Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2025-03-11_15-42-10

ВАЗИФАГА СОВУҚҚОН МУНОСАБАТ КУТИЛМАГАН ФОЖИАГА САБАБ БЎЛДИ

Бу ҳаётда ҳар бир киши, аввало, ўз касбига меҳру садоқати, зиммасидаги бурч ва вазифаларни виждонан бажариши, интилувчанлиги ҳамда фидойилиги боис обрў-эътибор қозонади. Айниқса, ҳаётда шифокорлар зиммасига одамларнинг соғлиғини тиклаш, бемор кишининг дардига шифо топиш билан боғлиқ катта масъулият юклатилган.

Мамлакатимизда тиббиёт соҳасини жаҳон андозалари даражасига кўтариш, замонавий ва барча қулайликларга эга бинолар, зарур тиббий асбоб-анжомлари ҳамда техник воситалар билан жиҳозлаш, “Тез тиббий ёрдам” сифатини ошириш билан бирга тезкорлигини таъминлашга устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда. Халқимиз эса, оқ халатли саломатлик поспонларига ҳар доим иззат-икром кўрсатади.

Тўғри-да, кутилмаган дарддан бош ёстиққа текканда ёки касалнинг иситмаси ошкор бўлганида шифокордан нажот топамиз. Юртимизнинг барча вилоятлари, туман-шаҳарлари ва қишлоқларида ушбу шарафли касб ортидан обрў қозонаётган, эътибор топаётган минг-минглаб шифокорлар бор.

Аммо шифокорнинг оғир аҳволдаги беморга эътиборсизлиги, вазифасига совуққон муносабатда бўлиши ўнглаб бўлмас хатони келтириб чиқариши мумкин.

Манзура (исм-шарифлар ўзгартирилган) опанинг келини Аминанинг дарди кутилмаганда қўзғалиб қолади. 2023 йил 24 август куни кундузи соат ўн тўртдан қирқ дақиқа ўтган эди. Уйдагилар ўзларига тегишли автомашинада Аминани яшаш ҳудудидаги туғруқ бўлимига олиб келишади. Шифокор О. Раббимқулов беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатади. Аёлнинг аҳволи оғир, уни реанимация бўлимига ётқизиш керак эди. Бироқ ушбу туғруқхонада реанимация бўлими йўқ.

Шу боис шифокор О. Раббимқулов туман перинатал маркази директорига қўнғироқ қилади.Бешинчи фарзандига ҳомиладор, оғир аҳволдаги беморни олиб бораётгани, у зудлик билан операция қилиниши зарурлиги тўғрисида хабар беради.

Қисқаси, Амина Ўроқова ҳамшира ва доя назоратида Ургут туман перинатал маркази қабул бўлимига соат ўн бешдан ўн тўққиз дақиқа ўтганда олиб борилади. “Оғир преклампсия” ташхиси қўйилган аёлни туғруқ бўлимига ётқизишади, уни навбатчи шифокор М. Шокиров кўрикдан ўтказади. Шифокор тавсия этган дориларни Манзура опа дорихонадан тезда олиб келади.

Аммо орадан икки соатдан зиёд вақт ўтса-да, оғир аҳволда ётган аёлдан ҳеч ким хабар олмайди. Ниҳоят, соат ўн еттию ўттизларда жарроҳлик амалиёти ўтказишга киришилади. Бироқ энди вақт ўтган эди…

Ўрни келганда шуни қайд этиш жоизки, туман тиббиёт бирлашмаси навбатчи акушер-гинекологи М. Шокировнинг хизмат вазифасига беморлар, ҳомиладор ва фарзанд кўрган аёлларга юқори малакали ёрдам кўрсатиш, талаб даражаси бўйича лаборатория таҳлили, даволаш, ташхис қўйиш, бўлимга ётқизилганларни даволаш, беморнинг аҳволи оғирлашса, бўлим мудири, шунингдек, бирлашма раҳбари ёки ўринбосарларини бу фавқулодда ҳолатдан хабардор этиш сингари вазифалар киради.

Лекин М. Шокиров ўша куни ўзига юклатилган вазифани лозим даражада бажармаган: А. Ўроқовага биринчи тиббий ёрдам кўрсатмаган, беморни реанимация бўлимига жойлаштириб, диагностик текширувдан ўтказиш чорасини кўрмаган. Оқибатда “оғир преклампсия”, яъни “оғир шикаст” тан жароҳати кўринишидаги асорат натижасида бемор вафот этган.

Бундан ҳам ёмони шундаки, аянчли воқеа содир бўлгач, судланувчи М. Шокиров жиноий жавобгарликдан қутулиш чораларини излашга тушади: расмий ҳужжат ҳисобланган А. Ўроқова номига очилган туғруқ баённомасига бемор бўлимга 2023 йил 24 август куни кеч соат ўн еттидан беш дақиқа ўтганда келгани, ўн еттидан ўн дақиқа ўтганида унда биологик ўлим содир бўлганлиги ҳақида сохта маълумотларни киритиб, ҳужжатни қалбакилаштиради.

Судланувчи М. Шокировнинг юқорида қайд этилган айблари суд мажлисида тўлиқ ўз тасдиғини топди. Суд дастлабки тергов органи томонидан судланувчи М. Шокировнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми ва 228-моддаси 1-қисми билан тўғри малакаланган, деб ҳисоблади.

Суд муҳокамаси чоғида М. Шокиров айби йўқлиги ҳақида қатор важларни келтириб, кўрсатма берди. Суд судланувчининг кўрсатмаларини атрофлича таҳлил қилиб, жиноий жавобгарликдан қутулиш мақсадида, ўйлаб топилган, бирор тайин асосларга эга бўлмаган важлар сифатида баҳолади.

Шу ўринда судланувчининг важлари асоссиз ва ўринсизлигини яна далиллаш жоиз кўринади. Агар уларга батафсил тўхталадиган бўлсак, ҳомиладор аёлга «оғир преклампсия» ташхиси қўйилганининг ўзи унинг аҳволи оғир эканлигидан далолат беради. Ана шундай оғир аҳволдаги беморни икки соатга яқин вақт давомида қаровсиз қолдирганлиги М. Шокировнинг ўз касбига нисбатан совуқ муносабатда бўлганини кўрсатади.

Бундан ташқари шифокор О. Раббимқулов А. Ўроқованинг соғлиғи ёмонлашгани — аҳволи оғир эканлигини билгани ҳолда, зудлик билан уни операция қилиб, ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида, туман Тиббиёт бирлашмаси давлат муассасасига юбориш чорасини кўрган. Юқорида қайд этилганидек, бу ҳақда хабар ҳам берган.

Шунингдек, гувоҳ Ш. Абдуқаҳҳорованинг судда кўрсатма беришича, у тиббий текширувдан ўтказаётганида А. Ўроқова ниҳоятда безовта бўлган: оғриқдан ўзини ҳар тарафга ташлайвергач, ҳатто фаррошдан уни ушлаб туришни илтимос қилган ва текширув­ни қийинчилик билан охирига етказган. Навбатчи шифокорларни ёрдамга чақириб, беморнинг аҳволи оғир экани, зудлик билан ёрдам кўрсатиш зарурлигини айтган.

Ушбу кўрсатмаларнинг барчаси шифокор М. Шокиров бемор А. Ўроқованинг соғлиғи ҳолати оғирлигини тўлиқ билгани ҳолда, унга ўз вақтида зарур малакали тиббий ёрдам кўрсатмаганини асослайди.

Суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қарори раҳбарий кўрсатмаларидан келиб чиқди. М. Шокировнинг касбига нисбатан бепарволиги, совуққонлик билан муносабатда бўлиши оқибатида фожиа рўй берган.

Биринчи босқич суди М. Шокировни Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми ва 228-моддаси 1-қисми билан айбли деб топди. Суд ҳукми билан М. Шокиров Жиноят кодексининг 45-моддасига асосан, бир йил муддатга тиббиёт тизимида мансабдорлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Ёши, оилавий аҳволи, тўрт нафар фарзанди борлиги инобатга олиниб, унга нисбатан икки йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг манфаатлари ва ҳуқуқлари қонун билан қўриқланади. Қонун эса, ўз вазифасига совуққон ва масъулиятсизлик билан муносабатда бўлганларни асло кечирмайди.

Фаррух САМАТОВ,

Самарқанд вилояти суди

жиноят ишлари бўйича судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ, журналист

photo_2024-10-07_16-04-19

ЭСКРОУ – УЙ-ЖОЙ ҚУРИЛИШИДА ЯНГИ ТИЗИМ

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари тармоғини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида уй-жойлар қурилишида алдов, тушунмовчиликларга барҳам бериш учун уй-жой сотиб олиш бўйича кафолатли “эскроу” тизими жорий қилиниши қайд этилди.

Хўш, эскроу нима ўзи? Бу тизим уй-жой қурувчилари билан қурилиши тугалланмаган уйларни сотиб олувчилар ўртасида учрайдиган қандай муаммолар ва низоларга ечим бўла олади? Бу тизим миллий қонунчилигимизга қачон ва қандай тартибда жорий этилади?

Эскроу – инглизча “escrow” сўзидан олинган бўлиб, “пул ёки мол-мулкни сақлаш” деган маънони англатади. У моҳиятига кўра, ишнинг буюртмачиси, хизматнинг буюртмачиси ёки товар олувчиси томонидан тўланган пуллар, иккинчи томондан, ўз мажбурияти лозим даражада бажарилмагунга қадар тўланган маблағлар музлатилган ҳолда учинчи шахс томонидан сақланишини назарда тутувчи ҳуқуқий механизм ҳисобланади.

Бунда ишни бажарувчи, хизмат ижрочиси товарни топширувчида ишни бажарган, хизматни кўрсатганидан ёхуд товарни топширганидан сўнг унинг ҳақини ололмаслик хавфи камаяди. Ўз навбатида, иккинчи томон ҳам пулини тўлаганидан сўнг иш, хизмат ва ашёдан қуруқ қолиш хавфидан узоқ бўлади.

Англо-саксон ва романо-герман ҳуқуқлари оиласида “Escrow” (инглизча) ва “Treuhand” (немисча) механизмлари кенг тарқалган. Германияда эскроу ҳисоб­рақам очиш ва уни юритиш бўйича хизматларни нафақат банклар, балки нотариуслар, солиқ агентлари, аудиторлар ҳамда адвокатлар ҳам амалга ошириши мумкин.

Мисол учун айтадиган бўлсак, нотариус томонидан очилган эскроу ҳисобварағига мувофиқ (Notar-Anderkonto) нотариус олди-сотди шартномасининг бажарилишини назорат қилиб боради ҳамда шартнома шартлари бажарилгандан сўнг пулни сотувчига беради.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: ҳали қонунга эскроу ҳисобварағи шартномасига оид нормаларни киритмасдан туриб, бундай шартномани туза оламизми? Албатта. Чунки Фуқаролик кодексининг 354-моддасига асосан тарафлар қонунчиликда назарда тутилмаган шартномани ҳам тузиши мумкин. Бинобарин, фуқаролик қонунчилигида қонун билан тақиқланмаган муносабатга киришишга, жумладан, шартномалар тузишга ҳеч қандай чеклов йўқ.

Бу борада хорижий давлатлар тажрибасига мурожаат этадиган бўлсак, Россия Федерацияси Фуқаролик кодексининг 860-7-моддаси эскроу ҳисобрақам шартномаси ҳақида бўлиб, эскроу ҳисобварақ шартномаси бўйича банк (эскроу агент), агар қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлса, ҳисобварақ эгасидан (депозит қўювчидан) олинган маблағларни бошқа шахс (бенефициар)га ўтказиш мақсадида ҳисобга олиш ва хатлаш учун махсус эскроу ҳисобварағини очади. Эскроу ҳисобварағида сақланаётган пул маблағларига нисбатан ҳуқуқлар бенефициарда ҳисобварақдаги пулларни олиш ҳуқуқи пайдо бўлгунга қадар депозит қўювчига тегишли бўлади, ундан сўнг бенефициар ихтиёрига тушади.

Фуқаролик шартномаларини тузиш ва ижро этишда эскроу механизмидан фаол фойдаланиш юртдошларимизнинг мулкий ҳуқуқларининг бузилиши, пул тўлаб, кейинчалик мулксиз қолиб кетиши ва бошқа содир бўлиши мумкин бўлган салбий хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш имконини беради. Қолаверса, бу судлар томонидан кўрилаётган низолар сонининг камайишига ҳам хизмат қилади.

Гулруҳ МАМАРАИМОВА,

фуқаролик ишлари бўйича

Шайхонтоҳур туманлараро

суди судьяси

photo_2025-02-28_18-36-41

ШАРТНОМА МАЖБУРИЯТИНИ УНУТИШ ЎЗАРО ҲАМКОРЛИККА ПАНД БЕРДИ, ҚАРЗ СУД ТОМОНИДАН УНДИРИЛДИ

Ҳазорасп туманида фаолият юритувчи “Сулаймон Шо” фермер хўжалиги таъсисчиларининг тиши чорвачиликда чиққан, десак, муболаға бўлмайди. Тадбиркор 30 йилдан буён шу соҳанинг тузини тотиб келади. Қорамол ва қўй-қўзиларини Қорақум саҳроси бағридан ижарага олинган яйловларда боқади. Албатта, фермернинг топар-тутари чаккимас. У одатда, даромадининг бир қисмини фермер хўжалиги фаолиятини кенгайтириш ва ривожлантиришга сарфлайди. Афсуски, бу жараён ҳар доим ҳам муаммосиз ўтмайди ва монелик қилувчи ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Фермер С. Юсупов бундай нохуш вазиятга 2021 йилнинг апрел ойида дуч келди.

Тадбиркорнинг галдаги эзгу нияти хорижлик ҳамкорнинг шартномавий мажбуриятга нисбатан лоқайдлиги боис рўёбга чиқмай қолди.

Аниқроғи, қўшни Қозоғистондаги “Зерновая индустрия” савдо уйи маъмурияти ушбу фермер хўжалиги билан 2021 йилнинг 5 апрелида қорамол етказиб бериш бўйича тузилган 26-04/05-сонли савдо шартномаси талабларига эътиборсиз қаради.

Фермер хўжалиги раҳбарининг шартнома асосида зиммасига олган мажбуриятни талаб даражасида бажариш юзасидан қайта-қайта қилган мурожаатлари оқибатсиз қолдирилди. Ўз навбатида, фермер хўжалиги раҳбари бу борадаги ўз бурч ва мажбуриятларини тўлиқ бажарди. Жами 53 бош қорамол хариди учун шартномада келишилган 41 минг 505,33 АҚШ долларини хорижий савдо-сотиқ алоқалари учун белгиланган муддат ва тартиб-таомиллар асосида қозоғистонлик ҳамкорининг ҳисоб рақамига ўтказиб берди.

Бироқ фермерга номаълум сабабаларга кўра, қозоғистонлик ҳамкорлар, сотиб олинган қорамолларни етказиб бермаган, бунинг сабабларини ҳам тушунтирмаган, амалга ошмаган савдонинг пулини ҳам қайтармаган.

Хоразмлик фермер эса савдо шериги ўз мажбуриятини бажаришини узоқ кутди. Ахийри, натижа бўлмагач, Савдо-саноат палатасининг Хоразм вилоят ҳудудий бошқармасига ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ўз навбатида, мазкур бошқарма фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб, судга даъво аризаси киритди.

Ўзбекистон ва халқаро қонунчилик нормаларига кўра, иқтисодиётга оид суд ишлари низо ёки келишмовчилик бевосита содир бўлган ва даъво аризаси келиб тушган жойда ўтказилади. Ушбу қоидани назарда тутган суд ҳайъати ўзига ҳавола қилинган ишни рад этмади. Низони бартараф этиш чораларини кўрди. Бўлажак суд мажлиси тўғрисида даъвогар тарафга ҳам, жавобгар томонга ҳам олдиндан хабар берилди. Даъвогар тараф — фермер хўжалиги вакили судда иштирок этди. Бироқ Савдо-саноат палатаси ва “Зерновая индустрия” Савдо уйи вакиллари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий-процессуал кодексининг 127-128-моддаларига асосан суд мажлиси ўтказиладиган жой ва вақт тўғрисида хабардор қилинган бўлсалар-да, суд муҳокамасига келмадилар. Бу каби вазиятларда суд иши ушбу кодекснинг 170-моддасига мувофиқ, таклиф этилган тараф ёки тарафларнинг иштирокисиз кўриб чиқилади. Юзага келган зиддият ёки келишмовчилик исбот учун мақбул ҳамда ишончли ҳисобланган ҳужжатлар, факт ва далиллар асосида бартараф этилади.

Суд ишни кўриш учун тақдим қилинган ҳужжатларни синчиклаб ўрганди.

Ушбу жараён давомида фермер хўжалиги ўзининг хориждаги савдо шериги ҳисоб рақамига дастлаб – 34 минг, орадан бир кун ўтгач, яна 10 минг, жами 44 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ўтказгани маълум бўлди. Аммо шартномада бу миқдор кўзда тутилмаганлиги сабабли, “Зерновая индустрия” корхонаси мазкур инвестицияни қайтарди, бу эса келишилган суммадан 2 минг 494,67 АҚШ долларига кўпдир.

Аниқланишича, шартнома мажбуриятини бажариш, яъни хоразмлик фермер томонидан сотиб олинган 53 бош қорамол учун тўлов ва етказиб бериш бўйича 30 кун муддат белгиланган. Шартнома матни жуда батафсил ва тўлиқ. Унинг 1-сонли иловасида қайд этилганидек, етказиб бериладиган ҳар бир шохли бош қорамолнинг нархи 780 АҚШ долларини, вазни эса 250-300 килони ташкил этиши лозим.

Ушбу факт ва далиллардан ҳам кўринадики, “Сулаймон Шо” фермер хўжалиги зиммасидаги шартномавий мажбуриятини савдо-сотиқ қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда адо этган. Тартиб-таомил хорижий ҳамкор томонидан бузилган. Буни Хоразм вилоят божхона бошқармасининг 02-13/8-4221-сонли хати ҳам тасдиқлайди. Унда қайд қилинишича, ўтган давр мобайнида “Сулаймон Шо” фермер хўжалиги томонидан 2021 йил 5 апрелдаги 26-04/05-сонли импорт шартномасига асосан товарлар олиб келингани ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.

Шартномавий мажбурият сотувчи тарафидан адо этилмаганини тасдиқлаш учун шуларнинг ўзи етарли. Қонун эса, оларнинг берарини сўрайди. Фуқаролик кодексининг 437-моддасига мувофиқ, маҳсулот етказиб берувчи-сотувчи шартлашилган муддат ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса, товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.

Товарларни етказиб бериш маҳсулот етказиб берувчи томонидан товарларни шартнома бўйича сотиб олувчига ёки шартномада олувчи сифатида кўрсатилган шахсга жўнатиш (топшириш) йўли билан амалга оширилади.

Юқоридаги қайдлар жавобгардан 41 минг 505,33 АҚШ доллари миқдоридаги асосий қарзни ундириш юзасидан даъвогар тарафидан ўртага қўйилган талаб асосли эканлигини тасдиқлайди ва исботини топган даъво қаноатлантирилиши лозим. Суд баён этилган ҳолатларга биноан, қонуннинг ушбу талаби “Зерновая индустрия” савдо уйи томонидан лозим даражада бажарилмаган, деб ҳисоблади. Шу муносабат билан “Сулаймон Шо” фермер хўжалигининг жавобгардан жами 41 минг 505,33 АҚШ долларига тенг бўлган асосий қарзни ундириш ҳақидаги даъвоси қаноатлантирилди. Суднинг ҳал қилув қарори нусхаси “Зерновая индустрия” корхонасига юборилди. Жавобгар суднинг қарорига эътироз билдирмади, мазкур ҳужжат юзасидан тегишли маҳкамаларга шикоят аризаси билан мурожаат қилмади, ижро ҳаракатларига монелик этишдан ўзини тийди. Аксинча, суд қарорида кўрсатилган миқдордаги тўлов фарзини адо этиб, зиммасидаги қарз, шунингдек, салкам 9 миллион сўмлик давлат божини тўлади.

Ушбу ҳолат шартномавий муносабатлар, хусусан, неча-неча авлодлар, аждодлардан мерос бўлиб келаётган савдо-сотиқ таомиллари ҳозирда ҳам мўътабар мақомда эканлиги ва унинг талабу тақозоларини бажо келтириш, наинки, савдо-тижорат жабҳаси вакиллари, балки бозор муносабатларининг барча қатнашчилари, ҳар бир фуқаро учун инсонийлик фарзига айланганидан далолат беради. 

Музаффар Бобоназаров,

Хоразм вилояти судининг

иқтисодий ишлар бўйича

судлов ҳайъати судьяси,

Абдулла Собиров, журналист

photo_2025-02-28_18-25-37

КЕЧИККАН МЕҲР

Ўғилой момо суд залига бироз ҳая­жон ва ҳадик билан кириб келди. Унинг хаёлини марҳум қизи Нилуфардан ёдгор бўлиб қолган набираси Ғайратжонни олиб қўйишмасмикин, деган ўй банд этиб олганди.

…Нилуфар бир неча йил муқаддам узоқ қариндошининг ўғли Раҳматулла билан турмуш қурди. Лекин уларнинг оилавий ҳаёти вақт ўтса-да, ўз изми ва ўзанига тушмади. Нилуфар тўйдан сўнг орадан 4 ой ўтмай ота-онасининг уйига қайтиб келди. Ўғли Ғайрат ҳам шу ерда туғилди.

Аслида, фарзанд — эр-хотин ўртасида муроса муҳитини қайта тиклаш гарови. Бироқ Раҳматулла ва Нилуфар ўртасидаги оилавий муносабатларда бу ҳол рўй бермади: ўғил эр ва хотин ўртасида кўприк бўла олмади. Аксинча, Раҳматулла орани очди, бош­қа аёлга уйланди ва икки нафар фарзанднинг отаси бўлишга ҳам улгурди.

Нилуфар эса, Ғайратни оқ ювиб, оқ тараганча ўз ота-онасининг уйида қолди. Хайриятки, бобо ва бувиси ҳам қараб турмади. Отасиз ўсаётган набирага суянч ва таянч бўлишди. Бироқ турмуш тасодифларга тўла.

Оилага кулфат оралади. Оғир касаллик яккаю ягона фарзанднинг онаси Нилуфарни ҳаётдан олиб кетди.

Бу пайтда Ғайрат ҳали 6 ёшга ҳам тўлмаганди. Бобо – Шарифбой Раҳмонов ва буви – Ўғилой  Камолова (исм-шарифлар ўзгартирилган) уқдирилганидек, онасидан бевақт жудо бўлган боладан меҳрларини дариғ тутишмади, уни оқ ювиб, оқ тарашди. Хонадон соҳиблари тез орада ўзлари истиқомат қилаётган Хива тумани ҳокими номига ариза ёзиб, болага нисбатан васийлик мақомини белгилаш ва ушбу ҳуқуқни ўзларига беришни сўрашди. Ҳоким сўровни қабул қилди. Буви бўлмиш Ўғилой Камолова ҳокимнинг тегишли қарорига мувофиқ, ўз набирасига васий этиб тайинланди. Ушбу қарор марҳума Нилуфар Раҳмоновадан қолган набирани ҳеч кимдан кам қилмай камолга етказиш гаровига айланди.

Лекин набиранинг тарбияси узоққа чўзилмади. Ота бўлмиш Раҳматулла Отамуродов кутилмаганда, ўғлини йўқлаб, собиқ қайнота ва қайнонасининг уйига келди-да, фарзандини ўз қармоғига олиш ниятида эканини билдирди. Аммо талаби рад этилгач, у судга даъво аризаси билан мурожаат қилди. Суд муҳокамаси жараёнида болани тарбиялашда ота сифатида устувор ҳуқуққа эга эканлигини таъкидлади.

Бироқ Ўғилой опа ҳам судда довдираб қолмади. Ўзини қўлга олганча, собиқ куёв ўғли Ғайрат туғилганидан буён ундан ақалли бирон марта ҳам хабар олмагани, шу боис, ўз фарзанди отасини танимаслиги, орадан кечган давр мобайнида унинг моддий ва маънавий ёрдамидан мосуво ўсгани, алимент пулларини ҳам мунтазам тўламаганини баён этди, боланинг яйраб ўсиши учун оиласида барча шароитлар муҳайё этилганига алоҳида урғу берди, пировардида набирасини ўз қарамоғида қолдиришни сўради.

Суд масалани тегишли мутахассис ва мутасаддиларнинг хулосаларига суянган ҳолда атрофлича ўрганди. Бола туғилгандан буён фақат бобо ва бувиси қарамоғида тарбияланаётгани, уларга ўрганиб қолгани, ота бўлмиш шахсни мутлақо танимаслиги, бундай вазиятда уни бобо ва буви қарамоғидан ажратиш салбий оқибатларга олиб келиши, руҳий зарба бўлиши мумкинлигини назарда тутди.

Айни пайтда қонун талабига ҳам қатъий амал қилинди. Олий суд Пленумининг “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Қарори талабига кўра, суд болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда вояга етмаганларнинг хоҳиш ва манфаатларига мос келадиган мазмунда ҳал қилув қарорини чиқариши зарур.

Суд масалани ана шу тахлитда ҳал қилар экан, болани у кўз очиб кўрган хонадон, ўзи таниган, билган, меҳр-оқибат улашган инсонлар қарамоғида қолдиришни мақсадга мувофиқ, деб топди. Зеро, боланинг манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқларини ишончли тарзда ҳимоя қилишнинг энг мақбул ва афзал чораси ҳам – шу. Фарзанд боласеварлар хонадонида вояга етмоғи, тарбиявий тадбирларнинг узвий ва бардавомлигидан баҳраманд бўлмоғи даркор.

Суд бу ҳолатларни назарда тутган ҳолда вояга етмаган Ғайрат Отамуродовни унга васий қилиб белгиланган Ў. Камолова, шунингдек, бобоси Ш. Раҳмоновнинг тарбиясида қолдиришни мақсадга мувофиқ, деб топди. Бу суднинг ҳал қилув қарорида ўз ифодасини топди. Ота – Р. Отамуродовга эса, ўз фарзанди билан ҳафтанинг муайян кунларида монеликсиз учрашиб туришни сўраб, судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Афсуски, ҳаётда учрайдиган оилавий нотинчлик ва ота-оналар ўртасидаги низодан кўпинча фарзандлар азият чекади. Бу ҳолатни ўз жонажон оиласини барбод этган ота­оналар, қолаверса, уларни қуршаб турган қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар, маҳалла жамоатчилиги қандай изоҳларкан? Фарзандларнинг бахт-иқболи, оила ва турмуш қадри ҳар нарсадан устун. Буни уқмоқ, англамоқ керак. Шундай бир вазиятда ўзларининг тор манфаатларини фарзандларнинг иқбол ва истиқболидан устун санаётган кимсаларнинг хурмача қилиқларига ачинмасликнинг иложи йўқ. Бу ҳолат, ўз навбатида, ота-она, қариндош-уруғ ва маҳалла-кўй низодаги ҳар бир оилани асраб қолиш замирида келажагимиз эгалари — фарзандлар тақдири мужассам эканини ҳеч қачон унутмасликлари керак.

Хушнуд Болтаев,

Хоразм вилояти судининг

фуқаролик ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси

photo_2025-02-25_11-08-39

КУЗАТУВ КАМЕРАСИ ЖИНОЯТНИ ФОШ ЭТДИ

Ярим тунда қўл телефонининг кутилмаганда жиринглаши Бахтиёр Бурҳоновни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйқудан уйғотиб юборди. Ички ишлар ходими қўнғироқ қилган экан. У Б. Бурҳоновга тегишли автомашинанинг давлат рақамини айтиб, “Сизникими?” деб сўради ва тасдиқ жавобини эшитгач, “Машинангиз туманнинг Шарқ массиви томонидаги темир йўлнинг ўнг томонида турибди, тез етиб келинг”, деди.

Бу нохуш хабарни эшитган Б. Бурҳонов дарҳол дераза олдига бориб, ҳар доим автомашинасини қўядиган жойга қаради. Ҳақиқатан ҳам, автомашинаси ўрнида йўқ эди…

У шоша-пиша ички ишлар ходими айтган манзилга етиб боргач, автомашинасининг буткул яроқсиз ҳолатда эканига кўзи тушиб, ўзини йўқотиб қўйди: кимдир автомашинага ўт қўйиб, ёқиб юборганди…

Б. Бурҳоновнинг мулкига тажовуз қилинган ўша 2023 йилнинг 18 ноябридан — 19 ноябрига ўтар кечаси Томди туманига туташ Зарафшон шаҳрининг 11-кичик туманида ҳам ўғирлик жинояти содир этилганди. Шу боис изқуварлар олдида бу жиноий қилмишлар бир-бири билан боғлиқ эмасмикин, деган савол кўндаланг турарди.

Шу ўринда иккинчи жиноятга тўхталадиган бўлсак, аввало шуни айтиш керакки, Ш. Омонмуродов енгил конструкция асосида савдо дўкони қуриб, ишга туширган, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, фаолият кўрсатаётганди. Ўғирлик юз беришидан олдин Ш. Омонмуродов дам олиш куни бўлгани боис одатдагидан эртароқ, соат ўн саккиз-у ўттизларда савдо дўконини ёпганди. Дўкон ташқарисидаги яхна ичимликлар сақланадиган тўртта музлаткични ҳам махсус қулф орқали беркитиб қўйганди.

Аммо ярим тунда таниши С. Абдураҳмонов қўнғироқ қилиб, нохуш хабарни айтди. Дўкон ташқарисидаги яхна ичимликлар солинадиган музлаткич эшиклари очиқ, ичидаги ширинлик ва ичимликларни кимдир ўғирлаб кетганмиш…

Ҳақиқатан ҳам, аллакимлар томонидан музлаткичлардаги каби ичимлик ва ширинликлар талон-торож қилинган ва бунинг оқибатида дўкон эгасига 3 миллион 622 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилган эди.

Айтиш керакки, бу жиноий қилмишлар ким томонидан содир этилганини фош этишда дўконда ўрнатилган кузатув камераси иш берди. Аниқроғи, кузатув камерасида муҳрланган тасвирлар кўздан кечирилганда, бу қилмишга вояга етмаган ёшлар қўл ургани маълум бўлди. Шундан сўнг Зарафшон шаҳридаги иккита мактабнинг 9 ва 10-синфида ўқиётган уч нафар ўқувчиси ички ишлар идорасига чақиртирилди.

Жиноятлар тафсилоти қуйидагича: бу қилмишлар юз беришидан олти кун бурун кечки пайт Шокир дўсти Зуҳриддиннинг уйига келади. Чунки онаси тунги сменага ишга кетгани учун Зуҳриддин уйда ёлғиз қолган эди. Соат йигирма учларда улар шаҳарга айланишга чиқишганда, кўп қаватли уйлардан бирининг орқа томонида оқ рангли, “Нексия-3” русумли автомашина ойналари очиқ ҳолда турганига кўзлари тушади. Бунинг устига автомашинанинг калити ҳам ўзида қолдирилганди.

Буни кўриб, улар ўзларича кейинчалик эгасига сездирмасдан автомашинани ўғирлаб, шаҳар бўйлаб сайр қилишни режалаштиришади.

Шу мақсадда Зуҳриддин атрофни кузатиб туради, Шокир эса, автомашинанинг калитини олиб қўяди…

Орадан кўп ўтмай Шокир ғаразли режани амалга ошириш мақсадида яна бир таниши Жаҳонгир Қаршибоевга қўнғироқ қилади.

Улар учрашишгач, Шокир унга бир ҳафта олдин Зуҳриддин билан ўғирлашган “Нексия-3” русумли автомашинанинг калитини кўрсатади. Буни қарангки, автомашинада шаҳар бўйлаб сайр қилиш Жаҳонгирга ҳам ёқиб тушади. Бундан ташқари Жаҳонгир онасига тегишли “Нексия” русумли автомашинани ҳайдаб чиқишини, агар биров кўриб қолса, қочиб қолишга қўл келишини айтади.

Уларга Зуҳриддин ҳам қўшилади.

Воқеанинг давоми шундай кечади: Жаҳонгир бироз нарироқда автомашинада ўтиради, Зуҳриддин эса, атрофни кузатиб туради. Ш. Аннақулов ўғирланган калит билан автомашина моторини ўт олдириб, уни шаҳарнинг 19-кичик тумани томонга ҳайдаб келади. Шундан сўнг Жаҳонгир онасига тегишли автомашинани уйи олдига олиб бориб қўяди-да, ўғирланган автомашинадаги шерикларига қўшилади.

Улар ҳеч ким сезмасин, деган ўйда автомашинанинг давлат рақамини латта билан бекитиб қўйишади. Сўнгра юқорида тафсилоти баён қилинган Ш. Омонмуродовга тегишли савдо дўконига бориб, ўғирлик жиноятини содир қилишади.

Улар ўғирланган ичимлик ва ширинликларни автомашина юкхонасига жойлаб, яна йўлга тушишади. Бу гал автомашинани бошқараётган Шокир тезликни кескин оширади. Улар темир йўл кесишмасидан ўтаётган пайтда кутилмаганда автомашинанинг ғилдираги ёрилиб кетади. Натижада автомашинани йўл четида тўхтатишга мажбур бўлишади. Кейин эса, уни қайта ўт олдиришнинг имкони бўлмайди.

Шундан сўнг Жаҳонгир иккита сумкага юкхонадаги барча ўғирланган нарсаларни жойлайди ва автомошинанинг орқа ҳамда олдидаги ойналарини тош билан уриб синдиради.

— Бармоқ изини ҳам қолдирмаслигимиз керак, — дейди Шокир. — Шунинг учун машинани ёқиб юбормасак, бўлмайди…

Шундай дея унинг ўзи қоғозларни тутантириқ қилиб, автомашинанинг олд ўриндиғига ўт қўяди. Бирпасда автомашина салонини олов қоплаб олади.

Бу мудҳиш жиноий қилмиш оқибатида автомашинанинг давлат рақами, автотранспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси, Б. Бурҳоновнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси нобуд бўлади. Вояга етмаган жиноятчилар эса, воқеа жойидан қочиб, яширинишади. Ўғирланган нарсаларни Ж. Қаршибоев уйига олиб кетади.

Ҳаётда ҳар қандай жиноий қилмиш, ким томонидан содир этилишидан қатъий назар, жазосиз қолмайди. Судда вояга етмаган судланувчилар Ш. Аннақулов, З. Сафаров ва Ж. Қаршибоевлар томонидан содир этилган жиноят, унинг келиб чиқиш сабаблари, жиноят содир этилишига яратилган шароитлар судланувчиларнинг оила аъзолари, улар таҳсил олаётган мактаб маъмурияти иштирокида батафсил муҳокама қилинди.

Суд жараёнида судланувчиларнинг ота-оналари томонидан Б. Бурҳонов ва Ш. Омонмуродовга етказилган моддий зарар тўлиқ қопланди. Шу боис жабрланувчилар судланувчиларга нисбатан даъвоси йўқ эканини билдиришди.

Суд судланувчиларга нисбатан жазо тайинлашда Олий суд Пленумининг 2000 йил 15 сентябрдаги “Вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори раҳбарий тушунтиришларига таянди. Суд судланувчиларга айбланган моддалар бўйича — алоҳида-алоҳида, Жиноят кодексининг 59, 61-моддалари тартибида тайинлаган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун тегишли муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Жиноят кодексининг 72-моддасини татбиқ қилиб, шартли ҳукм қўллади ва бир йил олти ой синов муддати белгилади.

Юқорида баён этилган воқеа ҳар бир кишини ўйга толдиради. Хўш, бу жиноий қилмишлар нега содир этилди? Бунинг сабаблари нима? Нега ҳали вояга етмаган ўсмирлар бундай мудҳиш қилмишга қўл уришди?

Аввало ўсмирларнинг жиноий қилмишига қўл уришига уларнинг тарбиясидаги бўшлиқ, ота-оналарнинг эътиборсизлиги ва лоқайдлиги сабаб бўлганини алоҳида қайд этиш керак. Чунки фарзанд тарбиясида йўл қўйилган хато, масъулиятсизлик ҳеч қачон изсиз кетмайди, аксинча, кутилмаган фожиаларга сабаб бўлади.

Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.

Дилобар ЭРГАШЕВА,

жиноят ишлари бўйича

Томди тумани суди раиси

photo_2025-02-17_18-42-49

ИШ ҲАҚИГА УСТАМА СУДНИНГ АЖРИМИ БИЛАН ТАЙИНЛАНДИ

Маълумки, мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг эркин меҳнат қилиш ва меҳнатига яраша муносиб ҳақ олиш ҳуқуқлари қонун асосида қатъий кафолатланган. Албатта, бу ҳуқуқий асослар ҳар кимни меҳнати самарасидан тўла баҳраманд бўлиб яшашига хизмат қилади. Аммо ҳаётда айрим иш берувчилар ходимнинг меҳнат ҳуқуқи билан боғлиқ меъёрларга амал қилмаслиги оқибатида низолар келиб чиқмоқда.

Масалан, 2009 йилдан буён Урганч шаҳар Санитария-эпидемология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимида фаолият юритиб келаётган, 2021 йилдан эса, ушбу муассасада санитар врач ёрдамчиси вазифасида ишлаётган Шоҳида Азизованинг аппеляция судига йўллаган даъво аризасида қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисида”ги Низомни тасдиқлаш юзасидан 2005 йил 21 декабрдаги 276-сонли қарори 25-банди муассаса мутасаддилари томонидан қўпол тарзда бузилган, ходимнинг узлуксиз иш даври учун ойлик маошига устама ҳақ тўлаш ҳақидаги талаби асоссиз равишда рад қилинган.

Айтиш керакки, ушбу Низомнинг юқорида қайд этилган бандида 10-15 йиллик узлуксиз иш тажрибасига эга шифокорлар, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари, шунингдек, барча соғлиқни сақлаш муассасалари, фармацевтика соҳаси ходимларига ойлик маошининг 10 фоизи миқдорида устама тўлаш қайд этилган. Аммо бўлим мутасаддилари буни Ш. Азизовага нисбатан жорий қилишмаган, унинг узлуксиз меҳнат стажи 10 йилга етмаганини важ сифатида келтиришган.

Биринчи босқич суди Ш. Азизованинг талабини рад этгач, у апелляция босқич судига мурожаат қилган.

Апелляция суди даъвогарнинг талабларини батафсил ўрганиб чиқди.

Эътиборни масаланинг моҳияти ва эътирозга сабаб бўлган жиҳатларга қаратди. Шу аснода бир қатор эътиборталаб ҳолатлар ойдинлашди.

Аниқланишича, Ш. Азизова шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати марказидаги фаолиятини 2009 йилнинг 8 июнида оддий лаборантликдан бошлаган. 2013 йили иккинчи, 2016 йили эса, биринчи тоифали лаборантлик тоифасига эга бўлган. 2019 йилнинг декабрь ойи охирида у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Бир неча кунлик танаффусдан сўнг 2020 йилнинг 3 январида Хоразм вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармасининг кадрлар бўйича катта инспектори, бир ойдан кўпроқ вақт ўтгач, ушбу бўлимнинг етакчи инспектори вазифасига тайинланган. Ўша йилнинг 25 ноябрида Урганч шаҳар Санитария-эпидемология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимига санитар врач ёрдамчиси вазифасига ўтказилган ва айни кезда шу лавозимда фаолият юритиб келмоқда.

Ш. Азизованинг иш фаолиятини батафсил баён этишдан мақсад шуки, мутасаддилар унинг 2020 йил январь ойидан то ноябрь ойигача бўлган иш даври ўрта тоифадаги тиббиёт ходими учун иш стажи ҳисобланмаслиги, ўртада узилиш содир бўлганини рўкач қилган ҳолда 10 фоизлик устама тайинлаш тўғрисидаги талаби рад этилган.

Апелляция суди низога ойдинлик киритиш мақсадида “Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисида”ги Низомга эътибор қаратди. Низомда суд томонидан муҳокама қилинаётган масала бўйича айрим қайдлар мавжуд бўлса-да, аммо қайси даврлар узлуксиз иш стажи учун узилиш саналиши ёки қайси даврларни узилиш сифатида баҳолаб бўлмаслиги белгиланмагани маълум бўлди.

Бундай ҳолатларда ходимга устама тўлашни истисно этувчи қоида ҳам мавжуд эмас. Бу каби ноаниқликлар низони даъвогар фойдасига ҳал қилишни тақозо этади.

Чунки Конституциямизнинг 20-моддасида “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади”, дея белгиланган.

Апелляция инстанцияси низони кўриш жараёнида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига ҳам мурожаат қилди. Вазир ўринбосарининг судлов ҳайъатига маълум қилишича (2024 йил 11 январдаги 01/00-03/15-242-сонли жавоб хати), зикр этилган Низомнинг тегишли бандида иш стажидаги узилишлар бўйича бирон-бир қоида белгиланмагани Ш. Азизовага устама белгилашни рад этишга асос бўла олмайди.

Бу сингари асосли факт ва ҳуқуқий далиллар ходимнинг меҳнат стажидаги етишмовчилик бўйича иш берувчи тарафидан илгари сурилган даъвони рад этиш учун асос бўлди.

Судлов ҳайъатининг ажрими билан меҳнат ва унинг рағбати атрофида юзага келган номутаносиблик бартараф этилди. Урганч шаҳар Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими зиммасига Ш. Азизованинг 2021 йил февраль ойидан буён меҳнати учун ойлик маошининг 10 фоизи миқдорида устама тўлаш мажбурияти юклатилди.

Дастлабки босқич судининг 2023 йил 5 октябрда Ш. Азизованинг талабини рад этиш юзасидан чиқарилган ҳал қилув қарори бекор қилинди.

Шундай қилиб, ходимнинг ойлик иш ҳақига устама белгилаш билан боғлиқ низо бартараф этилди.

Адолат қарор топди.

Зафарбек Султонов,

Хоразм вилояти судининг

фуқаролик ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси,

Абдулла Собиров,

журналист

photo_2025-02-07_16-53-08

ЖИНОЯТ ОҚИБАТИДА ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАР СУД ТОМОНИДАН УНДИРИБ БЕРИЛДИ

Бош Қомусимизнинг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Мазкур конституциявий қоида Зафаржон Зиёбоевнинг бузилган ҳуқуқи тикланишида ҳам муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

Гап шундаки, З. Зиёбоев 2023 йилнинг август ойида бир танишидан “Gentra” русумли автомашина сотиб олади. Бунинг учун эса, акциядорлик тижорат “Капиталбанк”нинг Наманган филиалидан 173 миллион сўм миқдорида кредит олади. Аммо орадан 2 ой ўтгач, у кредит қарзини қайтаришга қийналиб қолади. Шу боис автомашинани сотишга мажбур бўлади, бу ҳақида таниш-билишларига айтади. 2023 йил 12 октябрь куни Тўрақўрғон туманида яшовчи Шермуҳаммад Бахтиёров автомашинага харидор бўлади. Келишувга кўра, улар Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида учрашишади. З. Зиёбоев Ш. Бахтиёровга автомашинанинг ҳужжатларини кўрсатар экан, уни банк кредити эвазига сотиб олганини билдиради.

— Хавотир олманг, кредит қарзларини ўзим тўлайман, — дейди у савдолашиш жараёнида.

Бинобарин, З. Зиёбоев транспорт воситасини 4 500 АҚШ долларига сотишга рози бўлади. Натижада Ш. Бахтиёров унга 2 000 АҚШ доллари беради, қолганини эса, бир ой муддатда беришини айтади.

Аммо орадан бир ой ўтгач, у 500 АҚШ доллари беради-да, қолган 2 000 АҚШ долларини яна насия қилади. Аслида у қолган қарзни бермоқчи эмасди. Буни сезган З. Зиёбоев автомашинани қайтариб беришини талаб қилади. “Мен берган пулларингизни қайтараман”, дейди у телефон орқали суҳбатда. Лекин шунда ҳам Ш. Бахтиёров турли баҳоналарни рўкач қилиб, уни алдайди. Бу орада банк масъуллари кредитдан юзага келган қарздорликни тўлашни талаб қилишади. Оқибатда З. Зиёбоев автомашина учун олган 2 000 АҚШ долларини ҳам кредит қарздорлигини қоплашга сарфлайди. Вазият шундай бўладики, у автомашинани қайтариб олса ҳам ўзига насиб этмайди. Негаки, кредит қарздорлиги ошиб кетиб, автомашинани сотишга мажбур бўлади.

Буни қарангки, Ш. Бахтиёровнинг қилмишлари туфайли у яна оғир аҳволга тушади. Яъни Ш. Бахтиёров автомашинанинг яп-янги ғилдиракларини ечиб олиб, ўрнига яроқсиз ҳолга келганини қўйган экан. Қолаверса, у бир неча марта йўл ҳаракати қоидаларини бузгани боис маъмурий жарималарни тўлаш ҳақидаги огоҳлантириш хабарномалари ҳам З. Зиёбоевнинг яшаш манзилига келган.

Қисқаси, З. Зиёбоев тоқати-тоқ бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилди.

Буёғини сўрасангиз, З. Зиёбоев Ш. Бахтиёровнинг фириб тўрига илинган ягона жабрланувчи эмас экан. Чунки унинг мурожаатини ўрганиш мобайнида яна бошқа шахслардан ҳам айни мазмунда шикоятлар келиб тушгани аён бўлади. Натижада фирибгарга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон тумани судининг 2024 йил 10 июндаги ҳукмига мувофиқ, судланувчи Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбдор деб топилиб, тегишли жазога маҳкум этилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, суд ҳукмида жабрланувчиларга ушбу жиноят иши доирасида ўзларига етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилади. Бинобарин, З. Зиёбоев Ш. Бахтиёровдан 55 984 981 сўм моддий, 15 000 000 сўм маънавий зарарни ундириб беришни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилди.

Суд мажлисида аён бўлдики, З. Зиёбоев фирибгарнинг лафзсизлиги туфайли 2023 йил 12 октябрдан 2024 йил 1 май кунига қадар банкка 27 150 000 сўм кредит қарзи ва фоизларини тўлаган. Шунингдек, банкнинг даъвоси бўйича кредит маблағини ундириш юзасидан чиқарилган суднинг ҳал қилув қарорида 7 045 000 сўм миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланган. Бу тўлов ҳам З. Зиёбовнинг зиммасига тушган. Қолаверса, ИИБ ЙҲХБ томонидан ҳисобланган жарималар учун 6 409 500 сўм миқдоридаги тўловларни амалга оширган. Якка тартибдаги тадбиркор О. Исматов томонидан берилган маълумотномага кўра, Ш. Бахтиёровнинг автомашинага етказган зарари 15 380 000 сўмни ташкил этган. Шунга қарамай, З. Зиёбоев суд жараёнида маънавий зарарни ундиришдан воз кечди.

Айтиш керакки, Фуқаролик кодексининг 985-моддасида ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек, юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан, бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши белгиланган. Ана шу асосларга таянган суд Ш. Бахтиёровдан З. Зиёбоев фойдасига 55 984 500 сўм жиноят оқибатида етказилган моддий зарар ҳамда 714 000 сўм суд харажатларини ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Афсуски, Ш. Бахтиёров сингари айрим фирибгар кимсалар мамлакатимизда қонун устувор экани, жиноий қилмиш ҳеч қачон жазосиз қолмаслигини хаёлларига келтирмайди. Суднинг қора курсисига ўтириб, кўзлари очилганда эса, кеч бўлади.

Отамурод СИДДИҚОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Чуст туманлараро суди судьяси

photo_2025-02-07_16-48-41

АДОЛАТ ВА ИНСОНПАРВАРЛИК — ҚОНУНЧИЛИГИМИЗ АСОСИ

Халқимиз азалдан оилада фарзанд дунёга келса, унга авлодининг давомчиси, суянчи ва таянчи деб қараган ва муносиб тарбия бериш, комил инсон қилиб вояга етказишга интилган. Зеро, оилада ота-она зиммасидаги энг муқаддас бурч бу фарзандига муносиб тарбия бериб, вояга етказишдир. Аммо ҳаётда зиммасидаги оталик масъулиятидан бўйин тоблайдиган кимсалар ҳам учраб туради.

Бир қарашда, сипогина умргузаронлик қилаётган Кенжабой Матқурбонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳеч бир сабабсиз яккаю ягона фарзандидан тонди. У собиқ хотинининг ўрталаридаги вояга етмаган Ҳусниддин исмли ўғиллари учун алимент ундириш ҳақида судга мурожаат қилганидан сўнг қарши даъво аризаси киритди. Буни қарангки, у қарши даъво аризасида ҳақиқатан ҳам, 2018 йил май ойида Гўзал Норматова билан турмуш қуриб, қонуний никоҳдан ўтгани, 2019 йил 20 апрел куни туғилган фарзандига Ҳусниддин деб исм қўйишгани, лекин унинг биологик отаси эмаслигини қайд этиб, оталикни белгилаш ҳақидаги ёзувни бекор қилишни сўради.

Ўз навбатида, суд ушбу низоли масалага аниқлик киритиш мақсадида, ДНК — суд-биологик экспертизасини тайинлади. Экспертиза хулосасида Кенжабой Матқурбонов вояга етмаган Ҳусниддин Маткаримовнинг ҳақиқий отаси экани тасдиқланди.

Маълумки, амалдаги қонун ҳужжатларда ҳаётда учрайдиган ҳар қандай мураккаб масаланинг аниқ ечими ўз ифодасини топган. Хусусан, Олий суд Пленумининг 2011 йил 25 ноябрдаги “Судлар томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида”ги қарори 14-бандига кўра, суд зарур ҳолларда боланинг келиб чиқишини аниқлаш мақсадида ва Оила кодексининг 62-моддаси талаблари асосида ўз ташаббуси ёки тарафларнинг илтимосномаси бўйича иш юзасидан суд-тиббий экспертизаси, одам ДНКси – суд-биологик экспертизасини тайинлаши мумкин. Қолаверса, Конституциямизнинг 55-моддасида ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли экани белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар, мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Ана шу қонуний асосларга таянган суд К. Матқурбоновнинг Гўзал Норматова ва Хива тумани Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлимига нисбатан оталикка эътироз билдириш ҳақидаги даъво аризасини рад этди. Шу тариқа ўз фарзандига алимент тўловидан халос бўлиш йўлини излаган отанинг ғаразли нияти чиппакка чиқди. У эндиликда вояга етмаган фарзанди тарбияси учун алимент тўловини тўлашга мажбур.

Афсуски, халқимизнинг азалий қадриятларига зид бўлган бундай салбий ҳолатлар баъзан қўни-қўшнилар орасида ҳам учраб туради. Мисол учун Ҳазорасп туманидаги Бўстон қишлоғида истиқомат қилувчи яқин қариндошлар Фозил ва Бобур Машариповлар (исм-шарифлар ўзгартирилган) мураккаб қўни-қўшничилик ҳолатига дуч келишган. Яъни улар ўзларига тегишли уйларга ўтиш-қайтиш имконидан мосуво бўлиб қолишди.

Бу ҳақида батафсилроқ фикр юритадиган бўлсак, уларга қўшни бўлган Шоҳиста Саманқулова иккала уйга айнан ўзига тегишли ҳудуд орқалигина ўтиб-қайтиш имкони мавжуд бўлса-да, қўшниларнинг бу оралиқ йўлакдан ҳаракатланишига рухсат бермаган. Шундан сўнг қўшнилар судга мурожаат қилишди. Зотан, Фуқаролик кодексининг 173-моддасига асосан, кўчмас мулк эгаси қўшни ер участкасининг эгасидан, зарур ҳолларда эса, бошқа ер участкасининг эгасидан ҳам ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини беришни талаб қилишга ҳақли.

Ўзганинг ер участкасидан пиёда ва транспортда ўта олишни таъминлаш, электр узатгич, алоқа ва қувур тармоқларини ўтказиш, улардан фойдаланиш, сув билан таъминлаш, шунингдек, кўчмас мулк эгасининг эҳтиёжларини сервитут белгиламай туриб таъминланиши мумкин бўлмаган бошқа эҳтиёжларини қондириш учун сервитут белгиланиши мумкин. Ер участкасига нисбатан сервитут белгиланиши унга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини инкор этмайди.

Сервитут унга талабгор шахс билан ўзга ер участкасининг эгаси ўртасидаги битимга мувофиқ белгиланади ва тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилади. Сервитутни белгилаш хусусида келишувнинг имкони бўлмаса ёки унинг шартлари бўйича муросага келинмаса, баҳс уни жорий этишни талаб қилаётган шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳал этилади.

Олий суд Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги “Судларда ерга оид низоларни кўришда қонунчилик ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори 31-бандига кўра, судларнинг эътибори Ер кодекси талабларига биноан, ер участкасининг мулкдори, эгалик қилувчиси, фойдаланувчиси ва ижарачиси ўзганинг участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқини ўрнатмасдан туриб, тегишли эҳтиёжларини қондириш имконсиз эканлигига қаратилиши зарур.

Суд Давлат кадастрлар палатаси Ҳазорасп тумани филиалининг манфаатдор тарафларга тегишли бўлган ер участкалари орасида пиёда ва автотранспортда кириб-чиқиш учун очиқ майдон мавжуд эмаслиги, бунинг учун эни 5 ва узунлиги 36 метрни ташкил этувчи 180 квадрат метр саҳнли йўлакка эҳтиёж борлиги ҳақидаги хулосасини эътиборга олган ҳолда Машариповлар ўз хонадонларига кириб-чиқиш учун Ш. Саманқуловага қарашли ер участкаси ҳудудидан 180 квадрат метр майдонни чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (сервитут) бўйича ажратиб бериш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди. Унда Ш. Саманқулованинг зиммасига қайд этилган ҳажмдаги ер майдонини Машариповларга чекланган тарзда фойдаланиш учун ажратиб бериш мажбурияти юклатилди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, амалдаги қонунчилигимизда ижтимоий адолат ва инсонпарварлик тамойилларининг ўз ифодасини топгани аҳоли турмуш тарзида келиб чиқадиган турли хил низоларга ўз вақтида самарали ечим топишга асос бўлмоқда.

Ғайрат МАТЁҚУБОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Боғот туманлараро

суди раиси,

Абдулла СОБИРОВ,

журналист

photo_2025-02-06_15-56-53

ҚОРА ТАМҒА

Эрта турган Маматбой юз-қўлини ювиб, соқолини қиртишлаб олди-да, апил-тапил чойини ичиб, янги олган костюм-шимини кийиб: “Мен Ғулом синфдошимникига ўтиришга кетаяпман”, деб ҳовлидан ташқарига чиқиб кетди. Дарвозагача кузатиб қўйган хотини Гулнора: “Отаси, тағин ҳалиги зормандаиздан кўпроқ ичиб қўйманг, майлими?” — деб эслатиб ҳам қўйди.

Кун бўйи зиёфатда юрган Маматбой кечқурун бир ҳолатда уйини зўрға топиб келди. Чунки хотинининг гапига қулоқ солармиди, спиртли ичимликни бас деганча ичиб олганди.

Дарвозадан кириши биланоқ, уй деворларини оқлаётган келини Гулсумни кўриб: “Сен ифлос, нима қилаяпсан? Ким сенга “оҳакла” деди? Менинг рухсатимсиз нимага деворни оқладинг? Йўқ бўл, уйдан чиқиб кет!” — деб ҳақоратли сўзлар билан ўшқирди.

Тўғри, бу воқеада “шайтон суви”дан бўкканича ичиб олиб, сўнг уйида жанжал кўтарган, яқинларини уриб-сўккан отанинг ишини ҳеч ким оқламайди. Аммо нима бўлганда ҳам фарзанднинг оқпадар бўлиши, совуқ яроғ билан ўз отасига ҳамла қилиши, қотиллигини асло кечириб бўлмайди.

Қайнотасининг важоҳатини кўрган келин болаларини олди-ю, уйдан чиқиб, вазият тинчигунча қўшнисининг уйига бориб турмоқчи бўлди.

Ташқаридаги шовқинни эшитган хотини Гулнора шошиб уйдан чиқди-ю, эри ипини узган буқадай гердайиб турганини кўрди. “Уйга киринг, отаси, аччиққина чой ичиб, дам олинг”, деди-ю, юзига тушган тарсакидан йиқилиб тушганини сезмай ҳам қолди. Қараса, эрининг оёғи остида ётибди.

Тепкининг зарбидан “дод” деб юборди. Югуриб келиб: “Урманг!” — дея онасини ҳимоя қилмоқчи бўлган ўғли Хуррамни ҳам Маматбой роса савалай кетди. Кичик келини Норгул қўрққанидан яқинига ҳам боролмади.

Уйда ухлаб ётган қизи Норинисо шовқиндан уйғониб ташқарига чиқса, отаси акасини ураяпти, онаси эса ерга ўтириб инқиллаяпти. Бирдан у сергак тортди-да, югуриб бориб отасини қучоқлаб олиб: “Бўлди қилинг, отажон! — деб уни ҳаммомга етаклаб борди-да: — Ювиниб олинг, кайфингиз тарқайди”, — деди.

Ҳаммомдан чиққан Маматбой ярим-яланғоч ҳолда оғзига сигарет қистириб, устма-уст тортиб, оғзидан паровоздай тутун чиқара бошлади.

“Уйга киринг, отаси”, деган хотинига: “Ҳозир сенга уйни кўрсатаман!” — деб сигаретнинг чўғини аёлининг бўйнига босди. Бўйни куйганидан додлаб юборган онаизорини отасининг чангалидан қутқармоқчи бўлган Хуррам яна калтак ва ҳақорат остида қолди. Ўзини ҳимоя қилолмай, устма-уст тушган муштдан гангиган Хуррамнинг кўзи ногоҳ ўчоқ бошида турган пичоққа тушди.

У бир амаллаб отасининг қўлидан чиқиб, югуриб бориб пичоқни олди-да, отасига: “Жим бўлинг, бўлди-да энди!” — дегач, Маматбой яна Хуррамга ташланганди, у беихтиёр отаси томон қўлидаги пичоқни сермаб юборди.

Отасининг гурсиллаб йиқилганини кўрди-ю, ўғил нима қилиб қўйганини кеч англади.

Табиийки, ҳовлида қий-чув бошланди. Маматбойнинг кўксидан тирқираб отилаётган қонни кўриб шошиб қолишди. Жони оғриётган хотини оғриқни ҳам унутиб, ичкаридан латта олиб чиқди-да, эрининг кўкрагидан қон чиқаётган жойга босиб турди. Жон талвасасида ётган Маматбой: “Дўхтир чақиринглар!” дея инграганида, уйдагилар ўзига келди. Хуррам тоғаси Ўроқнинг уйига югурди.

— Тоға, мен отамни пичоқлаб қўйдим! Тез бўлинг, машинангизни олиб чиқинг, дўхтирга олиб бориш керак! — деди-да, йўл-йўлакай чопиб кела туриб, акаси Зокирга ҳам телефон орқали хабар берди. — Ака, мен отамга пичоқ уриб олдим, “тез ёрдам”ни чақиринг!

…Тонг пайти. Ҳаво сокин. Ҳисор тоғидан эсаётган совуқ шабада баданни бироз сескантиради. Айниқса, буни уйқудан саҳар уйғонадиганлар яхши билишади. Шундай тонгларнинг бирида кўктепаликларни “Отам-а!” деб бўзлаб йиғлаган товушлар уйғотиб юборди. Тонг отиши билан қишлоқ кўчаси бўйлаб “Маматбой аканикига жанозага!” деган баланд овоздаги чорлов маҳалла аҳлини янаям сергаклантирди. Биров у деди, биров бу деди, лекин ҳеч ким нима бўлганини аниқ айтолмади. Майитни қабрга қўйиб қайтишганидан сўнг марҳумнинг ўғли Хуррамни милиция ходимлари олиб кетишгач, эл нима гаплигини англади.

Эскиларнинг бир гапи бор: “Отанг чўчқа бўлсаям, боғлаб боқ”. Баъзида шу эскиларнинг гапигаям қулоқ солиш керак экан-да. Нима бўлсаям, ота — ота эди-ку. Ахир отага тик боқишнинг ўзи гуноҳ! Падарига мушт кўтарса-ку, фарзанднинг икки дунёсиям куяди дейишади. Бугун бақирган, урган ота эртага меҳр ҳам кўрсатиши мумкин эди. Тўғри, бу воқеада “шайтон суви”дан бўкканича ичиб олиб, сўнг уйида жанжал кўтарган, яқинларини уриб-сўккан отанинг ишини ҳеч ким оқламайди. Аммо нима бўлганда ҳам фарзанднинг оқпадар бўлиши, совуқ яроғ билан ўз отасига ҳамла қилиши, қотиллигини асло кечириб бўлмайди. Энди Хуррам Маматовни уришадиган ҳам, урадиган ҳам отаси йўқ. Во дариғ-а, у умрининг охиригача “падаркуш” тамғаси билан яшашга маҳкум. Ҳали уйланмаган ёш йигит қонуний жазога тортилиб, узоқ муддатга қамалиб кетди…

Яратганнинг раҳми келсин, ҳеч кимга бундай тақдир, қисмат ёзилмаган бўлсин.

Тўлқин АБДУРАИМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман суди раиси,

Чори ҚОРАҚУЛОВ,

суд халқ маслаҳатчиси

photo_2025-01-31_17-08-59

ОГОҲ БЎЛГАН — АБГОР БЎЛМАС

Кейинги пайтда Гулшан Фозилжонова (исм-шарифлар ўзгартирилди) ҳаловатини буткул йўқотди: вояга етиб қолган ўғли Аҳадбекдан умидлари катта эди, аммо у кутилмаганда ўғирликка қўл уриб, жиноий жавобгарликка тортилди.

Фақат амалдаги қонунларимизда халқимизга хос миллий қадриятлар — бағрикенглик, кечиримлилик ва инсонпарварлик тамойиллари ўзининг теран ифодасини топгани боис тўққизинчи синф ўқувчисига мурувват кўрсатилди, бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси белгиланди. Г. Фозилжонова ўғлига бу жазо сабоқ бўлган, деб ўйлаганди, аммо барибир уйга кеч келаверса, кўнгли алағда бўлаверарди. Онанинг кўнгли алдамаскан, ўғлининг кейинги қилмиши ҳаммасидан ошиб тушди…

Ўша куни мактабдан соат ўн учларда уйга қайтган Аҳад онасига дўсти Зоҳиднинг уйига бориб, ишларига ёрдам бермоқчи эканлигини айтади.

Она аввалига рўйхушлик бермайди, сўнг рухсат бераркан, кечга қолмай уйга қайтишини тайинлайди.

Аҳад, ҳақиқатан, ўтган йилнинг 15 апрель куни онасининг рухсати билан Зоҳиднинг уйига борган. Аммо уларникида бирон-бир юмушни бажармаган, балки икки синфдош бир пас суҳбатлашиб ўтирган, холос.

Шунда Аҳад Самарқанд шаҳрида автобус ҳайдовчи таниши Абдулла акага қўнғироқ қилиб, иш сўрайди. Иш борлигини билгач, шаҳарнинг “Даҳбет” кўчасига бориб туради ва у ерда Абдулла ака бошқарадиган автобусга чиқиб, соат йигирмага қадар у билан бирга ишлайди.

Иш якунида Абдулла акадан хизмат ҳақи учун 70 минг сўм олган Аҳад компьютер хонага кириб, бир пасда пулини совуради. Сўнг уйига қайтмоқчи бўлганида чўнтагида сариқ чақа ҳам қолмаганлигидан кўчада санғиб юраркан, ногаҳон автотураргоҳда турган қаймоқ рангли “Дамас” автомашинасига кўзи тушади. Атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, автомашинанинг ўнг орқа эшиги ойнасини қўллари билан тортиб очади.

Сўнгра автомашина ичига кириб, ҳайдовчи ўриндиғи ёнидаги қутидан 12 миллион 600 минг сўмни ўғирлайди.

Суд мажлисида қонуний вакили, онаси Г. Фозилжонова иштирокида сўроқ қилинган вояга етмаган судланувчи А. Исмоилов айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Унинг айтишича, икки йилдан буён компьютер ўйинлари ўйнайди, охирги пайтларда “PUBG” ўйинига берилиб кетган. Буни алоҳида келтираётганимиз боиси Аҳад жабрланувчи А. Қурбонназаровнинг автомашинасидан ўғирлаб олган пулларга эртаси куни “Даҳбет” кўчасида жойлашган савдо дўконидан ўзига оёқ кийими, спорт трикоси, футболка, эркаклар кўйлаги ва бош кийим сотиб олган. Сўнг Самарқанд шаҳридаги Ҳазора маҳалласига бориб, қолган пулларни “PUBG” ўйинига тиккан.

Бугунги кунда айрим ёшларнинг компьютер ўйинларига берилиб кетиш ҳоллари учрамоқда. Жиноий қилмишлари тафсилоти келтирилган Аҳад ҳам шундайлардан бўлиб чиқди. Компьютер ўйинларига муккасидан берилиши уни айни билим оладиган даврда қимматли вақтини беҳуда совуриш, бундан ҳам ёмони, ўғирлик йўли билан пул топишига сабаб бўлган.

Ўрни келганда шуни айтиш жоизки, компьютер ўйинларига мутелик боланинг фикр-хаёлини буткул ўғирлайди, охир-оқибат эса, у маънавий жиҳатдан қашшоқлашиб кетиб, атрофдагиларга нисбатан меҳр-оқибатсиз бўлиб қолади, ҳатто жиноят кўчасига кирмаслигига ҳам ҳеч ким кафолат беролмайди.

Вояга етмаган А. Исмоиловнинг қилмишлари ҳам фикримизни тасдиқлайди. Суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда амалдаги қонунлар талаби, шунингдек, Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги 1-сонли “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарори 26-бандидаги “Озодликдан маҳрум қилиш жазо тариқасида оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган шахсларга, шунингдек, судланувчининг шахсини инобатга олган ҳолда – ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир қилган шахсларга нисбатан, агар бундай шахсларни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатишнинг имкони бўлмаса, қўлланилади”, деган раҳбарий тушунтиришларига асосланди.

Суд Жиноят кодексининг 85-моддаси 2-қисми “б” бандидан келиб чиқиб, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан А. Исмоиловга икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Жиноят кодексининг 60, 61-моддаларига кўра, жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2023 йил 17 августдаги ҳукми бўйича ўталмай қолган озодликни чеклаш жазосини суд томонидан тайинланган жазога қўшиб, унга нисбатан узил-кесил икки йил бир ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм ўқилди.

Бундан ташқари суд вояга етмаган судланувчи ўн саккиз ёшга тўлмагани, ўн олти ёшда эканини эътироф этиб, содир этган жиноий қилмиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш учун етарли мол-мулки ёки бошқа даромад манбалари бўлмагани, вояга етмаганнинг ота-оналари томонидан зарар уларнинг айби билан етказилмаганини исботлаш имкони йўқлигини ҳисобга олди. Судланувчининг онаси фарзандини назорат қилмаганлиги учун фуқаровий жавобгар деб топилди ва қопланилмасдан қолган 12 миллион 550 минг сўм миқдордаги моддий зарарни унинг ҳисобидан жабрланувчи А. Қурбонназаровнинг фойдасига ундириш суд ҳукмида алоҳида қайд этилди.

Хулоса ўрнида айтганда, юқорида баён этилган воқеадан ҳам кўринадики, фарзанд тарбиясига эътиборсиз бўлиш кутилмаган фожиаларни келтириб чиқаради. Халқимиз “Огоҳ бўлган — абгор бўлмас” деб бежизга айтмаган.

Айтмоқчимизки, биз бугун фарзандларимизга муносиб тарбия берсак, бу эзгу амалимиз билан юртимиз келажагини таъминлаган бўламиз.

Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.

Зарифа АҲМЕДОВА,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд шаҳар суди судьяси

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

#thegov_button_69cc76ed2954d { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cc76ed2954d:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cc76ed2954d { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cc76ed2954d:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!