1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2025-02-17_19-09-44

СУД ТИЗИМИДА ЯНГИ ИНСТИТУТ

Суд ҳокимиятининг асосий вазифаси – фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунларни қўллашда қонунийлик ҳамда адолатни таъминлашдан иборат. Мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, ўз навбатида, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилишига, оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратмоқда. Натижада фуқароларнинг судга бўлган ишончи ортмоқда.

Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 10 июнда имзоланган “Тезкор қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони суд-ҳуқуқ тизимидаги самарадор ислоҳотларнинг изчил давоми бўлди.

Фармон билан суд-ҳуқуқ тизимида замонавий талаблар ва халқаро стандартлар асосида ишни судга қадар юритиш босқичида тергов судьяси лавозими жорий этилиши белгиланди.

Тергов судьяси – Ўзбекистон суд тизими учун янги институт бўлиб, унинг олдига жуда муҳим мақсад ва вазифалар қўйилди. Бу лавозим жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида жорий этилди.

Ривожланган давлатлар юрисдикциясида турли кўринишларда муваффақиятли қўлланиб келинаётган мазкур амалиётлар миллий қонунчилигимизга, қолаверса, миллий менталитетимизга уйғун тарзда ишлаб чиқилди.

Шу ўринда яқинда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Мазкур қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Жиноят-процессуал кодекси “Тергов судьясининг ваколатлари” номли 31-1-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, тергов судьяси якка ўзи иш юритади. Судга қадар иш юритиш босқичида шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан суд назоратини амалга оширади.

Тергов судьяси ўз ваколатидан келиб чиқиб, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатгача узайтириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқади.

Шунингдек, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, шу каби айбланувчининг тиббий муассасада бўлиш муддатини узайтириш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш ҳамда прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаларини кўриб чиқиш, тинтув ўтказиш, телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш ҳам тергов судьялари томонидан амалга оширилади.

Тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга оширади ва у фақат қонунга бўйсунади. Тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигига эришиш, адолатни таъминлашда мутлақо янги тергов судьяси институтининг жорий қилингани суд-ҳуқуқ ислоҳотида янги даврни бошлаб берди. Дарҳақиқат, тергов судьяси институти суд тизимида қисқа вақт ичида ўз ўрнига эга бўлиши дастлабки кунларданоқ кўзга ташлана бошлади.

Мазкур янги институт суриштирув ва тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишга ва аҳолининг судларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мустақил ва холис институт сифатида давлат ва жамият ҳаётида мустаҳкам ўрин эгаллайди.

Олим ҲАЙИТОВ,

Самарқанд вилояти суди раиси

Read More
photo_2025-02-17_19-21-22

КОНТРАБАНДА ҚИЛИНГАН «ЮК» ТАРҚАЛИБ КЕТИШДАН ТЎХТАТИБ ҚОЛИНДИ

Аввало шуни айтиш керакки, гиёҳвандлик воситаларини божхона назоратини четлаб ёки божхона назоратидан яшириб, Ўзбекистон Республикаси чегарасидан ўтказиш контрабанда жинояти таркибини ташкил этади. Бундай жиноятга ўта хавфли қилмиш сифатида қаралади ва уни содир этган шахс ёки шахсларга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланади.

Яқинда судда Жиноят кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган Анвар Умрзоқовга (исм-шарифлар ўзгартирилган) тегишли жиноят иши мазмунан кўриб чиқилди. Суд судланувчига айбланган ҳар бир мода бўйича алоҳида-алоҳида жазо тайинлаб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида, тайинланган жазоларни қўшиш йўли билан узил-кесил ўн икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм ўқиди…

Мазкур жиноят иши тафсилотига тўхталишдан олдин аср вабоси номини олган ушбу иллатнинг аянчли оқибатларини яна бир марта эслаш ўринлидир. Гап шундаки, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар муомаласи инсониятни таназзул ботқоғига тортади. Чегара ва миллат танламайдиган бу офат ҳар қандай жамиятда криминоген вазиятга, шу каби иқтисодий ва маънавий негизга салбий таъсир кўрсатади. Аксарият ҳолларда уюшган жиноятчилик билан боғлиқ ҳолда содир этилиши бу жиноий қилмишнинг ижтимоий хавфлилигини янада оширади.

Мутахассисларнинг фикрича, наркотик воситалар таъсирида кишининг руҳияти бузилади, фикрлаш қобилияти заифлашади, бош мия, асаб толалари зарарланади. Шундан сўнг одам ўзи, оиласи ва атрофдагиларга нисбатан лоқайд, эътиборсиз, бемеҳр ва қаҳрли бўлиб қолади.

Оқибатда гиёҳвандлик моддалари инсоннинг ҳаётий ўта муҳим аъзоларида сурункали оғир хасталикларни келтириб чиқаради.

Статистик маълумотларга қараганда, дунё бўйича ҳар йили 200 мингдан ортиқ инсон гиёҳвандлик оқибатида ҳаётдан бевақт кўз юммоқда. Яна бир ачинарли ҳолат шундан иборатки, бугунги кунда дунёда 500 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик дардига чалинган. Уларнинг аксариятини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этиши ғоятда ачинарлидир.

Бундан ташқари дунёда гиёҳвандликка ружу қўйиш оқибатида содир этилаётган мудҳиш жиноятлар сони тобора ошиб бормоқда.

Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, фуқароларнинг ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг сиҳат-саломатлигини асраб-авайлашга устувор вазифа сифатида қаралади. Ҳар йили айни мақсад йўлида жуда катта миқдорда давлат бюджет маблағлари йўналтирилади.

Шунингдек, ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар ҳам изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Жумладан, “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”, “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”, “Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилингани — гиёҳвандлик балосига қарши курашда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. Энг асосийси, судлар томонидан гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар учун жазонинг муқаррарлиги таъминланмоқда.

Энди юқоридаги воқеа тафсилотига қайтадиган бўлсак, тақдир экан, хатирчилик Анвар Ургут туманидан уйланди. Шу сабабли оиласи билан тез-тез Ургут туманига бориб-келиб турарди. Бир гал қайнотасининг қўшни республикада яшайдиган қариндошлари келганда, улар билан танишиб қолади. Шундан сўнг у қўшни юртлик қариндошидан гиёҳвандлик воситаси олди-соттиси билан шуғулланадиган “Ҳасан” исмли шахснинг телефон рақамини олади.

Кейинроқ эса, Анвар “Ҳасан”га қўнғироқ қилиб, ўзини таништиради.

Орадан бир неча кун ўтгач эса, яна қўнғироқ қилиб, муддаосини айтади, яъни гиёҳвандлик воситаси олди-соттиси билан шуғулланиб, даромад кўриш ниятида эканини билдиради.

Аммо “Ҳасан” унинг сўзларини эшитгач, ўзининг шартини айтади: насияга мол бермайман, фақат нақд пулга сотаман, дейди.

Бироқ Анварнинг катта миқдордаги маблағи йўқ эди. Шу сабабли “Ҳасан” билан муносабатлари узилиб қолади. Бироқ орадан бир неча ой ўтгач, у танишига яна қўнғироқ қилади. Бунга Навоий вилоятида яшайдиган “Бекзод” исмли кимса билан танишиб қолгани сабаб бўлганди. Чунки “Бекзод” гиёҳвандлик воситасини олиб келса, сотиб олишга ишонтирганди.

— Панжикентлик “Мардон” исмли шахсни танийман, — дейди “Ҳасан” Анварга жавобан. — Эллик ёшларда. У шундай ишга пул тикмоқчи. “Мардон” билан келишиб, иш қилишингиз мумкин.

Бу таклиф Анварга ҳам маъқул тушади. У дарҳол қўшни республикага отланади. Аввал “Ҳасан” билан учрашади, сўнг унинг ёрдамида “Мардон” билан танишади ва ўзаро келишиб олишади. Келишувга кўра, “Мардон” 5 килограмм гиёҳвандлик воситаси учун “юк” эгасига 9 минг 150 АҚШ доллари бериши керак. Анвар заҳри қотилни Ўзбекистонга олиб ўтгач, унинг ҳар бир килосини 16 минг АҚШ долларидан “Бекзод”га сотади, ўртадаги фойдани эса, “Мардон” билан тенг тақсимлаб олишади.

Қисқаси, панжикентлик “Алишер” исмли кимса билан ҳам савдо пишади. “Мардон”дан 5 килограмм гиёҳвандлик воситаси учун олдиндан 9 минг 150 АҚШ доллари олган “Алишер” орадан тўрт-беш кун ўтгач, Анварга қўнғироқ қилиб, “WhatsApp” мессенжери орқали Ўзбекистондаги гиёҳвандлик моддаси жойлашган манзилни юборишини айтади. Шундан сўнг улар иш бўйича боғланиб туришга келишиб олишади.

Ўз навбатида, Анвар “Бекзод”га “яқинда юк келади, пулни тайёрлаб қўй”, деб тайинлайди. 2024 йилнинг 14 октябрь куни “Алишер” “WhatsApp” мессенжери орқали Анварга 1 978,76 грамм гиёҳвандлик воситаси яшириб қўйилган Самарқанд шаҳридан Қарши шаҳрига ўтишдаги “Қарши айланмаси” яқинидаги жойнинг локациясини юборади.

Буни эшитиб, тезда бойиб кетиш орзусида юрган А. Умрзоқов манзилга шошилади.

Ҳақиқатан ҳам, “юк” Алишер айтган жойда яшириб қўйилган экан. А. Умрзоқов ўзида йўқ қувониб, иккита ўрамдаги “опий” гиёҳвандлик воситаларини олиб, сумкага жойлаштиради. Кейин эса, заҳри қотилни “Бекзод”нинг олдига олиб келиб, 32 минг АҚШ доллари эвазига пуллаётган вақтда ашёвий далиллар билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан қўлга олинади.

Албатта, ҳаётда ҳеч қайси жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Суда А. Умрзоқовнинг жиноий қилмиши унинг ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатмаларидан ташқари гувоҳларнинг кўрсатмалари, олиб қўйиш, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, судланувчининг уяли алоқа воситаси ва фуқаролик паспортини кўздан кечириш баённомалари ҳамда уларга илова қилинган фотожадваллар, судга оид кимёвий ва наркологик хулосалар каби далиллар билан тўлиқ ўз исботини топди.

Суд ҳукми билан А. Умрзоқовга ўн икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, аср вабоси бўлмиш гиёҳвандлик иллати одам соғлиғи ва руҳия­тига путур етказиб, охир-оқибат инсон ҳаётини издан чиқаради. Бу эса, ўз навбатида, оилаларни пароканда қилиб, жамиятда жиноятчилик, турли оғир касалликларнинг кўпайишига сабаб бўлади.

Бинобарин, гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади. Чунки бу келажак авлод тақдирига бевосита дахлдор масаладир.

Баҳодир АЛИҚУЛОВ,

жиноят ишлари бўйича

Навоий шаҳар суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Read More
photo_2025-02-04_11-02-57

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2024 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ЖИНОЯТ ИШЛАРИ ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

2024 йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 77 995 нафар шахсга нисбатан 61 481 та жиноят иши кўриб чиқилди.

723 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинди.

Судланган шахслар сони 61 502 нафарни ташкил этиб, шундан 20 659 нафар шахсга озодликдан махрум қилиш ва 39 763 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди, 1 080 нафар шахс шартли ҳукм қилинди. Судланган шахсларнинг 54 370 нафари эркак, 7 132 нафари аёл, 22 757 нафари ёшлар (шу жумладан 2 214 нафари вояга етмаган) ва 2 637 нафари 60 ёшдан ошган шахслар.

7 956 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинди, 33 151 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 11 581 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилди ва 14 991 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.

124 нафар шахсга (ёшлар, аёллар ва бошқалар) кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

33 146 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниб, 11 581 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди.

Ҳисобот даврида кўрилган жиноят ишларнинг аксариятини фирибгарлик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ўғрилик, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш, қасддан баданга енгил шикаст етказиш, безорилик, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш ҳамда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш билан боғлиқ жиноятлар ташкил этади.

Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 13 434 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.

Апелляция тартибида 11 992 нафар шахсга нисбатан 8 740 та жиноят иши кўриб чиқилди. 482 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 2 598 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Кассация тартибида 4 497 нафар шахсга нисбатан 4 025 та жиноят иши кўриб чиқилди. 322 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 1 001 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Тафтиш тартибида 5 993 нафар шахсга нисбатан 5 048 та жиноят иши кўриб чиқилди. 172 нафар шахсга нисбатан қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 700 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 1 269 нафар шахсга нисбатан 1 103 та жиноят иши кўриб чиқилди. 163 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 281 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

Read More
photo_2025-02-04_11-02-57

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2024 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРГА ОИД ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

2024 йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 740 994 нафар шахсга нисбатан 613 142 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилиб, 469 568 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазолар қўлланилди.

Ярашилганлиги муносабати билан 94 886 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод этилди.

Кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг аксариятини майда безорилик, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, ҳақорат қилиш, электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ва совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар ташкил этади.

Апелляция тартибида 9 899 нафар шахсга нисбатан 8 297 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 2 581 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 2 945 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Кассация тартибида 7 124 нафар шахсга нисбатан 6 657 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 2 644 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 1 863 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 1 919 нафар шахсга нисбатан 1 769 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 359 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 464 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

Read More
photo_2025-02-04_11-02-57

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2024 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

2024 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 5,6 трлн. cўмдан зиёд мажбурий тўловлар (вояга етмаган болалар учун алимент, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган талаблар, коммунал хизматлар бўйича қарздорлик тўловлари ва бошқалар) ни ундириш ҳақида 964 195 та суд буйруғи чиқарилди.

Шунингдек, 533 019 та фуқаролик иши кўриб чиқилиб, уларнинг 405 252 таси бўйича талаблар қаноатлантирилган бўлса, 63 940 таси бўйича талабларни қаноатлантиришдан рад қилинган, 57 349 таси бўйича даъволар кўрмасдан қолдирилган бўлса, 6 478 таси бўйича ишни юритиш тугатилган.

Кўриб тамомланган фуқаролик ишлардан 177 711 таси битимлар, 63 843 таси никоҳдан ажратиш, 21 043 таси уй-жой муносабатлари, 20 539 таси алоҳида тоифадаги ишлар, 8 029 таси ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузиш ҳамда 3 405 таси оталикни белгилаш билан боғлиқ ва бошқа тоифадаги ишларни ташкил қилади.

Никоҳдан ажратишга оид кўрилган ишлар таҳлилига кўра, кўриб тамомланган ишларнинг 32 217 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган (никоҳлар бекор қилинган), 23 569 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган (никоҳлар бекор қилинмаган), 5 832 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 2 225 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.

3 217 та ишга тиклашга доир кўриб тамомланган ишларнинг 1 456 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган, 1 219 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган, 459 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 83 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.

Вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида 12 116 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 2 283 та қарор бекор қилиниб, 797 та суд қарори ўзгартирилди. Кассация тартибида 5 411 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 974 та қарор бекор қилиниб, 416 та суд қарори ўзгартирилди. Тафтиш тартибида 4 525 та иш кўриб чиқилди. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 422 та қарор бекор қилиниб, 109 та суд қарори ўзгартирилди.

Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 227 та иш кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 89 та қарор бекор қилиниб, 26 та суд қарори ўзгартирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

Read More
photo_2025-02-04_11-02-57

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2024 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

2024 йилда иқтисодий судлар томонидан биринчи инстанцияда 436 102 та иш кўриб чиқилиб, ҳал этилди. Шундан даъвогарлар фойдасига 27,5 трлн. сўм ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган.

Ўтган даврда энг кўп ишлар Тошкент шаҳар, Тошкент, Сурхондарё, Жиззах ва Фарғона вилоятлари иқтисодий судлари томонидан кўриб, ҳал этилган.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 68 567 та иқтисодий иш кўриб чиқилди ҳамда улар фойдасига 6,7 трлн. сўм миқдорида маблағ ундирилиши белгиланди.

Ҳисобот даврида иқтисодий судларда кўрилган ишларнинг асосий қисмини банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш, маҳсулот етказиб бериш, коммунал хизмат кўрсатиш, тўловга қобилиятсизликка оид ҳамда кредит шартномаларидан келиб чиқадиган низолар ташкил этди.

Апелляция тартибида 6 257 та иқтисодий иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 852 та қарор бекор қилиниб, 607 та суд қарори ўзгартирилди.

Кассация тартибида 2 250 та иқтисодий иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 390 та қарор бекор қилиниб, 253 та суд қарори ўзгартирилди.

Тафтиш тартибида 2 360 та иқтисодий иш кўриб чиқилди. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 255 та қарор бекор қилиниб, 94 та суд қарори ўзгартирилди.

Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 426 та иш кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 136 та қарор бекор қилиниб, 30 та суд қарори ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

Read More
photo_2025-02-04_11-02-57

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2024 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ОММАВИЙ-ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАРДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

2024 йилда маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 15 373 та иш кўриб чиқилди. Бунинг натижасида 6 338 та фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди.

Ҳисобот даврида маъмурий ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, мансабдор шахсларининг қарорлари устидан шикоят қилиш тўғрисидаги 6 991 та иш кўриб чиқилди. Хусусан, ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ кўриб тамомланган ишлар сони 2 720 тани ташкил қилиб, шундан жисмоний ва юридик шахсларнинг 933 та аризаси қаноатлантирилган.

Вилоят ва унга тенглаштирилган маъмурий судлар томонидан апелляция тартибида 3 174 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 385 та қарор бекор қилиниб, 14 та қарор ўзгартирилди. Кассация тартибида 1 208 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 130 та қарор бекор қилиниб, 4 та қарор ўзгартирилди. Тафтиш тартибида 1 649 та иш кўриб чиқилди. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 141 та қарор бекор қилиниб, 2 та қарор ўзгартирилди.

Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 2 132 та шикоят ва протест ўрганиб чиқилиб, шундан 309 таси иш материаллари асосида кўриб чиқилди. Натижада қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорларнинг 95 таси бекор қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

Read More
photo_2025-02-07_15-32-20

ФУҚАРОЛАР ВА ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИ ҲУҚУҚЛАРИНИ СУД ОРҚАЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ ЗАМОНАВИЙ МЕХАНИЗМЛАРИ АМАЛДА

Кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Маъмурий суд соҳасидаги янгиланишлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоясини кафолатли таъминлаш, одил судлов самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Айниқса, Президентимизнинг 2025 йил 30 январда қабул қилинган “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмлари­ни жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғ­рисида”ги қарори бу борадаги ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида эътироф этилаётгани бежиз эмас.

Ушбу қарорга мувофиқ:

• давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини устувор равишда таъминлаш;

• фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш;

• давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш;

• маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш;

• фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш орқали аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш;

• давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини тўлиқ жорий этиш;

• маъмурий юстиция тизими ривожланган давлатлар тажрибаси асосида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириб бориш асосий йўналишлар сифатида белгиланди.

Президент қарорида қонунга ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантириш масаласига устувор аҳамият берилган. Шу мақсадда қарори, ҳаракати ё ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилинган давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласи кун тартибига қўйилди.

Бўлажак қонун лойиҳасида, жумладан:

• давлат органи қарори ёки унинг мансабдор шахси ҳаракати ё ҳаракатсизлиги устидан берилган аризани маъмурий судларда кўришда мансабдор шахс ёки унинг вакили зарур тушунтиришлар бериш учун суд муҳокамасида иштирок этиши шарт ҳисобланиши;

• давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили иштирок этиши зарур деб топилган ҳолларда маъмурий ишни кўриб чиқиш кейинга қолдирилиши, унинг иштироки ишнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва тўғри ҳал қилинишига тўсқинлик қилмаган тақдирда, иш давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили иштирокисиз кўриб чиқилиши;

• давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд муҳокамасига келмаган ва унинг келмаганлиги суд томонидан узрли деб топилмаган тақдирда, мансабдор шахсга нисбатан суд жаримаси қўлланилишини белгилаш назарда тутилди.

Шунингдек, илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, маъмурий суд иш юритувида ишларнинг тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашга ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган дастлабки эшитув институтини жорий этиш белгиланмоқда.

Унга кўра:

• маъмурий суд иш юритувида дастлабки эшитув қонунда назарда тутилган ҳолларда ўтказилади;

• дастлабки эшитувда аризачининг талаблари ва жавобгарнинг эътирозлари аниқлаштирилади, аризадаги камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади;

• талабларни исботлаш учун аризачига зарур далилларни ҳамда жавобгарга фикрни ёзма равишда тақдим этиш бўйича тушунтиришлар берилади;

• аризадаги талаблар ва ишдаги далилларга судья томонидан дастлабки ҳуқуқий баҳо берилади, яъни талабларни аниқлаштириш, ишга дахлдор бўлмаган тарафларни алмаштириш, қўшимча жавобгарни жалб қилиш ва бошқалар амалга оширилади. Бунда кўрилаётган ишнинг мазмунан ҳал этилиши бўйича якуний фикр билдиришга йўл қўйилмайди;

• дастлабки эшитув ариза судга келиб тушган кундан эътиборан йигирма кундан кечиктирмай ўтказилади, ушбу муддат суд муҳокамаси учун белгиланган муддатга киритилмайди;

• дастлабки эшитув натижасига кўра, аризани қайтариш ёки иш бўйича суд муҳокамасини тайинлаш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Маъмурий судларнинг нуфузи ва ролини кучайтириш мақсадида Президент қарори билан маъмурий судга низоларни ҳал этиш жараёнида судга ҳурматсизлик қилиниши ва суднинг хусусий ажрими бўйича чоралар кўрмасликка оид ҳуқуқбузарликлар аниқланганда, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш ваколати берилмоқда.

Маъмурий суд соҳасида амалга оширилиши белгиланган ушбу ислоҳотлар кенг қамровли ва уни амалга ошириш жараёни муайян вазифалар бажарилишини талаб қилади. Шу сабабли Президент Қарорининг 7-банди билан Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссия тасдиқланди.

Ривожланган мамлакатларда айнан маъмурий судлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ижро органлари томонидан бузилишининг олдини олишда, уларни ғайриқонуний қарорлар, ҳаракатлар ё ҳаракатсизликдан ҳимоя қилишда муҳим ўрин эгаллайди.

Шу маънода давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни такомиллаштириш зарур.

Шунинг учун Концепциянинг:

– “Маъмурий суд ишларини юритишда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш” деб номланувчи бўлимида 20 та вазифа;

– “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш” деб номланувчи бўлимида 5 та вазифа;

– “Маъмурий суд ишларини юритишга халқаро стандартларга ва илғор хорижий тажрибага мувофиқ янги институт ва тартибларни жорий этиш” деб номланувчи бўлимида 13 та вазифа – жами 38 та вазифа белгилаб берилди.

Президент қарори билан тасдиқланган Идоралараро комиссия зиммасига ҳам қатор вазифалар юкланган. Хусусан, Комиссия уч ой муддатда янги таҳрирдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс лойиҳасини тайёрлаш жараёнига халқаро ташкилотларнинг экспертлари ва мутахассисларини жалб этиш масаласи кўриб чиқилишини таъминлаши ҳамда 2026 йил 1 июлга қадар янги таҳрирдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс лойиҳасини белгиланган тартибда Президент Администрациясига киритиши лозим.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Президентининг суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантиришга қаратилган мазкур қарори “Инсон қадри учун” ғояси асосида қабул қилинган бўлиб, у адолатли суд тизимини шакллантириш, халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини суд йўли орқали самарали ҳимоя қилиш ҳамда фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.

Акмал Муродов,

Навоий вилояти

маъмурий суди раиси

Read More
photo_2025-02-17_19-09-44

ТЕРГОВ СУДЬЯСИ ВАКОЛАТЛАРИ ЯНГИ ҚОНУН БИЛАН БЕЛГИЛАНДИ

Мамлакатимизда 2025 йил 1 январдан бошлаб, жиноят ишини юритишга масъул шахслар рўйхатига “тергов судьяси” лавозими қўшилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июнда қабул қилинган «Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бу янги лавозимнинг жорий этилишига ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.

Мазкур Фармондан келиб чиққан холда, 2025 йил 28 январда “Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, матбуотда эълон қилинди.

Янги қонунга мувофиқ, тергов судьялари томонидан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритиш босқичида процессуал қарорларга санкция бериш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш масалаларини қонунчиликда белгилаш мақсадида, тергов судьяларининг ваколатлари жумласига киритилган ишларни кўриб чиқиш асослари ҳамда тартибини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Жиноят-процессуал кодексига жиноят ишини юритишга масъул давлат органлари ва мансабдор шахслари рўйхатига янги субъект – тергов судьяси ва унинг ваколатлари киритилди. Тергов судьяси якка тартибда иш юритиши, қонунда белгиланган тартибда судга қадар иш юритиш босқичида шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан суд назоратини амалга ошириши белгиланди.

Қонун билан тергов судьясининг асосий ваколатларига:

– қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш;

– қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш;

– ушлаб туриш муддатини 48 соатгача узайтириш;

– паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш;

– айбланувчини лавозимидан четлаштириш;

– шахсни тиббий муассасага жойлаштириш;

– айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш;

– мурдани эксгумация қилиш;

– почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш;

– прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш;

– тинтув ўтказиш;

– телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш;

– мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш кабилар кириши белгиланди.

Эътиборлиси, бу тоифадаги ишлар бўйича суд қарорлари тергов судьяси томонидан алоҳида хонада чиқарилиши ҳам назарда тутилмоқда.

Шунингдек, гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатмаларини олдиндан мустаҳкамлаш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш ва мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимосномани кўриб чиқиш суриштирув ва дастлабки тергов юритилаётган жойдаги тергов судьяси томонидан кўрилади.

Мазкур суднинг судьяси бўлмаган ёки унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар бўлган тақдирда, иш Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди раисининг кўрсатмасига биноан, тегишли суднинг тергов судьяси томонидан кўриб чиқилади.

Шу билан бирга, қонунда илгари қонун ҳужжатларида тартиби аниқ белгиланмаган тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномаларни қўзғатиш, кўриб чиқиш ва бу бўйича тергов судьяси томонидан чиқариладиган суд ажрими талаблари, суд ажримини апелляция тартибида кўриш тартиби ҳам белгиланди.

Янги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам тегишли ўзгартишлар киритилди. Ушбу кодекснинг 245-моддасида назарда тутилган жиноят ишлари бўйича судлар томонидан шу кунгача кўриб келинаётган барча маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар эндиликда жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг тергов судьяси томонидан кўриб чиқилади. 

Бундан ташқари “Судлар тўғрисида”ги қонунга жиноят ишлари бўйича судлар таркиби билан боғлиқ ўзгартиш киритилди. Яъни “жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар суди раис, судьялар, тергов судьялари ва халқ маслаҳатчиларидан иборат бўлади”, деб белгиланди. Хулоса қилиб айтганда, қонунчиликдаги ушбу ўзгартишлар тергов устидан суд назоратини амалга оширишда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ишдаги барча ҳолатларни синчковлик билан тўла, ҳар томонлама ва холисона кўриб чиқишга асосланган ҳолда далилларга тўғри баҳо беришда, ҳар бир далил ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланишига яқиндан ёрдам беради.

Шерзод Абдуқодиров,

жиноят ишлари бўйича

Бўка тумани суди раиси

Read More
photo_2025-01-31_18-47-04

ТЕРГОВ СУДЬЯСИ ФАОЛИЯТИ ҚОНУН БИЛАН МУСТАҲКАМЛАНДИ

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 1 январидан буён туман, шаҳар судларида тергов судьялари ўз фаолиятини бошлади.

2025 йил 28 январь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан тергов судьясининг ваколатлари белгиланди. Мазкур қонун асосида Жиноят-процессуал кодексига ҳам бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Аввало, Жиноят-процессуал кодекси янги 31-1-модда билан тўлдирилиб, тергов судьясининг ваколатлари белгиланди. Унга кўра, тергов судьяси якка ўзи иш тутиб, ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда судга қадар иш юритиш босқичида шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан суд назоратини амалга оширади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатгача узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш, тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш тергов судьясининг ваколатлари жумласига киради.

Қолаверса, кодекснинг 121-3-моддаси “Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тўғрисидаги илтимоснома суриштирув, дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг тергов судьяси томонидан, мазкур суднинг судьяси бўлмаган ёхуд кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда эса Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди раисининг кўрсатмасига биноан бошқа тегишли суднинг тергов судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади” деган сўзлардан иборат биринчи қисм билан тўлдирилди.

Бундан ташқари, Жиноят-процессуал кодекси аввал мавжуд бўлмаган 158-1, 158-2 ва 158-3-моддалар билан ҳам тўлдирилдики, улар тинтув ўтказиш жараёни билан боғлиқ. Дарҳақиқат, тинтув ўтказиш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда прокурор, терговчи ёки суриштирувчи тинтув ўтказиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида уни ўтказиш учун асосларни баён этган ҳолда қарор чиқаради. Бу қоида кодекснинг 158-1-моддасида ўз аксини топган.

Тинтув ўтказиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорга илтимосномани асословчи зарур материаллар илова қилинади.

Терговчининг ёки суриштирувчининг тинтув ўтказиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарори ва зарур материаллар прокурорга юборилади. Прокурор эса илтимосноманинг асослилигини текшириб, унга рози бўлган тақдирда, ўша қарор ва зарур материалларни судга юборади.

Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда тинтув терговчининг ёки суриштирувчининг қарорига асосан суднинг розилигисиз ўтказилиши мумкин, бироқ кейинчалик суд ва прокурор ўтказилган тинтув ҳақида йигирма тўрт соат ичида хабардор қилинади. Хабарномада кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар аниқ кўрсатилиши керак. Тинтув ўтказиш ҳақидаги қарорнинг қонунийлигини текшириш учун мазкур хабарномага терговчининг ёки суриштирувчининг тинтув ўтказиш ҳақидаги қарорининг, тинтув баённомасининг ва зарур материалларнинг кўчирма нусхалари илова қилинади. Мазкур хабарномани ва унга илова қилинган материалларни олгач, судья ўтказилган тинтувнинг қонунийлигини қирқ саккиз соат ичида ушбу Кодекснинг 158-2 ва 158-3-моддалари тартибида текширади ҳамда унинг қонунийлиги ёки қонунга хилофлиги тўғрисида ажрим чиқаради. Агар судья ўтказилган тинтувни қонунга хилоф деб топса, тинтув ўтказиш чоғида олинган барча далиллар ушбу Кодекснинг 95-1-моддасига мувофиқ номақбул деб топилади.

Тинтув ўтказиш тўғрисидаги илтимоснома суриштирув ёки дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг тергов судьяси томонидан, мазкур суднинг судьяси бўлмаган ёхуд тинтув ўтказиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда эса Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди раисининг кўрсатмасига биноан бошқа тегишли суднинг тергов судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Тинтув ўтказиш тўғрисидаги илтимоснома материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан саккиз соатдан кечиктирмай ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади. Суд мажлисида прокурор, зарур бўлган тақдирда терговчи, суриштирувчи иштирок этади. Бу суд мажлиси прокурорнинг маърузаси билан бошланади, у мазкур тергов ҳаракатини ўтказиш заруратини асослаб беради. Кейин тақдим этилган материаллар текширилади.

Шундан кейин судья ажрим чиқариш учун алоҳида хонага киради.

Судья илтимосномани кўриб чиққач, тинтув ўтказиш ёки уни рад этиш ҳақида ажрим чиқаради. Судьянинг тинтув ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажрими асослантирилган бўлиши керак. Мазкур ажрим ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради. Суд тинтув ўтказишни прокурорга, суриштирувчига ёки терговчига топширади.

Судьянинг тинтув ўтказиш тўғрисидаги ёки тинтув ўтказишни рад этиш ҳақидаги ажрими устидан ўзига нисбатан тинтув ўтказилган шахс ажрим ижро этилган кундан эътиборан йигирма тўрт соат ичида апелляция тартибида шикоят бериши, прокурор ажрим чиқарилган кундан эътиборан шу муддат ичида апелляция тартибида протест билдириши мумкин.

Апелляция шикояти (протести) ажримни чиқарган суд орқали берилади, мазкур суд йигирма тўрт соат ичида уларни материаллар билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт. Апелляция инстанцияси судининг судьяси мазкур материалларни шикоят (протест) билан бирга келиб тушган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соатдан кечиктирмай якка тартибда кўриб чиқиши керак.

Эслатиб ўтиш жоиз, апелляция шикояти (протести) берилиши суднинг тинтув ўтказиш тўғрисидаги ажрими ижросини тўхтатиб турмайди.

Тинтув ўтказиш рад этилган тақдирда, мазкур масала бўйича такроран судга мурожаат қилишга тинтув ўтказишни тақозо этадиган янги ҳолатлар юзага келганда йўл қўйилади.

Юқоридаги қонунга биноан, Жиноят-процессуал кодексига телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлашга оид ўзгартиш ва қўшимчалар ҳам киритилди.

Нодиржон КИМСАНОВ,

жиноят ишлари бўйича
Косонсой туман судининг
тергов судьяси

Read More
Click to listen highlighted text!
Skip to content