ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ

Бугун Олий суд Пленуми мажлиси бўлиб ўтди.
Олий суд раиси Р. Махмудова раислик қилган йиғилишда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий суд ва қуйи судларнинг судьялари, Бош прокурор, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Судьялар ассоциацияси ва Адвокатлар палатаси раислари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакиллари, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Р. Махмудова мажлисни очар экан, “бугун амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида одил судлов изчил рақамлаштирилмоқда, суд жараёнлари очиқ, шаффоф ва назоратли бўлиб бормоқда. Президентимиз қайта-қайта таъкидлаганларидек, одамлар судга охирги умид сифатида келади ва суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Янги Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига ишонч ҳосил қилиши керак. Бундай ишончни қозониш учун суд амалиётини тўғри йўлга қўйиш ҳамда қонуний, адолатли ва асослантирилган қарор қабул қилинишини таъминлаш талаб этилади. Шу сабабли, Олий суд Пленуми томонидан бериладиган тушунтиришлар катта аҳамиятга эга”, деди.
Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш амалиёти тўғрисида”, “Фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлар томонидан даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўришнинг айрим масалалари тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.
Олий суд Пленумининг бугун қабул қилинган “Судлар томонидан фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш амалиёти тўғрисида”ги Қарори бу тоифадаги ишларни кўришда судлар томонидан қонунчилик ҳужжатларини бир хил ва тўғри қўллашни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди. Конституциямизда инсон ҳуқуқлари олий қадрият сифатида эътироф этилган бўлиб, ҳеч ким инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд қарорисиз чеклашга ёки улардан маҳрум этишга ҳақли эмас. Мазкур конституциявий кафолатлар, айниқса, руҳий ҳолати туфайли ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган шахсларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишда алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш ёки унинг муомала лаёқатини чеклаш инсоннинг энг муҳим ҳуқуқ ва эркинликларига бевосита дахл қилувчи масаладир. Шу маънода, қабул қилинган Пленум қарори инсон ҳуқуқларига бевосита дахл қилувчи ушбу тоифадаги ишларни кўриб чиқишда судлар учун ягона ва аниқ ҳуқуқий ёндашувларни белгилашга қаратилган. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишнинг муҳим кафолатидир. Хусусан, Пленум қарорида субъектлар доираси ва судга мурожаат қилиш тартиби, фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш асослари, вояга етмаганларнинг муомала лаёқати масаласи, шахснинг шикоят қилиш ҳуқуқи ва кафолатлари ҳамда прокурор ва васийлик органи иштироки юзасидан тушунтиришлар берилмоқда.
Маълумки, суд қарори қонуний ва адолатли бўлиши билан бирга унинг ижроси таъминланиши, шунингдек суд ҳужжати қабул қилингунига қадар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилиши хавфини бартараф этилиши ҳам одил судловга эришилишининг мақсадларидан биридир. Шу нуқтаи назардан, даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) институти ҳуқуқий муносабатларда қонун устуворлиги ҳамда ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларни таъминланишини, суд ҳужжатларининг самарали ва ўз вақтида ижросини кафолатловчи муҳим процессуал восита сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис, “Фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлар томонидан даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Пленум қарори қабул қилинди. Пленум қарорида қайд этилганидек, ушбу чоралар жавобгар томонидан мол-мулкни яшириш, бошқа шахсларга ўтказиш ёки бошқача тарзда тасарруф этиш хавфи мавжуд бўлган ҳолларда қўлланилади. Маъмурий судлов соҳасида эса дастлабки ҳимоя чоралари суд қарори қабул қилингунига қадар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилишининг олдини олишга хизмат қилади. Процессуал қонунчиликка биноан даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўришга суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида йўл қўйилади. Суд ҳимоясининг самарадорлигини таъминлаш ва процесснинг муайян босқичида юзага келиши мумкин бўлган турлича ёндошувларни бартараф этиш мақсадида қарорда бундай чораларини кўришга иш юритиш тўхтатилганда ҳам йўл қўйилиши, бунда процессуал қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда ариза (илтимоснома) тарафларни хабардор қилмасдан, иш юритиш тикланмаган ҳолда ҳал қилиниши ҳақида тушунтириш берилмоқда. Шунингдек, қонунчиликда белгиланган соддалаштирилган иш юритиш шакли тарафларнинг даъвони таъминлаш чораларидан фойдаланиш ҳуқуқини чекламаганлиги боис қарор лойиҳасида соддалаштирилган тартибда кўрилаётган ишларда ҳам даъвони таъминлаш чораларини қўллаш мумкинлиги алоҳида таъкидланмоқда.
Олий суд Пленумининг “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қароридаги ўзгартиришлар тўртта йўналишни қамраб олади: атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш, болалар тарбияси билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш, кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш ҳамда судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш. Ушбу Пленум қарори қонунчиликка киритилган қўшимча ва ўзгартишларни инобатга олган ҳолда амалдаги Пленум қарорлари тушунтиришлари бойитилиши самараси ўлароқ қонунларни тўғри ва бир хилда қўллаш, ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилади.
Қабул қилинган қарорлардаги тушунтиришлар келгусида қонунчилик нормаларини тўғри ва бир хилда қўллашга хизмат қилиб, одил судловни амалга ошириш, қонуний ва адолатли қарорлар қабул қилиниши билан бир қаторда судлар томонидан қонун нормалари бир хилда талқин қилиниши ва ягона суд амалиётини яратишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Пленум қарорлари матнлари Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ахборотномаси” ва “Куч – адолатда” газетасида эълон қилинади.
