Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2024-12-20_16-27-47

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҚОИДА ТУФАЙЛИ НОҲАҚ АЙБЛАНГАН ТАДБИРКОР ОҚЛАНДИ

Маълумки, Бош Қомусимиз – Конституциямизнинг 28-моддасида айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши зарурлиги белгиланган.

Мазкур қоида фарғоналик тадбиркор (айни пайтда фермер) Фарҳоджон Раҳмонқуловнинг айбсиз деб топилиши учун ҳуқуқий асос бўлди.

Гап шундаки, тадбиркор Ф. Раҳмонқулов жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2023 йил 28 мартдаги ҳукмига асосан жиноий жазога тортилган.

Хўш, у нима учун айбланган эди?

Суд ҳукмида қайд этилишича, Ф. Раҳмонқулов 2017 йилнинг май ойида Н. Шамсутдиновга (исм-шарифлар ўзгартирилган) такси фаолияти билан шуғулланувчи “Барс аъло транс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари эканлигини айтади.

Сўнгра жамият фаолияти учун автомашина қўшса, ҳар бири учун ҳафтасига 300 минг сўмдан ижара хақи беришини ёки пул берса, унинг номига автомашина сотиб олиб, ижара асосида такси хизматига қўйишини маълум қилади.

Натижада Н. Шамсутдинов 2017 йил 25 май куни “Фергана Моторс” автосалонида 4 та “Матиз” русумли автомашина учун 45 840 000 сўмга тенг 12 000 АҚШ доллари, 2017 йил 13 декабрда 186 323 000 сўмга тенг 23 300 АҚШ доллари, 2018 йил бошида эса, яна 2 та автомашина хариди эвазига 43 136 700 сўмга тенг 5 300 АҚШ долларини Ф. Раҳмонқуловга беради. Шундан сўнг у 6 та автомашина эвазига ҳамкорига ҳар ҳафтада 300 минг сўмдан ижара ҳақи тўлай бошлайди.

Н. Шамсутдинов яна унга ишониб, 2018 йил ўрталарида 231 407 400 сўмга тенг 29 400 АҚШ доллари ва 420 000 000 сўм беради. Бу хусусда қарздордан тилхат ҳам ёздириб олади. Лекин Ф. Раҳмонқулов автомашина сотиб олмай, 506 520 800 сўмга тенг 70 000 АҚШ доллари ва 420 000 000 сўмни шахсий эҳтиёжига сарфлаб юборади.

Бундан ташқари Ф. Раҳмонқулов 2017 йилнинг октябрь ойида А. Каримовга ҳам шундай таклифни айтади. Пировардида “Фергана Моторс” автосалонда 1 та “Матиз” русумли автомашина учун 23 753 400 сўмга тенг 2 950 АҚШ доллари, 2018 йилнинг ноябрь ойида 2 та автомашина учун 53 761 500 сўмга тенг 6 500 АҚШ долларини қўлга киритади.

Бироқ Ф. Раҳмонқулов берган ваъдасини бажармай, такроран фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбдор деб топилган. Оқибатда Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, кодекснинг 57-моддаси тартибида иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинган.

Шунингдек, Ф. Раҳмонқулов томонидан гаров эҳтиёт чораси ҳамда моддий зарарни қоплаш учун “Ипотека” банкининг Фарғона вилояти филиали ҳисоб рақамига топширилган 738 781 000 сўмнинг 658 788 800 сўми жабрланувчи Н. Шамсуддиновга, 77 514 900 сўми А. Каримовга ўтказилиб, қолган 2 477 300 сўми ўзига қайтарилиши белгиланган.

Аммо Ф. Раҳмонқулов ўзини айбсиз деб биларди. Бинобарин, биринчи босқич судининг ҳукмидан норози бўлиб, апелляция инстанцияга мурожаат қилади. Натижада Фарғона вилоят судининг 2023 йил 21 июлдаги ҳукмига биноан юқоридаги ҳукм бекор қилинади.

Яъни Ф. Раҳмонқулов айбсиз деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан, реаблитация этилади. А. Каримов ва Н. Шамсутдиновларга эса, берган пулларини ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари тушунтирилади. Банкка топширилган 738 781 000 сўмни Ф. Раҳмонқуловнинг ўзига қайтариш белгиланади. Лекин…

Шундан сўнг ўзини жабрланувчи деб санаган А. Каримов ва Н. Шамсутдинов Олий судга кассация шикояти билан мурожаат қилишади.

Айни шикоят Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўрилгач, 2023 йил 26 октябрда кассация инстанциясининг ажрими билан Фарғона вилоят судининг 2023 йил 21 июлдаги ҳукми бекор қилинган ҳолда жиноят иши янгидан апелляция инстанцияси судида кўриш учун юборилади.

Жиноят ишини янгидан кўриш жараёнида ҳам Ф. Раҳмонқуловнинг айбсизлиги маълум бўлди. Чунки биринчи босқич суди жиноят иши бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холис текшириб чиқмаган.

Хусусан, Ф. Раҳмонқуловнинг ўзига нисбатан эълон қилинган айбловни инкор қилиб, жиноят содир этмаганлиги ҳақидаги кўрсатмаларини етарлича муҳокама қилмаган. Судланувчининг айбини тасдиқловчи далилларни тўлақонли текширмаган, ишдаги мавжуд қарама-қаршилик ва ноаниқликларни бартараф этиш йўли билан баҳо берилмаган.

Дастлабки суд мажлисида Н. Шамсутдинов ашёвий далил сифатида эътироф этилган 8 дона тилхатни тақдим этган. Бироқ тилхатларнинг 3 тасида қарз муносабатлари қайд этилган. Қолган 5 та тилхат асосида олинган 23 300 АҚШ доллари, 29 400 АҚШ доллари, 420 000 000 сўм ва 26 750 АҚШ доллари Ф. Раҳмонқулов томонидан Н. Шамсутдиновга 2018 йилда, янада аниқроғи, жиноят иши қўзғатилишидан 4 йил олдин қайтарилганини биринчи босқич суди эътибордан четда қолдирган.

Тергов органи ҳам Н. Шамсутдиновнинг Ф. Раҳмонқуловга пулларни бергани, маълум вақтдан сўнг қисман қайтариб олганига оид кўрсатмаларидаги қарама-қаршиликни бартараф этиш чораларини кўрмай, уни жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар деб эътироф этган.

Олий суд Пленумининг 2014 йил 23 майдаги “Суд ҳукми тўғрисида”ги қарори 6-бандида ишда тўпланган далилларнинг етарли эмаслиги, далиллар қонунга зид равишда олинганлиги сабабли улар далил ҳисобланмаслиги ёки қўйилган айбловда судланувчининг тўлиқ айбдорлиги тўғрисидаги шубҳани бартараф қилишнинг имкони йўқлиги ҳақидаги суднинг асослантирилган хулосаси оқлов ҳукми чиқариш учун асос бўлиши белгиланган.

Шунингдек, Олий суд Пленумининг 2018 йил 24 августдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори 2-бандида эса, мақбул бўлмаган далиллар юридик кучга эга бўлмай, улардан Жиноят-процессуал кодексининг 82-84-моддаларида назарда тутилган ҳолатларни исботлаш учун фойдаланиш ҳамда уларни айблов асосига қўйиш мумкин эмаслиги ҳақида тушунтириш берилган.

Ана шу асосларга таянган Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2023 йил 28 мартдаги ҳукмини бекор қилган ҳолда Ф. Раҳмонқуловни айбсиз деб топиб, оқлади. Шунингдек, оқланувчига ўзига етказилган моддий ва маънавий зиённи Жиноят-процессуал кодексининг 304-312-моддалари тартибида қоплаш ҳуқуқи тушунтирилди.

Кези келганда яна бир ҳолатга эътибор қаратсак. Биринчи босқич судининг 2023 йил 28 мартдаги ҳукми эълон қилинган пайтда юртимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ҳали якунига етмаганди. 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтган умумхалқ референдуми туфайлигина Бош Қомусимиз янгиланиб, унинг 28-моддасида айбсизлик презумпцияси ўз аксини топди. Натижада ана шу конституциявий қоида Ф. Раҳмонқуловнинг оқланишига ҳам асос бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг самараси ўлароқ, муқаддам эълон қилинган ноҳақ айбловдан халос бўлиб, оқланаётган ҳамюртларимиз сафи тобора ортиб бормоқда. Судлар томонидан чиқарилаётган ҳар бир оқлов ҳукми ва ажрими эса, мамлакатимизда инсонга бўлган эътибор, инсон қадри нақадар улуғланаётгани, шунингдек, юртдошларимизнинг учинчи ҳокимият – судларга ва қабул қилинаётган қонунларимизга бўлган ишончи мустаҳкамланаётганининг амалий ифодасидир.

Ваҳобжон СИДДИҚОВ,

Фарғона вилояти суди судьяси

photo_2024-12-02_17-09-35

БИЗ, ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯГОНА ХАЛҚИ…

Давлат ва жамиятимизнинг ҳуқуқий пойдевори бўлган Конституциямизнинг биринчи сўзи унинг мазмун-моҳиятини очиқ-ойдин кўрсатиб туради. Чунки бу муҳим ҳужжат “Биз, Ўзбекистоннинг ягона халқи..” деб бошланади.

Конституциямизнинг ҳар бир сўзида олам-олам маъно бор. Айниқса, унинг муқаддима қисмида мазмун-моҳияти, аҳамияти, мақсадлари аниқ кўрсатиб берилган.

Унинг 1-моддасида “Ўзбекистон — бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат”, деб халқаро мақоми мустаҳкамланган. 15-моддасида эса, “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади”, деб таъкидланган.

Аслида, Конституция – лотинча сўз бўлиб, “Constitutio” – “Тизим, тартиб ўрнатиш, барпо этиш, ташкил қилиш, тузилиш, тузук”, деган луғавий маъноларни англатади. Конституция атамаси қадимги Римда “император” конституцияси номи билан дастлаб маълум бўлган бўлса, буюк Амир Темур бобомизнинг тузуклари ўз даврида шариат қонунлари билан бир қаторда Марказий Осиё давлатчилиги тарихида алоҳида ўрин тутган. 

Чунончи, Конституция халқ фаровонлиги ва инсон манфаатларининг энг олий ҳуқуқий кафолати ҳисобланиб, жамият ҳаётини шакллантириш ва давлатни ташкил этишнинг асосий воситаларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги нормалар замонавий Конституциянинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Эътироф этиш керакки, Конституциямиз Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан 1992 йил 8 декабрда қабул қилинганидан бошлаб давлатимиз шаклланиши ва жамият ривожи учун чинакам ҳуқуқий пойдевор сифатида хизмат қилди. Бу суронли йилларда Ўзбекистон давлати тарихий тараққиёт босқичларини босиб ўтди. Жамият равнақига мос равишда Конституциямизга ҳам тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Натижада Ўзбекистон Республикаси Конституцияси хорижий илғор тажриба ҳамда халқаро стандарт ва талабларга ҳар томонлама мос келган ҳолда халқимизга хизмат қилмоқда.

Маълумки, сўнгги йилларда том маънода янги давр бошланди. Янги Ўзбекистонда инсон қадри юқори поғонага кўтарилди, халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилиши қатъий белгиланди. Энди Конституциямиздаги баъзи нормаларни такомиллаштириш, бугунги кун талабларига мослаштиришни замон тақозо этганлиги сабабли 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган референдумда халқимиз томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.

2023 йил 1 майдан кучга кирган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янгиланди. Конституцияга бир неча муҳим ўзгартишлар киритилди.

Бунга қадар 1992 йилдан буён Конституциямизга жами 15 марта ўзгартиш киритилган. Бу сафар эса, ўзгаришлар кўлами катталиги сабабли, ҳужжатнинг янги таҳрири қабул қилинди. Янгиланиш натижасида Бош Қомусимиздаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса, 275 тадан 434 тага ошди.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-67-сон Фармонида Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, устувор конституциявий принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда руёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилиши белгилаб берилди.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 23 июндаги “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори судлар томонидан чиқарилаётган қарорларда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш юзасидан тушунтириш берадиган муҳим ҳужжат бўлди.

Мазкур Пленум қарорида Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳақидаги қоида унинг нормалари барча қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туриши эътиборга олиниб, судлар кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив ҳужжатнинг мазмунини баҳолаши ва зарур ҳолларда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозимлиги юзасидан муҳим тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, Пленум қарорида суд ҳужжатларида ҳуқуқий асос сифатида, биринчи навбатда, қоида тариқасида Конституциянинг тегишли нормалари ва ундан кейин юридик кучига қараб, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амал қилиши, башарти, соҳавий қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция нормаларига зид бўлганлиги аниқланса, фақат Конституция нормалари қўлланилиши лозимлиги қайд этилди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилган янги, замонавий ва муҳим нормалар ҳаётга изчил татбиқ этилиши, хусусан, судлар томонидан ана шу конституциявий нормаларнинг тўғридан-тўғри қўлланилиши инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда янги даврни бошлаб берди.

Конституциямизнинг янги нормаларида асосий эътибор инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишига қаратилганлиги, Янги Ўзбекистон ўзининг ушбу соҳалардаги халқаро мажбуриятларига қатъий содиқлигини намоён этди. Янги таҳрирдаги Конституцияга “Хабеас корпус” институти ва “Миранда қоидаси”нинг қонунчилигимизда жорий этилиши ва мустаҳкамланишига хизмат қиладиган қатор нормалар киритилди.

Жиноий таъқибга учраган, ҳибсга олинган ёки қамоқда сақланаётган шахснинг адолатли суд орқали ҳимояланишига бўлган ҳуқуқини ифода этадиган халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бу нормалари қонунларимизда аввалдан мавжуд эди. Эндиликда улар конституциявий қоида сифатида мустаҳкамланди.

Хусусан, шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоидалар ҳам конституциявий қоида сифатида жой олди.

Шунингдек, Конституциямизнинг сиёсий ҳуқуқлар белгилаб берилган 8-бобига барча фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгалиги, давлат хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар қонун билан белгиланиши ҳақидаги янги норма киритилганлиги ҳам инсон ҳуқуқлари ҳимоя­сининг кафолати бўлиб хизмат қилади.

Қолаверса, Конституциямизнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар белгилаб берилган 9-бобга 47-модда киритилиб, ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди. Зеро, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади, деб мустаҳкамланди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур норма хусусий мулкнинг ҳимоясини Конституция доирасида ҳимоя қилинишини кафолатлаш билан бир қаторда, Конституциямизнинг 31-моддасида кўрсатилган “Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга”, деган муҳим қоидани ҳам мустаҳкамлаган.

Шу билан бирга, Конституциямизнинг 67-моддасига кўра, давлат қулай инвес­тициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди. Қонунчиликка мувофиқ, тадбиркор ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолиятини мустақил равишда танлашга ҳақли.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикасида ҳудудудий иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг ҳаракатланиши кафолатланади. Айни шу қоидалар, халқ фаровонлиги ва мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини таъминлашга хизмат қиладиган, тадбиркорлар ва уларнинг ҳимоясини таъминлайдиган, давлат органларининг бу борадаги масъулиятини оширадиган конституциявий қоидалардир.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, янги таҳрирдаги Конституциямизга инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси, давлатнинг халқ олдидаги масъулияти, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган маъёрларининг конституциявий қоида сифатида сингдирилиши ҳамда судлар томонидан Конституция нормалари тўғридан-тўғри қўлланилишининг татбиқ этилиши жонажон юртимиз ривожига, халқимиз фаровонлигига хизмат қилишини таъминлайдиган муҳим янгилик бўлди.

Дилшод ТАДЖИБАЕВ,

Тошкент вилояти суди раиси

photo_2024-12-02_15-43-49

ҚАРЗДОРЛИК ҲАҚИДАГИ ДАЛИЛЛАР АСОССИЗ АЙБЛОВГА САБАБ БЎЛГАНИ ҲАҚИДА

Аввало шуни қайд этиш жоизки, Жиноят кодексининг 9-моддасида шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмишлари учунгина жавобгар бўлиши белгиланган. Бироқ ҳаётда баъзан турли хил тушунмовчиликлар ҳам учраб туради.

Мисол учун Зумрад опа Ҳайитмуродова (исм-шариф­лар ўзгартирилди) ёши бир жойга борганда, яна ким денг, узоқ йиллар ўқитувчи бўлиб ишлаб, пенсияга чиққан аёл фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбланиб, суднинг қора курсисида ўтиришига тўғри келди.

Фарзандлар вояга етиб, харажатлар кўпайгач, З. Ҳайитмуродова ўзига таниш савдо-сотиқ билан шуғулланувчилардан қарзга пулини бўлиб-бўлиб, устама фоизи билан тўлаш шартига келишиб, товар-моддий бойликларини олади.

З. Ҳайитмуродова дастлаб 2020 йилда фарзандларига зарур кийим-кечакларни шу тарзда пулини бўлиб тўлаш шарти билан олган, қарзни вақтида узганди.

2022 йилнинг мартидан – 2023 йилнинг сентябрь ойи оралиғида Н. Оқиловадан 1 миллион 650 минг сўмлик кийим-бош, Н. Қодиржоновадан 9 миллион 720 минг сўмлик уй-рўзғор буюмлари, Т. Шодиевадан 10 миллион 50 минг сўмлик кийим-кечаклар, Д. Абдуносировадан 7 миллион 500 минг сўмлик заргарлик буюмлари, Н. Аҳатқуловадан 11 миллион сўмлик уй-рўзғор маиший техника воситаларини ўзаро келишув асосида харид қилади.

Зумрад опа дўкон эгаларига ҳар ойда учрашиб, уч юз-тўрт юз минг, ҳатто баъзида олти юз минг сўмгача тўлаб, қарз дафтарига бу ҳақда ёздириб келаётганди. Аммо З. Ҳайитмуродованинг кутилмаганда чиқимлари кўпайиб, бир неча ой қарзни қайтаролмай қолади. Бошқалар каби Д. Абдуносировадан заргарлик буюмлар учун олинган қарз ҳали узилмаганди.

Шунда Д. Абдуносировага кимдир “Зумрад опа сизларни алдаб юрибди, пулларингизни қолган қисмини энди ололмайсизлар” деган гапни айтади.

У, ўз навбатида, бу гапни Н. Оқилова, Н. Қодиржонова,Т. Шодиева ва Н. Аҳатқуловаларга етказади. Улар биргалашиб, ички ишлар идорасига З. Ҳайитмуродова товар-моддий бойликларини фирибгарлик йўли билан алдаб олгани ҳақида ариза ёзишади…

Ортиқча харажатлардан тезроқ қутулиб, қарзларини камайтириш ташвишида юрган З. Ҳайитмуродовани терговга чақиришади.

Дўкондорларнинг ҳақини еб кетиш нияти йўқлигини, қарзни қайтариш фақат бироз кечикаётганини айтса-да, гапига ҳеч ким қулоқ солмайди, унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судга оширилади.

Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди судланувчи З. Ҳайитмуродовани Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари – 33 миллион сўм жарима жазоси тайинлайди. Мазкур иш Жиззах вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида ҳам кўриб чиқилиб, 2024 йил 4 июнь кунги ажрим билан суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилади.

Жиззах вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг очиқ суд мажлисида судланувчи З. Ҳайитмуродованинг тафтиш тартибидаги шикояти жабрланувчилар Н. Оқилова, Н. Қодиржонова, Т. Шодиева, Д. Абдуносирова ва Н. Аҳатқуловлар иштирокида кўриб чиқилди. Судлов ҳайъати суд ҳукмини бекор қилиб, З. Ҳайитмуродовага нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни ва шикоятни қаноатлантиришни лозим топди.

Айтиш керакки, Жиноят процессуал кодексининг 22-моддасига кўра, суд жиноят юз берганлиги, унинг содир этилишида ким айбдорлиги, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шартлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши керак. Ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим.

Олий суд Пленумининг 2014 йил 23 майдаги “Суд ҳукми тўғрисида”ги 7-сонли қарори 4-бандида, иш бўйича ҳукм иш материалларида маълум бўлиб қолган барча камчиликлар тўлдирилгандан кейингина чиқарилиши мумкинлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши кераклиги, судланувчининг жиноятни содир қилганлигини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳар бир далил, Жиноят-процессуал кодексининг 95-моддасига мувофиқ, ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозимлиги раҳбарий тушунтириш сифатида берилган.

Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 463-моддасига кўра, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилади. Айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларини текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозимлиги белгиланган.

Аммо юқорида баён қилинган жиноят ишини кўришда биринчи босқич суди ва апелляция инстанцияси суди иш бўйича қайд этилган юқоридаги қонун талаблари ва Олий суд Пленум қарорлари тушунтиришларига риоя қилмаган. З. Ҳайитмуродованинг айблилик масаласини ҳал қилишда иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқмасдан, ишда ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатларни аниқламасдан, қарздорлиги ҳақидаги далилларни уни жиноий жавобгарликка тортиш учун асос қилиб олишган.

Ушбу далиллар З. Ҳайитмуродованинг қарздорлиги ҳолати фуқаролик-ҳуқуқий муносабат тартибида исботланишига ҳам асос бўлишига эътибор қаратмасдан унга нисбатан айблов ҳукми чиқарган, деган тўхтамга келди.

Тафтиш инстанциясида сўроқ қилинган барча жабрланувчилар судланувчи З. Ҳайитмуродова келишувга кўра, устама фоизи билан қайтариш шарти билан олган товар-моддий бойликлар учун баъзи ойларда беш юз – олти юз минг сўмгача тўлаганлиги, ҳозирда қарзи қолмаганлигини айтиб, кўрсатма берди.

Ушбу ҳолатлар З. Ҳайитмуродованинг оғзаки битим ва ёзма тилхат асосидаги ўзаро олди-сотди қарз муносабатларида Н. Оқилова, Н. Қодиржонова, Т. Шодиева, Д. Абдуносирова ва Н. Аҳатқуловага тегишли бўлган мулкини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсади бўлмаганидан далолат беради.

Шу ўринда Олий суд Пленумининг 2023 йил 23 июндаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори 8-банди мазмунини айнан келтирамиз.

Унда қайд этилишича, агар шахс ўзаро ихтиёрий ёзма битим, келишувлар (қарз шартномаси, тилхат, кафолат хати ва бошқалар) асосида ўз зиммасига олган мажбуриятларини уни ижро этиш жараёнида юзага келган айрим объектив сабабларга кўра, (масалан, мулкий ночорлиги, шартнома тузишда тарафлар учун асос бўлган вазиятнинг жиддий ўзгариши, оғир касаллиги, фавқулодда ҳолат туфайли) бажара олмаса ёки ўзганинг мулкини эгаллашга нисбатан қасд мавжудлигини исботлашнинг имкони бўлмаса, бундай ҳолатлар фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низо сифатида баҳоланиб, фуқаролик, иқтисодий суд иши юритуви тартибида ҳал этилиши лозим.

Худди шунингдек, ушбу Пленум қарорининг 10-бандида суриштирув, дастлабки тергов органлари ва судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, қонун талабларига мувофиқ тузилган битимлар, шартномаларга асосланган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаслик ҳам, бундай ҳолда ўзгалар мулкини эгаллашда ҳуқуққа хилофлилик белгиси бўлмаганлиги туфайли фирибгарлик деб баҳоланиши мумкин эмас, чунки мулк битим, шартнома бўйича бир тарафдан иккинчи тарафга, жумладан, тарафлар учун ўзаро моддий манфаатни назарда тутувчи муайян шартлар билан берилади, деб алоҳида кўрсатиб ўтилган. Қонун талабларига мувофиқ тузилган фуқаролик-ҳуқуқий битим, шартнома бўйича жиноят белгилари мавжуд бўлмаган барча ҳолларда, низо фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича суд томонидан кўриб чиқилиши лозим.

Бундан ташқари Жиноят кодексининг 168-моддасида, жиноят объектив томонининг зарурий белгиси алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки мулкига бўлган ҳуқуқини қўлга киритиш ҳисобланиши кўрсатилган. Субъектив томондан фирибгарлик фақат тўғри қасд орқали содир этилади. Шахс ўз қилмишининг ижтимоий хавфли хусусиятини англаган, унинг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етган ва уларнинг юз беришини истаган бўлса, бундай қилмиш тўғри қасддан содир этилган деб топилиши Жиноят кодексининг 21-моддаси 3-қисмида белгилаб қўйилган.

Юқорида баён этилганлардан ҳам кўриниб турибдики, қонун мазмунига кўра, З. Ҳайитмуродованинг ҳаракатларини фирибгарлик сифатида малакалаш учун Н. Оқилова, Н. Қодиржонова, Т. Шодиева, Д. Абдуносирова ва Н. Аҳатқулованинг мулкини олиш чоғида уларни ўзлаштириш нияти, мақсади бўлиши лозим эди.

Ишда аниқланган ҳолатлардан кўринишича, З. Ҳайитмуродова исм-шарифлари тилга олинган фуқаролар билан ўзаро ихтиёрий битим тузган ва уларнинг маҳсулотларининг бир қисмига олдиндан, қолган қисмига эса, муайян муддатга бўлиб-бўлиб пул тўлашга келишган. Ўз зиммасига олган мажбуриятларини қисман бажарган. Уни ижро этиш жараёнида, оилавий шароити туфайли, ўз муддатида қисман бажара олмагани сабабли ўртада низоли муносабат келиб чиққан. 

Судланувчининг Н. Оқилова, Н. Қодиржонова, Т. Шодиева, Д. Абдуносирова ва Н. Аҳатқуловадан нарса-буюмларни устига 15-20 фоиз қўйилган нарх асосида пулини ойма-ой бўлиб тўлаш шарти билан олдиндан бир қисмини тўлаган ҳолда сотиб олиб, кейинги мажбуриятларини ойма-ой бажариб, маълум муддат, оилавий шароити туфайли, мажбуриятларини қисман бажара олмаганлик ҳолатида фуқароларнинг ишончига кирмаган, алдамаган, уларнинг ишончини суиистеъмол қилмаган.

Тергов органи ва судлар З. Ҳайитмуродовани Жиноят кодексининг 168-моддаси билан айблаш учун унинг қилмишида ушбу жиноят таркиби зарурий белгиси, объектив томони, яъни ўзганинг мулкини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсади, субъектив томони тўғри қасднинг мавжуд эмаслигига эътибор қаратмасдан, асоссиз айблаган.

Тафтиш инстанцияси суди юқоридаги асосларга кўра, З. Ҳайитмуродовага нисбатан чиқарилган суд қарорларини қонуний, асосли ва адолатли ҳамда уни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айблаб бўлмайди, деб ҳисоблади.

Бинобарин, Зумрад Ҳайитмуродованинг тафтиш тартибидаги шикояти қаноатлантирилди. Унинг ҳаракатларида Жиноят кодекснинг 168-моддаси 3-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли у Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан, айбсиз деб топилди ва оқланди.

Мухтасар айтганда, Жиноят-процессуал кодексига тафтиш тартибида иш юритиш институтининг киритилгани, гувоҳи бўлганингиздек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясига хизмат қилмоқда. Шу билан бир қаторда, тафтиш инстанцияси суди биринчи босқич ҳамда апелляция инстанцияси суди томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар ўз вақтида бартараф этилишини таъминламоқда.

Дарвоқе, оқлов ҳукмидан кўнгли ёришган З. Ҳайитмуродова мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари суд орқали адолатли ҳимоя қилинаётганидан бениҳоя мамнун бўлди.

Қаҳрамон ХОЛМУРОДОВ,

Жиззах вилояти суди

жиноят ишлари бўйича судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2024-12-02_12-03-02

ҚАЛБАКИЧИЛИК ВА СОХТАКОРЛИК СУДЛАНУВЧИНИНГ ЮЗИНИ ШУВУТ ҚИЛДИ

Ҳаётда ҳалол фаолият юритиб, рўзғор тебратган одам ҳамиша қадру эъзоз топади, катта-кичик орасида иззат-ҳурмат қозонади, қолаверса, топган-тутгани баракали бўлади. Афсуски, ҳаётда ҳалолликдан чекиниб, қинғирликни касб қилиб олган кимсалар ҳам учраб туради.

Мисол тариқасида айтсак, Турдибек Даминов (исм-шарифлар ўзгартирилди) яқинда қалбакичилик ва сохтакорлик йўли билан давлат бюджети маблағларини талон-торож қилганлиги учун қонун олдида жаовб берди.

Афсусланарли томони шундаки, Т. Даминов биринчи марта бундай жиноий қилмишга қўл ураётгани йўқ. Оилали, 3 нафар гулдай фарзанднинг отаси бўлса-да, ўрта-махсус маълумотли бу “шоввоз” давлат бюджети маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштириш жиноятларини муқаддам ҳам уч марта содир этиб, жиноят ишлари бўйича Пастдарғом тумани, Каттақўрғон шаҳри, Қўшработ тумани судларининг ҳукмлари билан жазога тортилган.

Т. Даминов ҳар сафар қилмиши учун озодликдан маҳрум қилинишини ўйлаб, талон-торож этилган маблағлар ўрнини қоплаган. Шу боис қонунларимиздаги инсонпарварлик ҳамда бағрикенглик тамойиллари боис унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

Нафс измига кирган Т. Даминовнинг бу галги қилмиши тафсилоти шундай: каттақўрғонлик тадбиркор Ф. Сувонқулов “Н. Н. Н.” масъулияти чекланган жамияти ташкил этиб, давлат рўйхатидан ўтказади ва уни бошқаришни қариндоши Т. Даминовга топширади. Аммо Т. Даминов ўзига билдирилган ишончни ҳалол меҳнати билан оқлаш ўрнига, ноқонуний даромад топиш йўлига киради.

Президентимизнинг 2023 йил 10 апрелдаги “Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизaция қилиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Халқ депутатлари Нарпай тумани кенгашининг 2023 йил 4 июлдаги VI-71-617-98-К/23-сонли қарорига асосан, туман ҳокимлиги ва “Н. Н. Н.” масъулияти чекланган жамияти ўртасида тузилган “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги битимга биноан, давлат бюджети улуши ва хусусий шерик улуши тенг ҳолда 4 миллиард 164 миллион 903 минг 642 сўмдан, жами 8 миллиард 329 миллион 807 минг 283 сўмлик иш бажарилиши лойиҳалаштирилади. Лойиҳага кўра, тумандаги 51 та давлат ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимлари давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиниши керак эди.

Кўпни кўрган, бой ҳаёт тажрибасига эга кексалар таъкидлаганидек, қалбакичилик ва сохтакорлик билан бошланган иш ҳеч қачон яхшилик билан якун топмаган. Буни таъкидлашган мақсад шуки, Т. Даминов ҳам ишни сохтакорликдан бошлайди. Битим ва бошқа расмий ҳужжатларга масъулияти чекланган жамиятининг расмий раҳбари Ф. Сувонқуловнинг имзоларини сохталаштириб қўяди.

Аниқроқ айтганда, Т. Даминов ижтимоий соҳа объектларининг ички қисмларида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати давомида зарурий иссиқлик ҳароратини етказиб бериш, иситиш учун меъёр бўйича талаб этиладиган кўмир ва электр энергияси харажатларини камида 20 фоизга, иссиқлик энергияси йўқотишларини 30 фоизга камайтириш каби вазифаларни ўз зиммасига олганди. Шунингдек, республикамизда камида бир йил давомида синовдан муваффақиятли ўтган ва хизмат қилиш кафолати камида 15 йилни ташкил қиладиган қозонларни ўрнатиши ва унинг сифатини кафолатлаш, шунингдек, яроқсиз ҳолатга келган иситиш қозонларини янгилаши, умуман, лойиҳани муддатида амалга ошириш чораларини кўриши керак эди.

Афсуски, амалда бундай бўлмайди. Т. Даминов ўзига мансабдор шахс ваколатлари берилганлигидан қасддан фойдаланиб, объектларда, яъни Нарпай тумани 62-сонли умумтаълим мактабида — 33 миллион 360 минг 435 сўмлик, 66-сонли умумтаълим мактабида — 27 миллион 210 минг 566 сўмлик, 61-сонли умумтаълим мактабида — 24 миллион 256 минг 785 сўмлик, 9-сонли умумтаълим мактабида — 7 миллион 059 минг 652 сўмлик, 13-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида — 27 миллион 785 минг 882 сўмлик, 35-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида — 26 миллион 451 минг 158 сўмлик, 19-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида — 26 миллион 291 минг 064 сўмлик, 42-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида — 22 миллион 830 минг 124 сўмлик ва 21-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида — 22 миллион 484 минг 794 сўмлик, жами 217 миллион 730 минг 461 сўмлик модернизация ишлари бажарилмаган бўлса-да, гўёки, уларнинг бажарилганлиги ҳақида сохта маълумотлар киритилган шакл — 1, 2, 3-сонли ҳисоб-фактураларни тайёрлайди.

Мазкур қалбаки ҳужжатларнинг сохта эканлигини билгани ҳолда, уларни туман Иқтисодиёт ва молия бўлимига тақдим этиб, масъулияти чекланган жамиятининг ҳисоб рақамига 4 миллиард 164 миллион 903 минг 642 сўм маблағни ўтказишга эришади.

Нарпай тумани прокуратурасининг 2024 йил 28 январдаги 10.6/-24-сонли хатига асосан, мутахассислар томонидан тумандаги 1-лот таркибига кирувчи 51 та бюджет муассасаларининг иссиқлик тизимини модернизация ва эксплуатация қилиш бўйича назорат ўлчови ўтказилганда, Т. Даминовнинг ғайриқонуний қилмиши фош бўлади.

Судда ушбу жиноят ишини мазмунан кўриш жараёнида давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланиши, шунингдек, ижтимоий объектларга куз-қиш мавсуми учун кўмир маҳсулотлари захирасини яратиш ва сотиб олиниши ҳолати бўйича Нарпай туман Иқтисодиёт ва молия бўлими ходимлари томонидан ўтказилган текшириш маълумотномалари ва унга илова қилинган ҳужжатлар нусхалари, 2024 йил 1 июлдаги Самарқанд вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонаси ходими томонидан ўтказилган текшириш маълумотномаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар, сўроқ баённомалари ҳамда жиноят ишида тўпланган ҳужжатлар билан Т. Даминовнинг айби тўлиқ ўз исботини топди.

Маълумки, давлат бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож этганлик учун Жиноят кодексининг 167-моддасида жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Ушбу модданинг 4-қисмида етказилган моддий зарарнинг ўрни тўлиқ қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги белгиланган. Шу боисдан суд судланувчи Т. Даминовни Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 228-моддаси билан айбдор деб топди ва унга нисбатан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгилади.

Гувоҳи бўлганингиздек, нафс измида қалбакичилик ва сохтакорлик йўли билан давлат бюджети маблағларини талон-торож этган кимса қонун олдида жавоб берди. Энг ёмони, у қариндош-уруғ, маҳалла-кўй олдида юзшувут бўлди. Бу билан демоқчимизки, ишониб топширилган ёки ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш оқибати бундан бошқача тугамаслиги яна шундай кайфиятга мойил кимсаларга сабоқ бўлиши лозим.

Баҳодир АҲМЕДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Нарпай тумани суди раиси

photo_2024-11-15_18-11-27

ОДАМ САВДОСИ – АСР ВАБОСИ

Бутун дунё миқёсида одам савдоси жиноятига қарши курашиш долзарб вазифа ҳисобланади. Ўз навбатида, бу иллатга қарши муросасиз ва қатъият билан курашиш халқаро, минтақавий ва кўп томонлама ҳамкорликни талаб этади. Ҳозирга қадар жиноятчиликнинг ушбу хавфли турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор халқаро тавсиявий ва мажбурий тусга эга ҳужжатлари қабул қилинган. Афсуски, дунё бўйлаб шунча кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилаётганига қарамай ҳар йили жуда кўп кишилар “замонавий қуллик” ҳисобланган одам савдоси қурбонига айланмоқда. Энг ёмони, одам савдосидан азият чеккан жабрланувчиларнинг аксарияти яқин танишларининг алдови  оқибатида мушкул аҳволга тушиб қолмоқда. Уларнинг орасида юртдошларимиз ҳам борлиги ғоят ташвишланарли.

Бунга ҳаётда мисоллар кўп. Жумладан, судланувчи Ҳосила Қўшатова (исм-шарифлар шартли) терговда қисми алоҳида иш юритувига ажратилган шахслар билан одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш учун тил бириктирган. Жумладан, у Нигина Абиловани хорижда тубан иш билан шуғулланишга қизиқтириб, 2024 йил 26 март куни “Самарқанд-Истанбул” йўналиши бўйича чипта сотиб олади. Сўнг у Н. Абиловани ўзи билан бирга хорижга олиб кетаётганда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ушланади.

Жиноят ишлари бўйича Бахмал туман судининг ҳукмига кўра, Ҳ. Қўшатова Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “е” банди билан айбдор деб топилди ва унга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Кези келганда шуни алоҳида қайд этиш жоизки, одам савдосига қарши кураш борасида аҳолининг турли қатламлари, айниқса, аёллар ва вояга етмаган шахсларга бу иллатнинг фаровон ҳаётимизга соладиган хавфи ва салбий оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш асосий вазифалардан биридир.

Бугунги кунда мамлакатимизда юртдошларимизнинг хорижда меҳнат қилиши учун барча ҳуқуқий асослар яратилган. Уларнинг эмин-эркин шароитда ишлаши ҳамда муносиб ҳақ олишини таъминлаш мақсадида бир қатор имконият ва қулайликлар яратилмоқда. Ана шу қонуний имкониятлардан фойдаланиш ўрнига фирибгарларнинг турли алдовларига учаётган кишиларнинг хатти-ҳаракатини оқлаш қийин, албатта.

Бу эса, ўз навбатида, жамиятда ҳуқуқий саводхонликни янада юксалтириш, қонунчилик тарғиботини кучайтириш, энг муҳими, янги иш ўринларини яратиш орқали аҳолининг бандлигини таъминлашни тақозо этади.

Мақсуд Эрназаров,

жиноят ишлари бўйича

Бахмал тумани суди раиси

photo_2024-11-15_17-44-12

ТУНГИ ТЕКШИРУВ ЁКИ ИШДАН БЎШАТИШ – КЎНГИЛ ХОҲИШИ ЭМАС

Мамлакатимизда фуқароларнинг эркин иш танлаш, адолатли ва хавфсиз меҳнат шароитларида ишлаш ҳамда ишсизликдан ҳимояланишига бўлган ҳуқуқлари амалда кафолатланган. Яъни амалдаги мустаҳкам қонунчилик базаси ҳеч кимни асоссиз, ғайриқонуний тарзда ишдан бўшатилишига йўл қўймайди. Қуйидаги фуқаролик иши шу ҳақда.

Темир йўл созловчиси ва тўсиқлари қўриқчиси вазифасида ишлаган Б. Фармонов ва М. Сайфиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) жавобгар – “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Бухоро минтақавий темир йўл бўлими унитар корхонаси “Зиёвуддин” темир йўл масофасига нисбатан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни ғайриқонуний деб топиб, ишга тиклаш, мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириб бериш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилди. Даъвогарларнинг даъво аризалари судда бирлаштириб кўрилди.

Меҳнат низосининг келиб чиқиш сабаблари шуки, “Зиёвуддин” темир йўл масофаси касаба уюшмаси раиси Т. Бобожонов билан техник бўлим етакчи муҳандиси С. Жалилов 2023 йил 27 сентябрдан – 28 сентябрга ўтар кечаси тунги соат иккиларда Бегали Фармоновнинг хизмат вазифасини қандай бажараётгани бўйича кутилмаган текшириш ўтказади.

Эртаси куни эса, Бухоро минтақавий темир йўл узели унитар корхонаси юқори тезликдаги участкада ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўлими бошлиғи ўринбосари С. Бурҳонов ва бўлим етакчи муҳандиси Д. Файзиқулов тунги соат бир-у қирқларда М. Сайфиевнинг иш фаолиятини тўсатдан текширишга келишади. “Зиёвуддин” темир йўл масофаси бошлиғи А. Қудратовнинг 2023 йил 9 октябрдаги буйруғига кўра, текшириш натижаларига асосан Б. Фармонов ва М. Сайфиев билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинади.

Даъвогар Б. Фармонов суд мажлисида текширувчилар келган пайтда ухламагани, телефонга олинган видеотасвирида ҳам бу ҳолат акс этгани, шунингдек, бу ҳақдаги далолатнома текшириш жойида эмас, балки эртаси куни корхонада компьютерда ёзилгани, бироқ унга имзо қўймаганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, қонун талабига кўра, далолатнома ҳодиса содир бўлган жойнинг ўзида қўлда ёзилиши керак, аммо ушбу далолатнома процессуал тартиблар, қонунчилик талабалари бузилган ҳолда расмийлаштирилган.

Шунингдек, судда даъвогар бундан олдин иш фаолияти давомида бирон марта интизомий жавобгарликка тортилмагани, қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, оилада ягона боқувчи экани, иш жойида ходимлар учун талаб даражасида шарт-шароит яратиб берилмаган бўлса-да, иш берувчи томонидан унга оғир интизомий жазо тайинлаганини важ қилиб, кўрсатма берди.

Даъвогар М. Сайфиев ҳам ўзининг даъво аризаси ва судда 2023 йилнинг 28 сентябрдан – 29 сентябрга ўтар кечаси соат бир-у, элликларда хизмат хонасига келган текширувчи С. Бурҳонов ва Д. Файзиевни кутиб олганини қайд этди. Текширувчилар унга хизмат юзасидан тушунтириш бериб, телефонларига тасвирга олиб, қайтиб кетишган.

Аммо 2023 йил 3 октябрь куни “Зиёвуддин” темир йўл масофаси масъул ходимлари даъвогар М. Сайфиевни чақириб, ўша текшириш ўтказилган тунда иш пайтида ухлаб ётганлиги тўғрисида далолатнома тузилганини айтишган…

Суд мажлисида жавобгар вакиллари М. Бобобеков ва Д. Тиловмуродовнинг кўрсатмалари ҳам эшитилди. Улар даъво талабларини тан олмасдан, даъвогарлар далолатномалар билан таништирилмаган бўлса-да, бироқ бошлиқ томонидан ўтказилган мажлисда далолатномалар ўқиб эшиттирилганини билдиришди.

Иш ҳужжатларида:

• текшириш далолатномалари;

• касаба уюшмаси раиси номига Б. Фармонов ва М. Сайфиев ички тартиб меҳнат қоидаларини бузгани сабабли Меҳнат кодексининг 161-моддаси 2-қисми, 5-бандига асосан, улар билан тузилган меҳнат шартномасини бир томонлама бекор қилишга розилик берилиши сўралган хатлар;

• касаба уюшмаси қўмитаси раиси томонидан А. Қудратов номига даъвогарлар билан тузилган меҳнат шартномасини бир томонлама бекор қилишга розилик берилиши маълум қилинган хатлар мавжуд.

Суд мазкур низога адолатли ечим топишда Олий суд Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги “Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарори раҳбарий тушунтиришларига риоя қилди.

Хусусан, ушбу қарорнинг 65-бандида судлар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинишининг қонунийлигини буйруқда кўрсатилган асослар бўйича текшириши лозимлиги алоҳида кўрсатилган. Меҳнат муносабатининг бекор қилинишини суд бошқа асосда кўришга ҳақли эмас.

Меҳнат кодексининг 161-моддаси 1-қисми талабига биноан эса, номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини, шунингдек, муддати тугагунига қадар муддатли меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра, бекор қилиш асосланган бўлиши керак.

Мазкур модданинг 2-қисми 5-банди талабига кўра, ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлиги меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асосланганлигини билдиради. Ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат мажбуриятларининг бир марта қўпол равишда бузилишлари рўйхатини белгилаш ушбу Кодекснинг 162-моддасига  мувофиқ амалга оширилади.

Суд ана шу қонуний талабларга асосланиб, даъвогарларнинг талаблари асосли деган тўхтамга келди. Негаки, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқда асос сифатида касаба уюшмаси қўмитасининг 2023 йил 3 октябрдаги розилик хати ва 2023 йил 28 сентябрь ҳамда 3 октябрь кунларидаги касаба уюшмасининг мажлис қарори деб кўрсатилган.

Бироқ “Зиёвуддин” темир йўл масофаси корхонаси бошлиғи негадир Б. Фармонов ва М. Сайфиев билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш учун тақдимнома эмас, балки йўлланма хат билан касаба уюшмасига мурожаат қилган. Касаба уюшмаси қўмитаси эса, розилик бериш масаласини касаба уюшмаси қўмитаси ходимлари иштирокида муҳокама қилмаган, йиғилиш ўтказмаган ва йиғилиш баёни ёки касаба уюшмаси қўмитасининг розилик бериш тўғрисидаги қарорини қабул қилмаган.

Меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқда касаба уюшмасининг мажлиси қарори деб кўрсатилган ҳужжат, аслида, иш берувчи, яъни “Зиёвуддин” темир йўл масофаси корхонаси бошлиғи А. Қудратовнинг ўрганишлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш баёни ҳисобланади.

Суд муҳокамаси чоғида, Б. Фармонов ва М. Сайфиевнинг ички меҳнат тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузганликда ифодаланган айбли хатти-ҳаракати ҳам ўз исботини топмади. Текшириш натижасига кўра, даъвогарларни хизмат вақтида ухлаб қолган деб далолатнома тузилган бўлса-да, тақдим этилган ҳар иккала видеотасвирларда уларнинг айнан ухлаб қолганлик ҳолати сезилмайди.

Шу ҳолат юзасидан текшириш жойининг ўзида далолатнома тузилмаган, гувоҳлар, холислар иштироки таъминланмаган. Даъвогарларнинг айбли ҳаракатлари тўғрисидаги далолатнома текширишнинг эртаси куни корхона компьютерида тузилган. У ҳам даъвогарларга таништирилмаган.

Суд даъвогарлар Бегали Фармонов ва Мардон Сайфиевларнинг даъво аризаларини қаноатлантириб, уларга нисбатан чиқарилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни ғайриқонуний деб топди. Уларни ишга тиклаш, мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириб бериш тўғрисидаги даъво аризаларини қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Бухоро минтақавий темир йўл узели унитар корхонаси “Зиёвуддин” темир йўл масофасидан Б. Фармонов ва М. Сайфиевнинг ҳар бири фойдасига 2023 йил 9 октябрь кунидан 2024 йил 12 февраль кунига қадар мажбурий прогул учун 21 миллион 159 минг 466 сўмдан иш ҳақи, 5 миллион 289 минг 866 сўмдан маънавий зарар ундирилди.

Шунингдек, дастлаб почта харажатлари учун тўланган суммалар ҳам даъвогарлар фойдасига ундирилиши ҳал қилув қарорида қайд этилди.

Бундан ташқари суд жавобгар ҳисобидан давлат фойдасига 4 миллион 412 минг 757 сўм давлат божи ундирди.

Гувоҳи бўлганингиздек, ишдан бўшатиш — кўнгил хоҳиши эмас.

Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари мустаҳкам ҳимоядадир. Шундай экан, бу борада ҳар қандай ғайриқонуний хатти-ҳаракат ёки қонун бузилишига йўл қўйилмайди.

Шуҳрат ҒУЛОМОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Каттақўрғон туманлараро суди судьяси

photo_2024-11-15_18-00-19

ТИЛ ДИЛГА ЙЎЛ ТОПАДИ. БАЪЗАН АКСИНЧА, ОЗОР ЕТКАЗАДИ

Халқимизнинг кўп минг йиллик қадрияту анъаналарида каттага ҳурматда, кичикка иззатда бўлиш, айниқса, муҳтож кишиларга кўмак бериш, уларнинг оғирини енгил қилиш алоҳида эъзозланади. Буларнинг акси бўлган жиззакилик, дилозорлик сингари иллатлар эса, қаттиқ қораланади. Халқимизга хос бу қадриятлар Конституциямизнинг 13-моддасида ҳам ўз ифодасини топган: “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”. Шунингдек, Конституциямизнинг 21-моддасига кўра, инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шарт. Афсуски, ҳаётда баъзан азалий қадриятларимизга зид ҳолатлар ҳам учраб туради. Яъни айрим кимсалар ўзгаларнинг шаъни ва қадр-қимматини топташдан ҳам тап тортишмайди.

Мисол тариқаси айтсак, Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Салима Азимова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўйламай-нетмай гапиришнинг жабрини тортишга мажбур бўлди. Аниқланишича, С. Азимова туманнинг Феруза кўчаси, 5А-уй олдида кўп қаватли уйлар бошқаруви бошлиғи лавозимида фаолият юритувчи Г. Холисова билан тортишиб қолади. Икки ўртадаги можаро кўп қаватли уйнинг ертўласидаги қувурлар носозлиги ҳақидаги баҳсдан келиб чиқади.

Салима Азимова шуни рўкач қилиб, мутасадди ташкилот вакилларини “Ўғрисизлар” дея ҳақорат қилади. Бундан табиийки, Г. Холисова кўпчиликнинг олдида мулзам бўлади. Бинобарин, у ўзининг шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади. Натижада С. Азимовага нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилган.

Бундан ташқари Асадулло Ўрмоновга ҳам қизиққонлиги панд берди. Гап шундаки, у таниши Ш. Абдуллаева билан телефон орқали мулоқот қилаётиб, баҳслашиб қолади.

А. Ўрмонов кутилмаганда қуюшқондан чиқиб, Ш. Абдуллаевани беҳаё сўзлар билан ҳақорат қилади. Бу ҳолатда ҳам жабрланувчининг мурожаати асосида А. Ўрмоновга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Ҳар икки иш жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида кўриб чиқилди. Аниқланган ҳолатларга кўра, суд С. Азимовани Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси билан айбдор деб топиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари – 10 миллион 200 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинлади. А. Ўрмонов эса, ушбу кодекснинг 41-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилди. Бироқ унинг қарамоғида касалманд ота-онаси борлиги инобатга олинди ва кодекснинг 33-моддаси тартибида базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари – 1 миллион 20 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Юқорида ўзингиз гувоҳ бўлгандек, С. Азимовага ҳам, А. Ўрмоновга ҳам одоб доирасидан четга чиқиш, жиззакилик қимматга тушди.

Жамиятда тинчлик-осойишталик барқарор бўлиши фуқароларнинг ўзаро аҳил-иноқлигига чамбарчас боғлиқ. Шундай экан, биз ўз одоб-ахлоқимиз, ўзгаларга хушмуомаламиз билан нафақат ён-атрофимиздагиларга ҳурмат кўрсатамиз, балки жамиятимиз осойишталигига ҳам ҳисса қўшган бўламиз.

Бошқача айтганда, бу ҳол миллий таълим-тарбия тизимимизда ҳам ўз аксини топган. Чунончи, “Ўзингни эр билсанг — ўзгани шер бил” қабилидаги ҳикматларимиз сингари шарқона одоб-ахлоқ қоидалари замирида ҳам бошқа инсонларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш ҳисси устувор. Буни ҳеч қачон эсдан чиқармаслик лозим.

Дилноза ҲОЛИҚНАЗАРОВА,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани

суди судьяси

cc1a812fcd2849b148e0337280f3bffa

ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!

Ўзбекистон Республикаси Олий суди марказий аппаратига катта консультант лавозимига олий юридик маълумотли ва юридик ихтисослиги бўйича камида уч йиллик иш стажига эга бўлган шахслар ишга таклиф қилинади.

Номзодлар ишга танлов асосида қабул қилинади.

Танлов бўйича номзодни ишга қабул қилиш Олий суднинг Кадрлар заҳирасини шакллантириш бўйича комиссия суҳбати натижаси бўйича амалга оширилади.

Танловда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар Олий суднинг nazorat.oliy@sud.uz электрон манзилига қуйидаги ҳужжатларни юборишлари сўралади:

  • ариза;
  • маълумотнома (объективка) ва яқин қариндошлар тўғрисида маълумот;
  • диплом нусхаси;
  • паспорт нусхаси;
  • меҳнат дафтарчаси нусхаси.

Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар 2024 йил 4 сентябрь куни соат 18.00 га қадар қабул қилинади.

Манзил: Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Абдлулла Қодирий кўчаси, 1-уй.Мурожаат учун тел.: (71) 239-01-79, (88) 130-23-25.

photo_2024-11-15_17-18-30

ФОЙДАЛАНИЛМАГАН  ЕР МАЙДОНИ СУД ҚАРОРИ БИЛАН ЗАХИРАГА ҚАЙТАРИЛДИ

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 68-моддасига кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

Аммо ҳаётда ушбу конституциявий қоидага амал қилмайдиган шахслар ҳам учраб туради. Масалан, Навбаҳор тумани проку­ратураси судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Эъзозим келажаги” масъулияти чекланган жамиятига ажратилган 2.5 гектар ер майдонига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ва ер майдонини захирага қайтаришни сўраган.

Аниқланишича, Навбаҳор тумани ҳокимининг 2020 йил 17 сентябрдаги 431-сонли қарорига асосан, “Эъзозим келажаги” масъулияти чекланган жамиятига 2.5 гектар ер майдони интенсив боғ барпо этиш учун 10 йил муддатга вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилган.

Ер кодексининг 20-моддасига кўра, ер участкалари вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига асосан давлат органларига, муассасаларига ва корхоналарига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга берилади.

Ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Шунга кўра, “Эъзозим келажаги” масъулияти чекланган жамиятига вақтинча фойдаланиш учун ажратилган ер майдонига бўлган ҳуқуқ 2021 йил 25 октябрда давлат рўйхатидан ўтказилган.

Шу ўринда яна қонун талабига эътибор қаратсак, Ер кодексининг 36-моддаси биринчи қисми 10-бандида қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ер участкасидан бир йил мобайнида ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида, ер участкаси ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилиниши белгиланган.

Айтиш керакки, “Эъзозим келажаги” масъу­лияти чекланган жамияти қонуннинг ушбу талабига риоя этмаган. Яъни иш ҳужжатларида қайд этилишича, жавобгар ўзига ажратилган ер участкасидан талаб даражада фойдаланмаган, томчилатиб суғориш усули асосида боғ ва токзор ташкил этмаган, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширмаган.

Албатта, бундай масъулиятсизлик учун қонунда тегишли жавобгарлик белгиланган. Жумладан, ер тўғрисидаги қонунчилик бузилган бошқа ҳолларда ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи орган томонидан ер эгаси ёки ердан фойдаланувчи олдиндан огоҳлантирилганидан сўнг туман (шаҳар) ҳокимига ер участкасини олиб қўйиш ҳақида тақдимнома киритилади.

Туман (шаҳар) ҳокими тақдимнома асосида бир ойлик муддатда уни олиб қўйиш ҳақида судга даъво аризаси киритиши лозим. Туман (шаҳар) ҳокими, зарур ҳолларда, ер участкасининг ҳолатини ҳамда ер эгаси ёки ердан фойдаланувчи томонидан ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг сифатини қўшимча равишда текширишни тайинлашга ҳақли.

Шунингдек, Олий суд Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги “Судларда ерга оид низоларни кўришда қонунчилик ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорида ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш масаласи, Ер кодексининг 38-моддасига мувофиқ, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи органнинг ер эгасини ёки ердан фойдаланувчини олдиндан огоҳлантирганидан кейин туман (шаҳар) ҳокимига ер участкасини олиб қўйиш ҳақида киритилган такдимнома асосида туман (шаҳар) ҳокимининг ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ва ер майдонини олиб қўйиш ҳақидаги даъво аризасига биноан, суд тартибида ҳал этилиши кўрсатилган.

Суд юқорида қайд этилган қонуний асосларга таянган ҳолда “Эъзозим келажаги” масъулияти чекланган жамиятига ажратилган ер участкасидан уч йилдан ортиқ вақт давомида фойдаланилмаганлиги сабабли ер майдонини туман ҳокимлиги захирасига қайтариш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса қилиб айтганда, ер — қут-барака манбаи. Бироқ ундан унумли фойдалангандагина ана шундай бемисл хусусиятларини намоён қилади.

Шундай экан, давлат ва халқ бойлиги бўлган ерни қаровсиз қолдиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Бекзод Жумаев,

Навбаҳор туманлараро

иқтисодий суди раиси

photo_2024-11-15_17-08-05

АДОЛАТЛИ ЕЧИМ ТАКРОРИЙ СУД МУҲОКАМАЛАРИ ЖАРАЁНИДА ҚАРОР ТОПДИ

Аввало шуни қайд этиш жоизки, амалдаги қонунчилигимизда ижтимоий ҳаётда юзага келадиган барча низоларга адолатли ечим мавжуд. Бироқ баъзан барвақт хулосага келиш, воқелик моҳиятини ҳар томонлама синчковлик билан ўрганмаслик каби бир томонлама ёки юзаки ёндашувлар оқибатида айрим ҳуқуқий масалалар узоқ вақт давомида ўз ечимини топмай келади. Қуйида ана шундай ҳолатлардан бири ҳақида фикр юритамиз.

Конституциямизда белгиланган ҳуқуқий меъёрларга кўра, ҳар бир фуқаро мулкдор бўлиш, ушбу мулкни тасарруф этиш ва уни кўпайтиришга ҳақли.

Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида яшовчи Навбаҳор Абилова 2021 йилнинг январь ойида Бош Қомусимизда белгиланган ана шу тамойилга кўра, мазкур туманнинг “Махтумқули” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган собиқ врачлик пунктини инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар эвазига олди-сотти шартномаси асосида сотиб олади. Мулк ҳуқуқи тегишли тартибда давлат рўйхатидан ҳам ўтказилади.

Унга асосан, харидор бино учун белгиланган 301 миллион сўмни сотувчи (Қорақалпоғистон Республикаси Давлат активлари бошқармаси) га 2021 йилнинг 19 апрель санасигача тўлаш мажбуриятини зиммасига олади.

Бироқ “Gulxon Durdona Shukur” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Навбаҳор Абилова тўлов юзасидан зиммасига олган мажбуриятини бажаришга шошилмайди. Шартнома муддати охирлаган 2021 йилнинг 19 апрелигача белгиланган миқдордаги пулнинг бор-йўғи 11 миллион сўмини тўлайди. 290 миллион сўм насиялигича қолади. У тўловни шартномада белгиланган муддатларда амалга ошириш ҳақида юборилган талабномаларни ҳам оқибатсиз қолдиради.

Шундан сўнг сотув бўйича воситачи ҳисобланган Қорақалпоғистон Республикаси Давлат активлари бошқармаси ўзи ва “Gulxon Durdona Shukur” масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2021 йил 25 январда тузилган “РК-388 э”-сонли шартномани бекор қилиш ва мулкни Беруний туман ҳокимлиги тасарруфига қайтаришни сўраб, судга мурожаат қилади.

Суд томонидан даъво талаби қаноатлантирилади.

Бу ҳолат Беруний туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 25 августдаги ҳал қилув қарорида ўз ифодасини топган. Суднинг бу қарори кутилганидек, жавобгар тарафнинг эътирозига сабаб бўлади. Низоли масаланинг муҳокамаси Қорақалпоғистон Республикасининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция босқичида давом этди. Унда дастлабки босқич судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва ишни янгидан кўриш учун тағин Беруний туманлараро иқтисодий судига юбориш юзасидан ажрим чиқарилди. Туманлараро суди мазкур низоли масалани яна бир марта муҳокама қилди. Суд жараёни 2024 йилнинг 8 январида ниҳоясига етди. Факт ва далиллар даъвогарнинг талаби ўринли эканлигини кўрсатди. Унинг сўрови бу гал ҳам қаноатлантирилди. Аммо жавобгар мағлубиятга тан берадиганлар сирасидан эмас, шу боисдан шикоят яна давом эттирилди. Навбатдаги аризани кўриб чиққан Қорақалпоғистон Республика судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ўзининг 2024 йил 4 апрелдаги қарори билан биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирди. Табиийки, эътироз тўлқини бу билан ҳам босилмади. Жавобгар яна юқори турувчи суд органига мурожаат қилиб, ўзи илгари сурган важ ва далилларни атрофлича текширишни сўради. Даъво талаби қабул қилинди. Гал яна судловга етди.

Хуллас, кейинги суд жараёни Хоразмга кўчди: вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича тафтиш ҳайъати иш тафсилотларини атрофлича ўрганди.

Томонларнинг фикр-мулоҳазалари, судга тақдим этилган факт ва далиллар батафсил кўриб чиқилди. Суд мажлисида кўрсатма берган жавобгар тараф – “Gulxon Durdona Shukur” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Н. Абилова муқаддам – 2021 йилнинг 25 январида тузилган инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларга оид шартноманинг алоҳида бандига мувофиқ ўзи харид қилган қишлоқ врачлик пункти биносини қайта жиҳозлаш ва уни янги тадбиркорлик шохобчасига айлантириш жараёни давом этаётганлигини билдирди. Ушбу мақсад учун сарфланадиган маблағнинг умумий ҳажми 1 миллиард сўмдан ҳам зиёд эканини баён этди. Унинг айтишича, янги тадбиркорлик субъектини вужудга келтириш учун сарфланаётган катта ҳажмли инвестициявий маблағлар орадаги олди-сотти шартномасида белгиланган тўловни ўз вақтида амалга оширишга жиддий монелик қилган ва ҳозирда маблағ етишмовчилиги билан боғлиқ ушбу муаммони ҳал этиш имконияти пайдо бўлмоқда. Жавобгарнинг ушбу кўрсатмасига қарзни ундиришдан манфаатдор бўлган Давлат активлари бошқармаси ва Беруний туман ҳокимлиги вакиллари эътироз билдиришмади. Аксинча, суд мажлисида сўзга чиққан даъвогар вакили тарафлар ўртасида келишув битими тузилганлигини маълум қилди ва суддан уни тасдиқлашни сўради. Айни шундай мазмундаги сўров бинонинг амалдаги эгаси – туман ҳокимлиги томонидан ҳам ўртага ташланди.

Сирасини айтганда, бу низолашиб келган томонлар учун ҳам, ишнинг адолатли ҳамда қонуний ечимини назарда тутган тафтиш суди ҳайъати учун ҳам айни муддао бўлди.

Муроса ва мадорага не етсин?! Бинобарин, амалдаги қонунлар ҳам бундай келишувни ёқлайди. Чунончи, Иқтисодий-процессуал кодекснинг 131-моддасига кўра, тарафлар низони келишув битими ёки медиатив келишув тузиб, ҳал этиши мумкин. Мазкур битим ёки медиатив келишув даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин. Битим иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида, суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида, медиатив келишув эса, биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафлар томонидан тузилиши мумкин.

Келишув битими у суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган ҳисобланади.

Тафтиш суди ана шу асосларга биноан, тарафлар ўртасида 2024 йил 7 августда тузилган битимни тасдиқлади. Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Давлат активлари бошқармаси ва Беруний туман ҳокимлиги мазкур битимга биноан шартномадан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш учун шу йил охиригача муддат белгилаб беради; “Gulxon Durdona Shukur” масъулияти чекланган жамияти ушбу шартга тўлиқ рози бўлиб, даъвогар идора ва фуқаро Навбаҳор Абилова ҳамда туман ҳокимлиги ўртасида 2021 йил январь ойида уч томонлама тузилган инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар шартномасида кўрсатилган ишларни бажаришга оид барча ҳисоботларни, инвестициялар амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек, ишлаб чиқариш учун имконият ва шароитлар мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади; Республика Давлат активлари бошқармасига 267,7 миллион сўмлик харид тўлови ва 106,5 миллион сўмлик шартномавий устамани тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Иқтисодий-процессуал кодекснинг 110-моддаси бўйича, келишув битими тузилиб, суд томонидан тасдиқлангач, иш юзасидан аввал қабул қилинган суд қарорлари бекор қилинади ва суд иши ҳаракатдан тугатилади.

Тафтиш ҳайъати суди қонунчиликнинг ана шу талабларини изчил бажарди. Ушбу иш бўйича Беруний туманлараро иқтисодий суди томонидан 2024 йил 8 январда ва Қорақалпоғистон Республикаси суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан 2024 йил 4 апрелда қабул қилинган қарорлар бекор қилинди. Жавобгар тарафидан амалга ошириладиган тўловни жорий йилнинг 31 декабрига қадар адо этиш мажбурияти унинг зиммасига юклатилди.

Хулоса қилиб айтганда, адолат, одиллик ва қонунийлик номи билан аталмиш эзгулик тамойили кеч бўлса-да, рўёбга чиқди. Мазкур низоли масала боши берк кўчага кириб қолгани ҳақидаги баъзи тахмин ва баҳс-мунозараларга чек қўйилди. Инсонпарварликка асосланган қонунчилигимиз ҳақиқат ҳеч маҳал синмаслигини, адолат ерда қолмаслигини, қонунийлик эса, ҳамиша тантана қилишини яна бир марта амалда тасдиқлади. Зеро, адолат ва қонунийлик излаганлар эзгу орзуларига жавоб топади, албатта.

Музаффар Бобоназаров,

Хоразм вилояти судининг

 иқтисодий ишлар бўйича

судлов ҳайъати судьяси,

Абдулла Собиров,журналист

#thegov_button_69cc5d69a7f2c { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cc5d69a7f2c:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cc5d69a7f2c { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cc5d69a7f2c:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!