photo_2026-11-12_00-00-39

ОИЛАВИЙ НИЗОЛАР ВА БОЛА ТАҚДИРИ: СУД ҚАРОРЛАРИДА НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛАДИ?

Болалик — инсоннинг жисмоний, руҳий, интеллектуал ва ижтимоий ривожланишининг ҳал қилувчи палладир. Ушбу даврда боланинг хавфсиз муҳитда яшаши, меҳр ва ғамхўрлик билан тарбияланиши, ўз фикрини эркин ифодалаши ҳамда шаъни ва қадр-қимматининг ҳурмат қилиниши унинг камолотида муҳим ўрин тутади. Бинобарин, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш нафақат оиланинг, балки давлат, таълим муассасалари ва бутун жамиятнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Ҳаётда “зўравонликсиз болалик” тушунчаси мавжуд. Бу — фақат болага нисбатан жисмоний куч ишлатмаслик, дегани эмас. У руҳий босим, таҳқирлаш, қўрқитиш, жинсий зўравонлик, бепарволик, эксплуатация ва боланинг ривожланишига зарар етказадиган бошқа муносабатлардан ҳимояланган муҳитни ҳам қамраб олади.

Бундай ёндашув болани катталарнинг мутлақ назорати остидаги объект сифатида эмас, балки мустақил ҳуқуқ ва қонуний манфаатларга эга шахс сифатида эътироф этишни талаб қилади.

Конституциямизнинг 78-моддасида “Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривож­ланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир”, дея қайд этилган.

Мазкур конституциявий қоида болаларни ҳимоя қилиш сиёсатининг ҳуқуқий асосини ташкил этади.

Ўз навбатида, Оила кодексининг 65-моддасида белгиланган боланинг оилада яшаши, тарбияланиши, ота-онасининг ғамхўрлигидан фойдаланиши ва инсоний қадр-қимматининг ҳурмат қилинишига бўлган ҳуқуқлари унинг оилавий муносабатлардаги ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлайди.

Шу ўринда фикрларимизни бир ҳаётий мисол асосида давом эттирамиз.

Тўрақўрғон туманида яшовчи Анвар Юнусов ва Нодирахон Сайдалиева (исм-шарифлар ўзгартирилди) 2012 йил 12 октябрда қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қуришган. Натижада бирин-кетин 3 нафар фарзанд кўришади: 2013 йил 23 августда қизлари Мухтасар, 2015 йил 2 июлда ўғиллари Акбаржон ва 2021 йил 22 декабрда кенжатойлари Муҳаммадсодиқ туғилади.

Ўшанда уларга ҳамманинг ҳаваси келарди. Аммо орадан кўп ўтмай оиланинг тотувлигига кўз тегади. Эр-хотин тез-тез жанжаллашадиган бўлиб қолади. Оиладаги нотинчлик болаларнинг кайфияти ва руҳиятига ҳам салбий таъсирини ўтказгани шубҳасиз.

Ана шуларни ўйлаган Нодира Сайдалиева 2024 йилда ота-онасиникига кетиб қолади, бироқ А. Юнусов ўғилларини ўзида олиб қолади. Мухтасар эса, онаси билан кетади.

Одатда, она ўз фарзандларини жуда тез соғинади. Шу маънода, Н. Сайдалиева ҳам кўп ўтмай Акбаржон ва Муҳаммадсодиқни соғина бошлайди. Қолаверса, уларнинг аҳволидан ташвишланади ҳам. Чунки отаси фарзандларининг кўз ўнгида спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда уларни ранжитишини аёл яхши биларди. Лекин А. Юнусов болаларини хотинига кўрсатмайди.

Хуллас, бояқиш она ҳар қанча ҳаракат қилмасин, эрининг қаршилигига дуч келаверади. Охир-оқибат Нодира Сайдалиева қонун кўмагига таяниб, иш тутади.

Бош Қомусимизнинг 55-моддасига кўра, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Шу боис Н. Сайдалиева фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судига даъво аризаси киритиб, ўғилларини ўзининг тарбиясига олиб беришни сўрайди.

Оила кодексининг 71-моддасига асосан, ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар. Кодекснинг 75-моддасига мувофиқ эса, ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Агар ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади.

Бунда суд боланинг ота­онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар яратиш имкониятини ҳисобга олади.

Бундан ташқари мутахассис сифатида ишга жалб қилинган психолог Г. Ҳамиджонова болалар онасини соғинганлиги, кўз ёшларини ошкора намоён этишдан қўрқаётганлиги, болаларни онанинг қарамоғига қайтариш мақсадга мувофиқлиги ҳақида хулоса берган. Шу асосларга таянган суд Нодирахон Сайдалиеванинг даъвосини қаноатлантириб, вояга етмаган фарзандлари Акбаржон ва Муҳаммадсодиқ Шерматжоновларни отаси А. Юнусовдан онасининг тарбиясига олиб бериш хусусида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Албатта, тилга олинган ҳолат боланинг энг устун манфаатлари сирасига киради. Айни тушунча бола ҳуқуқлари тизимининг асосий тамойилидир. Бу эса, болага тааллуқли қарорлар қабул қилишда унинг ҳуқуқлари, хавфсизлиги, ривожланиши ва индивидуал эҳтиёжларига устувор аҳамият берилишини англатади.

Хулоса ўрнида айтганда, фуқаролик ишлари бўйича судларда бола тарбияси ва уларнинг тақдири билан боғлиқ низоларни кўриб чиқишда, энг аввало, боланинг устун манфаатлари асосий мезон бўлиб хизмат қилиши шарт.

Оилавий келишмовчиликлар гирдобида вояга етаётган фарзандларимизнинг руҳий ва жисмоний соғломлигини асраш, уларни жамиятнинг тўлақонли аъзоси этиб тарбиялаш нафақат суд органларининг, балки ҳар бир ота-она ва бутун жамиятнинг энг олий бурчидир.

Дилрабо ЮЛДАШЕВА,

фуқаролик ишлари бўйича

Чуст туманлараро суди судьяси

#thegov_button_6afeed78a3fd0 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6afeed78a3fd0:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6afeed78a3fd0 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6afeed78a3fd0:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Click to listen highlighted text!
Skip to content