Click to listen highlighted text!

БОЛАЛАР ВА ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯСИ БОРАСИДА НАВБАТДАГИ МУҲИМ ҚАДАМ

photo_2026-07-13_12-43-16

Мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари тубдан такомиллаштирилмоқда. Янги таҳрирдаги Конституциямизда белгиланган болалар ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини кафолатлаш ва таъминлаш борасидаги аниқ нормалар бу борада асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу ҳақда сўз борганда, 2026 йил 3 мартда Президентимиз томонидан «Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида»ги Фармон қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ушбу ҳужжат негизида аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва жабрланганларга комплекс ёрдам кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилди.

Бугунги кунда зўравонликдан жабрланган шахсларни ҳимоя қилиш механизмлари кучайтирилмоқда. Профилактика ишлари маҳалла даражасида янада тизимли ташкил этилмоқда, психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам хизматлари кенгайтирилди.

Шунингдек, аёллар ва болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат органлари ҳамкорлиги кучайтирилди.

Маҳалла, ички ишлар органлари, таълим муассасалари ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланиб, жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Илғор халқаро стандартларда гендер камситиш ва зўравонлик қурбонлари судга мурожаат қилганда, давлат божи ва суд харажатларини олдиндан тўлашдан озод этилиши белгиланган. Жумладан, АҚШ ва Европанинг қатор мамлакатлари судларида аёллар гуруҳи ёки нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан бир хил ҳуқуқбузарликлар, масалан, эркаклар ва аёллар ўртасидаги меҳнатга тенг бўлмаган ҳақ тўлаш каби ҳолатлар устидан жамоавий даъво киритиш кенг йўлга қўйилган.

Ўз навбатида, мамлакатимизда 2026 йил 1 июлда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқларининг кафолатларини янада кучайтиришга ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилингани алоҳида аҳамиятга эга.

Янги қонун болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Инсонга бўлган эътибор, биринчи ўринда, болага бўлган эътибордан бошланади. Шу маънода, янги қонун билан “бола манфаатлари” ибораси “боланинг энг устун манфаатлари” деб ўзгартирилди. Яъни боланинг Конституция ва қонунларимизда, шунингдек, Ўзбекистон қўшилган халқаро шартномаларда назарда тутилган манфаатлари – боланинг энг устун манфаатлари, деб белгиланди.

Бу ўринда боланинг оила ғамхўрлигида ўсиб-улғайишга, фарвон яшашга, хавфсизликка, соғлиқни сақлашга, билим олишга, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишга, шахсий дахлсизликка, шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишига, фикрлаш, сўз, виждон ва эътиқод эркинлигига бўлган ҳуқуқларидан, ижтимоий, аҳлоқий манфаатларидан ҳамда ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, бола иштирокида ва унинг фикри инобатга олинган ҳолда белгиланадиган ҳамда ҳимоя қилинадиган манфаатлари ҳақида сўз бормоқда.

Эндиликда болага таъсир кўрсатаётган ҳар қандай масала ҳал қилинаётганида бола ўз фикрини эркин ифода этишга, шунингдек, ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама жараёнида сўзлашга ҳақли бўлди.

Бу билан миллий қонунчилигимиз Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 12-моддасидаги, иштирокчи-давлатлар ўз қарашларини шакллантиришга қодир болага шу қарашларни болага тааллуқли барча ма­салалар бўйича эркин ифода этиш ҳуқуқини таъминлашлари, зеро, боланинг ёши ва етуклигига мувофиқ, унинг қарашларига муносиб даражада эътибор берилиши, ушбу мақсадда болага, хусусан, болага таъсир кўрсатадиган ҳар қандай суд ёки маъмурий муҳокамада бевосита ёхуд вакил ёки тегишли орган орқали миллий қонунчиликнинг процессуал нормаларида назарда тутилган тартибда тингланиш имконияти берилиши ҳақидаги нормаларига тўлиқ мослашди.

Шунингдек, янги қонун билан Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари кенгайтирилди. Жумладан, Агентликка тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кўзлаб, судларга давлат божи тўламасдан ариза, шикоят ва даъволар тақдим қилиш, суд мажлисида ўзининг ваколатли вакили орқали иштирок этиш ҳуқуқи берилди.

Маълумки, амалда бўлган нормаларга мувофиқ, таз­йиқ ва зўравонликдан жабрланувчи махсус марказга жойлаштирилган тақдирда, унинг иш жойи сақлаб қолинган, бироқ ушбу давр мобайнида уни моддий томонидан муҳофаза қилиш масаласи очиқ қолганди.

Эндиликда эса, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг махсус марказга жойлаштирилганлиги унга ушбу марказга бўлган даври, бироқ бир ойдан ортиқ бўлмаган муддат учун вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бериш учун асос бўлади.

Мухтасар айтганда, ушбу янги қонун боланинг энг устун манфаатларини тўлақонли таъминлашга ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг болалари ижтимоий ҳимоя қилинишини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Шаҳзод Бахтиёров,

жиноят ишлари бўйича

Деҳқонобод тумани

суди раиси

#thegov_button_6a5a932da3199 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a5a932da3199:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a5a932da3199 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6a5a932da3199:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); }
Skip to content Click to listen highlighted text!