Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2026-01-26_10-44-22

ТАДБИРКОР ЙЎЛИДАГИ ТЎСИҚ СУД ҚАРОРИ БИЛАН БАРТАРАФ ЭТИЛДИ

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда маъмурий судлар алоҳида ўрин тутади. Чунки амалдаги қонунларимизда оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар маъмурий судларда кўриб чиқилиши белгилаб қўйилган.

Масалан, Учкўприк туманидаги “Zero trans ideal” масъулияти чекланган жамият ҳамда Транспорт вазирлиги ва Фарғона вилояти транспорт бош­қармаси ўртасида юзага келган низо маъмурий суд томонидан кўриб чиқилиб, адолатли ҳал этилди.

Бу ҳақда батафсил фикр юритадиган бўлсак, 2025 йил 20 апрелда Фарғона вилояти транспорт бошқармаси томонидан 30524-сонли лот асосида “Қўқон-Янгибозор-Собиржон” такси йўналишининг М2 тоифаси бўйича тендер ўтказилади. Ўз навбатида, “Zero trans ideal” ва “Uchko’prik golden egg” масъулияти чекланган жамиятлар ушбу тендерда иштирок этиш учун пакет сотиб олишади.

Аммо “Uchko’prik golden egg” масъулияти чекланган жамият ўзига тегишли 18 дона автомашинани эълон берилган платформага киритолмаган. Яъни талабгор ана шу транспорт воситаларига оид маълумотларни юборганида тизимда “ушбу автомашина аввал киритилган” деган сабаб билан қайтарилган. Оқибатда “Uchko’prik golden egg” масъулияти чекланган жамият танловда қатнаша олмаган. “Zero trans ideal” масъулияти чекланган жамият эса, тендерда ғолиб деб топилган.

Шундан сўнг “Uchko’prik golden egg” масъулияти чекланган жамият Фарғона вилояти транспорт бошқармаси томонидан ўзининг тендер танловида иштирок этишига тўсқинлик қилганлигини билдирган ҳолда бошқарманинг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топишни сўраб, судга мурожаат қилган. Фарғона туманлараро маъмурий судининг 2025 йил 5 майдаги ҳал қилув қарори билан унинг талабини қаноатлантириш рад этилган.

Бинобарин, “Zero trans ideal” масъулияти чекланган жамият Фарғона вилояти транспорт бошқармасига “Қўқон-Янгибозор-Собиржон” йўналиши бўйича ўтказилган тендерни “Tender.Uztrans.uz” электрон базасида фаол ҳолатга ўтказиб, тиклаш чорасини кўриш ҳамда ўзининг тендер таклифини ўрганишни сўраб мурожаат қилган. Бироқ унинг мурожаати қаноатлантирилмаган.

Шундан сўнг масъулияти чекланган жамият раҳбари Фарғона туманлараро судига ариза билан мурожаат қилиб, Транспорт вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти транспорт бошқармасининг тендерни фаол ҳолатда ўтказмаслик, ўз фаолиятини тикламаслик ва тендер таклифларини ўрганишни тўхтатиб қўйишда ифодаланган хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топишни сўради.

Айтиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 декабрдаги “Автомобиль транспортида йўловчи ташиш йўналишлари бўйича очиқ тендерларни электрон тарзда ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро (Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ичида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлараро) ва халқаро йўналишларни бириктириш бўйича очиқ тендерларни электрон тарзда ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом (2025 йил 7 августгача бўлган таҳрири)нинг 23-1-бандига кўра, ахборот тизимига жойлаштирилган лотлар бўйича суд органлари томонидан тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, ушбу лотлар жойлаштирилган тендер рўйхатидан вақтинча олиб турилади. Вақтинча олиб турилган лотларнинг очиқ тендер ўтказиш муддати лотдан олинган муддатига мутаносиб равишда суд қароридан келиб чиққан ҳолда, қайта ахборот тизимига (рўйхатга) белгиланган тартибда киритилади.

Низомнинг 43 ва 44-бандларида эса, “таклифлардаги маълумотларнинг ҳақиқийлигини ўрганиш вақти ва манзили тендер ғолиби ва ваколатли орган ўртасида олдиндан келишилади ҳамда тендер ғолиби аниқланганидан сўнг ўн кун ичида амалга оширилади. Таклифлардаги маълумотларнинг ҳақиқийлигини ўрганиш жараёнини очиқ ва шаффоф ташкил этиш мақсадида бошқа ташувчилар кузатувчи сифатида иштирок этиши мумкин. Бунда ўрганиш ўтказиладиган кундан бир иш куни олдин манфаатдор томонлар ўрганиш вақти ва манзили тўғрисида хабардор қилинади.

Ваколатли органнинг масъул ходими ҳақиқийлигини ўрганишдан олдин тендернинг барча иштирокчилари билан аффилланганлик хусусиятига эга алоқалари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотни ахборот тизимига киритиши керак, дея қайд этилган.

Бундан кўринадики, Транспорт вазирлиги ва Фарғона вилояти транспорт бошқармаси 2025 йил 20 апрель куни ўтказилган тендер танловидаги таклифларнинг ҳақиқийлигини ўрганиш юзасидан зиммасидаги масъулиятли вазифага лоқайдлик билан қараган.

Энг муҳими, “Zero trans ideal” масъулияти чекланган жамият тендер ғолиб деб топилгач, вақтинчалик тўхтатиб туриш ва тендерни бекор қилиш юзасидан ваколатли орган ёки суднинг қарори қабул қилинмаган.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 72-моддасида маъмурий суднинг илгари кўрилган иш бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатлар суд шу шахслар иштирок этаётган бошқа ишни кўраётганида янгидан исбот қилинмайди деб белгиланган. Шунингдек, кодекснинг 189-моддасига мувофиқ, суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунчиликка зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Суд юқорида қайд этилган қонуний асосларга таяниб, “Zero trans ideal” масъулияти чекланган жамият раҳбарининг аризасини қаноатлантириб, Транспорт вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти транспорт бошқармасининг тендерни фаол ҳолатда ўтказмаслик, ўз фаолиятини тикламаслик ва тендер таклифларини ўрганишни тўхтатиб қўйишда ифодаланган хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топди. Шунингдек, жавобгарлар зиммасига “Қўқон-Янгибозор-Собиржон” йўналиши бўйича ўтказилган тендерни “Tender.Uztrans.uz” электрон базада фаол ҳолатга ўтказиб, тиклаш чорасини кўриш орқали қонунга мувофиқ ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини юклади.

Ўз навбатида, Транспорт вазирлиги суд қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти билан мурожаат қилди.

Фарғона вилоят маъмурий суди Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 217-моддасига биноан, ишни апелляция инстанциясида кўриш чоғида Фарғона туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарори қонуний ва асосли эканини батафсил текшириб чиқди.

Бинобарин, апелляция ҳайъати Транспорт вазирлигининг апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирди. Шу тариқа тадбиркор йўлидаги ғов суд қарори асосида бартараф этилди.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, уларни ҳимоя қилиш Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан судлар олдига қўйилаётган энг долзарб вазифалардан биридир. Зеро, ушбу соҳа вакиллари Янги Ўзбекистонда кечаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий иштирокчилари ва ижрочиларидир.

Нозима ТОЖИЕВА,

Фарғона туманлараро

маъмурий суди судьяси

 

photo_2025-09-16_11-42-13

АЁЛ ШАЪНИ, ҚАДР-ҚИММАТИ ДАХЛСИЗДИР

Конституция ва қонунларимизда хотин-қизлар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш борасида мамлакат суд-ҳуқуқ тизими зиммасига ҳам муҳим вазифалар юкланган. Тизимга қаратилаётган доимий эътибор туфайли охирги йилларда айни йўналишда салмоқли натижаларга эришилди.

Жамиятда маиший муҳит яхшиланди, аёллар ва қизларимизнинг иззат-ҳурмати ишончли тарзда мустаҳкамланди, қилмиш ва жиноят учун жазо муқаррарлиги таъминланди. Бироқ бу йўналишдаги ишлар кўлами ҳали анча кўп, аксарияти мураккаб ечимларни талаб этади.

Қонунларнинг аниқ ва қатъий ишлашини таъминлаш, аҳоли орасида тазйиқ ва зўравонликнинг нафақат номақбул, балки ноқонуний эканлигини муфассал тушунтириш билан боғлиқ кенг қамровли маънавий-маърифий тадбирларни амалга оширишнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Бу жараёнда оилавий (маиший) зўравонликка қарши қонунчилик ҳужжатлари муттасил такомиллаштирилаётгани, айниқса, муҳимдир.

Бу ўринда, жумладан, 2023 йил 11 апрелда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳақида сўз бормоқда. Чунки ушбу янги қонун билан миллий қонунчилигимизга оилавий (маиший) зўравонлик ва шаҳвоний шилқимлик тушунчалари киритилди.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2, Жиноят кодексининг 126-1-моддаларидан – оилавий (маиший) зўравонлик тушунчасига оид нормалар жой олди. Ўз навбатида, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси 1-қисмига шаҳвоний шилқимлик бўйича жавобгарлик нормалари киритилди.

Бу борада Олий суд Пленумининг “Маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноят ишлари бўйича айрим қарорларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори ҳам айни масаланинг мақбул ечими сифатида судлов амалиётидан жой олгани алоҳида аҳамият касб этади. Чунки ушбу ҳужжат судларда ягона амалиётни шакллантириш, қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг тўғри ва аниқ татбиқ этилишини таъминлашга қаратилган.

Айрим рақамларга мурожаат қиламиз. Масалан, 2025 йилнинг биринчи ярмида Хоразм вилояти судларида жами 316 нафар шахсга нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ 288 та маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб, тамомланди.

Бу жараёнда маънавий ва маиший ахлоқ меъёрларидан четга чиққан 162 нафар шахсга нисбатан жами 149 та суд иши бўйича тегишли жазо чоралари қўлланилди. Шунингдек, 154 нафар шахсга нисбатан кўриб чиқилган 139 та иш ўзаро ярашилгани, оилавий муҳит барқарорлашгани ва бошқа қатор ижобий вазиятлар юзага келгани, айрим ҳолатларда эса, айб ўз тасдиғини топмагани боис ҳаракатдан тугатилди.

Бунда таҳдид ва зўравонликка қўл урганларнинг кўпчилиги – 281 нафарини эркаклар ташкил этгани ҳаммамизни ҳушёрликка чорловчи ҳол бўлди. Айни пайтда бундай ножоиз ва номуносиб кирдикорларга аёлларнинг ўзи ҳам бош қўшгани, уларнинг сони 35 нафардан иборат бўлгани, шу билан бирга, маъмурий жавобгарликка тортилганларнинг 267 нафарини 31-59 ёш оралиғидаги шахслар ташкил этгани ҳам тегишли мантиқий хулосалар чиқаришимизга асос бўлди.

Шу муносабат билан, ушбу ҳолатларни юзага чиқарган омиллар, шарт-шароитлар атрофлича ўрганилди. Содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг 3 таси – моддий етишмовчилик, 34 таси – мастлик, 11 таси – ўзга шахсларнинг таъсири ва аралашуви, қолган 268 таси ўзаро келишмовчилик ва бошқа сабабларга кўра юзага келгани аниқланди.

Биргина мисол, ҳазорасплик З. Султонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) спиртли ичимлик таъсирида ўз турмуш ўртоғига қарши зўравонлик содир этган. Бу ҳол бир неча марта такрорланган. Навбатдаги можаро эса, нохуш оқибатга етаклаган: маст ҳолатдаги эрнинг ножўя қилмиши боис хонадон бекаси тан жароҳати олган.

Қонун З. Султоновнинг бу қабилдаги зўравонлигини оқибатсиз қолдирмади. У жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман судининг қарорига асосан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилиб, 15 кунлик маъмурий қамоқ жазосига тортилди.

Шаҳвоний шилқимликка оид ҳуқуқбузарликлар ҳам ўзининг қонуний ва мантиқий ниҳоясини топмоқда. Ўтган давр мобайнида шу кўринишдаги қилмишни содир этган 48 нафар шахснинг ножоиз қилмишлари суд муҳокамасида кўрилди. Натижада 39 нафар шахсга нисбатан жазо чоралари қўлланилди, қолган 9 та иш ҳаракатдан тугатилди.

Таассуфки, жиноий жавобгарлик билан боғлиқ ҳолатлар ҳам мавжуд ва жорий йилнинг биринчи ярмида бу борадаги кўрсаткич вилоятда 7 тани ташкил қилди. Жиноят кодексининг оилавий (маиший) зўравонликни ифодаловчи 126-1-моддасига тааллуқли айни ҳолатларни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича шаҳар ва туман судлари оилавий можаронинг бошида турган 5 нафар шахсга нисбатан айблов ҳукмини чиқарди.

Кўрилган ишларнинг 2 тасини тугатиш мақсадга мувофиқ, деб топилди.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий асослар ва ташкилий чора-тадбирлар тизими шакллантирилган. Жумладан, жабрланувчиларга ҳуқуқий, руҳий, тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳуқуқ, ваколат ва вазифалари аниқ белгилаб берилган. Бу эса, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоялашнинг ишончли ҳуқуқий кафолатидир.

Ўз навбатида, тазйиқ ва зўравонликка қарши кураш соҳасида эришилган ютуқлар жамиятда оила институтини мустаҳкамлаш, аёлларга нисбатан ҳурмат руҳини шакллантиришга хизмат қилади. Шундай экан, бу соҳадаги ишларни изчил давом эттириш, жамоатчилик билан биргаликда профилактика ва маънавий-маърифий тадбирларни янада кучайтириш ҳамда жавобгарликнинг муқаррар эканлигини таъминлашда изчил давом этишимиз фарзу қарздир.

Шуҳрат Камолов,

Хоразм вилояти

суди раиси

photo_2025-08-28_14-31-08

ОИЛА СУДЬЯЛАРИ ОИЛАЛАР МУСТАҲКАМЛИГИ, ФАРЗАНДЛАР ҲУҚУҚ ВА МАНФААТЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШДА МУҲИМ ЎРИН ТУТМОҚДА

Аввало шуни таъкидлаш жоизки, Конституциямизнинг 76-моддасига кўра, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир.

Бу конституциявий қоидадан ҳам кўринадики, оила институти жамият барқарорлиги ва тараққиётини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шу боис оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган.

Бу ҳақда гап борганда, оилавий низоларни ўз вақтида бартараф этиш, эр-хотин ва фарзандларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш судлар зиммасидаги муҳим вазифалар сирасига киришини таъкидлаш жоиз.

Бугунги кунда жаҳон тажрибасидан кўриш мумкинки, оилавий низоларни ҳал этишда ихтисослашган судлар юқори натижага эришмоқда.

Шу маънода дунёнинг ривожланган давлатларида ўтган асрдан бошлаб, оила судлари алоҳида ҳуқуқий инс­титут сифатида самарали фаолият юритиб келмоқда.

Илғор хорижий тажрибани миллий тизимга татбиқ этиш мақсадида, Президентимиз томонидан 2023 йил 21 декабрда қабул қилинган “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга асосан, суд тизимида янги институт, яъни оила судьялари ташкил қилиниши белгиланди.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида, тажриба тариқасида Олий суд Раёсатининг 2024 йил 3 январдаги қарорига асосан, 2024 йил 1 февралдан бошлаб, дастлаб фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган ва Мирзо Улуғбек туманлараро судида “Оила судьялари” иш бошлади.

Бугунги кунда оила судьялари томонидан оилавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 32 турдаги фуқаролик ишлари кўриб чиқилмоқда. Хусусан, никоҳдан ажратиш, алимент ундириш, оталикни белгилаш, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ёки чеклаш, бола билан кўришиб туриш тартибини белгилаш, фарзандликка олиш, эр-хотиннинг умумий мулкини белгилаш шулар жумласидандир.

Энг муҳими, бу борадаги ислоҳотлар изчил давом эттирилди ва Олий суд Раёсатининг 2024 йил 26 декабрдаги қарорига кўра, 2025 йил 2 январдан бошлаб, фуқаролик ишлари бўйича Қарши ҳамда Чирчиқ туманлараро судларида ҳам Оила судьялари ташкил этилди.

Бугунги кунда Оила судьялари оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, фарзандлар ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, бу борадаги низоларнинг адолатли ечимини топишда самарали фаолият олиб борилмоқда.

Масалан, фуқаролик ишлар бўйича Қарши туманлараро судининг Оила судьялари томонидан 2025 йилнинг ўтган олти ой давомида 2531 та иш кўрилган бўлса, шундан тарафлар ўзаро ярашганлиги ва келишувга эришгани боис 172 таси кўрмасдан қолдирилди, 111 таси эса, иш юритишдан тугатилди.

Ўрни келганда шуни қайд этиш жоизки, Оила судьялари оиланинг аҳил-иноқ ва тотувлигини таъминлаш мақсадида, манфаатдор ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйган. Жумладан, Қашқадарё вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ўртасида 2025 йилда ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу меморандумга асосан оилавий ажримда ва низоларнинг олдини олишда ўзаро ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Бундан ташқари фуқаролик судлари, Оила ва хотин-қизлар бўлими ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан бирга ажрашиш ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш юзасидан ҳар ойда бир кун “Оила мустаҳкамлиги учун барчамиз масъулмиз” шиори остида давра суҳбатлари ва амалий тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.

Бунга биргина мисол: Г. Баҳодирова фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига жавобгар Т. Арабов билан ўртадаги никоҳни бекор қилиш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилган. Унинг аризасида қайд этилишича, жавобгар билан 2013 йилда қонуний никоҳдан ўтган, ўрталарида тўрт нафар фарзанд бор, дастлаб яхши яшашган, кейинчалик эса, ўртада келишмовчиликлар юзага келган. Ўз навбатида, суд тарафларнинг ярашиб олиши учун муҳлат белгилаб, оилани сақлаб қолиш юзасидан тегишли чоралар кўриш учун Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш бўлимига юборди.

Ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар самара берди, судга даъвогар Г. Баҳодирова жавобгар билан ярашгани боис даъводан воз кечиш ҳақида ариза тақдим этди. Шу тариқа ўзаро ҳамкорликда низодаги бир оила ажралишдан сақлаб қолинди. Муҳими, тўрт нафар фарзанд ҳам ота, ҳам она меҳридан баҳраманд бўлиб вояга етадиган бўлди.

Хулоса ўрнида айтганда, Оила судьяларининг ташкил этилиши мамлкатимизда суд тизимини ислоҳ қилишдаги муҳим қадам ҳисобланади.

Бу, ўз навбатида, жамиятимизда оила институтини мустаҳкамлашга, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, мустаҳкам оилалар кўпайишига ва ёш авлод соғлом оилавий муҳитда камол топишига хизмат қилади.

Латофат Махаммадиева,

фуқаролик ишлари бўйича

Қарши туманлараро судининг

оила судьяси

photo_2025-08-25_16-57-25

ВАТАНПАРВАРЛИК ТАРБИЯСИ — ЖИНОЯТГА ҚАРШИ МУСТАҲКАМ ИММУНИТЕТ

Ҳаётда боланинг бегонаси бўлмайди. Донишмандлар болани ниҳолга қиёслашади. Ниҳол тўғри парвариш қилинса, келажакда азим дарахт бўлади. Худди шундай, бола тарбиясида хатога йўл қўйилмаса, у комил инсон бўлиб вояга етади. Ҳолбуки, фарзанд тарбиясида йўл қўйилган кичкина хато ҳам изсиз кетмайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали уларда “жиноятга қарши иммунитет”ни шакллантириш зарур. Бунда болалар бўш вақтини мазмунли ўтказишлари, касб-ҳунар ўрганишлари, тўғри таълим-тарбия олишлари учун ота-оналар ва маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда иш олиб боришни тизимли асосда ташкил этиш ниҳоятда муҳим.

Ҳақиқатан ҳам, боланинг жиноятчи ёки ҳуқуқбузарга айланиб қолишининг турли сабаби ва омиллари бор. Бу борада, айниқса, назоратсизлик ва таълим-тарбиядаги камчиликларни, қолаверса, вояга етмаганлар жиноятчилигининг олдини олиш ҳамда унга қарши бевосита кураш олиб бориш вазифалари зиммасига юкланган органлар фаолиятидаги айрим нуқсонларни қайд этиш мумкин.

Фикримизнинг тасдиғи сифатида ҳаётий мисолларга тўхталамиз.

Жумладан, 2024 йил 21 октябрь куни соат, тахминан, 13.30 ларда жамоат жойи ҳисобланган Ангрен шаҳар ҳудудидаги умумий ўрта-таълим мактаби олдидаги бўш ер майдонида мактаб ўқувчилари – вояга етмаган Ҳуснора (исмлар ўзгартирилган) ва Дилфузахон бошқа бир воя­га етмаган қизни, яъни Гулчеҳрани уриб, унга тан жароҳати етказган. Оқибатда Гулчеҳра шаҳар тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.

Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон шаҳар судининг 2025 йил 3 мартдаги ҳукмига кўра, ҳуқуқбузарларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Яна бир мисол. Пскент туманида яшовчи вояга етмаган Ғуломжон 2025 йил 6 апрель тунги вақтда маҳаллалардан биридаги хонадон олдида турган “Кобалт” русумли автомашинанинг юкхонасини очиб, у ердан 200 АҚШ долларини олади ва қочиб кетади.

Аммо у тез орада қўлга тушди. Жиноят ишлари бўйича Пскент тумани судининг 2025 йил 16 майдаги ажримига кўра, унга нисбатан очилган жиноят иши жабрланувчи билан ярашилганлиги учун тугатилди.

Бошқа битта мисол. Ота-она қарамоғида яшайдиган, ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Дилмуродга жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судининг 2025 йил 21 январь кунидаги ҳукмига кўра, 1 йил 11 ой 28 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Лекин у бундан тегишли хулоса чиқармаган. Оқибатда, Дилмурод орадан бир ой ҳам ўтмасдан, 2025 йил 10 февраль куни изма-из икки марта “Дамас” русумли автомашинасини олиб қочган.

Жиноят ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туман судининг 2025 йил 4 апрелдаги ҳукмига кўра, вояга етмаган Дилмуродга 2 йил муддатга, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2025 йил 21 январдаги ҳукми билан тайинланган жазони қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Вояга етмаганлар содир этган ҳуқуқбузарликларни асосан безориликлар, тақиқланган моддаларни истеъмол қилиш, ўғирлик каби иллатлар ташкил этади. Баъзида оиласи иқтисодий қийинчиликни бошдан кечираётган, баъзида эса, ўзига тўқ ота-она томонидан эркин қўйилган болалар ҳам ноқонуний ҳаракатлар содир этиши кузатилмоқда.

Айниқса, ота-она томонидан назорат сусайганда ўсмирга кўчадаги тенгдошлари томонидан ўтказиладиган таъсир ошади. Болаликда тенгдошлари томонидан қабул қилинмаган ва ажратиб қўйилган шахслар жиноят содир этишга кўпроқ мойил бўлади.

Вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчилик ҳолати Тошкент вилоят суди томонидан доимий таҳлил қилиб борилмоқда. Ушбу таҳлиллар ҳақиқий аҳволни кўрсатиб, эътибор қаратилиши лозим бўлган йўналишларни белгилаб беради.

Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида жорий йилнинг ўтган биринчи ярмида жами 180 нафар вояга етмаган шахсга нисбатан 133 та жиноят иши кўрилган. Шундан 155 нафар ўсмирга айблов ҳукми чиқарилган бўлиб, 23 нафарига нисбатан иш тугатилган, 1 нафарига тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган.

Албатта, вояга етмаганлар жиноятчилиги таҳлили бу иллатни камайтириш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, таълим муассасалари, ўзини ўзи бошқариш органлари, тегишли идоралар, кенг жамоатчилик вакилларининг доимий ҳушёрлигини, турли тарғибот ва ташвиқот ишлари орқали муттасил курашиши талаб этилишини кўрсатмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ёшлар – келажагимиз. Уларни қандай тарбиялашимиз келажагимизни белгилайди. Шу маънода, ёшларимизни ҳар томонлама соғлом, билимли, дунёқараши кенг ва ватанпарвар этиб вояга етказиш келажагимиз гаровидир.

Дилшод ТАДЖИБАЕВ,

Тошкент вилояти

суди раиси

photo_2025-12-19_17-33-56

АДОЛАТ ТАНТАНАСИ: НОҚОНУНИЙ АЙБЛОВ СУД ТОМОНИДАН БЕКОР ҚИЛИНДИ, ШАХС ОҚЛАНДИ

Марғилон шаҳрида яшовчи ҳуқуқшунос Матлуба Маҳмудова бу йилги Конституция байрамини ҳар галгидан ўзгача кутиб олди. Албатта, бунинг муҳим сабаби бор.

Гап шундаки, М. Маҳмудова Тошлоқ тумани 2-сон давлат нотариал идораси нотариуси лавозимида ишлаган. Аммо 2016 йилда бошига жиддий ташвиш тушади.

Аниқланишича, тегишли ҳукумат қарорлари ва Адлия вазирининг буйруғи талабларига асосан нотариус 2015 йил ҳамда 2016 йилнинг 4 ойи давомида автомашинадан текин фойдаланиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун давлат божи, герб йиғими ва пуллик хизмат учун 29 600 сўмдан 32 500 сўмгача тўлов ундириши лозим бўлган.

Бироқ М. Маҳмудова нотариус ёрдамчиси У. Отажонов ва котиби К. Нортожиев билан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, шу турдаги нотариал ҳаракат эвазига 247 нафар фуқародан 37 000 сўмдан 400 000 сўмгача ҳақ ундиришган. Оқибатда 29 708 205 сўм миқдоридаги маблағни алдов йўли билан қўлга киритганлик, яъни фирибгарликда айбланган.

Шунинг учун М. Маҳмудова жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2016 йил 5 октябрдаги ҳукмига мувофиқ, Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми “б”, “в” бандлари билан айбдор деб топилган. Ушбу кодекснинг 45-моддаси тартибида у 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, энг кам ойлик иш ҳақининг 120 баравари (ўша пайтда 15 628 800 сўм) миқдорида жарима жазосига ҳукм этилган.

Шу суднинг 2016 йил 27 октябрдаги ажримига кўра, М. Маҳмудова жарима жазосидан озод қилинган. Бунга Олий Мажлис Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарори асос бўлган.

Айни чоғда, Янги Ўзбекистонда кечаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари моҳиятига сингдирилган қонунийлик ва адолатпарварлик мезонлари тобора амалда намоён бўлаётгани Матлуба Маҳмудовага ҳам умид бағишлайди. Шу боис у ҳимоячиси билан бирга Фарғона вилоят судига кассация шикояти билан мурожаат қилади.

Натижада Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2024 йил 16 августдаги ажрими билан суднинг ҳукми ўзгартирилиб, М. Маҳмудова тайинланган асосий жазодан озод қилинган. Лекин бу ажримдан қониқмаган собиқ нотариус Фарғона вилоят судига тафтиш шикояти билан мурожаат қилиб, ўзининг айбсизлигини исботловчи бир қатор далилларни келтирди.

Чиндан ҳам, тафтиш инстанцияси судида М. Маҳмудованинг айбсизлиги ўз исботини топди. Аввало, 247 нафар фуқародан ўз маблағларининг нотариус томонидан фирибгарлик йўли билан қўлга киритилганлиги юзасидан ариза келиб тушмаган.

Қолаверса, фуқаролар пулларни айнан унинг қўлига, алдови асосида топширганини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас. Шунингдек, дастлабки тергов органи ва суд нотариал ҳаракатлар учун ортиқча пул тўлаган гувоҳларни бевосита сўроқ қилиб, уларни М. Маҳмудова билан юзлаштириш чораларини кўрмаган.

Бундан ташқари судда фуқаровий даъвогар тариқасида кўрсатма берган Ғ. Мўйдинов Тошлоқ туманидаги 2-сонли давлат нотариал идорасига бориб, автомашинадан текин фойдаланиш шартномаси расмийлаштиргани, белгиланган суммани кассага тўлагани ва нотариус хизмат ҳақи эвазига ортиқча пул сўрамаганини таъкидлади. Яна 7 нафар фуқаровий даъвогар ҳам худди шундай кўрсатма берди.

Шу билан бирга, нотариус ёрдамчиси У. Отажонов ва котиби К. Нортожиев ўзларига нисбатан жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказилгани, қамоққа олинишдан қўрқиб, ноиложликдан М. Маҳмудовага қарши кўрсатма беришга мажбур бўлганларини айтган ҳолда, дастлабки тергов ва суддаги кўрсатмаларини инкор қилдилар.

Бош Қомусимизнинг 28-моддасида “Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак”, деган норма белгиланган.

Фарғона вилояти суди ана шу асосларга таянган ҳолда, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2016 йил 5 октябрдаги ҳукми ва Фарғона вилояти суди кассация инстанциясининг 2024 йил 16 августдаги ажримини бекор қилиб, М. Маҳмудовани айбсиз деб топди ва оқлади.

Шунингдек, ўша пайтда М. Маҳмудовадан ундирилган 33 729 698 сўм моддий зарар Фарғона вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармасидан унинг ўзига қайтариладиган бўлди. Суд ҳукмида оқланувчига ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини Жиноят процессуал кодексининг 304-312-моддалари тартибида бартараф қилиш ҳуқуқи ҳам тушунтирилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда ҳар бир иш бўйича адолатни юзага чиқариш ва қонун устуворлигини таъминлаш Президентимиз томонидан судлар олдига қўйилган энг муҳим вазифадир.

Зеро, Янги Ўзбекистон – инсон қадри устувор бўлган давлат.

Ваҳобжон СИДДИҚОВ,

Фарғона вилояти

суди судьяси

photo_2025-06-23_16-58-11

ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ

Бугун Олий суд Пленуми мажлиси бўлиб ўтди. 

Олий суд раиси Б. Исломов раислик қилган йиғилишда Олий суд ва қуйи судларнинг судьялари, Бош вазирнинг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси, Бош прокурор, Конституциявий суд ва Судьялар ассоциацияси раислари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакилллари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ҳамда Судьялар олий кенгаши, Адвокатлар палатаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.

Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 24 августдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 24-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ҳамда “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши натижасида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.

Бозор ислоҳотларини изчил чуқурлаштириш, замонавий инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини шакллантириш шароитида тўловга қобилиятсизликни тўғри ҳуқуқий тартибга солиш масалалари, айниқса, долзарб бўлиб бормоқда. Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиётини тўғри шакллантириш адолатни, ҳуқуқий ишончни ва тадбиркорлик фаолияти барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Ушбу ишларнинг ўз вақтида, қонунда белгиланган тартибда, холис
ва қонуний ҳал этилиши иқтисодий йўқотишларни минималлаштириш, суиистеъмолликларнинг олдини олиш, корхоналар фаолиятини сақлаб қолиш ва кредиторлар олдидаги мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш имконини беради. Таъкидлаш лозимки, тўловга қобилиятсизлик ҳуқуқий институтининг асосий мақсади нафақат иқтисодий барқарор бўлмаган субъектларни тугатиш, балки энг аввало, кредиторлар талабларини адолатли қондириш ва қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашни таъминлаш, имкон қадар қонун доирасида жараённинг бошқа иштирокчиларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдир.

Шу муносабат билан, суднинг вазифалари ишларнинг ҳар томонлама ва холисона кўриб чиқилишини, тиклаш тартиб-таомилларининг фаол қўлланилишини, ҳуқуқларнинг суиистеъмол қилинишини (банкротлик ёки сохта банкротликни яшириш) бартараф этиш ва иш юритишнинг барча босқичларида процессуал адолатлиликни таъминлашдан иборат.

2022 йил 13 апрелдан Ўзбекистонда илгари амалда бўлган “Банкротлик тўғрисида”ги Қонун ўрнига “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонун кучга кирди. Янги қонун замонавий тўловга қобилиятсизлик институтининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди.

Хусусан, Қонунда жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги тартиби биринчи марта назарда тутилди. Шу билан бирга, Олий суд ва қуйи судларга келиб тушган материаллар таҳлили, шунингдек, суд амалиётининг сарҳисоби бу борада ҳуқуқни қўллашда муайян муаммолар мавжудлигини кўрсатди.

Олий суд Пленумининг бугун қабул қилинган “Иқтисодий судлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”гиқарориамалдаги қонунчилик ва суд амалиётини ҳар томонлама таҳлил қилишга асосланган бўлиб, ундаги қоидалар қонуннинг бир хил талқин этилишини таъминлаш, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш юритишнинг барча иштирокчиларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва ушбу муҳим соҳада одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган.

Кейинги йилларда мамлакатимизда инсоннинг ўз қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун тенг имкониятлар яратиш, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона аниқлашга доир қонун талабларига сўзсиз риоя этиш, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципларини ҳаётга татбиқ этиш орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Жамият ҳаётининг турли соҳаларини жадал рақамлаштириш, одамларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда янада кўпроқ ҳамкорлик қилиши ва бунинг оқибатида жиноятлар содир этилиши, рақамли муҳитда фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши ҳолларининг кенг тарқалиши рақамли далилларнинг институционаллаштирилишини ва улар билан боғлиқ ишларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланишини талаб этмоқда.

Хусусан, 2024 йил 21 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун бу борадаги ишларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади.

Қабул қилинган Қонун билан рақамли далиллар тушунчасини, рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, уларни сақлаш, қайтариш ҳамда йўқ қилиш тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ҳуқуқни қўлловчилар томонидан қайд этилган қонунни тўғри қўллаш, бу масалада барқарор суд ва тергов амалиётини шакллантириш мақсадида амалдаги қонунчилик ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлардан келиб чиқиб эътиборга молик ҳолатлари юзасидан судлар учун ушбу масалаларда тегишли тушунтиришлар берилишини тақозо этди.

Шунга кўра, одил судловни амалга оширишда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларининг тўғри татбиқ этилишини таъминлаш, судларда ягона амалиётни шакллантириш мақсадида Олий суд Пленумининг “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 24 августдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 24-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қарори қабул қилинди.

Ушбу Пленум қарори келгусида суд ва тергов органлари томонидан рақамли далилларни тўғри ва қонуний тарзда қўллаш тартибини белгилаш ҳамда рақамли ва электрон маълумотлар асосида мақбул ва номақбул далиллар тушунчасини янада кенгайтириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.

Ўз навбатида 2025 йил 9 апрелдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан Оила кодексига қўшимча киритилиб, унга мувофиқ никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда суд оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинламайди.

Бундан ташқари, Уй-жой кодекси норма билан тўлдирилиб, унга биноан турар жойдан фойдаланиш ҳақидаги низолар кўриб чиқилаётганда суд тарафларнинг келишувига асосан турар жой мулкдорининг ташаббусига кўра турар жойга мажбурий тартибда киритилаётган тарафни турар жой мулкдорига тегишли мутаносиб шароитларга эга бўлган бошқа турар жойга киритиш ёки ижарага олинган турар жой учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини мулкдорнинг зиммасига юклатиши мумкин.

Шу муносабат билан Оила ва Уй-жой кодексига киритилган янги нормаларни амалиётда қўллаш юзасидан Олий суд Пленумининг “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши натижасида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори ишлаб чиқилиб, Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида” ва 2001 йил 14 сентябрдаги “Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарорларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қабул қилинган қарордаги тушунтиришлар келгусида қонунчилик нормаларини тўғри ва бир хилда қўллашга хизмат қилиб, одил судловни амалга ошириш, қонуний ва адолатли қарорлар қабул қилиниши орқали хотин-қизларимиз ва мулкдорларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ўзининг самарасини кўрсатиши билан бир қаторда судлар томонидан қонун нормалари бир хилда талқин қилиниши ва ягона суд амалиётини яратишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Пленум қарорлари матнлари Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ахборотномаси” ва “Куч – адолатда” газетасида эълон қилинади.

 

photo_2025-11-26_15-40-11

МАЪМУРИЙ ЖАЗО ТАЙИНЛАШ ҚОНУН ТАЛАБИГА ҚАТЪИЙ РИОЯ ЭТИШНИ ТАЛАБ ҚИЛАДИ

Маълумки, мамлакатимизда ҳар бир қонун ҳужжати Конституциямиз талаблари асосида қабул қилинади ва жамият тараққиётига, халқнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялашга қаратилади.

Мисол учун айтганда, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик жамият фаровонлиги йўлида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, мулкни, давлат ва жамоат тартибини, табиий муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлашга йўналтирилган.

Буни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 3-моддаси мазмун-моҳияти ҳам яққол кўрсатиб турибди. Унга кўра, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик қонунийлик, фуқароларнинг тенглиги, демократизм, инсонпарварлик, одиллик ва айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига асосланади.

Шу ўринда айтиш керакки, тегишли ваколатли органлар ва мансабдор шахслар маъмурий таъсир кўрсатиш чораларини ўз ваколатлари доирасида, иш юритиш қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширадилар. Акс ҳолда, қонун талабининг бузилиши маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорнинг бекор қилинишига асос бўлади.

Масалан, яқинда суд томонидан Кадастр агентлиги Қўшработ тумани бўлими бошлиғининг ҳуқуқбузар О. Омонқуловга нисбатан маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарори бекор қилинди ва бу маъмурий иш қайта кўриб чиқиш учун Кадастр агентлиги туман бўлимига юборилди.

Ўз навбатида, суднинг ушбу қарорига нисбатан Кадастр агентлиги туман бўлими томонидан келтирилган кассация тартибидаги шикоят Самарқанд вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилди, суднинг қарори қонуний ва асосли деб топилгани боис ўзгаришсиз қолдирилди.

Хўш, аслида қандай маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганди? Кадастр агентлиги туман бўлими бошлиғининг О. Омонқуловга маъмурий жарима қўллаш тўғрисидаги қарори нега бекор қилинди?

Бу ҳақда батафсил фикр юритадиган бўлсак, О. Омонқулов Эргаш Жуманбулбул номидаги массивда жойлашган 66 кв. метр ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олади ва қурилиш ишларини амалга оширади. Ушбу қонунбузилиш ҳолати Кадастр агентлиги туман бўлими етакчи инспектори З. Хонкелдиева томонидан шу йилнинг 23 май куни ўтказилган ўрганиш жараёнида аниқланади. Шу сабабли О. Омонқуловга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилади. Шундан сўнг ушбу баённомага асосан, Кадастр агентлиги туман бўлими бошлиғининг қарори билан О. Омонқуловга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари – 75 миллион сўм жарима жазоси тайинланади.

Ўз навбатида, О. Омонқулов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 315-моддаси тартибида судга ариза билан мурожаат қилиб, Кадастр агентлиги Қўшработ тумани бўлими томонидан 75 миллион сўм жарима жазоси қўлланилгани, аммо доимий даромади йўқлиги, оилавий шароити оғирлиги, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлигини қайд этиб, жарима миқдорини камайтириб беришни сўраган.

Суд томонидан ушбу ариза юзасидан “E-Ma’muriy ish” ягона ахборот тизимига киритилган ҳужжатлар ўрганилганида, Кадастр агентлиги туман бўлими томонидан иш юритиш қоидалари жиддий равишда бузилганлиги аниқланди.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 июлдаги 431-сонли қарори билан тасдиқланган “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида ягона электрон иш юритув тизими орқали маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни юритиш тартиби ҳақида”ги Низомнинг 26-бандида ваколатли органлар томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс талаблари бузилганлиги ҳақида белгиланган шаклдаги маъмурий баённома ёки маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида планшет ёки компьютер ёрдамида “E-Ma’muriy ish” тизими орқали расмийлаштирилиши белгиланган.

Шунингдек, Низомда маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор “Фуқароларнинг биометрик ҳужжатлари электрон тизими” ёки дактилоскопик таққослаш ёхуд мультибиометрик идентификация қилиш дастурлари орқали ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаган ҳолда электрон рақамли имзо ёки электрон график имзо ҳамда QR код билан тасдиқланиши шартлиги белгилаб қўйилган.

Тўғри, Кадастр агентлиги Қўшработ тумани бўлими етакчи инспектори З. Хонкелдиева томонидан 2025 йил 23 май куни тузилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома pdf форматида сканер қилинган ва тизимига киритилган.

Аммо қоидага хилоф равишда худди шу сана билан “E-Ma’muriy ish” тизимига PSAM 2524104317887 рақамли бошқа бир маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ҳам юкланган.

Бундан ташқари ушбу маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 281-моддаси талабларига зид тарзда расмийлаштирилган. Чунки баённомада ҳуқуқбузарликнинг асл моҳияти кўрсатилмаган. Буниси етмаганидек, баённома 2025 йилнинг 23 май куни расмийлаштирилган бўлса-да, беш ой олдинги муддат қўйилган.

Бунинг устига ваколатли шахс З. Хонкелдиева баённомани шахсан ўзи тузганлигини электрон рақамли имзо ёки электрон график имзо билан тасдиқламаган.

Шунингдек, ҳуқуқбузар баённома билан таништирилиб, розилиги қайд этилмаган.

Энг ажабланарлиси, юқорида қайд этилган камчиликлар Кадастр агентлиги туман бўлими бошлиғининг маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорида ҳам ўз ифодасини топган.

Суд ишни кўриш чоғида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 319-моддаси иккинчи қисмидаги “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида берилган шикоят ёки билдирилган протестни кўриб чиқиш пайтида орган (мансабдор шахс) чиқарилган қарорнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширади” деган қатъий талабга таянди.

Кадастр агентлиги туман бўлими етакчи инспектор томонидан тузилган ана шу маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани кўриб чиқишда амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 303, 303-1, 307 ва 309-моддалари талабларига риоя қилмаган.

Нега деганда, О. Омонқуловнинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган ёки содир қилмаганлиги аниқланмаган. Ички ишлар идораларининг маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахснинг илгари маъмурий жавобгарликка тортилганлиги факти мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаси маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага илова қилинмаган. Кадастр агентлиги туман бўлими бошлиғи маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва ишга оид бошқа материаллар тўғри тузилган-тузилмаганлиги ҳақидаги масалани ҳал этмасдан туриб, маъмурий жарима қўллаш тўғрисида барвақт қарор чиқарган.

Шунинг учун суд Кадастр агентлиги Қўшработ тумани бўлими бошлиғининг 2025 йил 10 июндаги QSAM 2524103743019 рақамли маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорини бекор қилди. Ишни қайта кўриб чиқиш учун Кадастр агентлиги туман бўлимига юборди. Кадастр агентлиги Самарқанд вилояти бошқармасига йўл қўйилган хато-камчиликларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилди.

Буларни баён этишдан мақсад шуки, ҳар бир жазо чораси қонуний, асосли ва адолатли қўлланиши — кутилган натижани беради. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.

Баҳодир АҲМЕДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қўшработ тумани суди

тергов судьяси

 

photo_2025-10-28_15-38-03

ГИЁҲВАНДЛИК — ИНСОНИЯТ ҲАЁТИГА ТАҲДИД

Инсоният тарихи неча минг йиллик тараққиёти давомида илмий изланишлари ва амалий фаол фаолияти туфайли барча соҳалар каби маданият ва маърифатда ҳам юксак натижаларга эришди. Бироқ шундай бир иллат борки, у илмни ҳам, маърифатни ҳам, умуман олганда, барча инсоний қадриятларни бир зумда вайрон қилиб юборади. Бу — гиёҳвандлик иллати. Унинг зарари бутун оила, жамият, миллат ва инсоният ҳаётини таҳлика остида қўйиши мумкин.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, гиёҳванд моддалар, энг аввало, инсон миясини бузади: аввалига “бахт гормони” деб аталган дофаминни сунъий кўпайтириб, юзаки лаззат ҳиссини беради. Бир неча дақиқалик “фароғат” туйғусидан кейин эса, азобли занжир қисми бошланади: юрак ва қон томир тизими бузилиши натижасида қон босими кескин ўзгариб, томирлар тортилади, юрак “чарчаб” ишдан чиқади, жигар ва буйрак фаолиятини сусайтиради, иммун тизимини заифлаштиради, организмнинг вирус ва бактерияларга қарши курашиш қобилияти пасайиб, энг кичик инфекция ҳам оғир хасталикларни келтириб чиқаради. Энг ёмони, гиёҳвандлик инсон руҳини сўндиради, у оилага меҳр-муҳаббатни, ота-онани, яқин оғайниларни, ҳаёт мазмунини ҳис этмай қўяди. Ана шу руҳий қарамлик уни жиноятга етаклайди: пул учун на ўғирликдан, на фирибгарликдан, на хиёнатдан — ҳеч нарсадан тап тортмайди.

Афсуски, сўнгги йилларда дунё миқёсида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи кескин ортиб бормоқда.

БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, 2024 йилда жаҳонда 350 миллион нафарга яқин инсон гиёҳванд моддалар таъсирига тушиб, уларнинг 28 миллион нафари оғир хасталикларга чалинган. Ҳар йили 500 минг нафардан ортиқ киши бу иллат қурбонига айланмоқда.

Шунингдек, Жаҳон божхона ташкилотининг ҳисоботида 2024 йил давомида 1 347 тонна гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаладан олинганлиги маълум қилинган.

Айтиш керакки, юртимизда гиёҳвандлик ва наркотик жиноятларга қарши курашиш соҳасида тизимли чоралар белгиланган: Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази бу йўналишда илмий таҳлиллар ва амалий чораларни мувофиқлаштириб бормоқда, дунёнинг 40 дан ортиқ давлати ва 10 га яқин халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Айниқса, БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича минтақавий бошқармасининг айнан Ўзбекистонда жойлашганлиги гиёҳвандликка қарши самарали курашишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда БМТ бошқармасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси томонидан республикамизда қиймати 5 миллион АҚШ долларига тенг — 10 та миллий, қиймати 20 миллион АҚШ долларига тенг — 9 та минтақавий ҳамда 7 та глобал миқёсдаги лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бироқ гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи ва суиистеъмолининг кескин ортиб бориши барча давлатлар ўзаро ҳамкорликда тезкор ҳамда қатъий чоралар кўришни тақозо этмоқда. Бу жараёнда эса, халқаро ташкилотларнинг ўрни муҳим ҳисобланади.

Агар бу заҳри қотилнинг тарихига назар ташласак, XIX аср охирида (1870–1890 йилларда) опий (афюн) савдоси билан боғлиқ ноқонуний операциялар Хитой, Ҳиндистон ва Европа мамлакатларида катта ижтимоий муаммога айланган. 1909 йилда Хитойнинг Шанхай шаҳрида биринчи халқаро “Опий комиссияси” йиғилиши бўлиб ўтган — бу гиёҳванд моддалар муомаласига қарши кураш бўйича илк расмий халқаро чора ҳисобланади. Кейинроқ, 1912 йилда Гаага конвенцияси қабул қилиниб, опий ва морфин каби гиёҳвандлик моддаларининг назорати ҳуқуқий жиҳатдан йўлга қўйилган.

Ҳаётимизда бундай салбий ҳолатлар, афсуски, учраб турибди. Мисол тариқасида айтсак, судланувчилар Асқар Абдунабиев ва Шукур Эшмирзаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноят содир этиб, ўзларига тегишли хулоса чиқармасдан жазони ўташ даврида, аниқроғи, 2025 йил 22 февраль куни олдиндан ўзаро жиноий тил бириктиришган. Ҳамтовоқлар келгусида ўтказиш мақсадини кўзламай, ўзлари истеъмол қилиш учун таркибида фаол гиёҳванд модда — тетрагидроканнабинол мавжуд бўлган умумий вазни 1 832 граммни ташкил этган “марихуана” гиёҳванд воситасини Янгийўл тумани, “Дўстлик” маҳалласи дала майдонидан териб олиб, қонунга хилоф равишда сақлаб келгани ички ишлар ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбир натижасида аниқланган.

Судга оид кимёвий экспертизанинг 2025 йил 26 февралдаги 419-сонли хулосасига кўра, А. Абдунабиев ва Ш. Эшмирзаевдан олинган қуритилиб, майдаланган ҳолдаги ўсимлик марихуана гиёҳвандлик воситаси деб аталиши, унинг оғирлиги 1 832 граммни ташкил этиши қайд этилган.

Судда судланувчи Асқар Абдунабиев айбига иқрор бўлиб, ҳақиқатан ҳам, 2025 йил 22 февраль куни Шукур Эшмирзаев билан Янгийўл тумани, “Дўстлик” маҳалласи дала майдонидан ёввойи ҳолда ўсган гиёҳвандлик воситасини келгусида истеъмол қилиш учун теришганини тан олди.

Судланувчи айбига тўлиқ иқрорлиги ва қилмишидан пушаймонлигини билдириб, суддан енгиллик беришни сўради. Шунингдек, судланувчи Ш. Эшмирзаев ҳам шундай мазмунда кўрсатма берди.

Суд судланувчи А. Абдунабиев ва Ш. Эшмирзаевга жиноят иши бўйича оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олган ҳолда жазо тайинланди. Шунингдек, судланувчиларга муқаддам жиноят ишлари бўйича Янгийўл тумани суди томонидан тайинланган, аммо ҳали тўлиқ ўталмаган жазо ҳам асосий жазога қўшиб ҳисобланди.

Бу ҳаётий мисолдан ҳам кўриниб турибдики, гиёҳвандлик — бу кимгадир тааллуқли фақат шахсий муаммо эмас, балки бутун жамиятнинг хавфсизлиги, соғлом авлод ва миллат келажаги, умуман олганда, инсоният ҳаёти учун жиддий таҳдиддир. Бу хавфли иллатнинг олдини олишда давлат органлари, таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари ва ота-оналар ҳамжиҳат ҳаракат қилишлари бугунги кун талабига айланди. Чунки соғлом ҳаёт — миллатнинг бебаҳо бойлигидир.

Қаҳрамон ИСАРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Чиноз тумани суди раиси

photo_2025-06-10_16-57-34

ПОРАХЎРЛИК ИНҚИРОЗГА ОЛИБ БОРАДИ

Коррупция мураккаб ижтимоий-иқтисодий-сиёсий ҳодиса бўлиб, жамият тараққиётининг муҳим омиллари бўлмиш тинчлик, осойишталик, адолат ва қонун устуворлиги каби ижтимоий-ҳуқуқий қадриятларни буткул йўқ қилади, миллий хавфсизликка таҳдид солиб, мамлакат ривожига тўсиқ бўлади. Бирор-бир соҳада коррупцияга йўл қўйилар экан, бу ҳолат ўша соҳани таназулга учрашига сабаб бўлиши билан бирга, бутун мамлакатнинг обрўйига салбий таъсир кўрсатади. Агарда, бу иллатга кичкинагина бўлсада туйнук очилар экан, ҳеч муболағасиз ўша давлат ёки соҳа инқирозга учраши эҳтимолдан холи эмас, демоқчиман.

Шу боис, биз коррупцияни энг хавфли иллат сифатида қарашимиз, ундан ҳазар қилишимиз, батамом қутулишга урунишимиз шарт ва лозим.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “Бутун жамоатчилик бирлашиб, коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараши керак” деган ҳақли эътирофни билдирган эди. Шу нуқтаи-назардан давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича ўтказилган миллий кенгаш йиғилишида берган топшириқларидан келиб чиқиб ўзимнинг фикр-мулоҳазаларимни муштарийларга етказишни мақсадга мувофиқ деб топдим.

Янги Ўзбекистонда юртдошларимизнинг эркин ва фаровон яшаши учун кенг кўламли ижобий ўзгаришлар амалга оширилаётган бир вақтда, давлатнинг нуфузли идораларида фаолият кўрсатаётган айрим мансабдор шахсларнинг пора олди-бердисига алоқадорликда жиноят устида қўлга олинаётганлиги ачинарли ҳолдир. Аслида бундай жирканч ишга қўл ураётган шахслар давлат томонидан моддий жиҳатдан етарлича таъминланган бўлади. Бироқ, назари оч кимсалар ўз меҳнати эвазига топиладиган ҳалол маблағ билан оиласи даромадларини ошириш, хавотирсиз яшаш ўрнига ҳаром луқмага кўз тикиб, қайсидир қинғир иши эвазига пора олиши оддий меҳнаткаш халқимизнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлишини эсдан чиқармаслик керак.

Наҳотки, қонун билан белгиланган ваколатларини суистеъмол қилиш, олаётган маошига қаноат қилмасдан таъмагирлик йўлига ўтиш, эгаллаб турган мансабига хилоф иш тутиб пасткашликка бориш, нафсига қул бўлиб шарманда бўлиш керак бу шахсларга?! Оқибатда оила аъзолари, жондан азиз фарзандларининг луқмасига ҳаром аралаштириб, қилган қилмиши туфайли бирида бўлмаса бирида қўлга тушиб, яқинлари ҳамда маҳалла-кўйни хижолатда қолдиришини кўз олдига келтирмасмикан?!

Яратганнинг инояти билан тўқсон ёшга етиб, жуда кўп алғов-далғов даврларни бошидан ўтказган инсон сифатида, ўз тажрибаларимга таяниб бир фикрни билдирмоқчиман. Ўткан асрнинг ўрталарида қимматчилик, қаҳатчилик, йўқчилик, очлик ва хорликларни бошимдан ўтказдим. Ўшанда ҳам, мен сингари оғир аҳволда бўлган бўлишига қарамай, ҳеч ким бировни ҳаққига хиёнат қилмади, фирибгарлик, товламачилик йўли билан даромад топмади. Мабодо, кимгадир, қайсидир масалада ёрдам қилишган бўлса, бу ҳам фақатгина савоб учун беғараз амалга оширилган. Бинобарин, азалдан ҳам ноқонуний йўл билан даромад орттириш қораланиб келинган.

Ҳозиргидек фаровон замонда товламачилик, фирибгарлик, порахўрлик иллатларининг учраб турганлигини эшитиб ҳайрон қоласан. Наҳотки, “Ҳамма илм олишга интилган тўкин-сочинли замонда шунчалар ҳам маърифати, маънавияти паст, ожиз кишилар бор бўлса орамизда” дея ёқа ушлайсан, киши! Мана шундай нопок ишларни содир этиб, яқинлари ва фарзандларининг дийдоридан маҳрум бўлиб тегишли жойларда жазо ўтаётган шахсларнинг аянчли аҳволидан воқиф бўлса ҳам, ундан сабоқ чиқармасдан, ўз нафсига эрк бераётганлар борлигига юрт оқсоқолларидан бири сифатида жуда ачинаман, ахир!

Шу ўринда, корруция иллатига қарши курашишнинг айрим ижтимоий-ҳуқуқий омиллари ҳақида жамоатчиликка ўзимнинг фикр ва мулоҳазаларимни билдирмоқчиман.

Жорий йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисида иштирок этган Президентимиз Ш. Мирзиёев коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов эканини, коррупциянинг олдини олиш – давлат хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ҳамда уларни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлашдан бошланишини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари назарда тутган “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлаш бу барча давлат тузилмалари фаолиятида коррупцияга қарши қаратилган етарли ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш, мавжудларини эса замон талаблари асосида такомиллаштириш ва унга қатъий риоя қилиш орқали унинг олдини олишни, унга қарши самарали курашишни англатади.

Коррупция давлат бошқарувига, фуқароларнинг давлат ҳокимияти органларига бўлган ишончига ва инсон ҳуқуқларига тўғридан-тўғри салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун, давлат органлари фаолиятини самарали амалга оширишда коррупциянинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга.

Коррупцияга қарши курашиш давлат органлари ходимлари ва мансабдор шахсларининг маънавий қиёфаси, яъни таълими, тарбияси, ҳалоллиги, виждонлилигига боғлиқ. Шунга кўра, давлат хизматига мазкур талабларга жавоб берадиган ҳалол ва пок кадрларни танлаш ушбу органлар раҳбарларининг зиммасидаги биринчи навбатдаги вазифа ҳисобланади.

Аҳолининг давлат ҳокимияти органлари ходимларига бўлган ишончи нафақат уларнинг малакаси ва меҳнатеварлигига, балки ҳалоллиги ва поклигига, яъни юксак маънавиятли бўлишига бевосита боғлиқдир. Давлат хизматчиси нафақат “яхши ходим”, балки “яхши инсон” ҳам бўлиши керак.

Жамият мансабдор шахсларга оддий фуқароларга нисбатан анча юқори маънавий-ахлоқий талаблар қўяди.

Мансабдор шахснинг ҳалоллиги ўз вазифаларини виждонан бажаришида, ростгўйлигида, номақбул ҳаракатлардан ўзини тийишида ва бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлишида намоён бўлади. Ҳар қандай шароитда ҳалолликка асосланиб яшайдиган мансабдор шахс журъатли ва қатъиятли бўла олади. Буюк француз файласуфи Вольтернинг Ҳалол одамни таъқиб қилиш мумкин, аммо уни бадном қилиб бўлмайди деган сўзларини фикримизнинг исботи сифатида қараш мумкин.

Ҳар қандай шахс у ким бўлишидан қатъий-назар ўз оила аъзоларини фақат қонуний ва ҳалол даромадлар эвазига яшашга ўргатиш мажбуриятига эгадир. Агарда кимда-ким фарзандларни ҳаром луқма ҳисобига боқаётган бўлса бу заҳар бериш билан баробарлигини ва оқибатда муқаррар равишда кулфатга гирифтор бўлиши мумкинлигини идрок қилиши даркор. Зеро, Абдулқосим Замахшарий айтганидек: “Ҳалол-покиза киши доимо хотиржаму тинчликдадир, бировга хиёнату ёмонлик қиладиган киши эса ҳалокатга гирифтордир”.

Касбим судьялик бўлганлигидан келиб чиқиб, порахўрлик жинояти иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларини тўғри ҳуқуқий баҳолаш ҳақида ҳам алоҳида тўхталмоқчиман.

Дейлик, пора берувчи ва пора олувчи муайян моддий қийматдаги пора предметига келишишди, аммо ўша келишилган нарса ҳали берилган ва олинган эмас. Уларнинг бу қилмишлари фош бўлиб қолганда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-моддаси талабига кўра жиноят содир этишга суиқасд қилиш сифатида пора бермоқчи бўлган шахсни Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 211-моддаси билан, яъни пора беришга суиқасд қилиш жиноятини содир қилганликда, пора олмоқчи бўлган шахсни эса, Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 210-моддаси билан, яъни пора олишга суиқасд қилиш жиноятини содир қилганликда айбдор деб топиб, жавобгарликка  тортишга асос бўлади.  

Бироқ, бази ҳолларда пора берувчи шахс келгусида порани қайтариб олишни кўзлаб ёки пора беришдан кўзлаган ниятига эришиш бинобарида жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсади билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берган бўлиши мумкин. Айни ҳолатда, унинг бу хатти-ҳаракатларига ҳам лозим даражада ҳуқуқий баҳо берилиши керак, албатта.

Қилмишни квалификация қилишда, пора берувчи томонидан берилиши лозим бўлган пора миқдори эътиборга олиниб, пора предметининг келиб чиқиш манбалари ҳам атрофлича текширилиши, унинг меҳнатсиз даромадлар ҳисобидан орттирилганлиги аниқланган тақдирда, ўша аниқланган сумма ёки мулк давлат фойдасига мусодара қилиниши лозим.

Шунингдек, баъзи ҳолатларда суд амалиётида пора берувчи ёки пора беришга қизиқтирувчи ёхуд пора олиш-беришда воситалик қилган шахсларнинг хатти-ҳаракатларига етарлича ҳуқуқий баҳо берилмаслигини кузатишимиз мумкин. Натижада, бу турдаги жиноятлар янгича кўринишда намоён бўлади. Ушбу шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ҳам Жиноят кодексининг 211-моддаси талаблари доирасида квалификация қилиниши ва пора предмети эса давлат фойдасига мусодара қилиниши лозим.

Яна бошқа бир ҳолат. Айтайлик, пора берувчининг талаби бажарилмади ёки тўлиқ бажарилмади. Бундай ҳолатда, агарда пора берган шахс ўттиз сутка ичида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга арз қилса, унинг жавобгарликдан озод этилиши қонунчиликда кўрсатилган. Назаримда қонунчиликдаги ушбу қоидани ҳам ўйлаб кўришимиз керак. Чунки, муайян шахс порани бериб қўйиб, кейин қайсидир фикрда, ўз манфаати учун қонуннинг шу имкониятидан фойдаланиши ҳам мумкин. Шунинг учун пора берувчилар ҳам қонундан қўрқиб, унга тўла итоат этишлари лозим бўлади.

Сўзимнинг ниҳоясида сиз – ҳурматли муштарийларга юзланмоқчиман.

Келинглар азизлар, Янги Ўзбекистонимизнинг равнақини дунё аҳли юксак эҳтиром билан эътироф этаётган бир пайтда, унинг нуфузига путур етказувчи ножўя хатти-ҳаракатларга нисбатан биргаликда самарали таъсир чораларини кўрайлик.

Убайдулла МИНГБОЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси

photo_2025-11-10_16-20-24

САРСОН БЎЛГАН КЕЛИННИНГ ДАЪВО АРИЗАСИ СУД ТОМОНИДАН ҚАНОАТЛАНТИРИЛДИ

Ҳаётда янги оила қураётган ҳар бир йигит-қизнинг кўнглида бир дунё орзу-ҳавас бўлади. Севара Ҳожибаеванинг ҳам 2020 йил 7 октябрда Янгиҳаёт туманида яшовчи Муҳаммаджон Давлатмуродов билан қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қураётганда кўнглини шундай орзу-умидлар жўштирганди.

Албатта, икки ёш бир-бирини ҳурмат қилгани ва тушунгани боис уларнинг оиласига кўпчилик ҳавас қиларди. Тўйдан кейин бир йил ўтгач, аниқроғи, 2021 йил 26 сентябрь куни фарзандлари Комила дунёга келди. Ўша пайтда эр-хотиннинг ҳам, қуда-андаларнинг ҳам хурсандчилиги чексиз эди.

Бироқ қизалоқ 3 ёшга етган пайтда, аниқроғи, 2024 йил 14 июнь куни М. Давлатмуродов кутилмаганда оғир хасталик туфайли вафот этади.

Табиийки, бу мусибатдан Севара ҳам, қайнонаси А. Мейлиева ҳам оғир аҳволга тушиб қолишади.

Бундан ҳам ёмони шундаки, М. Давлатмуродовнинг маърака-маросимлари ўтгач, қайнона бўлмиш А. Мейлиевага келини ёқмай қолади. У келини ва неварасини уйдан чиқариб юбориш пайига тушади.

Маълум бўлишича, М. Давлатмуродов ва С. Ҳожибоева турмушлари мобайнида Янгиҳаёт тумани, “Файзли” маҳалласидан ҳовли сотиб олишган. А. Мейлиева аввалига бева қолган келини С. Ҳожибоевани ана шу хонадондаги ўзига тегишли мерос улушидан воз кечишни талаб қилади. Бу мақсадига эришади ҳам.

У бу ғаразли мақсади йўлида ҳар куни жанжал кўтариб, келини ва набирасини уйдан чиқиб кетишини талаб қила бошлайди.

— Мен ёш болам билан қаерга бораман, ойижон?! Ахир, қизим ўғлингиздан қолган ёлғиз зурриёд-ку, — дея ёлворади С. Ҳожибоева.

Лекин унинг нолалари кўзига мол-мулкдан бошқа нарса кўринмаётган қайнонага зиғирча ҳам таъсир қилмайди. Охир-оқибат 2024 йилнинг декабрь ойида, совуқ қиш кечасида келини ва неварасини ҳовлидан мажбуран чиқариб юборади.

Шундан сўнг С. Ҳожибоева ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини тиклашни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилади.

Буни қарангки, бундан хабар топган қайнонаси А. Мейлиева судга келинини уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақида қарши даъво аризаси киритади.

Албатта, судда ҳар бир низони ҳал этишда гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳам муҳим ўрин тутади. Шу маънода айтганда, ушбу низоли ҳолат юзасидан фуқаро М. Машрапова виждонан ва холисона гувоҳлик берганини алоҳида қайд этиш жоиз.

— Мен Севара Ҳожибоевани қўшни сифатида яхши танийман. Уч йилдан буён шу уйда яшаб келарди. Чунки бу ҳовли-жойни хўжайини Муҳаммаджон билан бирга қуришган. Қайнонаси А. Мейлиева эса уй битгандан сўнг пайдо бўлди. Келин турмуш ўртоғи оламдан ўтгандан кейин ҳам яшаб юрганди. Аммо декабрь ойида кўринмай қолди, — дея М. Машрапова судда кўрсатма берди.

Яна бир қўшни М. Ғофурова эса, С. Ҳожибоевани танимаслигини, ҳатто уни кўрмаганини билдирди.

Ўрни келганда шуни ҳам айтиш керакки, низоли уй-жой А. Мейлиеванинг номида бўлгани боис С. Ҳожибоева унинг розилиги билан рўйхатга қўйилган. Ўша пайтдан эътиборан, келиннинг ҳам уйдан фойдаланиш ҳуқуқи пайдо бўлган.

Уй-жой кодексининг 32-моддасига мувофиқ, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек, у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб, у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек, мулкдор билан доимий яшаётган оила фарзандлари, агар илгари бу ҳуқуқа эга бўлмаган бўлсалар, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзоси деб тан олинишлари мумкин.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 52-моддасига биноан муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар-жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганида турар жой олти ой муддат давомида унинг ҳисобида сақланиб туради.

Шундан келиб чиқиб айтганда, С. Ҳожибоева 2024 йил декабрь ойидан буён низоли уй-жойда яшамайди. Судга эса, 2025 йил 16 апрель куни уйга киритиш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилган. Яъни у қонунда белгиланган олти ойлик муддатни ўтказиб юбормаган.

Суд юқорида қайд этилган қонуний асосларга таяниб, С. Ҳожибоеванинг даъво аризасини қаноатлантирди, уни фарзанди Комила Алишерова билан бирга Янгиҳаёт тумани, “Файзли” маҳалласи, Райҳон 1-тор кўчаси, 24-1-Д-уйга киритиш ҳамда хонадондан фойдаланиш тартибини белгилаш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди. А. Мейлиеванинг қарши даъво аризасини эса, суд рад этди.

Албатта, суднинг ҳал қилув қарори боис адолат қарор топди. Аммо кишини бошқа бир ҳолат ўйлантиради. Гап шундаки, ҳаётда қайсидир инсон вафот этса, ота-онаси ва бошқа яқинлари унинг фарзандларини “авлодимнинг давомчиси, жигаримдан қолган ёдгорлик” дея қўллаб-қувватлайди, бошини силайди. Бироқ А. Мейлиева ёлғиз ўғлининг ёдгорини кўчага қувиб чиқарганини қандай тушуниш мумкин?

Шаҳноза ИБРАГИМОВА,

фуқаролик ишлари бўйича

Яккасарой туманлараро суди судьяси

#thegov_button_69cbe08ce09b5 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cbe08ce09b5:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cbe08ce09b5 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cbe08ce09b5:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!