Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00
photo_2025-12-19_17-33-56

АДОЛАТ ТАНТАНАСИ: НОҚОНУНИЙ АЙБЛОВ СУД ТОМОНИДАН БЕКОР ҚИЛИНДИ, ШАХС ОҚЛАНДИ

Марғилон шаҳрида яшовчи ҳуқуқшунос Матлуба Маҳмудова бу йилги Конституция байрамини ҳар галгидан ўзгача кутиб олди. Албатта, бунинг муҳим сабаби бор.

Гап шундаки, М. Маҳмудова Тошлоқ тумани 2-сон давлат нотариал идораси нотариуси лавозимида ишлаган. Аммо 2016 йилда бошига жиддий ташвиш тушади.

Аниқланишича, тегишли ҳукумат қарорлари ва Адлия вазирининг буйруғи талабларига асосан нотариус 2015 йил ҳамда 2016 йилнинг 4 ойи давомида автомашинадан текин фойдаланиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун давлат божи, герб йиғими ва пуллик хизмат учун 29 600 сўмдан 32 500 сўмгача тўлов ундириши лозим бўлган.

Бироқ М. Маҳмудова нотариус ёрдамчиси У. Отажонов ва котиби К. Нортожиев билан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, шу турдаги нотариал ҳаракат эвазига 247 нафар фуқародан 37 000 сўмдан 400 000 сўмгача ҳақ ундиришган. Оқибатда 29 708 205 сўм миқдоридаги маблағни алдов йўли билан қўлга киритганлик, яъни фирибгарликда айбланган.

Шунинг учун М. Маҳмудова жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2016 йил 5 октябрдаги ҳукмига мувофиқ, Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми “б”, “в” бандлари билан айбдор деб топилган. Ушбу кодекснинг 45-моддаси тартибида у 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, энг кам ойлик иш ҳақининг 120 баравари (ўша пайтда 15 628 800 сўм) миқдорида жарима жазосига ҳукм этилган.

Шу суднинг 2016 йил 27 октябрдаги ажримига кўра, М. Маҳмудова жарима жазосидан озод қилинган. Бунга Олий Мажлис Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарори асос бўлган.

Айни чоғда, Янги Ўзбекистонда кечаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари моҳиятига сингдирилган қонунийлик ва адолатпарварлик мезонлари тобора амалда намоён бўлаётгани Матлуба Маҳмудовага ҳам умид бағишлайди. Шу боис у ҳимоячиси билан бирга Фарғона вилоят судига кассация шикояти билан мурожаат қилади.

Натижада Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2024 йил 16 августдаги ажрими билан суднинг ҳукми ўзгартирилиб, М. Маҳмудова тайинланган асосий жазодан озод қилинган. Лекин бу ажримдан қониқмаган собиқ нотариус Фарғона вилоят судига тафтиш шикояти билан мурожаат қилиб, ўзининг айбсизлигини исботловчи бир қатор далилларни келтирди.

Чиндан ҳам, тафтиш инстанцияси судида М. Маҳмудованинг айбсизлиги ўз исботини топди. Аввало, 247 нафар фуқародан ўз маблағларининг нотариус томонидан фирибгарлик йўли билан қўлга киритилганлиги юзасидан ариза келиб тушмаган.

Қолаверса, фуқаролар пулларни айнан унинг қўлига, алдови асосида топширганини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас. Шунингдек, дастлабки тергов органи ва суд нотариал ҳаракатлар учун ортиқча пул тўлаган гувоҳларни бевосита сўроқ қилиб, уларни М. Маҳмудова билан юзлаштириш чораларини кўрмаган.

Бундан ташқари судда фуқаровий даъвогар тариқасида кўрсатма берган Ғ. Мўйдинов Тошлоқ туманидаги 2-сонли давлат нотариал идорасига бориб, автомашинадан текин фойдаланиш шартномаси расмийлаштиргани, белгиланган суммани кассага тўлагани ва нотариус хизмат ҳақи эвазига ортиқча пул сўрамаганини таъкидлади. Яна 7 нафар фуқаровий даъвогар ҳам худди шундай кўрсатма берди.

Шу билан бирга, нотариус ёрдамчиси У. Отажонов ва котиби К. Нортожиев ўзларига нисбатан жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказилгани, қамоққа олинишдан қўрқиб, ноиложликдан М. Маҳмудовага қарши кўрсатма беришга мажбур бўлганларини айтган ҳолда, дастлабки тергов ва суддаги кўрсатмаларини инкор қилдилар.

Бош Қомусимизнинг 28-моддасида “Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак”, деган норма белгиланган.

Фарғона вилояти суди ана шу асосларга таянган ҳолда, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2016 йил 5 октябрдаги ҳукми ва Фарғона вилояти суди кассация инстанциясининг 2024 йил 16 августдаги ажримини бекор қилиб, М. Маҳмудовани айбсиз деб топди ва оқлади.

Шунингдек, ўша пайтда М. Маҳмудовадан ундирилган 33 729 698 сўм моддий зарар Фарғона вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармасидан унинг ўзига қайтариладиган бўлди. Суд ҳукмида оқланувчига ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини Жиноят процессуал кодексининг 304-312-моддалари тартибида бартараф қилиш ҳуқуқи ҳам тушунтирилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда ҳар бир иш бўйича адолатни юзага чиқариш ва қонун устуворлигини таъминлаш Президентимиз томонидан судлар олдига қўйилган энг муҳим вазифадир.

Зеро, Янги Ўзбекистон – инсон қадри устувор бўлган давлат.

Ваҳобжон СИДДИҚОВ,

Фарғона вилояти

суди судьяси

photo_2025-06-23_16-58-11

ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ

Бугун Олий суд Пленуми мажлиси бўлиб ўтди. 

Олий суд раиси Б. Исломов раислик қилган йиғилишда Олий суд ва қуйи судларнинг судьялари, Бош вазирнинг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси, Бош прокурор, Конституциявий суд ва Судьялар ассоциацияси раислари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакилллари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ҳамда Судьялар олий кенгаши, Адвокатлар палатаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.

Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 24 августдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 24-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ҳамда “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши натижасида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.

Бозор ислоҳотларини изчил чуқурлаштириш, замонавий инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини шакллантириш шароитида тўловга қобилиятсизликни тўғри ҳуқуқий тартибга солиш масалалари, айниқса, долзарб бўлиб бормоқда. Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиётини тўғри шакллантириш адолатни, ҳуқуқий ишончни ва тадбиркорлик фаолияти барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Ушбу ишларнинг ўз вақтида, қонунда белгиланган тартибда, холис
ва қонуний ҳал этилиши иқтисодий йўқотишларни минималлаштириш, суиистеъмолликларнинг олдини олиш, корхоналар фаолиятини сақлаб қолиш ва кредиторлар олдидаги мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш имконини беради. Таъкидлаш лозимки, тўловга қобилиятсизлик ҳуқуқий институтининг асосий мақсади нафақат иқтисодий барқарор бўлмаган субъектларни тугатиш, балки энг аввало, кредиторлар талабларини адолатли қондириш ва қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашни таъминлаш, имкон қадар қонун доирасида жараённинг бошқа иштирокчиларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдир.

Шу муносабат билан, суднинг вазифалари ишларнинг ҳар томонлама ва холисона кўриб чиқилишини, тиклаш тартиб-таомилларининг фаол қўлланилишини, ҳуқуқларнинг суиистеъмол қилинишини (банкротлик ёки сохта банкротликни яшириш) бартараф этиш ва иш юритишнинг барча босқичларида процессуал адолатлиликни таъминлашдан иборат.

2022 йил 13 апрелдан Ўзбекистонда илгари амалда бўлган “Банкротлик тўғрисида”ги Қонун ўрнига “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонун кучга кирди. Янги қонун замонавий тўловга қобилиятсизлик институтининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди.

Хусусан, Қонунда жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги тартиби биринчи марта назарда тутилди. Шу билан бирга, Олий суд ва қуйи судларга келиб тушган материаллар таҳлили, шунингдек, суд амалиётининг сарҳисоби бу борада ҳуқуқни қўллашда муайян муаммолар мавжудлигини кўрсатди.

Олий суд Пленумининг бугун қабул қилинган “Иқтисодий судлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”гиқарориамалдаги қонунчилик ва суд амалиётини ҳар томонлама таҳлил қилишга асосланган бўлиб, ундаги қоидалар қонуннинг бир хил талқин этилишини таъминлаш, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш юритишнинг барча иштирокчиларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва ушбу муҳим соҳада одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган.

Кейинги йилларда мамлакатимизда инсоннинг ўз қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун тенг имкониятлар яратиш, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона аниқлашга доир қонун талабларига сўзсиз риоя этиш, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципларини ҳаётга татбиқ этиш орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Жамият ҳаётининг турли соҳаларини жадал рақамлаштириш, одамларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда янада кўпроқ ҳамкорлик қилиши ва бунинг оқибатида жиноятлар содир этилиши, рақамли муҳитда фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши ҳолларининг кенг тарқалиши рақамли далилларнинг институционаллаштирилишини ва улар билан боғлиқ ишларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланишини талаб этмоқда.

Хусусан, 2024 йил 21 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун бу борадаги ишларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади.

Қабул қилинган Қонун билан рақамли далиллар тушунчасини, рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, уларни сақлаш, қайтариш ҳамда йўқ қилиш тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ҳуқуқни қўлловчилар томонидан қайд этилган қонунни тўғри қўллаш, бу масалада барқарор суд ва тергов амалиётини шакллантириш мақсадида амалдаги қонунчилик ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлардан келиб чиқиб эътиборга молик ҳолатлари юзасидан судлар учун ушбу масалаларда тегишли тушунтиришлар берилишини тақозо этди.

Шунга кўра, одил судловни амалга оширишда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларининг тўғри татбиқ этилишини таъминлаш, судларда ягона амалиётни шакллантириш мақсадида Олий суд Пленумининг “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 24 августдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 24-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қарори қабул қилинди.

Ушбу Пленум қарори келгусида суд ва тергов органлари томонидан рақамли далилларни тўғри ва қонуний тарзда қўллаш тартибини белгилаш ҳамда рақамли ва электрон маълумотлар асосида мақбул ва номақбул далиллар тушунчасини янада кенгайтириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.

Ўз навбатида 2025 йил 9 апрелдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан Оила кодексига қўшимча киритилиб, унга мувофиқ никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда суд оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинламайди.

Бундан ташқари, Уй-жой кодекси норма билан тўлдирилиб, унга биноан турар жойдан фойдаланиш ҳақидаги низолар кўриб чиқилаётганда суд тарафларнинг келишувига асосан турар жой мулкдорининг ташаббусига кўра турар жойга мажбурий тартибда киритилаётган тарафни турар жой мулкдорига тегишли мутаносиб шароитларга эга бўлган бошқа турар жойга киритиш ёки ижарага олинган турар жой учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини мулкдорнинг зиммасига юклатиши мумкин.

Шу муносабат билан Оила ва Уй-жой кодексига киритилган янги нормаларни амалиётда қўллаш юзасидан Олий суд Пленумининг “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши натижасида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори ишлаб чиқилиб, Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида” ва 2001 йил 14 сентябрдаги “Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарорларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қабул қилинган қарордаги тушунтиришлар келгусида қонунчилик нормаларини тўғри ва бир хилда қўллашга хизмат қилиб, одил судловни амалга ошириш, қонуний ва адолатли қарорлар қабул қилиниши орқали хотин-қизларимиз ва мулкдорларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ўзининг самарасини кўрсатиши билан бир қаторда судлар томонидан қонун нормалари бир хилда талқин қилиниши ва ягона суд амалиётини яратишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Пленум қарорлари матнлари Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ахборотномаси” ва “Куч – адолатда” газетасида эълон қилинади.

 

photo_2025-11-26_15-40-11

МАЪМУРИЙ ЖАЗО ТАЙИНЛАШ ҚОНУН ТАЛАБИГА ҚАТЪИЙ РИОЯ ЭТИШНИ ТАЛАБ ҚИЛАДИ

Маълумки, мамлакатимизда ҳар бир қонун ҳужжати Конституциямиз талаблари асосида қабул қилинади ва жамият тараққиётига, халқнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялашга қаратилади.

Мисол учун айтганда, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик жамият фаровонлиги йўлида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, мулкни, давлат ва жамоат тартибини, табиий муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлашга йўналтирилган.

Буни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 3-моддаси мазмун-моҳияти ҳам яққол кўрсатиб турибди. Унга кўра, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик қонунийлик, фуқароларнинг тенглиги, демократизм, инсонпарварлик, одиллик ва айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига асосланади.

Шу ўринда айтиш керакки, тегишли ваколатли органлар ва мансабдор шахслар маъмурий таъсир кўрсатиш чораларини ўз ваколатлари доирасида, иш юритиш қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширадилар. Акс ҳолда, қонун талабининг бузилиши маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорнинг бекор қилинишига асос бўлади.

Масалан, яқинда суд томонидан Кадастр агентлиги Қўшработ тумани бўлими бошлиғининг ҳуқуқбузар О. Омонқуловга нисбатан маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарори бекор қилинди ва бу маъмурий иш қайта кўриб чиқиш учун Кадастр агентлиги туман бўлимига юборилди.

Ўз навбатида, суднинг ушбу қарорига нисбатан Кадастр агентлиги туман бўлими томонидан келтирилган кассация тартибидаги шикоят Самарқанд вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилди, суднинг қарори қонуний ва асосли деб топилгани боис ўзгаришсиз қолдирилди.

Хўш, аслида қандай маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганди? Кадастр агентлиги туман бўлими бошлиғининг О. Омонқуловга маъмурий жарима қўллаш тўғрисидаги қарори нега бекор қилинди?

Бу ҳақда батафсил фикр юритадиган бўлсак, О. Омонқулов Эргаш Жуманбулбул номидаги массивда жойлашган 66 кв. метр ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олади ва қурилиш ишларини амалга оширади. Ушбу қонунбузилиш ҳолати Кадастр агентлиги туман бўлими етакчи инспектори З. Хонкелдиева томонидан шу йилнинг 23 май куни ўтказилган ўрганиш жараёнида аниқланади. Шу сабабли О. Омонқуловга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилади. Шундан сўнг ушбу баённомага асосан, Кадастр агентлиги туман бўлими бошлиғининг қарори билан О. Омонқуловга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари – 75 миллион сўм жарима жазоси тайинланади.

Ўз навбатида, О. Омонқулов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 315-моддаси тартибида судга ариза билан мурожаат қилиб, Кадастр агентлиги Қўшработ тумани бўлими томонидан 75 миллион сўм жарима жазоси қўлланилгани, аммо доимий даромади йўқлиги, оилавий шароити оғирлиги, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлигини қайд этиб, жарима миқдорини камайтириб беришни сўраган.

Суд томонидан ушбу ариза юзасидан “E-Ma’muriy ish” ягона ахборот тизимига киритилган ҳужжатлар ўрганилганида, Кадастр агентлиги туман бўлими томонидан иш юритиш қоидалари жиддий равишда бузилганлиги аниқланди.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 июлдаги 431-сонли қарори билан тасдиқланган “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида ягона электрон иш юритув тизими орқали маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни юритиш тартиби ҳақида”ги Низомнинг 26-бандида ваколатли органлар томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс талаблари бузилганлиги ҳақида белгиланган шаклдаги маъмурий баённома ёки маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида планшет ёки компьютер ёрдамида “E-Ma’muriy ish” тизими орқали расмийлаштирилиши белгиланган.

Шунингдек, Низомда маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор “Фуқароларнинг биометрик ҳужжатлари электрон тизими” ёки дактилоскопик таққослаш ёхуд мультибиометрик идентификация қилиш дастурлари орқали ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаган ҳолда электрон рақамли имзо ёки электрон график имзо ҳамда QR код билан тасдиқланиши шартлиги белгилаб қўйилган.

Тўғри, Кадастр агентлиги Қўшработ тумани бўлими етакчи инспектори З. Хонкелдиева томонидан 2025 йил 23 май куни тузилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома pdf форматида сканер қилинган ва тизимига киритилган.

Аммо қоидага хилоф равишда худди шу сана билан “E-Ma’muriy ish” тизимига PSAM 2524104317887 рақамли бошқа бир маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ҳам юкланган.

Бундан ташқари ушбу маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 281-моддаси талабларига зид тарзда расмийлаштирилган. Чунки баённомада ҳуқуқбузарликнинг асл моҳияти кўрсатилмаган. Буниси етмаганидек, баённома 2025 йилнинг 23 май куни расмийлаштирилган бўлса-да, беш ой олдинги муддат қўйилган.

Бунинг устига ваколатли шахс З. Хонкелдиева баённомани шахсан ўзи тузганлигини электрон рақамли имзо ёки электрон график имзо билан тасдиқламаган.

Шунингдек, ҳуқуқбузар баённома билан таништирилиб, розилиги қайд этилмаган.

Энг ажабланарлиси, юқорида қайд этилган камчиликлар Кадастр агентлиги туман бўлими бошлиғининг маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорида ҳам ўз ифодасини топган.

Суд ишни кўриш чоғида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 319-моддаси иккинчи қисмидаги “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида берилган шикоят ёки билдирилган протестни кўриб чиқиш пайтида орган (мансабдор шахс) чиқарилган қарорнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширади” деган қатъий талабга таянди.

Кадастр агентлиги туман бўлими етакчи инспектор томонидан тузилган ана шу маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани кўриб чиқишда амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 303, 303-1, 307 ва 309-моддалари талабларига риоя қилмаган.

Нега деганда, О. Омонқуловнинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган ёки содир қилмаганлиги аниқланмаган. Ички ишлар идораларининг маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг илгари маъмурий жавобгарликка тортилганлиги факти мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаси маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага илова қилинмаган. Кадастр агентлиги туман бўлими бошлиғи маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва ишга оид бошқа материаллар тўғри тузилган-тузилмаганлиги ҳақидаги масалани ҳал этмасдан туриб, маъмурий жарима қўллаш тўғрисида барвақт қарор чиқарган.

Шунинг учун суд Кадастр агентлиги Қўшработ тумани бўлими бошлиғининг 2025 йил 10 июндаги QSAM 2524103743019 рақамли маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорини бекор қилди. Ишни қайта кўриб чиқиш учун Кадастр агентлиги туман бўлимига юборди. Кадастр агентлиги Самарқанд вилояти бошқармасига йўл қўйилган хато-камчиликларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилди.

Буларни баён этишдан мақсад шуки, ҳар бир жазо чораси қонуний, асосли ва адолатли қўлланиши — кутилган натижани беради. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.

Баҳодир АҲМЕДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қўшработ тумани суди

тергов судьяси

 

photo_2025-10-28_15-38-03

ГИЁҲВАНДЛИК — ИНСОНИЯТ ҲАЁТИГА ТАҲДИД

Инсоният тарихи неча минг йиллик тараққиёти давомида илмий изланишлари ва амалий фаол фаолияти туфайли барча соҳалар каби маданият ва маърифатда ҳам юксак натижаларга эришди. Бироқ шундай бир иллат борки, у илмни ҳам, маърифатни ҳам, умуман олганда, барча инсоний қадриятларни бир зумда вайрон қилиб юборади. Бу — гиёҳвандлик иллати. Унинг зарари бутун оила, жамият, миллат ва инсоният ҳаётини таҳлика остида қўйиши мумкин.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, гиёҳванд моддалар, энг аввало, инсон миясини бузади: аввалига “бахт гормони” деб аталган дофаминни сунъий кўпайтириб, юзаки лаззат ҳиссини беради. Бир неча дақиқалик “фароғат” туйғусидан кейин эса, азобли занжир қисми бошланади: юрак ва қон томир тизими бузилиши натижасида қон босими кескин ўзгариб, томирлар тортилади, юрак “чарчаб” ишдан чиқади, жигар ва буйрак фаолиятини сусайтиради, иммун тизимини заифлаштиради, организмнинг вирус ва бактерияларга қарши курашиш қобилияти пасайиб, энг кичик инфекция ҳам оғир хасталикларни келтириб чиқаради. Энг ёмони, гиёҳвандлик инсон руҳини сўндиради, у оилага меҳр-муҳаббатни, ота-онани, яқин оғайниларни, ҳаёт мазмунини ҳис этмай қўяди. Ана шу руҳий қарамлик уни жиноятга етаклайди: пул учун на ўғирликдан, на фирибгарликдан, на хиёнатдан — ҳеч нарсадан тап тортмайди.

Афсуски, сўнгги йилларда дунё миқёсида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи кескин ортиб бормоқда.

БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, 2024 йилда жаҳонда 350 миллион нафарга яқин инсон гиёҳванд моддалар таъсирига тушиб, уларнинг 28 миллион нафари оғир хасталикларга чалинган. Ҳар йили 500 минг нафардан ортиқ киши бу иллат қурбонига айланмоқда.

Шунингдек, Жаҳон божхона ташкилотининг ҳисоботида 2024 йил давомида 1 347 тонна гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаладан олинганлиги маълум қилинган.

Айтиш керакки, юртимизда гиёҳвандлик ва наркотик жиноятларга қарши курашиш соҳасида тизимли чоралар белгиланган: Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази бу йўналишда илмий таҳлиллар ва амалий чораларни мувофиқлаштириб бормоқда, дунёнинг 40 дан ортиқ давлати ва 10 га яқин халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Айниқса, БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича минтақавий бошқармасининг айнан Ўзбекистонда жойлашганлиги гиёҳвандликка қарши самарали курашишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда БМТ бошқармасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси томонидан республикамизда қиймати 5 миллион АҚШ долларига тенг — 10 та миллий, қиймати 20 миллион АҚШ долларига тенг — 9 та минтақавий ҳамда 7 та глобал миқёсдаги лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бироқ гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи ва суиистеъмолининг кескин ортиб бориши барча давлатлар ўзаро ҳамкорликда тезкор ҳамда қатъий чоралар кўришни тақозо этмоқда. Бу жараёнда эса, халқаро ташкилотларнинг ўрни муҳим ҳисобланади.

Агар бу заҳри қотилнинг тарихига назар ташласак, XIX аср охирида (1870–1890 йилларда) опий (афюн) савдоси билан боғлиқ ноқонуний операциялар Хитой, Ҳиндистон ва Европа мамлакатларида катта ижтимоий муаммога айланган. 1909 йилда Хитойнинг Шанхай шаҳрида биринчи халқаро “Опий комиссияси” йиғилиши бўлиб ўтган — бу гиёҳванд моддалар муомаласига қарши кураш бўйича илк расмий халқаро чора ҳисобланади. Кейинроқ, 1912 йилда Гаага конвенцияси қабул қилиниб, опий ва морфин каби гиёҳвандлик моддаларининг назорати ҳуқуқий жиҳатдан йўлга қўйилган.

Ҳаётимизда бундай салбий ҳолатлар, афсуски, учраб турибди. Мисол тариқасида айтсак, судланувчилар Асқар Абдунабиев ва Шукур Эшмирзаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноят содир этиб, ўзларига тегишли хулоса чиқармасдан жазони ўташ даврида, аниқроғи, 2025 йил 22 февраль куни олдиндан ўзаро жиноий тил бириктиришган. Ҳамтовоқлар келгусида ўтказиш мақсадини кўзламай, ўзлари истеъмол қилиш учун таркибида фаол гиёҳванд модда — тетрагидроканнабинол мавжуд бўлган умумий вазни 1 832 граммни ташкил этган “марихуана” гиёҳванд воситасини Янгийўл тумани, “Дўстлик” маҳалласи дала майдонидан териб олиб, қонунга хилоф равишда сақлаб келгани ички ишлар ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбир натижасида аниқланган.

Судга оид кимёвий экспертизанинг 2025 йил 26 февралдаги 419-сонли хулосасига кўра, А. Абдунабиев ва Ш. Эшмирзаевдан олинган қуритилиб, майдаланган ҳолдаги ўсимлик марихуана гиёҳвандлик воситаси деб аталиши, унинг оғирлиги 1 832 граммни ташкил этиши қайд этилган.

Судда судланувчи Асқар Абдунабиев айбига иқрор бўлиб, ҳақиқатан ҳам, 2025 йил 22 февраль куни Шукур Эшмирзаев билан Янгийўл тумани, “Дўстлик” маҳалласи дала майдонидан ёввойи ҳолда ўсган гиёҳвандлик воситасини келгусида истеъмол қилиш учун теришганини тан олди.

Судланувчи айбига тўлиқ иқрорлиги ва қилмишидан пушаймонлигини билдириб, суддан енгиллик беришни сўради. Шунингдек, судланувчи Ш. Эшмирзаев ҳам шундай мазмунда кўрсатма берди.

Суд судланувчи А. Абдунабиев ва Ш. Эшмирзаевга жиноят иши бўйича оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олган ҳолда жазо тайинланди. Шунингдек, судланувчиларга муқаддам жиноят ишлари бўйича Янгийўл тумани суди томонидан тайинланган, аммо ҳали тўлиқ ўталмаган жазо ҳам асосий жазога қўшиб ҳисобланди.

Бу ҳаётий мисолдан ҳам кўриниб турибдики, гиёҳвандлик — бу кимгадир тааллуқли фақат шахсий муаммо эмас, балки бутун жамиятнинг хавфсизлиги, соғлом авлод ва миллат келажаги, умуман олганда, инсоният ҳаёти учун жиддий таҳдиддир. Бу хавфли иллатнинг олдини олишда давлат органлари, таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари ва ота-оналар ҳамжиҳат ҳаракат қилишлари бугунги кун талабига айланди. Чунки соғлом ҳаёт — миллатнинг бебаҳо бойлигидир.

Қаҳрамон ИСАРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Чиноз тумани суди раиси

photo_2025-06-10_16-57-34

ПОРАХЎРЛИК ИНҚИРОЗГА ОЛИБ БОРАДИ

Коррупция мураккаб ижтимоий-иқтисодий-сиёсий ҳодиса бўлиб, жамият тараққиётининг муҳим омиллари бўлмиш тинчлик, осойишталик, адолат ва қонун устуворлиги каби ижтимоий-ҳуқуқий қадриятларни буткул йўқ қилади, миллий хавфсизликка таҳдид солиб, мамлакат ривожига тўсиқ бўлади. Бирор-бир соҳада коррупцияга йўл қўйилар экан, бу ҳолат ўша соҳани таназулга учрашига сабаб бўлиши билан бирга, бутун мамлакатнинг обрўйига салбий таъсир кўрсатади. Агарда, бу иллатга кичкинагина бўлсада туйнук очилар экан, ҳеч муболағасиз ўша давлат ёки соҳа инқирозга учраши эҳтимолдан холи эмас, демоқчиман.

Шу боис, биз коррупцияни энг хавфли иллат сифатида қарашимиз, ундан ҳазар қилишимиз, батамом қутулишга урунишимиз шарт ва лозим.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “Бутун жамоатчилик бирлашиб, коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараши керак” деган ҳақли эътирофни билдирган эди. Шу нуқтаи-назардан давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича ўтказилган миллий кенгаш йиғилишида берган топшириқларидан келиб чиқиб ўзимнинг фикр-мулоҳазаларимни муштарийларга етказишни мақсадга мувофиқ деб топдим.

Янги Ўзбекистонда юртдошларимизнинг эркин ва фаровон яшаши учун кенг кўламли ижобий ўзгаришлар амалга оширилаётган бир вақтда, давлатнинг нуфузли идораларида фаолият кўрсатаётган айрим мансабдор шахсларнинг пора олди-бердисига алоқадорликда жиноят устида қўлга олинаётганлиги ачинарли ҳолдир. Аслида бундай жирканч ишга қўл ураётган шахслар давлат томонидан моддий жиҳатдан етарлича таъминланган бўлади. Бироқ, назари оч кимсалар ўз меҳнати эвазига топиладиган ҳалол маблағ билан оиласи даромадларини ошириш, хавотирсиз яшаш ўрнига ҳаром луқмага кўз тикиб, қайсидир қинғир иши эвазига пора олиши оддий меҳнаткаш халқимизнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлишини эсдан чиқармаслик керак.

Наҳотки, қонун билан белгиланган ваколатларини суистеъмол қилиш, олаётган маошига қаноат қилмасдан таъмагирлик йўлига ўтиш, эгаллаб турган мансабига хилоф иш тутиб пасткашликка бориш, нафсига қул бўлиб шарманда бўлиш керак бу шахсларга?! Оқибатда оила аъзолари, жондан азиз фарзандларининг луқмасига ҳаром аралаштириб, қилган қилмиши туфайли бирида бўлмаса бирида қўлга тушиб, яқинлари ҳамда маҳалла-кўйни хижолатда қолдиришини кўз олдига келтирмасмикан?!

Яратганнинг инояти билан тўқсон ёшга етиб, жуда кўп алғов-далғов даврларни бошидан ўтказган инсон сифатида, ўз тажрибаларимга таяниб бир фикрни билдирмоқчиман. Ўткан асрнинг ўрталарида қимматчилик, қаҳатчилик, йўқчилик, очлик ва хорликларни бошимдан ўтказдим. Ўшанда ҳам, мен сингари оғир аҳволда бўлган бўлишига қарамай, ҳеч ким бировни ҳаққига хиёнат қилмади, фирибгарлик, товламачилик йўли билан даромад топмади. Мабодо, кимгадир, қайсидир масалада ёрдам қилишган бўлса, бу ҳам фақатгина савоб учун беғараз амалга оширилган. Бинобарин, азалдан ҳам ноқонуний йўл билан даромад орттириш қораланиб келинган.

Ҳозиргидек фаровон замонда товламачилик, фирибгарлик, порахўрлик иллатларининг учраб турганлигини эшитиб ҳайрон қоласан. Наҳотки, “Ҳамма илм олишга интилган тўкин-сочинли замонда шунчалар ҳам маърифати, маънавияти паст, ожиз кишилар бор бўлса орамизда” дея ёқа ушлайсан, киши! Мана шундай нопок ишларни содир этиб, яқинлари ва фарзандларининг дийдоридан маҳрум бўлиб тегишли жойларда жазо ўтаётган шахсларнинг аянчли аҳволидан воқиф бўлса ҳам, ундан сабоқ чиқармасдан, ўз нафсига эрк бераётганлар борлигига юрт оқсоқолларидан бири сифатида жуда ачинаман, ахир!

Шу ўринда, корруция иллатига қарши курашишнинг айрим ижтимоий-ҳуқуқий омиллари ҳақида жамоатчиликка ўзимнинг фикр ва мулоҳазаларимни билдирмоқчиман.

Жорий йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисида иштирок этган Президентимиз Ш. Мирзиёев коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов эканини, коррупциянинг олдини олиш – давлат хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ҳамда уларни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлашдан бошланишини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари назарда тутган “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлаш бу барча давлат тузилмалари фаолиятида коррупцияга қарши қаратилган етарли ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш, мавжудларини эса замон талаблари асосида такомиллаштириш ва унга қатъий риоя қилиш орқали унинг олдини олишни, унга қарши самарали курашишни англатади.

Коррупция давлат бошқарувига, фуқароларнинг давлат ҳокимияти органларига бўлган ишончига ва инсон ҳуқуқларига тўғридан-тўғри салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун, давлат органлари фаолиятини самарали амалга оширишда коррупциянинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга.

Коррупцияга қарши курашиш давлат органлари ходимлари ва мансабдор шахсларининг маънавий қиёфаси, яъни таълими, тарбияси, ҳалоллиги, виждонлилигига боғлиқ. Шунга кўра, давлат хизматига мазкур талабларга жавоб берадиган ҳалол ва пок кадрларни танлаш ушбу органлар раҳбарларининг зиммасидаги биринчи навбатдаги вазифа ҳисобланади.

Аҳолининг давлат ҳокимияти органлари ходимларига бўлган ишончи нафақат уларнинг малакаси ва меҳнатеварлигига, балки ҳалоллиги ва поклигига, яъни юксак маънавиятли бўлишига бевосита боғлиқдир. Давлат хизматчиси нафақат “яхши ходим”, балки “яхши инсон” ҳам бўлиши керак.

Жамият мансабдор шахсларга оддий фуқароларга нисбатан анча юқори маънавий-ахлоқий талаблар қўяди.

Мансабдор шахснинг ҳалоллиги ўз вазифаларини виждонан бажаришида, ростгўйлигида, номақбул ҳаракатлардан ўзини тийишида ва бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлишида намоён бўлади. Ҳар қандай шароитда ҳалолликка асосланиб яшайдиган мансабдор шахс журъатли ва қатъиятли бўла олади. Буюк француз файласуфи Вольтернинг Ҳалол одамни таъқиб қилиш мумкин, аммо уни бадном қилиб бўлмайди деган сўзларини фикримизнинг исботи сифатида қараш мумкин.

Ҳар қандай шахс у ким бўлишидан қатъий-назар ўз оила аъзоларини фақат қонуний ва ҳалол даромадлар эвазига яшашга ўргатиш мажбуриятига эгадир. Агарда кимда-ким фарзандларни ҳаром луқма ҳисобига боқаётган бўлса бу заҳар бериш билан баробарлигини ва оқибатда муқаррар равишда кулфатга гирифтор бўлиши мумкинлигини идрок қилиши даркор. Зеро, Абдулқосим Замахшарий айтганидек: “Ҳалол-покиза киши доимо хотиржаму тинчликдадир, бировга хиёнату ёмонлик қиладиган киши эса ҳалокатга гирифтордир”.

Касбим судьялик бўлганлигидан келиб чиқиб, порахўрлик жинояти иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларини тўғри ҳуқуқий баҳолаш ҳақида ҳам алоҳида тўхталмоқчиман.

Дейлик, пора берувчи ва пора олувчи муайян моддий қийматдаги пора предметига келишишди, аммо ўша келишилган нарса ҳали берилган ва олинган эмас. Уларнинг бу қилмишлари фош бўлиб қолганда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-моддаси талабига кўра жиноят содир этишга суиқасд қилиш сифатида пора бермоқчи бўлган шахсни Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 211-моддаси билан, яъни пора беришга суиқасд қилиш жиноятини содир қилганликда, пора олмоқчи бўлган шахсни эса, Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 210-моддаси билан, яъни пора олишга суиқасд қилиш жиноятини содир қилганликда айбдор деб топиб, жавобгарликка  тортишга асос бўлади.  

Бироқ, бази ҳолларда пора берувчи шахс келгусида порани қайтариб олишни кўзлаб ёки пора беришдан кўзлаган ниятига эришиш бинобарида жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсади билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берган бўлиши мумкин. Айни ҳолатда, унинг бу хатти-ҳаракатларига ҳам лозим даражада ҳуқуқий баҳо берилиши керак, албатта.

Қилмишни квалификация қилишда, пора берувчи томонидан берилиши лозим бўлган пора миқдори эътиборга олиниб, пора предметининг келиб чиқиш манбалари ҳам атрофлича текширилиши, унинг меҳнатсиз даромадлар ҳисобидан орттирилганлиги аниқланган тақдирда, ўша аниқланган сумма ёки мулк давлат фойдасига мусодара қилиниши лозим.

Шунингдек, баъзи ҳолатларда суд амалиётида пора берувчи ёки пора беришга қизиқтирувчи ёхуд пора олиш-беришда воситалик қилган шахсларнинг хатти-ҳаракатларига етарлича ҳуқуқий баҳо берилмаслигини кузатишимиз мумкин. Натижада, бу турдаги жиноятлар янгича кўринишда намоён бўлади. Ушбу шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ҳам Жиноят кодексининг 211-моддаси талаблари доирасида квалификация қилиниши ва пора предмети эса давлат фойдасига мусодара қилиниши лозим.

Яна бошқа бир ҳолат. Айтайлик, пора берувчининг талаби бажарилмади ёки тўлиқ бажарилмади. Бундай ҳолатда, агарда пора берган шахс ўттиз сутка ичида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга арз қилса, унинг жавобгарликдан озод этилиши қонунчиликда кўрсатилган. Назаримда қонунчиликдаги ушбу қоидани ҳам ўйлаб кўришимиз керак. Чунки, муайян шахс порани бериб қўйиб, кейин қайсидир фикрда, ўз манфаати учун қонуннинг шу имкониятидан фойдаланиши ҳам мумкин. Шунинг учун пора берувчилар ҳам қонундан қўрқиб, унга тўла итоат этишлари лозим бўлади.

Сўзимнинг ниҳоясида сиз – ҳурматли муштарийларга юзланмоқчиман.

Келинглар азизлар, Янги Ўзбекистонимизнинг равнақини дунё аҳли юксак эҳтиром билан эътироф этаётган бир пайтда, унинг нуфузига путур етказувчи ножўя хатти-ҳаракатларга нисбатан биргаликда самарали таъсир чораларини кўрайлик.

Убайдулла МИНГБОЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси

photo_2025-11-10_16-20-24

САРСОН БЎЛГАН КЕЛИННИНГ ДАЪВО АРИЗАСИ СУД ТОМОНИДАН ҚАНОАТЛАНТИРИЛДИ

Ҳаётда янги оила қураётган ҳар бир йигит-қизнинг кўнглида бир дунё орзу-ҳавас бўлади. Севара Ҳожибаеванинг ҳам 2020 йил 7 октябрда Янгиҳаёт туманида яшовчи Муҳаммаджон Давлатмуродов билан қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қураётганда кўнглини шундай орзу-умидлар жўштирганди.

Албатта, икки ёш бир-бирини ҳурмат қилгани ва тушунгани боис уларнинг оиласига кўпчилик ҳавас қиларди. Тўйдан кейин бир йил ўтгач, аниқроғи, 2021 йил 26 сентябрь куни фарзандлари Комила дунёга келди. Ўша пайтда эр-хотиннинг ҳам, қуда-андаларнинг ҳам хурсандчилиги чексиз эди.

Бироқ қизалоқ 3 ёшга етган пайтда, аниқроғи, 2024 йил 14 июнь куни М. Давлатмуродов кутилмаганда оғир хасталик туфайли вафот этади.

Табиийки, бу мусибатдан Севара ҳам, қайнонаси А. Мейлиева ҳам оғир аҳволга тушиб қолишади.

Бундан ҳам ёмони шундаки, М. Давлатмуродовнинг маърака-маросимлари ўтгач, қайнона бўлмиш А. Мейлиевага келини ёқмай қолади. У келини ва неварасини уйдан чиқариб юбориш пайига тушади.

Маълум бўлишича, М. Давлатмуродов ва С. Ҳожибоева турмушлари мобайнида Янгиҳаёт тумани, “Файзли” маҳалласидан ҳовли сотиб олишган. А. Мейлиева аввалига бева қолган келини С. Ҳожибоевани ана шу хонадондаги ўзига тегишли мерос улушидан воз кечишни талаб қилади. Бу мақсадига эришади ҳам.

У бу ғаразли мақсади йўлида ҳар куни жанжал кўтариб, келини ва набирасини уйдан чиқиб кетишини талаб қила бошлайди.

— Мен ёш болам билан қаерга бораман, ойижон?! Ахир, қизим ўғлингиздан қолган ёлғиз зурриёд-ку, — дея ёлворади С. Ҳожибоева.

Лекин унинг нолалари кўзига мол-мулкдан бошқа нарса кўринмаётган қайнонага зиғирча ҳам таъсир қилмайди. Охир-оқибат 2024 йилнинг декабрь ойида, совуқ қиш кечасида келини ва неварасини ҳовлидан мажбуран чиқариб юборади.

Шундан сўнг С. Ҳожибоева ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини тиклашни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилади.

Буни қарангки, бундан хабар топган қайнонаси А. Мейлиева судга келинини уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақида қарши даъво аризаси киритади.

Албатта, судда ҳар бир низони ҳал этишда гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳам муҳим ўрин тутади. Шу маънода айтганда, ушбу низоли ҳолат юзасидан фуқаро М. Машрапова виждонан ва холисона гувоҳлик берганини алоҳида қайд этиш жоиз.

— Мен Севара Ҳожибоевани қўшни сифатида яхши танийман. Уч йилдан буён шу уйда яшаб келарди. Чунки бу ҳовли-жойни хўжайини Муҳаммаджон билан бирга қуришган. Қайнонаси А. Мейлиева эса уй битгандан сўнг пайдо бўлди. Келин турмуш ўртоғи оламдан ўтгандан кейин ҳам яшаб юрганди. Аммо декабрь ойида кўринмай қолди, — дея М. Машрапова судда кўрсатма берди.

Яна бир қўшни М. Ғофурова эса, С. Ҳожибоевани танимаслигини, ҳатто уни кўрмаганини билдирди.

Ўрни келганда шуни ҳам айтиш керакки, низоли уй-жой А. Мейлиеванинг номида бўлгани боис С. Ҳожибоева унинг розилиги билан рўйхатга қўйилган. Ўша пайтдан эътиборан, келиннинг ҳам уйдан фойдаланиш ҳуқуқи пайдо бўлган.

Уй-жой кодексининг 32-моддасига мувофиқ, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек, у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб, у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек, мулкдор билан доимий яшаётган оила фарзандлари, агар илгари бу ҳуқуқа эга бўлмаган бўлсалар, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзоси деб тан олинишлари мумкин.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 52-моддасига биноан муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар-жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганида турар жой олти ой муддат давомида унинг ҳисобида сақланиб туради.

Шундан келиб чиқиб айтганда, С. Ҳожибоева 2024 йил декабрь ойидан буён низоли уй-жойда яшамайди. Судга эса, 2025 йил 16 апрель куни уйга киритиш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилган. Яъни у қонунда белгиланган олти ойлик муддатни ўтказиб юбормаган.

Суд юқорида қайд этилган қонуний асосларга таяниб, С. Ҳожибоеванинг даъво аризасини қаноатлантирди, уни фарзанди Комила Алишерова билан бирга Янгиҳаёт тумани, “Файзли” маҳалласи, Райҳон 1-тор кўчаси, 24-1-Д-уйга киритиш ҳамда хонадондан фойдаланиш тартибини белгилаш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди. А. Мейлиеванинг қарши даъво аризасини эса, суд рад этди.

Албатта, суднинг ҳал қилув қарори боис адолат қарор топди. Аммо кишини бошқа бир ҳолат ўйлантиради. Гап шундаки, ҳаётда қайсидир инсон вафот этса, ота-онаси ва бошқа яқинлари унинг фарзандларини “авлодимнинг давомчиси, жигаримдан қолган ёдгорлик” дея қўллаб-қувватлайди, бошини силайди. Бироқ А. Мейлиева ёлғиз ўғлининг ёдгорини кўчага қувиб чиқарганини қандай тушуниш мумкин?

Шаҳноза ИБРАГИМОВА,

фуқаролик ишлари бўйича

Яккасарой туманлараро суди судьяси

photo_2025-10-17_17-54-26

АСОССИЗ АЙБЛОВ СУД ТОМОНИДАН РАД ЭТИЛДИ, ШАХС ОҚЛАНДИ

Латиф Ўроқов қишлоқдаги ҳовлисини сотиб, шаҳардан уй олиш ниятида эди. Нияти яхши эди-ю, бироқ уй сотаман деб боши ташвишдан чиқмай қолди. Энг ёмони, у фирибгарликда айбланиб, биринчи босқич судининг ҳукми билан иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда олти ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилди…

Хўш, аслида, қандай воқеа рўй берганди? Л. Ўроқов нега жавобгарликка тортилди? Ҳақиқатан ҳам, у айбдорми ё бу англашилмовчиликми?

Аслида, бу воқеа шундай бошланганди: Л. Ўроқов пулга эҳтиёж сезгани боис Фориш туманидаги ҳовлисини сотиш ниятида эълон беради.

Ижтимоий тармоқдаги эълон билан танишган А. Алимардонов (жабрланувчи ва гувоҳларнинг исм-шарифлари ўзгартирилди) ҳовлини келиб кўргач, сотиб олмоқчи бўлади.

Яшаш биноси ва 6 сотих ер майдонига эга бўлган ҳовлининг умрбод эгалик ҳуқуқи мавжуд бўлиб, давлат рўйхатидан ўтказилганди. Шунингдек, Л. Ўроқов ҳовли атрофидаги олти сотихдан ташқари ер майдонида мевали дарахтлар экиб, боғ барпо қилганди. Қисқаси, улар ўзаро савдолашиб, ҳовлини 27 минг АҚШ долларига баҳолашади.

Харидор А. Алимардонов уй ичидаги мебел жиҳозларини ташлаб кетишни сўрайди. Ўз навбатида, Л. Ўроқов бу жиҳозларни 17 миллион 800 минг сўмга сотишини айтади. А. Алимардоновнинг хотини ва қизи мебел жиҳозларини келиб кўргач, уй эгаси айтган нархга рози эканликларини билдиришади.

Шу тариқа 2024 йилнинг 29 январь куни Жиззах шаҳридаги нотариал идорада уй-жой олди-сотди шартномаси расмийлаштирилади. А. Алимардонов гувоҳлар иштирокида Л. Ўроқовга 27 минг АҚШ доллари беради. Мебел жиҳозларининг келишилган нархини 2024 йил 10 май кунига қадар бериши ҳақида тилхат ёзиб беради.

Шундан сўнг харидор Л. Ўроқовдан энди уйни бўшатиб берасизми, деб сўрайди. Бунга жавобан Л. Ўроқов “бугун туғилган куним, уч кун ичида уйни бўшатиб бераман” деб ваъда беради. Бироқ унинг кўчиб кетиши чўзилиб кетади.

Аслида, бунинг сабабини икки оила ўртасида келиб чиққан низо билан изоҳлаш жоиз. Аниқроқ айтганда, ҳалиги мебель жиҳозлари пулини беришни А. Алимардонов пайсалга солавергач, Л. Ўроқов фуқаролик судига мурожаат қилади ва суднинг ҳал қилув қарори билан 17 миллион 800 минг сўмни олади. Шундан сўнг А. Алимардоновнинг кўнглида адоват пайдо бўлади.

Бундан ташқари уларнинг ўртасида низога сабаб бўлган яна бир воқеа рўй беради. Гап шундаки, уй-жой тегишли тартибда олди-сотди шартномаси расмийлаштирилиб, А. Алимардоновнинг номига ўтказилгач, туман кадастр ходимлари маҳаллага келади. А. Алимардонов кадастр ходимларига ҳовлининг дарахт экилган қисмини кўрсатиб, “Шу жойда ўғлимга уй қурсам бўладими?” деб сўрайди. Кадастр ходимлари “Бу ер давлат захирасида, 6 сотихдан ташқарида қурилиш қилиш мумкин эмас, агар аукционда сотиб олсангиз, мумкин” деб жавоб беришади.

Буни эшитиб, А. Алимардоновнинг кўнглида Л. Ўроқов менга уй-жойни алдов йўли билан қиммат нархда сотган, деган шубҳа уйғонади. Унинг бундай шубҳа-гумонга боришига ўзича асос­лари ҳам бор эди. Шу боис у 27 минг АҚШ долларидан 80 миллион сўмни олиб ташлаб, ҳужжати йўқ ер учун ўзлаштирилган пулни олиб беришни, Л. Ўроқовни эса, фирибгарлик жиноий қилмиши учун тегишли жавобгарликка тортишни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади.

Хуллас, жабрланувчи сифатида эътироф этилган А. Алимардоновнинг аризасини очиқ суд мажлисида муҳокама қилган биринчи босқич суди ишни кўришда ўзига юклатилмаган вазифага қўл уради. Аниқроқ айтганда, нотариал тартибда расмийлаштирилган шартномани ўзгартиради. Яъни уйнинг нархини 27 минг АҚШ доллари қийматидан келиб чиқиб, 328 миллион 566 минг 695 сўмга ўзгартиради ва айбловга киритади. Оқибатда Л. Ўроқов 6 миллион 233 минг 305 сўмни алдов йўли билан ўзлаштирганликда айбланиб, судланади.

Бундан ташқари ушбу жиноят иши апелляция суд мажлисида кўрилаётган чоғида ҳам А. Алимардонов яна шикоят билан мурожаат қилиб, Л. Ўроқовни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айблаш керак, деган важларни илгари суради.

Апелляция инстанцияси судида иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилди. Натижада биринчи босқич судининг шу йил 4 мартдаги Л. Ўроқовга нисбатан чиқарган айблов ҳукми бекор қилинди.

Ҳаракатларида Жиноят кодексининг 168-моддасида назарда тутилган жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Л. Ўроқов Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан, айбсиз деб топилиб, оқланди.

Жабрланувчи А. Алимардоновнинг шикояти эса, қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

Энди судлов ҳайъати нега бундай тўхтамга келганига эътибор қаратсак, Жиззах шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус О. Эргашевнинг суддаги кўрсатмасига қараганда, ушбу иш бўйича уй-жойни олди-сотди шартномаси қонуний тартибда, икки тараф учун ҳам ўзаро моддий манфаатни назарда тутувчи муайян шартлар асосида тузилган.

Тарафлар нотариал ҳаракатларни онгли равишда амалга оширган, ернинг 6 сотихига эгалик ҳуқуқи мавжудлигини билишган, бирон-бир эътироз билдиришмаган. Уларнинг бармоқ излари ҳам сақланган.

Шунингдек, коммунал ташкилотлар ва солиқ идорасига сўров хатлари юборилган, ўз навбатида, улардан олинган жавоблар мулк тўғрисидаги ҳужжатларга мутаносиблиги аниқланган, қарздорлиги бўлмагани учун шартнома расмийлаштирилган. Фуқаролик кодексининг 354-моддасида белгиланганидек, шартнома тузишда фуқароларнинг эркинлиги тамойилига амал қилинган.

Ўрни келганда шуни айтиш керакки, қонуний жиҳатдан нарх эркин белгиланиши боис шартномада белгиланган нархга нотариуснинг аралашиши таъқиқланади. Нотариал жараёнда нархга аралашиш рўй бермаганлиги сабабли О. Эргашев ушбу жиноят иши бўйича терговга ҳам чақирилмаган.

Бу ҳақда фикр юритганда, Жиноят кодексининг 21-моддаси 3-қисмига эътибор қаратиш зарур. Нега деганда, унда шахс ўз қилмишининг ижтимоий хавфли хусусиятини англаган, унинг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етган ва уларнинг юз беришини истаган бўлса, бундай қилмиш тўғри қасддан содир этилган ҳисобланади, дея қайд этилган.

Бундай ҳолда Л. Ўроқовнинг ҳаракатларини фирибгарлик сифатида баҳолаш учун А. Алимардоновнинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсади бўлиши лозим эди. Бироқ Л. Ўроқовда А. Алимардоновнинг маблағини ўзлаштириш қасди бўлмаган, агар шундай ният бўлганда, у уйни нотариус орқали расмийлаштириб бермаган бўларди.

Энди тергов материалларининг қонуний ва асослилигига баҳо берадиган бўлсак, шахсни жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарор Жиноят-процессуал кодексининг 361-моддаси талабларига хилоф тарзда тузилган. Аввало, қарорда Л. Ўроқовнинг Жиноят кодексининг 168-моддасида назарда тутилган жиноятни қай ҳолатда содир этгани, айбловнинг мазмуни, ушбу жиноятлар қайси далиллар асосида ўз исботини топгани аниқ кўрсатилмаган. Фақат жабрланувчи А. Алимардоновнинг далилларсиз баён қилинган кўрсатмаси инобатга олиниб, Жиноят кодексининг 168-моддаси билан айб эълон қилинган.

Жиноят кодексининг 10-моддасида қилмишида жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шарт деб кўрсатилган. Ана шу қонун талабидан келиб чиққанда судланувчи Л. Ўроқов жабрланувчи А. Алимардоновнинг 27 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритмаган.

Аксинча, у Фориш тумани “Эгизбулоқ” қишлоғидаги 6 сотих ер майдонига эга уйини нотариал тартибидаги олди-сотди шартномасига кўра, сотган.

Ушбу ҳолатда унинг ҳаракатларини ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қонунга хилоф равишда қўлга киритишда ифодаланган жиноий ҳаракат деб баҳолаб бўлмайди.

Жиноят-процессуал кодексининг 464-моддасида жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса, судланувчи содир этган қилмишда жиноят таркиби бўлмаса, судланувчига қўйилган айблов иш ҳолатлари батафсил текширилганидан кейин ишонарли тарзда ўз тасдиғини топмаса, суд ушбу модда биринчи қисмининг 3-бандида назарда тутилган асосларга кўра, судланувчини оқлаши белгилаб қўйилган.

Суд ҳайъати жабрланувчи А. Алимардоновнинг уй учун Л. Ўроқовга 27 минг АҚШ доллари бериб, шу пулдан 6 сотихлик уй учун 80 миллион сўм, қолган пулни ҳужжати йўқ бўш ер учун бергани ҳақидаги важларини Конституциямизнинг 28-моддаси ва Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида белгиланган “Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак” деган талабидан келиб чиқиб, асоссиз деб ҳисоблади. Шу сабабли биринчи босқич судининг Л. Ўроқовга нисбатан чиқарган айблов ҳукми бекор қилинди.

Мухтасар қилиб айтганда, далилларсиз кўрсатма асоссиз айбловга сабаб бўлди. Бироқ ҳақиқат қарор топди, одил судлов таъминланди, апелляция судлов ҳайъатининг оқлов ҳукми билан Л. Ўроқовнинг зиммасидан асоссиз айблов олиб ташланди. Бу юртимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойиллари тараққиётнинг асосий ҳамда зарур шартига айланганлиги ва унинг асосида мулк ҳуқуқи дахлсизлиги ишончли ҳимоя қилинаётганлигининг яққол исботидир.

Қаҳрамон ХОЛМУРОДОВ,

Жиззах вилояти судининг

 жиноят ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси,

Хуршид ИБОТОВ,судья катта ёрдамчиси

photo_2025-09-16_12-51-45

МИЛЛИЙ ҚОНУНЧИЛИК МЕЗОНЛАРИ ЭЗГУЛИККА ХИЗМАТ ҚИЛАЁТГАНИ ХУСУСИДА

Маълумки, судларнинг асосий вазифаси фуқароларнинг Конституция ва унинг асосида қабул қилинган қонунларда кафолатланган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдан иборатдир.

Айтиш жоизки, айбдор ўзи етказган зарарни қоплаган ёки суд жиноий қилмишни ижтимоий хавфлилигини йўқотган деб эътироф этган ҳолларда, ҳуқуқий мезонлар, шу жумладан, инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойиллари апелляция, кассация ва тергов босқичларида судга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашга рухсат беради.

Шу ўринда фикримизни мисоллар асосида давом эттирадиган бўлсак, Сирдарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси очиқ суд мажлисида судланувчи Камол Жўраев (исм-шарифлар ўзгартирилди)нинг биринчи босқич суди ҳукми устидан берган шикояти кўриб чиқилди.

К. Жўраевнинг судланишига сабаб бўлган жиноят иши тафсилоти қуйидагича: у ўзининг таниши Б. Мўминовга Тошкент шаҳрида янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан 3 хонали хонадон сотиб олиб беришни ваъда қилган ва 2020 йилнинг 10 сентябрь куни унинг 455 миллион сўм маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Жабрланувчини алдовига ишонтириш мақсадида ҳатто унга тилхат ҳам ёзиб берган.

Б. Мўминов танишининг ваъдасига чиппа-чин ишонган. Аммо К. Жўраевнинг ваъдаси ваъдалигича қолади. Бундан Б. Мўминов, табиийки, безовта бўлиб, К. Жўраевга бир неча марта учрашиб, сабабини сўрайди.

Аммо фирибгар ҳар гал турли баҳоналар билан уни алдаб келади. 

Жабрланувчи ана шундай аросатда юрган кунларнинг бирида тўсатдан К. Жўраев аллақаёққа ғойиб бўлади. Кейинчалик маълум бўлишича, у Туркия давлатига ишлаш учун кетган экан.

Шундан сўнг Б. Мўминов алданганини тушуниб етади ва ички ишлар идорасига мурожаат қилади.

Унинг мурожаати асосида 2023 йилнинг 27 июль куни К. Жўраевга нисбатан сиртдан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қидирув эълон қилинади. Шу йилнинг 16 январь куни Камол Жўраев хорижий давлатдан қайтиб келгач, ушланади ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинади.

Жиноят ишлари бўйича Мирзаобод туман судининг шу йил 2 апрелдаги ҳукми билан судланувчи К. Жўраев Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида қайд этилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, ҳукмда судланувчидан жабрланувчи Б. Мўминов фойдасига 455 миллион сўм етказилган моддий зарарни ундириш ҳам белгиланди.

Қисқаси, шундан сўнг К. Жўраев томонидан етказилган 455 миллион сўм зарар унинг қариндошлари томонидан қопланди. Ўз навбатида, жабрланувчи Б. Мўминов судланувчига нисбатан даъвоси йўқ эканини билдирди. Жумладан, апелляция инстанцияси суди мажлисида Б. Мўминов ўзига етказилган зарар қопланганини тасдиқлаб, судланувчига нисбатан енгилроқ жазо тайинлашни сўради.

Апелляция судлов ҳайъати К. Жўраевнинг содир этган жиноий қилмиши биринчи босқич суди томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан тўғри малакаланган, жабрланувчига етказилган моддий зарар тўлиқ қопланмаганлиги сабабли қонуний ҳамда асосли жазо тайинланган, деган хулосага келди.

Энди қонун талабига эътибор қаратадиган бўлсак, Жиноят кодексининг 168-моддаси 5-қисмида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда, судланувчига нисбатан озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасида жазо қўлланилмаслиги ҳақида қоида белгиланган. Судлов ҳайъати ушбу қонун талабига асосланиб, К. Жўраевга нисбатан жарима жазоси тайинлаш лозим, деган тўхтамга келди.

Энди иккинчи ҳаётий мисолга эътибор қаратсак, оилали, уч нафар фарзанднинг отаси М. Тоҳиров жиноят ишлари бўйича Ширин шаҳар судининг шу йил 21 февралдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 122-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 1 йил 9 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

М. Тоҳиров суд залида қамоққа олинган, жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташи белгиланган. Ҳукмда судланувчидан жабрланувчи З. Бойқобилова фойдасига 14 миллион 120 минг 792 сўм алимент пули ундирилиши қайд этилган.

Чунки у муқаддам ҳам айни шу модда билан судланган ва хавфли рецидивист деб топилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг 2019 йил 31 июлдаги суд буйруғига асосан, М. Тоҳировдан ундирувчи З. Бойқобиловага бир нафар вояга етмаган фарзандининг вояга етгунига қадар ҳар ойда иш ҳақи ва бош­қа даромадларининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Бироқ ота саналмиш М. Тоҳиров бирон жойда ишламаган. Мажбурий ижро бюроси Ширин шаҳар бўлими давлат ижрочиси томонидан алимент қарздорликни тўлаш юзасидан бир неча марта огоҳлантирилган. Бироқ у 2023 йил ноябрь ойидан 2025 йил январь ойига қадар 14 миллион 120 минг 792 сўмлик алимент пулини тўламаган.

Жиноят кодексининг 122-моддаси 3-қисмига кўра, агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади.

Мавриди келгани боис Олий суд Пленумининг 2024 йил 25 мартдаги “Жиноят ишларини апелляция, кассация тартибида кўриш амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги 7-сонли қарори 24-банди мазмунига ҳам эътибор қаратиш жоиз. Ушбу бандда судларга апелляция, кассация инстанцияси судлари ҳукмни ўзгартириш учун Жиноят кодексининг 70-72, 87-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, маҳкумни жазодан озод қилишга ҳақли эканлиги тўғрисида раҳбарий тушунтириш берилган.

Юқоридаги қонун талабларини бежизга келтирмадик. Чунки биринчи боқич судининг қонуний ва адолатли тайинлаган жазосидан кўзи мошдек очилган судланувчи қамоқ жазосига тортилаётганидан талвасага тушади ва алимент қарздорликларини тўлиқ тўлайди. Сўнгра жазодан озод қилишни сўраб, судга апелляция тартибида шикоят ёзади.

Жабрланувчи З. Бойқобилова апелляция суд мажлисида алимент пулини тўлиқ олганлигини қайд этиб, судланувчи М. Тоҳировга нисбатан даъвоси йўқ эканини билдирди.

Судлов ҳайъати М. Тоҳировнинг содир этган жинояти ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумига кириши, унинг қилмишидан пушаймонлиги, алимент пулларини тўлиқ тўлаганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлигини инобатга олди. Ушбу ҳолатлар содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилигини йўқотган деб эътироф этди.

Натижада Жиноят кодексининг 70-моддасига асосан М. Тоҳиров жазодан озод қилинди.

Мухтасар қилиб айтганда, миллий қонунчилигимиздаги мезонлар эзгу ва хайрли амалларга қаратилганлиги билан жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади. Билиб-билмай ёхуд оқибатни ўйламай жиноят кўчасига кирган, йўл қўйган хатосини, кеч бўлса-да, англаб, уни тузатган шахсларнинг озодликдан маҳрум қилиш жазосидан халос бўлишига қонуний имкон берилмоқда. Зеро, озод юртда, оила даврасида, яқинлар меҳрини ҳис этиб, ҳалол умргузаронлик қилишдан ортиқ бахт йўқ.

Бобошер ҚУРБОНОВ,

Сирдарё вилоят суди раиси ўринбосари –

жиноят ишлари бўйича судлов ҳайьати раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2026-05-22_18-55-41

НАФС ҚУТҚУСИ ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛДИ

Бугунги кунда дунё ҳамжамияти тараққиётнинг янги босқичига кўтарилди: ҳар бир соҳада рақамлаштириш орқали илгари кузатилмаган улкан ютуқларга эришилмоқда. Бироқ, афсуски, эски иллатлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, коррупция — жамият танасига ёпишиб, уни ичидан емирадиган хавфли иллатдир.

Айтиш керакки, коррупция фақат пора олиш ёки беришдан иборат жиноят эмас, балки ўзаро ишончга хиёнат, жамиятдаги устувор адолатга ғубор, тараққиётга қарши қўйилган ғовдир.

Президентимиз таъбири билан айтганда, бу иллат – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдиддир.

Бинобарин, давлатимиз раҳбари 2026 йилда мамлакатимизда коррупцияга қарши “фавқулодда ҳолат” эълон қилгани бежиз эмас. Бундан мақсад — коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган чора-тадбирларни мустаҳкамлаш ва тубдан кучайтиришдир.

Янги Ўзбекистон сиёсати “Инсон қадри учун” тамойилига асосланган экан, демак, ҳар қандай коррупциявий ҳолатга — айнан шу тамойилга қарши чиқиш, деб қаралиши табиий. Зеро, инсон қадри — унинг адолатли тизимда яшаш ҳуқуқи, деганидир.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, 2021 йил 17 ноябрдан буён Чирчиқ шаҳар ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келган Ш. Шониёзов (исм-шарифлар ўзгартирилди) шаҳарда инвестиция сиёсатини юритиш, лойиҳаларни шакллантириш ва амалга оширишга кўмаклашиш ваколатига эга мансабдор шахс сифатида танилган, яхшигина обрў-эътибор орттирган эди. Аммо орадан атиги уч йил ўтиб-ўтмай у нафс қутқусига учиб, жиноий қилмишга қўл урди.

Бу ҳақида батафсилроқ фикр юритадиган бўлсак, фуқаро Ш. Холованинг билдиришича, у афғонистонлик инвестор — “Чингиз” исмли тадбиркорнинг 40 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиб, шу туманда балиқ ва товуқ гўштини қайта ишлаш заводи қуриш режаси билан танишгач, унга бу лойиҳа учун, тахминан, 20 гектар ер зарур бўлишини билган. Сўнгра, аниқроғи, 2024 йил 24 майда Тошкент вилояти ҳокимининг қарори билан “Чирчиқ дала-ўқув” майдони ҳудудидаги 60 гектар ер давлат захирасига олиниб, Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилган ва электрон онлайн-аукцион орқали тадбиркорлик субъектларига ажратилиши белгиланган.

Қонунга кўра, ер фақат очиқ аукцион орқали берилади. Бироқ Ш. Шониёзов ушбу 60 гектарлик ер майдонининг 20 гектарини аукционга чиқариш ва ғолиб бўлишда кўмаклашиш эвазига инвестордан ҳар сотих учун 1 000 доллардан — жами 2 миллион АҚШ доллари талаб қилган.

Буни қарангки, судда Ш. Шониёзов турли важларни рўкач қилиб, сувдан қуруқ чиқишга, ҳатто у шундай катта миқдордаги порага ўз ҳайдовчисини гумондор сифатида тиқиштиришга уринди. Аммо судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳақиқатга тўлиқ ойдинлик киритди. Хусусан, судланувчи Э. Хонтўраев инвестор ва ваколатли шахс ўртасидаги учрашувларни ташкил этганини тан олди. Унинг айтишича, Ш. Холова у билан биринчи марта учрашганда, унга темир ўриндиқ буюртма қилган, кейинчалик улар ўртасида жами қиймати 40 миллион долларлик инвестиция режаси ҳақида гап очилган. У ҳокимликда таништирувчи сифатида қатнашганини, аммо пул масаласига аралашмаганини билдирди. Бироқ у терговда Ш. Шониёзов дастлаб 2,5 миллион, кейинчалик 2 миллион АҚШ доллари талаб қилганини тасдиқлади.

Бундан ташқари гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган Ш. Холова судда дастлабки кўрсатмаларини тасдиқлаб, улар 2 миллион доллар талаб қилишганини, шундан 1 миллион долларни “планшет” деб шартли тилга олишганини, сўнгра у бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизматига хабар берганини, 2024 йил 1 ноябрь куни 1 миллион АҚШ долларига махсус ишлов берилиб, махсус хизмат ходимлари назорати остида уларга топширилганини қайд этди. Ҳақиқатан, ушбу пул ҳоким ўринбосарининг ҳайдовчиси орқали қабул қилинган пайтда тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Суд муҳокамалари чоғида туман кадастр тизими ва ким-ошди савдоси жараёнлари бўйича гувоҳлар инвесторларга ер фақат белгиланган тартибда — электрон аукцион орқали берилишини, бу ҳақдаги маълумотларни комиссияга юбориш мажбурий эканини, бироқ ушбу 20 гектар ерни тизимдан ўчириш бўйича хат тайёрланганини баён қилишди.

Бу кўрсатма ушбу 20 гектар ерни аукционсиз ўзлаштиришга уриниш бўлганини тасдиқлайди, албатта.

Банк соҳаси вакиллари эса, инвестор томонидан устав фонди учун банк орқали расмий маблағ жойлаштириш бўйича таклиф билдирилмаганини таъкидлашди. Бундан кўринадики, аукционда қатнашиш мақсадида инвестор томонидан ушбу пулни банкка топшириш кўзда тутилмаган.

Келтирилган далиллардан яққол кўриниб турибдики, бу ишда икки қарама-қарши манзарада икки ҳолат ифодаси намоён бўлади: бир томонда — 40 миллион долларлик йирик сармоя ва юзлаб янги иш ўринлари ваъдаси; иккинчи томонда — 2 миллион долларлик поранинг иддаоси, яъни шахсий манфаат тамаси. Охир-оқибат судланувчи Ш. Шониёзов судни чалғитиш орқали жазодан қутулиб қолишга уриниб, яна бир хатога йўл қўйди.

Башарти, у ўз айбини тан олиб, қилган ишидан пушаймонлик билдирганида, бу ҳолат унинг айбини енгиллаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланар ва жазо миқдорига сезиларли ижобий таъсир кўрсатарди.

Суд муҳокамаси давом этар экан, ҳақиқат тарозиси далиллар, гувоҳлар кўрсатмалари ва экспертиза хулосаларига суянди. Шунга кўра, судланувчи Ш. Шониёзов Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди ва 3 йил муддатга мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Шунингдек, жазонинг 2024 йил 1 ноябрдан, яъни айбланувчи ашёвий далиллар билан қўлга олиниб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган кундан ҳисобланиши ва эҳтиёт чорасининг аслича қолдирилиши — тергов босқичидан бошлаб, қонуний тартибга қатъий риоя этилганини кўрсатади.

Э. Хонтўраевга нисбатан эса, 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Суд унинг ушбу жиноий қилмишдаги иштирокини асосий ижрочидан фарқлаб, қонун доирасида баҳолади. Шу билан бирга, яшаш жойини тарк этмаслик, оммавий тадбирларда иштирок этмаслик, алкоголли ичимликлар ичиладиган жойларга бормаслик ва ҳоказо талаблар мисолидаги қўшимча чекловлар орқали унга нисбатан профилактик таъсир чоралари кучайтирилди.

Хулоса қилиб айтганда, коррупция ва порахўрлик жамият тараққиётига жиддий тўсиқ бўладиган хавфли иллатлардир. Бу иллат қонун устуворлигига путур етказиб, халқнинг давлатга бўлган ишончини камайтиради. Шунинг учун ҳар бир фуқаро ҳалоллик ва адолат тамойилларига амал қилиб, коррупцияга қарши курашда фаол иштирок этиши лозим. Фақатгина ҳамжиҳатлик ва онгли муносабат орқали соғлом ва адолатли жамиятни барпо этиш мумкин.

Арофат АЛИМОВА,

жиноят ишлари бўйича

Қибрай тумани суди судьяси

photo_2026-03-13_18-18-47

ОДАМ САВДОСИ: ГЛОБАЛ ТАҲДИД ВА УНИНГ ОҚИБАТЛАРИ

Кейинги пайтларда Хуршиданинг (исм-шарифлар ўзгартирилди) кўнглига чироқ ёқса, ёришмайди. “Бошингга неки келса, тилингдан кўр” деган нақл тез-тез ёдига тушаркан, ўз-ўзидан хафа бўлиб кетади. “Сарвиноз билан Зоҳиданинг ёлғон сўзларига қаёқдан ҳам ишондим?” — бу оғриқли савол уни баттар қийноқ–қистовга олади.

Ҳар гал у хорижий давлатлардан даромадли иш топиб беришни сўраб, ўзининг тилидан илингани, сўнг бегона юртда тубан ишларни қилишга мажбур бўлганини ўйласа, дарду дунёси баттар қоронғи тортиб кетади.

Охир-оқибат эса, Хуршида Қурбонова ўзини алдов йўли билан хорижга жўнатган С. Норбўтаева ва чет элда шаҳвоний мақсадларда фойдаланган З. Орифжонова устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилди.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда дунёда одам савдоси сингари тубан қилмишнинг кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Бундан ҳам ачинарлиси, дунёда одам савдоси қурбонларининг 61 фоизини аёллар ва қизлар ташкил этади.

Оғир меҳнатга мажбурлаш, жинсий қийнаш одам савдосининг энг оғир кўриниши саналади. Бу иллат домига тушганларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқлари аёвсиз топталади. Одам савдоси қурбонлари орасида болалар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Аниқроғи, одам савдоси қурбонларининг 38 фоизини вояга етмаганлар ташкил этиши ҳам бу иллат нечоғли хатарли эканини кўрсатади.

Шу ўринда жабрланувчи Х. Қурбонова масаласига қайтадиган бўлсак, унинг аризаси асосида Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми тегишли бандлари билан айбдор деб топилган С. Норбўтаева ва З. Орифжоноваларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судда кўриб чиқилди.

Шу ўринда бу ҳақда батафсил фикр юритсак, бошқалар каби Х. Қурбонова ҳам яхши яшашни, даромадли ишларда ишлашни истарди. Шу сабабдан, у 2024 йилнинг март ойи бошларида таниши С. Норбўтаева билан бу ҳақда гаплашиб қолади. Қарангки, С. Норбўтаеванинг Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида Зоҳида исмли таниши бор экан.

Хуллас, С. Норбўтаева Ҳ. Қурбоновага Дубайга бориб, Зоҳида билан бирга ишлашни хоҳласа, ёрдам беришини айтади. Аммо Х. Қурбонова авиачипта сотиб олишга ҳам пули йўқлигини айтгач, С. Норбўтаева “сиз бундан ташвиш қилманг, Зоҳиданинг ўзи чипталарни олиб беради, бундан ташқари, чет элда ётоқ жойи ва иш билан ҳам таъминлайди” дейди.

Шунингдек, ойига 1 500-2 000 АҚШ доллари миқдорида даромад топишини айтади.

Қисқаси, Хуршида С. Норбўтаеванинг ёлғон ваъдаларига ишониб, хорижда ишлашга розилик билдиради. 2024 йилнинг 9 март куни С. Норбўтаеванинг уйида тунаган Хуршида эртасига Тошкент халқаро аэропортидан Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига самолётда учиб кетади. Уни Зоҳиданинг ўзи кутиб олади, “Al-Nur building” номли турар жой мажмуасидаги хонадонлардан бирига жойлаштиради.

Хонадонда ундан ташқари яна 3-4 нафар қизлар ҳам бор эди. Эҳтиёт юзасидан Хуршида фуқаролик паспорти ва бозор баҳоси 300 АҚШ долларлик узугини Зоҳидага бериб қўяди.

Зоҳида унга шу уйда яшашини, яшаш ва еб-ичиш харажатларини ўзи тўлашини айтади ва иш тартибини тушунтиради: уйдаги қизлар билан шу яқиндаги меҳмонхонанинг тунги клубида хизмат қилиши керак экан.

Мабодо мижозлар сўраб қолса, ”менинг менежерим бор” деб айтиши ва Зоҳиданинг олдига бошлаб келиши керак. Улар билан Зоҳиданинг ўзи гаплашади…

Айтишича, Зоҳида бу ерга келгунича Хуршида учун 10 минг АҚШ доллари харажат қилган. Яна яшаш, кунлик еб-ичиш харажатлари ҳам Зоҳиданинг ҳисобидан. Қарзларни ишлаб тўламаса, бўлмайди.

Хуллас, одамфуриш З. Орифжонова беш ой давомида Хуршидани эркакларга фаҳш иши учун сотган, агар эътироз билдирса, унга қарзидан қутулиши кераклигини юзига солган, дашном бериб, уришган, тубан иш билан шуғулланишга мажбур қилган.

Кунлардан бир кун Хуршида таниши С. Норбўтаевага Телеграм мессенжери орқали боғланади ва бошидан кечирганларни оқизмай-томизмай айтади ва бу ердан кетишга ёрдам беришни сўрайди. С. Норбўтаева эса, унинг гапларини эшитиб пинак ҳам бузмайди, аксинча, ҳадемай қийинчиликларга ўрганиб кетишини, индамай ишлаб юриши зарурлигини билдиради.

Хуллас, Хуршида иложсиз аҳволда қолади, юртига қайтай деса, қўли калта – авиачипта олишга пули йўқ. Буни қарангки, ўша пайтда у тунги клубда бир ҳамюрт йигит билан гаплашиб қолади ва ундан ёрдам сўрайди. Мусофир юртда қийналиб юрган Хуршидага йигитнинг раҳми келади ва уйга қайтиш учун авиачипта олиб беради. Хуршида 2024 йилнинг 10 август куни Дубайдан Россияга учиб кетади. Аввал фабрикада, кейинчалик ошхоналарда бир муддат ишлаб, бироз маблағ топгач, 2024 йил 26 ноябрь куни Ўзбекистонга қайтиб келади.

Судда аниқланган ҳолатлар ва иш ҳужжатларига кўра, судланувчи С. Норбўтаевага жабрланувчи Х. Қурбонова моддий ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлмаган. Ўз навбатида, С. Норбўтаева ундан фақат шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш учун таниши З. Орифжонова билан олдиндан жиноий тил бириктирган. Жабрланувчини хорижда тунги клубларда раққоса бўлиб ишлаши, яхши иш ҳақи олиши ҳақида ишонтирган ва Дубай шаҳрига жўнатиб юборган. Хорижда уни З. Орифжонова кутиб олиб, тан сотишдек жирканч ишга мажбурлаган, ундан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиб келган.

Шу ўринда оғир ва хавфли қилмишга қўл урган, ҳаром луқмадан ҳазар қилмаган судланувчилар ҳақида бир қадар маълумот бериш керак.

Судланувчи С. Норбўтаева оилали, бир нафар вояга етмаган фарзанди бор, муқаддам одам савдоси жиноятини  содир этган ва унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов тумани судининг 2024 йил 20 июндаги ҳукмига кўра, 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят-процессуал кодексининг 533-моддасига асосан, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси вояга етмаган фарзанди уч ёшга тўлгунича, яъни 2027 йил 27 майга қадар кечиктирилган.

Суд С. Норбўтаевани бу галги жиноий қилмишини Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “е” банди билан малакалади. Озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, муқаддам тайинланган жазони Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми талабига кўра, қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3 йил 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди. Қонун талабига кўра, С. Норбўтаевага нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси фарзанди Сожида Норбўтаева уч ёшга тўлганига қадар кечиктирилди. 2027 йил 28 майда уч ёшга тўлганидан сўнг ҳукмни ижро қилиш Жиззах шаҳар ички ишлар органлари пробация гуруҳи зиммасига юклатилди.

Судланувчи З. Орифжоновага тўхталганда, шуни айтиш керакки, бу маккор аёл тергов давомида жабрланувчига фуқаролик паспорти ва тилла узугини қайтариб берган. Оиласидан ажрашган, икки нафар фарзандли З. Орифжонова Дубай шаҳрида араб миллатига мансуб шахс билан шаръий никоҳ асосида яшаб келиш давомида, гувоҳи бўлганингиздек, тубан ишлар билан шуғулланган.

Суд судланувчи З. Орифжоновани Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “а”, “г”, “е” бандларида кўзда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор топиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Судланувчига тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси вояга етмаган фарзанди Мадҳия Орифжонова уч ёшга тўлгунига қадар — 2028 йил 1 мартгача кечиктирилди.

Айтиш керакки, Конституциямизнинг 29-моддасида “Давлат жабрланувчиларга ҳимояланишни ва одил судловдан фойдаланишни таъминлайди, уларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун шарт-шароит яратади” дея таъкидланган.

Ушбу конституциявий нормани келтиришдан мақсад шуки, жабрланувчи Х. Қурбонова жиноят натижасида етказилган моддий ва маънавий зарарлар масаласида бирор-бир ҳужжат тақдим қилмагани сабабли унга жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Хулоса қилиб айтганда, одам савдоси жинояти — хавфли иллат. Бундай қилмишга қўл урганлар ҳеч қачон жазосиз қолмайди.

Ўлмасжон САТТОРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Пахтакор тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

 

#thegov_button_6a10bc768968f { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a10bc768968f:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a10bc768968f { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6a10bc768968f:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!