Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00
photo_2024-10-07_12-13-42

ФИРИБГАРНИНГ «ПАРВОЗИ» СУДДА ҚОНУНИЙ ЯКУН ТОПДИ

Урганч шаҳрида яшовчи Яшнар Полвонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2022 йилда Урганч халқаро аэропортида фаолият юритувчи “ALAN AMIRA TRAVEL” хусусий корхонасини ташкил этади. Аммо авиачипталар савдоси тегарасида фаолият юритса-да, бу борада имкониятлари тор эди. Аниқроғи, самолёт чипталарини сотиш бўйича авиакомпаниялар билан шартнома тузмагани бунга монелик қиларди.

Шу боис чипталарни оғзаки келишувга асосан аввалига шу иш билан шуғулланувчи бошқа корхоналардан харид қилади, сўнгра бевосита йўловчиларга сотади.

Қисқаси, у расман фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларининг авиачипталарини сотиш билан шуғулланди, шу орқали аста-секин уларнинг ишончини қозонди. Авиачипталар савдоси билан шуғулланувчи “Atlas avia tour” масъулияти чекланган жамияти Я. Полвонов билан ҳамкорликка ишонч билдирган ҳолда ўша йилнинг декабрь ойида у бошқараётган хусусий корхонага 30 миллион сўм маблағни кейинчалик қайтариш шарти билан ўтказиб берди. Я. Полвонов ҳам бу пулларни беҳудага совурмади. Барини улгуржи тарздаги авиачипталар харидига сарфлайди ва уларни тезда сотувга ҳам қўяди. Чипталарнинг бари шу аснода ўз харидорини топади. Аммо навбат оларнинг берарига етганда, Я. Полвонов ўйланиб қолди. Хуллас, у ваъдасини унутиб, чипталар сотувидан тушган 30 миллион сўмни “Atlas avia tour”га қайтариш ўрнига ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборди. Мазкур масъулияти чекланган жамият томонидан моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказиб берилган пул шу тариқа шамолга учди. Я. Полвонов бу пулнинг атиги 7,6 миллион сўминигина эгасига қайтарди, холос. Ваҳоланки, бу маблағ ўзаро келишувга мувофиқ чипталар сотилгач, икки кунлик муҳлат ичида қайтарилиши керак эди. Натижада эришилган битим бузилди, “Atlas avia tour” корхонаси пули тўланмагани боис аллақачон мижозларга сотиб юборилган авиачипталарнинг бир қисмини бекор қилди.

Шундан сўнг фирибгар бу кимса ўзига янги ҳамкор излашга киришди. Узоқ таниши – Урганч шаҳрида фаолият юритаётган “Dovud avia turistik” масъулияти чекланган жамияти раҳбари А. Комилов Я. Полвоновнинг авиачипталар савдосига кўмаклашиш ҳақидаги таклифини оғринмай қабул қилди ва унга 40 миллион сўмлик авиачипталарни қўшқўллаб топширди.

Ўз навбатида, фирибгар бу кимса сотилган авиачипталарнинг пулини 1-2 кун ичидаёқ ўз қўли билан келтириб топширишга қуюқ ваъда берди. Буни қарангки, чипталар тезда сотилиб кетди. Навбат яна маблағни қайтаришга келганда, Я. Полвонов шошилмади. Уни қўллаб–қуваватлаган, ёрдамини дариғ тутмаган А. Комилов ўз шеригидан буни кутмаганди. У аввалига сотилган авиачипталарнинг пулини талаб қилди. Пул унавермагач, ҳамкорликка чек қўймоқчи эканлигини айтди. Я. Полвонов ҳам анойилардан эмасди, у ўз ҳамкорининг қўйнидан кириб, қўнжидан чиқди.

Чипталар қанчалик кўп сотилса, унинг даромади ҳам шунча мўл бўлиши ва қарзни узиш учун бемалол кифоя қилишини тушунтирди. Ҳамкор тараф унинг сўзларига ишонди ва бироз шаштидан тушди. Ҳамкорликни давом эттириш мақсадида 40 миллион сўмлик қарз устига яна 45 миллион сўмлик авиачипталарни, пулини имкон қадар тез фурсатда қайтариш шарти билан, насияга бериб юборди. Я. Полвонов икки оғизгина “ширин сўз” эвазига қўлга кирган чипталарни иштиёқ билан сотишга киришди. Бу гал ҳам чипталар тезда сотилиб кетди. Аммо қарзни қайтаришга келганда, Я. Полвонов бу гал ҳам сўзидан тонди. Ҳамкорини алдади. А. Комилов эса, бугал қараб турмади. Орадаги битим бузилганлигини маълум қилди ва 85 миллион сўм қарзни қайтаришни талаб қилди. Бироқ фирибгар бу кимса буни ўзига фожиа деб билмади. Аксинча, қинғирликни яна давом эттирди. Хусусий корхона эгасимасми, гарчи ҳеч қаерда ҳисобга олинмаган бўлса-да, ўз чипта дафтарига эга. Аммо тегишли авиакомпаниялар билан ҳамкорлик шартномалари мавжуд бўлмаган вазиятда уни расмий чипта сифатида сотиб бўлмайди. Сотилгани эса қалбаки ҳисобланади. Я. Полвонов масаланинг бу жиҳатига эътибор бермади. Гарчи қалбаки бўлса-да, рўйхатга олинмаган чипталарни сотишга киришди. Сонда бор-у, саноқда йўқ чипталарни айни шу йўсинда “расмийлаштириш” орқали 2023 йилнинг апрелидан ноябрь ойигача А. Сейдназаров ва И. Сотлиқовнинг 3 миллион 800 минг, Г. Қуриёзованинг 3 миллион, А. Сафоевнинг 6 миллион 760 минг, Д. Оллабергановнинг 9 миллион 900 минг, А. Қурбонбоевнинг 4 миллион 400 минг, М. Худойбергановнинг 2 миллион 400 минг, Д. Искандаровнинг 3 миллион 300 минг, Д. Назаровнинг 3 миллион 500 минг, А. Рўзмаматовнинг 6 миллион 800 минг, А. Йўлдошевнинг 3 миллион 992 минг, Ж. Йўлдошевнинг 2 миллион 100 минг, И. Қиличевнинг 3 миллион 550 минг, С. Жуманиёзовнинг 2 миллион 300 минг, Д. Оллаёровнинг 3 миллион 550 минг, А. Раҳимовнинг 2 миллион 200 минг, Баҳодир ва Бахтиёр Абдимуродовларнинг 4 миллион 4 минг, Х. Собировнинг 2 миллион 150 минг, Ф. Рўзиматовнинг 4 миллион, Б. Собировнинг 2 миллион, У. Жуманиёзовнинг 2 миллион 65 минг сўм миқдоридаги маблағини қўлга киритди. Энг ёмони, фирибгар бу кимса нопок йўл билан топган бу пулларни шахсий эҳтиёжи ва интернет тизимидаги “1 XBET” қимор ўйинига сарфлади. Қалбаки чипталарни сотиб олган мижозлар эса аросатда қолишди. Энг ачинарли воқеа улар ўз манзилларига учиб кетиш учун Урганч халқаро аэропортига келиб, ўз чипталарини рўйхат учун тақдим этган чоғда юз берди. Я. Полвоновдан чипта сотиб олган йўловчиларнинг деярли бари самолётга чиқарилмади, чунки чипталар рўйхатдан ўтмаган, яъни қалбаки эди.

Шундан сўнг қалбаки чипта боис самолётга чиқолмай қолган йўловчилар ўзлари тўлаган пулларни қайтаришни сўраб Я. Полвоновга мурожаат қилишади. Аммо Я. Полвонов чиптахонасини аэропорт ҳудудидан шаҳар марказига кўчириб, ўзи ўйлаб топган “ўйин”ни яна давом эттиради. У Х. Жуманиёзовга 2 миллион 280 минг, С. Ортиқовга 1 миллион 650 минг, М. Матёқубовага 4 миллион, Қ. Жумабоевга 1 миллион 600 минг, Ш. Раҳимов ва М. Йўлдошевага 2 миллион 900 минг, М. Ҳайитбоевага 2 миллион 400 минг, Ж. Нурматовга 1 миллион 670 минг, С. Маъмуржоновга 2 миллион 350 минг сўмлик қалбаки чипталарни сотади.

Ниҳоят, Я. Полвоновнинг ноқонуний хатти-ҳаракатидан азият чеккан фуқаролар ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилишди.

Шу асосда Я. Полвоновга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Унга Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б”, “в” бандлари, 167-моддаси 2-қисми “б” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а” банди бўйича айб эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши судда кўриб чиқилиб, Я. Полвоновга нисбатан 6 йил-у 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бундан ташқари ундан фуқаровий даъвогарларга етказилган 180,6 миллион сўм ундириладиган бўлди.

Ҳаётда қинғирлик ҳеч қачон жазосиз қолмайди. Фирибгарлик ва қаллоблик йўлини танлаган Я. Полвонов ҳам қилмишига яраша жазоланди. Бу бошқалар учун сабоқ вазифасини ўташи шубҳасиз.

Бунёд Ёқубов,

жиноят ишлари бўйича

 Урганч тумани суди раиси,

Абдулла Собиров,

журналист

photo_2024-10-07_11-17-34

ОТА-ОНАДАН АЛОҲИДА ЯШАЁТГАН БОЛА БИЛАН КЎРИШИБ ТУРИШ ҲУҚУҚИГА КИМЛАР ЭГА?

Бугунги кунда юртимизда болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, ота-онасининг келиб чиқиши ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, ҳимоя қилишга оид конституциявий тамойилларни амалда таъминлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Ҳеч кимга сир эмаски, ҳар бир болага муносиб тарбия бериш ва унинг камол топишида нафақат ота-она, балки бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошлар ҳам муҳим ўрин тутади.

Буни таъкидлашдан мақсад шуки, амалдаги оила қонунчилигида нафақат боладан алоҳида яшаётган ота (она)нинг бола билан кўришиши, балки бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошларнинг ҳам бола билан кўришиб туриш ҳуқуқи белгилаб қўйилган.

Аниқроқ айтганда, Оила кодексининг 77-моддасига кўра, бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошлари бола билан кўришиб туриш ҳуқуқига эга. Яъни ота-она (улардан бири) яқин қариндошларининг бола билан кўришишига имконият бермаса, васийлик ва ҳомийлик органи ота-онани (улардан бирини) бундай имконият беришга мажбур қилиши мумкин. Агар ота-она (улардан бири) васийлик ва ҳомийлик органининг қарорини бажармаса, боланинг яқин қариндошлари ёки васийлик ва ҳомийлик органи бола билан кўришиб туришга тўсқинлик қилувчи ҳолатларни бартараф қилиш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин. Ўз навбатида, суд боланинг манфаатлари ва унинг фикрини инобатга олган ҳолда низони ҳал қилади. Суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаган тақдирда, айбдор ота (она)га нисбатан қонунчиликда назарда тутилган чоралар қўлланилади.

Юқорида баён этилганлардан ҳам кўринадики, мамлакатимизда боланинг барча ҳуқуқ ва қонуний манфатлари кафолатли таъминланган. Бу, ўз навбатида, ҳар бир бола муносиб тарбия олиш, ўзининг иқтидори ва салоҳиятини рўёбга чиқаришига хизмат қилади.

Анвар Жумаев,

фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ тумани суди раиси

photo_2024-10-07_10-45-05

ЭЪТИРОФ ЭТИЛГАН МУЛК ҲУҚУҚИ

Ҳаётда ҳар бир одам кутилмаган муаммо ёки мушкулликка дуч келса, аввало, ёрдам сўраб, судга мурожаат қилади. Албатта, судда ҳар қандай муаммо қонуний ечимини топади. Мисол учун Насиба Ёрқулова (исм-шарифлар ўзгартирилган) Каттақўрғон тумани “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 19-уйнинг Н.-хонадонида 22 йилдан буён оила аьзолари билан яшаб келади. Хонадон эгаси, таниши Ҳалима Мамаражабова 2002 йилда уйни унга қолдириб, ўзи оиласи билан номаълум манзилга кўчиб кетганди. Шундан буён унинг ўзи ҳам, бирон фарзанди ҳам қайтиб келмади. Ҳозирда ҳам уларнинг яшаш манзили номаълум.

Н. Ёрқулова хонадонга эгалик ҳуқуқини белгилаш ва уни давлат рўйхатидан ўтказишни сўраб, туман ҳокимиятига борганида, мутасаддилар унга фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтиришган. Шу сабабдан Н. Ёрқулова фуқаролик ишлари бўйича судга хонадонга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишни сўраб, даъво ариза билан мурожаат қилди.

Суд мажлисида даъвогар фарзандлари билан ушбу хонадонда 22 йилдан буён коммунал, солиқ ва бошқа тўловларини ўз ҳисобидан тўлаб, яшаб келаётганини таъкидлаб, суддан хонадонга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишни сўради.

Айтиш жоизки, иш бўйича жавобгар Ҳ. Мамаражабованинг ҳозирги кунда яшаш жойи номаълум бўлиб, бу ҳолат “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинининг далолатномасида ҳам тасдиқланган. Бундай вазиятда суд ишни Фуқаролик процессуал кодексининг 164-моддасига асосан унинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топди.

Суд мажлисида Давлат кадастрлари палатасининг Самарқанд вилояти бошқармаси Каттақўрғон тумани филиалининг ишончли вакили Қ. Шамсиевнинг тушунтириш беришича, 19-уйнинг Н.-хонадони Каттақўрғон шаҳар 19-ўрта техника билим юртининг мулки эканини тасдиқловчи далолатнома мавжуд.1994 йил 3 майдаги 15-сонли ушбу давлат далолатномасига асосан Ҳалима Мамаражабова 1994 йил 7 июль куни 6-1788-188-рақами билан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Суд даъвогарнинг кўрсатмаси ва гувоҳларнинг тушунтиришларини тинглаб, ишдаги мавжуд ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бериб, аризани қаноатлантириш тўғрисида хулосага келди. Чунки иш ҳужжатларидан кўринишича, Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигининг 19-ўрта техника билим юртининг уй-жойларни шахсий мулк эканини тасдиқловчи 1994 йил 3 майдаги 15-сонли давлат далолатномасига асосан умумий майдони 43,17 квадрат метр, яшаш майдони 28,32 квадрат метрдан иборат 2 хонали хонадонга Ҳ. Мамаражабованинг эгалик ҳуқуқи белгиланган ва 1994 йил 7 июлда 74-145-815-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Даъвогар Н. Ёрқулова мазкур хонадонда 22 йил яшаб, унга эгалик қилиб келган, доимий равишда коммунал ва солиқ тўловларини тўлаб келган, қарздорлиги йўқлигини тасдиқловчи маълумотлар билан ҳам тасдиғини топган. Бу ҳолатлар даъвогарнинг 22 йилдан ортиқ вақт давомида хонадонга ўз мулки сифатида ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилиб келганлигини тўлиқ исботлайди.

Шунингдек, бу Н. Ёрқуловада Фуқаролик кодексининг 182-моддасига кўра, мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари тўлиқ мавжудлигини кўрсатади.

Бундан ташқари ушбу кодекснинг 187-моддаси 1, 3-қисми ҳам Н. Ёрқулованинг манфаатини тўлиқ ҳимоя қилади. Унга кўра, мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади (эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат). Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли мулк ҳуқуқини олганга қадар мол-мулкка ўзиники каби эгалик қилиб турган шахс ўз эгалигини мол-мулкнинг эгалари бўлмаган, шунингдек, қонунда ёки шартномада назарда тутилган бошқа асосларга кўра, эгалик қилиш ҳуқуқи бўлмаган учинчи шахслардан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга, дея қайд этилган.

Шу ўринда Олий суд Пленумининг 1999 йил 24 сентябрдаги “Фуқаролик кодексини татбиқ қилишда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида”ги қарори 12-бандида амалда эгалик қилиш муддати асосида ашёга эгалик ҳуқуқини олиш учун у ҳалол йўл билан эгалланган бўлиши, яъни амалда эгалик қилувчи ўзганинг мулкини мулкдорнинг эрк-хоҳишига зид равишда қасддан эгаллаб олган, ўғирлаган ва шу каби шахс бўлмаслиги ҳақида судларга тушунтирилган. Бундай эгалик қилиш бошқа шахслар учун ошкора ва аниқ кўринадиган бўлиши, шунингдек, эгалик қилувчи тегишли мулкка ўзиники каби муносабатда бўлиши, фақатгина ундан фойдаланибгина қолмай, балки уни лозим даражада сақлаш чораларини кўрганини ҳам назарда тутиш зарур.

Бундан ташқари Олий суд Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги “Якка тартибда қурилган уйга бўлган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низолар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори 27-бандида “Фуқаролик кодексининг 187-моддасида белгиланган эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат тўғрисидаги нормалар, уйга эгалик қилиш мазкур қонунда белгиланган муддат мобайнида шартнома мажбуриятлари (ижара, текин фойдаланиш) асосида амалга оширилган ҳолларда қўлланилмайди.

Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли мулк ҳуқуқи вужудга келиши билан аввалги мулкдор уйга бўлган мулк ҳуқуқини йўқотади”, дея қайд этилган.

Суд Н. Ёрқулованинг даъво аризасини юқорида келтирилган қонуний асослар ва Олий суд Пленуми қарорларидаги раҳбарий кўрсатмаларидан келиб чиқиб, қаноатлантирди. Жавобгар Ҳ. Мамаражабовага тегишли Каттақўрғон тумани, “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 19-уйнинг Н.-хонадонига нисбатан Н. Ёрқуловани мулк эгаси деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди. Бу билан Ҳ. Мамаражабованинг ушбу хонадонга нисбатан мулк ҳуқуқи тугатилди.

Хулоса қилиб айтганда, қонунларимиз пухталиги, ҳаққонийлиги ва адолатлилиги туфайли бир инсон ҳаётида дуч келаётган муаммо хайрли якун топди.

Зафар РАВШАНОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Каттақўрғон туманлараро

суди раиси

photo_2024-06-25_15-18-39

ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ

Олий суд Пленуми мажлиси бўлиб ўтди. 

Мажлисда Олий суд ва қуйи судлар судьялари, Бош прокурор, Конституциявий суд ва Судьялар ассоциацияси раислари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда Судьялар олий кенгаши, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.

Олий суд раиси Б. Исломов раислик қилган йиғилишда мамлакатимизда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари судларни фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи орган сифатида халққа янада яқинлаштириш билан бир қаторда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ҳамда судлар фаолияти самарадорлигини ошириш имконини берганлиги алоҳида қайд этилди.

Маълумки, жорий йилнинг бошидан судлар фаолиятига суд қарорларининг қонуний, асосли ва адолатлилигини текширишнинг фуқароларга қулай янги тартиби жорий этилди.

Процессуал қонунчиликка суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартиби жорий этилганлиги, ушбу тартиб бўйича ягона суд амалиётини таъминлаш лозимлиги инобатга олиниб, суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўришда қонунларни тўғри қўллаш юзасидан тушунтиришлар бериш эҳтиёжи юзага келди.

Тегишли йўналишлар бўйича тажрибали амалиётчи ва назариётчи, Илмий-маслаҳат кенгаши аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан ушбу институтни татбиқ этишда юзага келаётган масала ва тушунмовчиликлар, статистик маълумотлар, чиқарилган суд қарорлари, шунингдек бевосита жойларга чиқиш орқали йўл қўйилган хатолар юзасидан ўтказилган таҳлиллар натижасида аниқланган муаммоли масалалар бўйича судлардан, суд фахрийларидан, мазкур масалаларга оид манфаатдор идоралардан фикр ва мулоҳазалар олинди, амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, илғор хорижий тажриба ўрганилди.

Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан жиноят ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”, “Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни тафтиш тартибида кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”, “Судлар томонидан фуқаролик ишларини тафтиш тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”, “Судлар томонидан иқтисодий ишларни тафтиш тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида” ҳамда “Судлар томонидан маъмурий ишларни тафтиш тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.

Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан жиноят ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қароридан қонун нормаларини судларда қўллашда эътибор қаратилиши зарур бўлган муҳим тушунтиришлар ўрин олган. Ушбу тушунтиришларда тафтиш инстанцияси судида жиноят ишларини тафтиш тартибида кўриш учун нафақат шикоят ва протест, балки хусусий шикоят ҳамда хусусий протест асос бўлиши мумкинлиги, тафтиш инстанциясига берилган ваколатларга кўра ишнинг ҳақиқий ҳолатлари тўлиқ аниқланганлиги ва Жиноят кодекси нормалари тўғри қўлланилганлиги, иш юритишни амалга ошириш чоғида Жиноят-процессуал кодекси нормаларига риоя этилган-этилмаганлиги қўшимча равишда текширилган далиллар бўйича текширилиши шартлиги алоҳида белгилаб қўйилган.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг тафтиш тартибида кўрилиши бўйича қонун нормаларининг бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни тафтиш тартибида кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Пленум қарорида бу тоифадаги ишлар тафтиш тартибида тўғридан-тўғри Олий судда кўриб чиқилиши, бунинг учун тарафларнинг шикоят ва протести қандай тартиб ва муддатлардан кечиктирилмай тақдим этилиши зарурлиги, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўриб чиқишда ундаги важлар билан чегараланмасдан, ишда мавжуд, шунингдек судга тақдим этилган ёхуд суд томонидан талаб қилиб олинган янги далиллар билан бирга ишни тўла ҳажмда текшириши кераклиги ҳақида муҳим тушунтиришлар берилган.

Судлар томонидан фуқаролик ишларини тафтиш тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарорда фуқаролик ишларини тафтиш тартибида қайта кўриш жараёнида судлар томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилишини ва процессуал қонун талабларига риоя этилишини текширишга доир муҳим тушунтиришлар ўз ифодасини топган. Ушбу тушунтиришлар қаторида, айниқса, амалиётда кенг муҳокама бўлаётган, яъни давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар фақат даъво ариза (ариза) улар томонидан берилган ҳолдагина суд ҳужжати устидан тафтиш тартибида шикоят бериши мумкинлиги, акс ҳолда шикоятни қабул қилиш рад этилиши кераклиги, айни пайтда Савдо-саноат палатаси ўз аъзолари манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилган ёки қилмаганлигидан қатъи назар, суд ҳужжати устидан тафтиш тартибида шикоят бериши мумкинлигига оид масалалар ўз ечимини топганлигини алоҳида таъкидлаш ўринли.

Иқтисодий судларда кўрилаётган низолар кўламининг кенглиги шикоят (протест) келтириш ҳуқуқига эга бўлган шахслар аниқ доирасини белгилашда амалиётда доимо низоли масала бўлиб келган. “Судлар томонидан иқтисодий ишларни тафтиш тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарорда тафтиш тартибида қайта кўриш қуйи инстанция судлари ҳужжатларининг қонунийлиги ва асослилигини текширишда инобатга олинишига доир зарур тушунтиришлар билан бир қаторда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шароитлар яратиш борасида шикоят ёки протест билан тафтиш инстанциясига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларни аниқлашда ўзига хос хусусиятлар масаласи алоҳида ёритиб берилган. Жумладан, ишда иштирок этувчи шахслардан бири низоли ёки суд ҳужжати билан аниқланган ҳуқуқий муносабатдан чиқиб кетган бўлса, ушбу шахснинг ҳуқуқий вориси ҳам тафтиш тартибидаги шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги, давлат органлари ва бошқа шахслар даъво улар томонидан тақдим этилган ҳолдагина суд ҳужжати устидан тафтиш тартибида шикоят бериши мумкинлиги, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Савдо-саноат палатаси эса бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатини кўзлаб, судга даъво аризаси (ариза) билан мурожаат қилган ёки қилмаганлигидан қатъи назар, суд ҳужжати устидан тафтиш тартибида шикоят бериши мумкинлиги бўйича тегишли тушунтиришлар берилган.

Пленумнинг “Судлар томонидан маъмурий ишларни тафтиш тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарорида бу тоифадаги ишларни тафтиш тартибида кўришнинг асосий жиҳатларига, шу жумладан тафтиш инстанциясининг ваколатларига доир тушунтиришлар ўз аксини топган. Шу билан бирга тафтиш тартибидаги мурожаатларни билдириш муддатларига ойдинлик киритиш мақсадида шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкинлиги, ўтказиб юборилган муддатни тиклаш масаласини кўриб чиқиш механизми батафсил ёритиб берилган.

Пленум қарорлари матнлари Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ахборотномаси” ва “Куч – адолатда” газетасида эълон қилинади.

photo_2024-09-24_12-48-25

МУЛКДОРЛАР ҲУҚУҚИ — СУД ҲИМОЯСИДА

Адолатли қарор — жамият равнақининг кафолати. Ўз навбатида, бу том маънода демократик аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда мулк­дорларнинг ҳуқуқлари кафолатланган.

Хусусан, Бош Қомусимизнинг 65-моддасига мувофиқ барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади. Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас.

Бугунги кунда судлар томонидан хусусий мулк эгалари ва мулкдорларнинг ҳуқуқлари кафолатли ҳимоя қилинмоқда. Шу ўринда фикримизни Пастдарғом туманлараро иқтисодий судида кўрилган бир иш мисолида давом эттирамиз.

Аввало иш тафсилотларига тўхталадиган бўлсак, Самарқанд шаҳар адлия бўлими «Toxir-R» хусусий корхонаси манфаатини кўзлаб, Пастдарғом тумани ҳокимлигига нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилган ва жавобгардан Пастдарғом тумани, Жума шаҳри, Амир Темур кўчасида жойлашган 1 242,75 кв. метрдан иборат ер майдонидаги бузилган автоуловлар тўхташ жойи ва музқаймоқ павильони бино-иншоотлари эвазига 908 462 000 сўм компенсацияни ундириб беришни сўраган.

Иш ҳолатларига кўра, Пастдарғом тумани ҳокимининг 2001 йил 31 августдаги 185/8-сонли қарори билан Пастдарғом тумани, Жума шаҳри, Амир Темур кўчасидан Т. Раҳмоновга шахсий автоуловлар тўхташ жойи қуриш учун 2 200 кв. метр ер майдони ажратиш тўғрисидаги туман ер танлаш ҳайъатининг 2001 йил 24 августдаги далолатномаси тасдиқланган.

Шунингдек, 2002 йил 22 апрелда ушбу бино-иншоотларни фойдаланишга топшириш тўғрисидаги давлат қабул ҳайъати аъзоларининг далолатномаси тасдиқланиб, автоуловлар тўхташ жойи 2 200 кв. метр, музқаймоқ павильони 193,6 кв. метр қилиб умумий майдони кўрсатилган.

Аниқланишича, Пастдарғом тумани ҳокимининг 2004 йил 13 апрелдаги 268-Қ-сонли қарори билан мазкур бино-иншоотлар эгаллаб турган 1 242,75 кв. метр ер майдони доимий фойдаланишга бириктириб берилиб, мулк ҳуқуқи белгиланган. Орадан кўп ўтмай, аниқроғи, 2004 йил 25 апрелда Самарқанд вилояти Бино-иншоотлар ва ер давлат кадастри бош бошқармаси томонидан «Toxir-R» хусусий корхонасига Пастдарғом тумани, Жума шаҳри, Амир Темур кўчасида жойлашган автоуловлар тўхташ жойи ва музқаймоқ павильони ер участкасига бўлган ҳуқуқи 0011521-сон, бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқи 003743-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, кейинчалик ушбу бино-иншоотлар жойлашган ер майдони маъмурий бино қурилиши учун берилгани сабабли бузиб ташланган, лекин мулк эгасига компенсация тўлови тўланмаган.

Бинобарин, Фуқаролик кодексининг 206-моддаси биринчи қисмига кўра, давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга бевосита қаратилмаган қарори муносабати билан, шу жумладан, мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки экинлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига қонунда белгиланган ҳоллар ва тартибдагина йўл қўйилади, бунда мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг қимматли мол-мулк мулк ҳуқуқи асосида берилади ва унинг кўрган бошқа зарарлари тўланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши билан етказилган зарар тўлиқ ҳажмда қопланади.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 206-моддаси иккинчи ва учинчи қисмларида олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйлар, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки экинларнинг, шунингдек, ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматини аниқлаш белгиланган тартибда баҳоловчи ташкилотлар томонидан амалга оширилиши зарарларнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қоплангунига қадар уларни бузишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Бундан ташқари «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасига кўра, давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган қарори, шу жумладан, мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтлар жойлашган ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига фақат қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Яъни етказилган зарарнинг ўрни эгалик қилувчига тўлиқ қопланиши шарт. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарори фақат адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирда қабул қилинади.

Шу муносабат билан бериладиган компенсациянинг миқдори, тури ва уни бериш муддати назарда тутиладиган келишув мажбурий равишда нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.

Аниқланишича, «Самарқанд вилояти кўчмас мулк ва сармоялар агентлиги» масъулияти чекланган жамиятининг 2023 йил 7 августдаги 74-сонли ҳисоботига кўра, «Toxir-R» хусусий корхонасига тегишли бўлган автоуловлар тўхташ жойи ва музқаймоқ павильони бино-иншоотлари бузилиши муносабати билан мулкдорга етказилган зарарнинг бозор қиймати 908 462 000 сўмни ташкил қилган.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Самарқанд вилоят бўлимининг 2023 йил 22 декабрдаги хулосасида “Самарқанд вилояти кўчмас мулк ва саромоялар агентлиги» масъулияти чекланган жамияти томонидан 2023 йил 7 августда тузилган кўчмас мулкни баҳолаш ҳисоботи илмий асослангани, ягона миллий баҳолаш стандарти ва меъёрий ҳужжатларига мос келиши қайд этилган.

Ўз ўрнида «Toxir-R» хусусий корхонаси раҳбари Самарқанд вилояти ҳокимлигига 2023 йил 8 июлда ариза билан мурожаат қилиб, автоуловлар тўхташ жойи ва музқаймоқ павильони бино-иншоотлари бузилгани муносабати билан корхонага компенсация ажратиб берилишида амалий ёрдам кўрсатишни сўраган. Мазкур мурожаат 2023 йил 13 июлда Пастдарғом тумани ҳокимлигига кўриб чиқиш учун юборилган. Бироқ Пастдарғом тумани ҳокимлиги томонидан компенсация тўлови тўлаб берилмаганлиги сабабли «Toxir-R» хусусий корхонаси судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 908 462 000 сўм компенсация тўловини тўлаб беришни сўраган.

Пастдарғом туманлараро иқтисодий судининг 2024 йил 10 январдаги ҳал қилув қарорига мувофиқ, ушбу даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилиб, Пастдарғом тумани ҳокимлиги ҳисобидан «Toxir-R» хусусий корхонаси фойдасига 908 462 000 сўм компенсация тўловини ундириш белгиланди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, мамлакатимизда мулкдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг қонуний, асосли ва адолатли қарорлар қабул қилиши жамиятда ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг судларга нисбатан ишончи янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Луқмонбой Асатов,

Пастдарғом туманлараро

иқтисодий суди раиси

photo_2024-09-24_10-41-41

НОТЎҒРИ ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТИ АСОРАТИ МОДДИЙ ВА МАЪНАВИЙ ЗАРАРЛАРНИ ТЎЛАШГА САБАБ БЎЛДИ

Инсоннинг ҳаётдаги энг катта бойлиги унинг саломатлигидир. Агар соғлигига путур етса, бутун умр даволанишу дард тортишдан боши чиқмай қолади.

Бинойидек умргузаронлик қилиб юрган Маъруфжон Сулаймоновни кутилмаганда бел умуртқаси билан боғлиқ касаллик қийнай бошлади.

Баъзан оғриқ кучайганда ҳеч нарса, ҳатто овқатланиш ҳам юрагига сиғмай қоладиган даражага боргач, иложсизликдан жарроҳлик амалиёти йўли билан даволанишга қарор қилди. Аммо жарроҳлик амалиёти ҳақида гапирганда, қариндош-уруғ, таниш-билишлари турлича фикр билдиришди.

Кимдир “Жуда яхши ўйлабсиз, кечиктирманг” деса, бошқа биров “Фойдаси йўқ, тиғ теккизманг” дея куйинчаклик қилди. Шунга қарамай, М. Сулаймонов барибир жарроҳлик усулини маъқул кўрди. Бинобарин, 2022 йил 29 августда Тошкент шаҳридаги “Ezgu niyat” кўп тармоқли тиббиёт марказига мурожаат қилади.

Шундан сўнг унга “Умуртқа поғонаси бел-думғаза қисми остеохондрози, 4, 5-бел умуртқалари диск чурраси” ташхиси қўйилган. Даволаниш жараёнида беморда “Транспедикуляр фиксацияси билан 2, 4, 5-бел умуртқалари спондилодези” жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Шу билан бирга, умуртқаларига имплантлар қўйилади. 2022 йил 6 сентябрда эса М. Сулаймонов шифохонадан амбулатор даволанишга чиқарилган.

Лекин бу муолажа унга заррача фойда бермайди. Аксинча, беморнинг бел соҳасидаги оғриқлар кучайиб, юриш-туриши янада қийинлашади.

Натижада бутун вужудида умумий ҳолсизлик юзага келади.

Оқибатда у 2023 йил февраль ойида бошқа тиббиёт муассасаси — “Akfa Medline medical centre” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хусусий клиникасида текширувларидан ўтади. Шундан сўнг Ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт Марказига мурожаат қилади. У ерда унга “Умуртқа поғонаси бел-думғаза қисми остеохондрози, 4-бел умуртқаси ретролистези, 2, 4, 5-бел умуртқаларида ўтказилган операциядан кейинги ҳолат” ташхислари қўйилади. Аниқроғи, М. Сулаймоновда нотўғри жарроҳлик амалиёти ўтказилгани аниқланади.

Шунинг учун 2023 йил 25 март куни жаррохлик амалиёти қайтадан ўтказилади.

Табиийки, такрорий жарроҳлик амалиётида ҳам бемор анчагина азоб чекади. Бунинг устига дастлабки жарроҳлик амалиёти нотўғри ўтказилганидан қаттиқ руҳий изтироб чекади. Шу боис Маъруфжон Сулаймонов фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Ezgu niyat” кўп тармоқли тиббиёт марказидан 41 миллион сўм моддий, 200 миллион сўм миқдорида маънавий зарар ундириб беришни сўрайди.

Таъкидлаш жоизки, суд жараёнида чиндан ҳам, “Ezgu niyat” кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокорлари М. Сулаймоновга нисбатан нотўғри жарроҳлик амалиёти ўтказишгани аён бўлгач, суд томонидан суд-тиббий экспертизаси тайинланди. Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиалининг 2023 йил 18 августдаги комиссиявий экспертизаси хулосасида қайд этилишича, М. Сулаймоновга “Ezgu niyat” кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокорлари томонидан “Умуртқа поғонаси бел-думғаза қисми остеохондрози, 4, 5-бел умурт­қалари дисклари чурраси, 4-бел умуртқаси ретролистези” ташхиси нотўғри қўйилган.

Тиббиётда “люмбализация” деб номланган умуртқа поғонасининг туғма нуқсони мавжуд. Бу 1-думғаза умуртқасини қисман ёки тўлиқ думғаза умуртқаларидан ажралиб, қўшимча 6-бел умуртқасига айланишидир. М. Сулаймоновда биринчи думғаза умуртқасини люмбализацияси инобатга олинмаган. Люмбализация ҳисобига “Умуртқа поғонаси бел-думғаза қисми остеохондрози, 5-бел ва 1-думғаза умуртқалари дисклари чурраси, 5-бел умуртқаси ретролистези” ташхиси қўйилиши керак бўлган.

Шунингдек, экспертиза хулосасида “Ezgu niyat” кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан ўтказилган жарроҳлик амалиётида М. Сулаймоновнинг 4, 5, 6-бел умуртқаларига зарур имплант қўйилмагани, бу хато эса, Ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт марказида кечган амалиётда бартараф этилгани кўрсатилган. Бу факт ҳам беморга дастлаб сифатсиз тиббий хизмат кўрсатилганидан далолат беради.

Судга тақдим этилган ҳужжатлар бўйича даъвогар “Ezgu niyat” кўп тармоқли тиббиёт марказига барча тиббий муолажалар ва даволаниш учун 23 миллион 10 минг сўм, “Akfa Medline medical centre” МЧЖдаги текширувлар учун 788 000 сўм тўлаган.

Фуқаролик кодексининг 706-моддасига асосан, ижрочи ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасини умуман ёки тегишли даражада бажармаган ҳолларда, келтирилган зарарни буюртмачига батамом тўлаши шарт, лекин бу тўлов шартномада назарда тутилган хизматлар баҳосининг икки бараваридан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Кодекснинг 1022-моддасида “Маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятига, шунингдек, айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб, суд томонидан аниқланади” деб қайд этилган. Албатта, бунда оқилоналик ва адолатлилик талаблари эътиборга олиниши лозим. Бинобарин, суд даъвони қисман қаноатлантириб, “Ezgu niyat” кўп тармоқли тиббиёт марказидан Маъруфжон Сулаймонов фойдасига етказилган моддий зарар учун 23 миллион 798 минг сўм, маънавий зиён сифатида 30 миллион сўм компенсация ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилади.

Хулоса қилиб айтганда, Бош Қомусимизнинг 48-моддасига биноан, ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Шунинг учун ҳам, инсон саломатлиги — жамиятимизда бош мезон, бу тамойилни бузишга эса ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

Баҳодир САИДМУРАТОВ,

Тошкент шаҳар суди судьяси

photo_2024-09-18_17-23-43

ИШ ҲАҚИДАН УШЛАБ ҚОЛИШ ҚАНДАЙ ТАРТИБДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?

Маълумки, ҳаётимиздаги энг муҳим ҳуқуқ ва эркинликларимиздан бири меҳнат муносабатлари билан боғлиқ. Бинобарин, меҳнат ҳуқуқига оид масалалар ҳеч кимни беэътибор қолдирмайди. Иш ҳақидан ушлаб қолиш тартиби ҳам шулар жумласидандир.

Амалдаги Меҳнат кодексининг 269-моддасига биноан, ходимнинг ёзма розилиги билан иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин. Шунингдек, ходимнинг ёзма розилигидан қатъи назар, иш ҳақидан ушлаб қолиш мумкин бўлган ҳолатлар ҳам бор. Хусусан, солиқлар ва йиғимларни ундириш, қонунда белгиланган тартибда суд қарорлари ҳамда бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш, қолаверса, ваколатли органларнинг қонуний талабларини бажариш учун иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.

Бундан ташқари иш ҳақи ҳисобига берилган бўнакни ушлаб қолиш, бошқа жойдаги ишга кўчиб ўтгани муносабати билан хўжалик эҳтиёжлари, хизмат сафарларига берилган, сарфланмаган ва ўз вақтида қайтарилмаган бўнакни ҳамда ҳисоб-китобдаги хатолар оқибатида ортиқча тўланган маблағни қайтариб олиш учун иш ҳақидан ушлаб қолинади.

Бундай ҳолларда иш берувчи бўнакни қайтариш, қарздорликни тўлаш учун белгиланган муддат тамом бўлган кундан ёки тўлов нотўғри ҳисоблаб чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай ушлаб қолиш ҳақида буйруқ чиқаришга ҳақли. Агар бу муддат ўтиб кетган бўлса ёки ходим бўнакни тўлаш учун ушлаб қолиш асосларига ёхуд миқдорига эътироз билдираётган бўлса, қарзни тўлаш суд тартибида амалга оширилади.

Меҳнат кодексининг 269-моддасига кўра, ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун, агар етказилган зарарнинг миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошмаса, ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жаримани ундириш, ходим қайси иш йили ҳисобига таътил олган бўлса, ўша йил тугагунига қадар меҳнат шартномаси бекор қилинганда таътилнинг ишлаб берилмаган кунлари учун ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам иш ҳақидан ушлаб қолиниши белгиланган.

Башарти, ишга қабул қилишга доир белгиланган қоидаларнинг бузилиши ёхуд якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатнинг давом этишига монелик қилувчи ҳолатларнинг юзага келиши ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ бўлмаса, меҳнат шартномаси ишга қабул қилишга доир қоидалар бартараф этиш имкони бўлмаган ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қиладиган ҳолда бузилса ҳам, иш ҳақидан ушлаб қолиш амалга оширилмайди.

Ходимга ортиқча тўланган иш ҳақи (шу жумладан, меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар нотўғри қўлланилганда) ундан ундирилиши мумкин эмас. Шунингдек, ҳисоблашдаги хатолик, агар якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқувчи орган томонидан ходимнинг меҳнат нормаларини бажармаганликдаги айби эътироф этилган ёки ходимнинг суд томонидан белгиланган ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) сабабли ходимга ортиқча иш ҳақи тўланганлик ҳолатлари бундан мустасно. Солиқ кодексига мувофиқ, солиқ солинмайдиган тўловлардан ушлаб қолишлар амалга оширилиши мумкин эмас.

Меҳнат кодексининг 270-моддасида ҳар бир тўлов чоғида иш ҳақидан ушлаб қолинган маблағларнинг умумий суммаси ходимга ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақининг эллик фоизидан ошиши мумкин эмас. Мазкур модданинг биринчи қисмида белгиланган чеклов алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни, шунингдек, ахлоқ тузатиш ишлари тарзида жазо тайинланган ходимнинг иш ҳақини ушлаб қолишга нисбатан татбиқ этилмайди. Бундай ҳолларда жазодан ва алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликдан ушлаб қолиш миқдори ходимга ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақининг етмиш фоизидан ошмаслиги шарт.

Ходимнинг хоҳишига кўра, иш ҳақи ёки унинг муайян қисми ходимнинг ёзма аризасида кўрсатилган миқдорларда ва муддатларда кредиторларга банк муассасаларидан олинган ссудалар, кредитлар, коммунал тўловлар ва бошқа харажатларни тўлаш учун юборилиши мумкин. Кўриниб турганидек, қонунчиликда иш ҳақидан ушлаб қолишнинг ҳуқуқий тартиблари аниқ белгиланган. Шу боис уларга қатъий амал қилиш зарур.

Фазлиддин АЛЛАЁРОВ,

фуқаролик ишлари бўйичаТермиз туманларо суди судьяси

photo_2024-09-17_09-09-47

ЯШИРИН ЦЕХДАГИ ҚОТИЛЛИК

Аввалига ҳаммаси оддий, одатдаги ҳолда кечган эди: Янги Наманган тумани ички ишлар бўлими профилактика инспектори А. Камолов 2023 йил 6 июль куни топшириққа биноан тунги хизматга жалб этилади. Шу боис, у ўзи билан бирга хизмат ўташи белгиланган профилактика инспектори М. Исмоилов билан учрашиш учун “Келажак тонги” маҳалласи идорасига келади. Ҳамкасбини кутиб турган пайтда эса ёнига “Дамас” русумли автомашина келиб тўхтайди.

— Машина бозори яқинида уч-тўртта барзанги йигитлар ғала-ғовур қилиб туришибди. Негадир улар менга шубҳали туюлди. Балки бир текшириб кўрарсизлар?!, — дейди нотаниш ҳайдовчи.

— Раҳмат, ака. Албатта, ўрганамиз. Сиз бораверинг, — дейди инспектор.

“Дамас” машинаси жўнаб кетгач, профилактика инспектори М. Исмоиловга қўнғироқ қилиб, ҳайдовчи айтган манзилга етиб келишини тайинлайди. Шу билан бирга, ўзи ҳам ўша томонга йўл олади.

Чиндан ҳам, тилга олинган манзилда, “Жентра” русумли автомашинаси тўхтаб турар, ёнида 3-4 нафар нотаниш йигитлар алланималарни муҳокама қилишаётганди. Ҳам­касби етиб келгач, икковлашиб нотаниш фуқароларга ўзларини таништиришади. Ўз навбатида, ўша йигитлардан бири ҳам ўзининг ички ишлар бўлими ходими эканлигини айтади.

Шундан сўнг хизмат юзасидан автомашинани кўздан кечиришади.

Натижада автомашина юкхонасининг за­хира балони турадиган жойидан бири 60 сантиметр, иккинчиси 1 метрдан узунроқ ўлчамдаги ёғоч бута топилади. А. Камолов бу хусусда сўраганида ўзини ички ишлар бўлими ходими сифатида танитган фуқаро ёғоч буталарни хизмат юзасидан олиб юришини маълум қилади. Бинобарин, профилактика инспектори унинг исм-шарифи ва бошқа маълумотларини ёзиб олади. Орадан салкам 3 ҳафта ўтгач эса, айнан ўша кимсалар томонидан босқинчилик ва қотиллик жинояти содир этилади.

*   *   *

Наманган шаҳрида яшовчи Абдулла Муҳиддинов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2021 йил ёз ойларида Поп туманининг Резаксой қишлоғига дам олиш учун келади. Шу ерда у Жасур Шерматов билан танишиб қолади. Ўзаро суҳбат асносида Жасур меҳмонга қум аралашмасидан кумуш ажратиб олиш мумкинлигини айтади. Бу фикр эса, А. Муҳиддиновни жуда қизиқтириб қўяди. Бинобарин, у шаҳарга қайтгач, заргар қариндоши Икром Юсуповга маслаҳат солади.

— Ўша қум аралашмасини кўришим керак. Шунда аниқ фикр айта оламан, — дейди заргар.

Шундан сўнг Абдулла  Муҳиддинов И. Юсуповга Поп туманидан 1 та қопда қум аралашмасини келтириб беради. Қум таркибини текшириб кўрган заргар ундан фойдаланиш мумкинлигини айтади.

Бу фикрни эшитган А. Муҳиддинов таниши Қ. Солиевнинг нотурар жойини ижарага олиб, яширин равишда кумуш ишлаб чиқаришни бошлаб юборади. Ж. Шерматовнинг поччаси Нодир Каримов нақ икки йил мобайнида, яъни ўша пайтдан 2023 йил ёз ойларигача Поп туманининг Қўшминор маҳалласи ҳудудидаги ташландиқ кондан Наманган шаҳрига бир-икки қопдан қум аралашмасини етказиб бериб турди. А. Муҳиддинов  ҳар бир қоп қумни 3-3,5 миллион сўмга сотиб олади. Аммо шаҳарлик “тадбиркор” ишлаб чиқариш цехини ошкор қилмаслик мақсадида Н. Каримовга манзилни кўрсатмаган. 2023 йилнинг ёз фаслига келиб, Н. Каримов катта даромад келтираётган яширин цеҳ жойлашган манзилни билиб қолган. Оқибатда яширин цеҳ раҳбари бир ҳийла ўйлаб топади.

Гап шундаки, у Нодирга охирги келтирган қопларидаги қум таркибидан кумуш моддаси чиқмаганини айтади. Буни эшитиб, қум таъминотчиси тарвузи қўлтиғидан тушиб, ортига қайтади. Бироқ унинг миясида кумуш маҳсулотини қўлга киритиш режаси пайдо бўлади.

Дастлаб Н. Каримов қайноғаси Ж. Шерматов, танишлари Мақсуд Аҳмедов, Асқар Раҳмонов, Муҳриддин Нажмиддинов, Оғабек Ирисбоев ва Озод Эминовлар билан пухта режа тузади. Сўнгра атрофидаги вазиятни ўрганиш мақсадида Жасур, Мақсуд ва Асқар билан бирга яширин цех жойлашган Янги Наманган туманининг Шербулоқ маҳалласига боради.

Яширин цех яқинида ўралашиб юришганда эса, юқорида тилга олганимиздек, профилактика инспекторларига дуч келишади. Бинобарин, ҳеч нарса билмагандек изларига қайтишади.

Шу тариқа нақ 15-16 кун мобайнида жиноий режа “пишитилади”. 2023 йил 23 июль куни шом маҳали – соат 19:30 ларда жиноий гуруҳ аъзолари “Ангрен-Поп” темир йўлининг “Қўшминор” вокзали ёнида учрашишади. Яна бир карра вазифалар тақсимлаб олингач, Наманган шаҳри томон йўлга чиқишади. Тунги соат 00:30 ларда Нозимжон бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашинада Тўрақўрғон туманининг Еттикон маҳалласига етиб келишади.

Жиноий гуруҳ ўша ерда фуқаро А. Нуритдиновнинг кўчада қаровсиз қолдирилган “Ласетти” русумли автомашинанинг давлат рақамини ечиб олиб, ўзларининг автомашинасига ўрнатишади.

Бундан ташқари жиноий гуруҳ соат тунги 00:50 ларда Янги Наманган туманининг Мингтерак маҳалласида яшовчи М. Мирзаевга тегишли “Нексия-2” автоуловининг давлат рақамини ҳам ечиб олиб кетишади.

Хуллас, жиноий гуруҳ белгиланган манзилга тунги соат 02:00 ларда етиб келади. Сўнг Нодир, Асқар, Жасур, Мақсуд ва Муҳриддин яширин цех яқинида ниқоб ва қўлқопларни кийиб, ёғоч таёқ билан қуролланиб олишади. Бу пайтда цеҳда Нодир, Маъруф, Ҳожиакбар ва Абдулазиз исмли ишчилар ишлашаётганди. Шунда жиноий гуруҳ аъзолари девор ошиб ичкарига кириб, ишчиларга тўсатдан ҳужум қилишади. Яъни уларнинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, таёқлар билан уриб-дўппослашади. Лекин Нодир ва Ҳожиакбар уларга қаршилик кўрсатиб, қочиб кетишади. Мақсуд, Асқар ва Муҳриддин Абдулазиз Жалоловни ерга йиқитиб, калтаклашади, тан жароҳати етказишади.

Шундан сўнг Мақсуд Аҳмедов яширин цехидаги хоналарга кириб, қиймати 740 000 сўм бўлган “Dahua” русумли, қиймати 570 000 сўм бўлган “NVR” русумли видеокузатув камераси хотирасини (“DVR” винти), Асқар Раҳмонов эса Маъруф Тўхтабаевга тегишли қиймати 3 050 000 сўмлик “Xiaomi 12 Lifte” русумли, Ҳожиакбар Нажмиддиновнинг баҳоси 2 680 000 сўмлик “Iphone XS” русумли уяли телефонини, Нодир, Жасур ва Муҳриддинлар эса, учта идишда ярим тайёр ҳолатдаги қимматбаҳо кумуш маҳсулотини босқинчилик йўли билан эгаллашади.

Худди шу маҳал кутилмаган қабиҳлик юз беради. Яъни Асқар Раҳмонов яширин цех ишчиси Маъруф Тўхтабоевнинг орқасидан қувиб бориб, қўлидаги таёқ билан унинг бошига зарба беради. Оқибатда М. Тўхтабоев ерга йиқилиб, ҳушини йўқотади. Энг ачинарлиси, кўз очиб, юмгунча фурсат ичида М. Тўхтабоев ҳодиса жойида вафот этади. Бундан қўрқиб кетган жиноятчилар эса дарҳол қочиб қолишади.

Аммо тез орада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олиниб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Мазкур ишни жиноят ишлари бўйича Поп тумани судида кўриб чиқиш чоғида, судланувчиларнинг қилмишлари рад этиб бўлмас далиллар билан ўз исботини топди. Бинобарин, суд уларни Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, одам боласи ҳаддан ташқари молу дунё ва мўмай даромад топишга муккасидан кетмай борига — топганига, ато қилганига қаноат қилса, турмуши файзли, ҳаёти тинч ва осойишта кечади. Қинғир ишнинг қийиғи эса, қирқ йилдан кейин бўлса ҳам, албатта, чиқади — юзшувут қилади.

Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.

Жасур ҚУРБОНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Поп тумани суди раиси

photo_2024-09-16_08-27-37

ЮТУҚ ВА ҲАМКОРЛИК ГАРОВИ ЁХУД ШАРТНОМАВИЙ МУНОСАБАТЛАРНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Маълумки, ҳар бир тадбиркор ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида бошқа тадбиркорлик фаолияти субъект­лари билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга киришиб, муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади. Табиийки, ушбу ҳуқуқ ва мажбуриятлар ўз вақтида виждонан адо этилса, бундан икки томон ҳам бирдек манфаатдор бўлади.

Афсуски, ҳаётда баъзан ижро этувчи томонидан шартнома мажбуриятлари талаб даражада бажарилмай қолган ҳолатлар ҳам учраб туради. Бунинг натижасида тарафларнинг ўзаро муносабатларига путур етади, ишонч йўқолади ва низо пайдо бўлади.

Ўрни келганда шуни айтиш керакки, Иқтисодий процессуал кодекс талабига кўра, тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўртасида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Шу ўринда бевосита ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, «Ҳ. М.» масъулияти чекланган жамияти судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Х. С.» масъулияти чекланган жамиятидан 36 000 000 сўм асосий қарз, 9 432 000 сўм пеня ундириб беришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, тарафлар ўртасида маҳсулот етказиб бериш тўғрисида 2023 йил 15 май куни 149 968 000 сўмлик 09/01-сонли шартнома имзоланган.

Даъвогар томонидан шартномавий мажбуриятларни бажариш мақсадида 2023 йил 23 октябрда 23/10-сонли ҳисоб-фактурага асосан, жами 36 000 115 сўмлик маҳсулот етказиб берилган, аммо жавобгар ушбу маҳсулотлар ҳақини тўламаган.

Ваҳоланки, шартноманинг 2.1-бандига кўра, “маҳсулот етказиб берувчи” маҳсулотларни “сотиб олувчи”га етказиб бериш, 3.2-бандига кўра, “сотиб олувчи” маҳсулот ҳақини ўз вақтида тўлаш мажбуриятини олган.

Бунинг устига даъвогарнинг қарзни тўлаб бериш юзасидан талаблари жавобгар томонидан эътиборсиз қолдирилган. Натижада даъвогар даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Судда даъвогарнинг даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилди.

Жавобгар шартномавий мажбуриятини ўз вақтида бажармагани натижасида даъвогар фойдасига асосий қарздан ташқари пеня ҳамда ишни судда кўриш билан боғлиқ харажатлар ҳам ундириладиган бўлди.

Ачинарли жиҳати шундаки, тарафлар ўртасидаги доимий ҳамкорликка путур етди, ўзаро ишонч йўқолди. Зеро, Фуқаролик кодексининг 9-моддасида фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилиши, фуқаролар ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат қилишлари, тадбиркорлар эса иш одоби қоидаларига ҳам қатъий риоя этишлари зарурлиги алоҳида қайд этилган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, қонун талаблари асосида тузилган шартнома бўйича олинган мажбурият тўла-тўкис бажарилиши лозим. Мажбуриятнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли равишда адо этилиши ўзаро ишончни мустаҳкамлаш билан бирга, томонларнинг фаолияти янада жадал ривожланиши ва тобора кенгайишида муҳим омил бўлади.

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро

иқтисодий суди раиси

photo_2024-09-13_19-27-43

БОШИ БЕРК КЎЧА ЁКИ ГУМРОҲЛИК ФОЖИАСИ

Нафс қутқусига учиб, енгил йўл билан мўмай даромад топишга уринганлар аксарият ҳолларда  боши берк кўчага кириб қолади…

Ўтган йилнинг 4 июнь куни ярим тунда Жомбой туманида яшовчи Воҳид Умаровга (исм-шарифлар ўзгартирилди) қўшниси Даврон Маматалимов қўнғироқ қилиб, пойинтар-сойинтар равишда шериги билан маҳалласидаги боққа ўғирликка тушгани, шу боис қоровуллар унга тан жароҳати етказганини билдиради.Сўнгра шеригининг “Дамас” русумли автомашинасини уйининг олдига олиб келиб қўйишни илтимос қилади. Ўзи эса аллақаёққа шошилинч кетаётганини айтади.

В. Умаров унинг илтмосига йўқ дея олмайди ва маҳалладоши Элшод Саидқуловга қўнғироқ қилиб, сайҳонликда қолдирилган машинани олиб келишга ёрдам сўрайди.

Улар айтилган манзилга етиб боришганда, оқ рангли “Дамас-2” русумли автомашина турганини кўришади. Улар автомашина эшигини очгач, ҳайдовчи ўриндиғи қонга ботгани, калит ўт олдириш жойида эканига кўзлари тушади. Олд ўнг ўриндиқнинг пастида қора рангли сумка очиқ ҳолда ётарди.

Шу пайт Д. Маматалимов В. Умаровга яна қўнғироқ қилиб, қон изини ювиб, автомашинани тезроқ уйга олиб боришни, машинадаги телефон аппаратини ариққа ташлаб юборишни тайинлайди.

Бу гапдан шубҳаланган В. Умаров ва Э. Саидқулов автомашинанинг эшикларини қулфлаб, уйларига қайтиб кетишади.

Шу ўринда Даврон Маматалимовнинг шахсига тўхталадиган бўлсак, ўттиз икки ёшли бу кимса илгари фирибгарлик ва баданга қасддан енгил шикаст етказиш жиноятларини содир этиб, икки марта судланган. Тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг 1 йил 10 ойи ҳали ўталмаган. Аслида, бу кимса ўзига нисбатан кўрсатилган бағрикенглик ва мурувватдан хулоса чиқариб, тўғри йўлга тушиб олиши, гулдек оиласи, икки нафар вояга етмаган фарзандини пешона тери эвазига топган ризқ-насиба билан боқишни ҳаёт тарзига айлантириши лозим эди. Аммо у бунинг ўрнига жиноий йўл билан бойлик орттиришдек нопок йўлни танлади.

Ўтган йил май ойининг ўрталарида Қашқадарё вилоятига тарвуз сотиш учун борган Д. Маматалимов қамашилик Улуғбек Нурмаматов билан танишиб қолади. Ўзаро суҳбат давомида У. Нурмаматов Тошкентдан гуруч маҳсулоти олиб келиб, Қашқадарё вилоятида сотиши, шунинг ортидан рўзғор тебратаётганини айтади. Д. Маматалиев тарвуз экиб етиштириши, бошқа пайтларда ҳўл мева савдоси билан шуғулланишини маълум қилади. Шундан сўнг улар ҳамкорлик қилишга келишишади.

Бу пайтда Д. Маматалимов қишлоқдошларидан 29 минг АҚШ доллари миқдорида қарздор эди. Шу боис, айрим қишлоқдошлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилишган. Д. Маматалимов икки оёғи бир этикка тиқилгач, қарздан қутулишга чора излашга тушади.

Шунда бехосдан бундан бир неча ой аввал танишган У. Нурмаматов ёдига тушади-ю, ўй-фикри бузилади: “Улуғбек Тошкентдан гуруч олиб келиш учун катта миқдордаги пул билан йўлга чиқади, пичоқ билан қўрқитиб, пулини қўлга киритсам, қарз балосидан қутулардим”…

Д. Маматалимов ана шу ғаразли ниятини амалга ошириш учун У. Нурмаматовга қўнғироқ қилиб, Тошкент шаҳрига гуруч олиб келиш учун қачон боришини сўрайди. У. Нурмаматов 4 июнь куни йўлга чиқишини айтгач, ўзини ҳам бирга олиб кетишини илтимос қилади.

2023 йил 4 июнь куни У. Нурмаматов йўлга чиқаётгани ҳақида хабар беради. Улар кечаси Самарқанд тумани ҳудудидаги нон растаси олдида учрашишга келишишади.

Д. Маматалимов жиноий ниятини амалга ошириш учун уйдан ошхона пичоғини олиб чиқади. Булунғур тумани ҳудудида автомашинанинг мотор қисмида носозлик юзага келиб, У. Нурмаматов уни йўл четига тўхтатади.

Шунда Д. Маматалимов чўнтагидан пичоқни чиқариб, У. Нурмаматовга ўқталади. Бундай кутилмаган таҳдиддан Улуғбек сергак тортиб, унинг пичоқ ушлаган қўлини маҳкам ушлаб олади. Аммо пичоқнинг ўткир тиғи қўлини кесиб кетади. Оғриққа чидаёлмай пичоқни қўйиб юборгач, Д. Маматалиев уни жабрланувчи танасининг дуч келган жойига кетма-кет санчий бошлайди.

Бирпасда қонга бўялган У. Нурмаматов автомашинадан тушиб, йўлнинг қарама-қарши томонига қоча бошлайди, одамларни ёрдамга чақиради.

Ваҳшийлашган Д. Маматалимов унинг ортидан етиб олиб, бўйин соҳасига яна икки марта пичоқ уради.

Ниҳоят, нотаниш ҳайдовчилар автомашиналарини тўхтатиб, уларнинг олдига яқинлаша бошлагач, Д. Маматалимов У. Нурмаматовнинг автомашинасига ўтирганича воқеа жойидан қочиб кетади.

Ҳаёт учун хавфли бўлган тан жароҳати олган У. Нурмаматов беҳуш ҳолда шифохонага олиб борилади ва шифокорлар ёрдамида ҳаёти сақлаб қолинади.

Д. Маматалимов У. Нурмаматовнинг автомашинасини босқинчилик йўли билан олиб қочиб, қора рангли сумкадаги 62 миллион сўмни қўлга киритади. Сўнгра жазодан қутулиб қолиш мақсадида Фарғона вилоятига йўл олади. Аммо тез орада қўлга олинади.

Суд Д. Маматалимовни Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми “г” банди ва 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) 3-қисми “в” бандидаги жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди ва унга нисбатан 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, бу дунёда ҳар қандай муаммонинг ечими бор. Фақат ақл-идрок билан иш тутиш, бир ишни бошлашдан олдин оқибатини кўра олиш лозим. Борди-ю, боши берк кўчага кириб қолганда ҳам жиноят содир этиш йўли билан ундан чиқиб кетишга уриниш калтабинликдан бошқа нарса эмас. Шу маънода баён этилган воқеа тафсилотлари бошқалар учун сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас.

Абдусаттор АБДУРАЗЗОҚОВ,

жиноят ишлари бўйича

Жомбой тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

#thegov_button_6a3c1d5925c58 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a3c1d5925c58:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a3c1d5925c58 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6a3c1d5925c58:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!