1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2025-04-22_10-56-06

ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИ: ЖАРИМА БАЛЛАРИ БЕЛГИЛАНИШИНИНГ МОҲИЯТИ ВА АҲАМИЯТИ

Ҳар йили дунё бўйлаб минглаб йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиб, йўл ҳаракати қатнашчилари ҳаётига жиддий хавф солади. Ушбу ҳодисалар нафақат одамларнинг саломатлиги ва ҳаётига салбий таъсир кўрсатади, балки мамлакатлар иқтисодиётига ҳам катта зарар етказади.

Шу боис мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш ва ҳар бир фуқаронинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишини назоратга олиш бугунги кунда долзарб масалага айланган.

Статистик маълумотларга кўра, биргина 2024 йилда мамлакатимиз ҳудудида 9 минг 364 та йўл-транспорт ҳодисаси расман қайд этилган.

Бунинг оқибатида 2 минг 203 киши ҳалок бўлган, 8 минг 901 киши турли даражада жароҳат олган. Мазкур кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 475 кишига ёки 4,8 фоизга кам, бироқ йўлларда хавфсизликни янада кучайтириш зарур.

Шу боисдан, сўнгги йилларда мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш, хусусан, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ваколатли давлат органлари масъулиятини ошириш, мавжуд йўл ҳаракати қоидаларини янада такомиллаштирган ҳолда, ҳаракат хавфсизлиги назоратини кучайтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ушбу йўналишдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг масъулиятини, жавобгарлигини янада ошириш мақсадида, жорий йилнинг 20 февраль куни «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга бир қатор муҳим қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчалар, айниқса, йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича жарима баллари тизими такомиллаштирилиши туфайли транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи билан боғлиқ жазо тадбирлари мустаҳкамланди.

Яъни ушбу кодексда “йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун” маъмурий жавобгарлик белгиланди. Жумладан, янги киритилган 34-1-модданинг биринчи қисмига кўра, ушбу кодекснинг 125-моддаси учинчи ва бешинчи қисмларида, 126-моддасида, 127-моддаси биринчи қисмида, 128-3-моддасида, 128-4-моддаси иккинчи қисмида, 128-5, 128-6, 128-8, 128-9, 129, 130-моддаларида, 137-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги учун транспорт воситасининг ҳайдовчисига нисбатан мазкур моддаларда назарда тутилган “асосий жазо билан бирга жарима баллари” ҳисобланади.

Бунда содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун ҳисобланадиган жарима баллининг энг юқори миқдори икки баллдан ошмаслиги керак. Жарима баллари юқорида белгиланган ҳуқуқбузарликлардан бири биринчи марта содир этилган кундан эътиборан бир йил давомида ҳисоблаб борилади ва бир йил ўтгач, улар транспорт воситасининг ҳайдовчисидан автоматлаштирилган тарзда олиб ташланади.

Эътиборли жиҳати шундаки, ҳисобланган жарима баллари бир йил давомида 12 баллдан ошган ҳолларда, охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун белгиланган тартибда қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчи транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

Шунингдек, бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати 6 ойдан кам бўлмаслиги белгиланган бўлиб, маъмурий жазо жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўлланилади.

Мисол учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-6-моддасида транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидалари бузилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган. Янги киритилган тартибга кўра, агар ҳайдовчи ушбу ҳуқуқбузарликни содир этса, у нафақат белгиланган жаримани (БҲМ 2 баробари) тўлайди, шу билан бирга унга нисбатан қўшимча жарима балларини ҳам ҳисоблаш бошланади.

Бунда агар йиғилган жарима баллари ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб бир йил давомида 12 баллдан ошмаса, тўпланган баллар автоматлаштирилган тарзда ўчирилади ва юқорида қайд этилган ҳуқуқбузарликлардан бири янгидан содир этилган кундан жарима балларини қайта ҳисоблаш бошланади.

Аксинча, бир йил ичида қонун билан белгиланган 12 баллдан ошадиган бўлса, ҳайдовчи қўшимча жазо сифатида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин. Бироқ бунда жарима баллари ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун 2 баллдан ошмаслиги талаб қилинади ва балларни ҳисоблаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Жарима баллари тизими маъмурий жавобгарликни амалга оширишда янги ва муҳим механизмлардан бири ҳисобланади. Янги тизимнинг асосий мақсади — йўл ҳаракати қоидабузарликларининг олдини олиш, ҳайдовчилик маданиятини шакллантириш ва жавобгарликни оширишдир.

Шунингдек, мазкур тизим қуйидаги жиҳатлари билан аҳамиятлидир:

биринчидан, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва мониторинг қилиш: жарима баллари тизими ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва тизимли тарзда ҳисобга олишга хизмат қилади. Ҳар бир йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун белгиланган жарима баллари тизими, қоидаларни бузган ҳайдовчиларнинг фаолиятини автоматик равишда мониторинг қилиш имконини беради ва жарима балларини ҳисоблаш орқали ҳайдовчиларнинг ўтмишдаги ҳуқуқбузарликларини кузатиш ва уларнинг жавобгарлигини оширишга хизмат қилади;

иккинчидан, ҳайдовчиларнинг интизомини ошириш: жарима баллари тизими ҳайдовчиларнинг қоидаларга риоя қилишга бўлган интизомини оширишга қаратилган. Ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун балл йиғилиши ҳайдовчиларга уларнинг иқтисодий ва ҳуқуқий оқибатлари ҳақида эслатиб туради. Жарима балларини йиғиш ҳайдовчиларни қоидаларга қатъий риоя қилган ҳолда ҳаракатланишга ундайди, чунки баллар кўпая борган сари, уларнинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини йўқотиш хавфи ҳам ортиб боради;

учинчидан, мазкур тизим ҳайдовчининг йўл ҳаракати қоидаларини бузишини мониторинг қилишга қаратилгани боис, ҳайдовчилик гувоҳномаларини ноқонуний тарзда олишга ҳам жиддий таъсир кўрсатади.

Ҳайдовчининг жавобгарлигини ошириш ва қоидаларга риоя қилишга ундаш орқали тизим ҳар қандай ҳуқуқбузарликка, шу жумладан, ҳайдовчини ноқонуний йўл билан ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга қарши курашишга қаратилган профилактик таъсирни тақдим этади.

Хулоса қилиб айтганда, жарима баллари тизими маъмурий жавобгарликнинг самарадорлигини ошириш, қоидабузарликларни камайтириш ва жамиятда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим механизмдир.

Қаҳрамон МИРСАФОЕВ,

Тошкент шаҳар судининг

 жиноят ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси

Read More
photo_2025-03-25_15-19-09

МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИККА БЕПАРВОЛИК ЖИНОЯТГА ЙЎЛ ОЧАДИ

Қонунчиликдаги “жиноят” ва “ҳуқуқбузарлик” деган тушунчаларни ҳар ким турлича қабул қилади. Аниқроғи, кўпгина маъмурий ҳуқуқбузарликларга нисбатан жарима жазоси тайинланиши боис баъзилар бепарво муносабатда бўлиши ҳам учраб туради. Бу эса, ўз навбатида, ҳуқуқбузарликлар сони ортишига сабаб бўлади.

Бинобарин, амалдаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиб, тегишли модда санкциясида белгиланган жазо чоралари енгилроқ деб топилганлари бўйича жавобгарлик кучайтирилмоқда. Масалан, бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлган йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашни оладиган бўлсак, бу борадаги аксарият ҳуқуқбузарликлар ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига онгли равишда итоат этмаслиги туфайли юз бераётганини кузатиш мумкин.

Шу маънода айтганда, жорий йил 20 февралда қабул қилинган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун моҳият-мазмунига кўра, ҳайдовчиларнинг масъулияти ва жавобгарлигини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Хусусан, ушбу қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “Транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш” дея номланган 131-моддасидаги жавобгарлик кучайтирилди. Яъни ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқариши — транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан уч йил муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Агар худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилса, ҳайдовчи базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима жазосига тортилади ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олинади.

Шу ўринда ҳаётий мисолга эътибор қаратсак, Жалақудуқ тумани Олмазор маҳалласида яшовчи Шуҳрат Муҳсинов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2025 йил 22 февраль куни кечки овқатланишда спиртли ичимлик ҳам истеъмол қилади. Аммо у мастлигига қарамай, “Матиз” русумли автомашинасида йўлга чиқади. Соат 19:12 ларда қўшни Қўрғонтепа туманининг Ойим маҳалласи ҳудудида автомашинасини бошқариб бораётганда, туман ИИБ профилактика инспектори томонидан тўхтатилади. Ш. Муҳсиновнинг ҳужжатларини текширар экан, ундан таралаётган спиртилик ичимлик ҳидини инспектор сезади. Шунинг учун ҳайдовчи тиббий кўрикдан ўтказилади. Оқибатда унинг мастлиги тиббий баённома билан ҳам тасдиқланади. Автомашина эса, жарима майдонига жойлаштирилади. Қолаверса, Ш. Муҳсиновга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилади. Мазкур ишни кўриб чиққан суд ҳуқуқбузарни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, уни 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этди. Шу билан бирга, базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида, яъни ўн беш миллион сўм жарима жазоси ҳам тайинлади.

Бундан ташқари юқоридаги қонун асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс “Йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун маъмурий жазо қўлланилиши” деб номланган 34-1-модда билан тўлдирилди. Унга мувофиқ, кодекснинг 125-моддаси учинчи ва бешинчи қисмларида, 126-моддасида, 127-моддаси биринчи қисмида, 128-3-моддасида, 128-4-моддаси иккинчи қисмида, 128-5, 128-6, 128-8, 128-9, 129, 130-моддаларида, 137-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги учун транспорт воситасининг ҳайдовчисига нисбатан мазкур моддаларда назарда тутилган асосий жазо билан бирга жарима баллари ҳам ҳисобланади. Бунда содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун ҳисобланадиган жарима балининг энг юқори миқдори икки баллдан ошмаслиги керак.

Жарима баллари ушбу кодекснинг 34-1-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлардан бири биринчи марта содир этилган кундан эътиборан бир йил давомида ҳисоблаб борилади. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун ҳисобланган жарима баллари бир йил ўтгач, транспорт воситасининг ҳайдовчисидан автоматлаштирилган тарзда ечилади.

Ҳисобланган жарима баллари бир йил давомида ўн икки баллдан ошган ҳолларда, охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун ушбу кодекснинг 24 ва 28-моддаларига мувофиқ, қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчи транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати олти ойдан кам бўлмаслиги керак.

Йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун маъмурий жазо жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўлланилади. Транспорт воситасининг ҳайдовчисига нисбатан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима балларини ҳисоблаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Зеро, йўл фақат қонуний ҳаракатланишни талаб қилади. Буни ҳеч бир ҳайдовчи унутмаслиги зарур.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳуқуқбузарлик каттами-кичикми, айбдор шахс унинг моҳиятини теран англаб етиши шарт. Аксинча, бепарволик сабаб бўлиб маъмурий ҳуқуқбузарликлар бора-бора жиноятга йўл очиши ҳеч гап эмас. Жиноят эса — аянчли оқибат демакдир.

Султонмақсуд ХОЛБОТИРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Жалақудуқ туман судининг

тергов судьяси

Read More
photo_2025-02-28_18-16-09

ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ФАҚАТ ҚОНУНИЙ ЮРИШНИ ТАЛАБ ЭТАДИ

Сўнгги йилларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб масалалардан бирига айланди. Бунга бир жиҳатдан транспорт воситалари сонининг ортиши, қолаверса, йўлларнинг носозлиги билан изоҳланса, иккинчидан кўпгина ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига онгли равишда итоат этмаслиги, қасддан бузиши, қоидаларни очиқдан-очиқ менсимаслигига боғлиқ бўляпти.

Бинобарин, айни йўналишдаги қонунчиликни такомиллаштириш, ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг масъулиятини, жавобгарлигини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Шу маънода айтганда, жорий йилнинг 20 февраль куни “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди.

2025 йил 1 январдан буён маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар тергов судьялари томонидан кўрила бошлангани боис мен юқоридаги қонун асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар хусусида тушунтириш бермоқчиман.

Дастлабки ўзгартириш кодекснинг “Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги” деб номланган 17-1-моддасига киритилди. Яъни махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори ёки мазкур транспорт воситасидан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида белгиланган тартибда фойдаланган шахс тортилади. Ваҳоланки, айни пайтгача транспорт воситасининг мулкдори жавобгар бўларди.

Юридик шахсга қонунчиликка мувофиқ тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка юридик шахснинг транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахси ёки мазкур транспорт воситасидан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида белгиланган тартибда фойдаланган шахс тортилади.

Шунингдек, кодекс “Йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун маъмурий жазо қўлланилиши” деб аталган 34-1-модда билан тўлдирилди.

Унга мувофиқ, кодекснинг 125-моддаси 3 ва 5 қисмларида, 126-моддасида, 127-моддаси 1 қисмида, 128-3-моддасида, 128-4-моддаси 2 қисмида, 128-5, 128-6, 128-8, 128-9, 129, 130-моддаларида ва 137-моддаси 1 қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги учун транспорт воситасининг ҳайдовчисига нисбатан мазкур моддаларда назарда тутилган асосий жазо билан бирга жарима баллари ҳисобланади.

Бунда содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун ҳисобланадиган жарима балининг энг юқори миқдори икки баллдан ошмаслиги керак.

Жарима баллари ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлардан бири биринчи марта содир этилган кундан эътиборан бир йил давомида ҳисоблаб борилади. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун ҳисобланган жарима баллари бир йил ўтгач транспорт воситасининг ҳайдовчисидан автоматлаштирилган тарзда ечилади.

Ҳисобланган жарима баллари бир йил давомида ўн икки баллдан ошган ҳолларда, охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун ушбу Кодекснинг 24 ва 28-моддаларига мувофиқ қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчи транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати олти ойдан кам бўлмаслиги керак.

Йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун маъмурий жазо жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўлланилади.Транспорт воситасининг ҳайдовчисига нисбатан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима балларини ҳисоблаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Энг муҳими, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс айнан ҳайдовчиларнинг жавобгарлигини оширадиган 128-8, 128-9 ва 128-10 моддалар билан тўлдирилди. Эътибор беринг, 128-8-модда “Транспорт воситасида одам ташиш қоидаларини бузиш” дея номланди. Негаки айрим йўловчи ташувчи ҳайдовчилар йўлда кетаётганда фуқароларнинг ҳаётини хавф остига қўйиб, номаъқул ҳаракатлар қилади. Шу боис одам ташиш қоидаларини бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима жазоси белгиланди.

Автобус ва микроавтобусларда ички ишлар органларининг ҳамроҳлигисиз одам ташиш, агар уларнинг ҳамроҳлигида одам ташиш шарт бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

128-9-моддага биноан эса транспорт воситаларини қувиб ўтиш қоидаларини бузган ҳайдовчи базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима жазосига тортилади.

Бундан ташқари, 128-10-модда билан йўл безорилиги учун маъмурий жазо белгиланди. Йўл безорилиги, яъни транспорт воситалари ҳайдовчиларининг бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатига қасддан тўсқинлик қилиши, ҳаракатланиш бурчагини ва (ёки) тезлигини сақлаган ҳолда транспорт воситасини сабабсиз сирпантириши (дрифт), ўз йўналишида ҳаракатланиш бўлагини сабабсиз кескин равишда уч ва ундан ортиқ марта узлуксиз ўзгартириши (бундан махсус ажратилган жойларда содир этиш мустасно) ёки йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланишига таҳдид солувчи ёхуд транспорт воситасида йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига нисбатан ҳурматсизликда ифодаланган бошқа хатти-ҳаракатларни намойишкорона содир этиши транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан бир йилдан икки йилгача муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Агар транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳайдовчининг йўл безорилигини содир этса, у базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жаримага тортилади ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олинади.

Хулоса ўрнида айтганда, йўл фақат қонуний ҳаракатланишни талаб қилади.

Буни ҳеч бир ҳайдовчи унутишга ҳақли эмас.

Нодиржон Кимсанов,

жиноят ишлари бўйича

Косонсой туман судининг

 тергов судьяси

Read More
photo_2025-08-26_14-44-53

ЯНГИ ТАЙИНЛАНГАН СУДЬЯ ҚАСАМЁД ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Олий суд Пленумининг навбатдан ташқари мажлисида илк бор судьялик лавозимига тайинланган судьянинг қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди. 

Мажлисда Судьялар олий кенгашининг 2025 йил 13 февралдаги қарорига муфовиқ судьялик лавозимда бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Қарши туманлараро маъмурий судининг судьяси лавозимига тайинланган Баҳодир Абдимуминовнинг қасамёди эшитилди.

Қасамёд қабул қилган янги судьяга судьялик гувоҳномаси ва “Судьялар одоби кодекси” топширилди.

Read More
photo_2025-05-21_14-44-39

ШАРТНОМА ШАРТЛАРИ ТОМОНЛАРГА БИРДЕК МАЖБУРИЯТ ЮКЛАЙДИ

Мамлакатимиз иқтисодий судларида энг кўп кўриладиган ишлардан бири – шартномавий муносабатлардан келиб чиқадиган низолардир. Бинобарин, мазкур тоифадаги низоларни ҳал этиш борасида Олий суд томонидан қатор тавсия ва кўрсатмалар берилган.

Иқтисодий судлар, хусусан, қурилиш пудрати ва олди-сотди шартномаларидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда Фуқаролик кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонун ҳамда Олий суд Пленуми қарорларига таянади.

Айтиш керакки, қурилиш пудрати шартномаси буюртмачи ва пудратчи ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳужжатдир. Борди-ю қурилиш пудрати шартномасида муҳим шартлар назарда тутилмаган бўлса ҳамда ушбу шартларни белгилаш имконияти бўлмаса, бундай шартнома тузилмаган деб ҳисобланади.

Шартномада муҳим шартларнинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги суд томонидан низоларни ҳал этишда аниқланади. Бунда шартномада муҳим шартлар мавжуд эмаслиги ҳақидаги ўзининг важларини низонинг тарафи даъво аризасида ёки даъво аризаси юзасидан билдирилган ёзма фикрида келтириши мумкин.

Агар ишни кўриш жараёнида шартномада бундай шартларнинг мавжуд эмаслиги аниқланса, суд низо юзасидан қурилиш ишларини бажаришда расмийлаштирилган ҳужжатлар асосида қарор қабул қилиб, унинг асослантирувчи қисмида қурилиш пудрати шартномаси тузилмаганлигини кўрсатиб ўтади.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, 2024 йил 1 июль куни “Ҳудудий минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонаси ва “YO’LOVCHI QURUVCHI” масъулияти чекланган жамият ўртасида пудрат шартномаси имзоланган.

Мазкур шартнома 2024 йил 2 июлда маҳаллий молия ва ғазначилик органларида рўйхатдан ўтказилган. Унга мувофиқ, “YO’LOVCHI QURUVCHI” масъулияти чекланган жамият 2024 йил 30 октябрга қадар “Урганч — Хива” йўлида жорий таъмирлаш ишларини бажариши белгиланган. Бунинг учун тадбиркорнинг ҳисоб рақамига 940 миллион сўм маблағ ўтказиб берилган.

Бироқ таъмирлаш ишлари белгиланган муддатда тугалланмаган. Шундан сўнг 2024 йил 7 ноябрь куни унитар корхона томонидан “YO’LOVCHI QURUVCHI” масъулияти чекланган жамиятга огоҳлантириш хати юборилган. Аммо огоҳлантириш хати оқибатсиз қолдирилган.

Айтиш керакки, Фуқаролик кодексининг 631-моддасига асосан, пудрат шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи) топшириғига биноан, маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади.

Тарафлар ўртасидаги шартноманинг 14.3-бандида пудратчи объектни ўз вақтида ишга тушириши бўйича ўз мажбуриятларини бузганлиги учун буюртмачига муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун мажбуриятларнинг бажарилмаган қисмининг 0,5 фоизи миқдорида, бироқ бажарилмаган ишлар қийматининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда пеня тўлаши қайд этилган.

Бинобарин, “Ҳудудий минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонаси Урганч туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «YO’LOVCHI QURUVCHI» масъулияти чекланган жамиятдан 940 миллион сўм асосий қарз ва 470 миллион сўм пеня ундиришни сўраган.

Албатта, суд холислик ва адолат тамойиллари асосида, қолаверса, тадбиркорларнинг молиявий аҳволини ҳам инобатга олган ҳолда, даъвони қисман қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса қилиб айтганда, амалиётда бу тоифадаги ишларнинг кўрилиши иқтисодий судлар зиммасига катта масъулият юклайди. Зотан, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари Конституция ва қонунларда белгиланган инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, шунингдек, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқларини, қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиб, адолатни таъминлашга қаратилган.

Зеро, мақсад битта – қонунийлик ва адолатни таъминлаш йўли билан халқимизни рози қилишдир.

Нилуфар АЛЛАБЕРГАНОВА,

Урганч туманлараро

иқтисодий суди судьяси

Read More
photo_2025-05-06_15-21-52

КЕЛИШУВ БИТИМИ ТАРАФЛАРГА КАТТА ИМКОНИЯТЛАР ЭШИГИНИ ОЧМОҚДА

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида шиддат билан кечаётган ислоҳотлардан кўзда тутилган асосий мақсад — жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек, тадбиркорлар ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашдан иборатдир.

Бугун юртимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан тадбиркорлар ҳамда тадбиркорлик субъектларига эркин, ҳеч бир тўсиқсиз фаолият юритиши учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда.

Айниқса, амалдаги қонунларимизда тадбиркорлик фаолияти кафолатларига хизмат қиладиган бир қатор муҳим институтлар ўз ифодасини топган.

Масалан, тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўз фаолияти давомида низоли ҳолатларга дуч келганда, судлар томонидан тарафлар манфаатига мос муроса йўли билан иш адолатли ечим топмоқда. Зеро, ишнинг муроса йўли билан ҳал этилиши — халқимиз табиатига хос эзгу фазилат.

Ваҳоланки, ўзаро низолашиш, дилхиралик билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслиги, аксинча, келишмовчилик туфайли қимматли вақтнинг беҳуда совурилиши, моддий-маънавий зарар кўпайиши, ўртадан барака кўтарилиши бор гап. Муроса эса, томонларнинг очиқ кўнгилликда, хуш кайфиятда фаолият юритишига яхши имконият. Исбот ҳам, изоҳ ҳам талаб қилмайдиган бу ҳақиқат миллий қонунчилигимизда ўзининг теран ифодасини топган.

Яъни Фуқаролик-процессуал кодексининг 166-моддасига кўра, суд тарафларни яраштириш учун чоралар кўради, уларга фуқаролик суд ишларини юритишнинг барча босқичларида низони ҳал этишга кўмаклашади. Тарафлар келишув битимини тузиб, низони ўзаро талабларнинг тўлиқ ҳажмида ёки қисман ҳал этишлари мумкин.

Масалан, Нуробод тумани, “Шарқ Юлдузи” маҳалласининг Далабоғ кўчасида жойлашган ҳаммом биносини “E-AUKSION” электрон онлайн аукцион савдосида З. Тоштемиров (исм-шарифлар ўзгартирилди) ғолиб чиққан. Шу муносабат билан Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси иштирокида 2024 йил 14 июнда томонлар ўртасида 09/01-743544а-сонли шартнома имзоланган.

Шундан сўнг харидор томонидан электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази акциядорлик жамиятининг ҳисоб-рақамига 2 миллион 24 минг 340 сўм маблағ заклат сифатида тўланган. Томонлар ўртасида тузилган олди-сотди шартномасига кўра, З. Тоштемиров, ана шу закалат тўловини чегириб ташлаган ҳолда, яна 27 миллион 665 минг 980 сўм миқдоридаги маблағ тўлаш мажбуриятини олган.

Шунингдек, харидор ушбу маблағни уч ой муддатда амалга ошириши керак эди. Аммо у тўловни ўз вақтида амалга оширмайди. Ўз навбатида, Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан харидорга 27 миллион 665 минг 980 сўмни ихтиёрий тўлаш юзасидан талабнома юборилади. З. Тоштемиров талабномада кўрсатилган тўлов талабларини ўз вақтида бажармагани оқибатида 2024 йил 23 сентябрь ҳолатига кўра, муддати ўтган асосий қарзи 1 миллион 383 минг 299,84 сўм, ўз муддатда тўланмаган тўловлар учун юзага келган пеня миқдори 221 минг 327,84 сўмга етади.

Шунинг учун Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 5.2-бандига кўра, шартномани бекор қилиш ва етказилган зарарларни қоплашни сўрайди. Даъво аризада жавобгар мунтазам равишда шартнома шартларини бузиб, тўловларни ўз вақтида тўламасдан келаётгани, у бу ҳақда бир неча марта оғзаки ва ёзма равишда огоҳлантирилгани қайд этилган.

Биринчи босқич суди ушбу фуқаролик ишини кўриб чиқишда шартнома қонуни талабларини адолат билан қўллаган: жавобгар шартномада зиммасига олган мажбуриятларини бажармай келгани, шартнома шартларини жиддий равишда бузгани, тўловлар бўйича қарздорликни ўз вақтида тўламаганини инобатга олиб, шартномани бекор қилишни лозим топган.

Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди судлов ҳайъати кассация инстанцияси очиқ суд мажлисида З. Тоштемиров томонидан берилган кассация тартибидаги шикоят кўриб чиқилди. Судда тарафлар ўзаро келишгани сабабли, келишув битимини тасдиқлаб, иш юритишни тугатишни сўрашди.

Шу ўринда келишув битими институти тўғрисида тўхталадиган бўлсак, бундай битим даъво тартибида юритиладиган ҳар қандай иш бўйича, фуқаролик суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида тарафлар томонидан ёзма шаклда тузилади ва уни тузган шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоланади. Келишув битими суд томонидан тасдиқлангандан кейингина тузилган ҳисобланади.

Муҳокамадаги низо юзасидан келишув битими шартларига тўхталадиган бўлсак, биринчи галда тарафлар ўзаро келишганини таъкидлаш зарур.

Юқорида баён этилган мисолда даъвогар даъво аризанинг шартномани бекор қилиш қисмидан воз кечган. Бунга жавобгар З. Тоштемировнинг шартнома мажбуриятлари бўйича 2025 йил 24 январь ҳолатига кўра, асосий қарз, пеня ва олдиндан тўланган почта харажатлари Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси ҳисобига тўлаб берилгани асос бўлган. Жавобгар янги тузилган шартноманинг 1-иловасига мувофиқ, 2029 йилнинг 14 июнига қадар ҳар ойнинг 14 санасида тўлов жадвалига асосан, 461 минг 99,47 сўмдан тўловларни амалга ошириш мажбуриятини олган.

Кассация судлов ҳайъати Фуқаролик процессуал кодексининг 414-моддаси биринчи қисмига таяниб, келишув битими қонун ҳужжатларига хилоф эмаслиги, унинг тузилиши учинчи шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир этмаслиги сабабли, 2025 йил 24 январь куни тузилган келишув битимини тасдиқлади. Фуқаролик ишлари бўйича Нуробод туман судининг 2024 йил 15 ноябрдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ушбу фуқаролик иши бўйича иш юритишни тугатиш ҳақида ажрим чиқарди.

Гувоҳи бўлганингиздек, мамлакатимиз шартнома қонунчилигидаги келишув битими тарафлар манфаатига мос тушади. Бу амалиёт тарафларга бундан кейинги фаолияти самарали кечиши учун кенг имкониятлар яратиб беради. Ҳақиқатан ҳам, низога ўрин қолдирмасдан, тадбиркорлик фаолиятини юритиб, тинч-хотиржам яшашга нима етсин!

Туйғун ҚУРБОНОВ,

Самарқанд вилояти судининг

фуқаролик ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси

Read More
photo_2025-02-17_19-30-01

ОЛИЙ СУДДА ИДОРАЛАРАРО КОМИССИЯ ЙИҒИЛИШИ ЎТКАЗИЛДИ

Бугун Олий суд раиси Бахтиёр Исломов раислигида Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Қайд этилганидек, кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар туфайли одил судлов соҳасида катта ўзгаришлар юз берди.

Муҳим ислоҳотлардан бири бу оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган янги суд тизимининг шакллантирилиши, яъни маъмурий судларни ташкил этиш бўлди.

Ушбу судларнинг асосий вазифалари сифатида давлат органларининг ноқонуний қарорлари ва мансабдор шахсларнинг ҳаракатидан (ҳаракатсизлик) шахсни ишончли ҳимоя қилиш белгиланди.

Натижада аҳоли манфаатларига зарар етказаётган минглаб ғайриқонуний ҳужжатлар бекор қилинди.

Давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари маъмурий судларда тикланди.

Мисол учун, 2017-2024 йилларда маъмурий судлар томонидан 102 мингдан ортиқ ишлар кўрилган бўлса, шунда уларга киритилган аризаларнинг 61 мингга яқини ёки 60 фоизи қаноатлантирилган.

Ўтган йилнинг ўзида ушбу кўрсаткич 41 фоизни ташкил этиб, 15 мингдан ортиқ ишлардан 7 мингга яқин талаблар қаноатлантирилган.

Йиғилишда таъкидланганидек, кейинги 8 йилда маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, маъмурий судлар соҳасига фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада ишончли ҳимоя қилишга қаратилган янги институтлар киритилди.

Хусусан, маъмурий суд ишларини «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида олиб борилиши белгиланди, шунингдек ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талаби билан маъмурий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тақдим этилди.

Яна бир муҳим ислоҳотлардан бири – маъмурий судларнинг қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш, такроран ижро қилинмаганлиги учун суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш қоидаси белгиланганлиги бўлди.

Шу билан бирга, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида келишувга эришиш механизмлари жорий қилинди.

Ушбу ислоҳот туфайли тарафларга низони ортиқча вақт ва харажатларсиз тинч йўл билан ҳал этиш имконияти тақдим этилди.

Амалга оширилган салмоқли ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилининг 30 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлик) устидан шикоят қилинаётган давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш белгиланди.

Шунингдек, маъмурий суд иш юритувида дастлабки эшитув институтларини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси тасдиқланиб, ушбу концепцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича идоралараро комиссия таркиби белгиланди.

Ўтказилган йиғилишда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссиянинг иш режаси ҳамда вазифалари тақсимоти муҳокама этилиб, тасдиқланди.

Read More
photo_2025-04-15_18-39-50

ТАДБИРКОРЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ СУДДА ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ ЗАМОНАВИЙ МЕХАНИЗМЛАРИ: ГЕРМАНИЯ ТАЖРИБАСИ

Мамлакатимизда маъмурий суд иш юритуви янада такомиллаштирилиб, ижобий хорижий тажриба негизида янги институт ва механизмлар жорий этилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 30 январда қабул қилинган “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, маъмурий юстиция ривожланган бир қатор хорижий давлатлар қонунчилиги ўрганилди. Хусусан, Германия маъмурий процессуал қонунчилигига кўра, оммавий иш юритиш тартиби – маъмурий иш юритиш тартибининг шундай турики, унда судга ариза кўп сонли фуқаролар ва ёки тадбиркорлик субъектлари томонидан жамоавий тартибда киритилган бўлади.

Германияда маъмурий судга ариза киритишнинг субъектив ҳуқуқ принципи белгиланган. Унга кўра, судга фақат бевосита ўзининг ҳуқуқи бузилган шахс мурожаат қилишга ҳақли ва у низоли масала қайси ҳуқуқини бузаётганлигини асослаши лозим.

Оммавий иш юритишда эса, бир шахс эмас, балки кўпчилик фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига бирдай таъсир қиладиган масалалар борасида низолашилади. Маҳаллий аҳоли бундай масалаларнинг кўриб чиқилишида “манфаатдор шахслар жамоаси” ҳисобланади.

Бу тоифадаги аризалар кўпроқ экологик ҳуқуқлар, шаҳарсозлик нормалари, оммавий истеъмолчилар ҳуқуқлари, нарх-навони белгилаш, ҳокимиятнинг ижтимоий сиёсати каби масалалар юзасидан келиб тушади.

Германия қонунчилигига кўра, оммавий иш юритиш тартибида иш олиб бориш мезони – судга берилган ариза 50 нафардан ортиқ аризачи томонидан имзоланган жамоавий мурожаат эканлигидир.

Оммавий маъмурий иш юритишнинг бир қатор ўзига хос қоидалари мавжуд. Биринчиси – оммавий эълон бериш орқали иш юритиш қоидаси.

Бунда маъмурий суд, одатда, ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳар бирига шахсан юборадиган чақирув хати ёки бошқа мазмундаги шахсий билдиришномаларни оммавий эълон билан алмаштиради.

Муҳим жиҳати шундаки, судда кўрилаётган маъмурий иш аризачидан ташқари, у каби ўхшаш ҳолатда бўлган бошқа шахсларга ҳам дахл қилса, суд ошкоралик принципини таъминлаш учун кўп сонли жамоат вакилларини ҳам суд мажлисида иштирок этиши учун етарли шарт-шароит яратади.

Бунинг учун кўриладиган масала бўйича суд муҳокамалари бўладиган вақт ва жой ҳақида оммавий ахборот воситалари ёки бошқа манбаларда эълон берилишини таъминлайди. Сайёр суд мажлисларида ҳам ушбу тартибга риоя қилинади.

Башарти, жамоат вакиллари судга босим ўтказиб, суднинг мустақиллиги принципини бузса, уларга нисбатан суд томонидан суд залидан, жойидан чиқариб юбориш, маъмурий ҳибсга олиш, жарима белгилаш каби таъсир чоралари қўлланилади.

Оммавий иш юритишнинг иккинчи ўзига хос қоидаси – жамоавий вакиллик.

Бу қоида аризани имзолаган шахслар сони 50 нафардан ортиқ бўлганда аризачилар ўзларининг ораларидан биттасига ишончнома орқали вакиллик белгилашини назарда тутади.

Ушбу тартибга кўра, суд ишда бевосита процессуал тартибда иштирок этувчи шахслар доирасини чеклашга ҳамда аризачиларнинг ўзлари томонидан танланган ёки суд ўз ташаббуси билан танланган шахсга – аризачилардан бирортасини қолган барчаси номидан иш олиб борувчи вакил сифатида белгилаб олишга ҳақли ҳисобланади.

Германияда айни бир жавобгарга нисбатан айни бир асос ва талаблар юзасидан бир хил мазмундаги, лекин турли аризачилар томонидан алоҳида-алоҳида киритилган кўп сонли аризалар бўйича ўзига хос иш юритув тартиби ҳам мавжуд. Бу – намунавий иш юритиш тартиби, дейилади.

Намунавий иш юритиш тартибига кўра, 20 дан ортиқ бир хил мазмундаги аризадан 1 таси ёки бир нечтаси “намунавий иш” сифатида ажратиб олиниб, биринчи навбатда ана шу намунавий иш ўрганилади ва процессуал тартибда кўриб чиқилади. Қолганлари бўйича эса иш юритуви тўхтатиб турилади.

Намунавий иш атрофлича ўрганиб чиқилгач, ушбу иш мисолида қолган ишлар ҳам намунавий иш доирасида аниқланган барча ҳолатлар ва тўпланган далилларни тайёр қўллаган ҳолда, соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилади ва худди шу натижа билан ҳал этилади. Мазкур ҳолатда 50 та ишнинг ҳар бири бирма-бир тўлиқ кўриб чиқилиши талаб этилмайди.

Ушбу тартиб оммавий низоларни соддалаштирилган, яъни оғзаки суд муҳокамаларисиз тезлаштирилган тартибда кўриб чиқишни таъминлаш учун жорий этилган. Айрим ишларни намунавий иш сифатида танлаш ва қарор қабул қилиш, ўз навбатида, бошқа ўхшаш ишлар бўйича иш юритишни осонлаштиради.

Негаки, у ишларда қарорлар оғзаки суд муҳокамалари ўтказилмасдан, намунавий иш бўйича тўпланган тайёр далилларга ҳавола қилиш орқали соддалаштирилган тартибда қарорлар чиқариш йўли билан ҳал этилади.

Намунавий тартибда иш юритишнинг ижобий жиҳатларидан яна бири – тўхтатиб турилган ишлар бўйича суд харажатлари кам бўлишидир. Чунки мутахассислар, экспертиза харажатлари ва шу кабилар танланган намунавий иш бўйича тарафлар зиммасига юклатилади.

Қолаверса, намунавий иш бўйича талаб рад этилган тақдирда, тўхтатилган қолган ишлар бўйича аризачилар ўз аризалари натижасини олдиндан тахмин қила оладилар. Бу ҳолда улар ўз талабларидан воз кечиш орқали суд харажатларидан халос этилиш имкониятига эга бўлади.

Намунавий иш юритишда дастлабки эшитув босқичи мажбурий ҳисобланади. Боиси, кўп сонли ишлардан айнан қайсиларининг намунавий ишлар сифатида танланиши айнан шу босқичда ойдинлашади.

Башарти, бир нечта намунавий иш бўйича турли инстанцияларнинг қарорлари турлича бўлиб қолса, у ҳолда, тўхтатилган ишлар бўйича иш юритуви намунавий иш бўйича энг юқори инстанция судининг қарори қабул қилинмагунига қадар тўхтатиб турилади. Бу, ўз навбатида, қолган ишлар бўйича суд қарорларининг барқарорлигини таъминлайди.

Намунавий иш бўйича қарор қабул қилиниб, у қонуний кучга киргач, қолган тўхтатилган ишлар бўйича иш юритуви тикланади. Бунда суд соддалаштирилган (ёзма) тартибда иш юритиши мумкин бўлади.

Соддалаштирилган тартибда иш юритишда оғзаки суд муҳокамаси ўтказилмайди. Суд намунавий иш бўйича аниқланган барча ҳолатлар ва далилларни тикланган ишга қабул қилиши, уларга асосланиши ва намунавий иш бўйича чиқарилган қарор билан аниқланган ҳолатларга ҳавола қилган ҳолда суд ҳужжатини чиқариши мумкин.

Башарти, тикланган ишдаги аризачининг важларига намунавий иш бўйича қабул қилинган суд қарорида жавоб топилмаса, у ҳолатда суд соддалаштирилган тартибда иш юритишга ўта олмайди. Балки иш юритиш тикланганидан сўнг иш ҳолатларини ва қўшимча далилларни ўрганиш учун суд муҳокамасини тайинлаши лозим бўлади.

Агар суд тўхтатилган иш бўйича муҳим ва ўзига хос ҳолатлар мавжуд деб ҳисобласа, оғзаки суд муҳокамасига ўтиши ва қўшимча далилларни текшириши мумкин.

Бу борадаги қиёсий тадқиқотлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига “Соддалаштирилган (ёзма) тартибда иш юритиш” ва “Намунавий иш юритиш”га оид қуйидаги қоидаларни ўз ичига олувчи янги бобларни киритиш таклиф этилади:

– Суд тарафлар ва учинчи шахсларнинг розилиги билан, шунингдек, намунавий иш юритиш тартибида кўрилиши тўхтатилиб тикланган маъмурий ишни соддалаштирилган (ёзма) тартибда кўриши мумкин.

– Маъмурий иш соддалаштирилган (ёзма) тартибда кўрилиши ҳақида суд ажрими чиқарилади.

– Бундай иш юритиш тартибида маъмурий иш суд ўз ташаббуси билан талаб қилиб олган ва ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилган далилларга, шу жумладан, талабга оид ёзма тушунтириш ва эътирозларга ҳам баҳо бериш йўли билан кўрилади. Бунда оғзаки суд муҳокамаси ўтказилмайди.

– Соддалаштирилган тартибда иш юритишда суд ўз ташаббуси билан ишда иштирок этувчи шахслардан тегишли маълумотларни ёки далилларни тақдим этишни ёзма равишда талаб этиши мумкин. Бунда суд ишда иштирок этувчи шахсларга қўшимча далиллар  ва илтимосномалар келтириши мумкин бўлган муддатни белгилайди ва маълум қилади.

– Суд илтимосномаларни кўриб чиққач, уларнинг натижалари ҳақида ишда иштирок этувчи шахсларни ёзма равишда хабардор қилади.

– Тарафлар ва учинчи шахслар иш бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар ишнинг соддалаштирилган (ёзма) тартибда кўрилишига берган розилигини қайтариб олишга ҳақли.

– Тарафлар ва учинчи шахслар ишнинг соддалаштирилган (ёзма) тартибда кўрилишига берган розилигини қайтариб олса, суд умумий тартибда иш юритишга ўтади.

– Суд ишни тўғри ҳал этиш учун лозим деб топганда, ишда иштирок этувчи шахсларнинг розилигидан қатъи назар, соддалаштирилган тартибдаги иш юритишдан умумий тартибда иш юритишга ўтишга ҳақли.

– Соддалаштирилган тартибда кўрилган маъмурий иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати оғзаки ўқиб эшиттирилмасдан, ишда иштирок этувчи шахсларга қонунда белгиланган муддатда ёзма равишда юборилади.

– Соддалаштирилган тартибда кўрилган маъмурий иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати ушбу Кодекс талабларига жавоб бериши лозим ва унинг устидан умумий тартибда шикоят келтирилиши мумкин.

– Бир судда айни бир жавобгарга нисбатан айни бир асос ва талаб­лар билан мурожаат қилган турли аризачиларнинг ариза ё шикояти бўйича қўзғатилган 10 дан ортиқ маъмурий иш мавжуд бўлганда, бундай ишлар намунавий иш юритиш тартибида кўрилиши мумкин.

– Бунда дастлабки эшитув босқичида бир ёки бир нечта иш намунавий иш юритиш тартибида кўриб чиқиш учун танлаб олинади ва бу ҳақда ажрим чиқарилади. Танланган иш(лар) бўйича суд ҳужжати қабул қилиниб, у қонуний кучга киргунига қадар қолган ишлар бўйича иш юритиш тўхтатиб турилади.

– Тикланган иш бўйича иш юритиш соддалаштирилган тартибда олиб борилиши мумкин.

– Намунавий иш бўйича кассация ёки тафтиш шикояти берилганида, қолган ишлар бўйича иш юритиш ушбу шикоят кўриб чиқилгунига қадар тўхтатилади.

– Намунавий иш доирасида аниқ­ланган ҳолатлар тикланган ишларни кўришда қайта исбот талаб қилмайди.

– Намунавий ишда мақбул далил деб эътироф этилган далиллар тикланган иш бўйича суд ҳужжатини қабул қилишда ҳам инобатга олиниши ва уларга асосланилиши мумкин. Ушбу далилларнинг мақбуллиги шубҳа остига олинишига асос бўлувчи ҳолатлар бундан мустасно.

Юқорида таклиф этилаётган қонун нормаларининг миллий қонунчилигимизга киритилиши бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида жадал кечаётган  экологик, шаҳарсозлик, урбанизация, стратегик аҳамиятдаги замонавий инфратузилмалар яратилишига оид катта кўламли янги лойиҳалар ва ислоҳотлар ҳамда аҳолининг фуқаролик позицияси фаоллашуви жараёнларида жуда долзарб ҳисобланаётган масалалар ва давр  талабларига муносиб ечим бўла олади, деб ўйлаймиз.

Нодира Ҳакимова,

Олий суд судьяси

Read More
photo_2025-03-11_16-29-34

МАЪМУРИЙ СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШ ТИЗИМИГА ДАХЛДОР ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мақсадларига эришиш, аввало, давлат органлари билан муносабатларда қонун устуворлиги қатъий таъминлаш талаб қилинади.

Бунда, шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилиниши, давлат органлари ва мансабдор шахс­ларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш тақозо этилади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Бу ўринда ривожланган мамлакатларда айнан маъмурий судлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ижро органлари томонидан бузилишининг олдини олишда, уларни ғайриқонуний қарорлар, ҳаракатлар ё ҳаракатсизликдан ҳимоя қилишда муҳим ўрин эгаллашига эътибор қаратиш лозим.

Мамлакатимизда илк маротаба 2017 йил 1 июндан давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари устидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг судга шикоят қилиш ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини амалга оширишни таъминлашга хизмат қиладиган маъмурий судлар ташкил қилинди. Маъмурий судларнинг вазифаси маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини таъминлаш билан бирга фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади.

Президентимизнинг 2025 йил 30 январда қабул қилинган “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори суд-ҳуқуқ ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Қарорда айнан давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳамда ишончли ҳимоя этилишини таъминлаш ва маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиқиб, янада такомиллаштиришга оид муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Ўз навбатида, 2018 йилда қабул қилинган Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Ушбу кодекс маъмурий юстицияни ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратишга имкон берди.

Ўтган қисқа даврда маъмурий судларнинг фаолияти ўз самарасини кўрсатди. Хусусан, 2017 – 2024 йилларда маъмурий судлар томонидан қарийб 120 мингта ариза ва шикоятлар кўриб чиқилиб, шундан 60 фоизига яқини қаноатлантирилгани ҳисобига фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Шу билан бирга, ўтказилган таҳлил сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларни инобатга олган ҳолда, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексни янада такомиллаштириш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда.

Жумладан:

• халқаро стандартларга ва илғор хорижий тажрибага мувофиқ, оммавий-ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ўзини оқлаган янги институт ва тартибларни имплементация қилиш бўйича ишларни давом эттириш;

• суднинг фаол иштироки принципини қўллаш доирасини кенгайтириш;

• маъмурий суд иш юритувига даъво институтини киритиш орқали маъмурий органлар устидан бериладиган даъво турларини аниқ белгилаш;

• низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини янада кенгайтириш;

• давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини такомиллаштириш зарур.

Мисол учун бугунги кунда маъмурий судларда дастлабки эшитув тартиби жорий этилмаганлиги сабабли тарафларга тушунтириш орқали тезда ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар ойлаб чўзилмоқда. Яъни биргина 2023 йилнинг ўзида давлат органи қароридан норози бўлиб 15 минг 228 та иш кўриб чиқилган бўлиб, шундан 3 минг 561 таси – 23 фоизи асосий суд мажлисига ўтмасдан ҳал этилиши мумкин эди.

Шунинг учун Президентимизнинг тегишли қарори билан маъмурий судлар фаолиятига дастлабки эшитув институтини киритиш назарда тутилди.

Бунда дастлабки эшитув 20 кунлик муддатда тарафлар иштирокида ўтказилиб, уларга талабларни аниқлаштириш, камчиликларни кўрсатиш, зарур далиллар ва ёзма фикрни тақдим этиш имконияти яратилади.

Бундан ташқари айрим ҳолатларда жавобгар давлат органлари вакиллари суд мажлиси ҳақида хабардор қилинган бўлишига қарамасдан судга келмаслиги, иш бўйича зарур ҳужжатларни тақдим қилмаслиги фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Ушбу ҳолатда маъмурий судда унинг чақируви бўйича келмаган давлат органи мансабдор шахсига таъсир чорасини қўллаш ваколати мавжуд эмас. Шу сабабли иш унинг иштирокисиз кўриб чиқилади.

Биргина 2022 йилда маъмурий судларда 3 минг 771 та ҳолатда давлат органи мансабдор шахси келмаганлиги сабабли ишни кўриш кейинга қолдирилган. Шунингдек, 2 минг 625 та иш давлат органи иштирокисиз кўриб чиқилиб, ҳал қилув қарори чиқарилган бўлса, бу рақамлар 2023 йилда тегишинча, 4 минг 598 та ва 1 минг 749 тани ташкил қилган.

Шу сабабли қарори, ҳаракати ё ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилинаётган давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакилининг суд мажлисида мажбурий иштирокини таъминлаш чоралари белгиланиши назарда тутилмоқда.

Бунда хабардор қилинган давлат органи мансабдор шахси суд мажлисига келмаса, ишни кўриш кейинга қолдирилади, суд узрсиз деб топган сабабларга кўра, суд мажлисига келмаган давлат органи мансабдор шахсига жарима қўлланилади. Фақат истисно тариқасида, агар маъмурий иш ҳар томонлама, тўлиқ ва тўғри ҳал қилинишига тўсқинлик қилмаса, иш давлат органи мансабдор шахси иштирокисиз кўрилиши мумкин бўлади.

Амалиётда учраётган яна бир муаммо шундан иборатки, бугунги кунда тадбиркор ер участкасидан мақсадли фойдаланиб, инвестиция мажбуриятларини тўлиқ бажарган бўлса-да, ушбу ер участкасини айрим арзимаган камчиликлар баҳонасида тадбиркордан олиб қўйиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Бундай ҳолатда мустақил суд ҳокимияти хусусий мулкнинг дахлсизлигини кафолатлашга қаратилган қарорлар қабул қилиши мамлакат иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан, маъмурий судлар фаолиятига давлат органи ҳужжатининг қонуний кучига ишониб, ўз мажбуриятларини бажарган шахсларнинг “ишончини ҳимоя қилиш” тамойилини жорий этиш муҳимдир.

Унга кўра, шахс давлат органи ҳужжатининг қонуний кучига ишониб, ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарган бўлса, давлат органининг мазкур ҳужжати кейинчалик бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин эмас, фақат айрим ҳолатларда, яъни шахс ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаган ёки давлат органининг ҳужжати жамоат манфаатларига таҳдид солаётган бўлса, мазкур ҳужжат бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.

Шунингдек, Президент қарори билан маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси, Олий суд раиси раҳбарлигида маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссия таркиби тасдиқлангани ушбу соҳадаги ислоҳотлар ўз вақтида ва самарали амалга оширилишига хизмат қилади. Концепция асосида 2026 йил 1 июлга қадар янги таҳрирдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланди.

Назаримизда, ушбу жараёнга илмий ҳамжамият, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда хорижий экспертлар кенг жалб этилиши мақсадга мувофиқ. Бунда илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартлар чуқур ўрганилиши, ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлилларига асосланган таклифлар тайёрланиши, айниқса, ҳуқуқни қўлловчилар учун киритилаётган янги институтларнинг мазмун-моҳияти ва уларни амалиётда қўллаш тартибини ўргатиш бўйича ўқув семинарлари ва тренинглар ўтказиб борилиши кўзланган мақсадларга эришишда муҳим аҳамиятга эга омиллар ҳисобланади.

Мухтасар айтганда, маъмурий суд ишларини юритиш қонунчилигининг такомиллаштирилиши давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, одил судловга эришиш даражасини ва аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш, шу орқали “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларнинг самарадорлик кўрсаткичларига эришишга имкон беради.

Шербек Назаров,

юридик фанлар бўйича

фалсафа доктори (Phd)

Read More
photo_2025-02-28_19-33-33

МАЪМУРИЙ СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШ БОРАСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИКНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ – ДАВР ТАЛАБИ

Аввало шуни қайд этиш керакки, 2018 йил 1 апрелдан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг қабул қилиниши маъмурий судларнинг процессуал фаолиятини тартибга солишнинг муҳим ҳуқуқий асоси бўлди.

Ўтган йиллар давомида, суд амалиёти тақозо этган ҳолатларни инобатга олган ҳолда, ушбу кодексга бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, маъмурий судлар томонидан ҳал этиладиган ишлар доираси кенгайтирилди.

Яъни маъмурий судлар инвестиция низолари бўйича, рақобат тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича ундириш сўзсиз тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни ҳал этиши белгиланди. Шунингдек, келишув битими тузиш институти амалга жорий этилди.

Бугунги кунда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳимояси кафолатларини янада ошириш, ўз навбатида, бу борада халқаро ҳуқуқ ва амалиётлардан кенг фойдаланишни тақозо этмоқда.

Президентимизнинг 2025 йил 30 январда қабул қилинган “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори айнан шу мақсадга қаратилган.

Қарорга кўра, маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари сифатида:

• давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини устувор равишда таъминлаш;

• фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш;

• давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш;

• маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш;

• фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш орқали аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш;

• давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини тўлиқ жорий этиш;

• маъмурий юстиция тизими ривожланган давлатлар тажрибаси асосида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириб бориш каби муҳим масалалар белгиланди.

Шу ўринда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ва маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш ҳам айни соҳанинг мустақил йўналишларидан бири этиб белгилангани алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлаш жоиз. Чунки маъмурий судлар фаолиятининг пировард мақсади нафақат давлат органлари ва улар мансабдор шахслари фаолиятида содир этилган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан қарорлар қабул қилиш, балки келгусида ҳам бундай ноқонуний ҳолатлар рўй беришининг олдини олишдан иборатдир.

Мазкур йўналишни бошқа ихтисослаштирилган судлар фаолиятидаги суд назорати билан муқояса қилиш мумкин. Хусусан, жиноят ишлари бўйича судлар фаолиятида дастлабки тергов устидан суд назорати тушунчаси мавжуд бўлиб, унга кўра, суд томонидан суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолия­тида қонунларга риоя этилиши устидан назорат олиб бориш ва уни таъминлаш бўйича муайян механизмлар яратилган ва ҳозирда амалиётда муваффақиятли қўлланилмоқда.

Маъмурий судлар фаолияти эса, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат бошқаруви органлари, маъмурий ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари ё ҳаракатсизлигининг қонунга мувофиқлигини ўрганиш билан бевосита боғлиқдир. Шу маънода, маъмурий судларда суд назоратининг предмети мазкур маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг фуқаролар ва юридик шахслар, жумладан, тадбиркорлик субъектлари билан муносабатларида қонун устуворлиги тамойилига қатъий риоя этилиши, уларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган эркинликларига дахл қилмаслигини таъминлаш эканлиги англашилади.

Маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг фаолиятида йўл қўйилган қонунбузилиши ҳолатларини ортиқча сансалорликларсиз ўз вақтида бартараф этишга хизмат қилади.

Бу, биринчидан, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини ўз вақтида тикланишини таъминласа; иккинчидан, маъмурий судларни бевосита суд аралашувисиз ҳам ҳал этилиши мумкин бўлган низоларни кўришдан холи қилиш асносида уларнинг иш юкламасини камайтиради.

Буларнинг барчаси, шубҳасиз, маъмурий судга тааллуқли бўлган ишларни синчковлик билан кўриш, иш сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлади.

Қарорда маъмурий судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг давлат органлари ва улар мансабдор шахслари фаолиятида қонунчиликка риоя этилишини таъминлашга оид маъмурий судлар фаолиятига жорий этиш ҳақидаги таклифларга розилик берилган.

Мазкур таклифларда:

• қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлик) устидан шикоят қилинаётган давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш;

• маъмурий суд иш юритувида ишларнинг тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашга ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган дастлабки эшитув институтини жорий этиш назарда тутилган.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 188-моддасида маъмурий органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги иш устидан шикоят қилинаётган қарорни қабул қилган ёки устидан шикоят қилинаётган ҳаракатни (ҳаракатсизликни) содир этган орган ёки мансабдор шахснинг вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши, мансабдор шахснинг вакиллари суд мажлисига келишини суд мажбурий деб топиши ва уларни тушунтиришлар бериш учун суд мажлисига чақириши белгиланган.

Бу қоидадан кўриниб турибдики, амалдаги кодексда айнан давлат органи мансабдор шахсининг суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш назарда тутилмаган. Келгусида мансабдор шахснинг шахсан ўзи ҳам суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш масаласининг ҳал этилиши уларнинг фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган қарорлар қабул қилишда қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиши борасидаги масъулиятини сезиларли даражада оширади.

Маъмурий судлар фаолиятида янги институт – дастлабки эшитув институти жорий этилиши ҳам муҳим амалий аҳамиятга эга. Бинобарин, дастлабки эшитув институти жиноят ишлари бўйича судлар фаолиятига 2021 йил февраль ойида жорий этилган ва ҳозирги кунда самарали қўлланилмоқда.

Шу ўринда табиий савол туғилади: дастлабки эшитув институти қандай процессуал жараён ва унинг мақсади нималардан иборат?

Дастлабки эшитув институтининг мақсади — суд мажлисида йўл қўйилиши эҳтимоли бўлган процессуал қонунбузилишларининг олдини олиш ва маъмурий ишни суд мажлисида мукаммал кўриш учун тайёрлашдан иборат.

Маъмурий суд иш юритувида дастлабки эшитув қонунда назарда тутилган ҳолларда ўтказилади. Дастлабки эшитувда аризачининг талаблари ва жавобгарнинг эътирозлари аниқлаштирилади, аризадаги камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади, талабларни исботлаш учун аризачига зарур далилларни ҳамда жавобгарга фикрни ёзма равишда тақдим этиш бўйича тушунтиришлар берилади. Шу маънода, дастлабки эшитувни ишни суд муҳокамасига тайёрлаш сифатида кўриш мумкин.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг аксарият нормалари фуқаролик процессуал қонунчилиги нормаларига монанд равишда қабул қилинган бўлса-да, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш босқичига оид нормалари етарлича пухта баён этилмаган, хусусан, ишни судда кўришнинг мақсад ва вазифалари белгилаб берилмаган.

Қонунчиликдаги бундай бўшлиқни бартараф этиш мақсадида, Олий суд Пленумининг 2018 йил 19 майдаги “Маъмурий суд ишларини кўришда биринчи инс­танция суди томонидан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорида тегишли тушунтиришлар берилган бўлишига қарамай, бу нормаларнинг айнан процессуал қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Бундан ташқари Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 141-моддасида суд муҳокамаси ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ошмаган муддатда тугалланиши белгиланган бўлиб, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш учун алоҳида муддат назарда тутилмаган.

Ҳолбуки, Фуқаролик процессуал кодексида фуқаролик ишларини суд муҳокамасига тайёрлаш ариза қабул қилинган ва фуқаролик иши қўзғатилган кундан эътиборан ўн кунлик муддатдан кечиктирмай амалга оширилиши, алоҳида ҳолларда, бу муддат ўта мураккаб ишлар бўйича судьянинг асослантирилган ажримига биноан йигирма кунга узайтирилиши белгиланган.

Маъмурий ишларни судга тайёрлаш учун алоҳида процессуал муддат кодексда назарда тутилмаганлиги ишларни суд муҳокамасига тайёрлаш учун етарли имкон бермайди. Ишни суд муҳокамасига тайёрлашнинг пухта ўтказилмаслиги эса, суд муҳокамаси ва қабул қилинган суд ҳужжатининг сифатига салбий таъсир этиши мумкин.

Дастлабки эшитув ариза судга келиб тушган кундан эътиборан 20 кундан кечиктирмай ўтказилиши ва ушбу муддатни суд муҳокамаси учун белгиланган муддатга киритилмаслиги қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилиши маъмурий ишларни суд муҳокамасига пухта тайёрлаш, суд муҳокамасини сифатли ўтказиш, иш юзасидан қонуний ва асослантирилган суд қарорлари қабул қилинишида муҳим омил бўлади.

Президент қарорида маъмурий судга низоларни ҳал этиш жараёнида судга ҳурматсизлик қилиниши ва суднинг хусусий ажрими бўйича чоралар кўрмасликка оид ҳуқуқбузарликлар аниқланганда, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини бериш назарда тутилган. Бу билан ҳам маъмурий судлар фаолиятини тартибга солувчи процессуал қонунчиликдаги бўшлиқ тўлдирилмоқда.

Чунки Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс амалга киритилган даврда маъмурий судлар нафақат оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий ишларни, балки маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни ҳам кодексда белгиланган асос ва тартибларда кўриш ваколатига эга бўлган.

Ўз навбатида, 2021 йилдан бошлаб маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш жиноят ишлари бўйича судлар ваколатига ўтказилгач, маъмурий судларнинг низоларни ҳал этиш жараёнида судга ҳурматсизлик қилиниши ва суднинг хусусий ажрими бўйича чоралар кўрмасликка оид ҳуқуқбузарликлар аниқланганда, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш ваколати қонунчиликда ўзининг аниқ ечимини топмай қолди. Суд амалиётидаги ушбу муаммо қонунчилик доирасида ҳал этилиши маъмурий судлар томонидан зарур ҳолларда ушбу механизмдан фойдаланиш имконини беради.

Хулоса ўрнида Олий суд, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатасининг ишончнинг ҳимоя қилиниши принципини Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда алоҳида белгилаш ҳақидаги таклифи маъқуллангани ва маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси тасдиқланганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Табиийки, ушбу ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш келгусида маъмурий судлар фаолиятида процессуал қонунчиликни тўғри қўллаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари билан муносабатлардаги ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишда муҳим амалий аҳамиятга эга бўлади.

Абдурасул Эранов,

Судьялар олий мактабининг

“Маъмурий ҳуқуқ” кафедраси ўқитувчиси

Read More
Click to listen highlighted text!
Skip to content