарога нисбатан ор-номус, қадр-қиммат ва ишчанлик обрў-эътиборини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатган шахсдан маънавий зарар ундирилиши кўрсатилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлик учун ҳуқуқбузарга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима жазоси белгиланган.

Жиноят кодексининг 140-моддасида эса, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беадаблик билан қасддан таҳқирлаш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин такроран содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши қайд этилган.

Аллоҳ менга инъом этган тўқсон йиллик умримнинг олтмиш йилга яқинини суд-ҳуқуқ соҳасига бағишлаган бир оқсоқол инсон сифатида, ҳеч қачон қонунларимизнинг бу талаблари бирон-бир шахсга нисбатан қўлланилишини умуман истамайман!

Барчамиз Парламентимиз томонидан қабул қилинган қонунлар талабларидан хабардор бўлиб, уларга риоя қилсаккина, ҳеч қандай нохуш ҳолатга тушмаймиз, албатта.

Мухтасар айтганда, юқоридаги қонун нормаларини мен тарбиявий нуқтаи назардан, ҳар хил нохушликларнинг олдини олиш мақсадида, фуқароларимизни бир-бирларига нисбатан ўзаро ҳурматда бўлиш ва жамиятда ўз ўрнини билиб юришга даъват этган ҳолда келтирдим, холос.

Айтмоқчиманки, конституциявий бурчларимизни чуқур англаган ҳолда, ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиб, қонунларга қатъий риоя қилиш барчамизнинг қонуний бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Шунда ҳар биримиз, мен ҳуқуқий демократик давлатда яшаяпман ва унинг тараққиётига ўзимнинг қонуний ҳиссамни қўшмоқдаман, чунки менинг фуқаролар, жамият ва давлат олдидаги бурчим ҳам шуни талаб этади, деб айта оламиз.

Убайдулла МИНГБОЕВ,

Судьялар ассоциацияси раиси,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист

photo_2025-05-13_14-52-56

ЭЪЗОЗ ВА ЭЪТИБОР ИФОДАСИ

Юртимизда кенг нишонланадиган умумхалқ байрами – 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Олий суд томонидан “Уч авлод учрашуви” байрам тадбири ўтказилди.

Нуронийларга эъзоз ва эҳтиром кўрсатишдек эзгу мақсадда ташкил этилган ушбу тадбирга меҳнат фаолиятини адолатни таъминлашга бағишлаб, суд тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган суд фахрийлари, судьялар ва суд ходимлари ташриф буюрдилар.

Тадбир аввалида Олий суд раиси Бахтиёр Исломов, Конституциявий суд раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов барча иштирокчиларни қутлуғ айём билан самимий табриклаб, сўнгги йилларда мамлакатимизда кексалик гаштини сураётган нуронийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларни соғломлаштириш ишларини самарали ташкил этиш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ижтимоий ҳаётдаги фаолликларини ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилаётганини таъкидладилар.

Зотан, инсон шаъни юксалган ва меҳнати қадр топган юртимизда кексаларимизни эъзозлаш, уларга алоҳида эҳтиром кўрсатиш асрлар оша давом этиб келаётган ҳамда қон-қонимизга сингиб кетган муқаддас қадриятдир.

Хотира ва қадрлаш куни ҳам том маънода халқимиз, айниқса, ёшларимиз дунёқарашида ўтганларни ёд этиш, тирикларни қадрлаш, ўзаро меҳр-оқибатли бўлишдек инсоний фазилатларни қарор топтиришга хизмат қилмоқда.

Қайд этилганидек, бугунги кунда 263 нафар суд фахрийси одил судловни таъминлаш йўлида ёш судьяларга ўзларининг ҳаётий тажрибаларига асосланган панд-насиҳатларини бериб келмоқдалар.

Албатта, суд тизими фахрийлари ҳам мамлакатимизда мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш, одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бир сўз билан айтганда, жамиятимизда қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшганлари алоҳида эътироф этилди.

Судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев мамлакатимизнинг суд тизими тарихи, бугуни ва келажаги, соҳанинг дарғалари тўғрисида сўзлаб берди.

Хотира ва қадрлаш куни ҳам том маънода халқимиз, айниқса, ёшларимиз онгу шуурида ўтганларни ёд этиш, тирикларни қадрлаш, ўзаро меҳр-оқибатли бўлишдек инсоний фазилатларни қарор топтиришга хизмат қилмоқда.

Инсон шаъни юксалган ва меҳнати қадр топган юртимизда кексаларимизни эъзозлаш, уларга алоҳида эҳтиром кўрсатиш асрлар оша давом этиб келаётган ҳамда қон-қонимизга сингиб кетган муқаддас қадриятдир.

Том маънода устозлар ва шогирдлар дийдорлашувига айланиб, самимий руҳда ўтган тадбирда 27 нафар суд фахрийси Олий суд раисининг Фармойиши билан таъсис этилган “Бенуқсон хизмати учун” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шукуҳи ва қувончи тамоман ўзгача бўлган тантанали тадбир байрам дастурхони атрофида давом эттирилиб, суд тизимида фидокорона меҳнат қилган ва бугун кексалик гаштини сураётган фахрийларнинг ибратомуз ҳаёт йўллари, фидойи хизматлари ёдга олинди.

photo_2025-05-08_10-56-24

ТУРКИЙ ДАВЛАТЛАР ТАШКИЛОТИГА АЪЗО ДАВЛАТЛАР ОЛИЙ СУДЛАРИ КОНФЕРЕНЦИЯСИ

2025 йил 7 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов бошчилигидаги делегация Анталия шаҳрида (Туркия Республикаси) бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо давлатлар Олий судлари конференциясида иштирок этди.

Шунингдек, анжуманда Озарбайжон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси Олий судлари делегациялари, Туркия Республикаси Кассация суди ва Давлат кенгаши (Олий маъмурий суди) раислари ҳамда ТДТ Бош котиби қатнашди.

Дўстона ва ишчанлик муҳитида, ўзаро тушуниш ва ишонч руҳида ўтган конференцияда томонлар умумманфаатли одил судловнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш баробарида суд органларининг ҳуқуқнинг турли йўналишлари бўйича ҳамкорлиги истиқболларини ҳам кўриб чиқишди.

Олий судлар делегациялари ТДТга аъзо давлатлар суд органларининг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида олий суд органлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, ишонч ва дўстликка асосланган алоқаларни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар.

Иштирокчилар ТДТга аъзо қардош давлатлар суд тизимларини ривожлантириш мақсадида Олий судлар ўртасидаги мазмунли мулоқотни келгусида ҳам давом эттириш муҳимлигини қайд этдилар.

Тадбирда ТДТ доирасида Олий судлар ўртасида одил судлов соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш муҳимлиги эътироф этилиб, суд фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтириш, умумий маслаҳат майдонларини ташкил этиш, соҳага оид қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, юриспруденция, ҳуқуқий ва техник масалалар бўйича маълумот ва тажриба алмашиш ҳамда бу борада мунтазам алоқаларни қўллаб-қувватлашга келишиб олинди.

Анжуман якунида имзоланган ТДТ Олий судлари конференциясининг низоми ушбу масалаларни тартибга солувчи қоида ва таомилларни белгиловчи ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

photo_2025-08-18_10-28-52

КИБЕРЖИНОЯТЛАРГА ҚАРШИ КУРАШ: ҲУҚУҚИЙ, ИНСТИТУЦИОНАЛ ВА СТРАТЕГИК ЁНДАШУВ

Сўнгги йилларда бутун дунёда, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам технологик тараққиёт билан бирга замонавий таҳдидлар, хусусан, кибержиноятчилик шиддат билан ўсиб бормоқда. Айниқса, молиявий ва ахборот тизимлари рақамлаштирилган сари уларнинг заиф нуқталари кўпаймоқда. Бу, ўз навбатида, давлат ва жамият хавфсизлигига таҳдид солаётган жиддий муаммолардан ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг 2025 йил 30 апрелдаги “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори миллий киберхавфсизлик тизимини мустаҳкамлаш борасида муҳим стратегик қадам бўлди.

Президент қарорига кўра, мамлакатда кибержиноятларга қарши ягона мувофиқлаштирувчи орган сифатида Ички ишлар вазирлиги белгиланди.

Бу қадам ташкилотлараро тизимли ҳамкорлик ва масъулиятни оширишга хизмат қилади.

Айни чоғда банклар, тўлов тизими операторлари ва ташкилотлари фаолиятида фуқаролар манфаатини ҳимоя қилиш ва молиявий хавфсизликни таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланиши замонавий киберхавфлар шароитида жуда муҳимдир.

Бугунги кунда ушбу ташкилотлар ва давлат идоралари ўртасидаги ахборот алмашинуви паст даражада бўлиб, аксарият ҳолларда киберҳужумларга жавоб беришда кечикишларга олиб келмоқда. Шу боис, ягона мувофиқлаштирувчи орган шакллантирилиши нафақат тезкорликни оширади, балки миллий киберхавфсизлик сиёсатида ягона стандарт ва ёндашувларни жорий этиш имконини ҳам беради.

Қарорда алоҳида эътибор берилган яна бир жиҳат – “Ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифасидир.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда кибержиноятчиликка қарши курашиш масалалари тарқоқ ҳолда, турли норматив-ҳужжатлар билан тартибга солинмоқда. Ҳолбуки, кибержиноятчилик ўз моҳиятига кўра, трансҳудудий, кўп қиррали ва юқори технологияли бўлгани учун унинг олдини олиш ва жавобгарлик механизмлари ҳам мукаммал, аниқ ва қатъий бўлиши лозим.

Шу билан бирга, электрон аккаунтлар – ўз номидаги банк картаси, ҳисоб­рақами, SIM картаси ҳамда электрон ҳамёнидан фойдаланишга йўл қўйган шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланиши кибержиноятчилик инфратузилмасининг узвий қисмига айланган ноқонуний шерикликни чеклашга қаратилган зарур ташаббусдир.

Бу билан ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этган шахснинг шерикларини аниқлаш ва жавобгарликка тортиш орқали профилактик таъсирни ошириш мумкин.

Бундан ташқари, банклар, тўлов тизими операторлари ҳамда тўлов ташкилотлари, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлиги натижасида содир этилган кибержиноят оқибатида келиб чиққан моддий зарарни улар ҳисобидан ундириш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда. Бундай ҳуқуқий механизмни жорий этиш, аввало, ахборот хавфсизлигига жиддий муносабатни рағбатлантиради.

Агар ташкилот ўзининг ички тизимларида хавфсизлик чораларини кўришга масъул эканлигини ва етарлича ҳимоя воситаларини жорий этмаслик оқибатида моддий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини билса, хавфсизликка йўналтирилган сармоя ва ташкилий чора-тадбирларнинг аҳамияти ортиб боради.

Бу ҳолат ташкилотларни хавф таҳлили, кибераудит ва хавфсизлик сиёсати каби долзарб йўналишларда фаол ҳаракат қилишга ундайди.

Ушбу ёндашув фуқаролар ва юридик шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Кибержиноят оқибатида шахсий маълумотлар ўғирланиши, молиявий йўқотишлар ёки шахсий активларга таҳдид юзага келганда, зарар кўрувчи томон ушбу моддий йўқотишларни айбдор ташкилот ҳисобидан ундириш ҳуқуқига эга бўлиши адолат ва қонун устуворлигини таъминлайди. Бу эса, жамиятда ахборот хавфсизлигига оид ҳуқуқий маданиятни шакллантиради.

Қонунчилик нуқтаи назаридан, ушбу тартиб рақамли фаолият соҳасида институционал жавобгарликни белгилаш, суд амалиётида янги ҳуқуқий амалиётни вужудга келтириш ҳамда киберхавфсизлик соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга хизмат қилади. Бу турдаги нормалар миллий қонунчиликни халқаро стандартлар билан уйғунлаштиришда ҳам муҳим қадам ҳисобланади.

Шунингдек, иқтисодий нуқтаи назардан қаралганда, ушбу механизм банк тизими ва рақамли молия платформаларига бўлган ишончни мустаҳкамлайди. Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ўз маблағи ҳамда маълумотлари хавфсиз ҳимояланганига ишонч ҳосил қилган ҳолда рақамли хизматлардан фаолроқ фойдаланадилар.

Қолаверса, киберхавфлар билан боғлиқ эҳтимолий йўқотишларни камайтириш мақсадида ташкилотлар киберсуғурта ва хавфни бошқариш сиёсатларини жорий этишга мажбур бўлади. Бу эса иқтисодиётнинг янги сектори – киберхавфсизлик ва суғурта бозорини ривожлантиришга туртки беради.

Президент қарорида эътибор қаратиш лозим бўлган энг муҳим жиҳатлар бири – ахборот технологиялари соҳасида содир этиладиган жиноятлар учун жиноят қонунчилигида белгиланган жазо чораларини кучайтиришдир.

Яна бир муҳим жиҳат – бундай технологиялардан фойдаланиш ҳолати жавобгарликни ва жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этилишини ҳам қайд этиш лозим.

Мазкур масалалар ҳуқуқшунослар, киберхавфсизлик мутахассислари ва қонун ижодкорлари учун кенг қамровли таҳлилни талаб этадиган мураккаб ҳуқуқий-ижтимоий феномен саналади.

Ушбу йўналишда ҳуқуқий ёндашувлар, халқаро тажриба, инсон ҳуқуқлари кафолатлари, замонавий таҳдидлар ва жамиятдаги ижтимоий адолат тамойиллари ўртасидаги мувозанат мустаҳкам илмий таҳлилга асосланиши лозим.

Дарҳақиқат, ахборот технологиялари орқали жиноят содир этиш ҳолатлари XXI асрнинг ҳуқуқий тизими учун кескин муаммога айланди.

Бугунги кунда жиноятлар анъанавий шакллардан четлаб, рақамли муҳитга кириб келган. Хусусан, электрон тўлов воситалари, банк хизматлари, телекоммуникациялар, блокчейн технологиялари ва ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилаётган жиноятлар нафақат молиявий зарар етказмоқда, балки жамиятда ишончсизлик муҳитини ҳам юзага келтирмоқда.

Бундай жиноятларни содир этувчилар, одатда, ўз шахсини яширади, ҳудудий чегараларга бўйсунмайди ва бунда ҳаракат тезлиги жуда юқори бўлади. Шу сабабли, қонунчиликда бундай жиноятларга нисбатан жазо чоралари аниқ ва қатъий тарзда белгиланиши талаб этилади.

Ахборот технологиялари соҳасида содир этилган жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш масаласи нафақат жазони оғирлаштириш, балки ушбу соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш, жазо чораларининг самарадорлигини ошириш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ушбу тоифадаги жиноятларга қарши самарали фаолият юритишини таъминлашга қаратилгандир.

Жиноят кодексининг ХХ-1 бобида айнан ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар учун жавобгарлик белгиланганлиги, шунингдек, айрим жиноятларнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғида содир этилиши ҳолатлари назарда тутилган. Шундай бўлса-да, белгиланган айрим жазо чоралари ахборот технологиялари орқали содир этилаётган кибержиноятлар натижасида етказилаётган зарарларга мутаносиб эмас.

Муҳим масалалардан яна бири – ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда жиноят содир этишни жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгилашдир. Бу ҳуқуқий норманинг назарий асоси шундан иборатки, жиноятни содир этиш усули, унда қўлланилган восита ва услуб унинг хавф даражасини белгилайди.

Ахборот технологияларидан фойдаланиш жиноятнинг қасддан, режали, ўз оқибатлари кенг қамровли бўлган ҳолда содир этилганлигини кўрсатади.

Масалан, анъанавий шахсий фирибгарликдан фарқли ўлароқ, фишинг орқали юзлаб шахсларнинг маълумотларини ўзлаштириш, блокчейнда криптоактивлар орқали ноқонуний маблағ айланмасини юритиш ёки бир неча давлат фуқароларини қамраб олган молиявий пирамида ташкил этиш – бу жиноятларнинг ижтимоий хавф даражасини сезиларли даражада оширади. Шунинг учун ахборот технологияларидан фойдаланиш ҳолати, ҳуқуқий нуқтаи назардан, жиноятнинг хатарли шаклда содир этилишини англатади.

Мазкур ёндашув халқаро ҳуқуқий амалиётда ҳам кенг қўлланилади.

Жумладан, Германия, Франция, Жанубий Корея, Япония ва бошқа давлатлар ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятлар учун махсус тартибда қатъий жазо чораларини белгилаган.

Кибержиноятчиликка қарши курашишда халқаро ҳамкорлик бўйича муҳим ҳужжат – Будапешт Конвенцияси ахборот муҳитида жиноят содир этиш усулини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолайди ва унга нисбатан давлатлар томонидан кескин кураш олиб борилишини талаб қилади.

Ўзбекистон Президентининг қарорида ҳам, ушбу Конвенцияга муайян шартлар асосида қўшилиш масаласини ҳар томонлама ўрганиб чиқиш вазифаси белгиланган.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, жиноят ҳуқуқи тизимида жазони оғирлаштириш ва махсус жавобгарлик шаклларини жорий қилиш инсон ҳуқуқлари ва адолат тамойилларига зид келмаслиги лозим. Бунда “ҳар қандай жиноят учун кураш” шиори остида мутаносиблик, айб ва жазо ўртасидаги ҳуқуқий мувозанат бузилмаслиги, жиноятни амалга ошириш даражаси, шахснинг жамият учун хавфлилик даражаси ва айбдорлик шакли инобатга олиниши шарт.

Шу маънода, ахборот технологияларидан фойдаланиш ҳолатини оғирлаштирувчи омил сифатида белгилаш – жавобгарликни индивидуаллаштириш ва адолатли жамият қуришда муҳим ҳуқуқий механизм ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, ахборот технологиялари орқали жиноят содир этиш ҳолатлари кўлами кенгаяётган аснода, Президент қарорида назарда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилиши, қонунчиликда қатъий, аниқ ва самарали жазо турлари ҳамда жавобгарлик механизмларининг кучайтирилиши, ахборот технологияларидан фойдаланиш ҳолатининг оғирлаштирувчи омил сифатида ҳуқуқий жиҳатдан эътироф этилиши – жамият хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодий барқарорликка эришиш ва мавжуд қонунчиликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Қаҳрамон МИРСАФАЕВ,

Тошкент шаҳар суди

жиноят ишлари бўйича судьяси

photo_2025-06-25_16-06-48

АДОЛАТЛИ СУДЛОВ ЁКИ СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ ЯНГИ ОЧИЛГАН ҲОЛАТЛАР БЎЙИЧА ҚАЙТА КЎРИШ ИНСТИТУТИНИНГ АФЗАЛЛИКЛАРИ

Маълумки, Янги Ўзбекистонда кечаётган ҳозирги шиддатли ислоҳотлар жамият тараққиётини ҳаракатлантирувчи куч сифатида ўзининг ижобий самараларини бермоқда.

Бу борада мустақил суд ҳокимияти зиммасига юклатилган қонун устуворлиги ва одил судловга эришиш, адолатни юзага чиқариш, шунинг асосида фуқаролар, тадбиркорлар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашда ягона суд амалиётини шакллантириш кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифалардан. Зеро, суд амалиётини бирхиллаштириш қонунларни аниқ ҳамда тўғри қўллашга хизмат қилади.

Ҳеч кимга сир эмас, адолатли судлов фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашнинг асосий кафолатидир. Шу билан бирга, қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари, истисно тариқасида, фақат қатъий асослар мавжуд бўлгандагина қайта кўриб чиқилиши мумкин. Бундай асослардан бири — янги очилган ҳолатлардир.

Бундай ҳолат суд қарори чиқарилган пайтда мавжуд бўлиб, бироқ аризачига номаълум бўлган ва унга маълум бўлиши ҳам мумкин бўлмаган фактларни англатади. Ушбу институтнинг қонуний асоси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 29-боби ҳамда Олий суд Пленумининг шу йил 29 апрелдаги 9-сонли қарорида белгилаб қўйилди.

Янги очилган ҳолатлар бўйича суд ҳужжатини қайта кўриш институтининг моҳияти шундаки, у чиқарилган суд ҳужжатини бевосита қонунийлиги ёки асослилигини текширишнигина эмас, балки суднинг хулосаларига таъсир этувчи янги фактларни таҳлил қилиш орқали низони қайта баҳолашни ҳам назарда тутади. Шу боис ушбу институтнинг қўлланилиши учун белгиланган талабларга қатъий риоя қилиш, хусусан, ариза мазмуни, шакли, тақдим этиш муддати ва асослари ҳуқуқий меъёрларга мос бўлиши лозим.

Пленум қарорида ариза фақат ишда иштирок этган томонлар, уларнинг вакиллари, прокурор ёки давлат органлари томонидан берилиши мумкинлиги аниқ кўрсатиб ўтилган. Бунда ариза берган шахс томонидан аниқ янги очилган ҳолат келтирилиб, у тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланиши лозим. Бундан ташқари ариза ёзма ёки электрон шаклда, белгиланган шакл ва мазмунга мувофиқ бўлиши шарт. Унга ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар, ваколатлар ва бошқа ҳуқуқий асослар илова қилиниши талаб этилади.

Айтиш керакки, суд амалиётида ушбу институтдан фойдаланишда қатор муаммолар мавжуд. Жумладан, айрим ҳолларда аризачилар янги очилган ҳолат сифатида илгари судга тақдим қилинмаган, лекин мавжуд бўлган далилларни кўрсатадилар. Ваҳоланки, Пленум қарорида бундай далиллар янги очилган ҳолат сифатида қабул қилинмаслиги аниқ белгилаб қўйилган.

Чунки бу ҳолат, асосан, аризачи томонидан эътиборсизлик ёки нотўғри процессуал ҳаракатлар натижасида юзага келган бўлиб, у суд қарорини бекор қилиш учун етарли асос бўлолмайди.

Шунингдек, айрим аризаларда янги очилган ҳолат умуман қайд этилмайди, балки суд хулосаси нотўғри баҳолангани, далиллар нотўғри талқин этилгани ёки суд нотўғри қарор чиқаргани ҳақида умумий важлар келтирилади. Бундай ҳолатлар эса, ушбу институт моҳиятига зид саналади. Ваҳоланки, уларни кўриб чиқиш апеллация ёки кассация тартибида амалга оширилиши лозим.

Шу ўринда ариза бериш муддатига риоя этиш муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаш жоиз. Чунки Пленум қарорида ариза, янги ҳолатлар очилган кундан эътиборан, бир ой муддат ичида тақдим этилиши кераклиги қайд этилган. Ушбу муддат ўтказиб юборилган тақдирда, фақат узрли сабабларга кўра ва бу ҳақда илтимоснома илова қилинган ҳолдагина муддат тикланиши мумкин.

Бироқ суд амалиётида аксарият ҳолларда аризачилар белгиланган муддатларга риоя этмаслигини кўриш мумкин. Бунинг устига кўпинча аризага илтимоснома илова қилинмайди ва оқибатда судлар аризани қаноатлантириш ўрнига қайтаришга мажбур бўлади.

Шунингдек, баъзан ишда иштирок этмаган, лекин суд қароридан манфаатдор деб ҳисоблаган шахслар ҳам янги очилган ҳолатлар асосида ариза билан мурожаат қилмоқда. Бу эса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг қоидаларига зид бўлиб, фақат ишда иштирок этган шахслар бундай ариза бериш ҳуқуқига эга. Ишда қатнашмаган шахслар эса, фақат юқори инстанция судига шикоят бериш йўли билан ўз манфаатини ҳимоя қилиши мумкин.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар асосида қайта кўриш институти судларда ишларни мазмунан муҳокама қилишда адолатини тиклашга хизмат қилувчи муҳим восита эканлигини амалда яққол кўрсатмоқда. Бироқ суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар асосида қайта кўриш институтидан нотўғри фойдаланиш ёки уни нотўғри талқин қилиш суд амалиётида турли чалкашликларга сабаб бўлиши, суд ҳужжатлари барқарорлигига путур етказиши мумкин.

Шундай экан, ушбу институтни қўллашда судлар ниҳоятда эътиборли бўлиши талаб этилади. Айниқса, аризаларни шакл, мазмун, муддат ва асослар нуқтаи назаридан синчковлик билан кўриб чиқиб, уларда янги очилган ҳолатлар мавжудлиги бўйича қатъий юридик таҳлил юритиш лозим. Судларнинг бу борада изчил ёндашуви, аризачиларнинг ҳуқуқий маданияти юқори бўлиши ҳамда суд амалиётининг умумлаштириб борилиши шак-шубҳасиз муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар асосида қайта кўриш институти судлов барқарорлигини сақлаган ҳолда, адолатни тиклаш ва одил судловни таъминлашга хизмат қилувчи муҳим механизм бўлиб қолади.

Давлат БОБОНОРОВ,

Навоий вилояти

маъмурий суди судьяси

photo_2025-05-30_16-02-22

ЯНГИ ПЛЕНУМ ҚАРОРИ: ҚОНУНИЙ, АСОСЛИ ВА АДОЛАТЛИ СУД ҚАРОРЛАРИ ҚАБУЛ ҚИЛИШДА МУҲИМ ЎРИН ТУТАДИ

Маълумки, қонунларни амалиётда бир хил қўллаш, хусусан, қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича судларга тегишли тушунтиришлар бериш Олий суд Пленуми ваколатига киради. Шу маънода, жорий йил 29 апрелда Олий суд Пленумининг “Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қўллаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Бу ҳақда фикр юритганда, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 269-моддасида янги очилган ҳолатлар бўйича суд ҳужжатларини қайта кўришнинг 4 та асоси кўрсатилганини қайд этиш жоиз.

Шундай бўлса-да, бу асослар аниқ ёритиб берилган тушунтиришлар мавжуд эмас эди.

Шу сабабли, кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда судларда турли хил амалиёт шаклланган.

Бу ҳолатни Олий суд томонидан 2023 йилда ўтказилган суд амалиётини умумлаштириш натижаларидан ҳам кўриш мумкин.

Янги Пленум қарори амалиётдаги ана шундай муаммоларни бартараф этиш, судлар томонидан қонунларни бир хил қўлланишини таъминлаш мақсадида қабул қилинди. Аввало Пленум қарорининг 3-бандида янги очилган ҳолатларга батафсил тушунтириш берилган. Унга кўра, агар фактик ҳолатлар суд ҳужжати қабул қилингандан сўнг вужудга келган бўлса, бу ҳолат суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўла олмайди, балки янги ариза ё шикоят билан мурожаат этиш учун асос бўлиши мумкин.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ишда иштирок этувчи шахслар ёки прокурор томонидан берилиши белгиланган.

Пленум қарорининг 5-бандида бундай ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин бўлган шахслар доираси кўрсатиб ўтилди.

Яъни тарафлар ё уларнинг ҳуқуқий ворислари, учинчи шахслар ёки уларнинг ҳуқуқий ворислари, прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар, ўз зиммаларига юклатилган ваколатларга кўра, қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Пленум қарорида шу ҳақда тушунтириш берилди.

Шу билан бирга, амалиётда ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар суд ҳужжатини, янги очилган ҳолатларга кўра, қайта кўриш ҳақида ариза билан мурожаат қилиш ҳолатлари учраб туради. Бироқ қонунчиликда уларнинг суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра, қайта кўриш ҳақида ариза билан мурожаат қилиши назарда тутилмаган.

Пленум қарорининг 6-бандида айни масала юзасидан судларга тушунтириш берилди. Бу ўринда қонунда ушбу шахсларнинг суд ҳужжатини, янги очилган ҳолатларга кўра, қайта кўриш ҳақида ариза билан мурожаат қилишга ҳақли эканликлари белгиланмаганлиги боис, улар суд ҳужжати устидан юқори инстанция судига шикоят билан мурожаат қилиши лозимлиги ҳақида сўз бормоқда.

Бундан ташқари ариза ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахс томонидан берилганда, у Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 273-моддаси биринчи қисми 1-бандига асосан, қайтарилиши керак. Мабодо хатоликка йўл қўйилиб, ариза иш юритишга қабул қилинган тақдирда эса, шу асослар бўйича аризани қаноатлантириш рад этилиши зарур.

Шунингдек, қонуний кучга кирган суд қарорларини янги очилган ҳолат бўйича судга мурожаат қилиш муддати юзасидан ҳам амалиётда айрим номувофиқликлар мавжуд эди. Пленум қарорининг 8-бандида бу ҳолатнинг ечими ўз аксини топди.

Унга кўра, кодексдаги бир ойлик муддат ичида ариза берилиши, ўтказиб юборилган муддат ариза билан мурожаат қилган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб тан олса, суд томонидан тикланиши мумкин.

Пленум қарорининг 16-бандидаги тушунтиришга биноан, иш учун муҳим ҳолат сифатида суд ҳужжати қабул қилинган пайтда мавжуд бўлган, лекин аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, агар улар ҳақида маълум бўлганида бошқача қарор қабул қилинишига олиб келиши мумкин бўлган янги аниқланган ҳолатлар тан олиниши мумкин.

Бу ўринда, шунингдек, суд ҳужжати қабул қилингандан сўнг талабни асословчи далилнинг тақдим этилиши тарафнинг процессуал эътиборсизлиги ва янги далил тақдим этилиши сифатида баҳоланиши, бу суд ҳужжатни янги очилган ҳолатларга кўра, қайта кўришга асос бўла олмаслиги инобатга олиниши лозимлиги ҳақида ҳам тушунтириш берилди.

Ҳозирги кунга қадар тушунмовчиликларга олиб келаётган “суриштирув ёки тергов органининг иш учун аҳамиятли бўлган қарори” суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақидаги масалага ҳам Пленум қарорида тегишли тушунтириш берилди. Амалиётда кўплаб ҳолатларда мансабдор шахсларнинг қарорлари, ҳаракатлари ё ҳаракатсизлигида жиноят аломатлари мавжудлиги тергов органининг қарори билан аниқланган бўлса-да, жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги сабабли жиноят иши қўзғатиш рад қилинади.

Ўз навбатида, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс талабларида фақатгина суднинг ҳукми билан аниқланган жиноий хатти-ҳаракат суд қарорини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўришга асос бўлиши назарда тутилганлиги сабабли тергов органининг қарори инобатга олинмай келинаётганлиги ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди.

Шу сабабли, Пленум қарорининг 17-бандида суднинг ажрими, суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг жиноят ишини муддатнинг ўтиши ва бошқа турли сабабларга кўра, тугатиш ҳақидаги қарорлари билан аниқланган ҳолатлар ҳам, агар суд ушбу ҳолатларни иш учун муҳим деб топса, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўлиши ҳақида тушунтириш берилди.

Мухтасар айтганда, Олий суд Пленумининг ушбу қарори одил судловни амалга оширишда суд учун аҳамиятли ҳисобланади. Ўз навбатида, қарор мамлакатимиз бўйича айни масалада ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилади.

Шарофиддин Болиев,

Олий суд судьяси

#thegov_button_6a65f635e0a43 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a65f635e0a43:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a65f635e0a43 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6a65f635e0a43:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); }
Skip to content Click to listen highlighted text!